Abdulla Oripov. Yangi she’rlar.

Ashampoo_Snap_2018.03.20_18h07m25s_002_.pngЭлимизга ва дилимизга ташриф буюрган Наврўзи олам — Йилбоши билан атоқли ва ардоқли шоиримизни чин дилдан муборакбод этиб, туғилган кунлари билан яна бир бор қутлаб, узоқ умр, сиҳат-саломатлик, ижодий безовталик тилаб, куни кеча «Китоб дунёси» ва ЎзАС» газеталарида эълон қилинган устознинг янги ёзилган шеърларини сиз азиз, саҳифадошларимизга, тақдим этамиз.

Абдулла Орипов
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
08

ХАЛҚИМ

Агар бола бўлсанг, бағримга босиб,
Елкамда кўтариб юрарман, халқим.
Агар ота бўлсанг, сенга муносиб,
Таянч, асо бўлиб турарман, халқим.

Дунёда кўп эрур шаҳри азимлар,
Муҳташам қасрлар, олий базмлар,
Қуршаган чоғда ҳам эъзоз, таъзимлар,
Даврамни сен билан қурарман, халқим.

Умр-ку ўтажак, фано муқаррар,
У ёқдан ҳеч кимга келмаган хабар,
Мабодо жаннатга бўлсам муяссар,
Шунда ҳам хаёлинг сурарман, халқим.

Гоҳида ризқингдан қолдинг айрилиб,
Майли, ўтган ўтди, боқма қайрилиб,
Келса балохўрлар, қўлин қайириб,
Бошини тошларга урарман халқим.

Заминнинг айқирган дарёлари бор,
Тонгги шабадолар таратар ифор,
Менда бўлиб қолса бир зум ихтиёр,
Барисин сен томон бурарман, халқим.

Сен завол топмадинг, қолмадинг ҳориб,
Сув келса сипқориб, тошни қўпориб,
Менким шоир ўғлинг Абдулла Ориф,
Эртан камолинг ҳам кўрарман халқим.

ШОГИРД МАҚОМИ

Умримиз кечади оддий ва камтар,
Биламан, сен кўзга илмаслигингни.
Дарёга теранроқ ташлагин назар,
Бўйнингга ол, укам, билмаслигингни.

Эсла буюк шоир асарларини,
Сўраб, ўрганишдан эринма зинҳор.
Жўн бир пардақанот асаларининг
Биз билмаган қанча синоати бор.

Аллома Беруний қазоси куни
Бир савол ечимин қилибди армон.
Ҳадиси шариф ҳам уқтирар буни:
«Боринг илм дея ҳатто Чин томон».

Ўрнидан қўзғалмас харсанг тош фақат,
Пойгада ғолибдир асил, чопқир от.
«Афлотун дўстимдир, лекин ҳақиқат
Ундан афзал» демиш файласуф Суқрот.

Муқаддас китобда олам сеҳри жам,
Жо бўлмиш илоҳий туйғу ва фикр.
Алҳазар, алҳазар, Яратганнинг ҳам
Энг аввал душмани аталмиш — кибр.

Юксакни кўзлайди доимо бургут,
Парвози майлига баланддир, пастдир.
Комиллик заҳматин этма ҳеч унут,
Бир зина ошмаган шогирд эмасдир.

АССАЛОМ

Тонгда мактабига шошар болакай,
У ҳам ўз ишига масъул экан-да.
Ва лекин дуч келган одамга атай
Салом беришни у қилмайди канда.

Сен ишга борасан, остонадаёқ
Қоровул «Салом» деб разм солади.
Бошлиғинг чорлайди, чиқасан шу чоғ,
Салом берсанг балки алик олади.

Бу олам шунақа қурилган ўзи,
Ҳидлашиб кўришар ҳатто ҳайвонот.
Қуръоний каломдир «Ассалом» сўзи,
Дўзахи саналур такаббур ҳар зот.

Ҳеч нарса йўқотмас салом берган ҳам,
Камайиб қолмайди ким олса алик.
Лекин қулфи дилинг очилгай шу дам,
Демак, дунё тинчдир, олам беҳадик.

Булут босса ҳамки боқабер, Қуёш,
Тафтинг бўлмаса ҳам чиқабергин, Ой.
Майсалар «Салом» деб кўтармоқда бош,
Бу ҳам бир мактабдир, бизга, ҳойнаҳой.

ЎЗБЕК ТИЛИМ

Кўп қадимман,
Карвон билан замонлар кечдим,
Нор туянинг норлиги ҳам афсона экан.
Бир кун туя айронини шифо деб ичдим,
Она туя номи эса арвона экан.

Давроним сурганман ҳам оқ отга миниб,
Ҳай-ҳай, унинг қўлтиғида бор эди қанот.
Вақти келиб, шон-шуҳратдан хаёлим тиниб,
Билсам, ўша оқ отимни дерканлар — бўз от.

Юксак Ҳисор тоғларининг бағрида қат-қат
Тошни ёриб ўсган наъматак эди.
Устоз Ойбек шеърин эслаб шоир Холмамат,
— Бизнинг жойда унинг номи «Ҳулулу», — деди.

Сен туганмас чашмадирсан, оҳ, она тилим,
Етмиш икки томиримга мавжларинг борди.
Бир кун тиниб қолган эди боғда булбулим,
— Сандулочим! — деган эдим, сайраб юборди.

Инсон деган қутлуғ сўзнинг тенги йўқ ҳеч бир,
У танҳодир, фалакларнинг қуёши мисол.
Лекин манов болакайдир, буниси ўсмир,
Бу йигитдир, бу зот эса бобо, оқсоқол.

ҲАСАДГЎЙ

Инсоф берар бўлса, Худойим агар,
Ўғрини тарбият айламак мумкин.
Ногаҳон бировга етказса зарар,
Телбани занжирга бойламоқ мумкин.

Энг катта ёвни ҳам енгмоқлик осон,
Битта сотқинини қўлга олсанг бас.
Донога айланар ҳаттоки нодон,
Фақат ҳасадгўйни даф қилиб бўлмас.

ВАГОН

Вокзал улкан шаҳар чегарасида,
Поездлар шамоли тинмай уфурар.
Чеккада, темир йўл заҳирасида
Фақат битта вагон мунғайиб турар.

Қаёқдан келган у? Билмайди биров,
Унинг на йўловчи, на эгаси бор.
Ёз бўйи саратон ёндирар лов-лов,
Қиш ўтиб, эримас томидаги қор.

Бир замон йўлчига кўшк бўлган у ҳам,
Водийлардан ўтган, саҳродан ўтган.
Булутдай виқорли, шамолдай илдам,
Не-не манзилларга қадами етган.

Ўтган йўлларини эсласа ҳамон,
Ўзи ҳам ишонмас юрганлигига.
Бағридан жой топиб қанчалар инсон,
Ҳатто шоҳлар базм қурганлигига.

Ҳеч ким қаторига энди уламас,
Ўрнидан жилмоққа етмайди ҳоли.
Ҳатто сувараклар яқин йўламас,
Ташландиқ вагон у. Шулдир аҳволи.

ЗОМБИ

— Нега доим кифтинг қисиб юрасан, ўртоқ?
— Бой эмасман, камбағалнинг йўриғи шундоқ.

— Нега савол беришмаса бир сўз демассан?
— Мен оддий бир ижрочиман, раҳбар эмасман.

— Борми сенда истак, орзу ёки талаблар?
— Тушунмадим, нотанишдир бунақа гаплар.

— Кимсан ўзи? Отанг ўлса йиғлайсанми, айт?
— Бажараман қандай буйруқ бўлса ўша пайт.

БОЛАЖОН

Болажон дейилса — табассум тайёр,
Меҳру шафқат тайёр, тараҳҳум тайёр.
Алла айтар ҳатто камгап аёл ҳам,
Болажон дейилса — такаллум тайёр.

СЎРОВ

Заминда юз берди шундоқ вазият:
Осмон сўров қилди жаъми бандани.
Касбу корларига қизиқди фақат,
Ким қандай юмушни бажарган, қани.

Бир банда сўз олди тортиниб шу он,
Деди: – Мен меъморман, Аллоҳга шукур.
Мен қурган эшикдан киргай ҳар меҳмон,
Очган деразамдан ёғиб турар нур.

Оқ халатли одам шифокор экан,
Рўйхат қилиб олган ҳар зум, ҳар дамни.
Деди: – Шунча бемор тузалиб кетган,
Сақлаб қололмадим шунча одамни.

Ногоҳ бир қаламкаш жўш урган кўйи
Деди: – Айтиб қўяй, шу кунни кутдим.
Бошқа иш қилмадим, мен умрим бўйи
Машҳур одамларни ёмонлаб ўтдим.

Хуллас, деҳқон борми ёки чилангар
Маълумот бердилар ўзларига боп:
Балдоқ ясаб юрган, масалан, заргар,
Ҳаммол юк ташиган – елкасида қоп.

Фақат юлғич қолди жавоб қилмаган,
Йўқ унда тайинли бирор касбу кор.
Инсоф нималигин асло билмаган,
Бу қавм яшаган доим бахтиёр.

Яна бир қавм бор – номи иғвогар,
Шу ишга сарф қилган ақлин, бор кучин.
Кўрган-билганларин қолдирмай йиғар,
Юмалоқ хат қилиб ёзмоқлик учун.

Ҳа, одам сийрати жуда ранг-баранг,
Бири зор меҳрга, бири амалга.
Кимдир ўлим билан олиб борса жанг,
Кимдир югурдаклик қилар ажалга.

Алқисса, айтилди: — Инсондир Кабир,
У ҳатто самога қўймишдир қадам.
Лекин оқиб турар қонида кибр,
Меҳнатин ёнида яшар нафси ҳам.

Сўров тамом бўлди, тинчланди осмон,
Кўкка сиёҳ сочиб, қуёш ҳам ботди.
Бошланар эртанги кун ҳам бегумон,
Ой чиқди, одамлар ухлаб, тош қотди.

УЧ ЗИНА

Уч ажиб зинадан ўтгайдир Инсон,
Гўёки ғазалнинг уч гўзал байти.
Хоҳлар ё хоҳламас, одам бегумон
Ўзи учун яшар болалик пайти.

Бир кун у камолот ёшига етгай,
Бу фасл ҳамиша умрларга зеб.
Инсон тайёр турар синовларга шай,
Яшайди оилам, элу юртим деб.

Кексалик йилларин сўрарсиз энди,
Ахир тажриба бор унинг қўлида.
Ўйламанг, шу билан у тўхтаб, тинди,
Инсон ўзин топди Аллоҳ йўлида.

БОСФОР

Кўкда ракеталар учрашар, қара,
Қуёш-ку ҳар куни кўргазар дийдор.
Бир ён Қора денгиз, бир ён Мармара,
Иккала баҳрни улайди Босфор.

Жоним, сен у ёнда, мен-чи бу ёнда,
Масофа билмаган фақат юракдир.
Дийдор кўришмакка ёруғ жаҳонда
Наҳот яна битта Босфор керакдир.

ЯХШИ ВА ЁМОН

Бир кўприкда дуч келди
Икки одам ногаҳон,
Бирови Яхши эди,
Бирови эса Ёмон.

Яхши одам Ёмонга
Салом берди, қўл берди,
Бир чеккага сурилиб,
— Ўтинг, дея йўл берди.

Ёмон эса ўшқирди,
Ғазабга тўлди чунон,
Яхшини улоқтирди
Тошқин дарёга томон.

Деди:- Мени тенг қилма,
Ўзингга-ю зотингга.
Зор эмасман, билиб қўй,
Сенинг илтифотингга.

ЧИРОҚ

Ҳаммаёқ чароғон бўлибди, боққин,
Байрам арчасига шодалар таққин.
Қўлингдан келса гар битта чироқни
Менинг кўнглимга ҳам, азизам, ёққин.

ИШ ВАҚТИ

Ота ётар эди беморхонада,
Фарзандлар келишни қилмасди канда.
Ўғил соатига қараб бир оқшом
Деди:- Иш вақти ҳам тугади, дада.

ЎЗБЕКЧИЛИК

Хаста бўлиб ётган кекса бир одам,
Ички кийимини алмаштирар дам,
Секингина деди набирасига:
— Ҳар ҳолда, ўзбекмиз, чиқиб тур, болам.

ВАҚТ

Сен бировга яхшилик қилсанг,
Қайтишини кутмагил асло.
Абадият ёнида, билсанг,
Унутилиш бордир доимо.

Вақт гўёки қилкўприк, ундан
Икки эмас, бир ўтилади.
Сени эслаб унутмай юрган
Одамлар ҳам унутилади.

Манба:  «Китоб дунёси» ва «ЎзАС» газетаси,2014 йил март.

Elimizga va dilimizga tashrif buyurgan Navro‘zi olam — Yilboshi bilan atoqli va ardoqli shoirimizni chin dildan muborakbod etib, tug‘ilgan kunlari bilan yana bir bor qutlab, uzoq umr, sihat-salomatlik, ijodiy bezovtalik tilab, kuni kecha “Kitob dunyosi” va O‘zAS» gazetalarida e’lon qilingan ustozning yangi yozilgan she’rlarini siz aziz, sahifadoshlarimizga, taqdim etamiz.

Abdulla Oripov
YANGI SHE’RLAR
08

XALQIM

Agar bola bo’lsang, bag’rimga bosib,
Yelkamda ko’tarib yurarman, xalqim.
Agar ota bo’lsang, senga munosib,
Tayanch, aso bo’lib turarman, xalqim.

Dunyoda ko’p erur shahri azimlar,
Muhtasham qasrlar, oliy bazmlar,
Qurshagan chog’da ham e’zoz, ta’zimlar,
Davramni sen bilan qurarman, xalqim.

Umr-ku o’tajak, fano muqarrar,
U yoqdan hech kimga kelmagan xabar,
Mabodo jannatga bo’lsam muyassar,
Shunda ham xayoling surarman, xalqim.

Gohida rizqingdan qolding ayrilib,
Mayli, o’tgan o’tdi, boqma qayrilib,
Kelsa baloxo’rlar, qo’lin qayirib,
Boshini toshlarga urarman xalqim.

Zaminning ayqirgan daryolari bor,
Tonggi shabadolar taratar ifor,
Menda bo’lib qolsa bir zum ixtiyor,
Barisin sen tomon burarman, xalqim.

Sen zavol topmading, qolmading horib,
Suv kelsa sipqorib, toshni qo’porib,
Menkim shoir o’g’ling Abdulla Orif,
Ertan kamoling ham ko’rarman xalqim.

SHOGIRD MAQOMI

Umrimiz kechadi oddiy va kamtar,
Bilaman, sen ko’zga ilmasligingni.
Daryoga teranroq tashlagin nazar,
Bo’yningga ol, ukam, bilmasligingni.

Esla buyuk shoir asarlarini,
So’rab, o’rganishdan erinma zinhor.
Jo’n bir pardaqanot asalarining
Biz bilmagan qancha sinoati bor.

Alloma Beruniy qazosi kuni
Bir savol yechimin qilibdi armon.
Hadisi sharif ham uqtirar buni:
«Boring ilm deya hatto Chin tomon».

O’rnidan qo’zg’almas xarsang tosh faqat,
Poygada g’olibdir asil, chopqir ot.
«Aflotun do’stimdir, lekin haqiqat
Undan afzal» demish faylasuf Suqrot.

Muqaddas kitobda olam sehri jam,
Jo bo’lmish ilohiy tuyg’u va fikr.
Alhazar, alhazar, Yaratganning ham
Eng avval dushmani atalmish — kibr.

Yuksakni ko’zlaydi doimo burgut,
Parvozi mayliga balanddir, pastdir.
Komillik zahmatin etma hech unut,
Bir zina oshmagan shogird emasdir.

ASSALOM

Tongda maktabiga shoshar bolakay,
U ham o’z ishiga mas’ul ekan-da.
Va lekin duch kelgan odamga atay
Salom berishni u qilmaydi kanda.

Sen ishga borasan, ostonadayoq
Qorovul «Salom» deb razm soladi.
Boshlig’ing chorlaydi, chiqasan shu chog’,
Salom bersang balki alik oladi.

Bu olam shunaqa qurilgan o’zi,
Hidlashib ko’rishar hatto hayvonot.
Qur’oniy kalomdir «Assalom» so’zi,
Do’zaxi sanalur takabbur har zot.

Hech narsa yo’qotmas salom bergan ham,
Kamayib qolmaydi kim olsa alik.
Lekin qulfi diling ochilgay shu dam,
Demak, dunyo tinchdir, olam behadik.

Bulut bossa hamki boqaber, Quyosh,
Tafting bo’lmasa ham chiqabergin, Oy.
Maysalar «Salom» deb ko’tarmoqda bosh,
Bu ham bir maktabdir, bizga, hoynahoy.

O’ZBEK TILIM

Ko’p qadimman,
Karvon bilan zamonlar kechdim,
Nor tuyaning norligi ham afsona ekan.
Bir kun tuya ayronini shifo deb ichdim,
Ona tuya nomi esa arvona ekan.

Davronim surganman ham oq otga minib,
Hay-hay, uning qo’ltig’ida bor edi qanot.
Vaqti kelib, shon-shuhratdan xayolim tinib,
Bilsam, o’sha oq otimni derkanlar — bo’z ot.

Yuksak Hisor tog’larining bag’rida qat-qat
Toshni yorib o’sgan na’matak edi.
Ustoz Oybek she’rin eslab shoir Xolmamat,
— Bizning joyda uning nomi «Hululu», — dedi.

Sen tuganmas chashmadirsan, oh, ona tilim,
Yetmish ikki tomirimga mavjlaring bordi.
Bir kun tinib qolgan edi bog’da bulbulim,
— Sandulochim! — degan edim, sayrab yubordi.

Inson degan qutlug’ so’zning tengi yo’q hech bir,
U tanhodir, falaklarning quyoshi misol.
Lekin manov bolakaydir, bunisi o’smir,
Bu yigitdir, bu zot esa bobo, oqsoqol.

HASADGO’Y

Insof berar bo’lsa, Xudoyim agar,
O’g’rini tarbiyat aylamak mumkin.
Nogahon birovga yetkazsa zarar,
Telbani zanjirga boylamoq mumkin.

Eng katta yovni ham yengmoqlik oson,
Bitta sotqinini qo’lga olsang bas.
Donoga aylanar hattoki nodon,
Faqat hasadgo’yni daf qilib bo’lmas.

VAGON

Vokzal ulkan shahar chegarasida,
Poezdlar shamoli tinmay ufurar.
Chekkada, temir yo’l zahirasida
Faqat bitta vagon mung’ayib turar.

Qayoqdan kelgan u? Bilmaydi birov,
Uning na yo’lovchi, na egasi bor.
Yoz bo’yi saraton yondirar lov-lov,
Qish o’tib, erimas tomidagi qor.

Bir zamon yo’lchiga ko’shk bo’lgan u ham,
Vodiylardan o’tgan, sahrodan o’tgan.
Bulutday viqorli, shamolday ildam,
Ne-ne manzillarga qadami yetgan.

O’tgan yo’llarini eslasa hamon,
O’zi ham ishonmas yurganligiga.
Bag’ridan joy topib qanchalar inson,
Hatto shohlar bazm qurganligiga.

Hech kim qatoriga endi ulamas,
O’rnidan jilmoqqa yetmaydi holi.
Hatto suvaraklar yaqin yo’lamas,
Tashlandiq vagon u. Shuldir ahvoli.

ZOMBI

— Nega doim kifting qisib yurasan, o’rtoq?
— Boy emasman, kambag’alning yo’rig’i shundoq.

— Nega savol berishmasa bir so’z demassan?
— Men oddiy bir ijrochiman, rahbar emasman.

— Bormi senda istak, orzu yoki talablar?
— Tushunmadim, notanishdir bunaqa gaplar.

— Kimsan o’zi? Otang o’lsa yig’laysanmi, ayt?
— Bajaraman qanday buyruq bo’lsa o’sha payt.

BOLAJON

Bolajon deyilsa — tabassum tayyor,
Mehru shafqat tayyor, tarahhum tayyor.
Alla aytar hatto kamgap ayol ham,
Bolajon deyilsa — takallum tayyor.

SO’ROV

Zaminda yuz berdi shundoq vaziyat:
Osmon so’rov qildi ja’mi bandani.
Kasbu korlariga qiziqdi faqat,
Kim qanday yumushni bajargan, qani.

Bir banda so’z oldi tortinib shu on,
Dedi: – Men me’morman, Allohga shukur.
Men qurgan eshikdan kirgay har mehmon,
Ochgan derazamdan yog’ib turar nur.

Oq xalatli odam shifokor ekan,
Ro’yxat qilib olgan har zum, har damni.
Dedi: – Shuncha bemor tuzalib ketgan,
Saqlab qololmadim shuncha odamni.

Nogoh bir qalamkash jo’sh urgan ko’yi
Dedi: – Aytib qo’yay, shu kunni kutdim.
Boshqa ish qilmadim, men umrim bo’yi
Mashhur odamlarni yomonlab o’tdim.

Xullas, dehqon bormi yoki chilangar
Ma’lumot berdilar o’zlariga bop:
Baldoq yasab yurgan, masalan, zargar,
Hammol yuk tashigan – yelkasida qop.

Faqat yulg’ich qoldi javob qilmagan,
Yo’q unda tayinli biror kasbu kor.
Insof nimaligin aslo bilmagan,
Bu qavm yashagan doim baxtiyor.

Yana bir qavm bor – nomi ig’vogar,
Shu ishga sarf qilgan aqlin, bor kuchin.
Ko’rgan-bilganlarin qoldirmay yig’ar,
Yumaloq xat qilib yozmoqlik uchun.

Ha, odam siyrati juda rang-barang,
Biri zor mehrga, biri amalga.
Kimdir o’lim bilan olib borsa jang,
Kimdir yugurdaklik qilar ajalga.

Alqissa, aytildi: — Insondir Kabir,
U hatto samoga qo’ymishdir qadam.
Lekin oqib turar qonida kibr,
Mehnatin yonida yashar nafsi ham.

So’rov tamom bo’ldi, tinchlandi osmon,
Ko’kka siyoh sochib, quyosh ham botdi.
Boshlanar ertangi kun ham begumon,
Oy chiqdi, odamlar uxlab, tosh qotdi.

UCH ZINA

Uch ajib zinadan o’tgaydir Inson,
Go’yoki g’azalning uch go’zal bayti.
Xohlar yo xohlamas, odam begumon
O’zi uchun yashar bolalik payti.

Bir kun u kamolot yoshiga yetgay,
Bu fasl hamisha umrlarga zeb.
Inson tayyor turar sinovlarga shay,
Yashaydi oilam, elu yurtim deb.

Keksalik yillarin so’rarsiz endi,
Axir tajriba bor uning qo’lida.
O’ylamang, shu bilan u to’xtab, tindi,
Inson o’zin topdi Alloh yo’lida.

BOSFOR

Ko’kda raketalar uchrashar, qara,
Quyosh-ku har kuni ko’rgazar diydor.
Bir yon Qora dengiz, bir yon Marmara,
Ikkala bahrni ulaydi Bosfor.

Jonim, sen u yonda, men-chi bu yonda,
Masofa bilmagan faqat yurakdir.
Diydor ko’rishmakka yorug’ jahonda
Nahot yana bitta Bosfor kerakdir.

YAXSHI VA YOMON

Bir ko’prikda duch keldi
Ikki odam nogahon,
Birovi Yaxshi edi,
Birovi esa Yomon.

Yaxshi odam Yomonga
Salom berdi, qo’l berdi,
Bir chekkaga surilib,
— O’ting, deya yo’l berdi.

Yomon esa o’shqirdi,
G’azabga to’ldi chunon,
Yaxshini uloqtirdi
Toshqin daryoga tomon.

Dedi:- Meni teng qilma,
O’zingga-yu zotingga.
Zor emasman, bilib qo’y,
Sening iltifotingga.

CHIROQ

Hammayoq charog’on bo’libdi, boqqin,
Bayram archasiga shodalar taqqin.
Qo’lingdan kelsa gar bitta chiroqni
Mening ko’nglimga ham, azizam, yoqqin.

ISH VAQTI

Ota yotar edi bemorxonada,
Farzandlar kelishni qilmasdi kanda.
O’g’il soatiga qarab bir oqshom
Dedi:- Ish vaqti ham tugadi, dada.

O’ZBEKCHILIK

Xasta bo’lib yotgan keksa bir odam,
Ichki kiyimini almashtirar dam,
Sekingina dedi nabirasiga:
— Har holda, o’zbekmiz, chiqib tur, bolam.

VAQT

Sen birovga yaxshilik qilsang,
Qaytishini kutmagil aslo.
Abadiyat yonida, bilsang,
Unutilish bordir doimo.

Vaqt go’yoki qilko’prik, undan
Ikki emas, bir o’tiladi.
Seni eslab unutmay yurgan
Odamlar ham unutiladi.

Manba:  «Kitob dunyosi@  & «O’zAS» gazetasi,2014 yil  mart.

Abdulla Oripov. Birinchi Muhabbatim by Khurshid Davron on Scribd

011

(Tashriflar: umumiy 8 592, bugungi 1)

Izoh qoldiring