Gi de Mopassan. Ikki hikoya

090    Биз нима учун қуёш чиққанида хурсанд бўламиз? Нега унинг ерни ялаётган нурлари бизга бахт улашади? Мовий осмон, атроф ям-яшил, кўзларимиз бу рангларни симириб юрагимизни бўяйди. Бахтинг ичингга сиғмасдан югуриб, сакраб, куйлагинг келади. Лекин умрбод зимистонга маҳкум қилинган кўзи ожизлар атроф борлиққа ўзгача сурур бахш этувчи ёрқин ранглар ва ажиб жилоларни кўра олишмайди.

Ги де Мопассан
ИККИ ҲИКОЯ
044

091 МОПАССАН (Maupassant) Ги (тўлиқ номи Анри Рене Альбер Ги) де (1850.5.8, Турвилясюр-Арк яқинидаги Миромениль қалъаси —1893.6.7, Париж) — француз ёзувчиси, Руан лицейини тугатган.
1870—71 й.ларда франко-прус урушида қатнашган, Ги де Мопассан Флобернинг шогирди, рус алиби Иван Тургеневни устоз санаб, унга бағишлаб мақолалар ёзган. Адабиётга 1880 й.да шеърлар тўплами ва «Дўндиқ» новелласи б-н кириб келган. У 6 роман,18 ҳикоялар тўплами, очерк ва пьесалар, кўплаб мақолалар ва б. асарлар муаллифи. Мопассан ижоди учун турмушни объектив тасвирлаш, тилининг содда (табиий) ва таъсирчанлиги, «ҳаётни ўзиданда ишончли тасвирлаш», қаҳрамонлар образини уларнинг характер ва хис-туйғулари орқали яратишга интилиш характерли. Мопассан маънавий қашшоқ, мунофиқ кишилар образининг бутун бир силсиласини яратган («Жавоҳирот», «Оила бағрида»,«Васиятнома» «Бочкача», «Иблис» ва б.). Унинг «Дайди», «Шкаф», «Гадой» каби новеллаларида турмуш қаърига улоқтирилган нотавонлар ҳаёти тасвирланган. Муҳаббатни мол-дунёдан иборат деб билувчи, шу боис ҳар қадамда ўзини сотишга тайёр аёллар образи «Иветта»,«Ҳаққоний тарих» ва б. асарларида маҳорат б-н чизилган. Мопассан соф муҳаббат («Ой ёғдуси», «Бахт»)ни куйлайди ва маънавий юксак оддий кишиларни қадрлайди («Симон ота», «Мартен қизалоғи»), ватанпарвар ва жасоратли инсонларни тараннум этади («Дўндиқ», «Мадмуазель Фифи», «Милон амаки»). Унинг «Ҳаёт» (1883), «Азизим» (1885), «Монт-Ориоль» (1886), «Пьер ва Жан» (1887—88) каби романларида умумбашарий мавзулар, мансабпарастлар қисмати, бойлик орттиришга хуруж қилиш юксак маҳорат билан тасвирлаб берилган. «Ўлимдек кучли» (1889), «Бизнинг қалб» (1890) романларида эса психологик руҳ кучли. «Ҳаёт»,«Азизим» романлари (Иброҳим Ғафуров таржимаси) ва бир қанча ҳикоялари ўзбек тилига таржима қилинган (Ўзбекистон Миллий энциклопедиясидан).

07

СЎҚИР
Русчадан Хадича Зоҳир таржимаси

Биз нима учун қуёш чиққанида хурсанд бўламиз? Нега унинг ерни ялаётган нурлари бизга бахт улашади? Мовий осмон, атроф ям-яшил, кўзларимиз бу рангларни симириб юрагимизни бўяйди. Бахтинг ичингга сиғмасдан югуриб, сакраб, куйлагинг келади. Лекин умрбод зимистонга маҳкум қилинган кўзи ожизлар атроф борлиққа ўзгача сурур бахш этувчи ёрқин ранглар ва ажиб жилоларни кўра олишмайди. Агар сўқирга “Бугун ҳаво жуда яхши!” – десангиз, у шундай жавоб беради:
– Мен буни дарров сездим, чунки итим далага ошиқди.

Мен ҳаётнинг ўзи шафқатсизларча ўлимга маҳкум қилган бир ногиронни билардим. У Норман фермерининг ўғли эди. Ота-онаси ҳаётлигида уни фақат мажруҳлиги безовта қиларди, лекин улар ўлимидан сўнг унинг бутун ҳаёти азоб исканжасида кечди. Бечорани опаларидан бири ўз қарамоғига олди, бироқ фермадагилар уни текинтомоқ, бекорчи, ишёқмас, деб ҳар бир тишлаган луқмаси учун кесатиб, ҳақорат қилишарди. Ҳатто ов¬қатни ҳам унга очидан ўлмаслиги учунгина беришарди. Унинг юзи қонсиз, оқ тушган кўзлари эса катта-катта эди. Ўзига бўлган муносабатларга эътибор беряптими, йўқми, билиш мушкул эди. Бечора умрида меҳр кўрмаган, ҳатто онаси ҳам уни ёмон кўриб, қўпол муомала қиларди. Қишлоқларда ишга яроқсиз киши доим ортиқча бўлган. Деҳқонлар ундан кўра товуқларни кўпроқ қадрлашарди, чунки товуқлари айниган овқатларни еб, тухум қўйишарди-да.

Сўқир ёзда остонада, қишда эса печка ёнида ўтириб, кечгача ўрнидан жилмасди. Қимирламас, ҳаракатланмас, фақат онда-сонда қўли билан оппоқ парда қоплаган кўзларини беркитишга ҳаракат қиларди. У касалми? Келажаги ҳақида ўйлайдими? Тафаккур қиладими? Бу саволлар ҳеч кимни қизиқтирмасди.

Бир неча йил шу алфозда ўтди. Ахийри, ногироннинг ишга яроқсизлигидан қариндошларининг сабр-косаси тўлиб, унинг устидан шафқатсизларча кула бошладилар. Сўқир гўё буқалар орасига қўйиб юборилган эчкичадек эди. Улар тушки овқат маҳалида кўзи ожизнинг бечораҳоллигидан фойданиб, ваҳшиёна ҳазилларни ўйлаб топишарди. Тушлик пайтида ошхона бу саҳнани томоша қилиш учун қўшни фермадан келган деҳқонлар билан тўлиб кетар эди. Баъзида у овқат еяётган товоқнинг ёнига кучукними, мушукними келтириб қўйишар, одамнинг ожизлигини сезган жониворлар товоқдаги овқатни сассиз еб битиришарди. Сўқир бу ҳолатни сезиб қолса, қошиғи билан столнинг исталган жойига тўқиллатиб урарди. Хонага сиғмай кетган томошабинлар оёқлари билан депсиниб, бир-бирини турт¬килаб кулишар эди. Қурбон эса чап қўли билан товоқни беркитиб, ўнг қўлида овқатини ерди. Баъзида бечоранинг товоғига қопқоқ, барг, тахта чиқиндилари, ҳаттоки ювиндиларни солиб беришар, у эса ҳеч ниманинг фарқига бормасди.

Бу томошалардан зериккан почча сўқирнинг иккала юзига тарсаки туширар ва унинг жавоб қайтаришини кутар, шу жавобни эса сўқирни уйдан ҳайдаб солишга сабаб қилиб кўрсатишни истарди. Энди унга хизматкорлар ҳам шапалоқ туширар, у эса қаерга қочишни билмасди. Ўтирганда ҳам, турганда ҳам бирор киши юзига мушт тушириб қолмаслиги учун қўллари билан ҳимояланар эди. Ва ниҳоят, уни тиланчилик қилишга мажбур этишди.

Якшанба кунлари сўқирни йўл четига чиқазиб қўйишар, у оёқ товуши ёки араванинг тақир-туқури эшитилиши билан фуражкасини чўзиб, “Худо йўлига садақа қилинг”, деб тиланар эди. Лекин деҳқонлар зиқна халқ. Шунинг учун у ҳафталаб уйга бир чақасиз қайтарди. Натижада ундан шафқатсизларча наф¬ратланишарди. Мана, унинг ҳаёти қандай завол топди.
Қиш аёзли келди. Қалин қор ёғишига қарамай, поччаси уни узоқдаги катта кўчага тиланчилик қилиш учун элтиб қўйди. Кўзи ожиз кун бўйи ўша ерда қолди. Кечқурун эса почча қайнисини топа олмаганини эълон қилиб шундай деди:
– Нима қиламиз у учун қай¬ғуриб, етар шунча ташвишини қилганимиз. Совуқда қолганини кўриб кимдир уйига обкириб кетгандир. Эртага тушликка судралиб келади.

Аммо у қайтиб келмади. Сўқир бир неча соат поччасини кутди-да, тураверса музлаб қолишини сезиб, уйга бир ўзи қайтишга қарор қилди. Қор босган йўлларнинг фарқига бормай кўп юрди. Балчиқларга йиқилса-да, жимгина ўрнидан туриб йўлида давом этди. Аммо толиққан оёқлари юришдан тўхтаб, совуқдан қотиб қолаётганди. Шундай қилиб, у қор қоплаган даланинг ўртасига ётиб қолди ва қайтиб турмади. Оппоқ қор учқунлари уни кўмиб ташлади. Энди ҳеч нима бу ерда мурда ётганини эслатмасди.

Қариндошлари бир ҳафта давомида ўзларини худди асабийлашаётгандек, уни қидираётгандек қилиб кўрсатишди. Ҳаттоки кўз ёши ҳам қилиб олишди. Қиш қаттиқ келганидан қорларнинг эриши узоққа чўзилди.

Бир куни ибодатхонага кетаётган деҳқонлар қарғалар тўдаси фақат бир ерга ёғилаётганини кўриб қолишди. Шумқадам қушлар бу ерда бир ҳафтадан бери меҳмон эди. Улар гўёки уфқ¬нинг ҳамма томонидан учиб келиб, осмонни булутдек қоплаганди. Одамни кар қиладиган қағиллашлари билан фақат паст¬га қўниб, ерда ниманидир кавлар эди. Бир йигитча у ерда нима бўлаётганидан хабар топиш учун югуриб борди ва ярми еб тугатилиб, тана аъзолари ҳар ерда сочилиб ётган мурдага қоқилиб тушди. Унинг оппоқ парда билан қопланган кўзлари ҳам жойидан йўқолганди. Улар бехосият қар¬ғаларга ем бўлганди.

ХИЗМАТКОР ҚИЗ ҚИСМАТИ
Русчадан Рустам Жабборов таржимаси

Ташқарида эсаётган бесар кузак шамоли дарахт шохларида қолган сўнгги япроқларни юлқиб, ҳавода чирпирак қилиб ўйнарди.

Овчилар кечки овқатни ейишарди, улар ҳатто этикларни ҳам ечмасдан, қизариб-бўзариб, ҳазил-ҳузул қилиб ўтиришарди. Улар асосан ярим зодагон, ярим деҳқон, бойнинг ҳам, ҳўкизнинг ҳам бўйнини қайиришга қодир кучга эга бўлган кичик норманд помешчиклари эди.
Улар кун бўйи Эпарвил ҳокими Блондилга қарашли ерларда ов қилишган, ҳозир эса унинг уйида, катта стол атрофида тамадди қилишмоқда эди.

Уларнинг гурунги, бақир-чақири, кулгилари эса йиртқичларнинг ўкиришини ёдга соларди, чунки тинимсиз ичишар, оёқларни узатиб, столга тирсакланганча, Исполин печи тафтида исинишар, ов, итлар ҳақида валақлашишар, кўзлари чироқ ёруғида ярқираб турарди.
Ҳаммалари аллақачон сархуш, эс-ҳушини йўқотар даражага етган, уларга овқат ташиб юрган қип-қизил башараси товоқдек келадиган хизматкор қизнинг ортидан мастона сузилиб боқишарди.

Бир пайтлар руҳоний бўлишни орзу қилган, лекин тақдир тақозоси билан ветеринар бўлиб, айни чоқда музофотдаги молларни даволаб юрган узун бўйли Сежур бирдан ҳовлиқа кетди:
— Жин урсин, жаноб Блондил, жориянгиз шунақа сулувки, одамнинг оғзидан сўлаги оқади-я!
Хонада гурр кулги кўтарилди. Шунда гапни қари ароқхўр, эндиликда камбағаллашиб қолган зодагон де Варнетто илиб кетди:
— Менинг ҳаётимда шунақа хизматкор қизча билан боғлиқ бир воқеа содир бўлган. Ўйлайманки, бу сизлар учун қизиқарли бўлади. Ҳар гал у ҳақда ўйлаганимда Марза деган бир қанжиқ итим эсимга тушади. Мен уни граф д Оссенелга сотгандим, ит эса мендан ажрашни ҳечам истамасди, ҳар куни, ечиб юборишлари билан ёнимга чопиб келарди. Охири аччиғим чиқди ва графга итни занжирда сақлашни айтдим. Биласизларми, кейин нима бўлди. Ит шўрлик боғловда ичикиб ўлди.

Энди менинг хизматкорим воқеасига қайтайлик. Ўшанда йигирма бешда эдим, Вилбндаги қасримда ёлғиз, бўйдоқликда кун кечирардим. Одам ёш бўлса, биласизлар, зерикади, уёқ-буёқни кўргиси, саёқлик қилгиси келади.

Бир куни Ковиледа турадиган Дебултонинг уйида хизмат қиладиган ёшгина бир қизчани кўриб қолдим. У мени ўзига шу қадар мафтун этдики, хўжайини олдига бориб шундай бир таклиф айтдим: у хизматкорини менга беради, мен эса унга зотдор — Дебулто икки йилдан бери менга сот деб ялиниб юрган байталимни бераман. У шартта қўл ташлади: “Келишдик, жаноб де Варнетто”. Иш битди ҳисоб. Қиз менинг қасримга келди, мен эса уч юз экю эвазига байтални унинг хўжайинига элтиб бердим.

Бошида ҳаммаси силлиқ кетаётганди. Ҳеч ким ҳеч нимадан гумонсирамасди. Лекин Роза — унинг оти шунақа эди — назаримда мени телбаларча севиб қолди. Қизча бошқалардан нимаси биландир фарқ қиларди. Унинг томирларида аслзодалар қони оқарди. Афтидан у ўз оқсочига тегиниб қўйган оқсуяк бир одамдан туғилган эди.

Хуллас, у мени еру кўкка ишонмасди. Мен билан кўнгилхушлик қилишдан сираям зерикмас, мени ғалати-ғалати исмлар билан эркалаб чақирар, унинг бу эркаликлари мени ўйга толдирарди.

“Бунга чек қўйиш керак энди, бўлмаса, бошим балога қолиб кетади”, дердим ўзимга-ўзим. Аммо мени тузоққа илинтириш унчалик осон эмаслигини билардим. Мен эҳтиросли бўсалар билан дарров алданиб қоладиганлар сирасига кирмасдим. Аммо… кунларнинг бирида ҳомила бўлиб қолганини айтгач, ҳушим бошимдан учди.

Ол-а! Кимдир юрагимни қўшотар милтиқ билан яралагандек бўлди. У эса мени қучоқлар, эркалар, қиқирлаб кулар, эс-ҳушини йўқотганча ялаб-юлқарди. Бу ёғи нима бўлди?
Ўша куни индамадим, лекин кечаси билан ўйлаб чиқдим. Бир чорасини топиш лозим. Алоқани ҳозироқ узмасам, кеч бўлади. Ота-онам Барнвилда яшар, Маркиз д Испарга теккан опам эса бу ердан икки мил нарида, Роллибекда турарди.

Нима қилсам экан? У меникидан кетадиган бўлса, одамлар шубҳага тушиб, дарров гап-сўз қилишади. Қолаверсин, десам, тез орада ҳамма нарса ошкор бўлади. Ахир, уни бу аҳволда ташлаб кетиш ҳам яхши бўлмасди-да.

Мен ёшлигида бунақа кўргиликларни кўп бор бошидан кечирган амаким барон де Крейтелга маслаҳат солиш учун унинг ёнига бордим. У бамайлихотир шундай деди:
— Уни эрга бервориш керак, болам.

Мен ўрнимдан сапчиб туриб кетдим.
— Эрга бериш керак, дейсизми, амаки? Кимга?

У елка қисди.
— Кимга бериш ёки бермаслик сенинг ишинг, меники эмас.
Мен амакимнинг гапини бир ҳафта ўйлаб юрдим ва, ниҳоят, у ҳақ экан, деган қарорга келдим.

Кейин куёв қидиришга тушдим. Бир маҳал маҳаллий судя мен билан тушлик қилиб ўтириб қизиқ бир гап айтиб қолди.
— Помел холанинг ўғли яна бир безориликка қўл урибди. Шу бола жуда бежо чиқди-да! Илоннинг боласи илон бўларкан-да?

Помел хола деганлари ёшлигида бинойидек аёл бўлган дейишади. Қартайиб кўзи оч бўлиб қолганди. У бир чақа эвазига бутун борлиғини, ҳатто ўғлини ҳам сотиб юборишга тайёр эди.
Мен унинг уйига бориб, бафуржа ҳамма гапни тушунтириб бердим. Мен ҳали гапимни тугатмай аёл бетоқатлик билан гап қўшди:
— Хўш, шу қизча учун қанча тўламоқчисиз?
Кампир пихини ёрган туллак эканини билганим учун ҳаммасига олдиндан тайёргарлик кўриб қўйгандим.

Қарангки, Сасвилнинг шундоқ ёнида менинг учта кичкина томорқам бўлиб, улар менга қарашли фермаларга туташ ерда эди. Фермерлар бу далаларнинг узоқлигидан шикоят қилавергач, улардан олти акр келадиган ана шу ерни қайтариб олдим. Фермерлар яна додлаб жонга тегишди. Шунда мен улар билан тузилган шартномаларнинг паррандачиликка оид қисмини бекор қилишга мажбур бўлдим. Шу тариқа ишларни бир амаллаб йўлга қўйиб олдим. Кейин қўшним д Омонтедан дарё бўйидаги ерини сотиб олдим-да, ўша ерда кичикроқ бир уйча қуриб олдим. Бунгаям салкам бир ярим минг франк пул кетди. Шу тариқа кичик бир хўжалик пайдо бўлди. Мен ўша ерни қизнинг сепига қўшиб беришга қарор қилдим.
Аввалига кампир бу кам дегандек хархаша бошлади, мен эса барибир рози бўлишини билиб, гапимда туриб олдим. Хуллас, у билан келишдик.

Эртаси куни кутилмаганда унинг ўғли пайдо бўлди. Унинг афтини эслаб қололганим йўқ. Ҳар ҳолда ташқи кўриниши мени қаноатлантирди.
Йигит гапни анча узоқдан бошлади. Гўёки ўзини мол сотиб олиш учун келган киши қилиб кўрсатди. Гап мақсадга кўчгач, у хўжаликни бориб кўрадиган бўлди. Биз далани кечиб ўша томонга кетдик. Бўлажак куёв мени далада роса уч соат ушлаб турди… Ҳали уйчанинг томи қурилмаган эди. Онасининг боласи-да, уйнинг томини қамишдан эмас, шифердан ёпиб берасан, дея шарт қўйди. Кейин сўради:
— Мебел ҳам берасизми?

Мен эътироз билдирдим:
— Сизга битта ферма камлик қиляптими?
У тиржайди:
— О, бўлмасам-чи, битта ферма, бунинг устига азза-базза чақалоқ ҳам.

Мен беихтиёр қизариб кетдим. У эса давом этди:
— Хуллас, гап бундоқ, битта каравот, шкаф, стол, учта стул ва идиш-товоқ. Бўлмаса биз келиша олмаймиз.

Мен рози бўлдим. Биз ортга қайтдик. У ҳали қиз ҳақида бир оғиз ҳам сўрагани йўқ эди. Бирданига айёрона ва тунд қиёфада менга юзланди:
— Борди-ю, у ўлиб қолса, мол-мулк кимга қолади?
— Албатта сизга-да, — дедим мен.

Бу эрталабдан бери у сўраши лозим бўлган асосий гап эди. У шу заҳоти менга мамнун қўл чўзди. Иш осонликча ҳал бўлганди.
Бироқ Розани бунга кўндириш осон кечмади. У менинг оёғимга йиқилиб таваллолар қилди. “Наҳотки, сиз менга шу нарсани раво кўрдингиз? Сиз! Сиз!” У менинг ҳар қанча ялиниб-ёлворишимга қарамай, бир ҳафтача оёғини бир этикка тиқиб юрди. Аёлнинг ақли қанчалик калта бўлади-я? Уларнинг миясига севги деган нарса ўрнашиб олса борми, тамоман ўзларини йўқотиб қўядилар. Бошқа нарса ҳақида ўйламай қўйишади.

Бора-бора жаҳлим чиқиб, уни уйдан ҳайдаб юбораман, дея қўрқитдим. Шунда у олдимга тез-тез келиб туриши учун ижозат сўраб, рози бўлди.
Мен ўзим уни никоҳ маросимига олиб бордим, тўй харажатларини тўлиқ қопладим. Кейин эса Туренда яшайдиган акамнинг уйига ярим йилга кўчиб кетдим.

Қайтиб келиб билдимки, у ҳар ҳафта менинг қасримдан хабар олиб турган экан. Келганимга бир соат ҳам ўтмай, у қўлида чақалоғини кўтариб келиб қолди. Ишонасизми, бувакни қўлимга олишим билан унга нисбатан ич-ичимда меҳр уйғонганини сездим. Уни қўлимга олиб, ўпдим ҳам.

Онаси эса, ярим йилда озиб, чўпга айланиб қолганди. Жин урсин, дедим ичимда, унга эр ёқмабди.
— Турмушинг яхшими? — сўрадим ундан.
У ўзини тутолмай йиғлаб юборди:
— Сизсиз яшай олмайман. Ўлганим яхши. Яшаёлмайман.
У қиёмат тўполон кўтарди. Мен уни тинчлантириб, ҳовли адоғига қадар кузатиб қўйдим. Тушундимки, эри уни ҳар куни дўппослайди, анави қари бойқуш бўлса заррача кун бермайди.

Бир кун ўтиб яна келди. У полга, оёқларим остига ётиб олди.
— Ўлдиринг мени, ўлдиринг, лекин орқага қайтиб юборманг. Илтимос!!!

Агар Марза гапиришни билганида, менга у ҳам шу гапларни айтган бўлармиди? Хуллас, бу ғалвалар яна жонимга тегди. Яна ярим йилга бу ердан бош олиб кетдим. Қайтиб келганимда эса… Роза мен келишимдан уч ҳафта олдин оламдан ўтган экан. Менинг йўғимда ҳар якшанба қасрга келиб кетаркан, худди Марзага ўхшаб. Орадан бир ҳафта ўтиб, чақалоқ ҳам қазо қипти.

Эри эса… Ҳамма мол-мулк унга мерос бўлиб қолди. Ўша пайтларда у тоққа чиқиб кетган эди. Эшитишимча, ҳозир уни шаҳар маслаҳатчиси этиб тайинлашган эмиш.

Де Варнетте охирида кулги аралаш қўшиб қўйди:
— Нима қилсаям, мен унга каттагина яхшилик қилганман.
Ветеринар врач Сежур қадаҳдаги ароқни оғзига олиб бораркан, жиддий қиёфада хулоса ясади.
— Ўзи бунақа аёллар билан ўралашмаслик керак-да!

045

Gi de Mopassan
IKKI HIKOYA
044

05MOPASSAN (Maupassant) Gi (to’liq nomi Anri Rene Al`ber Gi) de (1850.5.8, Turvilyasyur-Ark yaqinidagi Miromenil` qal’asi —1893.6.7, Parij) — frantsuz yozuvchisi, Ruan litseyini tugatgan.1870—71 y.larda franko-prus urushida qatnashgan, Gi de Mopassan Floberning shogirdi, rus alibi Ivan Turgenevni ustoz sanab, unga bag’ishlab maqolalar yozgan. Adabiyotga 1880 y.da she’rlar to’plami va «Do’ndiq» novellasi b-n kirib kelgan. U 6 roman,18 hikoyalar to’plami, ocherk va p`esalar, ko’plab maqolalar va b. asarlar muallifi. Mopassan ijodi uchun turmushni ob’ektiv tasvirlash, tilining sodda (tabiiy) va ta’sirchanligi, «hayotni o’zidanda ishonchli tasvirlash», qahramonlar obrazini ularning xarakter va xis-tuyg’ulari orqali yaratishga intilish xarakterli. Mopassan ma’naviy qashshoq, munofiq kishilar obrazining butun bir silsilasini yaratgan («Javohirot», «Oila bag’rida»,«Vasiyatnoma» «Bochkacha», «Iblis» va b.). Uning «Daydi», «Shkaf», «Gadoy» kabi novellalarida turmush qa’riga uloqtirilgan notavonlar hayoti tasvirlangan. Muhabbatni mol-dunyodan iborat deb biluvchi, shu bois har qadamda o’zini sotishga tayyor ayollar obrazi «Ivetta»,«Haqqoniy tarix» va b. asarlarida mahorat b-n chizilgan. Mopassan sof muhabbat («Oy yog’dusi», «Baxt»)ni kuylaydi va ma’naviy yuksak oddiy kishilarni qadrlaydi («Simon ota», «Marten qizalog’i»), vatanparvar va jasoratli insonlarni tarannum etadi («Do’ndiq», «Madmuazel` Fifi», «Milon amaki»). Uning «Hayot» (1883), «Azizim» (1885), «Mont-Oriol`» (1886), «P`er va Jan» (1887—88) kabi romanlarida umumbashariy mavzular, mansabparastlar qismati, boylik orttirishga xuruj qilish yuksak mahorat bilan tasvirlab berilgan. «O’limdek kuchli» (1889), «Bizning qalb» (1890) romanlarida esa psixologik ruh kuchli. «Hayot»,«Azizim» romanlari (Ibrohim G’afurov tarjimasi) va bir qancha hikoyalari o’zbek tiliga tarjima qilingan (O’zbekiston Milliy entsiklopediyasidan).

044

SO’QIR
Ruschadan Xadicha Zohir tarjimasi

Biz nima uchun quyosh chiqqanida xursand bo’lamiz? Nega uning yerni yalayotgan nurlari bizga baxt ulashadi? Moviy osmon, atrof yam-yashil, ko’zlarimiz bu ranglarni simirib yuragimizni bo’yaydi. Baxting ichingga sig’masdan yugurib, sakrab, kuylaging keladi. Lekin umrbod zimistonga mahkum qilingan ko’zi ojizlar atrof borliqqa o’zgacha surur baxsh etuvchi yorqin ranglar va ajib jilolarni ko’ra olishmaydi. Agar so’qirga “Bugun havo juda yaxshi!” – desangiz, u shunday javob beradi:
– Men buni darrov sezdim, chunki itim dalaga oshiqdi.

Men hayotning o’zi shafqatsizlarcha o’limga mahkum qilgan bir nogironni bilardim. U Norman fermerining o’g’li edi. Ota-onasi hayotligida uni faqat majruhligi bezovta qilardi, lekin ular o’limidan so’ng uning butun hayoti azob iskanjasida kechdi. Bechorani opalaridan biri o’z qaramog’iga oldi, biroq fermadagilar uni tekintomoq, bekorchi, ishyoqmas, deb har bir tishlagan luqmasi uchun kesatib, haqorat qilishardi. Hatto ov¬qatni ham unga ochidan o’lmasligi uchungina berishardi. Uning yuzi qonsiz, oq tushgan ko’zlari esa katta-katta edi. O’ziga bo’lgan munosabatlarga e’tibor beryaptimi, yo’qmi, bilish mushkul edi. Bechora umrida mehr ko’rmagan, hatto onasi ham uni yomon ko’rib, qo’pol muomala qilardi. Qishloqlarda ishga yaroqsiz kishi doim ortiqcha bo’lgan. Dehqonlar undan ko’ra tovuqlarni ko’proq qadrlashardi, chunki tovuqlari aynigan ovqatlarni yeb, tuxum qo’yishardi-da.

So’qir yozda ostonada, qishda esa pechka yonida o’tirib, kechgacha o’rnidan jilmasdi. Qimirlamas, harakatlanmas, faqat onda-sonda qo’li bilan oppoq parda qoplagan ko’zlarini berkitishga harakat qilardi. U kasalmi? Kelajagi haqida o’ylaydimi? Tafakkur qiladimi? Bu savollar hech kimni qiziqtirmasdi.

Bir necha yil shu alfozda o’tdi. Axiyri, nogironning ishga yaroqsizligidan qarindoshlarining sabr-kosasi to’lib, uning ustidan shafqatsizlarcha kula boshladilar. So’qir go’yo buqalar orasiga qo’yib yuborilgan echkichadek edi. Ular tushki ovqat mahalida ko’zi ojizning bechoraholligidan foydanib, vahshiyona hazillarni o’ylab topishardi. Tushlik paytida oshxona bu sahnani tomosha qilish uchun qo’shni fermadan kelgan dehqonlar bilan to’lib ketar edi. Ba’zida u ovqat yeyayotgan tovoqning yoniga kuchuknimi, mushuknimi keltirib qo’yishar, odamning ojizligini sezgan jonivorlar tovoqdagi ovqatni sassiz yeb bitirishardi. So’qir bu holatni sezib qolsa, qoshig’i bilan stolning istalgan joyiga to’qillatib urardi. Xonaga sig’may ketgan tomoshabinlar oyoqlari bilan depsinib, bir-birini turt¬kilab kulishar edi. Qurbon esa chap qo’li bilan tovoqni berkitib, o’ng qo’lida ovqatini yerdi. Ba’zida bechoraning tovog’iga qopqoq, barg, taxta chiqindilari, hattoki yuvindilarni solib berishar, u esa hech nimaning farqiga bormasdi.

Bu tomoshalardan zerikkan pochcha so’qirning ikkala yuziga tarsaki tushirar va uning javob qaytarishini kutar, shu javobni esa so’qirni uydan haydab solishga sabab qilib ko’rsatishni istardi. Endi unga xizmatkorlar ham shapaloq tushirar, u esa qaerga qochishni bilmasdi. O’tirganda ham, turganda ham biror kishi yuziga musht tushirib qolmasligi uchun qo’llari bilan himoyalanar edi. Va nihoyat, uni tilanchilik qilishga majbur etishdi.

Yakshanba kunlari so’qirni yo’l chetiga chiqazib qo’yishar, u oyoq tovushi yoki aravaning taqir-tuquri eshitilishi bilan furajkasini cho’zib, “Xudo yo’liga sadaqa qiling”, deb tilanar edi. Lekin dehqonlar ziqna xalq. Shuning uchun u haftalab uyga bir chaqasiz qaytardi. Natijada undan shafqatsizlarcha naf¬ratlanishardi. Mana, uning hayoti qanday zavol topdi.
Qish ayozli keldi. Qalin qor yog’ishiga qaramay, pochchasi uni uzoqdagi katta ko’chaga tilanchilik qilish uchun eltib qo’ydi. Ko’zi ojiz kun bo’yi o’sha yerda qoldi. Kechqurun esa pochcha qaynisini topa olmaganini e’lon qilib shunday dedi:
– Nima qilamiz u uchun qay¬g’urib, yetar shuncha tashvishini qilganimiz. Sovuqda qolganini ko’rib kimdir uyiga obkirib ketgandir. Ertaga tushlikka sudralib keladi.

Ammo u qaytib kelmadi. So’qir bir necha soat pochchasini kutdi-da, turaversa muzlab qolishini sezib, uyga bir o’zi qaytishga qaror qildi. Qor bosgan yo’llarning farqiga bormay ko’p yurdi. Balchiqlarga yiqilsa-da, jimgina o’rnidan turib yo’lida davom etdi. Ammo toliqqan oyoqlari yurishdan to’xtab, sovuqdan qotib qolayotgandi. Shunday qilib, u qor qoplagan dalaning o’rtasiga yotib qoldi va qaytib turmadi. Oppoq qor uchqunlari uni ko’mib tashladi. Endi hech nima bu yerda murda yotganini eslatmasdi.

Qarindoshlari bir hafta davomida o’zlarini xuddi asabiylashayotgandek, uni qidirayotgandek qilib ko’rsatishdi. Hattoki ko’z yoshi ham qilib olishdi. Qish qattiq kelganidan qorlarning erishi uzoqqa cho’zildi.

Bir kuni ibodatxonaga ketayotgan dehqonlar qarg’alar to’dasi faqat bir yerga yog’ilayotganini ko’rib qolishdi. Shumqadam qushlar bu yerda bir haftadan beri mehmon edi. Ular go’yoki ufq¬ning hamma tomonidan uchib kelib, osmonni bulutdek qoplagandi. Odamni kar qiladigan qag’illashlari bilan faqat past¬ga qo’nib, yerda nimanidir kavlar edi. Bir yigitcha u yerda nima bo’layotganidan xabar topish uchun yugurib bordi va yarmi yeb tugatilib, tana a’zolari har yerda sochilib yotgan murdaga qoqilib tushdi. Uning oppoq parda bilan qoplangan ko’zlari ham joyidan yo’qolgandi. Ular bexosiyat qar¬g’alarga yembo’lgandi.

XIZMATKOR QIZ QISMATI
Ruschadan Rustam Jabborov tarjimasi

Tashqarida esayotgan besar kuzak shamoli daraxt shoxlarida qolgan so’nggi yaproqlarni yulqib, havoda chirpirak qilib o’ynardi.

Ovchilar kechki ovqatni yeyishardi, ular hatto etiklarni ham yechmasdan, qizarib-bo’zarib, hazil-huzul qilib o’tirishardi. Ular asosan yarim zodagon, yarim dehqon, boyning ham, ho’kizning ham bo’ynini qayirishga qodir kuchga ega bo’lgan kichik normand pomeshchiklari edi.
Ular kun bo’yi Eparvil hokimi Blondilga qarashli yerlarda ov qilishgan, hozir esa uning uyida, katta stol atrofida tamaddi qilishmoqda edi.

Ularning gurungi, baqir-chaqiri, kulgilari esa yirtqichlarning o’kirishini yodga solardi, chunki tinimsiz ichishar, oyoqlarni uzatib, stolga tirsaklangancha, Ispolin pechi taftida isinishar, ov, itlar haqida valaqlashishar, ko’zlari chiroq yorug’ida yarqirab turardi.
Hammalari allaqachon sarxush, es-hushini yo’qotar darajaga yetgan, ularga ovqat tashib yurgan qip-qizil basharasi tovoqdek keladigan xizmatkor qizning ortidan mastona suzilib boqishardi.

Bir paytlar ruhoniy bo’lishni orzu qilgan, lekin taqdir taqozosi bilan veterinar bo’lib, ayni choqda muzofotdagi mollarni davolab yurgan uzun bo’yli Sejur birdan hovliqa ketdi:
— Jin ursin, janob Blondil, joriyangiz shunaqa suluvki, odamning og’zidan so’lagi oqadi-ya!
Xonada gurr kulgi ko’tarildi. Shunda gapni qari aroqxo’r, endilikda kambag’allashib qolgan zodagon de Varnetto ilib ketdi:
— Mening hayotimda shunaqa xizmatkor qizcha bilan bog’liq bir voqea sodir bo’lgan. O’ylaymanki, bu sizlar uchun qiziqarli bo’ladi.
Har gal u haqda o’ylaganimda Marza degan bir qanjiq itim esimga tushadi. Men uni graf d Ossenelga sotgandim, it esa mendan ajrashni hecham istamasdi, har kuni, yechib yuborishlari bilan yonimga chopib kelardi. Oxiri achchig’im chiqdi va grafga itni zanjirda saqlashni aytdim. Bilasizlarmi, keyin nima bo’ldi. It sho’rlik bog’lovda ichikib o’ldi.

Endi mening xizmatkorim voqeasiga qaytaylik. O’shanda yigirma beshda edim, Vilbndagi qasrimda yolg’iz, bo’ydoqlikda kun kechirardim. Odam yosh bo’lsa, bilasizlar, zerikadi, uyoq-buyoqni ko’rgisi, sayoqlik qilgisi keladi.

Bir kuni Kovileda turadigan Debultoning uyida xizmat qiladigan yoshgina bir qizchani ko’rib qoldim. U meni o’ziga shu qadar maftun etdiki, xo’jayini oldiga borib shunday bir taklif aytdim: u xizmatkorini menga beradi, men esa unga zotdor — Debulto ikki yildan beri menga sot deb yalinib yurgan baytalimni beraman. U shartta qo’l tashladi: “Kelishdik, janob de Varnetto”. Ish bitdi hisob. Qiz mening qasrimga keldi, men esa uch yuz ekyu evaziga baytalni uning xo’jayiniga eltib berdim.

Boshida hammasi silliq ketayotgandi. Hech kim hech nimadan gumonsiramasdi. Lekin Roza — uning oti shunaqa edi — nazarimda meni telbalarcha sevib qoldi. Qizcha boshqalardan nimasi bilandir farq qilardi. Uning tomirlarida aslzodalar qoni oqardi. Aftidan u o’z oqsochiga teginib qo’ygan oqsuyak bir odamdan tug’ilgan edi.

Xullas, u meni yeru ko’kka ishonmasdi. Men bilan ko’ngilxushlik qilishdan sirayam zerikmas, meni g’alati-g’alati ismlar bilan erkalab chaqirar, uning bu erkaliklari meni o’yga toldirardi.

“Bunga chek qo’yish kerak endi, bo’lmasa, boshim baloga qolib ketadi”, derdim o’zimga-o’zim. Ammo meni tuzoqqa ilintirish unchalik oson emasligini bilardim. Men ehtirosli bo’salar bilan darrov aldanib qoladiganlar sirasiga kirmasdim. Ammo… kunlarning birida homila bo’lib qolganini aytgach, hushim boshimdan uchdi.

Ol-a! Kimdir yuragimni qo’shotar miltiq bilan yaralagandek bo’ldi. U esa meni quchoqlar, erkalar, qiqirlab kular, es-hushini yo’qotgancha yalab-yulqardi. Bu yog’i nima bo’ldi?
O’sha kuni indamadim, lekin kechasi bilan o’ylab chiqdim. Bir chorasini topish lozim. Aloqani hoziroq uzmasam, kech bo’ladi. Ota-onam Barnvilda yashar, Markiz d Isparga tekkan opam esa bu yerdan ikki mil narida, Rollibekda turardi.

Nima qilsam ekan? U menikidan ketadigan bo’lsa, odamlar shubhaga tushib, darrov gap-so’z qilishadi. Qolaversin, desam, tez orada hamma narsa oshkor bo’ladi. Axir, uni bu ahvolda tashlab ketish ham yaxshi bo’lmasdi-da.

Men yoshligida bunaqa ko’rgiliklarni ko’p bor boshidan kechirgan amakim baron de Kreytelga maslahat solish uchun uning yoniga bordim. U bamaylixotir shunday dedi:
— Uni erga bervorish kerak, bolam.

Men o’rnimdan sapchib turib ketdim.
— Erga berish kerak, deysizmi, amaki? Kimga?

U yelka qisdi.
— Kimga berish yoki bermaslik sening ishing, meniki emas.
Men amakimning gapini bir hafta o’ylab yurdim va, nihoyat, u haq ekan, degan qarorga keldim.

Keyin kuyov qidirishga tushdim. Bir mahal mahalliy sudya men bilan tushlik qilib o’tirib qiziq bir gap aytib qoldi.
— Pomel xolaning o’g’li yana bir bezorilikka qo’l uribdi. Shu bola juda bejo chiqdi-da! Ilonning bolasi ilon bo’larkan-da?

Pomel xola deganlari yoshligida binoyidek ayol bo’lgan deyishadi. Qartayib ko’zi och bo’lib qolgandi. U bir chaqa evaziga butun borlig’ini, hatto o’g’lini ham sotib yuborishga tayyor edi.
Men uning uyiga borib, bafurja hamma gapni tushuntirib berdim. Men hali gapimni tugatmay ayol betoqatlik bilan gap qo’shdi:
— Xo’sh, shu qizcha uchun qancha to’lamoqchisiz?
Kampir pixini yorgan tullak ekanini bilganim uchun hammasiga oldindan tayyorgarlik ko’rib qo’ygandim.

Qarangki, Sasvilning shundoq yonida mening uchta kichkina tomorqam bo’lib, ular menga qarashli fermalarga tutash yerda edi. Fermerlar bu dalalarning uzoqligidan shikoyat qilavergach, ulardan olti akr keladigan ana shu yerni qaytarib oldim. Fermerlar yana dodlab jonga tegishdi. Shunda men ular bilan tuzilgan shartnomalarning parrandachilikka oid qismini bekor qilishga majbur bo’ldim. Shu tariqa ishlarni bir amallab yo’lga qo’yib oldim. Keyin qo’shnim d Omontedan daryo bo’yidagi yerini sotib oldim-da, o’sha yerda kichikroq bir uycha qurib oldim. Bungayam salkam bir yarim ming frank pul ketdi. Shu tariqa kichik bir xo’jalik paydo bo’ldi. Men o’sha yerni qizning sepiga qo’shib berishga qaror qildim.
Avvaliga kampir bu kam degandek xarxasha boshladi, men esa baribir rozi bo’lishini bilib, gapimda turib oldim. Xullas, u bilan kelishdik.

Ertasi kuni kutilmaganda uning o’g’li paydo bo’ldi. Uning aftini eslab qololganim yo’q. Har holda tashqi ko’rinishi meni qanoatlantirdi.
Yigit gapni ancha uzoqdan boshladi. Go’yoki o’zini mol sotib olish uchun kelgan kishi qilib ko’rsatdi. Gap maqsadga ko’chgach, u xo’jalikni borib ko’radigan bo’ldi. Biz dalani kechib o’sha tomonga ketdik. Bo’lajak kuyov meni dalada rosa uch soat ushlab turdi… Hali uychaning tomi qurilmagan edi. Onasining bolasi-da, uyning tomini qamishdan emas, shiferdan yopib berasan, deya shart qo’ydi. Keyin so’radi:
— Mebel ham berasizmi?

Men e’tiroz bildirdim:
— Sizga bitta ferma kamlik qilyaptimi?
U tirjaydi:
— O, bo’lmasam-chi, bitta ferma, buning ustiga azza-bazza chaqaloq ham.

Men beixtiyor qizarib ketdim. U esa davom etdi:
— Xullas, gap bundoq, bitta karavot, shkaf, stol, uchta stul va idish-tovoq. Bo’lmasa biz kelisha olmaymiz.

Men rozi bo’ldim. Biz ortga qaytdik. U hali qiz haqida bir og’iz ham so’ragani yo’q edi. Birdaniga ayyorona va tund qiyofada menga yuzlandi:
— Bordi-yu, u o’lib qolsa, mol-mulk kimga qoladi?
— Albatta sizga-da, — dedim men.

Bu ertalabdan beri u so’rashi lozim bo’lgan asosiy gap edi. U shu zahoti menga mamnun qo’l cho’zdi. Ish osonlikcha hal bo’lgandi.
Biroq Rozani bunga ko’ndirish oson kechmadi. U mening oyog’imga yiqilib tavallolar qildi. “Nahotki, siz menga shu narsani ravo ko’rdingiz? Siz! Siz!” U mening har qancha yalinib-yolvorishimga qaramay, bir haftacha oyog’ini bir etikka tiqib yurdi. Ayolning aqli qanchalik kalta bo’ladi-ya? Ularning miyasiga sevgi degan narsa o’rnashib olsa bormi, tamoman o’zlarini yo’qotib qo’yadilar. Boshqa narsa haqida o’ylamay qo’yishadi.

Bora-bora jahlim chiqib, uni uydan haydab yuboraman, deya qo’rqitdim. Shunda u oldimga tez-tez kelib turishi uchun ijozat so’rab, rozi bo’ldi.
Men o’zim uni nikoh marosimiga olib bordim, to’y xarajatlarini to’liq qopladim. Keyin esa Turenda yashaydigan akamning uyiga yarim yilga ko’chib ketdim.

Qaytib kelib bildimki, u har hafta mening qasrimdan xabar olib turgan ekan. Kelganimga bir soat ham o’tmay, u qo’lida chaqalog’ini ko’tarib kelib qoldi. Ishonasizmi, buvakni qo’limga olishim bilan unga nisbatan ich-ichimda mehr uyg’onganini sezdim. Uni qo’limga olib, o’pdim ham.

Onasi esa, yarim yilda ozib, cho’pga aylanib qolgandi. Jin ursin, dedim ichimda, unga er yoqmabdi.
— Turmushing yaxshimi? — so’radim undan.
U o’zini tutolmay yig’lab yubordi:
— Sizsiz yashay olmayman. O’lganim yaxshi. Yashayolmayman.
U qiyomat to’polon ko’tardi. Men uni tinchlantirib, hovli adog’iga qadar kuzatib qo’ydim. Tushundimki, eri uni har kuni do’pposlaydi, anavi qari boyqush bo’lsa zarracha kun bermaydi.

Bir kun o’tib yana keldi. U polga, oyoqlarim ostiga yotib oldi.
— O’ldiring meni, o’ldiring, lekin orqaga qaytib yubormang. Iltimos!!!

Agar Marza gapirishni bilganida, menga u ham shu gaplarni aytgan bo’larmidi? Xullas, bu g’alvalar yana jonimga tegdi. Yana yarim yilga bu yerdan bosh olib ketdim. Qaytib kelganimda esa… Roza men kelishimdan uch hafta oldin olamdan o’tgan ekan. Mening yo’g’imda har yakshanba qasrga kelib ketarkan, xuddi Marzaga o’xshab. Oradan bir hafta o’tib, chaqaloq ham qazo qipti.

Eri esa… Hamma mol-mulk unga meros bo’lib qoldi. O’sha paytlarda u toqqa chiqib ketgan edi. Eshitishimcha, hozir uni shahar maslahatchisi etib tayinlashgan emish.

De Varnette oxirida kulgi aralash qo’shib qo’ydi:
— Nima qilsayam, men unga kattagina yaxshilik qilganman.
Veterinar vrach Sejur qadahdagi aroqni og’ziga olib borarkan, jiddiy qiyofada xulosa yasadi.
— O’zi bunaqa ayollar bilan o’ralashmaslik kerak-da!

04

(Tashriflar: umumiy 868, bugungi 1)

Izoh qoldiring