Профессор Нажмиддин Комиловнинг «тасаввуф» рисоласида Шарқ халқлари маънавияти тарихида чуқур из қолдирган диний-фалсафий таълимот – тасаввуфнинг пайдо бўлиши, тадрижий ривожи, асосий жиҳатлари ёритилган. Тариқат ва шариат орасидаги муносабат, тасаввуф гуманизми ва Комил инсон муаммолари, тасаввуф ривожига ҳисса қўшган олимлар, тариқат шайхлари ҳақида таҳлилий кузатишлар қилинган. Бугун ушбу рисоланинг тўртинчи мақоласи — «Тасаввуф онтологияси ва гносеологияси«ни тақдим этмоқдамиз.
НАЖМИДДИН КОМИЛОВ
ТАСАВВУФ
ТАСАВВУФ ОНТОЛОГИЯСИ ВА ГНОСЕОЛОГИЯСИ
одомики, гап оламлар ҳақида борар экан, тасаввуфнинг кайҳоний тушунчалари, яъни олам тузилиши ҳақидаги тасавурларини қисқача шарҳлашга тўғри келади. Тасаввуф фалсафасига биноан, Оллоҳ таоло аввал Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурини яратди. Сўнгра шу нур туфайли оламларни ва одамларни яратди. Шундай қилиб, олам асосида Муҳаммад нури ёки Муҳаммад ҳақиқати ётади. Оламлар бошида Муҳаммад нури мавжудлиги сабабли биринчи инсон ҳазрати Одам Сафиуллоҳни Муҳаммаднинг ўғли, бошқача айтганда, Муҳаммад алайҳиссаломни Одам Атога нисбатан ҳам ота, ҳам ўғил дейиш мумкин.
Муҳаммад алайҳиссалом нуридан сўнг лоҳут олами вужудга келган. Лоҳут олами илоҳиёт олами ва демак, ундан кейин жабарут, яъни буюклик олами ва унинг кетидан малакут олами – фаришталар олами яратилди. Лоҳут Ҳақ зотини ифодаласа, жабарут нурлардан иборат оламдир, малакут эса латиф руҳлар-дан тузилган олам. Аммо айтиб ўтилган оламларда шакл-аъроз йўқ. Бу хусусият жисмлар олами бўлмиш мулк оламига хос. Мулк оламини шаҳодат олами ёки олами носут ҳам дейдилар. Булардан ташқари, айрим назариётчилар бадан олами, яъни инсон оламини ҳам алоҳида олам сифатида қайд этганлар. Чунки инсон олами олами сағир (кичик олам) сифатида олами кабир (катта олам) деб номланадиган юқори оламларнинг хусусиятла-рини ўзида акс эттиради. Мазкур қараш инсоннинг икки асосдан иборатлигини яна бир карра тасдиқлайди. Парвардигори олам инсон руҳини ўз раҳмоний нафасидан ато этган экан, биз Мутлақ руҳнинг бир қисмимиз ва шу сабабли ўз аслимизга қараб интиҳосиз соғинч ва муҳаббат билан интиламиз. Бу интилиш аслимизни англаш билан амалга ошади. Шу маънода илоҳий ишқ билан илоҳий маърифат маънодош тушунчалардир. Ёки соддароқ қилиб айтганда, Ишқ инсонни маърифатга олиб борадиган қудрат, инсонни моддий асосдан покловчи, холи этувчи муқаддас олов. Ишқ бизнинг вужудимизни куйдириб, мусаффо этади, бизда тажрид ва тафрид (покланиш, яккаланиш) юз беради. Шу боис ошиқлар халқдан чекинадилар, чунки уларнинг руҳи дунёвийликни ёқтирмайди, хилватни қўмсайди, ҳамма вақт ўз Мавлиси – Оллоҳи билан бирга бўлишни истайди. ИШҚ – камолот калити ва иксири аъзам, ишқ мис вужудимизни олтинга айлантирувчи кимё. Ишқ одамни ҳайвонликдан халос этади, одамзод наслини бадбахтлик, фалокатлардан қутқаради, барча иллатларимизнинг давоси ҳам шу. Шу тариқа, тасаввуфдаги асосий талаб-рукнлар: Риёзат, Иродат, Узлат, Маърифат (Ирфон), Ишорат ва Муҳаббат «ишқ» тушунчасида мужассамланади.
Ишқ соликни фанога ва ундан кейин бақога олиб боради. Аммо бунда икки хил йўл, тўғриси – икки хил майл бор: бири – ҳаяжонли, сершовқин, руҳий кечинмаларни ғалаёнлар ичра изҳор этиб бориш майли бўлса, иккинчиси – осойишта, тамкинли; чуқур дарёнинг тубига ўхшаган ҳайбатли вазмин, ички дарди қудратини яшириш майли. Биринчи майлнинг йирик намояндалари Боязид Бистомий, Мансур Ҳаллож, Абусаид Абулҳайр, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Шамс Табризий, Бобораҳим Машраб. Иккинчи майл тарафдорлари қаторига Жунайд Бағдодий, Нажмиддин Кубро (бутунлай бўлмаса ҳам), Саъдий Шерозий, Баҳоуддин Нақшбанд кабиларни киритиш мумкин. Боязид Бистомийдан олдин ҳам муҳаббат ҳақида гапирган сўфийлар бўлган. Аммо Боязид хизмати шуки, у бу нуқтаи назарни сўфий руҳияти билан боғлади. Унинг уқтиришича, ваҳдат ва фано шундай бир руҳий ҳолатда юз берадики, солик худди шароб ичган одамдай маст бўлиб ўзини унутади. Бу ҳолатни у «сукра» – «мастлик» (девоналик) деб атади. Унингча, маст бўлмаган одам ошиқ эмас, ошиқ илоҳий шароб – «шароби антаҳурдан» масту мустағриқ кишидир, у ўз вужуди – ўзини буткул унутади ва шунда аллақандай тушунтириб бўлмас бир қобилият пайдо бўлиб, солик Илоҳ маърифатини ҳис қила бошлайди. Шайх Тустарий буни ҳайрат тушунчаси орқали қуйидагича баён этган: «Қурб мартабалари ошган сари Оллоҳ улуғворлигининг асарлари зиёдроқ бўлади ва нодонликка қарама қарши ўлароқ илм кўпаяверади ва тасаввуфий маърифат орта боради ва ҳайрат устига ҳайрат қўшилаверади ва «Эй Раббий, ҳайрат оғушидаман», деган нидо кўтарилади».
Дарҳақиқат, маърифат ҳайратнинг натижасидир. Маърифат буюк Илоҳ оламлари бепоёнлиги, истиғноси – муҳтожсизлиги-ни, Зоти жавҳарини қалб билан ҳис этиш ва кўнгил билан таниш демак. Шундай қилиб, маърифат – руҳ ҳодисасидир, фақру фано ҳам руҳнинг камолидан нишонадир.
Аммо Жунайд Бағдодий (ваф. 910) Боязидни танқид қилиб, «сукра» йўли фақат соликнинг ўзига нажот келтиради. Сукрага кирган одамнинг ўзгаларга нафъи тегмайди. Ҳолбуки, мақсад фақат ўзингни маърифатга етакзиш эмас, балки бу маърифатдан бошқаларни ҳам баҳраманд этишдир, дейди. Шундай экан, бехудлик даражасидан кейин, илоҳий маърифатга қалби тўлишиб, қайта хушёр тортган ориф улуғроқдир. Негаки, энди у ўз билимини халққа етказиб, юзлаб дилларни маърифат нури билан ёритади. Бу қараш «саҳв», яъни ҳушёрлик концепцияси номи билан шуҳрат топди. «Тасаввуф нима?» — деган саволга Жунайд Бағдодий: «Тасаввуф бир дам беғам бўлишдир», — дея жавоб берган. Бу гапнинг тагида маъно кўп. Бир дам беғамлик – бу қалб осойишталиги, инсоннинг аслига етгандан кейинги тамкинли саодати, дунё ташвишлари, нафс қутқусидан озодлиги ва ҳоказоларни англатади. Шу билан бирга, бир дам беғам бўлиш ҳаддан зиёд тўполон-ғалва қилмаслик, ҳаяжонланмасликни ҳам билдиради. Чунки Боязид сулукидагилар, айниқса, Мансур Ҳаллож бетоқат бўлиб, ўз кашфларидан маст ўлароқ жони ичига сиғмай, фикрларини ошкоро элга айтди. Бу эса яхши оқибатларга олиб келмасди, албатта. Тасаввуф сирлари, ҳикматларини оммалаштириш хавфли деб ҳисоблайди Жунайд. Зеро, авом нозик маъноларни англашдан ожиз. Оқибатда нотўғри талқинлар пайдо бўлади ва иймон-эътиқодга путур етади. Шунинг учун бўлса керак, Жунайд Мансурни осиш тўғрисида тайёрланган фатвога ўзи ҳам қўл қўйди. Жунайд Бағдодий айтишича, ҳақиқий бақо «саҳв» – ҳушёрликка қайтишдан кейин бошланади. «Сукра»даги одам бамисоли денгизга шўнғиб, ғарқ бўлган киши бўлса, «саҳв»га қайтган киши денгизга шўнғиб, гавҳар доналарини олиб чиққан ғаввосидир.
Шундай қилиб, Боязид Тайфур бин Исо Бистомий тасаввуф тарихида важдий (иррационал), интиутив билиш назариясининг асосчиси ҳисобланса, Абулқосим Жунайд ал Муҳаммад Қаворирий ал-Бағдодий илм ва ақлга суянадиган «ҳушёрлик» (рационал) билиш назариясига асос солди ва тасаввуф таълимотини илмий-назарий қарашлар билан бойитишга улкан ҳисса қўшди. Замондошлари Жунайдни беҳудага «ақл ҳайкали» деб атамаганлар.
Агар тасаввуф тарихини кўздан кечирсак, бу икки концепция кўп асрлар давом этганини ва тасаввуфнинг хилма-хил оқимлари, силсилаларининг вужудга келишига сабаб бўлганини кўрамиз. Яна шуниси ҳам маълумки, ҳар икки оқимни бирлаштиришга уринганлар ҳам бўлиб турган.
Ривоят қиладиларки, Нажмиддин Кубро Табризда Бобо Фараж деган сўфий билан учрашади. Бобо Фараж қабулига борганда, сўфий уларга кийимларини ечиб сўнгра уйга киришларини буюради. Нажмиддин ва ҳамроҳлари Бобонинг айтганини қилиб, ичкари кириб ўтирадилар. Бир муддатдан кейин Бобода кучли ўзгариш юз беради – унинг вужуди «худди офтобдай порлаб» кетади. Бобо Фараж ўзига келгач, хирқасини ечиб Нажмиддинга туҳфа этади ва: «сен энди таҳсилни йиғиштир, китоб билан ишнинг битди», деб айтади. Нажмиддин бу вақтларда бир уламо қўлида тафсир ўқимоқда эди, китоб охирланиб қолганди. Устоди Нажмиддинга: икки кунлик сабоқ қолди, шуни эгалласанг, кейин ихтиёринг ўзингда, деб айтади. Нажмиддин эратсига яна сабоқ олгали устоди олдига борганда Бобо Фараж пайдо бўлиб, «Мен китоб мутоласи энди сенга зарарли деб айтдим-ку, яна нега келдинг», дея Нажмиддинга ақлий-далилий илмлар билан шуғулланишни буткул манъ этади.
Нажмиддин Бобо Фаражга қараб интилади, унинг ўтирган жойида «офтобдай порлаб», мўъжизалар кўрсатишидан ҳайратга тушади. Лекин Нажмиддин ақлий билимлардан ҳам кўнгил узмоқчи эмас. Шунинг учун Ҳадис ва тафсирларни мутолаа қилишни канда этмайди. Бу ўринда Нажмиддин сиймосида икки хил билиш усули – ақлий ва ботиний-завқий билишнинг қўшилганини кўрамиз. Дарҳақиқат, Нажмиддин Кубро ҳар жиҳатдан билимдон ва айни вақтда «валитарош» (валиларни тарбияловчи) кароматли инсон бўлган.
«Сукра», яъни мажнун бўлиб Илоҳни севиш ва бехудлик, девоналик ҳолатда ирфон қозониш ҳозирги пайтда Ғарбда ўрганилаётган «Онгсизлик онги» муаммосига ўхшашдир. Инсонда ақл билан тушунтириб бўлмайдиган ҳолатлар бўлишини фан исботламоқда, улуғ кашфиётлар айнан ана шу «бехудлик» ҳолатида қўлга киради. Орифона тасаввуф барча илмларни қамраб оладиган, ҳикмат ва фалсафани ҳам қўшадиган тасаввуфдир. Ошиқона тасаввуф ишқий кечинмалар, ишқий-завқий ирфонни биринчи ўринга қўйиб, муҳокама юритадиган, тўғрироғи муҳокама-тафаккурдан кўра ҳис-ҳаяжон, муҳаббат шавқ-завқи тошқинини афзал кўрадиган тасаввуфдир. Маломатия ва қаландария оқимлари ҳам моҳиятан ошиқона тасаввуфнинг шохобчасидир. Маломатийлар хокисорлик ва ўз-ўзини маломат қилиш билан Оллоҳга ихлосни ҳаддан ошириб, яъни ифротий тарзда ифодалайдилар. Улар ўзларини халқдан ажратмай-дилар, авом ва хос тушунчаларини тан олмайдилар (қайд этамизки, сўфийлар одатда ўзларини «хос» кишилар, қолган барча халойиқни «авом» деб номлаганлар). Аммо маломатийларнинг бу халқсеварлигини гўшанишинлик ва ўзлатга зид ҳаракат деб тушунмаслик керак. Буларнинг ўзларини оддий одамлар билан тенг кўриши камтаринлик, шикасталик белгисидир. Малома-тийлар диний расм-русмни тан олмаганларидек, тариқатнинг ҳам одобу қоидалари, расм-одатларига унча риоя қилмаганлар. Чунки улар ҳар қандай қоида – русумни суратпарастлик, зоҳирийлик деб билганлар. Шунинг учун маломатия назарида тарки дунё қилган зоҳид ҳам, расм-русумга берилган хонақоҳ шайхи ҳам бирдай калтабин ва ҳақиқатдан узоқ кишилардир. Ошиқона ашъорда зоҳидлар, риёкор шайхлар қаторида умуман хирқапўшлик ва шайхликни мазаммат этган сатрларга дуч келамиз. Ҳофиз эса: «Ҳирқамни гаров қўйгум, бир коса шароб авло», деб ёзади. Яъни хонақоҳдаги шайх ҳирқасидан кўра, харобот (майхона-дайр)даги маю маъшуқ афзалдир, дейди шоир. Шароб деганда у илоҳий файзни, харобот, майхона деганда комил инсон ҳузури ёки илоҳий файзни етказувчи маъшуқа – «мазҳар»ни назарда тутади.
Маломатийлик, айниқса, Хуросон сўфийлари Абулҳасан Харақоний (922–1032), Абусаид Абулхайр (967–1049), Абдуллоҳ Ансорий (1006–1089), Фаридиддин Аттор (ваф. 1220) фаолиятида яққол кўзга ташланади. Бу шайхларнинг ҳар бири тасаввуф тарихида ўзига хос мавқега эга. Айниқса, Абусаид Абулхайрнинг жўшқин ҳаёти, руҳлантирувчи сўзлари, рубоийлари эл орасида машҳур бўлиб кетган эди.
Нишопур яқинидаги Майхона қишлоғида дунёга келга Абусаид Абулхайр тасаввуфда ўзига хос Хуросон мактабини асослаган шайхдир. У кўпдан кўп муридлар олдида оташин ваъзлар айтар, илоҳга бўлган муҳаббатни инсонга бўлган муҳаббат билан боғлаб тушунтирар, саховат, жавонмардликни сўфийнинг асил фазилати деб ҳисобларди. Чунончи, унинг сўзларидан: «Қўлингда нима бўлса бер, бошингда неки бўлса ташла, бошга нима келса чида». У «ғариб қашшоқларга хизмат қилиш», бунинг учун ҳар қандай меҳнат тури бўлса ҳам бажариш (ҳаммомда гулохийлик қилиш, кўча супириш каби)ни талаб қилар, дарвеш меҳнатдан ор қилмаслиги керак деб уқтирарди. Абусаид Абулхайр хонақо мажлисларида самоъни кенг жорий этган –рақслар қўшиқ, музика, шеърхонлик билан қўшилиб кетар, шайхнинг ўзи ва муридлари рақсга тушиб, Худо ёдида экстаз (бехудлик) ҳолатига кирганлар ва бундан роҳатланганлар. Аслида бу Боязид Бистомий йўлининг давоми эди, бундай ҳолатда сўфийнинг гўё қалб кўзи очилар, ғайб асрорини теранроқ идрок этарди. Яъни важдий (интуитив-иррационал) билишга имкон туғдирилган.
Шу мавзуда саҳифалар:
Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. 1.Тарих ва таъриф
Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. 2.Тариқат
Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. 3. Сўфий психологияси ёки ҳол
Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. 4. Маърифат ва ҳақиқат
Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. 7. Комил инсон
Professor Najmiddin Komilovning “tasavvuf” risolasida Sharq xalqlari maʼnaviyati tarixida chuqur iz qoldirgan diniy-falsafiy taʼlimot – tasavvufning paydo boʻlishi, tadrijiy rivoji, asosiy jihatlari yoritilgan. Tariqat va shariat orasidagi munosabat, tasavvuf gumanizmi va Komil inson muammolari, tasavvuf rivojiga hissa qoʻshgan olimlar, tariqat shayxlari haqida tahliliy kuzatishlar qilingan. Bugun ushbu risolaning toʻrtinchi maqolasi — “Tasavvuf ontologiyasi va gnoseologiyasi”ni taqdim etmoqdamiz.
NAJMIDDIN KOMILOV
TASAVVUF
TASAVVUF ONTOLOGIYASI VA GNOSEOLOGIYASI
odomiki, gap olamlar haqida borar ekan, tasavvufning kayhoniy tushunchalari, ya’ni olam tuzilishi haqidagi tasavurlarini qisqacha sharhlashga to’g’ri keladi. Tasavvuf falsafasiga binoan, Olloh taolo avval Muhammad sallallohu alayhi vasallamning nurini yaratdi. So’ngra shu nur tufayli olamlarni va odamlarni yaratdi. Shunday qilib, olam asosida Muhammad nuri yoki Muhammad haqiqati yotadi. Olamlar boshida Muhammad nuri mavjudligi sababli birinchi inson hazrati Odam Safiullohni Muhammadning o’g’li, boshqacha aytganda, Muhammad alayhissalomni Odam Atoga nisbatan ham ota, ham o’g’il deyish mumkin.
Muhammad alayhissalom nuridan so’ng lohut olami vujudga kelgan. Lohut olami ilohiyot olami va demak, undan keyin jabarut, ya’ni buyuklik olami va uning ketidan malakut olami – farishtalar olami yaratildi. Lohut Haq zotini ifodalasa, jabarut nurlardan iborat olamdir, malakut esa latif ruhlar-dan tuzilgan olam. Ammo aytib o’tilgan olamlarda shakl-a’roz yo’q. Bu xususiyat jismlar olami bo’lmish mulk olamiga xos. Mulk olamini shahodat olami yoki olami nosut ham deydilar. Bulardan tashqari, ayrim nazariyotchilar badan olami, ya’ni inson olamini ham alohida olam sifatida qayd etganlar. Chunki inson olami olami sag’ir (kichik olam) sifatida olami kabir (katta olam) deb nomlanadigan yuqori olamlarning xususiyatla-rini o’zida aks ettiradi. Mazkur qarash insonning ikki asosdan iboratligini yana bir karra tasdiqlaydi. Parvardigori olam inson ruhini o’z rahmoniy nafasidan ato etgan ekan, biz Mutlaq ruhning bir qismimiz va shu sababli o’z aslimizga qarab intihosiz sog’inch va muhabbat bilan intilamiz. Bu intilish aslimizni anglash bilan amalga oshadi. Shu ma’noda ilohiy ishq bilan ilohiy ma’rifat ma’nodosh tushunchalardir. Yoki soddaroq qilib aytganda, Ishq insonni ma’rifatga olib boradigan qudrat, insonni moddiy asosdan poklovchi, xoli etuvchi muqaddas olov. Ishq bizning vujudimizni kuydirib, musaffo etadi, bizda tajrid va tafrid (poklanish, yakkalanish) yuz beradi. Shu bois oshiqlar xalqdan chekinadilar, chunki ularning ruhi dunyoviylikni yoqtirmaydi, xilvatni qo’msaydi, hamma vaqt o’z Mavlisi – Ollohi bilan birga bo’lishni istaydi. ISHQ – kamolot kaliti va iksiri a’zam, ishq mis vujudimizni oltinga aylantiruvchi kimyo. Ishq odamni hayvonlikdan xalos etadi, odamzod naslini badbaxtlik, falokatlardan qutqaradi, barcha illatlarimizning davosi ham shu. Shu tariqa, tasavvufdagi asosiy talab-ruknlar: Riyozat, Irodat, Uzlat, Ma’rifat (Irfon), Ishorat va Muhabbat «ishq» tushunchasida mujassamlanadi.
Ishq solikni fanoga va undan keyin baqoga olib boradi. Ammo bunda ikki xil yo’l, to’g’risi – ikki xil mayl bor: biri – hayajonli, sershovqin, ruhiy kechinmalarni g’alayonlar ichra izhor etib borish mayli bo’lsa, ikkinchisi – osoyishta, tamkinli; chuqur daryoning tubiga o’xshagan haybatli vazmin, ichki dardi qudratini yashirish mayli. Birinchi maylning yirik namoyandalari Boyazid Bistomiy, Mansur Halloj, Abusaid Abulhayr, Farididdin Attor, Jaloliddin Rumiy, Shams Tabriziy, Boborahim Mashrab. Ikkinchi mayl tarafdorlari qatoriga Junayd Bag’dodiy, Najmiddin Kubro (butunlay bo’lmasa ham), Sa’diy Sheroziy, Bahouddin Naqshband kabilarni kiritish mumkin. Boyazid Bistomiydan oldin ham muhabbat haqida gapirgan so’fiylar bo’lgan. Ammo Boyazid xizmati shuki, u bu nuqtai nazarni so’fiy ruhiyati bilan bog’ladi. Uning uqtirishicha, vahdat va fano shunday bir ruhiy holatda yuz beradiki, solik xuddi sharob ichgan odamday mast bo’lib o’zini unutadi. Bu holatni u «sukra» – «mastlik» (devonalik) deb atadi. Uningcha, mast bo’lmagan odam oshiq emas, oshiq ilohiy sharob – «sharobi antahurdan» mastu mustag’riq kishidir, u o’z vujudi – o’zini butkul unutadi va shunda allaqanday tushuntirib bo’lmas bir qobiliyat paydo bo’lib, solik Iloh ma’rifatini his qila boshlaydi. Shayx Tustariy buni hayrat tushunchasi orqali quyidagicha bayon etgan: «Qurb martabalari oshgan sari Olloh ulug’vorligining asarlari ziyodroq bo’ladi va nodonlikka qarama qarshi o’laroq ilm ko’payaveradi va tasavvufiy ma’rifat orta boradi va hayrat ustiga hayrat qo’shilaveradi va «Ey Rabbiy, hayrat og’ushidaman», degan nido ko’tariladi».
Darhaqiqat, ma’rifat hayratning natijasidir. Ma’rifat buyuk Iloh olamlari bepoyonligi, istig’nosi – muhtojsizligi-ni, Zoti javharini qalb bilan his etish va ko’ngil bilan tanish demak. Shunday qilib, ma’rifat – ruh hodisasidir, faqru fano ham ruhning kamolidan nishonadir.
Ammo Junayd Bag’dodiy (vaf. 910) Boyazidni tanqid qilib, «sukra» yo’li faqat solikning o’ziga najot keltiradi. Sukraga kirgan odamning o’zgalarga naf’i tegmaydi. Holbuki, maqsad faqat o’zingni ma’rifatga yetakzish emas, balki bu ma’rifatdan boshqalarni ham bahramand etishdir, deydi. Shunday ekan, bexudlik darajasidan keyin, ilohiy ma’rifatga qalbi to’lishib, qayta xushyor tortgan orif ulug’roqdir. Negaki, endi u o’z bilimini xalqqa yetkazib, yuzlab dillarni ma’rifat nuri bilan yoritadi. Bu qarash «sahv», ya’ni hushyorlik kontseptsiyasi nomi bilan shuhrat topdi. «Tasavvuf nima?» — degan savolga Junayd Bag’dodiy: «Tasavvuf bir dam beg’am bo’lishdir», — deya javob bergan. Bu gapning tagida ma’no ko’p. Bir dam beg’amlik – bu qalb osoyishtaligi, insonning asliga yetgandan keyingi tamkinli saodati, dunyo tashvishlari, nafs qutqusidan ozodligi va hokazolarni anglatadi. Shu bilan birga, bir dam beg’am bo’lish haddan ziyod to’polon-g’alva qilmaslik, hayajonlanmaslikni ham bildiradi. Chunki Boyazid sulukidagilar, ayniqsa, Mansur Halloj betoqat bo’lib, o’z kashflaridan mast o’laroq joni ichiga sig’may, fikrlarini oshkoro elga aytdi. Bu esa yaxshi oqibatlarga olib kelmasdi, albatta. Tasavvuf sirlari, hikmatlarini ommalashtirish xavfli deb hisoblaydi Junayd. Zero, avom nozik ma’nolarni anglashdan ojiz. Oqibatda noto’g’ri talqinlar paydo bo’ladi va iymon-e’tiqodga putur yetadi. Shuning uchun bo’lsa kerak, Junayd Mansurni osish to’g’risida tayyorlangan fatvoga o’zi ham qo’l qo’ydi. Junayd Bag’dodiy aytishicha, haqiqiy baqo «sahv» – hushyorlikka qaytishdan keyin boshlanadi. «Sukra»dagi odam bamisoli dengizga sho’ng’ib, g’arq bo’lgan kishi bo’lsa, «sahv»ga qaytgan kishi dengizga sho’ng’ib, gavhar donalarini olib chiqqan g’avvosidir.
Shunday qilib, Boyazid Tayfur bin Iso Bistomiy tasavvuf tarixida vajdiy (irratsional), intiutiv bilish nazariyasining asoschisi hisoblansa, Abulqosim Junayd al Muhammad Qavoririy al-Bag’dodiy ilm va aqlga suyanadigan «hushyorlik» (ratsional) bilish nazariyasiga asos soldi va tasavvuf ta’limotini ilmiy-nazariy qarashlar bilan boyitishga ulkan hissa qo’shdi. Zamondoshlari Junaydni behudaga «aql haykali» deb atamaganlar.
Agar tasavvuf tarixini ko’zdan kechirsak, bu ikki kontseptsiya ko’p asrlar davom etganini va tasavvufning xilma-xil oqimlari, silsilalarining vujudga kelishiga sabab bo’lganini ko’ramiz. Yana shunisi ham ma’lumki, har ikki oqimni birlashtirishga uringanlar ham bo’lib turgan.
Rivoyat qiladilarki, Najmiddin Kubro Tabrizda Bobo Faraj degan so’fiy bilan uchrashadi. Bobo Faraj qabuliga borganda, so’fiy ularga kiyimlarini yechib so’ngra uyga kirishlarini buyuradi. Najmiddin va hamrohlari Boboning aytganini qilib, ichkari kirib o’tiradilar. Bir muddatdan keyin Boboda kuchli o’zgarish yuz beradi – uning vujudi «xuddi oftobday porlab» ketadi. Bobo Faraj o’ziga kelgach, xirqasini yechib Najmiddinga tuhfa etadi va: «sen endi tahsilni yig’ishtir, kitob bilan ishning bitdi», deb aytadi. Najmiddin bu vaqtlarda bir ulamo qo’lida tafsir o’qimoqda edi, kitob oxirlanib qolgandi. Ustodi Najmiddinga: ikki kunlik saboq qoldi, shuni egallasang, keyin ixtiyoring o’zingda, deb aytadi. Najmiddin eratsiga yana saboq olgali ustodi oldiga borganda Bobo Faraj paydo bo’lib, «Men kitob mutolasi endi senga zararli deb aytdim-ku, yana nega kelding», deya Najmiddinga aqliy-daliliy ilmlar bilan shug’ullanishni butkul man’ etadi.
Najmiddin Bobo Farajga qarab intiladi, uning o’tirgan joyida «oftobday porlab», mo»jizalar ko’rsatishidan hayratga tushadi. Lekin Najmiddin aqliy bilimlardan ham ko’ngil uzmoqchi emas. Shuning uchun Hadis va tafsirlarni mutolaa qilishni kanda etmaydi. Bu o’rinda Najmiddin siymosida ikki xil bilish usuli – aqliy va botiniy-zavqiy bilishning qo’shilganini ko’ramiz. Darhaqiqat, Najmiddin Kubro har jihatdan bilimdon va ayni vaqtda «valitarosh» (valilarni tarbiyalovchi) karomatli inson bo’lgan.
«Sukra», ya’ni majnun bo’lib Ilohni sevish va bexudlik, devonalik holatda irfon qozonish hozirgi paytda G’arbda o’rganilayotgan «Ongsizlik ongi» muammosiga o’xshashdir. Insonda aql bilan tushuntirib bo’lmaydigan holatlar bo’lishini fan isbotlamoqda, ulug’ kashfiyotlar aynan ana shu «bexudlik» holatida qo’lga kiradi. Orifona tasavvuf barcha ilmlarni qamrab oladigan, hikmat va falsafani ham qo’shadigan tasavvufdir. Oshiqona tasavvuf ishqiy kechinmalar, ishqiy-zavqiy irfonni birinchi o’ringa qo’yib, muhokama yuritadigan, to’g’rirog’i muhokama-tafakkurdan ko’ra his-hayajon, muhabbat shavq-zavqi toshqinini afzal ko’radigan tasavvufdir. Malomatiya va qalandariya oqimlari ham mohiyatan oshiqona tasavvufning shoxobchasidir. Malomatiylar xokisorlik va o’z-o’zini malomat qilish bilan Ollohga ixlosni haddan oshirib, ya’ni ifrotiy tarzda ifodalaydilar. Ular o’zlarini xalqdan ajratmay-dilar, avom va xos tushunchalarini tan olmaydilar (qayd etamizki, so’fiylar odatda o’zlarini «xos» kishilar, qolgan barcha xaloyiqni «avom» deb nomlaganlar). Ammo malomatiylarning bu xalqsevarligini go’shanishinlik va o’zlatga zid harakat deb tushunmaslik kerak. Bularning o’zlarini oddiy odamlar bilan teng ko’rishi kamtarinlik, shikastalik belgisidir. Maloma-tiylar diniy rasm-rusmni tan olmaganlaridek, tariqatning ham odobu qoidalari, rasm-odatlariga uncha rioya qilmaganlar. Chunki ular har qanday qoida – rusumni suratparastlik, zohiriylik deb bilganlar. Shuning uchun malomatiya nazarida tarki dunyo qilgan zohid ham, rasm-rusumga berilgan xonaqoh shayxi ham birday kaltabin va haqiqatdan uzoq kishilardir. Oshiqona ash’orda zohidlar, riyokor shayxlar qatorida umuman xirqapo’shlik va shayxlikni mazammat etgan satrlarga duch kelamiz. Hofiz esa: «Hirqamni garov qo’ygum, bir kosa sharob avlo», deb yozadi. Ya’ni xonaqohdagi shayx hirqasidan ko’ra, xarobot (mayxona-dayr)dagi mayu ma’shuq afzaldir, deydi shoir. Sharob deganda u ilohiy fayzni, xarobot, mayxona deganda komil inson huzuri yoki ilohiy fayzni yetkazuvchi ma’shuqa – «mazhar»ni nazarda tutadi.
Malomatiylik, ayniqsa, Xuroson so’fiylari Abulhasan Xaraqoniy (922–1032), Abusaid Abulxayr (967–1049), Abdulloh Ansoriy (1006–1089), Farididdin Attor (vaf. 1220) faoliyatida yaqqol ko’zga tashlanadi. Bu shayxlarning har biri tasavvuf tarixida o’ziga xos mavqega ega. Ayniqsa, Abusaid Abulxayrning jo’shqin hayoti, ruhlantiruvchi so’zlari, ruboiylari el orasida mashhur bo’lib ketgan edi.
Nishopur yaqinidagi Mayxona qishlog’ida dunyoga kelga Abusaid Abulxayr tasavvufda o’ziga xos Xuroson maktabini asoslagan shayxdir. U ko’pdan ko’p muridlar oldida otashin va’zlar aytar, ilohga bo’lgan muhabbatni insonga bo’lgan muhabbat bilan bog’lab tushuntirar, saxovat, javonmardlikni so’fiyning asil fazilati deb hisoblardi. Chunonchi, uning so’zlaridan: «Qo’lingda nima bo’lsa ber, boshingda neki bo’lsa tashla, boshga nima kelsa chida». U «g’arib qashshoqlarga xizmat qilish», buning uchun har qanday mehnat turi bo’lsa ham bajarish (hammomda guloxiylik qilish, ko’cha supirish kabi)ni talab qilar, darvesh mehnatdan or qilmasligi kerak deb uqtirardi. Abusaid Abulxayr xonaqo majlislarida samo’ni keng joriy etgan –raqslar qo’shiq, muzika, she’rxonlik bilan qo’shilib ketar, shayxning o’zi va muridlari raqsga tushib, Xudo yodida ekstaz (bexudlik) holatiga kirganlar va bundan rohatlanganlar. Aslida bu Boyazid Bistomiy yo’lining davomi edi, bunday holatda so’fiyning go’yo qalb ko’zi ochilar, g’ayb asrorini teranroq idrok etardi. Ya’ni vajdiy (intuitiv-irratsional) bilishga imkon tug’dirilgan.
Shu mavzuda sahifalar:
Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 1.Tarix va ta’rif
Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 2.Tariqat
Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 3. So’fiy psixologiyasi yoki hol
Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 4. Ma’rifat va haqiqat
Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 7. Komil inson