Ivan Bunin. Uch hikoya.

89
Мени бир умрга майиб, оқсоқ қилиб қўйган бу воқеа айни навқирон йигитлик чоғимда, олис Иудеяда юз берган эди, − деб ҳикоясини бошлади баланд бўйли, қомати келишган, юзлари сарғимтир, қўй кўзлари ялтираб турадиган, жингалак калта сочлари оқарган киши. Чап тиззаси букилмаганидан у доим қўлтиқтаёқда юрар эди. − У пайтда Ўлик денгизнинг чап қирғоғида − афсонавий Содом ва Гоморрада иш олиб бораётган тадқиқот гуруҳига аъзо эдим, Истанбулда ушланиб қолган шерикларимни кутиб Қуддусда ётардим …

001

011Бунин Иван Алексеевич [1870.10 (22) 10, Воронеж 1953.8.11, Париж] — рус шоири. Петербург Фанлар академияси фахрий академиги. (1909). 1920 йилдан эмиграцияда. Поэзияда рус мумтоз шеърияти анъаналарининг давомчиси («Хазонрезги», тўплам, 1901). Ҳикоя ва повестларида (кўпинча ўтмишни қўмсаш кайфиятига берилган ҳолда) дворянлар хонадонининг қашшоқлашуви («Антонов олмалари», 1900), қишлоқнинг оғир қисмати («Қишлоқ», 1910; «Қақраган водий», 1911), турмуш маънавий асосларини унутишга маҳкумлик фожиаси («Санфранцисколик жаноб», 1915) яққол тасвирланган. Кундалик тарзидаги «Бадбахт кунлар» (1918 йил, 1925 йилда нашр этилган)да Октябрь тўнтариши кескин рад этилган; Россиянинг ўтмишини тиклаш, адибнинг ўз болалик ва ёшлигига қайтиш кайфиятлари акс этган. Севги ҳақидаги ҳикояларида («Митянинг севгиси», 1925); «Қоронғи хиёбонлар» (1943) китобида инсоният тақдирининг фожиавийлиги қаламга олинган. Г. Лонгфеллонинг «Гайавата ҳақида қўшиқ» (1896) асарини таржима қилган. Нобель мукофоти лауреати (1933).

099
ИВАН БУНИН
УЧ ҲИКОЯ
Ортиқбой Абдуллаев таржималари
001

СТЁПА

Қош қорая бошлаганда Чернь йўлидан кетаётган ёш савдогар Красилшиков жалада қолиб кетди.
У мовут чакмони ёқасини кўтариб, томчилар дув-дув томаётган картузини бостириб кийган ҳолда қўнжи узун этикларини аравачанинг ўқига қаттиқ тираб, тўсиқ орқасидаги ўриндиқда ўтирар, увишиб қолган ҳўл бармоқлари билан ивиб кетган тизгинни силтаб тортиб, югурик отни янада тез чопишга ундар, суюқ балчиқ сачратиб кетаётган чап томондаги гилдирак ёнида йирик кунгир овчи ит тилини осилтириб, бир маромда ғизиллаб борарди.

Олдинига Красилшиков аравачани тош йўл бўйлаб чўзилган қора тупрок, сўқмоқдан ҳайдади, сўқмок, кўпикланиб оқаётган кулранг бутана билан тўлгандан кейин катта йўлга бурилиб, майда шағални ғижирлатиб кета бошлади. Ён-атрофдаги дарахтлар осмон ҳам янги узилган бодринг ва фосфор ҳиди уфуриб турган қуюқ ёмғир пардаси остида кўринмай қолган эди, кўз ўнгида ёруғ шуъла қора булутларни тешиб, кўзни олгудек ярақлаб чақнар ва бўшлиққа томир оттан яшин бош устидан қалдираб ўтиб, бир лаҳзадан кейин худди қиёмат қойимдан дарак бераётгандек, даҳшат билан гумбурлаб портлар эди. От дам-бадам чўчиб тушса-да, шитоб билан йўртаб борар, ит эса қулоқларини қисиб, жон ҳолатда сакраб-сакраб югурар эди.

Красилшиков Москвада ўсди, шу ерда ўқиб, университетни битирди, аммо ёзда Туладаги бадавлат хонадонларни эслатадиган чорбоғига келгач, мужиклар орасидан чиққан помешчик-савдогарга ўхшаб юришни ёқтириб қолди ва тилла қутичага солинган сигарета чекадиган, йилтиллатиб мойланган этик, ён ёқа кўйлак, бурма камзулкиядиган, рус кишиси эканидан ниҳоятда ғурурланадиган бўлиб қолди, ҳозир эса, жала ва қалдироклар ичида, бош кийими ва бурнидан томаётган совуқ томчилар ғашини келтираётганига қарамай, қишлоқ ҳаётига хос қайноқ лаззат оғушида сармаст эди. Ёз бўйи ўтган йилги саратонда машҳур артист жононга жазманлик қилиб, июл ойида уни Кисловодскка жўнатгунча Москвада дайдиб юрганини, бекорчилик, жазирама, кесилган темир бочкалардан бурқсиб чиқаётган кўкимтир қорамой тутуни ва иссиқ кўламсиқ ҳидга тўла ўнқир-чўнқир Москва кўчаларини, Кавказга отланган Малий театр артистлари билан Троицкий нишаблигида қилинган нонушталарни, Трамблэ қаҳвахонасидаги роҳатижон ўтиришларни, сўнг ғилофи олинмаган мебеллар, қандиллар, нафталин ҳидли докаларга ўралган суратларга тўла хонасида интизорликда ўтказган тунларни тез-тез эслай бошлаганди. …

Ёзда Москва оқшомларининг адоғи бўлмайди, ўн бирларга борганда қоронғи тушади, кутиб ўтираверасан, ўтираверасан, ундан эса дарак йўқ. Ниҳоят, қўнғироқ, у кўркам ёзги либосда, нафаси тиқилиб зўрға гапиради: «Мени кечир, жоним, куни билан бошим оғриб ётиб қолдим, совға қилган чойгулингниям чайнаб ташладим, шошилганимдан олифта бир извошчини ёллабман дегин, ўлгудек очман…»

Ниҳоят, жала ва момақалдироқ наъраси пасайиб, атроф сал ёришгандан кейин, олдинда, тош йўлнинг чап томонида яқинда хотини ўлган кекса мешчан Прониннинг таниш карвонсаройи кўринди. Шаҳарга ҳали йигирма чақиримча бор, нафас ростламасак бўлмайди, ўйлади Красилшиков, от кўпикка ботиб кетган, тағин нима бўлишини ким билсин, у томонлар қоп-қорайиб ётибди, чақмоқ чақишини қаранг-а… У йўлни карвонсаройга қараб солди ва ёғоч дарвоза қанотигача отни йўрттириб келди. − Бобо! − Қаттиқ қичқирди у. − Меҳмонни қабул қил! − Аммо тунукаси занглаган ёғоч уйнинг деразалари қоп-қоронғи, сас-садо йўқ. Красилшиков тизгинни қозиққа боғлаб, пиллапоядан соябонли йўлакка кўтарилди, орқасидан лойга беланган, жиққа ҳўл ити сакраб чиқди, унинг кўриниши ваҳимали, кўзлари чақнаб маъносиз ялтирарди, − тер босган пешанасидаги картузни кўтариб қўйди, ёмғирда оғирлашган чакмонини ечиб, панжарага ташлади ва кумуш тўқали камар боғланган ён ёқа кўйлакда қолиб, қора лой сачраб, ола-чипор бўлиб кетган юзини артди, сўнг қамчиси билан почасига ёпишган лойларни уриб-уриб тушира бошлади.

Оғил эшиги очиқ бўлса-да, уй ичида ҳеч ким йўққа ўхшарди. Молларга қарашяпти, шекилли, ўйлади у ва энгашиб, ён-атрофга тикилди: жўнаб кетаверган маъқулмикин? Кечки ҳаво оғир ва намчил эди. Ёмғирда эгилиб қолган буғдойзор томондан беҳисоб беданаларнинг хушхон хониши эшитилиб турарди, жала тинган, аммо тун бостириб келар, еру осмон хўмрайган зулмат қўйнида, тош йўлдан нарида, пастак қорамтир ўрмон орқасида совуқ булутлар янада қуюқлашган, дам-бадам қизғиш шуъла ёйилиб, атрофга ёвуз тилларини чўзарди − Красилшиков даҳлизга ўтди, қоронғида пайпаслаб меҳмонхона эшигини топди. Меҳмонхона ҳам қоп-қоронғи ва кимсасиз эди, фақат қаердадир осма соатнинг чиқиллаши эшитиларди. У эшикни тарақлатиб ёпди, оёғини судраб бориб, хонадаги бошқа эшикни очди: ҳеч ким йўқ, фақат иссиқ қора шифтга ёпишган мудроқ пашшалар норози бўлгандек гувиллашди.

− Ўлиб қолишганми? − овоз чиқарди у ва шу заҳоти қоронғида сўридан сирғалиб тушаётган ҳўжаийннинг қизи − Стёпанинг болаларга хос бийрон, ёқимли овозини эшитди.
− Сизмисиз, Василь Ликсеич? Мен бир ўзимман, оқсочимиз дадам билан уришиб, уйига кетиб қолди, дадам бўлса хизматкорни олиб, иш билан шаҳарга кетувди, бугун қайтиши гумон… Момақалдирокдан ўлгудек қўркдим, бир маҳал бу ёққа кимдир келганини эшитиб, ўтакам ёрилаёзди… Салом, мени кечирасиз, марҳамат қилинг…

Красилшиков гугурт чақиб, унинг қора кўзлари ва қорамағиз юзии ёритди:
−Салом, тентаккинам. Мен ҳам шаҳарга кетяпман, мана, кўрмайсанми нималар бўлаётганини, кутиб турай деб кирдим… Сен бўлсанг, қароқчилар босди деб ўйлапсанда-а?

Гугурт ёниб битди, аммо қизнинг хижолатомуз кулимсираётган юзи, бўйнидаги кўзмунчоқлари, сарғиш сатин кўйлак остидаги кичкина кўкраклари яққол кўриниб турарди… Бўйи Красилшиковдан икки баравар кичик, худди ёш қизалоққа ўхшайди.
− Ҳозир чироқни ёқаман, − деди қиз шоша-пиша ва Красилшиковнинг ўткир нигоҳидан баттар хижолат бўлиб, стол устидаги чироққа қўл чўзди. − Сизни худо етказди, ёлғиз ўзим ваҳима қилиб ётгандим, − у майин товушда гапирар экан, оёқ учида туриб, эҳтиёткорлик билан чироқнинг кампирагини бураб, шишасини чиқарди.

Красилшиков унинг эгилиб турган қоматига тикилганча бошқа гугурт чўпини ёндирди.
− Тўхта, кераги йўқ, − бирдан у гугуртни ерга ташлаб, қизнинг белидан қучоқлади. − Тўхтаб тур, қани, менга бир қарагин-чи.

Қиз хавотирланиб, елкаси оша қаради, қўлларини пастга тушириб, унга ўгирилди. Йигит уни бағрига тортди, қиз қаршилик кўрсатмади, фақат ҳайрат ва қўрқув ичида бошини орқага ташлади. У ғира- ширада қизнинг кўзларига юқоридан назар солар экан, кулиб қўйди:
− Яна қўрқяпсанми?
− Васил Ликсеич… — қиз ялинчоқ оҳангда зўрға гапирди ва йигитнинг қучоғидан секин сирғалиб чиқишга уринди.
− Тўхта. Наҳотки мени ёқтирмасанг? Ҳар кўрганингда севиниб кетишингни биламан-ку…
− Сиздан яхши одам дунёда йўқ, — деб пичирлади қиз ҳароратли товушда.
− Ана, кўрдингми?..
Қизнинг лабларидан узоқ ўпди, сўнг қўллари пастга сирғалди.
− Васил Ликсеич… Худо хаққи, қўйинг… Отингиз дарвоза олдида қолиб кетди-ку. Эсингиздан чиқариб қўйдингизми?.. Отам келиб қолади… Қўйинг, керак эмас!

Ярим соатдан кейин у уйдан чиқди, отни ҳовлига киргизиб, бостирмага боғлади, юганини чиқарди, ҳовли ўртасидаги аравадан янги ўрилган ўт келтириб солди ва чарақлаб очилиб кетган осмондаги сокин юлдузларга тикила-тикила ичкарига кирди. Иссиқ қоронғулик оғушидаги жимжит хонага ҳамон олисдан заиф шуълалар тушиб турарди. Қиз сўри устида бошини кўксига солинтириб, ғужанак бўлиб ётар, бояги ишнинг ғалатилигидан ҳам қўрқиб, ҳам роҳат қилиб, беихтиёр иссиқ кўз ёши тўкарди. У қизнинг шўртанг кўз ёшлардан ҳўл бўлган юзидан ўпди, ўнг қўлида папирос ушлаганча чалқанча ётиб, унинг бошини елкасига қўйди. Қиз индамай, тинч ётарди; у чекиб, чап қўли билан юзига тегиб турган паришон сочларни эркалаб силади…

Қиз тезда ухлаб қолди. У қоронғиликка тикилиб ётар экан, мамнун кулимсираб қўйди: «Дадам шаҳарга кетди…» Кетиш бунақа бўлади! Ярамас чол дарров билиб олади — қотмадан келган, жаҳли тез, қалин қоши бўлса қоп-қора, кўзлари ниҳоятда ўткир, ўлгудек ичганда ҳам ақлини йўқотмайди дейишади…
У уй ичи ёришиб, шифт билан пол ўртасидаги бўшлиқ бемалол кўринадиган бўлгунча ухламай ётди. Бошини буриб, ойнага қараб, уфқ яшил тусга кираётганини кўрди, ғира-ширада стол бурчагига қўйилган Исо Масиҳнинг бир қўлини кўтариб, одамларга ўткир нигоҳ ташлаб турган улкан суратига кўзи тушди. У қизга қаради: ёнбошлаган кўйи оёқларини йиғиб, сокин ухлаб ётибди. Бечора қизалоқ нақадар дилга яқин…
Осмон батамом ёришиб, девор орқасидаги хўроз бир-икки қичқиргандан кейин у туришга шайланди. Кўкраги очиқ, сочлари ёйи¬либ кетган қиз ҳам сакраб туриб, ярим ёнбошлаб ўтирди ва ҳеч нарсани англамай унга тикилиб қолди.

− Стёпа, − деди у эҳтиёткорлик билан. − Вақт бўлди.
− Кетиб қоласизми? — шивирлади у гарангсиб.
Сўнг бирдан ҳуши жойига келди, қўлларини устма-уст қўйиб, кўкрагига ура бошлади:
− Қаёққа кетасиз? Энди сизсиз қандай яшайман? Мен нима қиламан энди?
− Стёпа, мен тезда қайтиб келаман…
− Дадам уйда бўлади-ку, сизни қандай қилиб кўраман?! Йўлдан нарига ўтиб, жон деб ўрмонда пойлаб турардим-у, мени уйдан ташкарига ким чиқаради дейсиз?

Йигит тишларини ғижирлатиб, уни чалқанчасига ағдарди. Қиз қўлларини кенг ёйиб, охирги нафасини чиқараётгандек ширин энтикиб, «Оҳ» деб нидо қилди.

Бир оздан кейин у кўйлагини, картузини кийган, қўлида қамчи, чиқиб келаётган қуёшга орқа ўгирган ҳолда сўри олдида турар, қиз эса сўрида тиз чўккан кўйи болаларча ҳўнграб йиғлар, лабини хунук қийшайтириб, тез-тез гапирар эди:
− Васил Ликсеич… Худо ҳаққи… азиз авлиёлар ҳақи, мени хотин қилиб олинг! Ўлгунча чўрингиз бўламан! Остонангизни ялаб ётаман! Олинг мени! Жон деб изингиздан кетар эдим, мени ким қўйиб юборади дейсиз?! Васил Ликсеич…
− Бас қил! − деди Красилшиков кескин. − Тез кунда келиб отангга учрашаман. Сенга уйланаман дейман. Эшитдингми?
У чўккалаб ўтирди, дарров йиғидан тўхтади, намланган кўзлари ярақлаб очилди:
− Алдамайсизми?
− Чин сўзим.
− Покланиш байрамида ўн олтига тўламан, − деди у шоша-пиша.
− Ана, демак, ярим йилдан кейин никоҳдан ўтишимиз мумкин экан…

Уйга келиши билан у нарсаларини йиғиштиришга тушди, кечқурун уч отли аравада темир йўлга жўнади. Икки кундан кейин у Кисловодскда эди.

1938 йил 5 октябр

ҚЎНАЛҒА

Бу воқеа Испаниянинг жанубидаги хилват тоғ чеккасида бўлиб ўтди.

Июн туни, тўлин ой чиққан, у осмонда увоққина бўлиб энг баланд нуқтада турар, бироз пуштиранг нурлари одатда бинафшалар қулф уриб очиладиган дамларда, кундузги қисқа ёмғирлардан кейин келадиган иссиқ оқшомлардаги каби пастак жануб ўсимликлари билан қопланган ясси тоғ довонларини нурга белаган, то уфққача ҳамма нарсани аниқ илғаш мумкин эди.

Ана шу довонлар ўртасидаги торгина водий шимолга қараб чўзилиб кетган. Қирнинг соя тушиб турган бир томонида − ўлик сукунатга чўмган кимсасиз тун қўйнида тоғ жилғаси бир меъёрда шовуллаб оқар, чирилдоқ ва чиркак чивинлар қимматбаҳо шаффоф тошларга ўхшаб сирли ёғду сочиб, ҳавода тинимсиз учиб − сузиб юришарди. Водий қаршисидаги тобора пасайиб борувчи соя босган тепаликлар этагидан қадимдан қолган шағал йўл ўтганди. Пастда − текисликда бино бўлган тош шаҳарча ҳам ўта кўҳна эди. Қоронғи тушиб, эл ётадиган пайтда мана шу тош шаҳарча бўйлаб кенг оқ энли мурсак кийган ва бошига попукли дўппи қўндирган баланд бўйли бир марокашлик олдинги ўнг оёғини оқсаб босаётган тўриқ отда борарди.
Шаҳарча ўлик ва ташландиқ қиёфада кўринарди.

Марокашлик олдинига дераза ойналари ўрни ваҳимали қорайиб турган, тош бинолар орасидаги қаровсиз боғлари ғовлаб кетган хилват кўча бўйлаб юрди. Ундан кейин узун ҳовузли, устунли пештоқига кўкимтир маъбуда ҳайкали ўрнатилган черков ва қатор тураржой бинолари ҳамда карвойсарой жойлашган ёруғ майдонга чиқди. У ерда − пастки қаватдаги кичкина деразаларда ҳали чироқ ўчмаган эди. Мудраб келаётган марокашлик сергакланиб кўзини очди, жиловни тортиб, оқсоқ отни майдондаги ўнқир-чўнқирлар устидан жадал юришга ундади. От дупурини эшитиб, бўсағада ушоққина, озғин, туриш-турмуши тиланчига ўхшайдиган кампир пайдо бўлди, орқасидан сочини пешана гажак қилиб, яланг оёқларига шиппак илган, капалак гуллари хира тортган оқиш калта кўйлакли ўн беш ёшлардаги қизалоқ чопиб чиқди, остонада чўзилиб ётган жунлари силлиқ, калта қулоқлари тиккайган улкан қора кўппак ўрнидан турди. Марокашлик остонада имир-силаб қилди, ит эса шу заҳотиёқ кўзлари ёниб, даҳшатли оқ тишларини иржайтириб унга ташланди. Марокашлик қамчисини ўқталди, аммо қизча ундан олдин қўрқув тўла жарангдор овозда:
− Негра! − деб қичкирди. − Сенга нима бўлди?
Ит бошини энгаштириб, секин орқасига қайтди ва тумшуғини уйга қаратиб, ерга чўзилди.

Марокашлик бузуқ испан тилида салом бериб, шаҳарда темирчи борми, эртага от туёғини кўрсатмасам бўлмайди, отни қаерга боғлаш мумкин, унга ем-хашак топиладими, ўзимга кечки овқат пишириб берасизларми? − деб сўради. Қизча меҳмоннинг улкан қадди- қомати ва чечак изи қолган юзига қизиқсиниб тикилиб, хотиржам ётганига қарамай, ўзини хафа кўрсатаётган қора итини силаб-сийпаларди, қулоғи оғир кампир ҳар бир саволга шоша-пиша қичқириб жавоб қайтарарди: темирчи бор, хизматкор уй ёнидаги оғилда ухлаб ётибди, отга хашак солишади, меҳмон овқатдан ташвиш тортмаса ҳам бўлади: ёғда тухум қовуриш мумкин, аммо кечки овқатга фақат озгина совиб қолган ловия билан қовурилган карам қовурдоқ бор…

Ярим соатдан кейин ҳамиша маст юрадиган хизматкор қария билан отни саранжом қилган марокашлик ошхонада столда ўтириб очкўзлик билан овқат еб, оқ мусалласни ютоқиб ичишга тушди.
Карвонсарой биноси илвираб қолган эди. Пастки қавати пичанхона бўлиб, охирида юқори қаватнинг икки томонига олиб чиқадиган зинапоя бор эди; чапдаги сўри қўйилган кенг, пастак хона оддий одамларга мўлжалланган, ўнгдагиси ҳам айнан шундай бўлиб, бир пайтнинг ўзида ошхона ва емакхона вазифасини бажарарди, бутун шифти ва ён томонларини дуд ва қурум босган, деворлари қалин, аммо ой¬налари кичкина эди, бир бурчагига ўчоқ қурилиб, қўпол ёғоч стуллар ва сўрилар қўйилган, ғадир-будир тош тўшамаси йиллар ўтиб силлиқланиб кетган эди. Шифтга осиғлиқ занжири қорайган керосин лампа тутаб ёнар, мой ва қиздирилаётган ёғ ҳиди анқиб турарди − кампир ўчоққа олов ёқиб совиб қолган қовурдоқни иситар ва қуймоқ пиширарди; меҳмон эса сирка билан яшил зайтун ёғига аралаштирилган яхна ловияни туши рарди. У кийимларини ечмаган, мурсаги дам елкасида турар, йўғон чарм бошмоқ ичидаги оёқларини бор бўйича узатиб юборган, тўпиғига ўралган оқ жун чолворини қўнжига тиқиб қўйганди. Қизалоқ кампирга қарашиб имирсиланиб юрар ва эркакнинг ўзига тез-тез қадалаётган ўткир нигоҳи, қуруқшаган чўтир юзидаги кўкимтир томирлари ва ингичка лабига кўзи тушганда, қўрққанидан ғалати бўлиб кетарди. Чиндан ҳам эркакнинг важоҳати қўрқинчли эди. Ниҳоятда баланд бўйи кенг мурсакда янада ҳайбатли кўринар, попукли дўппи остидаги калласи эса кичрайиб қолганга ўхшарди. Юқори лабининг чеккаларида қаттиқ қора туклар диккайган, ана шундай бир-икки тук иягидан ҳам чиққан эди. Бошини хиёл орқага ташлаганида, кекирдаги олдинга дўппайиб чиқиб, уни янада хунук кўрсатарди. Узун, қорамтир бармоқларидаги кумуш узуклари оқиш тус олган эди. У ер, ичар, аммо негадир индамай ўтирарди.

Кампир қовурдоқни иситиб, қуймокни пишириб бўлгач, чўғи ўчган ўчоқ ёнидаги сўрига ҳорғин чўкди ва ундан қаерлик бўласан, қаерга кетяпсан, деб қичқириб сўради, эркак хирилдоқ овозда қисқа жавоб берди:
− Узоққа.

У қовурдоқ ва қуймоқни еб бўлгач, бўшаган май кўзачасини силкитиб кўрди, − қовурдоққа қалампир кўп солинганди, − кампир қизчага боши билан имо қилди. Қиз кўзачани олди ва пичанхона эшигини очиб, тилла қўнғизлар оҳиста сузиб, ғалати ёғду сочаётган тун қаьрида ғойиб бўлгач, у кўкрак чўнтагидаги қутидан папирос олиб тутатди ва яна боягидек қисқа гап қотди:
− Неварангми?
− Жияним, етимча, − кампир қичқириб марҳум акаси − қизчанинг отасини қанчалик яхши кўрганини ва уни деб қизлигича ўтиб кетаётганини, бу карвонсарой уники бўлганини, ўн икки йил олдин келини, саккиз йил олдин акаси вафот этганини ва бутун молу мулки ўзига қолганини, одамлар камайиб бораётган бу шаҳарчада ишлари юришмаётганини гапириб берди…

Марокашлик папирос чекиб, хаёлга чўмган ҳолда паришон тинглади. Қизча кўзачани тўлдириб югуриб келди, у қизни кўргач, папи¬рос қолдиғини қаттиқ сўриб, узун қора бармоғи учини куйдириб олди, шоша-пиша янги папирос тутатди ва кампирга баланд овозда, − қулоғи оғирлигини сезган эди, — маънодор қилиб:
− Агар жиянинг майни ўз қўли билан қуйиб берса, жуда мамнун бўлардим, − деди.
− У бундай қилмайди, − шартта кесди кампир, сўнг эзмаликни бас қилиб, лўндасига ўтди ва жаҳл аралаш қичкирди:
− Кеч бўлиб қолди, мусалласингни ичгин-у, бориб ёт, у ҳозир болохонада сенга ўрин солиб беради.
Қизнинг кўзлари чарақлаб кетди, буйрукни кутиб ўтирмасдан сакраб туриб, зинапоядан чопқиллаб юқорига чиқиб кетди.
− Иккалангиз қаерда ухлайсизлар? − сўради марокашлик ва тер босган пешонасидан дўппини сал нари суриб қўйди.

Кампир ёзда, у ер жуда иссиқ бўлади, мижозлар йўқ пайтларда − ҳозир улар бутунлай йўқ! − пастки қаватда, мана шу ерда ётамиз, деб қичқириб, қўли билан пичанхона рўпарасидаги ҳужрани кўрсатди ва тағин ишлари юришмаётганидан шикоят қилишга тушди: ҳамма нарса қимматлашиб кетяпти, шунинг учун қўноқлардан кўпроқ ҳақ олишдан бошқа иложимиз йўқ…
− Эрта тонгда йўлга тушаман, − деди марокашлик кампирнинг гапларига деярли қулок, солмасдан. − Эрталаб фақат қаҳва берсанг бўлди. Ҳисоб-китоб қиламиз. − Қарайлик-чи, майда пулларим қаерда экан, − қўшиб қўйди у ва мурсаги ичидан юмшоқ қизил чарм хамёнини чиқариб, бўғзидаги боғичини ечди, олтин тангаларни стол устига сочиб, ўзини гўё уларни диққат билан санаётгандек кўрсатди, кампир эса тангаларни кўрганда кўзи ўйнаб, ўчоқ ёнидаги сўридан туриб кетди.

Болохона қоронғи ва жуда иссиқ эди. Қизча тирқишларидан ёруғ нур тушиб турган дим, қайноқ хонага кириб, думалоқ стол ёнидан тез юриб ўтди ва пастдаги кичик ойналарни эслатадиган дераза табақаларини тўлин ой нур сочиб, юлдузлар сийрак кўринаётган тарафга қараб очиб юборди. Майин ҳаво кириб, нафас олиши енгиллашди, водийдан жилға овози эшитилди. Қизча осмондаги энг баланд нуқтага кўтарилган тўлин ойни кўриш учун гавдасини деразадан чиқарди; сўнг пастга назар ташлади, Ховлида ити тумшуғини кўтариб унга қараб турарди, беш йил олдин кимдир адаштириб карвонсаройга ташлаб кетган бу кучук унинг кўз ўнгида ўсиб-улғайган ва фақат итлардагина бўладиган улкан садоқат туйғуси билан унга қаттиқ боғланиб қолган эди.

− Негра, − шивирлаб хитоб қилди қизча, − нега ухламаяпсан?
Ит аста ингиллаб, тумшуғини кўтарди ва пичанхонанинг очиқ эшигига қараб интилди.
− Қайт! Қайт! − жон ҳолатда шивирлаб буйруқ берди қизча. − Жойингга бор!
Ит тўхтаб, тағин тумшуғини кўтарди, кўзларида қизғиш учқун ярқиради.
− Сенга нима керак? − эркалаб хитоб қилди қизча, у ҳар доим ит билан худди одамдек гаплашарди. − Нега ухламаяпсан, тентак? Ой безовта қиляптими?

Ит худди жавоб қайтармоқчи бўлгандек, тумшуғини тағин юқори кўтарди ва яна секин ингиллади. Қизча елкасини қисди. Ит қизнинг ҳам жони дилига айланган, дунёда энг яқин, ягона дўсти бўлиб қолган эди. Ҳатто у нимани хоҳлаётганини сира адашмай англаб олаверарди. Аммо ҳозир ит нимани истаётганини, нимадан безовта бўлаётганини била олмади, шу туфайли бармоғини ўқталиб қаттиқ огоҳлантирди ва шивирлаб жаҳл аралаш кескин буйруқ берди:
− Жойингга бор, Негра! Ухла!

Ит ётди, қизча яна бир неча дақиқа дераза олдида туриб қолди… Бал¬ки анави қўрқинчли марокашлик ғашига тегаётганмикан? Одатда ит карвонсаройга келувчиларни индамай қаршилар, ҳатто қароқчи-ю, таъқибдан қочиб юрганларга ҳам эътибор бермас эди. Шунга қарамай, негадир баъзи-баъзида айрим одамларни кўрганда момақалдироқдек наъра тортиб ташланиб қолар, шундай пайтларда уни фақат қизчагина тўхтата оларди. Ким билсин, иссиқ ҳаво, қилт этган шабада йўқлиги ва кўзни қамаштирадиган ойдин тун уни жунбишга солиб, дарғазаб қилаётгандир?

Фавқулодда сокин кечаётган тунда водийдаги жилғанинг шовкини баралла эшитилар, оғилдаги така бесаранжом бўлиб, туёғини дукурлатар, карвонсаройнинг қари хачири ё марокашликнинг оти уни бехосдан босиб олдими, ким билсин, у бор овози билан аянчли маъраб фарёд солар ва бу шайтоний нола сукунат оламини бузиб, атрофга таралар эди. Қизча шод-хуррам кайфиятда ойнадан узоқлащди ва бошқа дераза табақаларини ҳам очиб қўйди. Қоронғи хона ёришгандек бўлди. Бу ерда столдан ташқари девор бўйлаб қўйилган кенг учта каравот ҳам бўлиб, уларнинг устига дағал чойшаблар ёпилган эди. Қизча кираверишдаги биринчи каравот чойшабини суриб, бош тарафини тўғрилаётганда, хона худди эртаклардагидек тиниқ кўкимтир майин шуъла билан ёришиб кетди: тиллақўнғиз пешана гажагига келиб кунган эда. Унга секин қўлини тегизди. Тиллақўнғиз бир милтиллаб кўриниб, бир кўринмай яна хона бўйлаб учиб кетди. Қизча оҳиста хиргойи қилиб пастта тушди.

Ошхонада марокашлик тик туриб, кампирга паст овозда, аммо қатъият ва жаҳл билан ниманидир уқдирар, кампир рад этиб, бошини чайқар эди. Марокашлик елкасини қисди ва тунд қиёфада ичкарига кириб келган қизчага ўгирилди, қиз беихтиёр ўзини чеккага олди.
− Жой тайёрми? − хириллаб қичқирди марокашлик.
− Ҳаммаси тайёр, − шоша-пиша жавоб берди қизча.
− Мен қаерга боришни билмайман. Кузатиб қўй.
− Ўзим кўрсатиб қўяман, − деди кампир жаҳл билан. − Мен билан юр..

Қизча кампир тик зиналардан туртиниб оҳиста кўтарилаётганини кўриб, изидан бораётган марокашликнинг бошмоғи қандай тўқиллаёттанини эшитиб турди, сўнг ташқарига чиқди. Остонада чўзилиб ётган ит шу заҳотиёқ сакраб турди ва қувончдан силкиниб, унинг юзига суйканди.
− Тек тур, тек тур, − қизча шивирлаб уни эркалаган куйи нари итарди ва остонага ўтирди. Ит ҳам қаршисига келиб чўққайди, қизча уни бўйнидан қучоклаб, пешонасидан ўпди ва у билан бирга тебраниб, марокашликнинг болохонадан эшитилаётган хирилдоқ овозига қулоқ тутди. У энди кампирга нималарнидир хотиржам уқдирмоқда эди, аммо гапини англаб бўлмасди. Ниҳоят, унинг қаттиқ овози етиб келди:
− Майли, яхши, яхши! Фақат кечаси ичишимга сув келтириб берсин.

Зинадан оҳиста тушиб келаётган кампирнинг қадам товушлари эшитилди.
− У нима деганини эшитдим. Йўқ, мен унинг олдига бормайман. Ундан қўрқаман.
− Бекорларни айтибсан! − бақирди кампир. − Бундан чиқди, сен мана шу тўмтоқ оёкларим билан қоронғида сирғанчиқ зинадан яна чиқишимни хоҳлайсанми? Унинг қўрқадиган ҳеч нарсаси йўқ. Фақат у жуда аҳмоқ ва тажанг, аммо кўнгилчан йигит. Сенга ачинишини айтди, камбағал қиз экан, сепсиз қизни ҳеч ким хотинликка олмайди деди. Тўғри айтади, сепни қаердан олардинг? Ахир бутунлай хароб бўлдик. Қашшоқ одамлардан бошқа ким ҳам келади бу ерга?

− Мени кўриб, нега бирдан аччиғланиб кетди? − сўради қизча. Кампир чимирилди.
− Нималар деяпсан? − тўнғиллади у. − Мен унга бировнинг ишига бурнингни тиқма дедим… Шунга хафа бўлди. − Сўнг жаҳл билан бақирди:
− Қани, бор энди, унга сув бериб кел. Бунинг учун сенга бир нима бераман деб ваъда қилди. Бор деяпман!

Қизча сув тўла кўзачани кўтариб, очиқ эшикдан кириб борганда, марокашлик ечиниб, каравотда чўзилиб ётар, ойнинг ғира-шира ёруғида қирғий кўзлари, силлиқ қирилган кичкина боши яққол кўзга ташланарди. Хона ўртасидаги столда тиғи узун, ўқдони катта револьвер ялтирар, нариги каравотда устки кийимлари оппоқ тепа бўлиб уюлиб ётар эди. Буларнинг ҳаммаси ваҳимали кўринарди…

Қизча югуриб кириб, кўзачани столга қўйди ва зингиллаб изига қайтди, аммо марокашлик сакраб туриб, уни қўлидан ушлаб олди.
− Тўхта, тўхта, − у тез гапириб, қизни каравотга тортди, ўзи туриб ўтирди ва қизнинг қўлини қўйиб юбормасдан шивирлади: − Ёнимда бир дақиқа ўтир, ўтир, қулок, сол… фақат қулок, сол…

Довдираб қолган қиз ноилож ўтирди. Эркак бир кўришдаёқ уни севиб қолганини айтиб, шоша-пиша қасам ичишга тушди, бир бўса учун ўнта тилла танга… йигирмата танга беришга тайёрман, улардан менда бир халта бор деб, ёстиқ остидан қизил чарм халтачани олди ва титраган қўллари билан боғични ечди; чойшаб устига олтинларни сочиб, гўлдиради:
− Мана, кўрдингми, улар менда қанча?.. Кўрдингми?

Қизча кескин бош силкитиб, каравотдан турди. Марокашлик қизни яна тутиб олди ва қаттиқ чангали билан оғзидан ушлаб, каравотга улоқтирди. Қизча жон аччиғида қўлини тортиб олди ва кучи борича:
− Негра! − деб қичқирди.

Эркак яна қизнинг оғзи-бурнидан сиқиб ушлаб, қўли билан очилиб қолган оёғини кўтармоқчи бўлди, қиз юлқиниб бир тепди, у беихтиёр қорнини чангаллади ва шу дақиқада зинапоядан бўрон шиддати билан учиб чиқаётган итнинг шарпасини эшитди.

У сакраб туриб, столдан револьверни олди. Лекин тепкини ушлашга ҳам улгурмади, кучли зарбадан полга ағдарилиб тушди. Оғзини катта очиб, устига ташланган итнинг олов нафаси димоғига урилди, қўли билан юзини беркитиб ағанар экан, энгаги хиёл кўтарилиб кетди ва ит бир ҳамладаёқ унинг кекирдагини юлиб олди.

1949 йил, 23 март

БАҲОРДА − ИУДЕЯДА

Мени бир умрга майиб, оқсоқ қилиб қўйган бу воқеа айни навқирон йигитлик чоғимда, олис Иудеяда юз берган эди, − деб ҳикоясини бошлади баланд бўйли, қомати келишган, юзлари сарғимтир, қўй кўзлари ялтираб турадиган, жингалак калта сочлари оқарган киши. Чап тиззаси букилмаганидан у доим қўлтиқтаёқда юрар эди. − У пайтда Ўлик денгизнинг чап қирғоғида − афсонавий Содом ва Гоморрада иш олиб бораётган тадқиқот гуруҳига аъзо эдим, Истанбулда ушланиб қолган шерикларимни кутиб Қуддусда ётардим ва вақти-вақти билан Иерихон йўлидаги бадавийлар қўналғасида яшовчи шайх Аиднинг олдига бориб турардим; сафарга керакли ҳамма нарсани топиб бериш ва йўлбошловчилик қилишни зиммасига олган бу кишини менга қуддуслик археологлар тавсия қилишганди. Биринчи кун бир киши йўл кўрсатиб борди, маслаҳатлашиб, гапни пишитиб қайтдим; эртаси куни унинг ўзи Қуддусга келди; шундан сўнг манзилини ёлғиз топиб борадиган бўлдим, минишга келган чиройли байталини сотиб олдим, кейин у томонга кунда, кун ора қатнай бошладим…

Кўклам фасли эди. Иудея сахий қуёш нурларига ғарқ бўлган, «Қўшиклар қўшиғи»да айтилганидек: «Қиш ўтиб кетди, замин гулга тўлди, қўшиқ куйлаш даври келди, майна соз чалади, гуллаган узум новдалари муатгар бўй таратади». Тошлоқ Иудея саҳросидан ўтадиган кўҳна Иерихон йўли ҳар галгидек кимсасиз, ташландиқ бўлиб, гармсел ва қум кўз очирмасди. Аммо бу чароғон баҳор кунларида мен ўзимни ниҳоятда бахтиёр, шод-хуррам ҳис қилардим; Шаркқа биринчи марта келишим, мисли йўқ янги бир дунёни ўз кўзларим билан кўрмоқда эдим, бу дунёда яна бир мўъжиза − Аиднинг жияни ҳам бор эди.

Урдун водийсигача чўзилиб кетган Иудея саҳросининг ўзи бир олам, унда-бунда тиканак буталар ўсиб, илонлар ва какликлар макон қурган чағир тошли, қумлоқ тепаликлар, яйдоқ қирлар абадий сукутга чўмиб ётади. Иудеяда бутун қиш бўйи ёмғир ёғиб, муздек шамоллар эсади; баҳор, ёз, кузда яна бир хил манзара ва қабристон жимлиги ҳукмрон, аммо ҳамма ерда жазирама иссиқ, мудроқ сукунат.

Қудуқлари бор кичик дараларда бадавийлар манзилига хос излар: гулхандан қолган кул, чодирларни тикиш учун доирасимон ёки тўртбурчак қилиб тахланган қатор тошлар кўзга ташланади… Мен борадиган шайх Аиднинг манзили ҳам тепаликлар орасидаги кенг қумлоқ ўтлоққа жойлашган, сариқ қумлар қўйнида ниҳоятда хунук кўринадиган қора наматдан япалоқ ёки тўртбурчак шаклда қурилган бир неча ўтовдан иборат эди. Бу ерга келганимда ҳар гал чодирлар олдида тутаб ётган тезак уюмини кўрар эдим, чодирлар ораси тор: ҳамма ерда итлар, отлар, хачирлар, эчкилар − уларни қаерда ва қандай боқишади − ҳалигача буни билмайман, бир тўда яланғоч, қора-қура, жингалак соч болалар, баъзилари лўлини, бошқалари занжини эслатадиган, аммо лаблари юпқа хотинлар ва эркаклар уймалашиб юришарди…

Уларнинг кийимлари ҳам жуда ғалати: жазирама иссиқ бўлишига қарамай, эркаклар тиззагача тушадиган қалин кўйлак, пахтали камзул, унинг устидан эса ола-була жундан − оқ ва қора рангда йўл-йўл қилиб тикилган, елкалари кенг, узун ва оғир қабо кийишади: бошларига бир учи яғринига ташланган, чеккаларига яна ола-була энли жун ипак ип икки марта айлантириб боғлаб қўйилган қизил ҳошияли йўл-йўл сариқ рўмол − кефийя ўраб олишади. Аёлларнинг кийими уларникига тамомила қарама-қарши: бошларига кубсимон рўмоллар ташлаб юришади, юзи очиқ, эгнида кубсимон узун кўйлак, ўткир учли енги оз бўлмаса ерга тегай дейди, эркакларнинг оёғида нағал қоқилган қўпол бошмоқлар; аёллар ялангоёқ юришади, болдирлари бирам ажойиб. Эркаклар чилим чекишади, аёллар ҳам…

Қўналғага иккинчи марта йулбошловчисиз ёлғиз ўзим келганимда мени яқин дўстларидек кутиб олишди. Аиднинг чодири ҳамманикидан катта эди, мен бу ерда − ичкарига кириш учун этаги кўтариб қўйилган қора намат чодир ёнида қатор ўтирган бир тўда кекса бадавийларга дуч келдим. Аид истиқболимга чиқди, ўнг қўлини лаби ва пешонасига тегизиб, таъзим қилди. Чодирга мени ўзидан аввал киргизди. Ичкари киргач, чодир ўртасига солинган гиламга ўтиришини кутиб турдим, сўнг мен ҳам унга ўхшаб ўнг қўлимни лабим ва пешонамга тегизиб ўтирган одамларнинг ҳаммасига таъзим қилиб чиқдим, кейин Аиднинг ёнига ўтириб яна шу ҳаракатларни такрорладим, албатта, менга ҳам шундай жавоб қайтаришди. Фақат хўжайин иккимиз қисқа ва оҳиста гаплашиб ўтирдик, одат шуни тақозо этарди, бундан ташқари, ҳали мен жонли араб тилини яхши билмасдим, бошқалар чекар ва сукут сақлашарди.

Чодирдан ташқарида менга ва меҳмонларга зиёфат тайёрлашмоқда эди. Одатда бадавийлар хибиз − зоғора нон ва эчки сутида пиширилган буғдой ёрмаси истеъмол килишади… Меҳмонни эса харуф − қумда қазилган ва тезак ёқиладиган ўчоқда пиширилган қўй эти билан сийлашади. Таомдан кейин ҳар доим қанд солинмаган қаҳва тортишади. Ҳамма бемалол еб-ичиб ўтирар, намат чодирдан ташқарида эса худди дўзах алангасидек гармсел уфуриб турар, чодирнинг кенг очиб қўйилган тирқишидан саҳрога қарашнинг ўзи мени даҳшатга соларди: олисдаги ялтироқ қумлар одамнинг кўзига худди сузиб кетаётганга ўхшаб кўринарди. Шайх ҳар бир сўзидан кейин менга хожа − жаноб деб мурожаат қилар, мен ҳам уни муҳтарам бадавий шайх, яъни саҳро ўғли деб атар эдим. Дарвоқе,Урдун арабчасига қандай аталишини биласизларми? Жуда оддий: Шариат − бор-йўғи сувлоқ жой дегани.

Аид эллик ёшларга борган, паст бўйли, суяги ингичка, озғин бўлса-да, чайир; юзи − пиширилган ғиштнинг ўзи; кулранг тиниқ кўзлари ўткир, оқара бошлаган қаттиқ, кумуш чўққи соқоли ва мўйлови яхшилаб кузалган, − бадавийлар соқол-мўйловга алоҳида эътибор беришади, − бошқалар сингари нағал қоқилган катта бошмоқ кийган эди. Қуддусда олдимга келганида белбоғига ханжар тақиб, узун милтиқ кўтариб олганди.

Жиянини ўша «дўст» бўлиб борган кунимда кўрдим, у бошидаги катта мис кўзани ўнг қўли билан ушлаганча, чодир ёнидан қаддини тик тутиб ўтиб кетган эди. Неча ёшдалигини билолмадим, чамаси, ўн саккиздан ошмаганди, бундан тўрт йил олдин эрга теккани ва шу йилдаёқ бева қолгани, боласи йўқлигини, тоғасининг чодирига ғирт етим ва қашшоқ ҳолда қайтиб келганини кейинчалик билиб олдим. «Кўзингга қара, Суламиф!» − деб ўйладим мен. (Ахир Суламиф ҳам айнан шунга ўхшаган эди. «Қуддуснинг қизлари, мен қора ва чиройлиман».)

У чодир ёнидан ўтаётиб, бошини салгина буриб, менга кўз қирини ташлаб қўйди: бу кўзлар фавқулодда қоп-қора, сирли эди. Қорача юзлари, қалин бинафшаранг лабларини кўришим биланок, мафтуну лол бўлиб қолдим… Фақат шулар дейсизми?! Бутун қиёфаси мени маҳлиё қилиб қўйди: мис кўзани қаттиқ ушлаган қўллари елкасигача яланғоч, узун кубсимон кўйлак остида охиста тўлғаниб кетаётган хипча қомати, кўйлагини кўтариб турган бўлиқ кўкраклари…

Бу хам етмагандек, икки-уч кундан кейин уни Қуддусда − шундоққина Яфф дарвозаси ёнида учратиб қолсам бўладими! У оломон орасида мен томонга юриб келар, бошида қандайдир тугун кўтариб олган эди. Мени кўриб, тўхтади. Дарҳол олдига бордим.
− Мени танияпсанми?

У бўш турган чап қўли билан елкамга салгина туртиб қўйиб, жилмайди:
− Танидим, ҳожам.
− Нима олиб кетаяпсан?
− Эчки пишлоғи…
− Кимга?
− Ҳаммага.
− Демак, сотар экансан-да? Унда меникига олиб борақол.
− Қаерга?
−Мана буёқда, меҳмонхонага…

Мен Яфф дарвозасининг шундоқ ёнидаги баланд энсиз бинога жойлашган эдим, у кичкина майдоннинг чап томонидаги бошқа уйлар билан туташиб, зинапояларга тўла қоронғи, баъзи жойлари тим ёки кўҳна гумбазлар билан ёпилган, қадимий устахоналар ва дўконлар қалашиб кетган «Шоҳ Давид кўчаси»га уланиб кетган эди. У ҳеч қандай қаршилик кўрсатмасдан олдинга ўтди ва эгри-бугри, тор тош зинапоялардан хиёл олдинга энгашган кўйи хипча қоматини эркин тутиб юриб кетди, рўмолчадаги пишлоқни наридан бери номигагина ушлаб олган ўнг қўли яланғоч бўлиб, елкасига тушиб турган қора сочлари кўзни ўйнатар эди. Бурилишдаги зинапоялардан бирида тўхтади: у томонда, қўшни уйларнинг туташ тўртбурчак деворлари остида худди қудуқдаги каби кўкимтир сув − айни ўша сув − яланғоч бадани билан шоҳ Давидни асиру лол этган Уриянинг хотини Вирсафия чўмилган кўҳна «Авлиё Иезикил шалоласи» ярқираб кўриниб турар эди. У тўхтар экан, ойнага қаради, сўнг ўгирилиб, мафтункор кўзлари билан менга шодон назар ташлади.

Мен ўзимни тутиб туролмадим, энгашиб бўйнидан ўпдим, у менга ҳайратланиб бокди − бадавийларда бўса олиш одати йўқ. Хонамга киргандан кейин у тугунини стол устига қўйди ва ўнг қўлини менга узатди. Мен кафтига бир неча майда мис чақа ташладим, сўнг, ҳаяжондан қалтираган ҳолда битта олтин фунт чиқариб унга кўрсатдим. У тушунди ва киприкларини юмди, итоаткорона бошини эгиб, кафтлари билан кўзларини беркитди…

Ярим соатдан кейин уни зина олдида кузатиб қўяр эканман:
− Яна қачон пишлоқ олиб келасан? − деб сўрадим.
У бошини оҳиста лиқиллатди:
− Яқин кунларда келолмайман.

Шундай деб беш бармоғини кўрсатди: беш кундан кейин. Икки ҳафта ўтгач, Аиднинг олдидан қайтаётиб, манзилдан анча узоқлашганимда, орқамдан милтиқ овози эшитилди ва ёнимдаги тошга ўқ келиб урилди, зарб шундай кучли эдики, ҳатто тошдан тутун чиқиб кетди. Мен эгарга энгашиб, отга қамчи босдим, иккинчи марта милтиқ қарсиллади, чап тиззамга нимадир қаттиқ текканини сездим. Қуддусга етгунча отни тўхтатмадим, бир вақт энгашиб қарасам, этигимдан қон кўпикланиб оқмокда эди… Аид қандай қилиб икки мартада ҳам мўлжалга уролмаганига ҳали-ҳали ҳайрон қоламан. Яна жияни менга пишлоқ сотаётганини қаердан билиб олганига ҳамон ақлим етмайди…

001

хдк

(Tashriflar: umumiy 162, bugungi 1)

Izoh qoldiring