O’rxon Pomuq. Maktab alamlari va zavqlari.

07  Бошланғич синфда бир ора ёнимда ўтирган, узун қизил сочлари от думига ўхшаган бир қиз бор эди. Портфелининг ичи тишланган олмалар, бурда нонлар, нондан тўкилган кунжутлар, қаламлар, соч тасмалари билан аралаш-қуралаш бўларди, ўзи эса пала-партиш кийинарди, аммо ундан ва портфелидан келаётган хушбўй атир ҳиди мени унга боғлар, ҳар нарсани ўз оти билан айтиб, жасорат билан баён эта олишига ҳайрон қолар, ҳафта охирида уни кўрмасам, соғинардим.

Ўрхон Помуқ
МАКТАБ АЛАМЛАРИ ВА ЗАВҚЛАРИ
«Истанбул. Хотиралар ва шаҳар» китобидан
04

007 Нобель мукофотининг соҳиби (2006) Ўрхон Памуқ  1952 йилнинг 7 июнида Истанбулнинг  Нишонтоши туманида ўзига тўқ оиланинг кенжа фарзанди сифатида дунёга келди. Бобоси ва амакиси ҳам, отаси Гундуз Памуқ ҳам олий маълумотли ва юксак малакали муҳандис эди. Ота авлоди оппоқ лўппи юзли бўлганлари учун одамлар уларга «Памуқлар» деб лақаб қўйишган («памуқ» ўзб: «помиқ» — «пахта» дегани), кейин улар бу лақабни ўзларига фамилия қилиб олишганди.
Ёш Ўрхон рассом бўлиш орзусида  коллежда , кейин Истанбул техника университетининг меъморлик куллиётида ҳам уч йил таҳсил олди. Аммо рассом ҳам, меъмор ҳам бўлолмаслигига ишонч ҳосил қилгач, ўқишни ташлаб кетди. Вақти кўплигидан ёзувчиликда ўз кучини синаб кўрмоқчи бўлди ва малакасини мустаҳкамлашга эҳтиёж сезиб, Истанбул университетининг Журналистика институтига кирди ва шу ерда ўқишнинг охирги йили диплом олиш учун таътилга чиқарилди. Диплом ишини ярмида қолдирди. Фақат «Қор» романини ёздию, ортиқ малака ихтисоси олганлиги тўғрисидаги диплом учун куч сарфламади.

Ўрхон Памуқ ёзувчиликни 1974 йилда бошлади. Илк бор Меҳмет Эрўғли билан ҳамкорликда ёзган ва 1979 йилда «Қоронғилик ва нур» номи билан босилиб чиққан романи «Миллий романлар» танловида биринчи ўринни олди. Аммо 1982 йилда бу романни кенгайтириб ва тўғрилаб, «Жавдат Бей ва ўғиллари» номи билан қайта чоп қилдирди. Асар жаҳон адабиётида кўп учраган оила ҳаётини акс эттирувчи романлар типида бўлиб, тижоратчилар оиласида юз берган юксалишлар ва инқирозларни ҳикоя қиларди. Бу сафар китоб Ўрхон Камол мукофотига лойиқ деб топилди. Помуқнинг бундан кейинги китоблари ҳам кетма-кет мукофотлар олишда давом этди. 1984 йилда нашр этилган иккинчи романи «Сассиз уй» «Модерн роман» мукофотини олди. Бу романнинг франтсузча таржимаси эса 1991 йилда Франциянинг «Оврупода кашф» мукофотига сазовор бўлди. 1985 йилда нашр этилган «Оқ қалъа» номли тарихий романи 1990 йилда АҚШда «Индепендент Авард фор Фореигн Фиктион» мукофотини қўлга киритди ва чет элларда янада кенгроқ донг таратди. Ўрхон Пaмуқ 2002 йилда нашр қилдирган «Қор» китобини «Туркиянинг этник ва сиёсий масалаларини тадқиқ этувчи сиёсий роман» сифатида таърифламоқда. Бу китоби 2004 йилда инглизчага таржима қилиниб, чоп этилганда «Йилнинг энг яхши 10 китобидан бири» сифатида кўрсатилди.
Памуқнинг романларидан ташқари, мақолалар ва суҳбатлар сайланмаси ҳамда бир ҳикоядан ташкил топган «Бошқача ранглар» (1999) китоби ҳам бор. Айни чоғда у «Ниқобли юз» номли киноқисса муаллифи ҳамдир, унинг сценарийси асосида режиссёр Умар Қовур шу номли кинофилмни суратга олган. Ёзувчининг бу сценарийси учун 1990 йилда чоп қилдирган «Қора китоб» романидаги бир бўлим асос бўлганди. 1991 йили Анталия «Олтин пўртахол филм» фестивалида «Ниқобли юз» «Энг яхши сценарий» номинацияси бўйича мукофот олди.

04

Мактабда илк ўзлаштирган нарсам баъзиларининг аҳмоқлиги, иккинчи ўзлаштирган нарсам эса баъзиларининг янада аҳмоқроқлиги бўлди. Худди дин, ирқ, жинс, синф, бойлик (ва шу қаторда энг охирида қўшимча қилинган) маданият фарқлари каби, ҳаётдаги бу асосий ва аниқ кўрсатувчи фарқни ­фарқламагандай ишлашни комиллик, назокат ва яхши тарбия кўрганлик аломати эканлигини у ёшда ақлан қамрай олмаганим учун ўқитувчининг синфга ҳар гал савол ташлашида, тўғри жавобни билишимни кўрсатиш учун сабрсизлик билан бармоғимни кўтарардим.

Яна кейинги ойларда, йилларда бу бир одат бўлди. Яхши, ақлли ўқувчи эканлигимни синф ҳам, ўқитувчи ҳам бир оз англаганди, аммо мен яна ҳар бир саволга жавобим борлигини исботламоқ учун бармоғимни кўтараверардим. Ўқитувчи менга жуда сийрак сўз берар, кўпинча кўтарилган бошқа бармоқларни, улар ҳам гапирсин, дея ишорат қиларди. Бир мунча кейин жавобни билсам-билмасам, ҳар саволга бармоғим ўз-ўзидан кўтариладиган бўлди. Бунда, ҳамма қатори оддий кийим кийса ҳам, қимматбаҳо бир совға ёки бўйинбоғ (галстук) тақиб бойлигини билдирмоқчи бўлган кимсанинг жонсараклигига ўхшаш бир ўзини кўрсатиш истаги билан ўқитувчига нисбатан ҳис қилинган бир турли қойил қолиш ва ҳамкорлик қилиш истаги ҳам бор эди. Чунки мактабда фахрланиб ўзлаштирганим яна бир нарса «обрўли шахс« сифатидаги ўқитувчимнинг иқтидори эди. Памуқ Апартманидаги (Памуқлар хонадонидаги) оилавий кўпчилик тарқоқ ва бўлинган ҳолда эди: ҳамма бир дастурхонда ўтириб овқатланаркан, ҳар калладан бир овоз чиқарди. Оила бир-бирига меҳр ва елкадошлик, йиғилиш ва суҳбат эҳтиёжи, ейиш-ичиш ва радио соатлари каби бирон кимса тортишмайдиган одат ва қоидаларга гўё ўз-ўзидан боғланиб қолгандай эди. Уйда отам обрў ва иқтидор маркази эмасди ҳеч, у орамизда жуда кам кўринар, гоҳо талай вақтгача йўқ бўлиб кетарди. Аммо, энг муҳими, акам билан мени ҳеч қачон озорламас, унга ёқмайдиган бир иш қилсак, ҳатто қошларини ҳам чимирмасди. Кейинги йилларда бизни дўстларига таништираркан, «булар ҳам менинг икки кичик укам» деб қўйишни канда қилмас ва чиндан бу сўзининг устидан чиқарди. Бу жиҳатдан уйда »обрўли шахс» сифатида фақат онамни танигандим.

Аммо унинг менга ўтадиган кучи мендан ташқаридаги, бегона бир «иқтидор маркази» бўлганликдан эмас, менинг севилиш, силаниш ва эркаланиш истагимдан манба оларди. Шу жиҳатдан ўқитувчининг йигирма беш кишилик синфни сўзига кирдира олиши мени қойил қолдирарди.

Балки у билан онамни тенглаштирганимда, ичимда ўқитувчимга муносиб бўлиш учун битмас-туганмас истак борлиги юз кўрсатар. Фақат ҳар саволига жавоб бергим келмас, вазифаларини яхши бажармас, ўқитувчи томонидан севилишни, фарқли ва ақлли кўринишни истар эдим. «Қўлларингизни мана бундай қовуштириб, гаплашмасдан ўтиринг» дерди ўқитувчи ва қўлларимни кўксим узра қовуштирар, бутун дарс сабр-ла ўтирардим. Аммо аста-аста ҳар саволга жавоб беришнинг, бир арифметик масалани ҳаммадан олдин ечишнинг ёки энг яхши сабоқларни олишнинг завқлари сўлиб, дарсларда вақт ҳеч адо бўлмайдиганга ўхшаб, дақиқалар баъзан ўта секинлик билан оқаётгандай кўрина бошлади.

Кўзларимни доскага бир нималар ёзишга уринаётган ярим ақлли бақалоқ бир ўқувчидан, ўқитувчи ё бошқа ўқувчидан, фаррошдан, бутун дунёга доим ёруғ ишонч ва яхши ният билан, жилмайиб ва соғлом назар билан қарайдиган қиздан узар, деразадан ташқарига, баланд-баланд иморатлар орасида юксалиб кўриниб турган акас дарахтининг уст шохларига қадар эдим. Шохга бир қарға қўнарди. Диққат-ла кузатардим. Танасини пастдан кўрганим — қарға билан шохнинг орқасида бир тутам булут ҳам, манзара ҳам нуқул жойларини алмаштирарди. Деразадан кўрганим булутни бир тулкининг бурнига, калласига, сўнгра бир итга ўхшатардим. Энди ит кўринишини ўзгартирмаслигини, булут ит ҳолида йўлини давом эттиришини истардим, аммо бир оздан сўнг бувимнинг пардоз жавонининг ҳеч очилмайдиган витринасидаги оёқли кумуш қанддонлардан бирига айланарди. Шунда мен уйга кетиб қолгим келарди. Уйнинг ним қоронғи жимжитлиги, бехатарлиги хаёлимдан ўтаркан, бирдан ўша қоронғилик ичидан, худди тушда кўрингандай, отам кўринар, бозор куни ҳаммамиз бирга машинага ўтириб Босфор бўғозини кезишга кетардик. Шу асно, қаршидаги бинонинг деразаси очилар, бир хизматчи қўлидаги хокандоздан хас-тўзларни пастга қарата силкитар, сўнгра у ҳам мен ўтирган жойдан кўринмаётган кўчани паришонлик билан кузатарди. Ажабо, кўчада нима бор экан? Пастдан тош йўлда кетиб бораётган от араванинг овози келар, бўғиқ овоз билан бақираётган «ескичииии»ни эшитардим. Кўчага қараб ўтирган хизматчи, эскичини кузатиб бўлгандан кейин орқасига қайтар, у беркитган деразанинг ёнида бояги булутга ўхшаган, аммо терс томонга кетаётган бошқа булутни кўрардим. Ён деразадаги булут йўлида давом этаркан, ажаб, бу, бояги тулки-ит-қанддон булут бўлмасин-да ишқилиб, дердим ўзимга ўзим. Худди шу орада синфда бир ҳаракат бўлар, мен кўтарилган бармоқларни кўрганимда ўқитувчининг саволини эшитмаган бўлсам-да, шошиб улар билан бирга бармоғимни кўтарар ва тўғри жавобни билганимдан сўнг ўзимга ишонган тарзда кутиб турардим. Бошқа ўқувчиларнинг жавобларидан ўқитувчининг саволи нима бўлганлигини ҳали ҳам аниқ билмаганим ўша илк онларда ҳам хаёллар чўмган ақлимда жавобни жуда яхши билишимга оид қуруқ бир ишонч кўриниб турарди.

Йиллар бўйи қаторларида иккита-иккита бўлиб ўтирган синфларимизни эрмак ерига айлантирганимиз дарсларда ўрганганларим билан, ўқитувчидан олганим маъқуллашлардан ҳам кўра, синфдош дўстларимни бир-бир таниш завқи, уларнинг мендан қанчалик ўзгарганларини бироз ҳайрат, бироз ҳайронлик, бироз ачиниш билан кўрганим бўлди. Турк тили дарсида бир нималарни ўқиркан, сатр битганда, бир қатор пастдаги сатрдан эмас, икки қатор пастдаги сатрдан ўқишда давом этган ва бутун диққатига қарамай синфни кулдирган янглишини бир турли тузатолмаган бир ғамгин бола бор эди масалан. Бошланғич синфда бир ора ёнимда ўтирган, узун қизил сочлари от думига ўхшаган бир қиз бор эди. Портфелининг ичи тишланган олмалар, бурда нонлар, нондан тўкилган кунжутлар, қаламлар, соч тасмалари билан аралаш-қуралаш бўларди, ўзи эса пала-партиш кийинарди, аммо ундан ва портфелидан келаётган хушбўй атир ҳиди мени унга боғлар, ҳар нарсани ўз оти билан айтиб, жасорат билан баён эта олишига ҳайрон қолар, ҳафта охирида уни кўрмасам, соғинардим. Бир боланинг калласи бувим айтган тоифадан, яъни тамоман хумкалла эди, яна бир бошқа кичкина бошли жажжи қизнинг заифлиги ва нозиклиги мени сеҳрлар, учинчисининг уйида бўлиб ўтган воқеаларни оқизмай-томизмай айтиб беришларига ҳайратланар, ўз-ўзимга қандай қилиб бундай бўларкин, деб савол берардим. Нечук бу қиз «Отатурк » шеърини ўқиркан, ҳақиқатан ҳам йиғлайди? Бошқалар англаяжагини билатуриб ёлғон сўйлай олади, манави учинчининг портфели, дафтари, фартуги, сочлари, сўзлари — ҳамма нарсаси шу қадар тартибга келтирилган?

Худди кўчалардаги турли-туман машиналарнинг чироқлари, амартизатор, олд капоти ва ойналаридан ташкил топган бурнини ақлим ўз-ўзидан бир нарсага ўхшатгани каби, синфдаги бир қатор болаларни ҳам бир нарсага ўхшатардим. Масалан, манов қирра бурунлини тулкига, бесўнақайларни ҳамма одамлар айтганидай айиққа, сочлари типпа-тик болани типратиконга… Мари исмли бир яҳудий қизнинг узундан-узоқ хамирсиз байрамидан қилган ҳикояларини, баъзи кунларда бувиси уйдаги электр тугмаларига ҳам тегмаслигини айтиб беришларини элас-элас эслайман. Бир қиз оқшом хонасида ўтирганида шартта орқасига бурилиб қараса, фариштанинг соясини кўрганини айтган, бу ақлимда қўрқув билан ўрнашиб қолган эди. Уп-узун оёқларига уп-узун пайпоқлар кийган ва ҳар доим ҳозир йиғлаб юборадиганга ўхшаб кўринувчи бир қизнинг вазир бўлган отаси, Бош вазир Аднан Мендереснинг учоқ ҳалокатида ўлганда, қизнинг отаси ўлмасдан ҳам бўлажак фалокатни аввалдан билиб йиғлаганини тахмин қилдим. Кўп болаларнинг, мен каби тиш оғриғи бор эди. Баъзилари тиш қолипи тақарди. Литсей ётоқхоналари ва спорт заллари жойлашган ён томондаги бинонинг уст қаватларида бир ерда, тиб лабораторияси ёнида бир тиш дўхтири борлигини айтишарди. Ўқитувчимиз бирон воқеадан аччиқланганда ярамаслик қилган болани ўшанинг олдига юбораман, деб таҳдид қиларди. Ундан кичикроқ жазо доска осилган девор билан эшик орасидаги бурчакда, синфга орқасини ўгириб оёқда турғазиш эди. Бу баъзан «бир оёқ» жазосига айланар, аммо бутун синф дарсни эмас, жазоланган боланинг бир оёқда қанча тура олишини кузатишдан иборат бўлгани учун, дарсни ўтиб бўлмас эди. Бир оёқда бўлмаса ҳам, бурчакка турғазилган баъзи тўполончилар ахлат идишга тупурар, ўқитувчига сездирмасдан синфга кўз-қош имолари қилар ва уларнинг бу қилиқлари менда ҳайронлик эмас, кўпроқ қизғаниш ва нафрат уйғотарди.

Танбалларнинг, тўполончиларнинг, аҳмоқларнинг ва уятсизларнинг ўқитувчи томонидан озорланиши, жазоланиши, ёқасидан олиниши, калтакланиши кейинроқ самимий инонганим жамоат ва ҳамдамлик руҳига қарамай баъзан мени хурсанд қиларди. Ҳар ким билан ҳаддан ташқари «сен-мен«ли, киришимли бир қиз бор эди, масалан, мактабга шофёрли бир машинада келар, ўқитувчи ундан доскага чиқишни сўраганда, ғоят мамнун бўлиб чиқар, нозлана-нозлана «Жингле беллс, жингле беллс, жингле беллс алл тҳе беллс» дея инглизча бир қўшиқни айта бошларди. Ўқитувчи билан ораси шунчалик яқин бўлишига қарамай вазифаларини диққат билан бажармагани учун гап эшитишларига, туртиб ташланишларига гувоҳ бўлганимдан сиқилмасдим. Ҳар вазифа текширувида, бир қатор болалар вазифани бажаролмагани ҳолда, ўзини бажаргандай тутиши, энди дафтарнинг саҳифалари орасида қилган иши, ёзган ёзувларини тополмаётгандай кўрсатиши, ўқитувчи эса бунга ҳеч ишонмаса ҳам, қани у, деб мурожаат қилишлари сабабини ҳеч тушуна олмасдим. Бир онлик саросима ва қўрқишлар, «Энди тополмаяпман, устоз!» дейишлар жазони фақатгина бир неча сония орқага сурар, аммо тарсаки ё қулоқ чўзманинг шиддатини бир неча баробар орттирарди. Усмонийлар Салтанати мактабларида муаллим томонидан ўқувчига отилган таёқлар ёки домланинг ўтирган жойидан узун хипчин билан бола бошига туширишлари Аҳмад Расим (1865-1932) нинг «Фалақа», »Кечаларим» номли асарлари орқали ҳикоя қилинарди. Болаликдаги ва мактаб чоғидаги жазолашлар, шунингдек, кейинги йилларнинг дарсликларида учрар ва буларнинг ҳаммаси Жумҳурият ва Отатуркдан кейин қолган ёмонликлар каби тақдим қилинарди бизга. Аммо бой Нишонтоши маҳалласидаги пуллик махсус Маърифат Литсейида модернлашиш деган янгиликларнинг бир қисми тазйиқ йўли билан камбағал ва ожизларни қўллашга қаратилган янгиланиш дегани эди; энди фалақа ёки таёқ ишлатилмас, бунинг ўрнига Усмонийлардан қолган қари ва баджаҳл ўқитувчилар, четларига ингичка ва қаттиқ бир мика (япроқсимон тиниқ оппоқ тош) парчаси ўтказилган бир франтсуз буюми жадваллар ўрнида қўлланар ва ўша билан болаларнинг бошига урардилар.

Ўжарлик билан вазифани бажармаган, ярамасликлари билан ўқитувчининг сабрини тугатган ўқувчи, ёмонлик намунаси этиб кўрсатилиши учун, ҳар каснинг олдига чиқариларди, одамнинг ичини ачитувчи уришлар ва камситилиш дақиқалари бошланганида юрагим эзилиб, каллам шишиб кетарди. Ёшимиз каттайганда гимнастика муаллими, дин муаллими, мусиқа ўқитувчиси каби ҳаётдан безган, сержаҳл, кекса эркак ўқитувчиларнинг қўлига тушганда кўпаядиган бу жазолаш маросимларини кўриб, аввалги зерикарли дарснинг ўртасида бир неча дақиқа давом этадиган томоша қилиб ўтиришларни, мулойим ва онадай муаллималарни мамнуният билан соғиниб ўтирардим. Бирон ўқувчи, худди сут тўкиб юборгандай, олдига қараб, айбини тан олиб, инонтирувчи бир қанча узрлар айтса жазоси сал ювош тортарди. Аммо айтган узри кўрсатган ҳунаридан катта бўлганлар, ёлғон бўлса ҳам айбини юмшатадиган бир баҳона тополмаганлар, тополмайдиганлар, ёлғон гап айтгунча калтакланишни афзал билганлар, ўқитувчининг обрўйини туширадиганлар, жазоланаётган чоғларида бир ора қош-кўз имоси қилиб синфни кулдирадиганлар, бир тарафдан ношудона ёлғонларни қалаштириб, бошқа тарафдан «бошқа ёлғон гапирмайман, устоз» дея самимий қасам ичувчилар, таёқ ва камситилишдан қон-терга ботган, янглишиб қопқонга тушган ҳайвондай, билмасдан яна хатоликка йўл қўйиб азиятларини янада орттирган бир бошқа синфдошлар менга инсонлик ва ҳаёт ҳақида барча Ҳаёт Билими китобларидан ва Синф Билими журналларидан ҳам теранроқ нарсаларни ўргатардилар.

Баъзан тартибли, ёқимтой ёки синиқ ҳолини кўриб, уни ичимда севиб юрганим бир қизнинг шундай камситилганига ва узр онларида юзи қип-қизил бўлиб кетганига, кўзида ёшлар ҳалқаланганига қараганимда унинг тезроқ қутулишини истардим. Танаффусларда менга ҳам азият қиладиган анов сариқ сочли, семиз боланинг довдирашини, довдираркан, калтак еганини кўрганимда воқеани қалбсизлик билан завқланиб томоша қилардим. Тузалишига умид қолдирмаган аҳмоқ ва бетаъсир эканлигига ишонч ҳосил қилганим ўта қуруқ, овози паст ва ғурурли бир боланинг ўқитувчини издан чиқариб гердайишининг сабабини билолмаганимда, боланинг кўзларидан ёшлар оқаркан, ўқитувчи билан ўқувчининг айни чоғда қай бири ҳақлигини билолмай чарчаблар кетардим. Баъзи ўқитувчилар ўзи доскага чиқарган ўқувчининг билимини синашдан ҳам кўра кўпроқ ўз жаҳолатларини намойиш қилиб, камситишларидан қанчалик маза қилсалар, баъзи ўқувчилар ҳам аҳволни ирода билан яхшилашдан ҳам кўра ўзларининг камситилишидан ўшандоқ маза қиладигандай тутардилар. Баъзи ўқитувчилар бир дафтарнинг янглиш рангли бир қоғоз билан ўралганини кўрганларида қутириб кетар, баъзилари бошқа пайтлар ҳеч эътибор бермайдиган оддий бир пичир-пичирга ҳам бир шапалоқ билан жазо берардилар, баъзи ўқувчилар жавобини биладиган оддий бир саволга, кўзлари машина чироғидан қўрқиб кетган қуёндай, қотиб қолар, баъзилари эса — энг кўп шунақаларни қўллардим — жавобни билмасалар ҳам, биладиган нарсаларини яхши ният билан сайрайверардилар.

Баъзи бир пайтларда, озор билан ёки дафтарларнинг, китобларнинг ирғитилиши билан бошланган қўрқитувчи онларда, бутун синфда тиқ этган овоз ҳам чиқмаётган бир паллада бошига шундай камситишлар келмаган толелилардан бўлганим учун шукр қилардим. Синфнинг учдан бири шундай бўлакча «имтиёз«-лилардан эди. Йўқсуллар билан бойлар бир синфда ўқийдиган баъзи давлат мактабларига қарама-қарши ўлароқ, бу махсус мактабда сурункали камситилишлар билан ҳеч хафа қилинмайдиган толелиларни ажратиб турувчи яширин чизиқнинг ўқувчининг бойлиги ё камбағаллиги билан алоқаси йўқ эди. Мактабга келиб болаларча бир оғайнилик билан танаффусларда қувлашмачоқ ўйнаб хурсандлик билан унутганим ва руҳим рад этган бу яширин чизиқ, ўқитувчи ўз курсисидаги жойига бир иқтидор тахтига ўтиргандай ўтириши билан бирдан юзага чиқаверарди ва мен ҳам бу таёқ ва камситишлар палласида оддий, аммо кучли бир қизиқиш билан баъзиларининг нима учун бундай тамбалроқ, виқорсиз, иродасиз, бетаъсир, ақлсиз ёинки мана »шундай» бўлишаркин деб ўзимдан сўрардим. Аммо ҳаётим зулматига ва синфдош ўртоқларимнинг руҳларига йўналган бу саволга на у даврда ўқий бошлаганим ва ҳамма ёмонларнинг оғизлари бурамли қилиб чизилган сувратли романлар, на-да болалик туйғуларим жавоб берар, мен ҳам саволни унутардим. Буларнинг барчаси, мактаб деган даргоҳ аслида энг муҳим ва асосий ҳисобланган саволларга жавоб бермаган, фақат уларни ҳаёт ҳақиқати сифатида тан олишимизга ёрдам берган жой деган хулосага келдим. Шу боисдан то литсейга киргунимча бармоғимни кўтариб ўзимни чизиқнинг тинчгина ва эрка тарафида тутишга интилдим.

Мактабда яна бир ўрганганим асл нарса — ҳаётнинг сўралмайдиган «ҳақиқатларини« қабул қилиш эмас, уларга мафтун бўлиш эканлигини сезардим. Биринчи йилларда бўлар-бўлмас баҳоналар билан, иккида бир ўқитувчи дарснинг ўртасида бизга бир ашула айттиришни бошларди. Инглизча, франтсузча сўзларини тушунолмаганим, яхши кўрмаганим бу қўшиқларни худди айтаётгандай ҳаракат қиларканман синфдошларимни кузатишдан завқланардим. (Туркчага «Соқчи ота, соқчи ота, байрам келди, сурнай чал!» каби ўгирилган ашулалар айтиларди.) Ярим соат олдин дафтарини яна уйида унутгани учун кўзёши тўккан паст бўйли семиз бола энди оғзини катта-катта очиб бахтиёрлик билан ашула айтаётган бўларди. Узун сочларини ҳадеб қулоқларининг орқасига отаётган қиз, қўшиқнинг ўртасида яна шу ҳаракатини такрорларди. Танаффусда коридорларда мени қувлаган семиз тўполончилардан бири ва унинг камгапроқ, закки ва жуда камтарлигига қарамай яширин чизгининг мен тарафимда қоладигандай эҳтиёткор оқил устози энди фариштасимон бир ифода билан мусиқанинг булутлари орасида йўқ бўлиб кетгандилар. Тартибли қиз ашуланинг ўртасида қаламдонларининг, дафтарларининг ўрнини яна бир бор тахларди, мактабнинг дарахтзор ҳовлисидан ўтиб синфга келаётганда, икков бирга бўлишимиз учун «Менга шерик бўласанми?»- дея сўраганимда индамай фақатгина қўлимни ушлаган тиришқоқ, закки қиз ашулани яхшироқ айтиш учун ўзини жуда жиддий тутарди, имтиҳонларда кимса қарамасин дея қоғозини эмизикли чақалоғини бекитаётган хотинлардай бутун гавдаси билан тўсиб олган қизғанчиқ ва бақалоқ бола ҳеч кимсага очмаган гавдасини очадигандай ҳаракатлар қиларди. Ҳар кун таёқ ейдиган, келажаги умидсиз эссизлардан бирининг эса ашулага зўр хоҳиш билан қўшилганини ва олдидаги қизнинг бир тола сочини ўғринча тортганини, диққат билан ашула айтаётган қизнинг иккида бир »вой-вой»лаши, бу онда у бола деразадан ташқарига қараб турганини кўрганимизда, биз ҳам қизил от думига ўхшаган сочли қиз иккимиз шу онда бир-биримизнинг кўзларимиз ичига тикилиб кулимсирар эдик. Ҳеч тушунмай айтаётган ашуламнинг лай ла лай ла, лай лай лай қисмига келганда мен ҳам нашъа билан ҳар кас юксалтирган овозга қўшилар, сўнгра деразадан ташқарига қараркан, бир оз сўнгра, бир оз сўнгра қўнғироқ чалинишини, бутун синф бир онда гувуллаб палтоларига, портфелларига ёпишишини ва бир қўлим портфелда, бир қўлим мен ила акамни уч дақиқалик наридаги уйга етаклаб кетадиган эшикбон амакининг қўлидайкан, синфдаги барча бу инсонлардан чарчаганимни, аммо ҳозир онамни кўраман, дея одимларимни тезлатажагимни хаёл қилардим.

Миразиз Аъзам таржимаси

008Boshlangʻich sinfda bir ora yonimda oʻtirgan, uzun qizil sochlari ot dumiga oʻxshagan bir qiz bor edi. Portfelining ichi tishlangan olmalar, burda nonlar, nondan toʻkilgan kunjutlar, qalamlar, soch tasmalari bilan aralash-quralash boʻlardi, oʻzi esa pala-partish kiyinardi, ammo undan va portfelidan kelayotgan xushboʻy atir hidi meni unga bogʻlar, har narsani oʻz oti bilan aytib, jasorat bilan bayon eta olishiga hayron qolar, hafta oxirida uni koʻrmasam, sogʻinardim.

Oʻrxon Pamuq
MAKTAB ALAMLARI VA ZAVQLARI
“Istanbul. Xotiralar va shahar” kitobidan
04

 Nobel mukofotining sohibi (2006) Oʻrxon Pamuq 1952 yilning 7 iyunida Istanbulning Nishontoshi tumanida oʻziga toʻq oilaning kenja farzandi sifatida dunyoga keldi. Bobosi va amakisi ham, otasi Gunduz Pamuq ham oliy maʼlumotli va yuksak malakali muhandis edi. Ota avlodi oppoq loʻppi yuzli boʻlganlari uchun odamlar ularga “Pamuqlar” deb laqab qoʻyishgan (“pamuq” oʻzb: “pomiq” — “paxta” degani), keyin ular bu laqabni oʻzlariga familiya qilib olishgandi.
Yosh Oʻrxon rassom boʻlish orzusida kollejda , keyin Istanbul texnika universitetining meʼmorlik kulliyotida ham uch yil tahsil oldi. Ammo rassom ham, meʼmor ham boʻlolmasligiga ishonch hosil qilgach, oʻqishni tashlab ketdi. Vaqti koʻpligidan yozuvchilikda oʻz kuchini sinab koʻrmoqchi boʻldi va malakasini mustahkamlashga ehtiyoj sezib, Istanbul universitetining Jurnalistika institutiga kirdi va shu yerda oʻqishning oxirgi yili diplom olish uchun taʼtilga chiqarildi. Diplom ishini yarmida qoldirdi. Faqat “Qor” romanini yozdiyu, ortiq malaka ixtisosi olganligi toʻgʻrisidagi diplom uchun kuch sarflamadi.

04Oʻrxon Pamuq yozuvchilikni 1974 yilda boshladi. Ilk bor Mehmet Eroʻgʻli bilan hamkorlikda yozgan va 1979 yilda “Qorongʻilik va nur” nomi bilan bosilib chiqqan romani “Milliy romanlar” tanlovida birinchi oʻrinni oldi. Ammo 1982 yilda bu romanni kengaytirib va toʻgʻrilab, “Javdat Bey va oʻgʻillari” nomi bilan qayta chop qildirdi. Asar jahon adabiyotida koʻp uchragan oila hayotini aks ettiruvchi romanlar tipida boʻlib, tijoratchilar oilasida yuz bergan yuksalishlar va inqirozlarni hikoya qilardi. Bu safar kitob Oʻrxon Kamol mukofotiga loyiq deb topildi. Pomuqning bundan keyingi kitoblari ham ketma-ket mukofotlar olishda davom etdi. 1984 yilda nashr etilgan ikkinchi romani “Sassiz uy” “Modern roman” mukofotini oldi. Bu romanning frantsuzcha tarjimasi esa 1991 yilda Fransiyaning “Ovrupoda kashf” mukofotiga sazovor boʻldi. 1985 yilda nashr etilgan “Oq qalʼa” nomli tarixiy romani 1990 yilda AQSHda “Independent Avard for Foreign Fiktion” mukofotini qoʻlga kiritdi va chet ellarda yanada kengroq dong taratdi. Oʻrxon Pamuq 2002 yilda nashr qildirgan “Qor” kitobini “Turkiyaning etnik va siyosiy masalalarini tadqiq etuvchi siyosiy roman” sifatida taʼriflamoqda. Bu kitobi 2004 yilda inglizchaga tarjima qilinib, chop etilganda “Yilning eng yaxshi 10 kitobidan biri” sifatida koʻrsatildi.
Pamuqning romanlaridan tashqari, maqolalar va suhbatlar saylanmasi hamda bir hikoyadan tashkil topgan “Boshqacha ranglar” (1999) kitobi ham bor. Ayni chogʻda u “Niqobli yuz” nomli kinoqissa muallifi hamdir, uning ssenariysi asosida rejissyor Umar Qovur shu nomli kinofilmni suratga olgan. Yozuvchining bu ssenariysi uchun 1990 yilda chop qildirgan “Qora kitob” romanidagi bir boʻlim asos boʻlgandi. 1991 yili Antaliya “Oltin poʻrtaxol film” festivalida “Niqobli yuz” “Eng yaxshi ssenariy” nominatsiyasi boʻyicha mukofot oldi.

04

Maktabda ilk oʻzlashtirgan narsam baʼzilarining ahmoqligi, ikkinchi oʻzlashtirgan narsam esa baʼzilarining yanada ahmoqroqligi boʻldi. Xuddi din, irq, jins, sinf, boylik (va shu qatorda eng oxirida qoʻshimcha qilingan) madaniyat farqlari kabi, hayotdagi bu asosiy va aniq koʻrsatuvchi farqni ­farqlamaganday ishlashni komillik, nazokat va yaxshi tarbiya koʻrganlik alomati ekanligini u yoshda aqlan qamray olmaganim uchun oʻqituvchining sinfga har gal savol tashlashida, toʻgʻri javobni bilishimni koʻrsatish uchun sabrsizlik bilan barmogʻimni koʻtarardim.

Yana keyingi oylarda, yillarda bu bir odat boʻldi. Yaxshi, aqlli oʻquvchi ekanligimni sinf ham, oʻqituvchi ham bir oz anglagandi, ammo men yana har bir savolga javobim borligini isbotlamoq uchun barmogʻimni koʻtaraverardim. Oʻqituvchi menga juda siyrak soʻz berar, koʻpincha koʻtarilgan boshqa barmoqlarni, ular ham gapirsin, deya ishorat qilardi. Bir muncha keyin javobni bilsam-bilmasam, har savolga barmogʻim oʻz-oʻzidan koʻtariladigan boʻldi. Bunda, hamma qatori oddiy kiyim kiysa ham, qimmatbaho bir sovgʻa yoki boʻyinbogʻ (galstuk) taqib boyligini bildirmoqchi boʻlgan kimsaning jonsarakligiga oʻxshash bir oʻzini koʻrsatish istagi bilan oʻqituvchiga nisbatan his qilingan bir turli qoyil qolish va hamkorlik qilish istagi ham bor edi. Chunki maktabda faxrlanib oʻzlashtirganim yana bir narsa “obroʻli shaxs« sifatidagi oʻqituvchimning iqtidori edi. Pamuq Apartmanidagi (Pamuqlar xonadonidagi) oilaviy koʻpchilik tarqoq va boʻlingan holda edi: hamma bir dasturxonda oʻtirib ovqatlanarkan, har kalladan bir ovoz chiqardi. Oila bir-biriga mehr va yelkadoshlik, yigʻilish va suhbat ehtiyoji, yeyish-ichish va radio soatlari kabi biron kimsa tortishmaydigan odat va qoidalarga goʻyo oʻz-oʻzidan bogʻlanib qolganday edi. Uyda otam obroʻ va iqtidor markazi emasdi hech, u oramizda juda kam koʻrinar, goho talay vaqtgacha yoʻq boʻlib ketardi. Ammo, eng muhimi, akam bilan meni hech qachon ozorlamas, unga yoqmaydigan bir ish qilsak, hatto qoshlarini ham chimirmasdi. Keyingi yillarda bizni doʻstlariga tanishtirarkan, “bular ham mening ikki kichik ukam” deb qoʻyishni kanda qilmas va chindan bu soʻzining ustidan chiqardi. Bu jihatdan uyda ”obroʻli shaxs» sifatida faqat onamni tanigandim.

Ammo uning menga oʻtadigan kuchi mendan tashqaridagi, begona bir “iqtidor markazi” boʻlganlikdan emas, mening sevilish, silanish va erkalanish istagimdan manba olardi. Shu jihatdan oʻqituvchining yigirma besh kishilik sinfni soʻziga kirdira olishi meni qoyil qoldirardi.

Balki u bilan onamni tenglashtirganimda, ichimda oʻqituvchimga munosib boʻlish uchun bitmas-tuganmas istak borligi yuz koʻrsatar. Faqat har savoliga javob bergim kelmas, vazifalarini yaxshi bajarmas, oʻqituvchi tomonidan sevilishni, farqli va aqlli koʻrinishni istar edim. “Qoʻllaringizni mana bunday qovushtirib, gaplashmasdan oʻtiring” derdi oʻqituvchi va qoʻllarimni koʻksim uzra qovushtirar, butun dars sabr-la oʻtirardim. Ammo asta-asta har savolga javob berishning, bir arifmetik masalani hammadan oldin yechishning yoki eng yaxshi saboqlarni olishning zavqlari soʻlib, darslarda vaqt hech ado boʻlmaydiganga oʻxshab, daqiqalar baʼzan oʻta sekinlik bilan oqayotganday koʻrina boshladi.

Koʻzlarimni doskaga bir nimalar yozishga urinayotgan yarim aqlli baqaloq bir oʻquvchidan, oʻqituvchi yo boshqa oʻquvchidan, farroshdan, butun dunyoga doim yorugʻ ishonch va yaxshi niyat bilan, jilmayib va sogʻlom nazar bilan qaraydigan qizdan uzar, derazadan tashqariga, baland-baland imoratlar orasida yuksalib koʻrinib turgan akas daraxtining ust shoxlariga qadar edim. Shoxga bir qargʻa qoʻnardi. Diqqat-la kuzatardim. Tanasini pastdan koʻrganim — qargʻa bilan shoxning orqasida bir tutam bulut ham, manzara ham nuqul joylarini almashtirardi. Derazadan koʻrganim bulutni bir tulkining burniga, kallasiga, soʻngra bir itga oʻxshatardim. Endi it koʻrinishini oʻzgartirmasligini, bulut it holida yoʻlini davom ettirishini istardim, ammo bir ozdan soʻng buvimning pardoz javonining hech ochilmaydigan vitrinasidagi oyoqli kumush qanddonlardan biriga aylanardi. Shunda men uyga ketib qolgim kelardi. Uyning nim qorongʻi jimjitligi, bexatarligi xayolimdan oʻtarkan, birdan oʻsha qorongʻilik ichidan, xuddi tushda koʻringanday, otam koʻrinar, bozor kuni hammamiz birga mashinaga oʻtirib Bosfor boʻgʻozini kezishga ketardik. Shu asno, qarshidagi binoning derazasi ochilar, bir xizmatchi qoʻlidagi xokandozdan xas-toʻzlarni pastga qarata silkitar, soʻngra u ham men oʻtirgan joydan koʻrinmayotgan koʻchani parishonlik bilan kuzatardi. Ajabo, koʻchada nima bor ekan? Pastdan tosh yoʻlda ketib borayotgan ot aravaning ovozi kelar, boʻgʻiq ovoz bilan baqirayotgan “yeskichiiii”ni eshitardim. Koʻchaga qarab oʻtirgan xizmatchi, eskichini kuzatib boʻlgandan keyin orqasiga qaytar, u berkitgan derazaning yonida boyagi bulutga oʻxshagan, ammo ters tomonga ketayotgan boshqa bulutni koʻrardim. Yon derazadagi bulut yoʻlida davom etarkan, ajab, bu, boyagi tulki-it-qanddon bulut boʻlmasin-da ishqilib, derdim oʻzimga oʻzim. Xuddi shu orada sinfda bir harakat boʻlar, men koʻtarilgan barmoqlarni koʻrganimda oʻqituvchining savolini eshitmagan boʻlsam-da, shoshib ular bilan birga barmogʻimni koʻtarar va toʻgʻri javobni bilganimdan soʻng oʻzimga ishongan tarzda kutib turardim. Boshqa oʻquvchilarning javoblaridan oʻqituvchining savoli nima boʻlganligini hali ham aniq bilmaganim oʻsha ilk onlarda ham xayollar choʻmgan aqlimda javobni juda yaxshi bilishimga oid quruq bir ishonch koʻrinib turardi.

Yillar boʻyi qatorlarida ikkita-ikkita boʻlib oʻtirgan sinflarimizni ermak yeriga aylantirganimiz darslarda oʻrganganlarim bilan, oʻqituvchidan olganim maʼqullashlardan ham koʻra, sinfdosh doʻstlarimni bir-bir tanish zavqi, ularning mendan qanchalik oʻzgarganlarini biroz hayrat, biroz hayronlik, biroz achinish bilan koʻrganim boʻldi. Turk tili darsida bir nimalarni oʻqirkan, satr bitganda, bir qator pastdagi satrdan emas, ikki qator pastdagi satrdan oʻqishda davom etgan va butun diqqatiga qaramay sinfni kuldirgan yanglishini bir turli tuzatolmagan bir gʻamgin bola bor edi masalan. Boshlangʻich sinfda bir ora yonimda oʻtirgan, uzun qizil sochlari ot dumiga oʻxshagan bir qiz bor edi. Portfelining ichi tishlangan olmalar, burda nonlar, nondan toʻkilgan kunjutlar, qalamlar, soch tasmalari bilan aralash-quralash boʻlardi, oʻzi esa pala-partish kiyinardi, ammo undan va portfelidan kelayotgan xushboʻy atir hidi meni unga bogʻlar, har narsani oʻz oti bilan aytib, jasorat bilan bayon eta olishiga hayron qolar, hafta oxirida uni koʻrmasam, sogʻinardim. Bir bolaning kallasi buvim aytgan toifadan, yaʼni tamoman xumkalla edi, yana bir boshqa kichkina boshli jajji qizning zaifligi va nozikligi meni sehrlar, uchinchisining uyida boʻlib oʻtgan voqealarni oqizmay-tomizmay aytib berishlariga hayratlanar, oʻz-oʻzimga qanday qilib bunday boʻlarkin, deb savol berardim. Nechuk bu qiz “Otaturk ” sheʼrini oʻqirkan, haqiqatan ham yigʻlaydi? Boshqalar anglayajagini bilaturib yolgʻon soʻylay oladi, manavi uchinchining portfeli, daftari, fartugi, sochlari, soʻzlari — hamma narsasi shu qadar tartibga keltirilgan?

Xuddi koʻchalardagi turli-tuman mashinalarning chiroqlari, amartizator, old kapoti va oynalaridan tashkil topgan burnini aqlim oʻz-oʻzidan bir narsaga oʻxshatgani kabi, sinfdagi bir qator bolalarni ham bir narsaga oʻxshatardim. Masalan, manov qirra burunlini tulkiga, besoʻnaqaylarni hamma odamlar aytganiday ayiqqa, sochlari tippa-tik bolani tipratikonga… Mari ismli bir yahudiy qizning uzundan-uzoq xamirsiz bayramidan qilgan hikoyalarini, baʼzi kunlarda buvisi uydagi elektr tugmalariga ham tegmasligini aytib berishlarini elas-elas eslayman. Bir qiz oqshom xonasida oʻtirganida shartta orqasiga burilib qarasa, farishtaning soyasini koʻrganini aytgan, bu aqlimda qoʻrquv bilan oʻrnashib qolgan edi. Up-uzun oyoqlariga up-uzun paypoqlar kiygan va har doim hozir yigʻlab yuboradiganga oʻxshab koʻrinuvchi bir qizning vazir boʻlgan otasi, Bosh vazir Adnan Menderesning uchoq halokatida oʻlganda, qizning otasi oʻlmasdan ham boʻlajak falokatni avvaldan bilib yigʻlaganini taxmin qildim. Koʻp bolalarning, men kabi tish ogʻrigʻi bor edi. Baʼzilari tish qolipi taqardi. Litsey yotoqxonalari va sport zallari joylashgan yon tomondagi binoning ust qavatlarida bir yerda, tib laboratoriyasi yonida bir tish doʻxtiri borligini aytishardi. Oʻqituvchimiz biron voqeadan achchiqlanganda yaramaslik qilgan bolani oʻshaning oldiga yuboraman, deb tahdid qilardi. Undan kichikroq jazo doska osilgan devor bilan eshik orasidagi burchakda, sinfga orqasini oʻgirib oyoqda turgʻazish edi. Bu baʼzan “bir oyoq” jazosiga aylanar, ammo butun sinf darsni emas, jazolangan bolaning bir oyoqda qancha tura olishini kuzatishdan iborat boʻlgani uchun, darsni oʻtib boʻlmas edi. Bir oyoqda boʻlmasa ham, burchakka turgʻazilgan baʼzi toʻpolonchilar axlat idishga tupurar, oʻqituvchiga sezdirmasdan sinfga koʻz-qosh imolari qilar va ularning bu qiliqlari menda hayronlik emas, koʻproq qizgʻanish va nafrat uygʻotardi.

Tanballarning, toʻpolonchilarning, ahmoqlarning va uyatsizlarning oʻqituvchi tomonidan ozorlanishi, jazolanishi, yoqasidan olinishi, kaltaklanishi keyinroq samimiy inonganim jamoat va hamdamlik ruhiga qaramay baʼzan meni xursand qilardi. Har kim bilan haddan tashqari “sen-men«li, kirishimli bir qiz bor edi, masalan, maktabga shofyorli bir mashinada kelar, oʻqituvchi undan doskaga chiqishni soʻraganda, gʻoyat mamnun boʻlib chiqar, nozlana-nozlana “Jingle bells, jingle bells, jingle bells all the bells” deya inglizcha bir qoʻshiqni ayta boshlardi. Oʻqituvchi bilan orasi shunchalik yaqin boʻlishiga qaramay vazifalarini diqqat bilan bajarmagani uchun gap eshitishlariga, turtib tashlanishlariga guvoh boʻlganimdan siqilmasdim. Har vazifa tekshiruvida, bir qator bolalar vazifani bajarolmagani holda, oʻzini bajarganday tutishi, endi daftarning sahifalari orasida qilgan ishi, yozgan yozuvlarini topolmayotganday koʻrsatishi, oʻqituvchi esa bunga hech ishonmasa ham, qani u, deb murojaat qilishlari sababini hech tushuna olmasdim. Bir onlik sarosima va qoʻrqishlar, “Endi topolmayapman, ustoz!” deyishlar jazoni faqatgina bir necha soniya orqaga surar, ammo tarsaki yo quloq choʻzmaning shiddatini bir necha barobar orttirardi. Usmoniylar Saltanati maktablarida muallim tomonidan oʻquvchiga otilgan tayoqlar yoki domlaning oʻtirgan joyidan uzun xipchin bilan bola boshiga tushirishlari Ahmad Rasim (1865-1932) ning “Falaqa”, ”Kechalarim» nomli asarlari orqali hikoya qilinardi. Bolalikdagi va maktab chogʻidagi jazolashlar, shuningdek, keyingi yillarning darsliklarida uchrar va bularning hammasi Jumhuriyat va Otaturkdan keyin qolgan yomonliklar kabi taqdim qilinardi bizga. Ammo boy Nishontoshi mahallasidagi pullik maxsus Maʼrifat Litseyida modernlashish degan yangiliklarning bir qismi tazyiq yoʻli bilan kambagʻal va ojizlarni qoʻllashga qaratilgan yangilanish degani edi; endi falaqa yoki tayoq ishlatilmas, buning oʻrniga Usmoniylardan qolgan qari va badjahl oʻqituvchilar, chetlariga ingichka va qattiq bir mika (yaproqsimon tiniq oppoq tosh) parchasi oʻtkazilgan bir frantsuz buyumi jadvallar oʻrnida qoʻllanar va oʻsha bilan bolalarning boshiga urardilar.

Oʻjarlik bilan vazifani bajarmagan, yaramasliklari bilan oʻqituvchining sabrini tugatgan oʻquvchi, yomonlik namunasi etib koʻrsatilishi uchun, har kasning oldiga chiqarilardi, odamning ichini achituvchi urishlar va kamsitilish daqiqalari boshlanganida yuragim ezilib, kallam shishib ketardi. Yoshimiz kattayganda gimnastika muallimi, din muallimi, musiqa oʻqituvchisi kabi hayotdan bezgan, serjahl, keksa erkak oʻqituvchilarning qoʻliga tushganda koʻpayadigan bu jazolash marosimlarini koʻrib, avvalgi zerikarli darsning oʻrtasida bir necha daqiqa davom etadigan tomosha qilib oʻtirishlarni, muloyim va onaday muallimalarni mamnuniyat bilan sogʻinib oʻtirardim. Biron oʻquvchi, xuddi sut toʻkib yuborganday, oldiga qarab, aybini tan olib, inontiruvchi bir qancha uzrlar aytsa jazosi sal yuvosh tortardi. Ammo aytgan uzri koʻrsatgan hunaridan katta boʻlganlar, yolgʻon boʻlsa ham aybini yumshatadigan bir bahona topolmaganlar, topolmaydiganlar, yolgʻon gap aytguncha kaltaklanishni afzal bilganlar, oʻqituvchining obroʻyini tushiradiganlar, jazolanayotgan chogʻlarida bir ora qosh-koʻz imosi qilib sinfni kuldiradiganlar, bir tarafdan noshudona yolgʻonlarni qalashtirib, boshqa tarafdan “boshqa yolgʻon gapirmayman, ustoz” deya samimiy qasam ichuvchilar, tayoq va kamsitilishdan qon-terga botgan, yanglishib qopqonga tushgan hayvonday, bilmasdan yana xatolikka yoʻl qoʻyib aziyatlarini yanada orttirgan bir boshqa sinfdoshlar menga insonlik va hayot haqida barcha Hayot Bilimi kitoblaridan va Sinf Bilimi jurnallaridan ham teranroq narsalarni oʻrgatardilar.

Baʼzan tartibli, yoqimtoy yoki siniq holini koʻrib, uni ichimda sevib yurganim bir qizning shunday kamsitilganiga va uzr onlarida yuzi qip-qizil boʻlib ketganiga, koʻzida yoshlar halqalanganiga qaraganimda uning tezroq qutulishini istardim. Tanaffuslarda menga ham aziyat qiladigan anov sariq sochli, semiz bolaning dovdirashini, dovdirarkan, kaltak yeganini koʻrganimda voqeani qalbsizlik bilan zavqlanib tomosha qilardim. Tuzalishiga umid qoldirmagan ahmoq va betaʼsir ekanligiga ishonch hosil qilganim oʻta quruq, ovozi past va gʻururli bir bolaning oʻqituvchini izdan chiqarib gerdayishining sababini bilolmaganimda, bolaning koʻzlaridan yoshlar oqarkan, oʻqituvchi bilan oʻquvchining ayni chogʻda qay biri haqligini bilolmay charchablar ketardim. Baʼzi oʻqituvchilar oʻzi doskaga chiqargan oʻquvchining bilimini sinashdan ham koʻra koʻproq oʻz jaholatlarini namoyish qilib, kamsitishlaridan qanchalik maza qilsalar, baʼzi oʻquvchilar ham ahvolni iroda bilan yaxshilashdan ham koʻra oʻzlarining kamsitilishidan oʻshandoq maza qiladiganday tutardilar. Baʼzi oʻqituvchilar bir daftarning yanglish rangli bir qogʻoz bilan oʻralganini koʻrganlarida qutirib ketar, baʼzilari boshqa paytlar hech eʼtibor bermaydigan oddiy bir pichir-pichirga ham bir shapaloq bilan jazo berardilar, baʼzi oʻquvchilar javobini biladigan oddiy bir savolga, koʻzlari mashina chirogʻidan qoʻrqib ketgan quyonday, qotib qolar, baʼzilari esa — eng koʻp shunaqalarni qoʻllardim — javobni bilmasalar ham, biladigan narsalarini yaxshi niyat bilan sayrayverardilar.

Baʼzi bir paytlarda, ozor bilan yoki daftarlarning, kitoblarning irgʻitilishi bilan boshlangan qoʻrqituvchi onlarda, butun sinfda tiq etgan ovoz ham chiqmayotgan bir pallada boshiga shunday kamsitishlar kelmagan tolelilardan boʻlganim uchun shukr qilardim. Sinfning uchdan biri shunday boʻlakcha “imtiyoz«-lilardan edi. Yoʻqsullar bilan boylar bir sinfda oʻqiydigan baʼzi davlat maktablariga qarama-qarshi oʻlaroq, bu maxsus maktabda surunkali kamsitilishlar bilan hech xafa qilinmaydigan tolelilarni ajratib turuvchi yashirin chiziqning oʻquvchining boyligi yo kambagʻalligi bilan aloqasi yoʻq edi. Maktabga kelib bolalarcha bir ogʻaynilik bilan tanaffuslarda quvlashmachoq oʻynab xursandlik bilan unutganim va ruhim rad etgan bu yashirin chiziq, oʻqituvchi oʻz kursisidagi joyiga bir iqtidor taxtiga oʻtirganday oʻtirishi bilan birdan yuzaga chiqaverardi va men ham bu tayoq va kamsitishlar pallasida oddiy, ammo kuchli bir qiziqish bilan baʼzilarining nima uchun bunday tambalroq, viqorsiz, irodasiz, betaʼsir, aqlsiz yoinki mana ”shunday» boʻlisharkin deb oʻzimdan soʻrardim. Ammo hayotim zulmatiga va sinfdosh oʻrtoqlarimning ruhlariga yoʻnalgan bu savolga na u davrda oʻqiy boshlaganim va hamma yomonlarning ogʻizlari buramli qilib chizilgan suvratli romanlar, na-da bolalik tuygʻularim javob berar, men ham savolni unutardim. Bularning barchasi, maktab degan dargoh aslida eng muhim va asosiy hisoblangan savollarga javob bermagan, faqat ularni hayot haqiqati sifatida tan olishimizga yordam bergan joy degan xulosaga keldim. Shu boisdan to litseyga kirgunimcha barmogʻimni koʻtarib oʻzimni chiziqning tinchgina va erka tarafida tutishga intildim.

Maktabda yana bir oʻrganganim asl narsa — hayotning soʻralmaydigan “haqiqatlarini« qabul qilish emas, ularga maftun boʻlish ekanligini sezardim. Birinchi yillarda boʻlar-boʻlmas bahonalar bilan, ikkida bir oʻqituvchi darsning oʻrtasida bizga bir ashula ayttirishni boshlardi. Inglizcha, frantsuzcha soʻzlarini tushunolmaganim, yaxshi koʻrmaganim bu qoʻshiqlarni xuddi aytayotganday harakat qilarkanman sinfdoshlarimni kuzatishdan zavqlanardim. (Turkchaga “Soqchi ota, soqchi ota, bayram keldi, surnay chal!” kabi oʻgirilgan ashulalar aytilardi.) Yarim soat oldin daftarini yana uyida unutgani uchun koʻzyoshi toʻkkan past boʻyli semiz bola endi ogʻzini katta-katta ochib baxtiyorlik bilan ashula aytayotgan boʻlardi. Uzun sochlarini hadeb quloqlarining orqasiga otayotgan qiz, qoʻshiqning oʻrtasida yana shu harakatini takrorlardi. Tanaffusda koridorlarda meni quvlagan semiz toʻpolonchilardan biri va uning kamgaproq, zakki va juda kamtarligiga qaramay yashirin chizgining men tarafimda qoladiganday ehtiyotkor oqil ustozi endi farishtasimon bir ifoda bilan musiqaning bulutlari orasida yoʻq boʻlib ketgandilar. Tartibli qiz ashulaning oʻrtasida qalamdonlarining, daftarlarining oʻrnini yana bir bor taxlardi, maktabning daraxtzor hovlisidan oʻtib sinfga kelayotganda, ikkov birga boʻlishimiz uchun “Menga sherik boʻlasanmi?”- deya soʻraganimda indamay faqatgina qoʻlimni ushlagan tirishqoq, zakki qiz ashulani yaxshiroq aytish uchun oʻzini juda jiddiy tutardi, imtihonlarda kimsa qaramasin deya qogʻozini emizikli chaqalogʻini bekitayotgan xotinlarday butun gavdasi bilan toʻsib olgan qizgʻanchiq va baqaloq bola hech kimsaga ochmagan gavdasini ochadiganday harakatlar qilardi. Har kun tayoq yeydigan, kelajagi umidsiz essizlardan birining esa ashulaga zoʻr xohish bilan qoʻshilganini va oldidagi qizning bir tola sochini oʻgʻrincha tortganini, diqqat bilan ashula aytayotgan qizning ikkida bir ”voy-voy»lashi, bu onda u bola derazadan tashqariga qarab turganini koʻrganimizda, biz ham qizil ot dumiga oʻxshagan sochli qiz ikkimiz shu onda bir-birimizning koʻzlarimiz ichiga tikilib kulimsirar edik. Hech tushunmay aytayotgan ashulamning lay la lay la, lay lay lay qismiga kelganda men ham nashʼa bilan har kas yuksaltirgan ovozga qoʻshilar, soʻngra derazadan tashqariga qararkan, bir oz soʻngra, bir oz soʻngra qoʻngʻiroq chalinishini, butun sinf bir onda guvullab paltolariga, portfellariga yopishishini va bir qoʻlim portfelda, bir qoʻlim men ila akamni uch daqiqalik naridagi uyga yetaklab ketadigan eshikbon amakining qoʻlidaykan, sinfdagi barcha bu insonlardan charchaganimni, ammo hozir onamni koʻraman, deya odimlarimni tezlatajagimni xayol qilardim.

Miraziz Aʼzam tarjimasi

003

(Tashriflar: umumiy 6 155, bugungi 1)

Izoh qoldiring