Bolalikning oppoq ranglari. O’zbekiston xalq shoiri Xurshid Davron bilan suhbat. «Gulxan» jurnali. 2021-yil 12-son

khurshid-davron-gulxan Мен қачон хурсанд бўламан, биласизми?! Маънавияти, маданияти баланд Инсонлар билан суҳбат қилганимда! Жамиятимизга ҳар томонлама ибрат, намуна бўладиган зиёлилар ҳақида мақола тайёрлаганимда! Келажак авлодга одоб ва ахлоқнинг, камтарликнинг намунасини кўрсата олганимда!
Бугун мен ана шундай Инсон билан “Гулхан” журналимда суҳбат ташкил қилганимдан беҳад хурсандман (Мазкур суҳбатни тайёрлаган Нилуфар Жабборованинг фейсбукдаги саҳифасидан).

БОЛАЛИКНИНГ ОППОҚ РАНГЛАРИ
Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон билан суҳбат


Ўзбекистон халқ шоири, драматург, тарихчи ва таржимон, адабиёт соҳасида бериладиган Маҳмуд Қошғарий номидаги Халқаро мукофот, Озарбайжон Ёзувчилар бирлигининг Микойил Мушфиқ мукофоти, Халқаро “Олтин қалам” мукофоти ва “Дўстлик” ордени соҳиби Хуршид Давронни танимаган, билмаган киши бўлмаса керак. Келажак авлодга ибрат намунаси сифатида биз Хуршид ДАВРОНнинг болалик хотираларига мурожаат қилдик.


   Хуршид Даврон 1952 йилнинг 20-январида Самарқанд вилояти, Самарқанд туманидаги Чордара қишлоғида туғилди. 1969 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультети кечки бўлимига ўқишга кириб, кундузи қурилиш ташкилотларида ишлади.
Ҳарбий хизматдан қайтгач (1971-1973), ўқишни давом эттирди. 1974-1992 йилларда турли нашриётларда муҳаррир, бўлим мудири, 1994-1996 йилларда Республика Маънавият ва маърифат жамоатчилик марказида, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида хизмат қилди.
Хуршид Давроннинг “Қадрдон қуёш” номли биринчи китоби 1979 йилда чоп этилди. Шундан сўнг шоирнинг “Шаҳардаги олма дарахти” (1979), “Тунги боғлар” (1981), “Учиб бораман қушлар билан” (1983), “Тўмариснинг қизлари” (1984), “Болаликнинг овози” (1986), “Қақнус” (1987), “Баҳордан бир кун олдин” (1989) сингари шеърий китоблари дунёга келди.
Ижодкорнинг тарихий-маърифий мавзулар йўналишидаги изланишлари натижасида “Самарқанд хаёли” (1991), “Соҳибқирон набираси” (1995), “Шаҳидлар шоҳи ёхуд Шайх Кубро тушлари” (1998), “Бибихоним” (2006) номли қиссалари яратилди.
У буюк аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти ҳақида бир қатор драматик асарлар ёзди. “Бобуршоҳ” (1996) асари “Бобур соғинчи” номи билан дастлаб Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқий театрида, кейинчалик Ўш давлат ўзбек драма театрида саҳнага қўйилди. “Темурнома” номли 21 қисмли телесериал (1996), “Жалолиддин Хоразмшоҳ” (Нўмиқ Камол асари) номли 5 қисмли телеспектакль (1998), “Алғул ёхуд Мирзо Улуғбек” номли 2 қисмли радио ва телеспектакль (2009), шунингдек, “Бухоройи шариф” фильм-операси, “Минг бир ривоят” телелойиҳаси Хуршид Даврон сценарийлари асосида яратилди.
Шоир таржимон сифатида Н. Заболотскийнинг “Турналар” (1985), М. Чаклайснинг “Отўйин” (1986), О. Ватсиэтиснинг “Томошабоғ” (1987), Шарқ ва Ғарб шоирларининг муҳаббат мавзусида ёзган шеърларидан иборат “Қирқ бир ошиқ дафтари” (1989) мажмуасини, мумтоз япон шеърияти намуналари киритилган “Денгиз япроқлари” номли антологияни (1988), татар õàлқ оғзаки ижодининг нодир намунаси – “Эдигей” достонини (2012) ўзбек тилига ўгирди. Ижодкорнинг шеърлари қирқдан ортиқ жаҳон тилларига таржима қилинган.


ОҚИБАТ

011Мен Самарқанд яқинидаги қишлоқлардан бири – Чордарада туғилганман. Ҳали бу қишлоқ пайдо бўлмасдан олдин бу ерда онам – Фузаллобегимнинг боболари Ҳикматхўжа махдум қўрғон тиклаган. Қўрғоннинг атрофини мевазор-у узумзорлар ўраб турган. Қўрғоннинг тўрт томонида дарвозалари бўлган, шу сабабдан бу жойни одамлар “Чордара” (“Тўрт эшикли”, “Тўрт дарвозали”) деб атай бошлашган. Вақт ўтиб қўрғон атрофида шаклланган қишлоқ ҳам Чордара номини олган.

Онамнинг оталари Вафохўжа махдум ўз даврининг ўқимишли одамларидан бўлиб, Петербургда таълим олган. Буюк маърифатчи Маҳмудхўжа Беҳбудий издошларидан эди.

Вафохўжа бобом Самарқандда 1926 йили ташкил этилган “Қизил қалам” жамияти фаолиятида иштирок этган. Шокир Сулаймон раҳбарлик қилган бу жамиятда Отажон Ҳошим, Боту, Зиё Саид, Сотти Ҳусайн, Анқабой, Олтой сафидаги Уйғун, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Ойдин сингари ёш қаламкашлар ҳам бор эди. Бобом ижодкор бўлмаган, аммо хат-саводли, ўқимишли одам сифатида “Қизил қалам” жамияти ишларига жалб этилган.
Отам, Даврон Ҳасанов, Найман уруғидан. Ота уруғим яшаган Найманқишлоқ бобом қўрғонининг этагида эди. Бугунги Найманқишлоқ Самарқанд шаҳри таркибидаги Кимёгарлар шаҳарчасига ёнма-ён жойлашган.

022Ўз даврининг саводли ки­шиларидан бўлиб, 30-йилларда Самарқанд педагогика институтида таҳсил олган. Чордара қиш­ло­ғидаги илк мактаб ҳам отамнинг ҳаракати билан қад кўтарган.

Ота ҳовлимизнинг дарвозахона тарафи мевазор, этаги қатор-қатор войиш қилинган узумзордан иборат эди. Ҳовли жуда катта эди. Кейинчалик отам қиш кечаси сандал – танча исидан заҳарланиб вафот этган жўрасининг болаларига ҳовлимиз этагидан жой ажратиб берган эди. Жўрасининг қизи турмушга узатилиб, ўғли Умар қишлоғимиз ёнида жойлашган ҳарбий қисмга полк ўғли бўлиб қабул қилингач, ҳар иккиси қишлоққа келмай кетди.

Умарни кейинчалик Тошкентда университетда ўқи­ётганимда кўрганман. Мен журналистика факультетининг ётоғида яшаб юрган пайтим эди. Умар мени қандай топганини ҳанузгача билмайман.

КИЧИК БОҒБОН

Отамнинг эркаси бўлганман. Дастурхон атрофида ўтирганимизда нима сузилса, энг биринчи менга олиб келинарди.

Отамни қаттиқ яхши кўрардим. Тун ярмидан ошсаям, ухламасдан уйга қайтишларини пойлаб ўтираверардим. Отам мени фақат бир марта дастурхон олдида навбатдаги “жанжалим”ни бошлаганимда, қошиқ билан тиззамга секингина урганларини эслайман.

033Отам боғ билан узумга ишқибоз эди. Ҳовлимизда узумнинг қарийб 40 дан ортиқ нави бор эди десам хато қилмайман. Махсус хонада қишда узум сақлардик. Биринчи эълон қилинган шеърим ҳам узум билан боғлиқ. Оиламизнинг тўнғич фарзанди – Ҳамза акам 3 йиллик ҳарбий хизматдан қайтишини кутар эдик. Ўшанда отам ноябрнинг бошигача бир-икки войишдаги узумни узмай, қоғоз билан ўраб сақлаган эди. Шу эсимда муҳрланиб қолган экан, йиллар ўтиб, урушдан қайтмаган фарзандини кутган она ҳақида “Узилмасдан қолган узумлар” шеърини ёзганман. Республика матбуотида босилган илк шеърларимдан бири мана шу шеър эди…

Отамдан ўтганми, болаликдан дарахтга, боққа меҳрим баланд. Дарвозахонадан ҳовлига кираверишда отам менга атайлаб жой ажратиб берган эди. Тенгдош жўрам Исматилло билан (унинг ҳам боғчаси бор эди) эрта баҳор ёки кеч кузда саҳар чиқиб, далама-дала юриб, боғимизда йўқ ниҳолларни излардик. Баҳорда, ўзимизча “эксперимент” қилиб, тўғри келадими, йўқми, ниҳолларни бир-бирига пайванд қилиш билан машғул бўлардик.

Ҳовлимизнинг бир чеккасида “Ўрис дарахт” деб аталадиган новдалари сассиқ оғоч пала-партиш кўпайиб ўсиб ётарди. Неча марта уларни йўқ қилишга уриндик, фойдаси бўлмади. Баҳор келиши билан ерга чуқур жойлашган илдизларидан, “лоп” этиб кўкармалар пайдо бўлар, ҳафта ўтмай бир қаричча бўй чўзарди.

Нима бўлди-ю, новдаси гилосникига сал-пал ўхшаб кетгани учунми, билмайман, мана шу сассиқ дарахтни гилос билан пайванд қилиш фикри туғилиб қолди. Буни қаранг-ки, пайванд тутиб, бир йил ичида бўйи икки метрдан зиёд бўлиб, ҳосил қилди. Баҳор кетиб, ёз авжига кирган пайтда катта-катта меваси қизарди. Аммо, уни еб бўлмасди, жуда бемаза эди. Бу тажрибамни кузатиб юрган камгап отам, бошини чайқаб “Қазисан, қартасан, асли наслингга тортасан”, – деганларини ҳали-ҳануз эслаб юраман.

ҲАЙРАТНИНГ КЎЗЛАРИ

Болалигимни эсласам, отамнинг тундай қоп-қора оти, “Орлёнок” велосипедим, “Олапар” деган итим, бобом қўрғонининг қолдиқлари сақланиб қолган далада мол боқиб юрганимда чолларнинг бобом Вафохўжа Маҳсум ҳақида сўзлаган хотиралари ёдимга тушади.

Мактаб ҳовлимиздан узоқ эмас, бор-йўғи 200 қадамча нарида жойлашган эди. Мактабга борган биринчи куним дадам негадир мени отга миндириб олиб борган эдилар. Буни кўрган бир неча тенгдошим уйларига қайтиб борганларида, “мениям отда олиб борасиз”, – деб хархаша қилган. Эртасига жуда кўп оталар болаларини отга миндириб олиб келишган эди.

Отамнинг обрўйи қишлоқда жуда баланд эди. Мактаб биносиям отамнинг ташаббуси билан тикланган.

Болаликда энг севган китобим Миркарим Осимнинг “Ўтрор” қиссаси бўлган. Қайта-қайта ўқирдим-у сира тўймасдим. Кейинчалик адибнинг бошқа асарларини ҳам мароқ билан ўқидим, аммо “Ўтрор” севимли бўлиб қолаверди. Тарихга бўлган муҳаббатим, шеърларимдаги мозий нафаси, бир неча тарихий ҳикоялар-у қиссаларим Самарқанд ва “Ўтрор” боис рўёбга чиққан деб ўйлайман.
944
Бир пайтлари қишлоғимиз мозори ёнидаги ариқдан ҳатлаб ўтсангиз, улкан тепаликка дуч келардингиз. Болаликда ҳамма нарса катта туюларкан. Мен ҳозир “ҳатлаб ўтсангиз” дедим-у, аслида бу ариқ болалик пайтида каттакон сойдай, тепалик эса тоғдай бўлиб туюлгани ёдимда. Мана шу тоғдай тепаликка чиқиб варрак учирардик. Ҳар сафар бу тепалик устига чиққанимда олисдаги тоғларга тикилиб хаёл сургим келар, хаёл сурганим сайин тоғлар бутун ҳайбати ва залвари билан яқинлашар, охири уларнинг мовий қучоғига сингиб кетганимни билмай қолардим. Хуллас, ўша тепалиг-у олисдаги мовий тоғлар мени шоирга айлантирган бўлса ажабмас.

Ўша тепаликдан туриб Регистон минораларини, Гўри Мир гумбазини кўриш мумкин эди. У пайтлар Самарқанддаги энг баланд бино тўрт қаватли бўларди. Шунинг учун ҳам болалик тоғининг чўққисига чиқиб тикилган болакайнинг нигоҳини тўсадиган тўсиқ йўқ эди.

Самарқанд томонга тикилар эканман, онамнинг: “Биз олдин шаҳарда яшаганмиз, бу ерда эса бобонгнинг қўрғони – дала ҳовлиси бўлган”, – деган сўзлари ёдимга тушарди.

– Бобонгнинг шаҳардаги ҳовлиси ҳалиям бор, – деб ҳикоя қиларди онам. – Шундоқ Регистон майдони қаршисидаги кинохонанинг орқасига ўтиб, тўғри юраверсанг, икки қаватли ўрис ғиштли иморатга кўзинг тушади. Ўша бобонгнинг ҳовлиси бўлади.

Мен бобомнинг икки қаватли уйини кўраман, деб тикилардим-у дам ўтмай бу ўй унутилиб, бутун хаёлимни олисларда юксалиб турган миноралар, гумбазлар мафтун қилиб оларди. Тепалик устида ўтирганча, онам сўзлаб берган афсоналарни ўйлардим. Уларни ўйлаб, йироқдаги сеҳрли шаҳар кўчалари-ю майдонларига бориб қолганимни сезмай қолардим. Атрофимдан автолар эмас, совут кўтарган, эгнидаги жавшанлари ялтираб турган алпкелбатли суворийлар, мадрасадан сабоқ олиб қайтаётган, бошларига оппоқ салла ўраган, мовий либос кийган толиблар ўтар, бозордан қайтаётган қарияларнинг юки енгиллашган эшаклари ҳорғин йўрғаларди.

Бир гал, тахминан, 10 ёшларимда, ҳадеб ялинаверган бўлсам керак, онам бобомнинг ҳовлисини кўрсатиш учун Самарқандга олиб борди. Шундоқ Садриддин Айний музейи ёнидан кириб Ҳовузи сангин (Тошҳовуз) маҳалласига бордик. Маҳалладаги ягона пишиқ ғиштдан тиклаган икки қаватли иморат кўриниши билан “Бобомнинг ҳовлиси шу бўлса керак”, – деб ўйлаганман.. Онам мени ичкарига олиб кирмаган. Ўзи бўлса бобомни, бийимни, урушда бедарак кетган акалари Нуриддин тоғамни, болаликнинг ширин дамларини эслаб, узоқ вақтгача сукут сақлаган, кўзларидан ёш оққан.
055
ИБРАТ

Болалигимда рўй берган ва бутун умр ибрат бўлган бир воқеани унутолмайман. 7-синфда мен туманнинг “Шарқ тонги” газетасига хабар ёза бошлаганман. Бир куни онам хивчин билан акам иккимизга ажратилган хонага кириб келдилар. Бир сўз демасдан савалай бошладилар. Мен хонадан ҳовлига қочиб чиқдим. “Нега урасиз, нима қилдим?” – дедим ҳиқиллаб йиғлаганча. Онам “Нега ёлғонни ёзасан?” – дедилар жаҳлдан тушмай. “Фалончи (онам яқин дугонасининг исмини айтди) бир ойдан бери касалхонада ётган бўлса, сен уни “пилла топшириш режасини икки баравар қилиб бажарди”, – деб ёзибсан. Ҳозир у эмас, бошқа киши бригадир бўлган. Нега мени шарманда қиласан, бориб сўрасанг, ўласанми?”

Хуллас, уятчанлигим туфайли пиллахонага бормай, узоқдан сўраб-суриштириб ёзган кичкина хабарим эълон қилинган куннинг эртасиёқ онам журналистиканинг ва албатта, адабиётнинг ҳам асосий талаби – ёлғон ёзмаслик кераклиги ҳақида бир умрлик сабоқ берган эдилар.

“ШОИР ОЛТОЙ”

Еттинчи синфда ўқиётган пайтларим шеър ёза бошладим. Бироқ, шеър ёзишимни ҳаммадан яширардим, нима учун, билмайман, уялардим. Аммо, кунлардан бир кун бу сир ошкор бўлди. Ўша пайтлар оқшом тушиши билан ўсмир юрагимда китобга, адабиётга меҳр уйғотган, она тили ва адабиёт муаллимаси бўлмиш Субуҳа холам (Оллоҳ раҳматига олсин) хонадонига йўл олардим. Эрта бева қолган холамнинг эндигина шифокорликка ўқишини тугатган ёлғиз ўғли – Далер тоғам Сурхондарёнинг Ангор туманига ишга жўнатилган эди. Ёлғиз қолган холам онамга айттириб, мени дадамдан “қоровулчилик”ка сўраган эди. Гарчи мен кўп вақтимни шусиз ҳам холамникида ўтказишимдан яхши хабардор дадам: “Фақат молларни ўтлатиб келишни унутмасин”, – дея рози бўлган эди. Мени холамнинг хонадонига оҳанрабодек тортадиган нарса – китоблар эди. Холамнинг, бугун аниқ биламан, қишлоқда бошқа ҳеч кимникида бўлмаган бойлиги – кутубхонаси бор эди.
066
Ўша сир очилган куни одатдагидек холамнинг уйига борасолиб китоблар тахланган токчаси бор хонага кирдим. Ҳозир эсимда йўқ, ё арман, ё гуржи ёзувчисининг тоғда адашиб қолган болалар саргузашти ҳақида ҳикоя қилувчи китобини олдим-у холамнинг ёнига чиқдим. Чиқдим-у холамнинг қишлик ботинкам қўнжида яшириб юрганим – икки-уч қават букланган қоғозларни топиб олиб, “Бу нима экан?” – дегандай кўздан кечириб турганини кўриб, жойимда қотиб қолдим. Ниҳоят: “Буларни ўзинг ёздингми?” – деб сўради холам. Мен индамагач, саволини яна такрорлади. Мен эса миқ этмасдим. Холам аҳволимни тушунди, шекилли, жилмайди. Сўнг, нима учундир “Шоир Олтой!” – дея елкамни силади.

Мен ҳамон нима қилишимни билмасдан серрайиб турардим. Холам қўлидаги қоғозлардан бирини кўрсатиб: “Лекин, мана бунақа шеърлар ёзма”, – деди жиддий. Мен “қайси шеър экан” деганча қоғозга тикилдим. Гўри Мирга бағишланган шеър экан. Эсимда қолган сатрлари:

Гўри Мир гумбази бор,
Самарқанд ўртасида.
Унда Амир Темур ётар
Болалари ўртасида.

Бугун ўша пайтдаги шеърларимни нақадар жўн, ибтидоий бўлганини биламан. Аммо ўша пайтларда мен ҳали Амир Темур ҳақида ёзиш мумкин эмаслигини билмасдим. Илк шеърларим Самарқанд, Регистон, Шоҳизинда ҳақида эди. Мен Субуҳа холамдан “Нега бундай шеърлар ёзиш мумкин эмас?” – деб ҳам сўрамадим. Холам ҳам “Бунақа шеърлар ёзма” – дейишдан ортиқ бир сўз айтмади.

Юқорида ёзганимдек, бобом Вафохўжа Махсум 30 йилларда қирғинбарот этилгани туфайли бувим – Латофат биби, онам, холаларим ва тоғаларим қандай даҳшатли кунларни бош­ларидан кечирганларини мана энди биламан. Шаҳардаги ва қишлоқдаги ҳовлилари мусодара этилган. Бошпанасиз, ёш фарзандлари билан кўчада қолган бувим Латофат бибининг қатъияти, онажоним Фузаллобегимнинг отамга жуда эрта узатилгани сабаб бу хонадон давр даҳшатларидан омон қолган эди.
077
Ўрни келгани учун қизиқ бир гапни айтиб ўтмасам бўлмайди. Вафохўжа Махсум зурриёдларининг бир қисмининг фамилияси Вафохўжаев, қолган қисмининг фамилияси Вафоев тарзида ёзилади. Мана энди биламан, бирор бир совет ташкилотида ишлаганлар ўзларини ишга олишлари учун тўсиқ бўлган “хўжа”ни фамилияларидан олиб ташлашга мажбур этилган, оддий бир ишларда ишлаб, кун кечирганлар Вафохўжаев бўлиб қолаверган.

Хуллас, ўша куни Субуҳа холам қўлимга қайтариб берган шеърларимни яна аввалги жойи – қишлик ботинкам қўнжига яширдим. Шу-шу холам ҳар замон-ҳар замон “Ҳа, шоир Олтой!” – дея эркалайдиган бўлди. Йиллар ўтиб, шеърий китобларим чиқиб, номим эл-у юртга танилган кунларда ҳам “Ҳа, шоир Олтой!” – деб эркалашини канда қилмади.

Ўша сирим фош бўлган куни холам Гўри Амирга бағишланган “шеър”имни нега ёзганимни сўраб қолганида тушунтириб бера олармидим, йўқми, билмайман. Аниғи, тушунтириб беролмаган бўлардим. Мана энди биламан: Соҳибқирон бобомизнинг номи тилга олинмаган ўша пайтлардаям халқ юраги, хотираси уни унутмагани учун ёзган эканман бу шеърни. Самарқанд ҳавоси бу шавкатли инсонга бўлган меҳр-муҳаббат билан тўйингани учун ёзган эканман болаларча хом сатрларни. Чунки мен ҳам ўша ҳаводан нафас олардим. Ҳамон шу ҳаводан нафас оламан.

088

АҚЛ ҲАССАСИГА ТАЯНГАН БОЛАЛИК

Менинг назаримда, асл ижодкор ақл ҳассасига таянган, аммо болаликнинг қўлларини қўйиб юбормаган инсондир.

Донишманд Чингиз Айтматов “Юрагида болалигини сақлай олган ижодкоргина истеъдодлидир”, – деган эди. Демак, катталардай яшаб, боладай ёзиш деган тушунчани, ижодкор умри давомида орттирган тажрибаси билан болаларга хос соддалик, беғуборлик ва меҳрни уйғун эта олиш деб тушуниш керак. Ақл – тажриба маҳсули. Фақат ақлга ишонган ижодкор барибир мағлуб бўлади. Меҳр эса илоҳий туйғу. Меҳр аввалдан муҳаббатнинг онаси, истеъдоднинг қуввати. Меҳрнинг илдизи эса болалигимизда, умримизнинг беғубор фаслида. Уни йўқотиб қўйишдан асрасин. Мабодо, йўқотиб қўйилса, юзсизликка, хиёнатга, имонсизликка ва сўзфурушликка йўл очилади.

Суҳбатдош Нилуфар ЖАББОРОВА

Манба: “Гулхан” журнали 2021 йил 12-сон

043Men qachon xursand bo’laman, bilasizmi?! Ma’naviyati, madaniyati baland Insonlar bilan suhbat qilganimda! Jamiyatimizga har tomonlama ibrat, namuna bo’ladigan ziyolilar haqida maqola tayyorlaganimda! Kelajak avlodga odob va axloqning, kamtarlikning namunasini ko’rsata olganimda!
Bugun men ana shunday Inson bilan “Gulxan” jurnalimda suhbat tashkil qilganimdan behad xursandman (Mazkur suhbatni tayyorlagan Nilufar Jabborovaning feysbukdagi sahifasidan).

BOLALIKNING OPPOQ RANGLARI
O’zbekiston xalq shoiri Xurshid Davron bilan suhbat


O‘zbekiston xalq shoiri, dramaturg, tarixchi va tarjimon, adabiyot sohasida beriladigan Mahmud Qoshg‘ariy nomidagi Xalqaro mukofot, Ozarbayjon Yozuvchilar birligining Mikoyil Mushfiq mukofoti, Xalqaro “Oltin qalam” mukofoti va “Do‘stlik” ordeni sohibi Xurshid Davronni tanimagan, bilmagan kishi bo‘lmasa kerak. Kelajak avlodga ibrat namunasi sifatida biz Xurshid DAVRONning bolalik xotiralariga murojaat qildik.


   Xurshid Davron 1952-yilning 20-yanvarida Samarqand viloyati, Samarqand tumanidagi Chordara qishlog‘ida tug‘ildi. 1969-yili Toshkent davlat universiteti (hozirgi O‘zMU)ning jurnalistika fakulteti kechki bo‘limiga o‘qishga kirib, kunduzi qurilish tashkilotlarida ishladi.
Harbiy xizmatdan qaytgach (1971-1973), o‘qishni davom ettirdi. 1974-1992-yillarda turli nashriyotlarda muharrir, bo‘lim mudiri, 1994-1996-yillarda Respublika Ma’naviyat va ma’rifat jamoatchilik markazida, O‘zbekiston Milliy teleradiokompaniyasida xizmat qildi.
Xurshid Davronning “Qadrdon quyosh” nomli birinchi kitobi 1979-yilda chop etildi. Shundan so‘ng shoirning “Shahardagi olma daraxti” (1979), “Tungi bog‘lar” (1981), “Uchib boraman qushlar bilan” (1983), “To‘marisning qizlari” (1984), “Bolalikning ovozi” (1986), “Qaqnus” (1987), “Bahordan bir kun oldin” (1989) singari she’riy kitoblari dunyoga keldi.
Ijodkorning tarixiy-ma’rifiy mavzular yo‘nalishidagi izlanishlari natijasida “Samarqand xayoli” (1991), “Sohibqiron nabirasi” (1995), “Shahidlar shohi yoxud Shayx Kubro tushlari” (1998), “Bibixonim” (2006) nomli qissalari yaratildi.
U buyuk ajdodlarimiz hayoti va faoliyati haqida bir qator dramatik asarlar yozdi. “Boburshoh” (1996) asari “Bobur sog‘inchi” nomi bilan dastlab Muqimiy nomidagi o‘zbek davlat musiqiy teatrida, keyinchalik O’sh davlat o’zbek drama teatrida sahnaga qo‘yildi. “Temurnoma” nomli 21 qismli teleserial (1996), “Jaloliddin Xorazmshoh” (No‘miq Kamol asari) nomli 5 qismli telespektakl (1998), “Alg’ul yoxud Mirzo Ulug’bek” nomli 2 qismli radio va telespektakl (2009), shuningdek, “Buxoroyi sharif” film-operasi, “Ming bir rivoyat” teleloyihasi Xurshid Davron ssenariylari asosida yaratildi.
Shoir tarjimon sifatida N. Zabolotskiyning “Turnalar” (1985), M. Chaklaysning “Oto‘yin” (1986), O. Vatsietisning “Tomoshabog‘” (1987), Sharq va G‘arb shoirlarining muhabbat mavzusida yozgan she’rlaridan iborat “Qirq bir oshiq daftari” (1989) majmuasini, mumtoz yapon she’riyati namunalari kiritilgan “Dengiz yaproqlari” nomli antologiyani (1988), tatar õàlq og‘zaki ijodining nodir namunasi – “Edigey” dostonini (2012) o‘zbek tiliga o‘girdi. Ijodkorning she’rlari qirqdan ortiq jahon tillariga tarjima qilingan.


OQIBAT

Men Samarqand yaqinidagi qishloqlardan biri – Chordarada tug‘ilganman. Hali bu qishloq paydo bo‘lmasdan oldin bu yerda onam – Fuzallobegimning bobolari Hikmatxo‘ja maxdum qo‘rg‘on tiklagan. Qo‘rg‘onning atrofini mevazor-u uzumzorlar o‘rab turgan. Qo‘rg‘onning to‘rt tomonida darvozalari bo‘lgan, shu sababdan bu joyni odamlar “Chordara” (“To‘rt eshikli”, “To‘rt darvozali”) deb atay boshlashgan. Vaqt o‘tib qo‘rg‘on atrofida shakllangan qishloq ham Chordara nomini olgan.

Onamning otalari Vafoxo‘ja maxdum o‘z davrining o‘qimishli odamlaridan bo‘lib, Peterburgda ta’lim olgan. Buyuk ma’rifatchi Mahmudxo‘ja Behbudiy izdoshlaridan edi.

Vafoxo‘ja bobom Samarqandda 1926-yili tashkil etilgan “Qizil qalam” jamiyati faoliyatida ishtirok etgan. Shokir Sulaymon rahbarlik qilgan bu jamiyatda Otajon Hoshim, Botu, Ziyo Said, Sotti Husayn, Anqaboy, Oltoy safidagi Uyg‘un, Hamid Olimjon, Mirtemir, Oydin singari yosh qalamkashlar ham bor edi. Bobom ijodkor bo‘lmagan, ammo xat-savodli, o‘qimishli odam sifatida “Qizil qalam” jamiyati ishlariga jalb etilgan.

099Otam, Davron Hasanov, Nayman urug‘idan. Ota urug‘im yashagan Naymanqishloq bobom qo‘rg‘onining etagida edi. Bugungi Naymanqishloq Samarqand shahri tarkibidagi Kimyogarlar shaharchasiga yonma-yon joylashgan.

O’z davrining savodli ki¬shilaridan bo’lib, 30-yillarda Samarqand pedagogika institutida tahsil olgan. . Chordara qish­lo­g‘idagi ilk maktab ham otamning harakati bilan qad ko‘targan.

Ota hovlimizning darvozaxona tarafi mevazor, etagi qator-qator voyish qilingan uzumzordan iborat edi. Hovli juda katta edi. Keyinchalik otam qish kechasi sandal – tancha isidan zaharlanib vafot etgan jo‘rasining bolalariga hovlimiz etagidan joy ajratib bergan edi. Jo‘rasining qizi turmushga uzatilib, o‘g‘li Umar qishlog‘imiz yonida joylashgan harbiy qismga polk o‘g‘li bo‘lib qabul qilingach, har ikkisi qishloqqa kelmay ketdi.

Umarni keyinchalik Toshkentda universitetda o‘qi­yotganimda ko‘rganman. Men jurnalistika fakultetining yotog‘ida yashab yurgan paytim edi. Umar meni qanday topganini hanuzgacha bilmayman.

KICHIK BOG‘BON

Otamning erkasi bo‘lganman. Dasturxon atrofida o‘tirganimizda nima suzilsa, eng birinchi menga olib kelinardi.

Otamni qattiq yaxshi ko‘rardim. Tun yarmidan oshsayam, uxlamasdan uyga qaytishlarini poylab o‘tiraverardim. Otam meni faqat bir marta dasturxon oldida navbatdagi “janjalim”ni boshlaganimda, qoshiq bilan tizzamga sekingina urganlarini eslayman.

Otam bog‘ bilan uzumga ishqiboz edi. Hovlimizda uzumning qariyb 40 dan ortiq navi bor edi desam xato qilmayman. Maxsus xonada qishda uzum saqlardik. Birinchi e’lon qilingan she’rim ham uzum bilan bog‘liq. Oilamizning to‘ng‘ich farzandi – Hamza akam 3 yillik harbiy xizmatdan qaytishini kutar edik. O‘shanda otam noyabrning boshigacha bir-ikki voyishdagi uzumni uzmay, qog‘oz bilan o‘rab saqlagan edi. Shu esimda muhrlanib qolgan ekan, yillar o‘tib, urushdan qaytmagan farzandini kutgan ona haqida “Uzilmasdan qolgan uzumlar” she’rini yozganman. Respublika matbuotida bosilgan ilk she’rlarimdan biri mana shu she’r edi…

Otamdan o‘tganmi, bolalikdan daraxtga, boqqa mehrim baland. Darvozaxonadan hovliga kiraverishda otam menga ataylab joy ajratib bergan edi. Tengdosh jo‘ram Ismatillo bilan (uning ham bog‘chasi bor edi) erta bahor yoki kech kuzda sahar chiqib, dalama-dala yurib, bog‘imizda yo‘q nihollarni izlardik. Bahorda, o‘zimizcha “eksperiment” qilib, to‘g‘ri keladimi, yo‘qmi, nihollarni bir-biriga payvand qilish bilan mashg‘ul bo‘lardik.

Hovlimizning bir chekkasida “O‘ris daraxt” deb ataladigan novdalari sassiq og‘och pala-partish ko‘payib o‘sib yotardi. Necha marta ularni yo‘q qilishga urindik, foydasi bo‘lmadi. Bahor kelishi bilan yerga chuqur joylashgan ildizlaridan, “lop” etib ko‘karmalar paydo bo‘lar, hafta o‘tmay bir qarichcha bo‘y cho‘zardi.

Nima bo‘ldi-yu, novdasi gilosnikiga sal-pal o‘xshab ketgani uchunmi, bilmayman, mana shu sassiq daraxtni gilos bilan payvand qilish fikri tug‘ilib qoldi. Buni qarang-ki, payvand tutib, bir yil ichida bo‘yi ikki metrdan ziyod bo‘lib, hosil qildi. Bahor ketib, yoz avjiga kirgan paytda katta-katta mevasi qizardi. Ammo, uni yeb bo‘lmasdi, juda bemaza edi. Bu tajribamni kuzatib yurgan kamgap otam, boshini chayqab “Qazisan, qartasan, asli naslingga tortasan”, – deganlarini hali-hanuz eslab yuraman.

HAYRATNING KO‘ZLARI

Bolaligimni eslasam, otamning tunday qop-qora oti, “Orlyonok” velosipedim, “Olapar” degan itim, bobom qo‘rg‘onining qoldiqlari saqlanib qolgan dalada mol boqib yurganimda chollarning bobom Vafoxo‘ja Mahsum haqida so‘zlagan xotiralari yodimga tushadi.

097Maktab hovlimizdan uzoq emas, bor-yo‘g‘i 200 qadamcha narida joylashgan edi. Maktabga borgan birinchi kunim dadam negadir meni otga mindirib olib borgan edilar. Buni ko‘rgan bir necha tengdoshim uylariga qaytib borganlarida, “meniyam otda olib borasiz”, – deb xarxasha qilgan. Ertasiga juda ko‘p otalar bolalarini otga mindirib olib kelishgan edi.

Otamning obro‘yi qishloqda juda baland edi. Maktab binosiyam otamning tashabbusi bilan tiklangan.

Bolalikda eng sevgan kitobim Mirkarim Osimning “O‘tror” qissasi bo‘lgan. Qayta-qayta o‘qirdim-u sira to‘ymasdim. Keyinchalik adibning boshqa asarlarini ham maroq bilan o‘qidim, ammo “O‘tror” sevimli bo‘lib qolaverdi. Tarixga bo‘lgan muhabbatim, she’rlarimdagi moziy nafasi, bir necha tarixiy hikoyalar-u qissalarim Samarqand va “O‘tror” bois ro‘yobga chiqqan deb o‘ylayman.

Bir paytlari qishlog‘imiz mozori yonidagi ariqdan hatlab o‘tsangiz, ulkan tepalikka duch kelardingiz. Bolalikda hamma narsa katta tuyularkan. Men hozir “hatlab o‘tsangiz” dedim-u, aslida bu ariq bolalik paytida kattakon soyday, tepalik esa tog‘day bo‘lib tuyulgani yodimda. Mana shu tog‘day tepalikka chiqib varrak uchirardik. Har safar bu tepalik ustiga chiqqanimda olisdagi tog‘larga tikilib xayol surgim kelar, xayol surganim sayin tog‘lar butun haybati va zalvari bilan yaqinlashar, oxiri ularning moviy quchog‘iga singib ketganimni bilmay qolardim. Xullas, o‘sha tepalig-u olisdagi moviy tog‘lar meni shoirga aylantirgan bo‘lsa ajabmas.

O‘sha tepalikdan turib Registon minoralarini, Go‘ri Mir gumbazini ko‘rish mumkin edi. U paytlar Samarqanddagi eng baland bino to‘rt qavatli bo‘lardi. Shuning uchun ham bolalik tog‘ining cho‘qqisiga chiqib tikilgan bolakayning nigohini to‘sadigan to‘siq yo‘q edi.

Samarqand tomonga tikilar ekanman, onamning: “Biz oldin shaharda yashaganmiz, bu yerda esa bobongning qo‘rg‘oni – dala hovlisi bo‘lgan”, – degan so‘zlari yodimga tushardi.

– Bobongning shahardagi hovlisi haliyam bor, – deb hikoya qilardi onam. – Shundoq Registon maydoni qarshisidagi kinoxonaning orqasiga o‘tib, to‘g‘ri yuraversang, ikki qavatli o‘ris g‘ishtli imoratga ko‘zing tushadi. O‘sha bobongning hovlisi bo‘ladi.
Men bobomning ikki qavatli uyini ko‘raman, deb tikilardim-u dam o‘tmay bu o‘y unutilib, butun xayolimni olislarda yuksalib turgan minoralar, gumbazlar maftun qilib olardi. Tepalik ustida o‘tirgancha, onam so‘zlab bergan afsonalarni o‘ylardim. Ularni o‘ylab, yiroqdagi sehrli shahar ko‘chalari-yu maydonlariga borib qolganimni sezmay qolardim. Atrofimdan avtolar emas, sovut ko‘targan, egnidagi javshanlari yaltirab turgan alpkelbatli suvoriylar, madrasadan saboq olib qaytayotgan, boshlariga oppoq salla o‘ragan, moviy libos kiygan toliblar o‘tar, bozordan qaytayotgan qariyalarning yuki yengillashgan eshaklari horg‘in yo‘rg‘alardi.

Bir gal, taxminan, 10 yoshlarimda, hadeb yalinavergan bo‘lsam kerak, onam bobomning hovlisini ko‘rsatish uchun Samarqandga olib bordi. Shundoq Sadriddin Ayniy muzeyi yonidan kirib Hovuzi sangin (Toshhovuz) mahallasiga bordik. Mahalladagi yagona pishiq g‘ishtdan tiklagan ikki qavatli imorat ko‘rinishi bilan “Bobomning hovlisi shu bo‘lsa kerak”, – deb o‘ylaganman.. Onam meni ichkariga olib kirmagan. O‘zi bo‘lsa bobomni, biyimni, urushda bedarak ketgan akalari Nuriddin tog‘amni, bolalikning shirin damlarini eslab, uzoq vaqtgacha sukut saqlagan, ko‘zlaridan yosh oqqan.
064
IBRAT

Bolaligimda ro‘y bergan va butun umr ibrat bo‘lgan bir voqeani unutolmayman. 7-sinfda men tumanning “Sharq tongi” gazetasiga xabar yoza boshlaganman. Bir kuni onam xivchin bilan akam ikkimizga ajratilgan xonaga kirib keldilar. Bir so‘z demasdan savalay boshladilar. Men xonadan hovliga qochib chiqdim. “Nega urasiz, nima qildim?” – dedim hiqillab yig‘lagancha. Onam “Nega yolg‘onni yozasan?” – dedilar jahldan tushmay. “Falonchi (onam yaqin dugonasining ismini aytdi) bir oydan beri kasalxonada yotgan bo‘lsa, sen uni “pilla topshirish rejasini ikki baravar qilib bajardi”, – deb yozibsan. Hozir u emas, boshqa kishi brigadir bo‘lgan. Nega meni sharmanda qilasan, borib so‘rasang, o‘lasanmi?”

Xullas, uyatchanligim tufayli pillaxonaga bormay, uzoqdan so‘rab-surishtirib yozgan kichkina xabarim e’lon qilingan kunning ertasiyoq onam jurnalistikaning va albatta, adabiyotning ham asosiy talabi – yolg‘on yozmaslik kerakligi haqida bir umrlik saboq bergan edilar.

“SHOIR OLTOY”

Yettinchi sinfda o‘qiyotgan paytlarim she’r yoza boshladim. Biroq, she’r yozishimni hammadan yashirardim, nima uchun, bilmayman, uyalardim. Ammo, kunlardan bir kun bu sir oshkor bo‘ldi. O‘sha paytlar oqshom tushishi bilan o‘smir yuragimda kitobga, adabiyotga mehr uyg‘otgan, ona tili va adabiyot muallimasi bo‘lmish Subuha xolam (Olloh rahmatiga olsin) xonadoniga yo‘l olardim. Erta beva qolgan xolamning endigina shifokorlikka o‘qishini tugatgan yolg‘iz o‘g‘li – Daler tog‘am Surxondaryoning Angor tumaniga ishga jo‘natilgan edi. Yolg‘iz qolgan xolam onamga ayttirib, meni dadamdan “qorovulchilik”ka so‘ragan edi. Garchi men ko‘p vaqtimni shusiz ham xolamnikida o‘tkazishimdan yaxshi xabardor dadam: “Faqat mollarni o‘tlatib kelishni unutmasin”, – deya rozi bo‘lgan edi. Meni xolamning xonadoniga ohanrabodek tortadigan narsa – kitoblar edi. Xolamning, bugun aniq bilaman, qishloqda boshqa hech kimnikida bo‘lmagan boyligi – kutubxonasi bor edi.

O‘sha sir ochilgan kuni odatdagidek xolamning uyiga borasolib kitoblar taxlangan tokchasi bor xonaga kirdim. Hozir esimda yo‘q, yo arman, yo gurji yozuvchisining tog‘da adashib qolgan bolalar sarguzashti haqida hikoya qiluvchi kitobini oldim-u xolamning yoniga chiqdim. Chiqdim-u xolamning qishlik botinkam qo‘njida yashirib yurganim – ikki-uch qavat buklangan qog‘ozlarni topib olib, “Bu nima ekan?” – deganday ko‘zdan kechirib turganini ko‘rib, joyimda qotib qoldim. Nihoyat: “Bularni o‘zing yozdingmi?” – deb so‘radi xolam. Men indamagach, savolini yana takrorladi. Men esa miq etmasdim. Xolam ahvolimni tushundi, shekilli, jilmaydi. So‘ng, nima uchundir “Shoir Oltoy!” – deya yelkamni siladi.

Men hamon nima qilishimni bilmasdan serrayib turardim. Xolam qo‘lidagi qog‘ozlardan birini ko‘rsatib: “Lekin, mana bunaqa she’rlar yozma”, – dedi jiddiy. Men “qaysi she’r ekan” degancha qog‘ozga tikildim. Go‘ri Mirga bag‘ishlangan she’r ekan. Esimda qolgan satrlari:

Go‘ri Mir gumbazi bor,
Samarqand o‘rtasida.
Unda Amir Temur yotar
Bolalari o‘rtasida.

Bugun o‘sha paytdagi she’rlarimni naqadar jo‘n, ibtidoiy bo‘lganini bilaman. Ammo o‘sha paytlarda men hali Amir Temur haqida yozish mumkin emasligini bilmasdim. Ilk she’rlarim Samarqand, Registon, Shohizinda haqida edi. Men Subuha xolamdan “Nega bunday she’rlar yozish mumkin emas?” – deb ham so‘ramadim. Xolam ham “Bunaqa she’rlar yozma” – deyishdan ortiq bir so‘z aytmadi.

Yuqorida yozganimdek, bobom Vafoxo‘ja Maxsum 30-yillarda qirg‘inbarot etilgani tufayli buvim – Latofat bibi, onam, xolalarim va tog‘alarim qanday dahshatli kunlarni bosh­laridan kechirganlarini mana endi bilaman. Shahardagi va qishloqdagi hovlilari musodara etilgan. Boshpanasiz, yosh farzandlari bilan ko‘chada qolgan buvim Latofat bibining qat’iyati, onajonim Fuzallobegimning otamga juda erta uzatilgani sabab bu xonadon davr dahshatlaridan omon qolgan edi.

O‘rni kelgani uchun qiziq bir gapni aytib o‘tmasam bo‘lmaydi. Vafoxo‘ja Maxsum zurriyodlarining bir qismining familiyasi Vafoxo‘jayev, qolgan qismining familiyasi Vafoyev tarzida yoziladi. Mana endi bilaman, biror bir sovet tashkilotida ishlaganlar o‘zlarini ishga olishlari uchun to‘siq bo‘lgan “xo‘ja”ni familiyalaridan olib tashlashga majbur etilgan, oddiy bir ishlarda ishlab, kun kechirganlar Vafoxo‘jayev bo‘lib qolavergan.

Xullas, o‘sha kuni Subuha xolam qo‘limga qaytarib bergan she’rlarimni yana avvalgi joyi – qishlik botinkam qo‘njiga yashirdim. Shu-shu xolam har zamon-har zamon “Ha, shoir Oltoy!” – deya erkalaydigan bo‘ldi. Yillar o‘tib, she’riy kitoblarim chiqib, nomim el-u yurtga tanilgan kunlarda ham “Ha, shoir Oltoy!” – deb erkalashini kanda qilmadi.

O‘sha sirim fosh bo‘lgan kuni xolam Go‘ri Amirga bag‘ishlangan “she’r”imni nega yozganimni so‘rab qolganida tushuntirib bera olarmidim, yo‘qmi, bilmayman. Anig‘i, tushuntirib berolmagan bo‘lardim. Mana endi bilaman: Sohibqiron bobomizning nomi tilga olinmagan o‘sha paytlardayam xalq yuragi, xotirasi uni unutmagani uchun yozgan ekanman bu she’rni. Samarqand havosi bu shavkatli insonga bo‘lgan mehr-muhabbat bilan to‘yingani uchun yozgan ekanman bolalarcha xom satrlarni. Chunki men ham o‘sha havodan nafas olardim. Hamon shu havodan nafas olaman.
057

AQL HASSASIGA TAYANGAN BOLALIK

Mening nazarimda, asl ijodkor aql hassasiga tayangan, ammo bolalikning qo‘llarini qo‘yib yubormagan insondir.

Donishmand Chingiz Aytmatov “Yuragida bo­laligini saqlay olgan ijodkorgina iste’dodlidir”, – degan edi. Demak, kattalarday yashab, boladay yozish degan tushunchani, ijodkor umri davomida orttirgan tajribasi bilan bolalarga xos soddalik, beg‘uborlik va mehrni uyg‘un eta olish deb tushunish kerak. Aql – tajriba mahsuli. Faqat aqlga ishongan ijodkor baribir mag‘lub bo‘ladi. Mehr esa ilohiy tuyg‘u. Mehr avvaldan muhabbatning onasi, iste’dodning quvvati. Mehrning ildizi esa bolaligimizda, umrimizning beg‘ubor faslida. Uni yo‘qotib qo‘yishdan asrasin. Mabodo, yo‘qotib qo‘yilsa, yuzsizlikka, xiyonatga, imonsizlikka va so‘zfurushlikka yo‘l ochiladi.

Suhbatdosh Nilufar JABBOROVA

Manba: Gulxan jurnali 2012-yil 12-son.

08

(Tashriflar: umumiy 384, bugungi 1)

Izoh qoldiring