Bobomurod Erali. «Tungi sayr» kitobidan she’rlar & Xurshid Davron. Tabiatga oshufta ko’ngil

Ashampoo_Snap_2017.01.26_16h56m01s_002_.png   Бобомурод Эралининг шеърларини ўқий бошлаганимда олисдаги ёшлигимга қайтгандай бўлдим, ўша хиралашган, аммо кўнгилнинг бир четида жимирлаб турган туйғулар қонимни иситганини сездим. Шоир ўзбек шоирларининг азалий, аниқроқ айтсам, ХХ асрнинг иккинчи ярмида устувор бўлган доирасида ижод қилса-да, ўз оҳангу рангини топа олган.  Уларда “Сурхон билан боғлиқ армонлар”, “тунлар билдирмай ёғиб ўтган қор”, “кўзга сиғмас ям-яшил кундуз”, “олис Боботоғдан тушиб келади, ҳали севилмаган соҳибжамоллар” яшайди.

Хуршид Даврон
ТАБИАТГА ОШУФТА КЎНГИЛ
«Тунги сайр» китоби учун ёзилган
08

Шеър туйғу ва дард ҳосиласидир, деган гап бор. Асл ва тоза шеърни ўқиганда унда ўз туйғуларингиз, армонларингиз, севинчларингиз аксу садосини кўрасиз, олис-олисда қолган хотираларнинг изтиробли ва азиз суратлари кўз ўнгизгизда қалқийди. Мана бу икки сатрнинг ўзигина юракларда не-не туйғулар манзарасини пайдо этади:

Ой нурини ўраб қўлимга,
Пиллапоя тўқийман тунда.

Бобомурод Эралининг шеърларини ўқий бошлаганимда олисдаги ёшлигимга қайтгандай бўлдим, ўша хиралашган, аммо кўнгилнинг бир четида жимирлаб турган туйғулар қонимни иситганини сездим. Шоир ўзбек шоирларининг азалий, аниқроқ айтсам, ХХ асрнинг иккинчи ярмида устувор бўлган доирасида ижод қилса-да, ўз оҳангу рангини топа олган.
Уларда “Сурхон билан боғлиқ армонлар”, “тунлар билдирмай ёғиб ўтган қор”, “кўзга сиғмас ям-яшил кундуз”, “олис Боботоғдан тушиб келади, ҳали севилмаган соҳибжамоллар” яшайди. Шоирнинг бир шеърида шундай сатрлар бор:

Баҳорги қирлардан терган лоламиз,
Сўлмасдан қалбларда ўса бошлади.

Мен ҳам шоир укамга шеърларининг қалбларда, юракларда, замонлару нафасларда сўлмас лола бўлиб ўсиб қолишини тилаб қоламан.

Бобомурод Эрали
ШЕЪРЛАР
08

088 Бобомурод Эрали 1965 йилда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги Шерози қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни тугатиб, Тошкент Давлат Университетининг (ҳохирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетида таҳсил олди. Сўнгра Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институтида илмий изланишлар олиб борди. Ҳозир Тошкент Ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмасида фаолият юритади.

05

КУЗГИ ДАРАХТ

Уфққа талпинар бу дарахт,
Жим-жит турмоқ жонига теккан.
Шамолда ҳилпирар кўйлаги —
Тугмалари ечилиб кетган.

КУТИШ

Тун.
Осмон қиличига бошимни тутдим.

Нечун ётар осмон тубида,
Уни кўтармайди биронта одам?

Осмон қиличига бошимни тутдим.

Тарк этгим келмасди кечани,
Кўз тикиб қиличнинг кўтарилишига.

Осмон қиличига бошимни тутдим.

Кесмади бу қилич —
Занглаган қилич.

ШОИР ЙИҒИСИ

Томоққа тиқилган кўз ёшим — Ватан…
Рауф Парфи

Йиғламоққа шайдир қорачуқларим,
Кўксимни бир ўтмас ханжар тилади.
Тилинган жойларни ёпди қўлларим,
Кўзларимга тўлиб Ватан келади.

Чайқалиб бораман қадим дашт аро,
Ерга томган қонни итлар ялади.
Қип-қизил изимни кўриб дафъатан,
Кўзларимга тўлиб Ватан келади.

Мен ҳам бир йўлчидай кетавераман,
Шамоллар «Қўрқма» деб сочим силади.
Йиғлаб ташлай дейман — йиғлай олмайман,
Кўзларимга тўлиб Ватан келади.

ВАТАН СУРАТИ

Хуршид Давронга

Кекса шаҳар ухлар. Осойишта тун,
Бир-бир дарвозани қўйдилар ёпиб.
Сағрисига ойни миндириб олган,
Қирларда ўйнайди тулпорлар чопиб.

Кишнайди, ёлини силкитиб елда,
Соғиниб қамчинни,чавандозларни.
Тун бўйи ботади қоп-қора терга,
Сукунат кўмади овозларини.

Саҳар. Юлдузларнинг сўнгги сафини
Отиб ўлдирдилар, тушмоқда қулаб.
Қуёш ҳам чиқар-у,уфқда ўлтирар
Шаҳар шовқинига томошаталаб.

Самарқанд минг йиллар жуда муқаддам,
Келажакка учган қора лайлакдир.
Самарқанд – момолар тўқиб қолдирган,
Бизлар кийиб юрган оппоқ кўйлакдир.

Ором бермаётир,қийналар юрак,
Ўша кунлар ёди,хотиралари.
Дунёнинг кўзига турар санчилиб,
Кўҳна Самарқанднинг миноралари.

1986

ДЎСТИМГА

Йиллар учқур,ўтаверади ,
Хотиралар тобора оғир.

Хуршид Даврон

Сен юрган сўқмоқлар менга ҳам таниш,
Сен терган гулардан мен ҳам терганман.
Учолмай қуласа биз севган оққуш,
Қанча кун овлоқда йиғлаб юрганман.

Уфқлар ортини хаёл қилардик,
Соғинчлар тобора қийнарди бизни.
Қорларга бош эгса қишда Болалик,
Сокинлик ютарди дардларимизни.

Юлқиниб ажралди юракларимиз,
Ёшлик кўчаларда жилмасдан қолди.
Баҳорги қирларда терган лоламиз
Сўлмасдан қалбларда ўса бошлади.

1982

АРАВОН

Шавкат Раҳмонга

1. ОЙДИН ХАЁЛ

Юраверсанг, хаёл суриб, ҳеч ким кўрмаса,
Кўкда ғужғон жимирласа юлдузлар тошиб.
Етиб келса шамол эски улфат, танишдек,
Сокингина далалару қирлардан шошиб.

Сукунатнинг қабосини кийган дарахтлар,
Ҳаё билан ерга қараб уялиб турса.
Қоровулми, ё бир отлиқ шундай гўзал пайт,
Сенга ўхшаб ёлғиз ўзи айланиб юрса.

Чирилдоқлар тўй қилишар бутазорларда,
Тўйхат бериб айтганида сен ҳам борардинг.
Даврасида юрагингни бўшатиб ёзган
Меҳмонларга шеърларингдан ўқиб берардинг.

Ариқларда оқаётир сув симобсимон,
Ойдинликда ялтирайди, товланар ял-ял.
Оқаётир тилла янглиғ, ё кумушсимон,
Ўт-ўланлар сукутдаю жонзот бўлиб лол.

Ойни ичсанг, тонгга қадар тип-тиниқ сутдек,
Ичаверсанг, токи ундан ёришса ичинг.
Дарахтлар ҳам ича олмас сен ичганингдек,
Ичаверсанг, ой нурига тутиб ҳовучинг.

Юраверсанг, бўшаб ётган сайҳонлар оша,
Сени бунга ташлаб кетса билдирмай шамол.
Қадрдонинг ниначилар шошилганича,
Жўнаб қолса чолғусини кўтариб дарҳол.

Ялпизларнинг қулоғида шода марварид,
Кечагина осмон унга тақиб қўйгандек.
Дарахтлар япроғини бир-бир туширар,
Ичга ютган ғамларини сўйлаётгандек.

Ёрғучоқда ғамни туйиб малҳам айласанг,
Ой нурини қуйсанг озроқ, қўшилса шудринг.
Дарахтлар шивирию сой шовуллаши,
Бу ҳаётнинг аччиғин ҳам, бир татиб кўринг.

Нима қилсанг, зиёфатга келмаса ҳеч ким,
Эртагача айниб қолса бу тансиқ таом.
Дўстларинг ҳам хушламайди, тановул қилмас,
Балки, балки узр сўра, пишмаганми, хом?

Юраверсанг хаёл суриб, ҳеч ким кўрмаса,
Тунни, ойни, юлдузларни қотириб қўйсанг.
Ғам-қайғуга ўзинг ботсанг, ботмаса ҳеч ким,
Ёш гўдакдек бошқаларга жилмайиб қўйсанг.

2. ЧИСТОН

Қараб туриб ўйланаман, ғамлар ютаман,
Кўз олдимда ёқут каби айланар анор.
Сенга лойиқ эмаслигин анча кеч билдим,
Узун тунлар мижжа қоқмай тикканим қанор.

Бу ҳаётнинг чистонига жавоб ҳам мушкул,
Қийналасан, ўйланасан сочинг оқариб.
Юзларига парда тортган ғам-қайғуларим,
Юрагимдан чиқиб келар тобут кўтариб.

Шу тобутга жойлаб ана сулув келиндек
Олиб ўтар севгилимни, кўз қувончимни.
Гулгун юзи порлаб мени асир айлаган,
Ҳаловатим ўғирлаган, олган тинчимни.

Қанча тунлар ёлвордим мен, кел деб чақирдим,
Тушларимда пайдо бўлиб эс-ҳушим олди.
Ўз-ўзимча ёқарми деб шеърлар тўқирдим,
У нозланди, у юз бурди, қайғуга солди.

Шамол бўлиб йўлларига чиқиб турардим,
Майли, фақир қулинг бўлай дердим ёлвориб.
Оёғига йиқилмоққа шайланар эдим,
Зора менга қиё боқса ҳоли ўзгариб.

У йўлини бошқа томон бурди бемалол,
Оҳ-воҳ уриб қолавердим, кўнгил ҳам бўшаб.
Дилрабога борлиғимни фидо этардим,
Афсус, келмас жонимни ҳам қўйсамда тўшаб.

Бир жилмайиш, табассуми мени зор айлар,
Нима борки бисотимда бермоққа тайёр.
У тўхтамас, мен бечора алданган ошиқ,
Маликадек бевафо у, маккор ва айёр.

Ноз-карашма қилганича олислайди у,
Қўл чўзаман, қўлим етмас, этагин силкар.
У тўхтамас, қайрилиб ҳам қарамас бир бор,
У ҳурлиқо, у гулсанам, у парипайкар.

Телба каби интилганим сари қочар у,
Йўлларига кўз тикканим беҳуда бари.
Кўз олдимда жилва қилар, истиғно айлар,
Узоқлашиб бораверар етганим сари.

Энди эса шу анорга термиламан жим,
Аччиқми ё ширинми деб ўйлайман ҳануз.
У ҳурлиқо қайга кетди, борайин десам,
Изларини супурибди фаррош каби куз.

3. ҚЎТОСЛАР

Қорли тоғлар этагида қўтослар борар,
Бораверар ёйилганча кенглик, адирга.
Оғизлардан кўпик тошар, ҳаллослаб чопар,
Қорда юрмоқ оғир, оғир, шамол ҳам бирга.

Кўз очирмас олдиндаги эсган изғирин,
Бир тарафда ҳидни олиб бўрилар увлар.
Бир тарафдан келаётир қашқирлар ўраб:
Базмларни безатар деб бундай сурувлар.

Сал орқада оқсоқланар кекса бир қўтос,
Қочмоқ истар, қоча олмас, йиртқич чанг солар.
Тишлаб тортар, тилка-пора айлар лошини,
Осмондаги ғажирлар ҳам қулай пайт пойлар.

Қўтосларни ҳайдар шамол олдига солиб,
Ўнқир-чўнқир жардан ўтар тўхтамай бирпас.
Чор тарафда хавфу хатар, таҳлика, ваҳм,
Увиллашу тиш ғижири, ваҳшиёна сас.

Қорга ботар тепаликда қора қўтослар.
Қош қораяр, ҳалигача ойдан дарак йўқ.
Яйдоқ чўлдай ҳувиллайди бўм-бўш даралар,
Қор аралаш, қор аралаш, тиғ санчар совуқ.

Рўпарада яна довон, музлик, шамол, қор,
Ҳаёт-мамот жанги борар, ҳалокат тайин.
Қўрқув билан забт этилмас юксак чўққини,
Қўтосларнинг шашти тушар боргани сайин.

Ҳув жарликдан чиқиб келар қашқирлар ногоҳ,
Орқароқда юра олмас қўтос қалтираб.
Бир зарбада тинчийди у, жон берар афсус,
Йиртқичларнинг даврасида осмонга қараб.

Йўл кўринмас. Қор бўрони қўпар кенгликда,
Ёввойи бир қичқириғу даҳшат ва қўрқув.
Қор бағирлаб судралади олдинга қараб
Қоронғида қўтослардан иборат сурув.

Қонсираган йиртқич гала ҳамла қилмоқчи,
Мунглиғ шамол огоҳ этар бурғуни чалиб.
Гоҳ кўринар, гоҳ йўқолар, кутилмаганда
Човут солар қўтосларга яна айланиб.

Баланд тоғлар этагида қўтослар борар,
Қор аралаш изғиринда кўзлар юмилиб.
Нигоҳларда қотиб қолган шашту шижоат,
Гоҳ юради, гоҳ йиқилар қорга кўмилиб.

4. ЎТОВ

Чўққиларнинг кийиб олган дубулғалари
Олислардан қараганда турар ярашиб.
Оппоқ соқол ҳилпирайди, таралганида
Дараларга оқиб тушар кўксидан тошиб.

Қоятошлар хаёл сурар сукутга чўмиб,
Ҳар бир қадам қўйганингда юргин сен ўйлаб.
Сулаймонтоғ бошидаги тошларга қара,
Сенга не-не ҳикоятлар беради сўйлаб.

Харсангтошдан силқиб чиққан чашма бир ҳовуч,
Қандай роҳат бориб ичсанг чанқаганингда.
Чўпон бўлиб юрсам дейсан тоғлар бағрида,
Ўтов тикиб яшасам деб ҳар борганингда.

Кечалари юлдузларга тўйиб термилсанг,
Руҳингни ҳам тонгга қадар ювиб сойларда.
Қоятошлар кафтида сен ўйланиб ётсанг,
Гўдак каби эркаланиб бундай жойларда.

Ҳар тарафдан ўраб турган ҳайбатли тоғлар,
Сенга бир не айтмоқ бўлар донишманд чолдек.
Дараларнинг тор сўқмоғи қайга йўл бошлар,
Хаёлларинг тутқич бермас учқур маролдек.

Хотирангда изтироблар қайнар булоқдек,
Кечалари оқиб ётар, сени тинч қўймас.
Қандай ширин ғам-андуҳинг, ундан тотганлар
Мазасини бир умрга унута олмас.

Водий сари кўз ташлайсан, ҳорғин қарайсан,
Ич-ичингда бош кўтарар ожиз бир титроқ.
Наҳот, наҳот, темирчилар босқонларида
Ҳалигача ясаётир чалғи ва ўроқ.

Наҳот, наҳот, эр йигитлар отлар чоптириб,
Қиличларин кўкка сермаб, ойга қайрамас.
Тун қуюлар, дара йўллар қоронғиликда,
Наҳот, энди у йўлларда асло юрилмас.

Ўтов томон яқинлашар тиш қайраб довул,
Кенгликларга энтикасан ололмай нафас.
Қанча вақт ардоқлаган маъюс қушчани
Ташқарига учиради бу кўкрак қафас.

Юрагингнинг торларини камон ипидек,
Сўнгги марта тортиб шайла отайин десанг.
Сўзларингни найза каби териб қўй қатор,
Гўрингда тинч, бехавотир ётайин десанг.

ЭСКИ РАВОҚ
Туркум

1
Юлдузларга қараётган дарахтларнинг
Узоқ-узоқ сукутида қанча ҳикмат бор.
Анҳор тунда оқиб ётар боғ аро маҳзун,
Дилгирликни оширар у ёхуд ғамгусор.

Томчилаган ёмғирларни ҳайдайди шамол,
Бу равоқда хаёл сурмай чиқиб бир қара.
Зўрға илғаб сўлиш тортган гулларки бу чоғ,
Қуш патидай учиб кетар, тўзғир хотира.

Шу боғ аро сочилган дур-марваридларни,
Ҳали биров терган эмас, қараган эмас.
Ким ҳам очиб қўяр тунда деразаларни,
Боғдан чиққан оҳангларга қулоқ-ку солмас?!

Қоронғулик тўрин ёяр, тин олар дунё,
Ҳув, олисда эринганча кенгликлар мудрар.
Кўкда ўчиб қолганида ой шамчироғи
Парвоналар бир-бирининг жасадин судрар.

2
Ўт-ўланлар, гуллар узра ёғилар шудринг,
Биллур қадаҳ тўлаётир сабуҳий майга.
Бир шарпа жим айланар-у, тўхтаб, дафъатан,
Синдирмасдан жўнаб қолар бу маҳал қайга?

Бу тун аро юрагингни очиб қўймасанг,
Ҳаяжонинг вужудингда тўлиб-тошмоқда.
Бу тун аро сен шамолга айланолмасанг,
Туйғуларинг ирмоқдайин қайга шошмоқда?

Бу тун аро ёйиб қўйсанг хотираларни
Қарай-қарай зерикади осмон варақлаб.
Сенинг бундай дил изҳоринг ўқий олмас у,
Турса ҳамки ойдинликдан атроф чарақлаб.

Ой нурини эмаётган борлиқ мириқар,
Гўзал аёл қучоғида гўдак ётгандай.
Бундай ёруғ кечаларни унутиб бўлмас,
Юрагингга йўл топиб у мангу қотгандай.

3
Аста эриб оқа бошлар тўнғиган шамол,
Юракни ҳам худди шундай эритармикан?
Қуш дилдирар ўтган фасл ортида қолиб,
Патларини ой нурида қуритармикан?

Сирли кўза янглиғ бу кеч бўшаган кўнгил,
Ана лим-лим тўлғизилган гулкосани ол.
Сенга туннинг таровати, шамол ўкинчи,
Ҳилол сунган ёғдуни ҳам, майли, олақол!

Анҳор бундан оқизади ойнинг аксини,
Ниначилар қармоқ ташлар олиб қолмоққа.
Боғ ҳам тўлар гўзал-гўзал капалакларга,
Ҳашаротлар келаётир, қара сўқмоққа.

Сайрга чиқ, тун қоплаган сайҳонликларда
Шитирлашлар авжланар – дилга яқин сас.
Ҳали шошма, олиб қочар хаёлларингни,
Ҳали шошма, қулоқ тутсанг бўлгани бирпас.

4
Йилтираган осмонни ҳам бошга кўтариб,
Чирилдоқлар боғ саҳнида чолғусин чалар.
Чор атрофни лол қолдирар, лекин биргина
Дарахтлар индамасдан хаёлга толар.

Хум оғзини пойлаётир бир четда шамол,
Боғбон қайда қотиб ухлар, сузгин мусаллас.
Дил ғубори, рутубатни ювмоқ истасанг,
Ҳали бундай мусалласни дунё кўрганмас.

Ёруғ кеча. Ой нурлари тушиб турганда
Учаргилам тўқиб олгин, шошмай бемалол.
Боғлар аро енгилгина сайр этганча
Ҳали қайтмас ётоғига заркокил ҳилол.

Олисларга қараяпсан сен бу равоқда,
Қанча вақт ўтиб борар, сукутда чорбоғ.
Сен тентираб юрганингда йўлни тополмай,
Бу боғ нурга чулғанади мусаффо, оппоғ.

5
Кўкка ҳайдар қувлаб-қувлаб капалакларни,
Ой ёғдуси ёғаётган ҳовуз жимирлар.
Ўҳ, бу қадар ойдинликда ўт-ўланларнинг
Орасида нималардир юрар, ғимирлар.

Ана шунда чирилдоқлар парвозини кўр,
Ғуж-ғуж бўлиб кўтарилар ой сари учиб.
Бутун борлиқ чиройини кўзгуга солар,
Бундай кеча оғушида уйқудан кечиб.

Ажиб бўйлар таралади гулзорлар бўйлаб,
Дарахтлар сени кўриб ҳайратланишар.
Гул-чечаклар олқишлайди, япроқларидан
Пояндозлар тўшамоққа ҳозирланишар.

Сен юксакка кўтарилгин, борлиқни унут,
Бундай сайр гаштини не билсин бу равоқ.
Еру осмон қовушгандек, сен орада йўқ,
Ҳув пастликда қолиб кетар кимсасиз чорбоқ.

0-Shoor-Se-Chal-Raha-Hai-Karobar-E-Muhabbat-Poetry.jpgXurshid Davron
TABIATGA OSHUFTA KO’NGIL
«Tungi sayr» kitobi uchun yozilgan
08

She’r tuyg’u va dard hosilasidir, degan gap bor. Asl va toza she’rni o’qiganda unda o’z tuyg’ularingiz, armonlaringiz, sevinchlaringiz aksu sadosini ko’rasiz, olis-olisda qolgan xotiralarning iztirobli va aziz suratlari ko’z o’ngizgizda qalqiydi. Mana bu ikki satrning o’zigina yuraklarda ne-ne tuyg’ular manzarasini paydo etadi:

Oy nurini o’rab qo’limga,
Pillapoya to’qiyman tunda.

Bobomurod Eralining she’rlarini o’qiy boshlaganimda olisdagi yoshligimga qaytganday bo’ldim, o’sha xiralashgan, ammo ko’ngilning bir chetida jimirlab turgan tuyg’ular qonimni isitganini sezdim. Shoir o’zbek shoirlarining azaliy, aniqroq aytsam, XX asrning ikkinchi yarmida ustuvor bo’lgan doirasida ijod qilsa-da, o’z ohangu rangini topa olgan.
Ularda “Surxon bilan bog’liq armonlar”, “tunlar bildirmay yog’ib o’tgan qor”, “ko’zga sig’mas yam-yashil kunduz”, “olis Bobotog’dan tushib keladi, hali sevilmagan sohibjamollar” yashaydi. Shoirning bir she’rida shunday satrlar bor:

Bahorgi qirlardan tergan lolamiz,
So’lmasdan qalblarda o’sa boshladi.

Men ham shoir ukamga she’rlarining qalblarda, yuraklarda, zamonlaru nafaslarda so’lmas lola bo’lib o’sib qolishini tilab qolaman.

Bobomurod   Erali
SHE’RLAR
08

088 Bobomurod Erali 1965 yilda Surxondaryo viloyati Qumqo’rg’on tumanidagi Sherozi qishlog’ida tug’ilgan. O’rta maktabni tugatib, Toshkent Davlat Universitetining (hoxirgi O’zMU) o’zbek filologiyasi  fakultetida tahsil oldi. So’ngra O’zbekiston Fanlar akademiyasi Alisher Navoiy nomidagi til va adabiyot institutida ilmiy izlanishlar olib bordi. Hozir Toshkent Islom universiteti nashriyot-matbaa birlashmasida faoliyat  yuritadi.

05

KUZGI DARAXT

Ufqqa talpinar bu daraxt,
Jim-jit turmoq joniga tekkan.
Shamolda hilpirar ko’ylagi —
Tugmalari yechilib ketgan.

KUTISH

Tun.
Osmon qilichiga boshimni tutdim.

Nechun yotar osmon tubida,
Uni ko’tarmaydi bironta odam?

Osmon qilichiga boshimni tutdim.

Tark etgim kelmasdi kechani,
Ko’z tikib qilichning ko’tarilishiga.

Osmon qilichiga boshimni tutdim.

Kesmadi bu qilich —
Zanglagan qilich.

SHOIR YIG’ISI

Tomoqqa tiqilgan ko’z yoshim — Vatan…
Rauf Parfi

Yig’lamoqqa shaydir qorachuqlarim,
Ko’ksimni bir o’tmas xanjar tiladi.
Tilingan joylarni yopdi qo’llarim,
Ko’zlarimga to’lib Vatan keladi.

Chayqalib boraman qadim dasht aro,
Yerga tomgan qonni itlar yaladi.
Qip-qizil izimni ko’rib daf’atan,
Ko’zlarimga to’lib Vatan keladi.

Men ham bir yo’lchiday ketaveraman,
Shamollar «Qo’rqma» deb sochim siladi.
Yig’lab tashlay deyman — yig’lay olmayman,
Ko’zlarimga to’lib Vatan keladi.

VATAN SURATI

Xurshid Davronga

Keksa shahar uxlar. Osoyishta tun,
Bir-bir darvozani qo’ydilar yopib.
Sag’risiga oyni mindirib olgan,
Qirlarda o’ynaydi tulporlar chopib.

Kishnaydi, yolini silkitib yelda,
Sog’inib qamchinni,chavandozlarni.
Tun bo’yi botadi qop-qora terga,
Sukunat ko’madi ovozlarini.

Sahar. Yulduzlarning so’nggi safini
Otib o’ldirdilar, tushmoqda qulab.
Quyosh ham chiqar-u,ufqda o’ltirar
Shahar shovqiniga tomoshatalab.

Samarqand ming yillar juda muqaddam,
Kelajakka uchgan qora laylakdir.
Samarqand – momolar to’qib qoldirgan,
Bizlar kiyib yurgan oppoq ko’ylakdir.

Orom bermayotir,qiynalar yurak,
O’sha kunlar yodi,xotiralari.
Dunyoning ko’ziga turar sanchilib,
Ko’hna Samarqandning minoralari.

1986

DO’STIMGA

Yillar uchqur,o’taveradi ,
Xotiralar tobora og’ir.

Xurshid Davron

Sen yurgan so’qmoqlar menga ham tanish,
Sen tergan gulardan men ham terganman.
Ucholmay qulasa biz sevgan oqqush,
Qancha kun ovloqda yig’lab yurganman.

Ufqlar ortini xayol qilardik,
Sog’inchlar tobora qiynardi bizni.
Qorlarga bosh egsa qishda Bolalik,
Sokinlik yutardi dardlarimizni.

Yulqinib ajraldi yuraklarimiz,
Yoshlik ko’chalarda jilmasdan qoldi.
Bahorgi qirlarda tergan lolamiz
So’lmasdan qalblarda o’sa boshladi.

1982

ARAVON

Shavkat Rahmonga

1. OYDIN XAYOL

Yuraversang, xayol surib, hech kim ko’rmasa,
Ko’kda g’ujg’on jimirlasa yulduzlar toshib.
Yetib kelsa shamol eski ulfat, tanishdek,
Sokingina dalalaru qirlardan shoshib.

Sukunatning qabosini kiygan daraxtlar,
Hayo bilan yerga qarab uyalib tursa.
Qorovulmi, yo bir otliq shunday go’zal payt,
Senga o’xshab yolg’iz o’zi aylanib yursa.

Chirildoqlar to’y qilishar butazorlarda,
To’yxat berib aytganida sen ham borarding.
Davrasida yuragingni bo’shatib yozgan
Mehmonlarga she’rlaringdan o’qib berarding.

Ariqlarda oqayotir suv simobsimon,
Oydinlikda yaltiraydi, tovlanar yal-yal.
Oqayotir tilla yanglig’, yo kumushsimon,
O’t-o’lanlar sukutdayu jonzot bo’lib lol.

Oyni ichsang, tongga qadar tip-tiniq sutdek,
Ichaversang, toki undan yorishsa iching.
Daraxtlar ham icha olmas sen ichganingdek,
Ichaversang, oy nuriga tutib hovuching.

Yuraversang, bo’shab yotgan sayhonlar osha,
Seni bunga tashlab ketsa bildirmay shamol.
Qadrdoning ninachilar shoshilganicha,
Jo’nab qolsa cholg’usini ko’tarib darhol.

Yalpizlarning qulog’ida shoda marvarid,
Kechagina osmon unga taqib qo’ygandek.
Daraxtlar yaprog’ini bir-bir tushirar,
Ichga yutgan g’amlarini so’ylayotgandek.

Yorg’uchoqda g’amni tuyib malham aylasang,
Oy nurini quysang ozroq, qo’shilsa shudring.
Daraxtlar shiviriyu soy shovullashi,
Bu hayotning achchig’in ham, bir tatib ko’ring.

Nima qilsang, ziyofatga kelmasa hech kim,
Ertagacha aynib qolsa bu tansiq taom.
Do’stlaring ham xushlamaydi, tanovul qilmas,
Balki, balki uzr so’ra, pishmaganmi, xom?

Yuraversang xayol surib, hech kim ko’rmasa,
Tunni, oyni, yulduzlarni qotirib qo’ysang.
G’am-qayg’uga o’zing botsang, botmasa hech kim,
Yosh go’dakdek boshqalarga jilmayib qo’ysang.

2. CHISTON

Qarab turib o’ylanaman, g’amlar yutaman,
Ko’z oldimda yoqut kabi aylanar anor.
Senga loyiq emasligin ancha kech bildim,
Uzun tunlar mijja qoqmay tikkanim qanor.

Bu hayotning chistoniga javob ham mushkul,
Qiynalasan, o’ylanasan soching oqarib.
Yuzlariga parda tortgan g’am-qayg’ularim,
Yuragimdan chiqib kelar tobut ko’tarib.

Shu tobutga joylab ana suluv kelindek
Olib o’tar sevgilimni, ko’z quvonchimni.
Gulgun yuzi porlab meni asir aylagan,
Halovatim o’g’irlagan, olgan tinchimni.

Qancha tunlar yolvordim men, kel deb chaqirdim,
Tushlarimda paydo bo’lib es-hushim oldi.
O’z-o’zimcha yoqarmi deb she’rlar to’qirdim,
U nozlandi, u yuz burdi, qayg’uga soldi.

Shamol bo’lib yo’llariga chiqib turardim,
Mayli, faqir quling bo’lay derdim yolvorib.
Oyog’iga yiqilmoqqa shaylanar edim,
Zora menga qiyo boqsa holi o’zgarib.

U yo’lini boshqa tomon burdi bemalol,
Oh-voh urib qolaverdim, ko’ngil ham bo’shab.
Dilraboga borlig’imni fido etardim,
Afsus, kelmas jonimni ham qo’ysamda to’shab.

Bir jilmayish, tabassumi meni zor aylar,
Nima borki bisotimda bermoqqa tayyor.
U to’xtamas, men bechora aldangan oshiq,
Malikadek bevafo u, makkor va ayyor.

Noz-karashma qilganicha olislaydi u,
Qo’l cho’zaman, qo’lim yetmas, etagin silkar.
U to’xtamas, qayrilib ham qaramas bir bor,
U hurliqo, u gulsanam, u paripaykar.

Telba kabi intilganim sari qochar u,
Yo’llariga ko’z tikkanim behuda bari.
Ko’z oldimda jilva qilar, istig’no aylar,
Uzoqlashib boraverar yetganim sari.

Endi esa shu anorga termilaman jim,
Achchiqmi yo shirinmi deb o’ylayman hanuz.
U hurliqo qayga ketdi, borayin desam,
Izlarini supuribdi farrosh kabi kuz.

3. QO’TOSLAR

Qorli tog’lar etagida qo’toslar borar,
Boraverar yoyilgancha kenglik, adirga.
Og’izlardan ko’pik toshar, halloslab chopar,
Qorda yurmoq og’ir, og’ir, shamol ham birga.

Ko’z ochirmas oldindagi esgan izg’irin,
Bir tarafda hidni olib bo’rilar uvlar.
Bir tarafdan kelayotir qashqirlar o’rab:
Bazmlarni bezatar deb bunday suruvlar.

Sal orqada oqsoqlanar keksa bir qo’tos,
Qochmoq istar, qocha olmas, yirtqich chang solar.
Tishlab tortar, tilka-pora aylar loshini,
Osmondagi g’ajirlar ham qulay payt poylar.

Qo’toslarni haydar shamol oldiga solib,
O’nqir-cho’nqir jardan o’tar to’xtamay birpas.
Chor tarafda xavfu xatar, tahlika, vahm,
Uvillashu tish g’ijiri, vahshiyona sas.

Qorga botar tepalikda qora qo’toslar.
Qosh qorayar, haligacha oydan darak yo’q.
Yaydoq cho’lday huvillaydi bo’m-bo’sh daralar,
Qor aralash, qor aralash, tig’ sanchar sovuq.

Ro’parada yana dovon, muzlik, shamol, qor,
Hayot-mamot jangi borar, halokat tayin.
Qo’rquv bilan zabt etilmas yuksak cho’qqini,
Qo’toslarning shashti tushar borgani sayin.

Huv jarlikdan chiqib kelar qashqirlar nogoh,
Orqaroqda yura olmas qo’tos qaltirab.
Bir zarbada tinchiydi u, jon berar afsus,
Yirtqichlarning davrasida osmonga qarab.

Yo’l ko’rinmas. Qor bo’roni qo’par kenglikda,
Yovvoyi bir qichqirig’u dahshat va qo’rquv.
Qor bag’irlab sudraladi oldinga qarab
Qorong’ida qo’toslardan iborat suruv.

Qonsiragan yirtqich gala hamla qilmoqchi,
Munglig’ shamol ogoh etar burg’uni chalib.
Goh ko’rinar, goh yo’qolar, kutilmaganda
Chovut solar qo’toslarga yana aylanib.

Baland tog’lar etagida qo’toslar borar,
Qor aralash izg’irinda ko’zlar yumilib.
Nigohlarda qotib qolgan shashtu shijoat,
Goh yuradi, goh yiqilar qorga ko’milib.

4. O’TOV

Cho’qqilarning kiyib olgan dubulg’alari
Olislardan qaraganda turar yarashib.
Oppoq soqol hilpiraydi, taralganida
Daralarga oqib tushar ko’ksidan toshib.

Qoyatoshlar xayol surar sukutga cho’mib,
Har bir qadam qo’yganingda yurgin sen o’ylab.
Sulaymontog’ boshidagi toshlarga qara,
Senga ne-ne hikoyatlar beradi so’ylab.

Xarsangtoshdan silqib chiqqan chashma bir hovuch,
Qanday rohat borib ichsang chanqaganingda.
Cho’pon bo’lib yursam deysan tog’lar bag’rida,
O’tov tikib yashasam deb har borganingda.

Kechalari yulduzlarga to’yib termilsang,
Ruhingni ham tongga qadar yuvib soylarda.
Qoyatoshlar kaftida sen o’ylanib yotsang,
Go’dak kabi erkalanib bunday joylarda.

Har tarafdan o’rab turgan haybatli tog’lar,
Senga bir ne aytmoq bo’lar donishmand choldek.
Daralarning tor so’qmog’i qayga yo’l boshlar,
Xayollaring tutqich bermas uchqur maroldek.

Xotirangda iztiroblar qaynar buloqdek,
Kechalari oqib yotar, seni tinch qo’ymas.
Qanday shirin g’am-anduhing, undan totganlar
Mazasini bir umrga unuta olmas.

Vodiy sari ko’z tashlaysan, horg’in qaraysan,
Ich-ichingda bosh ko’tarar ojiz bir titroq.
Nahot, nahot, temirchilar bosqonlarida
Haligacha yasayotir chalg’i va o’roq.

Nahot, nahot, er yigitlar otlar choptirib,
Qilichlarin ko’kka sermab, oyga qayramas.
Tun quyular, dara yo’llar qorong’ilikda,
Nahot, endi u yo’llarda aslo yurilmas.

O’tov tomon yaqinlashar tish qayrab dovul,
Kengliklarga entikasan ololmay nafas.
Qancha vaqt ardoqlagan ma’yus qushchani
Tashqariga uchiradi bu ko’krak qafas.

Yuragingning torlarini kamon ipidek,
So’nggi marta tortib shayla otayin desang.
So’zlaringni nayza kabi terib qo’y qator,
Go’ringda tinch, bexavotir yotayin desang.

ESKI RAVOQ
Turkum

1
Yulduzlarga qarayotgan daraxtlarning
Uzoq-uzoq sukutida qancha hikmat bor.
Anhor tunda oqib yotar bog’ aro mahzun,
Dilgirlikni oshirar u yoxud g’amgusor.

Tomchilagan yomg’irlarni haydaydi shamol,
Bu ravoqda xayol surmay chiqib bir qara.
Zo’rg’a ilg’ab so’lish tortgan gullarki bu chog’,
Qush patiday uchib ketar, to’zg’ir xotira.

Shu bog’ aro sochilgan dur-marvaridlarni,
Hali birov tergan emas, qaragan emas.
Kim ham ochib qo’yar tunda derazalarni,
Bog’dan chiqqan ohanglarga quloq-ku solmas?!

Qorong’ulik to’rin yoyar, tin olar dunyo,
Huv, olisda eringancha kengliklar mudrar.
Ko’kda o’chib qolganida oy shamchirog’i
Parvonalar bir-birining jasadin sudrar.

2
O’t-o’lanlar, gullar uzra yog’ilar shudring,
Billur qadah to’layotir sabuhiy mayga.
Bir sharpa jim aylanar-u, to’xtab, daf’atan,
Sindirmasdan jo’nab qolar bu mahal qayga?

Bu tun aro yuragingni ochib qo’ymasang,
Hayajoning vujudingda to’lib-toshmoqda.
Bu tun aro sen shamolga aylanolmasang,
Tuyg’ularing irmoqdayin qayga shoshmoqda?

Bu tun aro yoyib qo’ysang xotiralarni
Qaray-qaray zerikadi osmon varaqlab.
Sening bunday dil izhoring o’qiy olmas u,
Tursa hamki oydinlikdan atrof charaqlab.

Oy nurini emayotgan borliq miriqar,
Go’zal ayol quchog’ida go’dak yotganday.
Bunday yorug’ kechalarni unutib bo’lmas,
Yuragingga yo’l topib u mangu qotganday.

3
Asta erib oqa boshlar to’ng’igan shamol,
Yurakni ham xuddi shunday eritarmikan?
Qush dildirar o’tgan fasl ortida qolib,
Patlarini oy nurida quritarmikan?

Sirli ko’za yanglig’ bu kech bo’shagan ko’ngil,
Ana lim-lim to’lg’izilgan gulkosani ol.
Senga tunning tarovati, shamol o’kinchi,
Hilol sungan yog’duni ham, mayli, olaqol!

Anhor bundan oqizadi oyning aksini,
Ninachilar qarmoq tashlar olib qolmoqqa.
Bog’ ham to’lar go’zal-go’zal kapalaklarga,
Hasharotlar kelayotir, qara so’qmoqqa.

Sayrga chiq, tun qoplagan sayhonliklarda
Shitirlashlar avjlanar – dilga yaqin sas.
Hali shoshma, olib qochar xayollaringni,
Hali shoshma, quloq tutsang bo’lgani birpas.

4
Yiltiragan osmonni ham boshga ko’tarib,
Chirildoqlar bog’ sahnida cholg’usin chalar.
Chor atrofni lol qoldirar, lekin birgina
Daraxtlar indamasdan xayolga tolar.

Xum og’zini poylayotir bir chetda shamol,
Bog’bon qayda qotib uxlar, suzgin musallas.
Dil g’ubori, rutubatni yuvmoq istasang,
Hali bunday musallasni dunyo ko’rganmas.

Yorug’ kecha. Oy nurlari tushib turganda
Uchargilam to’qib olgin, shoshmay bemalol.
Bog’lar aro yengilgina sayr etgancha
Hali qaytmas yotog’iga zarkokil hilol.

Olislarga qarayapsan sen bu ravoqda,
Qancha vaqt o’tib borar, sukutda chorbog’.
Sen tentirab yurganingda yo’lni topolmay,
Bu bog’ nurga chulg’anadi musaffo, oppog’.

5
Ko’kka haydar quvlab-quvlab kapalaklarni,
Oy yog’dusi yog’ayotgan hovuz jimirlar.
O’h, bu qadar oydinlikda o’t-o’lanlarning
Orasida nimalardir yurar, g’imirlar.

Ana shunda chirildoqlar parvozini ko’r,
G’uj-g’uj bo’lib ko’tarilar oy sari uchib.
Butun borliq chiroyini ko’zguga solar,
Bunday kecha og’ushida uyqudan kechib.

Ajib bo’ylar taraladi gulzorlar bo’ylab,
Daraxtlar seni ko’rib hayratlanishar.
Gul-chechaklar olqishlaydi, yaproqlaridan
Poyandozlar to’shamoqqa hozirlanishar.

Sen yuksakka ko’tarilgin, borliqni unut,
Bunday sayr gashtini ne bilsin bu ravoq.
Yeru osmon qovushgandek, sen orada yo’q,
Huv pastlikda qolib ketar kimsasiz chorboq.

БОБОМУРОД ЭРАЛИНИНГ «ТУНГИ САЙР» КИТОБИНИ CALAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ,ЮКЛАБ ОЛИНГ.

077

(Tashriflar: umumiy 266, bugungi 1)

Izoh qoldiring