Erkin Vohidov. She’rlar (Videoshe’rlar).

06
Устоз Эркин Воҳидов нафақат ўзбекнинг,балки бутун туркий халқларнинг атоқли ва ардоқли  шоиридир. 1992 йили Туркияда илк маротиба ўтказилган туркий тилда ижод қиладиган шоирларнинг анжуманида буюк турк шоири Юнус Эмро номидаги Халқаро мукофот билан тақдирлангани бежиз эмас.Устознинг шеърий сатрларини билмаган ўзбек бўлмаса керак оламда. Эркин ака менга оқ йўл тилаган устоз  сифатида азиз ва ҳурматлидир.Унинг оқ йўли билан 1976 йили ўша даврнинг энг эътиборли журнали «Гулистон»да илк шеърий туркумим босилган эди.Мана орадан қарайиб 36 йил ўтибди.Мен  куни кеча муборак 75 ёшини қаршилаган устозга Аллоҳдан сиҳат- саломатлик тилайман.

Хуршид Даврон

011

* * *

То тирикдирки табиат,
То қуёш сочгайки нур,
Уч эгиз бордир тушунча,
У бу сўз ёндош бўлур:

Моҳиру меҳру маҳорат,
Олиму илму амал,
Ошику ишқу машақкат,
Шоиру шеъру шуур.

1961

011

РАШКИМ

Сени ётлар тугул ҳатто —
Қилурман рашк ўзимдан ҳам,
Узокрок термулиб колсам
Бўлурман ғаш кўзимдан ҳам.

Кўзим ёнгай сенга наргис —
Кўзин тикса чаманларда,
Яширмам, лолага рашким
Аён бўлгай юзимдан ҳам.

Дегайларки, чаросу
Ол гилос олмиш лабингдан ранг,
Лабинг тегса ҳасад қилгум
Гилос бирлан узумдан ҳам.

Сени жоним дедим ёлғиз,
Сени қалбим дедим танҳо,
Чимирдинг кош, пушаймонман
Кўпол айтган сўзимдан ҳам.

Висол онида кўз очса,
Не тонг, тонгдан кўнгилда ранж,
Жудо килгай мени ой юз,
Хумор кўз юлдузимдан ҳам.

Сенга ўн тўртда боғландим,
Ҳануз эркин бўлолмас дил,
Ўзим доғман, ақл кирмас,
Тўзимсиз ўттизимдан ҳам.

1967

011

* * *

Мен жилғаман,
Дарё бўлиб тўлгим келади.
Она юртим,
Сенга ўғлон бўлгим келади.

Бугун сенга
Фақатгина шеър бағишладим.
Керак бўлса,
Жонни фидо қилгим келади.

1953

011

УЗУМ

Термулар шабнамли япрок —
Остидан пинҳон узум,
Лабларингга етмок истаб
Тонг саҳар гирён узум.

Офтоб машшотаси
Ток сочини нурдан тараб
Зангининг бўйнига осмиш
Шодаи маржон узум.

Тоқи ишком мисли осмон,
Ҳар тараф юлдуз сочур.
Воҳ ажаб, бу не синоат,
Ер узум, осмон узум.

Тарк этиб кўшкин, саватга
Қўйди бош, излаб сени
Чарх уриб бозор ичида
Бўлди саргардон узум.

Кимки ошиқликни даъво
Айласа шулдир жазо.
Окибат хум ичра бўлди
Маҳкуми зиндон узум.

Хум ичида неча йил
Хун бўлмоқ эркан қисмати,
Лабларингга етди охир
Бир пиёла кон узум.

Бир кадаҳ гулгун шароб
Тутдим сенга, бир ҳўпладинг,
Толеимдан воладурман,
Бахтидан ҳайрон узум.

Эй дилором, сенга Эркин
Тутди майдек шеърини,
Дил хумида неча йил
Қон бўлди бу девон — узум.

1967

011

022

ERKIN VOHIDOV

Taniqli o’zbek shoiri va jamoat arbobi. 1936 yilning 28 dekabrida Oltiariq tumanida o’qituvchi oilasida tug’ilgan. To’qqiz yoshida otasidan, bir yildan so’ng onasidan ajralgan. Toshkentlik tog’asi Karimboy Sohiboev qo’lida tarbiyalangan. ToshDU (hozirgi O’zMU)ning o’zbek filologiyasi fakultetida (1955-1960) tahsil olgan. So’ng turli nashriyot va gazeta-jurnallarda ishladi. Respublikamiz yoshlarining birinchi jurnali ‘Yoshlik’ning asoschisi (1982).
Shoirning birinchi kitobi ‘Tong nafasi’ 1961 yilda chop etildi. Shundan so’ng ‘Qo’shiqlarim sizga’ (1962), ‘Yurak va aql’ (1963), ‘Mening yulduzim’ (1964), ‘Nido’ (1964), ‘Lirika’ (1965), ‘Palatkada yozilgan doston’ (1966), ‘Yoshlik devoni'(1969), ‘Charog’bon’ (1970), ‘Quyosh maskani’ (1972), ‘Tirik sayyoralar’ (1978), ‘Sharqiy qirg’oq’ (1981), ‘Kelajakka maktub’ (1983), ‘Muhabbat’ (1984), ‘Hozirgi yoshlar’ (1986), ‘Iztirob’ (1991), ‘Yaxshidir achchiq haqiqat’ (1992) kabi she’riy to’plamlari nashr qilindi. ‘Nido’ (1964), ‘Palatkada yozilgan doston’ (1966), ‘Charog’bon’ (1970), ‘Ruhlar isyoni’ (1980), ‘Ko’hinur’ (1982) kabi dostonlar yozgan.
‘Oltin devor’, ‘Istambul fojeasi’, ‘Ikkinchi tumor’ kabi dramalar muallifi. S. Esenin, A. Tvardovskiy, M. Iqbol, G. Emin she’rlarini, Gyotening ‘Faust’, R. Hamzatovning ‘Dog’istonim’ asarlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. 1999 yilda O’zbekiston Qahramoni unvoniga sazovor bo’ldi.
Erkin Vohidov menga oq yo’l tilagan inson va ustoz sifatida azizdir.Uztozning oq yo’li bilan 1976 yilda o’sha davrning eng obro’li jurnali ‘Guliston’da ilk she’riy turkumum bosilgan edi.

(Tashriflar: umumiy 10 502, bugungi 1)

12 izoh

  1. Ушбу маълумот, видео ва суратлар учун минг раҳмат.
    Жуда таъсирли, керакли, долзарб.
    Бир таклиф:
    Ушбу изоҳларни саҳифа остига қўшиб қўйилса, янада таъсирлироқ бўлар эди.
    Раҳмат!

  2. Erkin Vohidov ijodini hurmat qilaman. Sherlarini o’qib turaman. Uzum, sadoqat sherlari yoqadi.
    Ushbu »videosherlar»ni saqlab olishning iloji bormi?

  3. Erkin vohidovni judayam hurmat qilaman o’zbek adaboyotining buyuk namoyondasi olamdan koz yumdi. Joylari jannatda bo’lsin.

  4. O’zbek adabiyotining eng iste’dodli namoyondasi Ustoz Erkin Vohidov ning barcha ASARlari biz uchun tengi yo’q merosdir. Ilohim joylari SHOYISTAI JANNATdan BO’LSIN

  5. Erkin Vohidov o’zbek adabiyotining buyuk vakili edilar. Ularning asarlari hech qachon o’lmaydi. Joylari jannatta bo’lsin

  6. Хуршид ака. Савобли ишларга кул ургансиз. Адабиётимизнинг буюк намоёндалари асарлари, улар билан булган сухбатлар кишига завк багишлайди. Сиздан битта илтимос видеофайлларни кучириб оладиган килиб жойлаштирсангиз.

  7. Яхши шоир узини турт сатирда курсатир.бу мисралар хам Эркин вохидовга теишлимиди.Бошини билганлар ёзворилар шу туртликни.

  8. Шеърнинг зўри тўрт сатр,
    Тўрт бўлса-да зўр сатр.
    Шоир одам ўзини
    Тўрт сатрда кўрсатур…

  9. Ajoyib she’rlar! Haqiqiy o`zbek shoiri! O`zbek qolaversa O`zbekiston xalqining qalbida mangu yashaysiz, ustoz!

Izoh qoldiring