Amin Maaluf. Samarqand. Roman.

samarqand    18 октябрь — Самарқанд куни

   Амин Маалуф ўзининг «Самарқанд» ((Париж, Латт нашриёти,1988)) асари билан шарқона романнавислик истеъдодини намоён қилиб, француз адабиётида янгича бир йўналиш оча олди.  Ўзбек тилига биринчи бор ўгирилиб, эътиборингизга ҳавола қилинаётган ушбу роман машҳур олим, шоир ва файласуф Умар Хайёмнинг Самарқанддаги ҳаёти, машҳур «Рубоийлар» китобининг пайдо бўлиш тарихи, XI асрдаги ижтимоий–сиёсий ҳаёт талқини, янги пайдо бўлаётган турли диний мазҳаблар кураши ва ниҳоят, ХIХ асргача мусулмон дунёсида номаълум бўлган бу рубоийлар қўлёзмасининг Оврўпадаги шон-шухрати, ҳамда бу қўлёзманинг 1912 йилда «Титаник» кемасининг машъум ҳалокати оқибатида океан қаърига чўкиб кетишига оид қизиқарли саргузаштлар баёнига бағишланган.

09

021Амин Маалуф 1949 йилда туғилган ва 1976 йилдан бери Францияда яшаб, француз тилида ижод қилаётган, миллати араб бўлган француз ёзувчисидир. У «Жўн Африк» – «Африка ёшлари» журнали муҳаррирларидан бири ҳам. Амин Маалуф ижодининг асосий хусусиятларидан бири — Шарқ мавзусидир.Унинг «Африка арслони» /1986./,«Самарқанд» (1988),«Нурафшон боғлар» (1991),«Беатричадан кейинги биринчи аср» (1992),Гонкур мукофотига сазовор бўлган «Таниос қояси» (1993) каби асарлари французлар томонидан севиб ўқилади.Француз адиби Жил Демернинг фикрича «Амин Маалуф ўзининг «Самарқанд» ((Париж, Латт нашриёти,1988)) асари билан шарқона романнавислик истеъдодини намоён қилиб, француз адабиётида янгича бир йўналиш оча олди» Унинг ўзбек тилига биринчи бор ўгирилиб, эътиборингизга ҳавола қилинаётган ушбу романи машҳур олим, шоир ва файласуф Умар Хайёмнинг Самарқанддаги ҳаёти, машҳур «Рубоийлар» китобининг пайдо бўлиш тарихи, XI асрдаги ижтимоий–сиёсий ҳаёт талқини, янги пайдо бўлаётган турли диний мазҳаблар кураши ва ниҳоят, ХIХ асргача мусулмон дунёсида номаълум бўлган бу рубоийлар қўлёзмасининг Оврўпадаги шон-шухрати, ҳамда бу қўлёзманинг 1912 йилда «Титаник» кемасининг машъум ҳалокати оқибатида океан қаърига чўкиб кетишига оид қизиқарли саргузаштлар баёнига бағишланган.Асар 1988 йилда Париждаги «Матбуот уйи» мукофотига сазовор бўлган. Бу асар ўзбек кутобхоналарида ҳам катта қизиқиш уйғотади деган умиддамиз.

Таржимон

Амин Маалуф
САМАРҚАНД
098

Муқаддима

002Мен сизга Атлантика океани қаърига мангуликка чўкиб кетган бир китоб ҳақида гапириб бермоқчиман. Ўша даврдаги газеталар бу ҳақда жуда кўп ёзишган ва бир неча бадиий асарлар ҳам яратилганди.
Ҳа, 1912 йилнинг 14 апрелдан- 15 апрелга ўтар кечаси улкан «Титаник» кемасининг ҳалокати дунёдаги энг қимматбаҳо қўлёзмалардан бири — буюк форс олими ва шоири Умар Хайёмнинг «Рубоийлар» китобининг асл нусхасини ҳам сув қаърига олиб кетди.
Мен бу ҳалокат ҳақида батафсил тўхталмоқчи эмасман. Мендан ташқари жуда кўп тадқиқотчилар аллақачон бу ҳалокатнинг аянчли оҳибатларини пулга чақишиб ҳисоблаб кўришган, ҳар бир қурбон ҳақида батафсил маълумотлар тўплаганлар.Бу ҳалокатнинг энг муҳим қурбони, менинг назаримда, одамларнинг ҳисоб-китобларидан, эътиборларидан қолиб кетган ўша китоб бўлса керак. Мана, ушбу воқеалар содир бўлганидан олти йил ўтса-да, жилди чармдан тайёрланиб, шоирнинг ўзи томонидан битилган бу китобни , бир пайтлар қўлларимда тутган бебаҳо қўлёзмани мангуликка йўқотганимни ҳеч ҳам унута олмаяпман. Уни ўз она юрти — Осиёдан олиб чиқиб кетилишига мен – бахтиқаро Бенжамен Умар Лессаж сабабчи эмасманми? У айнан менинг юкларим билан ўша машъум «Титаник» кемаси сатҳига чиқмаганмиди? Мен яшаётган аср одамларининг манманлиги ва худбинлиги туфайли бу фалокат содир бўлиб, қўлёзманинг саргузаштлари минг йилларга тўхтатиб қўйилмаганмиди?
Шундан бери кундан-кунга қон ва разолатга ботиб бораётган ушбу дунёда ҳаёт бирон марта менга кулиб боқмади. Бу ҳалокат ҳақидаги одамларнинг хотираларини эшитмаслик учун улардан қочадиган бўлиб қолдим.Бироқ қалбимдаги умид чироғи ҳам ҳеч қачон ўчмади: эрта бир кун уни албатта сув қаъридан олиб чиқадилар, олтин қутича ичида сув ости лойқаларидан омон қолган бу ажойиб китобнинг тақдири янги саргузаштлар билан бойийди. Одамларнинг бармоқлари яна унинг нафис саҳифаларини сийпалайди. Рубоийларни ўқиб ҳайратдан лол қолган китобхонлар, унинг ҳошияларига битилган шоир саргузаштларидан ҳам воқиф бўладилар. Ихлосмандлар буюк шоирнинг қалбини, унинг дастлабки шеърларини, қалб туғёнларини қайтадан кашф қиладилар. Китобни ўқиб чиқишгач, аллақачон оламдан ўтиб кетган бу ажойиб инсоннинг мислсиз қуввайи ҳофизасига қойил қолишиб, бу қумранг ёдгорлик олдида чуқур ўйга толадилар.
Бу китобда на бирон сана, на биронта имзо бор эди. Уларнинг ўрнига фақатгина оташқалб шоирнинг қуйидаги бағишловинигина ўқиш мумкин эди:

«Самарқанд сайқали рўйи замин аст!».

БИРИНЧИ КИТОБ
УМАР ХАЙЁМНИНГ САМАРҚАНД САРГУЗАШТЛАРИ

01

Ахир бу оламда бегуноҳ ким бор?
Нечун яшай олди бўлмай гуноҳкор?
Ёмонлик қайтарсанг ёмонлигимга,
Фарқимиз не бўлди, айт, парвардигор!

Умар Хайём.

БИРИНЧИ БОБ

02Шаҳар узра сокин оқшом чўкканида, кундалик юмушларидан ҳоли бўлган самарқандликлар қалампир бозори ёнидаги боши берк кўчада жойлашган иккита майхона атрофида айланиб юришни хуш кўришарди. Уларнинг мақсадлари майхонанинг хушхўр сўғдий шаробидан отиб олиб, сархуш бўлиб кўча кезиш эмас. Йўқ, аксинча, кайфи ошиб қолган биронта майхўрни қўлга тушириб, сазойи қилиш, танобини тортиб қўйиш эди. Бундай шариат посбонларининг қўлига тушиб қолган майхўрнинг ҳолига маймунлар йиғларди: уни тупроққа белаб судрашар, ҳақорату- надоматларга кўмиб ташлаб, бечора майхўрни йўлдан оздирувчи ичимликнинг дўзахий кайфини бир умр ёдида сақлаб қолишга мажбур қилишарди.
Айнан шундай ҳодисалардан бири 1072 йилнинг ёз оқшомларидан бирида, ёзилажак машҳур рубоийларнинг муаллифи, 22 ёшли Умар Ҳайём эндигина Самарқандга келган пайтлари юз берди. Ким билсин, ўша фусункор оқшом у ҳам май илинжида бу тарафларга қадам ранжида қилдими, ёки сайру-томошо баҳона тавқи лаънат майхона тарафларга тасодифан келиб қолдимикин? Ана, бир болакай пештахтадан ўғирлаган олмасиниқўлида маҳкам сиққанича Руҳибарб кўчаси бўйлаб қочиб бораяпти. Газмол дўконининг сотувчиси эса, баланд супачасида ўтириб олиб, жинчироқ ёруғида харидори билан тортишаётганини, сўкиниш аралаш бўғиқ кулаётганини эшитиш мумкин. Арқончилар растасидаги фаввора олдида хачирли бир киши тўхтади. У ҳовучларини муздек сув оқимига тутди, кейин худди ухлаётган гўдагини ўпмоқчидек лабларини чўччайтириб энгашди: чанқоғини қондиргач, ҳўл қўллари билан юзини сийпалади, билинар – билинмас шукрона айтиб, ёнида ётган тарвуз пўчоғи палласини сувга тўлдирди-да, хачири ҳам чанқоғини қондирсин учун унинг тумшуғи остига қўйди.

Ҳайём атрофга суқланиб боқиб кезар экан, чилим сотувчилар растаси ёнидан чиқиб қолди. Бир ҳомиладор аёл унга тикилганича яқинлашиб келди. Қизчаларникидек латиф лабларини қисганича, бир сўз ҳам қотмасдан, яланғоч билакчаларини чўзиб, ҳозиргина харид қилган бир ҳовуч қовурилган бодомдан узатди. Чодираси кўтариб қўйилган бу маъсума аёлнинг ёши ўн бешларда бўлса керак. бундай хайру-садақадан эсанкираб қолмади. Бундай удум самарқандликларда қадимдан мавжуд э диканлигини биларди: бўлажак онанинг рўпарасидан келишган, хушқомат йўловчи чиқиб қолса,у туғилажак гўдаги ана шу кишига ўхшашини тилаб, қўлидаги егуликларни йўловчи билан баҳам кўриши керак. Ҳайём қўлидаги бодомлардан татиб кўришдан ўзини мағрурона тийгани ҳолда, узоқлашиб кетаётган аёл ортидан тикилиб қолди. Бироздан кейин у хаёлларини йиғиб олиб, яна йўлида давом этди. Тез орада олағовур оломон орасига тушиб қолди. Узун бўйли, қоқсуяк бир қария ерда узала тушиб ётар, офтобдан қорайиб кетган яланг бошида оппоқ сочлари тўзғиган, бўғзидан алам ва нафрат аралаш титроқ фарёд овози отилиб чиқарди. Унинг ёшли кўзлари Ҳайёмга илтижоли тикилгандек туюлди. Соқол- мўйловлари эндигина сабза урган, қўлларидаги калтакларини сермаб завқланаётган йигирматача ёш- яланг бечора қарияни ўртага олиб турар, орқароқда эса, воқеа нима билан тугашига қизиқиш билан қараб турган бир тўда кишиларни кўриш мумкин эди. Жазоловчилардан бири Ҳайёмнинг қатъиятли юзига қараб, эътиборли одамлардан бири деб ўйлади шекилли, унга гап уқдира кетди:
— Бу энг ярамас, майпараст одам, унинг исми Узун Жаббор!

Хайём бу исмни эшитиб сесканиб кетди, бўғзига бир нарса тиқилгандек бўлди:
«Жаббор! Абу Алининг шогирди!»- хаёлига келди унинг.
Абу Али шарқда энг кўп тарқалган исмлардан бири. Бироқ Бухоро, Корду,Балх ёки Боғдодда яшайдиган ҳар бир саводхон киши бу исмни ҳурмат,эътибор ва ифтихор билан тилга олади. Чунки бу исмни эшитган киши унинг мағрибда Авеценна, машриқда Абу Али номи билан машҳур бўлган Абу Али Ибн Сино эканлигини дарров фаҳмлаб олади. Умар, албатта, уни шахсан танимасди, чунки у буюк олим вафотидан 2 йил кейин таваллуд топган. Шундай бўлса-да, Умар уни ўз авлодининг буюк устозларидан, ҳамда инсоният томонидан яратилган билимларнинг ҳаворийларидан бири деб тан оларди.
Ҳайём ўзича такрорлади: «Жаббор, Абу Алининг севимли шогирдларидан бири!». У қарияни биринчи бор кўраётганлиги учун унинг аянчли тақдиридан бехабар эди. Абу Али ўз шогирдида тиббиёт ва фалсафий билимларининг давомчисини кўрар, унинг илмий далиллари ўта дадиллигидан завқланар, айни пайтда, унинг шуҳратпарастликка ва даҳрийликка мойиллигидан афсусланар эди. Табиатидаги бундай нуқсонлар оқибатида у бир неча бор зиндонга ташланди, ҳалойиқ кўзи олдида жазоланиб, сазойи қилинди.. Навбатдаги шаккоклиги унинг бошига етди: Самарқанднинг энг катта майдонида, ҳалойиқ ва оила аъзоларининг кўзлари олдида 150 дарра билан жазоланди. Бу жазо унинг бутун ҳаётини бошқа узанга солиб юборди ва у ҳеч қачон қайта ўзига кела олмайдиган ҳолга тушди.Унинг ҳақиқатпарастлиги, шаккоклиги — девоналарча майпарастликка қачон айланди экан? Шубҳасиз, бу ҳол унинг хотини вафотидан кейин бошланганди. Уни жанда кийимлар кийиб олиб, шакокона гапларни гапириб, йиртиқ-ёмоқ иштонда тебранганича кўча кезиб юрганини кўрган болакайлар масхара қилишар, тош отишар ва мажнунсифат бўлиб қолган бу бечора одам бундай таҳқирлардан йиғлагудек ҳолга тушиб, аламини майдан олишга уринарди.
Умар воқеани зимдан кузатар экан, хаёлида фикрлар ғужғон ўйнар эди.
«Ўзимни тиймасам, мен ҳам бир кун шу куйга тушишим мумкин». У майни хуш кўришидан, ёки бу одатини тарк қила олмаслигидан чўчимасди.Унга ўз- ўзини ўрганишга май ва сархушлик ёрдам берган ва шу сабабли уларнинг ҳеч бири ўзаро бир-бирини ўрнини алмаштира олмайди,- деб ҳисобларди. Бироқ, жамоатчиликнинг бу борадаги фикри уни чўчитар ва бундай дунёқараш иззат- обрўсининг дарз кетишига олиб келишидан ҳадиксирарди. Оломон ўртасидаги қариянинг аянчли ҳолати- унинг бу ҳадигини янада оширди. Ҳаммасига қўл силтаб, бу ердан жуфтакни ростлаб қолишни ўйлади. Бироқ, Ибн Синонинг шогирдини дарғазаб оломон ҳукмига ташлаб кетса, бир умр виждони қийналиб юришини ҳис қилди. Шунда қатъият билан уч қадам олға босди, овозига виқор ва ҳукмрона тус бериб:
— Бу бечорани қўйиб юборингиз!- деди.
Узун Жабборнинг тепасида қонсираб турган оломон сардори ўгирилиб бегона йўловчига менсимайгина нигоҳ ташлади.Унинг соқолли башарасида- ўнг қулоғидан бошлаб иягининг учигача чуқур чандиқ излари кўриниб турарди. Худди даҳшатли ҳукмни эълон қилаётгандек, сардор ўшқирди:
— Бу майпараст, даҳрий ва файласуф одам!
У охирги сўзини худди жиркангандек хириллаб талаффуз қилди.
— Биз Самарқандда биронта файласуф яшашини истамаймиз! – шовқин солди оломон, ўз сардорининг гапларини қувватлаб.
«Файласуф» сўзи бу оломон учун ғайридин, ёки дин ва адабиётдан ташқари барча илмлар билан шуғулланадиган кофир киши, деган маънони англатарди. Ўз элида аллақачон машҳур файласуф бўлиб танилган Умар Ҳайём бу ерда, мана шу оломон қўлида Узун Жаббордан ҳам аянчлироқ қурбон бўлиши мумкин эди.
Албатта, чандиқли сардор уни танимас ва айни пайтда ерда ғужанак бўлиб ётиб олган, забонсиз қарияни азоблашни давом эттирарди. У чолни сочларидан тортқилаб, бемажол бошини деворга уриб мажақламоқчидек у ёқ-бу ёққа силкитар, ҳаракати ҳал қилувчи лаҳзада иккиланаётган қотилникидек чиқарди.
Хайём воқеага қатъий аралашиш пайти етганини сезди:
-Қарияни қўйиб юборинглар! Ахир бу кимсасиз ва бемор девонанинг жони ҳалқумига келиб қолибдику!
Сардор ўрнидан сакраб туриб унга яқинлашди, бармоғини бигиз қилганича, Ҳайёмнинг соқолига ниқтаб, ўдағайлади:
-Сен уни яхши танийсан, шекилли! Кимсан ўзи? Ҳа, билдим! Сен бу шаҳарлик эмассан, келгиндисан! Сени ҳеч ким бу шаҳарда танимайди!
Иззат-обрўсини сақлаган ҳолда, Умар унинг ниқталган бармоғини жанжалга ҳожат қолдирмай, такаллуф билан четга сурди. Чандиқли киши бир қадам орқага чекинди-ю, аммо қатъият билан яна сўради:
-Исминг нима, эй, келгинди?
Ҳайём ўзини танитишга бироз иккиланди. Ушбу таҳликали вазиятдан қутулиш чорасини қидириб, кўкка боқди ва ўроқ шаклидаги ҳилол юзини бир парча булут қоплаб олаётганини кўрди. Бир зум жим қолиб, чуқур тин олди. У ҳозир ҳаммасига қўл силтаб, юлдузли осмонни кузатиб завқланишни, юлдузлар номини яна бирма-бир эслашни, рўпарасидан чиқиб қолган бу даҳшатли воқеадан, ғазаб отига минган мана шу тўпори оломондан узоқ-узоқларга кетиб қолишни истарди. Шу пайт оломон ўзини ўраб ола бошлаганини, кимларнингдир қўлларини турта бошлаганини сезиб, бирдан ҳаёлини йиғиб олди:
— Мен Нишопурлик Иброҳимнинг ўғли Умарман. Хўш, ўзинг кимсан?
Бетакаллуф берилган охирги саволга чандиқли йигит жавоб беришни эп кўрмади. Чунки у ўз шаҳрида, сўраб-суриштириш эса, фақат унинг ҳаққи. Вақти- соати келса, Умар уни яхши таниб олади: -Уни Чандиқли муллабача деб аташади. У ҳали қўлида даррасию, оғзида шариат каломи билан бутун Самарқандни зир титратади. Ҳозирча ҳукми-амали ҳар бир ишорасини маҳтал бўлиб кутаётган мана бу жангари ёш-ялангларга ўтади ҳолос.
Бирдан сардорнинг кўзларидан ўт чақнаб, олдин ўз ҳамтовоқларига,кейин тўпланган ҳалойиққа ғолибона нигоҳ ташлаб, ҳайқирди:
-Вой худойим-эй! Мен Нишопурлик Иброҳимнинг ўғли -Умар Ҳайёмни танимай қолибман-ку! Ахир, бу киши Хуросон юлдузи, бутун Форс ва ҳар иккала Ироқнинг энг доно кишиси, файласуфлар шаҳзодаси Умар Ҳайём-ку! У масхараомуз таъзим қилди. Сўнгра икки қўлини салласининг икки чеккасига текказиб, бармоқларини қулоқ қилиб қимирлатди. Унинг бу қилиғига шериклари хохолаб кула бошладилар.
-Ҳар бир сатри диёнат ва тақводорлик билан йўғрилган мана бу рубоийни ёзган шоир ўзлари бўладиларми? – У баланд овозда қироат қила бошлади:

Кўзамни синдириб ирғитдинг, тангри,
Хуррамлик эшигин беркитдинг тангри.
Тупроққа тўкдинг-ку гулгун майимни,
Билмадим, мастмисан, на этдинг тангри?

Умар шеърни ғазаб билан эшитди. Бундай ташвиқот ўлимга маҳкум қилиши аёнлигидан безовталанган Умар, оломон қаҳри жунбушга келмасданоқ, баланд ва жарангдор овозда жавоб берди:
-Эй, нотаниш киши! Бу рубоийни сенинг оғзингдан биринчи бор эшитаяпман. Лекин, мана бу рубоийни ўзим ёзганлигим рост:

Ўзни доно билган уч-тўртта нодон,
Эшак табиатин қилур намоён.
Булар суҳбатида сен ҳам эшак бўл,
Бўлмаса «кофир» деб қилишар эълон.

Ҳайём тингловчиларнинг иззат-нафсига тегиб, уларни ошкора ғанимларга айлантириб юборган бу рубоийни ўқиб, нотўғри иш қилганлигини сезиб қолди. Ғазабланган оломон унинг кийим-бошларини тортқилаб йирта бошладилар.
Кимдир уни чалиб йиқитди оломон эса уни, у ёқдан-бу ёққа судрай бошлади. Кимдир елкасига тепди, кимдир ҳалқумига ёпишди. Кийимлари йиртилиб, очилиб қолган танасига беомон мушт ва тепкилар ёғилар, у эса оломон исканжасидан омон қолишни ўйламас, ҳозироқ ёруғ оламдан кўз
юмиши мумкинлигини ҳис қилиб, жисми оғриқни ҳам сезмас, қулоқлари том битганди. Шу пайт у қуролланган ўнтача шаҳар посбонлари етиб келиб, хунрезликнинг олди олинганини, қил устида турган ҳаёти омон қолганини пайқади. Оломон уларни кўриши биланоқ, Ҳайёмни дўппослашни бас қилди,бироқ, атрофдаги одамларни гувоҳликка чақириб, ўз қилмишларини оқлаш учун қичқира бошладилар:
-У кимёгар, афсунгар, фирибгар!
Шаҳар фармонбардорларининг фикрича, файласуф бўлиш унчалик катта гуноҳ ҳисобланмас, бироқ кимёгар бўлиш- фирибгарлик билан тенг бўлиб,ўлим билан жазоланар эди.
-Бу келгинди афсунгар! Ҳа, бу афсунгар !– қичқирарди улар.
Посбонлар бошлиғи бироз ўйланиб тургач, масалани шу ернинг ўзида ҳал қилишни лозим топмади шекилли, қатъий эълон қилди:
-Агар бу одам ростдан ҳам афсунгар бўлса, уни қозикалон Абу Тоҳирнинг олдига олиб бориш лозим!
Шу пайтда ҳамманинг ёдидан кўтарилган Узун Жаббор бу ур-тўполондан омон қолганлигини сезиб, энг яқин майхона эшиги томон эмаклаб борар, Умар эса, ҳеч кимнинг ёрдамисиз аллақачон ўрнидан турган эди. У посбонлар ҳамроҳлигида жимгина илгарилаб борарди, қонга беланган афту ангорига, парча-парча бўлиб йиртилиб кетган кийимларига қарамасдан мағрур юзидан норозилик аломатлари сезилиб турарди, Машъала кўтариб олган посбонлар олдинда йўл очиб боришар, ортидан эса унинг собиқ ғанимлари ва оломон эргашиб борарди. Ҳайём ҳеч кимни ва ҳеч нарсани кўрмас, эшитмас ҳам эди. Хаёлида кўчалар кимсасиз, атроф жим-жит, осмон беғубордек, Самарқанд эса, ўша, у қачонлардир кўришни орзу қилган табаррук замин эди. У бу заминга қадимги сайёҳлар изидан уч ҳафта давомида тўхтамасдан йўл юриб етиб келди. Шаҳарга келиб-кетган сайёҳлар унга Кўхандиз майдонидаги шаҳар қалъаси устидан теварак-атрофни томоша қилишни маслаҳат беришганди: «Бутун атрофда фақат кўм-кўк боғларни, анҳорларни, узоқларда эса буқа, фил, чўктирилган туя, сакрашга тайёр турган қоплонларни эслатадиган, қатор қилиб экилган ва кўкка бўй чўзиб, мавжланиб турган сарв дарахтларини кўришингиз мумкин», деганди улар.

Дарҳақиқат, Умар бу ерга келиб, нафақат шаҳар ташқарисида, балки қўрғон ичида ҳам, шарқий масжиддан бошлаб, Хитой дарвозасигача зич қилиб экилган ям-яшил боғларни, мевазорлар-у, мавжланиб оқаётган суғориш шаҳобчаларини кўрди. Ҳар томондан найзадек кўкка бўй чўзган ғиштин миноралар, мовий гумбазлар, қасрнинг оппоқ деворлари кўзни қувонтирарди. Бир кун Ҳайём сайр қилаётиб, нагоҳон мажнунтоллар орасидаги ҳовуз лабида сувдан чиқиб, гўзал қоматини кўз-кўз қилганича, сочини офтобга ёяётган гўзал қизга кўзи тушиб қолди. Кейинчалик Ҳайём рубоийлари қўлёзмасига номаълум мусаввир чизган жаннат тасвири шумикин, ёки бу Ҳайёмнинг кўзларига кўринган рўёмиди? Асфизор маҳалласидаги Самарқанд қозикалони Абу Тоҳир ҳузурига олиб борилаётган Ҳайёмнинг ҳаёлидан ўтаётган ширин таассуротлар, манзаралар шулар эмасмикин?
Номаълум тақдир томон хомуш борар экан, Ҳайём тинмай ичида такрорлаб борарди: «Чўмилаётган пари-рўё, чандиқли киши-ҳақиқат қиёфасида, бу фусункор тун эса умримнинг охирги лаҳзалари бўлса ҳам, мен барибир Самарқандни севавераман».

ИККИНЧИ БОБ

Қозикалон девонида ёқиб қўйилган шамлар Ҳайёмнинг юзини қордек оппоқ қилиб кўрсатар, ёшлари ўтиб қолган икки посбон худди хавфли жиноятчини келтиргандек, уни пойгакда маҳкам ушлаб туришарди. Девонхонанинг тўрида савлат тўкиб ўтирган қозикалон унга эътибор ҳам бермасдан даъвогару-жабрланувчини сўроқ қилар, бирининг гапини маъқулласа, иккинчисига танбеҳ бериб турарди. У ҳозир икки қўшни ўртасида узоқ давом этган, адоватга айланиб кетган арзимас жанжални муҳокама қилаётганди. Ниҳоят, қозикалон бир тўхтамга келди: ҳар иккала томонга, унинг кўзлари олдида бир-бирларини бағрларига босишиб, гина-қудратларни унутишни, ярашишни буюрди. Улардан бири ҳукмга бўйсиниб, қўшниси томон қўлларини чўзганича бир қадам илгарилади. Иккинчиси, тор пешонали, баҳайбат қоматлиси эса, бу ҳукмдан норозидек, афтларини буриштириб, тайсалланди. Қози бу ҳолни кўриб, бирдан ғазаби қўзиб кетди, бутун мажлис аҳлини қўрқувдан зир титратиб, ўрнидан турди ва гуноҳкорни бор кучи билан қамчилай бошлади. Аммо,қамчининг зарби жабрланувчининг елкаларига зўр- базўр етарди. Жабрланувчи ғазабини боса олмаётган бақалоқ қозикалонга бир зум тикилиб турди-да, кейин бошини эгиб, юзларини сийпалаганича қўшниси билан қучоқлашиб, ярашишга мажбур бўлди.
Қозикалон уларни чиқариб юборгач, навбатдаги гуноҳкорни, яъни Умарни ушлаб турган соқчиларга уни яқинроқ келтиришни буюрди.
Гувоҳлардан воқеани суриштириб бир неча саволлар берди, ур-тўполон сабабларини тушунтириб беришни талаб қилди. Ўз навбатида чандиқли йигит ҳам гувоҳликка ўтди. Афтидан, қозикалон уни аввалдан танирди шекилли, унинг гапларини диққат билан эшитди. Бироқ унинг қиёфасидан суҳбатдоши гапларига хайриҳоҳлиги, ёки норозилигини билдирувчи аломатларни сезиб бўлмасди. Қозикалон ҳамма гувоҳларни тинглаб бўлгач, бир лаҳза ўйланиб жим қолди, кейин ҳукмини эълон қилди:
-Айтингиз, ҳамма тарқалсин! Ҳар бирингиз энг қисқа йўллар билан уйларингга борингиз!
У жазо талаб ёшларга қараб буюрди:
-Ҳаммангиз тарқалингиз! Масалани эртага ҳал қиламиз. Банди эса, бу оқшом шу ерда қолажак. Менинг соқчиларим уни қўриқлайдилар. Ва ҳеч ким бу ерда қолмасин!
Чандиқли йигит бундай илтифотсизликдан ҳайратланиб, юзида норозилик ифодаларини зоҳир қилди, лекин эҳтиёткорлик дарров ҳушини жойига келтирди чоғи, этакларини йиғиб, ўрнидан турдида, таъзим қилганича чиқиб кетди.
Абу Тоҳир ўз девонхонасида энг ишончли гумашталари билан қолгач,Умарнинг рўпарасига келди.
-Сени бундай жойда кутиб олаётганимдан фахрланаман, о машҳур Умар Хайём Нишопурий!
Қозикалоннинг бу жумбоқли сўзларида на киноя, на самимийлик ва на бошқа ҳиссиёт сезилмас, унинг овози мулойим, бошидаги алвон ранг салла ва бароқ қошлари остидаги ўткир кўзлари эса, синчковлик билан боқар, иягидаги қўнғир соқоллари саришта кузалган эди. Умар ҳамон девонхонадагиларнинг кўзи олдида усти- бошлари дабдала ҳолда оёқда тик турар, уларнинг истеҳзоли ним табассуми-ю , шивир-шивирларидан тоқати-тоқ бўлаёзганди.
Атайлаб уюштирилган бир неча лаҳзалик сукунатдан сўнг, Абу Тоҳир давом этди:
-Умар, сени Самарқандда яхши билишади. Ёш бўлсанг ҳам шеърларинг
ҳамманинг тилида. Сенинг ибратли ибораларингни муллабачаларимиз ҳам такрорлаб юришади. Айт-чи, Исфахонда Ибн Синонинг йирик бир асарини олти марта ўқиб чиқиб, Нишопурда уни сўзма-сўз ёддан айтиб берганлигинг ростми?
Ростдан ҳам бўлиб ўтган бу воқеадан Мовауннаҳрда ҳам барча огоҳлигидан Ҳайёмнинг кўнгли яйраб кетди, бироқ ундаги хавотир ҳали-ҳамон тарқалган эмасди. Шариат қозиси томонидан Ибн Синонинг тилга олиниши, ҳозирча хотиржам бўлишга ишончли ва етарли асос бўла олмасди. Ҳар ҳолда унга ўтиришга ҳам изн берилмаган эди.
Абу Тоҳир давом этди:
-Нафақат сенинг ақлу- заковатинг, балки анчагина мароқли тўртликларинг ҳам эл орасида машҳурдир.
Унинг айблаётгани ҳам, бирон гуноҳни бўйнига қўйишга уринаётгани ҳам сезилмас, сўзлари тагдор ва айни пайтда зимдан сўроқ қилаётгандек туюларди. Умар гап қўшишга қулай пайт келганини сезди:
-Чандиқли йигит ўқиган рубоий меники эмас.
Қозикалон бетоқат қўл силтади. Бу сафар унинг овози жиддий чиқди:

-Менга сенинг менга қандай шеър ёзганлигингнинг ахамияти йўқ! Лекин шундай маълумот келтирдиларки, агар уни мен ҳам такрорласам, бу шаккокликни тўқиган одамдан-да ўзимни кўпроқ гуноҳкор сезаман. Сендан ўзингни оқлашингни талаб қилмаяпман, бирон жазога ҳам лойиқ топишни истамайман. Сени афсунгар деб айблашлари- бу қулоғимдан кириб, у қулоғимдан чиқиб кетди. Ҳозир иккимиз, икки ақлли киши ёлғиз ўтирибмиз ва мен сендан фақат ҳақиқатни айтишингни хоҳлайман.
Умар қалбини ҳамон хавотир тарк этган эмас, жавоб беришга иккиланар, алдаб, тузоққа илинтирилаётган ва аллақачон ўзини жаллод қўлига топширилаётган кишидек сезар, оёқ-қўлларини синдириб, бичишаётганларини,
ёки дорга осилаётганини тасаввур қилиб, эти жунжикарди.
Абу Тоҳирнинг овози тобора баландлашар, у энди қарийб бақириб гапирабошлади:
-Нишопурлик чодирфурушнинг ўғли Умар! Сен ўзи дўстни танийсанми?!
Қарийб самимий оҳангда янграган бу жумлани эшитиб, Умар сесканиб кетди. «Дўстни танийсанми?» У бу хитобни асл маъносида тушуниб, қозикалоннинг юзларига тикилди, унинг соқоли селкиллашидан, кўзларидан самимийлик ифодаларини излаб топишга уринди. Аста-секин қалбида ишонч уйғониб, тунд юзи ёришди, ўзини бироз хотиржам сеза бошлади. Қозининг бир имосидан кейин ўзини соқчилар қўлидан халос бўлганини сезиб, таклифни ҳам кутиб ўтирмасдан турган жойига чўкди. Қози самимийлик билан мийиғида кулиб қўйди, лекин шу лаҳзанинг ўзидаёқ сўроғини давом эттирди:
-Айт-чи, сен одамлар таърифлаганидек даҳриймисан?
Шу биргина савол Умар қалбида умидсиз титроқ уйғотди, лекин тўғрисини айтди:
-Мен муккасидан кетган тақводор эмасман, лекин Яратганнинг ягоналигига ҳеч қачон шак келтирмаганман.
-Фикру хаёлингда даҳрийлик борми?
— Худо гувоҳ, мен бундан узоқман.
— Менга шу сўзингни ўзи кифоя. Фикримча, иқроринг Яратганга ҳам хуш келади. Бироқ одамларнинг фикри… Билгин, сенинг ҳар бир жумланг, ҳар бир
ҳаракатинг одамларнинг назар- эътиборида. Одамлар нафақат сени, мени ҳам, ҳатто шаҳзодаларни ҳам синчковлик билан кузатиб юришади. Айтишларича, сен бир шеърингда «Мен худонинг уйига ҳар замонда бир борсам, у ер салқин бўлгани учун ухлашга бораман»,- деганмишсан?
-Яратганни қалбида сақлаган кишигина унинг уйида тинчгина ухлай олади.
Абу Тоҳирнинг юзида енгил инкор ифодасини кўрган Умар янада илҳомланиб, фикрини чуқурлаштирди:
-Мен Аллоҳ томонидан инсонга ато қилинган соғлом фикрни таъқиб қилувчи тақводорлардан эмасман. Улар дин ва иймонни фақат Яратганга ибодат қилиш деб тушунадилар. Мен Яратганга қандай иймон келтираман, биласизми? Масалан, мен атиргулга ёки юлдузларга қараб завқланаман. Ягона Оллоҳнинг яратувчанлигига мафтун бўламан, у бунёд қилган дунёнинг мукаммаллигидан, унинг энг гўзал муждаси – одамлардан, уларнинг билимга чанқоқ мияси борлигидан, муҳаббатга чанқоқ қалблари, интилувчан, ёки қаноатли ҳиссиётлари борлигидан завқланиб, Яратганга иймон келтираман.
Қози унга ўйчан боқиб ўрнидан турди ва Ҳайёмнинг ёнига келиб ўтирди-да, унинг кифтига оталарча қўлини қўйди. Соқчилар ҳайрон қолишиб, бир-бирларига маъноли қараб қўйишди.
-Тингла, ёш дўстим, сенга Яратган эгам инсонларга бериладиган энг аъло сифатларни раво кўрган. Сен зиёлисан, сенинг каломинг ўткир, у сенга мустаҳкам соғлик, гўзаллик, билишга интилиш, яшашдан, одамлардан ва ниҳоят, адашмасам аёллар гўзаллигидан завқланиш хислатларини ҳам ато қилган. Умид қиламан-ки, Аллоҳ Таоло ақлдан ҳам сени қисиб қўймаган. Мен сенинг мулоҳазали, тилингга эҳтиёт бўлишингни назарда тутаяпман. Агар бундай сифатга эга бўлмасанг, умрингга завол келтиришинг мумкин.
-Фикримга келган нарсани ифодалаш учун мулоҳазали, эҳтиёткор қария бўлишимни кутиб яшашим керакми?
-Дилингдаги ҳамма фикрларни тилингда ифодалайдиган кунлар келгунча, авлодларингнинг авлодлари ҳам кексайиб қолишлари тайин. Биз сирлари очилмаган, қўрқув тўла дунёда яшаяпмиз: бундай дунёда яшашинг учун икки қиёфанг бўлиши лозим. Биринчиси, одамлар учун, иккинчиси ўзинг ва Яратган эгам учун. Шунинг учун бу дунёда яшашни истасанг, кўриб завқланадиган кўзларингни, эшитиб қувонадиган қулоқларингни, фикрингни каломга кўчиргувчи тилингни асраб қоламан десанг, фикрингни мулоҳаза қилиб ифодалашни ўрган.
Абу Тоҳир жим қолди. Унинг бу сукунати кишини эзар даражадаги вазмин, фикрни жамлаш учун қилинган тин олиш эмас,йўқ, кишининг хушини жойига келтириб қўядиган, бутун оламни қамраб оладиган сукунат эди. Қози чуваланиб кетган фикрини тартибга келтиргунича, Умар бошини ҳам қилиб жимгина кутди.
Абу Тоҳир чуқур тин олди ва соқчиларига бу ердан чиқиб кетишларини билдириб, имо қилди. Улар ортидан эшик ёпилиши биланоқ, ўрнидан туриб, девонхонанинг бурчагига юрди. Осиғлик сўзанани кўтариб, нақшинкор сандиқ қопқоғини очди ва у ердан қандайдир бир китобни олиб Умарга узатди. Унинг мулойим қиёфасида ҳомийларча табассум ўйнар эди.
Китоб қалин ва қаттиқ, ялтироқ чарм муқовали бўлиб, устига товус думининг тасвири босиб ишланган, саҳифа четлари ҳали тўғирлаб кесилмаган ҳам эди. Таассуротларга бой бўлган мана шу ёз оқшомида Умар китобни варақлаб, унинг икки юз эллик олти саҳифаси ҳам ҳали оппоқ эканлигини,
уларга на бирон шеър ва на бирон нақш ёзилмаганини кўрди.
Абу Тоҳир ҳаяжонини босиш мақсадида савдогарларга хос қиёфага кириб, гапини давом эттирди:

-Бу китоб Самарқанд устахоналарида қадимий усулда, энг сифатли хитой қоғозидан тайёрланган. Уни Мотрудлик бир яҳудий уста менинг буюртмамга биноан махсус оқ тут ёғочидан тайёрлади. Саҳифаларини кўргин, улар худди шоҳидек силлиқ ва мустаҳкам.
У томоғини қириб олиб, гапида давом этди:
-Менинг ўзимдан ўн ёш катта бир акам бор эди. У оламдан кўз юмганида сенинг ёшингда эди. У Балхда, султонга ёқмай қолган бир шеъри учун қатл қилинган. Билмайман, бу ростми, ёки ёлғонми, уни даҳрийликда айбладилар. Акамнинг шу кичик, рубоийдан ҳам қисқа шеъри учун қатл қилинганлигига мен айбдорман.
Унинг овози бўғилиб, энтикиб давом этди:
-Бу китобни эҳтиёт қил. Ҳар сафар қалбингда бирон шеър туғилиб, у оламга чиқиш учун бўғзингга югурса, унга тишларинг ва лабларинг мустаҳкам дарвоза бўлсин. Лекин уни овоз чиқариб оламга ёйма-ю, мана шу китобга битиб, бир умрга сир сақла. Уларни ёзаётиб, Абу Тоҳирни ҳам эслаб қўй.
Қози ўзининг шу илтимоси билан адабиёт тарихида узоқ вақт сир сақланиб келинган машҳур рубоийларнинг ёзилишига сабаб бўлганлигини, Умар Ҳайём даҳоси билан танишиш учун инсоният яна саккиз аср кутиши лозимлигини, бу рубоийлар авлодлар томонидан дунёдаги энг нафис санъат тури сифатида эъзозланишини, Самарқандда ёзилган ушбу қўлёзма китобни кейинги асрларда қандай саргузаштлар кутаётганлигини билмасди.

УЧИНЧИ БОБ

Бу оқшом Умар Ҳайём кенг боғ ўртасида жойлашган Абу Тоҳирнинг ёзлик шийпонида уйқуси қочиб, тўлғаниб чиқди. Ёнидаги пастак хонтахта устида давот ва қалам, ўчирилган чироқ ва биринчи саҳифаси очилган,лекин ҳали ҳеч нарса ёзилмаган ўша китоб турарди.
Тонг ғира-ширасида бир шарпа, гўзал бир чўри аёл кириб, унга майдалаб кесилган бир патнис қовун, янги кийим-бош, зандана шойисидан тўқилган салла келтирди.
-Бомдод намозидан кейин хўжайин сизни кутаяпти, -деди у шивирлаб.
У кириб келганида девонхона аллақачон адолатталаб одамлар, боёнлар, садақаталаб гадойлар ва хизматкорлар, турли юмушлар билан келган кишилар билан тўлган. Улар орасида, албатта,сўнгги янгиликлардан хабардор бўлишга келган чандиқли муллавачча ҳам бор эди.
Умар эшикдан кириб келиши биланоқ, қозикалон у томонга ўгирилди ва баланд овозда хитоб қилди:
-Пайғамбаримиз каломларининг тенги йўқ билағони, унга садоқатининг чеки йўқ инсон, имом Умар Ҳайёмнинг қадамларига ҳасанот!
Девонхонада ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси бирин-кетин ўринларидан турдилар, қўлларини кўксиларига қўйишиб, таъвозе билан енгил таъзим қилдилар ва жойларига ўтирдилар. Умар кўз қири билан чандиқли муллаваччага қаради ва уни кулгили аҳволда ранги-қути ўчиб бурчакда ўтирганини пайқади.
Абу Тоҳир сертакаллуфлик билан Умарни ўзининг ўнг томонида ўтиришга таклиф қилди. Боёнлар чаққонлик билан ўринларидан қўзғалишиб, унга жой бўшатдилар. Ўз ҳукмининг ижросини виқор билан кузатиб турган қозикалон сўзида давом этди:
-Кеча оқшом қимматли меҳмонимиз билан нохуш воқеа содир бўлибди. Хуросон, Форс, Мозондаронда чексиз иззат-эътиборга лойиқ бўлган, ҳар бир шаҳзода, хон ёки султон ўз саройида бажонидил уни кутиб олишни орзу қиладиган бу ҳурматли зотни, кеча бизнинг Самарқанд кўчаларидан бирида беҳурмат қилишибди!
Девонхонада ғазабли хитоблар янгради. Қозикалон бир зум шовқин-суронга қулоқ тутиб турди-да, бир имо билан уни тўхтатиб, давом этди:
-Энг афсусланарли жойи шунда-ки, бозор майдонида тартибсизлик рўй берган. Бизнинг эъзозли хонимиз, салтанатимиз қуёши, Аллоҳ уни ярлақасин, ҳурматли Носирхон бугун Бухородан шаҳримизга етиб келиши арафасида рўй берган бундай тартибсизликни қандай изоҳлаш мумкин? Агар бу тартибсизликнинг олди олиниб, одамлар тарқатиб юборилмаганида, бугун қандай мусибатлар бошимизга тушиши мумкин эканлигини тасаввур қилишдан ожизман. Мен сизга айтсам, кўпчилик кишиларнинг бошлари танасидан жудо бўлиш тайин эди!
У ўз сўзларининг таъсирини кўриш учун, тўпланганлар вужудида уйғонажак ваҳимани сезиш учун бир зум тин олди ва давом этди:
-Бахтимизга ўртамизда ўтирган менинг собиқ шогирдларимдан бири меҳмонимизни таниб қолиб , бу хабарни тезда менга етказди.
У бармоғи билан чандиқли муллаваччани кўрсатди ва унга ўрнидан туришни буюрди:
— Айтчи, мавлоно Умарни сен қандай таниб қолдинг?
Жавоб ўрнига аллақандай минғирлаш эшитилди.
-Баландроқ гапир! Бу ерда ўтирган бизнинг кекса амакимиз гапларингни эшитмаяпти! – қичқирди қози, чап томонда ўтирган оппоқ соқолли қарияни кўрсатиб.
-Мен ҳурматли меҳмонимизни сўзга чечанлигидан таниб қолдим,- деди чандиқли муллавачча ғудраниб.- Кейин унинг кимлигини суриштириб, сизнинг олдингизга олиб келдим.
-Сен яхши иш қилдинг. Агар тартибсизлик давом этганида, қон тўкилиши тайин эди. Кел, меҳмонимиз ёнига ўтир, сен бунга лойиқсан.
Чандиқли муллавачча ясама итоаткорлик билан ўрнидан туриб, улар ёнига келаётганида Абу Тоҳир Умарнинг қулоғига шивирлади:
-У энди сенга дўст бўла олмаса ҳам, одамлар кўзи олдида сенга душманлик қилишга журъат қила олмайди.
У баланд овозда давом этди:

-Бўлиб ўтган воқеалар мавлоно Умарнинг қалбида Самарқанд ҳақида нохуш хотиралар қолдирмас деган умиддаман?
-Кеча оқшом бўлиб ўтган воқеани мен аллақачон кўнглимдан чиқариб ташладим. Агар шаҳрингиз ҳақида кейинчалик эсласам, фақат бир ажойиб инсон бир умрга ёдимда қолиши шубҳасиздир. Мен муҳтарам қозикалонни назарда тутаётганим йўқ. Ҳар қандай қози шаънига айтиладиган мақтовлар унинг яхши сифатлари учун эмас, балки ўз бурчини адолатли бажаришига қараб айтилиши лозим деб ҳисоблайман. Хуллас, бу шаҳарга яқинлашаётганимда Кеш дарвозаси яқинида рўпарамдан бир киши чиқди. Ўзим ҳам, хачирим ҳам роса ҳолдан тойган эдик.
-Шаҳримизга хуш келибсан, эй муҳтарам меҳмон. Бу шаҳарда ота-онанг, дўсту қариндошларинг борми?-сўради у.
Рўпарамдаги киши фирибгар, тиланчи, ёки тилёғлама бир одам бўлишидан хавотирланиб, ҳеч кимим йўқлигини айтиб, тўхтамасдан ўтиб кетавердим.
Лекин нотаниш киши гапиришдан тўхтамади:
-Сенга саркашлик қилаётганимдан ҳижолатдаман, ҳурматли меҳмон. Лекин мен бу ерга хўжайиним томонидан Самарқандга келаётган ҳар бир меҳмонни кутиб олиб, унга меҳмондўстлик кўрсатиш учун қўйилганман.
Ниҳоят, бу одамнинг софдиллигига ишондим. Унинг уст-бошлари ораста, бироқ муомиласи эътиборли кишиларникига бироз ўхшамасди. Мен унга эргашдим. Бир неча қадам йўл босгач, биз оғир бир эшик орқали ичкарига кирдик. Карвонсарой ҳовлисига кириш учун гумбазсимон даҳлиздан ўтиш лозим эди. Ҳовли ўртасидаги қудуққа, турли юмушлар билан банд бўлиб юрган одамларга назар ташладим. Ҳовли сайёҳлар учун қурилган балохоналар билан ўралган экан.
-Сен бу ерда хоҳлаганингча туришинг мумкин. Ўзингга турар жой ва егулик, хачирингга хашак ҳамиша бисёр бўлади, — деди нотаниш киши. Мен ундан кундалик харажатларим нархини сўрагандим, у ранжиди.
-Сен бу ерда хўжайинимнинг беминнат меҳмонисан.
-Бу олийжаноб зотни кўрсам, унга ўз миннатдорчилигимни билдирсам бўладими?, -сўрадим мен.
-Хўжайиним бундан етти йил олдин, бутун мол-мулкини менга қолдирган. Уни Самарқандга келаётган ҳар бир сайёҳни меҳмондўстлик билан кутиб олишга сарфлашни васият қилиб, оламдан ўтган.
-Бундай олийжаноб, ҳимматли кишининг исмини билсам бўладими?
Дуойи фотиҳамни кимга бағишлай?
-Дуойи фотиҳангни, миннатдорчилигингни ёлғиз Оллоҳга бағишла.
Яратган эгам бу ҳайру саховат ким учун қилинаётганлигини ва ким уни амалга оширишни васият қилганлигини яхши билади.
Шундай қилиб, мен Самарқандда бир неча кунлардан буён ана шу одамнинг мурувватидан баҳраманд бўлиб юрибман. Мен у ердан чиқиб, ҳар куни Самарқандни томоша қиламан. Кеч кириб, қайтиб келганимда, ёқимли таомлар билан сийлашади. Ҳатто хачиримга ҳам мендан кўра зиёдароқ ғамхўрлик қилинмоқда.
Умар сўзидан тўхтаб, жимгина қулоқ солаётган одамларга қаради. Ҳеч кимнинг юзида на ҳайрат, на ажабланиш аломатларини кўрмай, саросимага тушди.
Унинг бу ҳолатини сезган қози тушунтирди:
-Ислом дунёсида энг меҳмондўст шаҳар номига даъвогарлик қилувчи шаҳарлар кўп. Лекин фақат Самарқандгина бундай шарафга муносибдир. Мендаги маълумотларга кўра, шаҳримизга келган биронта меҳмон турар жой учун, егуликлар учун пул тўламайди. Мен бундай саховатли, хайрли иш билан шуғулланувчи кўплаб оилаларни биламан. Лекин улар ўз хайру- эҳсонлари учун ҳеч қачон мақтов даъво қилганларини эшитмагайсан. Самарқанд кўчаларида ўрнатилган фаввораларни кўрган бўлсанг керак. Улар йўловчилар чанқоғини қондириш учун доимо тоза сув билан таъминланиб турилади. Шаҳримиздаги икки мингта фаввораларга ер остидан қўрғошин ёки сопол қувурлар орқали сув келтирилади. Буларнинг ҳаммаси самарқандликларнинг хайру-эҳсонлари туфайли қурилган. Улар бу билан ном қолдириш учун бирон жойга ўз исму шарифларини ёзиб қўйган деб ўйлайсанми?
-Ҳа, буни тасаввур қилаяпман. Мен бундай одамгарчиликни ҳеч қаерда учратмагандим. Лекин шундай бўлса-да, хаёлимни банд қилиб турган бир саволни беришга ижозат берсангиз?
-Сен нимани сўрамоқчилигингни биламан. Сен бундай саҳоватли, меҳмондўст одамлар нима сабабдан сендек меҳмонга қўпол муомалада бўлганлигини билмоқчимисан?
-Фақат менгагина эмас, Узун Жаббор исмли бир бечора қарияни ҳам назарда тутаяпман.
-Сенга берадиган жавобим оддийгина , у биргина сўздан иборат, бу- ҳадик. Бу ерда рўй бериши мумкин бўлган ҳар қандай қабоҳатнинг онаси фақат ҳадик ва хавотирдир. Бизнинг муқаддас динимиз турли тарафдан қасос олиш пайтини кутиб ётган Баҳрайн қарамитлари, Ком имомияти тарафдорлари томонидан таҳликага солиниб турганлигини унутма. Етмиш икки диний мазҳаб-соф динимиз ғанимлари бизга қарши тиш қайрашиб туришибди. Булар константинополлик румийлар, турли номдаги ғайридинлар, энг ашаддийлари- мисрлик исмоилийлардир. Уларнинг тарафдорлари Боғдодда, ҳатто ўзимизнинг Самарқандимизда ҳам тўлиб-тошиб ётибди. Маккаю Мадина, Исфаҳон, Боғдод, Дамашқ, Бухоро, Марв, Қоҳира, Самарқанд каби шаҳарлар шариатимизнинг истеҳкомлари эканлигини эсингдан чиқарма. Агар эҳтиёткор бўлмасак, улар худди қум бўрони остида қолгандек, бир пасда ғайридинлар саҳросига айланади.
Қози чап тарафдаги деразадан тушиб турган қуёш нурига синчков назар ташлаб ўрнидан турди.
-Хонга пешвоз чиқадиган вақт бўлди, -деди у. Ҳамма ўрнидан турди.
Қози чапак чалиб, хизматкорларига буюрди:

-Йўлга бирон нарса олишни унутманглар!
Унинг бирон тарафга отланса, йўл бўйи майиз еб бориш одати бор эди.
Бу одатга унинг яқинлари, меҳмонлари ҳам риоя қилишарди. Хизматкор катта лаганни тўлдириб, оқ сарғиш рангли майиз келтирди ва ҳар ким ундан ўз чўнтакларини тўлдириб олди. Чандиқли муллавачча ҳам ўз навбатида майиздан бир сиқим олиб, Хайёмга узатди:
-Эҳтимол, мен сенга таклиф қилаётган бу майизни май ҳолатида истеъмол қилишни хуш кўрарсан? –деди у секингина истеҳзо билан.
Девонхонадагилар қулоқларини динг қилишиб, нафасларини ичларига ютган ҳолда, Умар қандай жавоб қилишини кутиб, жим қолдилар.
-Май ичишни хуш кўрадиган одам, дастлаб ўзига муносиб соқий ва хушахлоқ улфат танлайди,- Умар ҳам ҳозиржавоблик билан узиб олди.
Чандиқли муллавачча бу сафар овозини бироз баландлатиб давом этди:
-Менга қолса, ҳеч ким билан бир томчи ҳам май ичмоқчи эмасман, чунки жаннати бўлмоқчиман. Хўш, сен у ерда ҳам мен билан бирга бўлишни хоҳламайсанми?
-Жаннатда ҳам тилёғлама уламоларнинг эзма панд-насиҳатларини мангу эшитиб юриш учунми? Йўқ, рахмат! Аллоҳ Таолло бизга ўзга улфатларни раво кўрган.
Суҳбатни шу жойида тўхтатиб, Умар ўзини чорлаётган қозикалонга етиб олиш учун қадамини тезлатди.
-Шаҳарда одамлар сени менинг ёнимда отлиқ кўришлари лозим. Бу кечаги воқеадан сўнг уларда қандай таассурот қолдиришини кўрасан!
Шу пайт Ҳайём қозихона атрофида тўпланган ҳалойиқ орасида нок дарахти соясида турган, кеча ўзига бодом инъом қилган ёш аёлни кўргандек бўлди ва қадамини секинлатиб, уни қидирди. Лекин қозикалон уни шошилтирди:
-Тезроқ юр, агар хон биздан олдин етиб келса, ҳолимизга маймунлар йиғлайди!

ТЎРТИНЧИ БОБ

-Дунёдаги тўртта шаҳар фитналар буржида пайдо бўлган. Булар: Самарқанд, Макка, Дамашқ ва Палермо. Ҳа, мунажжимлар буни қадим замонлардаёқ башорат қилиб ўтишган ва улар адашмаганлар. Бу шаҳарликлар ҳеч қачон ўз ҳукмдорларига яхшиликча бўйсинмаган. Агар уларга қилич ўйнатиб, куч-қудратингни кўрсатиб турмасанг, доим йўлдан озаверадилар. Мутаасиб маккаликларни пайғамбар ҳам қилич ёрдамида тиз чўктирган эди. Мен ҳам такаббур самарқандликларни қиличим билан ер ўптираман!
Мовароуннаҳр ҳукмдори Носирхон мис қопланган ялтироқ тахти ёнида тик турганича ўдағайларди. Унинг овози ҳаммани даҳшатга солар, кўзлари йиғилганлар орасидан биронта гуноҳкорни, нохос қилиб қўйган хиёнатини эслаб титраётган лабни, пушаймон бўлиб қалтираб турган биронта қурбонни қидирарди. Саройда йиғилган ҳар бир киши ғайри-ихтиёрий равишда ёнидаги одам ортига бекинишга уринар, бўйинларини қисишиб, довул пасайишини кутишарди.
Носирхон панжаларига илингудек биронта ўлжа топа олмади шекилли, жаҳл билан эгнидаги тантанали маросимларда кийиладиган уст-бошини ечиб, ерга улоқтирди. Кейин қашқарча турк-мўғул шевасида ҳайқириб сўкинганича, ечган кийимларини оёқлари билан топтай бошлади.
Удумга кўра, ҳукмдорлар устма-уст уч-тўрт, баъзан еттитагача ҳашамдор кийимлар кийиб юришар, тантанали маросимларда унинг лутфу-карамига сазовор бўлганлар -у ечган биронта кийим эгаси бўлиш шарафига муяссар бўларди. Бугунги маросимда унинг ҳатти-ҳаракати ҳеч кимга лутф қилмаслигининг белгиси эди.
Аслида хоннинг Самарқандга ҳар бир ташрифи байрам сифатида уюштирилар, лекин бугунги байрам шодиёнаси кутиб олишнинг дастлабки дақиқаларидаёқ барбод бўлганди. Ўша кун хон Сиёб дарёси қирғоқларидан бошлаб, Бухоро дарвозасигача тўшалган поёндозлар устидан отлиқ ўтиб Самарқандга кириб борар экан, унинг юзидан табассум аримас, қисиқ кўзлари ҳар қачонгидан ҳам қисиқроқ туюларди. Бирдан у отини Абу Тоҳир бошлиқ икки юзтача аъёнлар томонга бурди. Умар Ҳайём турган тўдага худди бир нарсадан шубҳалангандек ҳўмрайиб тикилди. Кимларнидир қидириб топмади шекилли, тизгинларини зарб билан тортиб, отини икки оёғида тик турғазди ва алланималар дея ўдағайлаганича, у ердан узоқлашди. Энди у қора байтали устида тек қотганича қимирламай, лаблари ва кўзлари ғазабдан қисилган ҳолда, саҳарлаб уни кутиб олиш учун йўлларга чиқарилган минглаб шаҳарликларнинг олқишларига эътибор ҳам бермасдан йўлида давом этарди.
Маҳаллий мирзолар томонидан ёзиб берилган юзлаб арзу додларни ўтиб бораётган хонга тутқазишга ҳеч ким журъат қила олмас, уларни тантана охирида бораётган мулозимга отишар, у эса турли қоғозларни ердан териб олар экан, уларни кўриб чиқишга ёлғондакам ваъдалар берарди. Хон ва салтанатининг долчин ранг улкан байроғини кўтариб бораётган тўрт отлиқ, унинг бошида соябон кўтариб бораётган ярим ялонғоч қул, ҳамда шаҳар аъёнлари четларига эгри-бугри тутлар экилган ариқлар бўйлаб асосий йўлдан бозор майдонидан ўтиб, Асфизор маҳалласига кириб бордилар. Хонга ажратилган қароргоҳ айнан шу маҳаллада жойлашган бўлиб, у Абу Тоҳир девонхонасидан бир неча қадам нарида эди.
Илгари пайтлар хон қароргоҳи шаҳар қалъаси ичида бўлар, бироқ, яқинда бўлиб ўтган даҳшатли уруш туфайли бу қалъа ночор аҳволга тушиб қолган ва эндиликда у ерда махсус турк ҳарбий қисмлари чодирларда яшар эди.
Умар хоннинг тунд қиёфасини кўриб, унинг ҳузурига бормасликка қарор қилганди, бироқ қозикалон бундай ҳурматли меҳмон туфайли хон илтифотига сазовор бўлиш умидида уни хон қабулига боришга кўндирди. Йўл-йўлакай Абу Тоҳир Умарга нега хоннинг кайфияти бузилганлигини тушунтириб борди. Умар ундан Бухородаги Катта Масчит ёнидаги уйларга хон буйруғи билан ўт қўйилганлигини, бунга қаршилик қилган аҳоли қириб ташлангани боис, самарқандлик руҳонийлар хонга кек сақлаб, кутиб олиш маросимига чиқмаганликларини билиб олди.
-Хон ва руҳонийлар ўртасида бетўхтов пинҳоний кураш кетаяпти. Бу кураш баъзан очиқчасига қонли тўқнашувларга, кўпинча эса, зимдан олиб борилаётган адоватли курашга айланиб бормоқда,-тушунтирди қози.
Айтишларича, уламолар ҳукмдорнинг чидаб бўлмас инжиқликларидан норози бўлган кўпчилик ҳарбий бошлиқлар билан ҳам тил топишганлар. Оғиздан- оғизга ўтиб юрган афсоналарга кўра, хоннинг ота-боболари ўз қўшинлари билан бир дастурхон атрофида ўтиришиб овқат тановвул қилганлар ва ҳокимиятнинг мустаҳкамлиги халқ қўшинларининг мардлигию, уюшқоқлигига боғлиқлигини доимо таъкидлаб ўтганлар. Лекин, авлодлар кетидан авлодлар ўтишиб, турк хонлари форс подшоларининг ярамас одатларини, дабдабабозликка ишқибозликни ўзлаштириб олдилар. Улар ўзларини ярим худолар дея ҳисоблашар, кўнгилларига келган ишни қилишдан тап тортишмас, бемаъни қилиқлари билан ҳарбий бошлиқларнинг ҳақ- ҳуқуқларини поймол қилишар, уларни камситишар, обрў-эътиборларини ерга уришардилар. Носирхон ҳукмронлиги йилларида ана шундай ҳарбий бошлиқлардан кўпчилиги хондан норози бўлиб юрган диний арбоблар билан тил топа бошладилар. Уламолар Носирхонни ислом қонун-қоидаларига амал қилмасликда айблашади. Ўз навбатида Носирхон ҳам бевосита ҳарбийларни жазолашдан қўрқиб, уламоларга тобора кўпроқ тазйиқ ўтказа бошлади. Унинг художўй бўлган унинг отаси ҳам бир пайтлар ўз ҳукмронлигини уламолардан бирининг бошини танасидан жудо қилиш билан бошлаганди.
1072 йилнинг ёзига келиб, Абу Тоҳир хон билан умумий тил топишган ягона диний арбоблардан бири бўлишга эришган эди. У хоннинг Бухородаги қароргоҳига тез-тез бориб турар, хон Самарқандга ташриф буюрганида эса, ҳар сафар тантанали кутиб олинишига бош-қош бўларди. Бир қанча уламолар унинг бундай муросасозлигидан норози бўлишар, лекин кўпчилиги ҳукмдор ва ўзлари ўртасида шундай воситачи одам борлигидан мамнун эдилар.
Абу Тоҳир ўзининг воситачилик вазифасини уддабуронлик билан бажарар, айрим масалаларни руҳонийлар фойдасига ҳал қилишга ҳам эришар ва айни пайтда хоннинг ғазабидан қутилиб қолиш, унинг кайфиятини кўтариш йўлларини ҳам усталик билан топа оларди.
Хон ғазаби қўзиган бугунги қабул маросимида ҳам у ўз вазифасини қойиллатиб уддалади. У даҳшатли дақиқаларнинг ўтиб кетишини тоқат билан кутди ва хон тахтга ўтириши билан, эпчил бир имо қилди-ки, уни кузатиб турган Умар вазият юмшай бошлаганини тушунди. Қозининг имоси билан сарой мулозимларидан бири-ёшгина қул қизни бошлаб келди ва у оғир жангдан сўнг мурдалардек ерда чўзилиб ётган кийимларни тезлик билан йиғиштириб олди. Бирданига ҳамма енгил нафас ола бошлади. Ҳамма билинар- билинмас жонланиб, кимлардир ёнидагилар билан шивир-шивир қилишиб, фикр алмаша бошлашди.

Шундан сўнг, қозикалон хона ўртасигача бориб, ҳукмдорга рўбарў бўлди ва бош эгганича, қўл қовуштириб, миқ этмасдан тураверди. Бир неча дақиқа давом этган жимликдан сўнг, ниҳоят, Носирхон бироз ҳорғин, лекин янгроқ овозда буюрди:
-Шаҳар уламоларининг барчаси эртага тонгданоқ менинг ҳузуримга келиб, оёқларимга йиқилсинлар! Бўйин эгмаган бош танасидан жудо қилинсин!
Ва ҳеч ким қочиб қолишни ҳаёлига келтирмасин, менинг ғазабимга йўлиққан кишига ер юзида паноҳ йўқ!
Қабулхонада ҳозир бўлганларнинг барчаси ғазаб довули босилганлигини пайқаб, енгил тин олдилар. Ечим топилди: хон уларни қаттиқ жазоламаслиги учун уламолар айтилган пайтда саройга келсалар бас.

Қозикалон бу кунисига тонгданоқ Умарни хон ҳузурига бошлаб борди. Носирхон баланд кўтарилган, устига қора холли гилам тўшалган супа устидаги тахтида виқор билан ўтирар, ғуломлардан бири ширага ботирилган атиргул япроқлари тўлдирилган патнисни унга узатиб турар, хон улардан бирини танлаб олиб, оғзини катта очганича япроқни тили устига қўяр ва уни ҳузур қилиб сўрарди, Бу пайт бошқа бир ғулом унинг шира бўлган бармоқларини ҳафсала билан ювиб, артиб турар эди. Ширин япроқлар сўриш маросими йигирма-ўттиз маротаба такрорланди. Бу пайт сарой таклиф қилинганлар билан лиқ тўлди. Улар Самарқанднинг Асфизор, Пинжкин, Загримош, Мотуруд маҳаллаларидан тўпланган савдогарлар, ҳунармандлар, қоғоз ишлаб чиқарувчилар, шоҳидўзлар, шунингдек бадавлат яҳудийлар, маҳаллий насронийларнинг вакиллари эди. Тўпланганларнинг барчаси махсус ишора билан хон ҳузурида ер ўпишиб, унга таъзим бажо келтиришди. Ҳукмдор уларга алоҳида ишора қилганидан сўнггина, қадлар ростланди. Улардан бири мадҳияларга бой жумлалар айтгач, барчалари орқаларига юрганларича, қўл қовуштирган ҳолда чиқиб кетдилар. Хон ҳузуридан чиқаётган кишиларга унга орқа ўгириш тақиқланган бўлиб, афтидан бу тамойил ҳаммадан шубҳаланадиган, эҳтиёткор ёки иззатталаб бирон ҳукмдор томонидан жорий қилинган бўлса ажабмас.
Ниҳоят, шаҳар ташқарисига хонни кутиб олиш учун чиқмаган ва бу туфайли унинг қаҳрига дучор бўлиб, ўз қисматларини ваҳима билан кутиб ўтиришган йигирматача олий мартабали уламоларга ҳам киришга рухсат берилди. Хонга нисбатан гина-қудуратлари қанчалик кучли бўлса-да, бундай вазиятда яна қайсарлик қилиш-ўзларига қимматга тушишини яхши тушунишган уломалар қон тўкилишининг олдини олиш ниятида хон қабулига келишга бажонидил рози бўлгандилар. Улар хон ўтирган тахт рўпарасига келишиб, иложи борича эгилиб таъзим қилишди. Бундай вазиятда фақат хоннинг ишораси билангина қад ростлаш мумкин эди. Бироқ, ишора ҳа деганда бўлавермади. Орадан ўн, кейин йигирма дақиқа вақт ўтди. Қабулхонага ваҳимали сукунат чўкди. Бундай ноқулай ҳолатда узоқ вақт таъзим бажо қилиб туришга ҳамма ҳам бардош бера олмас эди. Эгилиб турганлар берухсат қад ростлаш-хоннинг беаёв қаҳрига йўлиқиш билан баробарлигини яхши тушунардилар. Ниҳоят бундай туришдан толиқиб кетган кексароқ уламолар бирин-кетин бош экканлари ҳолда ерга тиззалаб ўтириб қола бошлашди. Ҳар ҳолда бундай тиз чўкиш ҳам иззатталаб хоннинг нафсониятига тегмас ва толиқтирадиган ҳолатдан қутулишнинг ягона йўли эди. Хон эгилиб турган охирги уломаларнинг ҳам тиззалари ер ўпмагунча сабр-тоқат билан кутиб ўтирди. Мақсадига эришгач, бир сўз ҳам қотмасдан, ўзгаларга ҳам гапиришга имкон бермай, бир имо билан уларга ўрниларидан туришни ва ҳузуридан чиқиб кетишни буюрди. Қабул маросимининг бундай якун топиши ҳеч кимни ҳайратга солмади. Хоннинг иззат-нафси ором олган ва айбдорлар ўзига хос илтифотсизлик билан жазоланган, ниҳоят, салтанатда бундай жазолаш усули ҳам одатий ҳол ҳисобланарди.
Шундан сўнг, турк қўшинларининг бошлиқлари, амалдорлар, қўшни қишлоқлардан келган заминдорлар таъзимга киришиб, хон оёқларини ўпдилар, унинг қўлларини, елкаларини кўзларига суртишиб, ўз эҳтиромларини билдирдилар. Шундан сўнг, бир шоир ўртага чиқиб, хоннинг бетакрор
ғалабаларини мадҳ қилувчи шеърини ўқий бошлади. Шеър хонга ёқмади шекилли, бир имо билан уни тўхтатиб, сарой мулозимини ёнига чақирди ва унга ўз фармойишини эълон қилишни буюрди.
-Улуғ хонимиз бу саройда ўтирган барча шоирларга буюради! Муҳтарам хонимиз бундан буён ўзини на арслонга, на бургутга, на қуёшга таққослаб ёзилган шеърларни эшитишни хоҳламайдилар! Бундай шеър тўқиган шоирга энди саройда ўрин йўқ!
Мулозимнинг шанғиллаб айтган сўзлари ўз навбатларини кутаётган йигирмага яқин сарой шоирларини саросимага солиб қўйди. Кимлардир беихтиёр орқага тисарилиб, тезроқ жуфтакни ростлаш пайига тушиб қолди.
Бироқ, улар қаторидан бир чодиралик аёл дадиллик билан олдинга чиқди.
Қозикалон Умарнинг саволомуз нигоҳига кўзи тушиб, секин шипшиди:
-Бу бухоролик шоира. Исми ҳам жисмига монанд- Жаҳон! Ҳулқи-атвори ҳам жуда ўйноқи, ёш бевалардан.
Қозикалоннинг сўзлари танаомуз оҳангда эшитилса-да, Умар аёлдан кўз узолмас, қизиқиши тобора ортиб борарди. Бу пайт Жаҳон бўёқсиз, лекин ғунчадек лабларини кўрсатар даражада чодирасини кўтариб, рухсат ҳам сўраб ўтирмасдан ёқимли овозда шеър ўқий бошлади. Ажабланарлиси шунда эди-ки, у ўз шеърида бирон маротаба ҳам хон номини зикр қилмади. Шеърда ўзининг ҳаётбахш сувларини Самарқанд ва Бухоро ерларига сахийлик билан улашиб, бирон денгиз висолига етиша олмай, саҳролар ичра изсиз йўқолиб кетаётган Сўғд дарёсининг саҳовати мадҳия қилинарди.
-У жуда яхши гапирди! Оғзига сиққанича олтин берингиз!- буюрди хон, сахийлиги тутиб кетган пайтларда айтадиган севимли жумласини такрорлаб.
Мулозимлардан бири олтин динорлар тўлдирилган патнисни келтирди. Шоира патнисга энгашиб, оғзига олтин тангаларни тиқа бошлади. Мулозимлар уларни санаб туришди. Шоира навбатдаги тангани оғзига тиқа олмай ўғжиб, нафаси бўғилиб қолганида эса, хон бошлиқ бутун сарой аҳли самимий қарсақ чалишиб, кулиб юбордилар. Шоира ўз журъати эвазига 46 олтин тангага сазовор бўлди!
Ёлғиз Умаргина ҳамон сукут сақлар, Жаҳонга тикилиб, шоиранинг кўзларидан у ҳис қилаётган туйғулар ифодасини қидирар эди. Унинг шеъри шунчалик тиниқ, қироати шунчалик жозибали ва журъатли эди-ки, бунинг эвазига эришган олтин тангалари Умарга таҳқирона илтифотдек туюлди. Шоира чодирасини тушириш баҳонасида гўё атайлаб қилгандек, жамолини бироз очиб юборди. Умар унинг юзларига кўзи тушиб энтикиб кетди, юраги бу сиймога бир умр тикилиб туриш истаги билан ёнарди. Қабулхонадагилар бу
лаҳзани сезмай ҳам қолишди. Бироқ, Умарнинг ўзи учун бу лаҳза мангуликдек туюлди. «Вақт икки хил кечади, -ўйлади у ўзича,-яна унинг икки ўлчами бўлади, узунлиги қуёш ҳаракати билан, тезлиги ҳиссиётлар билан ўлчанади».
Шундай ёқимли ҳиссиётлар оғушида қолган Ҳайёмни қозикалоннинг туртиши ўзига келтирди. Бу пайт шоира аллақачон чодирасига ўраниб олган, хаёлий денгиздаги елкан мисол ўз жойига қайтарди.
Қозикалон Умарни хонга таништириш мақсадида тантанавор оҳангда гап бошлади:
— Олий ҳазратлари, ижозат беринг, сизга Хуросоннинг энг забардаст олими Умар Ҳайёмни таништирай. Унинг учун оламда сири очилмаган ўсимликлар, фалакда ўрганилмаган юлдузлар қолмаган!
Қозиколон Умар шуғулланадиган илмлар ичидан тиббиёт ва фалакшуносликни беҳудага алоҳида таъкидламади. Бундай билимларга эга кишилар ҳар доим ҳукмдорларнинг илтифотларига сазовор бўлиб келганлар. Биринчилари- уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаб, умрларини узайтиришга хизмат қилган бўлсалар, иккинчилари- ҳукмдорларнинг ҳокимиятини эҳтиёт қилишга хизмат қилишган.
Хон ўзини хурсанд бўлгандек кўрсатиб, сохта жилмайиб қўйди. Бироқ у билан илмий мавзуда суҳбат қуришга ҳафсаласи келмади чоғи, Умарнинг қандай ўй-ҳаёллар билан бандлигига эътибор ҳам бермай, хурсанд пайтлари айтадиган одатий жумласини такрорлади:
-Оғзи олтин билан тўлдирилсин!
Умар нима дейишини билмай,бир зум довдираб қолди, аламдан томоғи қуришиб кетгандек бўлди. Қозикалон хон илтифотини рад қилиш- унинг ғазабини келтириш эканини билдириб, Умарга ташвишли назар ташлади. Кейин унинг елкаларидан секингина итариб,олдинга қистади. Бироқ, Умар аллақачон бир қарорга келиб қўйганди:
-Олампаноҳ, узримни айтишга ижозат берсангиз. Мен рўзаман ва оғзимга ҳеч нарса ололмайман,- деди у тавоъзе билан.
— Адашмасам, рамозон ойининг тугаганига уч ҳафталар бўлди шекилли!- деди хон ҳайрон қолиб.
— Рамозон ойида мен Нишопурдан Самарқанд сафарига йўлга чиққандим.
Ҳозир рўза тутолмаган кунларим учун рўзаи-қазо қилаяпман.

Қозикалоннинг юзлари хавотир ва ранжишдан буришиб кетди. Қабулхонадагилар безовталаниб, шивирлаша бошладилар. Лекин хоннинг турқи-атворидан ҳеч қандай ифодани ўқиб бўлмасди. У қозикалонни сўроқлашни лозим топди :
-Сен шариатнинг ҳамма қонун-қоидаларини яхши биласан. Мавлоно Умар олтин тангаларни оғзига солса-ю, кейин чиқариб олса, бу билан унинг рўзаси ростдан ҳам бузилган ҳисобланадими?
Қозикалон бетараф оҳангда жавоб берди:
-Шариат қоидаларига кўра, оғизга олинган ҳар қандай нарса рўзани бузади. Баъзан қўрқув туфайли биронта тангани ютиб юборганлар ҳам бўлган.
Хон жавобдан қаноатланмади шекилли, энди Умардан сўради:
-Илтифотимизни рад қилишингни бошқа сабаби ҳам борми?
Умар бир лаҳза иккиланиб тургач , жавоб берди :
-Ҳа, бошқа сабаби ҳам бор.
— Гапир, мендан қўрқмагил!
Шунда Умар қуйидаги тўртликни ўқиди:
Наҳот мен олдингга эҳсон сўраб келсам? Ночор, юпунман деб, дону нон сўраб келсам? Бор бўлса, ўтинчим, сахий бўл, бергил, Инсондек яшашга имкон сўраб келсам.
-Шўринг қуриди-ку Ҳайём!- шивирлади қозиколон . Унинг гангиб қолган миясига дўстини қутқариш учун биронта халоскор фикр келмас ва бу ваҳимаси беҳудага эмасди. Таҳликали вазият даҳшати унинг шуурини босиб келар ва бу сафар қафасдан чиқиб келаётган ғазаб шерини қандай қилиб жиловлаш йўлини топишга ишончи комил эмасди. Хон эса, худди мураккаб бир масалани ечиш йўлини топа олмаётгандек чуқур хаёлга чўмиб, жим қолган, сарой аъёнлари эса, ундан навбатдаги даҳшатли ҳукмни кутиб қотиб қолишган. Аллакимлардир , бўрон кўтарилмасдан бу ердан ғойиб бўлиш пайида эшик томон йўл олганди.
Умумий саросима жараёнида Умар яна Жаҳоннинг кўзларини қидирди. Шоира бир устунга суянганича қўлларини юзларига босиб, даҳшатдан қотиб турарди. «У ҳам менинг қисматимни ўйлаяптимикин?» –хаёлидан кечди
Умарнинг.
Ниҳоят, хон ўрнидан турди, Умарнинг олдига салмоқли қадамлар билан юриб келиб, уни маҳкам бағрига босди. Кейин қўлларидан тутиб, тахти томон бошлади. Тарихчиларнинг қайд қилишларича: «Мовароуннаҳр ҳукмдори Умар Ҳайёмни шунчалик эҳтиром билан кутиб олди-ки, уни ўз тахтида ёнма-ён ўтиришдек илтифотга сазовор қилди».
-Мана хонга ҳам яқин одам бўлиб қолдинг, -деди Абу Тоҳир хон қароргоҳидан чиқишгач. Қозининг хурсандчилиги даҳшатли хавотирлар эвазига қўлга киритилганди. Умар очиқчасига жавоб берди:
-«Денгизнинг қўшниси, подшоҳнинг дўсти бўлмас», – деган мақол ёдингиздами?

-Сенга очилган эшикни қаттиқ ёпма! Назаримда саройда мартабанг янада ошади!
-Сарой ҳаёти мени қизиқтирмайди. Менинг ягона орзу -истагим:
бирон кун ўз расадхонамга эга бўлиш.. Унинг ёнида ажойиб гулзорим ҳам бўлса! Ўзимни унутган ҳолда самони томоша қилсам, қўлимда бир пиёла маю, ёнимда гул юзли дилбарим бўлса!
-Бояги шоира аёлдек гул юзли дилбарми?, -ўсмоқчилади Абу Тоҳир.
Ўша аёл Умарнинг бутун фикру ҳаёлини банд қилиб турса ҳам, у ўзини тийди. Бироқ, бирон ортиқча сўз айтиб, ўз пинҳона хаёлларини ошкор қилишни истамас, бемаъни миш-мишлар тарқалиб кетишини истамасди.
Ҳазили бироз қўполроқ чиққанини сезган қозикалон, мавзуни бошқа томонга бурди:
-Мендан бир марҳаматингни дариғ тутмасликни сўрамоқчиман.
-Аксинча, ўзингиз мени марҳаматлар билан бутунлай кўмиб ташладингиз-ку!
-Хўп, шундай ҳам дея қолайлик,- қувлик билан рози бўлди қози.
-Менинг марҳаматим эвазига-сен ҳам бир марҳамат кўрсатсанг демоқчиман.
Улар қозикалон қароргоҳининг дарвозасига етиб келишгач, хонадон соҳиби суҳбатни дастурхон устида давом эттиришни таклиф қилди.
-Кўпдан бери фикримни бир ният банд қилиб турибди. Бу- ажойиб бир китоб яратиш ғоясидир. Бир мунча вақт шеър ва рубоийларингни қўйиб турсанг. Улар менга буюк даҳонинг табиий инжиқликлари-ю,одатий эрмакларидек туюлади. Сен тиббиётда, фалакшуносликда, риёзатда шеъриятга қараганда улкан ютуқларга эришишинг мумкин. Адашмасам, Ибн Синонинг вафотидан кейин ҳеч ким сен билан бу соҳаларда беллаша олмаётир, тўғрими?
Ҳайём ҳеч нарса демади. Бироқ, Абу Тоҳир сўзида давом этди:
-Мен ана шу соҳалар бўйича инсоният томонидан яратилган билимларнинг ҳаммасини тўплаб, ягона китоб ҳолига келтиришингни ва уни менга бағишлашингни илтимос қилмоқчиман.
-Бу борада ягона китоб яратиш осон иш эмас, айнан шу сабабли ҳозиргача ўзим ҳеч нарса ёзмасдан, фақат ўқиб-ўрганиш билан қаноатланаяпман.
-Фикрингни тузукроқ изоҳлаб бер! – илтимос қилди қози.
-Биздан илгари ўтган аждодларимизни, юнон ва ҳиндларни, ўзимизнинг мусулмон олимларини эслайлик. Улар бу борада анча-мунча асарлар ёзиб қолдиришган. Агар мен ҳам улар айтиб ўтган фикрларни такрорласам, бу беҳуда иш бўлади. Мабодо, уларга қарши фикр билдирсам, бахтга қарши мен доим шунга ҳаракат қиламан, эрта бир кун менга ҳам қарши фикр билдира оладиган олимлар топилади. Демак, олимлардан сўнг ўзларидан олдин ўтган олимларнинг фикрларига қўшилмаслик, буни исботлашга уринишдан иборат асарларгина қолади холос. Одамлар ўзгаларнинг инкор қилинган қонуниятларинигина эслаб қоладилар. Лекин бир кун келиб улар исботлаган ғоялар ҳам, албатта, келажак авлод томонидан кулгили тарзда танқид қилиниши шубҳасиздир. Илм бўстонида ҳукм сурадиган азалий қонуният мана шу. Аммо шеърият бундай қонуниятдан мусаво. Шоирлар ҳеч қачон ўзларидан олдин яратилган шеърият дурдоналарини инкор қилмайдилар. Булар асрлар давомида авлодлар томонидан севилиб ўқилаверади. Рубоийлар ёзишимнинг сабаби ҳам ана шунда. Турли илмларга қизиқишимни яхши биласиз. Айнан риёзиёт билан шуғуллансам, ақлни лол қолдирадиган рақамлар, фалакиёт илми, борлиқнинг жумбоқли сирлари, буларнинг ҳаммаси менга илоҳий бир илҳом, қалбимга шеърий бир завқ бағишлайди. Энди, илтимос, менга ҳақиқат ҳақида бошқа гапирмасангиз!
Умар бир лаҳза жим қолиб, кейин давом этди:
-Мен Самарқанд вайроналарини кўп бора томоша қилишга чиқдим. Пештоқларида ёзувлари бўлган, вайронага айланган кошоналарни кўрдим. Афсус, у ердаги ёзувларни эндиликда ҳеч ким ўқий олмайди. Шунда мен ўз – ўзимга: -Мана, бир вақтлар гуллаб-яшнаган шаҳардан нималар қолибди,-дедим. Ўша замонларда яшаган одамлар-чи? Биз уларнинг ким бўлиб ўтганларини эслай оламизми? Майли, Аллоҳ инсониятга қисқа умр берибди, лекин улар яратган тамаддумдан бизга нима қолди? Бу ерда қандай салтанат, қандай илмлар, қандай қонунлар, ҳақиқатлар мавжуд бўлган? Биз бу ҳақда ҳеч нарса билмаймиз! Мен бу вайроналарни титкилаб, биронта сопол парчасидан ҳеч қурса бирон кишининг тасвирини, деворлардан биронта расмни топа олмадим. Минг йиллардан сўнг ана шу вайроналардаги сопол парчаларидек, менинг мунгли шеърларим ҳам ер остига кўмилиб кетади. Вайроналарда эса, мендек ярим сархуш шоир изтиробли нигоҳининг излари қолиши мумкин холос.
-Мен сени фаҳмлаяпман,- деди қози, маъюсгина унга ён босиб.-Лекин, ҳар ҳолда шариат қозисига май ҳиди анқиб турган шеърларингни бағишлашни истамассан?!
Айтиш жоизки, Умар бундай ҳолларда ўзини қандай тутишни билар,ундаги миннатдорчилик туйғуси- майхўрлик туйғусидан устунроқ турарди. Шундай қилиб, у бир неча ой давомида квадрат тенгламалар ҳақидаги
машҳур асарини ёзиб тугатди. Алгебрага оид бу асарида мавҳум сонни ифодалашда илк бор арабча «нарса» маъносини ифодалайдиган «сhay» сўзини ишлатди. Бу сўз кейинчалик испан тилида нашр қилинган илмий адабиётларда «хау» шаклида ишлатилди. Замонлар ўтиб бу сўздан фақат биринчи ҳарфгина- «х» ҳарфи қолиб, у номаълум сонни ифодалайдиган тимсолга айланди.
Ҳайём Самарқандда ёзиб тугатган бу рисоласини ўз ҳомийсига бағишлаб қуйидаги сўзларни ёзганди:
«Биз илм аҳли қадр-қимматимиз топталаётган бир замонда яшаяпмиз. Шул сабабдан, жуда камчилик олимларгина ҳақиқий илмлар билан шуғулланиш имкониятига эгадир. Бугунги олимлар билимининг саёзлигига сабаб, уларнинг кўпчилиги фақат илоҳий илмлар билан шуғулланмоқдалар. Мен бу дунёда илоҳий можароларга эмас, ҳақиқий илмга, инсоният тақдирига қизиқадиган одамни топишдан умидимни узгандим. Лекин Аллоҳ менга шундай инсонни, қозилар- қозисини,яъни имом Абу Тоҳирни учратишни насиб
этди. Бу олийжаноб одамнинг раҳномолиги шу ишни бажаришимга имкон берди».

У ўзига бошпана вазифасини ўтаётган шийпонга етиб келганида, анча кеч бўлиб қолганди.Шу сабабли, ўқиш ва ёзишга ҳафсаласи бўлмай, чироқ келтиришни ҳам буюрмади. Шаввол ойининг охирида ингичка тортиб кетган кўкдаги ҳилол йўлни яхши ёритмас, у шийпонгача бўлган йўлакни туртиниб, суриниб босиб ўтар, оёқлари буталарга ўралашиб қолар, юзларини эса мажнунтол новдалари сийпалаб ўтарди.
У хонага кириши биланоқ мулойим, лекин кинояли овозни эшитди:
-Сизни барвақтроқ келади, деб ўйлагандим!
«Бу- кун бўйи хаёлимдан кетмаган ўша дилбар аёлнинг овозими?»
Умар эшикни секин ёпиб,рўпарасидаги шарпани қидирди. Бироқ ҳеч нарса кўринмас, фақат аёлнинг паст ва майин овозигина эшитилди:
-Нега жимсиз? Хонангизга ногоҳ кириб келганимга ишонгингиз келмаяптими? Саройда тасодифан туташган нигоҳларимиз менга кўкда чақнаган чақмоқдек таъсир қилди. Бироқ у ерда, хон, қозикалон ва тўпланган одамлар олдида бундай нигоҳингизга дош бера олмадим. Аммо, баъзи эркаклар каби сиз ҳам бирорта аёлни кўрганда ўзингизни тия олмаслигингизни аён этдингиз. Бори-йўғи фақат ягона ўткир тили ҳисобланган, ҳулқ-атвори шубҳали мендек бир бева аёл учун нега қисматингизни қиморга тикдингиз? Бунинг учун хон ғазабини қўзғашга уриниш шартмиди?
Умар ўзини аллақандай сеҳрли туйғулар билан занжирбанд қилингандек сезди. У сеҳрлангандек жойидан қимирлай олмас, лаблари калимага келмасди.
-Ҳа, нега жим турибсиз, -деди Жаҳон, бироз кинояли, таъсирчан оҳангда.
-Баттар бўлинг, мен ўзим ёлғиз гапиравераман, чунки бу ерга келишни ўзим ихтиёр этдим. Саройдан чиқиб кетганингиздан сўнг, сиз ҳақингизда ҳамма нарсани, ҳатто қаерда истиқомат қилишингизгача суриштириб билиб олдим. Кейин Самарқандлик бой савдогарга турмушга чиққан аммамникида тунаб келаман деб, бу ерга келавердим. Одатда саройда қолганимда, хон ҳарамидаги аёллар билан ухлайман, улар орасида бир неча дугоналарим бор. Улар хон ҳузурида шеър ўқиб, унинг илтифотига сазовор бўлганлигимни эшитишиб, менинг журъатимга қойил қолишди. Улар мени кундош эмаслигимни, хоннинг хотинларидан бири бўлишни мутлақо истамаслигимни ҳам яхши билишади. Хонни ўзимга мафтун қила олиш қўлимдан келади, албатта, бироқ мен хон хотинлари қандай ҳаёт кечираётганликларини яхши биламан ва бундай қисмат менинг ҳам бошимга тушишини хоҳлайман. Ҳаёт- сиз эркакларга қанчалик завқли ва фусункор туюлса, менга ҳам шундай. Бундан ташқари, кимнингдир жуфти-ҳалоли бўлган бўлсам ҳам, барибир, хон ўз саройида менинг шеърларимни тинглашни, мени ўзгаларга кўз-кўз қилишни истайди. Мабодо, у мени ўз хотинларидан бирига айлантиришни истаса, ишни- менинг ташқарига чиқишимга рухсат бермасликдан бошлайди.

Баъзўр ҳушига келаётган Умар аёл гапираётган сўзларнинг маъносига тушунишга уринарди. Ниҳоят, у тилга кирди, бироқ бу гапларни ўзича айтаяптими, ўзгагами, ёки рўпарасидаги шарпагами, ноаниқ эди:
-Болалигимда, кейин, улғайганимда ҳам айнан шундай қарашни, шундай шўх нигоҳли аёлни учратишни орзу қилардим. Мен уни тушларимда кўриб, ўнгимда ҳам пайдо бўлишини, қоронғу тунда нурдек пайдо бўлишини кутардим. Мана, у тун оғушидаги шийпонда, хаёлий шаҳарда, рўпарамда турибди. Мана ўша гўзал ҳилқат, шоира ва ишқ-муҳаббатга чанқоқ аёл!
Аёл кулиб деди:
-Ишқ-муҳаббатга чанқоқ дейсизми? Сиз буни қаердан биласиз? Менга ҳали қўл текказмаган, ҳатто тузикрок кўрмаган ҳам бўлсангиз! Шубҳасиз, кўрмайсиз ҳам, чунки тонг ёришмасданоқ бу ердан кетаман.
Қоронғу тун оғушидаги хонада атлас кийимларнинг сеҳрли шитирлаши эшитилди, ҳушбўй атир ҳиди анқиди. Умар нафас чиқармай жим турар, унинг бутун вужуди ширин эҳтирос билан ёна бошлаганди. У болаларча бир саволни беришдан ўзини тия олмади:
-Сен ҳамон паранжидамисан?
-Йўқ. Энди менинг паранжим-қоронғи тун холос…

Абдумурод Кўчибоев таржимаси

АМИН МААЛУФНИНГ «САМАРҚАНД» РОМАНИНИ ТЎЛИҚ ҲОЛДА САҲИФА ОХИРИДА  МУТОЛАА ҚИЛИНГ
18 oktyabr — Samarqand kuni

Amin Maaluf oʻzining «Samarqand” ((Parij, Latt nashriyoti,1988)) asari bilan sharqona romannavislik isteʼdodini namoyon qilib, fransuz adabiyotida yangicha bir yoʻnalish ocha oldi. Oʻzbek tiliga birinchi bor oʻgirilib, eʼtiboringizga havola qilinayotgan ushbu roman mashhur olim, shoir va faylasuf Umar Xayyomning Samarqanddagi hayoti, mashhur “Ruboiylar” kitobining paydo boʻlish tarixi, XI asrdagi ijtimoiy–siyosiy hayot talqini, yangi paydo boʻlayotgan turli diniy mazhablar kurashi va nihoyat, XIX asrgacha musulmon dunyosida nomaʼlum boʻlgan bu ruboiylar qoʻlyozmasining Ovroʻpadagi shon-shuxrati, hamda bu qoʻlyozmaning 1912 yilda “Titanik” kemasining mashʼum halokati oqibatida okean qaʼriga choʻkib ketishiga oid qiziqarli sarguzashtlar bayoniga bagʻishlangan.

09

021Amin Maaluf 1949 yilda tugʻilgan va 1976 yildan beri Fransiyada yashab, fransuz tilida ijod qilayotgan, millati arab boʻlgan fransuz yozuvchisidir. U “Joʻn Afrik” – “Afrika yoshlari” jurnali muharrirlaridan biri ham. Amin Maaluf ijodining asosiy xususiyatlaridan biri — Sharq mavzusidir.Uning “Afrika arsloni” /1986./,“Samarqand” (1988),“Nurafshon bogʻlar” (1991),“Beatrichadan keyingi birinchi asr” (1992),Gonkur mukofotiga sazovor boʻlgan “Tanios qoyasi” (1993) kabi asarlari fransuzlar tomonidan sevib oʻqiladi.Fransuz adibi Jil Demerning fikricha “Amin Maaluf oʻzining «Samarqand” ((Parij, Latt nashriyoti,1988)) asari bilan sharqona romannavislik isteʼdodini namoyon qilib, fransuz adabiyotida yangicha bir yoʻnalish ocha oldi» Uning oʻzbek tiliga birinchi bor oʻgirilib, eʼtiboringizga havola qilinayotgan ushbu romani mashhur olim, shoir va faylasuf Umar Xayyomning Samarqanddagi hayoti, mashhur “Ruboiylar” kitobining paydo boʻlish tarixi, XI asrdagi ijtimoiy–siyosiy hayot talqini, yangi paydo boʻlayotgan turli diniy mazhablar kurashi va nihoyat, XIX asrgacha musulmon dunyosida nomaʼlum boʻlgan bu ruboiylar qoʻlyozmasining Ovroʻpadagi shon-shuxrati, hamda bu qoʻlyozmaning 1912 yilda “Titanik” kemasining mashʼum halokati oqibatida okean qaʼriga choʻkib ketishiga oid qiziqarli sarguzashtlar bayoniga bagʻishlangan.Asar 1988 yilda Parijdagi “Matbuot uyi” mukofotiga sazovor boʻlgan. Bu asar oʻzbek kutobxonalarida ham katta qiziqish uygʻotadi degan umiddamiz.

Tarjimon

Amin Maaluf
SAMARQAND
098

Muqaddima

002Men sizga Atlantika okeani qaʼriga mangulikka choʻkib ketgan bir kitob haqida gapirib bermoqchiman. Oʻsha davrdagi gazetalar bu haqda juda koʻp yozishgan va bir necha badiiy asarlar ham yaratilgandi.
Ha, 1912 yilning 14 apreldan- 15 aprelga oʻtar kechasi ulkan “Titanik” kemasining halokati dunyodagi eng qimmatbaho qoʻlyozmalardan biri — buyuk fors olimi va shoiri Umar Xayyomning “Ruboiylar” kitobining asl nusxasini ham suv qaʼriga olib ketdi.
Men bu halokat haqida batafsil toʻxtalmoqchi emasman. Mendan tashqari juda koʻp tadqiqotchilar allaqachon bu halokatning ayanchli ohibatlarini pulga chaqishib hisoblab koʻrishgan, har bir qurbon haqida batafsil maʼlumotlar toʻplaganlar.Bu halokatning eng muhim qurboni, mening nazarimda, odamlarning hisob-kitoblaridan, eʼtiborlaridan qolib ketgan oʻsha kitob boʻlsa kerak. Mana, ushbu voqealar sodir boʻlganidan olti yil oʻtsa-da, jildi charmdan tayyorlanib, shoirning oʻzi tomonidan bitilgan bu kitobni , bir paytlar qoʻllarimda tutgan bebaho qoʻlyozmani mangulikka yoʻqotganimni hech ham unuta olmayapman. Uni oʻz ona yurti — Osiyodan olib chiqib ketilishiga men – baxtiqaro Benjamen Umar Lessaj sababchi emasmanmi? U aynan mening yuklarim bilan oʻsha mashʼum “Titanik” kemasi sathiga chiqmaganmidi? Men yashayotgan asr odamlarining manmanligi va xudbinligi tufayli bu falokat sodir boʻlib, qoʻlyozmaning sarguzashtlari ming yillarga toʻxtatib qoʻyilmaganmidi?
Shundan beri kundan-kunga qon va razolatga botib borayotgan ushbu dunyoda hayot biron marta menga kulib boqmadi. Bu halokat haqidagi odamlarning xotiralarini eshitmaslik uchun ulardan qochadigan boʻlib qoldim.Biroq qalbimdagi umid chirogʻi ham hech qachon oʻchmadi: erta bir kun uni albatta suv qaʼridan olib chiqadilar, oltin quticha ichida suv osti loyqalaridan omon qolgan bu ajoyib kitobning taqdiri yangi sarguzashtlar bilan boyiydi. Odamlarning barmoqlari yana uning nafis sahifalarini siypalaydi. Ruboiylarni oʻqib hayratdan lol qolgan kitobxonlar, uning hoshiyalariga bitilgan shoir sarguzashtlaridan ham voqif boʻladilar. Ixlosmandlar buyuk shoirning qalbini, uning dastlabki sheʼrlarini, qalb tugʻyonlarini qaytadan kashf qiladilar. Kitobni oʻqib chiqishgach, allaqachon olamdan oʻtib ketgan bu ajoyib insonning mislsiz quvvayi hofizasiga qoyil qolishib, bu qumrang yodgorlik oldida chuqur oʻyga toladilar.
Bu kitobda na biron sana, na bironta imzo bor edi. Ularning oʻrniga faqatgina otashqalb shoirning quyidagi bagʻishlovinigina oʻqish mumkin edi:

“Samarqand sayqali roʻyi zamin ast!”.

BIRINCHI KITOB
UMAR XAYYOMNING SAMARQAND SARGUZASHTLARI

01

Axir bu olamda begunoh kim bor?
Nechun yashay oldi boʻlmay gunohkor?
Yomonlik qaytarsang yomonligimga,
Farqimiz ne boʻldi, ayt, parvardigor!

Umar Xayyom.

BIRINCHI BOB

02Shahar uzra sokin oqshom choʻkkanida, kundalik yumushlaridan holi boʻlgan samarqandliklar qalampir bozori yonidagi boshi berk koʻchada joylashgan ikkita mayxona atrofida aylanib yurishni xush koʻrishardi. Ularning maqsadlari mayxonaning xushxoʻr soʻgʻdiy sharobidan otib olib, sarxush boʻlib koʻcha kezish emas. Yoʻq, aksincha, kayfi oshib qolgan bironta mayxoʻrni qoʻlga tushirib, sazoyi qilish, tanobini tortib qoʻyish edi. Bunday shariat posbonlarining qoʻliga tushib qolgan mayxoʻrning holiga maymunlar yigʻlardi: uni tuproqqa belab sudrashar, haqoratu- nadomatlarga koʻmib tashlab, bechora mayxoʻrni yoʻldan ozdiruvchi ichimlikning doʻzaxiy kayfini bir umr yodida saqlab qolishga majbur qilishardi.
Aynan shunday hodisalardan biri 1072 yilning yoz oqshomlaridan birida, yozilajak mashhur ruboiylarning muallifi, 22 yoshli Umar Hayyom endigina Samarqandga kelgan paytlari yuz berdi. Kim bilsin, oʻsha fusunkor oqshom u ham may ilinjida bu taraflarga qadam ranjida qildimi, yoki sayru-tomosho bahona tavqi laʼnat mayxona taraflarga tasodifan kelib qoldimikin? Ana, bir bolakay peshtaxtadan oʻgʻirlagan olmasiniqoʻlida mahkam siqqanicha Ruhibarb koʻchasi boʻylab qochib borayapti. Gazmol doʻkonining sotuvchisi esa, baland supachasida oʻtirib olib, jinchiroq yorugʻida xaridori bilan tortishayotganini, soʻkinish aralash boʻgʻiq kulayotganini eshitish mumkin. Arqonchilar rastasidagi favvora oldida xachirli bir kishi toʻxtadi. U hovuchlarini muzdek suv oqimiga tutdi, keyin xuddi uxlayotgan goʻdagini oʻpmoqchidek lablarini choʻchchaytirib engashdi: chanqogʻini qondirgach, hoʻl qoʻllari bilan yuzini siypaladi, bilinar – bilinmas shukrona aytib, yonida yotgan tarvuz poʻchogʻi pallasini suvga toʻldirdi-da, xachiri ham chanqogʻini qondirsin uchun uning tumshugʻi ostiga qoʻydi.

Hayyom atrofga suqlanib boqib kezar ekan, chilim sotuvchilar rastasi yonidan chiqib qoldi. Bir homilador ayol unga tikilganicha yaqinlashib keldi. Qizchalarnikidek latif lablarini qisganicha, bir soʻz ham qotmasdan, yalangʻoch bilakchalarini choʻzib, hozirgina xarid qilgan bir hovuch qovurilgan bodomdan uzatdi. Chodirasi koʻtarib qoʻyilgan bu maʼsuma ayolning yoshi oʻn beshlarda boʻlsa kerak. bunday xayru-sadaqadan esankirab qolmadi. Bunday udum samarqandliklarda qadimdan mavjud e dikanligini bilardi: boʻlajak onaning roʻparasidan kelishgan, xushqomat yoʻlovchi chiqib qolsa,u tugʻilajak goʻdagi ana shu kishiga oʻxshashini tilab, qoʻlidagi yeguliklarni yoʻlovchi bilan baham koʻrishi kerak. Hayyom qoʻlidagi bodomlardan tatib koʻrishdan oʻzini magʻrurona tiygani holda, uzoqlashib ketayotgan ayol ortidan tikilib qoldi. Birozdan keyin u xayollarini yigʻib olib, yana yoʻlida davom etdi. Tez orada olagʻovur olomon orasiga tushib qoldi. Uzun boʻyli, qoqsuyak bir qariya yerda uzala tushib yotar, oftobdan qorayib ketgan yalang boshida oppoq sochlari toʻzgʻigan, boʻgʻzidan alam va nafrat aralash titroq faryod ovozi otilib chiqardi. Uning yoshli koʻzlari Hayyomga iltijoli tikilgandek tuyuldi. Soqol- moʻylovlari endigina sabza urgan, qoʻllaridagi kaltaklarini sermab zavqlanayotgan yigirmatacha yosh- yalang bechora qariyani oʻrtaga olib turar, orqaroqda esa, voqea nima bilan tugashiga qiziqish bilan qarab turgan bir toʻda kishilarni koʻrish mumkin edi. Jazolovchilardan biri Hayyomning qatʼiyatli yuziga qarab, eʼtiborli odamlardan biri deb oʻyladi shekilli, unga gap uqdira ketdi:
— Bu eng yaramas, mayparast odam, uning ismi Uzun Jabbor!

Xayyom bu ismni eshitib seskanib ketdi, boʻgʻziga bir narsa tiqilgandek boʻldi:
“Jabbor! Abu Alining shogirdi!”- xayoliga keldi uning.
Abu Ali sharqda eng koʻp tarqalgan ismlardan biri. Biroq Buxoro, Kordu,Balx yoki Bogʻdodda yashaydigan har bir savodxon kishi bu ismni hurmat,eʼtibor va iftixor bilan tilga oladi. Chunki bu ismni eshitgan kishi uning magʻribda Avetsenna, mashriqda Abu Ali nomi bilan mashhur boʻlgan Abu Ali Ibn Sino ekanligini darrov fahmlab oladi. Umar, albatta, uni shaxsan tanimasdi, chunki u buyuk olim vafotidan 2 yil keyin tavallud topgan. Shunday boʻlsa-da, Umar uni oʻz avlodining buyuk ustozlaridan, hamda insoniyat tomonidan yaratilgan bilimlarning havoriylaridan biri deb tan olardi.
Hayyom oʻzicha takrorladi: “Jabbor, Abu Alining sevimli shogirdlaridan biri!”. U qariyani birinchi bor koʻrayotganligi uchun uning ayanchli taqdiridan bexabar edi. Abu Ali oʻz shogirdida tibbiyot va falsafiy bilimlarining davomchisini koʻrar, uning ilmiy dalillari oʻta dadilligidan zavqlanar, ayni paytda, uning shuhratparastlikka va dahriylikka moyilligidan afsuslanar edi. Tabiatidagi bunday nuqsonlar oqibatida u bir necha bor zindonga tashlandi, haloyiq koʻzi oldida jazolanib, sazoyi qilindi.. Navbatdagi shakkokligi uning boshiga yetdi: Samarqandning eng katta maydonida, haloyiq va oila aʼzolarining koʻzlari oldida 150 darra bilan jazolandi. Bu jazo uning butun hayotini boshqa uzanga solib yubordi va u hech qachon qayta oʻziga kela olmaydigan holga tushdi.Uning haqiqatparastligi, shakkokligi — devonalarcha mayparastlikka qachon aylandi ekan? Shubhasiz, bu hol uning xotini vafotidan keyin boshlangandi. Uni janda kiyimlar kiyib olib, shakokona gaplarni gapirib, yirtiq-yomoq ishtonda tebranganicha koʻcha kezib yurganini koʻrgan bolakaylar masxara qilishar, tosh otishar va majnunsifat boʻlib qolgan bu bechora odam bunday tahqirlardan yigʻlagudek holga tushib, alamini maydan olishga urinardi.
Umar voqeani zimdan kuzatar ekan, xayolida fikrlar gʻujgʻon oʻynar edi.
“Oʻzimni tiymasam, men ham bir kun shu kuyga tushishim mumkin”. U mayni xush koʻrishidan, yoki bu odatini tark qila olmasligidan choʻchimasdi.Unga oʻz- oʻzini oʻrganishga may va sarxushlik yordam bergan va shu sababli ularning hech biri oʻzaro bir-birini oʻrnini almashtira olmaydi,- deb hisoblardi. Biroq, jamoatchilikning bu boradagi fikri uni choʻchitar va bunday dunyoqarash izzat- obroʻsining darz ketishiga olib kelishidan hadiksirardi. Olomon oʻrtasidagi qariyaning ayanchli holati- uning bu hadigini yanada oshirdi. Hammasiga qoʻl siltab, bu yerdan juftakni rostlab qolishni oʻyladi. Biroq, Ibn Sinoning shogirdini dargʻazab olomon hukmiga tashlab ketsa, bir umr vijdoni qiynalib yurishini his qildi. Shunda qatʼiyat bilan uch qadam olgʻa bosdi, ovoziga viqor va hukmrona tus berib:
— Bu bechorani qoʻyib yuboringiz!- dedi.
Uzun Jabborning tepasida qonsirab turgan olomon sardori oʻgirilib begona yoʻlovchiga mensimaygina nigoh tashladi.Uning soqolli basharasida- oʻng qulogʻidan boshlab iyagining uchigacha chuqur chandiq izlari koʻrinib turardi. Xuddi dahshatli hukmni eʼlon qilayotgandek, sardor oʻshqirdi:
— Bu mayparast, dahriy va faylasuf odam!
U oxirgi soʻzini xuddi jirkangandek xirillab talaffuz qildi.
— Biz Samarqandda bironta faylasuf yashashini istamaymiz! – shovqin soldi olomon, oʻz sardorining gaplarini quvvatlab.
“Faylasuf” soʻzi bu olomon uchun gʻayridin, yoki din va adabiyotdan tashqari barcha ilmlar bilan shugʻullanadigan kofir kishi, degan maʼnoni anglatardi. Oʻz elida allaqachon mashhur faylasuf boʻlib tanilgan Umar Hayyom bu yerda, mana shu olomon qoʻlida Uzun Jabbordan ham ayanchliroq qurbon boʻlishi mumkin edi.
Albatta, chandiqli sardor uni tanimas va ayni paytda yerda gʻujanak boʻlib yotib olgan, zabonsiz qariyani azoblashni davom ettirardi. U cholni sochlaridan tortqilab, bemajol boshini devorga urib majaqlamoqchidek u yoq-bu yoqqa silkitar, harakati hal qiluvchi lahzada ikkilanayotgan qotilnikidek chiqardi.
Xayyom voqeaga qatʼiy aralashish payti yetganini sezdi:
-Qariyani qoʻyib yuboringlar! Axir bu kimsasiz va bemor devonaning joni halqumiga kelib qolibdiku!
Sardor oʻrnidan sakrab turib unga yaqinlashdi, barmogʻini bigiz qilganicha, Hayyomning soqoliga niqtab, oʻdagʻayladi:
-Sen uni yaxshi taniysan, shekilli! Kimsan oʻzi? Ha, bildim! Sen bu shaharlik emassan, kelgindisan! Seni hech kim bu shaharda tanimaydi!
Izzat-obroʻsini saqlagan holda, Umar uning niqtalgan barmogʻini janjalga hojat qoldirmay, takalluf bilan chetga surdi. Chandiqli kishi bir qadam orqaga chekindi-yu, ammo qatʼiyat bilan yana soʻradi:
-Isming nima, ey, kelgindi?
Hayyom oʻzini tanitishga biroz ikkilandi. Ushbu tahlikali vaziyatdan qutulish chorasini qidirib, koʻkka boqdi va oʻroq shaklidagi hilol yuzini bir parcha bulut qoplab olayotganini koʻrdi. Bir zum jim qolib, chuqur tin oldi. U hozir hammasiga qoʻl siltab, yulduzli osmonni kuzatib zavqlanishni, yulduzlar nomini yana birma-bir eslashni, roʻparasidan chiqib qolgan bu dahshatli voqeadan, gʻazab otiga mingan mana shu toʻpori olomondan uzoq-uzoqlarga ketib qolishni istardi. Shu payt olomon oʻzini oʻrab ola boshlaganini, kimlarningdir qoʻllarini turta boshlaganini sezib, birdan hayolini yigʻib oldi:
— Men Nishopurlik Ibrohimning oʻgʻli Umarman. Xoʻsh, oʻzing kimsan?
Betakalluf berilgan oxirgi savolga chandiqli yigit javob berishni ep koʻrmadi. Chunki u oʻz shahrida, soʻrab-surishtirish esa, faqat uning haqqi. Vaqti- soati kelsa, Umar uni yaxshi tanib oladi: -Uni Chandiqli mullabacha deb atashadi. U hali qoʻlida darrasiyu, ogʻzida shariat kalomi bilan butun Samarqandni zir titratadi. Hozircha hukmi-amali har bir ishorasini mahtal boʻlib kutayotgan mana bu jangari yosh-yalanglarga oʻtadi holos.
Birdan sardorning koʻzlaridan oʻt chaqnab, oldin oʻz hamtovoqlariga,keyin toʻplangan haloyiqqa gʻolibona nigoh tashlab, hayqirdi:
-Voy xudoyim-ey! Men Nishopurlik Ibrohimning oʻgʻli -Umar Hayyomni tanimay qolibman-ku! Axir, bu kishi Xuroson yulduzi, butun Fors va har ikkala Iroqning eng dono kishisi, faylasuflar shahzodasi Umar Hayyom-ku! U masxaraomuz taʼzim qildi. Soʻngra ikki qoʻlini sallasining ikki chekkasiga tekkazib, barmoqlarini quloq qilib qimirlatdi. Uning bu qiligʻiga sheriklari xoxolab kula boshladilar.
-Har bir satri diyonat va taqvodorlik bilan yoʻgʻrilgan mana bu ruboiyni yozgan shoir oʻzlari boʻladilarmi? – U baland ovozda qiroat qila boshladi:

Koʻzamni sindirib irgʻitding, tangri,
Xurramlik eshigin berkitding tangri.
Tuproqqa toʻkding-ku gulgun mayimni,
Bilmadim, mastmisan, na etding tangri?

Umar sheʼrni gʻazab bilan eshitdi. Bunday tashviqot oʻlimga mahkum qilishi ayonligidan bezovtalangan Umar, olomon qahri junbushga kelmasdanoq, baland va jarangdor ovozda javob berdi:
-Ey, notanish kishi! Bu ruboiyni sening ogʻzingdan birinchi bor eshitayapman. Lekin, mana bu ruboiyni oʻzim yozganligim rost:

Oʻzni dono bilgan uch-toʻrtta nodon,
Eshak tabiatin qilur namoyon.
Bular suhbatida sen ham eshak boʻl,
Boʻlmasa “kofir” deb qilishar eʼlon.

Hayyom tinglovchilarning izzat-nafsiga tegib, ularni oshkora gʻanimlarga aylantirib yuborgan bu ruboiyni oʻqib, notoʻgʻri ish qilganligini sezib qoldi. Gʻazablangan olomon uning kiyim-boshlarini tortqilab yirta boshladilar.
Kimdir uni chalib yiqitdi olomon esa uni, u yoqdan-bu yoqqa sudray boshladi. Kimdir yelkasiga tepdi, kimdir halqumiga yopishdi. Kiyimlari yirtilib, ochilib qolgan tanasiga beomon musht va tepkilar yogʻilar, u esa olomon iskanjasidan omon qolishni oʻylamas, hoziroq yorugʻ olamdan koʻz
yumishi mumkinligini his qilib, jismi ogʻriqni ham sezmas, quloqlari tom bitgandi. Shu payt u qurollangan oʻntacha shahar posbonlari yetib kelib, xunrezlikning oldi olinganini, qil ustida turgan hayoti omon qolganini payqadi. Olomon ularni koʻrishi bilanoq, Hayyomni doʻpposlashni bas qildi,biroq, atrofdagi odamlarni guvohlikka chaqirib, oʻz qilmishlarini oqlash uchun qichqira boshladilar:
-U kimyogar, afsungar, firibgar!
Shahar farmonbardorlarining fikricha, faylasuf boʻlish unchalik katta gunoh hisoblanmas, biroq kimyogar boʻlish- firibgarlik bilan teng boʻlib,oʻlim bilan jazolanar edi.
-Bu kelgindi afsungar! Ha, bu afsungar !– qichqirardi ular.
Posbonlar boshligʻi biroz oʻylanib turgach, masalani shu yerning oʻzida hal qilishni lozim topmadi shekilli, qatʼiy eʼlon qildi:
-Agar bu odam rostdan ham afsungar boʻlsa, uni qozikalon Abu Tohirning oldiga olib borish lozim!
Shu paytda hammaning yodidan koʻtarilgan Uzun Jabbor bu ur-toʻpolondan omon qolganligini sezib, eng yaqin mayxona eshigi tomon emaklab borar, Umar esa, hech kimning yordamisiz allaqachon oʻrnidan turgan edi. U posbonlar hamrohligida jimgina ilgarilab borardi, qonga belangan aftu angoriga, parcha-parcha boʻlib yirtilib ketgan kiyimlariga qaramasdan magʻrur yuzidan norozilik alomatlari sezilib turardi, Mashʼala koʻtarib olgan posbonlar oldinda yoʻl ochib borishar, ortidan esa uning sobiq gʻanimlari va olomon ergashib borardi. Hayyom hech kimni va hech narsani koʻrmas, eshitmas ham edi. Xayolida koʻchalar kimsasiz, atrof jim-jit, osmon begʻubordek, Samarqand esa, oʻsha, u qachonlardir koʻrishni orzu qilgan tabarruk zamin edi. U bu zaminga qadimgi sayyohlar izidan uch hafta davomida toʻxtamasdan yoʻl yurib yetib keldi. Shaharga kelib-ketgan sayyohlar unga Koʻxandiz maydonidagi shahar qalʼasi ustidan tevarak-atrofni tomosha qilishni maslahat berishgandi: “Butun atrofda faqat koʻm-koʻk bogʻlarni, anhorlarni, uzoqlarda esa buqa, fil, choʻktirilgan tuya, sakrashga tayyor turgan qoplonlarni eslatadigan, qator qilib ekilgan va koʻkka boʻy choʻzib, mavjlanib turgan sarv daraxtlarini koʻrishingiz mumkin”, degandi ular.

Darhaqiqat, Umar bu yerga kelib, nafaqat shahar tashqarisida, balki qoʻrgʻon ichida ham, sharqiy masjiddan boshlab, Xitoy darvozasigacha zich qilib ekilgan yam-yashil bogʻlarni, mevazorlar-u, mavjlanib oqayotgan sugʻorish shahobchalarini koʻrdi. Har tomondan nayzadek koʻkka boʻy choʻzgan gʻishtin minoralar, moviy gumbazlar, qasrning oppoq devorlari koʻzni quvontirardi. Bir kun Hayyom sayr qilayotib, nagohon majnuntollar orasidagi hovuz labida suvdan chiqib, goʻzal qomatini koʻz-koʻz qilganicha, sochini oftobga yoyayotgan goʻzal qizga koʻzi tushib qoldi. Keyinchalik Hayyom ruboiylari qoʻlyozmasiga nomaʼlum musavvir chizgan jannat tasviri shumikin, yoki bu Hayyomning koʻzlariga koʻringan roʻyomidi? Asfizor mahallasidagi Samarqand qozikaloni Abu Tohir huzuriga olib borilayotgan Hayyomning hayolidan oʻtayotgan shirin taassurotlar, manzaralar shular emasmikin?
Nomaʼlum taqdir tomon xomush borar ekan, Hayyom tinmay ichida takrorlab borardi: “Choʻmilayotgan pari-roʻyo, chandiqli kishi-haqiqat qiyofasida, bu fusunkor tun esa umrimning oxirgi lahzalari boʻlsa ham, men baribir Samarqandni sevaveraman”.

IKKINCHI BOB

Qozikalon devonida yoqib qoʻyilgan shamlar Hayyomning yuzini qordek oppoq qilib koʻrsatar, yoshlari oʻtib qolgan ikki posbon xuddi xavfli jinoyatchini keltirgandek, uni poygakda mahkam ushlab turishardi. Devonxonaning toʻrida savlat toʻkib oʻtirgan qozikalon unga eʼtibor ham bermasdan daʼvogaru-jabrlanuvchini soʻroq qilar, birining gapini maʼqullasa, ikkinchisiga tanbeh berib turardi. U hozir ikki qoʻshni oʻrtasida uzoq davom etgan, adovatga aylanib ketgan arzimas janjalni muhokama qilayotgandi. Nihoyat, qozikalon bir toʻxtamga keldi: har ikkala tomonga, uning koʻzlari oldida bir-birlarini bagʻrlariga bosishib, gina-qudratlarni unutishni, yarashishni buyurdi. Ulardan biri hukmga boʻysinib, qoʻshnisi tomon qoʻllarini choʻzganicha bir qadam ilgariladi. Ikkinchisi, tor peshonali, bahaybat qomatlisi esa, bu hukmdan norozidek, aftlarini burishtirib, taysallandi. Qozi bu holni koʻrib, birdan gʻazabi qoʻzib ketdi, butun majlis ahlini qoʻrquvdan zir titratib, oʻrnidan turdi va gunohkorni bor kuchi bilan qamchilay boshladi. Ammo,qamchining zarbi jabrlanuvchining yelkalariga zoʻr- bazoʻr yetardi. Jabrlanuvchi gʻazabini bosa olmayotgan baqaloq qozikalonga bir zum tikilib turdi-da, keyin boshini egib, yuzlarini siypalaganicha qoʻshnisi bilan quchoqlashib, yarashishga majbur boʻldi.
Qozikalon ularni chiqarib yuborgach, navbatdagi gunohkorni, yaʼni Umarni ushlab turgan soqchilarga uni yaqinroq keltirishni buyurdi.
Guvohlardan voqeani surishtirib bir necha savollar berdi, ur-toʻpolon sabablarini tushuntirib berishni talab qildi. Oʻz navbatida chandiqli yigit ham guvohlikka oʻtdi. Aftidan, qozikalon uni avvaldan tanirdi shekilli, uning gaplarini diqqat bilan eshitdi. Biroq uning qiyofasidan suhbatdoshi gaplariga xayrihohligi, yoki noroziligini bildiruvchi alomatlarni sezib boʻlmasdi. Qozikalon hamma guvohlarni tinglab boʻlgach, bir lahza oʻylanib jim qoldi, keyin hukmini eʼlon qildi:
-Aytingiz, hamma tarqalsin! Har biringiz eng qisqa yoʻllar bilan uylaringga boringiz!
U jazo talab yoshlarga qarab buyurdi:
-Hammangiz tarqalingiz! Masalani ertaga hal qilamiz. Bandi esa, bu oqshom shu yerda qolajak. Mening soqchilarim uni qoʻriqlaydilar. Va hech kim bu yerda qolmasin!
Chandiqli yigit bunday iltifotsizlikdan hayratlanib, yuzida norozilik ifodalarini zohir qildi, lekin ehtiyotkorlik darrov hushini joyiga keltirdi chogʻi, etaklarini yigʻib, oʻrnidan turdida, taʼzim qilganicha chiqib ketdi.
Abu Tohir oʻz devonxonasida eng ishonchli gumashtalari bilan qolgach,Umarning roʻparasiga keldi.
-Seni bunday joyda kutib olayotganimdan faxrlanaman, o mashhur Umar Xayyom Nishopuriy!
Qozikalonning bu jumboqli soʻzlarida na kinoya, na samimiylik va na boshqa hissiyot sezilmas, uning ovozi muloyim, boshidagi alvon rang salla va baroq qoshlari ostidagi oʻtkir koʻzlari esa, sinchkovlik bilan boqar, iyagidagi qoʻngʻir soqollari sarishta kuzalgan edi. Umar hamon devonxonadagilarning koʻzi oldida usti- boshlari dabdala holda oyoqda tik turar, ularning istehzoli nim tabassumi-yu , shivir-shivirlaridan toqati-toq boʻlayozgandi.
Ataylab uyushtirilgan bir necha lahzalik sukunatdan soʻng, Abu Tohir davom etdi:
-Umar, seni Samarqandda yaxshi bilishadi. Yosh boʻlsang ham sheʼrlaring
hammaning tilida. Sening ibratli iboralaringni mullabachalarimiz ham takrorlab yurishadi. Ayt-chi, Isfaxonda Ibn Sinoning yirik bir asarini olti marta oʻqib chiqib, Nishopurda uni soʻzma-soʻz yoddan aytib berganliging rostmi?
Rostdan ham boʻlib oʻtgan bu voqeadan Movaunnahrda ham barcha ogohligidan Hayyomning koʻngli yayrab ketdi, biroq undagi xavotir hali-hamon tarqalgan emasdi. Shariat qozisi tomonidan Ibn Sinoning tilga olinishi, hozircha xotirjam boʻlishga ishonchli va yetarli asos boʻla olmasdi. Har holda unga oʻtirishga ham izn berilmagan edi.
Abu Tohir davom etdi:
-Nafaqat sening aqlu- zakovating, balki anchagina maroqli toʻrtliklaring ham el orasida mashhurdir.
Uning ayblayotgani ham, biron gunohni boʻyniga qoʻyishga urinayotgani ham sezilmas, soʻzlari tagdor va ayni paytda zimdan soʻroq qilayotgandek tuyulardi. Umar gap qoʻshishga qulay payt kelganini sezdi:
-Chandiqli yigit oʻqigan ruboiy meniki emas.
Qozikalon betoqat qoʻl siltadi. Bu safar uning ovozi jiddiy chiqdi:

-Menga sening menga qanday sheʼr yozganligingning axamiyati yoʻq! Lekin shunday maʼlumot keltirdilarki, agar uni men ham takrorlasam, bu shakkoklikni toʻqigan odamdan-da oʻzimni koʻproq gunohkor sezaman. Sendan oʻzingni oqlashingni talab qilmayapman, biron jazoga ham loyiq topishni istamayman. Seni afsungar deb ayblashlari- bu qulogʻimdan kirib, u qulogʻimdan chiqib ketdi. Hozir ikkimiz, ikki aqlli kishi yolgʻiz oʻtiribmiz va men sendan faqat haqiqatni aytishingni xohlayman.
Umar qalbini hamon xavotir tark etgan emas, javob berishga ikkilanar, aldab, tuzoqqa ilintirilayotgan va allaqachon oʻzini jallod qoʻliga topshirilayotgan kishidek sezar, oyoq-qoʻllarini sindirib, bichishayotganlarini,
yoki dorga osilayotganini tasavvur qilib, eti junjikardi.
Abu Tohirning ovozi tobora balandlashar, u endi qariyb baqirib gapiraboshladi:
-Nishopurlik chodirfurushning oʻgʻli Umar! Sen oʻzi doʻstni taniysanmi?!
Qariyb samimiy ohangda yangragan bu jumlani eshitib, Umar seskanib ketdi. “Doʻstni taniysanmi?” U bu xitobni asl maʼnosida tushunib, qozikalonning yuzlariga tikildi, uning soqoli selkillashidan, koʻzlaridan samimiylik ifodalarini izlab topishga urindi. Asta-sekin qalbida ishonch uygʻonib, tund yuzi yorishdi, oʻzini biroz xotirjam seza boshladi. Qozining bir imosidan keyin oʻzini soqchilar qoʻlidan xalos boʻlganini sezib, taklifni ham kutib oʻtirmasdan turgan joyiga choʻkdi. Qozi samimiylik bilan miyigʻida kulib qoʻydi, lekin shu lahzaning oʻzidayoq soʻrogʻini davom ettirdi:
-Ayt-chi, sen odamlar taʼriflaganidek dahriymisan?
Shu birgina savol Umar qalbida umidsiz titroq uygʻotdi, lekin toʻgʻrisini aytdi:
-Men mukkasidan ketgan taqvodor emasman, lekin Yaratganning yagonaligiga hech qachon shak keltirmaganman.
-Fikru xayolingda dahriylik bormi?
— Xudo guvoh, men bundan uzoqman.
— Menga shu soʻzingni oʻzi kifoya. Fikrimcha, iqroring Yaratganga ham xush keladi. Biroq odamlarning fikri… Bilgin, sening har bir jumlang, har bir
harakating odamlarning nazar- eʼtiborida. Odamlar nafaqat seni, meni ham, hatto shahzodalarni ham sinchkovlik bilan kuzatib yurishadi. Aytishlaricha, sen bir sheʼringda “Men xudoning uyiga har zamonda bir borsam, u yer salqin boʻlgani uchun uxlashga boraman”,- deganmishsan?
-Yaratganni qalbida saqlagan kishigina uning uyida tinchgina uxlay oladi.
Abu Tohirning yuzida yengil inkor ifodasini koʻrgan Umar yanada ilhomlanib, fikrini chuqurlashtirdi:
-Men Alloh tomonidan insonga ato qilingan sogʻlom fikrni taʼqib qiluvchi taqvodorlardan emasman. Ular din va iymonni faqat Yaratganga ibodat qilish deb tushunadilar. Men Yaratganga qanday iymon keltiraman, bilasizmi? Masalan, men atirgulga yoki yulduzlarga qarab zavqlanaman. Yagona Ollohning yaratuvchanligiga maftun boʻlaman, u bunyod qilgan dunyoning mukammalligidan, uning eng goʻzal mujdasi – odamlardan, ularning bilimga chanqoq miyasi borligidan, muhabbatga chanqoq qalblari, intiluvchan, yoki qanoatli hissiyotlari borligidan zavqlanib, Yaratganga iymon keltiraman.
Qozi unga oʻychan boqib oʻrnidan turdi va Hayyomning yoniga kelib oʻtirdi-da, uning kiftiga otalarcha qoʻlini qoʻydi. Soqchilar hayron qolishib, bir-birlariga maʼnoli qarab qoʻyishdi.
-Tingla, yosh doʻstim, senga Yaratgan egam insonlarga beriladigan eng aʼlo sifatlarni ravo koʻrgan. Sen ziyolisan, sening kaloming oʻtkir, u senga mustahkam sogʻlik, goʻzallik, bilishga intilish, yashashdan, odamlardan va nihoyat, adashmasam ayollar goʻzalligidan zavqlanish xislatlarini ham ato qilgan. Umid qilaman-ki, Alloh Taolo aqldan ham seni qisib qoʻymagan. Men sening mulohazali, tilingga ehtiyot boʻlishingni nazarda tutayapman. Agar bunday sifatga ega boʻlmasang, umringga zavol keltirishing mumkin.
-Fikrimga kelgan narsani ifodalash uchun mulohazali, ehtiyotkor qariya boʻlishimni kutib yashashim kerakmi?
-Dilingdagi hamma fikrlarni tilingda ifodalaydigan kunlar kelguncha, avlodlaringning avlodlari ham keksayib qolishlari tayin. Biz sirlari ochilmagan, qoʻrquv toʻla dunyoda yashayapmiz: bunday dunyoda yashashing uchun ikki qiyofang boʻlishi lozim. Birinchisi, odamlar uchun, ikkinchisi oʻzing va Yaratgan egam uchun. Shuning uchun bu dunyoda yashashni istasang, koʻrib zavqlanadigan koʻzlaringni, eshitib quvonadigan quloqlaringni, fikringni kalomga koʻchirguvchi tilingni asrab qolaman desang, fikringni mulohaza qilib ifodalashni oʻrgan.
Abu Tohir jim qoldi. Uning bu sukunati kishini ezar darajadagi vazmin, fikrni jamlash uchun qilingan tin olish emas,yoʻq, kishining xushini joyiga keltirib qoʻyadigan, butun olamni qamrab oladigan sukunat edi. Qozi chuvalanib ketgan fikrini tartibga keltirgunicha, Umar boshini ham qilib jimgina kutdi.
Abu Tohir chuqur tin oldi va soqchilariga bu yerdan chiqib ketishlarini bildirib, imo qildi. Ular ortidan eshik yopilishi bilanoq, oʻrnidan turib, devonxonaning burchagiga yurdi. Osigʻlik soʻzanani koʻtarib, naqshinkor sandiq qopqogʻini ochdi va u yerdan qandaydir bir kitobni olib Umarga uzatdi. Uning muloyim qiyofasida homiylarcha tabassum oʻynar edi.
Kitob qalin va qattiq, yaltiroq charm muqovali boʻlib, ustiga tovus dumining tasviri bosib ishlangan, sahifa chetlari hali toʻgʻirlab kesilmagan ham edi. Taassurotlarga boy boʻlgan mana shu yoz oqshomida Umar kitobni varaqlab, uning ikki yuz ellik olti sahifasi ham hali oppoq ekanligini,
ularga na biron sheʼr va na biron naqsh yozilmaganini koʻrdi.
Abu Tohir hayajonini bosish maqsadida savdogarlarga xos qiyofaga kirib, gapini davom ettirdi:

-Bu kitob Samarqand ustaxonalarida qadimiy usulda, eng sifatli xitoy qogʻozidan tayyorlangan. Uni Motrudlik bir yahudiy usta mening buyurtmamga binoan maxsus oq tut yogʻochidan tayyorladi. Sahifalarini koʻrgin, ular xuddi shohidek silliq va mustahkam.
U tomogʻini qirib olib, gapida davom etdi:
-Mening oʻzimdan oʻn yosh katta bir akam bor edi. U olamdan koʻz yumganida sening yoshingda edi. U Balxda, sultonga yoqmay qolgan bir sheʼri uchun qatl qilingan. Bilmayman, bu rostmi, yoki yolgʻonmi, uni dahriylikda aybladilar. Akamning shu kichik, ruboiydan ham qisqa sheʼri uchun qatl qilinganligiga men aybdorman.
Uning ovozi boʻgʻilib, entikib davom etdi:
-Bu kitobni ehtiyot qil. Har safar qalbingda biron sheʼr tugʻilib, u olamga chiqish uchun boʻgʻzingga yugursa, unga tishlaring va lablaring mustahkam darvoza boʻlsin. Lekin uni ovoz chiqarib olamga yoyma-yu, mana shu kitobga bitib, bir umrga sir saqla. Ularni yozayotib, Abu Tohirni ham eslab qoʻy.
Qozi oʻzining shu iltimosi bilan adabiyot tarixida uzoq vaqt sir saqlanib kelingan mashhur ruboiylarning yozilishiga sabab boʻlganligini, Umar Hayyom dahosi bilan tanishish uchun insoniyat yana sakkiz asr kutishi lozimligini, bu ruboiylar avlodlar tomonidan dunyodagi eng nafis sanʼat turi sifatida eʼzozlanishini, Samarqandda yozilgan ushbu qoʻlyozma kitobni keyingi asrlarda qanday sarguzashtlar kutayotganligini bilmasdi.

UCHINCHI BOB

Bu oqshom Umar Hayyom keng bogʻ oʻrtasida joylashgan Abu Tohirning yozlik shiyponida uyqusi qochib, toʻlgʻanib chiqdi. Yonidagi pastak xontaxta ustida davot va qalam, oʻchirilgan chiroq va birinchi sahifasi ochilgan,lekin hali hech narsa yozilmagan oʻsha kitob turardi.
Tong gʻira-shirasida bir sharpa, goʻzal bir choʻri ayol kirib, unga maydalab kesilgan bir patnis qovun, yangi kiyim-bosh, zandana shoyisidan toʻqilgan salla keltirdi.
-Bomdod namozidan keyin xoʻjayin sizni kutayapti, -dedi u shivirlab.
U kirib kelganida devonxona allaqachon adolattalab odamlar, boyonlar, sadaqatalab gadoylar va xizmatkorlar, turli yumushlar bilan kelgan kishilar bilan toʻlgan. Ular orasida, albatta,soʻnggi yangiliklardan xabardor boʻlishga kelgan chandiqli mullavachcha ham bor edi.
Umar eshikdan kirib kelishi bilanoq, qozikalon u tomonga oʻgirildi va baland ovozda xitob qildi:
-Paygʻambarimiz kalomlarining tengi yoʻq bilagʻoni, unga sadoqatining cheki yoʻq inson, imom Umar Hayyomning qadamlariga hasanot!
Devonxonada hozir boʻlganlarning hammasi birin-ketin oʻrinlaridan turdilar, qoʻllarini koʻksilariga qoʻyishib, taʼvoze bilan yengil taʼzim qildilar va joylariga oʻtirdilar. Umar koʻz qiri bilan chandiqli mullavachchaga qaradi va uni kulgili ahvolda rangi-quti oʻchib burchakda oʻtirganini payqadi.
Abu Tohir sertakalluflik bilan Umarni oʻzining oʻng tomonida oʻtirishga taklif qildi. Boyonlar chaqqonlik bilan oʻrinlaridan qoʻzgʻalishib, unga joy boʻshatdilar. Oʻz hukmining ijrosini viqor bilan kuzatib turgan qozikalon soʻzida davom etdi:
-Kecha oqshom qimmatli mehmonimiz bilan noxush voqea sodir boʻlibdi. Xuroson, Fors, Mozondaronda cheksiz izzat-eʼtiborga loyiq boʻlgan, har bir shahzoda, xon yoki sulton oʻz saroyida bajonidil uni kutib olishni orzu qiladigan bu hurmatli zotni, kecha bizning Samarqand koʻchalaridan birida behurmat qilishibdi!
Devonxonada gʻazabli xitoblar yangradi. Qozikalon bir zum shovqin-suronga quloq tutib turdi-da, bir imo bilan uni toʻxtatib, davom etdi:
-Eng afsuslanarli joyi shunda-ki, bozor maydonida tartibsizlik roʻy bergan. Bizning eʼzozli xonimiz, saltanatimiz quyoshi, Alloh uni yarlaqasin, hurmatli Nosirxon bugun Buxorodan shahrimizga yetib kelishi arafasida roʻy bergan bunday tartibsizlikni qanday izohlash mumkin? Agar bu tartibsizlikning oldi olinib, odamlar tarqatib yuborilmaganida, bugun qanday musibatlar boshimizga tushishi mumkin ekanligini tasavvur qilishdan ojizman. Men sizga aytsam, koʻpchilik kishilarning boshlari tanasidan judo boʻlish tayin edi!
U oʻz soʻzlarining taʼsirini koʻrish uchun, toʻplanganlar vujudida uygʻonajak vahimani sezish uchun bir zum tin oldi va davom etdi:
-Baxtimizga oʻrtamizda oʻtirgan mening sobiq shogirdlarimdan biri mehmonimizni tanib qolib , bu xabarni tezda menga yetkazdi.
U barmogʻi bilan chandiqli mullavachchani koʻrsatdi va unga oʻrnidan turishni buyurdi:
— Aytchi, mavlono Umarni sen qanday tanib qolding?
Javob oʻrniga allaqanday mingʻirlash eshitildi.
-Balandroq gapir! Bu yerda oʻtirgan bizning keksa amakimiz gaplaringni eshitmayapti! – qichqirdi qozi, chap tomonda oʻtirgan oppoq soqolli qariyani koʻrsatib.
-Men hurmatli mehmonimizni soʻzga chechanligidan tanib qoldim,- dedi chandiqli mullavachcha gʻudranib.- Keyin uning kimligini surishtirib, sizning oldingizga olib keldim.
-Sen yaxshi ish qilding. Agar tartibsizlik davom etganida, qon toʻkilishi tayin edi. Kel, mehmonimiz yoniga oʻtir, sen bunga loyiqsan.
Chandiqli mullavachcha yasama itoatkorlik bilan oʻrnidan turib, ular yoniga kelayotganida Abu Tohir Umarning qulogʻiga shivirladi:
-U endi senga doʻst boʻla olmasa ham, odamlar koʻzi oldida senga dushmanlik qilishga jurʼat qila olmaydi.
U baland ovozda davom etdi:

-Boʻlib oʻtgan voqealar mavlono Umarning qalbida Samarqand haqida noxush xotiralar qoldirmas degan umiddaman?
-Kecha oqshom boʻlib oʻtgan voqeani men allaqachon koʻnglimdan chiqarib tashladim. Agar shahringiz haqida keyinchalik eslasam, faqat bir ajoyib inson bir umrga yodimda qolishi shubhasizdir. Men muhtaram qozikalonni nazarda tutayotganim yoʻq. Har qanday qozi shaʼniga aytiladigan maqtovlar uning yaxshi sifatlari uchun emas, balki oʻz burchini adolatli bajarishiga qarab aytilishi lozim deb hisoblayman. Xullas, bu shaharga yaqinlashayotganimda Kesh darvozasi yaqinida roʻparamdan bir kishi chiqdi. Oʻzim ham, xachirim ham rosa holdan toygan edik.
-Shahrimizga xush kelibsan, ey muhtaram mehmon. Bu shaharda ota-onang, doʻstu qarindoshlaring bormi?-soʻradi u.
Roʻparamdagi kishi firibgar, tilanchi, yoki tilyogʻlama bir odam boʻlishidan xavotirlanib, hech kimim yoʻqligini aytib, toʻxtamasdan oʻtib ketaverdim.
Lekin notanish kishi gapirishdan toʻxtamadi:
-Senga sarkashlik qilayotganimdan hijolatdaman, hurmatli mehmon. Lekin men bu yerga xoʻjayinim tomonidan Samarqandga kelayotgan har bir mehmonni kutib olib, unga mehmondoʻstlik koʻrsatish uchun qoʻyilganman.
Nihoyat, bu odamning sofdilligiga ishondim. Uning ust-boshlari orasta, biroq muomilasi eʼtiborli kishilarnikiga biroz oʻxshamasdi. Men unga ergashdim. Bir necha qadam yoʻl bosgach, biz ogʻir bir eshik orqali ichkariga kirdik. Karvonsaroy hovlisiga kirish uchun gumbazsimon dahlizdan oʻtish lozim edi. Hovli oʻrtasidagi quduqqa, turli yumushlar bilan band boʻlib yurgan odamlarga nazar tashladim. Hovli sayyohlar uchun qurilgan baloxonalar bilan oʻralgan ekan.
-Sen bu yerda xohlaganingcha turishing mumkin. Oʻzingga turar joy va yegulik, xachiringga xashak hamisha bisyor boʻladi, — dedi notanish kishi. Men undan kundalik xarajatlarim narxini soʻragandim, u ranjidi.
-Sen bu yerda xoʻjayinimning beminnat mehmonisan.
-Bu oliyjanob zotni koʻrsam, unga oʻz minnatdorchiligimni bildirsam boʻladimi?, -soʻradim men.
-Xoʻjayinim bundan yetti yil oldin, butun mol-mulkini menga qoldirgan. Uni Samarqandga kelayotgan har bir sayyohni mehmondoʻstlik bilan kutib olishga sarflashni vasiyat qilib, olamdan oʻtgan.
-Bunday oliyjanob, himmatli kishining ismini bilsam boʻladimi?
Duoyi fotihamni kimga bagʻishlay?
-Duoyi fotihangni, minnatdorchiligingni yolgʻiz Ollohga bagʻishla.
Yaratgan egam bu hayru saxovat kim uchun qilinayotganligini va kim uni amalga oshirishni vasiyat qilganligini yaxshi biladi.
Shunday qilib, men Samarqandda bir necha kunlardan buyon ana shu odamning muruvvatidan bahramand boʻlib yuribman. Men u yerdan chiqib, har kuni Samarqandni tomosha qilaman. Kech kirib, qaytib kelganimda, yoqimli taomlar bilan siylashadi. Hatto xachirimga ham mendan koʻra ziyodaroq gʻamxoʻrlik qilinmoqda.
Umar soʻzidan toʻxtab, jimgina quloq solayotgan odamlarga qaradi. Hech kimning yuzida na hayrat, na ajablanish alomatlarini koʻrmay, sarosimaga tushdi.
Uning bu holatini sezgan qozi tushuntirdi:
-Islom dunyosida eng mehmondoʻst shahar nomiga daʼvogarlik qiluvchi shaharlar koʻp. Lekin faqat Samarqandgina bunday sharafga munosibdir. Mendagi maʼlumotlarga koʻra, shahrimizga kelgan bironta mehmon turar joy uchun, yeguliklar uchun pul toʻlamaydi. Men bunday saxovatli, xayrli ish bilan shugʻullanuvchi koʻplab oilalarni bilaman. Lekin ular oʻz xayru- ehsonlari uchun hech qachon maqtov daʼvo qilganlarini eshitmagaysan. Samarqand koʻchalarida oʻrnatilgan favvoralarni koʻrgan boʻlsang kerak. Ular yoʻlovchilar chanqogʻini qondirish uchun doimo toza suv bilan taʼminlanib turiladi. Shahrimizdagi ikki mingta favvoralarga yer ostidan qoʻrgʻoshin yoki sopol quvurlar orqali suv keltiriladi. Bularning hammasi samarqandliklarning xayru-ehsonlari tufayli qurilgan. Ular bu bilan nom qoldirish uchun biron joyga oʻz ismu shariflarini yozib qoʻygan deb oʻylaysanmi?
-Ha, buni tasavvur qilayapman. Men bunday odamgarchilikni hech qayerda uchratmagandim. Lekin shunday boʻlsa-da, xayolimni band qilib turgan bir savolni berishga ijozat bersangiz?
-Sen nimani soʻramoqchiligingni bilaman. Sen bunday sahovatli, mehmondoʻst odamlar nima sababdan sendek mehmonga qoʻpol muomalada boʻlganligini bilmoqchimisan?
-Faqat mengagina emas, Uzun Jabbor ismli bir bechora qariyani ham nazarda tutayapman.
-Senga beradigan javobim oddiygina , u birgina soʻzdan iborat, bu- hadik. Bu yerda roʻy berishi mumkin boʻlgan har qanday qabohatning onasi faqat hadik va xavotirdir. Bizning muqaddas dinimiz turli tarafdan qasos olish paytini kutib yotgan Bahrayn qaramitlari, Kom imomiyati tarafdorlari tomonidan tahlikaga solinib turganligini unutma. Yetmish ikki diniy mazhab-sof dinimiz gʻanimlari bizga qarshi tish qayrashib turishibdi. Bular konstantinopollik rumiylar, turli nomdagi gʻayridinlar, eng ashaddiylari- misrlik ismoiliylardir. Ularning tarafdorlari Bogʻdodda, hatto oʻzimizning Samarqandimizda ham toʻlib-toshib yotibdi. Makkayu Madina, Isfahon, Bogʻdod, Damashq, Buxoro, Marv, Qohira, Samarqand kabi shaharlar shariatimizning istehkomlari ekanligini esingdan chiqarma. Agar ehtiyotkor boʻlmasak, ular xuddi qum boʻroni ostida qolgandek, bir pasda gʻayridinlar sahrosiga aylanadi.
Qozi chap tarafdagi derazadan tushib turgan quyosh nuriga sinchkov nazar tashlab oʻrnidan turdi.
-Xonga peshvoz chiqadigan vaqt boʻldi, -dedi u. Hamma oʻrnidan turdi.
Qozi chapak chalib, xizmatkorlariga buyurdi:

-Yoʻlga biron narsa olishni unutmanglar!
Uning biron tarafga otlansa, yoʻl boʻyi mayiz yeb borish odati bor edi.
Bu odatga uning yaqinlari, mehmonlari ham rioya qilishardi. Xizmatkor katta laganni toʻldirib, oq sargʻish rangli mayiz keltirdi va har kim undan oʻz choʻntaklarini toʻldirib oldi. Chandiqli mullavachcha ham oʻz navbatida mayizdan bir siqim olib, Xayyomga uzatdi:
-Ehtimol, men senga taklif qilayotgan bu mayizni may holatida isteʼmol qilishni xush koʻrarsan? –dedi u sekingina istehzo bilan.
Devonxonadagilar quloqlarini ding qilishib, nafaslarini ichlariga yutgan holda, Umar qanday javob qilishini kutib, jim qoldilar.
-May ichishni xush koʻradigan odam, dastlab oʻziga munosib soqiy va xushaxloq ulfat tanlaydi,- Umar ham hozirjavoblik bilan uzib oldi.
Chandiqli mullavachcha bu safar ovozini biroz balandlatib davom etdi:
-Menga qolsa, hech kim bilan bir tomchi ham may ichmoqchi emasman, chunki jannati boʻlmoqchiman. Xoʻsh, sen u yerda ham men bilan birga boʻlishni xohlamaysanmi?
-Jannatda ham tilyogʻlama ulamolarning ezma pand-nasihatlarini mangu eshitib yurish uchunmi? Yoʻq, raxmat! Alloh Taollo bizga oʻzga ulfatlarni ravo koʻrgan.
Suhbatni shu joyida toʻxtatib, Umar oʻzini chorlayotgan qozikalonga yetib olish uchun qadamini tezlatdi.
-Shaharda odamlar seni mening yonimda otliq koʻrishlari lozim. Bu kechagi voqeadan soʻng ularda qanday taassurot qoldirishini koʻrasan!
Shu payt Hayyom qozixona atrofida toʻplangan haloyiq orasida nok daraxti soyasida turgan, kecha oʻziga bodom inʼom qilgan yosh ayolni koʻrgandek boʻldi va qadamini sekinlatib, uni qidirdi. Lekin qozikalon uni shoshiltirdi:
-Tezroq yur, agar xon bizdan oldin yetib kelsa, holimizga maymunlar yigʻlaydi!

TOʻRTINCHI BOB

-Dunyodagi toʻrtta shahar fitnalar burjida paydo boʻlgan. Bular: Samarqand, Makka, Damashq va Palermo. Ha, munajjimlar buni qadim zamonlardayoq bashorat qilib oʻtishgan va ular adashmaganlar. Bu shaharliklar hech qachon oʻz hukmdorlariga yaxshilikcha boʻysinmagan. Agar ularga qilich oʻynatib, kuch-qudratingni koʻrsatib turmasang, doim yoʻldan ozaveradilar. Mutaasib makkaliklarni paygʻambar ham qilich yordamida tiz choʻktirgan edi. Men ham takabbur samarqandliklarni qilichim bilan yer oʻptiraman!
Movarounnahr hukmdori Nosirxon mis qoplangan yaltiroq taxti yonida tik turganicha oʻdagʻaylardi. Uning ovozi hammani dahshatga solar, koʻzlari yigʻilganlar orasidan bironta gunohkorni, noxos qilib qoʻygan xiyonatini eslab titrayotgan labni, pushaymon boʻlib qaltirab turgan bironta qurbonni qidirardi. Saroyda yigʻilgan har bir kishi gʻayri-ixtiyoriy ravishda yonidagi odam ortiga bekinishga urinar, boʻyinlarini qisishib, dovul pasayishini kutishardi.
Nosirxon panjalariga ilingudek bironta oʻlja topa olmadi shekilli, jahl bilan egnidagi tantanali marosimlarda kiyiladigan ust-boshini yechib, yerga uloqtirdi. Keyin qashqarcha turk-moʻgʻul shevasida hayqirib soʻkinganicha, yechgan kiyimlarini oyoqlari bilan toptay boshladi.
Udumga koʻra, hukmdorlar ustma-ust uch-toʻrt, baʼzan yettitagacha hashamdor kiyimlar kiyib yurishar, tantanali marosimlarda uning lutfu-karamiga sazovor boʻlganlar -u yechgan bironta kiyim egasi boʻlish sharafiga muyassar boʻlardi. Bugungi marosimda uning hatti-harakati hech kimga lutf qilmasligining belgisi edi.
Aslida xonning Samarqandga har bir tashrifi bayram sifatida uyushtirilar, lekin bugungi bayram shodiyonasi kutib olishning dastlabki daqiqalaridayoq barbod boʻlgandi. Oʻsha kun xon Siyob daryosi qirgʻoqlaridan boshlab, Buxoro darvozasigacha toʻshalgan poyondozlar ustidan otliq oʻtib Samarqandga kirib borar ekan, uning yuzidan tabassum arimas, qisiq koʻzlari har qachongidan ham qisiqroq tuyulardi. Birdan u otini Abu Tohir boshliq ikki yuztacha ayonlar tomonga burdi. Umar Hayyom turgan toʻdaga xuddi bir narsadan shubhalangandek hoʻmrayib tikildi. Kimlarnidir qidirib topmadi shekilli, tizginlarini zarb bilan tortib, otini ikki oyogʻida tik turgʻazdi va allanimalar deya oʻdagʻaylaganicha, u yerdan uzoqlashdi. Endi u qora baytali ustida tek qotganicha qimirlamay, lablari va koʻzlari gʻazabdan qisilgan holda, saharlab uni kutib olish uchun yoʻllarga chiqarilgan minglab shaharliklarning olqishlariga eʼtibor ham bermasdan yoʻlida davom etardi.
Mahalliy mirzolar tomonidan yozib berilgan yuzlab arzu dodlarni oʻtib borayotgan xonga tutqazishga hech kim jurʼat qila olmas, ularni tantana oxirida borayotgan mulozimga otishar, u esa turli qogʻozlarni yerdan terib olar ekan, ularni koʻrib chiqishga yolgʻondakam vaʼdalar berardi. Xon va saltanatining dolchin rang ulkan bayrogʻini koʻtarib borayotgan toʻrt otliq, uning boshida soyabon koʻtarib borayotgan yarim yalongʻoch qul, hamda shahar ayonlari chetlariga egri-bugri tutlar ekilgan ariqlar boʻylab asosiy yoʻldan bozor maydonidan oʻtib, Asfizor mahallasiga kirib bordilar. Xonga ajratilgan qarorgoh aynan shu mahallada joylashgan boʻlib, u Abu Tohir devonxonasidan bir necha qadam narida edi.
Ilgari paytlar xon qarorgohi shahar qalʼasi ichida boʻlar, biroq, yaqinda boʻlib oʻtgan dahshatli urush tufayli bu qalʼa nochor ahvolga tushib qolgan va endilikda u yerda maxsus turk harbiy qismlari chodirlarda yashar edi.
Umar xonning tund qiyofasini koʻrib, uning huzuriga bormaslikka qaror qilgandi, biroq qozikalon bunday hurmatli mehmon tufayli xon iltifotiga sazovor boʻlish umidida uni xon qabuliga borishga koʻndirdi. Yoʻl-yoʻlakay Abu Tohir Umarga nega xonning kayfiyati buzilganligini tushuntirib bordi. Umar undan Buxorodagi Katta Maschit yonidagi uylarga xon buyrugʻi bilan oʻt qoʻyilganligini, bunga qarshilik qilgan aholi qirib tashlangani bois, samarqandlik ruhoniylar xonga kek saqlab, kutib olish marosimiga chiqmaganliklarini bilib oldi.
-Xon va ruhoniylar oʻrtasida betoʻxtov pinhoniy kurash ketayapti. Bu kurash baʼzan ochiqchasiga qonli toʻqnashuvlarga, koʻpincha esa, zimdan olib borilayotgan adovatli kurashga aylanib bormoqda,-tushuntirdi qozi.
Aytishlaricha, ulamolar hukmdorning chidab boʻlmas injiqliklaridan norozi boʻlgan koʻpchilik harbiy boshliqlar bilan ham til topishganlar. Ogʻizdan- ogʻizga oʻtib yurgan afsonalarga koʻra, xonning ota-bobolari oʻz qoʻshinlari bilan bir dasturxon atrofida oʻtirishib ovqat tanovvul qilganlar va hokimiyatning mustahkamligi xalq qoʻshinlarining mardligiyu, uyushqoqligiga bogʻliqligini doimo taʼkidlab oʻtganlar. Lekin, avlodlar ketidan avlodlar oʻtishib, turk xonlari fors podsholarining yaramas odatlarini, dabdababozlikka ishqibozlikni oʻzlashtirib oldilar. Ular oʻzlarini yarim xudolar deya hisoblashar, koʻngillariga kelgan ishni qilishdan tap tortishmas, bemaʼni qiliqlari bilan harbiy boshliqlarning haq- huquqlarini poymol qilishar, ularni kamsitishar, obroʻ-eʼtiborlarini yerga urishardilar. Nosirxon hukmronligi yillarida ana shunday harbiy boshliqlardan koʻpchiligi xondan norozi boʻlib yurgan diniy arboblar bilan til topa boshladilar. Ulamolar Nosirxonni islom qonun-qoidalariga amal qilmaslikda ayblashadi. Oʻz navbatida Nosirxon ham bevosita harbiylarni jazolashdan qoʻrqib, ulamolarga tobora koʻproq tazyiq oʻtkaza boshladi. Uning xudojoʻy boʻlgan uning otasi ham bir paytlar oʻz hukmronligini ulamolardan birining boshini tanasidan judo qilish bilan boshlagandi.
1072 yilning yoziga kelib, Abu Tohir xon bilan umumiy til topishgan yagona diniy arboblardan biri boʻlishga erishgan edi. U xonning Buxorodagi qarorgohiga tez-tez borib turar, xon Samarqandga tashrif buyurganida esa, har safar tantanali kutib olinishiga bosh-qosh boʻlardi. Bir qancha ulamolar uning bunday murosasozligidan norozi boʻlishar, lekin koʻpchiligi hukmdor va oʻzlari oʻrtasida shunday vositachi odam borligidan mamnun edilar.
Abu Tohir oʻzining vositachilik vazifasini uddaburonlik bilan bajarar, ayrim masalalarni ruhoniylar foydasiga hal qilishga ham erishar va ayni paytda xonning gʻazabidan qutilib qolish, uning kayfiyatini koʻtarish yoʻllarini ham ustalik bilan topa olardi.
Xon gʻazabi qoʻzigan bugungi qabul marosimida ham u oʻz vazifasini qoyillatib uddaladi. U dahshatli daqiqalarning oʻtib ketishini toqat bilan kutdi va xon taxtga oʻtirishi bilan, epchil bir imo qildi-ki, uni kuzatib turgan Umar vaziyat yumshay boshlaganini tushundi. Qozining imosi bilan saroy mulozimlaridan biri-yoshgina qul qizni boshlab keldi va u ogʻir jangdan soʻng murdalardek yerda choʻzilib yotgan kiyimlarni tezlik bilan yigʻishtirib oldi. Birdaniga hamma yengil nafas ola boshladi. Hamma bilinar- bilinmas jonlanib, kimlardir yonidagilar bilan shivir-shivir qilishib, fikr almasha boshlashdi.

Shundan soʻng, qozikalon xona oʻrtasigacha borib, hukmdorga roʻbaroʻ boʻldi va bosh egganicha, qoʻl qovushtirib, miq etmasdan turaverdi. Bir necha daqiqa davom etgan jimlikdan soʻng, nihoyat, Nosirxon biroz horgʻin, lekin yangroq ovozda buyurdi:
-Shahar ulamolarining barchasi ertaga tongdanoq mening huzurimga kelib, oyoqlarimga yiqilsinlar! Boʻyin egmagan bosh tanasidan judo qilinsin!
Va hech kim qochib qolishni hayoliga keltirmasin, mening gʻazabimga yoʻliqqan kishiga yer yuzida panoh yoʻq!
Qabulxonada hozir boʻlganlarning barchasi gʻazab dovuli bosilganligini payqab, yengil tin oldilar. Yechim topildi: xon ularni qattiq jazolamasligi uchun ulamolar aytilgan paytda saroyga kelsalar bas.

Qozikalon bu kunisiga tongdanoq Umarni xon huzuriga boshlab bordi. Nosirxon baland koʻtarilgan, ustiga qora xolli gilam toʻshalgan supa ustidagi taxtida viqor bilan oʻtirar, gʻulomlardan biri shiraga botirilgan atirgul yaproqlari toʻldirilgan patnisni unga uzatib turar, xon ulardan birini tanlab olib, ogʻzini katta ochganicha yaproqni tili ustiga qoʻyar va uni huzur qilib soʻrardi, Bu payt boshqa bir gʻulom uning shira boʻlgan barmoqlarini hafsala bilan yuvib, artib turar edi. Shirin yaproqlar soʻrish marosimi yigirma-oʻttiz marotaba takrorlandi. Bu payt saroy taklif qilinganlar bilan liq toʻldi. Ular Samarqandning Asfizor, Pinjkin, Zagrimosh, Moturud mahallalaridan toʻplangan savdogarlar, hunarmandlar, qogʻoz ishlab chiqaruvchilar, shohidoʻzlar, shuningdek badavlat yahudiylar, mahalliy nasroniylarning vakillari edi. Toʻplanganlarning barchasi maxsus ishora bilan xon huzurida yer oʻpishib, unga taʼzim bajo keltirishdi. Hukmdor ularga alohida ishora qilganidan soʻnggina, qadlar rostlandi. Ulardan biri madhiyalarga boy jumlalar aytgach, barchalari orqalariga yurganlaricha, qoʻl qovushtirgan holda chiqib ketdilar. Xon huzuridan chiqayotgan kishilarga unga orqa oʻgirish taqiqlangan boʻlib, aftidan bu tamoyil hammadan shubhalanadigan, ehtiyotkor yoki izzattalab biron hukmdor tomonidan joriy qilingan boʻlsa ajabmas.
Nihoyat, shahar tashqarisiga xonni kutib olish uchun chiqmagan va bu tufayli uning qahriga duchor boʻlib, oʻz qismatlarini vahima bilan kutib oʻtirishgan yigirmatacha oliy martabali ulamolarga ham kirishga ruxsat berildi. Xonga nisbatan gina-quduratlari qanchalik kuchli boʻlsa-da, bunday vaziyatda yana qaysarlik qilish-oʻzlariga qimmatga tushishini yaxshi tushunishgan ulomalar qon toʻkilishining oldini olish niyatida xon qabuliga kelishga bajonidil rozi boʻlgandilar. Ular xon oʻtirgan taxt roʻparasiga kelishib, iloji boricha egilib taʼzim qilishdi. Bunday vaziyatda faqat xonning ishorasi bilangina qad rostlash mumkin edi. Biroq, ishora ha deganda boʻlavermadi. Oradan oʻn, keyin yigirma daqiqa vaqt oʻtdi. Qabulxonaga vahimali sukunat choʻkdi. Bunday noqulay holatda uzoq vaqt taʼzim bajo qilib turishga hamma ham bardosh bera olmas edi. Egilib turganlar beruxsat qad rostlash-xonning beayov qahriga yoʻliqish bilan barobarligini yaxshi tushunardilar. Nihoyat bunday turishdan toliqib ketgan keksaroq ulamolar birin-ketin bosh ekkanlari holda yerga tizzalab oʻtirib qola boshlashdi. Har holda bunday tiz choʻkish ham izzattalab xonning nafsoniyatiga tegmas va toliqtiradigan holatdan qutulishning yagona yoʻli edi. Xon egilib turgan oxirgi ulomalarning ham tizzalari yer oʻpmaguncha sabr-toqat bilan kutib oʻtirdi. Maqsadiga erishgach, bir soʻz ham qotmasdan, oʻzgalarga ham gapirishga imkon bermay, bir imo bilan ularga oʻrnilaridan turishni va huzuridan chiqib ketishni buyurdi. Qabul marosimining bunday yakun topishi hech kimni hayratga solmadi. Xonning izzat-nafsi orom olgan va aybdorlar oʻziga xos iltifotsizlik bilan jazolangan, nihoyat, saltanatda bunday jazolash usuli ham odatiy hol hisoblanardi.
Shundan soʻng, turk qoʻshinlarining boshliqlari, amaldorlar, qoʻshni qishloqlardan kelgan zamindorlar taʼzimga kirishib, xon oyoqlarini oʻpdilar, uning qoʻllarini, yelkalarini koʻzlariga surtishib, oʻz ehtiromlarini bildirdilar. Shundan soʻng, bir shoir oʻrtaga chiqib, xonning betakror
gʻalabalarini madh qiluvchi sheʼrini oʻqiy boshladi. Sheʼr xonga yoqmadi shekilli, bir imo bilan uni toʻxtatib, saroy mulozimini yoniga chaqirdi va unga oʻz farmoyishini eʼlon qilishni buyurdi.
-Ulugʻ xonimiz bu saroyda oʻtirgan barcha shoirlarga buyuradi! Muhtaram xonimiz bundan buyon oʻzini na arslonga, na burgutga, na quyoshga taqqoslab yozilgan sheʼrlarni eshitishni xohlamaydilar! Bunday sheʼr toʻqigan shoirga endi saroyda oʻrin yoʻq!
Mulozimning shangʻillab aytgan soʻzlari oʻz navbatlarini kutayotgan yigirmaga yaqin saroy shoirlarini sarosimaga solib qoʻydi. Kimlardir beixtiyor orqaga tisarilib, tezroq juftakni rostlash payiga tushib qoldi.
Biroq, ular qatoridan bir chodiralik ayol dadillik bilan oldinga chiqdi.
Qozikalon Umarning savolomuz nigohiga koʻzi tushib, sekin shipshidi:
-Bu buxorolik shoira. Ismi ham jismiga monand- Jahon! Hulqi-atvori ham juda oʻynoqi, yosh bevalardan.
Qozikalonning soʻzlari tanaomuz ohangda eshitilsa-da, Umar ayoldan koʻz uzolmas, qiziqishi tobora ortib borardi. Bu payt Jahon boʻyoqsiz, lekin gʻunchadek lablarini koʻrsatar darajada chodirasini koʻtarib, ruxsat ham soʻrab oʻtirmasdan yoqimli ovozda sheʼr oʻqiy boshladi. Ajablanarlisi shunda edi-ki, u oʻz sheʼrida biron marotaba ham xon nomini zikr qilmadi. Sheʼrda oʻzining hayotbaxsh suvlarini Samarqand va Buxoro yerlariga saxiylik bilan ulashib, biron dengiz visoliga yetisha olmay, sahrolar ichra izsiz yoʻqolib ketayotgan Soʻgʻd daryosining sahovati madhiya qilinardi.
-U juda yaxshi gapirdi! Ogʻziga siqqanicha oltin beringiz!- buyurdi xon, saxiyligi tutib ketgan paytlarda aytadigan sevimli jumlasini takrorlab.
Mulozimlardan biri oltin dinorlar toʻldirilgan patnisni keltirdi. Shoira patnisga engashib, ogʻziga oltin tangalarni tiqa boshladi. Mulozimlar ularni sanab turishdi. Shoira navbatdagi tangani ogʻziga tiqa olmay oʻgʻjib, nafasi boʻgʻilib qolganida esa, xon boshliq butun saroy ahli samimiy qarsaq chalishib, kulib yubordilar. Shoira oʻz jurʼati evaziga 46 oltin tangaga sazovor boʻldi!
Yolgʻiz Umargina hamon sukut saqlar, Jahonga tikilib, shoiraning koʻzlaridan u his qilayotgan tuygʻular ifodasini qidirar edi. Uning sheʼri shunchalik tiniq, qiroati shunchalik jozibali va jurʼatli edi-ki, buning evaziga erishgan oltin tangalari Umarga tahqirona iltifotdek tuyuldi. Shoira chodirasini tushirish bahonasida goʻyo ataylab qilgandek, jamolini biroz ochib yubordi. Umar uning yuzlariga koʻzi tushib entikib ketdi, yuragi bu siymoga bir umr tikilib turish istagi bilan yonardi. Qabulxonadagilar bu
lahzani sezmay ham qolishdi. Biroq, Umarning oʻzi uchun bu lahza mangulikdek tuyuldi. “Vaqt ikki xil kechadi, -oʻyladi u oʻzicha,-yana uning ikki oʻlchami boʻladi, uzunligi quyosh harakati bilan, tezligi hissiyotlar bilan oʻlchanadi”.
Shunday yoqimli hissiyotlar ogʻushida qolgan Hayyomni qozikalonning turtishi oʻziga keltirdi. Bu payt shoira allaqachon chodirasiga oʻranib olgan, xayoliy dengizdagi yelkan misol oʻz joyiga qaytardi.
Qozikalon Umarni xonga tanishtirish maqsadida tantanavor ohangda gap boshladi:
— Oliy hazratlari, ijozat bering, sizga Xurosonning eng zabardast olimi Umar Hayyomni tanishtiray. Uning uchun olamda siri ochilmagan oʻsimliklar, falakda oʻrganilmagan yulduzlar qolmagan!
Qozikolon Umar shugʻullanadigan ilmlar ichidan tibbiyot va falakshunoslikni behudaga alohida taʼkidlamadi. Bunday bilimlarga ega kishilar har doim hukmdorlarning iltifotlariga sazovor boʻlib kelganlar. Birinchilari- ularning sogʻligʻini mustahkamlab, umrlarini uzaytirishga xizmat qilgan boʻlsalar, ikkinchilari- hukmdorlarning hokimiyatini ehtiyot qilishga xizmat qilishgan.
Xon oʻzini xursand boʻlgandek koʻrsatib, soxta jilmayib qoʻydi. Biroq u bilan ilmiy mavzuda suhbat qurishga hafsalasi kelmadi chogʻi, Umarning qanday oʻy-hayollar bilan bandligiga eʼtibor ham bermay, xursand paytlari aytadigan odatiy jumlasini takrorladi:
-Ogʻzi oltin bilan toʻldirilsin!
Umar nima deyishini bilmay,bir zum dovdirab qoldi, alamdan tomogʻi qurishib ketgandek boʻldi. Qozikalon xon iltifotini rad qilish- uning gʻazabini keltirish ekanini bildirib, Umarga tashvishli nazar tashladi. Keyin uning yelkalaridan sekingina itarib,oldinga qistadi. Biroq, Umar allaqachon bir qarorga kelib qoʻygandi:
-Olampanoh, uzrimni aytishga ijozat bersangiz. Men roʻzaman va ogʻzimga hech narsa ololmayman,- dedi u tavoʼze bilan.
— Adashmasam, ramozon oyining tugaganiga uch haftalar boʻldi shekilli!- dedi xon hayron qolib.
— Ramozon oyida men Nishopurdan Samarqand safariga yoʻlga chiqqandim.
Hozir roʻza tutolmagan kunlarim uchun roʻzai-qazo qilayapman.

Qozikalonning yuzlari xavotir va ranjishdan burishib ketdi. Qabulxonadagilar bezovtalanib, shivirlasha boshladilar. Lekin xonning turqi-atvoridan hech qanday ifodani oʻqib boʻlmasdi. U qozikalonni soʻroqlashni lozim topdi :
-Sen shariatning hamma qonun-qoidalarini yaxshi bilasan. Mavlono Umar oltin tangalarni ogʻziga solsa-yu, keyin chiqarib olsa, bu bilan uning roʻzasi rostdan ham buzilgan hisoblanadimi?
Qozikalon betaraf ohangda javob berdi:
-Shariat qoidalariga koʻra, ogʻizga olingan har qanday narsa roʻzani buzadi. Baʼzan qoʻrquv tufayli bironta tangani yutib yuborganlar ham boʻlgan.
Xon javobdan qanoatlanmadi shekilli, endi Umardan soʻradi:
-Iltifotimizni rad qilishingni boshqa sababi ham bormi?
Umar bir lahza ikkilanib turgach , javob berdi :
-Ha, boshqa sababi ham bor.
— Gapir, mendan qoʻrqmagil!
Shunda Umar quyidagi toʻrtlikni oʻqidi:
Nahot men oldingga ehson soʻrab kelsam? Nochor, yupunman deb, donu non soʻrab kelsam? Bor boʻlsa, oʻtinchim, saxiy boʻl, bergil, Insondek yashashga imkon soʻrab kelsam.
-Shoʻring quridi-ku Hayyom!- shivirladi qozikolon . Uning gangib qolgan miyasiga doʻstini qutqarish uchun bironta xaloskor fikr kelmas va bu vahimasi behudaga emasdi. Tahlikali vaziyat dahshati uning shuurini bosib kelar va bu safar qafasdan chiqib kelayotgan gʻazab sherini qanday qilib jilovlash yoʻlini topishga ishonchi komil emasdi. Xon esa, xuddi murakkab bir masalani yechish yoʻlini topa olmayotgandek chuqur xayolga choʻmib, jim qolgan, saroy ayonlari esa, undan navbatdagi dahshatli hukmni kutib qotib qolishgan. Allakimlardir , boʻron koʻtarilmasdan bu yerdan gʻoyib boʻlish payida eshik tomon yoʻl olgandi.
Umumiy sarosima jarayonida Umar yana Jahonning koʻzlarini qidirdi. Shoira bir ustunga suyanganicha qoʻllarini yuzlariga bosib, dahshatdan qotib turardi. “U ham mening qismatimni oʻylayaptimikin?” –xayolidan kechdi
Umarning.
Nihoyat, xon oʻrnidan turdi, Umarning oldiga salmoqli qadamlar bilan yurib kelib, uni mahkam bagʻriga bosdi. Keyin qoʻllaridan tutib, taxti tomon boshladi. Tarixchilarning qayd qilishlaricha: “Movarounnahr hukmdori Umar Hayyomni shunchalik ehtirom bilan kutib oldi-ki, uni oʻz taxtida yonma-yon oʻtirishdek iltifotga sazovor qildi”.
-Mana xonga ham yaqin odam boʻlib qolding, -dedi Abu Tohir xon qarorgohidan chiqishgach. Qozining xursandchiligi dahshatli xavotirlar evaziga qoʻlga kiritilgandi. Umar ochiqchasiga javob berdi:
-“Dengizning qoʻshnisi, podshohning doʻsti boʻlmas”, – degan maqol yodingizdami?

-Senga ochilgan eshikni qattiq yopma! Nazarimda saroyda martabang yanada oshadi!
-Saroy hayoti meni qiziqtirmaydi. Mening yagona orzu -istagim:
biron kun oʻz rasadxonamga ega boʻlish.. Uning yonida ajoyib gulzorim ham boʻlsa! Oʻzimni unutgan holda samoni tomosha qilsam, qoʻlimda bir piyola mayu, yonimda gul yuzli dilbarim boʻlsa!
-Boyagi shoira ayoldek gul yuzli dilbarmi?, -oʻsmoqchiladi Abu Tohir.
Oʻsha ayol Umarning butun fikru hayolini band qilib tursa ham, u oʻzini tiydi. Biroq, biron ortiqcha soʻz aytib, oʻz pinhona xayollarini oshkor qilishni istamas, bemaʼni mish-mishlar tarqalib ketishini istamasdi.
Hazili biroz qoʻpolroq chiqqanini sezgan qozikalon, mavzuni boshqa tomonga burdi:
-Mendan bir marhamatingni darigʻ tutmaslikni soʻramoqchiman.
-Aksincha, oʻzingiz meni marhamatlar bilan butunlay koʻmib tashladingiz-ku!
-Xoʻp, shunday ham deya qolaylik,- quvlik bilan rozi boʻldi qozi.
-Mening marhamatim evaziga-sen ham bir marhamat koʻrsatsang demoqchiman.
Ular qozikalon qarorgohining darvozasiga yetib kelishgach, xonadon sohibi suhbatni dasturxon ustida davom ettirishni taklif qildi.
-Koʻpdan beri fikrimni bir niyat band qilib turibdi. Bu- ajoyib bir kitob yaratish gʻoyasidir. Bir muncha vaqt sheʼr va ruboiylaringni qoʻyib tursang. Ular menga buyuk dahoning tabiiy injiqliklari-yu,odatiy ermaklaridek tuyuladi. Sen tibbiyotda, falakshunoslikda, riyozatda sheʼriyatga qaraganda ulkan yutuqlarga erishishing mumkin. Adashmasam, Ibn Sinoning vafotidan keyin hech kim sen bilan bu sohalarda bellasha olmayotir, toʻgʻrimi?
Hayyom hech narsa demadi. Biroq, Abu Tohir soʻzida davom etdi:
-Men ana shu sohalar boʻyicha insoniyat tomonidan yaratilgan bilimlarning hammasini toʻplab, yagona kitob holiga keltirishingni va uni menga bagʻishlashingni iltimos qilmoqchiman.
-Bu borada yagona kitob yaratish oson ish emas, aynan shu sababli hozirgacha oʻzim hech narsa yozmasdan, faqat oʻqib-oʻrganish bilan qanoatlanayapman.
-Fikringni tuzukroq izohlab ber! – iltimos qildi qozi.
-Bizdan ilgari oʻtgan ajdodlarimizni, yunon va hindlarni, oʻzimizning musulmon olimlarini eslaylik. Ular bu borada ancha-muncha asarlar yozib qoldirishgan. Agar men ham ular aytib oʻtgan fikrlarni takrorlasam, bu behuda ish boʻladi. Mabodo, ularga qarshi fikr bildirsam, baxtga qarshi men doim shunga harakat qilaman, erta bir kun menga ham qarshi fikr bildira oladigan olimlar topiladi. Demak, olimlardan soʻng oʻzlaridan oldin oʻtgan olimlarning fikrlariga qoʻshilmaslik, buni isbotlashga urinishdan iborat asarlargina qoladi xolos. Odamlar oʻzgalarning inkor qilingan qonuniyatlarinigina eslab qoladilar. Lekin bir kun kelib ular isbotlagan gʻoyalar ham, albatta, kelajak avlod tomonidan kulgili tarzda tanqid qilinishi shubhasizdir. Ilm boʻstonida hukm suradigan azaliy qonuniyat mana shu. Ammo sheʼriyat bunday qonuniyatdan musavo. Shoirlar hech qachon oʻzlaridan oldin yaratilgan sheʼriyat durdonalarini inkor qilmaydilar. Bular asrlar davomida avlodlar tomonidan sevilib oʻqilaveradi. Ruboiylar yozishimning sababi ham ana shunda. Turli ilmlarga qiziqishimni yaxshi bilasiz. Aynan riyoziyot bilan shugʻullansam, aqlni lol qoldiradigan raqamlar, falakiyot ilmi, borliqning jumboqli sirlari, bularning hammasi menga ilohiy bir ilhom, qalbimga sheʼriy bir zavq bagʻishlaydi. Endi, iltimos, menga haqiqat haqida boshqa gapirmasangiz!
Umar bir lahza jim qolib, keyin davom etdi:
-Men Samarqand vayronalarini koʻp bora tomosha qilishga chiqdim. Peshtoqlarida yozuvlari boʻlgan, vayronaga aylangan koshonalarni koʻrdim. Afsus, u yerdagi yozuvlarni endilikda hech kim oʻqiy olmaydi. Shunda men oʻz – oʻzimga: -Mana, bir vaqtlar gullab-yashnagan shahardan nimalar qolibdi,-dedim. Oʻsha zamonlarda yashagan odamlar-chi? Biz ularning kim boʻlib oʻtganlarini eslay olamizmi? Mayli, Alloh insoniyatga qisqa umr beribdi, lekin ular yaratgan tamaddumdan bizga nima qoldi? Bu yerda qanday saltanat, qanday ilmlar, qanday qonunlar, haqiqatlar mavjud boʻlgan? Biz bu haqda hech narsa bilmaymiz! Men bu vayronalarni titkilab, bironta sopol parchasidan hech qursa biron kishining tasvirini, devorlardan bironta rasmni topa olmadim. Ming yillardan soʻng ana shu vayronalardagi sopol parchalaridek, mening mungli sheʼrlarim ham yer ostiga koʻmilib ketadi. Vayronalarda esa, mendek yarim sarxush shoir iztirobli nigohining izlari qolishi mumkin xolos.
-Men seni fahmlayapman,- dedi qozi, maʼyusgina unga yon bosib.-Lekin, har holda shariat qozisiga may hidi anqib turgan sheʼrlaringni bagʻishlashni istamassan?!
Aytish joizki, Umar bunday hollarda oʻzini qanday tutishni bilar,undagi minnatdorchilik tuygʻusi- mayxoʻrlik tuygʻusidan ustunroq turardi. Shunday qilib, u bir necha oy davomida kvadrat tenglamalar haqidagi
mashhur asarini yozib tugatdi. Algebraga oid bu asarida mavhum sonni ifodalashda ilk bor arabcha “narsa” maʼnosini ifodalaydigan “shay” soʻzini ishlatdi. Bu soʻz keyinchalik ispan tilida nashr qilingan ilmiy adabiyotlarda “xau” shaklida ishlatildi. Zamonlar oʻtib bu soʻzdan faqat birinchi harfgina- “x” harfi qolib, u nomaʼlum sonni ifodalaydigan timsolga aylandi.
Hayyom Samarqandda yozib tugatgan bu risolasini oʻz homiysiga bagʻishlab quyidagi soʻzlarni yozgandi:
«Biz ilm ahli qadr-qimmatimiz toptalayotgan bir zamonda yashayapmiz. Shul sababdan, juda kamchilik olimlargina haqiqiy ilmlar bilan shugʻullanish imkoniyatiga egadir. Bugungi olimlar bilimining sayozligiga sabab, ularning koʻpchiligi faqat ilohiy ilmlar bilan shugʻullanmoqdalar. Men bu dunyoda ilohiy mojarolarga emas, haqiqiy ilmga, insoniyat taqdiriga qiziqadigan odamni topishdan umidimni uzgandim. Lekin Alloh menga shunday insonni, qozilar- qozisini,yaʼni imom Abu Tohirni uchratishni nasib
etdi. Bu oliyjanob odamning rahnomoligi shu ishni bajarishimga imkon berdi».

U oʻziga boshpana vazifasini oʻtayotgan shiyponga yetib kelganida, ancha kech boʻlib qolgandi.Shu sababli, oʻqish va yozishga hafsalasi boʻlmay, chiroq keltirishni ham buyurmadi. Shavvol oyining oxirida ingichka tortib ketgan koʻkdagi hilol yoʻlni yaxshi yoritmas, u shiypongacha boʻlgan yoʻlakni turtinib, surinib bosib oʻtar, oyoqlari butalarga oʻralashib qolar, yuzlarini esa majnuntol novdalari siypalab oʻtardi.
U xonaga kirishi bilanoq muloyim, lekin kinoyali ovozni eshitdi:
-Sizni barvaqtroq keladi, deb oʻylagandim!
“Bu- kun boʻyi xayolimdan ketmagan oʻsha dilbar ayolning ovozimi?”
Umar eshikni sekin yopib,roʻparasidagi sharpani qidirdi. Biroq hech narsa koʻrinmas, faqat ayolning past va mayin ovozigina eshitildi:
-Nega jimsiz? Xonangizga nogoh kirib kelganimga ishongingiz kelmayaptimi? Saroyda tasodifan tutashgan nigohlarimiz menga koʻkda chaqnagan chaqmoqdek taʼsir qildi. Biroq u yerda, xon, qozikalon va toʻplangan odamlar oldida bunday nigohingizga dosh bera olmadim. Ammo, baʼzi erkaklar kabi siz ham birorta ayolni koʻrganda oʻzingizni tiya olmasligingizni ayon etdingiz. Bori-yoʻgʻi faqat yagona oʻtkir tili hisoblangan, hulq-atvori shubhali mendek bir beva ayol uchun nega qismatingizni qimorga tikdingiz? Buning uchun xon gʻazabini qoʻzgʻashga urinish shartmidi?
Umar oʻzini allaqanday sehrli tuygʻular bilan zanjirband qilingandek sezdi. U sehrlangandek joyidan qimirlay olmas, lablari kalimaga kelmasdi.
-Ha, nega jim turibsiz, -dedi Jahon, biroz kinoyali, taʼsirchan ohangda.
-Battar boʻling, men oʻzim yolgʻiz gapiraveraman, chunki bu yerga kelishni oʻzim ixtiyor etdim. Saroydan chiqib ketganingizdan soʻng, siz haqingizda hamma narsani, hatto qayerda istiqomat qilishingizgacha surishtirib bilib oldim. Keyin Samarqandlik boy savdogarga turmushga chiqqan ammamnikida tunab kelaman deb, bu yerga kelaverdim. Odatda saroyda qolganimda, xon haramidagi ayollar bilan uxlayman, ular orasida bir necha dugonalarim bor. Ular xon huzurida sheʼr oʻqib, uning iltifotiga sazovor boʻlganligimni eshitishib, mening jurʼatimga qoyil qolishdi. Ular meni kundosh emasligimni, xonning xotinlaridan biri boʻlishni mutlaqo istamasligimni ham yaxshi bilishadi. Xonni oʻzimga maftun qila olish qoʻlimdan keladi, albatta, biroq men xon xotinlari qanday hayot kechirayotganliklarini yaxshi bilaman va bunday qismat mening ham boshimga tushishini xohlayman. Hayot- siz erkaklarga qanchalik zavqli va fusunkor tuyulsa, menga ham shunday. Bundan tashqari, kimningdir jufti-haloli boʻlgan boʻlsam ham, baribir, xon oʻz saroyida mening sheʼrlarimni tinglashni, meni oʻzgalarga koʻz-koʻz qilishni istaydi. Mabodo, u meni oʻz xotinlaridan biriga aylantirishni istasa, ishni- mening tashqariga chiqishimga ruxsat bermaslikdan boshlaydi.

Baʼzoʻr hushiga kelayotgan Umar ayol gapirayotgan soʻzlarning maʼnosiga tushunishga urinardi. Nihoyat, u tilga kirdi, biroq bu gaplarni oʻzicha aytayaptimi, oʻzgagami, yoki roʻparasidagi sharpagami, noaniq edi:
-Bolaligimda, keyin, ulgʻayganimda ham aynan shunday qarashni, shunday shoʻx nigohli ayolni uchratishni orzu qilardim. Men uni tushlarimda koʻrib, oʻngimda ham paydo boʻlishini, qorongʻu tunda nurdek paydo boʻlishini kutardim. Mana, u tun ogʻushidagi shiyponda, xayoliy shaharda, roʻparamda turibdi. Mana oʻsha goʻzal hilqat, shoira va ishq-muhabbatga chanqoq ayol!
Ayol kulib dedi:
-Ishq-muhabbatga chanqoq deysizmi? Siz buni qayerdan bilasiz? Menga hali qoʻl tekkazmagan, hatto tuzikrok koʻrmagan ham boʻlsangiz! Shubhasiz, koʻrmaysiz ham, chunki tong yorishmasdanoq bu yerdan ketaman.
Qorongʻu tun ogʻushidagi xonada atlas kiyimlarning sehrli shitirlashi eshitildi, hushboʻy atir hidi anqidi. Umar nafas chiqarmay jim turar, uning butun vujudi shirin ehtiros bilan yona boshlagandi. U bolalarcha bir savolni berishdan oʻzini tiya olmadi:
-Sen hamon paranjidamisan?
-Yoʻq. Endi mening paranjim-qorongʻi tun xolos…

Abdumurod Koʻchiboyev tarjimasi

samarqand

хдк

(Tashriflar: umumiy 1 833, bugungi 1)

Izoh qoldiring