Qodiriy xonadonida bir kun.

09

Бу ой ўзбек адабиётининг буюк вакили, ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий таваллудига 120 йил тўлди.

…Хулоса — бошқаларнинг хизмати дафтар билан собит бўлса, меним хизматларим матбуот билан равшандир… Ишчи-деҳқонлар ёзғон асарларимни суюниб ўқийдилар ва мени ёзувчилар қаторига киргаздилар ва мени ҳамон ўқирлар ва унутмаслар…

04
ҚОДИРИЙ ХОНАДОНИДА БИР КУН
Гўзалой Матёқубова
03

Тошкентнинг машҳур «Самарқанд дарвоза»сига бориб, «Абдулла Қодирийнинг ҳовлиси қаерда?» — деб сўрасангиз, кексаю ёш ҳеч иккиланмасдан адибнинг уйини кўрсатиб қўяди.

— «Ўткан кунлар»ми? — чопон кийган қариянинг юзлари яшнаб кетди. — Ўша ёққа қараб бораверасиз, — бараварига жавоб берди маҳалла гузарида суҳбат қуриб ўтирган нуронийлар. Бу ерда ҳар бир инсон буюк адибга ҳамсоя бўлганидан ўзида юксак ғурур туйиши яққол кўриниб турарди.

Мана, адибнинг уйи. Ҳовли ўртасида ҳали қиш бўлишига қарамай куртаклаган ўрикдан таралаётган ифор димоғимизни қитиқлади. Унга хаёлчан тикилиб турган этаги калта чопон кийган ўн ёшлардаги қорақош, қоракўз болакай бизни кўриб тавозе билан салом бердию, шийпонга қараб югурди.

— Ая, меҳмон келди!..

Болакайнинг изидан қараб қолдим. Ўзбек романчилигига асос солган адибнинг болалигини кўргандек эдим.«Ёшим тўққиз-ўнларга боргандан сўнг мени мактабга юбордилар. Мактабда икки-уч йил чамаси эски усулда ўқиб, кейинги вақтларда оиламизнинг ниҳоятда қаш­шоқ ҳаёт кечиргани важидан ўн икки ёшимда мени бир бойга хизматчиликка бердилар. Хўжайиним ўзи савдогар киши бўлиб, ўрисча ёзув-чизув биладиган одамга муҳтож эди. Шу тама бўлса керак, мени ўрис мактабига юборди. Мактабдан қайтиб келгандан сўнгра хўжайинимнинг хизматини қилиб юрганим учун мактабда тегишли истеъфодани ололмадим; икки йил мундоқ хизматда юриб чидай олмасдан ота-онамга ёлвориб, уйимга қайтиб келдим ва ўз уйимдан бориб, ҳалиги мактабда ўқиб юрдим…»

012

Катта ҳовли айланасига қурилган уйлардан бирин-кетин мезбонлар чиқиб кела бошлади. Улар бир-бирига жуда ўхшарди. Буюк адибимиз ҳовлисида бугун унинг авлодлари жам бўлиб яшамоқда. Ҳовлига ҳеч қанақа девор урилмаган, уйлар алоҳида қилинмаган. Ҳамма бир ҳовлида жамулжам эди.

Бир зумда атрофимизни адибнинг невара-эваралари, чеваралари ўраб олишди. Уларнинг қора қошу қора кўзларида, юзларида адибнинг суратлардагина муҳрланган нигоҳларини кўргандай бўлдик. Қодирий авлодларининг тавозе билан салом беришларию, ҳол-аҳвол сўрашишлари, қўл қовуштириб туришлари худди адиб асарларида ўзи тасвирлаган одоб қоидаларидагидек эди. «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романларида ўзбек миллатининг қадриятлари маҳорат билан тасвирланишининг асл сабаби ўз оиласида, кундалик ҳаёт тарзига айланиб кетган одатлар, қон-қонига сингган урфлардан андоза эканига шубҳа йўқ эди.

03

Кираверишда тўғрида жой­­­­лашган Қодирийнинг ёз бўйи кундузи боғда ишлаб, кечқурунлари ижод билан машғул бўлган маскани. Ке­йинчалик қайта таъмирланган баланд шийпонга кўтарилдик.

— Бу жойлар боғ бўлган. Бобомиз шу боғда, мана шу шийпонда ёзни ўтказишни хуш кўрарканлар, — дейди адибнинг невараси Ирфон Қодирий. — Кейинчалик боғ ўрнида уйлар қурилган. Боғ кичрайиб, мана шу ҳовлининг ўрни қолган.

…Шийпоннинг бир четига хонтахта қўйилган. Устида эса шамдон. Шамдондаги шағам ёниб тугай деб қолган. Чопонини елкасига ташлаган Қодирий эса тинмай ёзади. Кўзида, юзида саросима, ғусса… Ҳаяжоннинг зўридан бўзариб келаётган тонгни ҳам сезмайди. Шағамни ўчириш хаёлига ҳам келмайди. Мана, у ёзишдан тўхтади. Бир зум нигоҳларини узоқларга тикиб, тек қотди. Сўнг кўзларини юмди ва қўлёзма устига пешонасини қўйди. Ёноғидан икки томчи ёш сизиб тушди. Лаблари хўрсиниқ аралаш шивирлади: «Кумуш ўлди?..»

— Юринг, сизга бобом яшаган уйни кўрсатаман.

Қодирий неварасининг товушидан узоқларга учган хаёлим ўзига келди.

Шийпондан тушиб, Қодирий яшаган уй томон йўл оламиз. Ичкари кирарканмиз, уй тўрида турган адиб суратларига кўзимиз тушади. Хонага ўша даврнинг гилами тўшалган, чеккароқда темир каравот, токчаларда адиб кундалик ҳаётида ишлатган анжомлар. Бир чеккада шкаф.

Яна ичкарилаймиз. Бу хонада Абдулла Қодирийнинг аёли Раҳбарнисо аянинг буюм ва анжомлари жой олган.

011

— Бобомдан қолган нарсалар шулар, холос, — деди Ирфон Қодирий хўрсиниб. — Қамоққа олингач, унга тегишли нарсаларнинг барчаси йўқ қилинган…

Ирфон Қодирий ўша ўтган кунлар ҳақида гапирар, менинг эса кўз олдимда дилни эзадиган манзара намоён бўлганди.

…Адиб оила даврасида, хотиржамдек, гўё. Аммо кўнгли нотинч. Анчадан бери уни дўстлари келаётган хавфдан огоҳ этади, бироқ нечун у юртини ташлаб кетиши керак. Уни шу савол қийнарди. Қодирий оғир ўйлар исканжасида ўтирар экан, уйга бегона одамларнинг қадам товушлари кириб келади. Олазарак кўзлар уйни тинтув қилар, қўлга илинган нарса борки, ағдар-тўнтар этишарди. Адиб вазмин нигоҳларини уларга тиккан, кўзларида ғазаб қотиб қолган эди. Хавфни сезиб уйга югуриб кирган иниси Қудратилла ичкари уйнинг парда тортилган эшиги олдида туриб, баланд, жуссадор гавдаси билан эшикни тўсиб олганди. Ичкари уйда эса адибнинг қўлёзмалари солинган сандиқ, унинг ёнида кўрпага ўраниб ётган хаста Ҳабибулло. Ўғил нариги хонада бўлаётган тўс-тўполонни, онасининг дод солиб йиғлашларини, отасини олиб кета­ётганликларини эшитди, бироқ хасталик уни жойидан қўзғатмади. Уринишлар эвазига хона эшигигача борди, бироқ бу пайт­да отасини олиб кетиб бўлишган эди…

«Менга қўйилган айбларни бошдан оёқ рад этаман. Ҳақиқат йўлида ҳеч қандай жазодан, қийноқдан қўрқмайман. Агар отмоқчи бўлсалар, кўкрагимни кериб тураман…»

Абдулла Қодирий қамоқда ўтган тўққиз ойлик умри давомида шундай дейишдан тўхтамади. Хўрликларга, ноҳақ қўйилган айбловларга бош эгмади. У 1938 йил 4 октябрда элимизнинг Чўлпон, Фитрат каби фарзандлари қаторида отиб ташланди.

Кейинчалик бу ҳақида «Отам шу уйдан олиб кетилганди», — деб ёзади Ҳабибулло Қодирий «Отам ҳақида» китобида. Шунингдек, у 1945 йил 28 май куни уни ҳам қамоққа олиш баробарида, отасининг барча қўлёзмалари — «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён», «Обид кетмон» ҳамда энди ёзмоқчи бўлган асарларининг қўлёзмалари — жами уч минг дона қоғоз олиб чиқиб кетилганлигини куюниб ёзади.

«Терговчи сўроқ пайтида қоғоз йўқлигидан дадамнинг қўлёзмалари орқасига ёзар, хато қилганларини ғижимлаб ахлатга ташлар, гоҳида уларга мохорка ўраб чекар, менга ҳам тутарди…»

Шу тариқа Абдулла Қодирийдан қолган ҳамма адабий мерос йўқ қилинади.

Ташқари чиқарканмиз, борлиқни қорнинг кўрпаси ёпганига қарамай, гулламоқчи бўлган ўрикни кўриб баҳор шабадасини сезгандек бўлдик. Ҳовлида тўпланган хонадон эгалари эса ниманидир кутишаётгандек биз томонга кўз тикишган. Худди биздан кейин уйдан Қодирийнинг ўзи чиқиб келадигандек. Беихтиёр шу илинжда биз ҳам уй томонга кўз ташлаймиз. Уйдан катта бобосига жудаям ўхшаб кетадиган Бунёд вазмин қадамлар билан чиқиб келди. Қулоқларимиз остида эса Қодирийнинг товуши янг­рагандек бўлди.

«…Хулоса — бошқаларнинг хизмати дафтар билан собит бўлса, меним хизматларим матбуот билан равшандир… Ишчи-деҳқонлар ёзғон асарларимни суюниб ўқийдилар ва мени ёзувчилар қаторига киргаздилар ва мени ҳамон ўқирлар ва унутмаслар…»

Хонадон эгалари билан хайрлашар эканмиз, бу ҳовлида ўтган кунларнинг нафасини сезгандай бўлдик.

Манба: «Оила даврасида» газетаси.

хдк

(Tashriflar: umumiy 93, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring