Ал-Маъмун айтган экан: «Шомнинг кўзи — Дамашқ, Румнинг кўзи — Кустантия, ал-Жазиранинг кўзи — ар-Раққа, Ироқнинг кўзи — Бағдод, ал-Жиболнинг кўзи — Исфахон, Хуросоннинг кўзи — Найсобур ва Мовароуннаҳрнинг кўзи Самарқанддир».
Бундан минг йил аввал яшаган шоир Абул-Фатх ал-Бустий эса Самарқандни бундай таърифлаган экан:
Ул дунёда жаннат бордир мўминларга аталган,
Бул дунё жаннатининг номи эрур «Самарқанд».
Балхни унга тенглаштирган эй билмаган ғофил зот,
Абу Жаҳл тарвузига тенг келурми, ахир, қанд?!
(Хуршид Давроннинг «Қоғозда ёзгулик қолғай» мақоласидан).
САМАРҚАНДГА БАҒИШЛОВ
Мушоира
ОЙБЕК
РЕГИСТОНДАН ЎТГАНИМДА
Эй мозийнинг йиқиқ, хароб сийнаси!
Яна тоғдек кўкка қараб ётасан.
Сенда синди қанча қуёш нинаси?
Яна олтин жилваларни отасан.
Асрларнинг оғирлиги чўкади
Ёш кўнглимда сени ҳар кун кўраркан.
Бир лаҳзада буюк тарих ўтади
Хаёлимда… бир он толиб қоламан.
Буюк гавданг кўз ёшим-ла бирлашган,
Остингдадир шиббаланган суяклар.
Шунинг учун яна маҳкам тиккай сан,
Рангинг тоза… юзларингда чечаклар.
Ммнг-минг киши баданидан эмиб қон,
Буюкларнинг исми учун юксалдинг,
Сени сийпаб ўтган нозли шамолдан
Тинглайсанми у, тузилиш тарихнинг?
Бу кун ҳаёт чиқди эски излардан,
Меҳнат қаттиқ курашини бошлади.
Эски дунё қалтирайди бизлардан,
Қўллар занжир, кишанларни ташлади.
Қучоғингда янги ҳаёт яйрайди,
Олдимизда нашъа тўла кунлар бор.
У кунларни қувиб кучлар қайнайди,
Кўрасанким ипак кийган тунлар бор…
Замонларнинг билинмас кўп қўллари
Юзларингни тимдалаган, доғ солган,
Сўйла, қанча қушлар учиб зангори
Тиник кўкдан… кенг сийнангда дам олган?
МИРТЕМИР
САМАРҚАНД ШЕЪРЛАРИДАН
Сен менинг тарихимда ўразлик номсан,
Сен менинг тарихимда эзгу айёмсан.
Сен менинг тарихимда май тўлиқ жомсан,
Сен менинг қўшиғимсан, мангу мақомсан.
Йўқ, на Нуҳсан, на Золсан, на Лут, на Сомсан,
Ўша бобокентимсан, девзот бобомсан,
Оҳ, нечоғлик суюксан, соз, дилоромсан,
Сўлим Самарқанд!
Сен Семизкентимсан-ку, қадим Семизкент,
Аслида ёлғизмассан, ошкор эгиз кент.
Манглай тер дарёсидан бахти денгиз кент,
Кўҳна Шарқ сийнасида қуёш менгиз кент,
Эй, менинг ёруғ чашмам, нури чексиз кент.
Мерос кентлар тожисан, суюк, тенгсиз кент,
Менга ҳаёт татимас эди сенсиз кент,
Сўлим Самарқанд!
Ажиб ўлкам ҳуснида ажиб, тенгсиз хол,
Ярқироқ камолингга не-не дунё лол,
Эй, кўзим қорачиғи, юксал безавол,
Заҳматкаш, эй мушти тош, покдил ва ҳалол.
Нони, тузи табаррук, суви зилол, бол,
Ялмоғизга, ёвузга ҳамиша қаттол.
Мақтовига поён йўқ, етук баркамол,
Сўлим Самарқанд!
Эркин ВОҲИДОВ
САМАРҚАНД
Оташин барқ ёнди гулранг
Чархнинг меҳробида,
Чарх урар кўнглим хаёлнинг
Оташин гирдобида.
Субҳидам офтоби кўкнинг
Гумбазида ёнди, ё
Ёнди бу фируза гумбаз
Субҳидам офтобида.
Тонг эмас бу, тонгда бўлсам
Мен хаёл обида ғарқ,
Тонг қилибдир чунки кўнглим
Бу хаёлдек обида.
Кўҳна шаҳрим, тарихингни
Кўз юмиб қилсам хаёл,
Ғарқ кўринди мазлум элнинг
Кўз ёши селобида.
Бу саройлар ғишти элнинг
Ашки бирлан хокидан,
Рангу бўёғи қорилмиш
Қайғунинг зардобида.
Чулғаниб сокин хаёлга
Жим ётар соғоналар.
Не кўрар Мирзо Улуғбек
Беш асрлик хобида?
Кенг фалакни қучди инсон,
Лек минг йил ўтса ҳам,
Илк муаллимдир Самарқанд
Илми афлок бобида.
Бош эгиб устоз Улуғбек
Қошида турдим бу тонг,
Чарх уриб кўнглим хаёлнинг
Оташин гирдобида.
1967
Абдулла ОРИПОВ
ТЕМУР БОҒЛАРИ
Мағлуб бўласанми ва ёки ғолиб,
Тарихда қолгайдир оёғинг гарди.
Темурнинг боғлари гоҳо йўқолиб,
Гоҳида: — Мен бор, деб зимдан кўкарди.
Гарчи Самарқанд бу — аслида меъмор,
Ижоди — Регистон, Шоҳизиндадир.
Лекин, аҳли жаҳон, айланг эътибор:
Темур боғлари ҳам ахир, бундадир!
У — Боғи беҳиштдир, у — Боғи шамол,
Барчаси ёдгордир улуғ мозийдан.
Авлодлар бетиним кўкартди ниҳол,
Боғларин асради ёвдан, осийдан.
Темурсиз яшайди, мана, Самарқанд,
Лекин чаманлари яшноқдир ҳануз —
Қорасув бўйлари жаннатга монанд,
Порлаб турган чашма — минг кўзли юлдуз.
Темурдек зотнинг-ку, қайтмоғи гумон,
Лекин не бўлса ҳам изи қолибди.
Қанча чеврилмасин кўҳна бу жаҳон,
Боғи, иморати, сўзи қолибди.
1991
Рауф ПАРФИ
САМАРҚАНД ОСМОНИДА
Кезар бўлдим фазоларда ман,
Оқ тўлқинлар уммони ичра.
Юрагимда қайғу-шодумон
Айланурман Самарқанд узра.
Кўз ўнгимда қадимий жаҳон,
Асрларни бузар хаёлим.
Осмонида шунча ҳаяжон,
Тушганимда не кечар ҳолим?
Фалакларда муаллақ турдим,
Мени сўнгсиз хаёл этмиш банд.
Сенинг буюк ўтмишинг кўрдим,
Келгусингни кўрдим, Самарқанд.
Таърих айтар, аста жаранглар,
Даҳмаларда қадрдон калом.
Зиё сочар самовий ранглар,
Минорларда абадий илҳом.
Клавихо каби боқурман,
Бошинг узра келдим-ку алҳол.
Асрлик тош янглиғ қотурман
Шоҳизинда қошида беҳол.
Ошиқман-ку мен учун басдир,
Атамассан менга қаҳрингни,
Лекин барча ошиқ эмасдир
Сен уларга очма бағрингни.
Карвон-карвон келиб кетдилар,
Ҳаммасини бағрингга олдинг.
Шамол каби елиб кетдилар,
Фақатгина Сен мангу қолдинг.
Илҳом излаб келди бирови,
Биров сенга қилинди сургун.
Ким дўст эди, ким эди ёвинг,
Барчасини айтолмам бугун.
Ер талашиб келдилар ахир
Ваҳший тўда айҳоннос уриб.
Ҳаммасидан хабардор таърих,
Мен не дейин осмонда туриб.
Бўлган-ку кўп қиёмат-қойим,
Қийин эрур ахтармак қиёс.
Туркистонни ўйлармиз доим,
Келажакка буюк эҳтирос.
Тушлар кўриб ухларсан гўё,
Тушларингда қадимий қисмат,
Эй, Самарқанд, эй кўҳна Дунё,
Сен уйғониб кетмагил фақат.
Кўпдир шаҳар деганнинг оти,
Имкон бўлса кўрарман бир-бир
Бироқ танҳо эрур ҳаётим,
Танҳо эрур Самарқанд ахир.
Бахти кулган элни кўргайман
Хароб бўлган бўстон жойида.
Таъзим бажо қилиб тургайман.
Кўктангрининг қутлуғ пойида.
Кезар бўлдим фазоларда ман,
Оқ тўлқинлар уммони ичра.
Юрагимда қайғу-шодумон
Айланурман Самарқанд узра.
Маъруф ЖАЛИЛ
САМАРҚАНД
Салобатннг, камолингга изламай қиёс,
Рим, Қоҳира тақдиридан сўзласам бир оз;
Гомер билан Геродот ҳам қилмай эътироз —
Шаҳрим, сени буюклик-ла қўйиб ёнма-ён
Бнри тарих, яна бири ёзарди достон.
Аммо улар қилиб кетдн қилар ишини,
Сен-чн, ҳамон лол этасан кўрган кишини,
Сўзлагандай ҳар ким чала қолган тушини,
Сайёҳ айтиб тугатолмас, бегона гарчанд,
О, мен қандай тамом қилай мадҳинг, Самарқанд?!
Завол олиб келган чоғи сенга Искандар,
Камолингни кўриб шошиб қолди шу қадар,
Ўз халқини ранжитмоқдан қўрқмаса агар,
«Юз ўгирдим ҳаммасидан, бориб айт, шамол,
Шу ер менинг Ватаним», деб айтарди дарҳол.
Аммо бошқа бнр йўл билан айтиб сирини,
Шу диёрга пайванд қилди ўз тақдирини,
Бу лаънатдан поклаш учун она-Ерини,
Мардлар қилич яланғочлаб кирди майдонга,
Ўлди, аммо доғ туширмай ўлди виждонга.
Кечир шаҳрим, босиб ўтган йўлинг кўп узоқ,
Ҳар бир кунинг китоблардан маълумдир, бироқ.
Уни қайта такрорлашга ҳожат йўқ бу чоқ,
Аммо янги кашфиётдай кўтариб баланд,
Ғурурнмни айтмоқчиман сенда, Самарқанд.
Чигирткадай ёпирилдн Шарқдан гур этиб,
Ўтди қанча водийларни чўлдай қуритиб,
Қанча бўғди икки қитъа ёқасин тутиб,
Танти тақдир эркалаган мўғул зотлилар,
Чингиз отли, Боту отли, учқур отлилар.
Зулмат ичра шуъла сочиб ўтар қаҳрамон,
Курашларда устоз бўлар шафқатсиз замон,
Тарих уни олиб кетар мангулик томон,
Шу тахлит бахт қуши қўниб азиз бошингга,
Қанча-қанча мард ўғлонлар келган қошингга.
Ҳеч бир дардга бўлган эмас манманлик даво,
Боязиднинг бошига ҳам шу бўлди бало,
Сўнг Европа қудратингга бўлиб маҳлиё
Қўрқув ичра назар солди сенга, Самарқанд,
Боязиднинг кулфатидан шод эди гарчанд.
Шайтон йўлдан урди сўнгра ҳакамларннгни,
Эслайсанми қондай қизил шабнамларингни?
Ёзиб адо қилолмасман аламларингни,
Аммо шунча кучли эди ишонч, бардошинг,
Қуёшингни ютолмади аччиқ кўз ёшинг.
Гоҳи юксак-юксакларга айладинг парвоз,
Гоҳ узилди авж пардада янграб турган соз,
Гоҳи ёниб кетган каби беназир қоғоз —
Ёниб кетдинг, кулларингни учирди шамол,
Тағин пайдо бўлдинг, чунки халқинг безавол.
Етти тепа елкасига Римдай ўрнашиб,
Сафар қилдинг, жабборим, деб Кунга эргацшб,
Ахсикату Хоразмдай шонга буркашиб;
Алп Тегину Жалолиддин полвонлар ўтди,
Кошғарийдай, Берунийдай ўғлонлар ўтди.
Бир қўлингда қилич билан буғдой бошоғи,
Бир қўлингда Қуёш қўнган юртнинг байроғи,
Хотирангда боболарнинг ўлмас сабоғи,
Балки шундай бўлгандирсан, шаҳрим, бурунда,
Аммо бугун сен шундайсан тасаввуримда.
Чўпон ота тепаликдан ташлайди назар:
«Ннма бўлди? Кечагидан ўзгадир шаҳар?
Кўксаройда бир гап бормн? Нотинч шу қадар?»
Қўнғироғин жаранглатиб ўтаркан карвон
Сарбон айтар: «Қурбон бўлмиш аллома султон…»
Кечир шаҳрим, босиб ўтган йўлннг кўп узоқ,
Ҳар бир кунинг китоблардан маълумдир, бироқ,
Унн қайта такрорлашга ҳожат йўқ бу чоқ —
Аммо янги кашфиётдай кўтариб баланд,
Аламимни айтмоқчиман сенда, Самарқанд.
Ўтмиш билан истиқболинг туташган ерда,
Мен кўрганман саховату макрни бирга.
Бугун бағринг тўлганда ҳам иқболу нурга.
Ўша макр асорати жилмаяр келиб,
Йиллар оша хотирамни безовта қилиб.
Нону қатиқ бўлиб бирга йўллар юрмадинг,
Наҳот совға ортидаги тўрни кўрмадинг?
Шубҳа қилдинг, аммо нечун отни бурмадинг?
Қанча тилсим ва қудратга бўлсангу эга
Ишлатмасанг нега керак шунча тажриба?
Мумкин бўлса ҳаётингдан юлиб ташламоқ,
Тарихингда турмас эди юунча қора дор.
Шартта юлиб ташлар эдим ўйлаб-нетмай, оҳ!
Гарчи кўркам дамларннгни адо этган у,
Аммо қалбга томир каби сингиб кетган у.
Сизга эмас, аждодларим, бу таъна зинҳор:
Ҳамон юрар аламзада руҳингиз бедор,
Бўлмасин деб яна шундай хатолар такрор,
Сўнмасин деб уйингизда порлаган чироқ,
Авлодларга ибрат бўлсин дейман шу сабоқ.
Кечир, шаҳрим, босиб ўтган йўлинг кўп узоқ,
Ҳар бир кунинг китоблардан маълумдир, бироқ,
Уни қайта такрорлашга ҳожат йўқ бу чоқ —
Аммо янги кашфиётдай кўтариб баланд,
Армонимни айтмоқчиман сенда, Самарқанд.
Гоҳ юмшоқ, гоҳ аччнқ кулиб Афанди кезар.
Муғомбирлар, нодонларни содда Кал эзар,
Алла тинглаб ҳар бешикда Алпомиш ўсар…
Помирдан то Оролгача пахта экнб эл
Баҳодирлар қони томган ерга букар бел.
Чуҳ, тулпорим, ҳамма ўйнаб-кулмоқда бугун,
Кўҳак ёқда Наврўз тўйи бўлмоқда бугун,
Тўрт тарафдан чавандозлар келмоқда бугун…
Эй, шамоллар, ёпишмангиз тулпор ёлига,
Янги Турон бормоқда ўз истиқболига.
1968—1975
Усмон АЗИМ
САМАРҚАНД БЎЙЛАБ ТУНГИ САЙР
Хуршид Давронга
— Самарқанд, илдизинг қаерда?
Кечангни чироқлар парчалаб ташлаган,
тун билан нур ўртасида
узун арвоҳлар —
миноралар кетиб борар
келажак сари,
баъзан
ойга боқиб
тўхтаб қолишар
(азон саси урилдими қулоқларига?).
Зиналарингдан
чопонига ўралган
сўфи эмас,
мен ўрлаб бораяпман
фалак
пештоқига
ва ерга боқиб нотинч шивирлайман:
— Самарқанд, илдизинг қаерда?
Мадор бўлгин энди умидларимга,
менинг тўрт минг йиллик боғим!
Бир япроғингман:
Йўқотгим келмайди илдизларимни.
Ана, осмоннинг қурбони — шаҳид расадхона,
ана, тарихнинг кўмилган бешиги — Афросиёб…
Неча аср бўлди ўшанга?
— Тупроқ, қани,
ёрил!
Самарқанд, илдизинг қаерда?
Юлдузлар орасида келажак йўли,
Замон поездини
Қалбим,
Қорқмай торт!
Ва битта вагонга
боболар руҳини,
Қайғу аламини,
шавкат-шонини,
ушалмаган орзусини орт!
Бу кимлар?
Қайдаман?
Регистон, сенми?
Нечун сенга келсам,
кўксимни тўлдирар жумлаи жаҳон?
Балки анов мовий гумбаз тагида етган,
боболарим
армонининг
шамолидир бу?
Аммо овозлар чиқар замин қаъридан:
Мен, — дейди (Спитамен, сенмисан?).
Мен, — дейди (Улуғбек, сенми?),
Биз, — дейди гувиллаб бир лашкар —
келажакка эргашиб келар
сарбадорлар!
Самарқанд, илдизинг…
Савол ортиқча…
Теграмда мен билан ўйланиб,
мен билан қийналиб,
илдизга айланиб борар бир кеча.
Муҳаммад РАҲМОН
АЛИ ҚУШЧИ. УЙҒОНИШ
Жўраларим чорлашди узоқ,
(Аҳмадмиди, билмадим, Қобил)
Мен кўчага чиқмадим бугун,
Ўйинларим қолдилар сабил.
Митти жавон — меҳроби токча,
Ёқилмаган шамчироқ кафил:
Ўқимадим,
Уқмадим бугун,
Китоблар ҳам қолдилар сабил.
Сўқмоқми бу, чумоли изи,
Тош деворли ҳовлилар қайда?
Қайга боқмай, нимага боқмай,
Кўринмоқда ҳаммаси майда.
Чинорларим қолганлар чўкиб,
Пойимга ҳам чиқмайди дарё…
Мўъжазмидинг аввал ҳам Қушчи*,
— Мен таниган, мен билган дунё?
Йироқларга қарайман тўниб,
Хаёлларим узуқ-юлуқдек:
Қаердадир тоғлар ортида
Самарқанд бор ва бор Улуғбек.
* Китоб туманида Қушчи номи билан аталувчи тоғ қишлоғи бор. Қушчиликлар Али Қушчини ўз ҳамюртлари деб биладилар. Бу ерга Улуғбекнинг ҳам пойқадами етган.
Хуршид ДАВРОН
УЧ ШЕЪР
САМАРҚАНД
Бир шивир мисоли Самарқанд
Бисмиллоҳ каби ложувард
Юлдузлар остида дунёнинг
Энг гўзал аёли мисоли
Соғинчим тимсоли
Сочлари шамолда ёйилган
Навбаҳор тоширган Ёйиқдай
Симобий либосга ўранган
Темур эркалашларига ўрганган
Улуғбек қонидай сочилган
Қизғалдоқлардай очилган
Юлдузлар остида дунёнинг
Энг гўзал аёли мисоли
Дунёнинг энг гўзал шеърини
Болалик чоғимда қучоқлаб
Онамдай эркалаб шивирлар
Самарқанд Самарқанд Самарқанд
Бир шивир мисоли мунгли дард
Бисмиллоҳ мисоли ложувард
ЭСКИ ШАҲАР
Бибихоним дахмаси харобасида
сўнгги бор акс этар ва сўнар қуёш.
Уйғона бошлайди кун нафасидан
мудраб ухлаб қолган қора қабртош.
Тор, қийшиқ кўчалар адашиб қолиб,
илондек ўрмалар нурафшон тунда.
Товлана бошлайди қайғуга тўлиб
“Зижи Кўрагон”нинг акси осмонда.
Мудрар сезгир қушлар бутоқлар аро,
уларнинг уйқусин бузар шамоллар
ва қайсар эшагин ниқтаб бесадо
уйга қайтаётган бозорчи чоллар.
Томга учиб тушган ёрқин бир юлдуз
куйдира бошлаган пайтда ўтларни,
мункайган чол каби қариган кундуз
Шоҳизинда томон писиб ўтарди…
Эски шаҳар ухлар, мудраган токлар
пахса деворларни маҳкам қучоқлар.
Ухлайди бозорда қовуну-ноклар,
Тушларига кириб муаттар боғлар.
Тунги сукунатда тўкилар ерга
йиллар нафасидан нам тортган шўрхок.
Боладек мўлтираб боқар шаҳарга
бир четда биқиниб олган митти боғ.
1979
* * *
Самарқанд – бу бир ҳовуч қайғу,
Бир қултум бахт, бир ҳовуч армон.
Самарқанд – бу қадим қайиғу
Сузиб борар келажак томон.
Самарқанд – бу Ўзбекистоннинг
Остонаси, биринчи сўқмоқ.
Бироқ уни англамоқ учун
Шартдир бутун Ватанни ўтмоқ.
Самарқанд – бу боболар сози,
«Муножот»га аксу садодир.
Қўшиғини қолдириб, ўзи
Кетиб қолган Ҳожи бободир.
Самарқанд – бу рангин бир исён.
Ватанимнинг қоқ ўртасида
Юрагимдай кўтариб сурон
Боболарга ўқир қасида.
1980
Саъдулла ҲАКИМ
САМАРҚАНД ЎЙЛАРИ
Самарқанд жамолини гар неча замон кўрдим,
Минг йиллик малоҳатни то ҳануз, ҳамон кўрдим.
Тиллакори тоқининг зарҳал нақшларида
Улуғбек қабосидан тўкилган тўзон кўрдим.
Гул фасли шаҳар узра товланган камалакни
Ўқ минора устида тортилган камон кўрдим.
Мадрасалар ёнидан юксалгандек қўш минор
Ўзбек билан тожикни доим ёнма-ён кўрдим.
Гоҳи гул очди бағрим, гоҳида хазон тўкди,
Оқилни кўрдим бир ён, нокасни бир ён кўрдим.
Ҳаётнинг бир юзи тун, кундуз экан бир юзи,
Чўпонотада қуёш, пойида туман кўрдим.
Аммо ҳар муюлишда дуч келдим хуш забонга,
Ҳар қалбда зиёратгоҳ гавжум Регистон кўрдим.
Темурий шиддат кўрдим йигиглар нигоҳида,
Ой қизлар чеккасида куйлаган райҳон кўрдим.
Шом жозибасин кўрдим қариялар кўзида,
Ошиқларнинг изида отаётган тонг кўрдим!
1988.
Муҳаммад ЮСУФ
САМАРҚАНД
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекнн кўриб қайтаман.
У қон йиғлаб турар ҳар сафар:
Мен дардимни кимга айтаман?..
Бағримда бўй етган бўз болам,
Мерган болам, лочин кўз болам,
Бўғзимга тиғ урган ўз болам…
Мен дардимни кимга айтаман.
Сезмай қолдим. Ўшанда чоғим,
Юлдузларда экан нигоҳим.
Билмадим не экан гуноҳим,
Мен дардимни кимга айтаман.
Қанча ғамга ботмаган эдим,
Қанча оғу ютмаган эдим…
Ўз боламдан кутмаган эдим…
Мен дардимни кимга айтаман.
Таним музлаб, гоҳ тош қотаман,
Мен шоҳ эмас, ахир, отаман.
Гўримда ҳам ўйлаб ётаман,
Мен дардимни кимга айтаман?..
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўрмай келмайман.
У менга қон йиғлар ҳар сафар,
Мен дардимни кимга айтаман!
Нурилло ОСТОН
САМАРҚАНД
Ҳали ноз уйқудан уйғонмай шамол,
Тоғлар тун қабосин ечмайин ҳали,
Ҳар саҳар кўчага чиқади бир чол,
Самарқанд гардини кўзга суртгали.
Ватандан айрилган ватангадолар
Тириклик йўлида саргардон, дали,
Лаблардан узилар мажруҳ нидолар
Самарқанд гардини кўзга суртгали.
Дунёни таниган не-не зотлар ҳам
Мағрибу машриқдан келган маҳали
Улуғбек юртига қўяркан қадам
Самарқанд гардини кўзга суртгали.
Олислаб кетганда она юртимдан,
Қалбимда титрайди бир туғён сели,
Соғиниб қайтарман етти иқлимдан,
Самарқанд гардини кўзга суртгали.
Равшан ФАЙЗ
САМАРҚАНД
Сени керагича билмайман, шаҳар,
Адашиб юраман кўчаларингда.
Бир қўниб ўтаман гоҳ шом, гоҳ саҳар,
Шу битта жонимни парчалаб мингга.
Ишим, ташвишларим сочимдан кўпдир
Ва мудом шошилинч бўлади йўлим.
Сен ҳам хат ёзмайсан, ўзбексан, ахир,
Меҳмон кутишдан ҳеч бўшамас кўлинг.
Мен-чи, ўзинг каби — пастлик ҳилмайман,
Қийин жумбоқларга етмаса аҳлим,
Ҳазил-ҳузил билан, ҳатто, билмайман,
Сени бериб кўйдим ҳай куни, шаҳрим.
Шунданми сен мени танимайсан, ё
Шунчаки бепарво қарши оласан
Ва ўзинг ўзингдан ортмасдан асло
Кетсам ҳам жимгина қараб ҳоласан.
Шунданми, тасодиф ёки тар қолиб
Умримни боғласам кечаларингга,
Худди бир бегона сайёҳ мисоли
Адашиб юраман кўчаларингда.
Абдували ҚУТБИДДИН
ИККИ ШЕЪР
САМАРҚАНД
Новвойхона томидан баландроқда
Булут қўнишди,
Катта патир бўлди Дарғом тепасида.
Афросиёб харобалари ёнида,
Алп юмшоқ булутни ушлади,
Бурдалаб улоқтирди Зарафшонга…
«Самарқанд сайқалдир рўйи заминга…»
Қандаҳорда Нью-Жерсилик аскар,
Ойга ўқ узди, одамга эмас,
«Улуғбек шаҳрида одамлар унни
Кўпчитиб нон қасрларини қурадилар»
Пичирлади шўрлик.
Шунда ой ботган тоғдан гумбурлади англанмас ғазаб,
Нимталанган танадан руҳ силқиди ёп-ёруғ:
«Самарқанд тинчлик бер, рўйи заминга…»
У ерда Чўпонотанинг бағрида
Варрак учирарди болакайлар,
Аллақандай бобо ва момо варракка қўшилиб,
Қанот қоқишарди қироат билан.
(Амир Темурмикин, Бибихониммикин….)
Бир ойга келган италиёнлик муҳандис,
Уч йил бўлди, кетмас,
Менга турмушга чиқ,
Шаҳринг қадрига етдим, дейди Моҳинурга,
Самарқандлик бўлиш учун уч йил етмас, дейди Моҳинур…
Уч минг йил етмас, дейди Моҳинур,
Боғи шамолдан оқ фотиҳа ол,
Хўжа Зулмуроддан мурод сўра ва сев,
«Самарқанд муҳаббатдир рўйи заминга…»
Сиёб бозорида зармитанлик эна,
Қатиғини кўпчитиб, қуртини доналаб,
Дам солиб сотади етмиш йилдан бери:
Олсанг-ла, тилладай бўлар ниятларинг…
Алалхусус, Самарқанд тилла ниятлар сочар рўйи заминга…
Ҳар икки йил ораси Моцарт
Зиёрат қилар экан Регистонни,
Энг қадимий найни чалиб, август панасида.
Машшоқлар, созандалар, қўшиқчилар
Булбул чаманига ошиқар самимий.
«Самарқанд тарона рўйи заминга…»
У оҳанрабо, мудом чорлайверади ўзига,
Қутбу қудрат берар чин дилдан талпинса,
Сукут берар, субут берар, осойиш, ором,
Жаннат эшигини очар, улуғлар шоҳид:
«Самарқанд нажотдир она заминга…»
«Тошкент» кўчасининг ўнг ёнбошида,
Мактаб бор эски,
Ичида тарихий кўргазма,
Унда сурат бор эътиборга молик.
Жиддий, кўзи дард тўла бола,
Қўлида ўзи ясаган мўъжаз ҳаво кемаси,
Шаҳдланиб турибди кўкка учиргани,
Зеҳн бериб қаралса,
«Ўзбекистон» деган ёзув чалғинади ёришиб,
У халқнинг қўлидан ушлаган бугун,
Ватанга бахш этиб борлиғин мағрур
Учоғини кўкка учирган юксак.
Авайлаб-асраб ҳар биримизни,
Эъзозлаб, қадрлаб ҳар биримизни,
Оламга танитган, орзуга танитган.
«Самарқанд Истиқлол кўҳна заминга..»
Элликлаб қолдим,
Кўнглим ўн бешдай,
Хат ёзгим келар синфдош қизга
«Мен сени… севаман… мен сени…»
Дарғомнинг бўйида чўлғотгим келар,
Майсалар сочини, севгилим аксини…
Кулимсиб, кулимсиб — шодлигим пўртана,
Арғумоқ жиловин тортиб, шопиллаб,
Қамчинни бир уриб, Зарафшон узра
Сепкили тошган кундузнинг бағрига
Ўтиб кетолсайдим овозим гупиллаб.
«Самарқанд!
Сен битта
Рўйи заминда…»
2010
САМАРҚАНД МЕНИ БАҲОРДА ЧАҚИРАДИ
Самарқанд мени баҳорда чақиради,
Минорлар юради галалашиб.
Дарғомда уйғонган балиқлар бақиради,
Камалаклар қувлашар ранг талашиб.
Боғлар гуркирайди, осмон ҳам ғилт-ғилт.
Бир йиғлаб олади, кулар қалдираб.
Қушлар гурросига мўлтираб мўлт-мўлт
Шаҳарга киради қирлар галдираб.
Ҳай-ҳайлаб томларга чиқар одамлар,
Дўппиларга тўлар юлдузлар нури.
Тизилиб рақс тушиб берар оқшомлар
Кундузларга чироқ кўтартиришиб.
Самарқанд мени чақиради бир кун,
Сочларин қиздириб мажнунтолининг.
Кўкрак қафасини ёриб бораман,
Қон пуркаб юзига шамолнинг…
1986
ФАХРИЁР
ТОНГГИ РЕГИСТОН
Азон айтар муаззин минорлар.
Фалон йилки
Карвонсиз саройлар ва хонақоҳлар —
Бари-бир бойқушнинг мулки.
Эл ухлайди йўқсил, хотиржам,
Тонг уйқуси руҳафзо.
Эгатларда чарчаган элга
Истироҳат-ухламоқ афзал.
Кўрпаларга илдиз отади
Унинг уйқуси.
Йўлбарс ҳайдаб кетар бир кеча
Оҳуларин туйқусдан.
Ибодатга чиқмайди ҳеч ким.
Мустабид саҳар
Кимсасиз шаҳарда
Юлдузларга беради заҳар.
Кечани эса у
Қудуққа ташлар.
Кейин ухлаётган раият устидан
Ҳокимият юргиза бошлар…
Тонг отади Регистон узра,
Гумбазларга чиқади осмон.
Яна дўст бўлади тунги рақиблар,
Гулга айланади яна Ёсуман.
Яна бир ксчани тонглар отади…
1987
Талант БЕК
РЕГИСТОНДА
Кечмишларнинг тулпор отида,
Мадрасалар турар мунғайиб.
Ё мозийнинг кенг қанотида
Толиблари бўлганми ғойиб?
Бошларимдан булутлар ўтиб,
Юлдузларни ичиб йўқотар.
Қадим тошлар изларни ютиб,
Хотирамни инграб уйғотар.
Мудраб турар сокин бир тунда,
Деворларда шамширлар изи.
Туйнуклардан қарайди менга
Аждодларнинг чорлаган кўзи.
Теграмдадир қўҳна уч маскан:
Тиллакори, Шердор, Улуғбек.
Ферузаранг гумбазларидан
Кўкка боқар бедор Улуғбек.
Фидо бошлар қийнайди мани,
Сарбадорлар бўлгуси гувоҳ.
Қотил дунё тўймасми, эвоҳ,
Ялангтўшдек баҳодир қани?
Пойимдаги шу азиз тупроқ
Чаймишдир-ку боболар қонин.
Менга сўйлар муқаддас даргоҳ
Мангу ёниқ руҳлар достонин.
Бунда собит турган Регистон
Асрларга елка тутади.
Мендек бўзлаб қалбида ҳамон
Кимларнидир интиқ кутади.
1998
Bundan ming yil avval yashagan shoir Abul-Fatx al-Bustiy Samarqandni bunday ta’riflagan ekan:
Ul dunyoda jannat bordir mo’minlarga atalgan,
Bul dunyo jannatining nomi erur «Samarqand».
Balxni unga tenglashtirgan ey bilmagan g’ofil zot,
Abu Jahl tarvuziga teng kelurmi, axir, qand?!
(Xurshid Davronning «Qog’ozda yozgulik qolg’ay» maqolasidan).
SAMARQANDGA BAG’ISHLOV
Mushoira
OYBEK
REGISTONDAN O’TGANIMDA
Ey moziyning yiqiq, xarob siynasi!
Yana tog’dek ko’kka qarab yotasan.
Senda sindi qancha quyosh ninasi?
Yana oltin jilvalarni otasan.
Asrlarning og’irligi cho’kadi
Yosh ko’nglimda seni har kun ko’rarkan.
Bir lahzada buyuk tarix o’tadi
Xayolimda… bir on tolib qolaman.
Buyuk gavdang ko’z yoshim-la birlashgan,
Ostingdadir shibbalangan suyaklar.
Shuning uchun yana mahkam tikkay san,
Ranging toza… yuzlaringda chechaklar.
Mmng-ming kishi badanidan emib qon,
Buyuklarning ismi uchun yuksalding,
Seni siypab o’tgan nozli shamoldan
Tinglaysanmi u, tuzilish tarixning?
Bu kun hayot chiqdi eski izlardan,
Mehnat qattiq kurashini boshladi.
Eski dunyo qaltiraydi bizlardan,
Qo’llar zanjir, kishanlarni tashladi.
Quchog’ingda yangi hayot yayraydi,
Oldimizda nash’a to’la kunlar bor.
U kunlarni quvib kuchlar qaynaydi,
Ko’rasankim ipak kiygan tunlar bor…
Zamonlarning bilinmas ko’p qo’llari
Yuzlaringni timdalagan, dog’ solgan,
So’yla, qancha qushlar uchib zangori
Tinik ko’kdan… keng siynangda dam olgan?
MIRTEMIR
SAMARQAND SHE’RLARIDAN
Sen mening tariximda o’razlik nomsan,
Sen mening tariximda ezgu ayyomsan.
Sen mening tariximda may to’liq jomsan,
Sen mening qo’shig’imsan, mangu maqomsan.
Yo’q, na Nuhsan, na Zolsan, na Lut, na Somsan,
O’sha bobokentimsan, devzot bobomsan,
Oh, nechog’lik suyuksan, soz, diloromsan,
So’lim Samarqand!
Sen Semizkentimsan-ku, qadim Semizkent,
Aslida yolg’izmassan, oshkor egiz kent.
Manglay ter daryosidan baxti dengiz kent,
Ko’hna Sharq siynasida quyosh mengiz kent,
Ey, mening yorug’ chashmam, nuri cheksiz kent.
Meros kentlar tojisan, suyuk, tengsiz kent,
Menga hayot tatimas edi sensiz kent,
So’lim Samarqand!
Ajib o’lkam husnida ajib, tengsiz xol,
Yarqiroq kamolingga ne-ne dunyo lol,
Ey, ko’zim qorachig’i, yuksal bezavol,
Zahmatkash, ey mushti tosh, pokdil va halol.
Noni, tuzi tabarruk, suvi zilol, bol,
Yalmog’izga, yovuzga hamisha qattol.
Maqtoviga poyon yo’q, yetuk barkamol,
So’lim Samarqand!
Erkin VOHIDOV
SAMARQAND
Otashin barq yondi gulrang
Charxning mehrobida,
Charx urar ko’nglim xayolning
Otashin girdobida.
Subhidam oftobi ko’kning
Gumbazida yondi, yo
Yondi bu firuza gumbaz
Subhidam oftobida.
Tong emas bu, tongda bo’lsam
Men xayol obida g’arq,
Tong qilibdir chunki ko’nglim
Bu xayoldek obida.
Ko’hna shahrim, tarixingni
Ko’z yumib qilsam xayol,
G’arq ko’rindi mazlum elning
Ko’z yoshi selobida.
Bu saroylar g’ishti elning
Ashki birlan xokidan,
Rangu bo’yog’i qorilmish
Qayg’uning zardobida.
Chulg’anib sokin xayolga
Jim yotar sog’onalar.
Ne ko’rar Mirzo Ulug’bek
Besh asrlik xobida?
Keng falakni quchdi inson,
Lek ming yil o’tsa ham,
Ilk muallimdir Samarqand
Ilmi aflok bobida.
Bosh egib ustoz Ulug’bek
Qoshida turdim bu tong,
Charx urib ko’nglim xayolning
Otashin girdobida.
1967
Abdulla ORIPOV
TEMUR BOG’LARI
Mag’lub bo’lasanmi va yoki g’olib,
Tarixda qolgaydir oyog’ing gardi.
Temurning bog’lari goho yo’qolib,
Gohida: — Men bor, deb zimdan ko’kardi.
Garchi Samarqand bu — aslida me’mor,
Ijodi — Registon, Shohizindadir.
Lekin, ahli jahon, aylang e’tibor:
Temur bog’lari ham axir, bundadir!
U — Bog’i behishtdir, u — Bog’i shamol,
Barchasi yodgordir ulug’ moziydan.
Avlodlar betinim ko’kartdi nihol,
Bog’larin asradi yovdan, osiydan.
Temursiz yashaydi, mana, Samarqand,
Lekin chamanlari yashnoqdir hanuz —
Qorasuv bo’ylari jannatga monand,
Porlab turgan chashma — ming ko’zli yulduz.
Temurdek zotning-ku, qaytmog’i gumon,
Lekin ne bo’lsa ham izi qolibdi.
Qancha chevrilmasin ko’hna bu jahon,
Bog’i, imorati, so’zi qolibdi.
1991
Rauf PARFI
SAMARQAND OSMONIDA
Kezar bo’ldim fazolarda man,
Oq to’lqinlar ummoni ichra.
Yuragimda qayg’u-shodumon
Aylanurman Samarqand uzra.
Ko’z o’ngimda qadimiy jahon,
Asrlarni buzar xayolim.
Osmonida shuncha hayajon,
Tushganimda ne kechar holim?
Falaklarda muallaq turdim,
Meni so’ngsiz xayol etmish band.
Sening buyuk o’tmishing ko’rdim,
Kelgusingni ko’rdim, Samarqand.
Ta’rix aytar, asta jaranglar,
Dahmalarda qadrdon kalom.
Ziyo sochar samoviy ranglar,
Minorlarda abadiy ilhom.
Klavixo kabi boqurman,
Boshing uzra keldim-ku alhol.
Asrlik tosh yanglig’ qoturman
Shohizinda qoshida behol.
Oshiqman-ku men uchun basdir,
Atamassan menga qahringni,
Lekin barcha oshiq emasdir
Sen ularga ochma bag’ringni.
Karvon-karvon kelib ketdilar,
Hammasini bag’ringga olding.
Shamol kabi yelib ketdilar,
Faqatgina Sen mangu qolding.
Ilhom izlab keldi birovi,
Birov senga qilindi surgun.
Kim do’st edi, kim edi yoving,
Barchasini aytolmam bugun.
Yer talashib keldilar axir
Vahshiy to’da ayhonnos urib.
Hammasidan xabardor ta’rix,
Men ne deyin osmonda turib.
Bo’lgan-ku ko’p qiyomat-qoyim,
Qiyin erur axtarmak qiyos.
Turkistonni o’ylarmiz doim,
Kelajakka buyuk ehtiros.
Tushlar ko’rib uxlarsan go’yo,
Tushlaringda qadimiy qismat,
Ey, Samarqand, ey ko’hna Dunyo,
Sen uyg’onib ketmagil faqat.
Ko’pdir shahar deganning oti,
Imkon bo’lsa ko’rarman bir-bir
Biroq tanho erur hayotim,
Tanho erur Samarqand axir.
Baxti kulgan elni ko’rgayman
Xarob bo’lgan bo’ston joyida.
Ta’zim bajo qilib turgayman.
Ko’ktangrining qutlug’ poyida.
Kezar bo’ldim fazolarda man,
Oq to’lqinlar ummoni ichra.
Yuragimda qayg’u-shodumon
Aylanurman Samarqand uzra.
Ma’ruf JALIL
SAMARQAND
Salobatnng, kamolingga izlamay qiyos,
Rim, Qohira taqdiridan so’zlasam bir oz;
Gomer bilan Gerodot ham qilmay e’tiroz —
Shahrim, seni buyuklik-la qo’yib yonma-yon
Bnri tarix, yana biri yozardi doston.
Ammo ular qilib ketdn qilar ishini,
Sen-chn, hamon lol etasan ko’rgan kishini,
So’zlaganday har kim chala qolgan tushini,
Sayyoh aytib tugatolmas, begona garchand,
O, men qanday tamom qilay madhing, Samarqand?!
Zavol olib kelgan chog’i senga Iskandar,
Kamolingni ko’rib shoshib qoldi shu qadar,
O’z xalqini ranjitmoqdan qo’rqmasa agar,
«Yuz o’girdim hammasidan, borib ayt, shamol,
Shu yer mening Vatanim», deb aytardi darhol.
Ammo boshqa bnr yo’l bilan aytib sirini,
Shu diyorga payvand qildi o’z taqdirini,
Bu la’natdan poklash uchun ona-Yerini,
Mardlar qilich yalang’ochlab kirdi maydonga,
O’ldi, ammo dog’ tushirmay o’ldi vijdonga.
Kechir shahrim, bosib o’tgan yo’ling ko’p uzoq,
Har bir kuning kitoblardan ma’lumdir, biroq.
Uni qayta takrorlashga hojat yo’q bu choq,
Ammo yangi kashfiyotday ko’tarib baland,
G’ururnmni aytmoqchiman senda, Samarqand.
Chigirtkaday yopirildn Sharqdan gur etib,
O’tdi qancha vodiylarni cho’lday quritib,
Qancha bo’g’di ikki qit’a yoqasin tutib,
Tanti taqdir erkalagan mo’g’ul zotlilar,
Chingiz otli, Botu otli, uchqur otlilar.
Zulmat ichra shu’la sochib o’tar qahramon,
Kurashlarda ustoz bo’lar shafqatsiz zamon,
Tarix uni olib ketar mangulik tomon,
Shu taxlit baxt qushi qo’nib aziz boshingga,
Qancha-qancha mard o’g’lonlar kelgan qoshingga.
Hech bir dardga bo’lgan emas manmanlik davo,
Boyazidning boshiga ham shu bo’ldi balo,
So’ng Yevropa qudratingga bo’lib mahliyo
Qo’rquv ichra nazar soldi senga, Samarqand,
Boyazidning kulfatidan shod edi garchand.
Shayton yo’ldan urdi so’ngra hakamlarnngni,
Eslaysanmi qonday qizil shabnamlaringni?
Yozib ado qilolmasman alamlaringni,
Ammo shuncha kuchli edi ishonch, bardoshing,
Quyoshingni yutolmadi achchiq ko’z yoshing.
Gohi yuksak-yuksaklarga aylading parvoz,
Goh uzildi avj pardada yangrab turgan soz,
Gohi yonib ketgan kabi benazir qog’oz —
Yonib ketding, kullaringni uchirdi shamol,
Tag’in paydo bo’lding, chunki xalqing bezavol.
Yetti tepa yelkasiga Rimday o’rnashib,
Safar qilding, jabborim, deb Kunga ergatsshb,
Axsikatu Xorazmday shonga burkashib;
Alp Teginu Jaloliddin polvonlar o’tdi,
Koshg’ariyday, Beruniyday o’g’lonlar o’tdi.
Bir qo’lingda qilich bilan bug’doy boshog’i,
Bir qo’lingda Quyosh qo’ngan yurtning bayrog’i,
Xotirangda bobolarning o’lmas sabog’i,
Balki shunday bo’lgandirsan, shahrim, burunda,
Ammo bugun sen shundaysan tasavvurimda.
Cho’pon ota tepalikdan tashlaydi nazar:
«Nnma bo’ldi? Kechagidan o’zgadir shahar?
Ko’ksaroyda bir gap bormn? Notinch shu qadar?»
Qo’ng’irog’in jaranglatib o’tarkan karvon
Sarbon aytar: «Qurbon bo’lmish alloma sulton…»
Kechir shahrim, bosib o’tgan yo’lnng ko’p uzoq,
Har bir kuning kitoblardan ma’lumdir, biroq,
Unn qayta takrorlashga hojat yo’q bu choq —
Ammo yangi kashfiyotday ko’tarib baland,
Alamimni aytmoqchiman senda, Samarqand.
O’tmish bilan istiqboling tutashgan yerda,
Men ko’rganman saxovatu makrni birga.
Bugun bag’ring to’lganda ham iqbolu nurga.
O’sha makr asorati jilmayar kelib,
Yillar osha xotiramni bezovta qilib.
Nonu qatiq bo’lib birga yo’llar yurmading,
Nahot sovg’a ortidagi to’rni ko’rmading?
Shubha qilding, ammo nechun otni burmading?
Qancha tilsim va qudratga bo’lsangu ega
Ishlatmasang nega kerak shuncha tajriba?
Mumkin bo’lsa hayotingdan yulib tashlamoq,
Tarixingda turmas edi yuuncha qora dor.
Shartta yulib tashlar edim o’ylab-netmay, oh!
Garchi ko’rkam damlarnngni ado etgan u,
Ammo qalbga tomir kabi singib ketgan u.
Sizga emas, ajdodlarim, bu ta’na zinhor:
Hamon yurar alamzada ruhingiz bedor,
Bo’lmasin deb yana shunday xatolar takror,
So’nmasin deb uyingizda porlagan chiroq,
Avlodlarga ibrat bo’lsin deyman shu saboq.
Kechir, shahrim, bosib o’tgan yo’ling ko’p uzoq,
Har bir kuning kitoblardan ma’lumdir, biroq,
Uni qayta takrorlashga hojat yo’q bu choq —
Ammo yangi kashfiyotday ko’tarib baland,
Armonimni aytmoqchiman senda, Samarqand.
Goh yumshoq, goh achchnq kulib Afandi kezar.
Mug’ombirlar, nodonlarni sodda Kal ezar,
Alla tinglab har beshikda Alpomish o’sar…
Pomirdan to Orolgacha paxta eknb el
Bahodirlar qoni tomgan yerga bukar bel.
Chuh, tulporim, hamma o’ynab-kulmoqda bugun,
Ko’hak yoqda Navro’z to’yi bo’lmoqda bugun,
To’rt tarafdan chavandozlar kelmoqda bugun…
Ey, shamollar, yopishmangiz tulpor yoliga,
Yangi Turon bormoqda o’z istiqboliga.
1968—1975
Usmon AZIM
SAMARQAND BO’YLAB TUNGI SAYR
Xurshid Davronga
— Samarqand, ildizing qaerda?
Kechangni chiroqlar parchalab tashlagan,
tun bilan nur o’rtasida
uzun arvohlar —
minoralar ketib borar
kelajak sari,
ba’zan
oyga boqib
to’xtab qolishar
(azon sasi urildimi quloqlariga?).
Zinalaringdan
choponiga o’ralgan
so’fi emas,
men o’rlab borayapman
falak
peshtoqiga
va yerga boqib notinch shivirlayman:
— Samarqand, ildizing qaerda?
Mador bo’lgin endi umidlarimga,
mening to’rt ming yillik bog’im!
Bir yaprog’ingman:
Yo’qotgim kelmaydi ildizlarimni.
Ana, osmonning qurboni — shahid rasadxona,
ana, tarixning ko’milgan beshigi — Afrosiyob…
Necha asr bo’ldi o’shanga?
— Tuproq, qani,
yoril!
Samarqand, ildizing qaerda?
Yulduzlar orasida kelajak yo’li,
Zamon poezdini
Qalbim,
Qorqmay tort!
Va bitta vagonga
bobolar ruhini,
Qayg’u alamini,
shavkat-shonini,
ushalmagan orzusini ort!
Bu kimlar?
Qaydaman?
Registon, senmi?
Nechun senga kelsam,
ko’ksimni to’ldirar jumlai jahon?
Balki anov moviy gumbaz tagida yetgan,
bobolarim
armonining
shamolidir bu?
Ammo ovozlar chiqar zamin qa’ridan:
Men, — deydi (Spitamen, senmisan?).
Men, — deydi (Ulug’bek, senmi?),
Biz, — deydi guvillab bir lashkar —
kelajakka ergashib kelar
sarbadorlar!
Samarqand, ildizing…
Savol ortiqcha…
Tegramda men bilan o’ylanib,
men bilan qiynalib,
ildizga aylanib borar bir kecha.
Muhammad RAHMON
ALI QUSHCHI. UYG’ONISH
Jo’ralarim chorlashdi uzoq,
(Ahmadmidi, bilmadim, Qobil)
Men ko’chaga chiqmadim bugun,
O’yinlarim qoldilar sabil.
Mitti javon — mehrobi tokcha,
Yoqilmagan shamchiroq kafil:
O’qimadim,
Uqmadim bugun,
Kitoblar ham qoldilar sabil.
So’qmoqmi bu, chumoli izi,
Tosh devorli hovlilar qayda?
Qayga boqmay, nimaga boqmay,
Ko’rinmoqda hammasi mayda.
Chinorlarim qolganlar cho’kib,
Poyimga ham chiqmaydi daryo…
Mo»jazmiding avval ham Qushchi*,
— Men tanigan, men bilgan dunyo?
Yiroqlarga qarayman to’nib,
Xayollarim uzuq-yuluqdek:
Qaerdadir tog’lar ortida
Samarqand bor va bor Ulug’bek.
* Kitob tumanqda Qushchi nomi bilan ataluvchi tog’ qishlog’i bor. Qushchiliklar Ali Qushchini o’z hamyurtlari deb biladilar. Bu yerga Ulug’bekning ham poyqadami yetgan.
Xurshid DAVRON
SAMARQAND HAQIDA SHE’RLAR
SAMARQAND
Bir shivir misoli Samarqand
Bismilloh kabi lojuvard
Yulduzlar ostida dunyoning
Eng go’zal ayoli misoli
Sog’inchim timsoli
Sochlari shamolda yoyilgan
Navbahor toshirgan Yoyiqday
Simobiy libosga o’rangan
Temur erkalashlariga o’rgangan
Ulug’bek qoniday sochilgan
Qizg’aldoqlarday ochilgan
Yulduzlar ostida dunyoning
Eng go’zal ayoli misoli
Dunyoning eng go’zal she’rini
Bolalik chog’imda quchoqlab
Onamday erkalab shivirlar
Samarqand Samarqand Samarqand
Bir shivir misoli mungli dard
Bismilloh misoli lojuvard
ESKI SHAHAR
Bibixonim daxmasi xarobasida
so’nggi bor aks etar va so’nar quyosh.
Uyg’ona boshlaydi kun nafasidan
mudrab uxlab qolgan qora qabrtosh.
Tor, qiyshiq ko’chalar adashib qolib,
ilondek o’rmalar nurafshon tunda.
Tovlana boshlaydi qayg’uga to’lib
“Ziji Ko’ragon”ning aksi osmonda.
Mudrar sezgir qushlar butoqlar aro,
ularning uyqusin buzar shamollar
va qaysar eshagin niqtab besado
uyga qaytayotgan bozorchi chollar.
Tomga uchib tushgan yorqin bir yulduz
kuydira boshlagan paytda o’tlarni,
munkaygan chol kabi qarigan kunduz
Shohizinda tomon pisib o’tardi…
Eski shahar uxlar, mudragan toklar
paxsa devorlarni mahkam quchoqlar.
Uxlaydi bozorda qovunu-noklar,
Tushlariga kirib muattar bog’lar.
Tungi sukunatda to’kilar yerga
yillar nafasidan nam tortgan sho’rxok.
Boladek mo’ltirab boqar shaharga
bir chetda biqinib olgan mitti bog’.
1979
* * *
Samarqand – bu bir hovuch qayg’u,
Bir qultum baxt, bir hovuch armon.
Samarqand – bu qadim qayig’u
Suzib borar kelajak tomon.
Samarqand – bu O’zbekistonning
Ostonasi, birinchi so’qmoq.
Biroq uni anglamoq uchun
Shartdir butun Vatanni o’tmoq.
Samarqand – bu bobolar sozi,
«Munojot»ga aksu sadodir.
Qo’shig’ini qoldirib, o’zi
Ketib qolgan Hoji bobodir.
Samarqand – bu rangin bir isyon.
Vatanimning qoq o’rtasida
Yuragimday ko’tarib suron
Bobolarga o’qir qasida.
1980
Sa’dulla HAKIM
SAMARQAND O’YLARI
Samarqand jamolini gar necha zamon ko’rdim,
Ming yillik malohatni to hanuz, hamon ko’rdim.
Tillakori toqining zarhal naqshlarida
Ulug’bek qabosidan to’kilgan to’zon ko’rdim.
Gul fasli shahar uzra tovlangan kamalakni
O’q minora ustida tortilgan kamon ko’rdim.
Madrasalar yonidan yuksalgandek qo’sh minor
O’zbek bilan tojikni doim yonma-yon ko’rdim.
Gohi gul ochdi bag’rim, gohida xazon to’kdi,
Oqilni ko’rdim bir yon, nokasni bir yon ko’rdim.
Hayotning bir yuzi tun, kunduz ekan bir yuzi,
Cho’ponotada quyosh, poyida tuman ko’rdim.
Ammo har muyulishda duch keldim xush zabonga,
Har qalbda ziyoratgoh gavjum Registon ko’rdim.
Temuriy shiddat ko’rdim yigiglar nigohida,
Oy qizlar chekkasida kuylagan rayhon ko’rdim.
Shom jozibasin ko’rdim qariyalar ko’zida,
Oshiqlarning izida otayotgan tong ko’rdim!
1988.
Muhammad YUSUF
SAMARQAND
Samarqandga borsam men agar,
Ulug’beknn ko’rib qaytaman.
U qon yig’lab turar har safar:
Men dardimni kimga aytaman?..
Bag’rimda bo’y yetgan bo’z bolam,
Mergan bolam, lochin ko’z bolam,
Bo’g’zimga tig’ urgan o’z bolam…
Men dardimni kimga aytaman.
Sezmay qoldim. O’shanda chog’im,
Yulduzlarda ekan nigohim.
Bilmadim ne ekan gunohim,
Men dardimni kimga aytaman.
Qancha g’amga botmagan edim,
Qancha og’u yutmagan edim…
O’z bolamdan kutmagan edim…
Men dardimni kimga aytaman.
Tanim muzlab, goh tosh qotaman,
Men shoh emas, axir, otaman.
Go’rimda ham o’ylab yotaman,
Men dardimni kimga aytaman?..
Samarqandga borsam men agar,
Ulug’bekni ko’rmay kelmayman.
U menga qon yig’lar har safar,
Men dardimni kimga aytaman!
Nurillo OSTON
SAMARQAND
Hali noz uyqudan uyg’onmay shamol,
Tog’lar tun qabosin yechmayin hali,
Har sahar ko’chaga chiqadi bir chol,
Samarqand gardini ko’zga surtgali.
Vatandan ayrilgan vatangadolar
Tiriklik yo’lida sargardon, dali,
Lablardan uzilar majruh nidolar
Samarqand gardini ko’zga surtgali.
Dunyoni tanigan ne-ne zotlar ham
Mag’ribu mashriqdan kelgan mahali
Ulug’bek yurtiga qo’yarkan qadam
Samarqand gardini ko’zga surtgali.
Olislab ketganda ona yurtimdan,
Qalbimda titraydi bir tug’yon seli,
Sog’inib qaytarman yetti iqlimdan,
Samarqand gardini ko’zga surtgali.
Ravshan FAYZ
SAMARQAND
Seni keragicha bilmayman, shahar,
Adashib yuraman ko’chalaringda.
Bir qo’nib o’taman goh shom, goh sahar,
Shu bitta jonimni parchalab mingga.
Ishim, tashvishlarim sochimdan ko’pdir
Va mudom shoshilinch bo’ladi yo’lim.
Sen ham xat yozmaysan, o’zbeksan, axir,
Mehmon kutishdan hech bo’shamas ko’ling.
Men-chi, o’zing kabi — pastlik hilmayman,
Qiyin jumboqlarga yetmasa ahlim,
Hazil-huzil bilan, hatto, bilmayman,
Seni berib ko’ydim hay kuni, shahrim.
Shundanmi sen meni tanimaysan, yo
Shunchaki beparvo qarshi olasan
Va o’zing o’zingdan ortmasdan aslo
Ketsam ham jimgina qarab holasan.
Shundanmi, tasodif yoki tar qolib
Umrimni bog’lasam kechalaringga,
Xuddi bir begona sayyoh misoli
Adashib yuraman ko’chalaringda.
Abduvali QUTBIDDIN
IKKI SHE’R
SAMARQAND
Novvoyxona tomidan balandroqda
Bulut qo’nishdi,
Katta patir bo’ldi Darg’om tepasida.
Afrosiyob xarobalari yonida,
Alp yumshoq bulutni ushladi,
Burdalab uloqtirdi Zarafshonga…
«Samarqand sayqaldir ro’yi zaminga…»
Qandahorda N`yu-Jersilik askar,
Oyga o’q uzdi, odamga emas,
«Ulug’bek shahrida odamlar unni
Ko’pchitib non qasrlarini quradilar»
Pichirladi sho’rlik.
Shunda oy botgan tog’dan gumburladi anglanmas g’azab,
Nimtalangan tanadan ruh silqidi yop-yorug’:
«Samarqand tinchlik ber, ro’yi zaminga…»
U yerda Cho’ponotaning bag’rida
Varrak uchirardi bolakaylar,
Allaqanday bobo va momo varrakka qo’shilib,
Qanot qoqishardi qiroat bilan.
(Amir Temurmikin, Bibixonimmikin….)
Bir oyga kelgan italiyonlik muhandis,
Uch yil bo’ldi, ketmas,
Menga turmushga chiq,
Shahring qadriga yetdim, deydi Mohinurga,
Samarqandlik bo’lish uchun uch yil yetmas, deydi Mohinur…
Uch ming yil yetmas, deydi Mohinur,
Bog’i shamoldan oq fotiha ol,
Xo’ja Zulmuroddan murod so’ra va sev,
«Samarqand muhabbatdir ro’yi zaminga…»
Siyob bozorida zarmitanlik ena,
Qatig’ini ko’pchitib, qurtini donalab,
Dam solib sotadi yetmish yildan beri:
Olsang-la, tilladay bo’lar niyatlaring…
Alalxusus, Samarqand tilla niyatlar sochar ro’yi zaminga…
Har ikki yil orasi Motsart
Ziyorat qilar ekan Registonni,
Eng qadimiy nayni chalib, avgust panasida.
Mashshoqlar, sozandalar, qo’shiqchilar
Bulbul chamaniga oshiqar samimiy.
«Samarqand tarona ro’yi zaminga…»
U ohanrabo, mudom chorlayveradi o’ziga,
Qutbu qudrat berar chin dildan talpinsa,
Sukut berar, subut berar, osoyish, orom,
Jannat eshigini ochar, ulug’lar shohid:
«Samarqand najotdir ona zaminga…»
«Toshkent» ko’chasining o’ng yonboshida,
Maktab bor eski,
Ichida tarixiy ko’rgazma,
Unda surat bor e’tiborga molik.
Jiddiy, ko’zi dard to’la bola,
Qo’lida o’zi yasagan mo»jaz havo kemasi,
Shahdlanib turibdi ko’kka uchirgani,
Zehn berib qaralsa,
«O’zbekiston» degan yozuv chalg’inadi yorishib,
U xalqning qo’lidan ushlagan bugun,
Vatanga baxsh etib borlig’in mag’rur
Uchog’ini ko’kka uchirgan yuksak.
Avaylab-asrab har birimizni,
E’zozlab, qadrlab har birimizni,
Olamga tanitgan, orzuga tanitgan.
«Samarqand Istiqlol ko’hna zaminga..»
Elliklab qoldim,
Ko’nglim o’n beshday,
Xat yozgim kelar sinfdosh qizga
«Men seni… sevaman… men seni…»
Darg’omning bo’yida cho’lg’otgim kelar,
Maysalar sochini, sevgilim aksini…
Kulimsib, kulimsib — shodligim po’rtana,
Arg’umoq jilovin tortib, shopillab,
Qamchinni bir urib, Zarafshon uzra
Sepkili toshgan kunduzning bag’riga
O’tib ketolsaydim ovozim gupillab.
«Samarqand!
Sen bitta
Ro’yi zaminda…»
2010
SAMARQAND MENI BAHORDA CHAQIRADI
Samarqand meni bahorda chaqiradi,
Minorlar yuradi galalashib.
Darg’omda uyg’ongan baliqlar baqiradi,
Kamalaklar quvlashar rang talashib.
Bog’lar gurkiraydi, osmon ham g’ilt-g’ilt.
Bir yig’lab oladi, kular qaldirab.
Qushlar gurrosiga mo’ltirab mo’lt-mo’lt
Shaharga kiradi qirlar galdirab.
Hay-haylab tomlarga chiqar odamlar,
Do’ppilarga to’lar yulduzlar nuri.
Tizilib raqs tushib berar oqshomlar
Kunduzlarga chiroq ko’tartirishib.
Samarqand meni chaqiradi bir kun,
Sochlarin qizdirib majnuntolining.
Ko’krak qafasini yorib boraman,
Qon purkab yuziga shamolning…
1986
FAXRIYOR
TONGGI REGISTON
Azon aytar muazzin minorlar.
Falon yilki
Karvonsiz saroylar va xonaqohlar —
Bari-bir boyqushning mulki.
El uxlaydi yo’qsil, xotirjam,
Tong uyqusi ruhafzo.
Egatlarda charchagan elga
Istirohat-uxlamoq afzal.
Ko’rpalarga ildiz otadi
Uning uyqusi.
Yo’lbars haydab ketar bir kecha
Ohularin tuyqusdan.
Ibodatga chiqmaydi hech kim.
Mustabid sahar
Kimsasiz shaharda
Yulduzlarga beradi zahar.
Kechani esa u
Quduqqa tashlar.
Keyin uxlayotgan raiyat ustidan
Hokimiyat yurgiza boshlar…
Tong otadi Registon uzra,
Gumbazlarga chiqadi osmon.
Yana do’st bo’ladi tungi raqiblar,
Gulga aylanadi yana Yosuman.
Yana bir kschani tonglar otadi…
1987
Talant BEK
REGISTONDA
Kechmishlarning tulpor otida,
Madrasalar turar mung’ayib.
YO moziyning keng qanotida
Toliblari bo’lganmi g’oyib?
Boshlarimdan bulutlar o’tib,
Yulduzlarni ichib yo’qotar.
Qadim toshlar izlarni yutib,
Xotiramni ingrab uyg’otar.
Mudrab turar sokin bir tunda,
Devorlarda shamshirlar izi.
Tuynuklardan qaraydi menga
Ajdodlarning chorlagan ko’zi.
Tegramdadir qo’hna uch maskan:
Tillakori, Sherdor, Ulug’bek.
Feruzarang gumbazlaridan
Ko’kka boqar bedor Ulug’bek.
Fido boshlar qiynaydi mani,
Sarbadorlar bo’lgusi guvoh.
Qotil dunyo to’ymasmi, evoh,
Yalangto’shdek bahodir qani?
Poyimdagi shu aziz tuproq
Chaymishdir-ku bobolar qonin.
Menga so’ylar muqaddas dargoh
Mangu yoniq ruhlar dostonin.
Bunda sobit turgan Registon
Asrlarga yelka tutadi.
Mendek bo’zlab qalbida hamon
Kimlarnidir intiq kutadi.
1998
Ҳаммаси дилбар шеърлар экан. Ҳаммаси ёқди. Самарқанд юксак-юксакларда — уфқдаги ҳарир парда ортидан хаёлий бир тусда кўринди.