Sherali Turdiyev. Ular Germaniyada o’qigan edilar & Hujjatli film

045      Шерали Турдиевнинг мақоласи ва ҳужжатли фильм 30 – йилларда Германияда ўқишга юборилган маърифат қалдирғочларининг фожиали ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади.

Шерали Турдиев
УЛАР ГЕРМАНИЯДА ЎҚИГАН ЭДИЛАР
09

Октябрь инқилобига қадар Туркистондан Россия ва бошқа хорижий мамлакатлар олий ўқув юртларида Фитрат, Ғози Олим Юнусов, Убайдулла Хўжаев каби бир қанча зиёлилар таҳсил олиб, ўлкамизга қайтиб келган, шундан сўнг ижтимоий-сиёсий жараёнларга, маориф ишига астойдил киришган эдилар. Инқилобдан кейин уларнинг издошлари янада кўпайган. Ўша пайтларда илмий-сиёсий жиҳатдаи етук кадрлар тайёрлашда Германиядаги ўқув юртлари катта ўрин тутган. 1922 йили жумҳуриятимизнинг атоқли раҳбарлари ҳомийлиги туфайли 70 га яқин миллатдошларимиз ўша ёққа ўқишга юборилган эди. Шундай экан, талабаларимиз қаерда ўқишган, ўқишдан бўш вақтлари нималар билан шуғулланишган? Уларнинг кейинги қисмати қандай кечган? Адабиётшунос олим Шерали Турдиев ўзининг кўп йиллик машаққатли изланишларидан сўнг «Улар Германияда ўқиган эдилар» деган китоб битди. Унда муаллиф турли одамларнннг хотиралари, 20-йилларда нашр этилган бир қатор газеталарда босилган мақолалар, Давлат ва Давлат Хавфсизлик Комитети ҳужжатлари асосида, уларнинг чигал ва машъум тақдирини ёритган. Қуйида ана шу китобдан олинган парчалар билан танишасиз.

АБДУВАҲОБ МУРОДИЙ

08..«Қизил байроқ» газетасининг 1922 йилги сонларини варақлаётиб, унинг 29 июль ва 10 август сонларида босилган «Олмониядан хат» номли бир мактубга дуч келдик. Мактуб муаллифи Берлин олий зироат академияси талабаси Абдуваҳоб Муродий эди. У ўз мактубида шундай дейди: «Тошкентдан келган бир хатда Европага талаба юбормоқ учун зиёлиларнинг бир уюшмаси тузилганлигини ўқиб, теримга сиғмайдиган даражада севиндим. Бир йилдирким, Европада яшамоқдаман. Илм-маърифатда Европанинг биринчиси бўлган Германия дорилфунунларига бутун дунёдан, ҳатто татарлардан ўнлаб, турклардан эса минглаб талабалар бўлгани ҳолда бизнинг Туркистондан мендан бошқа талаба бўлмаслиги юрагимни парчаламоқда, бошқаларга ҳасад сезгиси уйғотмоқда эди. Мана сизларнинг бу хайрли, муборак ташаббусингиз йиллардан бери кулмаган кўнглимни кулдирди ва руҳимга жон берди. Сиз ҳам жон ўртоқларимнинг вазифаси, Туркистондан талаба юбормоқлик эса у талабаларни етиштирмоқ ва бу ердан сизга лозим бўлган маълумотларни бермоқ, албатта, менинг вазифамдир…

Фақат маорифда, илмда булар бутун Европада устоз ҳисобланадилар. Немисларнинг олий мактабларида юзлаб америкалик, француз ва инглизларнинг бўлишини ва бу ерга муҳандис тайёрламоқ учун бир мунча ҳайъатларнинг келиши менинг бу даъвомни исбот этар.

Сўнгра бошқа Европа давлатларига қараганда энг яқини ҳам шудир. Шўролар ҳукуматининг Германия билан яхши алоқада бўлиши ва Германия билан Шўролар Россияси орасидаги мувофиқлар яна бизни Германияга тортар. Шу сабабларга кўра Европага юборатурғон талабаларнинг энг аввал Германияга юборилмоғи ҳар тўғридан ақлга мувофиқдир. Бунга муваффақ бўлмоқ ҳам унча қийин эмас. Бизнинг ўз тилагимиз ва Шўролар х,укуматининг бу кунги сиёсаги ҳам бу фикрга тўғри келади».

Шундан бирмунча вақт ўтгач, «Туркистон» газетасининг 1922 йил 18 декабрь сонида М. Усмонийнинг «Берлиндаги талабамизга кўмак» сарлавҳали мақоласи босилган. Унда ёзилишича, Тошкент маориф-маданият ишларида хизмат қилувчи бир тўда ёшларнинг ташаббуси билан Берлин олий зироат илмгоҳи талабаси Абдуваҳоб Муродийга кўмак уюштирилганлиги тилга олинган. А. Муродийга Саидносир Миржалолов 20 минг сўм, Толибжон Мусабой — 10 сўм олтин, Абдулҳамид Сулаймон 75 минг сўм, Муҳиддин Усмоний 4 минг сўм пул юборганликлари, шунингдек, Шокиржон Раҳимийлар ҳам унга ёрдам кўрсатганликлари, 20 декабрда уюштирилган адабий кечадаги 75 минг сўм пул ҳам тегишли йўллар билан унга юборилганлиги қайд этилади. Абдуваҳоб Муродийнинг Берлиндан ёзган миннатдорчилик мактуби ва М. Усмонийнинг «Берлиндаги талабамизга кўмак» номли хабарларида қайд этилишича, Абдуваҳоб Муродий Туркистондан борган биринчи талаба эканлиги аён бўлади. Ўз даврининг тараққийпарвар бойлари ва зиёлилари Абдуваҳоб Муродийнинг Туркистоннинг келгуси маърифати, равнақи йўлида муносиб бир мутахассис бўлиб етишишига катта умид боғлаганини кўрсатади.

Марҳум шарқшунос олим Лазиз Азиззоданинг хотираларига қараганда, Абдуваҳоб Муродий Маннон Уйғур ва Абдулҳай Тожий билан инқилобдан бурун Тошкентда очилган муаллимлар тайёрлаш курсида ўқиб, сўнг шаҳар маориф ва маданият ишларида фаол иштирок этган. Кекса маориф ветерани, паркентлик Руқнутдин ота Муҳамедовнинг айтишларича, Абдуваҳоб Муродий Тошкентда уларга қўшни бўлган Биринчи Эгарчи маҳалласида туғилган. 1916—1917 йилларда шаҳардаги «Ҳаёт» мактабида муаллимлик қилган. Кейинчалик афғон консулхонаси орқали Германияга ўқишга кетган. 1927—1928 йилларда Германиядан келгач, тоғалари унга Баландмачитдан ҳовли олиб беришган; унинг немис хотини, бир боласи бўлган. Ҳатто Эшонхўжа деган тоғаси қизи Маъмурани немисчани ўргансин, деб улар тарбиясига берган. Хотини одамлар билан ўзбекча муомалада бўлган. Муродийнинг ўзи эса Ўрта Осиё давлат дорилфунуни қишлоқ хўжалиги факультетида ҳамда ҳозирги Шредер номидаги боғдорчилик ва зироатчилик илмий-текшириш институтида ишлаган, ўта маданиятли ва маърифатли кишилардан саналган.

Кейинчалик Абдуваҳоб Муродий қамалгач, унинг немис хотини эрини қутқариш имкониятини топмай, боласи билан Германияга кетиб қолган. Лекин ҳанузгача Абдуваҳоб Муродийнинг қандай айб билан қамалгани ва қачон, қаерда вафот этгани, оила аъзоларининг сўнгги тақдирлари нима бўлганлигини ҳеч ким билмайди.

Юқорида тилга олинган мақола ва хотиралардан гарчи Абдуваҳоб Муродийнинг инқилобгача ва ундан кейинги йиллардаги ҳаёти ва фаолияти, Германияда ўқиб келгани, оилавий аҳволи ҳақида бирмунча тасаввур ҳосил қилган бўлсак-да, улар ҳали тарихий далиллар билан исботланишини талаб этарди. Шунинг учун биз изланишларимизни давом эттириб, Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Комитетига мурожаат қилдик. ДХК ходимлари бизга Абдуваҳоб Муродий учун махсус айблов-тергов иши йўқлиги, 20-йилларнинг охири — 30-йилларнинг бошларида советларга қарши руҳдаги миллатчилик ғояларини тарғиб этишда айбланган бир гуруҳ зиёлиларнинг айбловлари юзасидан олиб борилган тергов материаллари (улар жами 19 жилд бўлиб, ДХК архивида П 33391 рақами остида сақланмоқда) ичидан топишимиз мумкинлигини айтдилар. Бир неча минг саҳифалик тергов материалларини варақлар эканмиз, улар орасида Абдуваҳоб Муродийга тегишли фактларни ҳам топдик. Кўргазмалар Абдуваҳоб Муродий ва бошқаларнинг ўз қўли билан эски ўзбек имлосида ёзилган, батафсил қўлёзма жавоблари ва уларнинг рус тилидаги айнан таржималаридан иборатдир. Бу жиҳатдан, айниқса, 787 рақамли анкетадаги Абдуваҳоб Муродийнинг ўз таржима ҳолига оид сўровларга тўлдирган жавоблари қимматлидир. Жавобларга қараганда Абдуваҳоб Муродий 1901 йил 29 майда Тошкент Эски шаҳарида Биринчи Эгарчи маҳалласида туғилган, ўзбек, Берлин олий зироат академиясини битирган. Хотинининг исми Мартава бўлиб 24 ёшда, тиббиёт ҳамшираси бўлган. Онаси Хайринисо 55 ёшда, қизи Марьям 2 ёшда, укаси Абдуқодир 22 ёшда (ишчи), синглиси Соҳиба— 13 ёшда (ўқувчи)..Ўзи инқилобгача дастлаб мактабда ўқиб, 1917—1919 йиллари муаллимлик қилган. 1919—1921 йилларда Афғонистонда, 1921—1926 йилларда Берлинда, 1926 йил Мисрда (тажрибада) бўлган. 1927 йилдан Ўзбекистон Қишлоқ Хўжалиги станциясида ишлаган. 1930 йил 25 апрелида ОГПУ томонидан қамоққа олинган. Қамалгунга қадар Тошкент район, Аччи овули, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги станциясида яшаган. Анкета у ҳибсга олинган (1930 йил 25 апрель) куни тўлдирилиб, охирига «А. Мурод» деб имзо чекилган.

Абдуваҳоб Муродий 1930 йил 2 июлда ўтказилган тергов саволларига берган жавобида ўзининг ҳаёти ва фаолияти, Германияга қандай маблағлар ҳисобига ўқишга кетганлиги, бу йўлда унга ёрдам берган кишилар ҳақида тўхталиб, шундай дейди: «…1919 йилда турк ҳарбий асирлари билан Ўзбекистондан жўнаб кетдим. Ўзбекистондан жўнаб кетишга, биринчидан Туркияда маълумот олиш иштиёқи бўлса, бошқа сабаби, Ҳайдар Шавқий билан келишмовчилигимиз бўлди. Биз тўғри Туркияга қараб йўл олдик. Йўлда адашиб қолдик ва Афғонистон территориясига ўтишга мажбур бўлдик. Афғонлар бизни Мозори Шарифда 3 ой ушлаб, Қобулга жўнатдилар. Бу ерда 1919 йилдан то 1920 йилгача қийин аҳволда яшадик. 1920 йилда Афғонистонга Жамол пошо ва М. Бузруклар келишди. М. Бузрук норасмий ташкилот томонидан Жамол пошога ҳамроҳ сифатида жўнатилган эди. 1921 йил июлда Германияга етиб келдим. Бу вақтда ҳали Берлинда ўзбек, қозоқ ва татар муҳожир миллатчилари йўқ эди. Келганимдан сўнг Берлиндаги шарқ клубига бордим. Клубдаги яқин танишларимдан Сурия инқилобчиларининг бошлиғи Шакиб Арслон ва Европадаги триполилик инқилобчиларнинг вакили Ҳомид Гарчинбеклар эдилар… Туркистон ва Бухородан талабаларнинг Германияга келишлари билан (улар Германияга 1922 йилда келдилар) турли тарафлардан эски миллатчилар тўплана бошладилар. Дастлаб Идрисий атрофида Аёз Исҳоқов, Ф. Тўқторов, Садрий Мақсудийлар йиғила бошладилар».

Шундан кейин ЎзССР ДХК ходими Салимовнинг 1930 йил 2 июль кунги қилган сўроқларига Муродийнинг берган жавобларида ўзининг қандай воситалар ҳисобига Германияга ўқишга борганлиги масаласига қайтиб, бундай маълумот беради: «Мен қайси воситалар билан Германияга кетдим? 1919 йили Тошкентдан жўнаб кетгунга қадар шаҳар мусулмон муаллимлари уюшмасида ишладим. Уюшмамиз хазиначиси Акмал Икромов эди. Турк офицерлари билан бирга жўнашдан олдин пул сўраб Икромовга хат ёздим. Ҳозир қанчалиги эсимда йўқ, лекин муаллимлар уюшмасидан пул олдим. Туркияга кетаётиб, йўлда адашиб, Афғонистон территориясига ўтишга мажбур бўлдик. Қобулдан Қушкага келаётганда Ҳирот яқинида Жамол пошони учратдик. Жамол пошо ҳаммамизни Қобулга олиб келди ва биз у ерда 3 ойча яшадик. Мен шу вақт ичида Жамол пошо билан яқинлашдим…

Кунлардан бир кун унга Туркияга ўқишга боришимни айтдим. Лекин у менга Берлинга ўқишга боришни маслаҳат берди. Моддий ёрдам кўрсатишини айтди. Йўлда 100 та олтин танга бериб, менга Москва орқали кетишни маслаҳат қилди ва шу бир вақтнинг ўзида ўртоқ Сурец ва Карахан номига, Анвар пошога хат ёзиб берди. Анвар пошо номидан Берлинга 2 та хат олиб бордим. Бири унинг рафиқасига, иккинчиси Жамол Азимбек номига эди. Хатларнинг мазмунидан хабарим йўқ».

Муродий ўзининг 1930 йил 17 июлда Москвада берган тергов жавобларида Германиядаги турк элчихонаси ходимлари билан алоқалари ва улар ёрдамида юртдоши Рауф Расулийни у ердаги ўқув юртига жойлаштиришда берган ёрдами ҳақида сўзлаган: «Германияда яшаган вақтимда Туркия паспорти билан яшадим. Совет мамлакатига қайтишимда турк паспортини Берлиндаги Совет элчихонасига топшириб, Россияга Совет паспорти билан қайтдим. Лекин рус элчихонасида менинг турк паспортида юришимни аввалдан билишарди ва шу паспорт туфайли мен турк элчихонаси билан алоқада бўлиб турар, мазкур элчихона яқинида турган Зиё Усмон, Зиёбек ва Азимбеклар билан жуда яқин дўстлик муносабатларида эдим. Уларнинг биринчиси билан 1924 йилгача бирга ўқидим. У 1924 йил ўқув юртини тугатгач, турк элчихонасида драгомен вазифасига белгилангач ҳам бизнинг ўзаро муносабатларимиз аввалгича қолди…

Рауф Расулий Ангор қишлоқ хўжалик ўрта мактабини битириб келди. Лекин немис ўқув юртлари Ангор қишлоқ хўжалик ўрта ўқув юрти мактабини тан олгиси келмай, унга турк элчихонаси Ангор қишлоқ хўжалик мактабининг немис ўрта ўқув юртига мувофиқлигини тасдиқлаб беришини айтишган. Рауф Расулий гарчи турк элчихонасига бир неча бор борган бўлса-да, ўз илтимосини қондириш имконини тополмаган. Шундан кейин мен юқорида эслаган Зиё Усмондан бу ишда ёрдамлашишни сўрадим ва у илтимосимни қондирди».

1930 йил 15 сентябрда бўлган тергов кўргазмасида Абдуваҳоб Муродий Европада ўқиган туркистонлик талабалар олдида турган асосий вазифалар ҳақида тўхтайди. Бу соҳада ўзи ва бошқа талабаларнинг Германия саноат ва қишлоқ хўжалиги ўқув юртларидаги илмий тажрибаларни ўрганиш асосида Ўрта Осиё жумҳуриятлари учун малакали маҳаллий саноат ва қишлоқ хўжалиги кадрлари тайёрлаш ва мазкур соҳалар бўйича миллий атамалар луғатини тайёрлаш бўйича қилган ишлари тўғрисида шундай дейди: «Европада таълим олган ҳар бир мутахассис олдида иккита вазифа турарди:

1. У бевосита ишлаб чиқаришда ишлаши ва ўз амалий билимларини такомиллаштиришлари керак эди. 2. Албатта, бирорта ўрта техника ўқув юртида дарс бериши ва шу йўл билан ўз раҳбарликларида келгусида ўзларининг ёрдамчилари бўладиган техник кадрлар тайёрлашлари зарур эди. Демак, Европада ўқиётган талабалар ўз мутахассисликларидан келиб чиқиб, саноат корхоналари ва қишлоқ хўжалиги учун миллий техник кадрлар тайёрлаш вазифасини олган эдилар. Шунинг учун ҳам улар фақат ўқув юртидаги дарслар билангина чекланиб қолмай, ўзларининг касбларига алоқадор бўлган немис махсус мактабларини ўргандилар. Шу мақсадда экскурсиялар уюштирдилар. Масалан, мен Германиядаги кўплаб қишлоқ хўжалик ўқув юртларига қатнаб, бой материаллар тўпладим. Талабалар янгидан туғилаётган ўзбек саноати ва саноат ўқув юртлари учун миллий атамаларни ишлаб чиқишга бўлган ҳаддан ташқари катта эҳтиёжларни ҳисобга олиб, маълум даражада тил ўрганиш билан ҳам шуғулландилар. Ҳар бир мутахассисга ўз соҳаси бўйича миллий атамаларни ишлаб чиқариш топширилган, бунинг учун ҳатто «Техник атамалар ташкилоти» номли кичик бир уюшма ҳам тузилган эди. Бу ғоялар амалга оширилганлигини кўрсатиш мақсадида мен иш вақтида, ҳатто тракторнинг энг майда қисмларигача бўлган ўзбекча номларини ишлаб чиққан эдим. Мазкур кичик иш ҳамма ўртоқларни (айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасидагиларни) қаноатлантирди. Европадаги талабалар ўзларини ўзбек маҳаллий саноатининг асосий кадрлари ҳисоблар ва шунинг учун ҳам жиддий ва пухта иш олиб борар эдилар».

Ўзбекистонга қайтгач, А. Икромов ва Ф. Хўжаев уни Ер ишлари комиссарлиги ёки Ўлка ер-сув бошқармасида ишлашга таклиф қилганлар. Ҳожибоев, унинг шахсий истагига кўра, Тошкент вилоятидаги Ўзбекистон Қишлоқ Хўжалиги тажриба станциясига директор ёрдамчиси қилиб тайинланган. Бу ерда эса директор профессор Р. Р. Шредердан бошқа Харьков ва Галатковский каби бошлиқларнинг ёру биродарлари, таниш-билиш ва қариндошлари унга қарши кураш олиб бордилар. Бунга ўхшаш иғво, фисқу фасодлар бошқа муассасаларда ҳам рўй бераётгани ва бунга қарши жиддий чоралар кўрилмаётгани, бу илм, тараққиётга тўғаноқ эканини афсус билан қайд этиб, дейди: «Мен Ўзбекистоннинг ҳеч бир ерида бу хавфли оқимга қарши шафқатсиз кураш ва чора кўришга киришилганини кўрмадим. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда ишловчи европаликларнинг бир қисми ҳали ҳам аввалдан ҳукмрон бўлган мутахассис ва чиновниклардан иборат бўлиб, улар ҳамма ерда эскича эътиқод билан курашдилар, инқилобдан кейин Россиядаги қийин ҳаёт шароити туфайли бу ерга келган бошқалари ҳам ўзларининг ҳозирги аҳволларини узоқ вақт сақлаб туришлари учун аввалгилари йўлидан борадилар. Чунки улар бу ерда ўзларига яқин ва таниш одамларни ўз атрофларига ишга жойлаштирганлар.

Бундай аҳвол, гарчи, оддий ҳол бўлиб кўринса-да, ўзбек пролетар ёшларини жуда қаттиқ ғазабга келтиради. Яқинда бўлиб ўтган Партия конференциясидан сўнг ГПУ томонидан миллий шовинизмга қарши кураш билан баробар рус миллатчилигига қарши ҳам шундай жиддий кураш олиб бориш бошланади, деб ўйлайман».

Муродий 1930 йил 17 июль куни ўтказилган терговда ҳеч қачон хорижга қочиб кетиш йўлини изламагани ва 1929 йил 6 ноябрида Тошкентда собиқ миллатчиларнинг қамалишидан сўнг ўзининг қамалиш соатларини кутиб турганлиги ва буни ўйлаб, бола-чақаларини кўчада қолиб кетиш хавфидан қутқариш учун, ҳатто Тошкентдаги бир ҳовлини бир йилга ижарага олганлиги, бордию ҳаёт қолса социализм қурилиши ишига хизмат қилиш ва Совет ватанида ўлишини ўз олдига қатъий мақсад қилиб қўйганлигини ҳам баён этади.

Нажмиддин Шераҳмедов 1929 йил 1 декабрдаги терговда берган жавобида Муродийнинг Мунаввар қори номига 1927 йилда ёзган хати мазмунини шарҳлаб, унда Муродий Европа, айниқса Германиянинг Туркистонга катта аҳамият бераётгани, хорижда талабаларни ўқитишдан мақсад фақат 1—2 тоғ муҳандисларини етказиш билан чекланмаслик, бутун эътиборни халқни ҳозирги қашшоқ аҳволидан қутқариш, улариинг бойишлари учун зарур бўлган барча иқтисодий ресурсларни аста-секин ўргана бориш каби муҳим иқтисодий масалалар кўтарилганини айтади.

Мазкур тергов ҳужжатларининг охирги жилдида Салимхон Тиллахонов, Убайдулла Хўжаев, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Толибжон Мусабоев, Нажмиддин Шераҳмедов ва бошқаларнинг Тошкентдаги советларга қарши «Миллий истиқлол» гуруҳининг фаол иштирокчилари сифатида турли муддатга қамоқ ёки олий жазога ҳукм қилинганлигини ўқиймиз.

Шулар ичида Абдуваҳоб Муродий тўғрисида шундай ҳукм чиқарилган:

Муродий Абдуваҳоб (айблов иши № 670) 1901 йилда туғилган. Ўзбек. Қишлоқ хўжалик тажриба станцияси агрономи. Тошкент шаҳар Биринчи Эгарчи маҳалласи. Хотини — Мартава, қизи Марям, укаси — Абдуқодир, синглиси — Соҳиба.

1930 йил 25 апрелида ҳибсга олинган. «Миллий истиқлол» аъзоси ва унинг фикрларини тарғиб қилишда ва хорижда бўлган вақтида Советларга қарши миллатчилик ишларида қатнашганликда айбланган. ОГПУ коллегиясининг 1931 йил 25 апрелдаги Абдуваҳоб Муродийни отиш ҳақида чиқарган қарори 10 йил қамаш билан алмаштирилган».

Абдуваҳоб Муродий ва унинг оила аъзолари ҳақида бизга маълум маълумотлар шулардан иборат. Биз у ва оила аъзоларининг кейинги тақдири қандай кечганини билмаймиз. Бу масалани аниқлаш ва ўрганиб, уларнинг замондошларидан хотиралар ёзиб олиш олдимизда турган мақсаддир. Шуни ҳам эслатмоқ жоизки, Германияда ўқиган, миллат тараққийси учун курашган А. Муродийнинг хотирасини абадийлаштирмоғимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.

СОЛИҲ МУҲАММАД

06Солиҳ Муҳаммад 1902 йилда Тошкентда туғилиб, аввал шу ердаги эски мактабда, сўнг «Кўкалдош» мадрасасида ва рус-тузем мактабларида ўқиди. 1918—1919 йилларда ўқитувчилар курсини битириб, дастлаб шаҳардаги «Форобий» номидаги мактабда муаллим, кейинроқ Янги калон кўчасида очилган янги мактабнинг мудири бўлиб ишлай бошлайди.

1922 йилда Туркистон Шўролар жумҳурияти Марказий Ижроия Комитети раиси Абдулла Раҳимбоев уни ўз ҳузурига чақириб, бир гуруҳ талабалар билан Германияга ўқишга боришга, Европанинг илғор фан-техника сирлари, маориф ва маданият соҳасида эришган ютуқларини ўрганиб, Туркистоннинг келгусидаги тараққиётига камарбаста бўлишини маслаҳат беради. Солиҳ Муҳаммад бу таклифни жон-дилидан қабул қилади ва Германияга ўқишга жўнаб кетади. У Германиянинг Штутгарт шаҳрида жойлашган Зироат академиясига кириб ўқийди, экинчилик, уруғчилик, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, пахтачиликни ривожлантириш бўйича фан-техника эришган назарий-амалий билимларни пухта эгаллашга ҳаракат қилади. Солиҳ Муҳаммад 1927 йил бир гуруҳ ўртоқлари қатори Тошкентга ёзги таътилга келади. Кузда Германияга ўқишнинг охирги курсини тугатишга қайтишга рухсат беришмайди. Шундан сўнг Самарқандга бориб, у ерда Ф. Хўжаев, А. Икромов, Й. Охунбобоевлар ҳузурида бўлиб, Каттақўрғон шаҳри яқинидаги уруғчилик илмий-тажриба станциясига ишга юборилади. У ерда бироз ишлагач, 1928 йил ўрталаридан бошлаб, Самарқанддаги жумҳурият уруғчилик бошқармасига бошчилик қилади. 1931 йил жумҳурият маркази Тошкентга кўчгандан кейин Солиҳ Муҳаммад ҳам шу ерда ишлаб, Ўзбекистон пахтачилик трестида пахта уруғчилиги бўйича амалий ва назарий ишлар олиб боради. Ўлкамизнинг Зарафшон, Каттақўрғон уруғчилик станцияларида, Фарғона ва Наманган воҳаларининг айрим пахтачилик хўжаликларида (масалан, 1934 йил июлида Намангандаги Иброҳим Раҳматов номли машҳур пахта устаси далаларида) юриб, у ердаги пахтачилик ва уруғчиликнинг аҳволи ва истиқболини бевосита далаларда кузатади, пахтакорлар, сувчилар, уруғчилик билан шуғулланувчи маҳаллий ишчи-деҳқонларнинг моддий-маданий аҳволи билан яқиндан қизиқади, айрим пахтакор туман, уруғчилик станция раҳбарларининг беғамлиги туфайли ишчидеҳқонларнинг ҳақ ва ҳуқуқлари камситилаётганини кўради, уларга яхши ишлаш ва яшаш имкониятларини яратиш учун қўлидан келганча ёрдам беради.

Масалан, 1927 йил Каттақўрғон тажриба станциясида ишлаганида ишчиларнинг шикоятларини эшитиб, шу вақтгача ишчилар комитети реислигига маҳаллий ишчилардан раис бўлмаганлигини қаттиқ танқид қилади. Унинг кўмагида бу ердаги маҳаллий ўзбек, тожик ишчилари учун биринчи бор чойхона, қизил бурчак, ўзбек тилидаги-газета ва журналлар ўқийдиган махсус хона ташкил этилади. Тажриба станциясида 12 йиллаб ишлаб келган Ғани бобо (боғбон), ишчи Райҳон Раззоқов ва бошқалар билан суҳбат қилиб станция директори Карповнинг маҳаллий ишчиларга муносабатдаги жиддий нуқсонларини очиб ташлайди.

Солиҳ Муҳаммад фақат ўзининг агрономия, уруғчилик, пахтачилик соҳалари билангина чекланиб қолмай, умуман Ўзбекистоннинг иқтисодий, маданий-маърифий тараққиётига ҳам катта қизиқиш билан қараган кенг маълумотли ва маърифатли бир зиёли эди. Унинг ҳозир ҳаёт бўлган укаси, меҳнат ветерани Мансур Муҳамедовнинг хотирлашига қараганда, Солиҳ Муҳаммад уйида Навоий, Пушкин, Чўлпон, Фитрат, Қодирий, Айний асарларидан ташқари, туркча Исмоил Ҳикматнинг «Турк адабиёти тарихи», татар ёзувчиси О. Иброҳимовнинг «Қозоқ қизи», «Теран томирлар» асарлари, рус ҳамда татар тилларидан таржима қилинган, табиат ва физика, тиббиётга оид китоблар, немис, турк олимларининг агрономия, генетика, биология ва бошқа соҳаларга оид асарлари бўларди. У, умуман, маданият, маърифат, тарраққаёт ҳақида фикр юритганда, бугунги Ўзбекистоннинг бундан ҳам тараққий этган бўлиши, бунга, бир томондан чоризмнинг мустамлакачилик сиёсати халақит берган бўлса, иккинчи томондан, амалдорлар, мутаассиб руҳонийларнинг бу ерларга илғор Европа илф-фани, техникаси ютуқларининг кенг тарқалишига катта тўсиқ бўлганликларини сабаб деб кўрсатган. Унинг укаси, ВАСХНИЛ академиги Амин Муҳамедов билан суҳбатларида эса бу ҳақда алоҳида тўхтаб, бир-икки мисол ҳам келтирган. Ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий-маданий тараққиёти муайян даражада уни бошқариб турган давлат бошлиқларининг маданий-маърифий даражаси, камолотига ҳам боғлиқдир. Масалан, Япония императори Мэдзе ўта маърифатпарвар ва келажакни кўра оладиган бўлгани учун ҳам мамлакат истиқболини ўйлаб, фан-техника бобида Европада олдинда бораётган Германияга ҳар йили минглаб талабалар юбориб турган, миллий кадрлар етказиш, илм-фан, техникани эгаллаш учун сармоя аямаган. Шундан кейин бир неча йил ўтгач, у ердан кўплаб кадрлар келиб, Япония фан-техникаси, саноатини тараққий қилишига ёрдам берганлар, ҳатто кейинчалик улар айрим соҳаларда ўз устозлари бўлган немислардан ҳам ўтиб кетганлар. Бизда эса аксинча, чор мустабиди Николай II, Бухоро амири Олимхонлар гарчи Германияда бўлиб, муайян ҳарбий маълумот олиб Европадаги умумий маърифат, маданият, илм-фан тараққиётини кўриб қайтган бўлсалар-да ўзларининг фикрий чекланганликлари ва мутассиб амалдорлари ҳам руҳонийлар таъсири остида ўз мамлакатларида жиддий бир олға силжиш қила олмаганлар… «Мен Ленинградда ўқиш мавсумини тугатиб ёзги таътилга Тошкентга келганимда, — деб эслайди Амин Муҳамедов, — акам мени Сомий, «Хева» номли кинотеатрлар, Ҳамза номидаги академик театр ва Пушкин номидаги истироҳат боғларига олиб бориб, томоша қилдирар, янги кино ва театр томошаларини кўрсатиб, у ерларда учраётган ёру биродарлари, ижод аҳллари билан суҳбат қурар ва мени ҳам уларнинг суҳбатини тинглашга жалб этарди. Кунларнинг бирида (1935 йиллар бўлса керак) Шекспирнинг Чўлпон таржимасидаги «Ҳамлет» асари ўйналиши муносабати билан акам ўзи билан бирга мени ҳам Ҳамза театрига олиб борган. Шунда Чўлпон ака билан кўришиб, мени таништирган ва танаффус вақтларида артислар хонасида улар билан суҳбат қилган. Орадан бир қанча вақт ўтгач, акам мени Пушкин номидаги маданият ва истироҳат боғига бошлаб борган эди. Акамнинг айтишларича, Германияда истироҳат боғларига дам олиш учунгина эмас, аввало унда ҳар ҳафта ичида бир муҳим маданий янгилик бўлар, уни кўриш, билиш, ўрганиш учун борилар экан. Агар у ерда шу янгиликлар кўринмаса, бориш эҳтиёжи ҳам йўқолар экан.

Солиҳ Муҳаммад ўша даврнинг илғор зиёлилари, олимлари, ёзувчилари ва шоирлари Отажон Ҳошимов, Фитрат, Чўлпон, А. Қодирий, Ойбек, Боту, Саттор Жаббор ва бошқалар билан ҳам яқин алоқада бўлган. Дўстлари, шогирдлари, қариндош-уруғларининг маълумотли ва маърифатли кишилар бўлишига меҳрибонлик кўрсатган. Масалан, укаси Мансур Муҳаммадовнинг Ленинград Молия-иқтисод институтда ўқиб, кейинчалик жумҳуриятимизнинг турли марказий банкларида, ВАСХНИЛ мухбир аъзоси Амин Муҳамедовнинг олий маълумотли бўлиб, ўша даврдаги зиёлилар даврасига тортилишида Солиҳ аканинг хизматлари катта бўлган. Ҳатто унинг Муҳаммадамин деган исмини ҳам Туркиянинг машҳур шоири Муҳаммад Аминга ўхшаб истеъдодли машҳур киши бўлиб юрсин деб, ният қилиб Солиҳ Муҳаммаднинг ўзлари қўйган экан. Тиббиёт мутахассиси Содиқ Муҳамедов, математик олим Саъми Муҳамедов ва бошқаларнинг ҳам машҳур кишилар бўлиб етишишида акаларининг хизматлари бениҳоя каттадир.

Солиҳ Муҳаммад каби Германияда ўқиб келган дастлабки ўзбек зиёлиларининг жумҳуриятимиз истиқболи йўлидаги саъй-ҳаракатлари Сталин шахсига сиғиниш йилларида миллатчилик, бузғунчилик, чет эл разведкасига хизмат қилиш, советларга қарши аксилинқилобий ҳаракат, деб баҳолана бошланди. Натижада 1937 йил 11 октябрь куни Солиҳ Муҳаммад НКВД ходими Михайлянц томонидан Тошкент шаҳар собиқ Сталин район, «Тошкент ҳақиқати» кўчасидаги 57-уйдан ноҳақ қамоққа олинади. Ва ҳеч бир далил-исботсиз тергов қийноқлари остида унга йўқ айбларни бўйнига олишга мажбур қилади. Бу Ўзбекистон ДХК архивида сақланаётган ҳужжатларда ҳам очиқ сезилади.

Солиҳ Муҳаммад билан бир даврда Германияда ўқиб, кейинчалик Ўзбекистонга не-не яхши умид ва орзулар билан қайтган кимёгар олим Саттор Жаббор, генетик Рауф Расулий, электр инженер Тўлаган Мўмин, тиббиёт мутахассиси Хайринисо Мажидхонова, ирригатор Фузайл Шераҳмад ўғли ва бошқалар 1938 йил 9 октябрида СССР ҳарбий коллегияси қарори билан бегуноҳ отиб ташланади.

Солиҳ Муҳаммаднинг ака-укалари, қариндош-уруғлари, ота-онаси, хотини, фарзандлари ҳам сталинизм даврининг бебошликлари ва бедодликларини бошдан кечирадилар. Хотини Зебо, қизи Нафиса, укалари Мансур, Муҳаммадамин ва бошқаларни халқ душмани, хоиннинг қариндош-уруғлари деган тавқи-лаънат билан таҳқирлайдилар.

Солиҳ Муҳаммад СССР Олий суди ҳарбий коллегиясининг 1957 йил 2 августдаги қарори билан оқланиб, унга нисбатан 1938 йил 9 октябрдаги чиқарилган ҳукм асоссиз деб топилди.

МАРЯМ СУЛТОНМУРОДОВА

045Марям Султонмуродова 1905 йил 13 февралда Хоразмда маърифатпарвар оилада дунёга келди.

Унинг отаси Мулла Жуманиёз Хива хонлиги тузумига карши курашда фаол иштирок этиб, инқилобдан сўнг Хоразм Халқ Жумҳуриятининг раҳбарларидан бири бўлиб ишлаган.

Марямхон дастлаб Урганч ва Тўрткўлдаги татар мактабида, инқилобдан сўнг 1919 йили Тошкентга келиб, интернатда яшаб, ўқишга киришга тайёрлайдиган Татар маориф институтида ўқийди. 1920—1921 йилларда Оренбургдаги педагогика институтида ўқиб, партия сафига киради. Сўнг Хоразм Халқ Жумҳурияти Марказий Комитети қошидаги хотин-қизлар билан ишлаш бўлимида хизмат қилади, уларни янги ҳаёт ва маърифат нурларидан баҳраманд этишга интилади. Бу ҳақда Марям Султонмуродованинг ўзи 1956 йил СССР Бош прокурорига ёзган аризасида шундай дейди: «Отам хонга қарши кураш ҳаракатининг энг фаол иштирокчиларидан бўлган. Менинг болалигим ҳам феодал Хоразмдаги ана шундай ижтимоий курашлар тўлқинида ўтди. Бу кураш, айниқса, бизнинг оилавий ҳаётимизга оғир таъсир қилган. Биз доимо қувғин, таъқиблар остида яшаганмиз. Ҳатто онам ҳам бир неча бор қамоқ азобларига учраган. Хева хонининг буйруғи билан отамнинг хонга қарши кураш ҳаракатида иштироки туфайли унинг тўрт ака-укаси қатли ом қилинган. Буларнинг ҳаммаси менинг ёш қалбимда асорат қолдирмасдан иложи йўқ эди.

Совет ҳокимияти бизларни ана шундай хонлик ҳукмронлиги таъқибларидан қутқарди. Мен инқилобнинг дастлабки кунларидан аввал комсомол, сўнг партия сафига кирдим. 1921—1922 йилларда аввал Хоразм Партия Марказий Комитети қошидаги маданий-маориф тарғиботи, сўнг хотин-қизлар билан ишлаш бўлимларида ишладим. Отам Хоразм Совет Социалистик Жумҳуриятининг турли масъул соҳаларида партия ташкилотининг секретари бўлиб ишлаган. 1926 йили босмачилар томонидан ўлдирилган».

Марям Султонмуродова 1922 йил октябрида Туркистон Марказий Ижроия Комитети қошидаги Хоразм Халқ Жумҳурияти мухтор вакили йўлланмаси билан Москвага келади ва у ерда ўртоқ Сафоев, Каримовлар: «Энди бизнинг олдимизда Европа фан-техникасини қувиб етиш ва ўзиб кетиш вазифаси туради», деган тарғибот билан уни бошқа туркистонлик ва бухоролик ёшлар билан Германияга ўқишга юборадилар. Марямхон 1923 йилгача Германиянинг Берлин шаҳрида илм олади. Хусусий тарзда немис тилини ўрганади. 1924 йилда Берлиндан Дармштат шаҳрига ўтиб, 1926 йилга қадар шу ердаги Ўқитувчилар семинариясида ўқийди. Уни тамомлагач, яна Берлинга қайтиб, 1926-1927 йил қишида Фрауншуд номидаги мактабда амалий машғулотларда бўлади.

1927 йил Берлин шаҳридаги профессор Феркельштейн номидаги касалхона қошида тиббиёт ҳамширалари тайёрлайдиган курсда ҳам ўқийди. Шу йили Хайринисо Мажидхонова билан Парижга саёҳат қилади, у ерда яшаётган Мустафо Чўқаев ва Париж университетида ўқиётган Аҳмад Нойим каби юртдошлари билан кўришади.

У ёзги таътил вақтларида Германиянинг Баден-Баден шаҳрида, 1925-1926 йиллар «Остзет», «Шварцвальф» каби истироҳатгоҳларида ҳам бўлади. Сўнгги вақтларда Берлиндаги Кранахштрассе кўчасидаги 35-уйда яшайди ва 1928 йили СССРга қайтади.

Марям Султонмуродова юртига қайтгач, дастлаб Тошкентнинг Эски шаҳаридаги кечки Коммунистик университетнинг ўқув бўлими мудири, сўнг 1935 йилдан эса «Гулистон» журналида Собира Холдорова, Тожихон Шодиева, Саодат Шамсиева каби ўша даврнинг таниқли ўзбек хотин-қиз журналистлари билан бирга ишлайди. Ўзбек матбуоти саҳифаларида хотин-қизлар ўтмиши ва ҳозирги турмушидан қатор ҳикоя ва очерклар ёзади. Рус ва немис классик адабиётидан таржималар қилади, улар ҳақида мақолалар ҳам ёзади.

Лекин Марямхоннинг қувонч ва орзулари узоққа бормайди. Ўзи каби озод ўзбек хотин-қизлари авлодининг биринчи қалдирғочлари бўлган Собира Холдорова, Тожихон Шодиева қатори у ҳам айни парвоз этаётган бир пайтда шахсга сиғиниш даврининг қонли исканжасига тушиб қанотлари қайрилди. 1937 йил 13 сентябрида у аллақандай миллатчилик ташкилоти аъзоси сифатида ҳибсга олинади. Ва 10 йил қамоқ жазосига ҳукм этилади. ДХК архиви материалларига қараганда, Марям Султонмуродова 1939 йилга қадар Қозон, Суздаль қамоқхоналарида бўлади. Кейин НКВДнинг Колимадаги «Дальстрой» лагерига жўнатилиб, то 1947 йил 13 сентябрга қадар ўша лагерда ишлайди…

Тергов жараёнида НКВД ходимлари Марям Султонмуродовадан Германиядаги советларга қарши ташкилот ҳақида, унинг у ерда таҳсил олган Саттор Жаббор, Аҳмад Нойим, Олимжон Қодиров, Хайринисо Мажидхонова каби талабалар билан алоқалари, Парижда Мустафо Чўқаев, Аҳмад Нойимлар билан қандай шароитда учраганлиги ва бошқалар ҳақида маълумот олишга жон-жаҳдлари билан уринади. Марям Султонмуродова терговчилар томонидан берилган саволларнинг ҳар бирига иложи борича ҳалол, виждонига хилоф иш тутмай, дадил жавоб беришга ҳаракат қилади:

Савол: Саттор Жабборнинг Германияда юрган вақтларидаги аксилинқилобий миллатчилик фаолияти ҳақида сизга нималар маълум?

Жавоб: Саттор Жабборнинг аксилинқилобий миллатчилик фаолияти ҳақида ҳеч нарса билмайман. Лекин Саттор Жаббор ўтмишда, тахминан 1922—1923 йилларда миллатчилик руҳидаги кайфияти маълум эди. Бугунгидай эсимда бор, Сатторнинг ўзи 1922-1923 йилларда Фитрат раҳбарлигида тарбияланганлиги ва «Чиғатой гурунги»нинг аъзоси бўлганлигини айтган эди. (Сал ўтиб, М. Султонмуродова юқоридаги фикрини ривожлантириб, дейди: Саттор Жаббор фикрий томондан ривожланган эди. Жабборнинг Тошкент шаҳридан Ботудан хат ва Мажидхоновага бағишланган шеърини олганини кўрганман. Бундан ташқари Жаббор журналист Аъзам Аюб билан алоқа қилар эди).

Марям Султонмуродова ўзининг бегуноҳ эканлиги ҳақида СССР Бош прокурорига ёзган кейинги аризалари (1956 йил 10 май) муносабати билан майор Круглишевнинг 1956 йил 13 октябрь кунги саволларига қуйидагича жавоб берган.

Савол: 1922 йилдан то 1924 йилгача сиз билан Берлин шаҳрида кимлар ўқиган эди?

Жавоб: Бу даврда Хайринисо Мажидхонова ва Олимжон Қодировлар (миллати татар бўлиб, тахминан 1895 йилда Қорақалпоғистон АССРнинг Тўрткўл шаҳрида туғилган ва у билан дўстона муносабатда эдик) билан бирга ўқидим.

Савол: «Туркистон талабалар уюшмаси» ташкилоти мажлисларида қандай масалалар муҳокама қилинарди?

Жавоб: Ташкилот мажлисларида талабаларни ўқув юртларига жойлаштириш ва уларнинг моддий таъминоти ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилинарди.

Савол: Талабалар орасида «Туркистон талабалар уюшмаси»дан бошқа ташкилотлар ҳам бормиди?

Жавоб: Бошқа ташкилотларнинг мавжудлиги ҳақида ҳеч нарса билмайман. Лекин «Туркистон талабалар уюшмаси» кейинчалик Германиядаги Совет Иттифоқи талабалари уюшмаси билан бирлаштирилиб, ташкилот бадиий ҳаваскорлик тўгараклари ташкил этди, кинофильмлар кўрсатиб, инқилобий байрамларга бағишланган тантанали мажлислар ўтказа бошлади…

Савол: Парижда Аҳмад Нойим ва Мустафо Чўқаевлар билан қандай шароитда учрашдиларингиз?

Жавоб: Мажидхонова билан бирга Парижга бориш учун учрашганимизда, сафарни маслаҳатлашдик. Шунда Мажидхонова Аҳмад Нойимнинг Парижда туришини ва унда Аҳмад Нойимни адреси борлигини, уй-жой масаласида унинг ёрдам бериши мумкинилигини айтди.

Парижга келиб темирйўл яқинидаги «Астория» меҳмонхонасида тўхтадик. Мен меҳмонхонада қолдим, Мажидхонова эса Аҳмад Нойимни излаб кетди. Мажидхонова тезда қайтиб, дарров қайсидир бир француз бева аёли ихтиёридаги ижара уйига бориб жойлашдик. Биз кўчиб ўтганимиздан бир неча соат ўтгач, Аҳмад Нойим келиб қандай жойлашганимизни суриштириб, қайтиб кетди.

Парижга келганимиздан сўнг 8—10 кун ўтгач, Мажидхонова билан операга боришга қарор қилиб кийиндик ва ижарачи уй бекасига кеч келишимизни айтиб, кечки овқат қолдиришни тайинладик. Уй меҳмонхонасидан чиқаётиб, Аҳмад Нойим билан қозоққа ўхшаган кексароқ бир эркакни кўрдик.

Савол: Шундан кейин Аҳмад Нойим билан учрашдиларингизми?

Жавоб: Шу учрашувдан кейин Аҳмад Нойим бизни кузатиб қўйиш мақсадида 2—3 марта пансионимиз (ижарахонамиз)га келди ва ҳар сафар 20—30 минутлар атрофида бўлди. Берлинга келганимдан кейин орадан уч-тўрт ой ўтгач, Аҳмад Нойим Саидалихўжа билан бирга хонамга кириб, шу вақтларда Австриянинг Вена шаҳрида яшаб турган Хайринисо Мажидхонованинг адресини сўради.

Савол: 1937 йил 21 декабрдаги сўроқда берган кўрсатмангиз ўқиб берилди. Унда сизнинг талабалар йиғилишига шахсан иштирок этганингиз ва у ерда Олимжон Идрисийнинг Советларга қарши панисломистик руҳидаги суҳбатлар ўтказганлиги кўриниб турибди. Ҳозир сиз шу берган кўрсатмаларингизни тасдиқлайсизми?

Жавоб: Менга ўқиб эшиттирилган 1937 йил 21 декабрдаги кўрсатмани тасдиқламайман, шахсан мен бундай кўрсатма берган эмасман. Мени сўроқ қилган вақтларида менга фақат протоколга қўл қўйишга берардилар ва у ерда нима ёзилганини ўқиб ҳам беришмас ва ўқиганини менга бермас эдилар.

Мазкур ҳужжатлар мазмунини ўқиб беришни талаб қилганимда қўлимдаги ёш гўдагимни тортиб оламиз, деб қўрқитардилар ва мен сўроқ протоколларининг мазмунини билмаган ҳолда унга қўл қўйишга мажбур эдим».

1947 йил қамоқ жазоси тугаб, Марям Султонмуродова Хоразмга қайтганда ҳам у узоқ юрмай 1949 йил 29 мартда яна қамалади. Ва шу куни Урганч шаҳрида ЎзССР ДХК Хоразм вилоят бўлими лейтенанти Полнер ва катта лейтенант Нечаевларнинг Марям Султонмуродовани ҳибсга олиш ҳақидаги қарорида шундай дейилади: «Султонмуродова 1922—1928 йилларда Германияда ўқишда бўлганида машҳур миллатчи муҳожирлар йўлбошчилари Мустафо Чўқаев ва Олимжон Идрисийлар томонидан тузилган ҳамда раҳнамолик қилинган миллатчи жосуслар ташкилоти бўлган «Озод Туркистон» ташкилотининг аъзоси бўлган…

1927 йил Султонмуродова кейинчалик Советларга қарши миллатчилик фаолияти учун ҳукм қилинган ва отиб ташланган Хайринисо Мажидхонова билан бирга Берлиндан Парижга боришган ва у ерда машҳур миллатчилар Мустафо Чўқаев ва Аҳмад Нойимлар билан учрашувда бўлганлар… Баён этилганларга асосланиб, Урганч район, Янгибозор қишлоқ Шўросида ишлаб ва яшаб турган Марям Султонмуродова ҳибсга олинсин ва уйи тинтув қилинсин».

Марям Султонмуродова кейинчалик СССР бош прокуратурасига ёзган аризасида унга қўйилган бу айбларнинг мутлақо туҳматлиги, Берлиндаги «Озод Туркистон» деган ташкилотнинг ўзини ҳам, номини ҳам билмаслигини айтади ва шу туфайли қайта-қайта бегуноҳ қамалганлиги хусусида шундай ёзади: «1937 йил ЎзССР НКВД органлари томонидан қамоққа олиниб, СССР Олий Суди ҳарбий коллегияси томонидан 57 1а ва 3,11 14 моддалари орқали 5 йил ҳуқуқдан маҳрум қилинганлик шарти билан 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилиндим.

1947 йил жазо муддатим тугаб, уйга қайтдим; 1949 йил яна шу иш билан қамоққа олиндим ва махсус мажлис қарори билан Красноярск ўлкасига сургун қилиндим. Ваҳоланки, мен ҳеч қачон Совет ҳукуматига қарши бормаган ва виждонан инқилобга қарши ҳеч қандай иш кўрмаганман. Ўзимни фақат вужудга келган шароитнинг қурбони ҳисоблаб, ишимни қайта кўришингизни сўрайман.

Менга қўйилган айбларни қуйидаги сабабларга кўра асоссиз, деб ҳисоблайман:

1. Мени айблашларича, гўё мен Берлинда бўлган вақтимда аксилинқилобий жосуслик ташкилоти «Озод Туркистон» аъзоси бўлиб, шу ташкилотнинг топшириғи билан Германия фойдасига жосуслик ишлари олиб борган эмишман.

Мен ҳеч қачон бирорта аксилинқилобий ташкилотнинг аъзоси бўлган эмасман. «Озод Туркистон» деган ташкилотнинг борлигини мен биринчи бор тергов вақтидагина эшитдим.

Менинг билишимча, 1922 йил Бухоро Халқ Жумҳурияти ва Туркистон Совет Жумҳуриятидан 60 га яқин киши Германияга ўқишга юборилган эди. Ўша йилнинг кузида Хоразм партия Марказий Комитети Бюросининг қарори билан мен ҳам шу сирага тушдим. Менга, энди бизнинг олдимизда Европа фан-техникасини қувиб етиш ва ўзиб кетиш вазифаси турганлигини айтишганларидан кейин мен у ерда ўқишга розилик берган эдим.

1922 йилдан то 1924 йил бошларигача Берлинда бўлдим, кейин Дармштатга ўқишга кетдим. Шунинг учун мен ўзимизнинг талабаларимиз билан кам муносабатда бўлдим ва кўплари билан шахсан таниш ҳам эмас эдим. Мен ўша вақтларда мазкур талабаларни Туркистон талабалари жамияти номли ҳамюртлар жамияти бирлаштириб туришини билардим.

Бу юртдошлик мазмунидаги очиқ ташкилот бўлиб, унинг фаолияти давлатимизнинг воситачилиги билан боғланган эди. Кейинчалик бу уюшмани Германиядаги бутун Советлар Иттифоқи талабалари уюшмаси билан бирлаштирдилар. Бундан бошқа яна қандай талабалар уюшмаси бўлганлиги менга сира маълум эмас.

2. Мени Тошкентга келган вақтларимда аллақандай Энгланц номли профессор орқали жосуслик ишлари олиб борганликда айблашдилар. Бу туҳмат! Мен ҳеч қачон бундай одам билан таниш бўлмаганман. Шундай одамнинг борлигини ҳам биринчи бор терговчидан эшитдим…

Мен душманга қандай маълумот бердим ва у қандай амалга оширилди? Бундай айбни тасдиғи учун бирорта фактик далил ва гувоҳларни кўрсатишмади… Менга нисбатан сохта гувоҳлик берган одам билан эса юзма-юз қилишни рад этишди. Шунинг ўзи менга қўйилган айбнинг ёлғон ва сохталигини кўрсатиб турибди.

3. Мени гўё мен «Гулистон» ва «Ёрқин турмуш» журналларида ишлаб туриб, аксилинқилобий миллатчилик йўлини ўтказганликда айбладилар. Бу фаолиятим нималарда кўринганлигини менга айтишмади…

Адабий ходим ва журналист сифатида, баъзан журналларда айрим мақола, очеркларим, кўпроқ рус классик адабиётидан таржималарим босиларди. Улар ғоявий жиҳатдан соғлом ва совет маданияти ривожи учун фойдали эдилар. Бу айбловларим учун ҳам бирорта факт келтира олмадилар».

Марям Султонмуродова ўша аризасида яна тергов органларининг унга қўйган бошқа айбларининг ҳам асоссизлигини кўрсатади. Жумладан, унга қўйилган яна бир айб, Парижда бўлган вақтида Мустафо Чўқаев билан учрашганлиги ҳам айб эканлигига эътироз билдириб, ёзади:

4. Менга қўйилган айбларда Парижда бўлган вақтимда Мустафо Чўқаев билан учрашганлигим гапирилади. Бу тўғри. Лекин учрашув тасодифий ва дақиқалик кечган.

Биз ўша куни Мужи Жаҳонова[1] билан операга боришга тўпланиб, меҳмонхона ошхонасининг ходимасига бизга кечки овқат қолдиришини илтимос қилишга кирган эдик. Худди шу вақтда Парижда ўқиб турган Аҳмад Нойим ошхонада бизни Чўқаев билан таништирди. Биз операга шошиб турганлигимиз учун улар бизни тутиб турмай, чиқиб кетдилар. Ўша вақтда биз у кишининг ким эканлигини ҳам билмас эдик. Шунинг учун бу учрашув ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган. Чунки мен Германияга ўқишга кетган вақтимда эндигина 17 ёшга кирган, ҳали шаклланмаган ва Ўрта Осиёда аксилинқилобий фаолият ҳақида ҳам ҳеч нарса билмас эдим.,. Наҳотки, мен саёҳат вақтимдаги ҳар бир тасодифий учрашган одам учун жавоб беришим керак бўлса?»

У ўз аризасида терговчиларнинг ноҳақ харакатлар, ғайриқонуний тақиқлашлар, ёш болалик аёлларга ҳам зўравонлик йўли билан сохта жавоб олиб, қўл қўйдиришганини таъкидлайди. »

«5. Мени уюшган жиноятчида айблашди. Лекин мени улардан алоҳида ажратиб, гувоҳларсиз суд қилишди. Агар менга қўйилган айб заррача бўлса ҳам ҳақиқат бўлса, очиқ, намунали суд қилишлари керак эди, деб ўйлайман. Бундан ташқари, тергов вақтида ҳам, судланув вақтимда ҳам буни қатъий туриб талаб қилганимда менга: «Бунинг сизга фойдаси йўқ, чунки масала олдиндан тайёрланган бўлиб, саволларни фақат НКВД ходимлари беришади, сиз бўлмаган эди, деганда, гувоҳлар бўлган эди дейишади, аниқлик ва тушунтириб ўтиришга эса рухсат этилмайди», деди. Менинг: «Нега ҳеч қандай далилсиз, фақат туҳмат ва ёлғонларга асосланиб, соф совет аёлини бадном қилмоқчи бўласизлар?» деган саволимга терговчи очиқ қилиб: «Мен инқилоб солдатиман, мендан нимани талаб қилсалар, шуни бажараман, — деди. — Агар сиз яна ўжарлик қилаверсангиз, гўдагингизни тортиб олиб, сиз билан бошқача гаплашамиз», деганидан кейин, менинг бирор жиноят қилганлигим ёки қилмаганлигимнинг ҳам ҳеч кимга қизиғи йўқлиги, ҳамма-ҳаммаси менга аён бўлди ва сўнг улар мендан нима хоҳлаган бўлсалар ҳаммасига қўл қўйдим».

Марям Султонмуродова мана шундай ноҳақ туҳматлар остида 20 йиллаб бегуноҳ қора тамға остида юрганлиги, бу ноҳақликлар фақат унинг ўзинигина эмас, бутун оила аъзолари, болалари, қолаверса Октябрь тўнтариши қулликдан озод қилган мазлум ўзбек хотин-қизлар эркини бўғиб, уларни яна ўтмиш қуллик давридан ҳам даҳшатли ҳолга қўяётганлигини афсус ва надомат билан ёзади. У СССР Бош прокурорига ёзган ўша хатида социалистик қонунчиликнинг бузилиши натижасида у бўйнига осилган қора тамғани ҳаётининг сўнгги дамларида бўйнидан олиб ташлаб, ҳеч бўлмаса бу дашномнинг қора доғлари унинг фарзандлари бўйнида ҳам осилиб қолмаслигини ўтиниб сўрайди:

«Муҳтарам ўртоқ Иттифоқ прокурори! Сизга инқилобий қонунларни тўғри ўтказишнинг масъул назоратчиси сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам мурожаат қиламан. Менга нисбатан катта адолатсизлик бўлган ва совет қонунлари бузилган деб ўйлайман… Менинг виждоним пок. Менинг ягона хатойим, у ҳам бўлса, Германияга ўқишга кетишга розилик билдирганим… Агар шу машъум хатом бўлмаганда, тақдирим ҳам тамоман бошқача бўларди ва мен бугунгидай бахтсиз одам бўлиб ўтирмасдим. Мен адолатсиз кечган ишлардан ниҳоятда азобланмоқдаман. Бу қалбаки туҳматлардан қарийб 20 йиллар давомида фақат менгина эмас, менинг болаларим, ака-сингилларим ва онам ҳам азоб тортдилар ва ҳамон тортиб келмоқдалар. Шунинг учун сиздан менинг ишимни қайта кўришингизни ва гувоҳсиз гуноҳларимдан қутқаришингизни сўрайман».

Марям Султонмуродова томонидан СССР Бош прокурори номига ёзилган бу аризадан сўнг 1957 йил 23 сентябрида унинг қўлига бегуноҳлиги, унинг жинояти бўлмаганлиги ҳақидаги расмий оқлов қоғозини беришади. Унда бундай дейилган эди: «1937 йил 15 сентябргача, қамалгунига қадар «Ёрқин турмуш» журналининг адабий ходими бўлиб ишлаган Султонмуродова Марямнинг айблаш бўйича иши СССР Олий Суди Ҳарбий Коллегияси томонидан 1957 йил 2 августда қайта кўриб чикилди. Янги шароит тақозаси билан М. Султонмуродовага нисбатан Ҳарбий Коллегиянинг 1938 йил 9 октябрдаги ҳукми ва СССР Давлат Хавфсизлиги Министрлигининг 1949 йил 3 августидаги махсус мажлиси қарори бекор қилинди ва жинояти йўқлиги туфайли оқланди. СССР Олий Суди Ҳарбий Коллегияси ўринбосари, адлия полковниги П. Лихачев».

Адолат қисман бўлса-да, тикланди. Марям Султонмуродова умрининг охирларида бир парча қоғозни ҳам олди. Она шаҳри Урганчда яшаб, ишлай бошлади. Лекин бунгача 10—15 йиллаб совуқхоналарда, узоқ Красноярск ўлкасининг қаҳратон ўрмонларида ўзига ўхшаган минглаб бегуноҳ маҳбуслар билан кечирган азоб-уқубатли, таҳқирли кунлари-чи? Унинг ортидан йиғлаб қолган ўғли Пўлатбек, қизи Анорахонларнинг аҳволи не кечди? Кариган чоғида мункайиб қолган муштипар, мунглиғ онаизори-чи? Улар не хавфу хатарлар, азоб ва уқубатлар, камситишларни бошдан кечирмадилар дейсиз?!

«Онамнинг айтишларича, — деб хотирлайди қизи Анорахон Давронова изтироб билан, —1937 йил 30 августида ҳозирга Тошкент шаҳар Олой бозори яқинидаги Уездная кўчаси 13-уйдан эрта тонгда икки ҳарбий кийимли киши келиб, тўсатдан қўлларида 5—6 ойлик чақалоқлик вақтимда онамни мен билан бирга ҳайдаб, қамоққа олиб кетишган. Онам 1947 йил 10 йилдан сўнг биринчи марта қамоқдан келгандан кейин ҳам ёруғ кун кўрмадик. (Бунга қадар мен аммамлар қўлида, акам Пўлатбек Аҳмадбеков аввал етимхонада, сўнг холам Гулчеҳра қўлида онага зор бўлиб яшадик. Чунки у вақтда Гулчеҳра холамнинг эрлари таниқли адабиётшунос олим Раҳмат Мажидий ҳам «халқ душмани» сифатида туҳматга учраб, қамалиб узоқ сургунда эдилар). Укам Омон Султонмуродов ҳам онам билан сургунда ўсди. Мен 1954 йил ТошМИда ўқиб, «Малик» совхозида пахта териб юрган куз кунларининг бирида онам сўнгги сургундан қайтиб, пахта даласига мени излаб келдилар. Ўша вақтда санитария-гигиена бўлимининг тошмеҳр раҳбарлари, ҳатто етти йил кўрмаган онам билан ҳам бир-икки кун уйга бориб келишга рухсат беришмади. Шу ердаги бир хонадонда тонггача хўрланиб, ухламай чиқдик. Эртасига онам Урганчга, мен эса пахта даласига кетдим. Онам умрининг охиригача ўша ўзи туғилган Урганч шаҳар Чандирқиёт қишлоғида ўз севган матбуотчилик касбларидан тамомила бошқа бир касбда ишлашга мажбур бўлиб, орзу-умидлари ушалмай оламдан ўтдилар. Биз ҳар йили болаларимиз билан унинг Урганчдаги қабрини зиёрат қилиб қайтамиз. Укам Омон Султонмуродов ўша ерда мактабда ўқитувчи. У онам ёққан маърифат чироғини ўчирмай, юртдошларини инсон ҳуқуқлари поймол этилган жойда фароғат бўлмаслигидан огоҳ этаётир. Чунки у яхши биладики, тарих ҳақиқатни сўйлаётган чоғдагина ибрат солномасига айланади. Давримиз замзамаси буни исботламоқда».

Манба: “Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 10-сон

045

09

Сценарий муаллифи: Хайриддин Султонов
Режиссиёр: Шухрат Махмудов
Мухаррир: Маҳлиё Мирсоатова

ФИЛЬМ ҲАҚИДА
Оқила БАҲРАМОВА
09

Ушбу фильм Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг, яъни 1998 йилда суратга олинган бўлиб, жадидларнинг ҳаётда фидойи инсон эканликларини, умрлари давомида илм-фан тараққиёти йўлида тер тўкканлари, билимларини ошириш ва уларни ақлий салоҳияти ривожланаётган ватандошларини дунёвий илмлардан бохабар қилиш мақсадида чет элга кетиши ва оқибатда отишга хукм қилиниши тасвирланган. Мазкур фильмнинг 1-қисмида жадидчиликнинг илк кўринишларини бошлаб берган атоқли давлат арбоблари Файзулло Хўжаев, Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Фитрат, Саидносир Миркомилов, Чўлпон каби зиёлиларга алоҳида урғу берилган. 25 дақиқа давомида ўтган асрнинг йигирманчи йилларида Туркистондаги сиёсий аҳвол, маърифатпарварларнинг ҳаёти ҳақида тўлиқ очиб беришга харакат қилинган. Фильм давомида Ўзбекистондан чет элга таҳсил олишга кетган ёшларнинг мусофирлик азоблари, қийинчиликлари, она юртига бўлган соғинчларини ёритиб беришга харакат қилинган. Бундан фильм ижодкорларини тинмай илмий изланишлар олиб боргани маълум бўлади.

Келтириб ўтилган тўртта интервью фильмнинг таъсирчанлиги ва ишончли чиқишини таъминлаган. Айниқса, жадидчилар қаторида бўлган Саттор Жабборнинг ўғли Урхун Жаббор ва Хайринисо Мажидхонованинг қизи Холида Қодировалар ўз нутқида ўша давр зиёлиларининг мақсади Туркистонни ўрта асрларга хос қолоқлик ва диний хурофотдан озод этиш, халққа маърифат тарқатиш, бунинг учун кураш, билим олишга бўлган интилишлари нақадар юқори эканликларини келтириб ўтган.

Интервью берган шахсларнинг суҳбатга эркин киролгани, ўз фикрлари теран баён этганликлари ҳамда эхтиросларини ҳам кўрсатиб берганлиги таъсир этиш доирасини кенгайтирган.

Ушбу фильмни томоша қилган инсон мустақилликка эришишимиздан олдинги даврларда халқимиз тараққийпарварларининг ҳуррият йўлида чеккан азоб-уқубатларини, ўқиш, янгиликларни тарғиб қилиш қийинчиликларини англаб, бугунги давр имкониятлари билан қиёслаш ва мушохада қилиши табиий. Бу мазкур фильмни йутуғи деб айта оламиз.

Лекин юқорида айтиб ўтилганидек, бу фильм мустақилликнинг дастлабки йилларида суратга олинган. Шу сабабли тасвирлар бир текис чиқмаган. Кадрларларда камчиликлар бор, аммо бу давр билан боғлиқ бўлганлиги учун фильмнинг камчилиги дейишимиз нотўғри.

055

(Tashriflar: umumiy 726, bugungi 1)

Izoh qoldiring