Faxriddin Sodiq. Uch hikoya.

08
Фахриддин Содиқ 1971 йили Самарқанд вилояти Пойариқ туманидаги Жўрабой қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Уиниверситетининг фалсафа факултетини тамомлаган.»Қайтмаган баҳор» (1997 йил, “Истеъдод” цериясида), «Тараддуд» (2005 йил), «Қалтис қадам» (2010 йил), «Қарз» деб номланган китоблари нашрдан чиққан.»Фалакнинг гардиши» номли романи навбатдаги нашр режасида. Шунингдек, бу нашрдан «Тирикликдаги тириклар» ва «Фоиз» қиссалари ҳам ўрин олади.Фахриддин Содиқ Роберт Т. Киосаки, Шарон Лечтерларнинг «Бадавлат ота, камбағал ота» туркумидаги бестселлерининг илк китобини ўзбек тилига таржима қилган.

01
Фахриддин Содиқ
УЧ ҲИКОЯ
02

МУНГ

011   Бу қизнинг кўзларидаги биргина ифода йигитларнинг минг бир кечинмаларига сабаб эди. Балки йигитлар ундан пинҳона кўз узолмай қолишларининг сабабини севги деб билишарди. Ҳамма ўз-ўзича, аммо нигоҳдаги нозик хол муқим ва якто эди.

Қизнинг кўзларида мунг бор эди, унинг бор-йўқ чиройи, алпқомат йигитларни “кичрайтириб” қўядиган жозибаси ҳам шу, кўзларидаги мунг туфайли эди. Қизиғи шуки, айнан шу ифода сабаб ҳеч бирови унга ўз дилидагини айтолмасди. Деярли ҳамма тахминан бўлса-да, ўша сезгидан чўчирди: айтилса – ҳаммаси тамом бўлади, ҳозир тенгсиз завқ билан эгалик қилиб турганларингдан сенга ҳеч вақо қолмайди, тамом вассалом.
Қизнинг атрофида ўзини чиройда танҳо деб билган гўзаллар ҳам талайгина эди. Табиийки, улар (ҳартугул ўзларича бўлса-да) гўзалликни тез илғар, дуч келган гўзалликка индамай бўлса-да тан берар ва ниҳоят гўзалликни қадрлашга ҳам ўрганишганди. Бу қизнинг кўзларидаги мунгни уларнинг аксарияти (мустаснолар ҳамма вақт топилади) ички бир бўйсунмас эътироф билан тенгсиз гўзаллик деб топишган, шу сабаб ундан теваракни қизғанишга журъат қилолмасди. Айримларгина бунга ҳар гал беҳуда бўлса ҳам уринишарди.

Бу қиз ўзига ортиқча оро беришни, бошқалардан ажралиб туришни, кимларнинг назарида қандай кўриниш кераклигини ўйламас, эҳтимолки, билмас эди. У оддий, озода ва айни дамда кўркам кийинарди. Ҳамма нарса унга ярашарди, лекин ярашган нарсаларнинг ҳеч бир қиймати йўқдай. Унинг бор гўзаллиги кўзларида, кўзларида эса мунг бор: исмсиз, тилсиз, жодули… Ҳамма нарсанинг ҳам бирор якуни бўлгани каби бу ҳолатнинг ҳам охири бўлиши керак эди: ниҳоят йигитлардан бири унга кўнглидагиларни айтишга журъат қилди. Бу йигит ҳар қандай қизнинг орзусидаги йигит эди. Келишган, ақлли ва айниқса, кўплар учун қизиқарлиси: бадавлат оиладан, хуллас, ҳамманинг назарида унинг келажаги порлоқ эди.

Йигит аввал қизга хат ёзди. Хатда, бу қизсиз унга ҳаёт ҳаёт эмаслигини, унинг учун ҳамма-ҳамма нарсани нисор этишини чиройли сўзлар билан ифодалади. Қиз унинг хатига жавоб ёзмади. Лекин йигит унинг биргина марҳаматини пайқаб қолди: қиз йигитга бир-икки марта бироз фурсат ўша мунгли нигоҳлар билан термулди. Шунинг ўзи кифоя, бу илтифот йигит учун тенгсиз далда бўлди. Навбатдаги мактубни ёзди: “Бизнинг орамизга ҳеч ким тушолмайди. Сиз ким, мен кимлигим ва бошқа ҳар қандай сабабнинг бўлиши мумкин эмас. Фақат сиз ҳам буни билишингиз керак. Бир қалбнинг тафти билан муҳаббат тикланмайди. Сизни фалон куни, фалон соатда, фалон жойда кутаман. Интизорлик билан кутаман”.

Қиз яна жавоб ёзмади. Бу сафар йигит унинг кўзлари ўзига ўтган галгига қараганда кўпроқ фурсат қадалганини сезди. Бу қиз ростдан ҳам чиройли, кўзларидаги мунг эса бундан-да гўзал эди. “Фалон кун”, дейилгани эртага, “фалон соат” дейилгани кечки пайт.
Қиз ўша жойга троллейбусда борди. Йигит оппоқ машинасида, хиёбоннинг четидаги йўлакда уни кутиб турарди. Йигит ўшанда юз бериши мумкин эмас бўлган нарсаларнинг ёлғонлигига ишонди.
– Салом Малоҳат, – деди Рашид, – овора бўлибсиз, билсам машинада бирга келардик хиёбонга.
Ана шунда Рашид унинг кўзларига қаради, қорачиқдаги мунг, гўзалликдан эти жимирлади. Ўзи шу гўзалликка муносиб топилгани туфайли ич-ичидан суюнди.
– Салом,– деди қиз. – Атайлаб троллейбусда келдим.

Улар ҳазин хиёбонда сайр этишди. Кейин бироз тамадди қилишди. Шу кундан бошлаб қиз ҳаётдан (гўё олдин илғамагани) гўзаллик ахтара бошлади. Ва топаётганлари ўзининг йўқотаётгани, кўзларидаги мунг эвазига эканини пайқамади ҳам. У кун сайин ҳаётни кучлироқ севар, ўз-ўзидан шодланар, табиийки, кўзлари ҳам севинчдан порлар эди. Унинг бор бисоти – кўзларидаги мунг йўқолиб бораётганди. Шундай кунларнинг бирида Рашид буни туйқус сезиб қолди. Малоҳатнинг кўзларига қаради. Мунг малоҳатини тополмади. Ойлар ўтди. Бу вақтда қиз йигитга бутунлай ишониб қолмагани учун шукур қилди.

…Бу қизнинг кўзларидаги биргина ифода йигитларнинг минг бир кечинмаларига сабаб бўлади. Унинг бор гўзаллиги кўзларида, кўзларида эса мунг бор эди.

БОЛА

012   Она кенжасини – эндигина тўрт ёшдан ошган болани яна тоғасиникига жўнатиб юборди. Тоғасининг уйи узоқ эмас – бир чақирим ҳам чиқмайди. Қишлоқ жой эмасми, бола кичик бўлса-да, яқин атрофни беш қўлдек билади, тоғасининг уйи ҳам шундай таниш. Боланинг бу ерда тургиси йўқ, лекин бунақа пайтларда уйига қайтиб кетиб ҳам бўлмайди. Ҳозир уйига бормай тургани тузук. Бироз вақт ўтиши керак, кейин акаларидан бирови келиб олиб кетади, агар келишмаса, шу ерда ётиб қолишга тўғри келади. Ўзига қолса-ку бу ерда ётиб қолгиси йўқ, лекин, наилож…

Кечки овқат маҳали тоғасининг хотини иддао билан эрини туртди.
– Муштдай бола, тағин ўзича ноз қилиб қўяди, қаранг, туришини қаранг!
Тоғаси оғир-босиқ одам эди, хотинининг бу тахлит гапларига жавобан шу пайтгача эътирозли назар билан қараб-қараб қўйганди, энди бўлмади.
– Бир гапирдинг, икки гапирдинг, бўлар энди. Қўй, ишинг бўлмасин, бола-да, бир нарсага тушуниб, бир нарсага тушунмай турипти ўзи.

Кейин болага қараб, овозини юмшатди.
– Ол, олавер, овқатингга қара, жиян!
Бола секин косадаги овқатга қараб, қошиқни тутганича ундаги ёвғон шўрвани аралаштирди – совутмоқчи бўлди. Тоғаси овқатни тезда еди-да, хўжаликда кечки мажлис борлигини айтиб қўзғалди. Бола яна ёлғизликни ҳис қилди. Бундай ёлғизлик унга таниш эди, танишки, унча-мунча эмас.
– Туришиям отасига ўхшайди, опа, қаранг, қараб туришини, қошиқни ушлашини…

Холаларидан бири унга қараб олиб, онасига шундай деганидан кейин тоғасининг хотини кечиктирмай болага навбатдаги танбеҳга ўтди:
– Овқат еяётган маҳали бошқанинг косасига бундай термулиб қолмайди. Айтдим-ку, муштдайгина бўлсаям, буни тушунмайди одам – катта кишиларга ўхшайди. Амманггаям ҳайрон қоламан, эри уйига ичиб келди, дегунча шунисини бизникига қараб ғизиллатиб юборади. Бир жўнат-икки жўнат, бўлди-да.
– Нега шундай қилади, ўзи опа, а, аммам? – деб сўради холаси онасидан.
– Нега бўларди, шу кичкинам ҳеч бўлмаса, отасининг ичиб кеп жанжал қилганини кўрмасин, дейди экан-да. Отангга бир куни шундай деб турганининг устидан чиқиб қолувдим. Жанжални кўрса қўрқиб, қўрқоқ бўп қолармишми-ей.
– Ааа, – деб қўйди холаси бир нарсани тушунгандай бўлиб.
– Бундай қилмаслиги керак, – тоғасининг хотини гапида давом этди, – кўриши керак, отасининг асли қандайлигини кўриши керак. Тағин ўқимишли эмиш у киши. Ҳайф, у кишига шуям. Овқатингга қара, дедим, овқатингни ют!
– Бўлди энди опа, боланинг нима айби бор. Бўлди энди, ол, жиян ов¬қатинг совиб қолди.

Бола тоғасининг ўғлига нажот кўзи билан қаради.
– Сен нимани билардинг, – тоғасининг хотини косасини қўлга олиб овқатини еяркан, яна гапира кетди, – тўғри айтдим, кўриши керак, билиши керак бола, қара туришини, яна шумшайиб қараб қўяди.
У киши бошқаларнинг норози қарашларига эътибор ҳам бермади.
– Гўр бўладими, каттарса, бу ҳам бир пияниста бўлади-да, отасига ўхшаб. Опасининг эҳтиётлашига ўласанми яна, бир опке-икки опке…
Бола жуда очқаган эди, лекин бирдан тўққа ўхшаб қолди. Овқатининг ярми косада қолиб кетди. Дастурхон йиғиштирилди – одатдагидек, ҳамма телевизорга андармон бўлиб қолди. Бола бесаранжом эди, ўтиролмади, ҳамма кўз қоқмай кўраётган кинонинг унинг учун қизиғи бўлмади. Секин ўрнидан туриб эшикка қараб юрди, деразанинг кўзларига қаради – қоп-қоронғи.
– Ҳа, жиян қаёққа?
– Ташқарига чиқиб келай, – деди бола шундоқ эшикнинг олдига етиб.
– Қўрқмайсанми?
– Қўрқиб бўри ермиди? Сал четроққа бор! Ейдиган бўриям йўқ бўлса…

Бу гапларни охиригача эшитиб-эшитмай бола таш¬қарига чиқиб кетди. У атрофга қараркан, туннинг зулматидан сесканди. Шу сесканиш аралаш ўзига-ўзи пичирлади: “барибир қўрқмайман”.
…Бироздан кейин боланинг уйидагилари кимдир чақирганини эшитиб қолишди. Бири тезда ҳовлига чиқиб келди – тоғаси экан.
– Амма, поччам ухладими, ишқилиб. Тағин жанжал қилдими?
– Ҳа, ухлади, қаттиқроқ гапиравер, энди уйғонмайди, пишиллаб ётипти нариги хонада.
– Ташқарига чиқаман, деганди, кеп қолар, деб қараймиз-қараймиз, йўқ, жиян кеп қўйипти-да уйингизга, қўрқмаганини қаранг, а, амма!
– Ўзим ҳам шошиб қолдим, бир нарса ҳовлининг бурчида қорайиб келади, кучук вовиллаб олдига борди-да, секин ғингшиб қолди, таниди ким бўлсаям деб турувдим, қарасам… жиянинг! Йўқ, қўрқ¬мадим, дейди. Акам яхшими, чечам, ўзларинг яхши юрибсизларми, кел, ўт манави ёқдан, ўт… яхшиям сенлар борсанлар, жигарларим…

Бола эса бу пайтда ухлаб ётарди. Тушида уйидагилар билан шаҳардаги паркка борганмиш, отаси ҳаммани чиройли безатилган стол атрофига ўтир¬ғизиб, кабоб олиб берипти, бола тўйиб-тўйиб ов¬қат еяётганди.
…Бироздан кейин онаси терлаб ётган боланинг ҳўл бўлиб кетган сочини силаб-силаб артиб, уни секин ўз жойига ётқизди. Боланинг алаҳсираб, нималарнидир гапирганига ёки гапирмоқчи бўлганига эътибор бермади.

ЯХШИ ОДАМ

022   Ҳаво очиқ. Ҳарир пардалар ортидан тушган қуёш нури эътибор билан қараган кишига бетакрор мўъжиза бўлиб кўринади. Хонадагилар эса бундай мўъжиза ҳақида ўйлашмайди ҳам — табиатдаги табиийлик шундай.
— Келинг, келинг бобо. Марҳамат, чойдан ичинг.
— Раҳмат, раҳмат, болам.
— Чойдан ичинг, бобо, иш бўлса… бўлар!
— Нимасини айтасан, отанг раҳматлиям яхши одам эди. Сен ҳам илгаридан бўладиган бола эдинг. Бўладиган бошидан маълум. Отанг ҳам, амаки, тоғаларинг ҳам…

Бобо кутилмаганда мунғайиб, хижолат тортиб, мўлтираб қолди.
— Бобо, замон бугун шиддатли. Одамлар сараланаяпти. Кун иш билганники. Энди ҳар ким ҳам тулумини оз-моз чайқаш керак. Бошқа илож йўқ.
— Ҳа-а… ўғлимам шундай деганди. Кейин охирги мажлисингда айтган экансан. Энди хатолар кечирилмайди, деб одамларга ётиғи билаан тушунтирган экансан.

Фермерлар уюшмаси раиси бирдан сергак тортди. «Қилт» этиб ютинди-да, креслосига қайтадан ястаниб ўтирди. Юз ифодасига бошқача мазмун қалқди.
— Шу десанг, кичик ўғлим… ёшлик қилиб қўйипти. Кимдир хотинидан хабар етказган экан. Даладаги ишини ташлаб, трактири билан уйга шошаверибди-да.
— Келинга нима қипти?
— Йўқ, ҳеч гап йўқ. Иккиқат. Ўғлим шунга илинибди-ю, шошибди-да.

Фермерлар уюшмаси раиси бирор бир хавф дарагини сезиб аччиқлана бошлади.
— Бобо, бундай бир… очиқроқ гапиринг! Нима бўпти, нима қўйипти. Одамнинг диққатини мулойимгина қилиб кўтариб… охири деворга урасиз шекилли.
— Ўғлим, энди нима қиламан, раисга нима дейман, деб уйга қамалиб ўтирипти. Трактирини бошқа бир трактир билан судратиб олиб келипти.
— А? Трактор? Тракторга нима бўпти? Ўзимам гапларингиздан ўйлаб турувдим. Ҳозир биласизми, трактор билан осмоннинг нархи бир…
— Мен айтдим, бундай ётма, дедим. Бориб бир бошидан айт, тушунади, дедим. Сизни ҳамма билади. Тўғрими, сизни ҳамма яхши одам, дейди.
— Сизламанг энди… Бўлар иш бўлиб…
— Бошда сенлаганим учун хижолат бўп турувдим ўзи.
— Тракторга нима бўпти, тракторга?
— Жудаям катта гап эмас. Олдинги кичик оёқларидан бири… Шу, ёшлик қилипти-да. Бу ёқда келиним. Келин бояқиш иккиқат.
— Трактордан гапиринг.
— Бир оёғи синиб кетипти. Бола ёшлик қилиб, шошиб, тутлардан бирига қадалиб қопти.

Энди бобо фермерлар уюшмаси раисининг кўзига шундай кўриниб қолдики, буни тасаввур қилсак, одам зотига ўхшатишнинг иложи йўқ. Ўшқира бошлади.
— Қани ўзи? Мулла Марайим қаҳрамон бўп, сизни жўнатиб, ётиптими ўзи?
— Унга айтмай ўзим келдим, раис бобо.
— Кепсиз, яхши қипсиз. Энди бориб ўғлингизга айтинг. Тракторни тузатиб жойига қўйсин-да, тошини терсин. Ҳозир иш излаган тракторчининг сони минг.
— У ёғиниям ўйладик, раис бобо. Нима қилай, қўлимиздан келмаса. Рўзғорни шу ўғлим шу трактири билан тебратиб туради. Бирор бошқа жойдан кеп ётган нарсамиз йўқ. Давлатга раҳмат, пенсамни вақтида олиб турипман.
— Бўпти-бўпти. Тракторни судратиб ташлаб кетсин, бўлди. Ўзи билади, мажлисда айтувдим. Ким битта хато қилса ўзи билиб ишини топширсин, деганман. Ортиқча гап ортиқча.

Бобонинг жуссаси кичрайиб қолди. Қизариб кетган раиснинг гапларини жим, мўлтираб эшитди.
— Бир марта кечиринг энди. Менам илгари трактирчи бўлганман. Бундай пайтларда, темир экан-ку, дейиларди. Одамнинг қадри билинарди.
— Боо…бо. Энди майда гап қилманг. Бориб лапашанг ўғлингизга айтинг. Бояги айтганимдай қилсин. Бўпти энди…
— Энди ундай деманг, раис бобо. Сизга кенглик ярашади.
— Қани ўзингиз айтинг, нима қил, дейсиз?
— Бир марта кечиринг. Ҳозир биласиз, ишсиз қолиш қиёмат. Четга бориб ишлаб келаман, дейди, мен жўнатмайман. Қўрқаман. Келин биринчисига иккиқат.

Раис ўрнидан туриб кетди.
— Бўпти, бобо, сиз бораверинг, эртага ўғлингиз келсин. Ўзи билан гаплашаман. Сиз барибир бошқа замоннинг одамисиз.
— Шундай кетолмайман-да, раис бобо. Ундан кейин, келганимни ўғлим билмаслиги керак. Бир мартага кечирдим, денг. Ўзиям бўлари бўлди, кўрсангиз ачинасиз.
Гап-гап билан бобони раис ўзи хонасидан чиқариб қўйди. Афтидан ҳамма заҳрини унинг ўғлига асраб қўйгандек бўлди. Ҳарқанча бўлмасин, кечирдим, демади.

Ўзини ғижимланган қоғоздек сезиб қолган бобо қабулхонадан чиққач йўлакда қотиб туриб қолди. У ҳеч қачон ҳеч кимдан ўзини ортиқ санамаган, ҳеч кимдан ортиқча иззат талаб қилмаган… лекин, шу ёшгача ҳали ҳеч кимдан бу қадар таҳқирниям кўрмаганди.
Шахд билан қайрилдию имконсизликнинг чегараси бўлган журъат билан раисга қайтадан юзма-юз бўлди.

Фермерлар уюшмасининг раиси бобонинг кўзларига қараб ҳайиқди. Бу кўзларда, бу нигоҳларда ўзига жуда таниш бўлган ҳис мужассам эди.
Ўзини зўрға тутиб турган бобонинг овози қалтираб чиқди.
— Кўп нарса сўрадим, раис, сендан яна бир нарса сўрайман.
— Сўранг, сўранг…
— Худо… ҳаттоки Худо одамга… саноқсиз хатоларини тузатиш учун ажалигача… ажалигача имкон бераркан. Шуни биласанми?
— Хўш, хўш…
— Гапни бўлма, сўрайдиганим шу: сен Худоданам зўрмисан, а, Худоданам зўрмисан?
Жавобини ҳам кутмай, хонага қандай шахд билан кирган бўлса шундай чиқиб кетди.

…Эртасига созланган тракторида даладаги ишини қилиб келган ўғли раисни мақтади. Одамлар у кишини бекорга яхши одам дейишмасакан, деди.
Бобо кўзларини беихтиёр ойналари кирчил дераза томон олиб қочди.

xdk

(Tashriflar: umumiy 201, bugungi 1)

1 izoh

  1. Salom.Men yozuvchi, shoir ham emasman. Oddiygina havaskorman Birinchi baxt nomli kitobni o’qib,barchasi xayotimizdagi oddiygina xaqiqatlar ekanligiga juda qiziqish bilan oʻqidim. Shu kitobni yozgan muallif bilan suhbatlashish niyatidaman.

Izoh qoldiring