Тарихимизда буюк деб тан олинган авлиёларнинг барчаси ҳаёт тараққиёти учун улкан ишлар қилганлар. Биз бежиз уларнинг мақбараларини зиёрат қилмаймиз, бежиз уларни ҳурмат билан тилга олмаймиз, бежиз уларнинг ёзиб қолдирган асарларини ўқиб, таҳлил қилмаймиз.
НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИНИНГ БУЮК НАМОЯНДАСИ –
ХОЖА МУҲАММАД ПОРСОНИНГ РУҲИ ЧИРҚИРАМАЯПТИМИ?
Озод МЎЪМИН ХЎЖА
Тарихимизда буюк деб тан олинган авлиёларнинг барчаси ҳаёт тараққиёти учун улкан ишлар қилганлар. Биз бежиз уларнинг мақбараларини зиёрат қилмаймиз, бежиз уларни ҳурмат билан тилга олмаймиз, бежиз уларнинг ёзиб қолдирган асарларини ўқиб, таҳлил қилмаймиз. Бутун дунёда ўтмишимиздаги валийларнинг асарларини ўқиш ва ўрганиш туфайли Ватанимизга келишни, улуғларимизнинг қадамжоларини тавоф қилишни истовчилар шунинг учун ҳам жуда мўл. Масалан, Бухорога келган ҳар қандай сайёҳ Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасига ташриф буюрмай кетмайди. Бундай меҳмонларнинг кўпчилиги Хожагон-Нақшбандия тариқатининг етти пирини албатта зиёрат қилади. Хаттоки, атайин худди шунинг учун келадиганлар ҳам бор.
Айримлар савол берадилар, ушбу тариқат ривожланиши шу билан тўхтаб қолганми? Нақшбанднинг етук поғонага кўтарилган шогирдлари бўлмаганми? Аммо, илм аҳли биладики, бундай зотлар албатта бўлган. Ҳазрат Баҳоуддиннинг умри поёнига етай деганда, муридлари ундан сўрашган: “Тақсир! Сиздан сўнг кимга қўл берайлик, ким сизнинг даражангизга етган?” Валий зот жавоб берганларки: “Мен бу саволга бир неча йил аввал хаж амалини бажариш учун кетаётганда жавоб берганман. Ҳозир ҳам ўша фикрдаман – мендан кейин Хожа Муҳаммад Порсога мурид бўласизлар!” Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд қатори, унинг устози Ҳазрат Сайид Амир Кулолнинг бошқа етук издоши Мавлоно Ориф Деггароний ҳам ўз муридларига, мабодо Яратган уни ҳузурига чақириб қолса, Хўжа Муҳаммад Порсога юзланишларини буюрган.
Бу ҳолатлар Хожа Муҳаммад Порсонинг улкан даражага чиққан валий бўлганлигига мустаҳкам далилдирлар. Унинг дунёга машҳур рисолаларининг ўн саккизтаси Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланмоқда.
Хожа Муҳаммад Порсо кучли каромат соҳиби бўлса-да, бироқ буни иложи борича яширишга ҳаракат қилган. Аммо, қаттиқ зарурат туғилгандагина уни ошкор қилган. Замона ҳукмдорларидан темурийзода Халил Султон уни менсимай дилини оғритган, натижада жангда Шоҳруҳ мирзога ютқизиб, тахтдан айрилган. Шундан сўнг, Шоҳруҳ мирзо, Улуғбеклар ундан маслаҳатлар сўраб мурожаат қилиб туришган.
Умуман олганда, Хожа Муҳаммад Порсо Марказий Осиё халқлари маънавиятида, ислом ва тасаввуф тарихидаги ёрқин порлаган алломадир.
Хожа Муҳаммад Порсо икки марта ҳаж сафарини адо этган. Дастлаб Баҳоуддин Нақшбанд билан, кейин 1419 йили Бухородан Термиз, Балх ва Ҳирот орқали Нишопурга, ундан эса Мадинага борган. Ҳаж зиёратини амалга оширгач, касалга чалиниб, 72 ёшида вафот этган. У амир ул-мўъминин Аббос мақбараси ёнига дафн этилган. Шайх Зайниддин ал-Хавофий Мисрдан тарошланган оқ тош келтириб, унинг қабрига қўйган.
Маълумки, ваҳобийлар азиз-авлиёларни тан олмайдилар. Тасаввуф ҳақида на қуръонда, на ҳадисларда гап-сўз йўқ, авлиёлар исломдан ташқаридадирлар, деган хулоса чиқарганлар ва бошқа далил-исботларни эшитишни ҳам истамай, ўзларникини маъқул қилиб тураберадилар. Натижада, эшитишимча, Саудия Арабистонида ҳеч бир азиз-авлиёнинг мақбараси, шу қаторда Хожа Порсонинг марқади ҳам омон қолмаган.
Аммо, Бухоро шаҳрида унинг қадамжоси мавжуд. У ерда туғ кўтарилган. Лекин, бу қадамжо ва ундан қолган хонақо вайрона ҳолатда.
Мен бир қанча йиллардан бери тарихий асарлар ёзиш ниятида маълумотлар қидириб ва тасаввуфий билимимни ошириш учун Бухорога бориб тураман. Ҳар бир сафаримда, кўп азиз-авлиёлар қатори, Хожа Порсони ҳам зиёрат қиламан. Ва ҳар гал бу қадамжога қараб юракларим ачишади.
Ўтган йили, қадамжо атрофида истиқомат қилувчи бир диний илми бор одам билан суҳбатлашиб қолдим. Унинг айтишича, ҳар йили турли мамлакатлардан, жумладан Покистон ва Эрондан зиёратчилар атайин Хожа Порсонинг қадамжосига келиб зиёрат қилар эканлар. Сайёҳларнинг кўзларидаги ҳасратга кўзим тушади, менга беролмаган саволларини англайман, дейди у. Ушбу маҳаллада яшайдиган аҳоли жуда ҳам онгсиз, қадамжо майдонига ўз ахлат-чиқиндиларини тўкиб кетаберадилар, бундан касал ҳам бўлиб қоладилар, аммо сабабини тушунмайдилар, шикоят қилди у. Расмий идораларга мурожаат қилдим, уларнинг эса парволари палак, шунингдек таъкидлади у инсон.
Яқинда, ўтган ҳафтада ўтказилган нақшбандхонлик анжуманида мен Хожа Муҳаммад Порсонинг қадамжоси ободонлаштиришга муҳтожлигини айтдим. Лекин, бу сўзлар қарор қабул қилувчи одамлар онгига етиб бордими-йўқми, билмайман. Анжумандан сўнг, меҳмонхонага жойлашгач, яна зиёрат оламига кирдим. Хожа Порсога навбат келгач, кўрдимки, манзара янада хунуклашибди. Диққатингизга олган суратларимни намойиш қиламан.
Манзара шундай… Ўзингиз хулоса чиқаринг. Нима деб ўйлайсиз? Авлиёнинг руҳи чирқирамаяптими? Нега бу ҳақда на ободончилик мутассадилари, на онгли жамоатчилик ўйлаб кўришмайди?
Бухоро шаҳри ва вилояти катта имкониятларга бой юрт. Бу қадимий ўлкада қазилма бойликлар-у турли конлар мўл. Одамлари ҳам жуда ишнинг кўзини биладилар. Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланадилар. Пул топиш учун ҳар қандай тиниб-тинчимайдилар. Тадбиркорлик уларнинг қон-қонига сингиб кетган. Диққатингизга, айни шу, оламга машҳур Хожа Муҳаммад Порсо номидан фойдаланаётган бир тадбиркорнинг меҳмонхонасини кўрсатаман. Бу масканга асосан чет эллик сайёҳлар жойлашадилар.
Хожа Порсо номидан фойдаланаётган ушбу бизнесменнинг ишлари жуда яхши кетаётган экан, у меҳмонхона ёнига янги корпус қурмоқда.
Энг қизиқарлиси, Хожа Муҳаммад Порсо қадамжоси ана шу кенгаяётган меҳмонхонадан эллик метрча нарида. Буюк авлиё тирик ва ишбилармон бўлганда, ўз номидан фойдаланаётган ушбу тадбиркордан каттагина жарима ундирган бўларди. Ёки расмий мутассади амалдорларни огоҳлантирармиди? Лекин, афсуски, у бундай қила олмайди. Чунки, у бошқа оламда.
Биз қандай ҳалқмиз? Ахир, ана шундай буюк зотлар Европа ёки бошқа илғор давлатларда бўлганда, улар бутун коинотга жар солардилар – кўринг бизнинг ота-боболаримизни деб. Кинофильмлар ишлаб ташлардилар. Текинга тарқатардилар турли мамлакатларга. Биз эса фақат буюк аждодларимизнинг номидан фойдаланиб бойишни ўйлаймиз.
Аҳмоқона кинофильмлар ишлашга пул топилади, негадир. Тарихимизни улуғлаш киноленталарига эса маблағ аяймиз. Қадамжоларни обод қилишга камбағалмиз-у, қават-қават уй қуришга, номчиқарга тўй қилишга, почка-почка пуллар сочишга илож топамиз. Хожа Муҳаммад Порсонинг руҳи эса истаганча чирқиллайверсин…
Бошқа гапиргим ҳам келмайди. Қолган фикрларимни одамлар ўзлари тушунадилар.