Artur Shopengauer. Ayollar haqida.

36Агар аёллар бўлмаса биз ўз ҳаётимизнинг дастлабки лаҳзаларида ёрдамдан, кейинроқ лаззатлардан, энг сўнггида эса овунчоғимиздан маҳрум бўлар эдик, деган эди бир фаранг олими. Менимча, аёлларни ҳақиқатан ҳам бундан ошириб мақташнинг иложи йўқ.

Артур Шопенгауер
АЁЛЛАР ҲАҚИДА
01

07Олмон файласуфи Артур Шопенгауер ўзига тўқ савдогар оиласида дунёга келди. У аввал тижорат, тиббиётдан сабоқ олиб, кейин фалсафани ўргана бошлади. 1809 йилдан бошлаб Германиядаги энг машҳур Геттинген дорилфунунида ўқиди. Тиббиёт, физика, зоология, фалакиётшунослик, табиий тарих, психология, мантиқ, инсон мияси анатомияси фанларини ўрганди. 1811 йилдан эса Берлин дорилфунунида Фихте ҳамда Шлеермахер маърузаларини тинглаб, фалсафадан сабоқ олди.
Шопенгауерда ёшлигиданоқ тушкунлик кайфияти шакллана бошлаган. «Ҳаёт – жуда шубҳали нарса ва мен умримни у ҳақда фикрлаш учун бағишлашга қарор қилдим», — деб ёзганди файласуф ўзининг ҳаётий маслаги тўғрисида. Шопенгауернинг ўзига ишончи жуда юксак бўлган.
У кексайган чоғида ҳам хасислиги, сўзларининг кескинлиги ва сабрсизлиги билан шуҳрат қозонган. Ҳамкасбларининг таъкидлашича, Шопенгауер ўта сершубҳа одам бўлган. Доимо атрофидагилар гўёки ундан ниманидир яшириб, унга қарши фитна уюштираётганидан гумонсираб юрган.Шопенгауернинг Берлин дорилфунунидаги дотсентлик фаолияти узоқ давом этмаган. Чунки у ўз маърузаларида бошқа файласуфларни таҳқирлаб ёдга олар ёки уларни умуман тилга олмасди.
1825 йилда Шопенгауер ўқитувчиликни ташлаб, Франкфурт-Майн шаҳрига кўчиб боради ва ҳаётининг кўп қисмини шу ерда ўтказади. У инглиз, франтсуз, италян ва испан тилларини мукаммал билган.Шопенгауер 30 ёшида «Олам ирода ва тасаввур сифатида» деб номланган энг машҳур асарини ёзган.У биринчи бўлиб «руҳий ҳаловат» атамасини қўллаган. «Энг олий даражадаги турфа ва давомий ҳузур-ҳаловат руҳий ҳаловатдир…» деб ёзганди файласуф.
Шопенгауер куннинг асосий қисмини икки хонали уйидаги иш бўлмасида ўтказган. Мутолаа – унинг энг севимли машғулоти эди.Файласуф бир умр бўйдоқ ўтган. У юқумли касаллик туфайли вафот этишдан ўлгудек қўрққан. Шундай хавфни сезиши билан дарҳол турар жойини алмаштирган.
Шопенгауернинг қуйидаги асарлари маълум:«Кўз ва гуллар тўғрисида» (1816), «Олам ирода ва тасаввур сифатида» (1819), «Ахлоқнинг асоси» (1841), «Этиканинг икки асосий муаммоси» (1841), «Дин ҳақида» (1851), «Парерга ва Парамипоменон» (1851), «Севги метафизикаси». Бу асар икки жилддан иборат бўлиб, «Парерга» – лотинча «Қўшимча асарлар» деган маънони англатади. Шопенгауернинг машҳур «Турмуш ҳикматлари» тўплами ҳам ана шу китобга киритилган.
Артур Шопенгауер 1860 йилда вафот этди. Ўлим тўшагида ётган файласуфдан дўстлари қаерга дафн этиш тўғрисида сўраганларида, у: «Менга барибир. Улар мени излаб топишади», деб жавоб берган экан.
Ўлимидан сўнг Артур Шопенгауернинг номи кўз кўриб қулоқ эшитмаган даражада шуҳрат қозонди. Асрнинг сўнгги ўттиз йили давомида у Овруподаги энг ўқимишли немис муаллифига айланди.


  Агар аёллар бўлмаса биз ўз ҳаётимизнинг дастлабки лаҳзаларида ёрдамдан, кейинроқ лаззатлардан, энг сўнггида эса овунчоғимиздан маҳрум бўлар эдик, деган эди бир фаранг олими. Менимча, аёлларни ҳақиқатан ҳам бундан ошириб мақташнинг иложи йўқ.

Аёлнинг қадди-қоматиёқ унинг на руҳий, ва на кетмон чопишдек оғир жисмоний меҳнат учун яратилмаганини кўрсатиб туради. Аёл яшаш мажбуриятини борлигича эмас, балки азоб-уқубатлар тарзида ўтайди: туғиш машаққатлари, бола боқиш, эрга қарам бўлиш.Яна денг, аёл эрга чидамли ва қувват бағишлайдиган дўст бўлиши керак. Аёл катта дардлар, катта қувончлар, баҳодирлик талаб қилинадиган ишлар учун яратилмаган. Унинг турмуши эркакникига нисбатан тинчроқ, бахтлироқ, майинроқ кечиши зарур.

Аёллар табиатан болафеъл, инжиқ, узоқни кўра билмайдиган бўлганлари туфайли бола тарбиялашга мойилдирлар (ва шунга мослашишган). Бир сўз билан айтганда улар бутун ҳаётлари давомида катта бола ишини қилиб юрадилар: болалик давридан ўтаётган, лекин ҳали тўлақонли эркак даражасига етмаган ўспирин сифатида иш тутадилар. Қизларга қаранг, кун бўйи ёш бола билан ачомлашиб, ўйнаб-кулиб юришдан эринмайдилар. Энди шу қизнинг ўрнига ўғил болани қўйиб кўринг…

Томошага чиққанингизда бир нарса қарс этса, бирдан ҳамма чалғиб, ўша томонга қарайди. Табиат қиз болани ҳам шу тахлит яратган. Табиат қизларга — кейинги бутун ҳаётлари ҳисобига — бир неча йиллик гўзаллик, қараганни маҳлиё қилиш ва бошқа шу тахлит оҳанраболарни бахшида этган. Айнан шу даврда у эркакнинг хаёлини ўғирлаши, кейин эркак шу гўзалликка банди бўлиб, чин юракдан аёлнинг кейинги ҳаёти учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак. Эркакни бу йўлга шунчаки соғлом фикрлаш тарзи билан киритмоқчи бўлсангиз, уларнинг кейинги ҳаёти силлиқ кечишига ишонч йўқ. Шу туфайли табиат аёлни, қиз болани – у ўз келажагини таъминлай оладиган даражада қуроллантирган. Урғочи қумурсқа туққандан сўнг кераксиз (тухумчаларни парваришлашда ҳатто хатарли) қанотларидан маҳрум бўлади. Шу тахлит аёл ҳам икки-уч бола туққандан сўнг гўзаллигидан ажралади. Балки шунинг учун ёш қизлар уй ва дала ташвишларини иккинчи даражали иш, балки шунчалик арзимаган нарса сифатида қабул қиладилар. Улар учун энг асосий жиддий ташвиш: муҳаббат, ғалабалар ва шунга боғлиқ бошқа нарсалар: ясан-тусанлар, атир-упа, рақс-ўйин ва ҳоказо…

Бирон бир нарса қанчалар тугал ва олиймақом бўлса, у шунча аста ва кечроқ етилади. Эркак руҳан ва ақлан аксарият ҳолларда йигирма саккиз ёшларда етишади, аёл эса – ўн саккизда. Ва шунга кўра қобилиятга эга: қисқа ўйлайдилар. Шу туфайли аёллар кейинги бутун ҳаёти давомида ҳам болалигича қоладилар, кўриб турганини тан оладилар, тутганини маҳкам ушлайдилар, шунчаки ташқи кўринишни борлиқ-йўқлик сифатида тан оладилар ва майда-чуйдаларни катта нарсалардан афзал биладилар. Ақл туфайли одам худди жонивор янглиғ айнан ҳозирги дақиқа билан яшамайди, балки ўтмишни ва келажакни мушоҳада қилади. Ақл туфайли у эҳтиёткор, орқа-олдини ўйлайди, сергак бўлади. Шунинг орқасидан келадиган фойда ва зиёнларга аёл – ақли калта бўлгани туфайли! – кам аралашади. Янаям аниқроғи: руҳан узоқни кўра билмайди. Унинг сезгир ақли кўз олдидагиларни яхши кўради, унинг ўй доирасига узоқдаги нарсалар сиғмайди. Шунинг учун йўқ нарсалар, ўтиб кетган нарсалар бизга нисбатан аёлларга кам
таъсир қилади. Шу сабабли улар баъзан топган – тутганингизни телбаларча ўйсизлик билан совуриб юбораверишга мойилдирлар. Улар ўзларича ишонадиларки, эркак – топиш учун, аёл – совуриш учун яратилган. Иложи бўлса, эри тириклигидаёқ, йўқса, эри ўлгандан сўнг. Эр топган-тутганини аёлининг ихтиёрига топшириб қўйгандан сўнг аёлдаги бу ишонч янада мустаҳкамланади. Бу тушунча ҳар қанча зиён келтирмасин, фойда томони ҳам бор: аёл ҳозирги дақиқа билан банд. Аёл мавжуд нарсадан бизга нисбатан кўпроқ нафланади. Шу туфайли аёлнинг фикри тиниқ. Шу туфайли, агар сиз оила боқишдек ташвишларга чалкашиб қолган бўлсангиз, аёл сизнинг дардингизга малҳам бўла билади.

Қадимги немисларнинг одатини ташлаб юбормаслик керак. – Оғир дақиқалардаги йиғин-маслаҳатларга аёллар ҳам таклиф этилган, чунки аёл ҳозирги дақиқада нима қилиш кераклигини билади. Мақсадга етказувчи энг қисқа йўлни кўрсатади. Хуллас, эркак узоқни ўйлаб, тумшуғи тагидаги нарсани кўрмай ўтирганда, аёл уни ушлаб, қўлингизга тутқазади. Шу сабабга кўра аёл бизга нисбатан ҳушёр, у бирон бир нарсани бор бўйича кўра билади. Биз эса, агар ҳаяжонланиб турган бўлсак, оппа-осонгина пашшадан фил ясаб, ваҳима кўтариб юбораверамиз. Шу нуқтаи-назардан аёллар бахтсизларга эркакдан кўра кўпроқ ҳамдард бўладилар. Аёллар меҳрибонроқ ва оқкўнгилроқ. Аммо қозиликда, ҳақиқатни юзага чиқаришда, виждонийликда эркакларга ютқазадилар. Аёлнинг ақли калталиги туфайли мавжуд, ушласа бўладиган, кўз кўриб турган нарсалар уларга ҳокимлик қилади. Узоқ-яқин қоидалар, ақида ва ғоялар, қабул қилинган қатъий қарорлар, ўтмиш ва келажак, йўқ ва узоқдаги нарсалар — улар учун иккинчи ва учинчи даражали нарсалардир. Ана шу сабабли аёл феълидаги узвий етишмовчилик, балким камчиликдир, бу – адолатсизлик! АДОЛАТСИЗЛИК! Бу ҳол биз илгари таъкидлаганимиздек, ақл калталиги ва узоқни кўра билмаслик туфайли содир бўлади. Яна бир жиҳат: кучсиз жондор табиатан кучлига нисбатан айёрроқ, ҳийлакорроқ бўлади. Ахир табиат шерга тиш ва тирноқ, филга – хартум, тўнғизга – сўйлоқ, ҳўкизга – шох бахшида этганидек, аёлга ўзини ҳимоя қила олиши учун – ҳийлакорлик ва ёлғончилик бахшида этган. Шу туфайли биз тилга олган жондорлар ўзларидаги қурол билан ҳужумга ўтганлари мисол, аёл ҳам ҳар бир қулай вазиятда ўз қуроли билан ҳужумга ўтади, ҳимояланади. Ва бунда ўз ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланаётганларига шубҳа қилмайдилар. Ана шулардан келиб чиққан ҳолда мутлақо ҳақиқатгўй ва самимий аёлни топиш мумкин эмас. Шу хислатлари боис улар ўзгаларнинг турланаётганларини жуда тез пайқайдилар. Ҳар қалай аёл қошида носамимийликка йўл қўйиш жуда хатарли. Ана шу узвий камчиликлари боис аёл ёлғончиликка, хиёнатга, эгриоёқликка мойилроқ бўлади. Қозихонада аёллар эркакларга нисбатан бир неча баравар кўп ёлғон қасам ичиб, гуноҳга ботадилар. Ва умуман, аёлга қасам ичириш керакми, йўқми, деган саволнинг ўзи баҳсли. Ахир баъзан-баъзан ҳамма жойларда ҳам моддий жиҳатдан тўлиқ таъминланган аёллар дўкондан ул-бул ўмараётганининг гувоҳи бўлганмиз-ку.

Инсон зоти тугаб кетмаслик учун уни мудом кўпайтириш ёш, соғлом ва гўзал йигит-қизлар бурчи. Худонинг хоҳиши –шу! Мазкур қонун бошқа барча қонунлардан қадимий ва боқийдир. Агар ким бу қонун йўлига чиқмоқчи бўлса – ўзининг шўри: нима демасин, нима қилмасин, биринчи фурсатдаёқ аёвсиз топталади. Чунки аёлларнинг яширин, айтилмайдиган, ва ҳатто онгланмайдиган феъли қуйидагича фикрлайди: “Бизга ғамхўрлик қилганлари боис энди қандайдир ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлдик, дея ўйлайдиганларларни алдашга ҳаққимиз бор. Яқин кишингнинг яқинлашиши туфайли бизда пайдо бўладиган авлод, унинг кўриниши ва хусусиятлари бизга боғлиқ. У бизнинг қўлимизга берилган, уни биз тарбиялаймиз ва биз бу вазифани виждонан бажаряпмиз”. Бироқ бу олий қонунларни олисдаги шарпалар мисоли эмас, балки қўлда мавжуд, бор нарса сифати англайдилар. Ва бу ҳолда уларнинг виждони биз ўйлаганга нисбатан анча тинч бўлади, чунки юракларининг энг ички қатламларида улар тушунадиларки, улар бир шахсга нисбатан ўз мажбуриятларини бузганлари билан ҳуқуқлари бир неча баравар зиёд бўлган авлод олдида керагидан ортиқ хизмат қиляптилар.

Аёл инсон зотини кўпайтириш мақсадида яратилгани ва унинг бошқа хизмати йўқлиги боис улар алоҳида шахсга нисбатан кўпроқ авлод ташвишида яшайдилар ва авлодга ташвиши шахсга нисбатан жиддийроқ бўлади. Бу уларнинг борлиғига ва ҳаракатларига маълум даражада енгилтабиатлик бағишлайди. Бу балким эркакка нисбатан мутлақо ўзгача бир йўналишки, ана шулар аксарият эр-хотинларнинг жанжалига, ажраб кетишига олиб келади.

Эркаклар табиатида бир-бирига лоқайдлик мавжуд, аёллар табиатида эса душманлик. Буни ҳатто бир касбдошнинг иккинчисига нисбатан ҳаваси, ҳасади, кўролмаслиги деб тушуниш ҳам мумкин. Гадонинг душмани гадо бўлади, деганларидек. Бу ҳол эркаклар орасида онда-сонда учраса, аёл зоти борки, бир-бирини кўролмайди, чунки уларнинг ҳаммаси битта касб билан шуғулланади. Кўчада дуч келиб қолсалар, худди рақобатчи партияларнинг вакилларидек, бир-бирига синчков тикиладилар. Икки аёл биринчи бор учрашганларида – худди шу ҳолатдаги икки эркакка нисбатан анчайин – ҳаракатлари ясама ва ғайрибатиий бўлади. Шу сабабли бир-бирларига нисбатан мақтовлари беўхшов ва кулгили чиқади. Бундан ташқари эркак ўзидан паст табақали одам билан маълум даражада босиқлик ва ҳурмат билан гаплашса, худди шу ҳолатдаги аёлнинг иккинчисига нисбатан сохта манманлигини кузатиб энсангиз қотади. Бу, демак, аёллар орасидаги табақаланиш тасодифга, — яъни эрнинг жамиятдаги ўрнига боғлиқ бўлиб, у тез-тез ўзгариши ва йўқолиб кетиши ҳам мумкин. Биз эркаклар ўзимиздан пастроқ билан гаплашаётиб минг бир нарсани ўйлаймиз. Аёл эса бу пайт фақат қайси эркакка ёққанини назарда тутади,холос. Бундан ташқари уларнинг ҳаммаси касбдош бўлгани боис бир-бирларига эркакларга нисбатан яқин туради ва ўзларининг турли-туман найрангларини намоён этадилар.

Бўйи паст, елкалари тор, белидан пасти кенг жинсни фақат жинсий ҳиссиёт туфайли ақли хиралашган эркаккина гўзал дея баҳолай олади: жинснинг барча гўзалликлари ана шу ҳиссиётга қоришиб кетади. Бу жинсни бир қанча асосларга таяниб,кўримсиз ва хунук дея баҳолаш мумкин. Ҳақиқатан ҳам аёллар таасуроти ожиз. Мусиқага, шеърга, санъатга чин юракдан берила олмайдилар. Агар берилсалар ҳам, бу шунчаки бировга ёққиси ва ўйнашгиси келган маймуннинг ҳаракатидан бошқа нарса эмас. Шу туфайли улар бирон-бир ҳолатга холис ёндошолмайдилар. Сабаби, ўйлайманки, қуйидагича: Эркак ўзининг нарсаларига бевосита ҳокимлик қилишга уринади. Ёки ақл билан уларга эгалик қилиш ва бўйсундириш йўлидан боради. Аммо аёл ҳамиша бировнинг ёрдами туфайли ҳокимлик қилишга мажбур, яъни эри — бирдан бир ўзи қўлида тутиб турган восита – орқали. Шу туфайли аёллар ҳар бир нарсага – эри олиб бериши мумкин ва мумкин бўлмаган нарса сифатида қарайдилар. Ва уларнинг бирон нарсага қизиқиши шунчаки ясама ҳолатдан бошқа нарса эмас. Бир вақтлар Руссо: “умуман олганда аёллар санъатнинг ҳеч бир турига қизиқмайдилар, санъатни тушунмайдилар ва ҳеч қандай қобилиятга эга эмаслар”, дея таъкидлаган эди. Ҳа, ҳар бир буюмга бир қарашдаёқ уларнинг ташқи кўринишидан бошқа жиҳатларини ҳам англай оладиган зот буни дарҳол тушунади. Аёлларнинг контсерт, опера ва драматик томошаларда ўзини тутишига бир аҳамият беринг. Санъатнинг ноёб дурдоналаридан энг зўр саҳналар ижро этилаётганда аёл болаларча соддадиллик билан ёнидагига сафсата сотишда давом этади. Агар ҳақиқатан ҳам греклар аёлларни саҳна томошаларига киритмаган бўлсалар, тўғри қилганлар. Ҳар қалай уларнинг театрида ниманидир бемалол томоша қилиш, тинглаш мумкин бўлган. Бизнинг замонамизда: “Аёл черковда жим турсин”, деган иборани “театрда ҳам” деган жумла билан тузатиш керак. Ва буни катта ҳарфлар билан саҳна пардасига осиб қўйса маъқул бўларди. Ҳар қалай аёлдан бундан бошқа нарсани кутиш мумкин эмас. Ахир уларнинг энг ёрқин намоёндалари ҳам нозик санъатда ҳеч бир ҳақиқий буюк ва нодир асар яратмаганлар. Ва умуман, дунёга ҳеч бир эскирмайдиган, ўлмайдиган асар тақдим этолмаганлар. Бу айниқса, рассомликда тез кўзга ташланади. Ахир айнан шу соҳада аёллар ҳам эркаклар қатори шуғулланиш имкониятига эгалар. Шуғулланяптилар ҳам. Аммо бу соҳада ўзларининг бирон бир юксак санъат асари билан мақтана олмайдилар, чунки уларда рассом учун жуда зарур бўлган руҳий холислик йўқ. Бундан 300 йил муқаддам Хуан Уарте: “Аёлларда ҳеч қандай улкан қобилият бўлмайди”, деган эди. Истисно тарзида битта – яримта учраб қолиши мумкин, лекин улар умумий кўринишни ўзгарта олмайдилар. Аёллар ғоятда тор фикрлайдилар, шу сабабли ғоят ахмоқона тарзда ўзларини эрларига тенглаштириб, ҳақиқатда эса эрларининг амали ва жамиятдаги ўрнига шерикчилик қилиб , ўзлари ўзларинингг разил шуҳратпарастликларини қондириб турадилар. Уларга нисбатан Наполеон 1 айтган иборани аслида қонун сифатида қабул қилсалар яхши бўлади: “Улар бизнинг камчиликларимиз билан, бизнинг тентакона қилиқларимиз билан алоқа қилиш учун яратилган. Зинҳор ва зинҳор ақлимиз билан эмас. Аёллар ва эркаклар орасида баданлар яқинлашуви бор . Ақллар, юраклар ва феъллар яқинлашуви камдан-кам содир бўладиган ҳодисадир”. Аёллар барча жабҳаларда эрдан кейинги даражадаги иккинчи жинс. Шу сабабли уларнинг камчиликларига нисбатан олижаноб бўлмоқ лозим, аммо уларнинг ҳурматини ошириб юбориш, елкага чиқариб олиш – ғирт ахмоқлик. Бу ҳолда аёлнинг ўзи биринчи бўлиб эрни назар-писанд қилмай қўяди. Табиат инсон зотини икки жинсга бўлиб, улар ўртасидаги чегара чизиғини қоқ ўртадан бўлмаган. Бурунгилар ва шарқликлар аёлларга нисбатан айнан шу нуқтаи-назардан қараганлар, аёлларга ҳақиқий ўрнини кўрсатиб қўйганлар ва тўғри қилганлар. Биз эса кўҳна фаранглар каби бачканалик билан ва кулгили тарзда аёллар қошида ўзимизни йўқотиб қўямиз. Натижада аёллар шу даражада олифта ва безбет бўлиб кетишдики, энди улар ўзларини гўё қўл етмас фаришталар мисол тутмоқдалар .

Ғарб аёли ёлғон муҳитга тушиб қолган: ахир аёллар, муқаддас битикларда айтилгани каби, илоҳийлаштириладиган жонзот эмас. Натижада биз ўзимиз яратган ёлғон муҳит жабрини тортаяпмиз. Шу сабабли Оврупода инсон № 2 га ўз ўрнини кўрсатсалар ва ўз жойига ўтишга мажбурласалар ғоят савоб ишни амалга оширган бўлардилар. Ахир шу туфайли нафақат бутун Осиё бизнинг устимиздан куляпти, балки Рим ҳам, Греция ҳам ўзини тийиб тура олмаяпти. Мазкур тадбирнинг ҳам сиёсий, ҳам фуқаролик ижобий натижаларини ҳисоблаб улгуролмай қолар эдик. Оврупо аёли шунақа жонзотки, у аслида яшашга ҳақли эмас: майли, бизда уй бекалари бўлсин, қизлар уй бекаси бўлишни орзу қилиб яшасинлар, яъни олифталикка эмас, уй кишиси сифатида тарбиялансинлар. Айнан Оврупода паст табақали аёллар мавжуд бўлгани сабабли Оврупо аёли Шарқ аёлига нисбатан анчайин бахтсиз.

Ҳиндистонда ҳеч қачон ҳеч кимга бўйсунмайдиган, ҳеч кимга қарам бўлмаган аёллар яшамайди. У ерда ҳар қандай аёл зоти ё отасининг, ё эрининг, ё ака-укасининг, ё ўғлининг қарамоғида. Мену қонунининг 5-боб 148-бандида дейилади: “Аёл зоти болалигида отасининг, вояга етгандан кейин эрининг, эри ўлса ўғилларининг, агар ўғиллари бўлмаса, эрининг яқин қариндошларининг, агар ота томондан ҳам қариндош бўлмаса, отасининг қариндошларининг, агар ота томондан ҳам қариндош бўлмаса, пошшоликнинг қарамоғида бўлиши лозим. Токи аёл ҳеч қачон мустақиллик даъво қилмасин”. Албатта, аёл ўзини эрининг жасадига қўшиб ёқиб юборишига чидаш мумкин эмас, аммо эри бутун умри давомида эшшакдай ишлаб, бола-чақам ҳеч кимдан кам бўлмасин, деб топган мол-дунёни аёл ўйнаши билан ўйин-кулгуга сарфлаб юборишига ҳам чидаб бўлмайди.

Дастлабки она муҳаббати инсонларда ҳам, ҳайвонларда ҳам инстинкт, холос. Ва бола жисмоний жиҳатдан ўзини ўнглаб олиши билан инстинкт тўхтайди. Ўрнини ақл ва одатларга асосланган муҳаббат эгаллайди. Аммо афсуски, кўп ҳолларда, — агар она отани севмаса, — бу нарса рўй бермайди. Отанинг болаларига муҳаббати эса мутлақо бошқа нарса ва мустаҳкам пойдеворга асосланган: ота ўз фарзандида яна битта ЎЗИни кўради.

Салкам барча эски ва янги халқларда, ҳатто готтентотларда ҳам мерос эркакдан эркакка қолдирилади. Фақат Оврупода, дворянларни бу ҳисобга қўшмасак, мазкур одатга чап беришади. Эркак бутун умр қора тер тўкиб топган мол-дунё аёл қўлига тушсаю, аёл қисқа муддатда уни ҳисоб-китобсиз совурса, бу жуда ҳам буюк, жуда ҳам шармандали ноҳақликдир. Аёлнинг меросхўрлик ва мулкий ҳақ-ҳуқуқларини қайта кўриб чиқиш билангина бу одатга чек қўйиш мумкин. Менимча, шундай қарор қабул қилиш керакки, унга кўра хотинлар, — ва қизлар ҳам, — мероснинг бир бўлагини олиш ҳуқуқига эга бўлсинлар, зинҳор ва зинҳор бутун меросни эмас. Албатта, оилада эркак меросхўр йўқ бўлган ҳолатлар бундан мустасно. Мол-мулкни аёл эмас, эркак топади. Шу туфайли аёл унга шаксиз эгалик қилиши ҳам, уни ўзи хоҳлаганча ишлатиши ҳам мумкин эмас. Аёл ўз мулки: пули, уйи, ерига ҳеч қачон ўз билганича эгалик қила олмайди. Уларга доим қаровчи керак: шу сабабли уларга фарзандларининг қаровчиси деб ишониб қўйиш мумкин эмас. Аёлнинг мағрурлиги, — эркакникидан зиёд бўлмаган тақдирда ҳам! – бир ёмон томонга оғиб кетади: айнан моддий буюмларга, яъни шахсий гўзаллик, ялтир-юлтур, сирти чиройли нарсалар учун кўп нарсани қурбон қилиб юборадилар. Эркакнинг мағрурлиги эса, аксинча, номоддий афзалликларга эга, яъни ақл, билимдонлик, мардлик ва бошқа шу каби жиҳатлар билан ўлчанади.

Арасту ўз “Сиёсат”ининг 11 қисм 9-бандида тушунтирадики, Спарта аёлларга жуда кўп ўрин бергани туфайли (Спарта даврида аёллар меросхўр бўлган, сеп олган, эркин бўлган) ғоят оғир аҳволга тушди ва охир-оқибат йиқилди. Менимча Фаранг ҳукумати ва саройидаги Людовик Х111 давридан айнишларга аёллар сабабчи бўлса керак. Айниб, ижғиб-бижғиб, ниҳоят биринчи революция юз берди. Кейин бир неча тўнтаришлар амалга оширилди. Нима бўлганда ҳам аёл жинсининг биздаги сохта ҳолати жамоатчиликнинг юрак касалидай гап. У юракдан чиқиб, бутун вужудга таъсир кўрсатади.

Аёл туриш-турмуши билан бўйсунишга маҳкум этилгани шундан ҳам маълумки, уларнинг ҳар қанақаси ҳам ўзи кўникмаган, ўзи учун нотабиий бўлган тўла эркин ҳолатга тушиб қолса, шу заҳоти бошқа бир эркакнинг ёнига боради ва ўзининг устидан раҳбарлик қилишни ўша эркакка топширади. Чунки аёлга ҳамиша хўжайин керак. Агар аёл ёш бўлса, — эркак ўйнаш, аёл қари бўлса, — эркак маънавий пир бўлади.

Рус тилидан Абулқосим Мамарасулов таржимаси

56Agar ayollar bo‘lmasa biz o‘z hayotimizning dastlabki lahzalarida yordamdan, keyinroq lazzatlardan, eng so‘nggida esa ovunchog‘imizdan mahrum bo‘lar edik, degan edi bir farang olimi. Menimcha, ayollarni haqiqatan ham bundan oshirib maqtashning iloji yo‘q.

Artur Shopengauer
AYOLLAR HAQIDA
08

Agar ayollar bo‘lmasa biz o‘z hayotimizning dastlabki lahzalarida yordamdan, keyinroq lazzatlardan, eng so‘nggida esa ovunchog‘imizdan mahrum bo‘lar edik, degan edi bir farang olimi. Menimcha, ayollarni haqiqatan ham bundan oshirib maqtashning iloji yo‘q.

Ayolning qaddi-qomatiyoq uning na ruhiy, va na ketmon chopishdek og‘ir jismoniy mehnat uchun yaratilmaganini ko‘rsatib turadi. Ayol yashash majburiyatini borligicha emas, balki azob-uqubatlar tarzida o‘taydi: tug‘ish mashaqqatlari, bola boqish, erga qaram bo‘lish.Yana deng, ayol erga chidamli va quvvat bag‘ishlaydigan do‘st bo‘lishi kerak. Ayol katta dardlar, katta quvonchlar, bahodirlik talab qilinadigan ishlar uchun yaratilmagan. Uning turmushi erkaknikiga nisbatan tinchroq, baxtliroq, mayinroq kechishi zarur.

Ayollar tabiatan bolafe’l, injiq, uzoqni ko‘ra bilmaydigan bo‘lganlari tufayli bola tarbiyalashga moyildirlar (va shunga moslashishgan). Bir so‘z bilan aytganda ular butun hayotlari davomida katta bola ishini qilib yuradilar: bolalik davridan o‘tayotgan, lekin hali to‘laqonli erkak darajasiga yetmagan o‘spirin sifatida ish tutadilar. Qizlarga qarang, kun bo‘yi yosh bola bilan achomlashib, o‘ynab-kulib yurishdan erinmaydilar. Endi shu qizning o‘rniga o‘g‘il bolani qo‘yib ko‘ring…

Tomoshaga chiqqaningizda bir narsa qars etsa, birdan hamma chalg‘ib, o‘sha tomonga qaraydi. Tabiat qiz bolani ham shu taxlit yaratgan. Tabiat qizlarga — keyingi butun hayotlari hisobiga — bir necha yillik go‘zallik, qaraganni mahliyo qilish va boshqa shu taxlit ohanrabolarni baxshida etgan. Aynan shu davrda u erkakning xayolini o‘g‘irlashi, keyin erkak shu go‘zallikka bandi bo‘lib, chin yurakdan ayolning keyingi hayoti uchun javobgarlikni o‘z zimmasiga olishi kerak. Erkakni bu yo‘lga shunchaki sog‘lom fikrlash tarzi bilan kiritmoqchi bo‘lsangiz, ularning keyingi hayoti silliq kechishiga ishonch yo‘q. Shu tufayli tabiat ayolni, qiz bolani – u o‘z kelajagini ta’minlay oladigan darajada qurollantirgan. Urg‘ochi qumursqa tuqqandan so‘ng keraksiz (tuxumchalarni parvarishlashda hatto xatarli) qanotlaridan mahrum bo‘ladi. Shu taxlit ayol ham ikki-uch bola tuqqandan so‘ng go‘zalligidan ajraladi. Balki shuning uchun yosh qizlar uy va dala tashvishlarini ikkinchi darajali ish, balki shunchalik arzimagan narsa sifatida qabul qiladilar. Ular uchun eng asosiy jiddiy tashvish: muhabbat, g‘alabalar va shunga bog‘liq boshqa narsalar: yasan-tusanlar, atir-upa, raqs-o‘yin va hokazo…

Biron bir narsa qanchalar tugal va oliymaqom bo‘lsa, u shuncha asta va kechroq yetiladi. Erkak ruhan va aqlan aksariyat hollarda yigirma sakkiz yoshlarda yetishadi, ayol esa – o‘n sakkizda. Va shunga ko‘ra qobiliyatga ega: qisqa o‘ylaydilar. Shu tufayli ayollar keyingi butun hayoti davomida ham bolaligicha qoladilar, ko‘rib turganini tan oladilar, tutganini mahkam ushlaydilar, shunchaki tashqi ko‘rinishni borliq-yo‘qlik sifatida tan oladilar va mayda-chuydalarni katta narsalardan afzal biladilar. Aql tufayli odam xuddi jonivor yanglig‘ aynan hozirgi daqiqa bilan yashamaydi, balki o‘tmishni va kelajakni mushohada qiladi. Aql tufayli u ehtiyotkor, orqa-oldini o‘ylaydi, sergak bo‘ladi. Shuning orqasidan keladigan foyda va ziyonlarga ayol – aqli kalta bo‘lgani tufayli! – kam aralashadi. Yanayam aniqrog‘i: ruhan uzoqni ko‘ra bilmaydi. Uning sezgir aqli ko‘z oldidagilarni yaxshi ko‘radi, uning o‘y doirasiga uzoqdagi narsalar sig‘maydi. Shuning uchun yo‘q narsalar, o‘tib ketgan narsalar bizga nisbatan ayollarga kam ta’sir qiladi. Shu sababli ular ba’zan topgan – tutganingizni telbalarcha o‘ysizlik bilan sovurib yuboraverishga moyildirlar. Ular o‘zlaricha ishonadilarki, erkak – topish uchun, ayol – sovurish uchun yaratilgan. Iloji bo‘lsa, eri tirikligidayoq, yo‘qsa, eri o‘lgandan so‘ng. Er topgan-tutganini ayolining ixtiyoriga topshirib qo‘ygandan so‘ng ayoldagi bu ishonch yanada mustahkamlanadi. Bu tushuncha har qancha ziyon keltirmasin, foyda tomoni ham bor: ayol hozirgi daqiqa bilan band. Ayol mavjud narsadan bizga nisbatan ko‘proq naflanadi. Shu tufayli ayolning fikri tiniq. Shu tufayli, agar siz oila boqishdek tashvishlarga chalkashib qolgan bo‘lsangiz, ayol sizning dardingizga malham bo‘la biladi.

Qadimgi nemislarning odatini tashlab yubormaslik kerak. – Og‘ir daqiqalardagi yig‘in-maslahatlarga ayollar ham taklif etilgan, chunki ayol hozirgi daqiqada nima qilish kerakligini biladi. Maqsadga yetkazuvchi eng qisqa yo‘lni ko‘rsatadi. Xullas, erkak uzoqni o‘ylab, tumshug‘i tagidagi narsani ko‘rmay o‘tirganda, ayol uni ushlab, qo‘lingizga tutqazadi. Shu sababga ko‘ra ayol bizga nisbatan hushyor, u biron bir narsani bor bo‘yicha ko‘ra biladi. Biz esa, agar hayajonlanib turgan bo‘lsak, oppa-osongina pashshadan fil yasab, vahima ko‘tarib yuboraveramiz. Shu nuqtai-nazardan ayollar baxtsizlarga erkakdan ko‘ra ko‘proq hamdard bo‘ladilar. Ayollar mehribonroq va oqko‘ngilroq. Ammo qozilikda, haqiqatni yuzaga chiqarishda, vijdoniylikda erkaklarga yutqazadilar. Ayolning aqli kaltaligi tufayli mavjud, ushlasa bo‘ladigan, ko‘z ko‘rib turgan narsalar ularga hokimlik qiladi. Uzoq-yaqin qoidalar, aqida va g‘oyalar, qabul qilingan qat’iy qarorlar, o‘tmish va kelajak, yo‘q va uzoqdagi narsalar — ular uchun ikkinchi va uchinchi darajali narsalardir. Ana shu sababli ayol fe’lidagi uzviy yetishmovchilik, balkim kamchilikdir, bu – adolatsizlik! A d o l a t s i z l i k ! Bu hol biz ilgari ta’kidlaganimizdek, aql kaltaligi va uzoqni ko‘ra bilmaslik tufayli sodir bo‘ladi. Yana bir jihat: kuchsiz jondor tabiatan kuchliga nisbatan ayyorroq, hiylakorroq bo‘ladi. Axir tabiat sherga tish va tirnoq, filga – xartum, to‘ng‘izga – so‘yloq, ho‘kizga – shox baxshida etganidek, ayolga o‘zini himoya qila olishi uchun – hiylakorlik va yolg‘onchilik baxshida etgan. Shu tufayli biz tilga olgan jondorlar o‘zlaridagi qurol bilan hujumga o‘tganlari misol, ayol ham har bir qulay vaziyatda o‘z quroli bilan hujumga o‘tadi, himoyalanadi. Va bunda o‘z haq-huquqlaridan foydalanayotganlariga shubha qilmaydilar. Ana shulardan kelib chiqqan holda mutlaqo haqiqatgo‘y va samimiy ayolni topish mumkin emas. Shu xislatlari bois ular o‘zgalarning turlanayotganlarini juda tez payqaydilar. Har qalay ayol qoshida nosamimiylikka yo‘l qo‘yish juda xatarli. Ana shu uzviy kamchiliklari bois ayol yolg‘onchilikka, xiyonatga, egrioyoqlikka moyilroq bo‘ladi. Qozixonada ayollar erkaklarga nisbatan bir necha baravar ko‘p yolg‘on qasam ichib, gunohga botadilar. Va umuman, ayolga qasam ichirish kerakmi, yo‘qmi, degan savolning o‘zi bahsli. Axir ba’zan-ba’zan hamma joylarda ham moddiy jihatdan to‘liq ta’minlangan ayollar do‘kondan ul-bul o‘marayotganining guvohi bo‘lganmiz-ku.

Inson zoti tugab ketmaslik uchun uni mudom ko‘paytirish yosh, sog‘lom va go‘zal yigit-qizlar burchi. Xudoning xohishi –shu! Mazkur qonun boshqa barcha qonunlardan qadimiy va boqiydir. Agar kim bu qonun yo‘liga chiqmoqchi bo‘lsa – o‘zining sho‘ri: nima demasin, nima qilmasin, birinchi fursatdayoq ayovsiz toptaladi. Chunki ayollarning yashirin, aytilmaydigan, va hatto onglanmaydigan fe’li quyidagicha fikrlaydi: “Bizga g‘amxo‘rlik qilganlari bois endi qandaydir haq-huquqlarga ega bo‘ldik, deya o‘ylaydiganlarlarni aldashga haqqimiz bor. Yaqin kishingning yaqinlashishi tufayli bizda paydo bo‘ladigan avlod, uning ko‘rinishi va xususiyatlari bizga bog‘liq. U bizning qo‘limizga berilgan, uni biz tarbiyalaymiz va biz bu vazifani vijdonan bajaryapmiz”. Biroq bu oliy qonunlarni olisdagi sharpalar misoli emas, balki qo‘lda mavjud, bor narsa sifati anglaydilar. Va bu holda ularning vijdoni biz o‘ylaganga nisbatan ancha tinch bo‘ladi, chunki yuraklarining eng ichki qatlamlarida ular tushunadilarki, ular bir shaxsga nisbatan o‘z majburiyatlarini buzganlari bilan huquqlari bir necha baravar ziyod bo‘lgan avlod oldida keragidan ortiq xizmat qilyaptilar.

Ayol inson zotini ko‘paytirish maqsadida yaratilgani va uning boshqa xizmati yo‘qligi bois ular alohida shaxsga nisbatan ko‘proq avlod tashvishida yashaydilar va avlodga tashvishi shaxsga nisbatan jiddiyroq bo‘ladi. Bu ularning borlig‘iga va harakatlariga ma’lum darajada yengiltabiatlik bag‘ishlaydi. Bu balkim erkakka nisbatan mutlaqo o‘zgacha bir yo‘nalishki, ana shular aksariyat er-xotinlarning janjaliga, ajrab ketishiga olib keladi.

Erkaklar tabiatida bir-biriga loqaydlik mavjud, ayollar tabiatida esa dushmanlik. Buni hatto bir kasbdoshning ikkinchisiga nisbatan havasi, hasadi, ko‘rolmasligi deb tushunish ham mumkin. Gadoning dushmani gado bo‘ladi, deganlaridek. Bu hol erkaklar orasida onda-sonda uchrasa, ayol zoti borki, bir-birini ko‘rolmaydi, chunki ularning hammasi bitta kasb bilan shug‘ullanadi. Ko‘chada duch kelib qolsalar, xuddi raqobatchi partiyalarning vakillaridek, bir-biriga sinchkov tikiladilar. Ikki ayol birinchi bor uchrashganlarida – xuddi shu holatdagi ikki erkakka nisbatan anchayin – harakatlari yasama va g‘ayribatiiy bo‘ladi. Shu sababli bir-birlariga nisbatan maqtovlari beo‘xshov va kulgili chiqadi. Bundan tashqari erkak o‘zidan past tabaqali odam bilan ma’lum darajada bosiqlik va hurmat bilan gaplashsa, xuddi shu holatdagi ayolning ikkinchisiga nisbatan soxta manmanligini kuzatib ensangiz qotadi. Bu, demak, ayollar orasidagi tabaqalanish tasodifga, — ya’ni erning jamiyatdagi o‘rniga bog‘liq bo‘lib, u tez-tez o‘zgarishi va yo‘qolib ketishi ham mumkin. Biz erkaklar o‘zimizdan pastroq bilan gaplashayotib ming bir narsani o‘ylaymiz. Ayol esa bu payt faqat qaysi erkakka yoqqanini nazarda tutadi,xolos. Bundan tashqari ularning hammasi kasbdosh bo‘lgani bois bir-birlariga erkaklarga nisbatan yaqin turadi va o‘zlarining turli-tuman nayranglarini namoyon etadilar.

Bo‘yi past, yelkalari tor, belidan pasti keng jinsni faqat jinsiy hissiyot tufayli aqli xiralashgan erkakkina go‘zal deya baholay oladi: jinsning barcha go‘zalliklari ana shu hissiyotga qorishib ketadi. Bu jinsni bir qancha asoslarga tayanib, k o‘ r i m s iz va x u n u k deya baholash mumkin. Haqiqatan ham ayollar taasuroti ojiz. Musiqaga, she’rga, san’atga chin yurakdan berila olmaydilar. Agar berilsalar ham, bu shunchaki birovga yoqqisi va o‘ynashgisi kelgan maymunning harakatidan boshqa narsa emas. Shu tufayli ular biron-bir holatga xolis yondosholmaydilar. Sababi, o‘ylaymanki, quyidagicha: Erkak o‘zining narsalariga b ye v o s i t a h o k i m l i k qilishga urinadi. Yoki aql bilan ularga egalik qilish va bo‘ysundirish yo‘lidan boradi. Ammo ayol hamisha birovning yordami tufayli hokimlik qilishga majbur, ya’ni eri — birdan bir o‘zi qo‘lida tutib turgan vosita – orqali. Shu tufayli ayollar har bir narsaga – eri olib berishi mumkin va mumkin bo‘lmagan narsa sifatida qaraydilar. Va ularning biron narsaga qiziqishi shunchaki yasama holatdan boshqa narsa emas. Bir vaqtlar Russo: “umuman olganda ayollar san’atning hech bir turiga qiziqmaydilar, san’atni tushunmaydilar va hech qanday qobiliyatga ega emaslar”, deya ta’kidlagan edi. Ha, har bir buyumga bir qarashdayoq ularning tashqi ko‘rinishidan boshqa jihatlarini ham anglay oladigan zot buni darhol tushunadi. Ayollarning kontsert, opera va dramatik tomoshalarda o‘zini tutishiga bir ahamiyat bering. San’atning noyob durdonalaridan eng zo‘r sahnalar ijro etilayotganda ayol bolalarcha soddadillik bilan yonidagiga safsata sotishda davom etadi. Agar haqiqatan ham greklar ayollarni sahna tomoshalariga kiritmagan bo‘lsalar, to‘g‘ri qilganlar. Har qalay ularning teatrida nimanidir bemalol tomosha qilish, tinglash mumkin bo‘lgan. Bizning zamonamizda: “Ayol cherkovda jim tursin”, degan iborani “teatrda ham” degan jumla bilan tuzatish kerak. Va buni katta harflar bilan sahna pardasiga osib qo‘ysa ma’qul bo‘lardi. Har qalay ayoldan bundan boshqa narsani kutish mumkin emas. Axir ularning eng yorqin namoyondalari ham nozik san’atda hech bir haqiqiy buyuk va nodir asar yaratmaganlar. Va umuman, dunyoga hech bir eskirmaydigan, o‘lmaydigan asar taqdim etolmaganlar. Bu ayniqsa, rassomlikda tez ko‘zga tashlanadi. Axir aynan shu sohada ayollar ham erkaklar qatori shug‘ullanish imkoniyatiga egalar. Shug‘ullanyaptilar ham. Ammo bu sohada o‘zlarining biron bir yuksak san’at asari bilan maqtana olmaydilar, chunki ularda rassom uchun juda zarur bo‘lgan ruhiy xolislik yo‘q. Bundan 300 yil muqaddam Xuan Uarte: “Ayollarda hech qanday ulkan qobiliyat bo‘lmaydi”, degan edi. Istisno tarzida bitta – yarimta uchrab qolishi mumkin, lekin ular umumiy ko‘rinishni o‘zgarta olmaydilar. Ayollar g‘oyatda tor fikrlaydilar, shu sababli g‘oyat axmoqona tarzda o‘zlarini erlariga tenglashtirib, haqiqatda esa erlarining amali va jamiyatdagi o‘rniga sherikchilik qilib , o‘zlari o‘zlariningg razil shuhratparastliklarini qondirib turadilar. Ularga nisbatan Napoleon 1 aytgan iborani aslida qonun sifatida qabul qilsalar yaxshi bo‘ladi: “Ular bizning kamchiliklarimiz bilan, bizning tentakona qiliqlarimiz bilan aloqa qilish uchun yaratilgan. Zinhor va zinhor aqlimiz bilan emas. Ayollar va erkaklar orasida badanlar yaqinlashuvi bor . Aqllar, yuraklar va fe’llar yaqinlashuvi kamdan-kam sodir bo‘ladigan hodisadir”. Ayollar barcha jabhalarda erdan keyingi darajadagi ikkinchi jins. Shu sababli ularning kamchiliklariga nisbatan olijanob bo‘lmoq lozim, ammo ularning hurmatini oshirib yuborish, yelkaga chiqarib olish – g‘irt axmoqlik. Bu holda ayolning o‘zi birinchi bo‘lib erni nazar-pisand qilmay qo‘yadi. Tabiat inson zotini ikki jinsga bo‘lib, ular o‘rtasidagi chegara chizig‘ini qoq o‘rtadan bo‘lmagan. Burungilar va sharqliklar ayollarga nisbatan aynan shu nuqtai-nazardan qaraganlar, ayollarga haqiqiy o‘rnini ko‘rsatib qo‘yganlar va to‘g‘ri qilganlar. Biz esa ko‘hna faranglar kabi bachkanalik bilan va kulgili tarzda ayollar qoshida o‘zimizni yo‘qotib qo‘yamiz. Natijada ayollar shu darajada olifta va bezbet bo‘lib ketishdiki, endi ular o‘zlarini go‘yo qo‘l yetmas farishtalar misol tutmoqdalar .

G’arb ayoli yolg‘on muhitga tushib qolgan: axir ayollar, muqaddas bitiklarda aytilgani kabi, ilohiylashtiriladigan jonzot emas. Natijada biz o‘zimiz yaratgan yolg‘on muhit jabrini tortayapmiz. Shu sababli Ovrupoda inson № 2 ga o‘z o‘rnini ko‘rsatsalar va o‘z joyiga o‘tishga majburlasalar g‘oyat savob ishni amalga oshirgan bo‘lardilar. Axir shu tufayli nafaqat butun Osiyo bizning ustimizdan kulyapti, balki Rim ham, Gretsiya ham o‘zini tiyib tura olmayapti. Mazkur tadbirning ham siyosiy, ham fuqarolik ijobiy natijalarini hisoblab ulgurolmay qolar edik. Ovrupo ayoli shunaqa jonzotki, u aslida yashashga haqli emas: mayli, bizda uy bekalari bo‘lsin, qizlar uy bekasi bo‘lishni orzu qilib yashasinlar, ya’ni oliftalikka emas, uy kishisi sifatida tarbiyalansinlar. Aynan Ovrupoda past tabaqali ayollar mavjud bo‘lgani sababli Ovrupo ayoli Sharq ayoliga nisbatan anchayin baxtsiz.

Hindistonda hech qachon hech kimga bo‘ysunmaydigan, hech kimga qaram bo‘lmagan ayollar yashamaydi. U yerda har qanday ayol zoti yo otasining, yo erining, yo aka-ukasining, yo o‘g‘lining qaramog‘ida. Menu qonunining 5-bob 148-bandida deyiladi: “Ayol zoti bolaligida otasining, voyaga yetgandan keyin erining, eri o‘lsa o‘g‘illarining, agar o‘g‘illari bo‘lmasa, erining yaqin qarindoshlarining, agar ota tomondan ham qarindosh bo‘lmasa, otasining qarindoshlarining, agar ota tomondan ham qarindosh bo‘lmasa, poshsholikning qaramog‘ida bo‘lishi lozim. Toki ayol hech qachon mustaqillik da’vo qilmasin”. Albatta, ayol o‘zini erining jasadiga qo‘shib yoqib yuborishiga chidash mumkin emas, ammo eri butun umri davomida eshshakday ishlab, bola-chaqam hech kimdan kam bo‘lmasin, deb topgan mol-dunyoni ayol o‘ynashi bilan o‘yin-kulguga sarflab yuborishiga ham chidab bo‘lmaydi.

Dastlabki ona muhabbati insonlarda ham, hayvonlarda ham instinkt, xolos. Va bola jismoniy jihatdan o‘zini o‘nglab olishi bilan instinkt to‘xtaydi. O’rnini aql va odatlarga asoslangan muhabbat egallaydi. Ammo afsuski, ko‘p hollarda, — agar ona otani sevmasa, — bu narsa ro‘y bermaydi. Otaning bolalariga muhabbati esa mutlaqo boshqa narsa va mustahkam poydevorga asoslangan: ota o‘z farzandida yana bitta O’ZIni ko‘radi.

Salkam barcha eski va yangi xalqlarda, hatto gottentotlarda ham meros erkakdan erkakka qoldiriladi. Faqat Ovrupoda, dvoryanlarni bu hisobga qo‘shmasak, mazkur odatga chap berishadi. Erkak butun umr qora ter to‘kib topgan mol-dunyo ayol qo‘liga tushsayu, ayol qisqa muddatda uni hisob-kitobsiz sovursa, bu juda ham buyuk, juda ham sharmandali nohaqlikdir. Ayolning merosxo‘rlik va mulkiy haq-huquqlarini qayta ko‘rib chiqish bilangina bu odatga chek qo‘yish mumkin. Menimcha, shunday qaror qabul qilish kerakki, unga ko‘ra xotinlar, — va qizlar ham, — merosning bir bo‘lagini olish huquqiga ega bo‘lsinlar, zinhor va zinhor butun merosni emas. Albatta, oilada erkak merosxo‘r yo‘q bo‘lgan holatlar bundan mustasno. Mol-mulkni ayol emas, erkak topadi. Shu tufayli ayol unga shaksiz egalik qilishi ham, uni o‘zi xohlagancha ishlatishi ham mumkin emas. Ayol o‘z mulki: puli, uyi, yeriga hech qachon o‘z bilganicha egalik qila olmaydi. Ularga doim qarovchi kerak: shu sababli ularga farzandlarining qarovchisi deb ishonib qo‘yish mumkin emas. Ayolning mag‘rurligi, — erkaknikidan ziyod bo‘lmagan taqdirda ham! – bir yomon tomonga og‘ib ketadi: aynan moddiy buyumlarga, ya’ni shaxsiy go‘zallik, yaltir-yultur, sirti chiroyli narsalar uchun ko‘p narsani qurbon qilib yuboradilar. Erkakning mag‘rurligi esa, aksincha, nomoddiy afzalliklarga ega, ya’ni aql, bilimdonlik, mardlik va boshqa shu kabi jihatlar bilan o‘lchanadi.

Arastu o‘z “Siyosat”ining 11 qism 9-bandida tushuntiradiki, Sparta ayollarga juda ko‘p o‘rin bergani tufayli (Sparta davrida ayollar merosxo‘r bo‘lgan, sep olgan, erkin bo‘lgan) g‘oyat og‘ir ahvolga tushdi va oxir-oqibat yiqildi. Menimcha Farang hukumati va saroyidagi Lyudovik X111 davridan aynishlarga ayollar sababchi bo‘lsa kerak. Aynib, ijg‘ib-bijg‘ib, nihoyat birinchi revolyutsiya yuz berdi. Keyin bir necha to‘ntarishlar amalga oshirildi. Nima bo‘lganda ham ayol jinsining bizdagi soxta holati jamoatchilikning yurak kasaliday gap. U yurakdan chiqib, butun vujudga ta’sir ko‘rsatadi.

Ayol turish-turmushi bilan bo‘ysunishga mahkum etilgani shundan ham ma’lumki, ularning har qanaqasi ham o‘zi ko‘nikmagan, o‘zi uchun notabiiy bo‘lgan to‘la erkin holatga tushib qolsa, shu zahoti boshqa bir erkakning yoniga boradi va o‘zining ustidan rahbarlik qilishni o‘sha erkakka topshiradi. Chunki ayolga hamisha xo‘jayin kerak. Agar ayol yosh bo‘lsa, — erkak o‘ynash, ayol qari bo‘lsa, — erkak ma’naviy pir bo‘ladi.

Rus tilidan Abulqosim Mamarasulov tarjimasi

011

(Tashriflar: umumiy 65, bugungi 1)

Izoh qoldiring