Маънавият, умрни маъно билан тўлдириш, сермазмун қилишдир. Шу йўлдаги заҳматли завқдир. Маъно инсон онгу шуурида, тафаккурида энг аввало суяк суради, сўнгра болаликдан бошланган ҳаёт сабоқлари, тажрибалари ва ундан кейин адабиёт, санъат, илму фан воситасида пайдо бўлади. Болалигида эзгулик ва ёмонлик ҳақида шаклланган илк тушунчаси инсон маънавий дунёсининг пойдевори бўлиб қолади…
УМРНИ МАЪНОГА ТЎЛДИРМОҚ ЗАВҚИ
Ўзбекистон халқ шоири Хуршид ДАВРОН саволларга жавоб берди
– Хуршид ака, аввало маънавият тушунчасига лўнда изоҳ берсангиз…
– Сиз ўзбек халқи, юртимиздаги кўплаб қардош миллатлар, уларнинг турмуши, ўй-фикрлари, топгани-ю йўқотганлари, бу юрт, ундаги одамларнинг ҳаёти, ҳаётики, рисоладагидек ҳаёти ҳақида бир оғиз сўз билан изоҳ беришимни айтаяпсиз. Яъни, иложсиз нарсани сўраяпсиз… Менга қарата «Хуршид ака, исмингиз нима эди, касбингиз қанақа касб?» деган билан баробар мураккаб савол бу…
Чунки маънавият инсоннинг, Оллоҳ азиз қилган яратиқнинг бору йўғи, инсон танасини тутиб турувчи суяклар ва пайлар қандай ҳақ-рост бўлса, инсоний қиёфани тутиб турувчи нарса ҳам шу маънавият!
Оноре де Балзак «ХИХ аср француз ёзувчиларига мактуб»ида Руссонинг бир ҳайқириғини келтиради: «Маънавият! Маънавият! Маънавият!». Уйғониш даврининг улуғ овози эди бу!
Буни эслашдан муддао шуки, маънавият сўзи, тушунчаси қачон энг қиммат, энг қадрли бойликка айланса, қаерда унинг нуфузи ўз ўрнига қўйилса, шу замон ва шу маконда худо хоҳлаган, бандаси орзу қилган муҳит яралади. Одам орзу қилган нарсасига доим етолмаганидек, соф маънавий муҳит ҳукмрон бўлган даврлар ҳам доим барқарор бўлавермайди.
Маънавият, умрни маъно билан тўлдириш, сермазмун қилишдир. Шу йўлдаги заҳматли завқдир. Маъно инсон онгу шуурида, тафаккурида энг аввало суяк суради, сўнгра болаликдан бошланган ҳаёт сабоқлари, тажрибалари ва ундан кейин адабиёт, санъат, илму фан воситасида пайдо бўлади. Болалигида эзгулик ва ёмонлик ҳақида шаклланган илк тушунчаси инсон маънавий дунёсининг пойдевори бўлиб қолади. Демак, болалигимизда оилавий тарбия ва мактабда қандай муаллимлардан сабоқ олишимиз жуда муҳим омил эканини теран англашимиз керак.
Эътибор берган бўлсангиз, халқимиз айрим кишилар ҳақида гап кетганда, уни «бемаъни» деб атайди, яъни умрининг маъноси, ору номуси, аниқ кўз қараши йўқ, «менга бари бир» деган тушунча билан яшайдиган эссиз киши демоқчи бўлади.
– Сиз туманда ёки ҳозирги кунда ўрта таълим мактабларида ташкил этилган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимида ишласангиз қандай услубни йўлга қўйган бўлардингиз? Умуман маънавият вакилини қандай тасаввур қиласиз?
– Мактаблардаги маънавият тарғиботчиси, қайси соҳа вакили бўлишидан қатъи назар, энг аввало педагогика ақидаларидан, асрлар давомида шаклланган миллий ахлоқий тушунчалару тузуклардан яхши хабардор бўлиши шарт. У яхши ёзувчи ёки истеъдодли адабиётшунос деб маънавият тарғиботчиси лавозимига тавсия қилиш хато бўлади. Менимча, кимни тавсия қилмайлик, у албатта айни шу фаолият учун зарур тушунчаларни берадиган қисқа ўқув курсини ўташи керак. Фақат ана шундагина у фарзандларимизнинг тарбияси ва саводи жараёнида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Мен маънавият тарғиботчиси бўлсам…
Биласизми, мактаб ўқувчисининг олдидаги жавобгарлик келажакнинг олдидаги жавобгарлик. Унинг қаршисида ҳар бир зиёли киши аввало покиза ният билан туриши керак. Мен биринчи навбатда мактаб ўқувчисининг китобхонлик даражаси билан қизиққан бўлардим. Чунки ҳар бир боланинг савияси унинг берадиган саволи билан ўлчанади. Саволи йўқ одамнинг умиди ҳам йўқ. Китобхон боланинг қалби эса тўғридир-нотўғридир саволга тўла бўлади. Китобхон болагина нимагадир қизиқади, сиздан нимадир ундиришга интилади.
Бундан ташқари, болаларни бугун қизиқтираётган, уларни ўзига тортаётган нарсалардан хабардорлик муҳим. Бугун ахборот технологиялари соҳасига қизиқадиган болага дабдурустдан Навоий ғазалиётидан маъруза қилиш мумкин эмас. Бу билан болаларни биз Навоийдан бездирамиз. Дейлик, ўша ахборот технологиясига қизиқадиган болага Навоий ғазалларини видеофайл шаклида ўқиш, тайёрлашни топшириб кўрсак-чи… Бола ўзи учун ҳам бу ишни қизиқиб бажаради. Муҳими, «Навоий ким?» деган саволга айрим ғарбпараст болалар каби «вилоят номи» деб гангиб турмайди. Билъакс, улуғ шоирни, буюк аждодни билиб ўсади. Ва ҳоказо…
– «Халқимизнинг жуда бой маънавий мероси бор!». Бу гапни доим ишлатамиз. Бу чин гап аслида. Аммо бу мерос нималардан иборат, уни биз бугун қандай истифода этаяпмиз? Бу жараёндан қониқасизми?
– Халқимизнинг бой маънавий мероси борлигини дунёнинг ойдин қисми тан олган ва бу меросни бутун инсоният бойлиги сифатида қабул қилган. Аммо кўпчилик ҳамма вақт ҳам ота-она қадрини, уларнинг ўгитлари заруратини англамаганидек, халқимизнинг аксар қисми бу бой мерос борлигидан, унинг тириклигимиз учун аҳамияти нечоғли эканидан тўлиқ хабардор десам, ёлғон айтган бўламан. Нима учунлигиям маълум.
Бир скандинав фильмида кўрганим бор: фарзанд отасидан «Ватан нима?» деб сўрайди. Ота индамай, кафти билан ўғлининг оғиз-бурнини маҳкам қисади, яъни унинг нафас олишига имкон бермайди. Ўғил оғир аҳволга тушиб, типирчилаб қолгандагина ота кафтини олади. Бу билан ота «Ватан бу ҳаводай тириклигинг манбаи, усиз мушкул аҳволга тушишинг мумкин. Ватан кўз илғамас ҳаводай қадрли» деган жуда бир ҳаётий ўгитни айтишга уринади.
Бизнинг ана шу ҳаводай қимматли ватан равнақи учун шонли тарихимиз, беназир меросимиз бор деб юришимиз камлик қилади. Биз бугун эмас, эрта эмас, кеча англашимиз лозим бўлган ҳақиқат шундаки, навқирон давлатчилигимиз тараққиёти янада юксалишини истасак, бугун – ҳар соату ҳар дақиқада зарурлиги сезилаётган миллий ғоя – мафкурамиз ва идеал – камоли матлубимиз нимадан иборат эканлигини, ҳар бир инсон, энг аввало сафларимизга қўшилган насллар учун аниқ-равшан кўрсатишимиз шарт.
Бу нима учун керак? Бу шунинг учун ҳам керакки, зиммамизга тарих юклаган вазифани ва бугунги тараққиёт йўлимизни белгиламоғи, яъни биз бу мафкура, бу камоли матлуб асосида яшамоғимиз, фарзанд тарбияламоғимиз, қонунлар тузмоғимиз, ташкилотлар қурмоғимиз, истиқбол шукуҳини кўнглимизда ўстириб, авайлаб-асраб келажак авлодларимизга етказмоғимиз лозим.
Ўтган йиллар давомида биз кўп ўзгаришларга эришдик. Аммо юксак тараққиёт орзуси юртдошларимиз руҳиятида, онгу тафаккурида ўзгариш бўлишини талаб қилмоқда. Бу руҳият вақт талаб қилаётган ислоҳотсиз қолар экан, янгиланаётган давлат ва жамият учун зарур ислоҳотлар ҳам суст боради. Руҳият ислоҳотини муайян ғоя белгилайди ва у халқ онгини ҳаракатга келтиради. Биз ана шу ғояга қараб интилмоғимиз ва ҳар бир қадамимиз, ҳаракатимизни миллий мафкура ва камоли матлуб мезонига мосламоғимиз керак.
Миллат деганда ҳам, жамият деганда ҳам аввало одамларни тушунамиз. Уларнинг фазилатлари, камчиликлари-ю ютуқлари, кўнглида нималар борлиги миллат ва жамият ҳаётини белгилаб туради. Шундай экан, миллий тараққиётимизнинг бугунги муҳим палласида ўзбек жамияти ҳаётининг ички, айни шу маънавий-маърифий оламига кўпроқ диққат қилишимиз лозим.
– Халқимиз сизни аввало катта шоир сифатида билади. Шоирнинг битганлари барча учун, жумладан, маънавият ходими учун ҳам захира, қувват манбаи. Демак, шоир ҳам, ёзувчи ҳам биринчи ўриндаги маънавиятчи экан-да…
– Бутун ижодий фаолиятим давомида мен фақат шеърият билангина эмас, тарихимиз, маънавиятимиз муаммоларига бағишланган публицистика билан ҳам машғул бўлдим. Ўша мақола ва эсселарни йиғсам, салмоқли китоб бўлади. Бу билан эски маънавиятчи эканимни айтмоқчиман. Узоқ йиллар бурун Маънавият ва маърифат марказини тузишда фаол иштирок этганим, бир неча йил бу ташкилотда ишлаганим бежиз эмас.
Шоирликка келсак, бошқаларни билмадиму, мен шеърнинг, сўзнинг миллат ва ватан борлиги учун нечоғли аҳамиятлилигини англаган ўсмирлик чоғимдан маъносиз, миллий туйғусиз сатрлар битмоқдан сақланганман. Ҳатто ўша баттол совет тузуми пайтида биздан талаб қилинган мавзуларда шеър ёзганимда ҳам албатта тарихимизга бўлган меҳр туйғуси, миллат озодлигига даъватларни акс эттиришга уринганман.
Шеър ҳамиша маънавий пойдеворга эга бўлгандагина таъсирга эга бўлади. Шеър юракдаги туйғулар тафсиридир. Бекорга «адабиёт» атамаси «одоб» сўзидан, тушунчалари ва маъносидан пайдо бўлмаган. Фақат шу ҳикматни англаган ижодкор ижоди, сиз айтгандек, қувват манбаи бўлиб хизмат қилади. Фақат шу масъулиятни англаган адибгина миллий ва умуминсоний маънавият хизматчисига, унинг тарғиботчисига айланади.
– Миллий ғурур тушунчасини бугун айримлар кибр билан адаштираётганга ўхшайди. Инсон учун ўзидан, ўзлигидан ғурурланиш аслида фазилат эмасми?
– Кимда миллий ғурур бўлади? Ўзининг кимлигини билган, миллат олдида масъулиятини теран англаган одамда бўлади. Ўзининг ичидан бехабар, демак, оқ ва қорадан бехабар, оиласи, болалари, ватани олдида масъулиятини умуман ҳис этмайдиган одамнинг нимадандир ғурурланишини тасаввур қилолмайман.
Ҳар қандай халқ вакилининг миллий ғурури энг аввало ўзи мансуб халқнинг шонли ўтмиши билангина эмас, бугунги равнақи, иқтисодий қудрати, ўзи яшаб турган замону макондаги маънавий муҳит билан чамбарчас боғлиқ. Тарихимиз шонли, бу тарихда ўз ижодий кашфиётлари билан илмда, адабиётда ёрқин из қолдирган донишманд боболаримиз номлари инсониятнинг тафаккур хазинаси зарварақларида олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйилган бўлса-да, агар бугунги тараққиётимизда оқсаш сезилса, миллатнинг энг бирламчи тимсоли бўлмиш она тилимизга муносабат пажмурда аҳволда бўлса, йигит-қизлар, оила бошлиқлари тирикчилик учун чет элларда ишласа, ўз юртида эмас, ёт ўлкаларда саргардон юрса, миллий ғурур туйғуси ич-ичимиздан чиқишга, баралла ҳайқиришга уялса керак.
Миллий ғурурни болаликдан тарбиялаш зарур. Мактаб дарсликларини айни шу туйғуни шакллантириш воситаси деб биламан. Фақат адабиёт ва тарихимизга оид дарсликлар эмас, арифметика-ю математика, физика-ю кимё, география ва биология дарсликлари орқали оқилона тарзда ёш авлодга миллий ғурур туйғусини сингдириш мумкин деб ўйлайман.
– Хуршид ака, ўзбекнинг феъл-атвори, ютуғи-ю нуқсони, умуман, миллий менталитети яхлит акс этадиган илмий асосга эга асарга эҳтиёж бордек туюлади. Сиз қандай қарайсиз бу фикрга?
– Жаҳондаги барча халқларнинг ўзига хос феъл-атвори, яъни миллий сажияси, турмуш тарзи, ҳаётий ақидалари мавжуд. Бу уларнинг диний эътиқоди, тили, маънавий бойликлари, турмуш тажрибаси, табиати, тарихи, урф-одати, анъаналари ва яна бир қатор миллий хосликлар билан боғлиқ. Буларнинг барчаси занжир бўлиб бир-бирига шундай қаттиқ боғланганки, битта зулфи узилса барчаси заифлашади, ҳар қандай салбий таъсир уларни осонликча пароканда қилади.
Ўйлашимча, миллий атворимиз хусусида яхлит, илмий асосга эга асардан олдин биз адабиётимизда ва илму фанимизда шу хислат акс этган, уни тадқиқ этган асарлардан олинган иқтибослар тўпланган мажмуани яратишимиз керак.
Сиз назарда тутган ўзбекнинг феъл-атвори, ютуғи-ю нуқсони, умуман, миллий менталитети яхлит акс этадиган илмий асосга эга асарни яратиш биргина шахснинг иши эмас деб ўйлайман. Бу катта жамоанинг меҳнати ва ўзбек зиёлиларининг салоҳияти билан юза келиши мумкин.
– Ўзбекнинг феъл-атворига бегона бўлган ишлар ҳам содир бўлиб турибди. Маиший ҳаётимизда ҳам, ташқи дунёмизда ҳам буни кўриш мумкин. Маънавият ва қадриятларга, анъаналарга таҳдидлар кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Бу борада нима ишлар қилишни зарурат деб ҳисоблайсиз?
– Бу таҳдид сусаймайди, аксинча, баттар кучаяди. Ёвуз кучларнинг фақат бизга эмас, бутун аҳли башарга, энг аввало ёшларга бўлган маънавий тазйиқи кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Дунёни маънавий қашшоқликка етаклаб бораётган, фикрловчи инсонни эмас, томоша ва маишатга ўч истеъмолчилар қавмини шакллантириш жараёни салкам бир асрдан буён давом этмоқда.
Бундан етмиш йилча аввал америкалик адиб Эйн Ренд хоним «Давлат табиати» фалсафий бадиасида бугун дунёни ўргимчак тўридай қамраб олаётган бу тажовузкор кучлар ҳақида шундай ёзган эди: «Уларнинг мақсади инсонни фикрсиз қулга айлантириш ёки унинг меҳнати самарасини тортиб олиш, эркин тафаккур қилишдан маҳрум этиш ёки ақлга зид ҳаракатларга ундашдан иборат. Уларнинг мақсади ўзлари яратган қонунлар билан инсоннинг табиий талаб-эҳтиёжлари ўртасида қарама-қаршилик келтириб чиқаришдан иборат. Уларнинг мақсади жиноятчилар тўдаси бошқарадиган ёки оломон ҳукмрон бўлган жамиятлар яратиш ва уларни ўзларининг ғаразли режаларига хизмат қилдириш. Барча инсоний қадриятларни нобуд қиладиган, одамларни роботга айлантирадиган бундай жамиятлар фаолияти алал оқибат инсониятни ҳам нобуд этади».
Яна такрорлайман, бу таҳдид сусаймайди, у ҳам ташқарида, ҳам ичкарида баттар кучаяди. Биз фақат ва фақат бугунги суҳбатимизнинг ўқ томири бўлган миллий қадриятлар тушунчаси, бу тушунчалар пойдевор бўлиб хизмат қилган миллий тарбия иморатини қанчалик мустаҳкамласак, қанчалик ҳимоя қилсак, ташқи ва ички тажовузкор таъсирлардан шунчалик ўзимизни сақлаган бўламиз.
Юқоридаги миллий ғоя – мафкурамиз ва идеал – камоли матлубимиз ҳақидаги гапларимга бир қўшимча қилиб айтсам, уларнинг ҳар иккиси шаклланишига таъсир этувчи энг муҳим омил ахлоқдир. Бу – миллий тафаккурнинг бош мезони. Миллий фикрнинг заифлашуви, бошқа мафкура қаршисида ожизлиги маънавий-ахлоқий соҳанинг таназзули туфайли юз беради. Жамиятнинг барқарорлиги ҳам ахлоқий камолот самарасидир.
– Халқнинг якдиллиги ҳаммасидан муҳим. Шундай эмасми? Унинг бутунлигини нималарда кўрасиз? Бугун шу бутунлик бизда мавжудми, қониқарлими?
– Ўтмишда бир тилда сўзлашган ёки тил жиҳатидан бир-бирига яқин қавмлардан иборат давлатлар ҳукм сурганини биламиз. Улар нечоғли улкан ва қудратли бўлмасин, охири таназзулга юз тутган. Нега? Уларни ҳалокатга олиб келган сабаблардан бири – ўша давлатлардаги элатларнинг ягона миллат тарзида шаклланмаганидир. Илло, давлат тузиш иши қанчалик мураккаб бўлса, миллатнинг шаклланиши ундан-да оғир ва қийин жараёндир. Миллат шундай мукаммал бирлик – уюшма, иттифоқки, у узоқ тарихий жараён натижасида юзага келади. Аммо таниқли файласуф Николай (оти туврима, муаллифдан сўранг) Илин таъкидлаганидек, миллатни таркиб топтириш мураккаб иш бўлса-да, унинг тараққий этишига имкон яратиш ёки аксинча – бунга йўл қўймаслик, ҳатто уни йўқотиш чоралари кўп ва хилма-хилдир. Миллат бир бор йўқолса абадий йўқолади, уни қайта тирилтириш имконсиз ва чорасиз ишдир.
Шу кунларда тез-тез, турли сабаблар билан «Бобурнома»да битилган бир воқеа ёдимга тушади. Мирзо Бобур сарсонлик кезларини тасвирлар экан, бир гал довон ошиш маҳалида кучли қор бўронига дуч келганини тасвирлайди: «Бир ҳафтага ёвуқ қор тепиб, кунда бир шаръий-бир ярим шаръийдан ортиқ кўчулмас эди. Қор тепар (яъни қорни тепиб йўл очадиган) киши мен эдим, ўн-ўн беш ички била ва Қосимбек эди, икки ўғли – Тангриберди ва Қанбар Али билан, яна икки-уч навкари ҳам бор эди. Ушбу мазкур бўлғонлар яёқ юриб, қор тепар эдук, ҳар киши етти-ўн қадам илгари юруб қор тепар эди. Ҳар қадам қўйғонида белигача, кўксигача бота-бота қор тепар эди… Ўзга тамом ўбдон-ўбдон йигитлар ва бек отонғонлар отлардин ҳам тушмай, тайёр тепилган ва босилғон йўлга кириб, бошларини қуйи солиб келурлар эди. Маҳал ул эмас эдиким, кишига таклиф ва зўре қилилғай, ҳар кимнинг ҳиммат ва журъати бўлса, бундоқ ишларни ўзи тилаб қилур…».
Аслида бу қадим воқеани эслашимга бугунги ташвишли кунларимизда кечаётган ҳодисалару жараёнлар сабабчи. Яна таъкидлаш жоиз, бу ёдлов узоқ йиллик истибдод сиқуви туфайли жаҳолат ботқоғига ботган одамларни янги йўлга олиб чиқиш учун қилинаётган машаққатли ва улуғвор саъй-ҳаракатлар билан ҳам боғлиқ. Биз қалин қор босган довондан ўтмоқдамиз. Не-не азамат инсонлар фароғатни унутиб, «қор тепиб» ортдагилар учун йўл очиб бормоқда. Бу синов довонида ҳар биримиздан, миллатимиз ва насл-насабимиздан қатъи назар, ҳамжиҳат ва ҳаммаслак бўлиб ҳаракат қилиш талаб этилади. Ҳар биримиз онгимизга мурожаат қилайлик, биз она ватанимиз учун ҳал қилувчи паллада қай жабҳада турибмиз: қалин қорни тепиб йўл очаётганлар орасидамизми ёки бу юрт ташвишларидан холи кимсалардек тайёр тепилган ва босилган йўлдан бошимизни қуйи солиб бормоқдамизми? Бугун ҳам Мирзо Бобур ёзганидек, маҳал ул эмаским, «кишига таклиф ва зўре қилилғай, ҳар кимнинг ҳиммат ва журъати бўлса бундоқ ишларни ўзи тилаб қилур».
Халқнинг якдиллиги ҳақидаги саволингизга жавоб беришдан олдин шунча гапни айтишимнинг сабаби битта: халқ ва миллатни фақатгина кучли, комил шахслар бирлаштира олади. Буюк бобомиз ҳазрат Мир Алишер Навоий «Элга қўшулғон эш топти» деб насиҳат айтган. Демак, ҳаммаслак бўлган халқ яшаган юрт равнақ топади ва келажаги порлоқ бўлади.
Шодмонқул САЛОМ суҳбатлашди
«Маънавий ҳаёт» журналининг 2023 йил 1-сонидан олинди.
Ma’naviyat, umrni ma’no bilan to‘ldirish, sermazmun qilishdir. Shu yo‘ldagi zahmatli zavqdir. Ma’no inson ongu shuurida, tafakkurida eng avvalo suyak suradi, so‘ngra bolalikdan boshlangan hayot saboqlari, tajribalari va undan keyin adabiyot, san’at, ilmu fan vositasida paydo bo‘ladi.
UMRNI MA’NOGA TO‘LDIRMOQ ZAVQI
Savollarga O‘zbekiston xalq shoiri Xurshid Davron javob berdi
– Xurshid aka, avvalo ma’naviyat tushunchasiga lo‘nda izoh bersangiz…
– Siz o‘zbek xalqi, yurtimizdagi ko‘plab qardosh millatlar, ularning turmushi, o‘y-fikrlari, topgani-yu yo‘qotganlari, bu yurt, undagi odamlarning hayoti, hayotiki, risoladagidek hayoti haqida bir og‘iz so‘z bilan izoh berishimni aytayapsiz. Ya’ni, ilojsiz narsani so‘rayapsiz… Menga qarata «Xurshid aka, ismingiz nima edi, kasbingiz qanaqa kasb?» degan bilan barobar murakkab savol bu…
Chunki ma’naviyat insonning, Olloh aziz qilgan yaratiqning boru yo‘g‘i, inson tanasini tutib turuvchi suyaklar va paylar qanday haq-rost bo‘lsa, insoniy qiyofani tutib turuvchi narsa ham shu ma’naviyat!
Onore de Balzak «XIX asr fransuz yozuvchilariga maktub»ida Russoning bir hayqirig‘ini keltiradi: «Ma’naviyat! Ma’naviyat! Ma’naviyat!». Uyg‘onish davrining ulug‘ ovozi edi bu!
Buni eslashdan muddao shuki, ma’naviyat so‘zi, tushunchasi qachon eng qimmat, eng qadrli boylikka aylansa, qayerda uning nufuzi o‘z o‘rniga qo‘yilsa, shu zamon va shu makonda xudo xohlagan, bandasi orzu qilgan muhit yaraladi. Odam orzu qilgan narsasiga doim yetolmaganidek, sof ma’naviy muhit hukmron bo‘lgan davrlar ham doim barqaror bo‘lavermaydi.
Ma’naviyat, umrni ma’no bilan to‘ldirish, sermazmun qilishdir. Shu yo‘ldagi zahmatli zavqdir. Ma’no inson ongu shuurida, tafakkurida eng avvalo suyak suradi, so‘ngra bolalikdan boshlangan hayot saboqlari, tajribalari va undan keyin adabiyot, san’at, ilmu fan vositasida paydo bo‘ladi. Bolaligida ezgulik va yomonlik haqida shakllangan ilk tushunchasi inson ma’naviy dunyosining poydevori bo‘lib qoladi. Demak, bolaligimizda oilaviy tarbiya va maktabda qanday muallimlardan saboq olishimiz juda muhim omil ekanini teran anglashimiz kerak.
E’tibor bergan bo‘lsangiz, xalqimiz ayrim kishilar haqida gap ketganda, uni «bema’ni» deb ataydi, ya’ni umrining ma’nosi, oru nomusi, aniq ko‘z qarashi yo‘q, «menga bari bir» degan tushuncha bilan yashaydigan essiz kishi demoqchi bo‘ladi.
– Siz tumanda yoki hozirgi kunda o‘rta ta’lim maktablarida tashkil etilgan ijodiy-madaniy masalalar bo‘yicha targ‘ibotchi lavozimida ishlasangiz qanday uslubni yo‘lga qo‘ygan bo‘lardingiz? Umuman ma’naviyat vakilini qanday tasavvur qilasiz?
– Maktablardagi ma’naviyat targ‘ibotchisi, qaysi soha vakili bo‘lishidan qat’i nazar, eng avvalo pedagogika aqidalaridan, asrlar davomida shakllangan milliy axloqiy tushunchalaru tuzuklardan yaxshi xabardor bo‘lishi shart. U yaxshi yozuvchi yoki iste’dodli adabiyotshunos deb ma’naviyat targ‘ibotchisi lavozimiga tavsiya qilish xato bo‘ladi. Menimcha, kimni tavsiya qilmaylik, u albatta ayni shu faoliyat uchun zarur tushunchalarni beradigan qisqa o‘quv kursini o‘tashi kerak. Faqat ana shundagina u farzandlarimizning tarbiyasi va savodi jarayonida ishtirok etish huquqiga ega bo‘ladi.
Men ma’naviyat targ‘ibotchisi bo‘lsam…
Bilasizmi, maktab o‘quvchisining oldidagi javobgarlik kelajakning oldidagi javobgarlik. Uning qarshisida har bir ziyoli kishi avvalo pokiza niyat bilan turishi kerak. Men birinchi navbatda maktab o‘quvchisining kitobxonlik darajasi bilan qiziqqan bo‘lardim. Chunki har bir bolaning saviyasi uning beradigan savoli bilan o‘lchanadi. Savoli yo‘q odamning umidi ham yo‘q. Kitobxon bolaning qalbi esa to‘g‘ridir-noto‘g‘ridir savolga to‘la bo‘ladi. Kitobxon bolagina nimagadir qiziqadi, sizdan nimadir undirishga intiladi.
Bundan tashqari, bolalarni bugun qiziqtirayotgan, ularni o‘ziga tortayotgan narsalardan xabardorlik muhim. Bugun axborot texnologiyalari sohasiga qiziqadigan bolaga dabdurustdan Navoiy g‘azaliyotidan ma’ruza qilish mumkin emas. Bu bilan bolalarni biz Navoiydan bezdiramiz. Deylik, o‘sha axborot texnologiyasiga qiziqadigan bolaga Navoiy g‘azallarini videofayl shaklida o‘qish, tayyorlashni topshirib ko‘rsak-chi… Bola o‘zi uchun ham bu ishni qiziqib bajaradi. Muhimi, «Navoiy kim?» degan savolga ayrim g‘arbparast bolalar kabi «viloyat nomi» deb gangib turmaydi. Bil’aks, ulug‘ shoirni, buyuk ajdodni bilib o‘sadi. Va hokazo…
– «Xalqimizning juda boy ma’naviy merosi bor!». Bu gapni doim ishlatamiz. Bu chin gap aslida. Ammo bu meros nimalardan iborat, uni biz bugun qanday istifoda etayapmiz? Bu jarayondan qoniqasizmi?
– Xalqimizning boy ma’naviy merosi borligini dunyoning oydin qismi tan olgan va bu merosni butun insoniyat boyligi sifatida qabul qilgan. Ammo ko‘pchilik hamma vaqt ham ota-ona qadrini, ularning o‘gitlari zaruratini anglamaganidek, xalqimizning aksar qismi bu boy meros borligidan, uning tirikligimiz uchun ahamiyati nechog‘li ekanidan to‘liq xabardor desam, yolg‘on aytgan bo‘laman. Nima uchunligiyam ma’lum.
Bir skandinav filmida ko‘rganim bor: farzand otasidan «Vatan nima?» deb so‘raydi. Ota indamay, kafti bilan o‘g‘lining og‘iz-burnini mahkam qisadi, ya’ni uning nafas olishiga imkon bermaydi. O‘g‘il og‘ir ahvolga tushib, tipirchilab qolgandagina ota kaftini oladi. Bu bilan ota «Vatan bu havoday tirikliging manbai, usiz mushkul ahvolga tushishing mumkin. Vatan ko‘z ilg‘amas havoday qadrli» degan juda bir hayotiy o‘gitni aytishga urinadi.
Bizning ana shu havoday qimmatli vatan ravnaqi uchun shonli tariximiz, benazir merosimiz bor deb yurishimiz kamlik qiladi. Biz bugun emas, erta emas, kecha anglashimiz lozim bo‘lgan haqiqat shundaki, navqiron davlatchiligimiz taraqqiyoti yanada yuksalishini istasak, bugun – har soatu har daqiqada zarurligi sezilayotgan milliy g‘oya – mafkuramiz va ideal – kamoli matlubimiz nimadan iborat ekanligini, har bir inson, eng avvalo saflarimizga qo‘shilgan nasllar uchun aniq-ravshan ko‘rsatishimiz shart.
Bu nima uchun kerak? Bu shuning uchun ham kerakki, zimmamizga tarix yuklagan vazifani va bugungi taraqqiyot yo‘limizni belgilamog‘i, ya’ni biz bu mafkura, bu kamoli matlub asosida yashamog‘imiz, farzand tarbiyalamog‘imiz, qonunlar tuzmog‘imiz, tashkilotlar qurmog‘imiz, istiqbol shukuhini ko‘nglimizda o‘stirib, avaylab-asrab kelajak avlodlarimizga yetkazmog‘imiz lozim.
O‘tgan yillar davomida biz ko‘p o‘zgarishlarga erishdik. Ammo yuksak taraqqiyot orzusi yurtdoshlarimiz ruhiyatida, ongu tafakkurida o‘zgarish bo‘lishini talab qilmoqda. Bu ruhiyat vaqt talab qilayotgan islohotsiz qolar ekan, yangilanayotgan davlat va jamiyat uchun zarur islohotlar ham sust boradi. Ruhiyat islohotini muayyan g‘oya belgilaydi va u xalq ongini harakatga keltiradi. Biz ana shu g‘oyaga qarab intilmog‘imiz va har bir qadamimiz, harakatimizni milliy mafkura va kamoli matlub mezoniga moslamog‘imiz kerak.
Millat deganda ham, jamiyat deganda ham avvalo odamlarni tushunamiz. Ularning fazilatlari, kamchiliklari-yu yutuqlari, ko‘nglida nimalar borligi millat va jamiyat hayotini belgilab turadi. Shunday ekan, milliy taraqqiyotimizning bugungi muhim pallasida o‘zbek jamiyati hayotining ichki, ayni shu ma’naviy-ma’rifiy olamiga ko‘proq diqqat qilishimiz lozim.
– Xalqimiz sizni avvalo katta shoir sifatida biladi. Shoirning bitganlari barcha uchun, jumladan, ma’naviyat xodimi uchun ham zaxira, quvvat manbai. Demak, shoir ham, yozuvchi ham birinchi o‘rindagi ma’naviyatchi ekan-da…
– Butun ijodiy faoliyatim davomida men faqat she’riyat bilangina emas, tariximiz, ma’naviyatimiz muammolariga bag‘ishlangan publitsistika bilan ham mashg‘ul bo‘ldim. O‘sha maqola va esselarni yig‘sam, salmoqli kitob bo‘ladi. Bu bilan eski ma’naviyatchi ekanimni aytmoqchiman. Uzoq yillar burun Ma’naviyat va ma’rifat markazini tuzishda faol ishtirok etganim, bir necha yil bu tashkilotda ishlaganim bejiz emas.
Shoirlikka kelsak, boshqalarni bilmadimu, men she’rning, so‘zning millat va vatan borligi uchun nechog‘li ahamiyatliligini anglagan o‘smirlik chog‘imdan ma’nosiz, milliy tuyg‘usiz satrlar bitmoqdan saqlanganman. Hatto o‘sha battol sovet tuzumi paytida bizdan talab qilingan mavzularda she’r yozganimda ham albatta tariximizga bo‘lgan mehr tuyg‘usi, millat ozodligiga da’vatlarni aks ettirishga uringanman.
She’r hamisha ma’naviy poydevorga ega bo‘lgandagina ta’sirga ega bo‘ladi. She’r yurakdagi tuyg‘ular tafsiridir. Bekorga «adabiyot» atamasi «odob» so‘zidan, tushunchalari va ma’nosidan paydo bo‘lmagan. Faqat shu hikmatni anglagan ijodkor ijodi, siz aytgandek, quvvat manbai bo‘lib xizmat qiladi. Faqat shu mas’uliyatni anglagan adibgina milliy va umuminsoniy ma’naviyat xizmatchisiga, uning targ‘ibotchisiga aylanadi.
– Milliy g‘urur tushunchasini bugun ayrimlar kibr bilan adashtirayotganga o‘xshaydi. Inson uchun o‘zidan, o‘zligidan g‘ururlanish aslida fazilat emasmi?
– Kimda milliy g‘urur bo‘ladi? O‘zining kimligini bilgan, millat oldida mas’uliyatini teran anglagan odamda bo‘ladi. O‘zining ichidan bexabar, demak, oq va qoradan bexabar, oilasi, bolalari, vatani oldida mas’uliyatini umuman his etmaydigan odamning nimadandir g‘ururlanishini tasavvur qilolmayman.
Har qanday xalq vakilining milliy g‘ururi eng avvalo o‘zi mansub xalqning shonli o‘tmishi bilangina emas, bugungi ravnaqi, iqtisodiy qudrati, o‘zi yashab turgan zamonu makondagi ma’naviy muhit bilan chambarchas bog‘liq. Tariximiz shonli, bu tarixda o‘z ijodiy kashfiyotlari bilan ilmda, adabiyotda yorqin iz qoldirgan donishmand bobolarimiz nomlari insoniyatning tafakkur xazinasi zarvaraqlarida oltin harflar bilan yozib qo‘yilgan bo‘lsa-da, agar bugungi taraqqiyotimizda oqsash sezilsa, millatning eng birlamchi timsoli bo‘lmish ona tilimizga munosabat pajmurda ahvolda bo‘lsa, yigit-qizlar, oila boshliqlari tirikchilik uchun chet ellarda ishlasa, o‘z yurtida emas, yot o‘lkalarda sargardon yursa, milliy g‘urur tuyg‘usi ich-ichimizdan chiqishga, baralla hayqirishga uyalsa kerak.
Milliy g‘ururni bolalikdan tarbiyalash zarur. Maktab darsliklarini ayni shu tuyg‘uni shakllantirish vositasi deb bilaman. Faqat adabiyot va tariximizga oid darsliklar emas, arifmetika-yu matematika, fizika-yu kimyo, geografiya va biologiya darsliklari orqali oqilona tarzda yosh avlodga milliy g‘urur tuyg‘usini singdirish mumkin deb o‘ylayman.
– Xurshid aka, o‘zbekning fe’l-atvori, yutug‘i-yu nuqsoni, umuman, milliy mentaliteti yaxlit aks etadigan ilmiy asosga ega asarga ehtiyoj bordek tuyuladi. Siz qanday qaraysiz bu fikrga?
– Jahondagi barcha xalqlarning o‘ziga xos fe’l-atvori, ya’ni milliy sajiyasi, turmush tarzi, hayotiy aqidalari mavjud. Bu ularning diniy e’tiqodi, tili, ma’naviy boyliklari, turmush tajribasi, tabiati, tarixi, urf-odati, an’analari va yana bir qator milliy xosliklar bilan bog‘liq. Bularning barchasi zanjir bo‘lib bir-biriga shunday qattiq bog‘langanki, bitta zulfi uzilsa barchasi zaiflashadi, har qanday salbiy ta’sir ularni osonlikcha parokanda qiladi.
O‘ylashimcha, milliy atvorimiz xususida yaxlit, ilmiy asosga ega asardan oldin biz adabiyotimizda va ilmu fanimizda shu xislat aks etgan, uni tadqiq etgan asarlardan olingan iqtiboslar to‘plangan majmuani yaratishimiz kerak.
Siz nazarda tutgan o‘zbekning fe’l-atvori, yutug‘i-yu nuqsoni, umuman, milliy mentaliteti yaxlit aks etadigan ilmiy asosga ega asarni yaratish birgina shaxsning ishi emas deb o‘ylayman. Bu katta jamoaning mehnati va o‘zbek ziyolilarining salohiyati bilan yuza kelishi mumkin.
– O‘zbekning fe’l-atvoriga begona bo‘lgan ishlar ham sodir bo‘lib turibdi. Maishiy hayotimizda ham, tashqi dunyomizda ham buni ko‘rish mumkin. Ma’naviyat va qadriyatlarga, an’analarga tahdidlar kundan-kunga ko‘payib bormoqda. Bu borada nima ishlar qilishni zarurat deb hisoblaysiz?
– Bu tahdid susaymaydi, aksincha, battar kuchayadi. Yovuz kuchlarning faqat bizga emas, butun ahli basharga, eng avvalo yoshlarga bo‘lgan ma’naviy tazyiqi kecha yoki bugun paydo bo‘lib qolgani yo‘q. Dunyoni ma’naviy qashshoqlikka yetaklab borayotgan, fikrlovchi insonni emas, tomosha va maishatga o‘ch iste’molchilar qavmini shakllantirish jarayoni salkam bir asrdan buyon davom etmoqda.
Bundan yetmish yilcha avval amerikalik adib Eyn Rend xonim «Davlat tabiati» falsafiy badiasida bugun dunyoni o‘rgimchak to‘riday qamrab olayotgan bu tajovuzkor kuchlar haqida shunday yozgan edi: «Ularning maqsadi insonni fikrsiz qulga aylantirish yoki uning mehnati samarasini tortib olish, erkin tafakkur qilishdan mahrum etish yoki aqlga zid harakatlarga undashdan iborat. Ularning maqsadi o‘zlari yaratgan qonunlar bilan insonning tabiiy talab-ehtiyojlari o‘rtasida qarama-qarshilik keltirib chiqarishdan iborat. Ularning maqsadi jinoyatchilar to‘dasi boshqaradigan yoki olomon hukmron bo‘lgan jamiyatlar yaratish va ularni o‘zlarining g‘arazli rejalariga xizmat qildirish. Barcha insoniy qadriyatlarni nobud qiladigan, odamlarni robotga aylantiradigan bunday jamiyatlar faoliyati alal oqibat insoniyatni ham nobud etadi».
Yana takrorlayman, bu tahdid susaymaydi, u ham tashqarida, ham ichkarida battar kuchayadi. Biz faqat va faqat bugungi suhbatimizning o‘q tomiri bo‘lgan milliy qadriyatlar tushunchasi, bu tushunchalar poydevor bo‘lib xizmat qilgan milliy tarbiya imoratini qanchalik mustahkamlasak, qanchalik himoya qilsak, tashqi va ichki tajovuzkor ta’sirlardan shunchalik o‘zimizni saqlagan bo‘lamiz.
Yuqoridagi milliy g‘oya – mafkuramiz va ideal – kamoli matlubimiz haqidagi gaplarimga bir qo‘shimcha qilib aytsam, ularning har ikkisi shakllanishiga ta’sir etuvchi eng muhim omil axloqdir. Bu – milliy tafakkurning bosh mezoni. Milliy fikrning zaiflashuvi, boshqa mafkura qarshisida ojizligi ma’naviy-axloqiy sohaning tanazzuli tufayli yuz beradi. Jamiyatning barqarorligi ham axloqiy kamolot samarasidir.
– Xalqning yakdilligi hammasidan muhim. Shunday emasmi? Uning butunligini nimalarda ko‘rasiz? Bugun shu butunlik bizda mavjudmi, qoniqarlimi?
– O‘tmishda bir tilda so‘zlashgan yoki til jihatidan bir-biriga yaqin qavmlardan iborat davlatlar hukm surganini bilamiz. Ular nechog‘li ulkan va qudratli bo‘lmasin, oxiri tanazzulga yuz tutgan. Nega? Ularni halokatga olib kelgan sabablardan biri – o‘sha davlatlardagi elatlarning yagona millat tarzida shakllanmaganidir. Illo, davlat tuzish ishi qanchalik murakkab bo‘lsa, millatning shakllanishi undan-da og‘ir va qiyin jarayondir. Millat shunday mukammal birlik – uyushma, ittifoqki, u uzoq tarixiy jarayon natijasida yuzaga keladi. Ammo taniqli faylasuf Nikolay (oti tuvrima, muallifdan so‘rang) Ilin ta’kidlaganidek, millatni tarkib toptirish murakkab ish bo‘lsa-da, uning taraqqiy etishiga imkon yaratish yoki aksincha – bunga yo‘l qo‘ymaslik, hatto uni yo‘qotish choralari ko‘p va xilma-xildir. Millat bir bor yo‘qolsa abadiy yo‘qoladi, uni qayta tiriltirish imkonsiz va chorasiz ishdir.
Shu kunlarda tez-tez, turli sabablar bilan «Boburnoma»da bitilgan bir voqea yodimga tushadi. Mirzo Bobur sarsonlik kezlarini tasvirlar ekan, bir gal dovon oshish mahalida kuchli qor bo‘roniga duch kelganini tasvirlaydi: «Bir haftaga yovuq qor tepib, kunda bir shar’iy-bir yarim shar’iydan ortiq ko‘chulmas edi. Qor tepar (ya’ni qorni tepib yo‘l ochadigan) kishi men edim, o‘n-o‘n besh ichki bila va Qosimbek edi, ikki o‘g‘li – Tangriberdi va Qanbar Ali bilan, yana ikki-uch navkari ham bor edi. Ushbu mazkur bo‘lg‘onlar yayoq yurib, qor tepar eduk, har kishi yetti-o‘n qadam ilgari yurub qor tepar edi. Har qadam qo‘yg‘onida beligacha, ko‘ksigacha bota-bota qor tepar edi… O‘zga tamom o‘bdon-o‘bdon yigitlar va bek otong‘onlar otlardin ham tushmay, tayyor tepilgan va bosilg‘on yo‘lga kirib, boshlarini quyi solib kelurlar edi. Mahal ul emas edikim, kishiga taklif va zo‘re qililg‘ay, har kimning himmat va jur’ati bo‘lsa, bundoq ishlarni o‘zi tilab qilur…».
Aslida bu qadim voqeani eslashimga bugungi tashvishli kunlarimizda kechayotgan hodisalaru jarayonlar sababchi. Yana ta’kidlash joiz, bu yodlov uzoq yillik istibdod siquvi tufayli jaholat botqog‘iga botgan odamlarni yangi yo‘lga olib chiqish uchun qilinayotgan mashaqqatli va ulug‘vor sa’y-harakatlar bilan ham bog‘liq. Biz qalin qor bosgan dovondan o‘tmoqdamiz. Ne-ne azamat insonlar farog‘atni unutib, «qor tepib» ortdagilar uchun yo‘l ochib bormoqda. Bu sinov dovonida har birimizdan, millatimiz va nasl-nasabimizdan qat’i nazar, hamjihat va hammaslak bo‘lib harakat qilish talab etiladi. Har birimiz ongimizga murojaat qilaylik, biz ona vatanimiz uchun hal qiluvchi pallada qay jabhada turibmiz: qalin qorni tepib yo‘l ochayotganlar orasidamizmi yoki bu yurt tashvishlaridan xoli kimsalardek tayyor tepilgan va bosilgan yo‘ldan boshimizni quyi solib bormoqdamizmi? Bugun ham Mirzo Bobur yozganidek, mahal ul emaskim, «kishiga taklif va zo‘re qililg‘ay, har kimning himmat va jur’ati bo‘lsa bundoq ishlarni o‘zi tilab qilur».
Xalqning yakdilligi haqidagi savolingizga javob berishdan oldin shuncha gapni aytishimning sababi bitta: xalq va millatni faqatgina kuchli, komil shaxslar birlashtira oladi. Buyuk bobomiz hazrat Mir Alisher Navoiy «Elga qo‘shulg‘on esh topti» deb nasihat aytgan. Demak, hammaslak bo‘lgan xalq yashagan yurt ravnaq topadi va kelajagi porloq bo‘ladi.
Shodmonqul SALOM suhbatlashdi
«Ma’naviy hayot» jurnalining 2023 yil 1-sonidan olindi.