Imom al-Buxoriy. Al-adab al-Mufrad & Shayx Abdulaziz Mansur Imom al-Buxoriy va «Al-Adab al-Mufrad» haqida & Ubaydulla Uvatov. Muhaddislar sultoni & Ikki videofilm

9920-21 июль — Имом ал-Бухорий куни

   Имом ал-Бухорийнинг исми Муҳаммад, куняси Абу Абдуллоҳ, лақаби баъзан имом ал-муҳаддисийн (муҳаддисларнинг имоми, пешвоси), баъзан амир ул-мўъминийн фи-л-ҳадис (ҳадис илмининг амири, султони) ва насаби Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ибн Бардазбеҳ ибн Базазбеҳдир. Мутафаккир Абдураҳмон Жомий машҳур муҳаддиснинг илмий-ижодий салоҳиятига юксак баҳо бериб, «Батха (Макка) ва Ясриб (Мадина)да ясалган танганинг сайқали Бухорода камолига етди», — деб ёзган эди.

МУҲАДДИСЛАР СУЛТОНИ
Убайдулла Уватов
тарих фанлари доктори, профессор
01

Ashampoo_Snap_2017.05.10_00h47m07s_002_b.pngИмом ал-Бухорийнинг исми Муҳаммад, куняси Абу Абдуллоҳ, лақаби баъзан имом ал-муҳаддисийн (муҳаддисларнинг имоми, пешвоси), баъзан амир ул-мўъминийн фи-л-ҳадис (ҳадис илмининг амири, султони) ва насаби Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ибн Бардазбеҳ ибн Базазбеҳдир. Сўнгги икки исми – ибн Бардазбеҳ ибн Базазбеҳдан кўриниб ту-рибдики, имом ал-Бухорийнинг асл насаби ажамларга бориб тақалади. Бу фикр талай адабиётларда қайд қилинган бўлиб, кўпчилик муҳаддисларнинг таъкидлашларича, «Бардазбеҳ» сўзи арабча «зориъ» (зироат, деҳқончилик билан шуғулланувчи киши) маъносини билдиради.

Имом ал-Бухорийнинг отаси Исмоил эди. Унинг куняси Абу-л-Ҳасан бўлиб, ўз даврининг етук муҳаддисларидан, имом Моликнинг шогирд ва асҳобларидан бири ҳисобланган, тижорат ишлари билан ҳам шуғулланган. Афсуски, ҳозирча унинг қаламига мансуб бирор асар ҳақида аниқ маълумотга эга эмасмиз. Бироқ уни Ҳамад ибн Зайд, имом Молик, Абу Муовия каби йирик муҳаддислардан ҳадислар ривоят қилгани, Абдуллоҳ ибн ал-Муборакнинг суҳбатида бўлиб, ундан таълим олгани ҳақидаги маълумотлар манбаларда келтирилади. Унинг шогирдларидан эса ироқлик бир қанча олимлар – Аҳмад ибн Ҳафс, Наср ибн Ҳусайн ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Имом ал-Бухорий «Ат-Тарих ал-кабир» («Катта тарих») асарида отасининг таржимаи ҳоли ҳақида та­лай маълумотлар беради, Тарихчи ал-Ҳофиз ибн Ҳиббон ўзининг «Китоб ас-сиққот» («Буюк инсонлар ҳақида китоб») номли асарида Исмоил ибн Иброҳим, яъни ал-Бухорийнинг отаси «Ҳамад ибн Зайд ва Моликдан ҳадислар ривоят қилган, ундан эса ироқлик олимлар ҳадислар нақл қилишганлар», дея таъкидлайди.

Манбаларда зикр қилинишича, Исмоил ўта тақводор, художўй, ҳалол бир инсон бўлган. Тарихчи Аҳийд ибн Ҳафаснинг ёзганлари бу фикримизга далилдир. «Абу Абдуллоҳ (имом ал-Бухорийнинг отаси) бандаликни бажо келтираётган чоғида уни зиёрат қилганимда, менга у: «Бор молу дунёмдан ҳаром йўл билан, шубҳали, нопок йўл билан топилган бир дирхамни ҳам билмайман», деб илтижо қилганида менинг нафасим бўғилиб, бутун ву-жудим унинг улуғворлигидан ҳеч нарсадай туюлди», — деб ёзади. Мазкур китобда, шунингдек, имом ал-Бу­хорийнинг отасига хос бўлган яна бир қанча асл инсоний фазилатлар ва унинг алоҳида хусусиятлари ҳам қайд этилади.

Имом ал-Бухорийнинг онаси ҳам тақводор, диёнатли ва ҳар хил кароматлар соҳибаси, ғоятда оқила, фозила аёл сифатида танилган эди. Маълумки, имом ал-Бу­хорийнинг ёшлигида кўзи жароҳатланиб, кўриш қоби-лияти сусайган, ҳар қанча уринишса ҳам, табиблар уни даволай олмагандилар. Кунлардан бир куни ал-Бухорий­нинг онаси тушида Иброҳим (а.с.)ни кўрганда у зоти шариф бу мушфиқ онага қараб: «Эй, волида! Сенинг дуоларингнинг бардавомлигидан Аллоҳ таоло ўғлингга тўлиқ кўриш қобилиятини қайтарди», — дея хитоб қилганлар. Кейин у: «Уйқумдан уйғонсам, ўғлим Муҳаммаднинг кўз нури тўлиқ қайтиб, тузалиб кетибди», — деган ривоят мавжуддир. Абу Али ал-Рассоний деган олим: «Муҳаммад ибн Исмоилнинг ёшлигида кўзи ожиз бўлиб қолган. Унинг онаси тақводор аёл бўлиб, тушида Иб­роҳим Ҳалилуллоҳни кўрганда, у: «Кўп дуолар қилиб йиғлаганингдан Аллоҳ таборако ва таоло ўғлингнинг кўзини қайтарди», — деган. Она: «Эрталаб уйғонсам, Аллоҳ ўғлимга кўриш қобилиятини қайтарганини кўрдим», деган маълумот билан юқоридаги ривоятни айнан қайтаради.

Имом ал-Бухорий илм-фан ва маданият равнақида азалдан машҳур бўлган Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Мана шу муҳташам шаҳар — Бухорои шарифда 194 ҳижрий сана, шаввол ойининг 13-кунида салоту-л-жумъадан кейин (810 милодий сана, 21 июль) жами муҳаддисларнинг имоми, Пайғамбар (с.а.в.) нинг муборак ҳадисларига дурдонасимон сайқал бериб, уларни абадул-абад барҳаёт қилган улуғ зот имом ал-Бухорий дунёга келган.

Мутафаккир Абдураҳмон Жомий машҳур муҳаддиснинг илмий-ижодий салоҳиятига юксак баҳо бериб, «Батха (Макка) ва Ясриб (Мадина)да ясалган танганинг сайқали Бухорода камолига етди», — деб ёзган эди. Маълумки, манбаларда ўрта асрларнинг бир қатор донишмандлари таваллуд топган ойлар ва кунлар тугул, ҳатто, йилларида ҳам аниқлик бўлмай, хилма-хил маълумотлар кўрсатилган ҳоллар бот-бот учрайди. Имом ал-Бухорийнинг туғилган вақти (куни, ойи, йили) аниқ келтирилишининг боиси шундаки, алломанинг ўзи ёзишича, у туғилган вақт ҳақида отаси ўз қўли билан ёзиб қўйган варақ замондошларига етиб келган.

Имом ал-Бухорий ёшлигидаёқ отаси вафот этиб, боланинг тарбияси волидаси зиммасида бўлган. Бирмунча улғайиб ақли расо бўлгач, унинг қалбида исломий илмларга, айниқса, Пайғамбар (с.а.в.)нинг муборак ҳадис-ларини ўрганишга ва ёдлашга мойиллик тобора кучая боради. У даставвал Ибн ал-Муборак ва Вакийънинг ҳадисларга оид асарларини ёд олади. Имом ал-Бухорийнинг котиби, унинг асосий таснифи «Саҳиҳ» асари ровийларидан бири бўлмиш Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотам ал-Варроқ шундай деб ёзади: «Ал-Бухорийнинг «Ҳадисларни ёд олиш илҳоми менга бошланғич мактабда ўқиётганимда келган эди», — деганини эшитганимда, «Ўшанда неча ёшда эдингиз?» — деб сўрадим. У «Ўн ёшда, балким ундан ҳам кичик эдим», — деб жавоб берганди». Бу мисолдан кўриниб турибдики, имом ал-Бухорий жуда ёшлигидан бошлаб ҳадисларни ёд олиб, бу машғулотга алоҳида завқ-шавқ ва қизиқиш билан қараган.

Алломанинг устозлари ҳақида гапирадиган бўлсак, у, энг аввало, ўша пайтда Бухоронинг таниқли муҳаддисларидан саналган ад-Дохилийдан сабоқ олган. Ҳадис­ларни ўрганиш бўйича ушбу олим ташкил этган тўгаракнинг шуҳрати кенг тарқалган бўлиб, унинг фаолияти ёйилиб улкан самаралар берган.

Кунлардан бир куни ад-Дохилий ўз одатича талабаларга сабоқ берар, ал-Бухорий ҳам бошқа толиби илмлар қатори дарс тинглаб ўтирган эди. Шунда ад-Дохи­лий бир ҳадис исноди ҳақида гапириб «Суфён Абу Зу-байрдан, у Иброҳимдан», — деб зикр қилди. Шунда ал-Бухорий: «Абу Зубайр ҳеч вақт Иброҳимдан ривоят қилмаган», — деди ва бу билан у ад-Дохилийни бу санад хусусидаги хатодан огоҳ қилмоқни истади. Ўз шогирдидан бу гапни эшитган ад-Дохилий эса ҳайратга тушиб, дағаллик билан унинг сўзини бўлди. Ал-Бухорий ўта хотиржамлик билан «Устоз, агар ишонмасангиз асл манбага қаранг», — деди. Ад-Дохилий манбага қараб, шогирди айтган гапнинг тўғрилигини эътироф қилиб, тан олдию лекин ўша ҳадис санадини қоғозда тузатишни пайсалга солди. Рағбат юзасиданми ёки уни синаб кўриш учунми, хуллас, санадни топиб тузатиш масаласини ал- Бухорийнинг ўзига ташлади. Ташқарига чиқишгач, шогирдидан «Э, бола, бу ёғи энди қандоқ бўлади?» — деб сўради. Ал-Бухорий эса ҳеч бир куттирмай устозига жавоб қилди: «Зубайр ибн Адий Иброҳимдан ривоят қил­ган». Шундан кейин у (ад-Дохилий) қалам олиб ёзганини тузатди ва «Сен ҳақсан» — деди. Ал-Бухорийнинг айтишича, бу вақтда у бор-йўғи ўн бир ёшда бўлган.

Манбаларда келтирилишича, ал-Бухорийга ўн ёшидан бошлаб ҳадисларни ёд олиш илҳоми насиб этган бўлса, ёши улғайган сари бу истак тобора кучайиб, у нафақат ҳадисларни шунчаки ёд олиш, балки ёшлиги­дан бошлаб ҳадисларни саҳиҳ (тўғри, ишончли) ва ғайрисаҳиҳ (хато, нотўғри)ларга ажратиш, уларнинг иллатларини аниқлаш, ҳадис ровийлари маълумотларининг тўғрилиги, ишончли ёки ишончсизлиги, ровийларнинг маиший ҳаёти, яшаш жойлари, туғилган ва вафот этган саналари, бир-бирлари билан ўзаро мулоқотлари тафсилотини билиш, турли ровийлар келтирган ҳадисларни бир-бирига солиштириб муқояса қилиш, уларнинг бир-бирлари билан ўзаро боғлиқлиги ёхуд узилишлар мавжуд ҳолатлар, ҳадис илмининг яна бошқа хилма-хил муаммоларини чуқур тадқиқ этиш, ҳадисларни саралаб жамлаш ва Қуръони карим оятлари билан узвий боғ-лиқликда ўрганиш каби масалаларга қизиқди.

Имом ал-Бухорий ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устоз (шайх, машойих)лардан ҳадис ривоят қилгани ҳақида манбаларда аниқ кўрсатилган. Ал-Бухорийнинг илк устозлари сифатида ўша даврда Бухорода кўзга кўринган муҳаддислардан Муҳаммад ибн Салом ал-Пойкандий, Муҳаммад ибн Юсуф ал-Пойкандий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Маснадий, Иброҳим ибн ал-Ашъас ва бошқаларни ҳам кўрсатиш лозим. Ўн олти ёшга етмасданоқ у кўпдан-кўп ҳадисларни пухта ўзлаштириб, Абдуллоҳ ибн ал-Муборакнинг китобларини ёд олди. Тез фурсатда ал-Бухорийнинг ноёб қоби-лияти ва зукколиги кўпчилик уламолар томонидан, шунингдек, ал-Бухорийга устозлик қилган етук муҳаддислар томонидан ҳам эътироф этила бошланди. Бу ҳол шу даражага етдики, ҳатто айрим таниқли олимлар ҳам ал-Бухорийнинг ўз дарсларида ҳозир бўлишидан ташвишланиб, унинг ҳузурида бирор хато ёки камчиликка йўл қўйишдан хавотирланадиган бўлиб қолдилар. Улар ўз китобларидаги хатоларни тузатиш учун ал-Бухорийга мурожаат қилардилар. Манбаларда келтирилишича, ал-Бухорий ҳадислар талабида хорижий юртларга сафарга чиқишидан олдин бир воқеа содир бўлган экан. Бу ҳақда бухоролик олим Салим ибн Мужоҳид шундай ҳикоя қилади: «Бир кун дўстим Муҳаммад ибн Салом ал-Пойкандийнинг уйига борган эдим, у менга «Бироз олдинроқ келганингда, етмиш минг ҳадисни ёд биладиган бир болакайни кўрар эдинг-а», — деди. Мен шу заҳоти орқамга қайтиб, кўчага чиқдим ва ўша болани учратиб, «Етмиш минг ҳадисни ёд биламан, дейдиган бола сенмисан?» — деб сурасам, у «Ҳа, балким ундан ҳам ортиқроғини биламан», — деди. У яна: «Мен саҳобалар ва тобиъийлардан, токи уларнинг кўпларини таваллуд ва вафотлари, уларнинг масканларини аниқ билмагунимча, бирорта ҳам ҳадис ривоят қилмайман. Шунингдек, саҳобалар ва тобиъийларнинг ҳар бир ҳадисини Қуръони карим ва Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳадисларига таянган ҳолда ривоят киламан», деди».

Салим ибн Мужоҳиднинг ушбу сўзлари ҳам ал-Бухорийнинг ёшлигидан бошлаб ўзига пухта ишончи ва масъулияти бўлгани, шу туфайли эл орасида обрў-эътибор топганига далилдир. Муҳаммад ибн Салом ал-Пойкандийнинг «Муҳаммад ибн Исмоил қачон менинг ҳузуримга кирса, ҳар доим мен ўзимни йўқотиб қўйиб, доим ундан хавотирда тураман», — деган эътирофига қўшимча, ал-Ҳофиз ибн Ҳажар: «Унинг (ал-Бухорий­нинг) ҳузурида хато қилиб қўйишдан у қўрқар эди», — деб бу ҳолни янада ойдинлаштиради. Муҳаммад ибн Салом ал-Пойкандий билан боғлиқ бу воқеалар ҳали ал-Бухорийнинг илми Бухородаги ўз устозлари даражасида эканидаёқ содир бўлгани, қолаверса, имом ал-Бухорий Бухородан жўнаб кетгандан кейин ал-Пой­кандий у билан бошқа учрашмаганини ҳисобга олсак, таъкидламоқчи бўлган фикримиз янада аниқлашади, деб ўйлаймиз…

Азалдан муҳаддислар орасида арабча «риҳлат» истилоҳи бирор ҳадисни билиш ёки иснодни олий даражасига етказиш мақсадида йўлга чиққан инсоннинг сафарига нисбатан ишлатилар экан. Илм йўлидаги фидойилик, бу юмушга бутун вужудию ақл-заковатини, бор имконию ҳимматини бахшида этиш, ақл бовар қилмас даражадаги қувваи ҳофизаси ва бошқа фазилатлари имом ал-Бухорийни ислом дунёсининг буюк алломаларидан бири сифатида танитди. Имом ал-Бухорий ривоят қил­ган ҳадисларнинг ровийлари кўп ҳолларда ҳатто имом Молик ва имом Абу Ҳанифанинг устозлари (шуйух) тоифасига киради. Бу фикрни кўплаб муҳаддислар бир овоздан қўллаб-қувватлаганлар.

Демак, имом ал-Бухорий ўн олти ёшга етгунча ўз юртидаги машойихлардан ҳадис эшитиб, улардан сабоқ олади. Мана шундан кейин исломий илмларнинг маркази, Пайғамбар (с.а.в.)нинг ватани, Қуръони карим нозил бўлган муқаддас диёр – Расулуллоҳ саҳобаларининг маскани Ҳижози шариф томон равона бўлди. Бу хусусда имом ал-Бухорийнинг котиби Ибн Абу Хотам ал-Варроқ зикр қилишича, ал-Бухорий доимо шундай деяр экан: «Қачонки ўн олти ёшни урганимда (сўзма-сўз «таъинту») Ибн ал-Муборак ва Вакийънинг китобларини ёд этиб, сўнгра «ана уларни», яъни асҳобу-р-рай каломларини билиб олган эдим. Сўнгра онам ва акам Аҳмад билан ҳаж ибодатини адо этиш учун сафарга жўнадим». Ал-Варроқнинг бу гапларидан маълум бўлаётирки, имом ал-Бухорий биринчи марта сафарга 825 йилда чиққан. Мана шу йили у яқинлари билан Маккаи мукаррамага етиб келиб, Ҳаж ибодатини адо этгандан сўнг онаси ва акасини Бухорога қайтариб юбориб, ўзи Маккада қолди ва бу муқаддас шаҳар машойихларининг илмий йиғинларида қатнаша бошлади. Ўша пайтда Маккада бир қанча кўзга кўринган уламолар истиқомат қилаётган бўлиб, улар ичида ҳадис илми соҳасида машҳурларидан имом Абул Валийд ибн ал-Арзақий, Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр ва аллома ал-Ҳамидийларни кўрсатиш мумкин. Шунингдек, яна бир қанча таниқли олимлардан ҳам имом ал-Бухорий ҳадис илми бўйича сабоқ олади. Маккаи мукаррамада икки йилча яшагандан кейин у Мадинаи мунавварага томон йўл олади. Жумлаи жаҳондан илм толиблари набавий (Пайғамбаримиз ҳақидаги) илмларни ўрганиш учун бу мўьтабар шаҳарга оқиб келардилар. Имом ал-Бухорий 827 йилда, ўн саккиз ёшида Пайғамбар (с.а.в.)нинг равзаи мубораклари қўйилган Мадинага етиб келди. Шу пайтда шаҳарда кўзга кўрин­ган машҳур уламолардан Иброҳим ибн ал-Мунзир, Мут-риф ибн Абдуллоҳ, Иброҳим ибн Ҳамза, Абу Собит Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ, Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ал-Увайсий сингари етук олимлар фаолият кўрсатардилар. Имом ал-Бухорий ушбу уламолар билан мулоқотда бўлиб, улардан кўпдан-кўп сабоқ олди. Ҳижози шарифга қилган бу риҳлати асносида бўлғуси аллома ўзининг дастлабки асари «Ат-Тарих ал-кабир» («Катта тарих»)нинг қораламасини тугатди. Қатор тарихчиларнинг таъкид-лашича, имом ал-Бухорийнинг Ҳижоз (Макка), Мадина, Тоиф, Жиддага қилган бу риҳлати олти йил давом этган. Шу билан бирга, бу муддат узлуксиз бўлмай, имом ал-Бухорий шу вақт ичида бошқа ёндош мамлакатларга ҳам сафар қилгани қайд этилади.

Шундан кейин, ал-Бухорий Басра (Ироқ) шаҳрига қараб йўл олади. Ўша пайтда Басра ҳам Шарқнинг эътиборли илмий марказларидан бири бўлиб, бу ерда, хусусан, ҳадисларни ўрганиш кенг қулоч ёйган эди. Басрада у имом Абу Осим ан-Набийл, Сафвон ибн Исо, Бадал ибн Аръара, Сулаймон ибн Ҳарб, Абул Валийд ат-Тайолисий, Аърим ва Муҳаммад ибн Синон каби уламолар­дан сабоқ олиб, ўз билимини оширди. Шу аснода имом ал-Бухорий Басрага ҳаммаси бўлиб тўрт марта бориб келди. Унинг ўзи доимо: «Басрага тўрт марта риҳлат қилганман», — деб таъкидларди. Шундан сўнг у Куфага сафар қилди ва бу шаҳарда ҳам бир неча бор бўлди. Шунингдек, Бағдодни ҳам бир неча марта зиёрат қилга­ни маълум. Мазкур сафарлар хусусида котиби ал-Варроқ унинг қуйидаги сўзларини келтиради: «Куфа ва Бағдодга муҳаддислар билан учрашишга неча марта борганимнинг ҳисобини ҳам билмайман». Тарихчи олим ан-Нававий ўзининг «Таҳзийб ул-асмои ва-л-луға» номли китобида имом ал-Бухорийнинг Куфадаги устоз (шуйух)-ларидан қуйидагиларни зикр қилган: Абдуллоҳ ибн Мусо, Абу Наъийм Аҳмад ибн Яқуб Исмоил ибн Абон, ал-Ҳасан ибн Рабийъ, Холид ибн Мухаллад, Саъийд ибн Хафас, Талақ ибн Рунам, Умар ибн Хафас Урва, Қабийса ибн Аъқба ва Абу Faccoн. Куфанинг таниқли олимлари – устозларининг ривоятлари ишончли ва исботли эканлигига ишонч ҳосил қилгач, имом ал-Бухорий улардан ҳадислар ёзиб олган. Аббосийлар халифалигининг пойтахти бўлмиш Бағдодда дунёнинг турли томонларидан келган кўплаб фозиллар тўпланган эди. Шу боисдан бўлса керак, имом ал-Бухорий ҳам, юқорида айтиб ўтганимиздек, Бағдодда бир неча марта бўлган ва у ерда катта ҳурмат билан кутиб олинган. Бу шаҳардаги устозлари имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Муҳаммад ибн Исо ас-Саббо, Муҳаммад ибн Соиқ, Шурайҳ ибн ан-Нуъмон ва бошқалардан сабоқ олган. Имом Абу Али ал-Рассоний «Тақйид ал-муҳмал» номли асарида: «Имом ал-Бухорий охирги марта (ҳаммаси бўлиб у Бағдодда саккиз марта бўлганди) Бағдодни тарк этиб қайтаётганда, имом Аҳмад ибн Ҳанбал у билан хайрлашар экан, ғоят хасрату алам би­лан: «Илм ва мухлисларни (ан-нос) ташлаб, Хуросонга кетасанми?» — деб зорланган эди. Орадан йиллар ўтиб Бухоро ҳокими Абу Тоҳир аз-Зуҳлий имом ал-Бухорийга қарши фитна уюштириб, уни она юрти Бухородан ба-дарға қилиш ниятида турли-туман бўхтону туҳматлар тўқиганида имом ал-Бухорий Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўша сўзларини эслаб, кўп надоматлар чеккан ва «Аҳмад ибн Ҳанбалнинг сўзлари маъносига энди тушундим», — деб афсусланганди.

Имом ал-Бухорий Шомда ҳам бўлиб, унда Юсуф ал-Фарйобий, Абу Наср Исҳоқ ибн Иброҳим ва Одам ибн Абу Ийбос Абу-л-Яман ал-Ҳакам ибн Нофиъ ва Ҳайват ибн Шурийҳ каби бир қанча машҳур олимлардан сабоқлар олди. Шундан сўнг Мисрга ўтиб, Усмон ибн ас-Сор Саъийд ибн Абу Марям, Абдуллоҳ ибн Солиҳ, Аҳмад ибн Солиҳ, Аҳмад ибн Шубайб, Асбағ ибн ал-Фараж, Саъийд ибн Абу Исо, Саъийд ибн Касир ибн Афийр, Яҳъя ибн Абдуллоҳ ибн Бакир ва шуларга ўхшаш олим­лардан дарс олди. Баъзи манбаларда кўрсатилишича имом ал-Бухорий Месопатамия (Жазийра)га ҳам бориб, Аҳмад ибн Абу-л-Малик ал-Ҳарроний, Аҳмад ибн Язид ал-Ҳарроний, Амру ибн aл-Халаф ва Исмоил ибн Аб­дуллоҳ ар-Раққий каби олимлар билан мулоқотда бўлган ҳамда улардан истифода этган. Машҳур олим Тожуддин ас-Субкий эса ўзининг «Ат-Табақот аш-шофиъиййа ал-кубро» номли асарида: «Имом ал-Бухорий ал-Жазийрага бормаган ва ал-Жазийра машойихларидан қилган ривоятлари бошқаларга таянилиб (билвосита) нақл қилинади», — деб ёзади. Бундан ташқари, аллома Хуросон ва унинг Марв, Балх, Ҳирот, Нишопур, Рай, Жибол каби шаҳарларида ҳам неча марталаб бўлиб, машҳур олимларидан сабоқлар олди. Жумладан, Марвда Али ибн Ҳасан ибн Шақийқ Абдон, Муҳаммад ибн Муқодил ва бошқалардан, Балхда эса Маккий ибн Иброҳим, Яҳъя ибн Бишар, Муҳаммад ибн Абон, Ҳасан ибн Шужаъ, Яҳъя ибн Мусо, Қутайба каби муҳаддислардан ривоятлар қилади. Ҳиротда Аҳмад ибн Абу-л-Валийд ал-Ҳанафий, Нишопурда Яҳъя ибн Яҳъя, Башар ибн ал-Ҳакам, Исҳоқ ибн Ровайҳ, Муҳаммад ибн Рофиъ, Райда эса Иброҳим ибн Мусо, Воситда Ҳисон ибн Ҳисон ибн Абдуллоҳ, Саъийд ибн Абдуллоҳ ва шунга ўхшаш олимлардан ҳадислар ўрганди. Шунингдек, XV асрда ўтган йирик тарихчи Шарафуддин Али Яздий «Зафарнома» номли машҳур асарида ал-Бухорий Кешда ҳам анча муддат яшагани ҳақида ёзади.

Имом ал-Бухорий юқорида зикр қилинган шаҳарлар ва мамлакатларга яккаю ягона мақсад – ҳадис илми бўйича сабоқ олиш ниятида борди, бу жойлардаги таниқли олимлар билан мулоқотда бўлиб, ўз илмини муттасил бойитишга интилди. «Бағдод тарихи» номли йи­рик асарнинг муаллифи ал-Хатиб ал-Бағдодий ўз китобида Жаъфар ибн Муҳаммад ал-Қаттон деган олимнинг имом ал-Бухорийнинг ўзи: «Мен ҳадисларни минг, эҳтимол ундан ҳам ортиқ шайху уламоларга таяниб ёздим, менинг китобимда исноди кўрсатилмаган бирорта ҳам ҳадис йўқ, деб айтганини эшитганман», — деган сўзла­рини келтиради.

Тарихчилар имом ал-Бухорийнинг устозлари сони ҳақида ҳам маълумотлар келтиришган. Жумладан, олим ибн Абу Ҳотамнинг ёзишича, имом ал-Бухо-рийнинг ўзи суҳбатларидан бирида унга: «Бир минг саксонта шайх (устоз)дан ёзганман», — деган. X асрда яшаган исфаҳонлик олим Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Манда ал-Исфаҳоний (922-1005) имом ал-Бухорийнинг устозлари ҳақида махсус асар яратиб, алифбо тартибида уларни номма-ном келтиради. Ҳозирги вақтда Саудия Арабистонида истиқомат қилувчи ватандошимиз, иқтидорли олим Назар Муҳаммад ал-Фарйобий таҳқиқ қилиб, кенг кўламда илмий муомалага киритган ушбу мўьжазгина рисола 1991 йили Саудия Арабистонидаги «Мактабат ал-Кавсар» матбаасида чоп этилган. Имом ал-Бухорийнинг устозлари ҳақида нисбатан муфассал маълумот берадиган ушбу манба хусусида кенгроқ тўхталиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Аввало, «Имом ал-Бухорий устозларининг исмлари» асарининг муаллифи ҳақида қисқача маълумот келтириш мақсадга мувофиқдир. Унинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Манда ал-Исфаҳоний бўлиб, ҳижрий 310 (баъзи манбаларда келтиришича, 309) йилда Исфаҳонда таваллуд топган. У йигирма ёшларидан бошлаб Нишопур, Искандария (Александрия) орқали Басра, Ҳирот, Сижистон, Озарбайжонга ҳам кирмай, тўғридан-тўғри Шош (ҳозирги Тошкент)га риҳлат қилган. Ушбу сафарлардан қайтганда, ўзи билан қирқ ҳамл (яъни қирқ туяга юк бўладиган) хилма-хил китоблар келтирган. Манбаларда таъкидланишича, Қуръони ка­рим ҳофизларидан биронтасига ҳам ал-Исфаҳоний эшитган маълумотларни (ёки хабарларни) эшитиш ва у жам қилган маънавий бойликларни жамлаш насиб этмаган экан. Ал-Исфаҳонийнинг ўзи доимо: «Мен Шарқни ҳам, Ғарбни ҳам икки марта тавоф қилиб, айланиб чиққанман. Кимки ўз ақидавий фикрида қатьий турмай беқа-рорлик кўрсатиб, ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа оғадиганлардан бўлиб, ҳақиқий дин аҳкомларига хилоф иш тутиб, бидъат ва хурофотга амал қиладиган бўлса, ундан биронта ҳам ҳадис эшитмаганман», — деб таъкидларди.

Ал-Исфаҳоний ҳақида ёзган ўрта аср тарихчиларининг кўпчилиги унинг «кўп таснифларнинг муаллифи» («соҳиб ат-тасонийф») деб қайд қилганлар. Тадқиқотчи Назар Муҳаммад ал-Фарйобий эса унинг қаламига мансуб йигирмага яқин асарлар борлигини таъкидлаб, уларни номма-ном келтиради. Ушбу асарлардан ўндан ошиғи ҳадис ва унинг турли илмларига бағишланади. Улардан «Ҳадис», «Ал-Амолий», «Ал-Фавоид», «Маърифат ас-саҳоба», «Фатҳ ал-боб фи куна ва-л-алқаб», «Шурут ал-аимма», «Китоб ат-тарих», «Китоб асмои ас-саҳоба» кабиларни кўрсатиш мумкин.

Муаллифнинг ақидага бағишланган асарлари ҳам ижодида салмоқли ўрин эгаллайди. Улардан «Китобу-р-радд аъло-л-жаҳмиййин», «Китоб ас-сифот», «Китоб ан-нафс ва-р-руҳ», «Ан-Носих ва-л-мансух» ва бошқаларни келтириш кифоядир. Исҳоқ ибн Манда ал-Исфаҳоний 395/1005 йилда вафот этиб, Исфаҳондаги Дуккабоз қабристонига дафн қилинган.

Муаллифнинг «Имом ал-Бухорий устозларининг исмлари» асари ҳажм жиҳатидан унча катта бўлмай, атиги 16 варақдан иборат қўлёзма чиройли насх хатида ёзилган. Ҳар бир саҳифада 17 сатр бўлиб, бағдодлик xаттот Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ибн Муҳаммад Али ибн ал-Иброҳим томонидан олти юз ўттиз иккинчи ҳижрий йилнинг ўн тўққизинчи шавволи, жума кунида Дамашқ Жомиъ масжидида кўчирилган, илмий жиҳатдан ғоятда қимматлидир. Ушбу китобда Имом ал-Бухорий ўзининг шоҳ асари «Саҳиҳ ал-Бухорий»да келтирган уч юз олти ҳадис ровийларининг исми шарифлари алифбо тарти­бида тўлиқ ҳолда зикр қилинади. Шунингдек, уларнинг кўпчилиги ҳақида асли қайси шаҳардан келиб чиққани, лақаби ёки куняси, аксариятининг эса қайси шаҳарда қачон вафот этгани тўғрисида аниқ маълумотлар келтирилади. Фикримизнинг исботи сифатида мазкур асардан бир неча мисоллар келтирамиз: «Аюб ибн Сулаймон ибн Билол Мавли Абдуллоҳ ибн Аби Атийқ асли Мадина шаҳридан, 224 ҳижрий йилда вафот этган; Иброҳим ибн Ҳамза ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ аз-Зубайр ибн ал-Авон аз-Зубайрий 230 ҳижрий санада Мадинада вафот этган бўлиб, кўпинча, Абу Исҳоқ куняси билан аталарди; Аҳмад ибн Исҳоқ ибн ал-Ҳусайн, Абу Исҳоқ ас-Сулламий, у ас-Сурморий номи билан танилган бўлиб, Бухоро қишлоғидан эди; Аҳмад ибн Абу Ража — асл исми Абдуллоҳ ибн Аюб ал-Харавий Абу ал-Валийд. Имом ал-Бухорий ҳадисларни ун­дан Бухорода пайтида ёзиб олган; Аҳмад ибн Манийъ ибн Абдурраҳмон, Абу Жаъфар ал-Бағавий — у Бағдодда яшаган. У Ҳусайндан ривоят қилади. Уни ал-Қаббоний деб ҳам атардилар. Имом ал-Бухорий ундан атиги битта ҳадис ривоят қилган; Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр ибн Исо ал-Ҳумайдий — Абу Бакр куняси билан танилган бўлиб, Макка аҳлидан. Вафоти икки юз ўн тўққизинчи ҳижрий йил; Муҳаммад ибн Юсуф Абу Аҳмад ал-Бухорий Пойканд аҳлидан».

Мана шу тариқа ушбу китобда имом ал-Бухорий ҳадис эшитган 306 ровий ҳақида маълумотлар келтирилади. Бу адад, албатта, буюк аллома ҳадис эшитган ровийларнинг бир қисмидир. Аслида, у, юқорида айтилганидек, жуда кўп ровийлардан ҳадис эшитиб ёзиб олган. Ҳадисшуносликда яна бир муҳим соҳа бўлмиш иллатли ҳадисларни аниқлаш ғоятда масъулиятли ва му-раккаб ишлардан ҳисобланади. Муҳаддис ҳадис илмига оид барча тартибот ва услубларни мукаммал билиш би­лан бир қаторда, ровийларнинг туғилган ва вафот этган вақтлари, ҳадисни кимдан эшитиб, кимдан ривоят қила-ётгани, эшитган ибора ва алфозларининг аниқлигини тўла-тўкис эгаллаган бўлиши керак. Шу боисдан ҳам муҳаддисларнинг кўпчилиги бу жиҳатларни тўла-тўкис эгаллаш – ҳадис илмида энг жиддий муаммо ва айни вақтда ўта шарафли масъулият деб ҳисоблайдилар. Ҳадисни ёдлаб уларни мукаммал идрок қилган ва бу борада талаб этиладиган бошқа тажрибаларга эга бўлган, ҳадислар хусусида узил-кесил гапиришга ҳақли ҳисобланганлар фақат Али ибн ал-Мадийний, Яқуб ибн Шайба, Аҳмад ибн Ҳанбал, ал-Бухорий, Абу Ҳотам, Абу Зуръа, Ад-Дорақутний ва уларга эргашган бир неча муҳаддислар ҳисобланишади. Бу ўринда Али ибн ал-Мадийнийнииг қуйидаги сўзларини келтириб, иллатли ҳадисларни аниқлаш қанчалик қийин ва мураккаб эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз: «Менинг ўзим билган бир ҳадиснинг иллатини аниқлашдан кўра янги, аввал билмаган йигирмата ҳадис ёзиб олишим мен учун осондир». Дарҳақиқат, ҳадисларда, гарчанд, зоҳиран ўзаро боғлиқлик бўлса-да, уларни исноди жиҳатидан дастлабки ровийга бекаму кўст улаш ёки узилиш билан етказиш ёки бир ҳадис ибораларини иккинчи бир ҳадис сўзлари билан аралаштириб юбормаслик ёхуд ўнлаб ро­вийлардан бирининг нуқсонини аниқлаш жуда қийин ва машаққатли юмушдир. Мана шу зайлдаги тўлиқ имкониятга ва ҳар томонлама мукаммал ахборотга эга бўлмаганлар, табиийки, ҳадис илмида бирор ютуққа эришиши амри маҳол эди. Комил ишонч билан айтиш мумкинки, имом ал-Бухорий мукаммал эгаллаган буюк санъатлардан бири бу – иллатли ҳадисларни аниқлаш бўлган. Имом ал-Бухорийнинг замондоши олим ал-Ҳофиз Аҳмад ибн Ҳамдун бундай эслайди: «Усмон ибн Абу Саъийд ибн Марвоннинг жанозаси пайтида Муҳаммад ибн Яҳя аз-Зуҳлий ал-Бухорийдан ровийлар исмлари ва иллатли ҳадислар ҳақида савол сўраганида ал-Бухорий гўёки у «қул ҳува Аллоҳу аҳад»ни ёддан ўқиётгандек – мерганнинг бехато ўқи мисоли тўғри жавоб қилганини кўргандим».

Мавриди келганда шуни айтиш керакки, мана шу даврда, яъни IX асрда Нишопурда илм-фан, айниқса, ҳадис илми ниҳоятда тараққий қилиб, унда имом ал-Бухорий, имом Муслим ибн ал-Ҳажжож, имом ат-Термизий ва бошқа бир қатор кучли муҳаддислар йиғилган эди. Улар шаҳарда фаолият кўрсатадиган мадрасаларда ёшларга ҳадис илмидан дарс берардилар. Бу буюк муҳаддислар орасида илмий мунозара ва баҳслар жуда кўп бўлган. Имом ал-Бухорий ҳадис соҳасидаги ўз илми ва салоҳияти, айниқса, иллатли ҳадисларни аниқлаш маҳорати билан барчани қойил қолдирган, муҳаддисларнинг ҳаммаси унга бир овоздан тан берган. Имом ал-Бухорий масжидларда, оммавий илмий йиғинларда ҳам иштирок этган. Ўз даврининг машҳур муҳаддисларидан бири саналган Муслим ибн ал-Ҳажжож имом ал-Бухорийнинг чуқур билимига тан бериб, унга самимий равишда: «Сизни фақат ҳасадгўйларгина кўра олмайди. Менинг имоним комилки, сиздек буюк олим жумлаи жаҳонда йўқ», — деб хитоб қилган.

Имом ал-Бухорийнинг иллатли ҳадисларни билишдаги беназир маҳорати, мукаммал илми ва қобилияти борасида унинг замондошлари кўп қимматли фикрларни қолдирганлар. Иллатли ҳадисларга атаб махсус асар ёзган имом ат-Термизий ўз асари «Китоб ал-илал»да: «Ҳадислар, ровийлар, улар тарихларидаги иллатлар хусусидаги фикрларим имом ал-Бухорийнинг «Китоб ат-тарих» асаридан фойдаланганларим, улардан яна кўпроғини Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий билан қилган илмий мунозараларим пайтида олганман, шунингдек, Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон, Абу Зуръадан ҳам фойдаландим-у, лекин барибир кўпроғи Муҳаммад ал-Бухорийдан, камроғи эса Абдуллоҳ билан Абу Зуръадандир», — деб эътироф этган. Яна имом ат-Термизий: «Иллатли ҳадисларни ва иснодларни аниқлашда Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийдан кўра устун бўлган бирорта олимни кўрмадим», — деб алоҳида таъкидлаган.

Имом ал-Бухорий иштирок этган илмий мажлисларнинг бирида ўз замонасининг етук олимларидан саналган ал-Фарйобий санади қуйидагича бўлган бир ҳадис ҳақида гапириб: «Суфён Абу Урвадан, у Абу-л-Хаттобдан, у Абу Ҳамзадан», — деди. Мажлисда ҳозир бўлганларнинг бирортаси ҳам Суфёндан бошқаларнинг ким бўлганини аниқ билмади, чунки бу ўринда уларнинг фақат кунялари (Абду-л-Хаттоб, Абу Ҳамза) айтилган эди. Шунда Муҳаммад ал-Бухорий вазминлик билан: «Абу Урва бу – Муаммар ибн Рошид, Абул-Хаттоб эса Қатода ибн Даома, Абу Ҳамза бўлса, Анас ибн Моликдир. Буюкларнинг ишлари инқилобий тусда улуғвор бўлганлиги учун ҳам улар фақат кунялари билан айтилганлар», — деди.

Ҳадис ривоятидаги ноқислик ва уларнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш масалалари caҳoбaлap давридан бошланиб, ўша пайтданоқ ҳадисларни ёзиб олишда бу масалага алоҳида эътибор берилган. Чунончи, саҳо-баларнинг ўзлари ривоят қилган ҳадисларда ҳам иллатли ҳадислар учраган ҳоллар аниқланган эди. Пайғамбар вафотидан кейин вақт жиҳатидан муддат кам ўтгани, ҳадисларни нақл қилишда воситаларнинг озлиги туфайли дастлабида бунга эҳтиёж унчалик катта бўлмаганди. Ривоятда иштирокчилар сони кўпайиб, вақт ўта борган сари ровийларнинг иллатини аниқлашга тобора зарурат кучайди. Ҳадис илмида ҳам, муҳаддислар орасида ҳам бу масала муҳим аҳамият касб эта бошлади. Ҳадис ровийларига нисбатан алоҳида диққат-эътибор, чуқур муносабат билан қаралиб, ҳар хил услубу қоидалар яратилди. Масалан, қайси ҳолатларда замондошларнинг иллати (жарҳи) қабул қилинмайдию, қайси бир ҳолатлар­да қабул қилинади каби аниқ йўл-йўриқлар ишлаб чиқилди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳадисларда иллат масаласи муҳим аҳамият касб этиб, у билан шуғулланадиганлардан пок диёнат ва тақводорлик, қобилият талаб қилинади. Имом ал-Бухорий бу соҳада ўзига асосий дастуруламал қилиб олган эҳтиёткорлик маслаги унинг диёнат, имон-ихлос ва художўйликда юксак даражага эришганини кўрсатади.

Имом ал-Бухорийнинг иллатли ҳадислар ҳақидаги мулоҳазалари ғоят мутавозеъ ва одоб-ахлоқ доирасида бўлиб, муносабатлар «уни шундай қолдирганлар (таракаҳу), «у ташлаб кетилган» (матрук), «тушириб қолди-рилган» (соқит), «бу ҳақда ўзгача бир фикр-мулоҳаза ҳам бор», «бу хусусда аввал ўтганлар ҳеч нарса демаганлар» ва шунга ўхшаш беозор, оддий ва самимий иборалардан ташкил топган. Жуда камдан-кам ҳолларда имом ал-Бухорий бирон одамга нисбатан «у ичидан ўйлаб чиққан (уйдирмачи)» ёки «каззоб» деярди, иллатли ҳадислар масаласида ал-Бухорий ишлатган энг қаттиқ айблов «ҳадисни инкор қилувчи» («мункир ал-ҳадис») деган ибора бўларди. Ҳадис илмида шу қоида одат тусига кирдики, агар имом ал-Бухорий бирон ровий ҳақида «у – мункир ал-ҳадис» деса, ундан ҳеч вақт ҳадис ривоят қилинмасди. Бу хусусда Ибн ал-Қаттон имом ал-Бухорийнинг ушбу сўзларини келтиради: «У (ал-Бухорий) унга: «Ҳар қандай киши ҳақида «у мункир ал-ҳадис» деган бўлсам, бас, ундан ҳеч вақт ҳадис ривоят қилинмайди», — деган.

Имом ал-Бухорий устозларининг сони кўп бўлиб, улардан бирининг исми «Мусаддид» (луғавий маъноси «тўғри йўлга бошловчи») эди. Ал-Бухорий унга қаттиқ ишониб: «Мусаддид – ўз исмига монанд тўғри йўлга бошловчидир. Китобларим ўзимда бўладими ёки унда бўладими – менга фарқи йўқ», — деб доимо такрорлар эди. Ушбу таъкиддан аён бўлаётирки, имом ал-Бухорий ўз китоблари муҳофазасига алоҳида аҳамият берган. У бу масалага, бамисоли ҳадис ривоятига эътибор бергандек, алоҳида эътибор билан қараган. Шунингдек, улар қандай одамларнинг қўлида сақланишига ҳам жиддий қараган. Ўз китоблари ҳар қандай кимсанинг қўлига тушиб қолишига бефарқ бўлмаган.

Имом ал-Бухорий бутун фаолияти давомида ҳам илмий, имкони бўлса, моддий жиҳатдан одамларга, яъни Аллоҳнинг бандаларига бирор наф етказишни ўзининг асосий мақсади қилиб қўйган эди. У доимо илм аҳлларию илм толибларига, ҳатто устозлар (аш-шуйух) ва муҳаддисларга ҳам моддий ёрдам кўрсатарди. Тижорат қилганда ҳар сафар ўзи кўраётган даромаддан, яъни фойдасидан беш юз дирҳамни фақиру мискинларга, илм то­либларига сарфларди. Толиби илмларга маълум маблағлар (маошлар) ажратиб, уларни алоҳида қизиқишу завқ-шавқ билан Пайғамбар (с.а.в.) илмларини (ҳадиси шарифларини) ўганишга рағбатлантирарди, аҳли илмга нисбатан ғоятда кўп эҳсон кўрсатарди. Айни вақтда имом ал-Бухорий ўз шахсий ҳаётида, ейиш-ичишда ва кийинишда сира ҳам дабдаба ва беҳуда сарфу харажатларга йўл қўймасди, сабр-тоқат ва қаноат, чидамлилик унинг учун одат тусидаги бир ҳол эди.

Имом ал-Бухорий ғоятда бeғyбop, ҳалол-покиза, диёнатли инсон бўлиб, ғийбату ноҳақликлардан узоқ бир киши бўлган. У доимо: «Ғийбат қилиш ҳаром эканини билганимдан бошлаб, ҳеч қачон бирор киши ҳақида ғийбат гапирмаганман», — деб таъкидларди.

Имом ал-Бухорийнинг энг улуғ фазилатларидан яна бири у таассуб (мутаассиблик)нинг ҳар қандай кўринишларидан узоқ бўлганидир. Унинг шоҳ асари «Саҳиҳ ал-Бухорий» билан чуқурроқ танишилса, ал-Бухорийнинг ўз китобидаги маълумотларга ниҳоятда катта синчковлик ва эҳтиёткорлик билан ёндашганини кўрамиз. Қанчадан-қанча машаққатлар билан тўпланган ҳадисларининг саҳиҳлигига тўла ишонч ҳосил қилиб, обдон текширгандан кейингина ўз асарига киритганлиги бу фикрни яна бир карра тасдиқлайди. Имом ал-Бухорийнинг «Саҳиҳ» асари ҳақида гапирар эканмиз, шуни ҳам қайд қилиш керакки, ушбу китобнинг саҳиҳ иснодларида аҳли cуннaга мансуб бўлмаган ровийлар ҳам учрайди. Ал-Бу­хорий муҳаддисларда ҳадисларга бўлган катта меҳр ва интилиш ҳамда унга қатъий амал қилиш ҳар қандай таҳсинга сазовор, деб ҳисобларди. Бу масала ғоятда муҳим бўлиб, бу хусусда баъзи муҳаддисларнинг ўзлари ҳам фикр-мулоҳаза билдирганлар. Жумладан, имом Аҳмад ибн Ҳанбал: «Ўзим амал қилмаган битта ҳам ҳадисни китобга олмаганман», — деб таъкидлаган бўлса, ўз даврининг йирик муҳаддисларидан бири саналган Вакий ибн ал-Жарроҳ: «Агар бирор ҳадисни ёдлашни истасанг, энг аввало, унга амал қил», — деган. Яна бир муҳаддис Иброҳим ибн Исмоил эса: «Ҳадисларни ёдлашда, энг аввало, унга амал қилиш йўлидан фойдаланардик», — деб таъкидлаган, аллома ас-Суютий ўзининг «Ат-Тадрийб» номли асарида бу жараённи қуйидагича ифодалайди. «Ибодатлар, одоб-ахлоқ, фазилатлар, солиҳ аъмоллар хусусида эшитган ҳадислардан самарали фойдаланиш лозим. Бу, биринчидан, ушбу ҳадиснинг закоти, иккинчидан эса, уни ёдлаш учун яхши омилдир».

Имом ал-Бухорий яшаган даврда Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳлий Тоҳирийлар томонидан бўлиб, Бухоронинг амири сифатида салтанат юритарди. Хорижий юртларга қилган узоқ йил давом этган сафаридан қайтиб, имом ал-Бухорий ўз она юрти Бухорода ўрнашгач, унинг шону шуҳрати чор атрофга тарқаб, кўплаб ҳадис толиблари тўда-тўда бўлишиб, аллома ҳузурига кела бошлагач, Хо­лид ибн Аҳмад аз-Зуҳлий улар билан гарчанд мазҳабий масалаларда бир қадар мухолафатда бўлса-да, уларнинг ривоятларини ташлаб кетмасдан китобига киритган. Фақат шу шарт биланки, улар бидъатга даъват қилмайдиган, ёлғон-яшиқ ривоятларни тарқатмайдиган, ҳар қандай ҳолатда ҳам, сохта (ёлғон) аралашишини ҳатто хаёлига ҳам келтирмайдиган кишилар бўлиши талаб қилинган. Шу боисдан ҳам, имом ал-Бухорийнинг ровийларига назар солсак, улардан баъзилари шиа тамғаси билан кўрсатилган бўлиб, аллома уларнинг ривоятини ҳам «Саҳиҳ» китобига киритган.

Ҳадислардаги ноқисликларга алоҳида эътибор бергани каби, имом ал-Бухорий ровийларнинг ибратли, гўзал фазилатларини урғулаб кўрсатишга ҳам катта аҳамият берган. Агар келтирган ривоятлари тўғри бўлса, ровий­ларнинг ҳақиқий тавсифларию адолатли ишларини батафсил зикр қилган.

Манбаларда келтирилишича, имом ал-Бухорий ўз илмий-ижодий фаолияти даврида йигирмадан ортиқ асарлар яратган. Улар қуйидагилардан иборат: «Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ», «Ал-Адаб ал-муфрад», «Китоб ал-куна», «Китоб ал-фавоид», «Жузъ рафъ ал-йаддайн», «Ат-Тарих ал-кабир», «Ат-Тарих ал-авсат», «Ат-Тарих ас-сағир», «Ал-Жомиъ ал-кабир», «Халқ афъол ал-ибод», «Китоб аз-зуафо ас-сағир», «Ал-Муснад aл-кабир», «Ат-Тафсир ал-кабир», «Китоб ал-ҳиба», «Асомий ас-саҳоба», «Ки­тоб ул-вуҳдон», «Китоб ал-мабсут», «Китоб ал-илал», «Бирр ал-волидайн», «Китоб ал-ашрибати», «Қазойо ас-саҳоба ва-т-тобин», «Китоб ар-Риқоқ», «Ал-Жомиъ ас-caғиp фи-л-ҳадис», «Ал-Қироату халф ал-имом».

Имом ал-Бухорий ҳақида ёзган муаррихлар ва солномачилар унинг ҳусни-хулқлари ва маҳосинларини зикр қилганларида, албатта, унинг қувваи ҳофизаси ва хотирасининг кучлилигини алоҳида таъкидлаб кўрсатадилар.

Чунончи, манбаларда имом ал-Бухорий хотирасининг кучи хусусида кўпдан-кўп қизиқарли ривоятлар келтирилади. Таъкидлаганимиздек, унинг устозлари Муҳаммад ал-Бухорийнинг ёшлигидан Аллоҳ таоло ато қилган ноёб иқтидори ва қувваи ҳофизасини сезиб, унга якдиллик билан тан берганлар. Ёшлигидаёқ унинг ҳақида «ғоятда фозил инсон бўлади», «довруғи эл орасида достон зот бўлиб чиқади», деб айтган башоратлари тарих китобла-рида битилган.

Буюк муҳаддис Абу Исо ат-Термизий: «Имом ал-Бухорий эл орасида танила бошлагач, Абдуллоҳ ибн Мунир: “Э, Абу Абдуллоҳ! Аллоҳ сени бу умматнинг зийнати қилиб яратган!» — деган фикрини келтиради. Ат-Термизий яна: «Аллоҳ таоло унинг барча хоҳишини мустажоб қилиб яратган эди», — деб таъкидлайди. Тарихчи Шамсуддин аз-Заҳабий қуйидагича ҳикоя қилади: «Хо­лид ибн Исмоил шундай деган эди: Басра машойихлари хусусида имом ал-Бухорий билан бизнинг фикримизда кўпинча ихтилоф бўларди. Шу пайтда у ўспирин бола бўлиб, ҳадисларни сира ёзмасди. Шу зайлда ўн олти кун ўтгач, у бизга: жуда кўп ҳадис эшитиб ёзиб олдинглар, қани менга кўрсатингларчи, қанча ҳадис ёзиб олибсизлар, деди. Ҳисоблаб кўрсак, ўн беш мингдан зиёд ҳадис ёзган эканмиз. Ал-Бухорий уларнинг ҳаммасини ёддан айтиб берди, ҳатто ёзган ҳадисларимизнинг кўпларидаги хатоларни унинг ёддан айтганларига қараб тузатиб ҳам олдик». Олим Муҳаммад ибн ал-Азҳар ас-Сижистоний «Биз аллома Сулаймон ибн Харабдан ҳадис илмидан сабоқ олардик. Ал-Бухорий ҳам биз билан бирга ҳадис эшитарди-ю, лекин сира ёзмасди. Нега у ёзмаётир? — деб сўраганлар: «Ўз юрти Бухорога қайтгач, ёдидан ёзади», — деб жавоб олгандилар». Ушбу Сулаймон ибн Хараб ўз замонининг машҳур алломаси ва ҳадис ҳофизларидан ҳисобланиб, Маккаи мукаррамада қози ҳам бўлган. Унинг хотираси ғоятда кучли бўлиб, ҳеч бир китоб-дафтарга боқмай, ўн минглаб ҳадисни ёддан ривоят қилган. Абу Хотам шундай ҳикоя қилади: «Мен Бағдодда Сулаймон ибн Харабнинг дарсларидан сабоқ олганман. Унинг сабоғини олганларнинг сони қирқ мингдан ҳам ошиб кетган бўлиб, у ҳижрий 224 йилда вафот этган. Имом ал-Бухорий ҳам унинг шогирдларидан ҳисобланарди. Фазлу камолининг шунчалик буюк бўлишига қарамасдан, у ал-Бухорийдан «Сен бизга Шуъабанинг хатосини тушунтириб бер», — деб илтимос қиларди. Ҳифзу заковат, идроку тафаккурдан раббоний (илоҳий) бир ноёб қобилият ва истеъдод Имом ал-Бухорийга ато этилгандики, ҳатто унга устозлари томонидан ҳам юксак иззат-икром ва ҳурмат кўрсатилиб, кўп муҳаддислар унинг ҳузурида дарс ўтишдан ҳам ҳижолат бўлиб, ҳайиқиб турганлар». Шу хусусда Фатҳ ибн Нуҳ ан-Найсобу-рийнинг: «Али ибн ал-Мадийнийнинг дарсида бўлганимда Муҳаммад ал-Бухорийнинг унинг ўнг томонида ўтирганини кўрдим. Устоз ҳар бир ҳадисни зикр қилганида ҳурмат бажо келтириб, ал-Бухорий томонига оҳиста бурилиб қўяр эди», — деб ёзиши устозларининг имом ал-Бухорийга ҳурмат-эътибори алоҳида бўлганидан яққол далолатдир.

Кўпгина манбалар ва тарих китобларида имом ал-Бухорийнинг ақл-заковати ва қувваи ҳофизасини синаш мақсадида қилинган имтиҳон (синов) хусусида аниқ маълумотлар зикр қилинган. Жумладан, шундай жиддий бир имтиҳон Бағдодда Дор ал-хилофат (Халифалик уйи)да Бағдод уламолари томонидан уюштирилган. Бағдодлик олим Абу Бакр ал-Калузоний (ваф. 249 ҳ.): «Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийга ўхшаш ҳеч бир олимни кўрмадим. Бирор илмга оид ҳар қандай китобни олиб синчиклаб мутолаа қиларди-да, унда келтирилган барча ҳадисларни бир мартанинг ўзидаёқ ёдлаб оларди», — деб ёзган.

Қачонки имом ал-Бухорий ҳадис илми бўйича мукаммалликка эга бўлиб, илмий мажлислар, сабоқлар бера бошлагач ва унинг бу тарздаги мажлислари довруғи ҳар тарафга тарқаб, эл орасида ёйилгач, илм то-либларию аҳли дониш бу сабоқларга шунчалик кўп ёпирилиб кела бошладики, мажлисларга одамлар сиғмай кетарди. Бу тартибдаги илмий мажлислар Басра, Бағдод, Ҳижоз, Балх каби шаҳарларда уюштирилиб, аллома умрининг охирларида ўз ватани Бухорода ҳам ҳадислардан дарс берганди.

Имом ал-Бухорий шогирдлари ҳақида гапирадиган бўлсак, улар сонсиз-саноқсиз кўп бўлган. Бу хусусда олим Ал-Фирабрий: «Бевосита имом ал-Бухорийнинг ўзидан тўқсон минг одам ҳадис эшитган», — деб ёзади. Муар-рихлару муҳаддисларнинг ёзишларича, ҳатто ал-Бухорий­дан сабоқ олиб, ундан истифода қилганлар орасида унинг машҳур устозлари ҳам бўлган. Улар доимо ал-Бухорий­нинг илмий мажлисларида ҳозир бўлардилар. Улардан Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Маснадий, Абдуллоҳ ибн Мунир, Исҳоқ ибн Аҳмад ас-Сарморий, Муҳаммад ибн Халаф, Ибн Қутайба ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг ҳаммалари ҳам ўз даврининг фазилатли, илми комил олимлари ҳисобланарди. Шундай улуғ мартабага эга бўлишларига қарамай, улар ал-Бухорийдан зарур сабоқларни олганлар. Ёши имом ал-Бухорийга тенгқур бўлиб, унга таянган ва дўсти фазлу камолининг юксаклигини тан олиб, унинг илмий мажлисларида қатнашган буюк олимлардан имом Абу Зуръа ар-Розий, Абу Ҳотам ар-Розий, Иброҳим ал-Ҳарбий, Абдуллоҳ ибн Мутийн, Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Зийрак ал-Форсий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хазийма ал-Қосим ибн Закариё, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хадрамий, Муҳаммад ибн Қутайба, Абу Бакр ал-Аъйин кабиларни кўрсатиш мумкин. Мазкур олимлар рижол (ровийлар), тарих, ҳадис, жарҳ (иллатли ҳадислар), таъдийл илмлари бўйича ўз даврининг буюк алломалари эди.

Имом ал-Бухорийнинг шогирдлари орасида шон-шуҳратда юксакликка етишиб, буюк шарафга муяссар бўлган, исломий илмлар – илм ал-ҳадис ва фиқҳнинг асосий жиҳатларини мукаммал билганлардан «Ас-Саҳиҳ» китобининг муаллифи имом Муслим ибн ал-Ҳажжож, «Сунан» китобининг соҳиби имом Абдурраҳмон ан-Насоий, «Ал-Жомиъ» асарининг соҳиби имом Абу Исо ат-Термизий, исломий илмлар бўйича қатор таснифотларнинг муаллифи имом Муҳаммад ибн Наср ал-Марвазий, имом ад-Доримий, машҳур фақийҳ, «Ас-Саҳиҳ» номли асарнинг соҳиби имом Ибн Хузайма ва бошқалар ҳам бор эди. Имом ал-Бухорийнинг шогирдлари бўлган ушбу алломалар ўз даврининг йирик муҳаддислари ва фиқҳ олимлари бўлиб етишдилар.

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “АЛ-АДАБ АЛ-МУФРАД”
АСАРИ ҲАҚИДА
01

02Ҳозирги даврда жаҳонда глобаллашув жараёнлари кундалик ҳаётимизга тез суръатлар билан ҳамма соҳаларда кириб келиши ижтимоий, сиёсий ва иктисодий тараққиётимизда давлатлар, минтақалараро боғланишимизда ижобий таъсир кўрсатаётган бўлсада, лекин иккинчи томондан бу жараён хозирги шароитда мафкуравий таъсир кўрсатишнинг ўткир куролига айланиб бормоқда.

Бу эса Ғарбдаги ҳар-ҳил сиёсий кучларнинг манфаатларига хизмат қилиб “оммавий маданият” деган ниқоб остида аҳлоқий беҳаёлик, ўзини бошқалардан юқори қўйиш, ўта кетган худбинлик ғояларини тарқатишни мақсад қилиб қўйиб бошқа халқларнинг шу жумладан, ўзбек халқининг ҳам кўп минг йиллик маънавий, маданий ва диний қадриятларига беписандлик қилиб, улардан воз кечишга ундамоқда. Аслида “оммавий маданият” соясида кириб келаётган ахлоқсизлик, беҳаёлик, зўравонлик ва бузуқлик каби иллатлар дунёдаги ҳеч бир халқнинг миллий маданиятига ҳам, умумбашарий қадриятларга ҳам тўғри келмайди. Хусусан, бизнинг заминимизда туғилиб ўсган, жаҳон маданияти ва цивилизациясига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний ва бошқа кўплаб буюк аждодларимиз қолдирган мерос бугун ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ. Халқимизнинг гўзал маънавий қадриятларга йўғрилган ор-номус, уят ва андиша, шарму ҳаё каби тушунчалари ҳаётимизга сингиб кетган. Айниқса, ота-онага ҳурмат, аёлга эҳтиром, мардлик ва жасурлик сингари туйғуларимиз бутун дунё халқларини ром этиб келади.

Буюк муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад”(“Одоб-ахлоқ ҳақида ягона китоб”) асари ҳаётимизда жуда зарур бўладиган одоб-ахлоққа доир ҳадислар тўпламидир. “Ал-Адаб ал-муфрад” китобининг номидан билиниб турибдики бу китобнинг ўзи одоб-ахлоқ, таълим-тарбия ҳақидадир.

Асарда ахлоқ масаласига алоҳида эътибор берилган. Асарда келтирилган ҳадисларда инсоннинг камолга етиши учун талаб этиладиган инсоний фазилатлар акс эттирилган бўлиб, булар меҳр-оқибат кўрсатиш, саҳийлик, очиқ кўнгиллилик, ота-она ва катталарга, қариндошларга ғамхўрлик, ҳурмат, фақир-бечораларга мурувват, ватанга муҳаббат, меҳнат ва касб-ҳунарни улуғлаш, ҳалоллик, поклик, ўзаро дўст, тинч-тотув бўлиш ва бошқалардан иборатдир.

Бундан ташқари, инсоннинг ўзини қандай бўлмасин ёмон иллатлардан тийиш, ҳар қандай яхшилик сари интилиш кераклиги борасидаги панд-насиҳатлар ҳам ўз ифодасини топганки, буларнинг барчаси Қуръони карим кўрсатмаларидан келиб чиқади ва комил инсонни шакллантириш мезони саналади.

Ҳадисларда инсоннинг маънавий камолоти мезони, унинг тафаккур доираси, дунёқарашининг кенглиги, илмий билимларни қай даражада эгаллагани, ўз билими билан атрофдагиларга, жамиятга фойда келтирувчи шахс бўлиб етишишида муҳим омил – чиройли хулқли бўлиш деб кўрсатилади.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ сизлардан уч нарсага рози бўлади ва уч нарсага ғазаб қилади: Унинг Ўзигагина ибодат қилиб, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингизга ва Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутишингизга, ҳамда Аллоҳ ишингизга бошлиқ қилиб қўйганларга насиҳатлашишингизга рози бўлади. Бўлар-бўлмас гапни нақл қилишиб юрмоғингизга, кўп савол бераверишингизга ва молни ноўрин ерларга сарф қилиб зое қилмоғингизга ғазабланади», дедилар»[1]. Бу ҳадисдаги Аллоҳнинг ғазаби бўлар-бўлмас гапларни, номаъқул сўзларни сўзлаш, молу дунёсини бекорга баданига расм чиздирибми, фаҳш ишлар билан шуғулланибми ёки ақлини кетказадиган моддаларга сарфлаб зое кетказишга ўхшаган, инсоният табиатига тўғри келмайдиган, ўзларининг тили билан айтганда “юксак маданият”га ўхшаган нарсаларга бўлиши ҳам ифодаланган.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадаги уйларининг олдида ўтирган эдилар. Усмон ибн Мазъун ўтиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тишини кўрсатиб табассум қилди. Шунда унга: “Ўтирмайсанми?” – дедилар. Усмон ибн Мазъун: “Хўп”, — деб ўтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг рўпарасига ўтирдилар. Унга гапираётиб кўзларини осмонга тикдилар ва: “Ҳозиргина сен ўтирган вақтда Аллоҳнинг элчиси (Жаброил) менинг ёнимга келди”, дедилар. Усмон: “У нима деди сизга?” — деб сўради. Расулуллоҳ: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этди ва фаҳшу мункар ҳамда тажовуз (адолатни бузиш)дан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки эсласангиз”, деб ўша оятни ўқидилар. Усмон: “Бу қалбимда имон ўрнашиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриб қолганимда рўй берган эди”, деди”[2]. Ушбу ҳадисда кўриниб турибдики, фаҳш ва шунга ўхшаш ишлар, шунингдек, адолатни бузадиган ишлардан қайтарган. Ўша маданият аҳлиданмиз дейдиганлар адолат мезонини бузаётганларини билишмайди.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сурат чизса, унга жон пуфлаш таклиф қилинади ва азобланади. Унга пуфлай олмайди. Ким ўзи кўрмаган тушни ёлғондан тўқиб айтса, унга иккита сочни улаш таклиф қилинади ва азобланади. Иккисининг орасини улай олмайди. Ким ундан қочадиган қавмнинг гапига қулоқ осса, икки қулоғига қўрғошин қуйилади”, — дедилар”[3]. Бу ишлар Ислом маданиятига ҳам, халқимиз қадриятларига ҳам тўғри келмайди. Бундай номаъқул амаллар оммавий маданиятнинг ишларидандир.

Абу Ҳурайра айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг ёмонлари бекорчи, ножўя гапларни тинмай жавраганидир, умматимнинг яхшила-ри эса энг гўзал хулқлиларидир”, дедилар”[4]. Бекорчи, беҳуда гап сотиб инсониятнинг энг ёмони бўлиб қолишдан сақланишимиз лозим. Ўз ахлоқимиз билан инсониятнинг энг яхшиси бўлишимизга ҳаракат қилишимиз керак.

Ибн Умардан ривоят қилинади: “Албатта, ҳаё билан имон бир-бирига қўшилган. Бири кўтарилса, иккинчиси ҳам кўтарилади”, дедилар[5]. Ҳаёси кетган одамнинг имони, имони кетган одамнинг ҳаёси кўтарилади. Имонли киши ҳаёли бўлиши мумкин. Оммавий маданият кўчасига кирганларнинг ҳаёси қоладимикан, балки шу ҳаёсизлиги имонини ҳам кетказиб қўяди. Ўзини мусулмон деган киши ҳеч қачон ахлоқсизлик қилишга йўл қўймасликка ҳаракат қилиши лозим.

Умуман, инсоният – одамзоти борки, бу дунёга беҳудаю бекорга келган эмас. Аллоҳ таоло ҳам бу маънони таъкидлаб “Инсон ўзининг (бу дунё ҳаётига) ташлаб қўйилган деб ўйлайдими?”[6]. Йўқ ундай эмас, албатта инсон бу дунёга синов имтиҳон учун келади. Бу синов ва имтиҳонлар ибодат, яхши амаллар энг гўзал одоб ва аҳлоқлар орқали номоён бўлади.

Одоб-ахлоқнинг аввали илм бўлиб, у орқали инсон зоти ўзини Роббисини, пайғамбарими ва пайғамбарининг ҳулқ атворларини, одобини ўрганиб ўзининг ҳаётида татбиқ, этган инсон қиёмат кунига Роббисининг ризосига Расуллуллоҳ саллоллоҳу алайҳисвасалламнинг шафоатларига муаяссар бўлади ва шу билан бирга бу дунёда Аллоҳ таоло у инсонни азизу мукаррам қилиб қуяди.

Зеро ҳар бир мусулмон инсон борки, ўзига чиройли одобни, ахлоқни лозим тутса, икки дунё бахту-саодатига мушарраф бўлади. Мана шундай асарларни мутоала қилиб, инсон ўзи қандай ҳаёт кечириши лозимлигини англаб етайлик.

[1] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил. Ал-адабу-л-муфрад. Байрут. Дору-л-башоири-л-исломия, 1989. 442-ҳадис. Б.158.
[2] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил. Ал-адабу-л-муфрад. Байрут. Дору-л-башоири-л-исломия, 1989. 893-ҳадис. Б.307.
[3] Ўша асар. 1159-ҳадис. Б.397.
[4] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил. Ал-адабу-л-муфрад. Байрут. Дору-л-башоири-л-исломия, 1989. 1308-ҳадис. Б.443.
[5] Ўша асар. 1313-ҳадис. Б.445.
[6]Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Мансуров А. –Т.: ТИУ. 2001. Қиёмат сураси: 36-оят мазмуни.

Манбашунослик бўлими мутахассиси Қ. Маҳмудов

«АЛ-АДАБ АЛ-МУФРАД»ДАН
Имом Исмоил ал-Бухорий
01

  • 1- боб. Ота-онага эътибор ҳақида

Жаноби раббил оламиннинг: «Биз Ҳамма инсонни ота-онасига яхшилик қилишни буюрдик» (29:8 ) деган ояти каримаси ҳақида.

  • 1.Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) айтдилар: «Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)дан қиладиган амалларимиздан Аллоҳ таолога энг севимлиси қайси, деб сўрадим. Расулуллоҳ (с.а.в.): »Фарз намозларни ўз вақтида ўтиш«, — дедилар. Мен: »Ундан кейин қайси?« — десам, Расулуллоҳ: »Ундан кейин Аллоҳ таоло йўлида жиҳод қилиш«, дедилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд: »Расулуллоҳдан мен шуларнигина сўрадим. Агар саволимни давом эттираверсам, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаммасига жавоб бераверардилар».
  • 2.Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилинди. У киши: «Аллоҳ таолонинг рози бўлиши отанинг рози бўлишига ва унинг ғазаби ҳам отанинг ғазабига боғлиқдир», дедилар .

2- боб. Онани рози қилиш ҳақида

  • 3.Баҳз ибн Ҳаким (р.а.) отаси ва бобосидан ривоят қилди, бобоси айтди: «Расулуллоҳдан: »Эй, Расулуллоҳ, мен яхшилигимни кимга қилсам бўлади?« — деб сўрадим. »Онангга«, дедилар. Мен шу саволимни уч маротаба қайтарсам ҳам, Расулуллоҳ: »Онангга«, деявердилар. Тўртинчи маротаба сўраганимда: »Отангга ва яқин бўлган қариндошларингга», дедилар.
  • 4.Ато ибн Ясор (р.а) айтдилар: «Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) олдиларига бир киши келиб: »Мен бир хотинга совчи юбордим. У мени қабул қилмай, бошқа бир кишига тегиб кетди. Жахлим чиқиб, у хотинни ўлдирган эдим. Энди нима қилсам Аллоҳ таоло тавбамни қабул қилади?« — деб сўради. Шунда Абдуллоҳ: »Онанг барҳаётми?« — деб сўрадилар. У: »Йўқ, вафот этганлар«, деган эди, Абдуллоҳ: »Ундай бўлса Аллоҳ таолога тавба қил ва тоқатинг борича тоат-ибодат қилиб, унга яқин бўлишга ҳаракат қил«, дедилар». Ато ибн Ясор айтдилар: «Мен Абдуллоҳ ибн Аббосга бориб, сиз нима учун у кишидан онанг тирикми, деб сўрадингиз», деганимда, у киши Аллоҳ таолога онани рози қилишдек мақбулроқ ҳеч бир амал борлигини билмайман. Шунинг учун онанг тирикми, деб сўраган эдим«, дедилар». Яъни онаси тирик бўлиб, бола ҳақида дуо қилган бўлса, одам ўлдиришдек катта гуноҳ бўлса ҳам, ўз фазлу карами билан авф қилишидан умид қилардим, демоқчи бўлса керак.
  • 3-боб ҳам «Ота-онага яхшшик ва эътибор», деб аталиб, ундаги 5 6-ҳадисларда айнан 1- 2 ҳадислардаги мазмун такрорланган.

4- боб. Ота-она зулм қилса ҳам, уларга яхшилик қилавериш ҳақида

  • 7.Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинди. «Қайси бир мусулмон фарзанди савоб умиди билан эрталаб ота-онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан иккита эшик очади. Агар улардан биттасини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. Бола ота-онасидан қайси бирини хафа қилса, уни рози қилмагунча Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди», дедилар. Шунда бир киши: «Агарда ота-оналар болага зулм қилса, бола нима қилиши керак?« — деб сўради. Абдуллоҳ: »Агар улар болага зулм қилсалар ҳам бола уларни ранжитмаслиги керак», дедилар.

5- боб. Ота-онага мулойим гапириш ҳақида

  • 8.Тайсала ибн Майёс (р.а.) айтдилар: «Мен Нажда ибн Омир Хорижийнинг ашоблари билан бўлиб гуноҳлар қилдим. Шуларни ўзимча катта гуноҳ деб ҳисоблаб, Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)га бориб айтдим.Шунда Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.): »Булар катта гуноҳ эмас, катта гуноҳлар тўққизтадир, улар: Аллоҳ таолога ширк келтириш, одамни ўлдириш, уруш майдонидан қочиш, афифа хотинни фоҳиша деб туҳмат қилиш, рибо, етимлар молини емоқ, Аллоҳ таолонинг борлигини инкор қилиш, одамларни масхара қилиш, камситиш, ота- онани хафа қилиб йиғлатиш — мана шулар катта гуноҳдир«, дедилар. Кейин Абдуллоҳ ибн Умар менга қараб: »Эй, Тайсала! Сен дўзахдан қўрқиб жаннатга киришни хоҳлайсанми?« — дедилар. Мен: »Жаннатга киришни албатта хоҳлайман«, деганимда, у киши: »Ота-онанг тирикми?« — деб сўрадилар. Мен: »Отам вафот этган, аммо онам борлар«, дедим. Абдуллоҳ (р.а.): »Катта гуноҳлардан ўзингни сақлаганингдан кейин онангга қаттиқ гапирмасанг, унинг ош-овқатини бериб турсанг, албатта жаннатга кирасан«, дедилар».

Ямомалик Нажда ибн Омир (ёки Уваймир) Абу Ҳанифа мазҳабига эътиқод қўйган киши эди. У хаворижлар (яъни адашган оқим) бошлиғи бўлиб, уларнинг эътиқодича, кишилар учун имом (халифа ёки амир) бўлиши шарт эмас. Одамларнинг ўзлари ҳақни ноҳақдан ажрата билишлари ва ўз-ўзларини, жамият йўналишини бошқара билишлари керак (Муҳаммад Абу Зуҳра, «Ал-Мазоҳиб ал-Исломия», 33 бет).

  • 9.Қуръон-и каримдаги Аллоҳ таолонинг раҳимлилик юзасидан ота-онангга камтарлик қанотингни қоқиб тур (17:24), мазмунидаги сўзига Ҳишомнинг отаси Арат ибн Зубайр (р.а.): «Ота-онанг нимани истаса, ўшани ижро қилишдан чекиниш қилма», деб тафсир қилган эдилар.

6- боб. Ота-она ҳақини адо қилиш ҳақида

  • 10.Абу Ҳурайра (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.): »Боланинг отаси бировнинг қули бўлган бўлса, уни хўжасидан сотиб олиб озод қилмагунча, унинг ҳақини адо қилган бўлмайди«, дедилар».
  • 11.Абу Мусо Ашъарий (р.а.)нинг ўғли Абу Бурда (р.а.)нинг айтишларича, Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) бир яманлик одам ўз онасини опичлаб, хонаи Каъбани тавоф қилдириб юрганини кўрдилар. У одам қуйидаги байтни оҳанг билан ўқирди:

Онаи зорим учун бўйнимни эгган теваман,
Тевага минган онам ҳорсалар ҳам мен чарчамам.

У шуни ўқиб туриб Абдуллоҳга қаради-да, «Эй, Абдуллоҳ ибн Умар, мана шу хизматим билан мен онамнинг ҳақини адо қила олмадимми», деб сўради. «Йўқ, бу хизматинг сени туғиш вақтида онангни қийнаб тутган тўлғоқларининг биттасига ҳам баробар эмас», деди. Кейин Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) хонаи Каъбани тавоф қилдилар ва мақоми Иброҳимга бориб, икки ракат намоз ўқиб олиб, менга қараб: «Эй, Абу Мусо Ашъарийнинг ўғли! Мана шу ерда ўқиладиган икки ракъат намоз ўзидан илгариги гуноҳларга каффорат бўлади«, дедилар».

  • 12.Абу Мурра айтдилар: «Марвон ибн Ҳакам Мадинадан бирор жойга сафарга кетганида ўз ўрнига Абу Ҳурайра (р.а.)ни қолдириб кетарди. Абу Ҳурайра (р.а.) Зу-л-Ҳулайфада туриб, ўзлари бир хонада оналари бошқа хонада яшарди. Абу Ҳурайра (р.а.) қачон ўз хоналаридан ташқарига чиқадиган бўлсалар, оналарининг эшиги олдига келиб салом берардилар-да: »Мени ёшлигимда тарбият қилганингиз учун сизга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин«, дер эдилар. Оналари ҳам у кишининг саломларига жавоб қайтариб: »Катта бўлганингда менга яхшилик қилаётганинг, розилигимни олаётганинг учун сенга ҳам Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин«, — дер эдилар. Абу Ҳурайра (р.а.) ташқаридан қайтиб келганларида ҳам она-бола ўртасида шу муомала такрорланарди».

Абу Мурра — Абу Толибнинг қизи Умму Хонининг ёки Ақилнинг озод қилган қули эди .

  • 13.Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс (р.а.) айтдилар: «Бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига ҳижрат қилмоқ учун байъат қилишга келди. Аммо ота-онаси унинг кетишига рози бўлмай, хафалиқдан йиғлаб қолган эдилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): »Сен ҳозир ота-онанг олдига бор, ҳижрат қиламан деб уларни хафа қилганингдек, энди ҳижрат қилмайдиган бўлдим, деб уларни хурсанд қил«, — дедилар».

Абу Муррадан ривоят қилинган 14 ҳадис 13 ҳадисшнг мазмунан такрори, аммо унда Абу Ҳурайра (р.а.)нинг асл исми шарифи Мусо ибн Яъқубдан эшитгани бўйича Абдуллоҳ ибн Амр эканиги эслатилади.

7- боб. Ота-онага оқ бўлиш ҳақида

  • 15.Абу Бакра (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.): »Мен сизларга гуноҳларнинг энг каттасини айтиб берайми?« — деб уч мартаба сўрадилар. Саҳобийлар: »Эй, Расулуллоҳ, айтиб беринг«, дейишди. »Аллоҳ таолога ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш«, дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) шу вақтда ёнбошлаб ўтирган эдилар, кейин яхшилаб ўтириб олдиларда: »Огоҳ бўлинглар! Шу катта гуноҳлардан бири ёлғон гапирмоқ, туҳмат қилмоқдир«, дедилар. Шу охирги сўзларини шу қадар кўп такрорладиларки, мен ичимда Расулуллоҳ (с.а.в.) чарчадилар, энди гапларини тўхтатсалар ҳам бўларди, дедим».

Ота-онага оқ бўлиш — ота-онага озор бериш, хафа қилиш ва буйруқларини бажармасликдан иборатдир. Уларнинг фарзандга сени оқ қилдим, дейишлари шарт эмас, диллари оғришининг ўзиёқ фарзанднинг оқ бўлганидир .

  • 16.Муғира ибн Шуъба (р.а.)нинг котиблари Варрод айтди: «Ҳз. Муовия (р.а.) Муғирага: »Расулуллоҳ (с.а.в.) дан эшитган ҳадисларингдан менга ёзиб юбор«, деб хат ёздилар. Шу хатга жавобан Муғира: »Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)дан эшитдим: кўп савол сўрашдан, молни зое қилишдан ва асоссиз гапларни оғиздан оғизга нақл қилиб юришдан қайтарар эдилар” деган ҳадисни Муғира айтиб турдилар ва мен ёзиб бердим»

Кўп савол сўрашдан мурод бирор эҳтиёж бўлмай туриб тиланчилик қилиш ёки ҳаётда учрамайдиган воқеа ва масалаларни сўраш ёхуд киши ўзига тегишли бўлмаган беҳуда хабарларни суриштириб юриш кабилардир. Аммо молни зое қилиш эса, уни ноўрин,  дунё ва охират учун ҳам фойдаси тегмайдиган жойларга сарфлашдан иборатдир, бинобарин, исрофгарчилик Аллоҳ таоло олдида гуноҳ ҳисобланади ).

8- боб. Ота-онасига лаънат ўқиганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин

  • 17.Абу Туфайл Омир ибн Восила (р.а.) айтдилар: Ҳазрат Али (к.в.)дан сўралганда, Ҳазрат Али (к.в.): «Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ўзимизга хос айтган гаплари фақат мана шу қиличимнинг қинидагилардир», дедиларда, ундан бир саҳифа қоғоз чиқардилар. Бу саҳифада: «Аллоҳ таолодан бўлак нарсалар номига атаб бирор жонлиқни сўйган кишига, ота-онасига лаънат ўқиган кишига ва шариатда бўлмаган нарсаларни дин номидан пайдо қилганларга йўл берган кишига ҳам Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин», деган ҳадиси шариф ёзилган экан.

Бу ҳадисда айтилган тафсилот 27 ҳадисда келади. Ота-онага лаънат ўқиш уларни сўкишдан ва Аллоҳнинг лаънати эса, ўз раҳматидан маҳрум қилиши демакдир .

9- боб. Гуноҳ бўлмаган ҳолларда ота-она амрига итоат қилиш ҳақида

  • 18.Абу Дардо (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) менга қуйидаги тўққизта амални буюрдилар ва дедиларки: »Гарчи мажақланиб кетсанг ҳам ёки ўтда ёндирилсанг ҳам Аллоҳ таолога ширк келтирма, фарз намозни қасддан тарк қилма, уни қасддан тарк қилувчи кишилардан Аллоҳ таолонинг зиммаси ажрайди. Маст қиладиган ҳаром ичимликларни асло ичма, чунки улар ҳамма ёмонликларнинг калитидир. Ота-онангга итоат қил, агар улар дунёдан воз кеч десалар ҳам ҳурматлари учун буйруқларини ижро қил! Гарчанд ишбоши бўлган одамдан кўра ўзингни шу амалга муносиброқ деб билсанг ҳам улар билан амал талашма (итоат қил). Ёнингдан аскарлар қочса ҳам ва ўзинг ҳалокатга учрайдиган бўлсанг ҳам уруш майдонидан қочма! Қўлингда бор мол-мулкингдан қарамоғингдаги аҳлу -аёлларингга сарф қил! Хотин ва болаларингга калтак кўтарма, тўғри йўлдан юрмаса, бола-чақаларингни Аллоҳ таолонинг қаҳри-ғазабига дучор бўлишлари билан қўрқит».

Аллоҳ таоло зиммасининг ажраши уни ўз паноҳида сақламаслигига ишора Қуръонда айтилишича, уриш йўли билан бўлса ҳамки, уларга одоб-ахлоқ ўргат, бўйсунмасларидан қўрқсанг насиҳат қил, насиҳатни қабул қилмасалар, уларни ўзингдан четлат ва шунда ҳам бўлмаса, уриш билан уларни қўрқит, таҳдид қил.

19 ҳадис 13 ҳадиснинг айнан такрори, фақат унда жиҳод қилмоқчи бўлган кишига Расулуллоҳ «Ота-онангни рози қил», деб айтганлар.

  • 20.Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига жиҳодга боришни талаб қилиб бир киши келди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): »Ота-онанг тирикми?« — деб сўрадилар. У киши: »Ҳа, ота-онам борлар«, деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): »Ота-онанг учун жиҳод қил!« — дедилар».  Яъни мушриклар билан қонли урушга чиқиш шарт эмас, энг мақбули кекса ота-онага хизмат қилиш, уларни рози қилиб, дуоларини олиш, тирикчиликларидан хабардор бўлиб туришинг ўзи сен учун жиҳоддир.

Жиҳодни фақат қонли уруш маъносида тушиниш Қуръон-и карим ва ҳадис-и шариф маъноларини нотўғри англашга олиб келади, бинобарин, жиҳод фақат қонли уруш эмас, нафс шароратини енгиш, ахлоқий бузилишларга қарши кураша билиш ҳам жиҳодга киради .

10- боб. Ота-она дуосини олмай жаннатга кириб бўлмас

  • 21.Абу Ҳурайра (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.): »Хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин!« — деб ўн мартаба такрор қилдилар. Шунда саҳобийлар: »Ё Расулуллоҳ, кимни айтаяпсиз?« — деб сўрашди. Расулуллоҳ (с.а.в.): »Ота-онасининг иккаласи ёхуд битталари кексайиб қолган вақтида (уларни рози қилмай) ўзини дўзахга тушишга мубтало қилган кишини», дедилар.

11- боб. Ота-онасини рози қилган кишининг умри узоқ бўлиши ҳақида

  • 22.Сахд ибн Муоз (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.): »Ким ота-онасини рози қилса, унга тубо насиб бўлиб, Аллоҳ таоло унинг умрини ҳам зиёда қилади«, дедилар»

Банданинг умри азалдан тақдир қилинган. Бу ўринда умрнинг узоқ бўлиши деган гап фаровонликка, ризқнинг мўллигига, дунёвий ишларнинг баракали бўлишига ишорадир.

Тубо — жаннатдаги бир дарахт номи .

12- боб. Мушрик ота учун Аллоҳдан афв сўрамаслик ҳақида

  • 20.Абдуллоҳ ибн Аббос(р.а.) айтдилар: «Аллоҳ таолонинг: »Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф»!..« дема ва уларни жеркима. Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: »Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин«(17:23, 24), деган оятларнинг ҳукми »Тавба« сурасидаги: »На пайғамбар ва на мўминлар мушриклар учун, гарчи улар қариндошлари бўлса ҳам — уларнинг дўзах аҳли эканлари маълум бўлгандан кейин – истиғфор (гуноҳларини кечиришни) сўрашлари жоиз эмас«, деган оят билан насх қилинган (9:113)», дедилар».

Уфф — жеркиш, сендан безор бўлдим, деган маънода.

13- боб. Ота-она мушрик бўлса ҳам яхшилик қилиш ҳақида

  • 21.Саъд ибн Аби Ваққос (р.а.)дан ривоят қилинди, у киши: «Аллоҳ таоло Қуръони каримдаги тўрт оятни менинг ҳақимда туширди. Онам: «Сен Муҳаммаддан ажралмагунингча мен ҳеч нарса емайман ҳам, ичмайман ҳам», деб қасам ичган эди. Шунда Аллоҳ таоло: »Агар улар (яъни ота-онанг сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма!..« Аммо уларга яхшилик қилавериш буюрилган. (31:15). Иккинчи оят: ғазотда олинган ўлжа моллар ичида бир қилич менга яхши кўринди. Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан шу қилични менга беринг, деб сўраганимда, Аллоҳ таоло: »Сиздан (эй, Муҳаммад!) ўлжалар ҳақида сўрайдилар…«, деган »Анфол« сурасининг 1 оятини туширди. Учинчи: мен бетоб бўлиб қолган вақтимда Расулуллоҳ (с.а.в.) аҳволимни сўрагани келдилар. Шунда мен: »Ё, Расулаллоҳ, мен молларимни тақсим қилиб қўймоқчиман. Шундан ярмини Аллоҳ таоло йўлига васият қилсам бўладими?« — деб сўрадим. Расулуллоҳ (с.а.в.): »Йўқ, бўлмайди«, дедилар. »Бўлмаса уларнинг учдан бирини васият қилсам», деганимда Расулулло? (с.а.в.) сукут этдилар. Мана шундан кейин молларимнинг учдан бирини васият қилиш жоиз бўлди . Тўртинчи: ансорлардан бир нечтаси билан ўтириб ичкилик ичдик. Шунда улардан биттаси теванинг ияги билан менинг бурнимга урди. Кейин Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига борганимда, Аллоҳ таоло ичкиликни ҳаром қилиб оят туширди (2:219) , дедилар.

1 Васият ҳақида оят ёки бу ҳақдаги ҳукм Расулуллоҳ ҳадислари билан собит бўлган . 2 Бир қатор муфассирлар ичкиликнинг маън этилиши уч босқичдан иборат эканлигини кўрсатиб ўтганлар. Умар ибн Хаттоб .

  • 22.Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)нинг қизлари Асмў (р.а.) айтдилар: «Онам бирор нарса умидида ҳузуримга келди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: »Онам келиб қолди. Унга силаи раҳм қилиб бирор нарса берсам бўладими?« — деб сўрадим. »Ҳа, силаи раҳм қилсанг бўлади«, дедилар». Ибн Ўяйна (р.а.) айтдилар:«Аллоҳ таоло: »Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас« (60:8), деган оятни туширди».

Асмўнинг онаси Қайла бинт Абду-л-Иззи Исломни қабул қилмаган эди .

  • 23.Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)айтдилар: «Отам Ҳз. Умар ибн Хаттоб (р.а.) ипакдан икки қават тикилган бир кийимни сотиб олишни жаноб Расулуллоҳга тавсия қилиб: »Ё Расулаллоҳ, буни жумъа кунлари ва атрофдан элчилар келганда кийиб чиқасиз«, дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) отамнинг таклифларини қабул қилмай: »Бундай кийимни охиратдан насибаси йўқ кишилар кияди«, дедилар. Шундан кейин Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзларига шундай кийимлардан қанчаси ҳадя сифатида келиб қолдида, ундан биттасини отамга юбордилар. Отам: »Ё Расулаллоҳ, буни мен нима учун кияман, ахир ўзингиз бундай кийимни охиратдан насибаси йўқ кишилар кияди«, деган эдингиз-ку, деганларида, Расулуллоҳ: »Мен сизга киясиз деб эмас, балки сотиб, ақчасини бирор ҳожатингизга яратарсиз ёки бирор кишига кийдирарсиз, деб юбордим«, дедилар. Ҳз. Умар (р.а.) ўша кийимни ҳамон мусулмон бўлмаган бир биродарларига юбордилар».

Бошқа саҳобийлар май ақл ва бойликни кетказувчи офат эканидан Пайғамбар (а.с.)га шикоят қилганларидан кейин «Бақара» сурасининг мазкур ояти (219 ояти) ваҳий қилинган. Иккинчи босқич — Абдурраҳмон ибн Авф маст ҳолда имомлик қилганларида, оятни қўпол равишда бузиб қироат қилган. Шундан кейин «Нисо» сурасининг 43 оятида маст ҳолатда намозга яқинлашмаслик буюрилган. Учинчи ва охирги босқич — Атбон ибн Молик деган саҳобийнинг уйида зиёфат пайтида маст бўлиб қолган меҳмонлар ўзаро жанжаллашиб қолганлар. Шундан кейин Умар ибн Хаттоб (р.а.) Аллоҳга илтижо билан:«Эй, худойим, май тўғрисида кескин бир ҳукм нозил эт!» — деб дуо қилганларида «Моида» сурасининг 90 ояти билан май ичиш қаътий маън этилган« (шайх Абдулазиз Мансур, »Қуръони карим ма’нольарининг таржимаси ва тафсири». Тошкент Ислом университети матбаа- нашриёт бирлашмаси, 2004, 34 бет).

14- боб. Ота-онани сўкмаслик ҳақида

  • 24.Абдуллоҳ ибн Амр Осс (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ: »Киши ўз ота-онасини сўкиши катта гуноҳдир«, дедилар. Саҳобийлар: »Ё Расулаллоҳ, киши ўз ота-онасини ҳам сўкадими?« — деб сўрашганда, Расулуллоҳ: »У киши бир одамни сўкади, у одам ҳам аввал сўккан кишининг отасини ҳам, онасини ҳам сўкади«,  дедилар». Демак, киши бировни сўкса, кейин  ўша одам унинг ота-онасини ҳам сўкади, шу билан у билвосита ўз ота-онасини сўккан бўлади.
  • 25.Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.): «Кимки отасининг сўкилишига сабаб бўлса, Аллоҳ таоло олдида катта гуноҳга қолади». дедилар.

15- боб. Ота-онага оқ  бўлишнинг уқубати ҳақида

  • 26.Абу Бакр (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилдилар: «Расулуллоҳ(с.а.в.): »Азоб-уқубат қиёмат кунига асраб қўйилгандан ташқари, шу дунёнинг ўзида ҳам инсоннинг ўзига жабр етказадиган гуноҳ — кишиларга зулм қилиш ва қавм-қариндошларга қилинадиган силаи раҳмни узиб қўйишдир», дедилар.
  • 27.Имрон ибн Ҳусайн (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ саҳобийлардан: »Зино қилиш, маст қиладиган ичимликларни ичиш ва ўғрилик қилиш ҳақида нима дейсизлар?« — деб сўрадилар. Улар: »Буларнинг ҳукмини Аллоҳ таоло ва унинг Расули биладилар«, деб жавоб бердилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): »Булар ўта-кетган қабоҳат ишлар бўлиб, охиратда ҳам, бу дунёнинг ўзида ҳам уларнинг уқубати, жазоси белгилангандир. Мен сизларга гуноҳларнинг энг катталарини айтиб берайми?« Улар: »Аллоҳ раббилоламийнга ширк келтириш ва ота-онага оқ  бўлиш«, дедиларда, суяниб ўтирган ҳолатларини ўзгартириб тиз чўкиб олдилар ва  »ҳамда ёлғон сўзлаш» , деб қўшиб қўйдилар.

16- боб. Ота-онанинг йиғлаши ҳақида

  • 28.Абдуллоҳ ибн Умар (р.а) «Ота-онанинг йиғлаши боладан норози бўлганликларидан далолат беради ва бу эса катта гуноҳ пардадир», дедилар.

17- боб. Ота-оанинг дуоси ҳақида

  • 29.Абу Ҳурайра айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.): »Уч тоифа кишиларнинг дуоси ҳеч шубҳасиз Аллоҳ таоло қошида мақбулдир: мазлум кишининг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг дуоси«, деганлар».
  • 1 Ҳар қандай зулм ҳақсизлик, деб англашилгани каби мусулмон тузумига қарши бориш ҳам зулм, деб тушунилади .
  • 2 Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг: «Ал каззабу ло уммати», яъни ёлғончи менинг умматим эмас, деган ҳадислари машҳурлигини муқаддисларнинг аксарияти ривоят қиладилар.
  • 30.Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинди. У киши: «Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)дан қуйидаги ҳадисларни эшитдим: »Биби Марямнинг ўғиллари Ҳз. Ийсо (а.с.) билан Журайжга сўзлаган боладан бўлак ҳеч бир бола бешикдалигида гапирган эмас«, дедилар. Саҳобийлар: »Ё Расулаллоҳ, Журайж ва унга сўзлаган бола ким эди?« — деб сўрашганда, Расулуллоҳ (с.а.в.) ривоятни айтиб бердилар: »Журайж ўз ибодатхонасида ибодат билан машғул бир роҳиб бўлиб, ибодатхонаси атрофида бир подачи сигирларни ўтлатиб юрар эди. Шу ибодатхона жойлашган қишлоқда турадиган бир хотин подачи ёнига келиб-кетиб турарди. Журайж бир куни намоз ўқиб турган вақтида онаси чақирди. Журайж анча хаёлга чўмди: намозида давом этаверсинми ёки уни бузиб, онасига жавоб қилсинми? У ўйланиб-ўйланиб, охири онасига жавоб қайтармади ва намозида давом этаверди. Онаси иккинчи ва учинчи мартаба чақирганда ҳам у жавоб қайтармагач: «Аллоҳ таоло сени фоҳиша хотинларга  йўлиқтирсин«, деб дуойибад қилиб, қайтиб кетди. Шундан кейин ўша подачи олдига келиб юрадиган хотин бир бола туғиб қўйди. Уни подшоҳ олдига келтириб сўроқ қилинганда: »Бу бола ибодатхонадаги роҳибдан бўлган«, деб даъво қилди. Подшоҳ: »Унинг ибодатхонасини бузиб, ўзини менинг хузуримга олиб келинсин«, деб буйруқ қилди. Подшоҳнинг буйруғига асосан ибодатхона бузилиб, Журайжнинг қўлини арқон билан боғлаб, подшоҳ ҳузурига келтирдилар. Уни олиб келаётганларида йўлда томоша қилиб турган фоҳиша хотинларга кўзи тушдида, бир кулиб қўйди, Кейин подшоҳ ундан сўроқ қилиб: »Бу хотин туғилган болани сендан бўлган, деб даъво қилаётибди«, деди. Журайж хотинга қараб: »шундайми? — деди. Хотин: «Ҳа, шундай», деди. Шунда Журайж онанинг бағрида турган чақалоққа қараб: «Эй, бола, сенинг отанг ким?» — деб сўради.Чақалоқ тилга кириб: «Отам подачи», деб жавоб берди, унинг гапини ҳамма эшитди. Подшоҳ Журайжга узр айтиб: «Энди ибодатхонани биз янгидан қуриб берамиз», деди. Журайж буни қабул қилмагач: «Бўлмаса кумушдан қурайликми?» — деди. Журайж буни ҳам қабул қилмай: «Уни аввалги ҳолига келтириб берилса кифоя», деди. Подшоҳ: «Хўш, менга айтчи, қўлингни боғлаб олиб келаётганларида нима учун кулдинг?» — деб сўраганда, у: «Юз берган воқеани кўзим билан кўриб кулгим қистади, у ҳам бўлса онамнинг менга қилган дуойибади эди», деди- да, бўлган воқеани подшоҳга ва атрофдаги кишиларга ҳикоя қилиб берди.

Асарнинг давомини мана бу саҳифада мутолаа қилинг

20-21 iyulь — Imom al-Buxoriy kuni

  Imom al-Buxoriyning ismi Muhammad, kunyasi Abu Abdulloh, laqabi ba’zan imom al-muhaddisiyn (muhaddislarning imomi, peshvosi), ba’zan amir ul-mo»miniyn fi-l-hadis (hadis ilmining amiri, sultoni) va nasabi Muhammad ibn Ismoil ibn Ibrohim ibn al-Mug’iyra ibn Bardazbeh ibn Bazazbehdir. Mutafakkir Abdurahmon Jomiy mashhur muhaddisning ilmiy-ijodiy salohiyatiga yuksak baho berib, «Batxa (Makka) va Yasrib (Madina)da yasalgan tanganing sayqali Buxoroda kamoliga yetdi», — deb yozgan edi.

MUHADDISLAR SULTONI
Ubaydulla Uvatov
tarix fanlari doktori, professor
01

Ashampoo_Snap_2017.05.11_13h52m36s_001_.png Imom al-Buxoriyning ismi Muhammad, kunyasi Abu Abdulloh, laqabi ba’zan imom al-muhaddisiyn (muhaddislarning imomi, peshvosi), ba’zan amir ul-mo’miniyn fi-l-hadis (hadis ilmining amiri, sultoni) va nasabi Muhammad ibn Ismoil ibn Ibrohim ibn al-Mug’iyra ibn Bardazbeh ibn Bazazbehdir. So’nggi ikki ismi – ibn Bardazbeh ibn Bazazbehdan ko’rinib turibdiki, imom al-Buxoriyning asl nasabi ajamlarga borib taqaladi. Bu fikr talay adabiyotlarda qayd qilingan bo’lib, ko’pchilik muhaddislarning ta’kidlashlaricha, «Bardazbeh» so’zi arabcha «zori’» (ziroat, dehqonchilik bilan shug’ullanuvchi kishi) ma’nosini bildiradi.

Imom al-Buxoriyning otasi Ismoil edi. Uning kunyasi Abu-l-Hasan bo’lib, o’z davrining yetuk muhaddislaridan, imom Molikning shogird va ashoblaridan biri hisoblangan, tijorat ishlari bilan ham shug’ullangan. Afsuski, hozircha uning qalamiga mansub biror asar haqida aniq ma’lumotga ega emasmiz. Biroq uni Hamad ibn Zayd, imom Molik, Abu Muoviya kabi yirik muhaddislardan hadislar rivoyat qilgani, Abdulloh ibn al-Muborakning suhbatida bo’lib, undan ta’lim olgani haqidagi ma’lumotlar manbalarda keltiriladi. Uning shogirdlaridan esa iroqlik bir qancha olimlar – Ahmad ibn Hafs, Nasr ibn Husayn va boshqalarni ko’rsatish mumkin. Imom al-Buxoriy «At-Tarix al-kabir» («Katta tarix») asarida otasining tarjimai holi haqida ta­lay ma’lumotlar beradi. Tarixchi al-Hofiz ibn Hibbon o’zining «Kitob as-siqqot» («Buyuk insonlar haqida kitob») nomli asarida Ismoil ibn Ibrohim, ya’ni al-Buxoriyning otasi «Hamad ibn Zayd va Molikdan hadislar rivoyat qilgan, undan esa iroqlik olimlar hadislar naql qilishganlar», — deya ta’kidlaydi.

Manbalarda zikr qilinishicha, Ismoil o’ta taqvodor, xudojo’y, halol bir inson bo’lgan. Tarixchi Ahiyd ibn Hafasning yozganlari bu fikrimizga dalildir. «Abu Abdulloh (imom al-Buxoriyning otasi) bandalikni bajo keltirayotgan chog’ida uni ziyorat qilganimda, menga u: «Bor molu dunyomdan harom yo’l bilan, shubhali, nopok yo’l bilan topilgan bir dirhamni ham bilmayman», deb iltijo qilganida mening nafasim bo’g’ilib, butun vujudim uning ulug’vorligidan hech narsaday tuyuldi», — deb yozadi. Mazkur kitobda, shuningdek, imom al-Bu­xoriyning otasiga xos bo’lgan yana bir qancha asl insoniy fazilatlar va uning alohida xususiyatlari ham qayd etiladi.

Imom al-Buxoriyning onasi ham taqvodor, diyonatli va har xil karomatlar sohibasi, g’oyatda oqila, fozila ayol sifatida tanilgan edi. Ma’lumki, imom al-Bu­xoriyning yoshligida ko’zi jarohatlanib, ko’rish qobiliyati susaygan, har qancha urinishsa ham, tabiblar uni davolay olmagandilar. Kunlardan bir kuni al-Buxoriy­ning onasi tushida Ibrohim (a.s.)ni ko’rganda u zoti sharif bu mushfiq onaga qarab: «Ey, volida! Sening duolaringning bardavomligidan Alloh taolo o’g’lingga to’liq ko’rish qobiliyatini qaytardi», — deya xitob qilganlar. Keyin u: «Uyqumdan uyg’onsam, o’g’lim Muhammadning ko’z nuri to’liq qaytib, tuzalib ketibdi», — degan rivoyat mavjuddir. Abu Ali al-Rassoniy degan olim: «Muhammad ibn Ismoilning yoshligida ko’zi ojiz bo’lib qolgan. Uning onasi taqvodor ayol bo’lib, tushida Ib­rohim Halilullohni ko’rganda, u: «Ko’p duolar qilib yig’laganingdan Alloh taborako va taolo o’g’lingning ko’zini qaytardi», — degan. Ona: «Ertalab uyg’onsam, Alloh o’g’limga ko’rish qobiliyatini qaytarganini ko’rdim», degan ma’lumot bilan yuqoridagi rivoyatni aynan qaytaradi.

Imom al-Buxoriy ilm-fan va madaniyat ravnaqida azaldan mashhur bo’lgan Buxoro shahrida tavallud topgan. Mana shu muhtasham shahar — Buxoroi sharifda 194 hijriy sana, shavvol oyining 13-kunida salotu-l-jum’adan keyin (810 milodiy sana, 21 iyul) jami muhaddislarning imomi, Payg’ambar (s.a.v.) ning muborak hadislariga durdonasimon sayqal berib, ularni abadul-abad barhayot qilgan ulug’ zot imom al-Buxoriy dunyoga kelgan.

Mutafakkir Abdurahmon Jomiy mashhur muhaddisning ilmiy-ijodiy salohiyatiga yuksak baho berib, «Batxa (Makka) va Yasrib (Madina)da yasalgan tanganing sayqali Buxoroda kamoliga yetdi», — deb yozgan edi. Ma’lumki, manbalarda o’rta asrlarning bir qator donishmandlari tavallud topgan oylar va kunlar tugul, hatto, yillarida ham aniqlik bo’lmay, xilma-xil ma’lumotlar ko’rsatilgan hollar bot-bot uchraydi. Imom al-Buxoriyning tug’ilgan vaqti (kuni, oyi, yili) aniq keltirilishining boisi shundaki, allomaning o’zi yozishicha, u tug’ilgan vaqt haqida otasi o’z qo’li bilan yozib qo’ygan varaq zamondoshlariga yetib kelgan.

Imom al-Buxoriy yoshligidayoq otasi vafot etib, bolaning tarbiyasi volidasi zimmasida bo’lgan. Birmuncha ulg’ayib aqli raso bo’lgach, uning qalbida islomiy ilmlarga, ayniqsa, Payg’ambar (s.a.v.)ning muborak hadislarini o’rganishga va yodlashga moyillik tobora kuchaya boradi. U dastavval Ibn al-Muborak va Vakiyning hadislarga oid asarlarini yod oladi. Imom al-Buxoriyning kotibi, uning asosiy tasnifi «Sahih» asari roviylaridan biri bo’lmish Abu Ja’far Muhammad ibn Abu Hotam al-Varroq shunday deb yozadi: «Al-Buxoriyning «Hadislarni yod olish ilhomi menga boshlang’ich maktabda o’qiyotganimda kelgan edi», — deganini eshitganimda, «O’shanda necha yoshda edingiz?» — deb so’radim. U «O’n yoshda, balkim undan ham kichik edim», — deb javob bergandi». Bu misoldan ko’rinib turibdiki, imom al-Buxoriy juda yoshligidan boshlab hadislarni yod olib, bu mashg’ulotga alohida zavq-shavq va qiziqish bilan qaragan.

Allomaning ustozlari haqida gapiradigan bo’lsak, u, eng avvalo, o’sha paytda Buxoroning taniqli muhaddislaridan sanalgan ad-Doxiliydan saboq olgan. Hadis­larni o’rganish bo’yicha ushbu olim tashkil etgan to’garakning shuhrati keng tarqalgan bo’lib, uning faoliyati yoyilib ulkan samaralar bergan.

Kunlardan bir kuni ad-Doxiliy o’z odaticha talabalarga saboq berar, al-Buxoriy ham boshqa tolibi ilmlar qatori dars tinglab o’tirgan edi. Shunda ad-Doxi­liy bir hadis isnodi haqida gapirib «Sufyon Abu Zubayrdan, u Ibrohimdan», — deb zikr qildi. Shunda al-Buxoriy: «Abu Zubayr hech vaqt Ibrohimdan rivoyat qilmagan», — dedi va bu bilan u ad-Doxiliyni bu sanad xususidagi xatodan ogoh qilmoqni istadi. O’z shogirdidan bu gapni eshitgan ad-Doxiliy esa hayratga tushib, dag’allik bilan uning so’zini bo’ldi. Al-Buxoriy o’ta xotirjamlik bilan «Ustoz, agar ishonmasangiz asl manbaga qarang», — dedi. Ad-Doxiliy manbaga qarab, shogirdi aytgan gapning to’g’riligini e’tirof qilib, tan oldiyu lekin o’sha hadis sanadini qog’ozda tuzatishni paysalga soldi. Rag’bat yuzasidanmi yoki uni sinab ko’rish uchunmi, xullas, sanadni topib tuzatish masalasini al-Buxoriyning o’ziga tashladi. Tashqariga chiqishgach, shogirdidan «E, bola, bu yog’i endi qandoq bo’ladi?» — deb so’radi. Al-Buxoriy esa hech bir kuttirmay ustoziga javob qildi: «Zubayr ibn Adiy Ibrohimdan rivoyat qil­gan». Shundan keyin u (ad-Doxiliy) qalam olib yozganini tuzatdi va «Sen haqsan» — dedi. Al-Buxoriyning aytishicha, bu vaqtda u bor-yo’g’i o’n bir yoshda bo’lgan.

Manbalarda keltirilishicha, al-Buxoriyga o’n yoshidan boshlab hadislarni yod olish ilhomi nasib etgan bo’lsa, yoshi ulg’aygan sari bu istak tobora kuchayib, u nafaqat hadislarni shunchaki yod olish, balki yoshligi­dan boshlab hadislarni sahih (to’g’ri, ishonchli) va g’ayrisahih (xato, noto’g’ri)larga ajratish, ularning illatlarini aniqlash, hadis roviylari ma’lumotlarining to’g’riligi, ishonchli yoki ishonchsizligi, roviylarning maishiy hayoti, yashash joylari, tug’ilgan va vafot etgan sanalari, bir-birlari bilan o’zaro muloqotlari tafsilotini bilish, turli roviylar keltirgan hadislarni bir-biriga solishtirib muqoyasa qilish, ularning bir-birlari bilan o’zaro bog’liqligi yoxud uzilishlar mavjud holatlar, hadis ilmining yana boshqa xilma-xil muammolarini chuqur tadqiq etish, hadislarni saralab jamlash va Qur’oni karim oyatlari bilan uzviy bog’liqlikda o’rganish kabi masalalarga qiziqdi.

Imom al-Buxoriy o’z vatanida va xorijiy yurtlarda mingdan ortiq ustoz (shayx, mashoyix)lardan hadis rivoyat qilgani haqida manbalarda aniq ko’rsatilgan. Al-Buxoriyning ilk ustozlari sifatida o’sha davrda Buxoroda ko’zga ko’ringan muhaddislardan Muhammad ibn Salom al-Poykandiy, Muhammad ibn Yusuf al-Poykandiy, Abdulloh ibn Muhammad al-Masnadiy, Ibrohim ibn al-Ashhas va boshqalarni ham ko’rsatish lozim. O’n olti yoshga yetmasdanoq u ko’pdan-ko’p hadislarni puxta o’zlashtirib, Abdulloh ibn al-Muborakning kitoblarini yod oldi. Tez fursatda al-Buxoriyning noyob qobiliyati va zukkoligi ko’pchilik ulamolar tomonidan, shuningdek, al-Buxoriyga ustozlik qilgan yetuk muhaddislar tomonidan ham e’tirof etila boshlandi. Bu hol shu darajaga yetdiki, hatto ayrim taniqli olimlar ham al-Buxoriyning o’z darslarida hozir bo’lishidan tashvishlanib, uning huzurida biror xato yoki kamchilikka yo’l qo’yishdan xavotirlanadigan bo’lib qoldilar. Ular o’z kitoblaridagi xatolarni tuzatish uchun al-Buxoriyga murojaat qilardilar. Manbalarda keltirilishicha, al-Buxoriy hadislar talabida xorijiy yurtlarga safarga chiqishidan oldin bir voqea sodir bo’lgan ekan. Bu haqda buxorolik olim Salim ibn Mujohid shunday hikoya qiladi: «Bir kun do’stim Muhammad ibn Salom al-Poykandiyning uyiga borgan edim, u menga «Biroz oldinroq kelganingda, yetmish ming hadisni yod biladigan bir bolakayni ko’rar eding-a», — dedi. Men shu zahoti orqamga qaytib, ko’chaga chiqdim va o’sha bolani uchratib, «Yetmish ming hadisni yod bilaman, deydigan bola senmisan?» — deb so’rasam, u «Ha, balkim undan ham ortiqrog’ini bilaman», — dedi. U yana: «Men sahobalar va tobi’iylardan, toki ularning ko’plarini tavallud va vafotlari, ularning maskanlarini aniq bilmagunimcha, birorta ham hadis rivoyat qilmayman. Shuningdek, sahobalar va tobi’iylarning har bir hadisini Qur’oni karim va Payg’ambar (s.a.v.)ning hadislariga tayangan holda rivoyat qilaman», dedi».

Salim ibn Mujohidning ushbu so’zlari ham al-Buxoriyning yoshligidan boshlab o’ziga puxta ishonchi va mas’uliyati bo’lgani, shu tufayli el orasida obro’-e’tibor topganiga dalildir. Muhammad ibn Salom al-Poykandiyning «Muhammad ibn Ismoil qachon mening huzurimga kirsa, har doim men o’zimni yo’qotib qo’yib, doim undan xavotirda turaman», — degan e’tirofiga qo’shimcha, al-Hofiz ibn Hajar: «Uning (al-Buxoriy­ning) huzurida xato qilib qo’yishdan u qo’rqar edi», — deb bu holni yanada oydinlashtiradi. Muhammad ibn Salom al-Poykandiy bilan bog’liq bu voqealar hali al-Buxoriyning ilmi Buxorodagi o’z ustozlari darajasida ekanidayoq sodir bo’lgani, qolaversa, imom al-Buxoriy Buxorodan jo’nab ketgandan keyin al-Poy­kandiy u bilan boshqa uchrashmaganini hisobga olsak, ta’kidlamoqchi bo’lgan fikrimiz yanada aniqlashadi, deb o’ylaymiz…

Azaldan muhaddislar orasida arabcha «rihlat» istilohi biror hadisni bilish yoki isnodni oliy darajasiga yetkazish maqsadida yo’lga chiqqan insonning safariga nisbatan ishlatilar ekan. Ilm yo’lidagi fidoyilik, bu yumushga butun vujudiyu aql-zakovatini, bor imkoniyu himmatini baxshida etish, aql bovar qilmas darajadagi quvvai hofizasi va boshqa fazilatlari imom al-Buxoriyni islom dunyosining buyuk allomalaridan biri sifatida tanitdi. Imom al-Buxoriy rivoyat qil­gan hadislarning roviylari ko’p hollarda hatto imom Molik va imom Abu Hanifaning ustozlari (shuyux) toifasiga kiradi. Bu fikrni ko’plab muhaddislar bir ovozdan qo’llab-quvvatlaganlar.

Demak, imom al-Buxoriy o’n olti yoshga yetguncha o’z yurtidagi mashoyixlardan hadis eshitib, ulardan saboq oladi. Mana shundan keyin islomiy ilmlarning markazi, Payg’ambar (s.a.v.)ning vatani, Qur’oni karim nozil bo’lgan muqaddas diyor – Rasululloh sahobalarining maskani Hijozi sharif tomon ravona bo’ldi. Bu xususda imom al-Buxoriyning kotibi Ibn Abu Xotam al-Varroq zikr qilishicha, al-Buxoriy doimo shunday deyar ekan: «Qachonki o’n olti yoshni urganimda (so’zma-so’z «tahintu») Ibn al-Muborak va Vakiyning kitoblarini yod etib, so’ngra «ana ularni», ya’ni ashobu-r-ray kalomlarini bilib olgan edim. So’ngra onam va akam Ahmad bilan haj ibodatini ado etish uchun safarga jo’nadim». Al-Varroqning bu gaplaridan ma’lum bo’layotirki, imom al-Buxoriy birinchi marta safarga 825 yilda chiqqan. Mana shu yili u yaqinlari bilan Makkai mukarramaga yetib kelib, Haj ibodatini ado etgandan so’ng onasi va akasini Buxoroga qaytarib yuborib, o’zi Makkada qoldi va bu muqaddas shahar mashoyixlarining ilmiy yig’inlarida qatnasha boshladi. O’sha paytda Makkada bir qancha ko’zga ko’ringan ulamolar istiqomat qilayotgan bo’lib, ular ichida hadis ilmi sohasida mashhurlaridan imom Abul Valiyd ibn al-Arzaqiy, Abdulloh ibn az-Zubayr va alloma al-Hamidiylarni ko’rsatish mumkin. Shuningdek, yana bir qancha taniqli olimlardan ham imom al-Buxoriy hadis ilmi bo’yicha saboq oladi. Makkai mukarramada ikki yilcha yashagandan keyin u Madinai munavvaraga tomon yo’l oladi. Jumlai jahondan ilm toliblari nabaviy (Payg’ambarimiz haqidagi) ilmlarni o’rganish uchun bu mo’tabar shaharga oqib kelardilar. Imom al-Buxoriy 827 yilda, o’n sakkiz yoshida Payg’ambar (s.a.v.)ning ravzai muboraklari qo’yilgan Madinaga yetib keldi. Shu paytda shaharda ko’zga ko’rin­gan mashhur ulamolardan Ibrohim ibn al-Munzir, Mutrif ibn Abdulloh, Ibrohim ibn Hamza, Abu Sobit Muhammad ibn Ubaydulloh, Abdulaziz ibn Abdulloh al-Uvaysiy singari yetuk olimlar faoliyat ko’rsatardilar. Imom al-Buxoriy ushbu ulamolar bilan muloqotda bo’lib, ulardan ko’pdan-ko’p saboq oldi. Hijozi sharifga qilgan bu rihlati asnosida bo’lg’usi alloma o’zining dastlabki asari «At-Tarix al-kabir» («Katta tarix»)ning qoralamasini tugatdi. Qator tarixchilarning ta’kidlashicha, imom al-Buxoriyning Hijoz (Makka), Madina, Toif, Jiddaga qilgan bu rihlati olti yil davom etgan. Shu bilan birga, bu muddat uzluksiz bo’lmay, imom al-Buxoriy shu vaqt ichida boshqa yondosh mamlakatlarga ham safar qilgani qayd etiladi.

Shundan keyin, al-Buxoriy Basra (Iroq) shahriga qarab yo’l oladi. O’sha paytda Basra ham Sharqning e’tiborli ilmiy markazlaridan biri bo’lib, bu yerda, xususan, hadislarni o’rganish keng quloch yoygan edi. Basrada u imom Abu Osim an-Nabiyl, Safvon ibn Iso, Badal ibn Ar’ara, Sulaymon ibn Harb, Abul Valiyd at-Tayolisiy, Ahrim va Muhammad ibn Sinon kabi ulamolar­dan saboq olib, o’z bilimini oshirdi. Shu asnoda imom al-Buxoriy Basraga hammasi bo’lib to’rt marta borib keldi. Uning o’zi doimo: «Basraga to’rt marta rihlat qilganman», — deb ta’kidlardi. Shundan so’ng u Kufaga safar qildi va bu shaharda ham bir necha bor bo’ldi. Shuningdek, Bag’dodni ham bir necha marta ziyorat qilga­ni ma’lum. Mazkur safarlar xususida kotibi al-Varroq uning quyidagi so’zlarini keltiradi: «Kufa va Bag’dodga muhaddislar bilan uchrashishga necha marta borganimning hisobini ham bilmayman». Tarixchi olim an-Navaviy o’zining «Tahziyb ul-asmoi va-l-lug’a» nomli kitobida imom al-Buxoriyning Kufadagi ustoz (shuyux)laridan quyidagilarni zikr qilgan: Abdulloh ibn Muso, Abu Naim Ahmad ibn Yaqub Ismoil ibn Abon, al-Hasan ibn Rabi’, Xolid ibn Muxallad, Said ibn Xafas, Talaq ibn Runam, Umar ibn Xafas Urva, Qabiysa ibn A’qba va Abu G’asson. Kufaning taniqli olimlari – ustozlarining rivoyatlari ishonchli va isbotli ekanligiga ishonch hosil qilgach, imom al-Buxoriy ulardan hadislar yozib olgan. Abbosiylar xalifaligining poytaxti bo’lmish Bag’dodda dunyoning turli tomonlaridan kelgan ko’plab fozillar to’plangan edi. Shu boisdan bo’lsa kerak, imom al-Buxoriy ham, yuqorida aytib o’tganimizdek, Bag’dodda bir necha marta bo’lgan va u yerda katta hurmat bilan kutib olingan. Bu shahardagi ustozlari imom Ahmad ibn Hanbal, Muhammad ibn Iso as-Sabbo, Muhammad ibn Soiq, Shurayh ibn an-Nu’mon va boshqalardan saboq olgan. Imom Abu Ali al-Rassoniy «Taqyid al-muhmal» nomli asarida: «Imom al-Buxoriy oxirgi marta (hammasi bo’lib u Bag’dodda sakkiz marta bo’lgandi) Bag’dodni tark etib qaytayotganda, imom Ahmad ibn Hanbal u bilan xayrlashar ekan, g’oyat hasratu alam bi­lan: «Ilm va muxlislarni (an-nos) tashlab, Xurosonga ketasanmi?» — deb zorlangan edi. Oradan yillar o’tib Buxoro hokimi Abu Tohir az-Zuhliy imom al-Buxoriyga qarshi fitna uyushtirib, uni ona yurti Buxorodan badarg’a qilish niyatida turli-tuman bo’xtonu tuhmatlar to’qiganida imom al-Buxoriy Ahmad ibn Hanbalning o’sha so’zlarini eslab, ko’p nadomatlar chekkan va «Ahmad ibn Hanbalning so’zlari ma’nosiga endi tushundim», — deb afsuslangandi.

022   Imom al-Buxoriy Shomda ham bo’lib, unda Yusuf al-Faryobiy, Abu Nasr Ishoq ibn Ibrohim va Odam ibn Abu Iybos Abu-l-Yaman al-Hakam ibn Nofi’ va Hayvat ibn Shuriyh kabi bir qancha mashhur olimlardan saboqlar oldi. Shundan so’ng Misrga o’tib, Usmon ibn as-Sor Said ibn Abu Maryam, Abdulloh ibn Solih, Ahmad ibn Solih, Ahmad ibn Shubayb, Asbag’ ibn al-Faraj, Said ibn Abu Iso, Said ibn Kasir ibn Afiyr, Yahya ibn Abdulloh ibn Bakir va shularga o’xshash olim­lardan dars oldi. Ba’zi manbalarda ko’rsatilishicha imom al-Buxoriy Mesopatamiya (Jaziyra)ga ham borib, Ahmad ibn Abu-l-Malik al-Harroniy, Ahmad ibn Yazid al-Harroniy, Amru ibn al-Xalaf va Ismoil ibn Ab­dulloh ar-Raqqiy kabi olimlar bilan muloqotda bo’lgan hamda ulardan istifoda etgan. Mashhur olim Tojuddin as-Subkiy esa o’zining «At-Tabaqot ash-shofi’iyya al-kubro» nomli asarida: «Imom al-Buxoriy al-Jaziyraga bormagan va al-Jaziyra mashoyixlaridan qilgan rivoyatlari boshqalarga tayanilib (bilvosita) naql qilinadi», — deb yozadi. Bundan tashqari, alloma Xuroson va uning Marv, Balx, Hirot, Nishopur, Ray, Jibol kabi shaharlarida ham necha martalab bo’lib, mashhur olimlaridan saboqlar oldi. Jumladan, Marvda Ali ibn Hasan ibn Shaqiyq Abdon, Muhammad ibn Muqodil va boshqalardan, Balxda esa Makkiy ibn Ibrohim, Yahya ibn Bishar, Muhammad ibn Abon, Hasan ibn Shujah, Yahya ibn Muso, Qutayba kabi muhaddislardan rivoyatlar qiladi. Hirotda Ahmad ibn Abu-l-Valiyd al-Hanafiy, Nishopurda Yahya ibn Yahya, Bashar ibn al-Hakam, Ishoq ibn Rovayh, Muhammad ibn Rofi’, Rayda esa Ibrohim ibn Muso, Vositda Hison ibn Hison ibn Abdulloh, Said ibn Abdulloh va shunga o’xshash olimlardan hadislar o’rgandi. Shuningdek, XV asrda o’tgan yirik tarixchi Sharafuddin Ali Yazdiy «Zafarnoma» nomli mashhur asarida al-Buxoriy Keshda ham ancha muddat yashagani haqida yozadi.

Imom al-Buxoriy yuqorida zikr qilingan shaharlar va mamlakatlarga yakkayu yagona maqsad – hadis ilmi bo’yicha saboq olish niyatida bordi, bu joylardagi taniqli olimlar bilan muloqotda bo’lib, o’z ilmini muttasil boyitishga intildi. «Bag’dod tarixi» nomli yi­rik asarning muallifi al-Xatib al-Bag’dodiy o’z kitobida Ja’far ibn Muhammad al-Qatton degan olimning imom al-Buxoriyning o’zi: «Men hadislarni ming, ehtimol undan ham ortiq shayxu ulamolarga tayanib yozdim, mening kitobimda isnodi ko’rsatilmagan birorta ham hadis yo’q, deb aytganini eshitganman», — degan so’zla­rini keltiradi.

Tarixchilar imom al-Buxoriyning ustozlari soni haqida ham ma’lumotlar keltirishgan. Jumladan, olim ibn Abu Hotamning yozishicha, imom al-Buxo-riyning o’zi suhbatlaridan birida unga: «Bir ming saksonta shayx (ustoz)dan yozganman», — degan. X asrda yashagan isfahonlik olim Muhammad ibn Ishoq ibn Manda al-Isfahoniy (922-1005) imom al-Buxoriyning ustozlari haqida maxsus asar yaratib, alifbo tartibida ularni nomma-nom keltiradi. Hozirgi vaqtda Saudiya Arabistonida istiqomat qiluvchi vatandoshimiz, iqtidorli olim Nazar Muhammad al-Faryobiy tahqiq qilib, keng ko’lamda ilmiy muomalaga kiritgan ushbu mo’jazgina risola 1991 yili Saudiya Arabistonidagi «Maktabat al-Kavsar» matbaasida chop etilgan. Imom al-Buxoriyning ustozlari haqida nisbatan mufassal ma’lumot beradigan ushbu manba xususida kengroq to’xtalish lozim, deb hisoblaymiz.

Avvalo, «Imom al-Buxoriy ustozlarining ismlari» asarining muallifi haqida qisqacha ma’lumot keltirish maqsadga muvofiqdir. Uning to’liq ismi Muhammad ibn Ishoq ibn Manda al-Isfahoniy bo’lib, hijriy 310 (ba’zi manbalarda keltirishicha, 309) yilda Isfahonda tavallud topgan. U yigirma yoshlaridan boshlab Nishopur, Iskandariya (Aleksandriya) orqali Basra, Hirot, Sijiston, Ozarbayjonga ham kirmay, to’g’ridan-to’g’ri Shosh (hozirgi Toshkent)ga rihlat qilgan. Ushbu safarlardan qaytganda, o’zi bilan qirq haml (ya’ni qirq tuyaga yuk bo’ladigan) xilma-xil kitoblar keltirgan. Manbalarda ta’kidlanishicha, Qur’oni ka­rim hofizlaridan birontasiga ham al-Isfahoniy eshitgan ma’lumotlarni (yoki xabarlarni) eshitish va u jam qilgan ma’naviy boyliklarni jamlash nasib etmagan ekan. Al-Isfahoniyning o’zi doimo: «Men Sharqni ham, G’arbni ham ikki marta tavof qilib, aylanib chiqqanman. Kimki o’z aqidaviy fikrida qat’iy turmay beqarorlik ko’rsatib, hali u yoqqa, hali bu yoqqa og’adiganlardan bo’lib, haqiqiy din ahkomlariga xilof ish tutib, bid’at va xurofotga amal qiladigan bo’lsa, undan bironta ham hadis eshitmaganman», — deb ta’kidlardi.

Al-Isfahoniy haqida yozgan o’rta asr tarixchilarining ko’pchiligi uning «ko’p tasniflarning muallifi» («sohib at-tasoniyf») deb qayd qilganlar. Tadqiqotchi Nazar Muhammad al-Faryobiy esa uning qalamiga mansub yigirmaga yaqin asarlar borligini ta’kidlab, ularni nomma-nom keltiradi. Ushbu asarlardan o’ndan oshig’i hadis va uning turli ilmlariga bag’ishlanadi. Ulardan «Hadis», «Al-Amoliy», «Al-Favoid», «Ma’rifat as-sahoba», «Fath al-bob fi kuna va-l-alqab», «Shurut al-aimma», «Kitob at-tarix», «Kitob asmoi as-sahoba» kabilarni ko’rsatish mumkin.

Muallifning aqidaga bag’ishlangan asarlari ham ijodida salmoqli o’rin egallaydi. Ulardan «Kitobu-r-radd ahlo-l-jahmiyyin», «Kitob as-sifot», «Kitob an-nafs va-r-ruh», «An-Nosix va-l-mansux» va boshqalarni keltirish kifoyadir. Ishoq ibn Manda al-Isfahoniy 395/1005 yilda vafot etib, Isfahondagi Dukkaboz qabristoniga dafn qilingan.

Muallifning «Imom al-Buxoriy ustozlarining ismlari» asari hajm jihatidan uncha katta bo’lmay, atigi 16 varaqdan iborat qo’lyozma chiroyli nasx xatida yozilgan. Har bir sahifada 17 satr bo’lib, bag’dodlik xattot Muhammad ibn al-Hasan ibn Muhammad Ali ibn al-Ibrohim tomonidan olti yuz o’ttiz ikkinchi hijriy yilning o’n to’qqizinchi shavvoli, juma kunida Damashq Jomi’ masjidida ko’chirilgan, ilmiy jihatdan g’oyatda qimmatlidir. Ushbu kitobda Imom al-Buxoriy o’zining shoh asari «Sahih al-Buxoriy»da keltirgan uch yuz olti hadis roviylarining ismi shariflari alifbo tarti­bida to’liq holda zikr qilinadi. Shuningdek, ularning ko’pchiligi haqida asli qaysi shahardan kelib chiqqani, laqabi yoki kunyasi, aksariyatining esa qaysi shaharda qachon vafot etgani to’g’risida aniq ma’lumotlar keltiriladi. Fikrimizning isboti sifatida mazkur asardan bir necha misollar keltiramiz: «Ayub ibn Sulaymon ibn Bilol Mavli Abdulloh ibn Abi Atiyq asli Madina shahridan, 224 hijriy yilda vafot etgan; Ibrohim ibn Hamza ibn Muhammad ibn Abdulloh az-Zubayr ibn al-Avon az-Zubayriy 230 hijriy sanada Madinada vafot etgan bo’lib, ko’pincha, Abu Ishoq kunyasi bilan atalardi; Ahmad ibn Ishoq ibn al-Husayn, Abu Ishoq as-Sullamiy, u as-Surmoriy nomi bilan tanilgan bo’lib, Buxoro qishlog’idan edi; Ahmad ibn Abu Raja — asl ismi Abdulloh ibn Ayub al-Xaraviy Abu al-Valiyd. Imom al-Buxoriy hadislarni un­dan Buxoroda paytida yozib olgan; Ahmad ibn Mani’ ibn Abdurrahmon, Abu Ja’far al-Bag’aviy — u Bag’dodda yashagan. U Husayndan rivoyat qiladi. Uni al-Qabboniy deb ham atardilar. Imom al-Buxoriy undan atigi bitta hadis rivoyat qilgan; Abdulloh ibn az-Zubayr ibn Iso al-Humaydiy — Abu Bakr kunyasi bilan tanilgan bo’lib, Makka ahlidan. Vafoti ikki yuz o’n to’qqizinchi hijriy yil; Muhammad ibn Yusuf Abu Ahmad al-Buxoriy Poykand ahlidan».

Mana shu tariqa ushbu kitobda imom al-Buxoriy hadis eshitgan 306 roviy haqida ma’lumotlar keltiriladi. Bu adad, albatta, buyuk alloma hadis eshitgan roviylarning bir qismidir. Aslida, u, yuqorida aytilganidek, juda ko’p roviylardan hadis eshitib yozib olgan. Hadisshunoslikda yana bir muhim soha bo’lmish illatli hadislarni aniqlash g’oyatda mas’uliyatli va murakkab ishlardan hisoblanadi. Muhaddis hadis ilmiga oid barcha tartibot va uslublarni mukammal bilish bi­lan bir qatorda, roviylarning tug’ilgan va vafot etgan vaqtlari, hadisni kimdan eshitib, kimdan rivoyat qilayotgani, eshitgan ibora va alfozlarining aniqligini to’la-to’kis egallagan bo’lishi kerak. Shu boisdan ham muhaddislarning ko’pchiligi bu jihatlarni to’la-to’kis egallash – hadis ilmida eng jiddiy muammo va ayni vaqtda o’ta sharafli mas’uliyat deb hisoblaydilar. Hadisni yodlab ularni mukammal idrok qilgan va bu borada talab etiladigan boshqa tajribalarga ega bo’lgan, hadislar xususida uzil-kesil gapirishga haqli hisoblanganlar faqat Ali ibn al-Madiyniy, Yaqub ibn Shayba, Ahmad ibn Hanbal, al-Buxoriy, Abu Hotam, Abu Zur’a, Ad-Doraqutniy va ularga ergashgan bir necha muhaddislar hisoblanishadi. Bu o’rinda Ali ibn al-Madiyniyniig quyidagi so’zlarini keltirib, illatli hadislarni aniqlash qanchalik qiyin va murakkab ekaniga yana bir bor ishonch hosil qilamiz: «Mening o’zim bilgan bir hadisning illatini aniqlashdan ko’ra yangi, avval bilmagan yigirmata hadis yozib olishim men uchun osondir». Darhaqiqat, hadislarda, garchand, zohiran o’zaro bog’liqlik bo’lsa-da, ularni isnodi jihatidan dastlabki roviyga bekamu ko’st ulash yoki uzilish bilan yetkazish yoki bir hadis iboralarini ikkinchi bir hadis so’zlari bilan aralashtirib yubormaslik yoxud o’nlab ro­viylardan birining nuqsonini aniqlash juda qiyin va mashaqqatli yumushdir. Mana shu zayldagi to’liq imkoniyatga va har tomonlama mukammal axborotga ega bo’lmaganlar, tabiiyki, hadis ilmida biror yutuqqa erishishi amri mahol edi. Komil ishonch bilan aytish mumkinki, imom al-Buxoriy mukammal egallagan buyuk san’atlardan biri bu – illatli hadislarni aniqlash bo’lgan. Imom al-Buxoriyning zamondoshi olim al-Hofiz Ahmad ibn Hamdun bunday eslaydi: «Usmon ibn Abu Said ibn Marvonning janozasi paytida Muhammad ibn Yahya az-Zuhliy al-Buxoriydan roviylar ismlari va illatli hadislar haqida savol so’raganida al-Buxoriy go’yoki u «qul huva Allohu ahad»ni yoddan o’qiyotgandek – merganning bexato o’qi misoli to’g’ri javob qilganini ko’rgandim».

Mavridi kelganda shuni aytish kerakki, mana shu davrda, ya’ni IX asrda Nishopurda ilm-fan, ayniqsa, hadis ilmi nihoyatda taraqqiy qilib, unda imom al-Buxoriy, imom Muslim ibn al-Hajjoj, imom at-Termiziy va boshqa bir qator kuchli muhaddislar yig’ilgan edi. Ular shaharda faoliyat ko’rsatadigan madrasalarda yoshlarga hadis ilmidan dars berardilar. Bu buyuk muhaddislar orasida ilmiy munozara va bahslar juda ko’p bo’lgan. Imom al-Buxoriy hadis sohasidagi o’z ilmi va salohiyati, ayniqsa, illatli hadislarni aniqlash mahorati bilan barchani qoyil qoldirgan, muhaddislarning hammasi unga bir ovozdan tan bergan. Imom al-Buxoriy masjidlarda, ommaviy ilmiy yig’inlarda ham ishtirok etgan. O’z davrining mashhur muhaddislaridan biri sanalgan Muslim ibn al-Hajjoj imom al-Buxoriyning chuqur bilimiga tan berib, unga samimiy ravishda: «Sizni faqat hasadgo’ylargina ko’ra olmaydi. Mening imonim komilki, sizdek buyuk olim jumlai jahonda yo’q», — deb xitob qilgan.

Imom al-Buxoriyning illatli hadislarni bilishdagi benazir mahorati, mukammal ilmi va qobiliyati borasida uning zamondoshlari ko’p qimmatli fikrlarni qoldirganlar. Illatli hadislarga atab maxsus asar yozgan imom at-Termiziy o’z asari «Kitob al-ilal»da: «Hadislar, roviylar, ular tarixlaridagi illatlar xususidagi fikrlarim imom al-Buxoriyning «Kitob at-tarix» asaridan foydalanganlarim, ulardan yana ko’prog’ini Muhammad ibn Ismoil al-Buxoriy bilan qilgan ilmiy munozaralarim paytida olganman, shuningdek, Abdulloh ibn Abdurrahmon, Abu Zur’adan ham foydalandim-u, lekin baribir ko’prog’i Muhammad al-Buxoriydan, kamrog’i esa Abdulloh bilan Abu Zur’adandir», — deb e’tirof etgan. Yana imom at-Termiziy: «Illatli hadislarni va isnodlarni aniqlashda Muhammad ibn Ismoil al-Buxoriydan ko’ra ustun bo’lgan birorta olimni ko’rmadim», — deb alohida ta’kidlagan.

Imom al-Buxoriy ishtirok etgan ilmiy majlislarning birida o’z zamonasining yetuk olimlaridan sanalgan al-Faryobiy sanadi quyidagicha bo’lgan bir hadis haqida gapirib: «Sufyon Abu Urvadan, u Abu-l-Xattobdan, u Abu Hamzadan», — dedi. Majlisda hozir bo’lganlarning birortasi ham Sufyondan boshqalarning kim bo’lganini aniq bilmadi, chunki bu o’rinda ularning faqat kunyalari (Abdu-l-Xattob, Abu Hamza) aytilgan edi. Shunda Muhammad al-Buxoriy vazminlik bilan: «Abu Urva bu – Muammar ibn Roshid, Abul-Xattob esa Qatoda ibn Daoma, Abu Hamza bo’lsa, Anas ibn Molikdir. Buyuklarning ishlari inqilobiy tusda ulug’vor bo’lganligi uchun ham ular faqat kunyalari bilan aytilganlar», — dedi.

Hadis rivoyatidagi noqislik va ularning to’g’riligiga ishonch hosil qilish masalalari sahobalar davridan boshlanib, o’sha paytdanoq hadislarni yozib olishda bu masalaga alohida e’tibor berilgan. Chunonchi, sahobalarning o’zlari rivoyat qilgan hadislarda ham illatli hadislar uchragan hollar aniqlangan edi. Payg’ambar vafotidan keyin vaqt jihatidan muddat kam o’tgani, hadislarni naql qilishda vositalarning ozligi tufayli dastlabida bunga ehtiyoj unchalik katta bo’lmagandi. Rivoyatda ishtirokchilar soni ko’payib, vaqt o’ta borgan sari roviylarning illatini aniqlashga tobora zarurat kuchaydi. Hadis ilmida ham, muhaddislar orasida ham bu masala muhim ahamiyat kasb eta boshladi. Hadis roviylariga nisbatan alohida diqqat-e’tibor, chuqur munosabat bilan qaralib, har xil uslubu qoidalar yaratildi. Masalan, qaysi holatlarda zamondoshlarning illati (jarhi) qabul qilinmaydiyu, qaysi bir holatlar­da qabul qilinadi kabi aniq yo’l-yo’riqlar ishlab chiqildi.

Xulosa qilib aytadigan bo’lsak, hadislarda illat masalasi muhim ahamiyat kasb etib, u bilan shug’ullanadiganlardan pok diyonat va taqvodorlik, qobiliyat talab qilinadi. Imom al-Buxoriy bu sohada o’ziga asosiy dasturulamal qilib olgan ehtiyotkorlik maslagi uning diyonat, imon-ixlos va xudojo’ylikda yuksak darajaga erishganini ko’rsatadi.

Imom al-Buxoriyning illatli hadislar haqidagi mulohazalari g’oyat mutavoze’ va odob-axloq doirasida bo’lib, munosabatlar «uni shunday qoldirganlar (tarakahu), «u tashlab ketilgan» (matruk), «tushirib qoldirilgan» (soqit), «bu haqda o’zgacha bir fikr-mulohaza ham bor», «bu xususda avval o’tganlar hech narsa demaganlar» va shunga o’xshash beozor, oddiy va samimiy iboralardan tashkil topgan. Juda kamdan-kam hollarda imom al-Buxoriy biron odamga nisbatan «u ichidan o’ylab chiqqan (uydirmachi)» yoki «kazzob» deyardi, illatli hadislar masalasida al-Buxoriy ishlatgan eng qattiq ayblov «hadisni inkor qiluvchi» («munkir al-hadis») degan ibora bo’lardi. Hadis ilmida shu qoida odat tusiga kirdiki, agar imom al-Buxoriy biron roviy haqida «u – munkir al-hadis» desa, undan hech vaqt hadis rivoyat qilinmasdi. Bu xususda Ibn al-Qatton imom al-Buxoriyning ushbu so’zlarini keltiradi: «U (al-Buxoriy) unga: «Har qanday kishi haqida «u munkir al-hadis» degan bo’lsam, bas, undan hech vaqt hadis rivoyat qilinmaydi», — degan.

Imom al-Buxoriy ustozlarining soni ko’p bo’lib, ulardan birining ismi «Musaddid» (lug’aviy ma’nosi «to’g’ri yo’lga boshlovchi») edi. Al-Buxoriy unga qattiq ishonib: «Musaddid – o’z ismiga monand to’g’ri yo’lga boshlovchidir. Kitoblarim o’zimda bo’ladimi yoki unda bo’ladimi – menga farqi yo’q», — deb doimo takrorlar edi. Ushbu ta’kiddan ayon bo’layotirki, imom al-Buxoriy o’z kitoblari muhofazasiga alohida ahamiyat bergan. U bu masalaga, bamisoli hadis rivoyatiga e’tibor bergandek, alohida e’tibor bilan qaragan. Shuningdek, ular qanday odamlarning qo’lida saqlanishiga ham jiddiy qaragan. O’z kitoblari har qanday kimsaning qo’liga tushib qolishiga befarq bo’lmagan.

Imom al-Buxoriy butun faoliyati davomida ham ilmiy, imkoni bo’lsa, moddiy jihatdan odamlarga, ya’ni Allohning bandalariga biror naf yetkazishni o’zining asosiy maqsadi qilib qo’ygan edi. U doimo ilm ahllariyu ilm toliblariga, hatto ustozlar (ash-shuyux) va muhaddislarga ham moddiy yordam ko’rsatardi. Tijorat qilganda har safar o’zi ko’rayotgan daromaddan, ya’ni foydasidan besh yuz dirhamni faqiru miskinlarga, ilm to­liblariga sarflardi. Tolibi ilmlarga ma’lum mablag’lar (maoshlar) ajratib, ularni alohida qiziqishu zavq-shavq bilan Payg’ambar (s.a.v.) ilmlarini (hadisi shariflarini) o’ganishga rag’batlantirardi, ahli ilmga nisbatan g’oyatda ko’p ehson ko’rsatardi. Ayni vaqtda imom al-Buxoriy o’z shaxsiy hayotida, yeyish-ichishda va kiyinishda sira ham dabdaba va behuda sarfu xarajatlarga yo’l qo’ymasdi, sabr-toqat va qanoat, chidamlilik uning uchun odat tusidagi bir hol edi.

Imom al-Buxoriy g’oyatda beg’ubor, halol-pokiza, diyonatli inson bo’lib, g’iybatu nohaqliklardan uzoq bir kishi bo’lgan. U doimo: «G’iybat qilish harom ekanini bilganimdan boshlab, hech qachon biror kishi haqida g’iybat gapirmaganman», — deb ta’kidlardi.

Imom al-Buxoriyning eng ulug’ fazilatlaridan yana biri u taassub (mutaassiblik)ning har qanday ko’rinishlaridan uzoq bo’lganidir. Uning shoh asari «Sahih al-Buxoriy» bilan chuqurroq tanishilsa, al-Buxoriyning o’z kitobidagi ma’lumotlarga nihoyatda katta sinchkovlik va ehtiyotkorlik bilan yondashganini ko’ramiz. Qanchadan-qancha mashaqqatlar bilan to’plangan hadislarining sahihligiga to’la ishonch hosil qilib, obdon tekshirgandan keyingina o’z asariga kiritganligi bu fikrni yana bir karra tasdiqlaydi. Imom al-Buxoriyning «Sahih» asari haqida gapirar ekanmiz, shuni ham qayd qilish kerakki, ushbu kitobning sahih isnodlarida ahli sunnaga mansub bo’lmagan roviylar ham uchraydi. Al-Bu­xoriy muhaddislarda hadislarga bo’lgan katta mehr va intilish hamda unga qat’iy amal qilish har qanday tahsinga sazovor, deb hisoblardi. Bu masala g’oyatda muhim bo’lib, bu xususda ba’zi muhaddislarning o’zlari ham fikr-mulohaza bildirganlar. Jumladan, imom Ahmad ibn Hanbal: «O’zim amal qilmagan bitta ham hadisni kitobga olmaganman», — deb ta’kidlagan bo’lsa, o’z davrining yirik muhaddislaridan biri sanalgan Vakiy ibn al-Jarroh: «Agar biror hadisni yodlashni istasang, eng avvalo, unga amal qil», — degan. Yana bir muhaddis Ibrohim ibn Ismoil esa: «Hadislarni yodlashda, eng avvalo, unga amal qilish yo’lidan foydalanardik», — deb ta’kidlagan, alloma as-Suyutiy o’zining «At-Tadriyb» nomli asarida bu jarayonni quyidagicha ifodalaydi. «Ibodatlar, odob-axloq, fazilatlar, solih a’mollar xususida eshitgan hadislardan samarali foydalanish lozim. Bu, birinchidan, ushbu hadisning zakoti, ikkinchidan esa, uni yodlash uchun yaxshi omildir».

Imom al-Buxoriy yashagan davrda Xolid ibn Ahmad az-Zuhliy Tohiriylar tomonidan bo’lib, Buxoroning amiri sifatida saltanat yuritardi. Xorijiy yurtlarga qilgan uzoq yil davom etgan safaridan qaytib, imom al-Buxoriy o’z ona yurti Buxoroda o’rnashgach, uning shonu shuhrati chor atrofga tarqab, ko’plab hadis toliblari to’da-to’da bo’lishib, alloma huzuriga kela boshlagach, Xo­lid ibn Ahmad az-Zuhliy ular bilan garchand mazhabiy masalalarda bir qadar muxolafatda bo’lsa-da, ularning rivoyatlarini tashlab ketmasdan kitobiga kiritgan. Faqat shu shart bilanki, ular bid’atga da’vat qilmaydigan, yolg’on-yashiq rivoyatlarni tarqatmaydigan, har qanday holatda ham, soxta (yolg’on) aralashishini hatto xayoliga ham keltirmaydigan kishilar bo’lishi talab qilingan. Shu boisdan ham, imom al-Buxoriyning roviylariga nazar solsak, ulardan ba’zilari shia tamg’asi bilan ko’rsatilgan bo’lib, alloma ularning rivoyatini ham «Sahih» kitobiga kiritgan.

Hadislardagi noqisliklarga alohida e’tibor bergani kabi, imom al-Buxoriy roviylarning ibratli, go’zal fazilatlarini urg’ulab ko’rsatishga ham katta ahamiyat bergan. Agar keltirgan rivoyatlari to’g’ri bo’lsa, roviy­larning haqiqiy tavsiflariyu adolatli ishlarini batafsil zikr qilgan.

Manbalarda keltirilishicha, imom al-Buxoriy o’z ilmiy-ijodiy faoliyati davrida yigirmadan ortiq asarlar yaratgan. Ular quyidagilardan iborat: «Al-Jomi’ as-sahih», «Al-Adab al-mufrad», «Kitob al-kuna», «Kitob al-favoid», «Juz’ raf’ al-yaddayn», «At-Tarix al-kabir», «At-Tarix al-avsat», «At-Tarix as-sag’ir», «Al-Jomi’ al-kabir», «Xalq af’ol al-ibod», «Kitob az-zuafo as-sag’ir», «Al-Musnad al-kabir», «At-Tafsir al-kabir», «Kitob al-hiba», «Asomiy as-sahoba», «Ki­tob ul-vuhdon», «Kitob al-mabsut», «Kitob al-ilal», «Birr al-volidayn», «Kitob al-ashribati», «Qazoyo as-sahoba va-t-tobin», «Kitob ar-Riqoq», «Al-Jomi’ as-sag’ir fi-l-hadis», «Al-Qiroatu xalf al-imom».

Imom al-Buxoriy haqida yozgan muarrixlar va solnomachilar uning husni-xulqlari va mahosinlarini zikr qilganlarida, albatta, uning quvvai hofizasi va xotirasining kuchliligini alohida ta’kidlab ko’rsatadilar.

Chunonchi, manbalarda imom al-Buxoriy xotirasining kuchi xususida ko’pdan-ko’p qiziqarli rivoyatlar keltiriladi. Ta’kidlaganimizdek, uning ustozlari Muhammad al-Buxoriyning yoshligidan Alloh taolo ato qilgan noyob iqtidori va quvvai hofizasini sezib, unga yakdillik bilan tan berganlar. Yoshligidayoq uning haqida «g’oyatda fozil inson bo’ladi», «dovrug’i el orasida doston zot bo’lib chiqadi», deb aytgan bashoratlari tarix kitoblarida bitilgan.

Buyuk muhaddis Abu Iso at-Termiziy: «Imom al-Buxoriy el orasida tanila boshlagach, Abdulloh ibn Munir: “E, Abu Abdulloh! Alloh seni bu ummatning ziynati qilib yaratgan!» — degan fikrini keltiradi. At-Termiziy yana: «Alloh taolo uning barcha xohishini mustajob qilib yaratgan edi», — deb ta’kidlaydi. Tarixchi Shamsuddin az-Zahabiy quyidagicha hikoya qiladi: «Xo­lid ibn Ismoil shunday degan edi: Basra mashoyixlari xususida imom al-Buxoriy bilan bizning fikrimizda ko’pincha ixtilof bo’lardi. Shu paytda u o’spirin bola bo’lib, hadislarni sira yozmasdi. Shu zaylda o’n olti kun o’tgach, u bizga: juda ko’p hadis eshitib yozib oldinglar, qani menga ko’rsatinglarchi, qancha hadis yozib olibsizlar, dedi. Hisoblab ko’rsak, o’n besh mingdan ziyod hadis yozgan ekanmiz. Al-Buxoriy ularning hammasini yoddan aytib berdi, hatto yozgan hadislarimizning ko’plaridagi xatolarni uning yoddan aytganlariga qarab tuzatib ham oldik». Olim Muhammad ibn al-Azhar as-Sijistoniy «Biz alloma Sulaymon ibn Xarabdan hadis ilmidan saboq olardik. Al-Buxoriy ham biz bilan birga hadis eshitardi-yu, lekin sira yozmasdi. Nega u yozmayotir? — deb so’raganlar: «O’z yurti Buxoroga qaytgach, yodidan yozadi», — deb javob olgandilar». Ushbu Sulaymon ibn Xarab o’z zamonining mashhur allomasi va hadis hofizlaridan hisoblanib, Makkai mukarramada qozi ham bo’lgan. Uning xotirasi g’oyatda kuchli bo’lib, hech bir kitob-daftarga boqmay, o’n minglab hadisni yoddan rivoyat qilgan. Abu Xotam shunday hikoya qiladi: «Men Bag’dodda Sulaymon ibn Xarabning darslaridan saboq olganman. Uning sabog’ini olganlarning soni qirq mingdan ham oshib ketgan bo’lib, u hijriy 224 yilda vafot etgan. Imom al-Buxoriy ham uning shogirdlaridan hisoblanardi. Fazlu kamolining shunchalik buyuk bo’lishiga qaramasdan, u al-Buxoriydan «Sen bizga Shu’abaning xatosini tushuntirib ber», — deb iltimos qilardi. Hifzu zakovat, idroku tafakkurdan rabboniy (ilohiy) bir noyob qobiliyat va iste’dod Imom al-Buxoriyga ato etilgandiki, hatto unga ustozlari tomonidan ham yuksak izzat-ikrom va hurmat ko’rsatilib, ko’p muhaddislar uning huzurida dars o’tishdan ham hijolat bo’lib, hayiqib turganlar». Shu xususda Fath ibn Nuh an-Naysoburiyning: «Ali ibn al-Madiyniyning darsida bo’lganimda Muhammad al-Buxoriyning uning o’ng tomonida o’tirganini ko’rdim. Ustoz har bir hadisni zikr qilganida hurmat bajo keltirib, al-Buxoriy tomoniga ohista burilib qo’yar edi», — deb yozishi ustozlarining imom al-Buxoriyga hurmat-e’tibori alohida bo’lganidan yaqqol dalolatdir.

Ko’pgina manbalar va tarix kitoblarida imom al-Buxoriyning aql-zakovati va quvvai hofizasini sinash maqsadida qilingan imtihon (sinov) xususida aniq ma’lumotlar zikr qilingan. Jumladan, shunday jiddiy bir imtihon Bag’dodda Dor al-xilofat (Xalifalik uyi)da Bag’dod ulamolari tomonidan uyushtirilgan. Bag’dodlik olim Abu Bakr al-Kaluzoniy (vaf. 249 h.): «Muhammad ibn Ismoil al-Buxoriyga o’xshash hech bir olimni ko’rmadim. Biror ilmga oid har qanday kitobni olib sinchiklab mutolaa qilardi-da, unda keltirilgan barcha hadislarni bir martaning o’zidayoq yodlab olardi», — deb yozgan.

Qachonki imom al-Buxoriy hadis ilmi bo’yicha mukammallikka ega bo’lib, ilmiy majlislar, saboqlar bera boshlagach va uning bu tarzdagi majlislari dovrug’i har tarafga tarqab, el orasida yoyilgach, ilm toliblariyu ahli donish bu saboqlarga shunchalik ko’p yopirilib kela boshladiki, majlislarga odamlar sig’may ketardi. Bu tartibdagi ilmiy majlislar Basra, Bag’dod, Hijoz, Balx kabi shaharlarda uyushtirilib, alloma umrining oxirlarida o’z vatani Buxoroda ham hadislardan dars bergandi.

Imom al-Buxoriy shogirdlari haqida gapiradigan bo’lsak, ular sonsiz-sanoqsiz ko’p bo’lgan. Bu xususda olim Al-Firabriy: «Bevosita imom al-Buxoriyning o’zidan to’qson ming odam hadis eshitgan», — deb yozadi. Muar-rixlaru muhaddislarning yozishlaricha, hatto al-Buxoriy­dan saboq olib, undan istifoda qilganlar orasida uning mashhur ustozlari ham bo’lgan. Ular doimo al-Buxoriy­ning ilmiy majlislarida hozir bo’lardilar. Ulardan Abdulloh ibn Muhammad al-Masnadiy, Abdulloh ibn Munir, Ishoq ibn Ahmad as-Sarmoriy, Muhammad ibn Xalaf, Ibn Qutayba va boshqalarni ko’rsatish mumkin. Bularning hammalari ham o’z davrining fazilatli, ilmi komil olimlari hisoblanardi. Shunday ulug’ martabaga ega bo’lishlariga qaramay, ular al-Buxoriydan zarur saboqlarni olganlar. Yoshi imom al-Buxoriyga tengqur bo’lib, unga tayangan va do’sti fazlu kamolining yuksakligini tan olib, uning ilmiy majlislarida qatnashgan buyuk olimlardan imom Abu Zur’a ar-Roziy, Abu Hotam ar-Roziy, Ibrohim al-Harbiy, Abdulloh ibn Mutiyn, Ishoq ibn Ahmad ibn Ziyrak al-Forsiy, Abu Bakr Muhammad ibn Ishoq ibn Xaziyma al-Qosim ibn Zakariyo, Muhammad ibn Abdulloh al-Xadramiy, Muhammad ibn Qutayba, Abu Bakr al-A’yin kabilarni ko’rsatish mumkin. Mazkur olimlar rijol (roviylar), tarix, hadis, jarh (illatli hadislar), ta’diyl ilmlari bo’yicha o’z davrining buyuk allomalari edi.

Imom al-Buxoriyning shogirdlari orasida shon-shuhratda yuksaklikka yetishib, buyuk sharafga muyassar bo’lgan, islomiy ilmlar – ilm al-hadis va fiqhning asosiy jihatlarini mukammal bilganlardan «As-Sahih» kitobining muallifi imom Muslim ibn al-Hajjoj, «Sunan» kitobining sohibi imom Abdurrahmon an-Nasoiy, «Al-Jomi’» asarining sohibi imom Abu Iso at-Termiziy, islomiy ilmlar bo’yicha qator tasnifotlarning muallifi imom Muhammad ibn Nasr al-Marvaziy, imom ad-Dorimiy, mashhur faqiyh, «As-Sahih» nomli asarning sohibi imom Ibn Xuzayma va boshqalar ham bor edi. Imom al-Buxoriyning shogirdlari bo’lgan ushbu allomalar o’z davrining yirik muhaddislari va fiqh olimlari bo’lib yetishdilar.

IMOM BUXORIYNING “AL-ADAB AL-MUFRAD”
ASARI HAQIDA
01

Adab al mufrad.jpgHozirgi davrda jahonda globallashuv jarayonlari kundalik hayotimizga tez sur’atlar bilan hamma sohalarda kirib kelishi ijtimoiy, siyosiy va iktisodiy taraqqiyotimizda davlatlar, mintaqalararo bog‘lanishimizda ijobiy ta’sir ko‘rsatayotgan bo‘lsada, lekin ikkinchi tomondan bu jarayon xozirgi sharoitda mafkuraviy ta’sir ko‘rsatishning o‘tkir kuroliga aylanib bormoqda.

Bu esa G‘arbdagi har-hil siyosiy kuchlarning manfaatlariga xizmat qilib “ommaviy madaniyat” degan niqob ostida ahloqiy behayolik, o‘zini boshqalardan yuqori qo‘yish, o‘ta ketgan xudbinlik g‘oyalarini tarqatishni maqsad qilib qo‘yib boshqa xalqlarning shu jumladan, o‘zbek xalqining ham ko‘p ming yillik ma’naviy, madaniy va diniy qadriyatlariga bepisandlik qilib, ulardan voz kechishga undamoqda. Aslida “ommaviy madaniyat” soyasida kirib kelayotgan axloqsizlik, behayolik, zo‘ravonlik va buzuqlik kabi illatlar dunyodagi hech bir xalqning milliy madaniyatiga ham, umumbashariy qadriyatlarga ham to‘g‘ri kelmaydi. Xususan, bizning zaminimizda tug‘ilib o‘sgan, jahon madaniyati va sivilizatsiyasiga ulkan hissa qo‘shgan Imom Buxoriy, Imom Termiziy, Imom Dorimiy, Burhoniddin Marg‘inoniy, Ahmad Farg‘oniy va boshqa ko‘plab buyuk ajdodlarimiz qoldirgan meros bugun ham dolzarbligini yo‘qotgani yo‘q. Xalqimizning go‘zal ma’naviy qadriyatlarga yo‘g‘rilgan or-nomus, uyat va andisha, sharmu hayo kabi tushunchalari hayotimizga singib ketgan. Ayniqsa, ota-onaga hurmat, ayolga ehtirom, mardlik va jasurlik singari tuyg‘ularimiz butun dunyo xalqlarini rom etib keladi.

Buyuk muhaddis Abu Abdulloh Muhammad ibn Ismoil al-Buxoriyning “Al-adab al-mufrad”(“Odob-axloq haqida yagona kitob”) asari hayotimizda juda zarur bo‘ladigan odob-axloqqa doir hadislar to‘plamidir. “Al-Adab al-mufrad” kitobining nomidan bilinib turibdiki bu kitobning o‘zi odob-axloq, ta’lim-tarbiya haqidadir.

Asarda axloq masalasiga alohida e’tibor berilgan. Asarda keltirilgan hadislarda insonning kamolga yetishi uchun talab etiladigan insoniy fazilatlar aks ettirilgan bo‘lib, bular mehr-oqibat ko‘rsatish, sahiylik, ochiq ko‘ngillilik, ota-ona va kattalarga, qarindoshlarga g‘amxo‘rlik, hurmat, faqir-bechoralarga muruvvat, vatanga muhabbat, mehnat va kasb-hunarni ulug‘lash, halollik, poklik, o‘zaro do‘st, tinch-totuv bo‘lish va boshqalardan iboratdir.

Bundan tashqari, insonning o‘zini qanday bo‘lmasin yomon illatlardan tiyish, har qanday yaxshilik sari intilish kerakligi borasidagi pand-nasihatlar ham o‘z ifodasini topganki, bularning barchasi Qur’oni karim ko‘rsatmalaridan kelib chiqadi va komil insonni shakllantirish mezoni sanaladi.

Hadislarda insonning ma’naviy kamoloti mezoni, uning tafakkur doirasi, dunyoqarashining kengligi, ilmiy bilimlarni qay darajada egallagani, o‘z bilimi bilan atrofdagilarga, jamiyatga foyda keltiruvchi shaxs bo‘lib yetishishida muhim omil – chiroyli xulqli bo‘lish deb ko‘rsatiladi.

Abu Hurayradan rivoyat qilinadi: “Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Albatta, Alloh sizlardan uch narsaga rozi bo‘ladi va uch narsaga g‘azab qiladi: Uning O‘zigagina ibodat qilib, Unga hech narsani shirk keltirmasligingizga va Allohning arqonini mahkam tutishingizga, hamda Alloh ishingizga boshliq qilib qo‘yganlarga nasihatlashishingizga rozi bo‘ladi. Bo‘lar-bo‘lmas gapni naql qilishib yurmog‘ingizga, ko‘p savol beraverishingizga va molni noo‘rin yerlarga sarf qilib zoye qilmog‘ingizga g‘azablanadi“, dedilar”[1]. Bu hadisdagi Allohning g‘azabi bo‘lar-bo‘lmas gaplarni, noma’qul so‘zlarni so‘zlash, molu dunyosini bekorga badaniga rasm chizdiribmi, fahsh ishlar bilan shug‘ullanibmi yoki aqlini ketkazadigan moddalarga sarflab zoye ketkazishga o‘xshagan, insoniyat tabiatiga to‘g‘ri kelmaydigan, o‘zlarining tili bilan aytganda “yuksak madaniyat”ga o‘xshagan narsalarga bo‘lishi ham ifodalangan.

Ibn Abbosdan rivoyat qilinadi: “Nabiy sollallohu alayhi vasallam Makkadagi uylarining oldida o‘tirgan edilar. Usmon ibn Maz’un o‘tib qoldi. Nabiy sollallohu alayhi vasallamga tishini ko‘rsatib tabassum qildi. Shunda unga: “O‘tirmaysanmi?” – dedilar. Usmon ibn Maz’un: “Xo‘p”, — deb o‘tirdi. Nabiy sollallohu alayhi vasallam uning ro‘parasiga o‘tirdilar. Unga gapirayotib ko‘zlarini osmonga tikdilar va: “Hozirgina sen o‘tirgan vaqtda Allohning elchisi (Jabroil) mening yonimga keldi”, dedilar. Usmon: “U nima dedi sizga?” — deb so‘radi. Rasululloh: “Albatta, Alloh adolatga, ehsonga, qarindoshlarga yaxshilik qilishga amr etdi va fahshu munkar hamda tajovuz (adolatni buzish)dan qaytarur. U sizlarga va’z qilur. Shoyadki eslasangiz”, deb o‘sha oyatni o‘qidilar. Usmon: “Bu qalbimda imon o‘rnashib, Muhammad sollallohu alayhi vasallamni yaxshi ko‘rib qolganimda ro‘y bergan edi”, dedi”[2]. Ushbu hadisda ko‘rinib turibdiki, fahsh va shunga o‘xshash ishlar, shuningdek, adolatni buzadigan ishlardan qaytargan. O‘sha madaniyat ahlidanmiz deydiganlar adolat mezonini buzayotganlarini bilishmaydi.

Ibn Abbosdan rivoyat qilinadi: “Nabiy sollallohu alayhi vasallam: “Kim surat chizsa, unga jon puflash taklif qilinadi va azoblanadi. Unga puflay olmaydi. Kim o‘zi ko‘rmagan tushni yolg‘ondan to‘qib aytsa, unga ikkita sochni ulash taklif qilinadi va azoblanadi. Ikkisining orasini ulay olmaydi. Kim undan qochadigan qavmning gapiga quloq ossa, ikki qulog‘iga qo‘rg‘oshin quyiladi”, — dedilar”[3]. Bu ishlar Islom madaniyatiga ham, xalqimiz qadriyatlariga ham to‘g‘ri kelmaydi. Bunday noma’qul amallar ommaviy madaniyatning ishlaridandir.

Abu Hurayra aytdilar: “Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Ummatimning yomonlari bekorchi, nojo‘ya gaplarni tinmay javraganidir, ummatimning yaxshila-ri esa eng go‘zal xulqlilaridir”, dedilar”[4]. Bekorchi, behuda gap sotib insoniyatning eng yomoni bo‘lib qolishdan saqlanishimiz lozim. O‘z axloqimiz bilan insoniyatning eng yaxshisi bo‘lishimizga harakat qilishimiz kerak.

Ibn Umardan rivoyat qilinadi: “Albatta, hayo bilan imon bir-biriga qo‘shilgan. Biri ko‘tarilsa, ikkinchisi ham ko‘tariladi”, dedilar[5]. Hayosi ketgan odamning imoni, imoni ketgan odamning hayosi ko‘tariladi. Imonli kishi hayoli bo‘lishi mumkin. Ommaviy madaniyat ko‘chasiga kirganlarning hayosi qoladimikan, balki shu hayosizligi imonini ham ketkazib qo‘yadi. O‘zini musulmon degan kishi hech qachon axloqsizlik qilishga yo‘l qo‘ymaslikka harakat qilishi lozim.

Umuman, insoniyat – odamzoti borki, bu dunyoga behudayu bekorga kelgan emas. Alloh taolo ham bu ma’noni ta’kidlab “Inson o‘zining (bu dunyo hayotiga) tashlab qo‘yilgan deb o‘ylaydimi?”[6]. Yo‘q unday emas, albatta inson bu dunyoga sinov imtihon uchun keladi. Bu sinov va imtihonlar ibodat, yaxshi amallar eng go‘zal odob va ahloqlar orqali nomoyon bo‘ladi.

Odob-axloqning avvali ilm bo‘lib, u orqali inson zoti o‘zini Robbisini, payg‘ambarimi va payg‘ambarining hulq atvorlarini, odobini o‘rganib o‘zining hayotida tatbiq, etgan inson qiyomat kuniga Robbisining rizosiga Rasullulloh sallollohu alayhisvasallamning shafoatlariga muayassar bo‘ladi va shu bilan birga bu dunyoda Alloh taolo u insonni azizu mukarram qilib quyadi.

Zero har bir musulmon inson borki, o‘ziga chiroyli odobni, axloqni lozim tutsa, ikki dunyo baxtu-saodatiga musharraf bo‘ladi. Mana shunday asarlarni mutoala qilib, inson o‘zi qanday hayot kechirishi lozimligini anglab yetaylik.

[1] Abu Abdulloh Muhammad ibn Ismoil. Al-adabu-l-mufrad. Bayrut. Doru-l-bashoiri-l-islomiya, 1989. 442-hadis. B.158.
[2] Abu Abdulloh Muhammad ibn Ismoil. Al-adabu-l-mufrad. Bayrut. Doru-l-bashoiri-l-islomiya, 1989. 893-hadis. B.307.
[3] O‘sha asar. 1159-hadis. B.397.
[4] Abu Abdulloh Muhammad ibn Ismoil. Al-adabu-l-mufrad. Bayrut. Doru-l-bashoiri-l-islomiya, 1989. 1308-hadis. B.443.
[5] O‘sha asar. 1313-hadis. B.445.
[6]Qur’oni karim ma’nolarining tarjima va tafsiri. Tarjima va tafsir muallifi Mansurov A. –T.: TIU. 2001. Qiyomat surasi: 36-oyat mazmuni.

Manbashunoslik bo‘limi mutaxassisi Q. Mahmudov

«AL-ADAB AL-MUFRAD»DAN
Imom Ismoil al-Buxoriy
01

  • 1- bob. Ota-onaga e’tibor haqida

Janobi rabbil olaminning: «Biz Hamma insonni ota-onasiga yaxshilik qilishni buyurdik» (29:8 ) degan oyati karimasi haqida.

  • 1.Abdulloh ibn Mas’ud (r.a.) aytdilar: «Men Rasululloh (s.a.v.)dan qiladigan amallarimizdan Alloh taologa eng sevimlisi qaysi, deb so‘radim. Rasululloh (s.a.v.): »Farz namozlarni o‘z vaqtida o‘tish«, — dedilar. Men: »Undan keyin qaysi?« — desam, Rasululloh: »Undan keyin Alloh taolo yo‘lida jihod qilish«, dedilar. Abdulloh ibn Mas’ud: »Rasulullohdan men shularnigina so‘radim. Agar savolimni davom ettiraversam, Rasululloh (s.a.v.) hammasiga javob beraverardilar».
  • 2.Abdulloh ibn Umar (r.a.)dan rivoyat qilindi. U kishi: «Alloh taoloning rozi bo‘lishi otaning rozi bo‘lishiga va uning g‘azabi ham otaning g‘azabiga bog‘liqdir», dedilar .

2- bob. Onani rozi qilish haqida

  • 3.Bahz ibn Hakim (r.a.) otasi va bobosidan rivoyat qildi, bobosi aytdi: «Rasulullohdan: »Ey, Rasululloh, men yaxshiligimni kimga qilsam bo‘ladi?« — deb so‘radim. »Onangga«, dedilar. Men shu savolimni uch marotaba qaytarsam ham, Rasululloh: »Onangga«, deyaverdilar. To‘rtinchi marotaba so‘raganimda: »Otangga va yaqin bo‘lgan qarindoshlaringga», dedilar.
  • 4.Ato ibn Yasor (r.a) aytdilar: «Abdulloh ibn Abbos (r.a.) oldilariga bir kishi kelib: »Men bir xotinga sovchi yubordim. U meni qabul qilmay, boshqa bir kishiga tegib ketdi. Jaxlim chiqib, u xotinni o‘ldirgan edim. Endi nima qilsam Alloh taolo tavbamni qabul qiladi?« — deb so‘radi. Shunda Abdulloh: »Onang barhayotmi?« — deb so‘radilar. U: »Yo‘q, vafot etganlar«, degan edi, Abdulloh: »Unday bo‘lsa Alloh taologa tavba qil va toqating boricha toat-ibodat qilib, unga yaqin bo‘lishga harakat qil«, dedilar». Ato ibn Yasor aytdilar: «Men Abdulloh ibn Abbosga borib, siz nima uchun u kishidan onang tirikmi, deb so‘radingiz», deganimda, u kishi Alloh taologa onani rozi qilishdek maqbulroq hech bir amal borligini bilmayman. Shuning uchun onang tirikmi, deb so‘ragan edim«, dedilar». Ya’ni onasi tirik bo‘lib, bola haqida duo qilgan bo‘lsa, odam o‘ldirishdek katta gunoh bo‘lsa ham, o‘z fazlu karami bilan avf qilishidan umid qilardim, demoqchi bo‘lsa kerak.
  • 3-bob ham «Ota-onaga yaxshshik va e’tibor», deb atalib, undagi 5 6-hadislarda aynan 1- 2 hadislardagi mazmun takrorlangan.

4- bob. Ota-ona zulm qilsa ham, ularga yaxshilik qilaverish haqida

  • 7.Abdulloh ibn Abbos (r.a.)dan rivoyat qilindi. «Qaysi bir musulmon farzandi savob umidi bilan ertalab ota-onasini ziyorat qilsa, Alloh taolo unga jannatdan ikkita eshik ochadi. Agar ulardan bittasini ziyorat qilsa, unga jannatning bir eshigini ochadi. Bola ota-onasidan qaysi birini xafa qilsa, uni rozi qilmaguncha Alloh taolo undan rozi bo‘lmaydi», dedilar. Shunda bir kishi: “Agarda ota-onalar bolaga zulm qilsa, bola nima qilishi kerak?« — deb so‘radi. Abdulloh: »Agar ular bolaga zulm qilsalar ham bola ularni ranjitmasligi kerak”, dedilar.

5- bob. Ota-onaga muloyim gapirish haqida

  • 8.Taysala ibn Mayyos (r.a.) aytdilar: «Men Najda ibn Omir Xorijiyning ashoblari bilan bo‘lib gunohlar qildim. Shularni o‘zimcha katta gunoh deb hisoblab, Abdulloh ibn Umar (r.a.)ga borib aytdim.Shunda Abdulloh ibn Umar (r.a.): »Bular katta gunoh emas, katta gunohlar to‘qqiztadir, ular: Alloh taologa shirk keltirish, odamni o‘ldirish, urush maydonidan qochish, afifa xotinni fohisha deb tuhmat qilish, ribo, yetimlar molini yemoq, Alloh taoloning borligini inkor qilish, odamlarni masxara qilish, kamsitish, ota- onani xafa qilib yig‘latish — mana shular katta gunohdir«, dedilar. Keyin Abdulloh ibn Umar menga qarab: »Ey, Taysala! Sen do‘zaxdan qo‘rqib jannatga kirishni xohlaysanmi?« — dedilar. Men: »Jannatga kirishni albatta xohlayman«, deganimda, u kishi: »Ota-onang tirikmi?« — deb so‘radilar. Men: »Otam vafot etgan, ammo onam borlar«, dedim. Abdulloh (r.a.): »Katta gunohlardan o‘zingni saqlaganingdan keyin onangga qattiq gapirmasang, uning osh-ovqatini berib tursang, albatta jannatga kirasan«, dedilar».

Yamomalik Najda ibn Omir (yoki Uvaymir) Abu Hanifa mazhabiga e’tiqod qo‘ygan kishi edi. U xavorijlar (ya’ni adashgan oqim) boshlig‘i bo‘lib, ularning e’tiqodicha, kishilar uchun imom (xalifa yoki amir) bo‘lishi shart emas. Odamlarning o‘zlari haqni nohaqdan ajrata bilishlari va o‘z-o‘zlarini, jamiyat yo‘nalishini boshqara bilishlari kerak (Muhammad Abu Zuhra, «Al-Mazohib al-Islomiya», 33 bet).

  • 9.Qur’on-i karimdagi Alloh taoloning rahimlilik yuzasidan ota-onangga kamtarlik qanotingni qoqib tur (17:24), mazmunidagi so‘ziga Hishomning otasi Arat ibn Zubayr (r.a.): «Ota-onang nimani istasa, o‘shani ijro qilishdan chekinish qilma», deb tafsir qilgan edilar.

6- bob. Ota-ona haqini ado qilish haqida

  • 10.Abu Hurayra (r.a.) aytdilar: «Rasululloh (s.a.v.): »Bolaning otasi birovning quli bo‘lgan bo‘lsa, uni xo‘jasidan sotib olib ozod qilmaguncha, uning haqini ado qilgan bo‘lmaydi«, dedilar».
  • 11.Abu Muso Ash’ariy (r.a.)ning o‘g‘li Abu Burda (r.a.)ning aytishlaricha, Abdulloh ibn Umar (r.a.) bir yamanlik odam o‘z onasini opichlab, xonai Ka’bani tavof qildirib yurganini ko‘rdilar. U odam quyidagi baytni ohang bilan o‘qirdi:

Onai zorim uchun bo‘ynimni eggan tevaman,
Tevaga mingan onam horsalar ham men charchamam.

U shuni o‘qib turib Abdullohga qaradi-da, “Ey, Abdulloh ibn Umar, mana shu xizmatim bilan men onamning haqini ado qila olmadimmi”, deb so‘radi. «Yo‘q, bu xizmating seni tug‘ish vaqtida onangni qiynab tutgan to‘lg‘oqlarining bittasiga ham barobar emas», dedi. Keyin Abdulloh ibn Umar (r.a.) xonai Ka’bani tavof qildilar va maqomi Ibrohimga borib, ikki rakat namoz o‘qib olib, menga qarab: «Ey, Abu Muso Ash’ariyning o‘g‘li! Mana shu yerda o‘qiladigan ikki rak’at namoz o‘zidan ilgarigi gunohlarga kafforat bo‘ladi«, dedilar».

  • 12.Abu Murra aytdilar: «Marvon ibn Hakam Madinadan biror joyga safarga ketganida o‘z o‘rniga Abu Hurayra (r.a.)ni qoldirib ketardi. Abu Hurayra (r.a.) Zu-l-Hulayfada turib, o‘zlari bir xonada onalari boshqa xonada yashardi. Abu Hurayra (r.a.) qachon o‘z xonalaridan tashqariga chiqadigan bo‘lsalar, onalarining eshigi oldiga kelib salom berardilar-da: »Meni yoshligimda tarbiyat qilganingiz uchun sizga Alloh taoloning rahmati bo‘lsin«, der edilar. Onalari ham u kishining salomlariga javob qaytarib: »Katta bo‘lganingda menga yaxshilik qilayotganing, roziligimni olayotganing uchun senga ham Alloh taoloning rahmati bo‘lsin«, — der edilar. Abu Hurayra (r.a.) tashqaridan qaytib kelganlarida ham ona-bola o‘rtasida shu muomala takrorlanardi».

Abu Murra — Abu Tolibning qizi Ummu Xonining yoki Aqilning ozod qilgan quli edi .

  • 13.Abdulloh ibn Amr ibn Oss (r.a.) aytdilar: «Bir kishi Rasululloh (s.a.v.) huzurlariga hijrat qilmoq uchun bay’at qilishga keldi. Ammo ota-onasi uning ketishiga rozi bo‘lmay, xafaliqdan yig‘lab qolgan edilar. Shunda Rasululloh (s.a.v.): »Sen hozir ota-onang oldiga bor, hijrat qilaman deb ularni xafa qilganingdek, endi hijrat qilmaydigan bo‘ldim, deb ularni xursand qil«, — dedilar».

Abu Murradan rivoyat qilingan 14 hadis 13 hadisshng mazmunan takrori, ammo unda Abu Hurayra (r.a.)ning asl ismi sharifi Muso ibn Ya’qubdan eshitgani bo‘yicha Abdulloh ibn Amr ekanigi eslatiladi.

7- bob. Ota-onaga oq bo‘lish haqida

  • 15.Abu Bakra (r.a.) aytdilar: «Rasululloh (s.a.v.): »Men sizlarga gunohlarning eng kattasini aytib beraymi?« — deb uch martaba so‘radilar. Sahobiylar: »Ey, Rasululloh, aytib bering«, deyishdi. »Alloh taologa shirk keltirish va ota-onaga oq bo‘lish«, dedilar. Rasululloh (s.a.v.) shu vaqtda yonboshlab o‘tirgan edilar, keyin yaxshilab o‘tirib oldilarda: »Ogoh bo‘linglar! Shu katta gunohlardan biri yolg‘on gapirmoq, tuhmat qilmoqdir«, dedilar. Shu oxirgi so‘zlarini shu qadar ko‘p takrorladilarki, men ichimda Rasululloh (s.a.v.) charchadilar, endi gaplarini to‘xtatsalar ham bo‘lardi, dedim».

Ota-onaga oq bo‘lish — ota-onaga ozor berish, xafa qilish va buyruqlarini bajarmaslikdan iboratdir. Ularning farzandga seni oq qildim, deyishlari shart emas, dillari og‘rishining o‘ziyoq farzandning oq bo‘lganidir .

  • 16.Mug‘ira ibn Shu’ba (r.a.)ning kotiblari Varrod aytdi: «Hz. Muoviya (r.a.) Mug‘iraga: »Rasululloh (s.a.v.) dan eshitgan hadislaringdan menga yozib yubor«, deb xat yozdilar. Shu xatga javoban Mug‘ira: »Men Rasululloh (s.a.v.)dan eshitdim: ko‘p savol so‘rashdan, molni zoye qilishdan va asossiz gaplarni og‘izdan og‘izga naql qilib yurishdan qaytarar edilar” degan hadisni Mug‘ira aytib turdilar va men yozib berdim»

Ko‘p savol so‘rashdan murod biror ehtiyoj bo‘lmay turib tilanchilik qilish yoki hayotda uchramaydigan voqea va masalalarni so‘rash yoxud kishi o‘ziga tegishli bo‘lmagan behuda xabarlarni surishtirib yurish kabilardir. Ammo molni zoye qilish esa, uni noo‘rin, dunyo va oxirat uchun ham foydasi tegmaydigan joylarga sarflashdan iboratdir, binobarin, isrofgarchilik Alloh taolo oldida gunoh hisoblanadi ).

8- bob. Ota-onasiga la’nat o‘qiganga Allohning la’nati bo‘lsin

  • 17.Abu Tufayl Omir ibn Vosila (r.a.) aytdilar: Hazrat Ali (k.v.)dan so‘ralganda, Hazrat Ali (k.v.): «Payg‘ambarimiz (s.a.v.)ning o‘zimizga xos aytgan gaplari faqat mana shu qilichimning qinidagilardir», dedilarda, undan bir sahifa qog‘oz chiqardilar. Bu sahifada: «Alloh taolodan bo‘lak narsalar nomiga atab biror jonliqni so‘ygan kishiga, ota-onasiga la’nat o‘qigan kishiga va shariatda bo‘lmagan narsalarni din nomidan paydo qilganlarga yo‘l bergan kishiga ham Alloh taoloning la’nati bo‘lsin», degan hadisi sharif yozilgan ekan.

Bu hadisda aytilgan tafsilot 27 hadisda keladi. Ota-onaga la’nat o‘qish ularni so‘kishdan va Allohning la’nati esa, o‘z rahmatidan mahrum qilishi demakdir .

9- bob. Gunoh bo‘lmagan hollarda ota-ona amriga itoat qilish haqida

  • 18.Abu Dardo (r.a.) aytdilar: «Rasululloh (s.a.v.) menga quyidagi to‘qqizta amalni buyurdilar va dedilarki: »Garchi majaqlanib ketsang ham yoki o‘tda yondirilsang ham Alloh taologa shirk keltirma, farz namozni qasddan tark qilma, uni qasddan tark qiluvchi kishilardan Alloh taoloning zimmasi ajraydi. Mast qiladigan harom ichimliklarni aslo ichma, chunki ular hamma yomonliklarning kalitidir. Ota-onangga itoat qil, agar ular dunyodan voz kech desalar ham hurmatlari uchun buyruqlarini ijro qil! Garchand ishboshi bo‘lgan odamdan ko‘ra o‘zingni shu amalga munosibroq deb bilsang ham ular bilan amal talashma (itoat qil). Yoningdan askarlar qochsa ham va o‘zing halokatga uchraydigan bo‘lsang ham urush maydonidan qochma! Qo‘lingda bor mol-mulkingdan qaramog‘ingdagi ahlu -ayollaringga sarf qil! Xotin va bolalaringga kaltak ko‘tarma, to‘g‘ri yo‘ldan yurmasa, bola-chaqalaringni Alloh taoloning qahri-g‘azabiga duchor bo‘lishlari bilan qo‘rqit».

Alloh taolo zimmasining ajrashi uni o‘z panohida saqlamasligiga ishora Qur’onda aytilishicha, urish yo‘li bilan bo‘lsa hamki, ularga odob-axloq o‘rgat, bo‘ysunmaslaridan qo‘rqsang nasihat qil, nasihatni qabul qilmasalar, ularni o‘zingdan chetlat va shunda ham bo‘lmasa, urish bilan ularni qo‘rqit, tahdid qil.

19 hadis 13 hadisning aynan takrori, faqat unda jihod qilmoqchi bo‘lgan kishiga Rasululloh «Ota-onangni rozi qil», deb aytganlar.

  • 20.Abdulloh ibn Amr ibn Oss (r.a.) aytdilar: «Rasululloh (s.a.v.) huzurlariga jihodga borishni talab qilib bir kishi keldi. Shunda Rasululloh (s.a.v.): »Ota-onang tirikmi?« — deb so‘radilar. U kishi: »Ha, ota-onam borlar«, dedi. Shunda Rasululloh (s.a.v.): »Ota-onang uchun jihod qil!« — dedilar». Ya’ni mushriklar bilan qonli urushga chiqish shart emas, eng maqbuli keksa ota-onaga xizmat qilish, ularni rozi qilib, duolarini olish, tirikchiliklaridan xabardor bo‘lib turishing o‘zi sen uchun jihoddir.

Jihodni faqat qonli urush ma’nosida tushinish Qur’on-i karim va hadis-i sharif ma’nolarini noto‘g‘ri anglashga olib keladi, binobarin, jihod faqat qonli urush emas, nafs sharoratini yengish, axloqiy buzilishlarga qarshi kurasha bilish ham jihodga kiradi .

10- bob. Ota-ona duosini olmay jannatga kirib bo‘lmas

  • 21.Abu Hurayra (r.a.) aytdilar: «Rasululloh (s.a.v.): »Xor bo‘lsin, xor bo‘lsin, xor bo‘lsin!« — deb o‘n martaba takror qildilar. Shunda sahobiylar: »Yo Rasululloh, kimni aytayapsiz?« — deb so‘rashdi. Rasululloh (s.a.v.): »Ota-onasining ikkalasi yoxud bittalari keksayib qolgan vaqtida (ularni rozi qilmay) o‘zini do‘zaxga tushishga mubtalo qilgan kishini», dedilar.

11- bob. Ota-onasini rozi qilgan kishining umri uzoq bo‘lishi haqida

  • 22.Saxd ibn Muoz (r.a.) aytdilar: «Rasululloh (s.a.v.): »Kim ota-onasini rozi qilsa, unga tubo nasib bo‘lib, Alloh taolo uning umrini ham ziyoda qiladi«, dedilar»

Bandaning umri azaldan taqdir qilingan. Bu o‘rinda umrning uzoq bo‘lishi degan gap farovonlikka, rizqning mo‘lligiga, dunyoviy ishlarning barakali bo‘lishiga ishoradir.

Tubo — jannatdagi bir daraxt nomi .

12- bob. Mushrik ota uchun Allohdan afv so‘ramaslik haqida

  • 20.Abdulloh ibn Abbos(r.a.) aytdilar: «Alloh taoloning: »Rabbingiz, Uning O‘zigagina ibodat qilishingizni hamda ota-onaga yaxshilik qilishni amr etdi. (Ey, inson!) Agar ularning biri yoki har ikkisi huzuringda keksalik yoshiga yetsalar, ularga «uf»!..« dema va ularni jerkima. Ularga (doimo) yoqimli so‘z ayt! Ularga mehribonlik bilan xorlik qanotini past tut va (duoda) ayt: »Ey, Rabbim! Meni (ular) go‘daklik chog‘imda tarbiyalaganlaridek, Sen ham ularga rahm qilgin«(17:23, 24), degan oyatlarning hukmi »Tavba« surasidagi: »Na payg‘ambar va na mo‘minlar mushriklar uchun, garchi ular qarindoshlari bo‘lsa ham — ularning do‘zax ahli ekanlari ma’lum bo‘lgandan keyin – istig‘for (gunohlarini kechirishni) so‘rashlari joiz emas«, degan oyat bilan nasx qilingan (9:113)», dedilar».

Uff — jerkish, sendan bezor bo‘ldim, degan ma’noda.

13- bob. Ota-ona mushrik bo‘lsa ham yaxshilik qilish haqida

  • 21.Sa’d ibn Abi Vaqqos (r.a.)dan rivoyat qilindi, u kishi: «Alloh taolo Qur’oni karimdagi to‘rt oyatni mening haqimda tushirdi. Onam: “Sen Muhammaddan ajralmaguningcha men hech narsa yemayman ham, ichmayman ham”, deb qasam ichgan edi. Shunda Alloh taolo: »Agar ular (ya’ni ota-onang seni o‘zing bilmagan narsalarni Menga sherik qilishga zo‘rlasalar, u holda ularga itoat etma!..« Ammo ularga yaxshilik qilaverish buyurilgan. (31:15). Ikkinchi oyat: g‘azotda olingan o‘lja mollar ichida bir qilich menga yaxshi ko‘rindi. Payg‘ambarimiz (s.a.v.)dan shu qilichni menga bering, deb so‘raganimda, Alloh taolo: »Sizdan (ey, Muhammad!) o‘ljalar haqida so‘raydilar…«, degan »Anfol« surasining 1 oyatini tushirdi. Uchinchi: men betob bo‘lib qolgan vaqtimda Rasululloh (s.a.v.) ahvolimni so‘ragani keldilar. Shunda men: »Yo, Rasulalloh, men mollarimni taqsim qilib qo‘ymoqchiman. Shundan yarmini Alloh taolo yo‘liga vasiyat qilsam bo‘ladimi?« — deb so‘radim. Rasululloh (s.a.v.): »Yo‘q, bo‘lmaydi«, dedilar. »Bo‘lmasa ularning uchdan birini vasiyat qilsam», deganimda Rasulullo? (s.a.v.) sukut etdilar. Mana shundan keyin mollarimning uchdan birini vasiyat qilish joiz bo‘ldi . To‘rtinchi: ansorlardan bir nechtasi bilan o‘tirib ichkilik ichdik. Shunda ulardan bittasi tevaning iyagi bilan mening burnimga urdi. Keyin Rasululloh (s.a.v.) huzurlariga borganimda, Alloh taolo ichkilikni harom qilib oyat tushirdi (2:219) , dedilar.

1 Vasiyat haqida oyat yoki bu haqdagi hukm Rasululloh hadislari bilan sobit bo‘lgan . 2 Bir qator mufassirlar ichkilikning ma’n etilishi uch bosqichdan iborat ekanligini ko‘rsatib o‘tganlar. Umar ibn Xattob .

  • 22.Abu Bakr Siddiq (r.a.)ning qizlari Asmo‘ (r.a.) aytdilar: «Onam biror narsa umidida huzurimga keldi. Shunda Rasululloh (s.a.v.)dan: »Onam kelib qoldi. Unga silai rahm qilib biror narsa bersam bo‘ladimi?« — deb so‘radim. »Ha, silai rahm qilsang bo‘ladi«, dedilar». Ibn O‘yayna (r.a.) aytdilar:«Alloh taolo: »Din to‘g‘risida sizlar bilan urushmagan va sizlarni o‘z yurtingizdan (haydab) chiqarmagan kimsalarga nisbatan yaxshilik qilishingiz va ularga adolatli bo‘lishingizdan Alloh sizlarni qaytarmas« (60:8), degan oyatni tushirdi».

Asmo‘ning onasi Qayla bint Abdu-l-Izzi Islomni qabul qilmagan edi .

  • 23.Abdulloh ibn Umar (r.a.)aytdilar: «Otam Hz. Umar ibn Xattob (r.a.) ipakdan ikki qavat tikilgan bir kiyimni sotib olishni janob Rasulullohga tavsiya qilib: »Yo Rasulalloh, buni jum’a kunlari va atrofdan elchilar kelganda kiyib chiqasiz«, dedilar. Rasululloh (s.a.v.) otamning takliflarini qabul qilmay: »Bunday kiyimni oxiratdan nasibasi yo‘q kishilar kiyadi«, dedilar. Shundan keyin Rasululloh (s.a.v.)ning o‘zlariga shunday kiyimlardan qanchasi hadya sifatida kelib qoldida, undan bittasini otamga yubordilar. Otam: »Yo Rasulalloh, buni men nima uchun kiyaman, axir o‘zingiz bunday kiyimni oxiratdan nasibasi yo‘q kishilar kiyadi«, degan edingiz-ku, deganlarida, Rasululloh: »Men sizga kiyasiz deb emas, balki sotib, aqchasini biror hojatingizga yaratarsiz yoki biror kishiga kiydirarsiz, deb yubordim«, dedilar. Hz. Umar (r.a.) o‘sha kiyimni hamon musulmon bo‘lmagan bir birodarlariga yubordilar».

Boshqa sahobiylar may aql va boylikni ketkazuvchi ofat ekanidan Payg‘ambar (a.s.)ga shikoyat qilganlaridan keyin «Baqara» surasining mazkur oyati (219 oyati) vahiy qilingan. Ikkinchi bosqich — Abdurrahmon ibn Avf mast holda imomlik qilganlarida, oyatni qo‘pol ravishda buzib qiroat qilgan. Shundan keyin «Niso» surasining 43 oyatida mast holatda namozga yaqinlashmaslik buyurilgan. Uchinchi va oxirgi bosqich — Atbon ibn Molik degan sahobiyning uyida ziyofat paytida mast bo‘lib qolgan mehmonlar o‘zaro janjallashib qolganlar. Shundan keyin Umar ibn Xattob (r.a.) Allohga iltijo bilan:«Ey, xudoyim, may to‘g‘risida keskin bir hukm nozil et!» — deb duo qilganlarida «Moida» surasining 90 oyati bilan may ichish qa’tiy ma’n etilgan« (shayx Abdulaziz Mansur, »Qur’oni karim ma’nolarining tarjimasi va tafsiri». Toshkent Islom universiteti matbaa- nashriyot birlashmasi, 2004, 34 bet).

14- bob. Ota-onani so‘kmaslik haqida

  • 24.Abdulloh ibn Amr Oss (r.a.) aytdilar: «Rasululloh: »Kishi o‘z ota-onasini so‘kishi katta gunohdir«, dedilar. Sahobiylar: »Yo Rasulalloh, kishi o‘z ota-onasini ham so‘kadimi?« — deb so‘rashganda, Rasululloh: »U kishi bir odamni so‘kadi, u odam ham avval so‘kkan kishining otasini ham, onasini ham so‘kadi«, dedilar». Demak, kishi birovni so‘ksa, keyin o‘sha odam uning ota-onasini ham so‘kadi, shu bilan u bilvosita o‘z ota-onasini so‘kkan bo‘ladi.
  • 25.Abdulloh ibn Amr (r.a.): «Kimki otasining so‘kilishiga sabab bo‘lsa, Alloh taolo oldida katta gunohga qoladi». dedilar.

15- bob. Ota-onaga oq bo‘lishning uqubati haqida

  • 26.Abu Bakr (r.a.) Rasululloh (s.a.v.)dan rivoyat qildilar: «Rasululloh(s.a.v.): »Azob-uqubat qiyomat kuniga asrab qo‘yilgandan tashqari, shu dunyoning o‘zida ham insonning o‘ziga jabr yetkazadigan gunoh — kishilarga zulm qilish va qavm-qarindoshlarga qilinadigan silai rahmni uzib qo‘yishdir», dedilar.
  • 27.Imron ibn Husayn (r.a.) aytdilar: «Rasululloh sahobiylardan: »Zino qilish, mast qiladigan ichimliklarni ichish va o‘g‘rilik qilish haqida nima deysizlar?« — deb so‘radilar. Ular: »Bularning hukmini Alloh taolo va uning Rasuli biladilar«, deb javob berdilar. Shunda Rasululloh (s.a.v.): »Bular o‘ta-ketgan qabohat ishlar bo‘lib, oxiratda ham, bu dunyoning o‘zida ham ularning uqubati, jazosi belgilangandir. Men sizlarga gunohlarning eng kattalarini aytib beraymi?« Ular: »Alloh rabbilolamiynga shirk keltirish va ota-onaga oq bo‘lish«, dedilarda, suyanib o‘tirgan holatlarini o‘zgartirib tiz cho‘kib oldilar va »hamda yolg‘on so‘zlash» , deb qo‘shib qo‘ydilar.

16- bob. Ota-onaning yig‘lashi haqida

  • 28.Abdulloh ibn Umar (r.a) «Ota-onaning yig‘lashi boladan norozi bo‘lganliklaridan dalolat beradi va bu esa katta gunoh pardadir», dedilar.

17- bob. Ota-oaning duosi haqida

  • 29.Abu Hurayra aytdilar: «Rasululloh (s.a.v.): »Uch toifa kishilarning duosi hech shubhasiz Alloh taolo qoshida maqbuldir: mazlum kishining duosi, musofirning duosi va ota-onaning duosi«, deganlar».
  • 1 Har qanday zulm haqsizlik, deb anglashilgani kabi musulmon tuzumiga qarshi borish ham zulm, deb tushuniladi .
  • 2 Rasululloh (s.a.v.)ning: «Al kazzabu lo ummati», ya’ni yolg‘onchi mening ummatim emas, degan hadislari mashhurligini muqaddislarning aksariyati rivoyat qiladilar.
  • 30.Abu Hurayra (r.a.)dan rivoyat qilindi. U kishi: «Men Rasululloh (s.a.v.)dan quyidagi hadislarni eshitdim: »Bibi Maryamning o‘g‘illari Hz. Iyso (a.s.) bilan Jurayjga so‘zlagan boladan bo‘lak hech bir bola beshikdaligida gapirgan emas«, dedilar. Sahobiylar: »Yo Rasulalloh, Jurayj va unga so‘zlagan bola kim edi?« — deb so‘rashganda, Rasululloh (s.a.v.) rivoyatni aytib berdilar: »Jurayj o‘z ibodatxonasida ibodat bilan mashg‘ul bir rohib bo‘lib, ibodatxonasi atrofida bir podachi sigirlarni o‘tlatib yurar edi. Shu ibodatxona joylashgan qishloqda turadigan bir xotin podachi yoniga kelib-ketib turardi. Jurayj bir kuni namoz o‘qib turgan vaqtida onasi chaqirdi. Jurayj ancha xayolga cho‘mdi: namozida davom etaversinmi yoki uni buzib, onasiga javob qilsinmi? U o‘ylanib-o‘ylanib, oxiri onasiga javob qaytarmadi va namozida davom etaverdi. Onasi ikkinchi va uchinchi martaba chaqirganda ham u javob qaytarmagach: «Alloh taolo seni fohisha xotinlarga yo‘liqtirsin«, deb duoyibad qilib, qaytib ketdi. Shundan keyin o‘sha podachi oldiga kelib yuradigan xotin bir bola tug‘ib qo‘ydi. Uni podshoh oldiga keltirib so‘roq qilinganda: »Bu bola ibodatxonadagi rohibdan bo‘lgan«, deb da’vo qildi. Podshoh: »Uning ibodatxonasini buzib, o‘zini mening xuzurimga olib kelinsin«, deb buyruq qildi. Podshohning buyrug‘iga asosan ibodatxona buzilib, Jurayjning qo‘lini arqon bilan bog‘lab, podshoh huzuriga keltirdilar. Uni olib kelayotganlarida yo‘lda tomosha qilib turgan fohisha xotinlarga ko‘zi tushdida, bir kulib qo‘ydi, Keyin podshoh undan so‘roq qilib: »Bu xotin tug‘ilgan bolani sendan bo‘lgan, deb da’vo qilayotibdi«, dedi. Jurayj xotinga qarab: »shundaymi? — dedi. Xotin: «Ha, shunday», dedi. Shunda Jurayj onaning bag‘rida turgan chaqaloqqa qarab: «Ey, bola, sening otang kim?» — deb so‘radi.Chaqaloq tilga kirib: «Otam podachi», deb javob berdi, uning gapini hamma eshitdi. Podshoh Jurayjga uzr aytib: «Endi ibodatxonani biz yangidan qurib beramiz», dedi. Jurayj buni qabul qilmagach: «Bo‘lmasa kumushdan quraylikmi?» — dedi. Jurayj buni ham qabul qilmay: «Uni avvalgi holiga keltirib berilsa kifoya», dedi. Podshoh: «Xo‘sh, menga aytchi, qo‘lingni bog‘lab olib kelayotganlarida nima uchun kulding?» — deb so‘raganda, u: «Yuz bergan voqeani ko‘zim bilan ko‘rib kulgim qistadi, u ham bo‘lsa onamning menga qilgan duoyibadi edi», dedi- da, bo‘lgan voqeani podshohga va atrofdagi kishilarga hikoya qilib berdi.

Imom Al- Buxoriy. Al- Adab Al- Mufrad by Khurshid Davron on Scribd

0212

(Tashriflar: umumiy 13 443, bugungi 5)

Izoh qoldiring