Gi de Mopassan. Ikki hikoya

Ashampoo_Snap_2017.01.02_18h53m43s_002_.png    Бу менинг бор саргузаштим. Энг ёмони шундаки, ҳозир ҳам уни телбаларча севаман. Бирор аёлга кўзим тушса, доим уни излайман. Ҳамма нарса уни эслатади. У доимо мен билан бирга, қалбимда яшаб келмоқда…

Ги де Мопассан
ИККИ ҲИКОЯ
Нодира Иброҳимова таржималари
004

guy-de-maupassant-lovers-3350.jpgМопассан (Maupassant) Ги (тўлиқ номи Анри Рене Альбер Ги) де (1850.5.8, Турвилясюр-Арк яқинидаги Миромениль қалъаси —1893.6.7, Париж) — француз ёзувчиси, Руан лицейини тугатган. 1870—71 й.ларда франко-прус урушида қатнашган, Ги де Мопассан Флобернинг шогирди, рус алиби Иван Тургеневни устоз санаб, унга бағишлаб мақолалар ёзган. Адабиётга 1880 й.да шеърлар тўплами ва «Дўндиқ» новелласи б-н кириб келган. У 6 роман,18 ҳикоялар тўплами, очерк ва пьесалар, кўплаб мақолалар ва б. асарлар муаллифи. Мопассан ижоди учун турмушни объектив тасвирлаш, тилининг содда (табиий) ва таъсирчанлиги, «ҳаётни ўзиданда ишончли тасвирлаш», қаҳрамонлар образини уларнинг характер ва хис-туйғулари орқали яратишга интилиш характерли. Мопассан маънавий қашшоқ, мунофиқ кишилар образининг бутун бир силсиласини яратган («Жавоҳирот», «Оила бағрида»,«Васиятнома» «Бочкача», «Иблис» ва б.). Унинг «Дайди», «Шкаф», «Гадой» каби новеллаларида турмуш қаърига улоқтирилган нотавонлар ҳаёти тасвирланган. Муҳаббатни мол-дунёдан иборат деб билувчи, шу боис ҳар қадамда ўзини сотишга тайёр аёллар образи «Иветта»,«Ҳаққоний тарих» ва б. асарларида маҳорат б-н чизилган. Мопассан соф муҳаббат («Ой ёғдуси», «Бахт»)ни куйлайди ва маънавий юксак оддий кишиларни қадрлайди («Симон ота», «Мартен қизалоғи»), ватанпарвар ва жасоратли инсонларни тараннум этади («Дўндиқ», «Мадмуазель Фифи», «Милон амаки»). Унинг «Ҳаёт» (1883), «Азизим» (1885), «Монт-Ориоль» (1886), «Пьер ва Жан» (1887—88) каби романларида умумбашарий мавзулар, мансабпарастлар қисмати, бойлик орттиришга хуруж қилиш юксак маҳорат билан тасвирлаб берилган. «Ўлимдек кучли» (1889), «Бизнинг қалб» (1890) романларида эса психологик руҳ кучли. «Ҳаёт»,«Азизим» романлари (Иброҳим Ғафуров таржимаси) ва бир қанча ҳикоялари ўзбек тилига таржима қилинган (Ўзбекистон Миллий энциклопедиясидан).

004

НОТАНИШ МАҲБУБАМ

Биз бошимиздан ўтган сирли саргузаштлар, завқли тассуротларимиз, поезд, меҳмонхона-ю денгиз соҳилларидаги ишқий учрашувларимиз ҳақида берилиб суҳбат қурардик. Рожер де Аннет айганидек, жойлашган соҳилимиз жуда гўзал эди. Биз орамизда ҳалидан бери мум тишлаб ўтирган Гонтрандан нима ҳақида ўйлаётганини сўрадик.

-Менимча, Париж дунёдаги энг хушманзара маскан, -гап бошлади у. — Аёллар бу ерда қимматбаҳо безакни эслатадилар. Тўғри, биз уларни ҳар ерда қадрлаймиз, бироқ Париж энг қимматли аёллар салтанати дейиш мумкин.

Эркак бироз ўйланди-да, сўнг қизишиб гапида давом этди:

-Тавбангдан кетай, бу жуда ажойиб-да! Баҳор тонглари кўчаларни яёв кезсанг… ёнингдан эса кичик жуссали аёллар ҳиром айлаб ўтиб кетишади, улар ҳудди энди очилган гулларни эслатади-я. Ёқимли ва жозибали бу манзара… Ҳар нафасда бинафша гулининг майин ифорини туясан. Шаҳар гулзор гўё, аёллар борлигини ҳар он илғайсан. Тавба-эй, улар шундай ёрқин, нозик либослар кийишадики, ярқ этиб кўзга ташланадилар. Улар узоқдан сиз томон яқинлашган сари таний бошлайсиз: аввал бош кийимига қўндирган гулидан, бошчаларини уёқ-буёққа нозик қаратишидан ёки қадам олишларидан. У сизга яқин келганда, ўзингизга-ўзингиз “ана, у ёнимда” деб пичирлайсиз ва кўзларингиз билан тешиб юборгудек тикилиб қоласиз. У бирор юмуш билан юрган қиз, черковдан қайтаётган аёл ёки ошиғи билан учрашувга чиққан маъшуқа бўлиши мумкин. Унинг нозик белидан қадди-қаматини чамалаб кўриш мумкин. Оҳ, агар бир мартагина унинг қўлларидан тутиш имкони бўлсами… Унинг нигоҳи иболи ёки беҳаё, сочлари сариқ ёки қора бўлар, нима фарқи бор? Агар сизга бироз туртиниб кетса борми, оёғингизни учигача музлаб кетасиз. Қанийди, у билан бир бора суҳбатлашсам! Бу йўл бўйлаб қанча нозанинлар учрамади, дейсиз. Уларни нечтасини севиб қолмадим-а… Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, биз умримизда бир марта кўрган аёлни ғойибона, бироқ ўта қаттиқ севиб қолишимиз мумкинми? Бўлмаган гап! Вақт ўтиб, биз аранг бир аёлнинг назарига тушамиз, у туйғуларимизни тўлқинлантиради ҳам. Бироқ бу ҳол узоққа чўзилмайди. Мен яна Париж бурчакларида учратганим- ёқимтой нозанинларни эслай бошлайман ва жудаям асабийлашаман. Улар ким? Қаерда ҳозир? Қандай топсам бўлади? Кўпинча бахт шундоққина ёнимиздан ўтиб кетади. Ишончим комил, мен ҳам нозик қушчамни ўша кўча бўйлаб ўтказиб юборганман, балки у мени бир умр оромбахш ифори билан ўзининг ёқимли тузоғида илинтирармиди?

Рожер де Аннет мийиғида кулганча уни тинглади ва гап бошлади:

-Эҳтимол, сиз ҳақдирсиз. Бу ҳол менинг ҳаётимда ҳам содир бўлган. Бундан беш йил бурун мен ёш бир аёлни учратдим, у мени ҳаяжонга солганди. Аёл қорачадан келган, бошқалар каби нозик бўлмаса-да, бироқ хушбичим, силлиқ сочли ва киприклари қора кўзларига тушган гўзал эди. Нигоҳлари сирли, сурат каби жимгина тикилиши жуда ажойиб эди. Уни кўрибоқ кўзларимни узолмай қолдим. Унинг қадам босишлари латиф бўлмаса-да, мени нимаси биландир ўзига жалб этганди. Уни кўрган куним, аёл Плесй де ла Конкордида карета тўхтатган ва унга чиқмай бир муддат жим туриб қолганди. Сўнг менга қаттиқ тикилди, мен бу нигоҳни ҳеч қачон унутолмайман. Кейин уч ҳафтача фақат у ҳақда ўйладим ва аста-секин жамолини хаёлимдан чиқаришга уриндим. Олти ой ўтгач, мен уни Руэ де ла Паиксга учратиб қолдим. Шунда ҳам уни биринчи кўрганим каби қаттиқ ҳаяжонландим. Яхшиси, уни кузатишга аҳд қилдим. У менга яқин келганида, ўзимни қайноқ олов ичида тургандек ҳис этдим. Ёнимдан ўтиб кетгач эса таним муздек бўлиб қолди. Ортидан боролмадим. Бирор аҳмоқлик қилиб қўйишдан, ноқулай вазиятга тушиб қолишдан чўчидим. Мен ўзимдан қўрқдим.

У орзуларимни ўзи билан олиб кетганди. Мен аёлни майнинг илк куни- қуёш ботиб, оқшом чўккач- дес Чемпс-Элзась авенюсида ёлғиз кезаётганида яна бир бор учратдим. Оловранг шафақ нурларида Арк де Тримф иншооти мағрур қад ростлаган, олтинранг туман эса ҳамма ерни қоплаганди. Мен бу сафар унинг ортидан пойладим, манзилини билиш учун ҳамма нарсага тайёр эдим. Икки марта уни қўйиб юбордим, бироқ оташин туйғулар мени тарк этмади, демак, бу гал ҳам мум тишлаб қолиш ярамайди.

Аёл менга бир қур назар ташлади ва Руэ де Пресбургдаги бир уйга кириб кетди. Мен уни ташқарида икки соатча кутдим, бироқ у чиқмади. Мен аёл ҳақида дарвоза қоровулидан сўрадим. У эса елка қисди:
-Эҳтимол, бирортасиникига меҳмонга келгандир…

Шу тариқа мен уни яна саккиз ой кўрмадим. Январнинг изғиринли кунларининг бирида Булевард Малшербез кўчасида сайр қилаётиб, бир кимсага урилиб кетдим ва унинг бўхчасини қўлидан тушириб юбордим. Энди узр сўрамоқчи бўлиб тургандим ҳамки, бирдан уни таниб қолдим: бу ўша аёл эди!

Аввалига ҳайрат ва ҳаяжондан қотиб қолдим, сўнг унинг бўхчасини қайтарарканман, нима бўлса бўлар, деб гап бошладим:
-Сизни туртиб юборганимдан жудаям ҳижолатдаман, хоним. Биласизми, сизни икки йилдан бери ғойибона танийман, ҳурмат қиламан… Ниҳоят бугун ўзимни таништиришимга имкон туғилди. Шу пайтгача кимлигингиз ва қаердалигингизни билиш учун кўп уриндим. Бундай ғалати гапларим учун маъзур тутинг… Сиз мени танимайсиз. Исмим Барон Рожер де Аннет. Мен… ёмон ниятли киши эмасман, бунга ҳали ўзингиз амин бўласиз. Агар… агар ҳозир кетиб қолсангиз, мен тубсиз қийноқлар оташида қолиб кетаман. Илтимос, иложи бўлса, сиз билан қандай учрашишим мумкинлигини айтсангиз…

Аёл менга бир муддат ҳайрон бўлганча тикилиб турди, сўнг жилмайиб жавоб қайтарди:
-Менга манзилингизни берақолинг… ўзим сизни топиб бораман.

Мен ўз ҳайратимни яшира олмай қувондим. Лекин дарров ақлимни йиғиб олиб, унга ташриф қоғозимни тутқаздим. Аёл тезда уни чўнтагига яширди.

Мен умид билан пичирладим:
-Сизни кўришга қачон мушарраф бўламан?

У бироз иккиланиб турди, кейин паст овозда жавоб берди:
-Якшанба тонги сизга маъқулми?

Мен розилигимни билдирдим.
У кетар экан, менга ўша қаттиқ синовчан нигоҳларини тикди…

Якшанбагача мен туну-кун фақат у ҳақида ўйладим. Бир қарорга келиб, унга тақинчоқ ҳарид қилдим. Бежиримгина қимматбаҳо тошли узукни қутичага ўрадим ва сабрсизлик ила маҳбубамни кута бошладим. Якшанба туни мен умуман ухламадим. Эрталаб соат ўнда у жиддий ва ҳотиржам ҳолда уйимга кириб келди. Унинг қўлларидан тутар эканман, гўё минг йилдан буён танишдек эдим. Уни стулга таклиф этиб, бош кийими ва мўйнали плашини илгичга илиб қўйдим. Сўнг яна қўлларини кафтимга олдим…

Эҳ, дўстларим, мен завқ билан чиройли камзул ва кўк тасма таққан бу аёлни кузатардим. У жуда ёқимтой эди. Бир пайт у ортига ўгирилганда менинг кўзларим беихтиёр унинг елкаларидаги катта-катта қора доғларга тушди. У нима экан? Мен уларга қараб ўйга чўмганимда, аёл бирдан кўзларимга тикилди! Кейин мен эътиборимни чалғитиб, унинг узун киприклари, кўзлари ва қора сочларига назар ташладим. Бироқ хаёлим ўша доғларда эди. Улар менга “Минг бир кеча”даги қўрқинчли руҳни эслатарди. Унга севги изҳор қиладиган пайтим келганда, менинг овозим чиқмай қолди. У ҳаммасини тушунди. Аввалига араз билан боқди, сўнг мўйнасини олиб ўранди ва секин пичирлади:
-Бу ерга келишим осон бўлмаганди…

Мен унга ҳозир узукни туҳфа этиш пайти деб ўйладим, лекин у гапида давом этди:
-Нима учун мени чорладингиз, жаноб?

Мен уятдан сочларимгача қизариб кетдим. У эса индамай уйимни тарк этди.

Бу менинг бор саргузаштим. Энг ёмони шундаки, ҳозир ҳам уни телбаларча севаман. Бирор аёлга кўзим тушса, доим уни излайман. Ҳамма нарса уни эслатади. У доимо мен билан бирга, қалбимда яшаб келмоқда. Бу дунёда борми, йўқми, барибир хаёлан ёнимда. Ҳозир ҳам у қаердадир, менга яқинроқ бирор жойдадир… Унинг елкаларидаги тамға унга тумор бўлсин. Қизиқ, ким эди у? Ҳалигача билмайман. Ўша воқедан сўнг уни бир-икки маротаба учратдим, бироқ у танимаганга олиб кетиб қолди. Балки аёл осиёликдир? Ҳа, назаримда, у яҳудий эди. Лекин нега у шундай бўлиб туғилди? Билмайман, билолмайман…

Тўпланган дўстларимизнинг ҳеч бири ишқий саргузаштлари ҳақида бошқа оғиз очмадик…

ТЎЙ СОВҒАСИ

Жеккуиз Бордиллер уйланмайман, деб аҳд қилганди. Бирдан унинг режаси ўзгарди. Бу ҳодиса бирданига, ёз кунларининг бирида денгиз бўйида содир бўлди. Бир куни эрталаб қумда тобланиб ётганида, шу ерлик, сув бўйида турган аёлнинг нозик ва бежирим қадамлари эркакнинг эътиборини тортди. У қовоғини кўтариб, кўзларини катта-катта очди. Қаршисидаги инсондан ҳайратланди. Ҳеч нимани кўрмас, фақат аёлнинг тўпиғи ва сочларини юмшоқ рўмол билан ўраган бошинигина томоша қиларди. Жаккуизнинг туйғулари уйғониб кетди. Бунга сабаб аёл нозик қадамлар билан хиром айлар ва биринчи нигоҳдаёқ одамни ўзига асир этарди. Эркак ёш аёлнинг ёқимтой юзига, ярашиб турган кулгичлари ва дудоқларига илинди-қўйди. У муҳаббат дардига йўлиқди. Берти Леннисни узун сарғиш қумлоқ ичида кўрганидаёқ, кокилларининг ҳар бир толасини тинглагандек бўлганди. У яқинроғига келганда эса аёлга аста сўзлагиси, ҳеч бўлмаса, у ҳақида ўйлагиси, юрагининг ҳар бир тепкиси унинг бежирим қулоқларига эшитилишини жудаям истади. Наҳотки, бу севги бўлса? У буни билмайди ва тушунмайди, лекин фарзандларининг онаси фақат шу аёл бўлишини истаётганини биларди, холос.

Аёлнинг ота-онаси узоқ иккиланишди, бу ёш эркакнинг ўтмишини билишмасди. Жаккуизнинг айтишича, унинг юраги тоза, садоқатга йўғрилган қалби доим синишидан чўчир экан…

Аслида-чи, аслида эркак қанақа эди? У қисқами, узунми, ҳар қандай суҳбатда қаршисидаги аёлни севиб қолаверарди, дудоқларига ошиқ бўларди. Лекин кейинроқ у бундай муҳаббатдан афсусланарди, боиси бу оддий ҳавас бўлиб чиқарди. Жаккуиз узоқ йиллар биргина аёл билан яшаган эркакларни кўрганса, улардан ҳайратланарди. Эркак аввал уйланганди, собиқ хотинининг моддий аҳволидан дўсти бохабар бўлиб турарди. Жеккуиз уни маблағ билан таъминлар, бироқ хотинини бошқа кўришни ҳам, у ҳақида эшитишни ҳам истамас эди. Хотини унга хатлар ёзар, собиқ эр уларни очмасди ҳам. Ҳар ҳафта эркак аёлдан мунгли ва гинали мактублар олар, шу заҳотиёқ конверти билан иккига йиртиб ташларди. Ҳатто бирор сатрига ҳам кўз югуртирмасди…

Жакуизни ҳали ҳеч ким яхши билмагани учун қиш бўйи синашди. Баҳоргача Бертини эркакга турмушга чиқишига розилик бермадилар. Ниҳоят, ота-она тўйни майга белгилашди, у Парижнинг сўлим гўшаларидан бирида ўтказилди. Ёш жуфтлик анъанавий тўй саёҳатига бормасликка қарор қилишди. Соат тунги ўн биргача чўзилган рақсни ёш жиянчалари якунлашди. Одатда бундай кеч тугайдиган тўй маросимлари одамни зериктириб диққат қилади. Янги оила тунни қизнинг ота-онасиникига ўтказишди, тонгда эса пляждаги бу уйни дилгир юраклар ила тарк этишди. Ахир бу ерда икки қалб топишган ва энг бахтли лаҳзаларини ўтказишганди.

Кеч тушди. Жуфтлик яқин орадаги кичкина япон ижарахонасига кириб келишди, бу ерда рақс авжида эди. Шипга илинган катта рангли чироқлар ўзидан ажиб нур таратар, ҳудди улкан тухумларни эслатарди. Очиқ деразадан уфураётган тоза ҳаво эса уларнинг юзларини эркаларди. Тун осойишта, баҳор нафаси илиқ эди. Севишганлар жимгина бир-бирларининг қўлидан ушлаганча ўтирардилар. Аёлнинг кўзлари орзуларга тўла, ҳаётида катта бурилиш ясаган бўлса-да, бундан жилмаяр, баъзан йиғлаб юборишга тайёр, бахтдан ўзини йўқотай дер, гўё бутун дунё ўзгариб кетгандек, яна ўзи ҳам тушунмас даражада бутун тани ва қалби аллақандай ноаниқ ва ширин туйғу исканжасида эди. Эркак эса унга доимий жилмайишини такрорларди. У бирор гап айтишни истар, бироқ тилига жўялироқ нарса келмас, фақатгина жим ўтириб аёлнинг қўлларини силарди. Баъзан эса “Берти!” дея илхомланиб сукунатни бузар, бу пайт аёл унга кўзларини катта-катта очиб мулойим тикиларди. Улар бир неча сония бир-бирларига қараб олгач, эркак унинг гўзаллигидан хушини йўқотай дерди. Улар шу кўйи ўтирарвердилар. Баъзан рақс тушаётганлар севишганларга қараб қўйишар, бироқ улар жим ва ишонч билан ўтирардилар.

Эшик очилиб, хизматчи кириб келди. Унинг патнисида ҳозиргина почтачи келтирган мактуб бор эди. У тўғри Жаккуизнинг олдига келди. Эркак қўллари титраб хатни олди ва бирдан қўрқувга тушди. У анча пайт конвертга тикилиб, устига нима ёзилганини англолмай, хатни очмай, ўқишга тоби келмай турди. Кейин куч билан уни чўнтагига солди ва ўзига ўзи эртагаёқ бу ердан кетаман узоқларга, деб пичирлади. Лекин хат четидаги катта ҳарфлар билан тагига чизиб қўйилган икки сўз хаёлидан кетмасди: Шошилинч хабар! Бу уни ташвишга солди. Сўнг “узр, азизим, бир дақиқа” деди-да, конвертни очди. Қоғозни ўқиб, қўрқув билан унга тикилиб қолди, ҳар бир ҳарфини ҳижжалаб чиқди. Эркак бошини чангаллаб қолди ва пичирлади:

-Азизим, бу… бу менинг яқин дўстимдан экан. Ҳозир катта муаммога дуч келибди. Мен унга жуда керакман, бу ҳаёт-мамот масаласи. Сени ярим соатга ҳоли қолдирсам мендан ранжимайсанми? Тез қайтаман.

Унга қўшилиб қайғуга чўмган аёл эса деди:
-Оҳ, азизим…

Бир кунлик рафиқаси уни сўроқ қилишга ийманди. Эркак кетди. Аёл бир ўзи рақсни кузата бошлади.

Эркак қўлида шляпаси ва плашини ушлаганча, учта зинани битта қилиб сакраб борарди. Кўчага чиқиши билан вестибюлда тўхтади ва хатни яна очди:
“Жаноб, Равет исмли аёл- айтишича, сизни жуда севаркан- ҳозиргина фарзандингизни дунёга келтирди. Онанинг аҳволи ёмон ва сизга илтижо қилмоқда. Ғамга ботган аёлнинг сўнгги хоҳишини ижобат қилишингизни сўраб мактуб ёзишга қарор қилдим. Хурмат билан, доктор Боннард”.

Эркак шифохонага кириб келганда, аёл чалажон ётган экан. Аввалига эркак уни танимади. Доктор ва ҳамшира уни аёлнинг ёнига олиб боришди. Атроф муз бўлаклари ва қон латталар билан тўлганди. Гилам сувга бўккан, иккита шам қолдиғи столга ёпишиб қолганди. Ётоқнинг ёнида эса саватдан тўқилган белакчакда чақалоқ йиғларди. У онасига талпинар, минг азоб билан қимирлашга уринар, титрарди.

Аёл машаққат чекиб ўлим билан олишарди. Шунча муз бўлаклари ва парваришга қарамай, бир соатдан бери қон кетиши тўхтамасди. У Жаккуиз келганини сезиб, қўлларини чўзди. Бармоқлари шунчалик ингичка эдики, базўр юқорига кўтарилди. Бироқ кўз ёшлари ёноқларидан шашқатор бўлиб оқарди. Эркак тиззасини ётоққа қўйди ва аёлнинг қўлларидан тутиб ўпди. Сўнг аста унинг озғин юзи томон яқинлашди. Ҳамширалардан бири уларнинг ёнига шамдон қўйиб кетди, доктор эса наридан кузатиб турди. Аёл паст товушда гап бошлади:
-Мен ўлаяпман, азизим. Охиригача шу ерда бўлишга сўз бер, кетиб қолма, илтимос. Оҳ, сўнгги лаҳзаларга мени тарк этма…

Эркак унинг сочларидан ўпиб қўйди ва пичирлади:
-Кўп қийнама ўзингни, мен шу ердаман, кетмайман.

Аёл мадорсизликдан зўрға гапини давом эттирди:
-Бу болакай сенинг зурриёдинг. Уни Худодан чин қалбдан тилаганман. Майли, ўлимим эвазига бўлса ҳам… Ҳаётимда сендан ўзгасини севмаганман. Менга ваъда бер: фарзандимизга ғамҳўрлик қиламан деб…

Эркак унинг бемажол танасини кўтаришга уринди. Виждон азоби ва надомат билан шивирлади:
-Уни ўзим улғайтиришга ва тарбиялашга онт ичаман. Мен ўғлимдан айрилмайман.

Аёл тинчланиб, хотиржам деди:
-Болани қўлингга ол, уни севишингни менга исботла…

Эркак ўрнидан туриб, чақалоқни кўтарди. Эҳтиёткорлик билан уни ўрталарига қўйгач, бола йиғлашдан тўхтади.
-Уни қўлингдан қўйма, -деди аёл.

Эркак бир қўлида чақолоқнинг бармоқчаларини, бир қўлида эса нозик аёлнинг билагини ушлаганча, жим ўтирарди. Вақт ўтган сайин у аввал тунги ўн икки, сўнг бир, иккини кўрсатиб бонг ураётган соатга қараб қўярди. Ҳамширалар ҳам столда ўтирганча ухлаб қолишганди. Чақалоқ ширин уйқуда, онаси эса кўзларини юмиб дам олишга ҳаракат қиларди.

Бирдан сукунат бузилди. Аёл билагини эркакнинг қўлидан бўшатди ва тезлик билан боладан нари сурилди. Бўғзидан хирилдоқ товуш эшитилди ва қотиб қолди.

Ҳамшира уйғонди.
-Ҳаммаси тугади, -деди афсус билан.

Эркак бир пайтлар қаттиқ севган аёлига, кейин 4 ни кўрсатиб турган соатга қаради. Сўнг плашини ҳам унутиб, қўлига болани олганча тезлик билан ташқарига отилди.

Ёш аёл эса эри уни тарк этгач, японча уйда уни кутди. Аввалига тинчгина ўтирди, сўнг келавермагач, пастга тушди. Ундан ранжий бошлади. Сўнг уйига борди. Онаси унинг ёлғизлигини кўргач, сўроққа тутди:

-Эринг қаерда?
-Ижара хонамизда, ҳозир келиб қолади.

Бирор соатдан сўнг шубҳалана бошлаган оила аъзолари уни ўраб олишди. Аёл хат келганини ва эрининг ғамгин бўлиб чиқиб кетганини айтиб берди. Улар кута бошладилар. Ярим тунда келин ёш тўкканча ўрнига бориб ётди. Онаси ва икки холаси унинг ётоғи ёнида ўтирганча, юпатишарди. Отаси эса бирор бахтсиз ҳодиса юз бермаганлигини суриштириш учун полиция маҳкамасига йўл олди. Соат тонгги бешларда холлдан овоз эшитилди. Кўча эшик очилиб, ёпилди. Сўнг жимлик чўккан уйни чақалоқнинг йиғиси бузиб юборди. Аёллар Бертининг хонасидан шол рўмолга ўраганча чиқа бошладилар.

Жаккуиз хонанинг ўртасида турарди. Ранги ўчган, базўр нафас олар ва қўлида гўдак кўтарганди. Тўрт аёл унга ҳайрат билан тикилишди, лекин тезда ўзини қўлга олган Берти гап бошлади:
-Нима бўлди? Ким бу?

Эркак унга назар ташлаб, қисқа жавоб қайтарди:
-Бу… бу менинг фарзандим, онаси ҳозиргина ўлди.

У шундай дея титраган қўллари билан гўдакка имо қилди.

Берти ҳеч нима демай болани қўлига олди. Уни ўпиб эркалади ва ёшли кўзларини эрига тикди:
-Онаси ўлди, дедингми?

-Ҳа… қўлларимда жон берди. Мен у билан ёзда ажрашган эдим. Бошқа нарса билмайман. Шифокор чақириб айтди.

Берти пичирлади:
-Ўзим унга она бўламан. Биз уни бирга парвариш қиламиз…

ziznmop00005_enl.gifGi de Mopassan
IKKI HIKOYA
Nodira Ibrohimova tarjimalari
004

guy-de-maupassant-lovers-466.gifMopassan (Maupassant) Gi (to‘liq nomi Anri Rene Alber Gi) de (1850.5.8, Turvilyasyur-Ark yaqinidagi Miromenil qal’asi —1893.6.7, Parij) — fransuz yozuvchisi, Ruan litseyini tugatgan. 1870—71 y.larda franko-prus urushida qatnashgan, Gi de Mopassan Floberning shogirdi, rus alibi Ivan Turgenevni ustoz sanab, unga bag‘ishlab maqolalar yozgan. Adabiyotga 1880 y.da she’rlar to‘plami va «Do‘ndiq» novellasi b-n kirib kelgan. U 6 roman,18 hikoyalar to‘plami, ocherk va pyesalar, ko‘plab maqolalar va b. asarlar muallifi. Mopassan ijodi uchun turmushni obyektiv tasvirlash, tilining sodda (tabiiy) va ta’sirchanligi, «hayotni o‘zidanda ishonchli tasvirlash», qahramonlar obrazini ularning xarakter va xis-tuyg‘ulari orqali yaratishga intilish xarakterli. Mopassan ma’naviy qashshoq, munofiq kishilar obrazining butun bir silsilasini yaratgan («Javohirot», «Oila bag‘rida»,«Vasiyatnoma» «Bochkacha», «Iblis» va b.). Uning «Daydi», «Shkaf», «Gadoy» kabi novellalarida turmush qa’riga uloqtirilgan notavonlar hayoti tasvirlangan. Muhabbatni mol-dunyodan iborat deb biluvchi, shu bois har qadamda o‘zini sotishga tayyor ayollar obrazi «Ivetta»,«Haqqoniy tarix» va b. asarlarida mahorat b-n chizilgan. Mopassan sof muhabbat («Oy yog‘dusi», «Baxt»)ni kuylaydi va ma’naviy yuksak oddiy kishilarni qadrlaydi («Simon ota», «Marten qizalog‘i»), vatanparvar va jasoratli insonlarni tarannum etadi («Do‘ndiq», «Madmuazel Fifi», «Milon amaki»). Uning «Hayot» (1883), «Azizim» (1885), «Mont-Oriol» (1886), «Pyer va Jan» (1887—88) kabi romanlarida umumbashariy mavzular, mansabparastlar qismati, boylik orttirishga xuruj qilish yuksak mahorat bilan tasvirlab berilgan. «O‘limdek kuchli» (1889), «Bizning qalb» (1890) romanlarida esa psixologik ruh kuchli. «Hayot»,«Azizim» romanlari (Ibrohim G‘afurov tarjimasi) va bir qancha hikoyalari o‘zbek tiliga tarjima qilingan (O‘zbekiston Milliy ensiklopediyasidan).

004

NOTANISH MAHBUBAM

Biz boshimizdan o‘tgan sirli sarguzashtlar, zavqli tassurotlarimiz, poyezd, mehmonxona-yu dengiz sohillaridagi ishqiy uchrashuvlarimiz haqida berilib suhbat qurardik. Rojer de Annet ayganidek, joylashgan sohilimiz juda go‘zal edi. Biz oramizda halidan beri mum tishlab o‘tirgan Gontrandan nima haqida o‘ylayotganini so‘radik.

-Menimcha, Parij dunyodagi eng xushmanzara maskan, -gap boshladi u. — Ayollar bu yerda qimmatbaho bezakni eslatadilar. To‘g‘ri, biz ularni har yerda qadrlaymiz, biroq Parij eng qimmatli ayollar saltanati deyish mumkin.

Erkak biroz o‘ylandi-da, so‘ng qizishib gapida davom etdi:

-Tavbangdan ketay, bu juda ajoyib-da! Bahor tonglari ko‘chalarni yayov kezsang… yoningdan esa kichik jussali ayollar hirom aylab o‘tib ketishadi, ular huddi endi ochilgan gullarni eslatadi-ya. Yoqimli va jozibali bu manzara… Har nafasda binafsha gulining mayin iforini tuyasan. Shahar gulzor go‘yo, ayollar borligini har on ilg‘aysan. Tavba-ey, ular shunday yorqin, nozik liboslar kiyishadiki, yarq etib ko‘zga tashlanadilar. Ular uzoqdan siz tomon yaqinlashgan sari taniy boshlaysiz: avval bosh kiyimiga qo‘ndirgan gulidan, boshchalarini uyoq-buyoqqa nozik qaratishidan yoki qadam olishlaridan. U sizga yaqin kelganda, o‘zingizga-o‘zingiz “ana, u yonimda” deb pichirlaysiz va ko‘zlaringiz bilan teshib yuborgudek tikilib qolasiz. U biror yumush bilan yurgan qiz, cherkovdan qaytayotgan ayol yoki oshig‘i bilan uchrashuvga chiqqan ma’shuqa bo‘lishi mumkin. Uning nozik belidan qaddi-qamatini chamalab ko‘rish mumkin. Oh, agar bir martagina uning qo‘llaridan tutish imkoni bo‘lsami… Uning nigohi iboli yoki behayo, sochlari sariq yoki qora bo‘lar, nima farqi bor? Agar sizga biroz turtinib ketsa bormi, oyog‘ingizni uchigacha muzlab ketasiz. Qaniydi, u bilan bir bora suhbatlashsam! Bu yo‘l bo‘ylab qancha nozaninlar uchramadi, deysiz. Ularni nechtasini sevib qolmadim-a… Hech o‘ylab ko‘rganmisiz, biz umrimizda bir marta ko‘rgan ayolni g‘oyibona, biroq o‘ta qattiq sevib qolishimiz mumkinmi? Bo‘lmagan gap! Vaqt o‘tib, biz arang bir ayolning nazariga tushamiz, u tuyg‘ularimizni to‘lqinlantiradi ham. Biroq bu hol uzoqqa cho‘zilmaydi. Men yana Parij burchaklarida uchratganim- yoqimtoy nozaninlarni eslay boshlayman va judayam asabiylashaman. Ular kim? Qayerda hozir? Qanday topsam bo‘ladi? Ko‘pincha baxt shundoqqina yonimizdan o‘tib ketadi. Ishonchim komil, men ham nozik qushchamni o‘sha ko‘cha bo‘ylab o‘tkazib yuborganman, balki u meni bir umr orombaxsh ifori bilan o‘zining yoqimli tuzog‘ida ilintirarmidi?

Rojer de Annet miyig‘ida kulgancha uni tingladi va gap boshladi:

-Ehtimol, siz haqdirsiz. Bu hol mening hayotimda ham sodir bo‘lgan. Bundan besh yil burun men yosh bir ayolni uchratdim, u meni hayajonga solgandi. Ayol qorachadan kelgan, boshqalar kabi nozik bo‘lmasa-da, biroq xushbichim, silliq sochli va kipriklari qora ko‘zlariga tushgan go‘zal edi. Nigohlari sirli, surat kabi jimgina tikilishi juda ajoyib edi. Uni ko‘riboq ko‘zlarimni uzolmay qoldim. Uning qadam bosishlari latif bo‘lmasa-da, meni nimasi bilandir o‘ziga jalb etgandi. Uni ko‘rgan kunim, ayol Plesy de la Konkordida kareta to‘xtatgan va unga chiqmay bir muddat jim turib qolgandi. So‘ng menga qattiq tikildi, men bu nigohni hech qachon unutolmayman. Keyin uch haftacha faqat u haqda o‘yladim va asta-sekin jamolini xayolimdan chiqarishga urindim. Olti oy o‘tgach, men uni Rue de la Paiksga uchratib qoldim. Shunda ham uni birinchi ko‘rganim kabi qattiq hayajonlandim. Yaxshisi, uni kuzatishga ahd qildim. U menga yaqin kelganida, o‘zimni qaynoq olov ichida turgandek his etdim. Yonimdan o‘tib ketgach esa tanim muzdek bo‘lib qoldi. Ortidan borolmadim. Biror ahmoqlik qilib qo‘yishdan, noqulay vaziyatga tushib qolishdan cho‘chidim. Men o‘zimdan qo‘rqdim.

U orzularimni o‘zi bilan olib ketgandi. Men ayolni mayning ilk kuni- quyosh botib, oqshom cho‘kkach- des Chemps-Elzas avenyusida yolg‘iz kezayotganida yana bir bor uchratdim. Olovrang shafaq nurlarida Ark de Trimf inshooti mag‘rur qad rostlagan, oltinrang tuman esa hamma yerni qoplagandi. Men bu safar uning ortidan poyladim, manzilini bilish uchun hamma narsaga tayyor edim. Ikki marta uni qo‘yib yubordim, biroq otashin tuyg‘ular meni tark etmadi, demak, bu gal ham mum tishlab qolish yaramaydi.

Ayol menga bir qur nazar tashladi va Rue de Presburgdagi bir uyga kirib ketdi. Men uni tashqarida ikki soatcha kutdim, biroq u chiqmadi. Men ayol haqida darvoza qorovulidan so‘radim. U esa yelka qisdi:
-Ehtimol, birortasinikiga mehmonga kelgandir…

Shu tariqa men uni yana sakkiz oy ko‘rmadim. Yanvarning izg‘irinli kunlarining birida Bulevard Malsherbez ko‘chasida sayr qilayotib, bir kimsaga urilib ketdim va uning bo‘xchasini qo‘lidan tushirib yubordim. Endi uzr so‘ramoqchi bo‘lib turgandim hamki, birdan uni tanib qoldim: bu o‘sha ayol edi!

Avvaliga hayrat va hayajondan qotib qoldim, so‘ng uning bo‘xchasini qaytararkanman, nima bo‘lsa bo‘lar, deb gap boshladim:
-Sizni turtib yuborganimdan judayam hijolatdaman, xonim. Bilasizmi, sizni ikki yildan beri g‘oyibona taniyman, hurmat qilaman… Nihoyat bugun o‘zimni tanishtirishimga imkon tug‘ildi. Shu paytgacha kimligingiz va qayerdaligingizni bilish uchun ko‘p urindim. Bunday g‘alati gaplarim uchun ma’zur tuting… Siz meni tanimaysiz. Ismim Baron Rojer de Annet. Men… yomon niyatli kishi emasman, bunga hali o‘zingiz amin bo‘lasiz. Agar… agar hozir ketib qolsangiz, men tubsiz qiynoqlar otashida qolib ketaman. Iltimos, iloji bo‘lsa, siz bilan qanday uchrashishim mumkinligini aytsangiz…

Ayol menga bir muddat hayron bo‘lgancha tikilib turdi, so‘ng jilmayib javob qaytardi:
-Menga manzilingizni beraqoling… o‘zim sizni topib boraman.

Men o‘z hayratimni yashira olmay quvondim. Lekin darrov aqlimni yig‘ib olib, unga tashrif qog‘ozimni tutqazdim. Ayol tezda uni cho‘ntagiga yashirdi.

Men umid bilan pichirladim:
-Sizni ko‘rishga qachon musharraf bo‘laman?

U biroz ikkilanib turdi, keyin past ovozda javob berdi:
-Yakshanba tongi sizga ma’qulmi?

Men roziligimni bildirdim.
U ketar ekan, menga o‘sha qattiq sinovchan nigohlarini tikdi…

Yakshanbagacha men tunu-kun faqat u haqida o‘yladim. Bir qarorga kelib, unga taqinchoq harid qildim. Bejirimgina qimmatbaho toshli uzukni qutichaga o‘radim va sabrsizlik ila mahbubamni kuta boshladim. Yakshanba tuni men umuman uxlamadim. Ertalab soat o‘nda u jiddiy va hotirjam holda uyimga kirib keldi. Uning qo‘llaridan tutar ekanman, go‘yo ming yildan buyon tanishdek edim. Uni stulga taklif etib, bosh kiyimi va mo‘ynali plashini ilgichga ilib qo‘ydim. So‘ng yana qo‘llarini kaftimga oldim…

Eh, do‘stlarim, men zavq bilan chiroyli kamzul va ko‘k tasma taqqan bu ayolni kuzatardim. U juda yoqimtoy edi. Bir payt u ortiga o‘girilganda mening ko‘zlarim beixtiyor uning yelkalaridagi katta-katta qora dog‘larga tushdi. U nima ekan? Men ularga qarab o‘yga cho‘mganimda, ayol birdan ko‘zlarimga tikildi! Keyin men e’tiborimni chalg‘itib, uning uzun kipriklari, ko‘zlari va qora sochlariga nazar tashladim. Biroq xayolim o‘sha dog‘larda edi. Ular menga “Ming bir kecha”dagi qo‘rqinchli ruhni eslatardi. Unga sevgi izhor qiladigan paytim kelganda, mening ovozim chiqmay qoldi. U hammasini tushundi. Avvaliga araz bilan boqdi, so‘ng mo‘ynasini olib o‘randi va sekin pichirladi:
-Bu yerga kelishim oson bo‘lmagandi…

Men unga hozir uzukni tuhfa etish payti deb o‘yladim, lekin u gapida davom etdi:
-Nima uchun meni chorladingiz, janob?

Men uyatdan sochlarimgacha qizarib ketdim. U esa indamay uyimni tark etdi.

Bu mening bor sarguzashtim. Eng yomoni shundaki, hozir ham uni telbalarcha sevaman. Biror ayolga ko‘zim tushsa, doim uni izlayman. Hamma narsa uni eslatadi. U doimo men bilan birga, qalbimda yashab kelmoqda. Bu dunyoda bormi, yo‘qmi, baribir xayolan yonimda. Hozir ham u qayerdadir, menga yaqinroq biror joydadir… Uning yelkalaridagi tamg‘a unga tumor bo‘lsin. Qiziq, kim edi u? Haligacha bilmayman. O‘sha voqedan so‘ng uni bir-ikki marotaba uchratdim, biroq u tanimaganga olib ketib qoldi. Balki ayol osiyolikdir? Ha, nazarimda, u yahudiy edi. Lekin nega u shunday bo‘lib tug‘ildi? Bilmayman, bilolmayman…

To‘plangan do‘stlarimizning hech biri ishqiy sarguzashtlari haqida boshqa og‘iz ochmadik…

TO‘Y SOVG‘ASI

Jekkuiz Bordiller uylanmayman, deb ahd qilgandi. Birdan uning rejasi o‘zgardi. Bu hodisa birdaniga, yoz kunlarining birida dengiz bo‘yida sodir bo‘ldi. Bir kuni ertalab qumda toblanib yotganida, shu yerlik, suv bo‘yida turgan ayolning nozik va bejirim qadamlari erkakning e’tiborini tortdi. U qovog‘ini ko‘tarib, ko‘zlarini katta-katta ochdi. Qarshisidagi insondan hayratlandi. Hech nimani ko‘rmas, faqat ayolning to‘pig‘i va sochlarini yumshoq ro‘mol bilan o‘ragan boshinigina tomosha qilardi. Jakkuizning tuyg‘ulari uyg‘onib ketdi. Bunga sabab ayol nozik qadamlar bilan xirom aylar va birinchi nigohdayoq odamni o‘ziga asir etardi. Erkak yosh ayolning yoqimtoy yuziga, yarashib turgan kulgichlari va dudoqlariga ilindi-qo‘ydi. U muhabbat dardiga yo‘liqdi. Berti Lennisni uzun sarg‘ish qumloq ichida ko‘rganidayoq, kokillarining har bir tolasini tinglagandek bo‘lgandi. U yaqinrog‘iga kelganda esa ayolga asta so‘zlagisi, hech bo‘lmasa, u haqida o‘ylagisi, yuragining har bir tepkisi uning bejirim quloqlariga eshitilishini judayam istadi. Nahotki, bu sevgi bo‘lsa? U buni bilmaydi va tushunmaydi, lekin farzandlarining onasi faqat shu ayol bo‘lishini istayotganini bilardi, xolos.

Ayolning ota-onasi uzoq ikkilanishdi, bu yosh erkakning o‘tmishini bilishmasdi. Jakkuizning aytishicha, uning yuragi toza, sadoqatga yo‘g‘rilgan qalbi doim sinishidan cho‘chir ekan…

Aslida-chi, aslida erkak qanaqa edi? U qisqami, uzunmi, har qanday suhbatda qarshisidagi ayolni sevib qolaverardi, dudoqlariga oshiq bo‘lardi. Lekin keyinroq u bunday muhabbatdan afsuslanardi, boisi bu oddiy havas bo‘lib chiqardi. Jakkuiz uzoq yillar birgina ayol bilan yashagan erkaklarni ko‘rgansa, ulardan hayratlanardi. Erkak avval uylangandi, sobiq xotinining moddiy ahvolidan do‘sti boxabar bo‘lib turardi. Jekkuiz uni mablag‘ bilan ta’minlar, biroq xotinini boshqa ko‘rishni ham, u haqida eshitishni ham istamas edi. Xotini unga xatlar yozar, sobiq er ularni ochmasdi ham. Har hafta erkak ayoldan mungli va ginali maktublar olar, shu zahotiyoq konverti bilan ikkiga yirtib tashlardi. Hatto biror satriga ham ko‘z yugurtirmasdi…

Jakuizni hali hech kim yaxshi bilmagani uchun qish bo‘yi sinashdi. Bahorgacha Bertini erkakga turmushga chiqishiga rozilik bermadilar. Nihoyat, ota-ona to‘yni mayga belgilashdi, u Parijning so‘lim go‘shalaridan birida o‘tkazildi. Yosh juftlik an’anaviy to‘y sayohatiga bormaslikka qaror qilishdi. Soat tungi o‘n birgacha cho‘zilgan raqsni yosh jiyanchalari yakunlashdi. Odatda bunday kech tugaydigan to‘y marosimlari odamni zeriktirib diqqat qiladi. Yangi oila tunni qizning ota-onasinikiga o‘tkazishdi, tongda esa plyajdagi bu uyni dilgir yuraklar ila tark etishdi. Axir bu yerda ikki qalb topishgan va eng baxtli lahzalarini o‘tkazishgandi.

Kech tushdi. Juftlik yaqin oradagi kichkina yapon ijaraxonasiga kirib kelishdi, bu yerda raqs avjida edi. Shipga ilingan katta rangli chiroqlar o‘zidan ajib nur taratar, huddi ulkan tuxumlarni eslatardi. Ochiq derazadan ufurayotgan toza havo esa ularning yuzlarini erkalardi. Tun osoyishta, bahor nafasi iliq edi. Sevishganlar jimgina bir-birlarining qo‘lidan ushlagancha o‘tirardilar. Ayolning ko‘zlari orzularga to‘la, hayotida katta burilish yasagan bo‘lsa-da, bundan jilmayar, ba’zan yig‘lab yuborishga tayyor, baxtdan o‘zini yo‘qotay der, go‘yo butun dunyo o‘zgarib ketgandek, yana o‘zi ham tushunmas darajada butun tani va qalbi allaqanday noaniq va shirin tuyg‘u iskanjasida edi. Erkak esa unga doimiy jilmayishini takrorlardi. U biror gap aytishni istar, biroq tiliga jo‘yaliroq narsa kelmas, faqatgina jim o‘tirib ayolning qo‘llarini silardi. Ba’zan esa “Berti!” deya ilxomlanib sukunatni buzar, bu payt ayol unga ko‘zlarini katta-katta ochib muloyim tikilardi. Ular bir necha soniya bir-birlariga qarab olgach, erkak uning go‘zalligidan xushini yo‘qotay derdi. Ular shu ko‘yi o‘tirarverdilar. Ba’zan raqs tushayotganlar sevishganlarga qarab qo‘yishar, biroq ular jim va ishonch bilan o‘tirardilar.

Eshik ochilib, xizmatchi kirib keldi. Uning patnisida hozirgina pochtachi keltirgan maktub bor edi. U to‘g‘ri Jakkuizning oldiga keldi. Erkak qo‘llari titrab xatni oldi va birdan qo‘rquvga tushdi. U ancha payt konvertga tikilib, ustiga nima yozilganini anglolmay, xatni ochmay, o‘qishga tobi kelmay turdi. Keyin kuch bilan uni cho‘ntagiga soldi va o‘ziga o‘zi ertagayoq bu yerdan ketaman uzoqlarga, deb pichirladi. Lekin xat chetidagi katta harflar bilan tagiga chizib qo‘yilgan ikki so‘z xayolidan ketmasdi: Shoshilinch xabar! Bu uni tashvishga soldi. So‘ng “uzr, azizim, bir daqiqa” dedi-da, konvertni ochdi. Qog‘ozni o‘qib, qo‘rquv bilan unga tikilib qoldi, har bir harfini hijjalab chiqdi. Erkak boshini changallab qoldi va pichirladi:

-Azizim, bu… bu mening yaqin do‘stimdan ekan. Hozir katta muammoga duch kelibdi. Men unga juda kerakman, bu hayot-mamot masalasi. Seni yarim soatga holi qoldirsam mendan ranjimaysanmi? Tez qaytaman.

Unga qo‘shilib qayg‘uga cho‘mgan ayol esa dedi:
-Oh, azizim…

Bir kunlik rafiqasi uni so‘roq qilishga iymandi. Erkak ketdi. Ayol bir o‘zi raqsni kuzata boshladi.

Erkak qo‘lida shlyapasi va plashini ushlagancha, uchta zinani bitta qilib sakrab borardi. Ko‘chaga chiqishi bilan vestibyulda to‘xtadi va xatni yana ochdi:
“Janob, Ravet ismli ayol- aytishicha, sizni juda sevarkan- hozirgina farzandingizni dunyoga keltirdi. Onaning ahvoli yomon va sizga iltijo qilmoqda. G‘amga botgan ayolning so‘nggi xohishini ijobat qilishingizni so‘rab maktub yozishga qaror qildim. Xurmat bilan, doktor Bonnard”.

Erkak shifoxonaga kirib kelganda, ayol chalajon yotgan ekan. Avvaliga erkak uni tanimadi. Doktor va hamshira uni ayolning yoniga olib borishdi. Atrof muz bo‘laklari va qon lattalar bilan to‘lgandi. Gilam suvga bo‘kkan, ikkita sham qoldig‘i stolga yopishib qolgandi. Yotoqning yonida esa savatdan to‘qilgan belakchakda chaqaloq yig‘lardi. U onasiga talpinar, ming azob bilan qimirlashga urinar, titrardi.

Ayol mashaqqat chekib o‘lim bilan olishardi. Shuncha muz bo‘laklari va parvarishga qaramay, bir soatdan beri qon ketishi to‘xtamasdi. U Jakkuiz kelganini sezib, qo‘llarini cho‘zdi. Barmoqlari shunchalik ingichka ediki, bazo‘r yuqoriga ko‘tarildi. Biroq ko‘z yoshlari yonoqlaridan shashqator bo‘lib oqardi. Erkak tizzasini yotoqqa qo‘ydi va ayolning qo‘llaridan tutib o‘pdi. So‘ng asta uning ozg‘in yuzi tomon yaqinlashdi. Hamshiralardan biri ularning yoniga shamdon qo‘yib ketdi, doktor esa naridan kuzatib turdi. Ayol past tovushda gap boshladi:
-Men o‘layapman, azizim. Oxirigacha shu yerda bo‘lishga so‘z ber, ketib qolma, iltimos. Oh, so‘nggi lahzalarga meni tark etma…

Erkak uning sochlaridan o‘pib qo‘ydi va pichirladi:
-Ko‘p qiynama o‘zingni, men shu yerdaman, ketmayman.

Ayol madorsizlikdan zo‘rg‘a gapini davom ettirdi:
-Bu bolakay sening zurriyoding. Uni Xudodan chin qalbdan tilaganman. Mayli, o‘limim evaziga bo‘lsa ham… Hayotimda sendan o‘zgasini sevmaganman. Menga va’da ber: farzandimizga g‘amho‘rlik qilaman deb…

Erkak uning bemajol tanasini ko‘tarishga urindi. Vijdon azobi va nadomat bilan shivirladi:
-Uni o‘zim ulg‘aytirishga va tarbiyalashga ont ichaman. Men o‘g‘limdan ayrilmayman.

Ayol tinchlanib, xotirjam dedi:
-Bolani qo‘lingga ol, uni sevishingni menga isbotla…

Erkak o‘rnidan turib, chaqaloqni ko‘tardi. Ehtiyotkorlik bilan uni o‘rtalariga qo‘ygach, bola yig‘lashdan to‘xtadi.
-Uni qo‘lingdan qo‘yma, -dedi ayol.

Erkak bir qo‘lida chaqoloqning barmoqchalarini, bir qo‘lida esa nozik ayolning bilagini ushlagancha, jim o‘tirardi. Vaqt o‘tgan sayin u avval tungi o‘n ikki, so‘ng bir, ikkini ko‘rsatib bong urayotgan soatga qarab qo‘yardi. Hamshiralar ham stolda o‘tirgancha uxlab qolishgandi. Chaqaloq shirin uyquda, onasi esa ko‘zlarini yumib dam olishga harakat qilardi.

Birdan sukunat buzildi. Ayol bilagini erkakning qo‘lidan bo‘shatdi va tezlik bilan boladan nari surildi. Bo‘g‘zidan xirildoq tovush eshitildi va qotib qoldi.

Hamshira uyg‘ondi.
-Hammasi tugadi, -dedi afsus bilan.

Erkak bir paytlar qattiq sevgan ayoliga, keyin 4 ni ko‘rsatib turgan soatga qaradi. So‘ng plashini ham unutib, qo‘liga bolani olgancha tezlik bilan tashqariga otildi.

Yosh ayol esa eri uni tark etgach, yaponcha uyda uni kutdi. Avvaliga tinchgina o‘tirdi, so‘ng kelavermagach, pastga tushdi. Undan ranjiy boshladi. So‘ng uyiga bordi. Onasi uning yolg‘izligini ko‘rgach, so‘roqqa tutdi:

-Ering qayerda?
-Ijara xonamizda, hozir kelib qoladi.

Biror soatdan so‘ng shubhalana boshlagan oila a’zolari uni o‘rab olishdi. Ayol xat kelganini va erining g‘amgin bo‘lib chiqib ketganini aytib berdi. Ular kuta boshladilar. Yarim tunda kelin yosh to‘kkancha o‘rniga borib yotdi. Onasi va ikki xolasi uning yotog‘i yonida o‘tirgancha, yupatishardi. Otasi esa biror baxtsiz hodisa yuz bermaganligini surishtirish uchun politsiya mahkamasiga yo‘l oldi. Soat tonggi beshlarda xolldan ovoz eshitildi. Ko‘cha eshik ochilib, yopildi. So‘ng jimlik cho‘kkan uyni chaqaloqning yig‘isi buzib yubordi. Ayollar Bertining xonasidan shol ro‘molga o‘ragancha chiqa boshladilar.

Jakkuiz xonaning o‘rtasida turardi. Rangi o‘chgan, bazo‘r nafas olar va qo‘lida go‘dak ko‘targandi. To‘rt ayol unga hayrat bilan tikilishdi, lekin tezda o‘zini qo‘lga olgan Berti gap boshladi:
-Nima bo‘ldi? Kim bu?

Erkak unga nazar tashlab, qisqa javob qaytardi:
-Bu… bu mening farzandim, onasi hozirgina o‘ldi.

U shunday deya titragan qo‘llari bilan go‘dakka imo qildi.

Berti hech nima demay bolani qo‘liga oldi. Uni o‘pib erkaladi va yoshli ko‘zlarini eriga tikdi:
-Onasi o‘ldi, dedingmi?

-Ha… qo‘llarimda jon berdi. Men u bilan yozda ajrashgan edim. Boshqa narsa bilmayman. Shifokor chaqirib aytdi.

Berti pichirladi:
-O‘zim unga ona bo‘laman. Biz uni birga parvarish qilamiz…

009

(Tashriflar: umumiy 1 064, bugungi 1)

Izoh qoldiring