Behzod Fazliddin. Og’riqlaring halovatga aylansalar.

012..Чин шоирлар шеърни ҳаёт, тириклик шарти деб билганлари ҳолда ҳаётни ҳам энг гўзал, бенуқсону баркамол шеърга айлантириш илинжида машаққат чекадилар. Ерга сиғмаган улкан қалбли шоир осонгина шеърга сингиб кетади. Шеър ичида яшаш, сўзларга қарам каби кун кечириш шуниси билан завқли, шуниси билан фожиали! Шеърдан кейинги шеърга ўхшамаган ҳаёт-чи? Ташқарига чиқиб яна ўша бадбин кўзлар, нурсиз юзлару буқаламун қиёфаларга дуч келиш азоби оғир. Шунданми, Рауф Парфи умр бўйи шеър ичида, сўзлар қуршовида бўлди. Ўз иқрорича, бир умр шоир деган ном уни таъқиб этди.
Шеър – комиллик истаган иймон. Чинакам шоир сўнгги нафасига қадар унинг камоли йўлида заҳмат чекади. Ҳақиқий шоирлар “Худонинг эркатойлари” эмас, ҳақ сўзга масъул жафокаш, жигархун бандалари, ҳақиқатнинг ердаги ҳимоячиларидир. Рауфчасига айтсак, “Факат шоир хақли бахтсиз бўлмоққа”. “Чин шоир юрагида тугун, қўл-оёқларида занжир билан туғилади. У қеч қачон “шароит”га мослаша олмайди. У ёнга ҳам, бу ёнга ҳам юра олмайди, юрагидаги нурли тугун, қўл-оёғидаги тилло занжир уни қўйиб юбормайди. Шароитга мослашган заҳоти ўлади”. Рауф Парфи мана шу аччиқ, аммо шарафли қисматни матонат билан яшаб ўтган кам сонли шоирлардандир. Баъзи адабиётшунослар, сўз мухлислари Рауф Парфи ҳаёти ва ижодининг ана шу хос жиҳатига алоҳида урғу бериш билан бирга, ўзлари сезган-сезмаган ҳолда уни шоир сифатида идеаллаштиришга мойиллик билдирадилар. Бу эса шоирнинг ўзига ҳам ёқмаган бўларди, албатта.
Дарвоқе, “эркатойлик” ҳақида. Раҳматли Муҳаммад Юсуф “Шоирлар – Худонинг эрка қуллари” деганида (очиғи, шу гапни хушламайман) аҳли шеър хаёлига келганини қилади, уларга ҳамма нарса мумкин, дея назарда тутмаган бўлса керак, албатта. Аммо бугун кўпчилик ижодкорлар буни нотўғри талқин қилиб, шиорга айлантириб олди. Шу баҳона ўзларига “имтиёз” яратиб олмоқчи бўлаётганга ўхшайди… Бу – анча баҳсталаб мавзу. Қисқаси, бизга “эркатой” шоирлар эмас, чинакам Сўз жафодийдалари, халқни Ҳақ томон йўналтирувчи сўз сарбонлари керак… (Беҳзод Фазлиддиннинг F-даги ёзувларидан)

Беҳзод ФАЗЛИДДИН
ОҒРИҚЛАРИНГ ҲАЛОВАТГА АЙЛАНСАЛАР…
045

033 Беҳзод ФАЗЛИДДИН шоир, журналист, адабиётшунос‑тадқиқотчи. 1983 йил 20 сентябрда Наманган вилояти Чуст туманидаги Дамобод қишлоғида туғилган. 2005 йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети бакалаврлик босқичини, 2007 йили Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети магистратурасининг халқаро журналистика бўлимини тамомлаган. 2004 – 2010 йиллар давомида «Маърифат» газетасида мухбир, бўлим муҳаррири, «Тарбия» журнали бош муҳаррири ўринбосари бўлиб ишлаган. 2010 – 2013 йиллари Ўзбекистон Фанлар академияси тадқиқотчиси.
«Муқаддас замин» (1999), «Боғларингдан кетмасин баҳор» (2000), «Онамнинг кўнглига кетамиз» (2003), «Сен қачон гуллайсан» (2008), «Кутмаган кунларим, кутган кунларим» (2012) номли шеърий тўпламлари, кўплаб бадиий-публицистик, илмий‑адабий мақолалари чоп этилган. Журналистика ва бадиий ижод бўйича ўтказилган бир неча танловлар ғолиби. Айни кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти илмий ходими.

07

***

Юборсанг Ўзингнинг ёнинггга юбор,
Чақирсанг Ўзингнинг қошингга чақир.
Кўзимдан ўтолмай саргашта ғубор,
Номингни айтганга нажот бор, ахир.

Ёдинг-ла банди эт саркаш хаёлим,
Бошқани ўйламай, бошқани демай.
Соҳиби қудратим, Соҳибкамолим,
Ўзгани Ўзингдай севдирма – севмай.

Қўрқаман ёлғондан, қўрқаман чиндан,
Ҳаётбахш сўзларга тилимни бойла.
Тазарру мендандир, мағфират Сендан,
Раҳм айла, раҳм айла, яна раҳм айла.

Манглайга Ошиқ деб дастхат битиб қўй.
Тоабад дунёга ишқим тушмасин.
Муҳтожман, бундан-да муҳтож этиб қўй –
Ўзингдан бошқага ишим тушмасин.

Нуқтача бўлолмай қотдим қаршингда,
Осий ҳисларимни буткул даф этгин.
Вужудим бахшида, Руҳим бахшида,
Севгимни Севгингга мушарраф этгин.

***

Исён бўлиб исён эмасди бу ҳис,
Армон бўлиб армон эмасди бу ҳис,
Аммо сира тинчлик бермасди бу ҳис,
Паноҳингдан бошқа борар жой йўқдир.

Воҳким, маълумоти олий телбаман,
Осон енгиламан, осон енгаман,
Манов кўпикларга қандоқ сингаман,
Паноҳингдан бошқа борар жой йўқдир.

Тушуниб бўларми ҳаёт дарсини,
Адо этарманму фарзу қарзини,
Ким ғаразсиз тинглар юрак арзини,
Паноҳингдан бошқа борар жой йўқдир.

Такрор-такрор айтдим, дил ёриб айтдим,
Бош олиб кетдим-у, ёлвориб қайтдим,
Кул эт, ғазабингни келтирса байтим,
Паноҳингдан бошқа борар жой йўқдир.

Бир ёруғ дуога айланди умрим,
Нур бўлиб қошингга шайланди умрим,
Сўзингга, Ўзингга бойланди умрим,
Паноҳингдан бошқа борар жой йўқдир.

***

Раҳматига ихлос айлаб заҳмат чексанг,
Оғриқларинг ҳаловатга айлансалар.
Дил боғига алвон-алвон гуллар эксанг,
Хушбўйлари салавотга айлансалар.

Марвариддай лаҳзаларни йиққанингда,
Уфқлар сари манзур-манзур боққанингда,
Камтарликнинг чўққисига чиққанингда,
Таъзимларинг салобатга айлансалар.

Ёлғиз Унинг ёди бирла ўйга чўмсанг,
Ёлғонларни қайтиб чиқмас жойга кўмсанг,
Ором чоғи кўзни қўрқмай, қўрқмай юмсанг –
Уйқуларинг ибодатга айлансалар.

Томирингда оқар ҳаёт нашидаси,
Ҳар қадаминг – тирикликнинг қасидаси,
Бир ўзгариб ғамнок дунё харитаси,
Андуҳлари саодатга айлансалар.

Тафаккурдан қанот боғлаб кўкка учсанг,
Сўнг юракнинг суханида гавҳар сочсанг,
Жумла жаҳон бахтин сўраб кафтинг очсанг –
Дуоларинг ижобатга айлансалар…

***

Беҳуда чиқиллаб толиқди соат,
Лаҳзалар карвони бўлолмади жам.
Қиёфа жангидан чекинди сурат,
Ўзини кутишдан тўймади Одам.

Йиллар оқиб кетди – юзлари сўлғин,
Таъмини йўқотган туйғулар тахир.
Тонгни бедор кутди безовта, дилхун,
Илинжнинг ўлгиси келмайди, ахир.

Қадарда борига қилмади зарда,
Сўзласа, сукутдан баланд сўзлади.
Валекин энг сўнгги сонияларда
Илиниб қолмаса эди кўзлари…

***

Тасбеҳ айтаверсам, зикр этаверсам,
Ёдингга кўмилиб кетса баётим.
Берсангу бермасанг – шукр этаверсам,
Ибодатга дўнса бутун ҳаётим;

Ҳар гапим сўзларнинг сараси бўлса,
Катта кетмасам ҳам майдалашмасам.
Маконим маънолар ораси бўлса,
Дунё талашмасам, жоҳ талашмасам;

Мадор бериб турсанг, ҳолсизлатмасанг,
Юрак тўхтамаса севишдан бир он.
Ўзимга қўймасанг, ёлғизлатмасанг,
Сенинг дўстларингга дўст тутинса жон;

Буюк таскин ила кўнглим шодласанг,
Давлатманд айласанг қаноат билан.
Фақат, фақат Ўзинг мукофотласанг
Икки дунёга тенг Саодат билан…

ЎҒИЛ

Дада, далангизга дард сочиб келдим,
Яна машаққату заҳматлар Сизга.
Белингиз оғриди, мен қочиб келдим,
Қачон олиб бердим раҳматлар Сизга?

Ая, соғинчингиз сочи оқарди,
Бормадим – кўпайиб кетди тўйларим.
Шу ёшимда фақат севиш ёқарди,
Сиздан кўра кўпроқ уни ўйладим.

Бошдан нима ўтди – билдирганим йўқ,
Кимдир тўкаверди нур изларимга.
Ўзимни-ку хафа қилдирганим йўқ,
Озор бериб қўйдим азизларимга.

Майсалар, парёстиқ бўлинг, бош қўйса,
Чинорлар, Отамнинг ёнида юринг.
Боласини ўйлаб юраги куйса,
Аччиққина қилиб чой дамлаб беринг.

Бу ташвишлар билан бўлмайди қариб,
Мени кутиш учун келган оламга.
Қўллари толмасин челак кўтариб,
Булутлар, сув ташиб туринг Онамга.

Дада, дардингизга бошман, биламан,
Ая, тушларингиз бир кун келар ўнг.
Ҳали юзингизни ёруғ қиламан,
Одамшоир бўлиб борганимдан сўнг.

***

Тўлиб кетганида такбирга осмон,
ҳамду сано айтиб турганда тошлар;
дилбузар доғларга келтирса қирон
мангулик қўшиғин куйлаган қушлар;

Зулфиқор майсалар, кескир шаббалар
зулматнинг бағрини этганда пора,
изингдан эргашса ёруғ шарпалар,
чечаклар қуёшдай қилса наззора;

Паҳлавон ниҳоллар бўй чўзиб кўкка,
матонат илмидан берганда сабоқ,
муккасидан кетмай тирикчиликка,
юмшоқроқ бўлишга ундаса тупроқ…

Баридан орттириб нима ҳам дейин,
ҳикматлар уйидир ҳаёт дегани.
шунча ҳайрат, шунча сабоқдан кейин,
уялиб кетасан шеър тўқигани…

“Ҳидоят” журнали, 2012 йил 5-сон.

09

..Chin shoirlar she’rni hayot, tiriklik sharti deb bilganlari holda hayotni ham eng go’zal, benuqsonu barkamol she’rga aylantirish ilinjida mashaqqat chekadilar. Yerga sig’magan ulkan qalbli shoir osongina she’rga singib ketadi. She’r ichida yashash, so’zlarga qaram kabi kun kechirish shunisi bilan zavqli, shunisi bilan fojiali! She’rdan keyingi she’rga o’xshamagan hayot-chi? Tashqariga chiqib yana o’sha badbin ko’zlar, nursiz yuzlaru buqalamun qiyofalarga duch kelish azobi og’ir. Shundanmi, Rauf Parfi umr bo’yi she’r ichida, so’zlar qurshovida bo’ldi. O’z iqroricha, bir umr shoir degan nom uni ta’qib etdi.
She’r – komillik istagan iymon. Chinakam shoir so’nggi nafasiga qadar uning kamoli yo’lida zahmat chekadi. Haqiqiy shoirlar “Xudoning erkatoylari” emas, haq so’zga mas’ul jafokash, jigarxun bandalari, haqiqatning yerdagi himoyachilaridir. Raufchasiga aytsak, “Fakat shoir xaqli baxtsiz bo’lmoqqa”. “Chin shoir yuragida tugun, qo’l-oyoqlarida zanjir bilan tug’iladi. U qech qachon “sharoit”ga moslasha olmaydi. U yonga ham, bu yonga ham yura olmaydi, yuragidagi nurli tugun, qo’l-oyog’idagi tillo zanjir uni qo’yib yubormaydi. Sharoitga moslashgan zahoti o’ladi”. Rauf Parfi mana shu achchiq, ammo sharafli qismatni matonat bilan yashab o’tgan kam sonli shoirlardandir. Ba’zi adabiyotshunoslar, so’z muxlislari Rauf Parfi hayoti va ijodining ana shu xos jihatiga alohida urg’u berish bilan birga, o’zlari sezgan-sezmagan holda uni shoir sifatida ideallashtirishga moyillik bildiradilar. Bu esa shoirning o’ziga ham yoqmagan bo’lardi, albatta.
Darvoqe, “erkatoylik” haqida. Rahmatli Muhammad Yusuf “Shoirlar – Xudoning erka qullari” deganida (ochig’i, shu gapni xushlamayman) ahli she’r xayoliga kelganini qiladi, ularga hamma narsa mumkin, deya nazarda tutmagan bo’lsa kerak, albatta. Ammo bugun ko’pchilik ijodkorlar buni noto’g’ri talqin qilib, shiorga aylantirib oldi. Shu bahona o’zlariga “imtiyoz” yaratib olmoqchi bo’layotganga o’xshaydi… Bu – ancha bahstalab mavzu. Qisqasi, bizga “erkatoy” shoirlar emas, chinakam So’z jafodiydalari, xalqni Haq tomon yo’naltiruvchi so’z sarbonlari kerak… (Behzod Fazliddin yozuvlaridan)

Behzod FAZLIDDIN
OG’RIQLARING HALOVATGA AYLANSALAR…
045

0_1 Behzod FAZLIDDIN shoir, jurnalist, adabiyotshunos?tadqiqotchi. 1983 yil 20 sentyabrda Namangan viloyati Chust tumanidagi Damobod qishlog’ida tug’ilgan. 2005 yili O’zbekiston davlat jahon tillari universitetining xalqaro jurnalistika fakul`teti bakalavrlik bosqichini, 2007 yili Jahon iqtisodiyoti va diplomatiya universiteti magistraturasining xalqaro jurnalistika bo’limini tamomlagan. 2004 – 2010 yillar davomida «Ma’rifat» gazetasida muxbir, bo’lim muharriri, «Tarbiya» jurnali bosh muharriri o’rinbosari bo’lib ishlagan. 2010 – 2013 yillari O’zbekiston Fanlar akademiyasi tadqiqotchisi.«Muqaddas zamin» (1999), «Bog’laringdan ketmasin bahor» (2000), «Onamning ko’ngliga ketamiz» (2003), «Sen qachon gullaysan» (2008), «Kutmagan kunlarim, kutgan kunlarim» (2012) nomli she’riy to’plamlari, ko’plab badiiy-publitsistik, ilmiy?adabiy maqolalari chop etilgan. Jurnalistika va badiiy ijod bo’yicha o’tkazilgan bir necha tanlovlar g’olibi. Ayni kunda O’zbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi Alisher Navoiy nomidagi Til va adabiyot instituti ilmiy xodimi.

07

***

Yuborsang O’zingning yoninggga yubor,
Chaqirsang O’zingning qoshingga chaqir.
Ko’zimdan o’tolmay sargashta g’ubor,
Nomingni aytganga najot bor, axir.

Yoding-la bandi et sarkash xayolim,
Boshqani o’ylamay, boshqani demay.
Sohibi qudratim, Sohibkamolim,
O’zgani O’zingday sevdirma – sevmay.

Qo’rqaman yolg’ondan, qo’rqaman chindan,
Hayotbaxsh so’zlarga tilimni boyla.
Tazarru mendandir, mag’firat Sendan,
Rahm ayla, rahm ayla, yana rahm ayla.

Manglayga Oshiq deb dastxat bitib qo’y.
Toabad dunyoga ishqim tushmasin.
Muhtojman, bundan-da muhtoj etib qo’y –
O’zingdan boshqaga ishim tushmasin.

Nuqtacha bo’lolmay qotdim qarshingda,
Osiy hislarimni butkul daf etgin.
Vujudim baxshida, Ruhim baxshida,
Sevgimni Sevgingga musharraf etgin.

***

Isyon bo’lib isyon emasdi bu his,
Armon bo’lib armon emasdi bu his,
Ammo sira tinchlik bermasdi bu his,
Panohingdan boshqa borar joy yo’qdir.

Vohkim, ma’lumoti oliy telbaman,
Oson yengilaman, oson yengaman,
Manov ko’piklarga qandoq singaman,
Panohingdan boshqa borar joy yo’qdir.

Tushunib bo’larmi hayot darsini,
Ado etarmanmu farzu qarzini,
Kim g’arazsiz tinglar yurak arzini,
Panohingdan boshqa borar joy yo’qdir.

Takror-takror aytdim, dil yorib aytdim,
Bosh olib ketdim-u, yolvorib qaytdim,
Kul et, g’azabingni keltirsa baytim,
Panohingdan boshqa borar joy yo’qdir.

Bir yorug’ duoga aylandi umrim,
Nur bo’lib qoshingga shaylandi umrim,
So’zingga, O’zingga boylandi umrim,
Panohingdan boshqa borar joy yo’qdir.

***

Rahmatiga ixlos aylab zahmat cheksang,
Og’riqlaring halovatga aylansalar.
Dil bog’iga alvon-alvon gullar eksang,
Xushbo’ylari salavotga aylansalar.

Marvaridday lahzalarni yiqqaningda,
Ufqlar sari manzur-manzur boqqaningda,
Kamtarlikning cho’qqisiga chiqqaningda,
Ta’zimlaring salobatga aylansalar.

Yolg’iz Uning yodi birla o’yga cho’msang,
Yolg’onlarni qaytib chiqmas joyga ko’msang,
Orom chog’i ko’zni qo’rqmay, qo’rqmay yumsang –
Uyqularing ibodatga aylansalar.

Tomiringda oqar hayot nashidasi,
Har qadaming – tiriklikning qasidasi,
Bir o’zgarib g’amnok dunyo xaritasi,
Anduhlari saodatga aylansalar.

Tafakkurdan qanot bog’lab ko’kka uchsang,
So’ng yurakning suxanida gavhar sochsang,
Jumla jahon baxtin so’rab kafting ochsang –
Duolaring ijobatga aylansalar…

***

Behuda chiqillab toliqdi soat,
Lahzalar karvoni bo’lolmadi jam.
Qiyofa jangidan chekindi surat,
O’zini kutishdan to’ymadi Odam.

Yillar oqib ketdi – yuzlari so’lg’in,
Ta’mini yo’qotgan tuyg’ular taxir.
Tongni bedor kutdi bezovta, dilxun,
Ilinjning o’lgisi kelmaydi, axir.

Qadarda boriga qilmadi zarda,
So’zlasa, sukutdan baland so’zladi.
Valekin eng so’nggi soniyalarda
Ilinib qolmasa edi ko’zlari…

***

Tasbeh aytaversam, zikr etaversam,
Yodingga ko’milib ketsa bayotim.
Bersangu bermasang – shukr etaversam,
Ibodatga do’nsa butun hayotim;

Har gapim so’zlarning sarasi bo’lsa,
Katta ketmasam ham maydalashmasam.
Makonim ma’nolar orasi bo’lsa,
Dunyo talashmasam, joh talashmasam;

Mador berib tursang, holsizlatmasang,
Yurak to’xtamasa sevishdan bir on.
O’zimga qo’ymasang, yolg’izlatmasang,
Sening do’stlaringga do’st tutinsa jon;

Buyuk taskin ila ko’nglim shodlasang,
Davlatmand aylasang qanoat bilan.
Faqat, faqat O’zing mukofotlasang
Ikki dunyoga teng Saodat bilan…

O’G’IL

Dada, dalangizga dard sochib keldim,
Yana mashaqqatu zahmatlar Sizga.
Belingiz og’ridi, men qochib keldim,
Qachon olib berdim rahmatlar Sizga?

Aya, sog’inchingiz sochi oqardi,
Bormadim – ko’payib ketdi to’ylarim.
Shu yoshimda faqat sevish yoqardi,
Sizdan ko’ra ko’proq uni o’yladim.

Boshdan nima o’tdi – bildirganim yo’q,
Kimdir to’kaverdi nur izlarimga.
O’zimni-ku xafa qildirganim yo’q,
Ozor berib qo’ydim azizlarimga.

Maysalar, paryostiq bo’ling, bosh qo’ysa,
Chinorlar, Otamning yonida yuring.
Bolasini o’ylab yuragi kuysa,
Achchiqqina qilib choy damlab bering.

Bu tashvishlar bilan bo’lmaydi qarib,
Meni kutish uchun kelgan olamga.
Qo’llari tolmasin chelak ko’tarib,
Bulutlar, suv tashib turing Onamga.

Dada, dardingizga boshman, bilaman,
Aya, tushlaringiz bir kun kelar o’ng.
Hali yuzingizni yorug’ qilaman,
Odamshoir bo’lib borganimdan so’ng.

***

To’lib ketganida takbirga osmon,
hamdu sano aytib turganda toshlar;
dilbuzar dog’larga keltirsa qiron
mangulik qo’shig’in kuylagan qushlar;

Zulfiqor maysalar, keskir shabbalar
zulmatning bag’rini etganda pora,
izingdan ergashsa yorug’ sharpalar,
chechaklar quyoshday qilsa nazzora;

Pahlavon nihollar bo’y cho’zib ko’kka,
matonat ilmidan berganda saboq,
mukkasidan ketmay tirikchilikka,
yumshoqroq bo’lishga undasa tuproq…

Baridan orttirib nima ham deyin,
hikmatlar uyidir hayot degani.
shuncha hayrat, shuncha saboqdan keyin,
uyalib ketasan she’r to’qigani…

“Hidoyat” jurnali, 2012 yil 5-son.

хдк

(Tashriflar: umumiy 265, bugungi 1)

Izoh qoldiring