Olim Otaxon. «Oqshom xayollari» turkumidan birinchi hikoya

Ashampoo_Snap_2017.07.11_19h14m48s_001_.png   Куй жўшқин эди, серзавқ эди, бироқ унинг оҳанглари бағрида яширинган маъюс, шикаста садоларни иккови баравар ҳис қилган, мана шу шикаста садолар қалбларига баробар таъсир этган ва бу таъсирни иккови ўша замониёқ сезган эди. Бу ҳис-туйғу уларни бир-бирига яқинлаштирди…

Олим ОТАХОН
ОҚШОМ ХАЁЛЛАРИ
«Оқшом хаёллари» туркумидан биринчи ҳикоя
001

09 Олим Отахон 1951 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. ТошДУнинг филология факултетини тамомлаган (1974). Дастлабки тўплами — «Болалик кабутарлари» (1981). Шундан сўнг ёзувчининг «Оқшом хаёллари» (1986), «Озод қушлар ҳақида қисса» (1988), «Адоқсиз кўчалар» (1990) каби насрий асарлари нашр этилган. Акутагава Рюноскэ, Ясунари Кавабата, Уильям Фолкнер, Банана Ёсимото, Хулио Кортасар, Юрий Казаков, Генрих Манн, Хорхе Луис Борхес, Марио Бенедетти каби дунё адабиётининг етук вакиллари ҳикояларини таржима қилган.

001

Муҳаббатга бағишлайман
Муаллиф

140662621.jpg«Одамлар тўю томоша, мол-дунё, кейин ёлғон-яшиқни бунча яхши кўрмасалар», дея ўйларди йигит. Унинг юрагига ҳозир қил ҳам сиғмасди: атрофдаги ғала-ғовур, шовқин-сурон, хуш-хандон, бир оз бачкана кулгилар худди уни таҳқирлаш, унинг ўйлари, ғами, истагини оёғости қилиш учун атай уюштирилгандек таъсир эта бошлаганди. У зарҳал пиёладаги ичкиликни бир кўтаришда ичиб тугатди-да, асабий тарзда ён-верига кўз югуртирди.

Тўй қандай бошланган бўлса, шундай: руҳсиз ва ортиқча дабдабасиз давом этар, ҳамма — айниқса, унинг рўпарасидаги бетакаллуф йигитлар, қизлар лабларини чапиллатиб, иштаҳа билан ҳузур қилиб еб-ичишар, тинмай кулишар эди. Уларнинг қўлидаги қошиқ, санчиқлар биллур қандиллар таратаётган нурда ялтирар, юзларида эса ҳаётдан, ўзлари кечираётган турмушларидан мамнунликлари ва бунинг учун ким, нима сабаб эканлиги ҳақида мутлақо қизиқмаганлари, ортиқча қайғурмаганлари туфайли доимий зуҳрланиб қолган лоқайд бир ифода балқиб турарди. У бўғилиб кетди ва рўпарасида ўтириб, гўшт еяётган чиройли қизнинг ёғ босган юзига тикилиб қолди-да, ликопчадан бир бўлак товуқ гўштини олиб, атай, икки лунжини шишириб: «Мабодо ичмайсизми, яхши қиз», деди. Қиз илтифотсиз марҳаматдан уялиб чўчиш у ёқда турсин, қўлидаги санчиғини жаҳл билан дастурхонга улоқтириб, қўлини артди-да, пайваста қошларини чимириб унга ўқрайди. Кейин ўрнидан сапчиб туриб, узун столнинг юқори томонига қараб кетди. Йигит унинг гўзал қоматига ҳам қизиқиш, ҳам нафрат билан қараб қолди. Қиз ёши ўзига нисбатан каттароқ, шалола сочларини ёйиб ўтирган қизнинг ёнига бориб бир нарсалар деган бўлувди ҳамки, униси ялт этиб бу томонга ўгирилди. Буларнинг орасидаги масофа унчалик йироқ эмасди. Йигит ўзига ўгирилган қиз кўзларидаги ўтни пайқаб, «шикоят қилди шекилли», дея хаёлидан ўтказди. Зум ўтмай ўша қиз яна қаради.

Шу чоқ боятдан бери, икки томон, айниқса келинни узатиб келганлар талаб қилавериб чарчаган рақс бошланди-ю, кўпчилик ўрнидан қўзғалди. Йигит пиёлага тезгина ичкилик қуйди, кимдандир истиҳола қилгандек, пайсалланиб секингина бояги қизлар томонга кўз ташлади-да, сўнг ичиб юборди, кўксида оний бир ҳузурланиш туйиб, энди давра томон ўгирилди…  Уч қадам нарида сочлари елкасига қуйилган, бўйчан, истараси иссиқ бир аёл унга қараб турарди. У беихтиёр кўзларини юмди, боши айланиб кетди. Қўзларини очганда бояги қиз этаги кенг, ҳарир, зангор кўйлагини ҳилпиратиб созандалар сари елиб борарди.

Унинг яна ичгиси келди, зум ўтмай бу ниятидан қайтиб, даврага бутунлай ўгирилиб олди. У ерда беш-олти нафар йигит-қиз жуфт-жуфт бўлиб, ҳар ким ўзи билганча рақсга тушар, ҳеч кимни баралла янграётган куй қизиқтирмас, фақатгина бир озгина ҳаяжон, хоҳиш уларнинг алпонг-талпонг ҳаракатларига тартиб ва руҳ бағишлаётган эди. Аммо мана шу пала-партиш, баъзан ибосиз хатти-ҳаракатлар орасида бир ўзи куй оҳангига монанд, салгина маъюс ва сокин сочлари шалола қиз ўйнарди. Йигитнинг кўнглидан ғалати, ёрқин, айни чоғда бетизгин хаёллар кечди-ю, негадир қувониб кетди. Агар, мана шу шалола соч қиз дуч келган томонга шох ташлаб, белларини бураб ўйнаётган, ора-чора ғайритабиий тарзда сакраётган қизлар орасида хаёлчан, бир маромда, ўз ҳаракатларидан маънавий ҳузур излаб, шуни топгани учун алоҳида шукроналик билан интиқиб, кўзларини юмиб рақсга тушмаганда эди, бу ёш-ялангларнинг шодиёнаси одамларга бунчалар таъсир қилмасди.

Йигитнинг вужудида чумоли ўрмалагандек бўлди. У беихтиёр ўрнидан туриб, тўғри ўша қизнинг ёнига борди, бирга ўйнай бошлади.

Орадан бир неча дақиқа ўтмай, улар ҳали давра айланмаёқ, мусиқа бирдан тиниб қолди ва икковлари ажабланиб, бир-бирларига қараб қолдилар, йигитнинг кўзларига афсус ифодалари қалқиб чиқди, қиз кулди ва энди уни юпатмоққа лаб жуфтлаган эди ҳамки, янги куй янграб қолди. Ўртадагилар рақсни янгича руҳда давом эттира бошлашди, аммо улар бир-бирларидан ҳамон кўз узмай, нима қилиш, ўйинни қандай бошлашларини билолмай туравердилар.

Куй жўшқин эди, серзавқ эди, бироқ унинг оҳанглари бағрида яширинган маъюс, шикаста садоларни иккови баравар ҳис қилган, мана шу шикаста садолар қалбларига баробар таъсир этган ва бу таъсирни иккови ўша замониёқ сезган эди. Бу ҳис-туйғу уларни бир-бирига яқинлаштирди. Аввал қиз қўлларини оҳиста, назокат билан ёйганича, кўзлари юмуқ, сочлари паришон тўзғиб рақсни бошлади. Йигит ҳам шундай руҳда унга жўр бўлди. Улар даврадаги йигит-қизлардан ўзгачароқ рақс тушардилар. Уларнинг рақслари кўркамроқ эди; баъзан иккови турли нағма кўрсатиб ўйнаётганлар орасида пайдо бўлиб қолар экан, бирдан йигит-қизларнинг сафи икки ёнга чекинар, ўртада ҳосил бўлган йўлакдан улар иккови бир жуфт капалаклар сингари қанот қоқиб учиб ўтардилар.

Қиз ҳаяжонланарди, йигит энтикарди. Қизнинг кўзларидан пинҳоний, зариф туйғу тошиб чиқарди. Улар ўйнай-ўйнай давранинг чеккасига чиқиб қолдилар.

Ҳозир исмимни сўрайди, дея хаёлдан кечирди қиз
Қечирасиз, исмингиз нима, деб сўради йигит
Қундуз
Қундуз эмас кундуздир…
Йўқ, шунчаки, топқирман

Унинг ҳам исмини сўрасамми, дея ўйлади Қундуз
Сизнинг исмингиз-чи?
Султон. Нега хаёл суриб қолдингиз?
Йўқ сизга шундай туюлгандир. Яхши ном экан
Жудаям
Ҳо-ҳо-ҳо!.. мақтанчоқлик сизга ярашмайди.

Улар ўзлари сезмаган ҳолда залнинг ям-яшил боқ қа туташ қисмига келиб қолгандилар. Пастда, қуюқ дарахтзор орасидаги қизғиш қум тўшалган йўлка заъфарон чироқлар шуъласини эмиб ётарди. Сирли бир кайфият оғушидаги хиёбон кимсасиз, у ерда фақатгина ҳорғин куз оқшоми кезиб юрар эди. Хиёл чапроқдаги улкан фавворанинг суви эса буралиб юқорига отилар, пешайвон панжаралари қадар кўтарилиб келару бирдан парчаланиб, сочилиб-сочилиб кетар ва ичкарига бетиним сув пуркаларди. Энди шамол кучлироқ қўзғалиб олам-жаҳон зарра-томчиларни панжаралар орасидан олиб ўтди-да, Қундузнинг ипакдек эшилган қўнғироқ сочларига сочиб юборди. Султон унинг шифобахшдек туюлаётган маъсум юзларидан кўз узолмасди. Сув зарралари минг бир тусда товланарди. Томчилар заъфарон чироқлар нурини Қундузга ҳадя қилаётгандек, бир зумда унинг сочларини сон-саноқсиз инжулар қоплади.

Фаввора бир маромда шовулларди
Чарчадик, демоқчи бўлди Қундуз
Чарчадингизми, деди Султон
Сиз-чи, деб сўради Қундуз
Йўқ. Сиз чарчадингиз-а
Йўқ.

Улар ҳали чарчамаган эдилар. Фақат Қундузнинг юзлари бўғриққан, манглайи, дудоқлари мунчоқ-мунчоқ тер, ҳорғин кўзлари мулойим боқарди. У кўринишдан толиққанга ўхшарди холос!
Инсон кўнгли қанчалар ҳассос, қанчалар маъсум. Уни банд этиш, уни маҳкум айлаш ёкм бирон нарсадан халос қилиш қанчалар осон?! Қундуз ёш эмасди, ҳаётнинг аччиқ-чучугини хўп тортган эди. Унинг қалби гўзал, фароғат тўла ҳиссиёт сари йўл оча олувчи меҳрга, эътиборга ташна, зор эди. У борган сари мана шу ёш йигитга ўз миннатдорлигини изҳор этиш ҳақида ўйлар, ният қилар, бунга ҳозирлик кўрарди. Чунки, Султон унга шундай гўзал, маъсуд дамларни беминнат ҳадя қилаётган эди.

Раҳмат сизга демоқчи бўлди
Нега, нима учун, деб сўрагиси келди Султоннинг
Бугун тўйга келганингиз учун, мен билан рақсга тушаётганлигингиз, ёшлигингиз, бугунги оқшом, мана шу шовқин-сурон, менга сиздан шикоят қилган жи- ним, ҳаммаси учун
Сизгаям, мени рақсга таклиф қилганингиз учун
Мен сизни таклиф қилдимми?!
Сиз эмас, кўзларингиз…
Олижаноб йигит эканлигингиз учун …
чиройингиз учун
ёшлигингиз учун
чиройли экансиз, Қундуз
Ҳаддингиздан ошяпсиз.
Сиз сабабсиз…

Улар иккови ҳам бор дунёни унутиб қўйганди. Аммо уларнинг юзларидаги ифода дамодам ўзгариб турар, гоҳ маҳзун, гоҳ шодон, гоҳ дилбар, гоҳ масрур, гоҳо ўйчан хаёллар юз-кўзларига қалқиб чиқар, зум ўтмай  уларнинг рақсларида инъикос топарди. Атрофдагилар ҳамон ўша кайфият, ўша руҳда уларни пайқамай шоду хуррам ўйинга тушардилар.

Қизиқ, Султон билан Қундуз икки томчи сувдек бир-бирига ўхшарди. Фақат Султоннинг юзи оқиш, кўзлари мовий эди. Қундузнинг ҳорғин кўзлари тубида аёлларгина ҳис қила оладиган кемтик қалбнинг шикаста ҳовури мавжуд эди.

Мана шу куй қанчалар дилга яқин, деб хаёлидан ўтди Қундузнинг.

Қечирасиз, хаёлингизни бўляпман, шу куйни жу даям яхши кўраман, деди Султон.

Осмонга ўхшайди, узоқ тингласанг кўнглинг ёришади, ўзингни бир қадар сокин ҳис қиласан. Аммо куйнинг ўзи ғамгин, демоқчи бўлди Қундуз
Эрта кузга ўхшайди, деди Султон
Руҳингиз маъюсликка мойил
Мен маъюсиятни, ғамни ўйин-кулгидан аъло кўра ман. Ғамда мазмун бор.
Мен ҳам

Тўйга борган сари файз кираётган эди. Одамлар энди жуда самимий, ўзаро мафтункорлик билан муомала қилар эди. Уларни бу ердаги ҳамма нарса — дастурхон, тўй оқшоми, эсаётган шабада, куй, ҳатто бир-бирларининг юзи, кўзи, кулгиси мафтун этар, гўё улар сирли шоирона бир руҳнинг изму ихтиёрига тушиб қолгандилар. Мана бир неча дақиқалардан бери улар ажойиб инсонларга хос ҳурмат ва одоб сақлаб андиша-ҳаё билан еб-ичиб, суҳбат қуриб, рақс томоша қилиб ўтирмоқда эдилар.

Султон билан Қундуз никоҳ оқшомига хос мана шу фазилатни бирдан, ҳаммадан кўра чуқурроқ пайқаб қолдилар. Аммо бунга асосий сабаб ўзлари экани ҳақида улар ўйламас, буни ҳатто билмас ҳам эдилар. Улар мавжланиб ётган денгиз устидан сокин, бир маромда учиб ўтган чағалайлар сингари мафтункор ёки жимжит, мунаввар соҳил ёқасидаги бир жуфт қайиқлар каби маъюс таассурот уйғотар эди.

Иккови ҳам муштарак туйғулар изму ихтиёрида эди.

Атрофда мунаввар оқшом тўкилиб ётарди.

Улар ғамни чиндан ҳам енгил-елпи ўйин-кулгидан аълороқ кўрардилар. Ғам-ғусса нима эканини улар яхши билардилар. Аммо улар бахтсиз эмасди. Бахтсиз бўлиш учун одамнинг бошига тушган қора кунлар: жудолик, мусибатлар, олам-олам ташвиш ва армон нинг ўзи кифоя қилмасди. Бахтсиз бўлиш осон эмасди. Одам бахтсиз бўлиши учун тақдирга тан бериши ёки ҳаётда ҳамиша таслим бўлиши ва ўзи бу таслим бўлишнинг бутун фожиасини ҳис қилиши керак. Аммо ҳис қила билишнинг ўзи эса яшаш ва бахтиёр бўлмоқ ҳуқуқини бахш этади. Шуми бахтсизлик?! Во ажабо, инсон бахтсиз бўлиш қисматидан фориғ, демак, охир-оқибат бахтли бўлишга маҳкумми?! Улар ҳаётда тақдирнинг жуда кўп аламли зарбаларига бардош бериб яшовчи одамлар тоифасига мансуб эди. Қундуз йигирма уч ёшида бева қолган эди. Ўшандан буён мана тўққиз йилдирки у кунбўйи ўзини турмуш икир-чикирларига уради, ҳамма нарса: зиёфат, рақс, фильмлар, музей, китоблар, хаёллар билан овунади. Аммо кунбўйи қанчалар хуш кайфиятда юрган бўлмасин, кечалари бари бир юрагини бир оғриқ ғижимлайди, китоблардагидек оҳ тортади. Баъзан унинг яшагиси келмай қолади. У кўпинча ёшлиги, гўзал дамлари беҳуда ўтганига, хазон бўлганига чидаёлмас эди. Мана шу тўй оқшоми, улар — Султон билан Қундуз эмас, балки уларнинг ғами, қаноти синган, кемтик орзу-умидлари учрашганди гўё. Улар бир-бирларини жуда узоқ излагандилар. Улар ҳаётда кўп оғирликларни кўриб чарчагандилар, зотан бир-бирларини—ўзларига муносиб бир-икки оғиз сўзи қалблардаги жароҳатга малҳам  бўлиши мумкин бўлган одамни излаб, кутиб ҳам толиққандилар.

Ҳолбуки ҳозир мунаввар оқшом атрофга тўкилмоқда эди…

Улар бир-бирларига керак эдилар. Султон йигирма беш ёшда, Қундуздан етти ёш кичик эди.

Шундайми, дея сўрамоқчи бўлди Қундуз
Нимани айтяпсиз.

Яшаш оғир, қийин
Ҳа, деди Султон, аммо яшаш керак
Бугун мен жуда бахтиёрман
Ҳаёт эса бахтли дамлардан иборат эмас
Ғам-койиш одам қалбини поклайди
Бахтсизлик тенгликни туғдиради
Бальзак!

Уларнинг ҳаракатларида бояги жўшқинлик, ҳарорат сезилмасди, аммо ҳар бир ижролари, қўл ҳаракатлари алоҳида маъно касб этаётгандек туюларди. Мусиқа эса ҳамон ўша жўшқин оҳангда янграр, киприкдаги шуъладор кўзёшларини титратиб садоланар, одамларнинг барчаси муштарак туйғулар — севги, айрилиқ, ҳаёт, ўлим, некбин, осуда дамлар ҳақида хаёл суриб ўтирардилар. Бу нарсалар уларга бир-бирларидан юқаётган эди. Оқшом қуюқлашди. Шом. Осмонга бирин-сирин кўк-қизил, оқ, пушти юлдузлар қалқиб чиқди. Юлдузлар серқирра эмасди, улар юмалоқ, майин эди, улар гулларга ўхшаб кўринарди.

Қундуз билан Султон ёки Султон билан Қундуз, йўқ, ҳар қалай Қундуз билан Султон никоҳ оқшомида ўтирган одамларнинг хаёлларига айланиб, шу хаёл ти- солидек рақс тушардилар. Улар ўйнай туриб, бир-бирларидан кўз узмасди. Аммо ҳар бири юрагида ҳаяжон тобора ортиб бораётганини чуқур ҳис қиларди. Айни чоқда уларнинг ботиний олами шунчалар осуда, сокин эдики, муаззам оқшомнинг ва бу оқшом бахш этаётган қувончнинг чегараси йўқдек туюларди.

Шамол кучайди. Улар энди шамолга қарши юриб келардилар. Қундузнинг қўнғир сочлари шокила-шокила сочилар, елкаси узра кўпириб, денгиз тўлқинлари, йўқ, субҳидам майсалари янглиғ муттасил тебранар, юлдуз юзини тўсиб қўяр… Султон унинг намозшомгул сочлари устидан авайлаб, нимадандир истиҳола қилгандек беозор ва мағрур юриб келарди.

Энди тўйдаги ҳамма одамлар, ҳатто келин-куёв ҳам ўртада, йигит ва қизларнинг орасида анчадан бери, тинмай эркин ва нафис рақсга тушаётган жуфтга маҳлиё бўлиб қолдилар. Қундуз билан Султон ўзларини ноқулай сеза бошлашди.

Одамлар бизга қарашяпти, деди Қундуз, уяламан
Нега, улар бизга ҳавас қилаяптилар
Гап қилишади
Иўқ, кўз тегади
Балки сизга кўз тегар
Сизга…

Одамлар бирин-сирин тобора қоронғилашиб бораётган осмондаги бодроқ-бодроқ юлдузларни унута бошлашди. Улар куйни ҳам деярли эшитмасдилар, чунки уларнинг назарида мусиқанинг ўзи ўртада ана шу йигит билан қиз тимсолида рақс тушаётгандек эди. Султон билан Қундуз энди ўзансиз сувдек ёйилиб ўйнаётган ёш-яланглар орасига кириб қолишди. Иккови фақатгина бу доира чамбарагидан эмас, одамларнинг тасаввур доирасидан чиқиб кетиш истагида ёнарди. Қундузга тенг келадигани йўқ эди. У тўхтаб-тўхтаб, чиройли, келишган оёқларига бор оғирлигини солиб, сочлари мунгли бир тарзда елкасига тўкилиб, узун беллари буралиб, ўзи эса тўлғаниб ўйнай бошлади. Султон унинг ёнига елиб етолмасди; ўзи билан Қундуз орасида мингларча чироқлар, беибо кўзларида мангу хуррамлик ёнган нозик, бўйчан йигитчалар, ранг-баранг, беқиёс гўзал кўйлаклари баданларини кўз-кўз қилган оғзи катта қизлар; стуллар, гуллар ва ҳаво тўлқинларида чарх урган  куй қатламлари борлигини ҳис қилар, боши айланар, муддаосига етмоқ учун ўн йил кеч қолганини, бунга ўзи айбдор эмас, дунё, макон ва замон сабаб эканлигини билмас, шунииг учун бу хусусда ўйламас эди.

Султон етим ўсган эди. Отасини бир мартагина, онаси руҳий касалга чалинган кезлар бодроқ булутлар оралаб жилваланаётган зангор осмонни кўрсатиб: «А-на, Султон: ўғлим, отанг сенга қўл силкияпти», деганида кўрганди. Дунёнинг меҳри юмшоқ, улуғ, беминнат она — аёл кишига боғлиқ, деган ақида болалигиданоқ мурғак тасаввурига нақшланиб қолган, йиллар ўтиб ўзи билан бирга бу ишонч эътиқод даражасигача кенгайган эди. Икки йил аввал онаси ҳам вафот этди. У дунёда ёлғиз қолди. Аммо, дунё ёлғиз эмаслигига у амин эди. Сўнгги йиллар дунёда аёл зоти борлиги учун зўр бир умид билан яшаётганди. Султон то шу кунгача хаёлан ўша номаълум аёлнинг меҳри билан яшади. Одамлар нима деса деяверсин, одамлар нималар демайди, дунёда аёл зоти бор, бу аёлни у топади, бу аёл унга майин қўлини узатади, у аёлнинг намозшомгул сочларини силайди, сочларидан ҳидлайди, шунда умидсизлик, руҳий талвасалар, ҳаётга нафрат барҳам топади ва у ҳақиқий ҳаётдан баҳраманд бўлади.

Залдаги одамлар кўзлари толгунча Қундузга тикилишарди. Қундузнинг зангор кўйлаги этакларидан яшноқ, қирмизи гуллар сочилади. Ерга, оёқлар остига тушмай, мингларча чироқлар ёғдусида чаппар уриб сочилаверади.

Куй ниҳоясига етай деб қолганда, у Султондан айрилиб қолди. Бунга сабаб ўзи эканини у билмасди. Қундуз йигитчанинг ўзи сари талпинаётганини сезиб кузатиб турар, аммо ўзи унга пешвоз чиққани ошиқмасди.

Ўртада ўйнаётганлар сийраклашди. Қуйнинг сўнгги оҳанглари мавж ура бошлади. Қундуз рўпарасига келиб, илтифот билан ўйнаётган, нотаниш, сочлари жингалак, очиқ юз, келишган йигитнинг кўзларига тикилди.

Йигит кулимсиради. У аёлга ёққанини ҳис қилди-да, мустақил, ўктам бир шох ташлаб Қундузнинг елкасига елка тираб ўйнай бошлади.

Кечирасиз, сиз билан ўйнамоқчи эмасман, дегиси келди Қундузнинг
Жуда гўзал экансиз, деди йигит
Қундуз ерга қаради
Унинг чинданам кечирасиз, сиз билан ўйнамоқчи эмасман, дегиси келди
Боятдан бери кузатаман, пайқамадингиз, деди йигит
Илтимос, мени холи қўйинг

У қафасда бўғилиб, тутқун яшаган оҳу сингари нажот излагандек Султон томонга талпинди. Йигит йўл бўшатди.

Рестораннинг ёзги зали жуда кенг, баҳаво эди. Аммо ҳозир бу ер бирдан Қундузнинг, сўнг Султоннинг оёқлари остида чўкиб, ғойиб бўлди. Улар поёнсиз саҳрода қолдилар. Султон нариги томондан, Қундуз бу тарафдан минг бир қийинчиликлар билан бир-бирлари сари интилиб боравердилар. Уларнинг томоқлари қақрар, лаблари қовжирар, бир қултум сувга зор эдилар. Аммо икковининг қўлидаги мўъжазгина шиша идишда бир қултумдан сув бор эди. Улар шуни_оби-ҳаёт билиб, ўзлари ичмай, бир-бирларига илиниб, буюк бир умид билан барханлар аро елиб борардилар.

Залдаги одамлар ҳайратга тушди. Уларнинг ҳаммаси бирдан оёққа қалқди. Юзларча кўзлар уларга қадалди.

Дунёда энг гўзал, буюк нарса — муҳаббат эди, одамлар шуни кўриб қолгандек, ҳаяжон ичида гул-гул очилиб, қалблари юмшаб турарди. Улар — Султон билан Қундуз, ўз рақслари орқали одамнинг қалбидан, туйғуларидан покизароқ хилқат йўқлигини тарғиб қилаётгандек эди. Ҳолбуки улар ҳеч нарсани тарғибот қилмас, бир-бирларига интилар, бир-бирларини — шунча йиллик  излаш, кутишдан сўнг топган ҳамдард дўстларини йўқотиб қўйишдан чўчирдилар холос.

Улар иккови бир-бирига жуда яқин келиб, бир-бирларига қўлларини узатиб йиғлаб юборганларида одамлар ҳанг-манг бўлиб қолишди. Қундуз ошкора йиғларди. У ўзини қийнаган саволларга жавоб топгани ва дунёда пок қалб, мусаффо туйғулари билан яшаётган инсон билан учрашиб, танишиб қолгани учун шукрона айтиб кўзёши тўкарди.

Султоннинг ҳам хўрлиги келганди. У ўша, мудом ўйлагани ва кутгани—ҳақиқий аёлни учратганидан беҳад миннатдор эди.

Ҳаёт улуғ, ҳаёт гўзал, ҳаёт ҳамиша юракка оғриқ беради. Бу яхши… Жудаям севаман ҳаётни, демоқчи бўларди Қундуз.
У йиғларди.
Севгисиз ҳаёт, ҳаётми? Ҳамма нарса ўткинчи, ёлғон. Севги учун ўлиш, ёниш, осилиш… қанчалар маъноли ва кучли.
Султон йиғламасди.
Сени изладиму топдим.
Сени кутдим.
Мен беваман.
Мен ёлғизман.
Мен…

Уларнинг қалбларида худди мана шу сонияларда маъюс, аммо илоҳий қўшиқ бошланганди. Бироқ ҳозир улар учун энг муҳими бу эмасди. Энг муҳими улар дунёда ажойиб инсонлар яшаётганига, кунлардан бир кун мана шундай инсонни учратишга ишона бошлаганлари эди. Фақат асосийси ўша одамни топиш эди.

Ана шунда ҳақиқий ҳаётни ҳис қилиш мумкиндир, демоқчи бўлди Қундуз
Ҳақиқий ҳаёт ҳар кимга насиб бўлавемайди, дегиси келди Султоннинг
У лоқайд, кучсизларга
У мунофиқ, гўзалликни кўролмайдиганларга

У гулсиз, китобсиз, умидсизларга
У…

Ресторанда куй тугади. Одамлар ўтиришларини ҳам, тик туришларини ҳам билмас, зеро тўй ҳали давом этар, улар учун бу оқшом ҳозирнинг ўзидаёқ ажойиб хотира бўлиб қолган эди.

image (3).jpgKuy jo‘shqin edi, serzavq edi, biroq uning ohanglari bag‘rida yashiringan ma’yus, shikasta sadolarni ikkovi baravar his qilgan, mana shu shikasta sadolar qalblariga barobar ta’sir etgan va bu ta’sirni ikkovi o‘sha zamoniyoq sezgan edi. Bu his-tuyg‘u ularni bir-biriga yaqinlashtirdi…

Olim OTAXON
OQSHOM XAYOLLARI
«Oqshom xayollari» turkumidan birinchi hikoya
001

Olim Otaxon 1951 yilda Toshkent shahrida tug‘ilgan. ToshDUning filologiya fakultetini tamomlagan (1974). Dastlabki to‘plami — «Bolalik kabutarlari» (1981). Shundan so‘ng yozuvchining «Oqshom xayollari» (1986), «Ozod qushlar haqida qissa» (1988), «Adoqsiz ko‘chalar» (1990) kabi nasriy asarlari nashr etilgan. Akutagava Ryunoske, Yasunari Kavabata, Uilyam Folkner, Banana Yosimoto, Xulio Kortasar, Yuriy Kazakov, Genrix Mann, Xorxe Luis Borxes, Mario Benedetti kabi dunyo adabiyotining yetuk vakillari hikoyalarini tarjima qilgan.

001

Muhabbatga bag‘ishlayman
Muallif

17046907_Feliks_Vallotton.jpg«Odamlar to‘yu tomosha, mol-dunyo, keyin yolg‘on-yashiqni buncha yaxshi ko‘rmasalar», deya o‘ylardi yigit. Uning yuragiga hozir qil ham sig‘masdi: atrofdagi g‘ala-g‘ovur, shovqin-suron, xush-xandon, bir oz bachkana kulgilar xuddi uni tahqirlash, uning o‘ylari, g‘ami, istagini oyog‘osti qilish uchun atay uyushtirilgandek ta’sir eta boshlagandi. U zarhal piyoladagi ichkilikni bir ko‘tarishda ichib tugatdi-da, asabiy tarzda yon-veriga ko‘z yugurtirdi.

To‘y qanday boshlangan bo‘lsa, shunday: ruhsiz va ortiqcha dabdabasiz davom etar, hamma — ayniqsa, uning ro‘parasidagi betakalluf yigitlar, qizlar lablarini chapillatib, ishtaha bilan huzur qilib yeb-ichishar, tinmay kulishar edi. Ularning qo‘lidagi qoshiq, sanchiqlar billur qandillar taratayotgan nurda yaltirar, yuzlarida esa hayotdan, o‘zlari kechirayotgan turmushlaridan mamnunliklari va buning uchun kim, nima sabab ekanligi haqida mutlaqo qiziqmaganlari, ortiqcha qayg‘urmaganlari tufayli doimiy zuhrlanib qolgan loqayd bir ifoda balqib turardi. U bo‘g‘ilib ketdi va ro‘parasida o‘tirib, go‘sht yeyayotgan chiroyli qizning yog‘ bosgan yuziga tikilib qoldi-da, likopchadan bir bo‘lak tovuq go‘shtini olib, atay, ikki lunjini shishirib: «Mabodo ichmaysizmi, yaxshi qiz», dedi. Qiz iltifotsiz marhamatdan uyalib cho‘chish u yoqda tursin, qo‘lidagi sanchig‘ini jahl bilan dasturxonga uloqtirib, qo‘lini artdi-da, payvasta qoshlarini chimirib unga o‘qraydi. Keyin o‘rnidan sapchib turib, uzun stolning yuqori tomoniga qarab ketdi. Yigit uning go‘zal qomatiga ham qiziqish, ham nafrat bilan qarab qoldi. Qiz yoshi o‘ziga nisbatan kattaroq, shalola sochlarini yoyib o‘tirgan qizning yoniga borib bir narsalar degan bo‘luvdi hamki, unisi yalt etib bu tomonga o‘girildi. Bularning orasidagi masofa unchalik yiroq emasdi. Yigit o‘ziga o‘girilgan qiz ko‘zlaridagi o‘tni payqab, «shikoyat qildi shekilli», deya xayolidan o‘tkazdi. Zum o‘tmay o‘sha qiz yana qaradi.

Shu choq boyatdan beri, ikki tomon, ayniqsa kelinni uzatib kelganlar talab qilaverib charchagan raqs boshlandi-yu, ko‘pchilik o‘rnidan qo‘zg‘aldi. Yigit piyolaga tezgina ichkilik quydi, kimdandir istihola qilgandek, paysallanib sekingina boyagi qizlar tomonga ko‘z tashladi-da, so‘ng ichib yubordi, ko‘ksida oniy bir huzurlanish tuyib, endi davra tomon o‘girildi… Uch qadam narida sochlari yelkasiga quyilgan, bo‘ychan, istarasi issiq bir ayol unga qarab turardi. U beixtiyor ko‘zlarini yumdi, boshi aylanib ketdi. Qo‘zlarini ochganda boyagi qiz etagi keng, harir, zangor ko‘ylagini hilpiratib sozandalar sari yelib borardi.

Uning yana ichgisi keldi, zum o‘tmay bu niyatidan qaytib, davraga butunlay o‘girilib oldi. U yerda besh-olti nafar yigit-qiz juft-juft bo‘lib, har kim o‘zi bilgancha raqsga tushar, hech kimni baralla yangrayotgan kuy qiziqtirmas, faqatgina bir ozgina hayajon, xohish ularning alpong-talpong harakatlariga tartib va ruh bag‘ishlayotgan edi. Ammo mana shu pala-partish, ba’zan ibosiz xatti-harakatlar orasida bir o‘zi kuy ohangiga monand, salgina ma’yus va sokin sochlari shalola qiz o‘ynardi. Yigitning ko‘nglidan g‘alati, yorqin, ayni chog‘da betizgin xayollar kechdi-yu, negadir quvonib ketdi. Agar, mana shu shalola soch qiz duch kelgan tomonga shox tashlab, bellarini burab o‘ynayotgan, ora-chora g‘ayritabiiy tarzda sakrayotgan qizlar orasida xayolchan, bir maromda, o‘z harakatlaridan ma’naviy huzur izlab, shuni topgani uchun alohida shukronalik bilan intiqib, ko‘zlarini yumib raqsga tushmaganda edi, bu yosh-yalanglarning shodiyonasi odamlarga bunchalar ta’sir qilmasdi.

Yigitning vujudida chumoli o‘rmalagandek bo‘ldi. U beixtiyor o‘rnidan turib, to‘g‘ri o‘sha qizning yoniga bordi, birga o‘ynay boshladi.

Oradan bir necha daqiqa o‘tmay, ular hali davra aylanmayoq, musiqa birdan tinib qoldi va ikkovlari ajablanib, bir-birlariga qarab qoldilar, yigitning ko‘zlariga afsus ifodalari qalqib chiqdi, qiz kuldi va endi uni yupatmoqqa lab juftlagan edi hamki, yangi kuy yangrab qoldi. O‘rtadagilar raqsni yangicha ruhda davom ettira boshlashdi, ammo ular bir-birlaridan hamon ko‘z uzmay, nima qilish, o‘yinni qanday boshlashlarini bilolmay turaverdilar.

Kuy jo‘shqin edi, serzavq edi, biroq uning ohanglari bag‘rida yashiringan ma’yus, shikasta sadolarni ikkovi baravar his qilgan, mana shu shikasta sadolar qalblariga barobar ta’sir etgan va bu ta’sirni ikkovi o‘sha zamoniyoq sezgan edi. Bu his-tuyg‘u ularni bir-biriga yaqinlashtirdi. Avval qiz qo‘llarini ohista, nazokat bilan yoyganicha, ko‘zlari yumuq, sochlari parishon to‘zg‘ib raqsni boshladi. Yigit ham shunday ruhda unga jo‘r bo‘ldi. Ular davradagi yigit-qizlardan o‘zgacharoq raqs tushardilar. Ularning raqslari ko‘rkamroq edi; ba’zan ikkovi turli nag‘ma ko‘rsatib o‘ynayotganlar orasida paydo bo‘lib qolar ekan, birdan yigit-qizlarning safi ikki yonga chekinar, o‘rtada hosil bo‘lgan yo‘lakdan ular ikkovi bir juft kapalaklar singari qanot qoqib uchib o‘tardilar.

Qiz hayajonlanardi, yigit entikardi. Qizning ko‘zlaridan pinhoniy, zarif tuyg‘u toshib chiqardi. Ular o‘ynay-o‘ynay davraning chekkasiga chiqib qoldilar.

Hozir ismimni so‘raydi, deya xayoldan kechirdi qiz
Qechirasiz, ismingiz nima, deb so‘radi yigit
Qunduz
Qunduz emas kunduzdir…
Yo‘q, shunchaki, topqirman

Uning ham ismini so‘rasammi, deya o‘yladi Qunduz
Sizning ismingiz-chi?
Sulton. Nega xayol surib qoldingiz?
Yo‘q sizga shunday tuyulgandir. Yaxshi nom ekan
Judayam
Ho-ho-ho!.. maqtanchoqlik sizga yarashmaydi.

Ular o‘zlari sezmagan holda zalning yam-yashil boq qa tutash qismiga kelib qolgandilar. Pastda, quyuq daraxtzor orasidagi qizg‘ish qum to‘shalgan yo‘lka za’faron chiroqlar shu’lasini emib yotardi. Sirli bir kayfiyat og‘ushidagi xiyobon kimsasiz, u yerda faqatgina horg‘in kuz oqshomi kezib yurar edi. Xiyol chaproqdagi ulkan favvoraning suvi esa buralib yuqoriga otilar, peshayvon panjaralari qadar ko‘tarilib kelaru birdan parchalanib, sochilib-sochilib ketar va ichkariga betinim suv purkalardi. Endi shamol kuchliroq qo‘zg‘alib olam-jahon zarra-tomchilarni panjaralar orasidan olib o‘tdi-da, Qunduzning ipakdek eshilgan qo‘ng‘iroq sochlariga sochib yubordi. Sulton uning shifobaxshdek tuyulayotgan ma’sum yuzlaridan ko‘z uzolmasdi. Suv zarralari ming bir tusda tovlanardi. Tomchilar za’faron chiroqlar nurini Qunduzga hadya qilayotgandek, bir zumda uning sochlarini son-sanoqsiz injular qopladi.

Favvora bir maromda shovullardi
Charchadik, demoqchi bo‘ldi Qunduz
Charchadingizmi, dedi Sulton
Siz-chi, deb so‘radi Qunduz
Yo‘q. Siz charchadingiz-a
Yo‘q.

Ular hali charchamagan edilar. Faqat Qunduzning yuzlari bo‘g‘riqqan, manglayi, dudoqlari munchoq-munchoq ter, horg‘in ko‘zlari muloyim boqardi. U ko‘rinishdan toliqqanga o‘xshardi xolos!
Inson ko‘ngli qanchalar hassos, qanchalar ma’sum. Uni band etish, uni mahkum aylash yokm biron narsadan xalos qilish qanchalar oson?! Qunduz yosh emasdi, hayotning achchiq-chuchugini xo‘p tortgan edi. Uning qalbi go‘zal, farog‘at to‘la hissiyot sari yo‘l ocha oluvchi mehrga, e’tiborga tashna, zor edi. U borgan sari mana shu yosh yigitga o‘z minnatdorligini izhor etish haqida o‘ylar, niyat qilar, bunga hozirlik ko‘rardi. Chunki, Sulton unga shunday go‘zal, ma’sud damlarni beminnat hadya qilayotgan edi.

Rahmat sizga demoqchi bo‘ldi
Nega, nima uchun, deb so‘ragisi keldi Sultonning
Bugun to‘yga kelganingiz uchun, men bilan raqsga tushayotganligingiz, yoshligingiz, bugungi oqshom, mana shu shovqin-suron, menga sizdan shikoyat qilgan ji- nim, hammasi uchun
Sizgayam, meni raqsga taklif qilganingiz uchun
Men sizni taklif qildimmi?!
Siz emas, ko‘zlaringiz…
Olijanob yigit ekanligingiz uchun …
chiroyingiz uchun
yoshligingiz uchun
chiroyli ekansiz, Qunduz
Haddingizdan oshyapsiz.
Siz sababsiz…

Ular ikkovi ham bor dunyoni unutib qo‘ygandi. Ammo ularning yuzlaridagi ifoda damodam o‘zgarib turar, goh mahzun, goh shodon, goh dilbar, goh masrur, goho o‘ychan xayollar yuz-ko‘zlariga qalqib chiqar, zum o‘tmay ularning raqslarida in’ikos topardi. Atrofdagilar hamon o‘sha kayfiyat, o‘sha ruhda ularni payqamay shodu xurram o‘yinga tushardilar.

Qiziq, Sulton bilan Qunduz ikki tomchi suvdek bir-biriga o‘xshardi. Faqat Sultonning yuzi oqish, ko‘zlari moviy edi. Qunduzning horg‘in ko‘zlari tubida ayollargina his qila oladigan kemtik qalbning shikasta hovuri mavjud edi.

Mana shu kuy qanchalar dilga yaqin, deb xayolidan o‘tdi Qunduzning.

Qechirasiz, xayolingizni bo‘lyapman, shu kuyni ju dayam yaxshi ko‘raman, dedi Sulton.

Osmonga o‘xshaydi, uzoq tinglasang ko‘ngling yorishadi, o‘zingni bir qadar sokin his qilasan. Ammo kuyning o‘zi g‘amgin, demoqchi bo‘ldi Qunduz
Erta kuzga o‘xshaydi, dedi Sulton
Ruhingiz ma’yuslikka moyil
Men ma’yusiyatni, g‘amni o‘yin-kulgidan a’lo ko‘ra man. G‘amda mazmun bor.
Men ham

To‘yga borgan sari fayz kirayotgan edi. Odamlar endi juda samimiy, o‘zaro maftunkorlik bilan muomala qilar edi. Ularni bu yerdagi hamma narsa — dasturxon, to‘y oqshomi, esayotgan shabada, kuy, hatto bir-birlarining yuzi, ko‘zi, kulgisi maftun etar, go‘yo ular sirli shoirona bir ruhning izmu ixtiyoriga tushib qolgandilar. Mana bir necha daqiqalardan beri ular ajoyib insonlarga xos hurmat va odob saqlab andisha-hayo bilan yeb-ichib, suhbat qurib, raqs tomosha qilib o‘tirmoqda edilar.

Sulton bilan Qunduz nikoh oqshomiga xos mana shu fazilatni birdan, hammadan ko‘ra chuqurroq payqab qoldilar. Ammo bunga asosiy sabab o‘zlari ekani haqida ular o‘ylamas, buni hatto bilmas ham edilar. Ular mavjlanib yotgan dengiz ustidan sokin, bir maromda uchib o‘tgan chag‘alaylar singari maftunkor yoki jimjit, munavvar sohil yoqasidagi bir juft qayiqlar kabi ma’yus taassurot uyg‘otar edi.

Ikkovi ham mushtarak tuyg‘ular izmu ixtiyorida edi.

Atrofda munavvar oqshom to‘kilib yotardi.

Ular g‘amni chindan ham yengil-yelpi o‘yin-kulgidan a’loroq ko‘rardilar. G‘am-g‘ussa nima ekanini ular yaxshi bilardilar. Ammo ular baxtsiz emasdi. Baxtsiz bo‘lish uchun odamning boshiga tushgan qora kunlar: judolik, musibatlar, olam-olam tashvish va armon ning o‘zi kifoya qilmasdi. Baxtsiz bo‘lish oson emasdi. Odam baxtsiz bo‘lishi uchun taqdirga tan berishi yoki hayotda hamisha taslim bo‘lishi va o‘zi bu taslim bo‘lishning butun fojiasini his qilishi kerak. Ammo his qila bilishning o‘zi esa yashash va baxtiyor bo‘lmoq huquqini baxsh etadi. Shumi baxtsizlik?! Vo ajabo, inson baxtsiz bo‘lish qismatidan forig‘, demak, oxir-oqibat baxtli bo‘lishga mahkummi?! Ular hayotda taqdirning juda ko‘p alamli zarbalariga bardosh berib yashovchi odamlar toifasiga mansub edi. Qunduz yigirma uch yoshida beva qolgan edi. O‘shandan buyon mana to‘qqiz yildirki u kunbo‘yi o‘zini turmush ikir-chikirlariga uradi, hamma narsa: ziyofat, raqs, filmlar, muzey, kitoblar, xayollar bilan ovunadi. Ammo kunbo‘yi qanchalar xush kayfiyatda yurgan bo‘lmasin, kechalari bari bir yuragini bir og‘riq g‘ijimlaydi, kitoblardagidek oh tortadi. Ba’zan uning yashagisi kelmay qoladi. U ko‘pincha yoshligi, go‘zal damlari behuda o‘tganiga, xazon bo‘lganiga chidayolmas edi. Mana shu to‘y oqshomi, ular — Sulton bilan Qunduz emas, balki ularning g‘ami, qanoti singan, kemtik orzu-umidlari uchrashgandi go‘yo. Ular bir-birlarini juda uzoq izlagandilar. Ular hayotda ko‘p og‘irliklarni ko‘rib charchagandilar, zotan bir-birlarini—o‘zlariga munosib bir-ikki og‘iz so‘zi qalblardagi jarohatga malham bo‘lishi mumkin bo‘lgan odamni izlab, kutib ham toliqqandilar.

Holbuki hozir munavvar oqshom atrofga to‘kilmoqda edi…

Ular bir-birlariga kerak edilar. Sulton yigirma besh yoshda, Qunduzdan yetti yosh kichik edi.

Shundaymi, deya so‘ramoqchi bo‘ldi Qunduz
Nimani aytyapsiz.
Yashash og‘ir, qiyin
Ha, dedi Sulton, ammo yashash kerak
Bugun men juda baxtiyorman
Hayot esa baxtli damlardan iborat emas
G‘am-koyish odam qalbini poklaydi
Baxtsizlik tenglikni tug‘diradi
Balzak!

Ularning harakatlarida boyagi jo‘shqinlik, harorat sezilmasdi, ammo har bir ijrolari, qo‘l harakatlari alohida ma’no kasb etayotgandek tuyulardi. Musiqa esa hamon o‘sha jo‘shqin ohangda yangrar, kiprikdagi shu’lador ko‘zyoshlarini titratib sadolanar, odamlarning barchasi mushtarak tuyg‘ular — sevgi, ayriliq, hayot, o‘lim, nekbin, osuda damlar haqida xayol surib o‘tirardilar. Bu narsalar ularga bir-birlaridan yuqayotgan edi. Oqshom quyuqlashdi. Shom. Osmonga birin-sirin ko‘k-qizil, oq, pushti yulduzlar qalqib chiqdi. Yulduzlar serqirra emasdi, ular yumaloq, mayin edi, ular gullarga o‘xshab ko‘rinardi.

Qunduz bilan Sulton yoki Sulton bilan Qunduz, yo‘q, har qalay Qunduz bilan Sulton nikoh oqshomida o‘tirgan odamlarning xayollariga aylanib, shu xayol ti- solidek raqs tushardilar. Ular o‘ynay turib, bir-birlaridan ko‘z uzmasdi. Ammo har biri yuragida hayajon tobora ortib borayotganini chuqur his qilardi. Ayni choqda ularning botiniy olami shunchalar osuda, sokin ediki, muazzam oqshomning va bu oqshom baxsh etayotgan quvonchning chegarasi yo‘qdek tuyulardi.

Shamol kuchaydi. Ular endi shamolga qarshi yurib kelardilar. Qunduzning qo‘ng‘ir sochlari shokila-shokila sochilar, yelkasi uzra ko‘pirib, dengiz to‘lqinlari, yo‘q, subhidam maysalari yanglig‘ muttasil tebranar, yulduz yuzini to‘sib qo‘yar… Sulton uning namozshomgul sochlari ustidan avaylab, nimadandir istihola qilgandek beozor va mag‘rur yurib kelardi.

Endi to‘ydagi hamma odamlar, hatto kelin-kuyov ham o‘rtada, yigit va qizlarning orasida anchadan beri, tinmay erkin va nafis raqsga tushayotgan juftga mahliyo bo‘lib qoldilar. Qunduz bilan Sulton o‘zlarini noqulay seza boshlashdi.

Odamlar bizga qarashyapti, dedi Qunduz, uyalaman
Nega, ular bizga havas qilayaptilar
Gap qilishadi
Io‘q, ko‘z tegadi
Balki sizga ko‘z tegar
Sizga…

Odamlar birin-sirin tobora qorong‘ilashib borayotgan osmondagi bodroq-bodroq yulduzlarni unuta boshlashdi. Ular kuyni ham deyarli eshitmasdilar, chunki ularning nazarida musiqaning o‘zi o‘rtada ana shu yigit bilan qiz timsolida raqs tushayotgandek edi. Sulton bilan Qunduz endi o‘zansiz suvdek yoyilib o‘ynayotgan yosh-yalanglar orasiga kirib qolishdi. Ikkovi faqatgina bu doira chambaragidan emas, odamlarning tasavvur doirasidan chiqib ketish istagida yonardi. Qunduzga teng keladigani yo‘q edi. U to‘xtab-to‘xtab, chiroyli, kelishgan oyoqlariga bor og‘irligini solib, sochlari mungli bir tarzda yelkasiga to‘kilib, uzun bellari buralib, o‘zi esa to‘lg‘anib o‘ynay boshladi. Sulton uning yoniga yelib yetolmasdi; o‘zi bilan Qunduz orasida minglarcha chiroqlar, beibo ko‘zlarida mangu xurramlik yongan nozik, bo‘ychan yigitchalar, rang-barang, beqiyos go‘zal ko‘ylaklari badanlarini ko‘z-ko‘z qilgan og‘zi katta qizlar; stullar, gullar va havo to‘lqinlarida charx urgan kuy qatlamlari borligini his qilar, boshi aylanar, muddaosiga yetmoq uchun o‘n yil kech qolganini, bunga o‘zi aybdor emas, dunyo, makon va zamon sabab ekanligini bilmas, shuniig uchun bu xususda o‘ylamas edi.

Sulton yetim o‘sgan edi. Otasini bir martagina, onasi ruhiy kasalga chalingan kezlar bodroq bulutlar oralab jilvalanayotgan zangor osmonni ko‘rsatib: «A-na, Sulton: o‘g‘lim, otang senga qo‘l silkiyapti», deganida ko‘rgandi. Dunyoning mehri yumshoq, ulug‘, beminnat ona — ayol kishiga bog‘liq, degan aqida bolaligidanoq murg‘ak tasavvuriga naqshlanib qolgan, yillar o‘tib o‘zi bilan birga bu ishonch e’tiqod darajasigacha kengaygan edi. Ikki yil avval onasi ham vafot etdi. U dunyoda yolg‘iz qoldi. Ammo, dunyo yolg‘iz emasligiga u amin edi. So‘nggi yillar dunyoda ayol zoti borligi uchun zo‘r bir umid bilan yashayotgandi. Sulton to shu kungacha xayolan o‘sha noma’lum ayolning mehri bilan yashadi. Odamlar nima desa deyaversin, odamlar nimalar demaydi, dunyoda ayol zoti bor, bu ayolni u topadi, bu ayol unga mayin qo‘lini uzatadi, u ayolning namozshomgul sochlarini silaydi, sochlaridan hidlaydi, shunda umidsizlik, ruhiy talvasalar, hayotga nafrat barham topadi va u haqiqiy hayotdan bahramand bo‘ladi.

Zaldagi odamlar ko‘zlari tolguncha Qunduzga tikilishardi. Qunduzning zangor ko‘ylagi etaklaridan yashnoq, qirmizi gullar sochiladi. Yerga, oyoqlar ostiga tushmay, minglarcha chiroqlar yog‘dusida chappar urib sochilaveradi.

Kuy nihoyasiga yetay deb qolganda, u Sultondan ayrilib qoldi. Bunga sabab o‘zi ekanini u bilmasdi. Qunduz yigitchaning o‘zi sari talpinayotganini sezib kuzatib turar, ammo o‘zi unga peshvoz chiqqani oshiqmasdi.

O‘rtada o‘ynayotganlar siyraklashdi. Quyning so‘nggi ohanglari mavj ura boshladi. Qunduz ro‘parasiga kelib, iltifot bilan o‘ynayotgan, notanish, sochlari jingalak, ochiq yuz, kelishgan yigitning ko‘zlariga tikildi.

Yigit kulimsiradi. U ayolga yoqqanini his qildi-da, mustaqil, o‘ktam bir shox tashlab Qunduzning yelkasiga yelka tirab o‘ynay boshladi.

Kechirasiz, siz bilan o‘ynamoqchi emasman, degisi keldi Qunduzning
Juda go‘zal ekansiz, dedi yigit
Qunduz yerga qaradi
Uning chindanam kechirasiz, siz bilan o‘ynamoqchi emasman, degisi keldi
Boyatdan beri kuzataman, payqamadingiz, dedi yigit
Iltimos, meni xoli qo‘ying

U qafasda bo‘g‘ilib, tutqun yashagan ohu singari najot izlagandek Sulton tomonga talpindi. Yigit yo‘l bo‘shatdi.

Restoranning yozgi zali juda keng, bahavo edi. Ammo hozir bu yer birdan Qunduzning, so‘ng Sultonning oyoqlari ostida cho‘kib, g‘oyib bo‘ldi. Ular poyonsiz sahroda qoldilar. Sulton narigi tomondan, Qunduz bu tarafdan ming bir qiyinchiliklar bilan bir-birlari sari intilib boraverdilar. Ularning tomoqlari qaqrar, lablari qovjirar, bir qultum suvga zor edilar. Ammo ikkovining qo‘lidagi mo‘’jazgina shisha idishda bir qultumdan suv bor edi. Ular shuni_obi-hayot bilib, o‘zlari ichmay, bir-birlariga ilinib, buyuk bir umid bilan barxanlar aro yelib borardilar.

Zaldagi odamlar hayratga tushdi. Ularning hammasi birdan oyoqqa qalqdi. Yuzlarcha ko‘zlar ularga qadaldi.

Dunyoda eng go‘zal, buyuk narsa — muhabbat edi, odamlar shuni ko‘rib qolgandek, hayajon ichida gul-gul ochilib, qalblari yumshab turardi. Ular — Sulton bilan Qunduz, o‘z raqslari orqali odamning qalbidan, tuyg‘ularidan pokizaroq xilqat yo‘qligini targ‘ib qilayotgandek edi. Holbuki ular hech narsani targ‘ibot qilmas, bir-birlariga intilar, bir-birlarini — shuncha yillik izlash, kutishdan so‘ng topgan hamdard do‘stlarini yo‘qotib qo‘yishdan cho‘chirdilar xolos.

Ular ikkovi bir-biriga juda yaqin kelib, bir-birlariga qo‘llarini uzatib yig‘lab yuborganlarida odamlar hang-mang bo‘lib qolishdi. Qunduz oshkora yig‘lardi. U o‘zini qiynagan savollarga javob topgani va dunyoda pok qalb, musaffo tuyg‘ulari bilan yashayotgan inson bilan uchrashib, tanishib qolgani uchun shukrona aytib ko‘zyoshi to‘kardi.

Sultonning ham xo‘rligi kelgandi. U o‘sha, mudom o‘ylagani va kutgani—haqiqiy ayolni uchratganidan behad minnatdor edi.

Hayot ulug‘, hayot go‘zal, hayot hamisha yurakka og‘riq beradi. Bu yaxshi… Judayam sevaman hayotni, demoqchi bo‘lardi Qunduz.
U yig‘lardi.
Sevgisiz hayot, hayotmi? Hamma narsa o‘tkinchi, yolg‘on. Sevgi uchun o‘lish, yonish, osilish… qanchalar ma’noli va kuchli.
Sulton yig‘lamasdi.
Seni izladimu topdim.
Seni kutdim.
Men bevaman.
Men yolg‘izman.
Men…

Ularning qalblarida xuddi mana shu soniyalarda ma’yus, ammo ilohiy qo‘shiq boshlangandi. Biroq hozir ular uchun eng muhimi bu emasdi. Eng muhimi ular dunyoda ajoyib insonlar yashayotganiga, kunlardan bir kun mana shunday insonni uchratishga ishona boshlaganlari edi. Faqat asosiysi o‘sha odamni topish edi.

Ana shunda haqiqiy hayotni his qilish mumkindir, demoqchi bo‘ldi Qunduz
Haqiqiy hayot har kimga nasib bo‘lavemaydi, degisi keldi Sultonning
U loqayd, kuchsizlarga
U munofiq, go‘zallikni ko‘rolmaydiganlarga
U gulsiz, kitobsiz, umidsizlarga
U…

Restoranda kuy tugadi. Odamlar o‘tirishlarini ham, tik turishlarini ham bilmas, zero to‘y hali davom etar, ular uchun bu oqshom hozirning o‘zidayoq ajoyib xotira bo‘lib qolgan edi.

07

(Tashriflar: umumiy 332, bugungi 1)

Izoh qoldiring