Ahmad A’zam.Til nomusi.


Аҳмад Аъзам. Тил номуси.Тошкент.,Akademnashr. 88 бет

    Таниқли адиб, адабиётшунос Аҳмад Аъзам қаламига мансуб сўнгги китоб бугун босмахонадан қўлимизга келиб тегди. Афсуски, уни қўлга олиб кўриш муаллифнинг ўзига насиб этмади.
Мазкур рисолага жамланган мақолаларида она тилимизнинг тарихи, бугуни ва келажаги ҳақида муаллифнинг кузатишлари, фикр-мулоҳазалари, узоқ йиллик изланишлари натижалари баён этилган. Китобни ўқиб ҳар бир миллатдошимизнинг руҳида тилимиз тақдирига нисбатан куюнчаклик, шуурида сергаклик ва жонсараклик, қалбида эса номус уйғонишидан умидвормиз. Зеро, тил номуси миллат номусидир.

090

034
Аҳмад Аъзам
КИТОБГА КИРГАН МАҚОЛАЛАРДАН ИҚТИБОСЛАР

Тил – шунчаки гапириш ёки ёзиш эмас, тил – одамнинг тийнати, дил ойнаси, маданияти. Одам олган жами тарбияларнинг ҳосиласи. Атайлаб шевада ёзиш, фарқи йўқ, кинофильмда актёрларни гапиртирамизми ёки телевизорда ўзимиз маҳаллий ватанпарварлик қиламизми, бу билан маънавий чекланганимизни, маънан қашшоқлигимизни кўз-кўз қиламиз. Ўйламайликки, шу билан тилимга табиийлик бераман, ҳаммаҳаллаларимизга яқинроқ бўламан деб. Аксинча. Адабий тилни бузишга жиноий модда қўйилмаган, чунки бунга жазо миллатнинг жавобгар аъзоси сифатида ҳар бир одамнинг ўзи билан.

Ҳозирги адабий тилимиз не-не асрлар давомида қанча минглаб ижодкорларнинг тинимсиз меҳнати ҳосиласи эканини бир ўйлаб кўрайлик. Тил тарихини гапирганда Ўрхун-Онасой ёдгорликларидан бошлаймиз, “будун”, “улус”, “қоон”, “очун”ни ҳали ҳам билишимиздан фахр қиламиз. “Девону луғатит турк”ни яратиб бергани учун Маҳмуд Қошғарийни тил пиридек хотирлаймиз. “Қутадғу билиг” яратилганми, бинобарин, унга замин – тил ва уни китобга муҳрлаб асраш зарурати бўлган. Агар тилни қўриқлаш, унинг обрўсини жойига қўйиш, янги мартабаларга кўтариш эҳтиёжи бўлмаганда, вазири аъзамнинг мингта, шеъриятининг юз мингта ишидан вақт ажратиб, форсу арабий тилларни сув қилиб ичган ҳазрат Навоий бобомиз туркий тил шаън-шавкати борасида “Муҳокаматул-луғатайн”ни ёзмаган бўлур эдилар. Керак экан она тилини қўриқлаш, босқинлардан ҳимоялаш ва ўстириш, шу фидойиликлар қилинган.

Туркий чиғатой, яъни ҳозирги ўзбек тилимиз ўтмишда барча туркий эл ва элатларга тушунарли бир ўзак тил эди. Турк Юнус Эмро, туркман Махтумқули, озар Насимий, қозоқ Абай, қорақалпоқ Бердақ битта тил дарёсидан баҳра олган ва бугун уларни ўгириш ҳам унча шарт эмас. “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Манас”, “Ўғузнома”, “Кўрқут ота” бир тил заминида яратилган. Бу тилнинг бош бўғини – шу, она тилимиздир. Уни асраб-авайлаш, унинг шева-лаҳжаларининг тоза булоқларидан яна сув олиш, фақат ўзимиз учунгина эмас, қардош тиллар ривожи учун ҳам ниҳоятда керак. Тилда олди-берди ўзимиз учун ҳам сув билан ҳаводек зарур.

Мен вақти-вақти билан луғат варақлашни хуш кўраман, энг яхши кўрганим эллик тўққизинчи йили чиққан “Ўзбекча-русча луғат” эди, уни роман ё қисса ўқигандек берилиб ўқийман. Сўзлар оҳанрабодек ўзига тортади. Эллик йил олдин одамлар қанақа гаплашган, тилимизнинг аҳволи қандай бўлган, бугуни билан солиштирганда нима ўзгаришлари бор – луғатни ўқиб бу ҳақда анча тасаввур олса бўлади. Тилимизнинг ярим аср илгаригача манзараси бугунни ҳам ёритиб, нималар қилишимиз зарурлигини ҳам таъкидлаб туради. Мазкур луғатда қадимдан келаётган беқиёс гавҳарлар билан бирга давр, мафкура тақозоси билан тўкилган шағал тошларигача акс этган. Унда баъзи сўзлар бор, маъно теранлиги, ифода товланишлари одамни ҳайратга солади, лекин бугунга келиб тасарруфдан чиқиб кетган, агар ҳам таржима-паржимада ишлатилиб қолмаса, қўлланилмайди; айрим ибора ё атамалар борки, тилимиз тийнатига ёт, сунъий кўчирма, лекин кўп фойдаланилгани учун қулоққа қуйилиб, қўллаш одатга айланиб, авом тилbдан, кейин луғатдан ҳам жой олиб қолган, энди чиқиб кетиши жуда қийин.

Ўтган аср ўрталаридаги луғатнинг тил манзараси бугунги кундаги муаммоларни, айтиш мумкинки, тил экологияси долзарблигини, яъни бепарволик, беписандлик, эътиборсизлик, кўп ҳолларда эса саводсизлик туфайли гуфтугў забонимизнинг бузилиши муаммоларни уқтириб туради . Мисоллар кўлами, табиийки, миллионлаб одам тасарруф этгани боис ниҳоятда кенг.

Ўзбек халқ тили – улкан, у Марказий Осиёда катта бир ареални қамраб олган, бугунги кун у қирқ миллион, балки кўпроқ одамларнинг она тили. Адабий тил унинг ичида – мисоли давлат ичидаги давлат, бу давлатнинг асоси эса Ўзбекистонимиз, қўшни давлатлардаги ўзбеклар асосан ўз шева ва лаҳжаларида сўзлашадилар; адабий тилнинг улардаги ривожи жуда кўп жиҳатдан бизга боғлиқ, бизда адабий тил давлат мақомида ҳамда қонун ҳимоясида ва боис бу тилни асраб-авайлаш, тоза сақлаш, чет тиллар таъсирини бир меъёрга келтириш зарурияти бизнинг, кўпроқ қалам аҳлининг зиммасида.

Авом тилнинг ривожи асрлар давомида табиий кечди, ўтган аср бошларигача арабий ва форсий тиллар билан доимий мулоқотдан бошқа унчалик таъсирларга учрамаган; адабий тил эса авом тили, қора тил (ҳам улкан, ҳам ишлов берилмаган, ёмби маъносида) чашмаларидан чиқадиган зилоллардан йиғилиб, асрлар мобайнида сайқал ишлов берилиб, сайқал топган ва бугунги замон талаби билан яна ҳам шева неъматларидан озиқланиб такомилда келаётган наҳрул ҳаёт.

Халқ тилининг насли тоза бўлади, четдан кўп оқова қўшилиб, усти лойқаланса-да, туби тиниқлигича қолади. Оқованинг лойқаси ҳам вақт ўтиши билан чўкади, шу туб оқимга аралашиб кетади. Лекин кўп қуйилаверса, уни ҳам бўтана қилади, қайта тинитиш учун не-не йиллар, балки асрлар керак бўлади. Йигирманчи аср бошларидан бери тилларнинг аралашув жараёни бир текис муқаррар кечаётгани учун нотоза сувни ичишга кўникиб боряпмиз, тил тамини билишимиз сусайган. Бу эса тафаккурни тўмтоқлаштиради.

Авом сарфу наҳв қоидаларини атайлаб ўрганмайди, бунинг унга зарили ҳам йўқ, унинг тили табиий туғма, у тил қоидаларидан махсус дарс олмаган ҳолида ҳам бу қоидаларга тўқис амал қилади. Яна ҳам тўғрироғи, табиий тил жараёнини илм учун биз – …шунослар қоида-қолипга солиб ўрганамиз, назария билан мезон-меъёрларга соламиз. Айниқса кейинги йлларда шу мезон-меъёрлар билан ҳам ишимиз бўлмай қолди.

Авом тилини, дўппини ечиб ўйласак, халқнинг ўзи бузмайди, бузадиган ёт истилоҳ-ибораларни бу тирик оқим устига биз – қалам аҳли сочамиз, халқ эса уларни ўз талаффузига мослаб, сўзлашув нутқига қўшиб олиб ишлатаверади. Мана, масалан, “варақа”, “хурушип” (кампирлар “қуруқ чўп” ҳам дейди), “карчўпка” сўзларининг асли русчада нима бўлганини бирдан англаш қийин: “варақа” “ворохоочиститель” (кўсак чувиш ускунаси)дан, “хурушип” ё “хурушчўп” – “Хрушчёв”… “Карчўпка”ни болалигимда ғўзанинг чўпини илдизидан қирққани учун ўзимизнинг “чўп”дан олинган деб ўйлар эдим, бу сўз “корчёвка”, “корчеватель”дан экан. Матбуот тилидан ўзимиздаги сихмола “борона” деб кирган, халқ “барана” деб қўллайверади. Кенг омма учун бегона сўз кириб келдими ё ўз сўзини бузиб ишлатяптими, унча фарқи йўқ, истилоҳ ўз вазифасини бажарса кифоя, луғавий маъноси сўзнинг аъмоли бўлаверади. Тилимиздаги талаффуз қонуниятлари билан ҳисоблашмай қандай бўлса, шундайлигича киритилган сўз-атамаларни халқ ўз лаҳжаларига мослаб олган. Бу ҳам ғалати жараён – жуда кўп ҳорижий тилларда чет сўзлар тубжой аҳоли (титул миллат) талаффузига мувофиқ қилиб истеъмолга қиритилади, биз эса ҳатто бошқа туркий тиллардан ҳам фарқли ўлароқ, асл ҳолида, ҳатто бирон товуш ҳарфини ҳам ўзгартирмай оламиз: “эмпириокритицизм”, “компиляция”, “коммуникация” ва ҳ.қ. Биз қалам аҳли “цемент” деб ёзамиз, халқ эса “семон” дейди, биз “целлофан” деб ёзамиз, авом эса “салафан” деб кетаверади. Халқнинг айтгани тўғри, чет атамани унинг талаффузига зўрлаб тиқиштирган бизники нотўғри. Япон насронийлари Исо алайҳиссаломни ”Эсу Киристо” (“Эсу Киристо-сама”) деб ўз талаффузларига мослаб ёзадилар. Бу билан ўзлари сиғинадиган Иусус Христосга шак келтирган бўлмайдилар-ку. Биз ҳам рус тилиданми, бошқа тилларданми бизда ўзи бўлмаган, муқобил атамаси йўқ истилоҳларни тил талаффузимизга мослаб олсак бўлмайдими? Хўп, дейлик, “целлулоид”ни ким шундай талаффуз қила олади? “Эмпириокритицизм” деган мўътабар мафкура сўзини барибир “импракратизм” деб кетган эмасмидик? Ёзмада бир хил ёзиб, оғзакида бошқача талаффуз этиб, тилимизни қийнаб бораверамиз.

Чет истилоҳларни шундайича қиритиш она тилимиз ифода бойликларини қашшоқлантиради. Бу бойликлар ичида товуш талаффузи ҳам алоҳида ўрин тутади. Мен бу билан ўтмишда қолган атамаларга қайтиш керак демоқчи эмасман, бунинг иложи ҳам йўқдир энди, лекин тилимизда шунақа сўзлар билан бирга уларнинг оҳори, товушнинг ўзидаги қадрдон маъно кенгликлари ҳам орқада қолиб кетяпти, яъни тилимизда сўз бойликлари истеъмолдан чиқиши баробарида ифода имкониятлари ҳам торайиб боряпти. Кўплар “Байрут”ни “Бейрут”, “Баҳрайн”ни “Баҳрейн”, “ўтар”ни “отар”, Балужистон”ни “Белужистон”, “Тиёншон”ни “Тяншан”, “Қорақурум”ни “Коракорум”, “Байтуллоҳ”ни “Бетлехем”, “Дамашқ”ни “Дамаск” деб талаффуз қилишда унча фарқ кўрмайдилар, худди “борларинг”, “келларинг” (мас., “Бу ерда турмаларинг”) адабий тилга хилоф эканини билмасликка олишдек, лекин айни шу талаффузда миллий тил оҳанглари, шу оҳанглар уйғотадиган шуурости сезимларигача бузилади. Мана, сингармонизм йўқоляпти, унинг йўқолиши тугул, ўзи ҳақида ҳам тасаввур ҳам йитиб кетяпти ва бунинг оқибати ўз навбатида фикр ифодасини камбағалантиряпти.

Германиянинг “Олмония”, “Ливан”нинг “Лубнон”, “Болгария”нинг “Булғористон” бўлгани хотирамиздан ўчяпти, энди ўзимиз ҳам “Миср”ни “Египет”, “Ҳабашистон”ни “Эфиопия” дейишга ўтиб кетяпмиз. “Иерусалим” “Қуддус”ни, “Алжир” “Жазоир”ни сиқиб чиқаряпти. “Венгрия”нинг “Мажористон”, венгрларни “мадяр”, “мажор” бўлгани ўтмишга чўкди. Нимага “Ҳолландия”ни ўрисча ёзиб, ўрисча талаффуз қилиб тилимизни зўрлаймиз? Нима учун хорижий истилоҳларни рус тили орқали икки айлантириб ёзишимиз керак? Муқобили ўзимизда мавжуд атамаларни ҳам рус тилидагисини оламиз, ўзимизда “ҳ” товуш ҳарфи бўлгани ҳолда рус тилидаги “г” товуш ҳарфини қўллаймиз. “Гонконг”, “Гейне”, “Гомер”… Бунақа ном, атамаларни санасак бир қоп бўлади.

ТВ-радио тили алоҳида мураккаб тил, у кенг оммага айтилади ва омма билан доимий мулоқотдалиги боис бу тил адабий тил билан сўзлашув тили ўрталиғидаги мартабада бўлади, ундаги нутқ ишлов ишлаб берилиб, тажрибадан ўтиб, туриш, ярим туриш, хатбошилардан тортиб ўқишда урғуларнинг жой-жойига қўйилишигача қоидалашган тил. У қанчалик равон, жонли тилга қанчалар яқин бўлса, унга ишлов берилганини тингловчи шунча сезмайди. Лекин эшитувчи сезмас экан деб сидирғасига, нафас ростланмай, суриб кетавериш инсофдан эмас. Атай шевада “воттилаш”, “маған-саған”, “буйтиб-шуйтиб”, “галди-гатти” қилиш (ТВ-радиода шевада гапирган одам атайлаб қилади, чунки у мактабда адабий тилда ўқиган, балодай билади ҳам), ўзидан бошқа шеваларга беписандлик, умуман элга беҳурматлик, калтабинликдан бошқа нарса эмас. Шунинг учун ҳам экранда гапирган одамнинг ҳатто талаффузидаги шева ҳам эшитганнинг ғашига тегади. Ҳали бу мавзуга қайтамиз ҳам.

Бугунги кунда чет сўзлар ёзма адабиёт, матбуот, оммавий нашрлар, радио-ТВ, кўчанинг ёзув ва шиорлари, реклама матнлари орқали кириб келаётир. Бир-бир ярим аср бурун авом тили ҳар бири нисбатан иҳоталанган шевалардан иборат бўлиб, адабий тил асосан битма китобларда муҳрланган, истифодаси мактаб ва мадрасалар таъсирига боғлиқ кечган, бошқача айтсак, ахборот-коммуникация кўламининг торлиги адабий тил тараққийсига ҳам унча эрк бермаган. Тошбосма матбаанинг пайдо бўлиши газетачилик ривожига олиб келди ва натижада адабий тилнинг истифода кўлами ҳам кенгая бошлади. Газета-журнал, китобларнинг кўплаб чоп этилиши, кейинроқ радио, ундан сўнг телевидениенинг пайдо бўлиши адабий тилни умумтасарруф миқёсга олиб чиқди. Жумладан матбуот ва телевидение кенг халқ оммасини қамраб олди, ОАВ адабий тилда бўлиши лозим ва лобидлиги боис, бугунги кунда ўзи шу тил ўргатувчи мартабасига қўтарилди. Бурунда шоирлар олдинги битмалардан, бахшилар халқ орасида юриб адабий тилни (минг афсуски, эндига келиб шева бойликлари каби фольклор тилини ҳам адабий тилдан сал мундайроқ кўрамиз, унинг хазинасига маҳлиё бўлганимиз ҳолда, адабий тилдан жуда кам фойдаланамиз) ўрганган бўлса (бу гап ҳам ҳаводан нафас олган деганга ўхшайди), бугун эса ўргатувчиликнинг асосий юки ОАВ, хусусан радио ва ТВнинг зиммасига тушяпти.

Қизиқ бир ўрама ҳалқа ҳосил бўлади. Мана, луғат изоҳида ёзадилар: “Кам қўлланадиган, эскирган, диалектал ва фольклорга оид сўзларнинг ҳозири ўзбек адабий тилида мавжудлигини тасдиқлаш, уларнинг индивидуал қўлланишини кўрсатиш учун, зарур ўринларда, ўзбек бадиий адабиёти фольклор ва матбуотдан цитаталар келтирилган эскирган ва диалектал сўзлардан ўзбек совет ёзувчилари асарларида кўп учрайдиганлари кўчма маънода ишлатиладиганлари ёки мақол ва маталлар таркибида учрайдиганларигина олинган сўзлар ёнига тегишли пометалар қўйилган.” Бу изоҳнинг икки жиҳатига эътибор қилинг: “ўзбек бадиий адабиёти, фольклор ва матбуотдан цитаталар келтирилган эскирган ва диалектал сўзлардан ўзбек совет ёзувчилари асарарида кўп учрайдиганлар ё мақол ва маталлар таркибида учрайдиганларигина олинган сўзлар ёнига помета қўйилган” – яъни буларга аҳамиятсиз деган мамну тамғаси босилган: иккинчи жиҳати луғатда сўз шунақа тоифаланган бўлса, демак кўпи “эскирган”, “китобий”, “областной” сифатида сафдан чиқарилиб, тил бойликлари торайтирилган, оқибатда “бадиий асар — луғат – бадиий асар” тор ўрамаси юзага келган ва бу ўрама ҳозиргача очилай демайди. Шеваларимиздаги сўз бойлиги ҳар бири ўз элатининг кўчасида беэътибор қолган. Ҳолбуки адабий тил шева, диалект, лаҳжалардаги сўз заҳиралари ҳисобига тинмай бойиб, ривож топиб бориши керак. Ишлатилмай ётган заҳиранинг кўлами ниҳоятда кенг. Ҳатто адабий тилга асос қилиб олинган қарлуқ-чигил-уйғур шеваларининг (фонетика Тошкент, грамматикаси Фарғона шеваларидан) ўзидаги ранг-баранглик ҳам ҳали тўлиғича ўрганилмаган. Сиз Т.Нафасовнинг “Қашқадарё халқ сўзлари”, Б.Тўйчибоев ва Қ.Қашқирлининг “Зоминнинг тил қомуси” деган фидойи тадқиқотларини яна бир ўқинг, не-не сўз бойликларимиз қаерларда кўмилиб ётганига ўзингиз гувоҳ бўласиз. Биз эса шевада воттилаб ё галди-гаттилаб, маҳалламизни дунёга олиб чиққандек ғўдаямиз. Асли бу миллатнинг бирбутунлигига қарши ишлаш, ҳа, ҳа, зараркунандалик эканига ақлимиз етмайди ё кибримиз дилимиз кўзини кўр қилган.

Миллат руҳининг ифодаси бўлмиш адабий тилни бузмай, бўлакламай ривожлантириш керак. Зеро у давлатчилигимиз асоси ҳамдир. Тўқсон икки бовли ўзбекни бирлаштирган! Энди бу ўзбекнинг ҳар элати мактабдан бошлаб ўз шевасида гапириб, ўқиб-ёзадиган бўлса, кейин адабий тилни ҳар ёққа тортқиласа, тасаввур қиласиз-ку қаёққа ўтиб кетишимизни! Ўзи-ку шўро яхлит яшаб келаётган туркий миллатни сен алоҳида, сен алоҳида, мана, сенга битта республика, камроғингга, мана, мухторият деб улусларга бўлиб, орага қутқу уруғини қадаб қўйган эди. Туркистон туркийлари ҳар бири алоҳида миллат бўлиб олди, майли, бу миллатларга ҳам баракасини берсин, лекин ягона туркий тил бўлакланди, ҳар бўлаги ўзича иҳоталаниб олди. Бир-бирини балодай тушунган эллар бугун қон-қардоши тилини луғатсиз англаши мушкул. Майли, ҳар бири ўз давлатида униб-ўссин, тараққий топсин, лекин умумтуркий тил бирлигини йўқотмасинлар. Бу тил Туркистондай улкан ҳудудда умргузаронлик қилаётган миллатлар тафаккури ривожининг гаровидир. Бу тил бирлигига раҳна солиш бугунги кунда ҳар бир туркий миллатнинг ўзини ичдан парчалашга ҳам олиб келади. Ўтмиш тарихларда бу неча бор қайтарилган, ялакатмағиз катта улуслар парчалаган.

Умумтуркий дарёни ариқларга бўлаклаб ташлангани етмагандай, чиғатой тилини адабий тилга айлантиришда лексик бой имкониятлар яна ҳам торайтирилган, бугунги ўзбек адабий тилига асос қилиб қарлуқ-чигил-уйғур шеваларигина олинган. Масалан, жуда улкан ареал – қипчоқ лаҳжаси шеваларининг аксари бойликлари адабий тилга киритилмагани бизни қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, татар, бошқирд, олтой тиллари… умуман Россиянинг марказий. жанубий, шимолий ҳудудлари, Олтой ўлкалари, Мўғулистон, ҳитой ҳудудларида яшаётган туркий халқ, эл-элатлардан орамизни узоқ қилиб, лексикамизни ҳам торайтириб қўйган, бинобарин тилимизнинг ифода имкониятлари чекланиб қолган. Жаҳоннинг етакчи тиллари қаторига чиқа олмаслигимиз сабабларини ҳам шу ердан излаш керак. Бу менинг эмас, тилчи мутахассислар фикри ва бу ҳақиқат. Айни пайтда лексикографиямизга ўғуз ўғуз шевалари бойликларидан жуда оз қиритилгани учун, мана, бугунги кунга келиб усмонли турк ва туркман тилларини гаплашганда англашимиз қийин, ўқишда эса луғатга муҳтожмиз. Бу “илмий” тадбирлар оқибатида адабий тилимизнинг сўз бойликлари камбағаллашиб, ифода имкониятлари яроқсиз аҳволга тушиб боряпти. Гап тилимизнинг чиндан-да бугунги замон талабларига жавоб бера олиши ё бера олмаслиги борасида кетаяпти.

01

(Tashriflar: umumiy 1 010, bugungi 1)

Izoh qoldiring