Hindistonda Bobur davri turkiy (o’zbek) adabiy muhiti.

444
1975 ва 1977 йилларда устоз Ҳамид Сулаймон бошчилигида Ҳиндистонга қилинган экспедициялар ўзбек адабиёти тарихининг ҳалигача номаълум тарҳларини очди. Ҳофиз Хоразмий, Саид Қосимий, Фориғий, Дийда, Азфарий каби қатор, биз билмаган туркийгўй шоирлар қўлёзмалари Ҳиндистон фондларида мавжуд эканлиги аён бўлди.
Экспедиция давомида, Бобир ҳаёти ва ижодига оид қўлёзмалар изланиб, диққат билан ўрганилди. Ҳиндистон қўлёзма фондларида бошқа туркийгўй шоирлар қатори, Заҳириддин Муҳаммад Бобир асарлари қўлёзмаларининг янги нусхалари ҳам сақланмоқда экан. Бу янги нусхалар Бобир ижодини янада чуқурроқ ўрганишда катта имкониятлар яратди. Ваҳоланки, бизга Бобир шеърлар тўпламининг Париж, Рампур ва Туркия кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма нусхаларигина маълум бўлиб, ўз навбатида улар ҳам шоир меросини нашр этишда бир-бирларини тўлдирадиган нодир қўлёзмалар эди. Айтиш керакки, мазкур қўлёзма нусхалардаги Бобир шеьрлари то ҳануз тўлиқ чоп этилмаган.

222

Саидбек Ҳасан
ҲИНДИСТОНДА БОБУР ДАВРИ ТУРКИЙ (ЎЗБЕК) АДАБИЙ МУҲИТИ

Ўн олтинчи аср ўзбек адабиётининг энг буюк вакили Заҳириддин Муҳаммад Бобир шарқ шеъриятида Низомий, Деҳлавий, Лутфий, Навоий анъаналарини давом эттирган санъаткор. Мураккаб ҳаёт йўли каби, унинг дунёқараши ҳам зиддиятли. Бой шеърий адабий-илмий мероси унинг кенг қомусий билимидан далолатдир.
Бобир ўзбек классик шеъриятидаги лирик жанрларии катта маҳорат ва жасорат билан ривожлантирган шоир. Ҳажман унча катта бўлмаган унинг лирик мероси мавзу доираси, шаклий такомили, бадиий мукаммаллиги билан ажралиб туради.
Шоир 47 йиллик умри мобайнида каттагина шеърий мажмуа тузди, «Мубаййан», «Рисолаи волидия» шеърий рисолалари, жаҳонга шуҳрати қетган қомусий асари «Бобирнома»ни ёзди, «Хатти Бобирий» деб аталмиш янги алифбе тузди; аруз, қофия, мусиқа ва ҳарб ишига оид китоблар битди. Афсуски, улардан қофия, мусиқа ва ҳарб ишига оид қўлёзмалари тақдири ҳамон бизга номаълум!.
1975 ва 1977 йилларда устоз Ҳамид Сулаймон бошчилигида Ҳиндистонга қилинган экспедициялар ўзбек адабиёти тарихининг ҳалигача номаълум тарҳларини очди Ҳофиз Хоразмий, Саид Қосимий, Фориғий, Дийда, Азфарий каби қатор, биз билмаган туркийгўй шоирлар қўлёзмалари Ҳиндистон фондларида мавжуд эканлиги аён бўлди.
Экспедиция давомида, Бобир ҳаёти ва ижодига оид қўлёзмалар изланиб, диққат билан ўрганилди. Ҳиндистон қўлёзма фондларида бошқа туркийгўй шоирлар қатори, Заҳириддин Муҳаммад Бобир асарлари қўлёзмаларининг янги нусхалари ҳам сақланмоқда экан. Бу янги нусхалар Бобир ижодини янада чуқурроқ ўрганишда катта имкониятлар яратди. Ваҳоланки, бизга Бобир шеърлар тўпламининг Париж, Рампур ва Туркия кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма нусхаларигина маълум бўлиб, ўз навбатида улар ҳам шоир меросини нашр этишда бир-бирларини тўлдирадиган нодир қўлёзмалар эди. Айтиш керакки, мазкур қўлёзма нусхалардаги Бобир шеьрлари то ҳануз тўлиқ чоп этилмаган. Албатта, Бобирнинг мукаммал шеърий меросини тиклашда «Бобирнома», «Аруз рисоласи» каби асарлар аҳамияти ҳам каттадир.
Ҳайдарободдаги «Саларжанг» музейи фондида Бобир мажмуасининг XVII—XVIII асрларга мансуб икки янги қўлёзма нусхаси сақланаётганлиги маълум бўлди. Бу қўлёзма нусхалар бир томондан Бобир шеърий меросини бойитишга ёрдам берса, бошқа томондан маълум нусха ва нашрлардаги айрим текстологик фарқларга аниқлик киритишда қўл келади.
Ҳайдаробод девони 1188 ҳижрий (1774/75 мелодий) йили Жанобали Котибий томонидан кўчирилган. Мазкур нусхадан ҳажман кичикроқ бўлган иккинчи қўлёзманинг котиби ва кўчирилган йили ҳақидаги маълумотлар келтирилмаган.
1960 йили Туркияда нашр этилган Ислом тадқиқотлари институти каталогидан Бобир асарлари қўлёзмасининг энг қадимги ва энг нодир нусхаси Эррида сақланаётганлиги ҳам маьлум бўлдиким, шоир ижодиии ўрганишда бу яна бир қувончли воқеадир. Каталог муаллифининг сўзига кўра, бу қўлёзма 931 (1524—25) ҳижрий йили кўчирилган. Қўлёзма таркибига «Бобирнома», «Аруз рисоласи» асарлари ҳамда шоирнинг ўзбек тилида яратган шеърлари киритилган. Ўз навбатида, қўлёзма ҳуснихат ва китобат санъатининг энг юксак намунаси эканлиги ҳам каталогда қайд этилган.
Ҳиндистонга уюштирилган экспедиция натижалари шуни кўрсатдики, ўзбек классик шеъриятининг Ҳиндистондаги анъаналарини, у ерда яшаган шоирлар ижодини ўрганиш алоҳида тадқиқот доирасини ташкил этади. Шунинг учун ҳам сўнгги йилларда ўзбек адабиётшунослари, бошқа соҳалардаги каби, Ўрта Осиё ва Ҳинд халқлари муштаракликда яратган бой маданий меросни ўрганиш, нашр эттириш ишига катта эътибор бермоқдалар. Айниқса, XV—XVI асрларда Ўрта Осиё, Афғонистон ва Ҳиидистои сиёсий, ижтимоий-маданий ҳаётида катта роль ўйнаган Заҳириддин Муҳаммад Бобир ижодиёти таъсирида қалам тебратган шоирлар ҳаёти ва ижодини ўрганиш бугунги куннинг энг муҳим масалаларидандир. Бу шоирларнинг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, улар ҳинд, форс-тожик ва ўзбек адабиёти анъаналарини ижодда мужассамлаштириш билан бир пайтда, ўзбек, ҳинд, урду, форс-тожик тилларида ҳам эркин ижод қилганлар.
Экспедиция давомида, Бобирнинг ўғли Комрон Мирзо қўлёзма девони мавжудлиги аниқланди. 964 (1556) ҳижрий йили Маҳмуд бин Исҳоқ аш-Шаҳобий ал-Ҳиравий томонидан кўчирилган бу нусха Рампурдаги «Худобахш» кутубхонасининг энг мўътабар қўлёзмаларидан. У Комрон Ммрзонинг асосан, ўзбек ва форс-тожик тилларида яратган шеърларидан тузилган. Бу нусханинг яна бир тарихий аҳамияти шундаки, қўлёзма бошида ва охирида йигирмадан ортиқ давлат арбоблари муҳрлари босилган. Улар орасида Жаҳонгир Мирзо ва Шоҳжаҳон дастхатлари ҳам учрайди.
Комрон Мирзо шеърлари бадиий маҳорати, тилининг равон ва соддалиги, ажойиб лирик образларни ҳассослик билан ифодалаши жиҳатидан Бобир лирикасини эслатади. Унинг бутун меросида отаси — Бобир лирикасинииг руҳи балқиб туради. Ана шу маънода Комрон Мирзо Бобир лирикасидаги энг яхши анъаналарни давом эттирган, уни ҳам мазмун, ҳам бадимй жиҳатдаи бойитган саиъаткор сифатида майдонга чиқади. Бобир ижодидан руҳланиб унинг шеърий анъаналарини давом эттирган шундай шоирлардан яна бири олим ва моҳир мутаржим Мирзо Али Бахт Азфарийдир. Иетеъдодли шоир Азфарий тарихшунос ва тилшунос олим сифатида ҳам бизга улкан мерос қолдирган.
Азфарий ўзбек адабиётининг Навоий каби улкан намояндалари ва уларнинг асарларидан руҳланиб китоблар яратган. У турли соҳаларга оид ўн бешдан ортиқ асарлар битган. Бу асарлар ўзбек адабиёти вакилларини Ҳиндистонда тарғиб этиш ишида ҳам алоҳида ўрин тутган. Азфарий туркий, форс ва урду тилларида ёзган шеърларидан уч девон тузиб, «Воқиоти Азфарий», «Савониҳоти Азфарий» тарихий биографик асарларини яратган; «Фавод ал-мубтада», «Фарҳанги туркий», «Рисолаи қабрия» сингари тилшуносликка оид китоблар ёзган; Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб», Бобирнинг «Аруз рисоласи»ини форсчага ўгирган. Жумладан, Бобирнинг «Аруз рисоласи»ни у форс тилига ҳам назм, ҳам наср йўли билан ағдарган. «Аруззода» деб номланган бу таржималарнинг иккита нусхаси Ҳиндистон қўлёзма фондларида сақланади. Насрий нусхада Азфарий қуйидагиларни хабар қилади:
«Бинобарин, унинг «Арузи туркий» китобидан мунтахаб этиб, форс тилига таржима қилдим, фарзанд ўз отасининг уйидан бирор нарса олиши мумкин, шунинг учун уни ўғри ҳисоблаб, айбга санамасинлар». Мадорас давлат Шарқ қўлёзмалари кутубхонасида сақланаётган шеърий таржима 1836 йили Маҳмудали Саид валади Ҳофиз Муҳнюддин Ҳусайн томонидан кўчирилган. Асар муқаддимасида «Аруззода»нинг яратилиш сабаби ва тарихи қуйидагича келтирилади:
«Энди меҳрибонлар ва дўстлар олдида (китоб — С. Ҳ) ёзишингнинг сабабини айтгин. Ҳазрат Бобир асарларидан сирли «Аруз»нинг ушбу нусхасини кўрдим. Уни бутун фикрим билан берилиб ўқидим. Унда яхши тартиб билан ёзилган шеьр илми бор бўлиб, у китоб туркийда эди. Камина туркийдан баҳраманд эдим… форслар учун ҳам тушунарли бўлсин деб, уни қисқартириб форсчалаштиришни лозим топдим… Ундан ҳамма керагини танлаб олдим ва шу хилда мухтасар бўлишини маъқул кўрдим. Бу нусха номини камина мослаб «Аруззода» деб қўйдим».
Азфарий ўз таржимасини Бобир «Аруз» рисоласининг фарзанди, яъни «Аруззода» деб атайди. Бу билан Бобир ва унинг асарига бўлган чуқур ҳурматини таъкидлайди.
У Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб» асарини ҳам форс тилига ўгириб, улуғ ўзбек шоири билан ўз ватанидаги адабий муҳитни яқиндан таништирганидек, «Фарҳанги Азфарий», «Насаби турки», «Насаби туркийи чиғатоий», «Мезони туркий» асарлариии яратиб, бу серқирра ижодкор ота-боболари тили ва грамматикасини ўрганишга даъват этди, унинг луғавий бойлигини намойиш қилди.
Ҳайдарободдаги «Саларжанг» музейида деярли ҳар бетига гул ва қушларнинг расмлари солиниб, XVII асрда кўчирилган яна бир қўлёзма борки, у ҳам бизга ҳалигача номаълум шоир Фориғий қаламига тегишлидир. Қўлёзма Фориғийнинг ўзбек ва форс-тожик тилларида битилган шеърларини қамрайди.
Фориғий Ҳиндистонда Акбар ва Жаҳонгир салтанати замонида, йирик давлат арбоби, моҳир саркарда, олим ва адибларнииг буюк ҳомийси забардаст шоир ва моҳир мутаржим Хони Хонон номи билан машҳур Абдураҳим (Абдураҳимхон ибн Байрамхон) нииг шогирди бўлганлиги бизга манбалардан маълум. Аммо ҳозирча унинг ҳаёти ва ижодига оид бошқа маълумотга эга эмасмиз.
Фориғий ғазалларидан бирида ўз замонасида қадр топмаётганлигидан шундай зорланади:

Фориғий гар бўлди беному нишон айб этмангиз,
Лавҳи маҳфуз ичра ҳам ному нишоним йўқтурур.

Фориғий  Ҳиндистонда Бобир, Ҳумоюн, Байрамхон, Абдураҳим Хони Хонон анъаналарини давом эттириб, туркий тилдаги адабиёт ривожига улкан ҳисса қўшган бетакрор санъаткор шоир эканлиги унинг ижодидан яққол  кўзга ташланиб туради.
Рампурдаги «Ризо» кутубхонасида сақланаётган девон орқали Дийда тахаллуси билан ижод этган яна бир ўзбек шоири ҳақида ҳам қимматли маълумотга эга бўлдик. Дийда девонига шоирнинг ғазаллар, рубоийлар ва қатор фардлари киритилган. Афсуски, қўлёзма тугалланмай қолганлиги туфайли, унинг кўчирилиш тарихи ҳамда котиби ҳақидаги маълумотлар сақланмаган. Аммо қўлёзма хати, безаги ва айрим хусусиятларига қараб, девонни XVII асрга мансуб деб тахмин қилмоқ мумкиндир.
Алқисса, ана шу серқирра ва бой адабий мерос ўзбек-ҳинд адабий алоқаларининг ҳам қадим-қадимлардан ривожланиб келаётганлигини далиллайди. Қуйида сиз Ҳиндистон экепедициясидан келтирилган фотокопиялар асосида нашрга тайёрлаганимиз Комрон Мирзо, Фориғий, ҳамда Дийда шеърларидан намуналар ўқийсиз.

Саҳифа маъмуридан: Ушбу мақола жуда кўп йиллар аввал ёзилган. Бугунги кунда Комрон Мирзо девони нашр этилган. Унинг ижоди билан алоҳида саҳифада таништиришни ният қилганимиз учун бугун сизга  фақат Фориғий ва Дийда ғазалларини тақдим этамиз.

887

ФОРИҒИЙ

* * *

Ваҳки, ҳижрон илгидин бағрим тўла қондур яна,
Сочининг савдосидан ҳолим паришондур яна.

Ул гули раънодин айру кечаю кундуз ишим,
Андалиби хастадек фарёду афғондур яна.

То лаби лаълингдин айру туштум, эй, ороми жон,
Хаста кўнглум ғунчадек сар дар гирибондур яна.

Бовужуди дарди ишқинг найлайин, дармон, нетай,
Чунки дардинг ҳар нафас, эй дўст, дармондур яна.

То тушубтур Фориғий базми висолингдин йироқ,
Ҳамнишини меҳнату андуҳу ҳижрондур яна.

* * *

Келки, сендин ўзга ёру меҳрибоним йўқтурур,
Сенсиз, эй ороми жон, жисмимда жоним йўқтурур.

Ишқ кўйида нечаким маҳрами роз истадим,
Ғамдин ўзга маҳрами рози ниҳоним йўқтурур.

Ул гули раъно ғамидин андалиби хастадек
Гулшане йўқтурки фарёду фиғоним йўқтурур.

Ишқ кўйида балову меҳнату ғамдин яна,
Ёри мушфиқу рафиқи меҳрибоним йўқтурур.

Фориғий гар бўлди беному нишон, айб этмангиз,
Лавҳи маҳфуз ичра ҳам ному нишоним йўқтурур.

1234

ДИЙДА

Бир парининг фурқатидин жисму жонға тушти ўт,
Ақлу дину дил, тамоми хонумонға тушти ўт.

Барқи оҳим шуъласидур кўкка етган ҳажрдин,
Бу шафақ йўқтурки, бордур осмонға тушти ўт.

Ишқдин ҳам ҳажридин куйдум, туташтум, эй улус,
Онча ўртандимки, охир бу жаҳонға тушти ўт.

Ишқ йўлида матоим сабр эди жамъ айлаган,
Оқибат оҳим ўтиндин карвонға тушти ўт.

Дийда, ул бир лола юзлиғ моҳ пайкар фурқати,
Онча куйдурди сени, Ҳиндустонға тушти ўт.

САИДБЕК ҲАСАН тайёрлаган

(Tashriflar: umumiy 1 051, bugungi 1)

3 izoh

  1. Bobomizning shu yil 530 yillik tavallud ayyomlari, 1530 yilda dunyodan o’tganlar.

  2. Ваҳ-ваҳ-ваҳ, гўзал! Худойим, боболар бунча зўр бўлишган-а! Ҳар бир сўзи кўнгилга хуш ёқади, юракнинг дупурини шоширади, лабларга майин табассум чақиради, овозингга титроқ киритади! Уларнинг битигини ўқиб туйилган лаззатлар учун миннатдорлик изҳор изҳор қилгинг келади, киши. Дунёнинг қайси чеккасида бўлмасин, Ўзбек ўзбеклигини қилади. Чунки ўзбекнинг асли баланд! Баланд маънавиятдан баланд Сўзи туғилади! Илоҳим, ўзбекнинг ўтган барча улуғларининг у дунёси обод бўлсин! Бу дунёда нимасики кам бўлган бўлса, Худойим у дунёда сероб қилсин! Ҳаммасининг руҳлари бир даврада жам бўлиб, жаннатларни ҳам гўзал сўзлари, мушоиралари билан ларзага солишсин, Омин!

  3. Бобомизнинг хар бир сўзи хар бир ёзган мисралари бизнинг аждодларимиз нақадар юксак маьнавият ўчоқларини лов лов ёндирганини билдиради. Хар бир сўзида камтарлик, хар бир каломида хокизорлик бобомизнинг.

Izoh qoldiring