Ahmad A’zam. Navqiron yomg’ir & Xurshid Davron. «Qadrdon quyosh» to’plamidan she’rlar

Ashampoo_Snap_2017.07.26_15h04m40s_003_.png   Адабиёт ихлосмандларига  кўпроқ  ёзувчи  сифатида танилган   Аҳмад Аъзам (1949-2014) ўз ижодини адабий танқидчи сифатида бошлаган эди. У ўтган асрнинг 80-йиллари ,маълум маънода, айни ўша пайтда адабиётга кириб келган ўзи тенгқур авлоднинг дунёқараши,ижодий матлаблари билан ўзбек китобхонини таништиришга  бел боғлаган, Иброҳим Ҳаққул билан бирга янги авлоднинг  адабиётшунослик майдонидаги овози бўлди. Шу билан бирга, у ўзи мансуб авлодни бўлар-бўлмасга мадҳ этишдан йироқ, ўз ижодий принципларига содиқ қолган ҳолда  янги тўлқин  вакилларининг ижодий ютуғи ва камчиликлари ҳақида рўйи рост ёзган танқидчи сифатида танилди. Ёшликка хос қатъият,баъзан ўта кескин фикрлаш ва энг муҳими,янгиланиш йўлидан бораётган адабиёт тарафида туриб унинг ривожига тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатган  эски  кучларга, ғоявий тўсиқларга, адабиётимиз оёғида тушов бўлиб ҳаракатдан тўхтатган  иллатларга муросасиз  бўлиш  ўша давр  ёш мунаққидларига,шу жумладан, Аҳмад Аъзамга жуда хос эди.

Юқорида ёзганимдек, Аҳмад Аъзамнинг номи 80-йилларда бошланган, мустақиллик йилларида қайта кучга кирган янгиланиш ҳаракатининг кўзга кўринган вакиллари сафида тилга олинади. Унинг ҳикоялари,қиссалари ва романлари ўзбек адабиётининг сўнгги йилларда эришган ютуқларидан бири десам хато қилмайман.

Яратган Аҳмад акани раҳматига олишини, ундан қолган ижодий меросидан келгуси авлодлар ҳам баҳраманд бўлишини  сўраб қоламан.

Бугун Аҳмад Аҳзамнинг 80-йилларда ёзган мақолаларидан бири — менинг илк китобларим ҳақида ёзган фикр-мулоҳазаларини сизга тақдим этмоқчиман.

Хуршид Даврон

Аҳмад АЪЗАМ
НАВҚИРОН ЁМҒИР
08

  ecebce9de5b8c3aff7938f03da447287.jpg Аҳмад Аъзам 1949 йили Самарқанд вилояти Жомбой тумани Ғазира қишлоғида туғилган. 1971 йили Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факултетини битирган. Шу йили Алишер Навоий номидаги музейда иш бошлаган. Кейин “Гулистон” журнали, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Совет Ўзбекистони санъати” журнали редакцияларида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган, сиёсий фаолият билан шуғулланган, “Бирлик” халқ ҳаракати ҳамраиси, “Эрк” демократик партияси бош котиби бўлган. Олий Мажлис депутатлигига сайланган (1999-2004).
1995 йилдан Ўзбекистон телевидениесида бош муҳаррир, “Ўзбекистон” телеканали бош директори, “Ўзбектелефилм” студияси бош директори лавозимларида ишлаган. Ўзбекистон телевидениесида юзлаб кўрсатувлар ва ҳужжатли филмлар қилган, улардан энг машҳурлари: “Ўзлик”, “Халқнинг кўнгли”, Тўртинчи ҳокимият” .
“Ойнинг гардиши”, “Бу куннинг давоми”, “Асқартоғ томонларда”, “Соясини йўқотган одам”, “Ҳали ҳаёт бор” деган насрий асарлар, “Масъул сўз”, «Тил номуси»  деган адабий мақолалар ва эсселар тўпламлари, “Ўзи уйланмаган совчи”, “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” романлари чоп этилган.
2014 йил 4 январида вафот этган

08

Китобим мени қандай яратган бўлса, мен ҳам китобимни шундай яратдим.
Монтень

1. Йўлдаги шеър

Ҳеч бир истеъдод дунёга тайёр ҳолда келмайди, бирданига шаклланмайди.

Ҳеч қачон уни тайёр Сўз кутиб турмайди.

Ҳаммаси меҳнат билан, ижодкорнинг бор тириклиги – изланиш, ҳар қандай камолот – изланиш давомидаги пиллапоя, навбатдаги янгиланиш учун майдон, холос. Фақат меҳнатгина ижодкорни юксалтира боради, унинг бир жойда тўхташига изн бермайди.

Бу, албатта маълум ҳақиқат, аммо ҳар бир ижодкорнинг фаолиятида ўзгача, бошқаларникига ўхшамас тарзда воқе бўлади.

Дейлик, Муҳаммад Солиҳнинг шеър яратиши Усмон Азимовнинг иш усулидан, Шавкат Раҳмоннинг ижодий меҳнати Муҳаммад Раҳмоннинг изланишларидан катта фарқ қилади. Худди шунингдек, Хуршид Давроннинг шеър йўлидаги заҳматлари бошқа шоирларникига ўхшамайди.

Хуршиднинг “Қадрдон қуёш” деган илк тўплами босилиб чиққан пайтлари – шеър ривожланаётган, янги истеъдодлар бўй кўрсатаётган паллада, Усмон Азимовнинг “Инсонни тушуниш”, Муҳаммад Солиҳнинг “Бешинчи фасл”, Шавкат Раҳмоннинг “Рангин лаҳзалар” деган биринчи китоблари қаторида кенг китобхонларнинг илиқ муносабатига сазовор бўлди, шеъриятимизга тоза – масъум, беҳубор кайфиятлар шоири кириб келаётганини кўрсатди.

Ҳозиргача Хуршид Давроннинг “Шаҳардаги олма дарахти”, “Тунги боғлар”, “Учиб бораман қушлар билан”, “Тўмариснинг кўзлари” каби тўпламлари босилиб чиқди. Бу тўпламлар, агар уларга йиллар тартибида қарайдиган бўлсак, шоирнинг ўзига хос изланиш босқичларидан ўтиб келаётганлиги, ҳануз поэтик ифода, шакл, маъно ва оҳангларнинг машаққатли йўлларида давом этаётганлиги аён бўлади.

Унинг кейинги йилларда яратилган асарлари билан қиёслаганда, илк шеърларидаги талай камчиликлар, шаклланаётган маҳоратнинг нўноқ излари кўзга ташланиб қоладики, бу ҳақда тўхталиш унинг ижодий ўсишини, бугунги савиясини бир қадар ойдинлаштиради, деб ўйлайман…

Хуршид Давроннинг илк шеърларида сатрлар моддийлашмас эди; ялпизнинг ҳиди бўлса-да, ўзи сезилмас, қандайдир умумий ялпиз эди; оппоқ дунё, мовий болалик, мовий осмонлар ғира-шира кўринарди-ю, кўзга талпинувчан, табиатнинг сахий ва тоза бағрини қўмсовчи, инсоний муҳаббатнинг тирик туйғуларига ташна руҳ бор эди, лекин бу руҳ бошқа, нафас бошқа чиқарди; руҳ баландроқ, сўз сактароқ эди. Хуршид бу руҳни, тоза кечинмаларни қоғозга туширганда энг зарур, керакли чизгиларни топгунча бир неча “кўчаларга бош суқиб чиқарди”. Шу сабабли баъзан қисқагина шеърларида ҳам ифода чўзиқлиги пайдо бўларди.

Мисолларга қарайлик:

Сайҳонликнинг хилват четида
Майсаларга кўмилиб олиб,
Яшаяпман ўтлар ичида
Мен ҳам яшил оддий ўт каби,

яхшигина кайфият, кишини фориғланишга чорлайдиган хуш туйғу. Бу туйғу кейинги бандда аниқроқ манзарага айланади, образли тусга киради:

Тун чўкади бағримга секин,
Ой чўмилар – сочлари тўзғин,
Меҳмон бўлиб келади шамол
Ялпиз ҳидин босиб бағрига,

тиниқ, лекин шоир шеърхонга ҳадя этмоқчи бўлган шу кайфиятни изоҳлашга, тушунтириб беришга киришади:

О, ўша он истайман жуда,
Майсаларга қўйиб бошимни,
Мангу яшай ўтлар ичида
Ялпизлар ҳидига кўмилиб.

Оқибатда, шоир чорлаётган манзил ўша ўзимиз билган хилват гўша бўлиб чиқади: хитоб – “О, ўша он истайман жуда”ни айтмасак, бошда айтилган ният очилмайди, якунда оддий такрор бўлиб қолади. Таққосланг: “Яшаяпман ўтлар ичида” – “Мангу яшай ўтлар ичида” – олдингиси, биринчи банддаги мазмун чуқурроқ, ҳар ҳолда, шу ҳолатнинг давомийлигини, туйғуларнинг ҳаракатини англатади; якундаги сатр эса, унга истак-ҳаяжон аралашганига қарамай, ҳиссий кўлами жиҳатидан буни қайтаради, холос.

Айни шу шеърга солиштирганда: “Юрагимни яширганман. Йўқдир овозим. Ҳайиқма, Қўрқма, севгилим. Қўрқмагил бу ҳайрон кўзлардан. Сен – сирли капалак Ногоҳ келиб қўлимга қўнган. Қимир этмай, Қимир этмай турибман чўчиб, Сукут сақлаб термуламан, Куйлай олмайман. Ҳар шарпадан мени ташлаб кетарсан учиб” шеърида, гарчи яна ўшандай изоҳга мойиллик (“Қимир этмай, Қимир этмай турибман чўчиб. Сукут сақлаб термуламан, Куйлаб олмайман” сатрлари, менингча, кераксиз тафсилот) сезилиб турса-да, поэтик фикр ва ҳолатнинг изчиллиги, яхлитлигига интилиш кўзга ташланиб туради.

Хуршиднинг “Дарёларни кўрмоқ мумкин биргалашиб…” деб бошланадиган шеъридаги иккинчи банд шундай:

Оломонга қўшилганча сафсар гулга,
Круиффга, Тиёншонга тиккин кўзинг.
Бироқ қабо ечаётган шўх аёлни
Кузат юрак, ҳайрат билан ёлғиз ўзинг.

Нега? Футболчи Круиффни истисно қилсак (ростдан ҳам, уни ўйинда, оломон билан кўриш керак), сафсар гулни, Тиёншонни ҳам ёлғиз ўзимиз кузатсак-чи? Қабо ечаётган аёл шўх – ҳайрат ва юракка кўп ҳам изн беравермайди. Аёлга ёлғиз бир кишининг қараши кераклигини таъкидлаш учун бошқаларига кўплашиб қараш мумкинлигини мисол келтириш кутилган натижа бермайди, чунки “дарёларга”, “қора тунга”, “Ботаётган сўлғин кунга” бирлашиб қараса ҳам, ёлғиз қараса ҳам бўлаверади-ку, деган эътироз туғилади. Шеър бундай саволлар уйғотмаслиги, у шоир айтганига шубҳа қолдирмаслиги лозим. Аслини олганда, шеърдаги умумфикр яхши, лекин поэтик талқин заиф. Шеър, рангтасвирнинг график эскизидек, қалб манзарасини аниқ тикламай, унга ҳар хил ишоралар беради, холос.

Яна бир шеърни кўрайлик:

“Самарқандда ўрик гуллади,
Майса босди отам қабрини…”

кишининг идрокига зидликка кўрилган туйғу инади: ўрик гуллаши тириклик, қабрни майса босиши – заволнинг муқаррарлиги бўлиб туюлади.

Мен мактубни тўйиб ҳидладим,
Мен изладим баҳор атрини,

сатрлари кечинмаларни тамомила ўзгача, олдинги икки сатрга боғланмаган ўзанга солади. “Майса босди отам қабрини” сатридаги сокин фожиий туйғу боғланишсиз, муаллақ қолади: “Мен мактубни тўйиб ҳидладим” дейилгач, эътибордан тушади. Айниқса, буларнинг давомидаги икки сатр бу муаллақликни янада кучайтиради:

“…Самарқандда гул қулф уради,
Гуллар қўйдик отам қабрига”,

чунки мазкур сатрлардаги туйғуларнинг қутблари ўзаро мантиқий боғланади (гуллар – қабр), қабрни босган майсаларни кераксизга чиқаради. Лекин “Синглим мактуби” деб аталган мазкур саккизликнинг якуни ўзигача мавжуд ботиний нуқсонларни “яширади” ва шу билан бир қадар кўнгилга яқин келади:

“Келинойим кўзи ёриди,
Сиз жиянлик бўлдингиз, ака”.

Яна бир жиҳати ҳам борки, мазкур шеър бизда янги кечинма уйғотмайди, балки ўзимиздаги уйғотишга тайёр поэтик кўникма-туйғуларни жонлантиради. Дастлабки шеърларида Хуршиднинг шу тарзда кўпроқ шеърхоннинг малакасига, шеърхон кўниккан мотивларга такрор-такрор мурожаат этиши (масалан, ялпиз, оқ ранглар ва уларга боғлиқ туйғулар таҳлили) шундан келиб чиқади. Бироқ айни пайтда у янги шеър ҳам ахтарарди, ўз навбатида янги шеърхонини ҳам (шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтиш керак: шеърхон, китобхонлар оммаси доим бир хил қарашларга эга бўлган, шоир учун тайёр аудитория эмас, ҳар бир шоир, унинг савияси қандайлигидан қатъий-назар, ўз шеърхонини яратади). Бу эса Хуршид учун янада машаққатлироқ изланиш бўлиб, янги йўлдаги нуқсонлар ҳам нотаниш эди, уларнинг нуқсон эканлиги ўз вақтида билинавермасди.

“Дераза – бешафқат, чегара – Парчагина осмон кўринур. Дераза, кўксимда сен яра. Дераза – қора тун, ойдин нур” сатрларидаги янги ташбеҳлар тадрижига, аниқлигига эътибор қилайлик.

Дераза – чегара, дераза – яра, дераза – қора тун, ойдин нур – бу тимсоллар суратланмайди, улар идрокка эмас, фақат фикрга қурилган. Деразанинг чегаралиги умумий: агар кўриниш шаклида деб ўйласак, у чегара бўлолмайди, чунки чегара билан деразанинг тўрт томонлама тўсилган фазовий жойлашиши ўртасида боғланиш йўқ. Шунинг учун ҳам биз уни фақат қаҳрамонимизни ташқаридаги оламдан ажратиб турган тўсиқ сифатида англаймиз, кейинги тимсолларни ҳам манзара-ташбеҳ сифатида эмас, умумий кўриниш тарзида истисно билан қабул қиламиз: “чегара”га “яра” боғланмайди.

Энди шеър давомидаги бандда манзаранинг “геометрик” ўлчамлари қандай ўзгарганини кўрайлик: “Дераза қанотин қайирсанг (яхши сатр: кўп ишлатиладиган “дераза қаноти”, “қайрилганда” бўлакча бир ифода касб этади). Қалбимни қуршаса доира, Бир парча умиддан айирсанг, Мен кимга ишонай ҳамшира!” Яъни дераза чегара, дераза – яра энди доирага айланиб, олдинги тимсолларга қовушмайди.

Ҳар қалай, бу банддаги “бир парча умид” юқоридаги “парчагина осмон”га боғланиши ва шеърнинг учинчи банди зоҳирий ташбеҳлардан холилиги билан кечирмани бир қадар ойдинлаштиради:

Дераза эртаклар сўйлайди,
Гоҳи ой кўринур, гоҳ қуёш.
Ялпизлар ҳидини бўйлайди,
Кўзимдан тирқираб оқар ёш.

Охирги банддаги шу фикр, шу ҳаяжон давом этгани ҳолда ташбеҳлар мантиқи яна ўзгаради: “Кўзимни кесади чегара, Парчагина осмон – кўк ларза. Тунлари осилар киприкка Томчига айланган дераза…”

Кўриниб турибдики, дераза тимсоллари айрим-айрим олганда топилдиқ, диққатни тортади. Деразанинг киприкдаги томчида – кўзёшда акс этиши, масалан, қаҳрамонимизнинг кўнгил ҳолатини тиниқ тасвирлайди. Аммо ҳамма тимсолларни биргаликда олиб, уларни изчил бир тартибга солишга ҳаракат қилсак, манзаранинг аниқ тарҳини тикламоқчи бўлсак, уларнинг бир силсилага уюшмаслигига амин бўламиз.

Шуниси характерлики, бундай нуқсонлар нўноқликдан эмас, кўпроқ янгича ифодада тажриба йўқлигидан, шоирнинг ўзи топган, ҳали ўзига ҳам унча таниш бўлмаган нарсаларга мос сўз ахтариб қийналишидан келиб чиқади. (Шунинг учун ҳам мен бу мисолларни Хуршиднинг олдинги шеърларидаги бўш ифода, ибораларни таъкидлаш учун эмас, балки поэтик мушоҳадасиниг қандай шаклланганини, бир қадар бўлса-да, конкретроқ кўрсатиш учун келтиряпман).

Бу изланишлар ўша вақтлардаёқ тез-тез яхши самаралар ҳам бера бошлаган эди: “Эшик очилади, Дайди ит каби Орқага чекинар ним қоронғилик… Бир эркак чиқади кўчага эснаб, Гўдак йиғисини яширар эшик”. Ёки: “Қорнинг ҳиди келар… Ора-оралаб Шикаста оломон қирга ўрмалар – Узоқдаги толни қоралаб, Елкаларга тобут. Қорнинг ҳиди келар…” Бундай манзаралар тасвирида Хуршиднинг мўйқалами аниқроқ, дадилроқ ҳаракатланади, руҳий ҳолатни тўлиқроқ тиклайди.

2. Балоғат машаққатлари

Шоир учун мутлоқ камолот бўлмаганидек, унинг ўз йўли, ўз овозини топиши – балоғат палласи ҳам муайян бир давр, муайян босқич билан чегараланмайди. Балоғат – катта йўлнинг ибтидоси, бошланиши.

Хуршид Давроннинг тўпламларини қайта кўздан кечирган киши унинг айниқса шу балоғат палласи хийла машаққатли кечганини билиб олади. Унинг тажрибаларида ўзига хос тоза самимияти билан бир қаторда Ойбекка, япон, испан, француз шеъриятига, кейинги авлоддан Рауф Парфига руҳий эргашиш ҳам сезилиб турар эди. Унинг шоир сифатида оёққа туриб олишида Муҳаммад Солиҳ, Усмон Азимов, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Раҳмон, Шукур Қурбонов, Азим Суюн каби шеъриятимизга бир даврда кириб келган, янгича нафас олишга интилган тенгқурлар ўртасидаги доимий ижодий мусобақанинг мадади катта бўлди.

Биз кўпинча бир ижодкорнинг шаклланиш босқичлари, истеъдодининг очилишини таҳлил қилганда, унинг адабиётга кириб келиш давридаги биографик ва адабий муҳитдаги муҳим факторларни, шоирнинг шахсий характер хусусиятлари, бошқа ижодкорлар билан инсоний муносабатларини атрофлича ўрганмаймиз. Ҳолбуки, бу муаммоларни чуқурроқ таҳлил қилиш Хуршид ва унинг юқорида номлари тилга олинган шоирларнинг ижодий ўзига хосликларини очиб беришда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳарқалай, янги авлод адабиётнинг маълум бир даврида майдонга тушган бир тўп ёшлардангина иборат эмас. Бадиий ижодда янги авлод, аввало, ана шу бир тўп ёшлар елкама-елка олиб кирган янги руҳ, янги мушоҳада. Бу борада уларнинг бир-бирини ижодий нуқтаи-назардан тўлдириши, ўзаро мусобақада бўлиши ҳам жуда муҳим.

Хуршид Даврон ижоди ҳам ана шу янги поэтик мушоҳада, изланувчан руҳдан бебаҳра эмас, кўп томондан тенгдошларининг дадил тажрибаларига боғланади.

Хуршид – табиатан ёруғ кечинмалар, некбин қарашлар шоири. Унинг кўзёшлари қанақадир тиниқ, дардларда маъсум бир тортинчоқлик бор. У ҳатто қаҳрамонларининг фожиий кечинмаларини ёритишга интилганда ҳам маъсумлигича қолади. Унинг қайғуси ҳам ҳаётий қонун бўйича қувончига узвий: “Нега бахт тўлдирса юрак ичини Биз ўлим ҳақида ўйлай бошлаймиз?.. Ўлим ҳақидамас бу ўйлар, Ҳаётга муҳаббат эрур балки ғам”. Хуршиднинг болалик хотираларига, болалик рангларига тез-тез мурожаат қилишининг сабаби ҳам (кўпинча унинг бугунги кунни талқин этиши замирида ҳам болаликнинг ҳозиргача авайлаб келинаётган беғуборлиги ётади), баъзан публицистик саҳналарда серсўзликка йўл қўйишининг боиси ҳам шу масъумликда; масъум ҳолда катта гап айтишга уринишида. Масъумлик – таркибан содда, лекин теран, шеър учун истиқболли кечинма, ўз шаклини топганда катта маънавий қувват касб этади, руҳий мувозанатлари меъёрида бўлган пайтларда шеърхон юрагида кенгайиб кетадиган поэтик миқёсларни ўзига жо қилади. Мана, бир шеър: “Сен келасан… Сел келгандай Тошган дарё бўламан. Беда ортган аравадай Хушбўйдирман сен билан, Сен кетасан… Ортингдан мен Боқарман чўл йўлида Аравадан тушиб қолган Хушбўй беда гулидай…” Бунда кечинма ва шакл, манзара ва мажозий тимсоллар уйғунлашиб, бир туйғу, муҳаббат дардининг алмашинув, кўчув ҳолатлари яхлит оқимда акс этади. Шеър – метафора. Кечинма билан унинг шакли ягона руҳий силсилада уюшади.

Бундай шеърлар Хуршиднинг кейинги тўпламларида анчагина топилади.

Хуршиднинг бу хилдаги тажрибалари фақат унинг қалами чархланишигагина эмас, балки борлиққа муносабатининг кенгайишига, дунёбинлигининг теранлашишига олиб келаётир, поэтик мавзулар доирасининг тармоқланишига сабаб бўлаётир. Бу эса ўз навбатида поэтик кечинмаларнинг тиниқлашишига, миқёсининг кенгайишига олиб келаётир. Янги шеърлари Хуршиднинг илгариги тўпламларида ўзини таништирганига нисбатан мавзу ва туйғулар жиҳатидан қамровлироқ шоир эканини кўрсатди.

Болангизни белаб қўйинг туш пайти,
Толлар беланчакни учирсин кўкка.
Аммо сиз бошида аллалар айтинг,
Ватан туйғусини солинг юракка…

“Ватан”, “Суғдиёна”, “Ж.Годога икки назира”, “Мигель Эрнандес сўзи”, “Бобур”, “Пайрави дор ёки Ашурали маҳрамнинг сўнгги қўшиғи”, “Ойбекнома”, “Усмон Носир”, “Алпомишнинг қайтиши”, “Верешчагин” асарлари шоирнинг фаол ижтимоий кечинмаларни Ватанга, халққа, одамларга ошуфта юрак тилида тобора дадилроқ ифода этиб бораётганлигидан далолат беради.

Ван Гог умуман санъатни назарда тутиб: “Энг юксак бадиият – одамларни севишдир”, — деган эди. Одамларни севиш, Ватанга, табиатга, халққа муҳаббат – ҳаммаси умуман шоирнинг борлиққа поэтик муносабатини, шеъриятнинг ижтимоий моҳиятини белгилайди. Хуршид дунёни узвий алоқадорликда, умумий меҳрда кўришга мойил. У бундай мураккаб ҳаётий фалсафани содда поэтик талқин этадики, бу камолот йўлидан бораётган маҳоратдир:

Тингла, дунё суҳбатлашмоқда:
Гиёҳ билан сўзлашар қуёш,
Денгизларнинг тўлқини билан
Сўзлашмоқда қирғоқдаги тош.

Юлдуз тинглар юлдуз сўзини,
Бир-бирини қучар дарахтлар.
Гўё бутун дунёда бу он
Бир-бирини ҳамма дараклар...

Дунёни бу тарзда туйғун идрок этиш Хуршиднинг кейинги тўпламларидаги поэтик талқинлар моҳиятини ташкил этади. Оламдаги нарсалар ва одамнинг турфа ҳолатларини Хуршид яхлит мушоҳада йўсинида ифода қилишга интилмоқда. Унинг шеърларида одам алоҳида, ўз-ўзича мустақил эмас, ҳаётнинг ҳамма ўзгариш, қонуниятлари унинг кечинмаларига ўтади; у – меҳр ришталарини жамлайдиган инсон, отанинг фарзанди, фарзанднинготаси: “Кунтуғмиш”ни ўқирди отам. Ва овози титраб кетган дам Қўрқар эдим унга қарашга, Билар эдим, кўзлари ёшга Тўлар эди – туйиб аламни, Аяр эдим бироқ отамни. Бугун менинг кўзларимда ёш Ва бўғзимга тиқилганда тош Титрар китоб ушлаган қўлим, Сен ҳам мени аягин, ўғлим”. Айни чоқда одам табиатда кўринади, табиат одамнинг руҳий саҳналарини нурлантиради: “Деразамнинг остида тонгда Сайраган қуш сенмасми, ота? Ё тўнимга кўклам, мозорда Ёпишган гул сенмасми, ота?.. Баъзан қўмсаб сени ич-ичдан, Юрак титраб сўнгги илинждан (заифроқ сатр: “илинж” асосан қофия учунгина киритилган), Отам, дея алқаб ўғлимни, Кўтараман ўзим кўнглимни”. Олам ва одамнинг бир-бирига сингишган уйғун алоқадорлиги оддий даъво эмас, балки шоирнинг табиат билан руҳий қардошлигидан туғилади: “Болалигим девор ошиб киролмаган Ўрикзору хушбўй исли чорбоғларда, Болалигим адирларни кезиб юрган, Жар ёқалаб чопқиллаган сўқмоқларда…” “Ёки: “Юмарканман мунгли кўзимни Суяр мени қорайган девор. Бор вужудим билан мен сени Сезаяпман, ёғаётган қор…” Ёхуд: “Кўрдим, туйдим титроқни: Мени излаб изимдан Майсалар кўммиш уйга Борадиган сўқмоқни”.

Табиат билан қардошлик, уни теран, инсоний туйғуларга ҳамоҳанг англаш поэтик манзараларни равшан тиклашга, кўнгил ҳолатларини аниқ ифодалашга замин бўлади. Хуршиднинг кейинги изланишлари буни тасдиқлайди.

Шоирнинг инсоний кўнгил ҳолатлари, руҳий манзаралар билан қизиқиши уни ўз-ўзидан маънавий ҳаётга, маънавий маданият тарихига жиддий эътибор беришга олиб келади. У маънавий маданият кечмишини, она тилимизнинг таржимаи ҳолини бугунги ҳар бир шоирнинг юрагида пойдор деб билади ва бу ҳақиқатни ҳам фикран, ҳам шаклан талқин этишга интилади:

Қояларга чиқиб қушдек боқаман,
Кўкшин япроқларда нурдек оқаман.
Қора кўк чодирин сўз билан тилиб,
Манграйган чақмоқни оламан юлиб.

Шу интилиш натижасида унинг шеърлари поэтик ғоянинг жозиб суратлари, оҳангларнинг изчил, уйғун йўллари очила боради:

Қоп-қора тун чиқиб келар ботордан,
Қип-қизил кун чиқиб келар туғордан.
Уларга басма-бас елиб бораман,
Бойчечаклар чақнаб чиқар қошимга,
Томиримни ёриб, қоним бераман…

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Гарчи, Хуршиднинг кейинги шеърларида ҳали ҳам меҳнатталаб сатрлар анча-мунча учраб турса-да, бу хилдаги мисолларни ўқиган шеърхон шоирнинг изланишлари тўғри йўлдан бораётганлигига, келгусида чуқур самаралар беришига ишонади. Унинг поэтик мушоҳадада аниқликка, фикрлашда тиниқликка интилаётганини янада равшан кўрсатган “Учиб бораман қушлар билан”, “Тўмариснинг кўзлари” каби тўпламлари шеърхоннинг бу ишончига катта асос борлигини кўрсатади.

Хуршид Даврон – меҳнатдан қочмайдиган, шеър самарини ҳақиқий маънода заҳмат билан топадиган шоир. Шунинг учун менинг бу гапларим Хуршиднинг фақат бугунига – ўсиб-тўлишиб бораётган ҳозирига тегишли, шу маънода нисбий. Негаки, меҳнат, изланиш шоирни ўзгартира боради, у ҳақдаги фикрларни ҳам янгилайди. Мен ана шу янгиланишдан умидворман.

Хуршид ДАВРОН
«ҚАДРДОН  ҚУЁШ»  ТЎПЛАМИДАН
08

0-6dc.jpgТўплам тавсифномасидан (Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти. Тошкент,1979 Муҳаррир — Шавкат Раҳмон):
Хуршид Давроннинг “Қадрдон қуёш” тўпламига кирган шеърларида табиат ва инсондаги уйғунлик, она-Ерга садоқат, уруш қолдирган жароҳатлар андуҳи, муҳаббатнинг қадрдон ва изтиробли онлари қаламга олинади. У борлиққа ошиқлигини тенгдошларидан фарқли ўлароқ ўта босиқлик, қандайдир бир ёқимли меҳр билан ифода этади. ”Яшилгина майсалар”га лаб босиб, уларни эркалаб, она замин олдидаги фарзандлик бурчини адо этишга уринади. Унинг баҳор ҳақидаги битикларидан ялпиз, чучмома, майсалар, жийда гулининг ҳиди анқиб туради…

08

* * *

Мен эртага жуда эрта
Тинч уйқумни бузаман.
Оқ кўйлагим кияман-да,
Далаларни кезаман.

Яшилгина майсаларнинг
Бандларига босиб лаб,
Эркалайман қизалоқдай,
Қулоғига шивирлаб.

Кейин ойнинг елкасига
Қўлимни қўйиб беун,
Юрагимни очаман,
Ойдин бўлар ўша тун…

* * *

Сайҳонликнинг хилват четида,
Майсаларга кўмилиб олиб,
Яшаяпман ўтлар ичида
Мен ҳам яшил, оддий ўт каби.

Тун чўкади бағримга сокин,
Ой чўмилар сочлари тўзғин,
Меҳмон бўлиб келади шамол
Ялпиз ҳидин босиб бағрига.

О, ўша он истайман жуда,
Майсаларга қўйиб бошимни,
Мангу яшай ўтлар ичида
Ялпизлар ҳидига кўмилиб.

* * *

Оппоқ эди бошда бу дунё:
Кўча оппоқ, кечалар оппоқ,
Қандай яхши экан болалик,
Оппоқ ранглар билан яшамоқ…

Яшилланди кейин бирма-бир
Дала, чорбоғ, омонат кўприк.
Довуччадек мўлтираб боқди
Қўшни боққа тушган болалик…

Мовийлашди кейин барчаси…
Болалигим термулди маҳзун:
Қорачиғи – туннинг парчаси,
Илк севгиси киприкдек узун.

Кейин аста хира тортди нур,
Аралашди оқ, яшил, мовий,
Болаликдан кейинги умр
Дарёдек тинч оқа бошлади.

Фақат баъзан бу азиз ранглар
Тушларимга солар қасирға –
Оппоқ болиш устида ёнар
Кўздан оққан томчи – исирға.

* * *

0-13.JPG

Болалигим ўғирлаб секин
Йиллар дарё каби оқдилар.
Кеча дўстлар сочимдаги оқ
Толаларга ҳайрон боқдилар.

Кимдир сўкди йиллар суръатин,
Кимдир боғлар томон бурди юз.
Мен эсам-чи, сенинг суратинг
Кўзларимда уйғотдим маъюс.

Кунлар хазон каби сарғайди,
Учиб кетди япроқлар каби.
Ул кун қалбга дунё сиғарди,
Бугун сиғмас ўзимнинг дардим.

О, болалик, менинг қувончим,
Эй, кўз ёши туймаган очун.
Кеча дўстлар билан мен ичдим
Сенинг боқий қудратинг учун.

* * *

Жийда гулин исладим
Болалардай энтикиб.
Болалигим изладим
Далаларга кўз тикиб.

Ҳув, олис-олисларга
Қуёшдай сингиб кетай.
Бироқ ўтга кўмилиб
Йиғлагим келса, нетай?

Йиғлама деб, шивирлаб
Юпата бошлар ажиб,
Миттигина бойчечак
Қўлларимдан ушлаб жим.

* * *

Токчада даста ялпиз,
Ҳузур берар беморга.
Доридан дим хонамиз
Гўё тўлди баҳорга.

Ниманидир эслайди,
Уринади кулишга
Кўзидан ялпиз ҳиди
Тўкилади болишга.

Дунё ҳам кўзларига
Гўё ялпиз кўкати.
Кечалари уйғониб
У ялпизни ўпади.

* * *

Ҳали осмон дилимдай хира,
Ҳали қуёш ҳам ғира-шира.
Кўзларини уқалар толзор,
Ҳали қуёш ўзи тафтга зор.

Қиш ва баҳор ўртаси бир кун.
Кутгил, юрак, эрта тонг пайти
Куртакларни ташлаб кетар тун
Ва осмонда қуёш гуллайди.

* * *

У аёлнинг қўллари дағал,
У аёлнинг кўйлаги дағал.
Уни ҳар кун калтаклар эри,
Ҳар кун юзда кўкарар доғлар.

Кеча ногоҳ йўлнинг четида
Кўриб қолдим ўша аёлни:
У ҳидларди мен сезмай ўтган
Миттигина марварид гулни.

* * *

Дунёнинг безавол тонгида
Энтикиб кўз очдинг, ялпизим.
Кун ботди. Тун бўйи дунёда,
Ялпизим, мен сени изладим.

Юлдузлар қуш бўлиб учдилар,
Киприкка қўндилар ёш бўлиб.
Кўзларим тун рангин ичдилар,
Кўз ёшим тўкилди тош бўлиб.

Қайларга бекитди изларинг
Боғларда мудраган саратон.
Тун бўйи қуш бўлиб бўзладим,
Бўғзимга тиқилиб қолди тонг.

* * *

Далаларнинг қоқ ўртасида
Еру-осмон аро бир эртак –
Юлдузларнинг майин сасидан
Тебранади оппоқ беланчак.

Ухлаб қолар ҳориган ота,
Ухлаб қолар теримчи сулув.
Ухлаб қолар чорбоғ ортида
Ариқчада жилдираган сув.

Фақат қора кўзларин очиб,
Ҳайрат билан тўлганда қучоқ,
Онасига ўхшатиб ойни
Талпинади ойдай чақалоқ

Ва меҳрдан ийиб, кўксини
Чақалоққа тутар ой хушҳол,
Сўнг аллалар айтиб, ўксиниб
Беланчакни тебратар шамол…

* * *

Теримчи қизлар
Шохлардаги қушлардай енгил,
Қоматлари хаёл,
Қуёш иси анқиб турар чеҳраларидан.

Улар
Тўлиб кетган армонлар каби,
Эгатларга эгилган.
Орзулари мезонлар каби
Оппоқ бўлиб учиб юргувчи
Ойдин шамолларга осилган.

Ҳув… Бўғилиб сайраган
қушдан ҳам узоқ,
Қишлоғимнинг чексиз далаларида,
Оппоқ шийпонларда кўксини титроқ,
Илиқ, мовий шамоллар ўпиб,
Ухлаб ётар теримчи қизлар
Тушларини қуёшга кўмиб…

* * *

Кўз ўнгимда бепоён боғлар,
Япроқларда тилла ранг ғубор.
Яқинлашиб қолгандек тоғлар,
Ҳаво шундай тиниқ, беғубор.

Шитирлаган кечки ёмғир ҳам,
Туманларни қучоқлаган тонг,
Қоп-қорайган далаю қир ҳам,
Бари менга таниш, қадрдон.

Дарахтларда ловиллар гулхан,
Юрагимда унинг тафти бор.
Боғчадаги хазонлар билан
Учиб юрар кечаги баҳор.

Мени ташлаб кетмоқчи дўстни
Тўхтатмоқчи бўлгандай шу он
Мен жимгина қўлим чўзаман
Ёнаётган гулханлар томон.

* * *

Битта кўз бор бу дунёда –
Сеҳрли, оддий.
Битта сўз бор бу дунёда –
Нурли, абадий…

Мен у кўзга етаман аммо,
Мен у сўзни айтаман аммо
Бу дунёда битта қабр бор,
У мени кутади умидвор.
Сўроқлайди мени еллардан,
Сўроқлайди мени йўллардан…

Бу дунёда битта қабр бор,
У мени кутади умидвор.
Пойида жим чўккалаб олиб,
Кўзларимга йиғилган дардни
Унинг заъфар майсаларига
Сочиб, сочиб, сочиб йиғласам…

СИНГЛИМ МАКТУБИ

“Самарқандда ўрик гуллади,
Майса босди отам қабрини…”
Мен мактубни тўйиб ҳидладим,
Мен изладим баҳор атрини.

“…Самарқандда гул қулф уради,
Гуллар қўйдик отам қабрига.
Келинойим кўзи ёриди,
Сиз жиянлик бўлдингиз, ака”.

* * *

Дераза – бешафқат чегара, —
Парчагина осмон кўринур.
Дераза, кўксимда сен яра.
Дераза – қора тун, ойдин нур.

Дераза қанотин қайирсанг,
Қалбимни қуршаса доира.
Бир парча умиддан айирсанг
Мен кимга ишонай, ҳамшира!

Дераза эртаклар сўйлайди,
Гоҳи ой кўринур, гоҳ қуёш.
Ялпизлар ҳидини бўйлайди,
Кўзимдан тирқираб оқар ёш.

Кўзимни кесади чегара,
Парчагина осмон – кўк ларза.
Тунлари ослар киприкка
Томчига айланган дераза…

* * *

Шовуллайди боғларда ёмғир,
Шовуллайди шаҳар узра жим.
Тарновларга узатиб кимдир
Узоқ тутиб қолар ҳовучин.

Шовуллайди ёмғир… Одамлар
Бекинишар  ундан панада,
Кимдир унинг тинишин пойлар
Ёмғир қучган тунги хонада.

“Тезроқ тинса” – шивирлар, семиз
Портфелини кўтарган шоир.
Аслида-ку унинг шеърларин
Кўпчилиги ёмғирга доир.

Ариқчалар сувга тўлади,
Панада жим кутар оломон.
…Ана, биров шошмай ҳатлади
Остонадан кўчага томон.

Шовуллаган ёмғир остида
Қадам ташлаб боради хушҳол.
Яширганча гулни кўксида –
Уни кутар севимли аёл.

Ана… Ана… Сочи патила,
Қаранглар-эй, сочлари тўзиб,
Сакраб ўйнар кўчада бола,
Қўлларини ёмғирга чўзиб.

Ёмғирларда чўмилар нафас,
Кипригида ялтирар биллур.
Қуёш булут остидан эмас,
Сочар унинг кўзларидан нур.

…Меҳмонхона. Озғин бир киши
Йиғиштирар жомадонини.
“Ҳеч қаерни кўрмай…” Кўз ёши
Тўка бошлар унинг хотини.

“Бошқа сафар… Кўряпсан, ёмғир,
Нима қилай қўйди шошириб.
Мен бормасам бўлмайди, ахир
Чигитларим кетади чириб”.

…Ёғавергин, тинмагин, ёмғир,
Куйла сокин кунга қўшилиб
Ва шаҳарни айласин қамал
Гуллар иси – қирлар қўшини.

…Тунда эса қизнинг сочлари
Тўкиларкан бағримга оғир.
Туш кўраман оқ томчиларни,
Тушларимга киради ёмғир.

* * *

Дарёларни кўрмоқ мумкин биргалашиб,
Биргалашиб боқмоқ мумкин қора тунга.
Дўстлар билан бирин-кетин ўралашиб
Боқмоқ мумкин ботаётган сўлғин кунга.

Оломонга қўшилганча сафсар гулга,
Круиффга, Тиёншонга тиккин кўзинг.
Бироқ, қабо ечаётган шўх аёлни
Кузат юрак, ҳайрат билан ёлғиз ўзинг.

СПИТАМЕН ҚЎШИҒИ

Қўлимда бир қилич эрди,
Ул қилич қонимга зор эрди.
Айро бўлдим ул қиличимдан,
На бўлғайдур аҳволим энди?

Қўлимда бир қилич бор эрди,
Тиғида ёв қони хор эрди.
Айро бўлдим ул қиличимдан,
На бўлғайдур аҳволим энди?

Қўлимда бир қилич бор эрди
Уни менга берган ёр эрди.
Айро бўлдим ул қиличимдан,
На бўлғайдур аҳволим энди?

Ёт қилич қонимга зор энди,
Ёт қиличда қоним хор энди,
Ул хўб қиз ўзгага ёр энди,
Қўлимда бир қилич бор эрди.

* * *

Ўлаётган отнинг қорачиғида
Чексиз-чексиз, ям-яшил қирлар,

Ўлаётган отнинг қорачиғида
Яғринини ювган ёмғирлар.

Ўлаётган отнинг қорачиғида
Милтир-милтир ёнади юлдуз,

Ўлаётган отнинг қорачиғида
Чайқалади шудрингли ялпиз.

Ўлаётган отнинг қорачиғида
Мовий осмон сўниб борадир.

Ўлаётган отнинг қорачиғида
Бир тасвир бор – заминдан оғир.

* * *

Мусаввир Бахтиёр Бобоевга

Қорнинг ҳиди келар…
Ора-оралаб
Шикаста оломон қирга ўрмалар –
Узоқдаги якка толни қоралаб,
Елкаларда тобут.
Қорнинг ҳиди келар…

Йўлнинг четидаги кўк кийган аёл,
Чироғинг ўчдими, нури сўндими?
Йўлнинг четидаги кўк кийган аёл,
У асло қайтмагай.
Не қилдик энди?..

Қор нафаси билан кечмоқда бу кун,
Қорайиб турибди кимнингдир қабри.
Катталардек жиддий болалар бугун,
Катталар йиғлайди болалар каби…

* * *

Рауф Парфига назира

Қор ёғаётган оқшом
Шаҳарни кезсанг,
Ғира-шира кўчаларни
Кезсанг, қўлларингни чўнтакка тиқиб,
Қор эса эриса лабларингда жим.

Ўйласанг, олисларда қолган кимнидир,
Шу қорни ўйласанг, қалбинг энтикса.
Айниқса, ўзинг севган қизни ўйласанг,
Айниқса, ўйласанг онангни…

Қор эса тинмаса,
Тинмаса қадаминг.
Ўзинг ҳам бир қор учқунидай
Сингиб кетсанг туннинг бағрига.

Кимгадир йўл берсанг, кимгадир салом,
Аммо ўзинг билмасанг буни.
Қор эса бўралаб ёғаверса жим,
Адашсанг-да сезмасанг адашганингни…

* * *

Эшик очилади,
Дайди ит каби
Орқага чекинар нима қоронғулик…
Бир эркак чиқади кўчага шошиб,
Гўдак йиғисини яширар эшик.

Эркак қора рангли ёмғирпўшининг
Эзилган ёқасин кўтариб олар,
Эриниб излайди папиросини,
Шошмасдан тутатар, ўйланиб қолар.

Кейин деразага қарайди сўлғин,
Оҳиста, бош силкиб қўяди унсиз.
Бир аёл ойнадан силкитади қўл
Ва эркакни олиб кетади кундуз.

* * *

Юрагимни яширганман.
Йўқдир овозим.
Ҳайиқма,
Қўрқма, севгилим.
Қўрқмагин бу ҳайрон кўзлардан.

Сен – сирли капалак
Ногоҳ келиб қўлимга қўнган.
Қимир этмай,
Қимир этмай турибман чўчиб.

Сукут сақлаб термуламан,
Куйлай олмайман.
Ҳар шарпадан мени ташлаб
Кетарсан учиб.

* * *

Бугун тунда яна тирилдим…
Сен эшикни очдинг шошмасдан.
Шивирладим: Мана, мен келдим,
Нега пардаларни очмайсан?

Ниманидир изларди кўзлар,
Ниманидир излардим… Шу тоб
Кўриб қолдим ёстиғинг узра
Ётар эди мени севган китоб.

* * *

Биласанми, туш кўрдим сени,
Эсда қолди кўзларинг фақат.
Кўрсатмоқчи бўлиб кўзингни
Олиб кетди йўллар бешафқат.

Сени топдим. Лабингда титроқ,
Шивирладинг: “Тинчимни буздинг…”
Ўртамизда қийналди чироқ,
Уйқусираб йиғлади қизинг.

Сен бўшлиққа тикиб кўзингни
Шивирладинг оҳиста, карахт:
“Биласанми, туш кўрдим сени,
Эсда қолди кўзларинг фақат”

* * *

Ярим тунда нохос сездим қалбимда
Фақат ёлғиз ўзим эмаслигимни.
Авайлаб, энтикиб олдим лабимга
Хаёлда титраган ширин исмингни.

Меҳрга, шафқатга менинг қалбим оч,
Менинг ҳасратим кўп. Сен уни тингла!
Мен сенга интилдим. Қучоғингни оч,
Менинг юрагимни бир сўзда англа!

Чорак аср бизни қийнади фироқ,
Сен Ғарбий шардаю мен Шарқий шарда.
Сен билан қадимдан танишмиз, бироқ
Иккимиз учрашдик биринчи марта.

* * *

Ҳозир борсам топаманми мен уйингни,
Уйнинг ичра кўраманми гул юзингни
Ва юзингда топаманми дилдан суйган
Тундай қора, ойдай ёруғ шўх кўзингни?

Мен ўзимни кўзларингда сезаманми,
Яшарманми ҳамон сени қийнаб, ўртаб,
Кечалари қўлларимни чўзаманми,
Сочларингни силайманми титраб-титраб?

* * *

Биласанми, тўсатдан кеча
Олмаларни гуллатди кўча.
“Қайтсин, — деди, — соғиндим, — деди, —
Нима қилай ахир, кеч эди.

Совуқ эди, босган эди қор,
Узоқларда кезарди баҳор…
Қайтсин, мана бағрим яшнади –
Ифор сочган гулга ўхшатди”.

Сен келмайсан, кунми, кечами
Ухлатмайди уни дард, қайғу.
Сен бир марта кезган кўчани,
Бахтли кўча деб атайди у.

* * *

Албатта уйғонамиз, уйғониш бу ҳақиқат.
Тоғларга даҳшат солиб қўзғалар мангу музлар.
Илонлар уйғонади, уйғонади ялпизлар,
Уйғонар оқаётган сувлар шаклидаги вақт.

Югурамиз қўлларда чақалоқдай авайлаб
Мудроқ осмон бағрида ёнаётган қуёшни.
Қувончимиз кўкракка сиғмаса гар, титроқ лаб
Ўпар сор булутларни, гулларни, илиқ тошни.

Югурамиз, тинмаймиз, тинмоқ йўқ диллар учун,
Ҳали биз йўл кўрсатамиз учқур шамоллар учун.

* * *

Поль Элюарга

…Жуда ишонаман,
…Шоир юраги
Қушга айланади ўлгандан бошлаб.
Саратоннинг чўғли боғлари узра
Учиб келмоқдасан парча муз тишлаб…

* * *

Ватан урушида ҳалок  бўлган Нуриддин тоғамга

…Совуқ шамол мени қувади,
Сокин шаҳар кўчаларида.
Қизлар эса мени севади
Олис баҳор кечаларида.

Сизни севган у қиз тирикми?
Қийнайдими хотира расми?
Тунлар унинг боши эгикми,
Нуриддинми ўғлининг исми?

* * *

Бева ҳовлисига тун олдин кирар,
Қуюқлашиб борар дилда хотира.
Деворда, суратда: бир йигит кулар,
Ёнида жилмаяр бир қиз бокира.

Бева энг чиройли кўйлагин кийиб,
Очиқ деразадан термулар ғамгин.
Хона бурчагида ғамдан энтикиб,
Эски пластинка ғижиллар тағин.

Оқшомлари қийин бўлар бевага:
Хотиралар дилга кирар қуралаш.
Оғир бўлса ҳамки, тасвир бўлса ҳам
Суратга жилмаяр кўз ёш аралаш.

* * *

Бизлар жуда ақллимиз,
Минг ўлчаб, бир кесамиз,
Яшасин, деб халқимиз,
Мансабларда ўсамиз.

Бизлар жуда ақллимиз,
Қийналмаймиз дил титиб,
Чўмилмаймиз дарёларда
Чўкиб кетиш мумкин деб.

“Узилганда яшил япроқ,
Титрама, эвини қил.
Ҳаяжондан бўл, — дер, — йироқ” –
Оқ халат кийган ақл.

Бизлар жуда ақллимиз,
Баъзан кун-тун ўйлаймиз,
“Бу буюмни қайга қўйсак
Гўзал бўлар уйимиз”.

Бироқ кутар, қалбда ўкинч
Олисларда онамиз.
Қўмсамаймиз. Чунки соғинч
Эговлайди умримиз.

“Соғинибди?!.. Ўтар-кетар,
Бир кун бориб келамиз”.
Бошқа ишга урамиз қўл,
Чунки жуда ақллимиз.

Ойдек тоза қизни севиб,
Термилиб гул юзига.
Кейин эса, уйланамиз
Амалдорнинг қизига.

Рақибга тиғ билан чиқмоқ –
Даҳшат!
Нима қиламиз?!
Ахир бизлар ақллимиз,
Макр билан янчамиз.

…Бир кун ўлсак, устимизга
Улкан тошни қўйишар
Ва албатта ўша тошга
Ақлли сўз ўйишар.

img030a.jpgAdabiyot ixlosmandlariga ko‘proq yozuvchi sifatida tanilgan Ahmad  A’zam (1949-2014) o‘z ijodini adabiy tanqidchi sifatida boshlagan edi. U  o‘tgan asrning 80-yillari ,ma’lum ma’noda, ayni o‘sha paytda adabiyotga  kirib kelgan o‘zi tengqur avlodning dunyoqarashi,ijodiy matlablari bilan  o‘zbek kitobxonini tanishtirishga bel bog‘lagan, Ibrohim Haqqul bilan birga  yangi avlodning adabiyotshunoslik maydonidagi ovozi bo‘ldi.

Shu bilan birga, u o‘zi mansub avlodni bo‘lar-bo‘lmasga madh etishdan yiroq, o‘z ijodiy prinsiplariga sodiq qolgan holda yangi to‘lqin vakillarining ijodiy yutug‘i va kamchiliklari haqida ro‘yi rost yozgan tanqidchi sifatida tanildi. Yoshlikka xos qat’iyat,ba’zan o‘ta keskin fikrlash va eng  muhimi,yangilanish yo‘lidan borayotgan adabiyot tarafida turib uning rivojiga  tish-tirnog‘i bilan qarshilik ko‘rsatgan eski kuchlarga, g‘oyaviy  to‘siqlarga, adabiyotimiz oyog‘ida tushov bo‘lib harakatdan to‘xtatgan  illatlarga murosasiz bo‘lish o‘sha davr yosh munaqqidlariga,shu jumladan, Ahmad A’zamga juda xos edi.

Yuqorida yozganimdek, Ahmad A’zamning nomi 80-yillarda boshlangan, mustaqillik yillarida qayta kuchga kirgan yangilanish harakatining ko‘zga ko‘ringan vakillari safida tilga olinadi. Uning hikoyalari,qissalari va romanlari o‘zbek adabiyotining so‘nggi yillarda erishgan yutuqlaridan biri desam xato qilmayman.

Yaratgan Ahmad akani rahmatiga olishini, undan qolgan ijodiy merosidan kelgusi avlodlar ham bahramand bo‘lishini so‘rab qolaman.

Bugun Ahmad Ahzamning 80-yillarda yozgan maqolalaridan biri — mening ilk kitoblarim haqida yozgan fikr-mulohazalarini sizga taqdim etmoqchiman.

Xurshid Davron

Ahmad A’ZAM
NAVQIRON YOMG‘IR
08

2 azam-portret-by-painter.jpg Ahmad A’zam 1949 yili Samarqand viloyati Jomboy tumani G‘azira qishlog‘ida tug‘ilgan. 1971 yili Samarqand davlat universitetining o‘zbek va tojik filologiyasi fakultetini bitirgan. Shu yili Alisher Navoiy nomidagi muzeyda ish boshlagan. Keyin “Guliston” jurnali, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, “Sovet O‘zbekistoni san’ati” jurnali redaksiyalarida, O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasida ishlagan, siyosiy faoliyat bilan shug‘ullangan, “Birlik” xalq harakati hamraisi, “Erk” demokratik partiyasi bosh kotibi bo‘lgan. Oliy Majlis deputatligiga saylangan (1999-2004).
1995 yildan O‘zbekiston televideniyesida bosh muharrir, “O‘zbekiston” telekanali bosh direktori, “O‘zbektelefilm” studiyasi bosh direktori lavozimlarida ishlagan. O‘zbekiston televideniyesida yuzlab ko‘rsatuvlar va hujjatli filmlar qilgan, ulardan eng mashhurlari: “O‘zlik”, “Xalqning ko‘ngli”, To‘rtinchi hokimiyat” .
“Oyning gardishi”, “Bu kunning davomi”, “Asqartog‘ tomonlarda”, “Soyasini yo‘qotgan odam”, “Hali hayot bor” degan nasriy asarlar, “Mas’ul so‘z”, “Til nomusi” degan adabiy maqolalar va esselar to‘plamlari, “O‘zi uylanmagan sovchi”, “Ro‘yo yoxud G‘ulistonga safar” romanlari chop etilgan.
2014 yil 4 yanvarida vafot etgan

08

Kitobim meni qanday yaratgan bo‘lsa, men ham kitobimni shunday yaratdim.
Monten

1. Yo‘ldagi she’r

Hech bir iste’dod dunyoga tayyor holda kelmaydi, birdaniga shakllanmaydi.

Hech qachon uni tayyor So‘z kutib turmaydi.

Hammasi mehnat bilan, ijodkorning bor tirikligi – izlanish, har qanday kamolot – izlanish davomidagi pillapoya, navbatdagi yangilanish uchun maydon, xolos. Faqat mehnatgina ijodkorni yuksaltira boradi, uning bir joyda to‘xtashiga izn bermaydi.

Bu, albatta ma’lum haqiqat, ammo har bir ijodkorning faoliyatida o‘zgacha, boshqalarnikiga o‘xshamas tarzda voqe bo‘ladi.

Deylik, Muhammad Solihning she’r yaratishi Usmon Azimovning ish usulidan, Shavkat Rahmonning ijodiy mehnati Muhammad Rahmonning izlanishlaridan katta farq qiladi. Xuddi shuningdek, Xurshid Davronning she’r yo‘lidagi zahmatlari boshqa shoirlarnikiga o‘xshamaydi.

Xurshidning “Qadrdon quyosh” degan ilk to‘plami bosilib chiqqan paytlari – she’r rivojlanayotgan, yangi iste’dodlar bo‘y ko‘rsatayotgan pallada, Usmon Azimovning “Insonni tushunish”, Muhammad Solihning “Beshinchi fasl”, Shavkat Rahmonning “Rangin lahzalar” degan birinchi kitoblari qatorida keng kitobxonlarning iliq munosabatiga sazovor bo‘ldi, she’riyatimizga toza – mas’um, behubor kayfiyatlar shoiri kirib kelayotganini ko‘rsatdi.

Hozirgacha Xurshid Davronning “Shahardagi olma daraxti”, “Tungi bog‘lar”, “Uchib boraman qushlar bilan”, “To‘marisning ko‘zlari” kabi to‘plamlari bosilib chiqdi. Bu to‘plamlar, agar ularga yillar tartibida qaraydigan bo‘lsak, shoirning o‘ziga xos izlanish bosqichlaridan o‘tib kelayotganligi, hanuz poetik ifoda, shakl, ma’no va ohanglarning mashaqqatli yo‘llarida davom etayotganligi ayon bo‘ladi.

Uning keyingi yillarda yaratilgan asarlari bilan qiyoslaganda, ilk she’rlaridagi talay kamchiliklar, shakllanayotgan mahoratning no‘noq izlari ko‘zga tashlanib qoladiki, bu haqda to‘xtalish uning ijodiy o‘sishini, bugungi saviyasini bir qadar oydinlashtiradi, deb o‘ylayman…

Xurshid Davronning ilk she’rlarida satrlar moddiylashmas edi; yalpizning hidi bo‘lsa-da, o‘zi sezilmas, qandaydir umumiy yalpiz edi; oppoq dunyo, moviy bolalik, moviy osmonlar g‘ira-shira ko‘rinardi-yu, ko‘zga talpinuvchan, tabiatning saxiy va toza bag‘rini qo‘msovchi, insoniy muhabbatning tirik tuyg‘ulariga tashna ruh bor edi, lekin bu ruh boshqa, nafas boshqa chiqardi; ruh balandroq, so‘z saktaroq edi. Xurshid bu ruhni, toza kechinmalarni qog‘ozga tushirganda eng zarur, kerakli chizgilarni topguncha bir necha “ko‘chalarga bosh suqib chiqardi”. Shu sababli ba’zan qisqagina she’rlarida ham ifoda cho‘ziqligi paydo bo‘lardi.

Misollarga qaraylik:

Sayhonlikning xilvat chetida
Maysalarga ko‘milib olib,
Yashayapman o‘tlar ichida
Men ham yashil oddiy o‘t kabi,

yaxshigina kayfiyat, kishini forig‘lanishga chorlaydigan xush tuyg‘u. Bu tuyg‘u keyingi bandda aniqroq manzaraga aylanadi, obrazli tusga kiradi:

Tun cho‘kadi bag‘rimga sekin,
Oy cho‘milar – sochlari to‘zg‘in,
Mehmon bo‘lib keladi shamol
Yalpiz hidin bosib bag‘riga,

tiniq, lekin shoir she’rxonga hadya etmoqchi bo‘lgan shu kayfiyatni izohlashga, tushuntirib berishga kirishadi:

O, o‘sha on istayman juda,
Maysalarga qo‘yib boshimni,
Mangu yashay o‘tlar ichida
Yalpizlar hidiga ko‘milib.

Oqibatda, shoir chorlayotgan manzil o‘sha o‘zimiz bilgan xilvat go‘sha bo‘lib chiqadi: xitob – “O, o‘sha on istayman juda”ni aytmasak, boshda aytilgan niyat ochilmaydi, yakunda oddiy takror bo‘lib qoladi. Taqqoslang: “Yashayapman o‘tlar ichida” – “Mangu yashay o‘tlar ichida” – oldingisi, birinchi banddagi mazmun chuqurroq, har holda, shu holatning davomiyligini, tuyg‘ularning harakatini anglatadi; yakundagi satr esa, unga istak-hayajon aralashganiga qaramay, hissiy ko‘lami jihatidan buni qaytaradi, xolos.

Ayni shu she’rga solishtirganda: “Yuragimni yashirganman. Yo‘qdir ovozim. Hayiqma, Qo‘rqma, sevgilim. Qo‘rqmagil bu hayron ko‘zlardan. Sen – sirli kapalak Nogoh kelib qo‘limga qo‘ngan. Qimir etmay, Qimir etmay turibman cho‘chib, Sukut saqlab termulaman, Kuylay olmayman. Har sharpadan meni tashlab ketarsan uchib” she’rida, garchi yana o‘shanday izohga moyillik (“Qimir etmay, Qimir etmay turibman cho‘chib. Sukut saqlab termulaman, Kuylab olmayman” satrlari, meningcha, keraksiz tafsilot) sezilib tursa-da, poetik fikr va holatning izchilligi, yaxlitligiga intilish ko‘zga tashlanib turadi.

Xurshidning “Daryolarni ko‘rmoq mumkin birgalashib…” deb boshlanadigan she’ridagi ikkinchi band shunday:

Olomonga qo‘shilgancha safsar gulga,
Kruiffga, Tiyonshonga tikkin ko‘zing.
Biroq qabo yechayotgan sho‘x ayolni
Kuzat yurak, hayrat bilan yolg‘iz o‘zing.

Nega? Futbolchi Kruiffni istisno qilsak (rostdan ham, uni o‘yinda, olomon bilan ko‘rish kerak), safsar gulni, Tiyonshonni ham yolg‘iz o‘zimiz kuzatsak-chi? Qabo yechayotgan ayol sho‘x – hayrat va yurakka ko‘p ham izn beravermaydi. Ayolga yolg‘iz bir kishining qarashi kerakligini ta’kidlash uchun boshqalariga ko‘plashib qarash mumkinligini misol keltirish kutilgan natija bermaydi, chunki “daryolarga”, “qora tunga”, “Botayotgan so‘lg‘in kunga” birlashib qarasa ham, yolg‘iz qarasa ham bo‘laveradi-ku, degan e’tiroz tug‘iladi. She’r bunday savollar uyg‘otmasligi, u shoir aytganiga shubha qoldirmasligi lozim. Aslini olganda, she’rdagi umumfikr yaxshi, lekin poetik talqin zaif. She’r, rangtasvirning grafik eskizidek, qalb manzarasini aniq tiklamay, unga har xil ishoralar beradi, xolos.

Yana bir she’rni ko‘raylik:

“Samarqandda o‘rik gulladi,
Maysa bosdi otam qabrini…”

kishining idrokiga zidlikka ko‘rilgan tuyg‘u inadi: o‘rik gullashi tiriklik, qabrni maysa bosishi – zavolning muqarrarligi bo‘lib tuyuladi.

Men maktubni to‘yib hidladim,
Men izladim bahor atrini,

satrlari kechinmalarni tamomila o‘zgacha, oldingi ikki satrga bog‘lanmagan o‘zanga soladi. “Maysa bosdi otam qabrini” satridagi sokin fojiiy tuyg‘u bog‘lanishsiz, muallaq qoladi: “Men maktubni to‘yib hidladim” deyilgach, e’tibordan tushadi. Ayniqsa, bularning davomidagi ikki satr bu muallaqlikni yanada kuchaytiradi:

“…Samarqandda gul qulf uradi,
Gullar qo‘ydik otam qabriga”,

chunki mazkur satrlardagi tuyg‘ularning qutblari o‘zaro mantiqiy bog‘lanadi (gullar – qabr), qabrni bosgan maysalarni keraksizga chiqaradi. Lekin “Singlim maktubi” deb atalgan mazkur sakkizlikning yakuni o‘zigacha mavjud botiniy nuqsonlarni “yashiradi” va shu bilan bir qadar ko‘ngilga yaqin keladi:

“Kelinoyim ko‘zi yoridi,
Siz jiyanlik bo‘ldingiz, aka”.

Yana bir jihati ham borki, mazkur she’r bizda yangi kechinma uyg‘otmaydi, balki o‘zimizdagi uyg‘otishga tayyor poetik ko‘nikma-tuyg‘ularni jonlantiradi. Dastlabki she’rlarida Xurshidning shu tarzda ko‘proq she’rxonning malakasiga, she’rxon ko‘nikkan motivlarga takror-takror murojaat etishi (masalan, yalpiz, oq ranglar va ularga bog‘liq tuyg‘ular tahlili) shundan kelib chiqadi. Biroq ayni paytda u yangi she’r ham axtarardi, o‘z navbatida yangi she’rxonini ham (shu o‘rinda bir narsani ta’kidlab o‘tish kerak: she’rxon, kitobxonlar ommasi doim bir xil qarashlarga ega bo‘lgan, shoir uchun tayyor auditoriya emas, har bir shoir, uning saviyasi qandayligidan qat’iy-nazar, o‘z she’rxonini yaratadi). Bu esa Xurshid uchun yanada mashaqqatliroq izlanish bo‘lib, yangi yo‘ldagi nuqsonlar ham notanish edi, ularning nuqson ekanligi o‘z vaqtida bilinavermasdi.

“Deraza – beshafqat, chegara – Parchagina osmon ko‘rinur. Deraza, ko‘ksimda sen yara. Deraza – qora tun, oydin nur” satrlaridagi yangi tashbehlar tadrijiga, aniqligiga e’tibor qilaylik.

Deraza – chegara, deraza – yara, deraza – qora tun, oydin nur – bu timsollar suratlanmaydi, ular idrokka emas, faqat fikrga qurilgan. Derazaning chegaraligi umumiy: agar ko‘rinish shaklida deb o‘ylasak, u chegara bo‘lolmaydi, chunki chegara bilan derazaning to‘rt tomonlama to‘silgan fazoviy joylashishi o‘rtasida bog‘lanish yo‘q. Shuning uchun ham biz uni faqat qahramonimizni tashqaridagi olamdan ajratib turgan to‘siq sifatida anglaymiz, keyingi timsollarni ham manzara-tashbeh sifatida emas, umumiy ko‘rinish tarzida istisno bilan qabul qilamiz: “chegara”ga “yara” bog‘lanmaydi.

Endi she’r davomidagi bandda manzaraning “geometrik” o‘lchamlari qanday o‘zgarganini ko‘raylik: “Deraza qanotin qayirsang (yaxshi satr: ko‘p ishlatiladigan “deraza qanoti”, “qayrilganda” bo‘lakcha bir ifoda kasb etadi). Qalbimni qurshasa doira, Bir parcha umiddan ayirsang, Men kimga ishonay hamshira!” Ya’ni deraza chegara, deraza – yara endi doiraga aylanib, oldingi timsollarga qovushmaydi.

Har qalay, bu banddagi “bir parcha umid” yuqoridagi “parchagina osmon”ga bog‘lanishi va she’rning uchinchi bandi zohiriy tashbehlardan xoliligi bilan kechirmani bir qadar oydinlashtiradi:

Deraza ertaklar so‘ylaydi,
Gohi oy ko‘rinur, goh quyosh.
Yalpizlar hidini bo‘ylaydi,
Ko‘zimdan tirqirab oqar yosh.

Oxirgi banddagi shu fikr, shu hayajon davom etgani holda tashbehlar mantiqi yana o‘zgaradi: “Ko‘zimni kesadi chegara, Parchagina osmon – ko‘k larza. Tunlari osilar kiprikka Tomchiga aylangan deraza…”

Ko‘rinib turibdiki, deraza timsollari ayrim-ayrim olganda topildiq, diqqatni tortadi. Derazaning kiprikdagi tomchida – ko‘zyoshda aks etishi, masalan, qahramonimizning ko‘ngil holatini tiniq tasvirlaydi. Ammo hamma timsollarni birgalikda olib, ularni izchil bir tartibga solishga harakat qilsak, manzaraning aniq tarhini tiklamoqchi bo‘lsak, ularning bir silsilaga uyushmasligiga amin bo‘lamiz.

Shunisi xarakterliki, bunday nuqsonlar no‘noqlikdan emas, ko‘proq yangicha ifodada tajriba yo‘qligidan, shoirning o‘zi topgan, hali o‘ziga ham uncha tanish bo‘lmagan narsalarga mos so‘z axtarib qiynalishidan kelib chiqadi. (Shuning uchun ham men bu misollarni Xurshidning oldingi she’rlaridagi bo‘sh ifoda, iboralarni ta’kidlash uchun emas, balki poetik mushohadasinig qanday shakllanganini, bir qadar bo‘lsa-da, konkretroq ko‘rsatish uchun keltiryapman).

Bu izlanishlar o‘sha vaqtlardayoq tez-tez yaxshi samaralar ham bera boshlagan edi: “Eshik ochiladi, Daydi it kabi Orqaga chekinar nim qorong‘ilik… Bir erkak chiqadi ko‘chaga esnab, Go‘dak yig‘isini yashirar eshik”. Yoki: “Qorning hidi kelar… Ora-oralab Shikasta olomon qirga o‘rmalar – Uzoqdagi tolni qoralab, Yelkalarga tobut. Qorning hidi kelar…” Bunday manzaralar tasvirida Xurshidning mo‘yqalami aniqroq, dadilroq harakatlanadi, ruhiy holatni to‘liqroq tiklaydi.

2. Balog‘at mashaqqatlari

Shoir uchun mutloq kamolot bo‘lmaganidek, uning o‘z yo‘li, o‘z ovozini topishi – balog‘at pallasi ham muayyan bir davr, muayyan bosqich bilan chegaralanmaydi. Balog‘at – katta yo‘lning ibtidosi, boshlanishi.

Xurshid Davronning to‘plamlarini qayta ko‘zdan kechirgan kishi uning ayniqsa shu balog‘at pallasi xiyla mashaqqatli kechganini bilib oladi. Uning tajribalarida o‘ziga xos toza samimiyati bilan bir qatorda Oybekka, yapon, ispan, fransuz she’riyatiga, keyingi avloddan Rauf Parfiga ruhiy ergashish ham sezilib turar edi. Uning shoir sifatida oyoqqa turib olishida Muhammad Solih, Usmon Azimov, Shavkat Rahmon, Muhammad Rahmon, Shukur Qurbonov, Azim Suyun kabi she’riyatimizga bir davrda kirib kelgan, yangicha nafas olishga intilgan tengqurlar o‘rtasidagi doimiy ijodiy musobaqaning madadi katta bo‘ldi.

Biz ko‘pincha bir ijodkorning shakllanish bosqichlari, iste’dodining ochilishini tahlil qilganda, uning adabiyotga kirib kelish davridagi biografik va adabiy muhitdagi muhim faktorlarni, shoirning shaxsiy xarakter xususiyatlari, boshqa ijodkorlar bilan insoniy munosabatlarini atroflicha o‘rganmaymiz. Holbuki, bu muammolarni chuqurroq tahlil qilish Xurshid va uning yuqorida nomlari tilga olingan shoirlarning ijodiy o‘ziga xosliklarini ochib berishda muhim ahamiyat kasb etadi.

Harqalay, yangi avlod adabiyotning ma’lum bir davrida maydonga tushgan bir to‘p yoshlardangina iborat emas. Badiiy ijodda yangi avlod, avvalo, ana shu bir to‘p yoshlar yelkama-yelka olib kirgan yangi ruh, yangi mushohada. Bu borada ularning bir-birini ijodiy nuqtai-nazardan to‘ldirishi, o‘zaro musobaqada bo‘lishi ham juda muhim.

Xurshid Davron ijodi ham ana shu yangi poetik mushohada, izlanuvchan ruhdan bebahra emas, ko‘p tomondan tengdoshlarining dadil tajribalariga bog‘lanadi.

Xurshid – tabiatan yorug‘ kechinmalar, nekbin qarashlar shoiri. Uning ko‘zyoshlari qanaqadir tiniq, dardlarda ma’sum bir tortinchoqlik bor. U hatto qahramonlarining fojiiy kechinmalarini yoritishga intilganda ham ma’sumligicha qoladi. Uning qayg‘usi ham hayotiy qonun bo‘yicha quvonchiga uzviy: “Nega baxt to‘ldirsa yurak ichini Biz o‘lim haqida o‘ylay boshlaymiz?.. O‘lim haqidamas bu o‘ylar, Hayotga muhabbat erur balki g‘am”. Xurshidning bolalik xotiralariga, bolalik ranglariga tez-tez murojaat qilishining sababi ham (ko‘pincha uning bugungi kunni talqin etishi zamirida ham bolalikning hozirgacha avaylab kelinayotgan beg‘uborligi yotadi), ba’zan publitsistik sahnalarda serso‘zlikka yo‘l qo‘yishining boisi ham shu mas’umlikda; mas’um holda katta gap aytishga urinishida. Mas’umlik – tarkiban sodda, lekin teran, she’r uchun istiqbolli kechinma, o‘z shaklini topganda katta ma’naviy quvvat kasb etadi, ruhiy muvozanatlari me’yorida bo‘lgan paytlarda she’rxon yuragida kengayib ketadigan poetik miqyoslarni o‘ziga jo qiladi. Mana, bir she’r: “Sen kelasan… Sel kelganday Toshgan daryo bo‘laman. Beda ortgan aravaday Xushbo‘ydirman sen bilan, Sen ketasan… Ortingdan men Boqarman cho‘l yo‘lida Aravadan tushib qolgan Xushbo‘y beda guliday…” Bunda kechinma va shakl, manzara va majoziy timsollar uyg‘unlashib, bir tuyg‘u, muhabbat dardining almashinuv, ko‘chuv holatlari yaxlit oqimda aks etadi. She’r – metafora. Kechinma bilan uning shakli yagona ruhiy silsilada uyushadi.

Bunday she’rlar Xurshidning keyingi to‘plamlarida anchagina topiladi.

Xurshidning bu xildagi tajribalari faqat uning qalami charxlanishigagina emas, balki borliqqa munosabatining kengayishiga, dunyobinligining teranlashishiga olib kelayotir, poetik mavzular doirasining tarmoqlanishiga sabab bo‘layotir. Bu esa o‘z navbatida poetik kechinmalarning tiniqlashishiga, miqyosining kengayishiga olib kelayotir. Yangi she’rlari Xurshidning ilgarigi to‘plamlarida o‘zini tanishtirganiga nisbatan mavzu va tuyg‘ular jihatidan qamrovliroq shoir ekanini ko‘rsatdi.

Bolangizni belab qo‘ying tush payti,
Tollar belanchakni uchirsin ko‘kka.
Ammo siz boshida allalar ayting,
Vatan tuyg‘usini soling yurakka…

“Vatan”, “Sug‘diyona”, “J.Godoga ikki nazira”, “Migel Ernandes so‘zi”, “Bobur”, “Payravi dor yoki Ashurali mahramning so‘nggi qo‘shig‘i”, “Oybeknoma”, “Usmon Nosir”, “Alpomishning qaytishi”, “Vereshchagin” asarlari shoirning faol ijtimoiy kechinmalarni Vatanga, xalqqa, odamlarga oshufta yurak tilida tobora dadilroq ifoda etib borayotganligidan dalolat beradi.

Van Gog umuman san’atni nazarda tutib: “Eng yuksak badiiyat – odamlarni sevishdir”, — degan edi. Odamlarni sevish, Vatanga, tabiatga, xalqqa muhabbat – hammasi umuman shoirning borliqqa poetik munosabatini, she’riyatning ijtimoiy mohiyatini belgilaydi. Xurshid dunyoni uzviy aloqadorlikda, umumiy mehrda ko‘rishga moyil. U bunday murakkab hayotiy falsafani sodda poetik talqin etadiki, bu kamolot yo‘lidan borayotgan mahoratdir:

Tingla, dunyo suhbatlashmoqda:
Giyoh bilan so‘zlashar quyosh,
Dengizlarning to‘lqini bilan
So‘zlashmoqda qirg‘oqdagi tosh.

Yulduz tinglar yulduz so‘zini,
Bir-birini quchar daraxtlar.
Go‘yo butun dunyoda bu on
Bir-birini hamma daraklar...

Dunyoni bu tarzda tuyg‘un idrok etish Xurshidning keyingi to‘plamlaridagi poetik talqinlar mohiyatini tashkil etadi. Olamdagi narsalar va odamning turfa holatlarini Xurshid yaxlit mushohada yo‘sinida ifoda qilishga intilmoqda. Uning she’rlarida odam alohida, o‘z-o‘zicha mustaqil emas, hayotning hamma o‘zgarish, qonuniyatlari uning kechinmalariga o‘tadi; u – mehr rishtalarini jamlaydigan inson, otaning farzandi, farzandningotasi: “Kuntug‘mish”ni o‘qirdi otam. Va ovozi titrab ketgan dam Qo‘rqar edim unga qarashga, Bilar edim, ko‘zlari yoshga To‘lar edi – tuyib alamni, Ayar edim biroq otamni. Bugun mening ko‘zlarimda yosh Va bo‘g‘zimga tiqilganda tosh Titrar kitob ushlagan qo‘lim, Sen ham meni ayagin, o‘g‘lim”. Ayni choqda odam tabiatda ko‘rinadi, tabiat odamning ruhiy sahnalarini nurlantiradi: “Derazamning ostida tongda Sayragan qush senmasmi, ota? Yo to‘nimga ko‘klam, mozorda Yopishgan gul senmasmi, ota?.. Ba’zan qo‘msab seni ich-ichdan, Yurak titrab so‘nggi ilinjdan (zaifroq satr: “ilinj” asosan qofiya uchungina kiritilgan), Otam, deya alqab o‘g‘limni, Ko‘taraman o‘zim ko‘nglimni”. Olam va odamning bir-biriga singishgan uyg‘un aloqadorligi oddiy da’vo emas, balki shoirning tabiat bilan ruhiy qardoshligidan tug‘iladi: “Bolaligim devor oshib kirolmagan O‘rikzoru xushbo‘y isli chorbog‘larda, Bolaligim adirlarni kezib yurgan, Jar yoqalab chopqillagan so‘qmoqlarda…” “Yoki: “Yumarkanman mungli ko‘zimni Suyar meni qoraygan devor. Bor vujudim bilan men seni Sezayapman, yog‘ayotgan qor…” Yoxud: “Ko‘rdim, tuydim titroqni: Meni izlab izimdan Maysalar ko‘mmish uyga Boradigan so‘qmoqni”.

Tabiat bilan qardoshlik, uni teran, insoniy tuyg‘ularga hamohang anglash poetik manzaralarni ravshan tiklashga, ko‘ngil holatlarini aniq ifodalashga zamin bo‘ladi. Xurshidning keyingi izlanishlari buni tasdiqlaydi.

Shoirning insoniy ko‘ngil holatlari, ruhiy manzaralar bilan qiziqishi uni o‘z-o‘zidan ma’naviy hayotga, ma’naviy madaniyat tarixiga jiddiy e’tibor berishga olib keladi. U ma’naviy madaniyat kechmishini, ona tilimizning tarjimai holini bugungi har bir shoirning yuragida poydor deb biladi va bu haqiqatni ham fikran, ham shaklan talqin etishga intiladi:

Qoyalarga chiqib qushdek boqaman,
Ko‘kshin yaproqlarda nurdek oqaman.
Qora ko‘k chodirin so‘z bilan tilib,
Mangraygan chaqmoqni olaman yulib.

Shu intilish natijasida uning she’rlari poetik g‘oyaning jozib suratlari, ohanglarning izchil, uyg‘un yo‘llari ochila boradi:

Qop-qora tun chiqib kelar botordan,
Qip-qizil kun chiqib kelar tug‘ordan.
Ularga basma-bas yelib boraman,
Boychechaklar chaqnab chiqar qoshimga,
Tomirimni yorib, qonim beraman…

Bunday misollarni ko‘plab keltirish mumkin.

Garchi, Xurshidning keyingi she’rlarida hali ham mehnattalab satrlar ancha-muncha uchrab tursa-da, bu xildagi misollarni o‘qigan she’rxon shoirning izlanishlari to‘g‘ri yo‘ldan borayotganligiga, kelgusida chuqur samaralar berishiga ishonadi. Uning poetik mushohadada aniqlikka, fikrlashda tiniqlikka intilayotganini yanada ravshan ko‘rsatgan “Uchib boraman qushlar bilan”, “To‘marisning ko‘zlari” kabi to‘plamlari she’rxonning bu ishonchiga katta asos borligini ko‘rsatadi.

Xurshid Davron – mehnatdan qochmaydigan, she’r samarini haqiqiy ma’noda zahmat bilan topadigan shoir. Shuning uchun mening bu gaplarim Xurshidning faqat buguniga – o‘sib-to‘lishib borayotgan hoziriga tegishli, shu ma’noda nisbiy. Negaki, mehnat, izlanish shoirni o‘zgartira boradi, u haqdagi fikrlarni ham yangilaydi. Men ana shu yangilanishdan umidvorman.

Xurshid DAVRON
“QADRDON QUYOSH” TO‘PLAMIDAN
08

To‘plam tavsifnomasidan (G‘afur G‘ulom nomidagi adabiyot va san’at nashriyoti. Toshkent,1979 Muharrir — Shavkat Rahmon):
Xurshid Davronning “Qadrdon quyosh” to‘plamiga kirgan she’rlarida tabiat va insondagi uyg‘unlik, ona-Yerga sadoqat, urush qoldirgan jarohatlar anduhi, muhabbatning qadrdon va iztirobli onlari qalamga olinadi. U borliqqa oshiqligini tengdoshlaridan farqli o‘laroq o‘ta bosiqlik, qandaydir bir yoqimli mehr bilan ifoda etadi. ”Yashilgina maysalar”ga lab bosib, ularni erkalab, ona zamin oldidagi farzandlik burchini ado etishga urinadi. Uning bahor haqidagi bitiklaridan yalpiz, chuchmoma, maysalar, jiyda gulining hidi anqib turadi…

08

* * *

Men ertaga juda erta
Tinch uyqumni buzaman.
Oq ko‘ylagim kiyaman-da,
Dalalarni kezaman.

Yashilgina maysalarning
Bandlariga bosib lab,
Erkalayman qizaloqday,
Qulog‘iga shivirlab.

Keyin oyning yelkasiga
Qo‘limni qo‘yib beun,
Yuragimni ochaman,
Oydin bo‘lar o‘sha tun…

* * *

1-XD Xalikov.jpg

Sayhonlikning xilvat chetida,
Maysalarga ko‘milib olib,
Yashayapman o‘tlar ichida
Men ham yashil, oddiy o‘t kabi.

Tun cho‘kadi bag‘rimga sokin,
Oy cho‘milar sochlari to‘zg‘in,
Mehmon bo‘lib keladi shamol
Yalpiz hidin bosib bag‘riga.

O, o‘sha on istayman juda,
Maysalarga qo‘yib boshimni,
Mangu yashay o‘tlar ichida
Yalpizlar hidiga ko‘milib.

* * *

Oppoq edi boshda bu dunyo:
Ko‘cha oppoq, kechalar oppoq,
Qanday yaxshi ekan bolalik,
Oppoq ranglar bilan yashamoq…

Yashillandi keyin birma-bir
Dala, chorbog‘, omonat ko‘prik.
Dovuchchadek mo‘ltirab boqdi
Qo‘shni boqqa tushgan bolalik…

Moviylashdi keyin barchasi…
Bolaligim termuldi mahzun:
Qorachig‘i – tunning parchasi,
Ilk sevgisi kiprikdek uzun.

Keyin asta xira tortdi nur,
Aralashdi oq, yashil, moviy,
Bolalikdan keyingi umr
Daryodek tinch oqa boshladi.

Faqat ba’zan bu aziz ranglar
Tushlarimga solar qasirg‘a –
Oppoq bolish ustida yonar
Ko‘zdan oqqan tomchi – isirg‘a.

* * *

Bolaligim o‘g‘irlab sekin
Yillar daryo kabi oqdilar.
Kecha do‘stlar sochimdagi oq
Tolalarga hayron boqdilar.

Kimdir so‘kdi yillar sur’atin,
Kimdir bog‘lar tomon burdi yuz.
Men esam-chi, sening surating
Ko‘zlarimda uyg‘otdim ma’yus.

Kunlar xazon kabi sarg‘aydi,
Uchib ketdi yaproqlar kabi.
Ul kun qalbga dunyo sig‘ardi,
Bugun sig‘mas o‘zimning dardim.

O, bolalik, mening quvonchim,
Ey, ko‘z yoshi tuymagan ochun.
Kecha do‘stlar bilan men ichdim
Sening boqiy qudrating uchun.

* * *

Jiyda gulin isladim
Bolalarday entikib.
Bolaligim izladim
Dalalarga ko‘z tikib.

Huv, olis-olislarga
Quyoshday singib ketay.
Biroq o‘tga ko‘milib
Yig‘lagim kelsa, netay?

Yig‘lama deb, shivirlab
Yupata boshlar ajib,
Mittigina boychechak
Qo‘llarimdan ushlab jim.

* * *

Tokchada dasta yalpiz,
Huzur berar bemorga.
Doridan dim xonamiz
Go‘yo to‘ldi bahorga.

Nimanidir eslaydi,
Urinadi kulishga
Ko‘zidan yalpiz hidi
To‘kiladi bolishga.

Dunyo ham ko‘zlariga
Go‘yo yalpiz ko‘kati.
Kechalari uyg‘onib
U yalpizni o‘padi.

* * *

Hali osmon dilimday xira,
Hali quyosh ham g‘ira-shira.
Ko‘zlarini uqalar tolzor,
Hali quyosh o‘zi taftga zor.

Qish va bahor o‘rtasi bir kun.
Kutgil, yurak, erta tong payti
Kurtaklarni tashlab ketar tun
Va osmonda quyosh gullaydi.

* * *

U ayolning qo‘llari dag‘al,
U ayolning ko‘ylagi dag‘al.
Uni har kun kaltaklar eri,
Har kun yuzda ko‘karar dog‘lar.

Kecha nogoh yo‘lning chetida
Ko‘rib qoldim o‘sha ayolni:
U hidlardi men sezmay o‘tgan
Mittigina marvarid gulni.

* * *

Dunyoning bezavol tongida
Entikib ko‘z ochding, yalpizim.
Kun botdi. Tun bo‘yi dunyoda,
Yalpizim, men seni izladim.

Yulduzlar qush bo‘lib uchdilar,
Kiprikka qo‘ndilar yosh bo‘lib.
Ko‘zlarim tun rangin ichdilar,
Ko‘z yoshim to‘kildi tosh bo‘lib.

Qaylarga bekitdi izlaring
Bog‘larda mudragan saraton.
Tun bo‘yi qush bo‘lib bo‘zladim,
Bo‘g‘zimga tiqilib qoldi tong.

* * *

Dalalarning qoq o‘rtasida
Yeru-osmon aro bir ertak –
Yulduzlarning mayin sasidan
Tebranadi oppoq belanchak.

Uxlab qolar horigan ota,
Uxlab qolar terimchi suluv.
Uxlab qolar chorbog‘ ortida
Ariqchada jildiragan suv.

Faqat qora ko‘zlarin ochib,
Hayrat bilan to‘lganda quchoq,
Onasiga o‘xshatib oyni
Talpinadi oyday chaqaloq

Va mehrdan iyib, ko‘ksini
Chaqaloqqa tutar oy xushhol,
So‘ng allalar aytib, o‘ksinib
Belanchakni tebratar shamol…

* * *

Terimchi qizlar
Shoxlardagi qushlarday yengil,
Qomatlari xayol,
Quyosh isi anqib turar chehralaridan.

Ular
To‘lib ketgan armonlar kabi,
Egatlarga egilgan.
Orzulari mezonlar kabi
Oppoq bo‘lib uchib yurguvchi
Oydin shamollarga osilgan.

Huv… Bo‘g‘ilib sayragan
qushdan ham uzoq,
Qishlog‘imning cheksiz dalalarida,
Oppoq shiyponlarda ko‘ksini titroq,
Iliq, moviy shamollar o‘pib,
Uxlab yotar terimchi qizlar
Tushlarini quyoshga ko‘mib…

* * *

Ko‘z o‘ngimda bepoyon bog‘lar,
Yaproqlarda tilla rang g‘ubor.
Yaqinlashib qolgandek tog‘lar,
Havo shunday tiniq, beg‘ubor.

Shitirlagan kechki yomg‘ir ham,
Tumanlarni quchoqlagan tong,
Qop-qoraygan dalayu qir ham,
Bari menga tanish, qadrdon.

Daraxtlarda lovillar gulxan,
Yuragimda uning tafti bor.
Bog‘chadagi xazonlar bilan
Uchib yurar kechagi bahor.

Meni tashlab ketmoqchi do‘stni
To‘xtatmoqchi bo‘lganday shu on
Men jimgina qo‘lim cho‘zaman
Yonayotgan gulxanlar tomon.

* * *

Bitta ko‘z bor bu dunyoda –
Sehrli, oddiy.
Bitta so‘z bor bu dunyoda –
Nurli, abadiy…

Men u ko‘zga yetaman ammo,
Men u so‘zni aytaman ammo
Bu dunyoda bitta qabr bor,
U meni kutadi umidvor.
So‘roqlaydi meni yellardan,
So‘roqlaydi meni yo‘llardan…

Bu dunyoda bitta qabr bor,
U meni kutadi umidvor.
Poyida jim cho‘kkalab olib,
Ko‘zlarimga yig‘ilgan dardni
Uning za’far maysalariga
Sochib, sochib, sochib yig‘lasam…

SINGLIM MAKTUBI

“Samarqandda o‘rik gulladi,
Maysa bosdi otam qabrini…”
Men maktubni to‘yib hidladim,
Men izladim bahor atrini.

“…Samarqandda gul qulf uradi,
Gullar qo‘ydik otam qabriga.
Kelinoyim ko‘zi yoridi,
Siz jiyanlik bo‘ldingiz, aka”.

* * *

Deraza – beshafqat chegara, —
Parchagina osmon ko‘rinur.
Deraza, ko‘ksimda sen yara.
Deraza – qora tun, oydin nur.

Deraza qanotin qayirsang,
Qalbimni qurshasa doira.
Bir parcha umiddan ayirsang
Men kimga ishonay, hamshira!

Deraza ertaklar so‘ylaydi,
Gohi oy ko‘rinur, goh quyosh.
Yalpizlar hidini bo‘ylaydi,
Ko‘zimdan tirqirab oqar yosh.

Ko‘zimni kesadi chegara,
Parchagina osmon – ko‘k larza.
Tunlari oslar kiprikka
Tomchiga aylangan deraza…

* * *

Shovullaydi bog‘larda yomg‘ir,
Shovullaydi shahar uzra jim.
Tarnovlarga uzatib kimdir
Uzoq tutib qolar hovuchin.

Shovullaydi yomg‘ir… Odamlar
Bekinishar undan panada,
Kimdir uning tinishin poylar
Yomg‘ir quchgan tungi xonada.

“Tezroq tinsa” – shivirlar, semiz
Portfelini ko‘targan shoir.
Aslida-ku uning she’rlarin
Ko‘pchiligi yomg‘irga doir.

Ariqchalar suvga to‘ladi,
Panada jim kutar olomon.
…Ana, birov shoshmay hatladi
Ostonadan ko‘chaga tomon.

Shovullagan yomg‘ir ostida
Qadam tashlab boradi xushhol.
Yashirgancha gulni ko‘ksida –
Uni kutar sevimli ayol.

Ana… Ana… Sochi patila,
Qaranglar-ey, sochlari to‘zib,
Sakrab o‘ynar ko‘chada bola,
Qo‘llarini yomg‘irga cho‘zib.

Yomg‘irlarda cho‘milar nafas,
Kiprigida yaltirar billur.
Quyosh bulut ostidan emas,
Sochar uning ko‘zlaridan nur.

…Mehmonxona. Ozg‘in bir kishi
Yig‘ishtirar jomadonini.
“Hech qayerni ko‘rmay…” Ko‘z yoshi
To‘ka boshlar uning xotini.

“Boshqa safar… Ko‘ryapsan, yomg‘ir,
Nima qilay qo‘ydi shoshirib.
Men bormasam bo‘lmaydi, axir
Chigitlarim ketadi chirib”.

…Yog‘avergin, tinmagin, yomg‘ir,
Kuyla sokin kunga qo‘shilib
Va shaharni aylasin qamal
Gullar isi – qirlar qo‘shini.

…Tunda esa qizning sochlari
To‘kilarkan bag‘rimga og‘ir.
Tush ko‘raman oq tomchilarni,
Tushlarimga kiradi yomg‘ir.

* * *

Daryolarni ko‘rmoq mumkin birgalashib,
Birgalashib boqmoq mumkin qora tunga.
Do‘stlar bilan birin-ketin o‘ralashib
Boqmoq mumkin botayotgan so‘lg‘in kunga.

Olomonga qo‘shilgancha safsar gulga,
Kruiffga, Tiyonshonga tikkin ko‘zing.
Biroq, qabo yechayotgan sho‘x ayolni
Kuzat yurak, hayrat bilan yolg‘iz o‘zing.

SPITAMЕN QO‘SHIG‘I

Qo‘limda bir qilich erdi,
Ul qilich qonimga zor erdi.
Ayro bo‘ldim ul qilichimdan,
Na bo‘lg‘aydur ahvolim endi?

Qo‘limda bir qilich bor erdi,
Tig‘ida yov qoni xor erdi.
Ayro bo‘ldim ul qilichimdan,
Na bo‘lg‘aydur ahvolim endi?

Qo‘limda bir qilich bor erdi
Uni menga bergan yor erdi.
Ayro bo‘ldim ul qilichimdan,
Na bo‘lg‘aydur ahvolim endi?

Yot qilich qonimga zor endi,
Yot qilichda qonim xor endi,
Ul xo‘b qiz o‘zgaga yor endi,
Qo‘limda bir qilich bor erdi.

* * *

O‘layotgan otning qorachig‘ida
Cheksiz-cheksiz, yam-yashil qirlar,

O‘layotgan otning qorachig‘ida
Yag‘rinini yuvgan yomg‘irlar.

O‘layotgan otning qorachig‘ida
Miltir-miltir yonadi yulduz,

O‘layotgan otning qorachig‘ida
Chayqaladi shudringli yalpiz.

O‘layotgan otning qorachig‘ida
Moviy osmon so‘nib boradir.

O‘layotgan otning qorachig‘ida
Bir tasvir bor – zamindan og‘ir.

* * *

Musavvir Baxtiyor Boboyevga

Qorning hidi kelar…
Ora-oralab
Shikasta olomon qirga o‘rmalar –
Uzoqdagi yakka tolni qoralab,
Yelkalarda tobut.
Qorning hidi kelar…

Yo‘lning chetidagi ko‘k kiygan ayol,
Chirog‘ing o‘chdimi, nuri so‘ndimi?
Yo‘lning chetidagi ko‘k kiygan ayol,
U aslo qaytmagay.
Ne qildik endi?..

Qor nafasi bilan kechmoqda bu kun,
Qorayib turibdi kimningdir qabri.
Kattalardek jiddiy bolalar bugun,
Kattalar yig‘laydi bolalar kabi…

* * *

Rauf Parfiga nazira

Qor yog‘ayotgan oqshom
Shaharni kezsang,
G‘ira-shira ko‘chalarni
Kezsang, qo‘llaringni cho‘ntakka tiqib,
Qor esa erisa lablaringda jim.

O‘ylasang, olislarda qolgan kimnidir,
Shu qorni o‘ylasang, qalbing entiksa.
Ayniqsa, o‘zing sevgan qizni o‘ylasang,
Ayniqsa, o‘ylasang onangni…

Qor esa tinmasa,
Tinmasa qadaming.
O‘zing ham bir qor uchquniday
Singib ketsang tunning bag‘riga.

Kimgadir yo‘l bersang, kimgadir salom,
Ammo o‘zing bilmasang buni.
Qor esa bo‘ralab yog‘aversa jim,
Adashsang-da sezmasang adashganingni…

* * *

Eshik ochiladi,
Daydi it kabi
Orqaga chekinar nima qorong‘ulik…
Bir erkak chiqadi ko‘chaga shoshib,
Go‘dak yig‘isini yashirar eshik.

Erkak qora rangli yomg‘irpo‘shining
Ezilgan yoqasin ko‘tarib olar,
Erinib izlaydi papirosini,
Shoshmasdan tutatar, o‘ylanib qolar.

Keyin derazaga qaraydi so‘lg‘in,
Ohista, bosh silkib qo‘yadi unsiz.
Bir ayol oynadan silkitadi qo‘l
Va erkakni olib ketadi kunduz.

* * *

Yuragimni yashirganman.
Yo‘qdir ovozim.
Hayiqma,
Qo‘rqma, sevgilim.
Qo‘rqmagin bu hayron ko‘zlardan.

Sen – sirli kapalak
Nogoh kelib qo‘limga qo‘ngan.
Qimir etmay,
Qimir etmay turibman cho‘chib.

Sukut saqlab termulaman,
Kuylay olmayman.
Har sharpadan meni tashlab
Ketarsan uchib.

* * *

Bugun tunda yana tirildim…
Sen eshikni ochding shoshmasdan.
Shivirladim: Mana, men keldim,
Nega pardalarni ochmaysan?

Nimanidir izlardi ko‘zlar,
Nimanidir izlardim… Shu tob
Ko‘rib qoldim yostig‘ing uzra
Yotar edi meni sevgan kitob.

* * *

Bilasanmi, tush ko‘rdim seni,
Esda qoldi ko‘zlaring faqat.
Ko‘rsatmoqchi bo‘lib ko‘zingni
Olib ketdi yo‘llar beshafqat.

Seni topdim. Labingda titroq,
Shivirlading: “Tinchimni buzding…”
O‘rtamizda qiynaldi chiroq,
Uyqusirab yig‘ladi qizing.

Sen bo‘shliqqa tikib ko‘zingni
Shivirlading ohista, karaxt:
“Bilasanmi, tush ko‘rdim seni,
Esda qoldi ko‘zlaring faqat”

* * *

Yarim tunda noxos sezdim qalbimda
Faqat yolg‘iz o‘zim emasligimni.
Avaylab, entikib oldim labimga
Xayolda titragan shirin ismingni.

Mehrga, shafqatga mening qalbim och,
Mening hasratim ko‘p. Sen uni tingla!
Men senga intildim. Quchog‘ingni och,
Mening yuragimni bir so‘zda angla!

Chorak asr bizni qiynadi firoq,
Sen G‘arbiy shardayu men Sharqiy sharda.
Sen bilan qadimdan tanishmiz, biroq
Ikkimiz uchrashdik birinchi marta.

* * *

Hozir borsam topamanmi men uyingni,
Uyning ichra ko‘ramanmi gul yuzingni
Va yuzingda topamanmi dildan suygan
Tunday qora, oyday yorug‘ sho‘x ko‘zingni?

Men o‘zimni ko‘zlaringda sezamanmi,
Yasharmanmi hamon seni qiynab, o‘rtab,
Kechalari qo‘llarimni cho‘zamanmi,
Sochlaringni silaymanmi titrab-titrab?

* * *

Bilasanmi, to‘satdan kecha
Olmalarni gullatdi ko‘cha.
“Qaytsin, — dedi, — sog‘indim, — dedi, —
Nima qilay axir, kech edi.

Sovuq edi, bosgan edi qor,
Uzoqlarda kezardi bahor…
Qaytsin, mana bag‘rim yashnadi –
Ifor sochgan gulga o‘xshatdi”.

Sen kelmaysan, kunmi, kechami
Uxlatmaydi uni dard, qayg‘u.
Sen bir marta kezgan ko‘chani,
Baxtli ko‘cha deb ataydi u.

* * *

Albatta uyg‘onamiz, uyg‘onish bu haqiqat.
Tog‘larga dahshat solib qo‘zg‘alar mangu muzlar.
Ilonlar uyg‘onadi, uyg‘onadi yalpizlar,
Uyg‘onar oqayotgan suvlar shaklidagi vaqt.

Yuguramiz qo‘llarda chaqaloqday avaylab
Mudroq osmon bag‘rida yonayotgan quyoshni.
Quvonchimiz ko‘krakka sig‘masa gar, titroq lab
O‘par sor bulutlarni, gullarni, iliq toshni.

Yuguramiz, tinmaymiz, tinmoq yo‘q dillar uchun,
Hali biz yo‘l ko‘rsatamiz uchqur shamollar uchun.

* * *

Pol Elyuarga

…Juda ishonaman,
…Shoir yuragi
Qushga aylanadi o‘lgandan boshlab.
Saratonning cho‘g‘li bog‘lari uzra
Uchib kelmoqdasan parcha muz tishlab…

* * *

Vatan urushida halok bo‘lgan Nuriddin tog‘amga

…Sovuq shamol meni quvadi,
Sokin shahar ko‘chalarida.
Qizlar esa meni sevadi
Olis bahor kechalarida.

Sizni sevgan u qiz tirikmi?
Qiynaydimi xotira rasmi?
Tunlar uning boshi egikmi,
Nuriddinmi o‘g‘lining ismi?

* * *

Beva hovlisiga tun oldin kirar,
Quyuqlashib borar dilda xotira.
Devorda, suratda: bir yigit kular,
Yonida jilmayar bir qiz bokira.

Beva eng chiroyli ko‘ylagin kiyib,
Ochiq derazadan termular g‘amgin.
Xona burchagida g‘amdan entikib,
Eski plastinka g‘ijillar tag‘in.

Oqshomlari qiyin bo‘lar bevaga:
Xotiralar dilga kirar quralash.
Og‘ir bo‘lsa hamki, tasvir bo‘lsa ham
Suratga jilmayar ko‘z yosh aralash.

* * *

Bizlar juda aqllimiz,
Ming o‘lchab, bir kesamiz,
Yashasin, deb xalqimiz,
Mansablarda o‘samiz.

Bizlar juda aqllimiz,
Qiynalmaymiz dil titib,
Cho‘milmaymiz daryolarda
Cho‘kib ketish mumkin deb.

“Uzilganda yashil yaproq,
Titrama, evini qil.
Hayajondan bo‘l, — der, — yiroq” –
Oq xalat kiygan aql.

Bizlar juda aqllimiz,
Ba’zan kun-tun o‘ylaymiz,
“Bu buyumni qayga qo‘ysak
Go‘zal bo‘lar uyimiz”.

Biroq kutar, qalbda o‘kinch
Olislarda onamiz.
Qo‘msamaymiz. Chunki sog‘inch
Egovlaydi umrimiz.

“Sog‘inibdi?!.. O‘tar-ketar,
Bir kun borib kelamiz”.
Boshqa ishga uramiz qo‘l,
Chunki juda aqllimiz.

Oydek toza qizni sevib,
Termilib gul yuziga.
Keyin esa, uylanamiz
Amaldorning qiziga.

Raqibga tig‘ bilan chiqmoq –
Dahshat!
Nima qilamiz?!
Axir bizlar aqllimiz,
Makr bilan yanchamiz.

…Bir kun o‘lsak, ustimizga
Ulkan toshni qo‘yishar
Va albatta o‘sha toshga
Aqlli so‘z o‘yishar.

09

(Tashriflar: umumiy 2 608, bugungi 1)

Izoh qoldiring