Ivan Bunin. Kichik ishqiy sarguzasht

04«Азизим, – деб ёзганди дилбар қиз шундан кейин тўрт ой ўтгач, – сизни огоҳлантирмай йўқолиб қолганим учун мени айбдор санаманг. Аммо барибир: онт ичаман, – агар мен умрим давомида кимни севган бўлсам, бу фақат сизсиз…

Иван Бунин
КИЧИК ИШҚИЙ САРГУЗАШТ


05Таниқли рус шоири ва ёзувчиси Иван Бунин 1870 йилнинг 22 октябрида Россиянинг Воронеж шаҳрида туғилган. Петербург Фанлар Академияси фахрий академиги (1909). 1920 йилда она ватанини тарк этишга мажбур бўлган. Ижодининг дастлабки палласиданоқ рус мумтоз шеърияти анъаналарининг давомчиси сифатида намоён бўлган. Ҳикоя ва повестларида асосан октябрь тўнтаришидан аввалги Россия ҳаётини тасвирлашга мойил бўлиб, дворянлар хонадонининг қашшоқлашуви («Антонов олмалари», 1900), қишлоқнинг оғир қисмати («Қишлоқ», 1910; «Қақраган водий», 1911), турмуш маънавий асосларини унутишга маҳкумлик фожиаси («Сан-Францисколик жаноб», 1915) яққол тасвирланган.
Кундалик тарзидаги «Бадбахт кунлар» (1918 й., 1925 й.да нашр этилган)да октябр тўнтариши кескин рад этилган; Россиянинг ўтмишини тиклаш, адибнинг ўз болалик ва ёшлигига қайтиш кайфиятлари акс этган.  Севги ҳақидаги ҳикояларида («Митянинг севгиси», 1925); «Қоронғи хиёбонлар» (1943) китобида инсоният тақдирининг фожиавийлиги қаламга олинган. Бунин мемуарлар ёзган. Г. Лонгфеллонинг «Гаявата ҳақида қўшиқ» (1896) асарини таржима қилган. Рус адибларидан биринчи бўлиб Нобел мукофоти билан тақдирланган (1933). Адиб 1953 йил 8 ноябрда Париж шаҳрида вафот этган.


Бу оқшом биз станцияда учрашдик.
Нозанин қиз кимнидир кутаётганди, паришонхотир эди.
Поезд келди ва шу чоқ платформа одам билан тўлиб кетди. Атрофдан ёмғирдан кейинги ўрмон иси ва тошкўмир ҳиди анқирди. Таниш-билишлар шу қадар кўп эдики, биз салом-алик қилишга аранг улгурардик. Аммо у теграсига хавотир аралаш кўз ташлаб, излаган кишисини топа олмади.
Поезд ўрнидан жилди. Дилбар қиз эса ёнидан лип-лип ўтиб кетаётган вагонларга мовий кўзларини катта очганча туриб қолаверди. Деразаларда, майдонда – ҳар ерда юзлар, юзлар бор эди. Лекин унга керакли чеҳра йўқ эди.
Ниҳоят, вагонлар девори ғойиб бўлиб, сўнгги буферлар кўзга ташланди, поезд тобора кичрайиб, қисқариб яшил ўрмон оралаб кетди. Бўшаб қолган перронда ялт-юлт этаётган тилим-тилим ёмғир томчиларида мовий осмон узуқ-юлуқ акс эта бошлади.
Перронга соя тушганди – офтоб бизнинг ортимизга, станция айвони орқасига бекинганди, аммо ўрмондаги дачалар бу томонга рўпара бўлгани учун равшанроқ, дераза шишалари ҳам нурдан ярқирарди. Қаердадир жўшқин оҳангларда граммофон куйи янграр, қаердадир крокет золдирларининг урилган овози эшитилар ва шўх-қув йигитчаларнинг қийқириғи қулоққа чалинарди… Нозанин ҳатто менга бурилиб ҳам қарамай, қисқа қилиб деди: «Бироз юрайлик». Мен унга бўйинсундим.
Станцияда кўзга кечки қуёшнинг нури урилди. Ундан нарёғи серсоя ўрмон эди. Биз зич яшил тоғтерак ва ёнғоқларга кўмилган, лой йўл ёнидан тушган серилдиз, ўйдим-чуқур сўқмоқ – каллакланган дарахтлар бўйлаб узоқ юрдик. У илдамроқ юрар, мен унинг этаги оёқларини яширган юбкасига, катак гулли кофтасига, тугунланган соч ўримига нигоҳ ташлардим. У шох-шаббалардан нам тортган кийимларини қуритиб олиш учун эпчиллик билан лойиқ жой топди.
– Нима ҳақида ўйлаяпсиз? – сўради у мен томонга ўгирилмасдан.
– Ботинкангиз ҳақида, – дедим мен. – Пойабзалингизнинг пошнаси французларникига ўхшамас экан. Мен французча пошна қоқтирган аёлларни ёқтирмайман.
– Менга ишонасизми?
– Ишонаман…
Сўқмоқ тугагач, биз чор атрофи очиқ ям-яшил дўнгликка кўтарилдик, офтоб бемалол кўрина бошлади. У юришдан тўхтаб, мен томонга бурилди.
– Қандай илтифотлисиз, а? –деди у. – Юряпсиз, индамайсиз…
Мен ўзимни тутиб, жавоб бердим:
–Раҳмат. Одам қайғуда қолганда шундай бўлиб туради.
Унинг кўзлари катта очилиб кетди.
– Қайғу дейсизми? Қандай қайғу?
– Бировни беҳуда кутганингизни яхши биламан. Яна шуни биламанки, сиз ҳозир менга ўзингизга етиб олишни сўрайсиз.
–Топдингиз. Шуни хоҳлармидингиз?
Мен индамай унга яқин бордим-да, қўлини тутиб ўзимга яқинлаштирдим. У бу шўхлигимдан норози бўлди.
– Йўқ, – минғиллади у. – Йўқ… Худо ҳаққи…
Сўнг индамай енгил силтов билан қўлини тортиб олди ва юбкаси этагидан тутиб майсазор дўнгликка чопди.
Ўнгу сўл чакалакзор билан қопланган жарлик эди, олдинда ҳам пичанлар ўсиб турган жарлик бўй чўзиб турарди, очиғи, ҳеч ерда очиқ йўл кўринмасди. У майсазорга келиб тўхтади, жар лабига яқинлашиб қолганди. Аммо у менинг қадам ташлашимдан қўрқиб, зовур устидан сакраб ўтди-да, жарлик томон қиялади. Мен унинг ортидан чопдим, бирдан осмондан енгил, тез, қуруқ шитир-шитирлар эшитилди, чап тарафда, адирда буғдек кўринаётган камалак кўринди.
– Ёмғир! – овози жаранглаб кетди нозаниннинг ва жимирлаётган майса узра тағин тез югуриб кетди.
Дилбар қизни қуёш ёритар, титрар ва шишага олтин тўр қуйилгандек ярақларди, – гоҳ-гоҳ ёмғир тез, шовқин-сурон солиб сепалаб ўтарди. Ҳайҳотдек қорамтир булутларни мовий осмондан ёғилган узун игналар тешиб ўтиб, ундан томчилар тушгани сезилиб турарди. Сўнг улар сийраклашди, тепаликда пайдо бўлган камалак хира тортди – шитир-шитирлар ҳам сўнди.
Нозанин ғарам олдига етиб келдию, унга тўқнашиб йиқилиб тушди, бундан кулиб юборди. Унинг кўкраги тез-тез уриб турар, сочларида томчилар милтилларди.
– Бир эшитиб кўринг-а, юрагим қандай ураётганини, – у шундай дея менинг қўлимдан тутди.
Мен уни оғушимга олдим, сўнг ярим очиқ лаблари томон энгашдим. У энди монеълик кўрсатмади.
Сўнг мени беозорлик билан ўзидан нари суриб, қизарган юзларини ўгириб олди. У қуруқ шохчани тишлаб, йилтиллаган кўзларини узоққа тикди.
– Бу биринчи ва охирги марта, – деди у. – Майлими?
– Майли, – жавоб бердим мен.
Дилбар қиз менга синчков нигоҳ ташлади.
– Сиз ўзи мени заррача бўлса ҳам яхши кўрасизми? Сиз билан ўзимни бахтиёр ҳис қиляпман! Мени ҳеч кимга рашк қила кўрманг. Тўғри, мен бировни кутаётгандим, орамиздаги бу кичкина муносабат унга халал бермайди деб ўйлайман. Ҳа, у инсон энди менинг расман қайлиғим. Яқинда мен графина Эль-Маммунага айланаман… Нега? Билмайман. Шунинг учунким, мен ундан қўрқаман…
Нозанин қўлимдан ушлаш мақсадида мен томон кафтларини чўзди. Мен бу майин, пок қўлларни бир-бир лабларимга босим, ўпдим.
–Энди кетишимиз керак, – деди у.
– Қаерга?
– Ўтлоқда яна бироз сайр қилайлик…
Мен бу дилбар қизни даст кўтариб олдим – у бир муддат уялгансимон табассум қилди. Кейин аёлларга хос нозик ҳаракатлар билан тўзғиган сочларини тузатди, ўтлоқнинг ўткир, тоза ҳавосидан тўйиб ҳидлади… Ўрмонда ҳам, бу ерда ҳам каккунинг бўғиқ кукуси эшитилар, бу овоз ёмғирдан кейин яна яққол кучайган, баланд осмонда эса ажралиб, тўзиб сузиб юрган илиқ, буғсимон булутлар тилла-қизғиш тусга кирганди…
Биз ортга қайтмоқчи бўлдик, аммо келган йўлимизни тополмай, адашиб қолдик. Нозанин сония ичида айни дам қаерда эканини англаб етди ва каминага ишонгани учун у амримга бўйсунди.
Шу ернинг ўзида у илтимосимни рад этмай, ҳаяжон ичида ўз қиссасини қисқача ҳикоя қилиб берди. Тугатгач, узоқ вақт жим қолди.
Ўрмон шимолдагидек ғира-шира тусга кирди. Бу ер сув сепилгандек жимжит, қоронғи, манзил эса бир неча чақирим узоқда эди. Энди ўрмонда қуюқ сукунат ва сокинликка бурканган тун энаётганди. Беқарор қиз ҳориб, мудроқ босётганди. Биз қирғоғига етиб олган ботқоқ кўриниш олган кичик кўл дарахтлар билан бирга оқариниб турарди. Аммо у ўрмон сингари нурсиз ва ғамгин эди. Булутлар тарқагач, ўрмондаги зулмат таги оқариниб, атроф аста-секин ойдин бўлди. Аммо тун илимилиқ, ҳаво дим, ҳамма ёқда ботқоқ ўтлари ва игнабаргли дарахтларнинг чучмал иси тараларди. Ялтироқ қўнғизлар буталар остида мудраётган чигирткаларнинг шитир-шитиридан тилладек ялтираб, учқун сачратишарди… Йўлни қисқартириш учун биз кўлдан асрий қарағайлар ҳозирлаган узун ва энли «йўлак»ка бурилдик. Биз машаққат билан йўлни ажратиб, қум кечиб, ялангликка чиқиб олганимизда туйқус қуруқшаган бир игнабаргли дарахт барглари шитирлаб кетди ва у ердан бойқушнинг катта боши шўнғиб чиқди. У биз томонга отилди – мен ҳатто унинг кул ранг «почаси»ни кўришга улгурдим. Йиртқич қуш кенг, катта қанотлари билан чир-чир айланиб, туриб қолди, сўнг дўғасини ёйиб, пастлади ва зим-зиёликда шох-шаббалар ичига шўнғиб ғойиб бўлди.
– Хосияти йўқ, –деди нозанин бошини чайқаб.
Мен жилмайдим.
– Ишонинг, хосияти йўқ бу қушнинг, – такрорлади у сўзларини қатъият билан.
– Нима бўлади?
– Оҳ, билмайман! Лекин менга барибир. Сиз билан бўлган кунларни, айниқса, бу оқшомни ҳеч қачон унутмайман…
У кутилмаганда мени қучоқлаб олди, ғамгин, аммо майин кўзлари билан юзларимга термилди, сўнг пича ўйланиб туриб, ўнг ва сўл кўзларимга лаб босди… Биз яланглик узра юриб, дарахтлар орасида милтиллаб кўринаётган семафор чироқлари олдидан чиқиб қолдик. Буткул қоронғи эди; ўрмонда ёмғир томчилай бошлади. Биз дача айвонига кириб келганимизда, парусина соябон тагидаги шам ёқилган чой столига жойлашганимизда ёмғир худди челаклаб қуйилгандек ёға кетди.
Биз эгнимизни қоқиб, хонадагиларга муғомбирларча йўлдан адашиб қолганимизни, йўл қидириб кечга қолиб кетганимизни гапириб бердик. Илкис овозимиз тинди: шийпоннинг қоронғи бурчагидан, тебранма курсидан бўйдор, озғин ва кенг елкали, боши тақир, қуюқ соқолли, кўзлари чақнаб турадиган, ўттиз ёшлардаги эркак туриб келди. Кексалар хижолат тортди, нозаниннинг ранги эса оқариб кетди. Мен нотаниш бу йигитга қўл чўзиб, ҳазиллашган бўлдим:
– Э худо, бўйдан тоза берган эканда, а! Сиздан зўр совутдор сипоҳ чиқади.
– Йўғ-эй? – жонланди у. – Шундай дегин. Мен граф Маммунаман…
Менга кўҳна, катта соябон топиб келишди, кейин қаерда тунаш мумкинлиги борасида маслаҳатлар беришди. Мен шийпоннинг ивиб кетган зиналаридан тушиб, ҳеч нарса кўринмаётган қоронғилик сари юрдим.
Дилбар қиз учбурчак усулида қурилган ёруғ парусина чодир бўсағасида туриб қолганди. Мен эшикка етиб олганимда у овозини кўтармаган кўйи деди:
–Хайр.
Бу нозаниннинг мен эшитган энг сўнгги сўзи эди.

II

«Азизим, – деб ёзганди дилбар қиз шундан кейин тўрт ой ўтгач, – сизни огоҳлантирмай йўқолиб қолганим учун мени айбдор санаманг. У мендан минг бор кучли. Мен эркимни йўқотдим, энг даҳшатли дақиқалардан қутулиш имконияти бўлса-да, уни қўлдан бой бердим. Энди менда сиз билан учрашиш учун ҳеч қандай умид қолмади. Эҳ, ўша дамдаги учрашувимиз қандай кечганди-я? Мен ўзимни қанчалар, қанчалар алдамай, сизнинг каминага бўлган туйғуларингиз софлигини ҳис этиб тураман. Бу сиз учун кутилмаганда рўй берди ва биз қисқа вақт ичида кичик ишқий саргузаштни бошдан кечирдик. Аммо барибир: онт ичаман, – агар мен умрим давомида кимни севган бўлсам, бу фақат сизсиз…
Нима бу одамлар учун муҳаббат куйини такрор-такрор куйлашми?
Эҳтимол шундайдир, гап ўзи муҳаббатда ҳам эмаску? Бир ўлиб кетган ёзувчининг хатида шуни ўқигандим: «Муҳаббат – бу хоҳлаган нарсангнинг йўқлиги ва ҳеч қачон бўлмаслигидир». Ҳа, ҳа, ҳеч қачон бўлмайди. Аммо менга барибир. Мен сизни севгандим ва ҳамон севаман…
Сизни тез-тез ғира-ширада ёдга оламан. Қош қорайганда биз йўлиққандик, айни дам сизга йўллаётган ушбу биринчи ва аминманки, сўнгги мактубимни ҳам шом қоронғусида ёзаяпман. Ёзяпману, худо билади, қаердаман: Альпда, чор атрофим муз, булутлар атрофини қуршаб олган, ҳувиллаб ётган отелдаман, кечки куз оқшоми, октябр. Эримда сил касаллиги бошланди, мен виждонсиз қиз эса унинг ҳаётини таҳқирлаб келдим. Мен уни бемаврид Альпда ушлаб турибгина қолмай, туманли кунларда кўлга судраб келдим. Энди у менга бўйсуняпти.
Эрим уззукун миқ этмай ўтиради, кўзларини ялтиллатади, аммо менинг амримни сўзсиз бажаради. Жим юрса, ўзига яхши. Ҳозир ҳам жим ўтирибди. Биз бу ерга кирганимизда сўнгги кунларини оддий деҳқонга хос ошхонада кечириб келётган отел хизматкорини кўриб, ҳайратдан тонг қотдик. Бўлиши мумкин, негаки унинг ранги мурданики сингари оқ эди.
Мен бу ерга сиз учун келгандим. Сокинликда, умиддан нишона йўқ жойда сиз тўғрингизда ўйлаш, хотираларни ёдга олиш учун…
Бирам мароқлики, бу ўлкада кечки кузакда тоғлар бир-бир кўкиш тус оларкан, кишини ўйга солади. Осмон мисоли лоқайд ва кўл узра паст кўринади, кўкимтир тепаликлар орасидаги кўл ўликдек, қорамтир тусга кирган. Қачонки мен бу булутли самога назар солсам, ундаги туманга сингиб кетиш хаёли миямга келаверади, тунни бирор тоғдаги бўш отелда ўтказсам дейман… Агар шу ерда мен билан бирга қолганингизда ярим умримни берган бўлардим…
Биз шаҳардан тонгда пароходда кетдик, куннинг иккинчи ярмида тоғда кезаётгандик. Бу йўл қанчалар ғамгин эди, а! Тик жарликда пастак ўрмон, қияликда эса ариқ бор эди. Майда сарғимтир барглар мудраниб, зўр-базўр тушарди. Баъзан бу дарахтларга бефаҳм катта қизил сигирлар бир қараб қўйишарди. Баъзан буталар, шох-шаббалар атрофига тўпланган чўпон-чўлиқ болакайларнинг қуш овозига монанд ҳуштаклари қулоққа чалинарди. Тўшалган қуюқ сукунатда биз тўхтамай юқорилаб чиқиб борардик. Тоққа, тик жарликларга, ғира-шира кўринаётган қарағайзор ўрмонга қор тушганди. Нафас ростлаш учун бир дам тўхтаб олганимизда эса мен узоқ-узоқларга, пастда қолиб кетган оч яшил тусга кирган дархатларга термилиб қолардим. Ўшанда ҳар битта баргнинг тушишини эшитиш мумкин эди. Ҳўл буталар йиғларди – сукунатда…
Туманда оғзи қорайиб кўринаётган туннел яқинида, нишабликда беш-олти кулбадан иборат қандайдир қишлоққа дуч келдик. Лой, сирпанчиқ шпаладан тепага кўтарилиш осон эмаслиги, бунинг ечимини топиш учун сабр билан енгиш керак эди. Бироқ тез фурсатда тоғ тепаси кузги қор билан қоплангани учун бўлса керак, қишлоқда битта из қолди.
Шу ерда эрим тўхтаб, ортга қайтишни таклиф қилди.
Мен унга қасдан таклифни рад этдим.
– Бу оқилона жавоб эмас, – у шундай дедию бир муддат ўйланиб туриб, сўнг тағин илдамлади.
Туман тобора қуюқлашар, атроф қоронғилашар, биз эса қишлоқдагилар билан учрашувга шайланиб, қорайиб турган туннел оғзи сари юраверардик. Биз қарийб дарадаги тубсиз тик кўприкни босиб ўтгандик. Агар менинг эрки ўзида бўлмаган ҳамроҳим орқада қолганида у шу лаҳзадаёқ туманга сингиб кетарди. Шунинг учун ҳам биз бир-биримизга овоз бериб, ёнма-ён юрганимизни ҳис қилиб турардик. Овозларимиз ҳам бўғиқ ва бегона эди.
У менга бирор нима демоқчи бўлса, орқага бурилиб бироз юрар, мен тўхтаб қолгач, яқинлашиб, қўлимдан тутарди.
– Мулойим бўл, – журъатсиз оҳангда дерди у, – қўлимдан маҳкам тут, фуфайкангни торт.
Унга ачиниб кетардим. Эрим буни тушуниб, кўзларини қуйига қаратар ва қўшиб қўярди:
– Иссиқроқ бошпана топиб олсак, бирор муҳим иш билан шуғулланамиз. Ҳозир эса вазият оғир. Бу тўй саёҳати эмас, дўзахнинг ўзгинаси.
– Ажрашишимиз керак, – жавоб бердим унга.
У индамади. Қошини чимириб, минғирлаб қўйди:
– Бу жуда қийин…
– Унда шу қийин ишни ўз зиммамга оламан, – дедим мен. – Сен мени бемаъни муҳаббатингни деб қурбон қилма.
– Мен ҳамма нарсани қила оламан, – деди у менга ўктам кўз ташлаб. – Йўқотадиган ҳеч нарсам йўқ.
Ундан бўшалиб чиқиб олға юришда давом этдим.
Қор ёғиб ўтган ҳўл рельслардан тепага кўтарилдик, қарағайлар, арчалар тик қияликда ўсганди. Ғира-ширада туманда унинг бинафша ранг изларини ажратишдан кўра ҳис қилиш осон экан. Бу булутли тоғларда ҳаёт нишонаси сезилмайдиган тепаликларда оғир сукунат ҳукм сурарди. Бир вақт йўл четидаги қари арча буталари шитирлади. Биз кўрган бойўғли ёдингиздами? Мен айнан шу жойда уни эсладим ва шундан кейин сизга ёзишга аҳд қилдим. Бу, албатта, бойўғли эмас, кичкина чумчуқ эди. Қушлар орасидаги энг кичиги шу эди, адашмасам. Шўрлик ҳўл бўлишига қарамай пир этиб учиб кетди…
Бу оқшомни тасаввур қила оляпсизми? Ғубор қўнган қарағайзор, бош-кети кўринмас ҳўл, оппоқ қорли йўллар, тумандаги адашув, бунинг устига сен ёқтирмайдиган одам…
Қушча эса бехавотир эди. Уни қишки тоғ оқшоми қўрқитмайди. У ўнг келган жойга қўниб, яна учиб кетаверади. Чунки ҳимоячиси борлигига ишонади. Менинг эса ҳимоячимга ишончим йўқ.
Ҳозир қарағай ҳиди анқиб турадиган бўм-бўш муз ётоқда ухлашга чоғланяпман. Оловни ўчирганим он атрофимни булутлар қуршаб тургани ҳақида ўйлашим аён. Эрим қўшни хонада йўталиб ётибди. У инсонмас, кўмишга олиб борадиган ридвон арава. Уни бутун борлиғим билан ёмон кўраман.
Агар кўришиш насиб этса, мен хотиржам бўлардим, сизнинг қўлларингизни қувончдан ўпиб қўяман – ўшанда нимани хоҳласангиз, адо этишга розиман. Йўқ – шундай бўлиши керак ўзи…»

III

Бу мактуб менга қачон етиб келганини худо билади. Москвадан қишлоққа жўнатишибди. У ерда хат сал кам уч ой турган, сўнг жанубга қараб йўл олган. Мактуб март бошида, Қримга боришдан аввал қўлимга тегди.
Мутассир бўлдим, ҳаяжонимни ифодалаб беролмайман.
Жавоб тариқасида нима ёзиш керак, нима қилишим керак? Мен бу ҳақида узоқ ўйладим ва шу ўй калламга келди, худо кечирсин:
«Тоғлар ошиб отда бораман».
Қрим тоғларига ҳам туман тушганди. Аммо баҳор эди, йигирма саккизни уриб қўйгандим…
Ляй-людаги исқирт қовоқхонада, довонда отлар қайта кучга киргунга қадар чучук таъм винодан ичдим. Хиёл маст бўлиб қолдим. Дарчани очиб, бир муддат шамолда ўзимни елпиб ўтирдим. Хатни чиқариб, тағин ўқидим, юрагим уриб кетди.
«Оҳ, жонгинам, азизим! Нима қилиш керак? Нима?»
Қовоқхонада ортиқ ўтира олмадим. Тоза ҳавога чиқдим…
Туман қизғиш тус олган, аста-секин сўнаётганди. Ғира-ширада баландлик ёруғ кўринар, илиқ эди. Осмонда, булутлар тутуни қандайдир қувончли нарсадан дарак бераётгандек туюларди… У ўсиб, кенгайди – ва тўсатдан кўк рангга дўнди…
Ёзиш керак, – шарт!
Лекин нимани? Қаерга?
Мени қуршаб олган тоғ саҳросида кўк гумбаз ёғду тарата бошлади. Аммо данданали тик қоялар ва тик жарлик узра ҳамон туман сузиб юрар, бу қуёш нур сочгунга қадар узоқ давом этди. Осмон тоғлар узра ястанган, бепоён ва чексиз, кўм-кўк бағрида гард қолмганди, ҳаво тоза ва тепаликлар тўлқинланиб турарди. Шамол шимол тарафдан эсар, аммо у майин ва ёқимли эди. Мен бу ҳаводан янада маст бўлиб, денгизга яна бир қур назар солиш учун жар лабига яқинлашдим.
Жарлик тагида ҳосил бўлган менинг баҳайбат кўкимтир соямдан рангба-ранг ёруғлик гардиши буғ бўлиб тараларди. Кўз олдимда ниҳояси йўқ, худди ковлаб қўйилгандек уюм-уюм бўлган булутлар қуюқлашиб, қўл тегса, уваланиб кетадиган катта дўнгликка айланарди. Тубсиз жарлик ва қоялар, қирғоқ ва кўрфазлар ўрнига уфққа қадар денгиз устида кўз илғамас ана шу хилқат илиб қўйилганга ўхшаб туюларди. Менинг қалбим, унинг бор қуввати, бор изтиробларим ва қувончларим – мен бир вақтлар севганда юрагимда уйғонган туйғулар, беҳисоб баҳорий кайфият, ёшлик – ҳаммаси ўша ёққа, ана шу уфққа, қат-қат бўлган булутлар ўлкасига, узун, ёрқин ва зангори денгиз қаърига сингиб кетди…
Қўнғироқ бир зайлда давом этган узоқ йўл – ўтмишнинг қайтиб келмаслиги ва келажак эса олдинда эканлиги борасида занг чаларди. Эски файтон, кўҳна уч от қўшилган почта араваси… Қабатига катта жомадонларни қўйиб олган, эчкиникига ўхшаш қулоқлари узун татар аравакаш билан отларни дукурлатганча ва қўғнғироқларни жиринглатганча охири кўринмас катта йўлда кетиб борардик. Мен мовий осмон бағрини кесиб ўтган кескир тишли кўкимтир қояларга узоқ ткикилиб қолдим. Ҳамма ёқни қўнғироқ ва туёқларнинг дукур-дукур овозларига тўлдирган уч от қўшилган арава эса чайқала-чайқала кўркам дарахтзорларни ортда қолдириб, довондан пастлай-пастлай, янада чуқур тушавериб, тобора ўсиб бораверган осмон олдида охир нуқтадек бўлиб қоларди чамамда.
Бу ерда, сукунат ютган тоғли водийда, баҳорнинг илк кунларидаги сингари шаффоф жимлик, оч-ёрқин кўк ранг жозибаси, танаси қора яланғоч дарахтлар, буталар ва ундан пастга узилиб тушган ўтган йиллардан қолган жигарранг барглар, илк бора униб чиққан бинафшалар, ёввойи лолалар бор эди.
Бу ерда яна чўққиларда қор ва совуқдан етарлича «дам олган» майсалар ҳам ниш уриб чиққанди. Бу ер биллурдек тоза ва эрта баҳор кунларидаги каби баҳаво, жозибали эди.
Шунда менга ҳаётда ана шу баҳор ва бахт ҳақида ўйлашдан бошқа ҳеч нарса керак эмасдек туюлди.
Март охирларида, шимолда, қишлоққа энди келган дамларим кутилмаганда почтадан Женевадан Москва орқали келган телеграмма олдим. Унда шундай ёзилганди:
«Марҳуманинг истагини бажо келтириб, шуни хабар қиламанки, у шу мартнинг 17 санасида вафот этди. Эль-Маммуна».

Рус тилидан Умид Али таржимаси

«Azizim, – deb yozgandi dilbar qiz shundan keyin to’rt oy o’tgach, – sizni ogohlantirmay yo’qolib qolganim uchun meni aybdor sanamang. Ammo baribir: ont ichaman, – agar men umrim davomida kimni sevgan bo’lsam, bu faqat sizsiz…

Ivan BUNIN
KICHIK ISHQIY SARGUZASHT
03

07 Taniqli rus shoiri va yozuvchisi Ivan Bunin 1870 yilning 22 oktyabrida Rossiyaning Voronej shahrida tug’ilgan. Peterburg Fanlar Akademiyasi faxriy akademigi (1909). 1920 yilda ona vatanini tark etishga majbur bo’lgan. Ijodining dastlabki pallasidanoq rus mumtoz she’riyati an’analarining davomchisi sifatida namoyon bo’lgan. Hikoya va povestlarida asosan oktyabr` to’ntarishidan avvalgi Rossiya hayotini tasvirlashga moyil bo’lib, dvoryanlar xonadonining qashshoqlashuvi («Antonov olmalari», 1900), qishloqning og’ir qismati («Qishloq», 1910; «Qaqragan vodiy», 1911), turmush ma’naviy asoslarini unutishga mahkumlik fojiasi («San-Frantsiskolik janob», 1915) yaqqol tasvirlangan.
Kundalik tarzidagi «Badbaxt kunlar» (1918 y., 1925 y.da nashr etilgan)da oktyabr to’ntarishi keskin rad etilgan; Rossiyaning o’tmishini tiklash, adibning o’z bolalik va yoshligiga qaytish kayfiyatlari aks etgan.
Sevgi haqidagi hikoyalarida («Mityaning sevgisi», 1925); «Qorong’i xiyobonlar» (1943) kitobida insoniyat taqdirining fojiaviyligi qalamga olingan. Bunin memuarlar yozgan. G. Longfelloning «Gayavata haqida qo’shiq» (1896) asarini tarjima qilgan. Rus adiblaridan birinchi bo’lib Nobel mukofoti bilan taqdirlangan (1933). Adib 1953 yil 8 noyabrda Parij shahrida vafot etgan.


Bu oqshom biz stantsiyada uchrashdik.
Nozanin qiz kimnidir kutayotgandi, parishonxotir edi.
Poyezd keldi va shu choq platforma odam bilan to’lib ketdi. Atrofdan yomg’irdan keyingi o’rmon isi va toshko’mir hidi anqirdi. Tanish-bilishlar shu qadar ko’p ediki, biz salom-alik qilishga arang ulgurardik. Ammo u tegrasiga xavotir aralash ko’z tashlab, izlagan kishisini topa olmadi.
Poyezd o’rnidan jildi. Dilbar qiz esa yonidan lip-lip o’tib ketayotgan vagonlarga moviy ko’zlarini katta ochgancha turib qolaverdi. Derazalarda, maydonda – har yerda yuzlar, yuzlar bor edi. Lekin unga kerakli chehra yo’q edi.
Nihoyat, vagonlar devori g’oyib bo’lib, so’nggi buferlar ko’zga tashlandi, poyezd tobora kichrayib, qisqarib yashil o’rmon oralab ketdi. Bo’shab qolgan perronda yalt-yult etayotgan tilim-tilim yomg’ir tomchilarida moviy osmon uzuq-yuluq aks eta boshladi.
Perronga soya tushgandi – oftob bizning ortimizga, stantsiya ayvoni orqasiga bekingandi, ammo o’rmondagi dachalar bu tomonga ro’para bo’lgani uchun ravshanroq, deraza shishalari ham nurdan yarqirardi. Qayerdadir jo’shqin ohanglarda grammofon kuyi yangrar, qayerdadir kroket zoldirlarining urilgan ovozi eshitilar va sho’x-quv yigitchalarning qiyqirig’i quloqqa chalinardi… Nozanin hatto menga burilib ham qaramay, qisqa qilib dedi: «Biroz yuraylik». Men unga bo’yinsundim.
Stantsiyada ko’zga kechki quyoshning nuri urildi. Undan naryog’i sersoya o’rmon edi. Biz zich yashil tog’terak va yong’oqlarga ko’milgan, loy yo’l yonidan tushgan serildiz, o’ydim-chuqur so’qmoq – kallaklangan daraxtlar bo’ylab uzoq yurdik. U ildamroq yurar, men uning etagi oyoqlarini yashirgan yubkasiga, katak gulli koftasiga, tugunlangan soch o’rimiga nigoh tashlardim. U shox-shabbalardan nam tortgan kiyimlarini quritib olish uchun epchillik bilan loyiq joy topdi.
– Nima haqida o’ylayapsiz? – so’radi u men tomonga o’girilmasdan.
– Botinkangiz haqida, – dedim men. – Poyabzalingizning poshnasi frantsuzlarnikiga o’xshamas ekan. Men frantsuzcha poshna qoqtirgan ayollarni yoqtirmayman.
– Menga ishonasizmi?
– Ishonaman…
So’qmoq tugagach, biz chor atrofi ochiq yam-yashil do’nglikka ko’tarildik, oftob bemalol ko’rina boshladi. U yurishdan to’xtab, men tomonga burildi.
– Qanday iltifotlisiz, a? –dedi u. – Yuryapsiz, indamaysiz…
Men o’zimni tutib, javob berdim:
–Rahmat. Odam qayg’uda qolganda shunday bo’lib turadi.
Uning ko’zlari katta ochilib ketdi.
– Qayg’u deysizmi? Qanday qayg’u?
– Birovni behuda kutganingizni yaxshi bilaman. Yana shuni bilamanki, siz hozir menga o’zingizga yetib olishni so’raysiz.
–Topdingiz. Shuni xohlarmidingiz?
Men indamay unga yaqin bordim-da, qo’lini tutib o’zimga yaqinlashtirdim. U bu sho’xligimdan norozi bo’ldi.
– Yo’q, – ming’illadi u. – Yo’q… Xudo haqqi…
So’ng indamay yengil siltov bilan qo’lini tortib oldi va yubkasi etagidan tutib maysazor do’nglikka chopdi.
O’ngu so’l chakalakzor bilan qoplangan jarlik edi, oldinda ham pichanlar o’sib turgan jarlik bo’y cho’zib turardi, ochig’i, hech yerda ochiq yo’l ko’rinmasdi. U maysazorga kelib to’xtadi, jar labiga yaqinlashib qolgandi. Ammo u mening qadam tashlashimdan qo’rqib, zovur ustidan sakrab o’tdi-da, jarlik tomon qiyaladi. Men uning ortidan chopdim, birdan osmondan yengil, tez, quruq shitir-shitirlar eshitildi, chap tarafda, adirda bug’dek ko’rinayotgan kamalak ko’rindi.
– Yomg’ir! – ovozi jaranglab ketdi nozaninning va jimirlayotgan maysa uzra tag’in tez yugurib ketdi.
Dilbar qizni quyosh yoritar, titrar va shishaga oltin to’r quyilgandek yaraqlardi, – goh-goh yomg’ir tez, shovqin-suron solib sepalab o’tardi. Hayhotdek qoramtir bulutlarni moviy osmondan yog’ilgan uzun ignalar teshib o’tib, undan tomchilar tushgani sezilib turardi. So’ng ular siyraklashdi, tepalikda paydo bo’lgan kamalak xira tortdi – shitir-shitirlar ham so’ndi.
Nozanin g’aram oldiga yetib keldiyu, unga to’qnashib yiqilib tushdi, bundan kulib yubordi. Uning ko’kragi tez-tez urib turar, sochlarida tomchilar miltillardi.
– Bir eshitib ko’ring-a, yuragim qanday urayotganini, – u shunday deya mening qo’limdan tutdi.
Men uni og’ushimga oldim, so’ng yarim ochiq lablari tomon engashdim. U endi mone’lik ko’rsatmadi.
So’ng meni beozorlik bilan o’zidan nari surib, qizargan yuzlarini o’girib oldi. U quruq shoxchani tishlab, yiltillagan ko’zlarini uzoqqa tikdi.
– Bu birinchi va oxirgi marta, – dedi u. – Maylimi?
– Mayli, – javob berdim men.
Dilbar qiz menga sinchkov nigoh tashladi.
– Siz o’zi meni zarracha bo’lsa ham yaxshi ko’rasizmi? Siz bilan o’zimni baxtiyor his qilyapman! Meni hech kimga rashk qila ko’rmang. To’g’ri, men birovni kutayotgandim, oramizdagi bu kichkina munosabat unga xalal bermaydi deb o’ylayman. Ha, u inson endi mening rasman qaylig’im. Yaqinda men grafina Elь-Mammunaga aylanaman… Nega? Bilmayman. Shuning uchunkim, men undan qo’rqaman…
Nozanin qo’limdan ushlash maqsadida men tomon kaftlarini cho’zdi. Men bu mayin, pok qo’llarni bir-bir lablarimga bosim, o’pdim.
–Endi ketishimiz kerak, – dedi u.
– Qayerga?
– O’tloqda yana biroz sayr qilaylik…
Men bu dilbar qizni dast ko’tarib oldim – u bir muddat uyalgansimon tabassum qildi. Keyin ayollarga xos nozik harakatlar bilan to’zg’igan sochlarini tuzatdi, o’tloqning o’tkir, toza havosidan to’yib hidladi… O’rmonda ham, bu yerda ham kakkuning bo’g’iq kukusi eshitilar, bu ovoz yomg’irdan keyin yana yaqqol kuchaygan, baland osmonda esa ajralib, to’zib suzib yurgan iliq, bug’simon bulutlar tilla-qizg’ish tusga kirgandi…
Biz ortga qaytmoqchi bo’ldik, ammo kelgan yo’limizni topolmay, adashib qoldik. Nozanin soniya ichida ayni dam qayerda ekanini anglab yetdi va kaminaga ishongani uchun u amrimga bo’ysundi.
Shu yerning o’zida u iltimosimni rad etmay, hayajon ichida o’z qissasini qisqacha hikoya qilib berdi. Tugatgach, uzoq vaqt jim qoldi.
O’rmon shimoldagidek g’ira-shira tusga kirdi. Bu yer suv sepilgandek jimjit, qorong’i, manzil esa bir necha chaqirim uzoqda edi. Endi o’rmonda quyuq sukunat va sokinlikka burkangan tun enayotgandi. Beqaror qiz horib, mudroq bosyotgandi. Biz qirg’og’iga yetib olgan botqoq ko’rinish olgan kichik ko’l daraxtlar bilan birga oqarinib turardi. Ammo u o’rmon singari nursiz va g’amgin edi. Bulutlar tarqagach, o’rmondagi zulmat tagi oqarinib, atrof asta-sekin oydin bo’ldi. Ammo tun ilimiliq, havo dim, hamma yoqda botqoq o’tlari va ignabargli daraxtlarning chuchmal isi taralardi. Yaltiroq qo’ng’izlar butalar ostida mudrayotgan chigirtkalarning shitir-shitiridan tilladek yaltirab, uchqun sachratishardi… Yo’lni qisqartirish uchun biz ko’ldan asriy qarag’aylar hozirlagan uzun va enli «yo’lak»ka burildik. Biz mashaqqat bilan yo’lni ajratib, qum kechib, yalanglikka chiqib olganimizda tuyqus quruqshagan bir ignabargli daraxt barglari shitirlab ketdi va u yerdan boyqushning katta boshi sho’ng’ib chiqdi. U biz tomonga otildi – men hatto uning kul rang «pochasi»ni ko’rishga ulgurdim. Yirtqich qush keng, katta qanotlari bilan chir-chir aylanib, turib qoldi, so’ng do’g’asini yoyib, pastladi va zim-ziyolikda shox-shabbalar ichiga sho’ng’ib g’oyib bo’ldi.
– Xosiyati yo’q, –dedi nozanin boshini chayqab.
Men jilmaydim.
– Ishoning, xosiyati yo’q bu qushning, – takrorladi u so’zlarini qat’iyat bilan.
– Nima bo’ladi?
– Oh, bilmayman! Lekin menga baribir. Siz bilan bo’lgan kunlarni, ayniqsa, bu oqshomni hech qachon unutmayman…
U kutilmaganda meni quchoqlab oldi, g’amgin, ammo mayin ko’zlari bilan yuzlarimga termildi, so’ng picha o’ylanib turib, o’ng va so’l ko’zlarimga lab bosdi… Biz yalanglik uzra yurib, daraxtlar orasida miltillab ko’rinayotgan semafor chiroqlari oldidan chiqib qoldik. Butkul qorong’i edi; o’rmonda yomg’ir tomchilay boshladi. Biz dacha ayvoniga kirib kelganimizda, parusina soyabon tagidagi sham yoqilgan choy stoliga joylashganimizda yomg’ir xuddi chelaklab quyilgandek yog’a ketdi.
Biz egnimizni qoqib, xonadagilarga mug’ombirlarcha yo’ldan adashib qolganimizni, yo’l qidirib kechga qolib ketganimizni gapirib berdik. Ilkis ovozimiz tindi: shiyponning qorong’i burchagidan, tebranma kursidan bo’ydor, ozg’in va keng yelkali, boshi taqir, quyuq soqolli, ko’zlari chaqnab turadigan, o’ttiz yoshlardagi erkak turib keldi. Keksalar xijolat tortdi, nozaninning rangi esa oqarib ketdi. Men notanish bu yigitga qo’l cho’zib, hazillashgan bo’ldim:
– E xudo, bo’ydan toza bergan ekanda, a! Sizdan zo’r sovutdor sipoh chiqadi.
– Yo’g’-ey? – jonlandi u. – Shunday degin. Men graf Mammunaman…
Menga ko’hna, katta soyabon topib kelishdi, keyin qayerda tunash mumkinligi borasida maslahatlar berishdi. Men shiyponning ivib ketgan zinalaridan tushib, hech narsa ko’rinmayotgan qorong’ilik sari yurdim.
Dilbar qiz uchburchak usulida qurilgan yorug’ parusina chodir bo’sag’asida turib qolgandi. Men eshikka yetib olganimda u ovozini ko’tarmagan ko’yi dedi:
–Xayr.
Bu nozaninning men eshitgan eng so’nggi so’zi edi.

II

«Azizim, – deb yozgandi dilbar qiz shundan keyin to’rt oy o’tgach, – sizni ogohlantirmay yo’qolib qolganim uchun meni aybdor sanamang. U mendan ming bor kuchli. Men erkimni yo’qotdim, eng dahshatli daqiqalardan qutulish imkoniyati bo’lsa-da, uni qo’ldan boy berdim. Endi menda siz bilan uchrashish uchun hech qanday umid qolmadi. Eh, o’sha damdagi uchrashuvimiz qanday kechgandi-ya? Men o’zimni qanchalar, qanchalar aldamay, sizning kaminaga bo’lgan tuyg’ularingiz sofligini his etib turaman. Bu siz uchun kutilmaganda ro’y berdi va biz qisqa vaqt ichida kichik ishqiy sarguzashtni boshdan kechirdik. Ammo baribir: ont ichaman, – agar men umrim davomida kimni sevgan bo’lsam, bu faqat sizsiz…
Nima bu odamlar uchun muhabbat kuyini takror-takror kuylashmi?
Ehtimol shundaydir, gap o’zi muhabbatda ham emasku? Bir o’lib ketgan yozuvchining xatida shuni o’qigandim: «Muhabbat – bu xohlagan narsangning yo’qligi va hech qachon bo’lmasligidir». Ha, ha, hech qachon bo’lmaydi. Ammo menga baribir. Men sizni sevgandim va hamon sevaman…
Sizni tez-tez g’ira-shirada yodga olaman. Qosh qorayganda biz yo’liqqandik, ayni dam sizga yo’llayotgan ushbu birinchi va aminmanki, so’nggi maktubimni ham shom qorong’usida yozayapman. Yozyapmanu, xudo biladi, qayerdaman: Alьpda, chor atrofim muz, bulutlar atrofini qurshab olgan, huvillab yotgan oteldaman, kechki kuz oqshomi, oktyabr. Erimda sil kasalligi boshlandi, men vijdonsiz qiz esa uning hayotini tahqirlab keldim. Men uni bemavrid Alьpda ushlab turibgina qolmay, tumanli kunlarda ko’lga sudrab keldim. Endi u menga bo’ysunyapti.
Erim uzzukun miq etmay o’tiradi, ko’zlarini yaltillatadi, ammo mening amrimni so’zsiz bajaradi. Jim yursa, o’ziga yaxshi. Hozir ham jim o’tiribdi. Biz bu yerga kirganimizda so’nggi kunlarini oddiy dehqonga xos oshxonada kechirib kelyotgan otel xizmatkorini ko’rib, hayratdan tong qotdik. Bo’lishi mumkin, negaki uning rangi murdaniki singari oq edi.
Men bu yerga siz uchun kelgandim. Sokinlikda, umiddan nishona yo’q joyda siz to’g’ringizda o’ylash, xotiralarni yodga olish uchun…
Biram maroqliki, bu o’lkada kechki kuzakda tog’lar bir-bir ko’kish tus olarkan, kishini o’yga soladi. Osmon misoli loqayd va ko’l uzra past ko’rinadi, ko’kimtir tepaliklar orasidagi ko’l o’likdek, qoramtir tusga kirgan. Qachonki men bu bulutli samoga nazar solsam, undagi tumanga singib ketish xayoli miyamga kelaveradi, tunni biror tog’dagi bo’sh otelda o’tkazsam deyman… Agar shu yerda men bilan birga qolganingizda yarim umrimni bergan bo’lardim…
Biz shahardan tongda paroxodda ketdik, kunning ikkinchi yarmida tog’da kezayotgandik. Bu yo’l qanchalar g’amgin edi, a! Tik jarlikda pastak o’rmon, qiyalikda esa ariq bor edi. Mayda sarg’imtir barglar mudranib, zo’r-bazo’r tushardi. Ba’zan bu daraxtlarga befahm katta qizil sigirlar bir qarab qo’yishardi. Ba’zan butalar, shox-shabbalar atrofiga to’plangan cho’pon-cho’liq bolakaylarning qush ovoziga monand hushtaklari quloqqa chalinardi. To’shalgan quyuq sukunatda biz to’xtamay yuqorilab chiqib borardik. Toqqa, tik jarliklarga, g’ira-shira ko’rinayotgan qarag’ayzor o’rmonga qor tushgandi. Nafas rostlash uchun bir dam to’xtab olganimizda esa men uzoq-uzoqlarga, pastda qolib ketgan och yashil tusga kirgan darxatlarga termilib qolardim. O’shanda har bitta bargning tushishini eshitish mumkin edi. Ho’l butalar yig’lardi – sukunatda…
Tumanda og’zi qorayib ko’rinayotgan tunnel yaqinida, nishablikda besh-olti kulbadan iborat qandaydir qishloqqa duch keldik. Loy, sirpanchiq shpaladan tepaga ko’tarilish oson emasligi, buning yechimini topish uchun sabr bilan yengish kerak edi. Biroq tez fursatda tog’ tepasi kuzgi qor bilan qoplangani uchun bo’lsa kerak, qishloqda bitta iz qoldi.
Shu yerda erim to’xtab, ortga qaytishni taklif qildi.
Men unga qasdan taklifni rad etdim.
– Bu oqilona javob emas, – u shunday dediyu bir muddat o’ylanib turib, so’ng tag’in ildamladi.
Tuman tobora quyuqlashar, atrof qorong’ilashar, biz esa qishloqdagilar bilan uchrashuvga shaylanib, qorayib turgan tunnel og’zi sari yuraverardik. Biz qariyb daradagi tubsiz tik ko’prikni bosib o’tgandik. Agar mening erki o’zida bo’lmagan hamrohim orqada qolganida u shu lahzadayoq tumanga singib ketardi. Shuning uchun ham biz bir-birimizga ovoz berib, yonma-yon yurganimizni his qilib turardik. Ovozlarimiz ham bo’g’iq va begona edi.
U menga biror nima demoqchi bo’lsa, orqaga burilib biroz yurar, men to’xtab qolgach, yaqinlashib, qo’limdan tutardi.
– Muloyim bo’l, – jur’atsiz ohangda derdi u, – qo’limdan mahkam tut, fufaykangni tort.
Unga achinib ketardim. Erim buni tushunib, ko’zlarini quyiga qaratar va qo’shib qo’yardi:
– Issiqroq boshpana topib olsak, biror muhim ish bilan shug’ullanamiz. Hozir esa vaziyat og’ir. Bu to’y sayohati emas, do’zaxning o’zginasi.
– Ajrashishimiz kerak, – javob berdim unga.
U indamadi. Qoshini chimirib, ming’irlab qo’ydi:
– Bu juda qiyin…
– Unda shu qiyin ishni o’z zimmamga olaman, – dedim men. – Sen meni bema’ni muhabbatingni deb qurbon qilma.
– Men hamma narsani qila olaman, – dedi u menga o’ktam ko’z tashlab. – Yo’qotadigan hech narsam yo’q.
Undan bo’shalib chiqib olg’a yurishda davom etdim.
Qor yog’ib o’tgan ho’l relьslardan tepaga ko’tarildik, qarag’aylar, archalar tik qiyalikda o’sgandi. G’ira-shirada tumanda uning binafsha rang izlarini ajratishdan ko’ra his qilish oson ekan. Bu bulutli tog’larda hayot nishonasi sezilmaydigan tepaliklarda og’ir sukunat hukm surardi. Bir vaqt yo’l chetidagi qari archa butalari shitirladi. Biz ko’rgan boyo’g’li yodingizdami? Men aynan shu joyda uni esladim va shundan keyin sizga yozishga ahd qildim. Bu, albatta, boyo’g’li emas, kichkina chumchuq edi. Qushlar orasidagi eng kichigi shu edi, adashmasam. Sho’rlik ho’l bo’lishiga qaramay pir etib uchib ketdi…
Bu oqshomni tasavvur qila olyapsizmi? G’ubor qo’ngan qarag’ayzor, bosh-keti ko’rinmas ho’l, oppoq qorli yo’llar, tumandagi adashuv, buning ustiga sen yoqtirmaydigan odam…
Qushcha esa bexavotir edi. Uni qishki tog’ oqshomi qo’rqitmaydi. U o’ng kelgan joyga qo’nib, yana uchib ketaveradi. Chunki himoyachisi borligiga ishonadi. Mening esa himoyachimga ishonchim yo’q.
Hozir qarag’ay hidi anqib turadigan bo’m-bo’sh muz yotoqda uxlashga chog’lanyapman. Olovni o’chirganim on atrofimni bulutlar qurshab turgani haqida o’ylashim ayon. Erim qo’shni xonada yo’talib yotibdi. U insonmas, ko’mishga olib boradigan ridvon arava. Uni butun borlig’im bilan yomon ko’raman.
Agar ko’rishish nasib etsa, men xotirjam bo’lardim, sizning qo’llaringizni quvonchdan o’pib qo’yaman – o’shanda nimani xohlasangiz, ado etishga roziman. Yo’q – shunday bo’lishi kerak o’zi…»

III

Bu maktub menga qachon yetib kelganini xudo biladi. Moskvadan qishloqqa jo’natishibdi. U yerda xat sal kam uch oy turgan, so’ng janubga qarab yo’l olgan. Maktub mart boshida, Qrimga borishdan avval qo’limga tegdi.
Mutassir bo’ldim, hayajonimni ifodalab berolmayman.
Javob tariqasida nima yozish kerak, nima qilishim kerak? Men bu haqida uzoq o’yladim va shu o’y kallamga keldi, xudo kechirsin:
«Tog’lar oshib otda boraman».
Qrim tog’lariga ham tuman tushgandi. Ammo bahor edi, yigirma sakkizni urib qo’ygandim…
Lyay-lyudagi isqirt qovoqxonada, dovonda otlar qayta kuchga kirgunga qadar chuchuk ta’m vinodan ichdim. Xiyol mast bo’lib qoldim. Darchani ochib, bir muddat shamolda o’zimni yelpib o’tirdim. Xatni chiqarib, tag’in o’qidim, yuragim urib ketdi.
«Oh, jonginam, azizim! Nima qilish kerak? Nima?»
Qovoqxonada ortiq o’tira olmadim. Toza havoga chiqdim…
Tuman qizg’ish tus olgan, asta-sekin so’nayotgandi. G’ira-shirada balandlik yorug’ ko’rinar, iliq edi. Osmonda, bulutlar tutuni qandaydir quvonchli narsadan darak berayotgandek tuyulardi… U o’sib, kengaydi – va to’satdan ko’k rangga do’ndi…
Yozish kerak, – shart!
Lekin nimani? Qayerga?
Meni qurshab olgan tog’ sahrosida ko’k gumbaz yog’du tarata boshladi. Ammo dandanali tik qoyalar va tik jarlik uzra hamon tuman suzib yurar, bu quyosh nur sochgunga qadar uzoq davom etdi. Osmon tog’lar uzra yastangan, bepoyon va cheksiz, ko’m-ko’k bag’rida gard qolmgandi, havo toza va tepaliklar to’lqinlanib turardi. Shamol shimol tarafdan esar, ammo u mayin va yoqimli edi. Men bu havodan yanada mast bo’lib, dengizga yana bir qur nazar solish uchun jar labiga yaqinlashdim.
Jarlik tagida hosil bo’lgan mening bahaybat ko’kimtir soyamdan rangba-rang yorug’lik gardishi bug’ bo’lib taralardi. Ko’z oldimda nihoyasi yo’q, xuddi kovlab qo’yilgandek uyum-uyum bo’lgan bulutlar quyuqlashib, qo’l tegsa, uvalanib ketadigan katta do’nglikka aylanardi. Tubsiz jarlik va qoyalar, qirg’oq va ko’rfazlar o’rniga ufqqa qadar dengiz ustida ko’z ilg’amas ana shu xilqat ilib qo’yilganga o’xshab tuyulardi. Mening qalbim, uning bor quvvati, bor iztiroblarim va quvonchlarim – men bir vaqtlar sevganda yuragimda uyg’ongan tuyg’ular, behisob bahoriy kayfiyat, yoshlik – hammasi o’sha yoqqa, ana shu ufqqa, qat-qat bo’lgan bulutlar o’lkasiga, uzun, yorqin va zangori dengiz qa’riga singib ketdi…
Qo’ng’iroq bir zaylda davom etgan uzoq yo’l – o’tmishning qaytib kelmasligi va kelajak esa oldinda ekanligi borasida zang chalardi. Eski fayton, ko’hna uch ot qo’shilgan pochta aravasi… Qabatiga katta jomadonlarni qo’yib olgan, echkinikiga o’xshash quloqlari uzun tatar aravakash bilan otlarni dukurlatgancha va qo’g’ng’iroqlarni jiringlatgancha oxiri ko’rinmas katta yo’lda ketib borardik. Men moviy osmon bag’rini kesib o’tgan keskir tishli ko’kimtir qoyalarga uzoq tkikilib qoldim. Hamma yoqni qo’ng’iroq va tuyoqlarning dukur-dukur ovozlariga to’ldirgan uch ot qo’shilgan arava esa chayqala-chayqala ko’rkam daraxtzorlarni ortda qoldirib, dovondan pastlay-pastlay, yanada chuqur tushaverib, tobora o’sib boravergan osmon oldida oxir nuqtadek bo’lib qolardi chamamda.
Bu yerda, sukunat yutgan tog’li vodiyda, bahorning ilk kunlaridagi singari shaffof jimlik, och-yorqin ko’k rang jozibasi, tanasi qora yalang’och daraxtlar, butalar va undan pastga uzilib tushgan o’tgan yillardan qolgan jigarrang barglar, ilk bora unib chiqqan binafshalar, yovvoyi lolalar bor edi.
Bu yerda yana cho’qqilarda qor va sovuqdan yetarlicha «dam olgan» maysalar ham nish urib chiqqandi. Bu yer billurdek toza va erta bahor kunlaridagi kabi bahavo, jozibali edi.
Shunda menga hayotda ana shu bahor va baxt haqida o’ylashdan boshqa hech narsa kerak emasdek tuyuldi.
Mart oxirlarida, shimolda, qishloqqa endi kelgan damlarim kutilmaganda pochtadan Jenevadan Moskva orqali kelgan telegramma oldim. Unda shunday yozilgandi:
«Marhumaning istagini bajo keltirib, shuni xabar qilamanki, u shu martning 17 sanasida vafot etdi. Elь-Mammuna».

Rus tilidan Umid Ali tarjimasi

045

(Tashriflar: umumiy 414, bugungi 1)

Izoh qoldiring