Chong Yong Cheol. Yomg’ir ovozi

077    Аёлим ёмғирли ҳавони ёқтиради. Ташқарида ёмғир ёға бошласа, дарров деразани очиб қўяди. Ёмғир томчиларининг осмондан ерга интилишини томоша қилиш мароқли, аммо у ёмғир томчиларининг тошларга ва тупроққа урилиб чиқарадиган товушларига маҳлиё. Қизлик пайтларида уйининг ҳовли томонга қараган эшигини очиб қўйиб ухлагани-ю, эрталаб ёмғир томчиларига жодуланиб мактабга боришни унутганларини кўп гапириб беради.

Чонг Ёнг ЧЕОЛ
ЁМҒИР ОВОЗИ
Корейс тилидан Отабек ЙЎЛДОШЕВ таржимаси
011

055   Аёлим ёмғирли ҳавони ёқтиради.

   Ташқарида ёмғир ёға бошласа, дарров деразани очиб қўяди. Ёмғир томчиларининг осмондан ерга интилишини томоша қилиш мароқли, аммо у ёмғир томчиларининг тошларга ва тупроққа урилиб чиқарадиган товушларига маҳлиё. Қизлик пайтларида уйининг ҳовли томонга қараган эшигини очиб қўйиб ухлагани-ю, эрталаб ёмғир томчиларига жодуланиб мактабга боришни унутганларини кўп гапириб беради.

  Тўйимиздан кейин идорамизга қарашли фургонда уйга келган пайтимни эслайман. Ўшанда ҳам осмон кўз ёшларини тўкаётганди. Аёлимни бир хурсанд қилай, деган хаёлда уни уйимизга яқин жойдаги тепаликка олиб бордим. Мен чаққонлик билан машинанинг ўриндиқларини чиқариб ерга қўйдим ва иккаламиз чалқанча ётганча ёмғир томчилари юзимизни силашига қўйиб бердик…

Қайсидир кафега тушлик қилгани кирганимизда осмон мусаффо ва тиниқ бўлса ҳам ёмғир ёғаётгандек туюлаверди. Яхшилаб разм солиб қарасам, томдан оқаётган ёмғирни бир ўзанга солиб қўйган темир мослама ўрнатилган экан. Томдан сирғалиб тушаётган томчилар чилп-чилп этиб ерга сакрамоқда. Буни кўриб аёлим тўлқинланиб кетди:

— Уй қурганимизда худди шунақасидан ясаб беришингизни истардим, азизим!

— Албатта. Йигирма тўрт соат ёмғир товуши келадиган уй қурамиз! — дедим унинг юзидаги қувончни давомли қилиш учун.

У шеър ёзишни ёқтирар, ўрта мактабда ўқиб юрган чоғларида адабиёт муаллимаси: «Қаламинг ўткир!» — деб мақташи ортидан бир қанча дафтарни тўлдирганини табассум билан эслайди.

Йиллар ўтди.

Ҳозир эса… Биз кўпқаватли уйнинг ўн биринчи қаватида истиқомат қиламиз. Ёмғир шовуллаб ёғмаса, унинг ёғаётганини сезиш мушкул. Балконимизга тунукадан ёмғир томчиларини йиғиб, жилдиратиб турадиган бир нарса ўрнатиш ниятим йўқ эмас. Лекин ҳозирча бу хаёлдан нарига ўтилмаяпти. Ёмғир томчилари билан бирга аёлимнинг илҳом парилари ҳам йўқолиб кетгандек, шеър ҳам ёзмай қўйди. Мен учун илгарилари фариштадек кўринган аёлим энди оддий бир аёлга айланиб қолгандек гўё: она бўлиб, овқат тайёрлайди, идиш-товоқ ювади, кир ювади, уй тозалайди, болаларга қарайди…

Авваллари эътибор бермасдим. Ҳозир эса ёмғир ёққан пайтларда аёлимдаги романтик ҳиссиётлар қаёққа ғойиб бўлганини билгим келади ва «Нега бунақа бўлиб қолди?» — деб хавотир ҳам оламан.

Кеча овқат тайёрлаётган аёлимни бир зум кузатдим. Қарасам, овқат тайёрлаш ҳам осон иш эмасга ўхшайди. Сабзавотларнинг сарасини танлаб, сувга солиб, ювиб… Эҳ, ҳисоблашга вақтим етмаса керак. Бир кунда қанча ҳаракат, қанча кучини сарф этаркин-а. Шеърхонлигу ёмғирга мафтунлик нима учун йўқолганини тушунгандек бўляпман. Шоир Хванг Донг Гюнинг шеърий тўпламидаги «Севги қўшиғи»да шундай сатрлар бор:

Гулдек тоза севгисин менга бағишлаб,
Қип-қизил олма каби беғубор ёрим.
Жавобан идиш-товоқ ювишга ташлаб,
Севгингни оёқости қилган мен – золим.

Энди ҳар хил совғалар олиб беришлару муҳаббатга тўла иссиқ нигоҳлар ўрнини оддий оилавий ҳаёт эгаллади. Шеър ёзишлар ва ёмғир томчиларини авайлаб тутадиган нозик қўллари энди кир буюмлару идиш-товоқ ёғларидан сал хиралашиб қолгандек гўё. Назаримда, сал ҳуснини йўқотгандек. Лекин барибир у мен учун ҳақиқий фариштанинг ўзи — болаларимнинг онаси.

Ёшликдаги беғубор туйғуларни ортга қайтариш учун дераза ёнида ўтириб ёмғир томоша қилиш учун бир яхши кресло сотиб олсаммикин-а?!

066

Chong Yong CHEOL
YOMG’IR OVOZI
Koreys tilidan Otabek YO’LDOSHEV tarjimasi
011

065  Ayolim yomg’irli havoni yoqtiradi.

Tashqarida yomg’ir yog’a boshlasa, darrov derazani ochib qo’yadi. Yomg’ir tomchilarining osmondan yerga intilishini tomosha qilish maroqli, ammo u yomg’ir tomchilarining toshlarga va tuproqqa urilib chiqaradigan tovushlariga mahliyo. Qizlik paytlarida uyining hovli tomonga qaragan eshigini ochib qo’yib uxlagani-yu, ertalab yomg’ir tomchilariga jodulanib maktabga borishni unutganlarini ko’p gapirib beradi.

To’yimizdan keyin idoramizga qarashli furgonda uyga kelgan paytimni eslayman. O’shanda ham osmon ko’z yoshlarini to’kayotgandi. Ayolimni bir xursand qilay, degan xayolda uni uyimizga yaqin joydagi tepalikka olib bordim. Men chaqqonlik bilan mashinaning o’rindiqlarini chiqarib yerga qo’ydim va ikkalamiz chalqancha yotgancha yomg’ir tomchilari yuzimizni silashiga qo’yib berdik…

Qaysidir kafega tushlik qilgani kirganimizda osmon musaffo va tiniq bo’lsa ham yomg’ir yog’ayotgandek tuyulaverdi. Yaxshilab razm solib qarasam, tomdan oqayotgan yomg’irni bir o’zanga solib qo’ygan temir moslama o’rnatilgan ekan. Tomdan sirg’alib tushayotgan tomchilar chilp-chilp etib yerga sakramoqda. Buni ko’rib ayolim to’lqinlanib ketdi:

— Uy qurganimizda xuddi shunaqasidan yasab berishingizni istardim, azizim!

— Albatta. Yigirma to’rt soat yomg’ir tovushi keladigan uy quramiz! — dedim uning yuzidagi quvonchni davomli qilish uchun.

U she’r yozishni yoqtirar, o’rta maktabda o’qib yurgan chog’larida adabiyot muallimasi: «Qalaming o’tkir!» — deb maqtashi ortidan bir qancha daftarni to’ldirganini tabassum bilan eslaydi.

Yillar o’tdi.

Hozir esa… Biz ko’pqavatli uyning o’n birinchi qavatida istiqomat qilamiz. Yomg’ir shovullab yog’masa, uning yog’ayotganini sezish mushkul. Balkonimizga tunukadan yomg’ir tomchilarini yig’ib, jildiratib turadigan bir narsa o’rnatish niyatim yo’q emas. Lekin hozircha bu xayoldan nariga o’tilmayapti. Yomg’ir tomchilari bilan birga ayolimning ilhom parilari ham yo’qolib ketgandek, she’r ham yozmay qo’ydi. Men uchun ilgarilari farishtadek ko’ringan ayolim endi oddiy bir ayolga aylanib qolgandek go’yo: ona bo’lib, ovqat tayyorlaydi, idish-tovoq yuvadi, kir yuvadi, uy tozalaydi, bolalarga qaraydi…

Avvallari e’tibor bermasdim. Hozir esa yomg’ir yoqqan paytlarda ayolimdagi romantik hissiyotlar qayoqqa g’oyib bo’lganini bilgim keladi va «Nega bunaqa bo’lib qoldi?» — deb xavotir ham olaman.

Kecha ovqat tayyorlayotgan ayolimni bir zum kuzatdim. Qarasam, ovqat tayyorlash ham oson ish emasga o’xshaydi. Sabzavotlarning sarasini tanlab, suvga solib, yuvib… Eh, hisoblashga vaqtim yetmasa kerak. Bir kunda qancha harakat, qancha kuchini sarf etarkin-a. She’rxonligu yomg’irga maftunlik nima uchun yo’qolganini tushungandek bo’lyapman. Shoir Xvang Dong Gyuning she’riy to’plamidagi «Sevgi qo’shig’i»da shunday satrlar bor:

Guldek toza sevgisin menga bag’ishlab,
Qip-qizil olma kabi beg’ubor yorim.
Javoban idish-tovoq yuvishga tashlab,
Sevgingni oyoqosti qilgan men – zolim.

Endi har xil sovg’alar olib berishlaru muhabbatga to’la issiq nigohlar o’rnini oddiy oilaviy hayot egalladi. She’r yozishlar va yomg’ir tomchilarini avaylab tutadigan nozik qo’llari endi kir buyumlaru idish-tovoq yog’laridan sal xiralashib qolgandek go’yo. Nazarimda, sal husnini yo’qotgandek. Lekin baribir u men uchun haqiqiy farishtaning o’zi — bolalarimning onasi.

Yoshlikdagi beg’ubor tuyg’ularni ortga qaytarish uchun deraza yonida o’tirib yomg’ir tomosha qilish uchun bir yaxshi kreslo sotib olsammikin-a?!

066

(Tashriflar: umumiy 844, bugungi 1)

Izoh qoldiring