Аждодлари асли Самарқанддан бўлган Муҳаммад Иқбол (1877 1938) — Шарқ ва Ислом оламининг буюк шоири ва файласуфидир. Унинг «Тур лоласи» туркумига кирган рубоийларини таниқли шоир Одил Икром таржимасида мутолаа қилинг.
МУҲАММАД ИҚБОЛ
РУБОИЙЛАР
Одил Икром таржимаси
Муҳаммад Иқбол (1877.22.2, Сиалкот — 1938.21.4, Лоҳур) — Шарқ ва Ислом оламининг буюк шоири, файласуф. Урду ва форс тилларида ижод қилган. Сиалкот, Лоҳур коллежларида таълим олган. 1905—08 йилларда Англия ва Германия ун-тларида ўқиган. Илк шеър («Етим ноласи», 1899) ва достон («Ҳимолай», 1899)ларидаёқ инсонни, табиатни, халқ дарди ва кайфиятини куйлайди. «Эронда тасаввуфнинг тараққиёти» (1908) асарида Шарқ фалсафаси ва диний таълимотларини таҳлил қилади, Ибн Сино, Ибн Арабий каби файласуфларнинг дунёқарашини юксак баҳолайди. «Шахс сирлари» (1915), «Шахс сирларининг очилиши» (1919) достонларида, «Забуре Ажам» (1927), «Жовиднома» (1932), «Жаброил қанотлари» (1935), «Ҳижоз арғумони» (1938) ва бошқа диний-фалсафий, ижтимоий- ахлоқий асарларида шахс ва жамият, табиат ва худо, севги ва акл, Шарқ ва Ғарб, шахс ва жамият ҳақидаги фалсафий қарашларини илгари сурган.Муҳаммад Иқбол мустақил ҳинд конфедерацияси таркибида мусулмон давлатини тузиш тарафдори бўлган. Муҳаммад Иқбол баъзи масалаларни ҳал этишда ислом таълимоти асосида иш кўрса, айрим масалаларда Ғарб файласуфлари, хусусан, Гегель, Кант, Бергсон, Лейбнис ва Эйнштейн позициясида туради. Олимнинг моддий бойлик ва билиш назарияси Гегель диалектикаси таъсирида бўлган (Ўзбекистон миллий энциклопедичси асосида ёзилди).
Бисмиллоҳи-р-Раҳмони-р-Раҳим
«ТУР ЛОЛАСИ»ДАН
***
Тонгда булбул дерди боғбонга: «Бу хок,
Фақат, ғам ниҳолин яшнатар наҳот?
Биёбон тикани қуриб қартаяр,
Ва лекин, гул сўлар ёшарган заҳот».
***
Ишқ куй- наво бўлса, дутордир одам,
Сир очару ўзи асрордир одам.
Бу қурди яхшироқ У яратганни,
Наҳот, Худо билан ҳамкордир одам?!
***
Борлик ва йўқликнинг девори бўлгин,
Сон-сифат дунёсин бедори бўлгин.
Ўзлигингни ярат ўз вужудингда,
Иброҳимдай Ҳарам(1) меъмори бўлгин.
***
Чаман қушларини суймайди жоним,
Бу ошёнда ёлғиз куйлаган оним.
Кўнглинг нозик бўлса оғушимдан қоч,
Куйласам, куйимдан сачрайди қоним.
***
Кайқубод(2) тож-тахти, мулки Ажам(3) – хок,
Черкову(4) бутхона,(5) Байтул-Ҳарам(6) – хок.
Ва лекин, билмасман гавҳарим надир?
Нигоҳим фалакдан баланд, танам – хок.
***
Қуръоннинг маъносин сўрма Розийдан,(7)
Қалбимиз оятга далил, кўзгудир.
Ақл ўт солгайдир, ёнгайдир юрак,
Намруду(8) Халилнинг(9) тафсири шудир.
***
Сен, эй Ҳарам шайхи, балки, билмассан,
Ҳатто, ишқ дунёсин охири бордир.
Унда на қилмишлар нома аъмоли,
Унинг на муслим(10) на кофири бордир.
***
Эй, олим, зукколар, изтиробдаман,
Ҳолимни на ақл англар на оқил.
Бир парча тупроқда қандай жим турсин,
Хаёл оҳуларин саҳроси бу дил?!
***
Бу бепоён олам балиқ сингари
Айём денгизида айём ичра гарқ.
Юракка назар сол, шунда кўргайсан,
Айёмнинг денгизи бир жом ичра ғарқ.
***
Аёнми, неки бор гул водийсида?
Оташ ичида чўғ жон қаърида не?
Бизга чаман бўлиб кўринган чаман,
Ким билар, булбуллар назарида не?
***
Қуёшсан, тегрангда кезиб юрган – мен,
Назаринг тушганда буткул нурман мен.
Бағрингдан олисда топмасман камол,
Қуръондирсан, ўттиз порангдурман мен.
***
Тик қомати – озод бандаси Унинг,
Гул юзин нури – май пардаси Унинг.
Қуёш, ой, юлдузлар маҳрамдир унга,
Одам қалби – ёпиқ дарчаси Унинг.
***
Кимни ахтарасан, ғамгинсан нечун?
У бор, еча олсанг ниқоб қулфини.
Уни ахтарганда ўзни кўрмайсан,
Ўзингни ахтарсанг топмайсан Уни.
***
Эй, гўдактабиат, ўрган адабни,
Мусулмонзодасан? Тарк эт насабни.
Қирмиз ранг, қон, томир, териси билан
Араб кибр айласа, тарк эт арабни.
***
Кўксимиз ичра бир пинҳон олам бор,
Хокимизда бир дил, дилда бир ғам бор.
Жонимизни ёққан май косасидан
Ҳануз кўзамизнинг тубида нам бор.
***
Эй дилим, денгизим, оҳимсан менинг,
Қайиғим, қирғоқда роҳимсан менинг.
Шабнамдай хокимга томдингми ва ё
Fунчадай ўсдингми хокимдан менинг?
***
Яхшилик, ёмонлик рамзи нимадир?
Тил титрасин, маъно гар бўлса ниҳон.
Тикон, гул кўрингай шох юзасида,
Шох ичида бордир на гул, на тикон.
***
Кел, эй ишқ, юракнинг рамзи бўлган ғам,
Кел, эй уруғимиз, ҳосилимиз ҳам.
Бу олам тупроғи эскирди, тағин
Лойимиздан қоргин бошқа бир одам.
***
На Хатлон(11) тулпорин минганман учқур,
На шоҳлик завқидан топгайман ҳузур.
Шунинг ўзи менга давлатдир, эй дўст,
Кўксимни ковласам чиқиб келар дур.
***
Дейсан, одам – хокдан яралган маъво,
Ҳаёту мамотга бўйсунар, аммо.
Афсунгар бу ҳилқат ўз ариғига
Каттакон денгизни айлагандир жо.
***
Дейсан, тузоқ бўлди қушимизга ин,
Қанот қоқиб, парвоз этмоғи қийин.
Тандан баланд бўлди жоннинг маъноси,
Ахир, тиғимизнинг қайроғидир қин.
***
Дилимиздан орзу қандай чиқди, айт?
Манзил ўти қандай куйиб битди, айт?
Не кўрар кўзимиз билан кўрганлар?
Кўксимизга юрак қандай сиғди, айт?
***
Жаҳонимиз, бошқа фикру ўйи йўқ,
Тонгу шом эврилган ҳолатга ромдир.
Силлиқланса қазо эгови билан,
Тупроқдан яралган тан нотамомдир.
***
Дилтопар манзилга жўр бўлмагайдир,
Оловга, сув, гилга жўр бўлмагайдир.
Ўйламагин тани ором олар деб,
Бу дарё соҳилга жўр бўлмагайдир.
***
Аёнмас Ўзликнинг аввали, боши,
Ўзликка ҳалқамас шом, саҳар лоши.
Хизрдан эшитдим ушбу ҳикматни,
Тўлқиндан қадиммас денгизнинг ёши.
***
Гулда дардларимга яқин бир дил бор,
Чаманга мубтало ҳазин бир дил бор.
Япроғининг тили бийрон эмасдир,
Лекин, чок кўксида тағин бир дил бор.
***
Ёввойи лоланинг ғавғосин суйдим,
Шох узра гул атри дунёсин суйдим.
Мени суяр чаман булбули, чунки,
Чаман булбулининг хунёсин(12) суйдим.
***
Минг йиллаб фикрга, хаёлга ботдим,
Унга боғландиму ўзни йўқотдим.
Бошдан кечирганим – шу тўрт оғиз сўз:
Сидирдим, қидирдим, синдирдим, отдим.
***
Ботинимда(13) нурли афкор(14) – недир бу?
Зоҳиримдир буткул асрор – недир бу?
Эй, сен латифагўй донишманд, айтгил,
Бадан осуда, жон сайёр – недир бу?
« ҲИЖОЗ АРМУFОНИ»ДАН
Бисмиллоҳи-р-Раҳмони-р-Раҳим
***
Шаробимни бадмаст, ҳаромдан асра,
Етилган майни ғўр ва хомдан асра.
Тўқайдан олисроқ айла учқунни,
Хосларга бахш этиб, авомдан асра.
***
Сенга бу ғавғонинг ҳожати йўқдир,
Сенга бу дарду доғ тоқати йўқдир.
Ўшал ломакондан юз бурдим, унда
Ярим тун ноласи, тоати йўқдир.
***
Жаҳон қуёш билан қоронғу бироз,
Савоби савобдай топмагай эъзоз.
Билмайман, қайгача, ҳар вайронага
Одам қони билан бергайсан пардоз.
***
Қулингман, ўзгалар ғамин емасман,
Йўлингдаман, ўзга йўлда эмасман.
Лекин, мен нодонга: «Эшакни, чопқир,
Қирчанғи от дегил» десанг, демасман.
***
Бу даврон осмонни этмоқда хароб,
Бу ҳол Жабройилга(15) бермоқда азоб.
У ерда бир Дайр(16) кўтармоқда қад,
Кофир қургай, мўмин айлагай тавоб.
***
Жаҳонинг нокасга тўлиб кетар гоҳ,
Каслар нокасга хор бўлиб кетар гоҳ.
Дўконлар ичида не-не ҳунарманд
Қузғун айши учун ўлиб кетар гоҳ.
***
Шайхга айтар эди сармаст бир мурид:
«Худо ҳолимиздан бехабар, бироқ.
Бизга яқинроқ – шоҳ томиримиздан,
Бизга У – қориндан эмас яқинроқ».
***
Бу фалакнинг ҳануз мароми йўқдир,
Бу карвоннинг ҳануз мақоми йўқдир.
Бетартиб ишидан нима дей тағин,
Бу миллатнинг ҳануз имоми йўқдир.
***
Мусулмонга одат – хусумат, ғараз,
Мунофиқлик ёрдир унга ҳар нафас.
Нолийди, гар ўзи қочган масжиддан
Биров олар бўлса бир ғишт, битта хас.
***
Худо ҳузурида йиғладим: «Нечун,
Мусулмон хору зор, ифтихори йўқ?»
Кўкдан нидо келди: «Билмайсан, наҳот,
Унинг қалби бору қалбда ёри йўқ».
***
Фолдан безди кўнгил, ўтгандан кейин,
Не ҳожат шарҳи дил, ўтгандан кейин.
Менинг юрагимда порлаган чироқ
Сўнди икки юз йил ўтгандан кейин.
***
Менга ёлғизликнинг такбири яхши,
Ясрибга(17) ёлғиз йўл тадбири яхши.
Қайда мактаб, қайда шавқ майхонаси?
Ўзинг айт, мен учун қай бири яхши?
***
Пок дилдан гул терган менми ёки у?
Шавқ хабарин берган менми ёки у?
Мен, мулла – икки ўқ дин садоғида,
Қай биримиз мерган, менми ёки у?
***
Румийдек(18) Ҳарамда(19) чақирдим азон,
Жон асрорин ундан ўргандим осон.
У эски асрнинг фитнасидан лол,
Мен янги асрнинг ишидан ҳайрон.
***
Тупроғимдан барпо айла гулистон,
Лола қонига қўш кўз ёшим бу он.
Али(20) шамширидай нигоҳ бер ўткир,
Гар Али тиғига бўлмасам шоён.
***
Бедаво дардману давоси йўқман,
Ўйлама, забунман, сўнган бир чўғман.
Камонга жойлансам бўлади ҳануз,
Миллат ўқдонидан тўкилган ўқман.
***
Келгил, давра қуриб рақсга тушайлик,
Дунёдан юз буриб рақсга тушайлик.
Баъзан, дўст кўнглининг кўчасида маст,
Қон-қон йиғлаб туриб рақсга тушайлик.
***
«Аналҳақ»(21) улуғлар мақомидир, бас,
Хоч жазо бўлгайдир ё жазо бўлмас.
Битта одам айтса таънага қолар,
Бутун халқ сўйласа – нораво эмас.
***
«Аналҳақ» демоққа ўшал халқ шоён,
Ҳар шох нами бўлса томирида қон.
Гар шукуҳи ичра пинҳон жамолга
Кўзгу тутса тўққиз қаватли осмон.
***
Мақсадинг жомига эски майдан сун,
Унга Парвиз(22) мулки арзимас бутун.
Кўнгилнинг девори бир Ҳарам бўлсин,
Жалолиддин Румий ашъори учун.
***
Жомидан гулгун май айлагил орзу,
Тош олгани каби лаълдан ол ёғду.
Оҳуга берилса арслон юраги,
Қоплон ортидаги доғни ювар у.
***
Насиб этди унинг ўтли нафаси,
Юлдузидан ёруғ туним маҳбаси.
Ҳарам даштидаги кийикни кўргил,
Лабидан тўкилар арслон хандаси.
***
Румийдан ибрат ол йўғу борликка,
Амир ҳасад қилгай ул ночорликка.
Гадолик мақоми бошни этса хам,
Лаънат бу дарвишлик, бундай хорликка!
***
Хунёгар арабга мендан бер хабар,
Қирмизи лабларга солмадим назар.
Қуръондан олган нур ила айладим,
Юзу ўттиз йиллик кечани саҳар.
***
Жонларга яратдим ғулғулаю ғам,
Бир кафт хок деб билдим тоғ, қасрни ҳам.
Кун келиб ёв бўлар тошқин денгизга,
Мен ариқ сувини ичирган алам.
***
Сув, лойингда не бор, айлагил қадр,
Суруринг мастликнинг жилвасидадир.
Ул-бул кўзасини бўш кўрдим, зеро,
Боқий май юрагинг шишасидадир.
***
Бу тоғ, дашт зулмати дилни ўртар зор,
Унда на қуш ва на сувнинг мавжи бор.
Биласан, бу тунни йўл посбонининг
Қандили қуёшдай ёритмас зинҳор.
***
Баҳор тонгининг илк лоласидирман,
Дард-ғамимнинг сўнмас ноласидирман.
Менсимай қарама, юз карвон гулга
Кўмилган ёлғизлик чорасидирман.
***
Муслим этди фақру султонликни бир,
Икки дунё аро инсонликни бир.
Ҳозирги асрдан Худо асрасин,
Этди султонлигу шайтонликни бир.
***
Ўз нигоҳинг сенга маҳрам ягона,
Қамчи янглиғ бизни айлар равона.
Бизга ризқ талошин бердилар, бу ҳам
Қанот ёзмоқ учун битта баҳона.
***
Сен каби ўзимдан пинҳондир сирим,
Бир куни ўзингда топарсан тиним.
Мени кофир айлар ризқ ўй-хаёли,
Сени кофир айлар китобий билим.
***
Баҳсу талошлардан ўтган халқ боғи
Хокида яшнагай орзу япроғи.
Ҳидлардан рангларни ажратар кесиб,
Орзудан тобланса ўзлик яроғи.
***
Ҳар кўчада ўғри, қалби қосирлар,
Юракни талашга ўта моҳирлар.
Энг қиммат гуноҳни сариқ чақага
Бергай арзонфуруш ушбу тожирлар.
***
Бор-йўғим нигоҳдир, қашшоқдирман қоқ,
Дўстлар тоғи гўё кепакдир, бироқ.
Шоҳ қўлга ўргатган ўшал лочиндан,
Қабристонда кезган қарға – яхшироқ.
***
Донолар мажлисда тўкди борини,
Ёсуман баргидан нозик зорини.
Бироқ, айт, ул басир кимдир, тиконнинг
Рангин кўриб, айтган чаман ҳолини?
***
Бу тупроқдан риҳлат айласам, ҳамма
Деди, у биз билан бир жон-тан эди.
Лек, ҳеч ким билмасди ушбу мусофир
Нима деди? Кимга? Қаердан эди?
***
Юраги соф бўлса, кўзлари басир,
Қашшоқ, қўли қисқа бўлгайдир амир.
Динсиз ва билимсиз ул бойваччанинг
Эгнида қабомас, тўқимдир ҳарир.
***
Икки сўзда амал асрори бордир,
Ишқ мақоми баланд минбармас, дордир.
Намрудлардан(23) халос бўлмас Халиллар,(24)
Гар хушбўй ёғочга олов аёрдир.(25)
***
Дўстни суймаган дил жаҳони бўлмас,
Тун, кунида осмон замони бўлмас.
Қоматингни тиклаш вақтин ўзинг топ,
Ишқ, мастлик намозин азони бўлмас.
ИЗОҲЛАР
1- Каъба.
2- Қадимий Эрон шоҳларидан.
3- Fайри араб, форс-тожик қавмлари.
4- Насронийлар масжиди.
5- Бутпарастлар ибодатхонаси.
6- Маккадаги Каъба зиёратгоҳи.
7- Абубакр Розий (865-925 ёки 934), файласуф, табиб, етук табиатшунос, 184та асар муаллифи.
8- Иброҳим алайҳиссаломни ўтга ташлашга буюрган афсонавий подшоҳ.
9- Иброҳим пайғамбарнинг лақаби.
10- Мусулмон.
11- Ҳозирги Кўлоб.
12- Нағма.
13- Ички олам, қалб.
14- Фикрлар.
15- Худо билан Пайғамбар ўртасида воситачи, ваҳий келтирувчи фаришта номи.
16- Насронийлар ва оташпарастлар ибодатхонаси.
17- Мадина шаҳрининг қадимий номи.
18- Мавлоно Жалолиддин Румий(1207-1273).
19-1-изоҳга қаранг.
20- Муҳаммад пайғамбарнинг халифаларидан тўртинчиси ва куёви.
21- Мен Ҳақман.(1Хасрда яшаган Машҳур мутасаввуф Мансур Халлож сўзи).
22- Хисрав Парвиз, сосонийлар шоҳи(590-628).
23-8-изоҳга қаранг.
24- 9-изоҳга қаранг.
25- Олтин, кумуш каби буюмларнинг софлигини аниқлаш даражаси; олтин ўлчайдиган тош-тарози; инсоннинг қадр-қиймати даражаси(мажозий).
Ajdodlari asli Samarqanddan bo‘lgan Muhammad Iqbol (1877 1938) — Sharq va Islom olamining buyuk shoiri va faylasufidir. Uning «Tur lolasi» turkumiga kirgan ruboiylarini taniqli shoir Odil Ikrom tarjimasida mutolaa qiling.
MUHAMMAD IQBOL
«TUR LOLASI»DAN RUBOIYLAR
Odil IKROM tarjimasi
Muhammad Iqbol (1877.22.2, Sialkot — 1938.21.4, Lohur) — Sharq va Islom olamining buyuk shoiri, faylasuf. Urdu va fors tillarida ijod qilgan. Sialkot, Lohur kollejlarida ta’lim olgan. 1905—08 yillarda Angliya va Germaniya un-tlarida o’qigan. Ilk she’r («Yetim nolasi», 1899) va doston («Himolay», 1899)laridayoq insonni, tabiatni, xalq dardi va kayfiyatini kuylaydi. «Eronda tasavvufning taraqqiyoti» (1908) asarida Sharq falsafasi va diniy ta’limotlarini tahlil qiladi, Ibn Sino, Ibn Arabiy kabi faylasuflarning dunyoqarashini yuksak baholaydi. «Shaxs sirlari» (1915), «Shaxs sirlarining ochilishi» (1919) dostonlarida, «Zabure Ajam» (1927), «Jovidnoma» (1932), «Jabroil qanotlari» (1935), «Hijoz arg’umoni» (1938) va boshqa diniy-falsafiy, ijtimoiy- axloqiy asarlarida shaxs va jamiyat, tabiat va xudo, sevgi va akl, Sharq va G’arb, shaxs va jamiyat haqidagi falsafiy qarashlarini ilgari surgan.Muhammad Iqbol mustaqil hind konfederatsiyasi tarkibida musulmon davlatini tuzish tarafdori bo’lgan. Muhammad Iqbol ba’zi masalalarni hal etishda islom ta’limoti asosida ish ko’rsa, ayrim masalalarda G’arb faylasuflari, xususan, Gegel, Kant, Bergson, Leybnis va Eynshteyn pozitsiyasida turadi. Olimning moddiy boylik va bilish nazariyasi Gegel` dialektikasi ta’sirida bo’lgan (O’zbekiston milliy entsiklopedichsi asosida yozildi).
Bismillohi-r-Rahmoni-r-Rahim
«TUR LOLASI»DAN
***
Tongda bulbul derdi bog‘bonga: «Bu xok,
Faqat, g‘am niholin yashnatar nahot?
Biyobon tikani qurib qartayar,
Va lekin, gul so‘lar yoshargan zahot».
***
Ishq kuy- navo bo‘lsa, dutordir odam,
Sir ocharu o‘zi asrordir odam.
Bu qurdi yaxshiroq U yaratganni,
Nahot, Xudo bilan hamkordir odam?!
***
Borlik va yo‘qlikning devori bo‘lgin,
Son-sifat dunyosin bedori bo‘lgin.
O‘zligingni yarat o‘z vujudingda,
Ibrohimday Haram(1) me’mori bo‘lgin.
***
Chaman qushlarini suymaydi jonim,
Bu oshyonda yolg‘iz kuylagan onim.
Ko‘ngling nozik bo‘lsa og‘ushimdan qoch,
Kuylasam, kuyimdan sachraydi qonim.
***
Kayqubod(2) toj-taxti, mulki Ajam(3) – xok,
Cherkovu(4) butxona,(5) Baytul-Haram(6) – xok.
Va lekin, bilmasman gavharim nadir?
Nigohim falakdan baland, tanam – xok.
***
Qur’onning ma’nosin so‘rma Roziydan,(7)
Qalbimiz oyatga dalil, ko‘zgudir.
Aql o‘t solgaydir, yongaydir yurak,
Namrudu(8) Xalilning(9) tafsiri shudir.
***
Sen, ey Haram shayxi, balki, bilmassan,
Hatto, ishq dunyosin oxiri bordir.
Unda na qilmishlar noma a’moli,
Uning na muslim(10) na kofiri bordir.
***
Ey, olim, zukkolar, iztirobdaman,
Holimni na aql anglar na oqil.
Bir parcha tuproqda qanday jim tursin,
Xayol ohularin sahrosi bu dil?!
***
Bu bepoyon olam baliq singari
Ayyom dengizida ayyom ichra garq.
Yurakka nazar sol, shunda ko‘rgaysan,
Ayyomning dengizi bir jom ichra g‘arq.
***
Ayonmi, neki bor gul vodiysida?
Otash ichida cho‘g‘ jon qa’rida ne?
Bizga chaman bo‘lib ko‘ringan chaman,
Kim bilar, bulbullar nazarida ne?
***
Quyoshsan, tegrangda kezib yurgan – men,
Nazaring tushganda butkul nurman men.
Bag‘ringdan olisda topmasman kamol,
Qur’ondirsan, o‘ttiz porangdurman men.
***
Tik qomati – ozod bandasi Uning,
Gul yuzin nuri – may pardasi Uning.
Quyosh, oy, yulduzlar mahramdir unga,
Odam qalbi – yopiq darchasi Uning.
***
Kimni axtarasan, g‘amginsan nechun?
U bor, yecha olsang niqob qulfini.
Uni axtarganda o‘zni ko‘rmaysan,
O‘zingni axtarsang topmaysan Uni.
***
Ey, go‘daktabiat, o‘rgan adabni,
Musulmonzodasan? Tark et nasabni.
Qirmiz rang, qon, tomir, terisi bilan
Arab kibr aylasa, tark et arabni.
***
Ko‘ksimiz ichra bir pinhon olam bor,
Xokimizda bir dil, dilda bir g‘am bor.
Jonimizni yoqqan may kosasidan
Hanuz ko‘zamizning tubida nam bor.
***
Ey dilim, dengizim, ohimsan mening,
Qayig‘im, qirg‘oqda rohimsan mening.
Shabnamday xokimga tomdingmi va yo
Funchaday o‘sdingmi xokimdan mening?
***
Yaxshilik, yomonlik ramzi nimadir?
Til titrasin, ma’no gar bo‘lsa nihon.
Tikon, gul ko‘ringay shox yuzasida,
Shox ichida bordir na gul, na tikon.
***
Kel, ey ishq, yurakning ramzi bo‘lgan g‘am,
Kel, ey urug‘imiz, hosilimiz ham.
Bu olam tuprog‘i eskirdi, tag‘in
Loyimizdan qorgin boshqa bir odam.
***
Na Xatlon(11) tulporin minganman uchqur,
Na shohlik zavqidan topgayman huzur.
Shuning o‘zi menga davlatdir, ey do‘st,
Ko‘ksimni kovlasam chiqib kelar dur.
***
Deysan, odam – xokdan yaralgan ma’vo,
Hayotu mamotga bo‘ysunar, ammo.
Afsungar bu hilqat o‘z arig‘iga
Kattakon dengizni aylagandir jo.
***
Deysan, tuzoq bo‘ldi qushimizga in,
Qanot qoqib, parvoz etmog‘i qiyin.
Tandan baland bo‘ldi jonning ma’nosi,
Axir, tig‘imizning qayrog‘idir qin.
***
Dilimizdan orzu qanday chiqdi, ayt?
Manzil o‘ti qanday kuyib bitdi, ayt?
Ne ko‘rar ko‘zimiz bilan ko‘rganlar?
Ko‘ksimizga yurak qanday sig‘di, ayt?
***
Jahonimiz, boshqa fikru o‘yi yo‘q,
Tongu shom evrilgan holatga romdir.
Silliqlansa qazo egovi bilan,
Tuproqdan yaralgan tan notamomdir.
***
Diltopar manzilga jo‘r bo‘lmagaydir,
Olovga, suv, gilga jo‘r bo‘lmagaydir.
O‘ylamagin tani orom olar deb,
Bu daryo sohilga jo‘r bo‘lmagaydir.
***
Ayonmas O‘zlikning avvali, boshi,
O‘zlikka halqamas shom, sahar loshi.
Xizrdan eshitdim ushbu hikmatni,
To‘lqindan qadimmas dengizning yoshi.
***
Gulda dardlarimga yaqin bir dil bor,
Chamanga mubtalo hazin bir dil bor.
Yaprog‘ining tili biyron emasdir,
Lekin, chok ko‘ksida tag‘in bir dil bor.
***
Yovvoyi lolaning g‘avg‘osin suydim,
Shox uzra gul atri dunyosin suydim.
Meni suyar chaman bulbuli, chunki,
Chaman bulbulining xunyosin(12) suydim.
***
Ming yillab fikrga, xayolga botdim,
Unga bog‘landimu o‘zni yo‘qotdim.
Boshdan kechirganim – shu to‘rt og‘iz so‘z:
Sidirdim, qidirdim, sindirdim, otdim.
***
Botinimda(13) nurli afkor(14) – nedir bu?
Zohirimdir butkul asror – nedir bu?
Ey, sen latifago‘y donishmand, aytgil,
Badan osuda, jon sayyor – nedir bu?
« HIJOZ ARMUFONI»DAN
***
Sharobimni badmast, haromdan asra,
Yetilgan mayni g‘o‘r va xomdan asra.
To‘qaydan olisroq ayla uchqunni,
Xoslarga baxsh etib, avomdan asra.
***
Senga bu g‘avg‘oning hojati yo‘qdir,
Senga bu dardu dog‘ toqati yo‘qdir.
O‘shal lomakondan yuz burdim, unda
Yarim tun nolasi, toati yo‘qdir.
***
Jahon quyosh bilan qorong‘u biroz,
Savobi savobday topmagay e’zoz.
Bilmayman, qaygacha, har vayronaga
Odam qoni bilan bergaysan pardoz.
***
Qulingman, o‘zgalar g‘amin yemasman,
Yo‘lingdaman, o‘zga yo‘lda emasman.
Lekin, men nodonga: «Eshakni, chopqir,
Qirchang‘i ot degil» desang, demasman.
***
Bu davron osmonni etmoqda xarob,
Bu hol Jabroyilga(15) bermoqda azob.
U yerda bir Dayr(16) ko‘tarmoqda qad,
Kofir qurgay, mo‘min aylagay tavob.
***
Jahoning nokasga to‘lib ketar goh,
Kaslar nokasga xor bo‘lib ketar goh.
Do‘konlar ichida ne-ne hunarmand
Quzg‘un ayshi uchun o‘lib ketar goh.
***
Shayxga aytar edi sarmast bir murid:
«Xudo holimizdan bexabar, biroq.
Bizga yaqinroq – shoh tomirimizdan,
Bizga U – qorindan emas yaqinroq».
***
Bu falakning hanuz maromi yo‘qdir,
Bu karvonning hanuz maqomi yo‘qdir.
Betartib ishidan nima dey tag‘in,
Bu millatning hanuz imomi yo‘qdir.
***
Musulmonga odat – xusumat, g‘araz,
Munofiqlik yordir unga har nafas.
Noliydi, gar o‘zi qochgan masjiddan
Birov olar bo‘lsa bir g‘isht, bitta xas.
***
Xudo huzurida yig‘ladim: «Nechun,
Musulmon xoru zor, iftixori yo‘q?»
Ko‘kdan nido keldi: «Bilmaysan, nahot,
Uning qalbi boru qalbda yori yo‘q».
***
Foldan bezdi ko‘ngil, o‘tgandan keyin,
Ne hojat sharhi dil, o‘tgandan keyin.
Mening yuragimda porlagan chiroq
So‘ndi ikki yuz yil o‘tgandan keyin.
***
Menga yolg‘izlikning takbiri yaxshi,
Yasribga(17) yolg‘iz yo‘l tadbiri yaxshi.
Qayda maktab, qayda shavq mayxonasi?
O‘zing ayt, men uchun qay biri yaxshi?
***
Pok dildan gul tergan menmi yoki u?
Shavq xabarin bergan menmi yoki u?
Men, mulla – ikki o‘q din sadog‘ida,
Qay birimiz mergan, menmi yoki u?
***
Rumiydek(18) Haramda(19) chaqirdim azon,
Jon asrorin undan o‘rgandim oson.
U eski asrning fitnasidan lol,
Men yangi asrning ishidan hayron.
***
Tuprog‘imdan barpo ayla guliston,
Lola qoniga qo‘sh ko‘z yoshim bu on.
Ali(20) shamshiriday nigoh ber o‘tkir,
Gar Ali tig‘iga bo‘lmasam shoyon.
***
Bedavo dardmanu davosi yo‘qman,
O‘ylama, zabunman, so‘ngan bir cho‘g‘man.
Kamonga joylansam bo‘ladi hanuz,
Millat o‘qdonidan to‘kilgan o‘qman.
***
Kelgil, davra qurib raqsga tushaylik,
Dunyodan yuz burib raqsga tushaylik.
Ba’zan, do‘st ko‘nglining ko‘chasida mast,
Qon-qon yig‘lab turib raqsga tushaylik.
***
«Analhaq»(21) ulug‘lar maqomidir, bas,
Xoch jazo bo‘lgaydir yo jazo bo‘lmas.
Bitta odam aytsa ta’naga qolar,
Butun xalq so‘ylasa – noravo emas.
***
«Analhaq» demoqqa o‘shal xalq shoyon,
Har shox nami bo‘lsa tomirida qon.
Gar shukuhi ichra pinhon jamolga
Ko‘zgu tutsa to‘qqiz qavatli osmon.
***
Maqsading jomiga eski maydan sun,
Unga Parviz(22) mulki arzimas butun.
Ko‘ngilning devori bir Haram bo‘lsin,
Jaloliddin Rumiy ash’ori uchun.
***
Jomidan gulgun may aylagil orzu,
Tosh olgani kabi la’ldan ol yog‘du.
Ohuga berilsa arslon yuragi,
Qoplon ortidagi dog‘ni yuvar u.
***
Nasib etdi uning o‘tli nafasi,
Yulduzidan yorug‘ tunim mahbasi.
Haram dashtidagi kiyikni ko‘rgil,
Labidan to‘kilar arslon xandasi.
***
Rumiydan ibrat ol yo‘g‘u borlikka,
Amir hasad qilgay ul nochorlikka.
Gadolik maqomi boshni etsa xam,
La’nat bu darvishlik, bunday xorlikka!
***
Xunyogar arabga mendan ber xabar,
Qirmizi lablarga solmadim nazar.
Qur’ondan olgan nur ila ayladim,
Yuzu o‘ttiz yillik kechani sahar.
***
Jonlarga yaratdim g‘ulg‘ulayu g‘am,
Bir kaft xok deb bildim tog‘, qasrni ham.
Kun kelib yov bo‘lar toshqin dengizga,
Men ariq suvini ichirgan alam.
***
Suv, loyingda ne bor, aylagil qadr,
Sururing mastlikning jilvasidadir.
Ul-bul ko‘zasini bo‘sh ko‘rdim, zero,
Boqiy may yuraging shishasidadir.
***
Bu tog‘, dasht zulmati dilni o‘rtar zor,
Unda na qush va na suvning mavji bor.
Bilasan, bu tunni yo‘l posbonining
Qandili quyoshday yoritmas zinhor.
***
Bahor tongining ilk lolasidirman,
Dard-g‘amimning so‘nmas nolasidirman.
Mensimay qarama, yuz karvon gulga
Ko‘milgan yolg‘izlik chorasidirman.
***
Muslim etdi faqru sultonlikni bir,
Ikki dunyo aro insonlikni bir.
Hozirgi asrdan Xudo asrasin,
Etdi sultonligu shaytonlikni bir.
***
O‘z nigohing senga mahram yagona,
Qamchi yanglig‘ bizni aylar ravona.
Bizga rizq taloshin berdilar, bu ham
Qanot yozmoq uchun bitta bahona.
***
Sen kabi o‘zimdan pinhondir sirim,
Bir kuni o‘zingda toparsan tinim.
Meni kofir aylar rizq o‘y-xayoli,
Seni kofir aylar kitobiy bilim.
***
Bahsu taloshlardan o‘tgan xalq bog‘i
Xokida yashnagay orzu yaprog‘i.
Hidlardan ranglarni ajratar kesib,
Orzudan toblansa o‘zlik yarog‘i.
***
Har ko‘chada o‘g‘ri, qalbi qosirlar,
Yurakni talashga o‘ta mohirlar.
Eng qimmat gunohni sariq chaqaga
Bergay arzonfurush ushbu tojirlar.
***
Bor-yo‘g‘im nigohdir, qashshoqdirman qoq,
Do‘stlar tog‘i go‘yo kepakdir, biroq.
Shoh qo‘lga o‘rgatgan o‘shal lochindan,
Qabristonda kezgan qarg‘a – yaxshiroq.
***
Donolar majlisda to‘kdi borini,
Yosuman bargidan nozik zorini.
Biroq, ayt, ul basir kimdir, tikonning
Rangin ko‘rib, aytgan chaman holini?
***
Bu tuproqdan rihlat aylasam, hamma
Dedi, u biz bilan bir jon-tan edi.
Lek, hech kim bilmasdi ushbu musofir
Nima dedi? Kimga? Qayerdan edi?
***
Yuragi sof bo‘lsa, ko‘zlari basir,
Qashshoq, qo‘li qisqa bo‘lgaydir amir.
Dinsiz va bilimsiz ul boyvachchaning
Egnida qabomas, to‘qimdir harir.
***
Ikki so‘zda amal asrori bordir,
Ishq maqomi baland minbarmas, dordir.
Namrudlardan(23) xalos bo‘lmas Xalillar,(24)
Gar xushbo‘y yog‘ochga olov ayordir.(25)
***
Do‘stni suymagan dil jahoni bo‘lmas,
Tun, kunida osmon zamoni bo‘lmas.
Qomatingni tiklash vaqtin o‘zing top,
Ishq, mastlik namozin azoni bo‘lmas.
IZOHLAR
1- Ka’ba.
2- Qadimiy Eron shohlaridan.
3- Fayri arab, fors-tojik qavmlari.
4- Nasroniylar masjidi.
5- Butparastlar ibodatxonasi.
6- Makkadagi Ka’ba ziyoratgohi.
7- Abubakr Roziy (865-925 yoki 934), faylasuf, tabib, yetuk tabiatshunos, 184ta asar muallifi.
8- Ibrohim alayhissalomni o‘tga tashlashga buyurgan afsonaviy podshoh.
9- Ibrohim payg‘ambarning laqabi.
10- Musulmon.
11- Hozirgi Ko‘lob.
12- Nag‘ma.
13- Ichki olam, qalb.
14- Fikrlar.
15- Xudo bilan Payg‘ambar o‘rtasida vositachi, vahiy keltiruvchi farishta nomi.
16- Nasroniylar va otashparastlar ibodatxonasi.
17- Madina shahrining qadimiy nomi.
18- Mavlono Jaloliddin Rumiy(1207-1273).
19-1-izohga qarang.
20- Muhammad payg‘ambarning xalifalaridan to‘rtinchisi va kuyovi.
21- Men Haqman.(1Xasrda yashagan Mashhur mutasavvuf Mansur Xalloj so‘zi).
22- Xisrav Parviz, sosoniylar shohi(590-628).
23-8-izohga qarang.
24- 9-izohga qarang.
25- Oltin, kumush kabi buyumlarning sofligini aniqlash darajasi; oltin o‘lchaydigan tosh-tarozi; insonning qadr-qiymati darajasi(majoziy).
Muhammad Iqboli Lohuri . Kulliyoti forsi by Khurshid Davron on Scribd