Polvonniyozhoji Yusupov. «Yosh xivaliklar» harakati: quvonchlar, iztiroblar, fojialar (09)

035

     Ўз даврининг илғор зиёлиси бўлган Полвонниёз ҳожи Юсупов,табиий, доимий равишда газет-журналларга ошнолик, қолаверса сиёсий воқеаларнинг “қайноқ” жараёнида кечган ҳаёти сабаб, у тарихнинг жонли гувоҳи сифатида кундалик ёзишни одат қилганди. Хива музейидаги сокин ҳаёт уни кундаликлар асосида хотиралар ёзишга ундайди. Натижада эътиборингизга ҳавола қилинаётган хотиралар 1926 йилда юзага келади. Араб алифбосида битилган Полёзҳожининг хотиралари 644 бетдан иборат бўлиб, унда муаллиф ўзи кўрган, кузатган, ўзи бошидан кечирган Хоразмдаги, шунингдек Туркистон ўлкасидаги воқеликни қаламга олади. Катта ҳажмли асар асосан кундалик дафтар асосида ёзилгани боис, унга бирон ном, мавзу, бўлим, боб қўйилмаган.Полёзҳожининг асаридаги воқеалар асосан 1910-25 йилларда кечган жараёнлардир.

ПОЛВОННИЁЗҲОЖИ ЮСУПОВ
“ЁШ ХИВАЛИКЛАР” ҲАРАКАТИ:
ҚУВОНЧЛАР, ИЗТИРОБЛАР, ФОЖИАЛАР
Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи: Умид БЕКМУҲАММАД
033

10-БОБ. МОСКВА САФАРИ: ҚИЙИНЧИЛИК ВА ҚУВОНЧЛАР

Махфий қолмасинким, ушбу сафарда Марказий Ярмарка ҳайъатига қўшилиб кетган одамлар: бирламчи раис :Полвонниёз ҳожи Юсупов, иккинчи хўжалик мудири ҳам муовин- Абдуллабой Ҳусийн Заргар ўғли, учинчи Манглибой Оллаберган ўғли-саркотиб, тўртинчи нўғай-Халил Триғулов-таржимон, бешинчи Абдулла Шихбоев-сотрудник, олтиланчи Муҳаммадёқуб Ашур ўғли, еттинчи Отабой Юсупов-комендант, саккизинчи Раҳматулла Эрниёз ўғли-охран. Булардин бошқа бизлар билан йўлдош бўлиб чиқғанлар: Хоразм ҳукумати тарафидин Тошкентга генералний консул бўлиб тайинланган биродар Бобожонбой Ёқуб ўғли, Умриузоқ Ёқубжон ўғли -консулнинг саркотиби, нўғой Аҳмаджон Қозонли таржимон ва бошқа талабалар ҳам ўрис-нўғойлар бирлан Тосоқага келиб етушдик. Мазкур кунда Тўрткўлдин пароход келди. Тамоми нимарсаларимизни пароходга солиб, кун ботмоқға икки соат қолғонда пароходимиз юқорига қараб ҳаракат қилди. Питнакка етмай қўндик. Алҳосил 14 июлда соғ-саломат Чоржавга келиб Муҳаммад Раҳим оқсоқолнинг саройига тушдик. Бориб Руссия консулини кўриб, мандатимизни кўрсатиб вагонлар тўғрисинда ёрдам сўрадик. Дарҳол Тошкентга вагон учун телеграмм юборди.

Махфий қолмасинким, Маскав ваколтахонасига хат ва озуқа олиб боратурган курьер Фарғоналик Тожиев ҳам Чоржавда эркан. 4-5 кун Чоржавда тўхтаб, тамоми ишларимизни саранжом қилиб, молларимизни бир вагонга солиб, ўзларимиз учун ҳам бир вагон олиб 20 июлда жўнаб кетдик. Бухоро вакили мулла Панах Ҳожиев бола-чағалари бирлан бизлар ила ўтириб Бухорогача кетди. 22 июлда Тошкентга келиб етишдик.Тошкентдаги Хоразм консули биродар Бобожонбой келиб эски шаҳарга Умриузоқнинг уйига олиб кетди. Эртанг бориб хорижия назоратидан йўллар тўғрисинда ёрдам сўрадик. Ўз қоидалари бўйинча ҳар ерларга хат ёзиб бердилар. Ҳам хорижия тижорат шўъбасига бориб ёрдам сўрадик. Улар ҳам ваъда бердилар.

Махфий қолмасинким, бул тарафларда тоза иқтисодий сиёсат деган бир қоида чиган эркан.Ким бирлан сўйлашсанг фақат ақча-ақча, агар ақча бўлмаса ҳеч бир нимарса мавжуд эрмас эркан. Манинг фикримча ишлар кўп машаққат бўлиб кетган эркан.Бечора камбағал одамларни кун кўрмоғи зиёда қийин бўлган экан.Оллоҳ Таоло охирини хайрли қилсин, 24 июлда хорижия назоратидан хат олиб, вагон тўғрисинда Турккомиссияга бориб, резолюция қилдириб Туркпунктга бориб йўлиқдик.Ҳеч бир натижа чиқмади. Андин сўнг Внешторгга Иван Иванович Парулинга бориб маслаҳат қилдик. Ўзларимиз расми почтовой поезд бирлан кетмакчи бўлдик. 26 июлда билетлар олиб поездга ўтириб юриб кетдик.

Маълум бўлсинким, оташ арава ишлари кўп ёмон бўлиб кетган эркан. Бировга билет олдирмоқға буюрсангиз билет ҳақидин икки чандон зиёда ул кишига хизмат ҳаққи берур эркансиз. Нечунким, билет сотатурғон кассир афанди ҳам шул кишига шерик эканлар. Насилшиклар ҳам бўлсалар тоза иқтисодий сиёсат орқасинда йўловчилардин кўп-кўп ақчалар олур эрканлар. Алҳосил билет пулидин икки чандон зиёда харажат бўлур эркан. Оллоҳ сақласин, ушбу ишлар давомат этиб турса тамом бечора камбағал одамлар хароб бўлса керак. Ақчаси бўлмай рушут бермай турғон одамлар 4-5 кун вокзалда истиқмат қилиб ётмоқға тўғри келур эркан. Эртанг билет кўриб юрган контрол келиб билет ҳам мандатларимизни кўрди. Ҳам эълон қилди:
Ёнингиздаги нимарсаларингиз зиёда эркан. Ҳар кишига фақат бир пуд нимарса олиб юрмоқ мумкин.Зиёдаси учун икки чандон ҳақ олурмиз,-деди.
Туркистондин Оқмачига келгунча 10 миллион ақча олиб багажга бермоқга қўшдилар. Ушбу сафарда Тошкантдин Партия съездига бормоқга чиққан Партия раиси қозоқ Назир Тўрақулов ҳам Пиржонов ва бошқа ўртоқлар ҳамроҳ эрдилар. Уч кундин сўнг Ўринбургга ( Оренбургга) келдик. Йўлдошларимизни ўтирган вагонларини қолдирмоқчи бўлдилар. Дарҳол начальник станцияга бориб кўп машаққатлар бирлан Самарагача тоза вагон олдик.

Махфий қолмасинким, йўллар бир тартиблик бўлмагунча йўлга чиқмаслик керак экан. Тошкантнинг сўзини Оренбург қабул қилмас эркан. Оренбург сўзини бошқалар қабул қилмас экан. Поездимиз йўлга равона бўлди. Йўлда станцияда Маскавдин келатурган бир поездга йўлиқдик. Бухоро вакили Отахўжа Пўлатхўжаев бор эркан кўришдик. Биродар Отахўжа маълум қилди:
-Хивага боратурғон товариш Кобезов ушбу вагонда турур. Кўришиб қолинг ,- деб вагонга олиб кирди. Ҳам тақдим қилди:
-Хоразмнинг собиқ ҳукумат раиси ҳамда инқилобчиларнинг бошлиғи товариш Юсупов,-деб таништирди.
Товариш Кобезов хушвақт бўлиб кўришиб сўзлашмакка бошлади.Айтди:
-Ман Хивада бўлганда иккиланчи Қурултойга сизнинг аризангиз келди. Ман сизни олдирмоқчи бўлдим. Мани аскарлар ҳужум қилиб ўлдирмакчи бўлган эрканлар. Шунинг бирлан сизни олдирмоқға қўрқдим,-деди.
Ман айтдум:
-Сизни ёлғондин қўрқизганлар. Бизнинг аскарларда шундай журъат йўқ турур.Руссия Шўролар Жумҳуриятидан келган вакилни ўлдирмакка,-дедим.
Ўртадин кўп сўзлар ўтди. Охири товариз Бик ҳақинда савол қилди.Ман айтдим:
-Албатта ҳукумат рост айтса керак, мани зиёда хабарим йўқ турур.

Шул вақт оташ арава званок қилди. Хўшлашиб тушиб қолдим. Оташ аравалар ўз йўлларига кетдилар. Август ойининг иккинланчи куни соғ-саломат Маскавга етишдик.
Хоразмнинг комил ҳуқуқли вакили биродаримиз Муҳаммадёқуб Абдулла Ҳожи ўғли ўзининг саркотиби ҳам сотрудник хизматчиларини пезшвозга юборган эркан. Олар бирлан кўришиб саломатлик сўрашиб нимарсаларимизни олиб, ўтиб кетмоқчи бўлдик. Лекин ҳеч мумкин бўлмади. Тоза иқтисодий сиёсат шундай бўлган экан: ким бўлса бўлсин тамоми нимарсаларни ўлчаб чиқариб эрканлар. Бизларнинг ҳам нимарсаларимизни ўлчаб одам бошига бир пуддан қайтиб зиёдасига бир миллион сўм ақча олдилар. Ондин мархас бўлғондин сўнг араваларга ўтириб, Арбатский ўрдасида бўлган Хоразм ваколтахонасига -Муҳаммадёрбойнинг олдига келиб тушиб кўришиб саломатлик сўрашиб фарағат бўлиб ўтирдик. Хивада бўлиб турган ўтган аҳволлардин сўйлашиб ўтириб, наҳори қилдик. Иттифоқи ушбу кун арафа куни эркан. Ғусул қилиб ётдик. Эртанг сешанба куни Муҳаммадёрбой ва бошқа йўлдошларимиз бирлан Татаскийдаги мусулмонларнинг катта масчитига ийд намозига бордик.Намозни ўқиб тамом бўлгандин сўнг масчитни имоми ҳазратни уйига Бухоро вакили ҳам нўғой ёш катталари бирлан фотиҳага кирдик. Бир коса чой ичиб ийид таомларидан тановвул қилдик.

Ондин рухсат олиб чиқиб биродар Комилжон Ҳакимжоновнинг уйига биродаримиз бирлан фотиҳага бордик. Арафа ийиди қурбон муносабати бирлан Хива хонзодаларидан ҳибсда ётган Носир Тўра, Муҳаммад Ризо тўра, Сайид Тўралар ҳибсхона мудиридан рухсат олиб, қоровуллар бирлан намозга келган эрканлар. Комилжон афанди буларни уйига таклиф қилғон эркан. Алар бирлан кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашдик.Тўралар бола-чақаларини, қариндош-уруғларини соғ-саломатликларини эшитиб, кўп-кўп хушвақт бўлдилар. Ондин наҳори қилиб, ваколтахонага кетдик. Тўралар ҳам қоровуллар бирлан ваколтахонага келдилар. Наҳори қилиб, кўп вақт ўтириб ўз аҳволотларини баён қилиб, овқат учун тижорат ҳайъатига ариза бердилар.Овқатлари учун ҳозирлиқча тижорат ҳайъати 10 миллион ақча берди ҳам озуқалар келгандин сўнг озуқа бермакка ваъда қилди. Бошқа йўлдошлар ҳам уларга ақчалар бердилар.
Муҳаммадёрбой афанди ҳамда ўзим ҳам ва бошқалар хўраклар беришди, ийд таомларидин бериб кеч бўлғондин сўнг узатиб юбордилар. Бечоралар кўп рози бўлиб Хивага боргандиек бўлдик деб хеш ақробларига салом айтиб йиғлаб, хўшлашиб кетдилар.

Махфий қолмасинким, афғон вакили бизлар Комилжонникида бўлган вақтда ваколтахонага фотиҳага келиб кетган эрканлар. Бизлар ҳам Муҳаммадёрбой бирлан афғон ваколатхонасига фотиҳага бордик. Вакил афанди бирлан кўришиб муборакбодлик қилишиб ўтирдик. Муҳаммадёрбой афанди мани вакил афандига тақдим қилиб айтди:
-Ушбу биродаримиз кеча Хивадин тижорат вакили бўлиб Марказий Ярмаркага келган турур. Ўзи инқилобчи, “Ёш хиваликлар”нинг бошлиғи биродар Ҳожи Полвонниёз Юсупов турур.
Вакил афанди Хива аҳволотидан сўрашиб ўтирдилар. Ман жавоб бериб турдим. Бир стакон чой ичиб рухсат сўрадик. Жавоб бермади. Наҳори ҳозир турур, деб ўтириб ваколатхона маъмурлари ҳам муваққат нўғой муфти афандилар бирлан наҳори қилиб, шарбат ичиб , ҳар тарафдин сўйлашиб ўтирдик. Муфтий афанди рухсат олиб кетдилар. Ондин сўнг вакил афанди ўз таржимони бирлан бизларни автомобилга ўтиртириб Эрон консулхонасига олиб кетди. Онда бориб кўрсак, Эрон вакили уйида йўқ эркан. Муовини ҳам вакил афандининг ўғли қабул қилиб ўтириб чой ичмакка буюрди. Ҳам жаноб афанди афғон вакили бирлан форсий муборакбодлик қилишдик. У бизлар бирлан ҳам муборакбодлик қилди. Жаноб афғон вакили бизларнинг қайдин келганимизни баён қилдилар. Хуш келдингизлар деб самимиёна қабул қилди. Ҳам биродар Муҳаммадёрбойдин савол қилди:
-Форсча, русча билурсизми?,-деб.
Муҳаммадиёрбой турк тилидан ўзга тилни билмасман, деди.

Мандин савол қилди.Ман айтдим:
-Форсча тушунурман, аммо такаллум қилмоқға бир нима ожиз турурман.Русча сўйлашмакни билурман,-дедим.
Ул киши русча билур эрканлар. Хоразм аҳволотиндан русча сўзлашиб ўтирдик. Ман ҳар бир саволига мувофиқ жавоб бериб турдим. Кўп мамнун бўлди ҳам айтди:
-Кўп замонлар бир-бирларидан хабарсиз бўлиб турган мусулмон биродарлар шўролар ҳукумати замонида кўришиб, ўзларининг аҳволотиндан сўйлашиб турганлари учун Руссия Шўролар Жумҳуриятига шукурлар қилди. Ондин сўнг кетишга рухсат этди. Кўришиб, хўшлашиб узатиб юбордилар. Ондин жаноб афғон вакилининг автомобилига ўтириб, бизларнинг манзилимизга келтириб тушириб, хўшлашиб, ўз манзилига ўтиб кетдилар.

Махфий қолмасинким, афғон вакили зиёда хўш юзлик, мулойим олим бир зот эрканлар. Ондин сўнг уйда ўтириб эрдик, турк вакили бирлан суҳбат қилишиб, бир-бирларимизни муборакбодлик қилишиб, ҳар тарафдин сўйлашиб, чой ичиб ўтирдик. Ондин сўнг улар рухсат олиб кетдилар. Кечда Тошкантлик Назир Тўрақулов келдилар. Бир икки соат ўтириб, хўшлашиб кетдилар. Жума куни биродар Муҳаммадиёр савдо зироат нозири биродар Мирзо Абдулқодир Муҳидтдиновникига бордик. Онда биродаримиз қозоқ Тўра Рисқуловни кўриб, омон-соғлик сўрашиб, Тошкантдаги муҳожирия вақтларимизда бўлиб ўтган можаролардин сўйлашиб, ҳам Хивада бошимизга тушган фалокатларни сўйлашиб ўтирдик. Ҳам бир-биримизнинг саломатлик билан кўришганларимизга худога шукурлар қилдик. Рухсат олиб қайтиб кетдик. Ондин чиқиб Турк ваколатхонасига бордик. Онда 5-10 дақиқа суҳбат қилиб, уйга қайтиб келдик.

Махфий қолмасинким, соат 6да Бухоро ваколатхонасига қурбонлиқға таклиф қилиб эрдилар. Биродаримиз Муҳаммадиёрбой бирлан бирга шунга бордик. Кўрсак катта бир зиёфати олий эркан.Тамомийлари бирлан кўришиб ўтирдик. Бухоро муваққат вакили ҳам ҳарбия нозири қрим татар биродар Тохарин мани меҳмонларга кўрсатиб, эълон қилди:
-Бул киши Хоразм ёш инқилобчиларининг бошлиғи биродар Юсупов турур. Тошкантга Хива хонидан қочиб келиб ёш хивалиларнинг инқилоб қўмитасини барпо қилиб, Хоразмга Инқилоб киргизиб, Хоразмда Шўролар ҳукуматини барпо қилғон одам турур,-деб.

Ҳамма меҳмонлар бирлан соғ-саломатлик сўрашиб ўтирдик. Ярим соатдин сўнг наҳори столига таклиф қилдилар. Стол тамоми ичкилар ҳам совуқ закускалар бирлан зийнат қилинган эркан. Меҳмонлар емоқ-ичмоқ бирлан машғул бўлдилар. Бизлар ҳам фруктовий свлардин ичиб, еб ўтирдик. Охиринда қурбонлик гўшти бирлан муҳайё бўлган палов келтирдилар. Меҳмонлар завқ бирлан наҳори қилдилар. Ондин сўнг ширин нимарсалардин морожний ва бошқалардин бердилар. Охири чой ичдик. Зиёфат соат ўнларга борди. Бизлар рухсат олиб қайтиб манзилимизга келдик. Эртанг биродар Бройдони бориб кўриб саломатликларини сўрашиб, хушвақтчилик қилдик. Афғон вакили бизларни келганимиз учун алоҳида ўз таржимони бирлан келдилар. Вазият учун икки соат ўтириб суҳбат қилишдик. Ҳам илтимос қилдилар. Бир-бирларимиз бирлан тез-тез кўришиб турмоқни.

Эртанг хорижия нозири муовини Караханни бориб кўрдик. Кўп очиқ юз бирлан қабул қилди. Биродар Муҳаммадиёрбой мани тақдим қилди:
-Бул киши инқилобчи “ёш хиваликлар”нинг бошлиғи, кўп замонлар Хива хони билан курашиб охири Руссия шўролар ҳукуматининг ёрдами бирлан ҳуррият олғон биродар Юсупов турур,-деди.
Карахан қабул қилиб айтди:
-Бул кишини ман кўп яхши билурман,-деди.
Андин сўнг Хоразм аҳволатидин савол қилмоқға бошлади. Ман таржимага қаноат қилмасдан русча сўз бирлан жавоб бериб турдим. Шунда Карахан сўради:
-Ҳозирги вақтда нечук хизматдасиз?
Айтдум:
-Марказий Ярмаркага комил ҳуқуқли тижорат вакили қилиб юбордилар,-дедим.
-Бобоохун саломатми, ул киши нима ишда турур?,-деди Карахан.

Ман айтдум:
-Саломат турур, сизга салом айтди.Ўзлари мадрасада мударрислик қилурлар, ҳукумат хизматида эрмаслар,-дедим.
Андин сўнг биродар Муҳаммадиёрбой маълум қилди:
-Ман муваққатча Хивага бориб келурман. Тоза иқтисодий сиёсатга биноан ваколатхона ҳузурида тижорат шўъбасини очмоқға рухсат олиб келурман,-деди.
Карахан айтди:
-Ўрнингизда мунда ким қолур,-деди.
Муҳаммадиёрбой айтди:
-Хўжалик мудири бўлиб турғон Юсуп Музаффаровни ўрнимга қолдирадирман,-деди.
Шунинг бирлан хўшлашиб қайтуб кетдик.

Махфий қолмасинким, товариш Карахан очиқ юзли, кенг маълумотли, бир армани йигит эркан. Лекин товариш Чичерин жанубда, конференцияда эрди. 12 августда биродар Бакиевлар бирлан юкларимиз соғ-саломат келиб чиқдилар. 14 августда юкларимизни вокзалдан келтириб бўлдилар. Лекин кўп ақчалар сарф бўлди. 15-чида Муҳаммадиёрбой бирлан миллий ишлар комиссари озарбайжонли биродар Ҳасановни бориб кўрдик. Хоразм аҳволотидан тўлиқ маълумотлар бердик. 17-чида пахта қўмитасига чақирдилар. Онда бориб сўйлашдик. Айтдиларки, Маскавга келатурғон пахталарни ҳукумат монопол қилди. Пахта қўмитаси ўз қўлига олиб тамоми фабрикаларга ўзи бўлиб берадур, дедилар. Ман айтдум:
-Бизлар мунда ҳеч пахта келтирганимиз йўқ турур. Агар кимга пахта даркор бўлса Хивага бориб онда олурлар. Биз мунда пахта келтириб овора бўлиб юрмасмиз,-дедим.
-Нечук келтирмассиз,-деб савол қилдилар.

Ман жавоб бердим:
-Йўлда босмачи бор . ҳам темир йўлда юрмоқ зиёда машаққат турур, -дедим.
Ҳам яна айтдум:
-Хоразм ҳукумати ғайрат қилиб деҳқонларга ёрдам қилиб, пахта кўп эктурди.Агар ушбу йил яхши баҳо бирлан олиб деҳқонларни хушвақт қилмасалар, келаси йилда деҳқонлар ўз керакларидан бошқа ҳеч пахта экмасликлари керак,-дедим.
Андин чиқиб кирай уйга бордим. Андин сўнг олиб келган нимарсаларимиздин икки-уч той қилиб тамоми нимарсаларни намуналаридин олиб 21-чи августда кечда ўт аравага ўтириб Марказий Ярмаркага сафар қилдик.

Махфий қолмасинким, кассадан билет олиб берган одам билет божига беш миллиондан ҳақ олурлар, начальниклар савдолашиб ҳақ олурлар.Багаж ўлчаб бериб, бизларни ўрнимизга ўтиганлари учун 40 миллион олдилар. Тамоми йўл харажатлари шунга ўхшаш турур. Оллоҳ хайрли қилсин. 22-августда эрта бирлан марказий ярмаркага келиб тушдик. Бир савдойи қўмитадин биринчи рўйдин бир дўконни ости-усти бирлан 360 миллионга кирайга олдик. Кириб жойлашиб ўтирдик. Бизнинг бирлан келганлар Абуллабой, Янгибой, Халил Тригулов, Комилжон Ҳакимжоновлар эрдилар. Чой ичиб бухоролик биродарларимизнинг дўконига бордик.Тижорат бошлиғи бўлиб келган Юсупбой Муқимбой ўғли эркан. Ёнида аъзо аввалги савдогарлардин Изомшоҳ ҳам бор эркан. Кўришиб соғ-саломатлик сўрашдик. Чой келтирдилар. Чой ичиб ҳар тарафдин сўйлашиб ўтирдик. Андин сўнг наҳори келтирдилар. Наҳори қилиб хўшлашиб қайтиб кетдик. Андин чиқиб Туркистон савдо вакили биродар Саъдулла Хўжа Турсунхўжаевни бориб кўрдум. Соғ-саломатликлар сўрашиб ҳам бошларимизга тушиб ўтган мажоратларни айтишуб сўйлашиб ўтирдик.
Шунда ман гийла ( гина-У.Б.) қилдим Саъдуллахўжадин.
-Агар сиз Бухорода қолмай тўғри Хивага борғон бўлсангиз бизларнинг бошимизға бул савдолар тушмас эрди, ҳам Хоразм мундай бўлмас эрди,-дедим.
Онда у айтди:
-Насиба шундай эркан. Йўлга чиқғон вақтларда Бухоро воқеаси бўлиб қолди ҳам манинг қолмоғимга буйруқ қилдилар- Ҳам кулиб яна айтди-агар борғон бўлсам сизнинг бирлан бирга қочиб кетмакка тўғри келур эрди,-деди.

Ман айтдим:
-Агар сиз борғон бўлсангиз бул ишлар бўлмас эрди. Хоразм жаннат бўлур эрди,-деб жавоб бердум.
Андин сўнг у айтди:
-Товариш Малишев ҳар куни сизни сўраб турур, эртанг сизни бирлан бирга боруб кўрармиз, -деди.
Хўшлашиб қайтуб кетдим.

Махфий қолмасинким, Марказий Ярмаркани томоша қилдик. Нечук кўз бирлан кўрурсан. Аввалги вақтларда келиб савдолар қилғон магазинлар ҳам одамлар бўлатурғон 4-5 қават иморатлар ҳам катта-катта тамошо юртлари ҳам, бозор ҳам остин-устин бўлиб, хароб бўлғон. Гўё фиравънларнинг мозорига ўхшаб ётиб турур. Савдолари бўлса коопторг, внешторг, халқ хўжалиги трести, синдикат, кооператив ва бошқа-бошқа учреждениялардин иборат турур. Частний одамлар йўқ турур.
23 августда биродар Турсунхўжаев бирлан ярмаричний қўмита раиси товариш Сергей Малишевни бориб кўрдик. Кўп шодлик бирлан қарши олди. Кўришиб, саломатлик сўрашиб айтди:
-Ман бир ойдин сизни кутиб ўтирибман,-деди.
Ман айтдим:
-Йўллар кўп узоқ бўлиб кетди. Намуна учун олиб келатурғон нимарсаларимиз йўлда узоқ қолди. Шуларни кутиб Маскавда 19 кун турдик,-дедим.
Дарҳол хотини чиқиб, чой ҳозирламоққа машғул бўлди.

Махфий қолмасинким, товариш Малишев Хивада тижорат шўъбасининг раиси бўлиб манинг вақтимда Хивада бўлиб бизлар бирлан кўп ишлар қилишғон эрди. Охирги вақтда комил ҳуқуқли вакил бўлиб қолғон эрди. Бизларнинг ишларимиз бирлан яхши ошно эрди. Хива аҳволотини ҳам ўз бошларимизға тушғон ҳалокатлардин сўрашиб ўтирди. Ман бўлғон можароларни ҳам товариш Сафоновнинг қилғон номувофиқ ишларини сўйлаб ўтирдим. Товариш Малишев кўп афсуслар қилди.Чой ҳозир бўлди. Чой ичиб хўшлашиб кетмакчи бўлғон вақтимизда мудириға айтди:
-Юсуповни Турсунхўжаев бирлан ҳузурингизга юборурман.Хива аҳволотидан сўраб маълумот олиб қолурсиз,-деб бизларни юборди.
Бориб муҳаррир афандини кўрдик. Камол эҳтиром бирлан қарши олиб Хива аҳволотидан маълумот сўради. Ман жавоб бериб ўтирдим. Кетмакчи бўлғонимизда айтди:
-Сизнинг ёнингизга бир одам юборурман, Хива тўғрисинда тўлиқ маълумот берурсиз,-деди.

Ман қабул қилдим. Адресимизни ёзиб қолди.уч кун ўтди, намуна учун олиб келган териларимизни сотиб ақчасини олдук. 27-нчи августда қоракўлтери ҳам тулкиларимизни коопторг бирлан савдо қилиб тамом қилдук. 28-нчи августда баъзий олатурғон нимарсаларимизни олмоқ бирлан машғул бўлдук. Ҳукумат дўконларидин нимарса олмоқчи бўлсангиз дўкон бошинда турғон биродар бирлан келишиб бўлғондин сўнг мол олурсиз. Агар бир неча процент бермасангиз мол йўқ, агар кўриниб турғон бўлса баҳоси номаълум , деб мол бермас эркан. Кўп машаққатлар бирлан бир оз мол олиб қўйдик.Эртанг бориб товариш Малишев бирлан хўшлашиб қайтмоқчи бўлдик.
Товариш Малишев айтди:
-Келаси йилда тамоми Хоразм савдогарлари бирлан Марказий Ярмаркага келмакингизни барпо қилурман. Мандин Хоразм ҳукуматида ўтирганларга кўп салом сўйланг,-деб хўшлашиб узатиб қолди.
2-нчи сентябрда скорий поезд бирлан Маскавга, Хоразм сафаратхонасига келиб тушдик.
31 августда биродаримиз Муҳаммадиёрбойни Хивага узатиб юбордик. Унинг ўрнида муваққат равишда Юсуп Музаффаров ўтириб қолди.

Махфий қолмасинким, Бухоро Халқ Жумҳуриятини Нозирлар Шўросини раиси биродар Файзулла Хўжа Маскавга келди. 5 сентябрда Юсуп Музаффаров бирлан бориб уни кўрдик. Соғ-саломатлик сўрашиб, кўп суҳбат қилиб, ҳар тарафдин сўйлашиб ўз бошимизга тушган можаролардин баён қилиб ўтирдик. Нечунким биродар Файзулла Хўжа бирлан икки йил муддатида Тошкантда муҳожир бўлиб қолиб эрдик. Мукаммал Махсум Бурҳонов ҳам ҳамроҳ эркан. Бул киши бирлан бир манзилда туриб эрдик. Биродар Файзулла Хўжа кўп таклиф -илтимос қилди: тез-тез келиб кўришиб турмоқға.

4-ланчи сентябрда Мустафо Камол пошшонинг инқилобчи аскарлари Измир шаҳрининг юнонлар қўлидан қайтариб олгани учун Юсуп Афанди бирлан турк сафаротхонасига бориб кулли Хоразм улома, фуқаролар тарафидин муборакбодлик қилдик.

23 сентябрда кулли Маскав мусулмонлари ҳукуматидин рухсат олиб, мусиқа, байроқлар бирлан намойиш қилиб, бошинда миллатлар комиссарининг муовини товариш Бройдо, Шарқ дорулфунунидаги шарқ талаба-ўқувчилари бирлан Турк ваколатхонасига бориб муборакбодлик қилиб, қаҳрамон турк қизил аскарларига дуо қилиб, кулли Маскав кўчаларида юруб кун ўтказдилар. Ондин сўнг бизлар ҳам савдо ишларимизни биткармакка машғул бўлдук. Молларимизни топшириб ақчаларимизни олиб, харид қила бошладик.

Энди Хива аҳволотидан ёзурмиз. Хива тарафидан Шарқ дорилфунунида ўқимоқ учун бир неча хивали ҳам татар талабалари келиб қолди. Сафаратхонага меҳмон бўлдилар. Олардин Хивада бўлиб ўтган 3-ланчи халқ қурултойида бўлган можароларни сўраб билдик.

Июль ойининг бирланчисида Қурултойга вакиллар сайлаб келмоқ учун агентлар қишлоқларга кетганлар ва ўзларини ҳоҳиш қилган одамларни сайлаб олиб келганлар. Қишлоқ халқлари ушбу сайловга рози бўлмай ҳукуматга арзга келганлар. Андин сўнг қурултой марказ комиссиялари ҳар тарафга тоза комиссиялар юборганлар. Шул жумладин қурултой комиссиясининг аъзоси, ёшлар бирлигининг масъул саркотиби татар Салим Галиуллин, марказ касаба шўросининг раис муовини Исмоил Ваисовларни ошоқ ( Хоразмнинг чекка туманлари назарда тутилмоқда-У.Б.) тарафга юборганлар. Улар бориб халқларни жамлаб, халойиқни ўзлари ҳоҳлаган одамларни сайлаб юборганлар. Бошқа ерларда ҳам шул тариқа қилғонлар. Андин сўнг тамоми халқ вакиллари жам бўлиб учланчи халқ қурултойини очганлар. Бир икки кун табрик бирлан ўтган.баъзий нозирларнинг доклади ҳам бўлғон. Қурултой президиумини сайлаганда Салим Галиуллин ҳам президиумга ўтган. Охири ишга бошлаганлар. Аскарлардин ҳам кўп вакил кирган. Андин сўнг Салим Галиуллин таълими бирлан халқ вакиллари ҳукуматда ўтирган одамлардин кўп-кўп диққатли саволлар қила бошлаганлар. Хусусан биродар Салим Афанди ҳукуматда катта ўринда ўтирган биродарларга боғланиб ҳар турлик диққатли саволлар қилғон. Ҳам Руссия комил ҳуқуқли вакили товариш Бикга бойланиб тамоми қонунга хилоф ишлардин савол-жавоб қила бошлаган. Товариш Бик кўрган ишлар ёмон турур. Охири қаҳрланиб чорасига киришган. Бир кун қурултойда Бик сўз олиб сўйлаган ҳам эълон қилган:
-Вакил биродарлар! Сизларнинг ўрталарингизда хойин, бузғунчи бўлгани очиқ билинди. Сизлар ул одамни сўзига эътибор қилманг. Онингдек хоин одамлар ҳар ерда топилур.Онингдек одамнинг сўзларини ҳеч эътибори йўқ турур,-деган.

Андин сўнг Салим афанди туруб товариш Бикга қараб айтган:
-Санинг бул айтиб турғон сўзларинг фақат манинг учун турур.Ман ҳеч хоин эмас турурман. Фақат ғайри миллат бир одам турурман.Сан бечора ёш Хоразм жумҳуриятига қанча зарар етказдинг.Шул жумладин айтурман.Ҳеч лозим бўлмаган нимарсалардин қанча олтинлар сарф қилиб, меҳнат нишони исм қўйиб , одамларни алдаб, ўзингга дарак бўлғон одамларга бермакка буюрдинг. Ҳам ҳар кимларга миллатни моли бўлғон олтин соатларни бермакка буюрдинг.Шунингдек қанча-қанча миллат хазинасига зарарлар етказдинг.Алҳосил санинг бирлан бирга бўлган одамларга миллат хазинасидин бир нимарсалар бирлан пайдолар етказдинг.Ўзинг коммунист бўлиб Хоразм бозорларидан олтин-кумушлар олдириб Маскавга юбориб турдинг.Бул қилғон ишларинг хиёнат жумласидан эрмасму,-деб қаттиқ-қаттиқ сўзларни айтган.

Товариш Бик бу сўзларга тоқат қилабилмай чиқиб кетган.Қурултой бул кун тарқалиб кетган.Эртанг эрта бирлан қурултой мажлиси очилган. Товариш Бик туруб сўз олиб вакилларга қараб айтган:
-Эй халқ тарафидан сайланиб келган азиз вакиллар1 Сизлар ушбу жалотойнинг сўзига ҳеч илтифот қилманглар.Ҳар ким шўролар тарафдори бўлса, бул тарафга ўтсинлар,-деб эълон қилган.
Шул вақтда товариш Бикнинг иттифоқ қилиб қўйган одамлари ўтган.Бошқа шаҳардин келган вакиллар кўрганлар, агар булар ўтмай ўтирсалар, албатта товариш Бик ёмон кўриб бир баҳона бирлан буларни ҳам бир балога дучор қилса керак.Булар ҳам чор-ночор Бикнинг кўрсатган тарафига ўтганлар. Фақат 1-2 одам ўтмай қолган.Бик кўрган, аксари вакиллар ўтиб, ақлли одамлар ўтириб қолган. Дарҳол ўз одамларига буюрган: Салимни арестоват қилмоқға. Дарҳол Исомаддин деган пирсиён -эроний бошлиқ бир неча одамлар уни тутиб арестоват қилиб, мажлисдин олиб чиқиб кетганлар. Шу онда Салим Галиуллин норозилик баён қилиб чиқиб кетган. Биродар Ваис Раҳимийнинг ҳам Хивадин чиқариб ўқувга кетсун, деб ҳукм қилган. Они ҳам юборган. Ондин сўнг қурултой бошқа бир ранг олиб кетган. Биродар Бик ўз ҳоҳиши бирлан нечук кўрсатса, шундай бўлган. Ҳам 60 одамни кўрсатиб ҳукумат таркибига тасдиқ қилдирган. Ондин сўнг Чоржавдин келган вакил афандиларга бир неча аршин кўйлаклик читлар инъом қилдирган.Бир мажлисда биродар Муҳаммад Раҳим Девон чиқиб эълон қилган ҳам таклиф киритган:
-Биродар Бик Хоразм жумҳуриятига кўп пайдолик ишлар қилди. Қурултой вакилларидан илтимос қилурман.Товариш Бикни Хоразмда яна бир неча йиллар қолиб, раҳбар бўлмоғини сўраб Маскавга телеграмм берилса экан,-деб.

Қурултой бу таклифни қабул қилган ва телеграмм берганлар. Ондин сўнг ҳукуматда қолганларни ўзлари мазкур 60 одамдин ҳукумат органларига сайлаганлар. Ижроия қўмитага раис қилиб Абдуллаҳожи Муҳаммадниёз ўғли, муовини -Човдур Янгибой, бирланчи муовини -Абдураҳим Ҳожи, иккиланчи муовини-Собирбой Қурбонбоши ўғли, аъзоликка: Мадраҳим Олланазар ўғли, Аҳмад Маҳмуд ўғли, Жумабой ,Деҳқонмурод юзбоши, татар Шарафиддиновлар сайландилар. Жаноб Каниевни масъул саркотиб қилиб сайлаганлар. Ҳарбия нозири лавозимига товариш Валошин, нозирлар шўросига муваққат қилиб Бобожон Отажон ўғли, унинг муовини қилиб татар Муҳаммаджонов, адлия нозирлигига Исо Охун, зироат нозирига Усмонов, хорижия нозирига Конеев, муовини Иброҳим Оллабергановларни сайлаб қўйганлар.

Махфий қолмасинким, нозирлар шўросига Бобожон Отажоновни муваққат сайлаб қўйганларига сабаб шулким, Маскавга кетган Абдуллаҳожи нозирлар шўросига раис эрди. Агар Отажоновни ҳақиқий раис сайлаб қўйсалар, Абдуллаҳожи эшитиб, Хивага келмаса керак. Товариш Бик шундай сиёсат қилиб ишлаган. Абдуллаҳожи манинг ўрнимга ҳеч киши тайин қилмаган, албатта ўзимни ўрнимда қолдирганлар , деб ўйлаб Хивага келса, товариш Бик тутиб ҳибс қилса, нечунким Абдуллаҳожи товариш Бикнинг номувофиқ ишлаган ишларини Маскавда тегишли жойларга маълум қилиб эрди. Абдуллаҳожи ушбу сиёсатни англаб ҳеч Хивага қайтмай Туркистон тарафларида юриб, Оралское моредан Чимбойга келиб бошқа тарафларда пинҳон бўлиб юрган.

Махфий қолмасинким, Маскавдин тафтиш учун чиққан Кобезов Тошкандин Довудов деган татар йигитни таржимонликка олиб, Хивага бориб, тамоми товариш Бикниг ишлаган ишларини кўриб, ҳам ҳар кимлардин маълумот олиб қайтган.

Махфий қолмасинким, ҳибс қилинган Салим Галиуллинни Оралское море орқали Тошкантга юборган.

Махфий қолмасинким, Каримберган Сапаевни Маскавга комил ҳуқуқли вакил қилиб Муҳаммадиёрбойнинг ўрнига юборганлар. Ушбу баён бўлган биродар Ҳивадин сентябр ойида Маскавга қараб чиққан.
Махфий қолмасинким, бир кун сафаратхонада ўтириб эрдик, хорижия нозирлигида хизматда бўлиб юрган товариш Агафин бир йигит бирлан келди. Кўришиб ўтирди. Ҳам ушбу йигитни кўрсатиб тақдим қилди:
— Ушбу биродар Городецкий, товариш Бикнинг ўрнига Хоразмга комил ҳуқуқли сиёсий вакил бўлди, сизлар бирлан танишиб бирга кетмакчи ,-деди.

Дарҳол чой келтириб, чой ичиб ҳар тарафлардин суҳбат қилиб ўтирдик.Ондин сўнг ман илтимос қилдим:
-Эртанг хотинларингиз бирлан келингиз бунда.Шарқ усулинда зиёфат қилурмиз,-дедим.
Қабул қилдилар ва рухсат олиб қайтиб кетдилар. Ондин сўнг биродар Юсуп Музаффаров манга кенгаш қилиб, Хивага хорижия нозирлигига телеграмм берди. Мазмуни шундан иборат турур: Хоразм жумҳуриятига комил ҳуқуқли вакил қилиб товариш Городецкийни тайин қилдилар. Хоразм савдочилик иши бирлан борса керак, деб.
Эртасига зиёфат ҳозир қилдик.Муқаррар бўлган вақтда меҳмонлар келдилар. Уч соат миқдори суҳбат ва ноҳари қилиб қайтдилар. Товариш Городецкий ҳам бир кунни муқаррар қилиб, бизларни уйига зиёфатга таклиф қилди. Бизлар ҳам қабул қилиб, муқаррар бўлган кунда бордук. Кўрсак, отаси, уч синглиси ва куёви бор эркан. Кўп яхши рўзғори бор экан. Кўришуб, танишуб чой ва ноҳари қилиб, 3-4 соат ўтириб, суҳбат қилиб, рухсат олиб хўшлашиб қайтиб кетдик.

Махфий қолмасинким, товариш Городецкий тез-тез бизлар бирлан йўлиқиб, Хивага кетмоқ ҳақинда маслаҳат қилишуб турди. Товариш городецкийнинг исми Борис Григорьевич бўлиб, ўзи Исроил қавмига мансуб бўлиб, машҳур товариш Бройдонинг куёви турур.

Махфий қолмасинким, Маскавга комил ҳуқуқли вакилимиз биродар Каримберган Сапаев келиб етишди. Пешвоз чиқдик. Кўришиб Хива аҳволотидан сўрашиб билдик.

Махфий қолмасинким, Сапаев келмасидан бурун Хивадин телеграмм келиб қолди.Сапаевга ҳукумат буюрган: ҳар нечук йўл бирлан бўлсин товариш Бикни Хивада ўз ўрнида қолдирмоқға тараддуд қилсин, деб. Биродар Сапаев тегишли ерларга мурожаат қилиб кўп тараддудлар қилди. Ҳам ҳукуматдин келган телеграммни тегишли ерларга кўрсатган.Ҳеч қабул бўлмаган. Шунинг бирлан товариш Городецкий 25-нчи октябрда Тошкантга қараб чиққан. Ҳам Тошкантга келиб тушган. Бизлар ҳам тамоми ишларимизни битказиб 20-нчи октябрда ҳукумат учун олган нарсаларимизни уч вагонга солиб, йўлдошларимиз бирлан Чоржавга юбориб, ўзимиз ҳам тез боратурғон поезд бирлан Тошкантга қараб равона бўлдик. Бешланчи кунда Тошкентга келиб Хоразм консули биродаримиз Бобожон ёқуб ўғлининг олдига тушуб, вагонларимизга мунтазир бўлиб ётдик. Бекор вақтимизда ошно, ёру дўст биродарлар бирлан кўришиб хурсанд бўлдик. Шул жумладин Юсуф Иброҳимов бирлан кўришиб, саломатликлар сўрашиб кўп шод бўлдук. Нечунким, мазкур биродар бизларга муҳожират вақтимизда кўп-кўп ёрдамлар қилиб эрди. Биродаримиз уйига таклиф қилди. Бориб жамоатлари бирлан кўришиб чой ичиб, ноҳари қилиб қайтдук. Ондин сўнг ҳар кунда кўришиб, сўйлашиб юрдик.

Махфий қолмасинким, биродар Рисқулов ҳам товариш Рудзутак Маскавда бўлғон вақтда айтиб эрдилар: Тошкантга борғонда албатта бизлар бирлан йўлиқиб туринг, деб. Ман биродаримиз Рисқуловни кўриб саломатлик сўрашиб товариш Бройдо ҳам товариш Кучербоевларни хатларини топширдим.

Маълум бўлсинким, Туркистонда бўлиб турган босмачиликлар ҳақинда Москвада – партияда катта қўшма мажлис бўлиб, машҳур Турккомиссияда раис бўлиб турғон собиқ грузин Элиава доклад қилган. Хуллас, мани шунга далолат қилган: Туркистонда одамларнинг муҳаббатларини қозонган аввалги раҳбарлар ҳукумат бошинда ўтирса, ул вақтда Туркистон тинч бўлиб туражак. Бўлмаса шул босмачилик давом қилиб Туркистон хароб бўлажак. Шул сўзга қўшма қилиб товариш Рудзутак ҳам сўйлаган: Охири кўп сўзлардин сўнг шунга қарор қилганлар: аввалги масъул ишчиларни Тошкант ва Фарғонада хизматда қўймоқға. Дарҳол шул вақтда товариш Рудзутакни Ўрта Осиё бюросига раис қилиб сайлаганлар. Товариш Рудзутак 1919 йилларда Тошкантда Турккомиссияга аъзо ҳам молия ишларига маъмур эрди. Ўзи латиш қавмига мансуб турур. Бизлар Хивага қайтганидан сўнг товариш Рудзутакни “сан бойлар тарафдори турурсан”, деб Маскавга қайтариб юборган эрканлар. Биродар Рисқулов бўлса Марказий Ижроия Қўмитага раис эрди. У кишини ҳам “сан миллатчисан” , деб Маскавга юборган эрканлар. Бул биродар қозоқ қавмига мансуб турур.Бул биродарни ҳам Тошкантга юбормака қарор қилганлар. Пахта қўмитасининг раиси товариш Бужмаевни қўшиб юборганлар. Булар Тошкантга келиб маъмур бўлғон ишларига машғул бўлғонлар. Биродар Рисқуловни нозирлар шўросига раис сайлаганлар. Биродар Рисқулов манга айтди:
— Рудзутакни кўринг,-деб.

Ман қабул қилиб чиқиб уйга келиб телефон бирлан товариш Рудзутакка маълум қилиб сўрадим, кўришмак ҳақинда. Эртага соат 10 да кўришмакка ваъда қилди. Эртанг бориб биринчи навбатда кўришдик, соғ-саломатлик сўрашиб, ҳар тарафдан сўйлашиб ўтирдик. Ҳам Хива аҳволотидан сўрашиб ўтирди. Ман айтдим:
-Хивага яхши хизматчилар юборинг ҳам ўзингиз бир марта бориб кўринг,-дедим.
Онда айтди:
-Афсус , ман Бухорога бориб кўрдим, лекин Хивага бора олмадим. Иншоллоҳ энди бориб борурман,-деб ваъда қилди.
Ҳаммадин биродар Юсуп Иброҳимовни сўради:
-Товариш Любимов Иброҳимовни Хивага юбормакчи турур.Биродар Иброҳимов Хоразм одамларига хайриҳоҳ ҳаммага маъқул ҳам Ёш Хивалилар қўмитасининг ишончлик бир аъзоси турур.
-Биродар Любимов кўп яхши ўйлаб турурлар,-дедим.Ҳам илтимос қилдим:
-Низомаддин Хўжаевни ҳам Хивага юборсангиз кўп яхши бўлур эрди,-дедим.
Сўнгра яна:
-Бул йигитлар Шўролар ҳукуматига хайриҳоҳ ҳам халқнинг аҳволи руҳиятига ошно одамлар турур,-дедим.
-Хўп, онда кўрармиз,-деб айтди.
Хўшлашиб қайтиб кетдим.

Махфий қолмасинким, Салим Галиуллин келиб қолди. Эшитиб дарҳол мени ёнимга келди. Сўрашиб Хивада бўлуб ўтган сиёсатлардин сўйлашиб ўтирдик. Тамоми бўлган ишлар ҳақинда муфассал доклад ёзган эркан. Ҳам айтди:
-Агар мумкин бўлса биродар Рисқулов бирлан сўйлашиб доклад қилур эрдим.
Ман айтдум:
-Эртанг биродар Рисқуловни кўруб сўрарман,-дедим.
Ҳам эртанг биродар Рисқуловни бориб кўрдим ва айтдим:
-Хивадин товариш Бикни сургун қилиб юборган Салим Галиуллин келган эркан. Албатта шунинг бирлан кўришуб Хива аҳволотидан сўрасангиз, кўп яхши маълумот олурсиз,-дедим.
-Хўп бўлур, эртанг соат 11 да келсун, -деди.
Хўшлашиб қайтиб кетдим.Биродар Салим Галиуллинни кўруб айтдим:
-Эртанг соат 11 ларда биродар Рисқуловга учрашинг,-дедим.
-Хўп бўлур,-деб қолди Галиуллин.
Галиуллин Рисқуловнинг олдига бориб Хива воқеаларини бир-бир баён қилган ва докладларини берган.

Махфий қолмасинким, товариш Кобезов ҳам келиб қолди ва меҳмонхонага жойлашди. Бизлар ҳам Юсуп Иброҳимов билан бориб кўрдик ва саломатлик сўрашиб чиқиб кетдик.
Маълум бўлсинким, Кобезов Ўрта Осиё бюросига Бикнинг тамоми номувофиқ қилғон ишларидин ҳам Салим Галиуллиннинг ноқонуний арестоват қилиб юборганини доклад қилган. Ушбу мажлисда Галиуллин айбсиз деб топилиб, озод қилиб қўлига хат бериб юборганлар. Ондин сўнг бизнинг вагонларимиз ҳам келиб етишди. Биродар Ваис Раҳимий ҳам хўшлашиб Оренбургга ўқимоқға кетди. Ман ҳам шул вагонларимизга ўтириб Чоржавга жўнаб кетдик. 13-ланчи ноябрда Чоржавга келиб тушдик. Дарҳол пароходдин хабарлашиб , пароход конторадин юкларимизни бир жойга қўймоқчи бўлиб, сўйлашиб ва дарҳол бир жойга солиб, қоровулларимиз устинда ўтиртириб қўйдик. Бизлардин бир кун сўнг товариш Городецкий, иқтисодий комиссиялар , биродар Юсуп Иброҳимовлар ҳам келиб Руссия консулхонасига тушдилар. Хоразм консули Муҳаммад Раҳим махсум Раҳмонқуловга визит қилиб келдилар. Биродар Раҳмонқулов ҳам эртага зиёфатга таклиф қилди. Зиёфатга келиб, наҳорлашиб суҳбатлашиб қайтиб кетдилар.

Махфий қолмасинким, Хоразм пахта савдосини Тошкантда сўйлашиб, мол олиб кетмак учун Хивадин Муҳаммад Амин Эшон ўғли, Иброҳимбой Муҳаммадиёровлар Ашхабоддин келиб тушдилар. Кўришуб Тошкантга ўтиб кетдилар. Бизлар ҳам 17-ланчи ноябрда пароходга ўтириб товариш Городецкий ҳам иқтисодий ҳайъат консули Муҳаммад Раҳим Махсумовлар бирлан Хивага қараб равона бўлдик. Дарёда сув оз эркан пароходларимиз йўлда кўп юрди. 11-кунда Дарғонотага келдик. Андин чиқиб 3-декабрда Ҳазорасп ёқасига келиб чиқиб юкларимизни бир жойга чиқариб қолдирдик.
Махфий қолмасинким, Хива аҳволотидан маълум бўлсинким, биродар Бик Маскавда бўлғон сўзларни эшитиб биродар Абдулла Ҳожи Хўжаев ҳақинда кўп қаҳрланиб, Хоразмга келганини эшитиб дарҳол ўзи ҳам Усмонов ҳам Коневлар билан бир неча аскарлар ёрдамида Хўжайли тарафига кетганлар. Мақсад Абдулла Ҳожи Хўжани топиб ўзи жазо бермоқчи бўлғон. Лекин кўп тараддуд қилиб, топмай Хивага қайтиб келган. Ондин сўнг манинг ҳақимда Хивага қайтиб келган. Ондин сўнг менинг ҳақимда ҳам биродар Каримберган Сапаев бир неча бўҳтонларни ёзиб берган экан. Бўҳтонлар шундан иборат турур: Ман ҳам товариш Бикни ёмонлаб ҳар сўзни айтганман.Ҳам товариш Городецкийни кўп тараддуд қилиб Хивага олиб чиқганман. Шунинг бирлан мани ҳам Хивага келган ҳамон ҳибсга олмоқчи бўлиб маслаҳат қилиб қўйганлар. Ман бу воқеаларни Ҳазораспда эшитиб кўп хафа бўлиб , тамоми эшитган сўзларимни товариш Городецкийга баён қилдим ҳам ўзимни муҳофаза қилмоқ ҳақинда илтимос қилдим.Товариш Городецкий хафа бўлиб айтди:
-Энди бул вақтларда мундай бетартибликлар бўлмаса керак.Албатта бир кишини ҳеч бир айби бўлмай махфий шахслар адовати бирлан ҳибс қилиб бўлмаса керак.

Шунинг бирлан хўшлашиб, олар пароходга кириб, Тўрткўлга қараб жўнаб кетдилар. Бизлар шул ерда қолдик. Ондин сўнг Ҳазорасп шўроларига бир киши юбордик. Арва топиб бизларнинг юкларимизни Хивага тез узатиб юборисинлар деб. Нечунким қиш фасли турур, ёмғир ёғиб қолса йўллар лой бўлиб мушкул бўлур деб. Ман ҳам Муҳаммадшарипнинг арвасига миниб Ҳазорасп қаъласига кетдим. Келиб биродаримиз Собирбой Ҳожи Абдуллабой ўғлининг жойига тушиб ўтирдим. Отабой келди. Кўришиб саломатлик сўрашиб Хивадаги ва Маскавдаги аҳволотлардин сўйлашиб ўтирдик. Ондин сўнг Ҳазораспдаги ошна, ёр-дўстлар келиб кўришдилар. Шўролар аравалар топиб жамлаш бирлан машғул бўлдилар. Икки кунда 110 арава жам қилиб бердилар. Юкларимизни араваларга солиб одамларимизни устига ўтирғизиб Хивага узатиб юбордик. Бизларни олдимизга пешвоз чиққан биродаримиз Бекжон Маҳмуд ўғлига Отабойдин бир от олиб бериб, ўзимиз Бекжоннинг отини миниб эрта бирлан Хивага равона бўлдик. 1922 йил 6 декабрда Хивага келиб етишдик.

ДАВОМИ БОР

Махсус «Хуршид Даврон кутубхонаси» учун тайёрланди.

05

POLVONNIYOZHOJI YUSUPOV
“YOSH XIVALIKLAR” HARAKATI:
QUVONCHLAR, IZTIROBLAR, FOJIALAR
Nashrga tayyorlovchi va izohlar muallifi: Umid BEKMUHAMMAD
033

10-BOB. MOSKVA SAFARI: QIYINCHILIK VA QUVONCHLAR

Maxfiy qolmasinkim, ushbu safarda Markaziy Yarmarka hay’atiga qo’shilib ketgan odamlar: birlamchi rais :Polvonniyoz hoji Yusupov, ikkinchi xo’jalik mudiri ham muovin- Abdullaboy Husiyn Zargar o’g’li, uchinchi Mangliboy Ollabergan o’g’li-sarkotib, to’rtinchi no’g’ay-Xalil Trig’ulov-tarjimon, beshinchi Abdulla Shixboev-sotrudnik, oltilanchi Muhammadyoqub Ashur o’g’li, yettinchi Otaboy Yusupov-komendant, sakkizinchi Rahmatulla
Erniyoz o’g’li-oxran. Bulardin boshqa bizlar bilan yo’ldosh bo’lib chiqg’anlar: Xorazm hukumati tarafidin Toshkentga generalniy konsul bo’lib tayinlangan birodar Bobojonboy Yoqub o’g’li, Umriuzoq Yoqubjon o’g’li -konsulning sarkotibi, no’g’oy Ahmadjon Qozonli tarjimon va boshqa talabalar ham o’ris-no’g’oylar birlan Tosoqaga kelib yetushdik. Mazkur kunda To’rtko’ldin paroxod keldi. Tamomi nimarsalarimizni paroxodga solib, kun botmoqg’a ikki soat qolg’onda paroxodimiz yuqoriga qarab harakat qildi. Pitnakka yetmay qo’ndik. Alhosil 14 iyulda sog’-salomat Chorjavga kelib Muhammad Rahim oqsoqolning saroyiga tushdik. Borib Russiya konsulini ko’rib, mandatimizni ko’rsatib vagonlar to’g’risinda yordam so’radik. Darhol Toshkentga vagon uchun telegramm yubordi.

Maxfiy qolmasinkim, Maskav vakoltaxonasiga xat va ozuqa olib boraturgan kur`er Farg’onalik Tojiev ham Chorjavda erkan. 4-5 kun Chorjavda to’xtab, tamomi ishlarimizni saranjom qilib, mollarimizni bir vagonga solib, o’zlarimiz uchun ham bir vagon olib 20 iyulda jo’nab ketdik. Buxoro vakili mulla Panax Hojiev bola-chag’alari birlan bizlar ila o’tirib Buxorogacha ketdi. 22 iyulda Toshkentga kelib yetishdik.Toshkentdagi Xorazm konsuli birodar Bobojonboy kelib eski shaharga Umriuzoqning uyiga olib ketdi. Ertang borib xorijiya nazoratidan yo’llar to’g’risinda yordam so’radik. O’z qoidalari bo’yincha har yerlarga xat yozib berdilar. Ham xorijiya tijorat sho»basiga borib yordam so’radik. Ular ham va’da berdilar.

Maxfiy qolmasinkim, bul taraflarda toza iqtisodiy siyosat degan bir qoida chigan erkan.Kim birlan so’ylashsang faqat aqcha-aqcha, agar aqcha bo’lmasa hech bir nimarsa mavjud ermas erkan. Maning fikrimcha ishlar ko’p mashaqqat bo’lib ketgan erkan.Bechora kambag’al odamlarni kun ko’rmog’i ziyoda qiyin bo’lgan ekan.Olloh Taolo oxirini xayrli qilsin, 24 iyulda xorijiya nazoratidan xat olib, vagon to’g’risinda Turkkomissiyaga borib, rezolyutsiya qildirib Turkpunktga borib yo’liqdik.Hech bir natija chiqmadi. Andin so’ng Vneshtorgga Ivan Ivanovich Parulinga borib maslahat qildik. O’zlarimiz rasmi pochtovoy poezd birlan ketmakchi bo’ldik. 26 iyulda biletlar olib poezdga o’tirib yurib ketdik.

Ma’lum bo’lsinkim, otash arava ishlari ko’p yomon bo’lib ketgan erkan. Birovga bilet oldirmoqg’a buyursangiz bilet haqidin ikki chandon ziyoda ul kishiga xizmat haqqi berur erkansiz. Nechunkim, bilet sotaturg’on kassir afandi ham shul kishiga sherik ekanlar. Nasilshiklar ham bo’lsalar toza iqtisodiy siyosat orqasinda yo’lovchilardin ko’p-ko’p aqchalar olur erkanlar. Alhosil bilet pulidin ikki chandon ziyoda xarajat bo’lur erkan. Olloh saqlasin, ushbu ishlar davomat etib tursa tamom bechora kambag’al odamlar xarob bo’lsa kerak. Aqchasi bo’lmay rushut bermay turg’on odamlar 4-5 kun vokzalda istiqmat qilib yotmoqg’a to’g’ri kelur erkan. Ertang bilet ko’rib yurgan kontrol kelib bilet ham mandatlarimizni ko’rdi. Ham e’lon qildi:
Yoningizdagi nimarsalaringiz ziyoda erkan. Har kishiga faqat bir pud nimarsa olib yurmoq mumkin.Ziyodasi uchun ikki chandon haq olurmiz,-dedi.
Turkistondin Oqmachiga kelguncha 10 million aqcha olib bagajga bermoqga qo’shdilar. Ushbu safarda Toshkantdin Partiya s’ezdiga bormoqga chiqqan Partiya raisi qozoq Nazir To’raqulov ham Pirjonov va boshqa o’rtoqlar hamroh erdilar. Uch kundin so’ng O’rinburgga ( Orenburgga) keldik. Yo’ldoshlarimizni o’tirgan vagonlarini qoldirmoqchi bo’ldilar. Darhol nachal`nik stantsiyaga borib ko’p mashaqqatlar birlan Samaragacha toza vagon oldik.

Maxfiy qolmasinkim, yo’llar bir tartiblik bo’lmaguncha yo’lga chiqmaslik kerak ekan. Toshkantning so’zini Orenburg qabul qilmas erkan. Orenburg so’zini boshqalar qabul qilmas ekan. Poezdimiz yo’lga ravona bo’ldi. Yo’lda stantsiyada Maskavdin kelaturgan bir poezdga yo’liqdik. Buxoro vakili Otaxo’ja Po’latxo’jaev bor erkan ko’rishdik. Birodar Otaxo’ja ma’lum qildi:
-Xivaga boraturg’on tovarish Kobezov ushbu vagonda turur. Ko’rishib qoling ,- deb vagonga olib kirdi. Ham taqdim qildi:
-Xorazmning sobiq hukumat raisi hamda inqilobchilarning boshlig’i tovarish Yusupov,-deb tanishtirdi.
Tovarish Kobezov xushvaqt bo’lib ko’rishib so’zlashmakka boshladi.Aytdi:
-Man Xivada bo’lganda ikkilanchi Qurultoyga sizning arizangiz keldi. Man sizni oldirmoqchi bo’ldim. Mani askarlar hujum qilib o’ldirmakchi bo’lgan erkanlar. Shuning birlan sizni oldirmoqg’a qo’rqdim,-dedi.
Man aytdum:
-Sizni yolg’ondin qo’rqizganlar. Bizning askarlarda shunday jur’at yo’q turur.Russiya Sho’rolar Jumhuriyatidan kelgan vakilni o’ldirmakka,-dedim.
O’rtadin ko’p so’zlar o’tdi. Oxiri tovariz Bik haqinda savol qildi.Man aytdim:
-Albatta hukumat rost aytsa kerak, mani ziyoda xabarim yo’q turur.

Shul vaqt otash arava zvanok qildi. Xo’shlashib tushib qoldim. Otash aravalar o’z yo’llariga ketdilar. Avgust oyining ikkinlanchi kuni sog’-salomat Maskavga yetishdik.
Xorazmning komil huquqli vakili birodarimiz Muhammadyoqub Abdulla Hoji o’g’li o’zining sarkotibi ham sotrudnik xizmatchilarini pezshvozga yuborgan erkan. Olar birlan ko’rishib salomatlik so’rashib nimarsalarimizni olib, o’tib ketmoqchi bo’ldik. Lekin hech mumkin bo’lmadi. Toza iqtisodiy siyosat shunday bo’lgan ekan: kim bo’lsa bo’lsin tamomi nimarsalarni o’lchab chiqarib erkanlar. Bizlarning ham nimarsalarimizni o’lchab odam boshiga bir puddan qaytib ziyodasiga bir million so’m aqcha oldilar. Ondin marxas bo’lg’ondin so’ng aravalarga o’tirib, Arbatskiy o’rdasida bo’lgan Xorazm vakoltaxonasiga -Muhammadyorboyning oldiga kelib tushib ko’rishib salomatlik so’rashib farag’at bo’lib o’tirdik. Xivada bo’lib turgan o’tgan ahvollardin so’ylashib o’tirib, nahori qildik. Ittifoqi ushbu kun arafa kuni erkan. G’usul qilib yotdik. Ertang seshanba kuni Muhammadyorboy va boshqa yo’ldoshlarimiz birlan Tataskiydagi musulmonlarning katta maschitiga iyd namoziga bordik.Namozni o’qib tamom bo’lgandin so’ng maschitni imomi hazratni uyiga Buxoro vakili ham no’g’oy yosh kattalari birlan fotihaga kirdik. Bir kosa choy ichib iyid taomlaridan tanovvul qildik.

Ondin ruxsat olib chiqib birodar Komiljon Hakimjonovning uyiga birodarimiz birlan fotihaga bordik. Arafa iyidi qurbon munosabati birlan Xiva xonzodalaridan hibsda yotgan Nosir To’ra, Muhammad Rizo to’ra, Sayid To’ralar hibsxona mudiridan ruxsat olib, qorovullar birlan namozga kelgan erkanlar. Komiljon afandi bularni uyiga taklif qilg’on erkan. Alar birlan ko’rishib, hol-ahvol so’rashdik.To’ralar bola-chaqalarini, qarindosh-urug’larini sog’-salomatliklarini eshitib, ko’p-ko’p xushvaqt bo’ldilar. Ondin nahori qilib, vakoltaxonaga ketdik. To’ralar ham qorovullar birlan vakoltaxonaga keldilar. Nahori qilib, ko’p vaqt o’tirib o’z ahvolotlarini bayon qilib, ovqat uchun tijorat hay’atiga ariza berdilar.Ovqatlari uchun hozirliqcha tijorat hay’ati 10 million aqcha berdi ham ozuqalar kelgandin so’ng ozuqa bermakka va’da qildi. Boshqa yo’ldoshlar ham ularga aqchalar berdilar.
Muhammadyorboy afandi hamda o’zim ham va boshqalar xo’raklar berishdi, iyd taomlaridin berib kech bo’lg’ondin so’ng uzatib yubordilar. Bechoralar ko’p rozi bo’lib Xivaga borgandiek bo’ldik deb xesh aqroblariga salom aytib yig’lab, xo’shlashib ketdilar.

Maxfiy qolmasinkim, afg’on vakili bizlar Komiljonnikida bo’lgan vaqtda vakoltaxonaga fotihaga kelib ketgan erkanlar. Bizlar ham Muhammadyorboy birlan afg’on vakolatxonasiga fotihaga bordik. Vakil afandi birlan ko’rishib muborakbodlik qilishib o’tirdik. Muhammadyorboy afandi mani vakil afandiga taqdim qilib aytdi:
-Ushbu birodarimiz kecha Xivadin tijorat vakili bo’lib Markaziy Yarmarkaga kelgan turur. O’zi inqilobchi, “Yosh xivaliklar”ning boshlig’i birodar Hoji Polvonniyoz Yusupov turur.
Vakil afandi Xiva ahvolotidan so’rashib o’tirdilar. Man javob berib turdim. Bir stakon choy ichib ruxsat so’radik. Javob bermadi. Nahori hozir turur, deb o’tirib vakolatxona ma’murlari ham muvaqqat no’g’oy mufti afandilar birlan nahori qilib, sharbat ichib , har tarafdin so’ylashib o’tirdik. Muftiy afandi ruxsat olib ketdilar. Ondin so’ng vakil afandi o’z tarjimoni birlan bizlarni avtomobilga o’tirtirib Eron konsulxonasiga olib ketdi. Onda borib ko’rsak, Eron vakili uyida yo’q erkan. Muovini ham vakil afandining o’g’li qabul qilib o’tirib choy ichmakka buyurdi. Ham janob afandi afg’on vakili birlan forsiy muborakbodlik qilishdik. U bizlar birlan ham muborakbodlik qildi. Janob afg’on vakili bizlarning qaydin kelganimizni bayon qildilar. Xush keldingizlar deb samimiyona qabul qildi. Ham birodar Muhammadyorboydin savol qildi:
-Forscha, ruscha bilursizmi?,-deb.
Muhammadiyorboy turk tilidan o’zga tilni bilmasman, dedi.

Mandin savol qildi.Man aytdim:
-Forscha tushunurman, ammo takallum qilmoqg’a bir nima ojiz tururman.Ruscha so’ylashmakni bilurman,-dedim.
Ul kishi ruscha bilur erkanlar. Xorazm ahvolotindan ruscha so’zlashib o’tirdik. Man har bir savoliga muvofiq javob berib turdim. Ko’p mamnun bo’ldi ham aytdi:
-Ko’p zamonlar bir-birlaridan xabarsiz bo’lib turgan musulmon birodarlar sho’rolar hukumati zamonida ko’rishib, o’zlarining ahvolotindan so’ylashib turganlari uchun Russiya Sho’rolar Jumhuriyatiga shukurlar qildi. Ondin so’ngketishga ruxsat etdi. Ko’rishib, xo’shlashib uzatib yubordilar. Ondin janob afg’on vakilining avtomobiliga o’tirib, bizlarning manzilimizga keltirib tushirib, xo’shlashib, o’z manziliga o’tib ketdilar.

Maxfiy qolmasinkim, afg’on vakili ziyoda xo’sh yuzlik, muloyim olim bir zot erkanlar. Ondin so’ng uyda o’tirib erdik, turk vakili birlan suhbat qilishib, bir-birlarimizni muborakbodlik qilishib, har tarafdin so’ylashib, choy ichib o’tirdik. Ondin so’ng ular ruxsat olib ketdilar. Kechda Toshkantlik Nazir To’raqulov keldilar. Bir ikki soat o’tirib, xo’shlashib ketdilar. Juma kuni birodar Muhammadiyor savdo ziroat noziri birodar Mirzo Abdulqodir Muhidtdinovnikiga bordik. Onda birodarimiz qozoq To’ra Risqulovni ko’rib, omon-sog’lik so’rashib, Toshkantdagi muhojiriya vaqtlarimizda bo’lib o’tgan mojarolardin so’ylashib, ham Xivada boshimizga tushgan falokatlarni so’ylashib o’tirdik. Ham bir-birimizning salomatlik bilan ko’rishganlarimizga xudoga shukurlar qildik. Ruxsat olib qaytib ketdik. Ondin chiqib Turk vakolatxonasiga bordik. Onda 5-10 daqiqa suhbat qilib, uyga qaytib keldik.

Maxfiy qolmasinkim, soat 6da Buxoro vakolatxonasiga qurbonliqg’a taklif qilib erdilar. Birodarimiz Muhammadiyorboy birlan birga shunga bordik. Ko’rsak katta bir ziyofati oliy erkan.Tamomiylari birlan ko’rishib o’tirdik. Buxoro muvaqqat vakili ham harbiya noziri qrim tatar birodar Toxarin mani mehmonlarga ko’rsatib, e’lon qildi:
-Bul kishi Xorazm yosh inqilobchilarining boshlig’i birodar Yusupov turur. Toshkantga Xiva xonidan qochib kelib yosh xivalilarning inqilob qo’mitasini barpo qilib, Xorazmga Inqilob kirgizib, Xorazmda Sho’rolar hukumatini barpo qilg’on odam turur,-deb.

Hamma mehmonlar birlan sog’-salomatlik so’rashib o’tirdik. Yarim soatdin so’ng nahori stoliga taklif qildilar. Stol tamomi ichkilar ham sovuq zakuskalar birlan ziynat qilingan erkan. Mehmonlar yemoq-ichmoq birlan mashg’ul bo’ldilar. Bizlar ham fruktoviy svlardin ichib, yeb o’tirdik. Oxirinda qurbonlik go’shti birlan muhayyo bo’lgan palov keltirdilar. Mehmonlar zavq birlan nahori qildilar. Ondin so’ng shirin nimarsalardin morojniy va boshqalardin berdilar. Oxiri choy ichdik. Ziyofat soat o’nlarga bordi. Bizlar ruxsat olib qaytib manzilimizga keldik. Ertang birodar Broydoni borib ko’rib salomatliklarini so’rashib, xushvaqtchilik qildik. Afg’on vakili bizlarni kelganimiz uchun alohida o’z tarjimoni birlan keldilar. Vaziyat uchun ikki soat o’tirib suhbat qilishdik. Ham iltimos qildilar. Bir-birlarimiz birlan tez-tez ko’rishib turmoqni.

Ertang xorijiya noziri muovini Karaxanni borib ko’rdik. Ko’p ochiq yuz birlan qabul qildi. Birodar Muhammadiyorboy mani taqdim qildi:
-Bul kishi inqilobchi “yosh xivaliklar”ning boshlig’i, ko’p zamonlar Xiva xoni bilan kurashib oxiri Russiya sho’rolar hukumatining yordami birlan hurriyat olg’on birodar Yusupov turur,-dedi.
Karaxan qabul qilib aytdi:
-Bul kishini man ko’p yaxshi bilurman,-dedi.
Andin so’ng Xorazm ahvolatidin savol qilmoqg’a boshladi. Man tarjimaga qanoat qilmasdan ruscha so’z birlan javob berib turdim. Shunda Karaxan so’radi:
-Hozirgi vaqtda nechuk xizmatdasiz?
Aytdum:
-Markaziy Yarmarkaga komil huquqli tijorat vakili qilib yubordilar,-dedim.
-Bobooxun salomatmi, ul kishi nima ishda turur?,-dedi Karaxan.

Man aytdum:
-Salomat turur, sizga salom aytdi.O’zlari madrasada mudarrislik qilurlar, hukumat xizmatida ermaslar,-dedim.
Andin so’ng birodar Muhammadiyorboy ma’lum qildi:
-Man muvaqqatcha Xivaga borib kelurman. Toza iqtisodiy siyosatga binoan vakolatxona huzurida tijorat sho»basini ochmoqg’a ruxsat olib kelurman,-dedi.
Karaxan aytdi:
-O’rningizda munda kim qolur,-dedi.
Muhammadiyorboy aytdi:
-Xo’jalik mudiri bo’lib turg’on Yusup Muzaffarovni o’rnimga qoldiradirman,-dedi.
Shuning birlan xo’shlashib qaytub ketdik.

Maxfiy qolmasinkim, tovarish Karaxan ochiq yuzli, keng ma’lumotli, bir armani yigit erkan. Lekin tovarish Chicherin janubda, konferentsiyada erdi. 12 avgustda birodar Bakievlar birlan yuklarimiz sog’-salomat kelib chiqdilar. 14 avgustda yuklarimizni vokzaldan keltirib bo’ldilar. Lekin ko’p aqchalar sarf bo’ldi. 15-chida Muhammadiyorboy birlan milliy ishlar komissari ozarbayjonli birodar Hasanovni borib ko’rdik. Xorazm ahvolotidan to’liq ma’lumotlar berdik. 17-chida paxta qo’mitasiga chaqirdilar. Onda borib so’ylashdik. Aytdilarki, Maskavga kelaturg’on paxtalarni hukumat monopol qildi. Paxta qo’mitasi o’z qo’liga olib tamomi fabrikalarga o’zi bo’lib beradur, dedilar. Man aytdum:
-Bizlar munda hech paxta keltirganimiz yo’q turur. Agar kimga paxta darkor bo’lsa Xivaga borib onda olurlar. Biz munda paxta keltirib ovora bo’lib yurmasmiz,-dedim.
-Nechuk keltirmassiz,-deb savol qildilar.

Man javob berdim:
-Yo’lda bosmachi bor . ham temir yo’lda yurmoq ziyoda mashaqqat turur, -dedim.
Ham yana aytdum:
-Xorazm hukumati g’ayrat qilib dehqonlarga yordam qilib, paxta ko’p ekturdi.Agar ushbu yil yaxshi baho birlan olib dehqonlarni xushvaqt qilmasalar, kelasi yilda dehqonlar o’z keraklaridan boshqa hech paxta ekmasliklari kerak,-dedim.
Andin chiqib kiray uyga bordim. Andin so’ng olib kelgan nimarsalarimizdin ikki-uch toy qilib tamomi nimarsalarni namunalaridin olib 21-chi avgustda kechda o’t aravaga o’tirib Markaziy Yarmarkaga safar qildik.

Maxfiy qolmasinkim, kassadan bilet olib bergan odam bilet bojiga besh milliondan haq olurlar, nachal`niklar savdolashib haq olurlar.Bagaj o’lchab berib, bizlarni o’rnimizga o’tiganlari uchun 40 million oldilar. Tamomi yo’l xarajatlari shunga o’xshash turur. Olloh xayrli qilsin. 22-avgustda erta birlan markaziy yarmarkaga kelib tushdik. Bir savdoyi qo’mitadin birinchi ro’ydin bir do’konni osti-usti birlan 360 millionga kirayga oldik. Kirib joylashib o’tirdik. Bizning birlan kelganlar Abullaboy, Yangiboy, Xalil Trigulov, Komiljon Hakimjonovlar erdilar. Choy ichib buxorolik birodarlarimizning do’koniga bordik.Tijorat boshlig’i bo’lib kelgan Yusupboy Muqimboy o’g’li erkan. Yonida a’zo avvalgi savdogarlardin Izomshoh ham bor erkan. Ko’rishib sog’-salomatlik so’rashdik. Choy keltirdilar. Choy ichib har tarafdin so’ylashib o’tirdik. Andin so’ng nahori keltirdilar. Nahori qilib xo’shlashib qaytib ketdik. Andin chiqib Turkiston savdo vakili birodar Sa’dulla Xo’ja Tursunxo’jaevni borib ko’rdum. Sog’-salomatliklar so’rashib ham boshlarimizga tushib o’tgan majoratlarni aytishub so’ylashib o’tirdik.
Shunda man giyla ( gina-U.B.) qildim Sa’dullaxo’jadin.
-Agar siz Buxoroda qolmay to’g’ri Xivaga borg’on bo’lsangiz bizlarning boshimizg’a bul savdolar tushmas erdi, ham Xorazm munday bo’lmas erdi,-dedim.
Onda u aytdi:
-Nasiba shunday erkan. Yo’lga chiqg’on vaqtlarda Buxoro voqeasi bo’lib qoldi ham maning qolmog’imga buyruq qildilar- Ham kulib yana aytdi-agar borg’on bo’lsam sizning birlan birga qochib ketmakka to’g’ri kelur erdi,-dedi.

Man aytdim:
-Agar siz borg’on bo’lsangiz bul ishlar bo’lmas erdi. Xorazm jannat bo’lur erdi,-deb javob berdum.
Andin so’ng u aytdi:
-Tovarish Malishev har kuni sizni so’rab turur, ertang sizni birlan birga borub ko’rarmiz, -dedi.
Xo’shlashib qaytub ketdim.

Maxfiy qolmasinkim, Markaziy Yarmarkani tomosha qildik. Nechuk ko’z birlan ko’rursan. Avvalgi vaqtlarda kelib savdolar qilg’on magazinlar ham odamlar bo’laturg’on 4-5 qavat imoratlar ham katta-katta tamosho yurtlari ham, bozor ham ostin-ustin bo’lib, xarob bo’lg’on. Go’yo firav’nlarning mozoriga o’xshab yotib turur. Savdolari bo’lsa kooptorg, vneshtorg, xalq xo’jaligi tresti, sindikat, kooperativ va boshqa-boshqa uchrejdeniyalardin iborat turur. Chastniy odamlar yo’q turur.
23 avgustda birodar Tursunxo’jaev birlan yarmarichniy qo’mita raisi tovarish Sergey Malishevni borib ko’rdik. Ko’p shodlik birlan qarshi oldi. Ko’rishib, salomatlik so’rashib aytdi:
-Man bir oydin sizni kutib o’tiribman,-dedi.
Man aytdim:
-Yo’llar ko’p uzoq bo’lib ketdi. Namuna uchun olib kelaturg’on nimarsalarimiz yo’lda uzoq qoldi. Shularni kutib Maskavda 19 kun turdik,-dedim.
Darhol xotini chiqib, choy hozirlamoqqa mashg’ul bo’ldi.

Maxfiy qolmasinkim, tovarish Malishev Xivada tijorat sho»basining raisi bo’lib maning vaqtimda Xivada bo’lib bizlar birlan ko’p ishlar qilishg’on erdi. Oxirgi vaqtda komil huquqli vakil bo’lib qolg’on erdi. Bizlarning ishlarimiz birlan yaxshi oshno erdi. Xiva ahvolotini ham o’z boshlarimizg’a tushg’on halokatlardin so’rashib o’tirdi. Man bo’lg’on mojarolarni ham tovarish Safonovning qilg’on nomuvofiq ishlarini so’ylab o’tirdim. Tovarish Malishev ko’p afsuslar qildi.Choy hozir bo’ldi. Choy ichib xo’shlashib ketmakchi bo’lg’on vaqtimizda mudirig’a aytdi:
-Yusupovni Tursunxo’jaev birlan huzuringizga yuborurman.Xiva ahvolotidan so’rab ma’lumot olib qolursiz,-deb bizlarni yubordi.
Borib muharrir afandini ko’rdik. Kamol ehtirom birlan qarshi olib Xiva ahvolotidan ma’lumot so’radi. Man javob berib o’tirdim. Ketmakchi bo’lg’onimizda aytdi:
-Sizning yoningizga bir odam yuborurman, Xiva to’g’risinda to’liq ma’lumot berursiz,-dedi.

Man qabul qildim. Adresimizni yozib qoldi.uch kun o’tdi, namuna uchun olib kelgan terilarimizni sotib aqchasini olduk. 27-nchi avgustda qorako’lteri ham tulkilarimizni kooptorg birlan savdo qilib tamom qilduk. 28-nchi avgustda ba’ziy olaturg’on nimarsalarimizni olmoq birlan mashg’ul bo’lduk. Hukumat do’konlaridin nimarsa olmoqchi bo’lsangiz do’kon boshinda turg’on birodar birlan kelishib bo’lg’ondin so’ng mol olursiz. Agar bir necha protsent bermasangiz mol yo’q, agar ko’rinib turg’on bo’lsa bahosi noma’lum , deb mol bermas erkan. Ko’p mashaqqatlar birlan bir oz mol olib qo’ydik.Ertang borib tovarish Malishev birlan xo’shlashib qaytmoqchi bo’ldik.
Tovarish Malishev aytdi:
-Kelasi yilda tamomi Xorazm savdogarlari birlan Markaziy Yarmarkaga kelmakingizni barpo qilurman. Mandin Xorazm hukumatida o’tirganlarga ko’p salom so’ylang,-deb xo’shlashib uzatib qoldi.
2-nchi sentyabrda skoriy poezd birlan Maskavga, Xorazm safaratxonasiga kelib tushdik.
31 avgustda birodarimiz Muhammadiyorboyni Xivaga uzatib yubordik. Uning o’rnida muvaqqat ravishda Yusup Muzaffarov o’tirib qoldi.

Maxfiy qolmasinkim, Buxoro Xalq Jumhuriyatini Nozirlar Sho’rosini raisi birodar Fayzulla Xo’ja Maskavga keldi. 5 sentyabrda Yusup Muzaffarov birlan borib uni ko’rdik. Sog’-salomatlik so’rashib, ko’p suhbat qilib, har tarafdin so’ylashib o’z boshimizga tushgan mojarolardin bayon qilib o’tirdik. Nechunkim birodar Fayzulla Xo’ja birlan ikki yil muddatida Toshkantda muhojir bo’lib qolib erdik. Mukammal Maxsum Burhonov ham hamroh erkan. Bul kishi birlan bir manzilda turib erdik. Birodar Fayzulla Xo’ja ko’p taklif -iltimos qildi: tez-tez kelib ko’rishib turmoqg’a.

4-lanchi sentyabrda Mustafo Kamol poshshoning inqilobchi askarlari Izmir shahrining yunonlar qo’lidan qaytarib olgani uchun Yusup Afandi birlan turk safarotxonasiga borib kulli Xorazm uloma, fuqarolar tarafidin muborakbodlik qildik.

23 sentyabrda kulli Maskav musulmonlari hukumatidin ruxsat olib, musiqa, bayroqlar birlan namoyish qilib, boshinda millatlar komissarining muovini tovarish Broydo, Sharq dorulfununidagi sharq talaba-o’quvchilari birlan Turk vakolatxonasiga borib muborakbodlik qilib, qahramon turk qizil askarlariga duo qilib, kulli Maskav ko’chalarida yurub kun o’tkazdilar. Ondin so’ng bizlar ham savdo ishlarimizni bitkarmakka mashg’ul bo’lduk. Mollarimizni topshirib aqchalarimizni olib, xarid qila boshladik.

Endi Xiva ahvolotidan yozurmiz. Xiva tarafidan Sharq dorilfununida o’qimoq uchun bir necha xivali ham tatar talabalari kelib qoldi. Safaratxonaga mehmon bo’ldilar. Olardin Xivada bo’lib o’tgan 3-lanchi xalq qurultoyida bo’lgan mojarolarni so’rab bildik.

Iyul` oyining birlanchisida Qurultoyga vakillar saylab kelmoq uchun agentlar qishloqlarga ketganlar va o’zlarini hohish qilgan odamlarni saylab olib kelganlar. Qishloq xalqlari ushbu saylovga rozi bo’lmay hukumatga arzga kelganlar. Andin so’ng qurultoy markaz komissiyalari har tarafga toza komissiyalar yuborganlar. Shul jumladin qurultoy komissiyasining a’zosi, yoshlar birligining mas’ul sarkotibi tatar Salim Galiullin, markaz kasaba sho’rosining rais muovini Ismoil Vaisovlarni oshoq ( Xorazmning chekka tumanlari nazarda tutilmoqda-U.B.) tarafga yuborganlar. Ular borib xalqlarni jamlab, xaloyiqni o’zlari hohlagan odamlarni saylab yuborganlar. Boshqa yerlarda ham shul tariqa qilg’onlar. Andin so’ng tamomi xalq vakillari jam bo’lib uchlanchi xalq qurultoyini ochganlar. Bir ikki kun tabrik birlan o’tgan.ba’ziy nozirlarning dokladi ham bo’lg’on. Qurultoy prezidiumini saylaganda Salim Galiullin ham prezidiumga o’tgan. Oxiri ishga boshlaganlar. Askarlardin ham ko’p vakil kirgan. Andin so’ng Salim Galiullin ta’limi birlan xalq vakillari hukumatda o’tirgan odamlardin ko’p-ko’p diqqatli savollar qila boshlaganlar. Xususan birodar Salim Afandi hukumatda katta o’rinda o’tirgan birodarlarga bog’lanib har turlik diqqatli savollar qilg’on. Ham Russiya komil huquqli vakili tovarish Bikga boylanib tamomi qonunga xilof ishlardin savol-javob qila boshlagan. Tovarish Bik ko’rgan ishlar yomon turur. Oxiri qahrlanib chorasiga kirishgan. Bir kun qurultoyda Bik so’z olib so’ylagan ham e’lon qilgan:
-Vakil birodarlar! Sizlarning o’rtalaringizda xoyin, buzg’unchi bo’lgani ochiq bilindi. Sizlar ul odamni so’ziga e’tibor qilmang. Oningdek xoin odamlar har yerda topilur.Oningdek odamning so’zlarini hech e’tibori yo’q turur,-degan.

Andin so’ng Salim afandi turub tovarish Bikga qarab aytgan:
-Saning bul aytib turg’on so’zlaring faqat maning uchun turur.Man hech xoin emas tururman. Faqat g’ayri millat bir odam tururman.San bechora yosh Xorazm jumhuriyatiga qancha zarar yetkazding.Shul jumladin ayturman.Hech lozim bo’lmagan nimarsalardin qancha oltinlar sarf qilib, mehnat nishoni ism qo’yib , odamlarni aldab, o’zingga darak bo’lg’on odamlarga bermakka buyurding. Ham har kimlarga millatni moli bo’lg’on oltin soatlarni bermakka buyurding.Shuningdek qancha-qancha millat xazinasiga zararlar yetkazding.Alhosil saning birlan birga bo’lgan odamlarga millat xazinasidin bir nimarsalar birlan paydolar yetkazding.O’zing kommunist bo’lib Xorazm bozorlaridan oltin-kumushlar oldirib Maskavga yuborib turding.Bul qilg’on ishlaring xiyonat jumlasidan ermasmu,-deb qattiq-qattiq so’zlarni aytgan.

Tovarish Bik bu so’zlarga toqat qilabilmay chiqib ketgan.Qurultoy bul kun tarqalib ketgan.Ertang erta birlan qurultoy majlisi ochilgan. Tovarish Bik turub so’z olib vakillarga qarab aytgan:
-Ey xalq tarafidan saylanib kelgan aziz vakillar1 Sizlar ushbu jalotoyning so’ziga hech iltifot qilmanglar.Har kim sho’rolar tarafdori bo’lsa, bul tarafga o’tsinlar,-deb e’lon qilgan.
Shul vaqtda tovarish Bikning ittifoq qilib qo’ygan odamlari o’tgan.Boshqa shahardin kelgan vakillar ko’rganlar, agar bular o’tmay o’tirsalar, albatta tovarish Bik yomon ko’rib bir bahona birlan bularni ham bir baloga duchor qilsa kerak.Bular ham chor-nochor Bikning ko’rsatgan tarafiga o’tganlar. Faqat 1-2 odam o’tmay qolgan.Bik ko’rgan, aksari vakillar o’tib, aqlli odamlar o’tirib qolgan. Darhol o’z odamlariga buyurgan: Salimni arestovat qilmoqg’a. Darhol Isomaddin degan pirsiyon -eroniy boshliq bir necha odamlar uni tutib arestovat qilib, majlisdin olib chiqib ketganlar. Shu onda Salim Galiullin norozilik bayon qilib chiqib ketgan. Birodar Vais Rahimiyning ham Xivadin chiqarib o’quvga ketsun, deb hukm qilgan. Oni ham yuborgan. Ondin so’ng qurultoy boshqa bir rang olib ketgan. Birodar Bik o’z hohishi birlan nechuk ko’rsatsa, shunday bo’lgan. Ham 60 odamni ko’rsatib hukumat tarkibiga tasdiq qildirgan. Ondin so’ng Chorjavdin kelgan vakil afandilarga bir necha arshin ko’ylaklik chitlar in’om qildirgan.Bir majlisda birodar Muhammad Rahim Devon chiqib e’lon qilgan ham taklif kiritgan:
-Birodar Bik Xorazm jumhuriyatiga ko’p paydolik ishlar qildi. Qurultoy vakillaridan iltimos qilurman.Tovarish Bikni Xorazmda yana bir necha yillar qolib, rahbar bo’lmog’ini so’rab Maskavga telegramm berilsa ekan,-deb.

Qurultoy bu taklifni qabul qilgan va telegramm berganlar. Ondin so’ng hukumatda qolganlarni o’zlari mazkur 60 odamdin hukumat organlariga saylaganlar. Ijroiya qo’mitaga rais qilib Abdullahoji Muhammadniyoz o’g’li, muovini -Chovdur Yangiboy, birlanchi muovini -Abdurahim Hoji, ikkilanchi muovini-Sobirboy Qurbonboshi o’g’li, a’zolikka: Madrahim Ollanazar o’g’li, Ahmad Mahmud o’g’li, Jumaboy ,Dehqonmurod yuzboshi, tatar Sharafiddinovlar saylandilar. Janob Kanievni mas’ul sarkotib qilib saylaganlar. Harbiya noziri lavozimiga tovarish Valoshin, nozirlar sho’rosiga muvaqqat qilib Bobojon Otajon o’g’li, uning muovini qilib tatar Muhammadjonov, adliya nozirligiga Iso Oxun, ziroat noziriga Usmonov, xorijiya noziriga Koneev, muovini Ibrohim Ollaberganovlarni saylab qo’yganlar.

Maxfiy qolmasinkim, nozirlar sho’rosiga Bobojon Otajonovni muvaqqat saylab qo’yganlariga sabab shulkim, Maskavga ketgan Abdullahoji nozirlar sho’rosiga rais erdi. Agar Otajonovni haqiqiy rais saylab qo’ysalar, Abdullahoji eshitib, Xivaga kelmasa kerak. Tovarish Bik shunday siyosat qilib ishlagan. Abdullahoji maning o’rnimga hech kishi tayin qilmagan, albatta o’zimni o’rnimda qoldirganlar , deb o’ylab Xivaga kelsa, tovarish Bik tutib hibs qilsa, nechunkim Abdullahoji tovarish Bikning nomuvofiq ishlagan ishlarini Maskavda tegishli joylarga ma’lum qilib erdi. Abdullahoji ushbu siyosatni anglab hech Xivaga qaytmay Turkiston taraflarida yurib, Oralskoe moredan Chimboyga kelib boshqa taraflarda pinhon bo’lib yurgan.

Maxfiy qolmasinkim, Maskavdin taftish uchun chiqqan Kobezov Toshkandin Dovudov degan tatar yigitni tarjimonlikka olib, Xivaga borib, tamomi tovarish Biknig ishlagan ishlarini ko’rib, ham har kimlardin ma’lumot olib qaytgan.

Maxfiy qolmasinkim, hibs qilingan Salim Galiullinni Oralskoe more orqali Toshkantga yuborgan.

Maxfiy qolmasinkim, Karimbergan Sapaevni Maskavga komil huquqli vakil qilib Muhammadiyorboyning o’rniga yuborganlar. Ushbu bayon bo’lgan birodar Hivadin sentyabr oyida Maskavga qarab chiqqan.
Maxfiy qolmasinkim, bir kun safaratxonada o’tirib erdik, xorijiya nozirligida xizmatda bo’lib yurgan tovarish Agafin bir yigit birlan keldi. Ko’rishib o’tirdi. Ham ushbu yigitni ko’rsatib taqdim qildi:
— Ushbu birodar Gorodetskiy, tovarish Bikning o’rniga Xorazmga komil huquqli siyosiy vakil bo’ldi, sizlar birlan tanishib birga ketmakchi ,-dedi.

Darhol choy keltirib, choy ichib har taraflardin suhbat qilib o’tirdik.Ondin so’ng man iltimos qildim:
-Ertang xotinlaringiz birlan kelingiz bunda.Sharq usulinda ziyofat qilurmiz,-dedim.
Qabul qildilar va ruxsat olib qaytib ketdilar. Ondin so’ng birodar Yusup Muzaffarov manga kengash qilib, Xivaga xorijiya nozirligiga telegramm berdi. Mazmuni shundan iborat turur: Xorazm jumhuriyatiga komil huquqli vakil qilib tovarish Gorodetskiyni tayin qildilar. Xorazm savdochilik ishi birlan borsa kerak, deb.
Ertasiga ziyofat hozir qildik.Muqarrar bo’lgan vaqtda mehmonlar keldilar. Uch soat miqdori suhbat va nohari qilib qaytdilar. Tovarish Gorodetskiy ham bir kunni muqarrar qilib, bizlarni uyiga ziyofatga taklif qildi. Bizlar ham qabul qilib, muqarrar bo’lgan kunda borduk. Ko’rsak, otasi, uch singlisi va kuyovi bor erkan. Ko’p yaxshi ro’zg’ori bor ekan. Ko’rishub, tanishub choy va nohari qilib, 3-4 soat o’tirib, suhbat qilib, ruxsat olib xo’shlashib qaytib ketdik.

Maxfiy qolmasinkim, tovarish Gorodetskiy tez-tez bizlar birlan yo’liqib, Xivaga ketmoq haqinda maslahat qilishub turdi. Tovarish gorodetskiyning ismi Boris Grigor`evich bo’lib, o’zi Isroil qavmiga mansub bo’lib, mashhur tovarish Broydoning kuyovi turur.

Maxfiy qolmasinkim, Maskavga komil huquqli vakilimiz birodar Karimbergan Sapaev kelib yetishdi. Peshvoz chiqdik. Ko’rishib Xiva ahvolotidan so’rashib bildik.

Maxfiy qolmasinkim, Sapaev kelmasidan burun Xivadin telegramm kelib qoldi.Sapaevga hukumat buyurgan: har nechuk yo’l birlan bo’lsin tovarish Bikni Xivada o’z o’rnida qoldirmoqg’a taraddud qilsin, deb. Birodar Sapaev tegishli yerlarga murojaat qilib ko’p taraddudlar qildi. Ham hukumatdin kelgan telegrammni tegishli yerlarga ko’rsatgan.Hech qabul bo’lmagan. Shuning birlan tovarish Gorodetskiy 25-nchi oktyabrda Toshkantga qarab chiqqan. Ham Toshkantga kelib tushgan. Bizlar ham tamomi ishlarimizni bitkazib 20-nchi oktyabrda hukumat uchun olgan narsalarimizni uch vagonga solib, yo’ldoshlarimiz birlan Chorjavga yuborib, o’zimiz ham tez boraturg’on poezd birlan Toshkantga qarab ravona bo’ldik. Beshlanchi kunda Toshkentga kelib Xorazm konsuli birodarimiz Bobojon yoqub o’g’lining oldiga tushub, vagonlarimizga muntazir bo’lib yotdik. Bekor vaqtimizda oshno, yoru do’st birodarlar birlan ko’rishib xursand bo’ldik. Shul jumladin Yusuf Ibrohimov birlan ko’rishib, salomatliklar so’rashib ko’p shod bo’lduk. Nechunkim, mazkur birodar bizlarga muhojirat vaqtimizda ko’p-ko’p yordamlar qilib erdi. Birodarimiz uyiga taklif qildi. Borib jamoatlari birlan ko’rishib choy ichib, nohari qilib qaytduk. Ondin so’ng har kunda ko’rishib, so’ylashib yurdik.

Maxfiy qolmasinkim, birodar Risqulov ham tovarish Rudzutak Maskavda bo’lg’on vaqtda aytib erdilar: Toshkantga borg’onda albatta bizlar birlan yo’liqib turing, deb. Man birodarimiz Risqulovni ko’rib salomatlik so’rashib tovarish Broydo ham tovarish Kucherboevlarni xatlarini topshirdim.

Ma’lum bo’lsinkim, Turkistonda bo’lib turgan bosmachiliklar haqinda Moskvada – partiyada katta qo’shma majlis bo’lib, mashhur Turkkomissiyada rais bo’lib turg’on sobiq gruzin Eliava doklad qilgan. Xullas, mani shunga dalolat qilgan: Turkistonda odamlarning muhabbatlarini qozongan avvalgi rahbarlar hukumat boshinda o’tirsa, ul vaqtda Turkiston tinch bo’lib turajak. Bo’lmasa shul bosmachilik davom qilib Turkiston xarob bo’lajak. Shul so’zga qo’shma qilib tovarish Rudzutak ham so’ylagan: Oxiri ko’p so’zlardin so’ng shunga qaror qilganlar: avvalgi mas’ul ishchilarni Toshkant va Farg’onada xizmatda qo’ymoqg’a. Darhol shul vaqtda tovarish Rudzutakni O’rta Osiyo byurosiga rais qilib saylaganlar. Tovarish Rudzutak 1919 yillarda Toshkantda Turkkomissiyaga a’zo ham moliya ishlariga ma’mur erdi. O’zi latish qavmiga mansub turur. Bizlar Xivaga qaytganidan so’ng tovarish Rudzutakni “san boylar tarafdori turursan”, deb Maskavga qaytarib yuborgan erkanlar. Birodar Risqulov bo’lsa Markaziy Ijroiya Qo’mitaga rais erdi. U kishini ham “san millatchisan” , deb Maskavga yuborgan erkanlar. Bul birodar qozoq qavmiga mansub turur.Bul birodarni ham Toshkantga yubormaka qaror qilganlar. Paxta qo’mitasining raisi tovarish Bujmaevni qo’shib yuborganlar. Bular Toshkantga kelib ma’mur bo’lg’on ishlariga mashg’ul bo’lg’onlar. Birodar Risqulovni nozirlar sho’rosiga rais saylaganlar. Birodar Risqulov manga aytdi:
— Rudzutakni ko’ring,-deb.

Man qabul qilib chiqib uyga kelib telefon birlan tovarish Rudzutakka ma’lum qilib so’radim, ko’rishmak haqinda. Ertaga soat 10 da ko’rishmakka va’da qildi. Ertang borib birinchi navbatda ko’rishdik, sog’-salomatlik so’rashib, har tarafdan so’ylashib o’tirdik. Ham Xiva ahvolotidan so’rashib o’tirdi. Man aytdim:
-Xivaga yaxshi xizmatchilar yuboring ham o’zingiz bir marta borib ko’ring,-dedim.
Onda aytdi:
-Afsus , man Buxoroga borib ko’rdim, lekin Xivaga bora olmadim. Insholloh endi borib borurman,-deb va’da qildi.
Hammadin birodar Yusup Ibrohimovni so’radi:
-Tovarish Lyubimov Ibrohimovni Xivaga yubormakchi turur.Birodar Ibrohimov Xorazm odamlariga xayrihoh hammaga ma’qul ham Yosh Xivalilar qo’mitasining ishonchlik bir a’zosi turur.
-Birodar Lyubimov ko’p yaxshi o’ylab tururlar,-dedim.Ham iltimos qildim:
-Nizomaddin Xo’jaevni ham Xivaga yuborsangiz ko’p yaxshi bo’lur erdi,-dedim.
So’ngra yana:
-Bul yigitlar Sho’rolar hukumatiga xayrihoh ham xalqning ahvoli ruhiyatiga oshno odamlar turur,-dedim.
-Xo’p, onda ko’rarmiz,-deb aytdi.
Xo’shlashib qaytib ketdim.

Maxfiy qolmasinkim, Salim Galiullin kelib qoldi. Eshitib darhol meni yonimga keldi. So’rashib Xivada bo’lub o’tgan siyosatlardin so’ylashib o’tirdik. Tamomi bo’lgan ishlar haqinda mufassal doklad yozgan erkan. Ham aytdi:
-Agar mumkin bo’lsa birodar Risqulov birlan so’ylashib doklad qilur erdim.
Man aytdum:
-Ertang birodar Risqulovni ko’rub so’rarman,-dedim.
Ham ertang birodar Risqulovni borib ko’rdim va aytdim:
-Xivadin tovarish Bikni surgun qilib yuborgan Salim Galiullin kelgan erkan. Albatta shuning birlan ko’rishub Xiva ahvolotidan so’rasangiz, ko’p yaxshi ma’lumot olursiz,-dedim.
-Xo’p bo’lur, ertang soat 11 da kelsun, -dedi.
Xo’shlashib qaytib ketdim.Birodar Salim Galiullinni ko’rub aytdim:
-Ertang soat 11 larda birodar Risqulovga uchrashing,-dedim.
-Xo’p bo’lur,-deb qoldi Galiullin.
Galiullin Risqulovning oldiga borib Xiva voqealarini bir-bir bayon qilgan va dokladlarini bergan.

Maxfiy qolmasinkim, tovarish Kobezov ham kelib qoldi va mehmonxonaga joylashdi. Bizlar ham Yusup Ibrohimov bilan borib ko’rdik va salomatlik so’rashib chiqib ketdik.
Ma’lum bo’lsinkim, Kobezov O’rta Osiyo byurosiga Bikning tamomi nomuvofiq qilg’on ishlaridin ham Salim Galiullinning noqonuniy arestovat qilib yuborganini doklad qilgan. Ushbu majlisda Galiullin aybsiz deb topilib, ozod qilib qo’liga xat berib yuborganlar. Ondin so’ng bizning vagonlarimiz ham kelib yetishdi. Birodar Vais Rahimiy ham xo’shlashib Orenburgga o’qimoqg’a ketdi. Man ham shul vagonlarimizga o’tirib Chorjavga jo’nab ketdik. 13-lanchi noyabrda Chorjavga kelib tushdik. Darhol paroxoddin xabarlashib , paroxod kontoradin yuklarimizni bir joyga qo’ymoqchi bo’lib, so’ylashib va darhol bir joyga solib, qorovullarimiz ustinda o’tirtirib qo’ydik. Bizlardin bir kun so’ng tovarish Gorodetskiy, iqtisodiy komissiyalar , birodar Yusup Ibrohimovlar ham kelib Russiya konsulxonasiga tushdilar. Xorazm konsuli Muhammad Rahim maxsum Rahmonqulovga vizit qilib keldilar. Birodar Rahmonqulov ham ertaga ziyofatga taklif qildi. Ziyofatga kelib, nahorlashib suhbatlashib qaytib ketdilar.

Maxfiy qolmasinkim, Xorazm paxta savdosini Toshkantda so’ylashib, mol olib ketmak uchun Xivadin Muhammad Amin Eshon o’g’li, Ibrohimboy Muhammadiyorovlar Ashxaboddin kelib tushdilar. Ko’rishub Toshkantga o’tib ketdilar. Bizlar ham 17-lanchi noyabrda paroxodga o’tirib tovarish Gorodetskiy ham iqtisodiy hay’at konsuli Muhammad Rahim Maxsumovlar birlan Xivaga qarab ravona bo’ldik. Daryoda suv oz erkan paroxodlarimiz yo’lda ko’p yurdi. 11-kunda Darg’onotaga keldik. Andin chiqib 3-dekabrda Hazorasp yoqasiga kelib chiqib yuklarimizni bir joyga chiqarib qoldirdik.
Maxfiy qolmasinkim, Xiva ahvolotidan ma’lum bo’lsinkim, birodar Bik Maskavda bo’lg’on so’zlarni eshitib birodar Abdulla Hoji Xo’jaev haqinda ko’p qahrlanib, Xorazmga kelganini eshitib darhol o’zi ham Usmonov ham Konevlar bilan bir necha askarlar yordamida Xo’jayli tarafiga ketganlar. Maqsad Abdulla Hoji Xo’jani topib o’zi jazo bermoqchi bo’lg’on. Lekin ko’p taraddud qilib, topmay Xivaga qaytib kelgan. Ondin so’ng maning haqimda Xivaga qaytib kelgan. Ondin so’ng mening haqimda ham birodar Karimbergan Sapaev bir necha bo’htonlarni yozib bergan ekan. Bo’htonlar shundan iborat turur: Man ham tovarish Bikni yomonlab har so’zni aytganman.Ham tovarish Gorodetskiyni ko’p taraddud qilib Xivaga olib chiqganman. Shuning birlan mani ham Xivaga kelgan hamon hibsga olmoqchi bo’lib maslahat qilib qo’yganlar. Man bu voqealarni Hazoraspda eshitib ko’p xafa bo’lib , tamomi eshitgan so’zlarimni tovarish Gorodetskiyga bayon qildim ham o’zimni muhofaza qilmoq haqinda iltimos qildim.Tovarish Gorodetskiy xafa bo’lib aytdi:
-Endi bul vaqtlarda munday betartibliklar bo’lmasa kerak.Albatta bir kishini hech bir aybi bo’lmay maxfiy shaxslar adovati birlan hibs qilib bo’lmasa kerak.

Shuning birlan xo’shlashib, olar paroxodga kirib, To’rtko’lga qarab jo’nab ketdilar. Bizlar shul yerda qoldik. Ondin so’ng Hazorasp sho’rolariga bir kishi yubordik. Arva topib bizlarning yuklarimizni Xivaga tez uzatib yuborisinlar deb. Nechunkim qish fasli turur, yomg’ir yog’ib qolsa yo’llar loy bo’lib mushkul bo’lur deb. Man ham Muhammadsharipning arvasiga minib Hazorasp qa’lasiga ketdim. Kelib birodarimiz Sobirboy Hoji Abdullaboy o’g’lining joyiga tushib o’tirdim. Otaboy keldi. Ko’rishib salomatlik so’rashib Xivadagi va Maskavdagi ahvolotlardin so’ylashib o’tirdik. Ondin so’ng Hazoraspdagi oshna, yor-do’stlar kelib ko’rishdilar. Sho’rolar aravalar topib jamlash birlan mashg’ul bo’ldilar. Ikki kunda 110 arava jam qilib berdilar. Yuklarimizni aravalarga solib odamlarimizni ustiga o’tirg’izib Xivaga uzatib yubordik. Bizlarni oldimizga peshvoz chiqqan birodarimiz Bekjon Mahmud o’g’liga Otaboydin bir ot olib berib, o’zimiz Bekjonning otini minib erta birlan Xivaga ravona bo’ldik. 1922 yil 6 dekabrda Xivaga kelib yetishdik.

DAVOMI BOR

Maxsus «Xurshid Davron kutubxonasi» uchun tayyorlandi.

05

(Tashriflar: umumiy 303, bugungi 1)

Izoh qoldiring