Ҳақиқий таълим ўқитувчининг жонли муносабатда ўқувчига кўрсатадиган ўрнагидан иборат. Бу бошланғич мактаб билан бир қаторда университетга ҳам тааллуқлидир. Замонамизнинг муаммоси шундаки, ўқувчининг ўқитувчи билан бевосита муносабати сустлашиб бораётибдигина эмас, бутунлай йўққа чиқмоқда.
ОЛОВГА ҚАРАБ ЭРТАК СЎЗЛАМОҚ
Умберто Эко
Нили Андрос суҳбатлашди
Умберто Эко. 1932 йилда туғилган.Италиялик жаҳонга машҳур адиб, нафосатшунослик, семиотика, адабиётшунослик соҳаларида йирик тадқиқотлар олиб борган олим. “Атиргул исми” номли роман, модернизм ва постмодернизм адабиёти бўйича салмоқли китоблар ва ўнлаб ҳикоялар муаллифи.
— Болаларбоп эртак — дунё ҳақида нимадир билишнинг биринчи йўли. Бугунги кунда бола кўпгина ҳикояларни телевизор ёки IPAD орқали билиб олаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Улардан айримларининг аъло даражада бажарилганига тан бермай иложинг йўқ. Аммо барибир ҳам бу ҳикоялар болалар учун оғирлик қилади, улар болалар идроки учун махсус мўлжалланмаган.
— Бугунги кунда таълим олиш ҳеч гап бўлмай қолган. Ҳамма гап унинг сифатида. Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, одамни ўқитишдан кўра, тарбиялаш қийинроқ. Зеро, тарбия — узоқ, мураккаб ва ғоят масъулиятли жараён. Болада яхши нарсага мойиллик туғдирмоқ, унинг яхшилик ва ёмонликни англашида ёрдам бермоқ, унда асосий инсоний туйғу — қайғудош бўлишни ривожлантирмоқ, қизиқишни оширмоқ ғоят қийин вазифалардир, бу нарса катта чидам ва уқувни талаб этади, ёш шахсда билишга доимий қизиқишни қўллаб-қувватламоқ керак бўлади. Тарбия таълим жараёнида биринчи қадам бўлиши керак, деган гапга қандай қарайсиз?
— Ҳақиқий таълим ўқитувчининг жонли муносабатда ўқувчига кўрсатадиган ўрнагидан иборат. Бу бошланғич мактаб билан бир қаторда университетга ҳам тааллуқлидир. Замонамизнинг муаммоси шундаки, ўқувчининг ўқитувчи билан бевосита муносабати сустлашиб бораётибдигина эмас, бутунлай йўққа чиқмоқда. Мактабларда тобора кўпроқ болалар компьютер билан ўйнамоқдалар ва улардан зарурий ахборотларни олиш учун ҳамма нарсага қўлимиз етади, деб билишади. Улар ўқитувчининг сўзларига қулоқ солмай қўйганлар.
Афтидан, бу университетларда у қадар кўзга ташланмаётгандир, аммо у ерларда ҳам ўқитувчи билан суҳбат фақат тадқиқотчилик ишига чинакам рағбати борлардагина кузатилади. Қолганлар ҳам уларга керакли ахборотни Википедиядан ва бошқа шундай манбалардан олишга ҳавасманд.
Замонамизнинг таълим фожиасини шартли равишда “Суқротнинг ўлими” деб таърифлаш мумкин. Яъни, ўқитувчининг, тарбиячининг ўлими. Талабалар билан тўлиб-тошган шундай университетлар борки, уларда талабалар ва ўқитувчилар ўртасида ҳеч қандай мулоқот йўқ. Аммо айрим Америка университетларининг обрўси ( ва муносиб обрўси!) босқичдаги кам сонли талабаларга, ўқитувчи билан доимий мулоқот олиб бориш имкониятига асосланади.
Жимитвойларга келганда эса… Бирон нарса билан андармон қилиб қўйиш учун болаларини кун бўйи телевизор олдига ўтқазиб қўядиган ота-оналар тарбиячи бўлмай қўя қоладилар.
— Энг яхши насиҳатларимиз билан болага яқин бора туриб, унга шунчаки “Яхшилик қилиш — бу яхши, ёмонлик қилиш — бу ёмон” деб айтолмаймиз, бу тушунарли. Бундай тарбиядан наф камроқ. Жаҳон маданияти ва халқ ҳикматлари болаларга мурожаат қилишнинг энг яхши жанрини белгилаб берган — бу эртак сўйлаш.
Қизиқ, кўпинча эртаклар ойилар, дадалар, бувилар, боболарнинг ўз болалари ва невараларига (Астрид Лингредда бўлгани каби, ёки дўстларнинг болаларига (Льюис Керролда бўлгани каби) айтиб берган ҳикояларида яшайди. Сиз учта китобингизни болаларга бағишлагансиз. Қандай қилиб ва нима учун энг ёш авлодга мурожаат қилишга азми қарор этдингиз? Умуман олганда, ХХI аср болаларига эртаклар керакми? Қолаверса, улар сувратли анъанавий китобларга эҳтиёж сезадиларми?
— Биз атрофимиздаги дунё ҳақида ҳамма нарсани ҳикоялар орқали биламиз. Ҳатто зоологияни ўрганаётган талаба ҳам фақат илмий таърифлар ёрдамида эмас (ит — бу плацентар сут эмизувчи), балки ўша итлар ҳақидаги “ҳикоялар” орқали ўрганиши керак. У ёки бу ҳолларда итлар қандай яшайди ёки қандай ҳаракат қилади — шулар тўғрисидаги ҳикоялар (ёки гувоҳлар) орқали ўрганиши керак.
Болалар ҳам шундай. Айниқса, уларга бошқача ёндашиш лозим бўлади. Болалар дунё билан ўша итлар ёки бошқа ҳайвонлар ҳақидаги “ҳикоялар” орқали алоқа ўрнатадилар. Оловга қўл теккизиб бўлмайди — буни тушунадилар, чунки уларга олов ҳақидаги ҳикоя(эртак)ни айтиб беришган. Болаларбоп эртак — дунё ҳақида нимадир билишнинг биринчи йўли. Бугунги кунда бола кўпгина ҳикояларни телевизор ёки IPAD орқали билиб олаётганидан кўз юмиб бўлмайди.
Улардан айримларининг аъло даражада бажарилганига тан бермай иложинг йўқ. Аммо барибир ҳам бу ҳикоялар болалар учун оғирлик қилади, улар болалар идроки учун махсус мўлжалланмаган. Болани ўз ҳикояларини тўқишга ундайдиган кўплаб ўйинлар болаларда зўравонликка, бетизгин рақобатга, ўзбошимчалик билан вазиятни чуқур ўрганмай туриб таваккалига иш тутишга одатланишни тарбиялайди.
Иймоним комил: бола учун ҳаётда бош қаҳрамон унга эртаклар айтиб берувчи ота-она бўлмоғи керак. Қолгани — ёрдамчи нарсалар. Ёрдамчи нарсалар нимагадир ишора қилиши, аниқлик киритиши мумкиндир, аммо ҳеч қачон киши оғзи билан айтиб берганидек бўлолмайди.
— Бугунги кунда олий илм ва оддий, ҳатто маълумотли одамлар ўртасида чуқур жарлик пайдо бўлган. Ўтмишдаги ва ҳозирги замондаги санъат дурдоналари ҳам кенг омма эътиборидан четда қолиб кетмоқда. Эҳтимол, бундай нарсалар оддий истеъмолчиларга мўлжаллаб яратилмагандир, аммо барибир ҳам телевидение, радио, кино, интернет кўпроқ юксак ва муносиб нарсалар ҳақида гапиришлари керак. Ўша телевидение сохта адабиёт, сохта мусиқа, сохта санъат билан тўлиб-тошган. Бу ҳам етмагандай, барча оммавий ахборот воситалари салбий нарсалар, шафқатсизлик билан тўла…
— Ҳаётимизга телевидение орқали кириб келадиганларнинг кўпчилиги чинакам таълим учун керакмаслиги кундай равшан, улар тарбия кушандаларидир. Аммо болаларим ўн ва ўн икки ёшга кирганларида уларда бир нарса бўлгани эсимда. Биз ўшанда ўзимизнинг шаҳар ташқарисидаги уйимизга биринчи марта борган эдик. Ўша уйда камин бор эди. Болаларим оловнинг ёнишига шу қадар маҳлиё бўлиб қолишдики, телевизор кўриш ҳам эсларидан чиқиб кетди. Биз оилаларимизда ана шундай муносабатни тиклашимиз керак — ота-оналар ва болалар, бутун оила гулхан атрофида тўпланишимиз, бир-биримизга эртакларми ё ичимиздан тўқиб чиқарган эртакларми — фарқи йўқ, муҳими, ота-оналар ва фарзандлар бир-бирларига кўнгилларидаги гапларни айтиб оладилар.
— Барибир ҳам, салбий таъсир этувчи, гоҳо ўша интернетда тўлиб-тошиб ётган хатарли ахборотдан болаларни қисман бўлса-да, қандай ҳимоя қилмоқ керак?
— Бу бизнинг замонамиз муаммоси. Маънавиятли киши яхши сайтларни зарарлисидан ажратиб олишга қодир. Афсуски, ёш ва камроқ маълумотли одамлар учун бу муаммони ечиш амри маҳол. Албатта, мактаб интернетга танқидий, ҳушёр ёндашишга ўргатмоғи шарт. Аммо ўқитувчининг ўзи ишончли ва ишончсиз сайтларни фарқлашга қодир бўлмаса, бунга қандай эришиб бўлади?
Мен мактабларда ўқувчиларга интернетда маслаҳатлар талаб этувчи мавзулар беришни тавсия қилган бўлардим, аммо шунда ҳам олинган ахборотни бошқа манбалар билан таққослаш жоиз, деб билардим. Бир-бирига зид ҳужжатларни бир-бирига таққословчи жиддий олимлар қилгани каби. Балки шу йўл билан ўқувчи ёки талаба мавзу бўйича дуч келган биринчи ахборотга ишонмаслик кераклигини англар. Аммо… бундай танқидий таълимни ташкил этиш ғоятда мушкул. Интернетни ўзлаштиришда ўқувчига қадам-бақадам ҳамроҳлик қилиб бориш керак, бироқ бу ерда бизга яна ҳақиқий ўқитувчи керак бўлади… Ана гап шунда.
— Сиз бир гал ёғочдан қоғоз қилиб чиқариш технологияси билан боғлиқ бир муаммо ҳақида гапирган эдингиз: ХIХ –ХХ асрнинг қимматли китоблари ғорат топиб ва йўқолиб кетиши мумкин, дегандингиз. Очиғини айтсам, мен бу гапни биринчи марта эшитишим эди. Нашрни арзонлаштириш ортидан қувиш оқибатида кўпгина китоблар шунчаки ёмон қоғозга ёмон бўёқларда чоп этадилар, шунинг учун улар тез титилиб, ҳаводаги намликни кўтаролмайди, деб ўйлар эдим.
— Ҳамма гап шундаки, ХIХ аср ўрталари ва ундан кейинги чиққан китобларнинг кўпчилиги латта лахтакларидан тайёрланган қоғозда чоп этилган. Кейин ёғочдан тайёрланган қоғозга ўтишган, унинг “умр”и эса етмиш йил. ХХ аср 50-йилларидаги матбаа китобларида урушдан кейин ёмон қоғозлар ишлатилгани боис, бугун уларни қўлга олиб бўлмайди, варақласанг, нақ қўлингнинг ўзида титилиб тушади. Менинг шахсий кутубхонамда эса ХV асрда чоп этилган китоблар бор — худди ҳозир босмахонадан келтирилгандай турибди! Шу боис бугунги кунда кутубхоналар китобларни сақлаб қолиш учун уларни ёмон қоғозларга кўчирмоқдалар. Аммо кўплаб китоб хазиналарида миллионлаб жилдлар мавжуд ва уларни қутқариб қолиш ишлари ғоят серчиқим бўлиб, кўп вақтни ҳам олади.
Ҳозир кўпгина ноширлар китобларни тезоб(кислота)сиз қоғозда босмоқдалар, бундай китоб узоқ яшайди. Бироқ сўнгги юз йилдаги нашрларга келсак, кўп ўтмай катта хазинадан маҳрум бўлишимиз ҳеч гап эмас.
Фақат кўнгил бир нарсадан сал тасалли топгандай бўлади: шу тариқа кўплаб фойдасиз китоблардан қутулганимиз қолади. Аммо, бу, албатта, озроқ тасалли, холос.
Русчадан Амир ФАЙЗУЛЛА таржимаси
OLOVGA QARAB ERTAK SO’ZLAMOQ
Umberto Eko
Nili ANDROS suhbatlashdi
Umberto Eko. 1932 yilda tug’ilgan.Italiyalik jahonga mashhur adib, nafosatshunoslik, semiotika, adabiyotshunoslik sohalarida yirik tadqiqotlar olib borgan olim. “Atirgul ismi” nomli roman, modernizm va postmodernizm adabiyoti bo’yicha salmoqli kitoblar va o’nlab hikoyalar muallifi.
— Bolalarbop ertak — dunyo haqida nimadir bilishning birinchi yo’li. Bugungi kunda bola ko’pgina hikoyalarni televizor yoki IPAD orqali bilib olayotganidan ko’z yumib bo’lmaydi.Ulardan ayrimlarining a’lo darajada bajarilganiga tan bermay ilojing yo’q. Ammo baribir ham bu hikoyalar bolalar uchun og’irlik qiladi, ular bolalar idroki
uchun maxsus mo’ljallanmagan.
— Bugungi kunda ta’lim olish hech gap bo’lmay qolgan. Hamma gap uning sifatida. Yana shuni ham ta’kidlash kerakki, odamni o’qitishdan ko’ra, tarbiyalash qiyinroq. Zero, tarbiya — uzoq, murakkab va g’oyat mas’uliyatli jarayon. Bolada yaxshi narsaga moyillik tug’dirmoq, uning yaxshilik va yomonlikni anglashida yordam bermoq, unda asosiy insoniy tuyg’u — qayg’udosh bo’lishni rivojlantirmoq, qiziqishni oshirmoq g’oyat qiyin vazifalardir, bu narsa katta chidam va uquvni talab etadi, yosh shaxsda bilishga doimiy qiziqishni qo’llab-quvvatlamoq kerak bo’ladi. Tarbiya ta’lim jarayonida birinchi qadam bo’lishi kerak, degan gapga qanday qaraysiz?
— Haqiqiy ta’lim o’qituvchining jonli munosabatda o’quvchiga ko’rsatadigan o’rnagidan iborat. Bu boshlang’ich maktab bilan bir qatorda universitetga ham taalluqlidir. Zamonamizning muammosi shundaki, o’quvchining o’qituvchi bilan bevosita munosabati sustlashib borayotibdigina emas, butunlay yo’qqa chiqmoqda. Maktablarda tobora ko’proq bolalar komp`yuter bilan o’ynamoqdalar va ulardan zaruriy axborotlarni olish uchun hamma narsaga qo’limiz yetadi, deb bilishadi. Ular o’qituvchining so’zlariga quloq solmay qo’yganlar.
Aftidan, bu universitetlarda u qadar ko’zga tashlanmayotgandir, ammo u yerlarda ham o’qituvchi bilan suhbat faqat tadqiqotchilik ishiga chinakam rag’bati borlardagina kuzatiladi. Qolganlar ham ularga kerakli axborotni Vikipediyadan va boshqa shunday manbalardan olishga havasmand.
Zamonamizning ta’lim fojiasini shartli ravishda “Suqrotning o’limi” deb ta’riflash mumkin. Ya’ni, o’qituvchining, tarbiyachining o’limi. Talabalar bilan to’lib-toshgan shunday universitetlar borki, ularda talabalar va o’qituvchilar o’rtasida hech qanday muloqot yo’q. Ammo ayrim Amerika universitetlarining obro’si ( va munosib obro’si!) bosqichdagi kam sonli talabalarga, o’qituvchi bilan doimiy muloqot olib borish imkoniyatiga asoslanadi.
Jimitvoylarga kelganda esa… Biron narsa bilan andarmon qilib qo’yish uchun bolalarini kun bo’yi televizor oldiga o’tqazib qo’yadigan ota-onalar tarbiyachi bo’lmay qo’ya qoladilar.
— Eng yaxshi nasihatlarimiz bilan bolaga yaqin bora turib, unga shunchaki “Yaxshilik qilish — bu yaxshi, yomonlik qilish — bu yomon” deb aytolmaymiz, bu tushunarli. Bunday tarbiyadan naf kamroq. Jahon madaniyati va xalq hikmatlari bolalarga murojaat qilishning eng yaxshi janrini belgilab bergan — bu ertak so’ylash.
Qiziq, ko’pincha ertaklar oyilar, dadalar, buvilar, bobolarning o’z bolalari va nevaralariga (Astrid Lingredda bo’lgani kabi, yoki do’stlarning bolalariga (L`yuis Kerrolda bo’lgani kabi) aytib bergan hikoyalarida yashaydi. Siz uchta kitobingizni bolalarga bag’ishlagansiz. Qanday qilib va nima uchun eng yosh avlodga murojaat qilishga azmi qaror etdingiz? Umuman olganda, XXI asr bolalariga ertaklar kerakmi? Qolaversa, ular suvratli an’anaviy kitoblarga ehtiyoj sezadilarmi?
— Biz atrofimizdagi dunyo haqida hamma narsani hikoyalar orqali bilamiz. Hatto zoologiyani o’rganayotgan talaba ham faqat ilmiy ta’riflar yordamida emas (it — bu platsentar sut emizuvchi), balki o’sha itlar haqidagi “hikoyalar” orqali o’rganishi kerak. U yoki bu hollarda itlar qanday yashaydi yoki qanday harakat qiladi — shular to’g’risidagi hikoyalar (yoki guvohlar) orqali o’rganishi kerak.
Bolalar ham shunday. Ayniqsa, ularga boshqacha yondashish lozim bo’ladi. Bolalar dunyo bilan o’sha itlar yoki boshqa hayvonlar haqidagi “hikoyalar” orqali aloqa o’rnatadilar. Olovga qo’l tekkizib bo’lmaydi — buni tushunadilar, chunki ularga olov haqidagi hikoya(ertak)ni aytib berishgan. Bolalarbop ertak — dunyo haqida nimadir bilishning birinchi yo’li. Bugungi kunda bola ko’pgina hikoyalarni televizor yoki IPAD orqali bilib olayotganidan ko’z yumib bo’lmaydi.
Ulardan ayrimlarining a’lo darajada bajarilganiga tan bermay ilojing yo’q. Ammo baribir ham bu hikoyalar bolalar uchun og’irlik qiladi, ular bolalar idroki uchun maxsus mo’ljallanmagan. Bolani o’z hikoyalarini to’qishga undaydigan ko’plab o’yinlar bolalarda zo’ravonlikka, betizgin raqobatga, o’zboshimchalik bilan vaziyatni chuqur o’rganmay turib tavakkaliga ish tutishga odatlanishni tarbiyalaydi.
Iymonim komil: bola uchun hayotda bosh qahramon unga ertaklar aytib beruvchi ota-ona bo’lmog’i kerak. Qolgani — yordamchi narsalar. Yordamchi narsalar nimagadir ishora qilishi, aniqlik kiritishi mumkindir, ammo hech qachon kishi og’zi bilan aytib berganidek bo’lolmaydi.
— Bugungi kunda oliy ilm va oddiy, hatto ma’lumotli odamlar o’rtasida chuqur jarlik paydo bo’lgan. O’tmishdagi va hozirgi zamondagi san’at durdonalari ham keng omma e’tiboridan chetda qolib ketmoqda. Ehtimol, bunday narsalar oddiy iste’molchilarga mo’ljallab yaratilmagandir, ammo baribir ham televidenie, radio, kino, internet ko’proq yuksak va munosib narsalar haqida gapirishlari kerak. O’sha televidenie soxta adabiyot, soxta musiqa, soxta san’at bilan to’lib-toshgan. Bu ham yetmaganday, barcha ommaviy axborot vositalari salbiy narsalar, shafqatsizlik bilan to’la…
— Hayotimizga televidenie orqali kirib keladiganlarning ko’pchiligi chinakam ta’lim uchun kerakmasligi kunday ravshan, ular tarbiya kushandalaridir. Ammo bolalarim o’n va o’n ikki yoshga kirganlarida ularda bir narsa bo’lgani esimda. Biz o’shanda o’zimizning shahar tashqarisidagi uyimizga birinchi marta borgan edik. O’sha uyda kamin bor edi. Bolalarim olovning yonishiga shu qadar mahliyo bo’lib qolishdiki, televizor ko’rish ham eslaridan chiqib ketdi. Biz oilalarimizda ana shunday munosabatni tiklashimiz kerak — ota-onalar va bolalar, butun oila gulxan atrofida to’planishimiz, bir-birimizga ertaklarmi yo ichimizdan to’qib chiqargan ertaklarmi — farqi yo’q, muhimi, ota-onalar va farzandlar bir-birlariga ko’ngillaridagi gaplarni aytib oladilar.
— Baribir ham, salbiy ta’sir etuvchi, goho o’sha internetda to’lib-toshib yotgan xatarli axborotdan bolalarni qisman bo’lsa-da, qanday himoya qilmoq kerak?
— Bu bizning zamonamiz muammosi. Ma’naviyatli kishi yaxshi saytlarni zararlisidan ajratib olishga qodir. Afsuski, yosh va kamroq ma’lumotli odamlar uchun bu muammoni yechish amri mahol. Albatta, maktab internetga tanqidiy, hushyor yondashishga o’rgatmog’i shart. Ammo o’qituvchining o’zi ishonchli va ishonchsiz saytlarni farqlashga qodir bo’lmasa, bunga qanday erishib bo’ladi?
Men maktablarda o’quvchilarga internetda maslahatlar talab etuvchi mavzular berishni tavsiya qilgan bo’lardim, ammo shunda ham olingan axborotni boshqa manbalar bilan taqqoslash joiz, deb bilardim. Bir-biriga zid hujjatlarni bir-biriga taqqoslovchi jiddiy olimlar qilgani kabi. Balki shu yo’l bilan o’quvchi yoki talaba mavzu bo’yicha duch kelgan birinchi axborotga ishonmaslik kerakligini anglar. Ammo… bunday tanqidiy ta’limni tashkil etish g’oyatda mushkul. Internetni o’zlashtirishda o’quvchiga qadam-baqadam hamrohlik qilib borish kerak, biroq bu yerda bizga yana haqiqiy o’qituvchi kerak bo’ladi… Ana gap shunda.
— Siz bir gal yog’ochdan qog’oz qilib chiqarish texnologiyasi bilan bog’liq bir muammo haqida gapirgan edingiz: XIX –XX asrning qimmatli kitoblari g’orat topib va yo’qolib ketishi mumkin, degandingiz. Ochig’ini aytsam, men bu gapni birinchi marta eshitishim edi. Nashrni arzonlashtirish ortidan quvish oqibatida ko’pgina kitoblar shunchaki yomon qog’ozga yomon bo’yoqlarda chop etadilar, shuning uchun ular tez titilib, havodagi namlikni ko’tarolmaydi, deb o’ylar edim.
— Hamma gap shundaki, XIX asr o’rtalari va undan keyingi chiqqan kitoblarning ko’pchiligi latta laxtaklaridan tayyorlangan qog’ozda chop etilgan. Keyin yog’ochdan tayyorlangan qog’ozga o’tishgan, uning “umr”i esa yetmish yil. XX asr 50-yillaridagi matbaa kitoblarida urushdan keyin yomon qog’ozlar ishlatilgani bois, bugun ularni qo’lga olib bo’lmaydi, varaqlasang, naq qo’lingning o’zida titilib tushadi. Mening shaxsiy kutubxonamda esa XV asrda chop etilgan kitoblar bor — xuddi hozir bosmaxonadan keltirilganday turibdi! Shu bois bugungi kunda kutubxonalar kitoblarni saqlab qolish uchun ularni yomon qog’ozlarga ko’chirmoqdalar. Ammo ko’plab kitob xazinalarida millionlab jildlar mavjud va ularni qutqarib qolish ishlari g’oyat serchiqim bo’lib, ko’p vaqtni ham oladi.
Hozir ko’pgina noshirlar kitoblarni tezob(kislota)siz qog’ozda bosmoqdalar, bunday kitob uzoq yashaydi. Biroq so’nggi yuz yildagi nashrlarga kelsak, ko’p o’tmay katta xazinadan mahrum bo’lishimiz hech gap emas.
Faqat ko’ngil bir narsadan sal tasalli topganday bo’ladi: shu tariqa ko’plab foydasiz kitoblardan qutulganimiz qoladi. Ammo, bu, albatta, ozroq tasalli, xolos.
Ruschadan Amir FAYZULLA tarjimasi