Hasan Qudratullayev. «Keldi ul vaqtki…» Bir g’azal sharhi

Ashampoo_Snap_2018.02.13_13h03m56s_001_.png  Биз Бобурнинг бир ғазалида Афғонистон йўлини танлагани ва бу ҳолатни дард, изтироб билан ифодалаганини кўрамиз. Мазкур ғазалнинг ҳар бир байтини «Бобурнома»даги воқеа ва ҳодисалар, муаллифнинг ички олами, дунёқараши билан чоғиштиришни маъқул кўрдик. Чунки Бобурнинг насрий асарлари билан шеърий мероси орасида мустаҳкам боғлиқлик бор. Носир Бобур айта олмаган дард, изтироб ва руҳий кечинмаларни шоир Бобур ғазаллари ошкор этган.

«КЕЛДИ УЛ ВАҚТКИ…»
Ҳасан Қудраттуллаев
филология фанлари доктори, профессор
07

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Мовароуннаҳрдан Афғонистон — Кобулга қараб йўл олиши таржимаи ҳолининг энг мураккаб даври билан боғлиқки, бу мавзуга доир турлича талқинлар, ҳар хил ёндашувлар мавжуд.

Биз Бобурнинг бир ғазалида Афғонистон йўлини танлагани ва бу ҳолатни дард, изтироб билан ифодалаганини кўрамиз. Мазкур ғазалнинг ҳар бир байтини «Бобурнома»даги воқеа ва ҳодисалар, муаллифнинг ички олами, дунёқараши билан чоғиштиришни маъқул кўрдик. Чунки Бобурнинг насрий асарлари билан шеърий мероси орасида мустаҳкам боғлиқлик бор. Носир Бобур айта олмаган дард, изтироб ва руҳий кечинмаларни шоир Бобур ғазаллари ошкор этган. ўазалнинг биринчи байти қуйидагича:

Келди ул вақтки, бошимни олиб кетгаймен,
Олам ичра аёғим етганича йитгаймен.

Заҳириддин Бобур бунда қайси ташвишли дамлари ҳақида сўз юритмоқда? Бу ғазал шоир умрининг қайси тарихий-сиёсий даврини ўз ичига олган? Бобурнинг Мовароуннаҳрдан Хуросонга қараб йўл олиши анча аввал, Самарқанд тахти учун Шайбонийхон билан жанг олиб борганидан, оғир сулҳга рози бўлиб, Самарқандни тарк этганидан бошланади, аслида. Дарҳақиқат, борар жойи тайин бўлмаган, ўзини хон боболари ҳузурида ҳам бегона сезиб, Ўратепанинг Даҳкат деган жойида макон топиб, сарсон-саргардонликда қолган, лашкарсиз, тож-тахтсиз, ҳатто кун ўтказишда ҳам малоллик сезиб «яланг аёқ кўп юргандан оёқларим андоқ бўлуб эдиким, тоғ ва тош тафовут қилмас эди», деган Бобурнинг ҳолатини тасаввур қилиш мумкин.

1502-1503 йиллар воқеалари. Ҳали 19 ёшга тўлмаган Бобурга она томонидан бўлган хон боболарининг давлатчилик ишлари, муҳораба олиб бориши маъқул бўлмайди. «Бобурнома»да адиб бу жиҳатларни тасвирлаган. Бобур уларнинг ҳарбий ишлари, давлатчилик тартиби ҳақида ёзади: «Хоннинг бу юруши бефойдароқ юруш эди, қўрғон олмоқ ва ёғий босмоқ йўқ: бордилар, келдилар».

Шу ўринда ғазал байтларига эътибор қаратайлик:

Истарам ўзни азиз элга кўринмасликтин,
Нега ўзумни улус кўзида хор этгаймен?

Заҳириддин Бобур – табиатан ғурурли, бировнинг ҳисобидан давлат ишларини юргизишни ўзи учун ножоиз билган шахс. Бироқ у шундай ҳолатга тушган эдики, атрофдагиларнинг таъна-маломатидан эзилар, ўзи яшаётган муҳитда бегоналигини сезарди.

Хўш, Бобур нима учун ўзига яқин бўлган элнинг кўзига кўринмасликни раво кўрган? Бу, биринчидан, хон боболари, бувиси Шоҳ Бегимнинг бошқа темурийзодаларга Андижон тахтини Бобурдан олиб бериш кайфиятининг мавжудлигидандир. Буни ҳийлакорлик билан Бобур рақиблари фойдасига ҳал этишга эришилгани ҳам унинг одамлардан безиб қолишига, уларнинг юзини кўришга тоқати қолмаганига сабабдир. Ҳали давлатчилик ишларида суяги қотмаган, ишонувчан ёш шаҳзода энг яқин қариндоши Али Дўстнинг хатти-ҳаракатларидан ҳам кўп азият чеккан: «Андижонға келгандан сўнг Али Дўстнинг атвори тамом ўзгача бўлди. Менинг била қозоқлиқларда ва меҳнатларда бўлғон кишилар била ёмон маош қила киришди. Аввал, Халифаға рухсат берди. Андин сўнг Иброҳим соруни ва Вайс Лоғарийни бегуноҳ ва бежиҳат туттуруб, талатиб, вилоятларидин айириб рухсат берди. Қосимбек била чирмашиб юрур эди. Зоҳирда муни санад қилдиким, Халифа ва Иброҳим Хожа қозининг ҳаводорларидиндур. Мендин интиқом олғуларидур. Ўғли Муҳаммад Дўст худ подшоҳона бунёдлар қўйди. Суҳбат ва шилон ва девон ва дастгоҳ борчани салотин дастури била қила бошлади. Бу оталиқ ва ўғуллуқ Танбалға орқаланиб, мундоқ ҳаракатлар бунёд қилдилар».

Вақт – одил ҳакам, дейди халқимиз. «Бобурнома»даги воқеалар шуни кўрсатадики, Бобурнинг бу тоғаси ва унинг фарзандларининг бехудлиги узоққа бормаган, қисқа фурсатда улар Бобуршоҳ оёғига тиз чўкадилар, аммо охиригача унга хиёнат қилишдан қўл узмайдилар ҳам.

Бобурнинг ўзга юртларни ихтиёр қилишининг дастлабки сабаблари ана шу воқеалар билан изоҳланади. Шу боис у ёзади: «Охир мундоқ саргардонлиқтин ва бу навъ бехонумонлиқтин жонға еттим. Дедимким, мундоқ душворлиқ била тирилгунча, бош олиб йитсам яхши. Бу навъ хорлиқ ва зорлиқ била эл билгунча оёғим етганча кетсам яхши». Бобурнинг ушбу руҳий ҳолатини юқоридаги ғазалнинг: «Олам ичра аёғим етганича йитгаймен» мисраси билан ҳам шаклан, ҳам мазмунан солиштирсак, мазкур ғазал Бобур томонидан шу дамларда яратилгани маълум бўлади.

«Бобурнома»ни синчиклаб мутолаа этсак, бир ҳақиқатга гувоҳ бўламиз: Заҳириддин Бобур темурий шаҳзода, султон ва шоҳ бўлишига қарамасдан хизматидаги султон ва беклар, ҳатто оддий кишилар ҳам вақт-вақти билан унинг давлат бошқарувига эътироз билдирганлар, турли-туман талаблари билан кайфиятини бузганлар. Шоир Бобур буни ўзи учун «жавр» деб билади, улар билан мулоқот қилиш ўзи учун нақадар оғирлигини айтади. Унинг лашкарлари, бек ва аъёнлари таркибини турли жой, ўлка, миллат ва элатлар вакиллари ташкил этган. Манбалардан Бобурнинг уларнинг барчасига имкон қадар бир хил муомалада бўлгани, миллати, тили, эътиқодидан қатъи назар, бир даражада инъом, мукофотлар улашгани, ҳатто душманининг онаси – Иброҳим Лўдийнинг волидасига ўз саройидан жой бергани маълум. Шунга қарамай, улар томонидан Бобурга асоссиз даъволар билан мурожаат этишлар, ашаддий жиноятчиларнинг гуноҳини кечиришни сўраш ҳоллари кўп бўлган.

1503-1504 йиллар воқеалари. Ҳусайн Бойқаро вафотини эшитиб Бобурнинг Кобулдан Ҳиротга йўл олганидан фойдаланиб, бувиси Шоҳ Бегимнинг фитнаси билан султон Муқим (Бобургача Кобулда салтанат қилган темурийзода – Ҳ.Қ.) ва бошқалар Кобул салтанатини Муҳаммад Мирзога олиб бериш режасини тузадилар. Не машаққатлар билан Кобулга етиб келган Бобур хиёнат устидан чиқади ва мушкулликлар билан тож-тахтини қайтариб олади. Шунда ҳам бирон темурийзодага зиён етказмайди, уларнинг гуноҳидан кечади. Ўша пайтдаги мулк бўлиш тартиби бўйича Бобур барча кишиларга ўз улушига муносиб мулк тақсимлайди. Шунчалик эътиборга қарамасдан, ғанимлари андижонликларга кўпроқ мулк инъом этганлигини айтишиб, Бобурни маҳаллийчиликда айблашади: «Тенгри таоло давлат берди, меҳмон ва ғариб бекларни ва йигитларни бойрилардин ва андижонийлардин ортуқроқ ва яхшироқ кўрдум. Бовужуд бу ажиб балоедурким, ҳамиша эл мени ғийбат қилурларким, бойридин ва андижонийдин ўзгани риоят қилмас. Масал борким, «душман не демас, тушга не кирмас». Юқоридаги ғазалнинг учинчи байти айнан Бобурнинг ушбу кайфиятини ифодалаган:

Халқ юз жавр ила ишлар буюрур, кош элнинг,
Не юзин кўргамену не сўзин эшитгаймен!

Бобур бошқа темурий шаҳзодалардан нимаси билан фарқланар эди? Аввало, унинг инсон шахсига нисбатан юксак муносабат ва садоқати, темурийзодалар қанчалик гуноҳ қилишмасин, уларни афв этиши, аёл зотига юксак садоқат ва ихлос назари билан қараши, ва албатта, Амир Темур салтанатини қайта тиклаш ва бу йўлда ҳеч бир тўсиқни тан олмаслиги туфайлидир. Албатта, ўша давр давлатчилигида бундай хислатларга эга шахсга нисбатан «ақлдан озган», «девонаваш», «шаккок» сўзлари муносиб кўрилгани эҳтимолдан холи эмас. Ҳиндистонда жангга киришаётганида мунажжими Муҳаммад «шумнафас»нинг бу муҳорабани бошламасликни, юлдузлар мавқеи Бобур лашкарларининг мағлубиятини англатаётганини айтганда, шоҳ Бобур жасорат билан майдонга киради ва ғалаба билан қайтади. Юқоридаги ғазалда Бобурнинг бундай шахслар фикрига асосли тарзда қарши турганини, ўз қарорида қатъийлигини, турмуш, ҳаёт ўзгаришларини аниқ белгилайдиган моҳир саркардалигини кўрамиз:

Ҳар сори борса бу девона кўнгул, айб этма,
Ўйла девона эмаским, ани беркитгайман.

Бобурнинг Мовароуннаҳрни тарк этиб, Афғонистон ва Ҳиндистонни ихтиёр этишининг турли тарихий, шоир тақдири билан боғлиқ сабаблари бор. «Ҳижрий 920 йил Бобур ҳаётида оғир муҳтожликлар йили бўлади. Қундузда умрида энг оғир мусибатни бошидан кечиради. Лекин сабот ва матонатни йўқотмайди. Ота-боболари ер-мулкини қайта қўлга киритишдан умидини узгач, охири мағлубиятини тан олиб, Кобулга қайтиб келади. Бобур ҳаётининг сўнгги дамларида шу умид учқуни бир лаҳзагина милт этиб ёнган эди».

«Бобурнома» иловасида келтирилган бу «умид учқуни» қачон қайта пайдо бўлган? Бобур вафотидан 1,5-2 йил олдин тўнғич ўғли Ҳумоюн мирзога ёзган мактубида Ҳиндистоннинг анча қисми қўлга киритилганини билдириб, «бизнинг эҳтимомимиз ул сарилар (яъни Мовароуннаҳрга – Ҳ.Қ.) бормоққа беҳад ва беғояттур. Ҳиндустон ишлари ҳам бир навъ сомон топиб келадур. Тенгри таолодин умид андоқдурким, бу оранинг иши Тенгри таоло инояти била саранжом топқай. Бу иш забтидин сўнг бетаваққуф, Тенгри еткурса, мутаважжиҳ бўлғумдур. Ул вилоятларнинг латофатларини киши нечук унутқай. Алалхусус мундай тойиб ва торик бўлғонда қовун ва узумдек машруъ ҳазни киши не тавр хотирдин чиқарғай».

Ушбу қисқа тарихий иқтибосдан ҳам аён бўлаётирки, Бобур узоқ юртларга бош олиб кетган, оёғи қаергача етган бўлмасин, у киндик қони тўкилган Мовароуннаҳр, сўлим Ахси ва Андижон ерларини қўмсаб яшаган. Юқоридаги ғазалда тақдирнинг шум найрангларини бошидан кечирган, азоб-уқубатларни писанд қилмай бегона юртларда тараққиёт сари интилган, қудратли давлатни барпо этган, синоатлар, марҳамат ва кулфатлар, ҳаётнинг сурурли гашти ва изтиробларининг барчасини «тенгрининг хости», деб тақдирга тан берган буюк инсоннинг илтижоси сифатида қабул қилиш мумкин:

Дема Бобурга нетарсен, бош олиб кетмак не?
Тенгрининг хости мундоқ эса, мен нетгаймен.

Заҳириддин Бобурнинг Аллоҳнинг инояти шундай экан, менинг қўлимдан нима ҳам келади, деган бу фикрини парвардигор йўлида қўл қовуштириб турган шахс иқрори деб эмас, балки барча имкониятларни синаб кўрган, отаси Умаршайх мирзо, бобоси Шоҳруҳ мирзонинг тахти учун тинмай кураш олиб борган султонзоданинг армонлари, деб тушунамиз. Иккинчи томондан, тақдирнинг ҳукмини мўмин банда сифатида тан олиш, Аллоҳнинг ўзига нисбатан кўрсатган ҳисобсиз муруввати олдида тиз чўкиш ҳам мусулмон фарзанди шоҳ Бобурнинг руҳиятига хосдир.

Мақоламиз сўнгида Бобур тақдири баёнида муҳим ўрин эгаллаган, юксак психологизм билан суғорилган, унинг умр мазмунини ҳаққоний ифодалаган бу ғазални тўла келтиришни лозим кўрдик:

Келди ул вақтки, бошимни олиб кетгаймен,
Олам ичра аёғим етганича йитгаймен.

Истарам ўзни азиз элга кўрунмасликтин,
Неча ўзумни улус кўзида хор этгаймен?

Халқ юз жавр ила ишлар буюрур, кош элнинг,
Не юзин кўргамену не сўзин эшитгаймен!

Ҳар сори борса бу девона кўнгул, айб этма,
Ўйла девона эмаским, ани беркитгаймен.

Дема Бобурга нетарсен, бош олиб кетмак не?
Тенгрининг хости мундоқ эса, мен нетгаймен.

Биз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бир ғазалини олиб, унинг «Бобурнома»даги муқобил воқеа-ҳодисалар, шоир ва адиб таржимаи ҳоли билан боғлиқ ҳолда қиёсий кўриб чиқишга ҳаракат қилдик. Албатта, алломанинг барча ғазаллари бундай маълумотга эга эмас. Зеро, ғазал жанрининг мақсади ошиқ ва маъшуқанинг ички олами, лирик қаҳрамоннинг изтиробларини ифодалаш. Бироқ Бобур девонида унинг таржимаи ҳоли билан боғлиқ ғазаллар ҳам талайгина. Бу мавзуда илмий изланишни олиб боришни ёш тадқиқотчилар давом эттирадилар, деган умиддамиз.

065

«KELDI UL VAQTKI…»
Hasan Qudrattullaev
filologiya fanlari doktori, professor
07

Zahiriddin Muhammad Boburning Movarounnahrdan Afg’oniston — Kobulga qarab yo’l olishi tarjimai holining eng murakkab davri bilan bog’liqki, bu mavzuga doir turlicha talqinlar, har xil yondashuvlar mavjud.

Biz Boburning bir g’azalida Afg’oniston yo’lini tanlagani va bu holatni dard, iztirob bilan ifodalaganini ko’ramiz. Mazkur g’azalning har bir baytini «Boburnoma»dagi voqea va hodisalar, muallifning ichki olami, dunyoqarashi bilan chog’ishtirishni ma’qul ko’rdik. Chunki Boburning nasriy asarlari bilan she’riy merosi orasida mustahkam bog’liqlik bor. Nosir Bobur ayta olmagan dard, iztirob va ruhiy kechinmalarni shoir Bobur g’azallari oshkor etgan. o’azalning birinchi
bayti quyidagicha:

Keldi ul vaqtki, boshimni olib ketgaymen,
Olam ichra ayog’im yetganicha yitgaymen.

Zahiriddin Bobur bunda qaysi tashvishli damlari haqida so’z yuritmoqda? Bu g’azal shoir umrining qaysi tarixiy-siyosiy davrini o’z ichiga olgan? Boburning Movarounnahrdan Xurosonga qarab yo’l olishi ancha avval, Samarqand taxti uchun Shayboniyxon bilan jang olib borganidan, og’ir sulhga rozi bo’lib, Samarqandni tark etganidan boshlanadi, aslida. Darhaqiqat, borar joyi tayin bo’lmagan, o’zini xon bobolari huzurida ham begona sezib, O’ratepaning Dahkat degan joyida
makon topib, sarson-sargardonlikda qolgan, lashkarsiz, toj-taxtsiz, hatto kun o’tkazishda ham malollik sezib «yalang ayoq ko’p yurgandan oyoqlarim andoq bo’lub edikim, tog’ va tosh tafovut qilmas edi», degan Boburning holatini tasavvur qilish mumkin.

1502-1503 yillar voqealari. Hali 19 yoshga to’lmagan Boburga ona tomonidan bo’lgan xon bobolarining davlatchilik ishlari, muhoraba olib borishi ma’qul bo’lmaydi. «Boburnoma»da adib bu jihatlarni tasvirlagan. Bobur ularning harbiy ishlari, davlatchilik tartibi haqida yozadi: «Xonning bu yurushi befoydaroq yurush edi, qo’rg’on olmoq va yog’iy bosmoq yo’q: bordilar, keldilar».

Shu o’rinda g’azal baytlariga e’tibor qarataylik:

Istaram o’zni aziz elga ko’rinmasliktin,
Nega o’zumni ulus ko’zida xor etgaymen?

Zahiriddin Bobur – tabiatan g’ururli, birovning hisobidan davlat ishlarini yurgizishni o’zi uchun nojoiz bilgan shaxs. Biroq u shunday holatga tushgan ediki, atrofdagilarning ta’na-malomatidan ezilar, o’zi yashayotgan muhitda begonaligini sezardi.

Xo’sh, Bobur nima uchun o’ziga yaqin bo’lgan elning ko’ziga ko’rinmaslikni ravo ko’rgan? Bu, birinchidan, xon bobolari, buvisi Shoh Begimning boshqa temuriyzodalarga Andijon taxtini Boburdan olib berish kayfiyatining mavjudligidandir. Buni hiylakorlik bilan Bobur raqiblari foydasiga hal etishga erishilgani ham uning odamlardan bezib qolishiga, ularning yuzini ko’rishga toqati qolmaganiga sababdir. Hali davlatchilik ishlarida suyagi qotmagan, ishonuvchan yosh shahzoda eng yaqin
qarindoshi Ali Do’stning xatti-harakatlaridan ham ko’p aziyat chekkan: «Andijong’a kelgandan so’ng Ali Do’stning atvori tamom o’zgacha bo’ldi. Mening bila qozoqliqlarda va mehnatlarda bo’lg’on kishilar bila yomon maosh qila kirishdi. Avval, Xalifag’a ruxsat berdi. Andin so’ng Ibrohim soruni va Vays Log’ariyni begunoh va bejihat tutturub, talatib,viloyatlaridin ayirib ruxsat berdi. Qosimbek bila chirmashib yurur edi. Zohirda muni sanad qildikim, Xalifa va Ibrohim Xoja qozining havodorlaridindur. Mendin intiqom olg’ularidur. O’g’li Muhammad Do’st xud podshohona bunyodlar qo’ydi. Suhbat va shilon va devon va dastgoh borchani salotin dasturi bila qila boshladi. Bu otaliq va o’g’ulluq Tanbalg’a orqalanib, mundoq harakatlar bunyod qildilar».

Vaqt – odil hakam, deydi xalqimiz. «Boburnoma»dagi voqealar shuni ko’rsatadiki, Boburning bu tog’asi va uning farzandlarining bexudligi uzoqqa bormagan, qisqa fursatda ular Boburshoh oyog’iga tiz cho’kadilar, ammo oxirigacha unga xiyonat qilishdan qo’l uzmaydilar ham.

Boburning o’zga yurtlarni ixtiyor qilishining dastlabki sabablari ana shu voqealar bilan izohlanadi. Shu bois u yozadi: «Oxir mundoq sargardonliqtin va bu nav’ bexonumonliqtin jong’a yettim. Dedimkim, mundoq dushvorliq bila tirilguncha, bosh olib yitsam yaxshi. Bu nav’ xorliq va zorliq bila el bilguncha oyog’im yetgancha ketsam yaxshi». Boburning ushbu ruhiy holatini yuqoridagi g’azalning: «Olam ichra ayog’im yetganicha yitgaymen» misrasi bilan ham shaklan, ham mazmunan solishtirsak, mazkur g’azal Bobur tomonidan shu damlarda yaratilgani ma’lum bo’ladi.

«Boburnoma»ni sinchiklab mutolaa etsak, bir haqiqatga guvoh bo’lamiz: Zahiriddin Bobur temuriy shahzoda, sulton va shoh bo’lishiga qaramasdan xizmatidagi sulton va beklar, hatto oddiy kishilar ham vaqt-vaqti bilan uning davlat boshqaruviga e’tiroz bildirganlar, turli-tuman talablari bilan kayfiyatini buzganlar. Shoir Bobur buni o’zi uchun «javr» deb biladi, ular bilan muloqot qilish o’zi uchun naqadar og’irligini aytadi. Uning lashkarlari, bek va a’yonlari tarkibini turli joy,
o’lka, millat va elatlar vakillari tashkil etgan. Manbalardan Boburning ularning barchasiga imkon qadar bir xil muomalada bo’lgani, millati, tili, e’tiqodidan qat’i nazar, bir darajada in’om, mukofotlar ulashgani, hatto dushmanining onasi – Ibrohim Lo’diyning volidasiga o’z saroyidan joy bergani ma’lum. Shunga qaramay, ular tomonidan Boburga asossiz da’volar bilan murojaat etishlar, ashaddiy jinoyatchilarning gunohini kechirishni so’rash hollari ko’p bo’lgan.

1503-1504 yillar voqealari. Husayn Boyqaro vafotini eshitib Boburning Kobuldan Hirotga yo’l olganidan foydalanib, buvisi Shoh Begimning fitnasi bilan sulton Muqim (Boburgacha Kobulda saltanat qilgan temuriyzoda – H.Q.) va boshqalar Kobul saltanatini Muhammad Mirzoga olib berish rejasini tuzadilar. Ne mashaqqatlar bilan Kobulga yetib kelgan Bobur xiyonat ustidan chiqadi va mushkulliklar bilan toj-taxtini qaytarib oladi. Shunda ham biron temuriyzodaga ziyon yetkazmaydi, ularning gunohidan kechadi. O’sha paytdagi mulk bo’lish tartibi bo’yicha Bobur barcha kishilarga o’z ulushiga munosib mulk taqsimlaydi. Shunchalik e’tiborga qaramasdan, g’animlari andijonliklarga ko’proq mulk in’om etganligini aytishib, Boburni mahalliychilikda ayblashadi: «Tengri taolo davlat berdi, mehmon va g’arib beklarni va yigitlarni boyrilardin va andijoniylardin ortuqroq va yaxshiroq ko’rdum. Bovujud bu ajib baloedurkim, hamisha el meni g’iybat qilurlarkim, boyridin va andijoniydin o’zgani rioyat qilmas. Masal borkim, «dushman ne demas, tushga ne kirmas». Yuqoridagi g’azalning uchinchi bayti aynan Boburning ushbu kayfiyatini ifodalagan:

Xalq yuz javr ila ishlar buyurur, kosh elning,
Ne yuzin ko’rgamenu ne so’zin eshitgaymen!

Bobur boshqa temuriy shahzodalardan nimasi bilan farqlanar edi? Avvalo, uning inson shaxsiga nisbatan yuksak munosabat va sadoqati, temuriyzodalar qanchalik gunoh qilishmasin, ularni afv etishi, ayol zotiga yuksak sadoqat va ixlos nazari bilan qarashi, va albatta, Amir Temur saltanatini qayta tiklash va bu yo’lda hech bir to’siqni tan olmasligi tufaylidir. Albatta, o’sha davr davlatchiligida bunday xislatlarga ega shaxsga nisbatan «aqldan ozgan», «devonavash», «shakkok» so’zlari munosib ko’rilgani ehtimoldan xoli emas. Hindistonda jangga kirishayotganida munajjimi Muhammad «shumnafas»ning bu muhorabani boshlamaslikni, yulduzlar mavqei Bobur lashkarlarining mag’lubiyatini anglatayotganini aytganda, shoh Bobur jasorat bilan maydonga kiradi va g’alaba bilan qaytadi. Yuqoridagi g’azalda Boburning bunday shaxslar fikriga asosli tarzda qarshi turganini, o’z qarorida qat’iyligini, turmush, hayot o’zgarishlarini aniq belgilaydigan mohir sarkardaligini ko’ramiz:

Har sori borsa bu devona ko’ngul, ayb etma,
O’yla devona emaskim, ani berkitgayman.

Boburning Movarounnahrni tark etib, Afg’oniston va Hindistonni ixtiyor etishining turli tarixiy, shoir taqdiri bilan bog’liq sabablari bor. «Hijriy 920 yil Bobur hayotida og’ir muhtojliklar yili bo’ladi. Qunduzda umrida eng og’ir musibatni boshidan kechiradi. Lekin sabot va matonatni yo’qotmaydi. Ota-bobolari yer-mulkini qayta qo’lga kiritishdan umidini uzgach, oxiri mag’lubiyatini tan olib, Kobulga qaytib keladi. Bobur hayotining so’nggi damlarida shu umid uchquni bir lahzagina milt etib yongan edi».

«Boburnoma» ilovasida keltirilgan bu «umid uchquni» qachon qayta paydo bo’lgan? Bobur vafotidan 1,5-2 yil oldin to’ng’ich o’g’li Humoyun mirzoga yozgan maktubida Hindistonning ancha qismi qo’lga kiritilganini bildirib, «bizning ehtimomimiz ul sarilar (ya’ni Movarounnahrga – H.Q.) bormoqqa behad va beg’oyattur. Hinduston ishlari ham bir nav’ somon topib keladur. Tengri taolodin umid andoqdurkim, bu oraning ishi Tengri taolo inoyati bila saranjom topqay. Bu ish zabtidin so’ng betavaqquf, Tengri yetkursa, mutavajjih bo’lg’umdur. Ul viloyatlarning latofatlarini kishi nechuk unutqay. Alalxusus munday toyib va torik bo’lg’onda qovun va uzumdek mashru’ hazni kishi ne tavr xotirdin chiqarg’ay».

Ushbu qisqa tarixiy iqtibosdan ham ayon bo’layotirki, Bobur uzoq yurtlarga bosh olib ketgan, oyog’i qaergacha yetgan bo’lmasin, u kindik qoni to’kilgan Movarounnahr, so’lim Axsi va Andijon yerlarini qo’msab yashagan. Yuqoridagi g’azalda taqdirning shum nayranglarini boshidan kechirgan, azob-uqubatlarni pisand qilmay begona yurtlarda taraqqiyot sari intilgan, qudratli davlatni barpo etgan, sinoatlar, marhamat va kulfatlar, hayotning sururli gashti va iztiroblarining barchasini «tengrining xosti», deb taqdirga tan bergan buyuk insonning iltijosi sifatida qabul qilish mumkin:

Dema Boburga netarsen, bosh olib ketmak ne?
Tengrining xosti mundoq esa, men netgaymen.

Zahiriddin Boburning Allohning inoyati shunday ekan, mening qo’limdan nima ham keladi, degan bu fikrini parvardigor yo’lida qo’l qovushtirib turgan shaxs iqrori deb emas, balki barcha imkoniyatlarni sinab ko’rgan, otasi Umarshayx mirzo, bobosi Shohruh mirzoning taxti uchun tinmay kurash olib borgan sultonzodaning armonlari, deb tushunamiz. Ikkinchi tomondan, taqdirning hukmini mo’min banda sifatida tan olish, Allohning o’ziga nisbatan ko’rsatgan hisobsiz muruvvati oldida tiz cho’kish ham musulmon farzandi shoh Boburning ruhiyatiga xosdir.

Maqolamiz so’ngida Bobur taqdiri bayonida muhim o’rin egallagan, yuksak psixologizm bilan sug’orilgan, uning umr mazmunini haqqoniy ifodalagan bu g’azalni to’la keltirishni lozim ko’rdik:

Keldi ul vaqtki, boshimni olib ketgaymen,
Olam ichra ayog’im yetganicha yitgaymen.

Istaram o’zni aziz elga ko’runmasliktin,
Necha o’zumni ulus ko’zida xor etgaymen?

Xalq yuz javr ila ishlar buyurur, kosh elning,
Ne yuzin ko’rgamenu ne so’zin eshitgaymen!

Har sori borsa bu devona ko’ngul, ayb etma,
O’yla devona emaskim, ani berkitgaymen.

Dema Boburga netarsen, bosh olib ketmak ne?
Tengrining xosti mundoq esa, men netgaymen.

Biz Zahiriddin Muhammad Boburning bir g’azalini olib, uning «Boburnoma»dagi muqobil voqea-hodisalar, shoir va adib tarjimai holi bilan bog’liq holda qiyosiy ko’rib chiqishga harakat qildik. Albatta, allomaning barcha g’azallari bunday ma’lumotga ega emas. Zero, g’azal janrining maqsadi oshiq va ma’shuqaning ichki olami, lirik qahramonning iztiroblarini ifodalash. Biroq Bobur devonida uning tarjimai holi bilan bog’liq g’azallar ham talaygina. Bu mavzuda ilmiy izlanishni olib borishni yosh tadqiqotchilar davom ettiradilar, degan umiddamiz.

07

(Tashriflar: umumiy 803, bugungi 1)

Izoh qoldiring