Adabiyotga kirib boriladi…mi?

09

  Шоирнинг пайдо бўлишини эса мантиқ билан тушунтириб бўлмайди. Шундайки, йиллар давомида тақир бўлиб ётган тупроқдан кутилма­ганда қип-қизил лолақизғалдоқ пайдо бўлади. Ҳайрон бўласиз: илгари бу жойда лолақизғалдоқ кўкарганини ҳеч кўрмагандим, уруғи қайдан келиб қолди экан. Ёки йиллар давомида тупроққа қоришиб ётган лолақизғалдоқнинг уруғи қулай шароит туғилиб жонланиб қолдимикан.

081
АДАБИЁТГА КИРИБ БОРИЛАДИ…МИ?
Адабиётшунос Раҳимжон Раҳмат билан мулоқот
Суҳбатдош: Алишер Назар
021

01Раҳимжон Раҳмат 1961 йилда туғилган. Шоир, ёзувчи ва адабиётшунос. Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси факултетини тамомлаган. “Дала гуллари”, “Хасталик дафтари” адабий мақолалар, кузатишлар ва шеърий асарларни ўзида жам этган тўпламлар муаллифи.

05Алишер Назар 1976-йили Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. 1998-йили Халқаро Гуманитар академиясини тамомлаган. «Бизга аталган тонглар» шеърий мажмуаси (1999) ва «Холислик эҳтиёжи» публитсистик тўплами (2012) чоп этилган. Айни пайтда «Ёшлик» журналининг шеърият бўлими мудири лавозимида хизмат қилмоқда.

021

08ўкдаги юлдузларни томоша қилиб ётган бола онасига савол беради:
– Она, юлдузлар осмоннинг чироқларими?
– Билмадим, – дейди она кулиб.
– Юлдузлар осмоннинг чироқлари, тонгда ўчириб, кечқурун ёқиб қўядилар, – дейди бола ўйланиб.
– Бу ғалати гапларни қаердан оляпсан?

Онаизор ҳайрон. Чунки бола улғайган сари “ғалати” гаплари кўпайиб боряпти-да. “Яхшилаб тингланг, шамоллар куй чаляпти”, дейди бир кун. “Чақмоқдан қўрқиб кетган булут йиғлаяпти”, деганига нима дейсиз? Чиндан ҳам ғалати-ку! Ҳа, ҳаммаси шундай бошланади.

Она ўғлининг юрагига адабиёт кириб келаётганидан ҳали бехабар. Ҳақиқий ижодкорга адабиётнинг ўзи кириб келади. Адабиётга кириб борилмайди. Адабиётга кириб борганлар шунчаки адабий меҳмонлар, холос! Улар туғма эмас, суртма талантлардир! Ҳақиқий ижодкорлар адабиётга мезбонлик қиладилар.

Раҳимжон ака, сиз билан қайси мавзуда суҳ­батлашсам экан, деб узоқ ўйладим. Шу ўйлар кечаётган кунларнинг бирида журналимизга “адабиётга кириб келган”лардан бири келди-ю, бизга шу мавзуни очиб берди.

Аввал бу гурунгни эшитинг:

– Ростини айтсам, шеърларингизни анча пишитишингиз керак, – дедим андак истиҳола билан.
– Нимасини пишитасиз? – меҳмоннинг авзойи бузилди.
– Шу… ўз устингизда…
– Ака, мен ўзимга, талантимга ишонаман! Ўтган йили Республикадаги энг нуфузли танловларда биринчи ўринни олганман, – деди у. Сўнг олдимга қаторлаштириб тўртта китобини таш­лади. Тўртта! Эндигина коллежни тугатаётган бола-я!

Адабиёт учун эмас, танловлар учун чоп қи­линган китобларни варақлай туриб амин бўл­димки, битта эмас, ўнта танловда биринчиликни олса ҳам бу “талант”дан шоир чиқмайди. Энг ёмони шундаки, у ўзини ҳам, адабиётни ҳам алдаб юрибди. Бунга ўхшаганларнинг ҳаммасини эса Танловлар чув туширяпти.

Раҳимжон ака, энди бу болани ҳам, танловларни ҳам тинч қўямиз. Бу воқеани шунчаки суҳбатимизга мавзу бергани учун эсладим, холос. Сиз менга чинакам шоирнинг туғилиши ҳақида, ўзингиз яшаган, ҳис этган туйғулар хусусида айтсангиз…

Бадиий ижодга қизиқиш туғма бўлади. Қонида бадиий ижодга муҳаббати бўлмаган боладан адабиётга йўналтирилган махсус таълим ёрдамида ёзувчи ёки шоир тарбиялаб бўлмайди, албатта. Ўз навбатида юрагига Худо истеъдод юқтирган бола ҳарбий мактабда ўқиса ҳам, шубҳасиз, келажакда ижод кишиси бўлиб етишади. Лекин, биламизки, адабиёт ўқитувчиси, университет профессори бўлиш учун алоҳида ижодий қобилият шарт эмас. Аълочи ва тиришқоқ мактаб ўқувчилари келажакда адабиёт профессорлари бўлиб етишишлари мумкин. Олим бўлиш учун, атоқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов айтганларидек, шим керак, холос. Бу дегани столда кўп ўтириб ишлайдиган одамнинг шимининг орқаси тез йиртилади. Олим одам кийган шимнинг орқаси илвираган бўлади.

Олимлик – тизимли таълим ва сабр-тоқат маҳ­сули.

Шоирнинг пайдо бўлишини эса мантиқ билан тушунтириб бўлмайди. Шундайки, йиллар давомида тақир бўлиб ётган тупроқдан кутилма­ганда қип-қизил лолақизғалдоқ пайдо бўлади. Ҳайрон бўласиз: илгари бу жойда лолақизғалдоқ кўкарганини ҳеч кўрмагандим, уруғи қайдан келиб қолди экан. Ёки йиллар давомида тупроққа қоришиб ётган лолақизғалдоқнинг уруғи қулай шароит туғилиб жонланиб қолдимикан.

Истеъдоднинг пайдо бўлишини ирсият билан ҳам изоҳлаб бўлмайди. Чунки жуда кам ҳолларда машҳур шоирнинг ўғли ижод кишиси бўлиши мумкин. Шоирлик кутилмаган ҳодиса. Бу шунга ўхшашки, боғингизга ёнғоқ экканингиз йўқ, лекин баҳорда кичкина ёнғоқ ниҳоли униб чиққанига кўзингиз тушади. Қарға боғингиз тепасидан учиб ўтаётганда қаердандир олиб келаётган тумшуғидаги ёнғоқни тушириб юборгандир…

Бизнингча, муҳит ва тарбия йўналиши туғма истеъдоднинг юзага чиқишини тезлатиши ёки секинлатиб қўйиши мумкин, холос. Шунингдек, жуда кўп мутоллаа қилиш билан ҳам шоир ёки ёзувчи бўлиб етишиб бўлмайди. Бадиий ижоднинг ўткир ақлга ҳам унчалик дахли йўқ. Чунки ижод – илҳом маҳсули. Илҳом деганлари тўсатдан ёғиб қоладиган жаладай гап. Лекин билим керак. Абдулла Қаҳҳор айтмоқчи, муҳит кўрмаган ва етарли билим олмаган шоир бахши бўлиб қолади.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг шоир Осафийга айтган машҳур гапини эшитгансиз. Келинг, эшитмаганлар учун эслаб қўямиз: содда Осафий Навоийга айтибдилар:

–  Кеча бозордан уч тангага бир шам сотиб олиб, шу шам ёниб тугагунча уч минг мисра ғазал битдим.

– Ҳазрат, унда кечаси билан уч тангалик ғазал битибсиз-да, – дебди қувлик билан бизнинг Ҳазрат.

Осафийлар Навоий замонида қолиб кетган эмас. Ҳар замоннинг ўз осафийлари бор. Назаримда осафийлар истеъдод деган жойгача етиб келолмаган ижодкорлардир. Аммо шунча йўл бос­гандан кейин улар ҳам қуруқ қолмаганлар. Ма­ҳорат кашф этганлар! Ўқисанг, ҳаммаси жойида, аммо бирор нарса юлиб ололмайсан. Энди уни том-том қилиб “сайланма” қилишдан бошқасига ярамайди. Шунақалар йўқ деб ўйлайсизми? Майли, бу ҳақда ўйлаганларингиз ичингизда тура турсин, сўрамоқчи бўлганим: шоирлик истеъдоди нима-ю, шоирлик маҳорати нима экани ҳақида, шоирликнинг асосий хусусияти ҳақида…

Биласизми, дард, изтиробнинг сурункали ҳолатга ўтиши истеъдод дейилади. Танаси заиф одамларда касалликларнинг тузалиши қийин кечади. Иммун тизими кучли одамларга унча-мунчага касал юқмайди, юққан касал эса тезда тузалиб кетади. Шунга ўхшаш бир нарса сабаб шоир юрагида пайдо бўлган дард-ҳасратнинг кетиши оғир бўлади. Худо инсонни шундай яратган: асло чидаб бўлмас дарду азобдан шеър ўқиш ёки шеър ёзиш орқали халос бўламиз.

Ақлли одамлар осонгина қутулиб кетадиган дард шоирона қалб эгаси учун ҳаёт-мамот масаласига айланади.

Бизлар бешта туйғу орқали оламдаги воқеа, ҳодиса, ранг ва товушларни билиб оламиз. Бу маълумотларни миямиздаги турли марказларга асаб толалари олиб боради. Шоирлар, умуман, санъат аҳлида кишини ташқи олам билан боғлайдиган мана шу асаб толалари нозик, таъсирчан ва ҳассос бўлади. Шунинг учун улар биз кўрмаган нарсаларни кўради, эшитади, ҳис қилади.

Деярли ҳар бир одам ёшликда севгани билан топишолмайди. Лекин ҳеч ким шоирчалик айрилиқ қисматидан улкан фожиа ясамайди. Демак, шоирлик бир фожиадан халос бўлиб, иккинчисига боши билан шўнғишдир.

Кьеркегорнинг шоирлар тўғрисида ажойиб таш­беҳ-ўхшатиши бор. Қадимда, дейди у, жиноятчиларни жазолаш учун мисдан ичи ғовак улкан ҳўкиз ясашган. Жиноятчини шу ҳўкиз ичига қамаб, тагидан ўт ёқишган. Мис ҳўкиз қизигани сайин ичкаридаги жиноятчи иссиққа чидай олмай бақирган, қичқирган, ўкирган, унинг жон аччиғида бўғзидан отилиб чиқаётган нолалари эса ҳўкизнинг бурнидан ёқимли мусиқа бўлиб таралган. Яъники, шоир қалбида дўзах азобини кўтариб юради ва шу азобни гўзал образлар ёрдамида сатрлар бағрига жойлайди. Бизлар эса унинг оҳангдор сатрларини тинг­лаб эстетик завқ оламиз. Қизиқ-ку, шоир қалбидаги дўзахий азоб шеърга кўчиб кўнгилларга ёқадиган жаннатий мусиқага айланяпти.

Айрим шоирлар дард чекишни касбга айлантириб олади. Маҳорати ошиб, дейлик, ёридан айрилган ошиқ кўнглидан қандай ҳислар кечишини ўзлаштириб олган шоир, нонвой эрталаб туриб хамир қориб, зувала узгандек айрилиқ мавзуидаги мисраларни қаторлаштириб ташлайди. «Бир кечада ўнта шеър ёздим!» – деб мақ­танади кейин. «Мен ҳар куни шеър ёза оламан», – деб керилиб гапирадиган шоирлар ҳам топилади. Уларнинг шеър­ларида оҳанг ҳам, таъсирли ҳис-туйғу ҳам етарли, аммо руҳи ўлик бўлади. Палағда тухумни чиройли рангга бўяб кўз-кўз қилганингиз билан унинг ичидаги бадбўйлик ўзгармайди.

Билишимча, жамиятда шоир бўлиб танилганларнинг тўқсон фоизи ўз қалбидан росмана кечмаган мавзуларни ё бошқа шоирдан ўзлаштириб ёки бирор манфаатни кўзлаб шеър қилиб ташлайди. Изтироб ҳаммада бўлади, лекин ўша изтиробнинг сурункали дардга айланиши бор, мана шундагина чинакам шеър туғила бошлайди. Деярли барча шоирларнинг илк ижод намуналарини қизиқиб ўқиб ёд оласиз, кейинчалик эса уларда шеър ёзиш мажбуриятга айлана бошлайди. Яъни қалин-қалин китоб чиқариш, унвонга эга бўлиш каби дунёвий орзу-ҳавасларга интилган шоир қаторлаштириб руҳсиз, лекин шоирлик маҳорати сезилиб турган шеърлар ёзиб ташлайди. Шунинг учун мен «Шоирлик ҳунар ҳам, касб ҳам эмас, балки тез-тез хуруж қилиб турадиган бедаво бир дарддир», – дейман доим. Китс шоирликни салбий одат дейди. Бағрим оғрияпти деб шеър ёзасиз-у, лекин ёзганларингизда оғриқ сезилмаслиги мумкин. Тош тушган жойига оғир дейилади. Масалан, докторлар касалликларнинг клиник белгиларини аниқ-тиниқ айта оладилар. Бироқ уларнинг гапидан у ёки бу касаллик тўғрисида назарий маълумот оласиз, холос. Буйрак-тош касали хуруж қилиб инграниб ётган беморни кўргач эса бунақа касаллик нақадар оғриқли кечишини ростакамига билиб оласиз. Демак, руҳи ўлган шоирнинг ёзганлари касаллик белгилари тўғрисида гапираётган докторнинг сўзларидир. Ҳар нарсани чин маънода ўз қалбидан кечирган шоирнинг ёзганлари эса хас­талиги хуруж қилган беморнинг инграшларидир. Бундай инграшлар буюк шоирлар ижодида кўп эшитилади.

Одамзот ерга тушгандан бери ўзига ҳи­моя излайди. Руҳига таскин, айрилиқ ярасига шўрпахта ахтаради. Адабиёт шу изланишларнинг самарасидир.

Тун кечалар дод айласам,
Ҳар дам Сени ёд айласам,
Ишқингда фарёд айласам,
Кел, кўр мани ишқ найлади?

– дейди Юнус Эмро. Сўфий шоир айрилиқдан ловуллаб ёнаётган кўнглига шунақа қилиб сув сепади. Ва бу “сув” асрлар оша минглаб юнусларнинг куйган кўнглига малҳам бўлади. Бу, одамият учун шеъриятнинг камсуқумгина хизматидир!

Ҳарқалай, мен шундай ўйлайман-да. Ҳар қан­дай шеър руҳий эҳтиёж ортидан дунёга келишига ишонгим келади. Сизнингча-чи, шеър қандай ёзилади? Умуман, шеър ёзиш ёки шеър ўқиш билан одам ўзини дарддан қутқариши мумкинми? Ижтимоий ҳаёт машаққатлари одамни шоир қилиб юбориши мумкинлигига нима дейсиз?

Шеър ёзиш кўнгилдаги аламли туйғулардан халос бўлиш усулидир. Мисол учун, мен бир пайтлар ўта оғир айрилиқ аламидан телбалардек ба­қириб шеър ўқиш ёрдамида халос бўлганман. Ўша пайтлар кун ва тунимнинг асосий қисмини баъзан ўкириб, баъзан инграниб шеър ўқиш билан ўтказардим. Ўшанда «Лайли ва Мажнун» ва «Демон» достонларини ўқирдим. Фақат шу иккала дос­тонда акс этган фожиа, дард менинг қалбимдаги мусибатга мос келарди.

Менинг илк ўқиган шеърий китобларим Шарқ адабиёти классикларидир. Уларни биров менга тавсия қилмаган, ўзим қишлоқ кутубхонасини титкилаб топганман, ёққани учун севиб мутолаа қилганман. Кейинчалик университетда ўқиб юрганимда кўплаб классик шоирларимиз сўфий эканлигини ҳар хил олимларнинг мақоласидан ўқиб билдим. Улар сў­физмга тегишли истилоҳлар ёрдамида Машраб шеъриятининг сўфиёна фалсафасини очишга ури­нишарди. Рости, уларнинг мақоласидан кейин болалигимда севиб ўқиган Машраб шеърларини тушунмай қолардим. Ҳурматли олимларимиз: «Машраб сўфий шоир, унинг шеърларини сўфизм фалсафасисиз тушуниб бўлмайди», – деб ёзишарди. Наҳотки, болалигимда Машраб ғазалларини тушунмай севиб ўқиган бўлсам. Тушунмасам, нега севиб ўқидим экан?

Кўрдим юзингни, девона бўлдим,
Ақлу ҳушимдан бегона бўлдим…

деган мисраларни ёдлаб юрган кезларим бола эдим ва қалбимда ҳам росмана севги уйғонмаган эди. Нега шу мисралар бола қалбимга мойдек ёқди экан?

Наср – кўпроқ инсоннинг ҳаётий тажрибаси ва камолоти билан боғлиқ ижод тури. Истаймизми-йўқми инсоннинг ҳаёт ҳикмати моҳиятига етиб бориши ёш билан боғлиқ. “Қари билганни пари билмайди”, деган гап бор гап. Эллик ёшдан ўтганидан кейин барча касб эгалари фаолиятини тугатиш ва нафақа ҳақида ўйлаб қолади. Ёзувчи учун эллик ёш бадиий ижоднинг бошланишидир. Яъни тенгқурлари нафақага ҳужжат тўғирлаб юрган пайти ёзувчи ижодий меҳнатга росмана киришган бўлади.

Нисбатан ёш пайти роман ва қисса ёзганларнинг асарларида барибир ҳаётий ҳикматдан кўра шоирона кечинма ва тасвирлар кўпроқ бўлади. Ёзувчининг эллик ёшнинг нари-берисида ёзган асарида эса ҳақиқий наср учун керакли чин ҳаёт ҳик­мати бўлади.

Шоирлик гуллар оламига саёҳат, ёзувчилик эса илдизлар дунёсига киришдир.

Билишимча, ёлғизланиб қолиш, меҳр кўр­мас­лик одамни шоир қилиб юборади. Айрим аёл ва эркаклар кексайганда кутилмаганда шеър ёзиб, кимларгадир ўқиб беради. Аслида ёзилган шеърни шоир бировга ўқиб бермаса, шеър ёзилган ҳисобланмайди. Шеър ҳис-туйғуларингни ўзгага бил­дириш учун ёзилади. Шеър – ҳаётдан, ўз тақ­дирингдан нолишнинг жуда гўзал ва одамни шармандаликдан қутқарадиган воситаси. Шеър ёзилишига асос бўлган бадбин туйғуларингизни бировга очиқ гапириб берсангиз туси ўзгариб сизга ачинади, гоҳида эса сиздан наф­ратланиши ҳам мумкин. Инсоннинг биологик табиати заиф ва кучсизларга шафқат қилмайди, балки охиригача янчиб ташламоқчи бўлади. Шунинг учун камроқ нолиб, мушкул аҳволга тушиб қолганингни яқин қариндошинг ва дўстларингга ҳам билдирмаслигинг керак. Одам фақат Аллоҳга ўз ҳолини билдирсин.

Қўшни қишлоқлик бир киши, мактабда бош­ланғич таълимни ҳам тўлиқ ўзлаштирмаган, «е» билан «й»нинг фарқига бормайдиган саводсиз, ёши элликдан ўтиб тўсатдан шеър ёза бошлади. Кўп ёзарди. Бир кечада икки тийинлик катак дафтарни тўлдириб ташларди. Менинг китоб ўқишга иштиёқимни, хусусан, шеърий китобларни ўқиб юришимни билгани учун кўпинча янги ёзган шеърини биринчи менга ўқиб берарди. Кейин эса кўчага чиқиб, қаерда одам тўпланиб турса, ўша жойга бориб ёзганларини ўқишга тушарди. Тўйларда эса атай ўртага чиқиб узоқ-узоқ одамларни «шеърият шароби» билан сийларди. Фарзандлари эса дадасининг бу ишидан уялар, ўзларини айбдордек ҳис қиларди. Мени нима учун бу одам кексайганда шеър ёза бошлади экан деган савол қизиқтирарди. Унинг ёзганларида туроқ ва қофия деган нарса деярли бўлмасди. Барининг мавзуси битта – одамларни бир-бирига меҳрибон бўлишга чорлаш эди.

Озғин, бўйни ингичка, гапирганда калласи силкиниб турадиган кишининг нима учун фақат шу мавзуда шеър ёзишини кейинроқ билдим. У болалигида ғирт етим ўсган, болалик пайти меҳр кўрмаган, жуда кўп хўрликларни, қашшоқликни бошдан кечирган экан.

Ҳаммаси аён, бу одам меҳр кўрмаслик инсон учун жуда оғир дард эканлигидан огоҳлантиряпти. Болаликда, қўйингки, бутун умр меҳр кўрмаган қалб у дунёга кетиш олдидан исён кўтаряпти. Дарвоқе, у киши шеър ёзишни бошлаганидан икки йил ўтиб тўсатдан вафот этди.

Шу ўринда яна бир гап. Жуда эрта истеъдодини намоён қилган, ҳис-туйғулари жўшиб турадиган санъаткорлар ва шоирларни кўрсам, «Шунинг умри қисқа бўлади-ёв», – деб ўйлаб қоламан. Чунки қалб жисм қўрғони қачон вайрон бўлишини олдиндан аниқ билади ва ўлим яқинлашган сайин қайнаб-тошаверади. Ва тошаётган вақти тиниб улгурмасдан осмонга учиб кетади. Ўлим туйғусининг жонланиши ҳар қандай одамни шоирга айлантириб юборади. Соғлом одамда ўлим туйғуси мудроқ бўлади. Ҳаммамиз биламизки, умр мангу эмас, дунёдан ризқимиз узилган куни омонатимизни эгасига топширамиз. Лекин бу ҳақиқатни билишимиз бизларни унчалик изтироб ва ваҳимага солмайди. Ўлим туйғуси жонланиб қолса-чи? Ҳаёт тарзимиз ва психикамизда ўта кескин ўзгаришлар содир бўлади. Масалан, руҳий касал одамларни энг ёмон қийнайдиган туйғу ўлим ваҳимасидир. Улар шу ваҳимага чидай олмай, ундан халос бўлиш учун ўз жонларига қасд қиладилар. «Ўлим ҳақидаги ўйлардир ҳаёт» (Рауф Парфи).

–  “Мен ўзимдаги барча яхши фазилатлар учун китоблардан миннатдорман”, дебди аҳ­ли билгичлардан бири. Одамият шу вақтгача китобдан-да яхшироқ дўст, дилдош ва дарддош тополмади. Назаримда инсониятнинг кашф этганлари орасида энг қийматлиси ҳам шу китобдир! Лекин бугунгидек талотўп бир замонда, бу ҳақиқатни ҳар кимнинг ҳам олдига қўёлмайсиз. Ҳазрат Замахшарий айтмоқчи: “Тумов киши гулнинг ҳидини сезмаганидек, аҳмоқ киши ҳикмат лаззатини билмайди”.

Минг ваҳки, бугун кўпчилигимиз “тумов”га гирифтормиз. Гул билан тиконни фарқлаёлмай қолаётган ёшларимизнинг энг катта муаммоси ҳам шу – “ҳид” билмаслигидир. Ваҳоланки, кундан-кун таҳликалари кучайиб бораётган XXI аср кўчасига бунақа “юпун” ҳолатда чиқиб бўлмайди. Акс ҳолда ўзингизни ҳам, руҳингизни ҳам бой бериб қўясиз. Чунки “юпун” одамга “иссиқ жой” кўрсатсалар бўлди, қолгани билан иши йўқ.

Китоб адабиётчи ёки олим бўлиш учун ўқилмайди. Китоб Одам бўлиш учун ўқилади.

Раҳимжон ака, сиздаги китобхонлик “касаллиги” қандай бошланган? Бунга атроф-муҳитнинг таъсири бўлганми?

Мен улғайган оила адабиётдан жуда йироқ эди. Оиладаги муҳит сабаб мен ҳам жуда кўп тенгдошларим каби бир қўлимда молнинг арқони, бир қўлимда кетмон ушлаб катта бўлганман. На мактабда, на оилада китоб ҳақида гапирилмас эди. Болалигимда ҳеч ким менга китоб совға қилмаган ва адабиётга қизиқишим ҳеч қачон рағбарлантирилмаган. Аксинча, қишлоқ кутубхонасидан олганим китобни берилиб мутолаа қилиб, молларга ўт солиш эсдан чиқиб қолган пайтлар катталардан тузуккина дакки ҳам эшитганман. Ҳатто, айрим пайтлар қўлимдаги китобни юлқиб олиб йиртиб ташлашлар ҳам бўлган. Нафақат бизнинг оила, балки бутун қишлоқда китоб деган нарса ерда ётган хазончалик қимматга эга эмас эди. Лекин биз ёшлар, гарчи китобхонлик муҳити бўлмаса-да, кўп китоб ўқирдик.

Хазонни тўплаб молга бериш мумкин, китобни эса мол емайди. Ҳозир ҳам бизнинг қишлоқда кўпчилик кўчада китоб кўтарган одамни девонага тенг кўради ва китоб ўқишга қизиққан йигитга унча-мунча оила қизини бермайди. Қалин-қалин китоб­ларни ўқиш руҳий таназзул белгиси ҳисобланади. Маҳалланинг энг бадавлат кишилари, тўйларнинг тўрида ястаниб ўтирадиган казо-казолар умрида на бирон марта китоб сотиб олган, на битта бадиий асарни охиригача ўқиб чиққан. Мен шу ёшимгача биронта қишлоқдошимнинг шаҳарга борганида китоб магазинига кириб ўзига ёки ўғил-қизига китоб сотиб олганини эслолмайман. Бундан анча йиллар илгари онам кўйлак олиб кий деб берган пулига «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»ни сотиб олгандим. Ўша ҳодисани онам ва бу ишимдан хабар топган қўни-қўшнилар ҳозиргача кулиб эслаб туришади.

Шундоқ. Мен улғайган муҳитда одамлар еган бир коса оши ва тинч ўтган кунига шукр қилар эди. Ўқийман, олим бўламан, тақдиримни ўзгартираман деб бир нарсаларни орзу қилган ёшлар маҳалла одамлари орасида ғийбат объектига айланарди. Мабодо, у яхши жойларда ўқиб, тоза ишларда ишлай бошласа одамлар унга ҳасад қиларди.

Хуллас, ўшанда онам айтгандек қилиб кўйлак сотиб олганимда тақдирим ҳозиргидан озгина бошқачароқ бўлармиди. Чунки бизнинг қишлоқ қиз­лари қалин китоб кўтарган боладан кўра чиройли кўйлак кийган йигитни яхши кўришади… Холаси ёки аммасининг гапи билан учрашувга чиққан қиз уялинқираб йигитнинг юзига қараёлмайди, ерга боқиб туриб «харидори»нинг кийган шими ва туфлисини кўради, агар шим ва туфли чиройли бўлса, тез орада тўй бошланади.

Биласизми, ўзбек совет шоирлари мени жуда қаттиқ алдаган. Ўзбекчага таржима қилинган Шарқ классик шоирларининг ижодини бир сидра мутолаа қилиб бўлгач, шеър ўқишга эҳтиёжимни қондириш учун қишлоқ кутубхонасидан кўзимга кўринган шеърий китобларни уйга таший бошладим. Бу китобларнинг аксари ўзбек совет шоирларининг тўпламлари эди. Ҳаммасини бир бошдан ўқиб чиқдим. Лекин, айрим, жуда кам шеърларни ҳисобга олмаганда, уларнинг ҳеч бирида ўзим излаган кечинмаларни топа олмадим. Кейинчалик университетда ўқиб юрганимда билдимки, коммунист шоирларнинг ёзганлари шеъриятга умуман алоқаси йўқ нарсалар бўлиб, улар коммунистик мафкуранинг оддий тарғиботчилари экан. Ўша қалин-қалин китобларни ўқишга кетган вақтимга ачиндим.

Университетда ўқиб юрган кезларим адабий танқидга қизиқиб, устозларнинг катта-катта китоб­лари мутолаасига киришдим. Аввалдан айтиб қўя қолай. Мен устозларимни мақолаларини эмас, му­лоқотда бўлганларимнинг ўзларини ҳурмат қи­ламан. Чунки уларнинг ҳаммаси, ҳатто энг ёмони ҳам ўзи ёзган мақоладан яхши ҳисобланади…

«Минг хайф хашакка интилса оташ», – дейди Бедил. Ўшандай мен ҳам шоир бўламан, адабиёт илми билан шуғулланаман деб коммунистик давр меваси бўлган мафкуравий адабиёт отлиғ «хашак»ка рўбарў бўлдим.

Бу «хашак»лар адабиётга ҳеч қандай алоқаси йўқ бўлса ҳам, лекин бу майдонни бутунлай эгаллаб олганди. Адабиёт майдонига кирган одам узоқ вақт «хашак»лар орасида тентираб юришга мажбур эди. Талай истеъдодли шоир ва олимлар шу «хашак»ларни чин адабиёт деб ўйлади, ўзлари ҳам «хашак» яратиб ташлади.

Фақат ўқишга кириш мажбурияти юзасидан ўзбек совет шоирларининг мактаб дарслигида бе­рилган бир парча-ярим парча шеърларини ёд ол­дим, холос. Ўқишга тайёргарлик жараёнида ада­биёт фанидан дарсликларни қўлга олишга безил­лаб қолгандим. Дарслик ёзган олимларнинг нима де­моқ­чилигини ҳеч тушунолмасдим. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охири эди ўшанда. Бу пайтда мен йигирма беш ёшга етгандим. Ҳозир ўйласам, совет даврида ёзилган адабиёт дарсликлари ўқувчиларнинг адабиётга муҳаббатини бутунлай сўндиришга қаратилган экан. Яхшиям мактабда адабиёт фанига қизиқмаганим, йўқса мендаги бадиий сўзга муҳаббат бешикдалигидаёқ бўғилиб ўлган бўларди. Мактабда адабиёт фанидан ўтилган дарслардан жуда кам нарса ёдимда қолган. Кўйлагининг тугмаланган жойлари таранг тортилиб киндиги кўриниб турадиган адабиёт ўқитувчимизнинг «Милтиқли киши» пьесаси…» деб бошланадиган гап­лари ёдимда қолган. Нега айнан шу ҳолат хотирамга муҳрланганини ҳануз тушунмайман…

Бир пайтлар… “Адабиёт майдонига кирган одам узоқ вақт «хашак»лар орасида тентираб юришга мажбур эди”. Аммо кейинчалик бу “хашак”ларни янги давр шамоллари учириб кетди ва шу билан ҳаммаси барбод… бўлмади. Ҳа, бу “хашак”ларнинг янги-янги турлари пайдо бўлди. Уларнинг китоб ҳолида чоп этилиши, муаллифининг «одамгарчилиги»га қараб эътироф этилиши, бир сўз билан айтганда, рағбатлантирилиши адабиётнинг қийматини тушириб юборди.

Айниқса, “тушиб кетиш” жараёни шеъриятимизда яққол намоён бўлди. Қофиясини топган одам шоир бўлаверди ва бу кўпайиш жараёни ҳамон тўхтагани йўқ. Бугун шеърнинг зўрлигини адабиётшунос эмас, хонандалар бел­гилаяпти! Рост гап. Туппа-тузук шоирларнинг шеъриятига бағишланган мақолаларни ҳам би-ир ўқиб кўринг! “Сўнгги йилларда бу шоирнинг ўнлаб шеърлари қўшиқ бўлди”, дея эътироф этилади. Ёзган шеърингизнинг қўшиқ бўлиши алоҳида фазилат саналадиган бўлиб қолди. Хонанда эътироф қилдими, демак, шеърингиз зўр! Ёзаверинг, “кучлироқ сев”аверинг!

Хўш, бу “хашак”ларга нима дейсиз? Яна шамолларни кутамизми? Унгача ўзимиз “шамоллаб” қолсак-чи…

Бир куни маҳалламиздаги ёшгина йигитча уялинқираб «Шеърларимни кўриб берасизми?» – деб қолди. Дарҳол савол бердим: «Қаерда ўқийсан?» Маълум бўлишича, қизларга хос ал­лақандай уятчанлик сезилиб турган бу бола темир йўл коллежида ўқиркан. Яхши, уйимда ўқийман деб қўлидан ижод намуналарини олдим. Уйда ўқиб кўрдим. Содда, саёз ва беғубор шеърлар. “Севганим севмади, чунки мен камбағал эдим”. “Дадажонимни соғиндим”, “Онажоним азиздир” мазмунидаги шеърлар. Уларни қишлоғимиздаги отарчилар қўшиқ қилиб айтса тузук, аммо асло қишлоқдан ташқарига опчиқиб бўлмайди. Йигитчадан қайси шоирларнинг ижоди билан танишлигини сўрадим. Йўқ, биронта эътиборли шоирнинг шеърларини ўқимаган. Нега шеър ўқимай шоир бўлмоқчисан деб сўрайман ундан. Жавоб йўқ. Кулиб турибди, холос. Дадаси анча йиллар олдин автоҳалокатда вафот этган, у ота меҳрини кўрмай ўсганди. «Эшакка ўхшаб ҳанграйдиган отарчиларнинг қўшиғини тинглайвермай, катта шоирларнинг шеърларини ҳам ўқиб тур. Шеърият – санъат! Тушундингми?» – дедим унга жаҳлим чиқиб. Нега жаҳлим чиқмасин. Ахир Абдулла Орипов ёки Эркин Воҳидовнинг китобини қўлида ушлаб кўрмаган йигитча бақрайиб: «Шеър ёздим, китоб чиқармоқчиман, сўзбоши ёзиб беринг», – деса жаҳлингиз чиқадими, ахир?!

Ёшлигимда унча-мунча мисраларимни туман газетасига кўтариб боргани роса уялардим. Қиш­лоғимизга яқин Қўқон шаҳрида эса «Илҳом» деган адабий тўгарак борлигини билардим. Лекин тўгаракка боришдан ҳайиқардим. Ўйлардимки, у ердагилар жуда билимдон, дарсликка кирган ҳамма шеърий парчаларни ёд олишган, мен эса дарсликдаги биронта шеърни ҳам билмайман, уларнинг даврасида уялиб қоламан. Хуллас, муҳитга кўп муҳ­тож бўлганман.

Инсондаги таъмагирликнинг чеки-чегараси йўқ. У энг гўзал ва юксак нарсаларни ҳам ўз манфаатига бўйсундира олади.

Яқинда бир танишимдан ўзим туғилган туманда яшаб ижод қилаётган шоирларнинг ўттизга яқин китобини сўраб олдим. Мақсадим: улардан энг яхши шеърларни саралаб марказий матбуотда эълон қилиш эди. Турли ҳажмдаги китобларни ўқиб пичоққа соп бўладиган яримта ҳам шеър топа олмадим. Айрим тўпламларнинг сўзбошисида бу китоб муаллифнинг ўн учинчи тўплами деган ёзув ҳам бор экан. Шеър учун танланган мавзуларнинг барига таъмагирлик деган заҳар ичириб ўлдирилган. Мисралар аро бачкана манфаат итлари думини ликиллатиб, қилпанглаб турибди.

Раҳимжон ака, мароқли суҳбатингиз учун сизга раҳмат!

Биласиз, биз бугуннинг қаричи эртага тўғ­­ри келмаётган шиддатли бир даврда яшаяпмиз. Кундан-кун атрофимизда фитналар, ал­довлар қуюни қуюқлашиб бормоқда. Нима қил­моқ керак? Кеча-ю кундуз эшик-деразани бекитиб ўтирамизми? Аммо бу билан муаммо ҳал бўлмайди-да.

Ҳа, калаванинг бир учи ўзимизнинг ичимизда. Ички таълим-тарбияни тўғри йўлга қўймоқ мажбуриятидамиз. Бугун бевосита маънавиятимизга, маданиятимизга таҳдид соладиган ғоялар, қарашлар бўҳрони адабий жараёнга ҳам кириб келди. Фоҳишабозлик, ўғирлик, ўлдириш саҳналаридан иборат жилд-жилд китобларни шунчаки кўриб кўрмасликка олиб турибмиз. Ваҳоланки, инсон қалбини ўлдирадиган бу адабий қуроллардан ҳеч кимга фойда йўқ. Бу адабий қуроллар қалбни яксон қилади, бузади. Бузилган қалб хоиндир! Ҳар хатонинг боши ва ҳар қандай гуноҳнинг манбаи бузуқ қалбдир! Ташқи душман бунчалик хатарли эмас. Бу ғанимни ўзимиз боқамиз, ўзимиз ардоқлаймиз ва ўзимиз унга қурбон бўламиз.

Шундай экан, бу борадаги масъулиятли вазифа, миллат ойдинларининг, ижодкорларнинг зиммасига тушади. Зеро, ҳақиқий ижодкор ўз даврининг виждонидир.

Суҳбатимиз асносида айрим аччиқ-тизиқ гаплар ўтган бўлса-да, мақсадимиз зимдан бировларнинг томорқасига тош отиш эмас. Бу, хатоларни тузатиш ва ўзимизни ўнглашга бўлган кичик бир уринишдир.

076

081
ADABIYOTGA KIRIB BORILADI…MI?
Adabiyotshunos Rahimjon Rahmat bilan muloqot
Suhbatdosh: Alisher Nazar
021

Rahimjon Rahmat 1961 yilda tug’ilgan. Shoir, yozuvchi va adabiyotshunos. Toshkent Davlat universitetining o’zbek filologiyasi fakultetini tamomlagan. “Dala gullari”, “Xastalik daftari” adabiy maqolalar, kuzatishlar va she’riy asarlarni o’zida jam etgan to’plamlar muallifi.

Alisher Nazar 1976-yili Qashqadaryo viloyatining Chiroqchi tumanida tug’ilgan. 1998-yili Xalqaro Gumanitar akademiyasini tamomlagan. «Bizga atalgan tonglar» she’riy majmuasi (1999) va «Xolislik ehtiyoji» publitsistik to’plami (2012) chop etilgan. Ayni paytda «Yoshlik» jurnalining she’riyat bo’limi mudiri lavozimida xizmat qilmoqda.

021

08o’kdagi yulduzlarni tomosha qilib yotgan bola onasiga savol beradi:
– Ona, yulduzlar osmonning chiroqlarimi?
– Bilmadim, – deydi ona kulib.
– Yulduzlar osmonning chiroqlari, tongda o’chirib, kechqurun yoqib qo’yadilar, – deydi bola o’ylanib.
– Bu g’alati gaplarni qaerdan olyapsan?

Onaizor hayron. Chunki bola ulg’aygan sari “g’alati” gaplari ko’payib boryapti-da. “Yaxshilab tinglang, shamollar kuy chalyapti”, deydi bir kun. “Chaqmoqdan qo’rqib ketgan bulut yig’layapti”, deganiga nima deysiz? Chindan ham g’alati-ku! Ha, hammasi shunday boshlanadi.

Ona o’g’lining yuragiga adabiyot kirib kelayotganidan hali bexabar. Haqiqiy ijodkorga adabiyotning o’zi kirib keladi. Adabiyotga kirib borilmaydi. Adabiyotga kirib borganlar shunchaki adabiy mehmonlar, xolos! Ular tug’ma emas, surtma talantlardir! Haqiqiy ijodkorlar adabiyotga mezbonlik qiladilar.

Rahimjon aka, siz bilan qaysi mavzuda suh­batlashsam ekan, deb uzoq o’yladim. Shu o’ylar kechayotgan kunlarning birida jurnalimizga “adabiyotga kirib kelgan”lardan biri keldi-yu, bizga shu mavzuni ochib berdi.

Avval bu gurungni eshiting:

– Rostini aytsam, she’rlaringizni ancha pishitishingiz kerak, – dedim andak istihola bilan.
– Nimasini pishitasiz? – mehmonning avzoyi buzildi.
– Shu… o’z ustingizda…
– Aka, men o’zimga, talantimga ishonaman! O’tgan yili Respublikadagi eng nufuzli tanlovlarda birinchi o’rinni olganman, – dedi u. So’ng oldimga qatorlashtirib to’rtta kitobini tash­ladi. To’rtta! Endigina kollejni tugatayotgan bola-ya!

Adabiyot uchun emas, tanlovlar uchun chop qi­lingan kitoblarni varaqlay turib amin bo’l­dimki, bitta emas, o’nta tanlovda birinchilikni olsa ham bu “talant”dan shoir chiqmaydi. Eng yomoni shundaki, u o’zini ham, adabiyotni ham aldab yuribdi. Bunga o’xshaganlarning hammasini esa Tanlovlar chuv tushiryapti.

Rahimjon aka, endi bu bolani ham, tanlovlarni ham tinch qo’yamiz. Bu voqeani shunchaki suhbatimizga mavzu bergani uchun esladim, xolos. Siz menga chinakam shoirning tug’ilishi haqida, o’zingiz yashagan, his etgan tuyg’ular xususida aytsangiz…

Badiiy ijodga qiziqish tug’ma bo’ladi. Qonida badiiy ijodga muhabbati bo’lmagan boladan adabiyotga yo’naltirilgan maxsus ta’lim yordamida yozuvchi yoki shoir tarbiyalab bo’lmaydi, albatta. O’z navbatida yuragiga Xudo iste’dod yuqtirgan bola harbiy maktabda o’qisa ham, shubhasiz, kelajakda ijod kishisi bo’lib yetishadi. Lekin, bilamizki, adabiyot o’qituvchisi, universitet professori bo’lish uchun alohida ijodiy qobiliyat shart emas. A’lochi va tirishqoq maktab o’quvchilari kelajakda adabiyot professorlari bo’lib yetishishlari mumkin. Olim bo’lish uchun, atoqli adabiyotshunos Ozod Sharafiddinov aytganlaridek, shim kerak, xolos. Bu degani stolda ko’p o’tirib ishlaydigan odamning shimining orqasi tez yirtiladi. Olim odam kiygan shimning orqasi ilviragan bo’ladi.

Olimlik – tizimli ta’lim va sabr-toqat mah­suli.

Shoirning paydo bo’lishini esa mantiq bilan tushuntirib bo’lmaydi. Shundayki, yillar davomida taqir bo’lib yotgan tuproqdan kutilma­ganda qip-qizil lolaqizg’aldoq paydo bo’ladi. Hayron bo’lasiz: ilgari bu joyda lolaqizg’aldoq ko’karganini hech ko’rmagandim, urug’i qaydan kelib qoldi ekan. Yoki yillar davomida tuproqqa qorishib yotgan lolaqizg’aldoqning urug’i qulay sharoit tug’ilib jonlanib qoldimikan.

Iste’dodning paydo bo’lishini irsiyat bilan ham izohlab bo’lmaydi. Chunki juda kam hollarda mashhur shoirning o’g’li ijod kishisi bo’lishi mumkin. Shoirlik kutilmagan hodisa. Bu shunga o’xshashki, bog’ingizga yong’oq ekkaningiz yo’q, lekin bahorda kichkina yong’oq niholi unib chiqqaniga ko’zingiz tushadi. Qarg’a bog’ingiz tepasidan uchib o’tayotganda qaerdandir olib kelayotgan tumshug’idagi yong’oqni tushirib yuborgandir…

Bizningcha, muhit va tarbiya yo’nalishi tug’ma iste’dodning yuzaga chiqishini tezlatishi yoki sekinlatib qo’yishi mumkin, xolos. Shuningdek, juda ko’p mutollaa qilish bilan ham shoir yoki yozuvchi bo’lib yetishib bo’lmaydi. Badiiy ijodning o’tkir aqlga ham unchalik daxli yo’q. Chunki ijod – ilhom mahsuli. Ilhom deganlari to’satdan yog’ib qoladigan jaladay gap. Lekin bilim kerak. Abdulla Qahhor aytmoqchi, muhit ko’rmagan va yetarli bilim olmagan shoir baxshi bo’lib qoladi.

Hazrat Alisher Navoiyning shoir Osafiyga aytgan mashhur gapini eshitgansiz. Keling, eshitmaganlar uchun eslab qo’yamiz: sodda Osafiy Navoiyga aytibdilar:

– Kecha bozordan uch tangaga bir sham sotib olib, shu sham yonib tugaguncha uch ming misra g’azal bitdim.

– Hazrat, unda kechasi bilan uch tangalik g’azal bitibsiz-da, – debdi quvlik bilan bizning Hazrat.

Osafiylar Navoiy zamonida qolib ketgan emas. Har zamonning o’z osafiylari bor. Nazarimda osafiylar iste’dod degan joygacha yetib kelolmagan ijodkorlardir. Ammo shuncha yo’l bos­gandan keyin ular ham quruq qolmaganlar. Ma­horat kashf etganlar! O’qisang, hammasi joyida, ammo biror narsa yulib ololmaysan. Endi uni tom-tom qilib “saylanma” qilishdan boshqasiga yaramaydi. Shunaqalar yo’q deb o’ylaysizmi? Mayli, bu haqda o’ylaganlaringiz ichingizda tura tursin, so’ramoqchi bo’lganim: shoirlik iste’dodi nima-yu, shoirlik mahorati nima ekani haqida, shoirlikning asosiy xususiyati haqida…

Bilasizmi, dard, iztirobning surunkali holatga o’tishi iste’dod deyiladi.
Tanasi zaif odamlarda kasalliklarning tuzalishi qiyin kechadi. Immun tizimi kuchli odamlarga uncha-munchaga kasal yuqmaydi, yuqqan kasal esa tezda tuzalib ketadi. Shunga o’xshash bir narsa sabab shoir yuragida paydo bo’lgan dard-hasratning ketishi og’ir bo’ladi. Xudo insonni shunday yaratgan: aslo chidab bo’lmas dardu azobdan she’r o’qish yoki she’r yozish orqali xalos bo’lamiz.

Aqlli odamlar osongina qutulib ketadigan dard shoirona qalb egasi uchun hayot-mamot masalasiga aylanadi.

Bizlar beshta tuyg’u orqali olamdagi voqea, hodisa, rang va tovushlarni bilib olamiz. Bu ma’lumotlarni miyamizdagi turli markazlarga asab tolalari olib boradi. Shoirlar, umuman, san’at ahlida kishini tashqi olam bilan bog’laydigan mana shu asab tolalari nozik, ta’sirchan va hassos bo’ladi. Shuning uchun ular biz ko’rmagan narsalarni ko’radi, eshitadi, his qiladi.

Deyarli har bir odam yoshlikda sevgani bilan topisholmaydi. Lekin hech kim shoirchalik ayriliq qismatidan ulkan fojia yasamaydi. Demak, shoirlik bir fojiadan xalos bo’lib, ikkinchisiga boshi bilan sho’ng’ishdir.

K`erkegorning shoirlar to’g’risida ajoyib tash­beh-o’xshatishi bor. Qadimda, deydi u, jinoyatchilarni jazolash uchun misdan ichi g’ovak ulkan ho’kiz yasashgan. Jinoyatchini shu ho’kiz ichiga qamab, tagidan o’t yoqishgan. Mis ho’kiz qizigani sayin ichkaridagi jinoyatchi issiqqa chiday olmay baqirgan, qichqirgan, o’kirgan, uning jon achchig’ida bo’g’zidan otilib chiqayotgan nolalari esa ho’kizning burnidan yoqimli musiqa bo’lib taralgan. Ya’niki, shoir qalbida do’zax azobini ko’tarib yuradi va shu azobni go’zal obrazlar yordamida satrlar bag’riga joylaydi. Bizlar esa uning ohangdor satrlarini ting­lab estetik zavq olamiz. Qiziq-ku, shoir qalbidagi do’zaxiy azob she’rga ko’chib ko’ngillarga yoqadigan jannatiy musiqaga aylanyapti.

Ayrim shoirlar dard chekishni kasbga aylantirib oladi. Mahorati oshib, deylik, yoridan ayrilgan oshiq ko’nglidan qanday hislar kechishini o’zlashtirib olgan shoir, nonvoy ertalab turib xamir qorib, zuvala uzgandek ayriliq mavzuidagi misralarni qatorlashtirib tashlaydi. «Bir kechada o’nta she’r yozdim!» – deb maq­tanadi keyin. «Men har kuni she’r yoza olaman», – deb kerilib gapiradigan shoirlar ham topiladi. Ularning she’r­larida ohang ham, ta’sirli his-tuyg’u ham yetarli, ammo ruhi o’lik bo’ladi. Palag’da tuxumni chiroyli rangga bo’yab ko’z-ko’z qilganingiz bilan uning ichidagi badbo’ylik o’zgarmaydi.

Bilishimcha, jamiyatda shoir bo’lib tanilganlarning to’qson foizi o’z qalbidan rosmana kechmagan mavzularni yo boshqa shoirdan o’zlashtirib yoki biror manfaatni ko’zlab she’r qilib tashlaydi. Iztirob hammada bo’ladi, lekin o’sha iztirobning surunkali dardga aylanishi bor, mana shundagina chinakam she’r tug’ila boshlaydi. Deyarli barcha shoirlarning ilk ijod namunalarini qiziqib o’qib yod olasiz, keyinchalik esa ularda she’r yozish majburiyatga aylana boshlaydi. Ya’ni qalin-qalin kitob chiqarish, unvonga ega bo’lish kabi dunyoviy orzu-havaslarga intilgan shoir qatorlashtirib ruhsiz, lekin shoirlik mahorati sezilib turgan she’rlar yozib tashlaydi. Shuning uchun men «Shoirlik hunar ham, kasb ham emas, balki tez-tez xuruj qilib turadigan bedavo bir darddir», – deyman doim. Kits shoirlikni salbiy odat deydi. Bag’rim og’riyapti deb she’r yozasiz-u, lekin yozganlaringizda og’riq sezilmasligi mumkin. Tosh tushgan joyiga og’ir deyiladi. Masalan, doktorlar kasalliklarning klinik belgilarini aniq-tiniq ayta oladilar. Biroq ularning gapidan u yoki bu kasallik to’g’risida nazariy ma’lumot olasiz, xolos. Buyrak-tosh kasali xuruj qilib ingranib yotgan bemorni ko’rgach esa bunaqa kasallik naqadar og’riqli kechishini rostakamiga bilib olasiz. Demak, ruhi o’lgan shoirning yozganlari kasallik belgilari to’g’risida gapirayotgan doktorning so’zlaridir. Har narsani chin ma’noda o’z qalbidan kechirgan shoirning yozganlari esa xas­taligi xuruj qilgan bemorning ingrashlaridir. Bunday ingrashlar buyuk shoirlar ijodida
ko’p eshitiladi.

Odamzot yerga tushgandan beri o’ziga hi­moya izlaydi. Ruhiga taskin, ayriliq
yarasiga sho’rpaxta axtaradi. Adabiyot shu izlanishlarning samarasidir.

Tun kechalar dod aylasam,
Har dam Seni yod aylasam,
Ishqingda faryod aylasam,
Kel, ko’r mani ishq nayladi?

– deydi Yunus Emro. So’fiy shoir ayriliqdan lovullab yonayotgan ko’ngliga shunaqa qilib suv sepadi. Va bu “suv” asrlar osha minglab yunuslarning kuygan ko’ngliga malham bo’ladi. Bu, odamiyat uchun she’riyatning kamsuqumgina xizmatidir!

Harqalay, men shunday o’ylayman-da. Har qan­day she’r ruhiy ehtiyoj ortidan dunyoga kelishiga ishongim
keladi. Sizningcha-chi, she’r qanday yoziladi? Umuman, she’r yozish yoki she’r o’qish bilan odam o’zini darddan qutqarishi mumkinmi? Ijtimoiy hayot mashaqqatlari odamni shoir qilib yuborishi mumkinligiga nima deysiz?

She’r yozish ko’ngildagi alamli tuyg’ulardan xalos bo’lish usulidir. Misol uchun, men bir paytlar o’ta og’ir ayriliq alamidan telbalardek ba­qirib she’r o’qish yordamida xalos bo’lganman. O’sha paytlar kun va tunimning asosiy qismini ba’zan o’kirib, ba’zan ingranib she’r o’qish bilan o’tkazardim. O’shanda «Layli va Majnun» va «Demon» dostonlarini o’qirdim. Faqat shu ikkala dos­tonda aks etgan fojia, dard mening qalbimdagi musibatga mos kelardi.

Mening ilk o’qigan she’riy kitoblarim Sharq adabiyoti klassiklaridir. Ularni birov menga tavsiya qilmagan, o’zim qishloq kutubxonasini titkilab topganman, yoqqani uchun sevib mutolaa qilganman. Keyinchalik universitetda o’qib yurganimda ko’plab klassik shoirlarimiz so’fiy ekanligini har xil olimlarning maqolasidan o’qib bildim. Ular so’­fizmga tegishli istilohlar yordamida Mashrab she’riyatining so’fiyona falsafasini ochishga uri­nishardi. Rosti, ularning maqolasidan keyin bolaligimda sevib o’qigan Mashrab she’rlarini tushunmay qolardim. Hurmatli olimlarimiz: «Mashrab so’fiy shoir, uning she’rlarini so’fizm falsafasisiz tushunib bo’lmaydi», – deb yozishardi. Nahotki, bolaligimda Mashrab g’azallarini tushunmay sevib o’qigan bo’lsam. Tushunmasam, nega sevib o’qidim ekan?

Ko’rdim yuzingni, devona bo’ldim,
Aqlu hushimdan begona bo’ldim…

degan misralarni yodlab yurgan kezlarim bola edim va qalbimda ham rosmana sevgi uyg’onmagan edi. Nega shu misralar bola qalbimga moydek yoqdi ekan?

Nasr – ko’proq insonning hayotiy tajribasi va kamoloti bilan bog’liq ijod turi. Istaymizmi-yo’qmi insonning hayot hikmati mohiyatiga yetib borishi yosh bilan bog’liq. “Qari bilganni pari bilmaydi”, degan gap bor gap. Ellik yoshdan o’tganidan keyin barcha kasb egalari faoliyatini tugatish va nafaqa haqida o’ylab qoladi. Yozuvchi uchun ellik yosh badiiy ijodning boshlanishidir. Ya’ni tengqurlari nafaqaga hujjat to’g’irlab yurgan payti yozuvchi ijodiy mehnatga rosmana kirishgan bo’ladi.

Nisbatan yosh payti roman va qissa yozganlarning asarlarida baribir hayotiy hikmatdan ko’ra shoirona kechinma va tasvirlar ko’proq bo’ladi. Yozuvchining ellik yoshning nari-berisida yozgan asarida esa haqiqiy nasr uchun kerakli chin hayot hik­mati bo’ladi.

Shoirlik gullar olamiga sayohat, yozuvchilik esa ildizlar dunyosiga kirishdir.

Bilishimcha, yolg’izlanib qolish, mehr ko’r­mas­lik odamni shoir qilib yuboradi. Ayrim ayol va erkaklar
keksayganda kutilmaganda she’r yozib, kimlargadir o’qib beradi. Aslida yozilgan she’rni shoir birovga o’qib bermasa, she’r yozilgan hisoblanmaydi. She’r his-tuyg’ularingni o’zgaga bil­dirish uchun yoziladi. She’r – hayotdan, o’z taq­diringdan nolishning juda go’zal va odamni sharmandalikdan qutqaradigan vositasi. She’r yozilishiga asos bo’lgan badbin tuyg’ularingizni birovga ochiq gapirib bersangiz tusi o’zgarib sizga achinadi, gohida esa sizdan naf­ratlanishi ham mumkin. Insonning biologik tabiati zaif va kuchsizlarga shafqat qilmaydi, balki oxirigacha yanchib tashlamoqchi bo’ladi. Shuning uchun kamroq nolib, mushkul ahvolga tushib qolganingni yaqin qarindoshing va do’stlaringga ham bildirmasliging kerak. Odam faqat Allohga o’z holini bildirsin.

Qo’shni qishloqlik bir kishi, maktabda bosh­lang’ich ta’limni ham to’liq o’zlashtirmagan, «ye» bilan «y»ning farqiga bormaydigan savodsiz, yoshi ellikdan o’tib to’satdan she’r yoza boshladi. Ko’p yozardi. Bir kechada ikki tiyinlik katak daftarni to’ldirib tashlardi. Mening kitob o’qishga ishtiyoqimni, xususan, she’riy kitoblarni o’qib yurishimni bilgani uchun ko’pincha yangi yozgan she’rini birinchi menga o’qib berardi. Keyin esa ko’chaga chiqib, qaerda odam to’planib tursa, o’sha joyga borib yozganlarini o’qishga tushardi. To’ylarda esa atay o’rtaga chiqib uzoq-uzoq odamlarni «she’riyat sharobi» bilan siylardi. Farzandlari esa dadasining bu ishidan uyalar, o’zlarini aybdordek his qilardi. Meni nima uchun bu odam keksayganda she’r yoza boshladi ekan degan savol qiziqtirardi. Uning yozganlarida turoq va qofiya degan narsa deyarli bo’lmasdi. Barining mavzusi bitta – odamlarni bir-biriga mehribon bo’lishga chorlash edi.

Ozg’in, bo’yni ingichka, gapirganda kallasi silkinib turadigan kishining nima uchun faqat shu mavzuda she’r yozishini keyinroq bildim. U bolaligida g’irt yetim o’sgan, bolalik payti mehr ko’rmagan, juda ko’p xo’rliklarni, qashshoqlikni boshdan kechirgan ekan.

Hammasi ayon, bu odam mehr ko’rmaslik inson uchun juda og’ir dard ekanligidan ogohlantiryapti. Bolalikda, qo’yingki, butun umr mehr ko’rmagan qalb u dunyoga ketish oldidan isyon ko’taryapti. Darvoqe, u kishi she’r yozishni boshlaganidan ikki yil o’tib to’satdan vafot etdi.

Shu o’rinda yana bir gap. Juda erta iste’dodini namoyon qilgan, his-tuyg’ulari jo’shib turadigan san’atkorlar va shoirlarni ko’rsam, «Shuning umri qisqa bo’ladi-yov», – deb o’ylab qolaman. Chunki qalb jism qo’rg’oni qachon vayron bo’lishini oldindan aniq biladi va o’lim yaqinlashgan sayin qaynab-toshaveradi. Va toshayotgan vaqti tinib ulgurmasdan osmonga uchib ketadi. O’lim tuyg’usining jonlanishi har qanday odamni shoirga aylantirib yuboradi. Sog’lom odamda o’lim tuyg’usi mudroq bo’ladi. Hammamiz bilamizki, umr mangu emas, dunyodan rizqimiz uzilgan kuni omonatimizni egasiga topshiramiz. Lekin bu haqiqatni bilishimiz bizlarni unchalik iztirob va vahimaga solmaydi. O’lim tuyg’usi jonlanib qolsa-chi? Hayot tarzimiz va psixikamizda o’ta keskin o’zgarishlar sodir bo’ladi. Masalan, ruhiy kasal odamlarni eng yomon qiynaydigan tuyg’u o’lim vahimasidir. Ular shu vahimaga chiday olmay, undan xalos bo’lish uchun o’z jonlariga qasd qiladilar. «O’lim haqidagi o’ylardir hayot» (Rauf Parfi).

“Men o’zimdagi barcha yaxshi fazilatlar uchun kitoblardan minnatdorman”, debdi ah­li bilgichlardan biri. Odamiyat shu vaqtgacha kitobdan-da yaxshiroq do’st, dildosh va darddosh topolmadi. Nazarimda insoniyatning kashf etganlari orasida eng qiymatlisi ham shu kitobdir! Lekin bugungidek taloto’p bir zamonda, bu haqiqatni har kimning ham oldiga qo’yolmaysiz. Hazrat Zamaxshariy aytmoqchi: “Tumov kishi gulning hidini sezmaganidek, ahmoq kishi hikmat lazzatini bilmaydi”.

Ming vahki, bugun ko’pchiligimiz “tumov”ga giriftormiz. Gul bilan tikonni farqlayolmay qolayotgan yoshlarimizning eng katta muammosi ham shu – “hid” bilmasligidir. Vaholanki, kundan-kun tahlikalari kuchayib borayotgan XXI asr ko’chasiga bunaqa “yupun” holatda chiqib bo’lmaydi. Aks holda o’zingizni ham, ruhingizni ham boy berib qo’yasiz. Chunki “yupun” odamga “issiq joy” ko’rsatsalar bo’ldi, qolgani bilan ishi yo’q.

Kitob adabiyotchi yoki olim bo’lish uchun o’qilmaydi. Kitob Odam bo’lish uchun o’qiladi.

Rahimjon aka, sizdagi kitobxonlik “kasalligi” qanday boshlangan? Bunga atrof-muhitning ta’siri bo’lganmi?

Men ulg’aygan oila adabiyotdan juda yiroq edi. Oiladagi muhit sabab men ham juda ko’p tengdoshlarim kabi bir qo’limda molning arqoni, bir qo’limda ketmon ushlab katta bo’lganman. Na maktabda, na oilada kitob haqida gapirilmas edi. Bolaligimda hech kim menga kitob sovg’a qilmagan va adabiyotga qiziqishim hech qachon rag’barlantirilmagan. Aksincha, qishloq kutubxonasidan olganim kitobni berilib mutolaa qilib, mollarga o’t solish esdan chiqib qolgan paytlar kattalardan tuzukkina dakki ham eshitganman. Hatto, ayrim paytlar qo’limdagi kitobni yulqib olib yirtib tashlashlar ham bo’lgan. Nafaqat bizning oila, balki butun qishloqda kitob degan narsa yerda yotgan xazonchalik qimmatga ega emas edi. Lekin biz yoshlar, garchi kitobxonlik muhiti bo’lmasa-da, ko’p kitob o’qirdik.

Xazonni to’plab molga berish mumkin, kitobni esa mol yemaydi. Hozir ham bizning qishloqda ko’pchilik ko’chada kitob ko’targan odamni devonaga teng ko’radi va kitob o’qishga qiziqqan yigitga uncha-muncha oila qizini bermaydi. Qalin-qalin kitob­larni o’qish ruhiy tanazzul belgisi hisoblanadi. Mahallaning eng badavlat kishilari, to’ylarning to’rida yastanib o’tiradigan kazo-kazolar umrida na biron marta kitob sotib olgan, na bitta badiiy asarni oxirigacha o’qib chiqqan. Men shu yoshimgacha bironta qishloqdoshimning shaharga borganida kitob magaziniga kirib o’ziga yoki o’g’il-qiziga kitob sotib olganini eslolmayman. Bundan ancha yillar ilgari onam ko’ylak olib kiy deb bergan puliga «O’zbek tilining izohli lug’ati»ni sotib olgandim. O’sha hodisani onam va bu ishimdan xabar topgan qo’ni-qo’shnilar hozirgacha kulib eslab turishadi.

Shundoq. Men ulg’aygan muhitda odamlar yegan bir kosa oshi va tinch o’tgan kuniga shukr qilar edi. O’qiyman, olim bo’laman, taqdirimni o’zgartiraman deb bir narsalarni orzu qilgan yoshlar mahalla odamlari orasida g’iybat ob’ektiga aylanardi. Mabodo, u yaxshi joylarda o’qib, toza ishlarda ishlay boshlasa odamlar unga hasad qilardi.

Xullas, o’shanda onam aytgandek qilib ko’ylak sotib olganimda taqdirim hozirgidan ozgina boshqacharoq bo’larmidi. Chunki bizning qishloq qiz­lari qalin kitob ko’targan boladan ko’ra chiroyli ko’ylak kiygan yigitni yaxshi ko’rishadi… Xolasi yoki ammasining gapi bilan uchrashuvga chiqqan qiz uyalinqirab yigitning yuziga qarayolmaydi, yerga boqib turib «xaridori»ning kiygan shimi va tuflisini ko’radi, agar shim va tufli chiroyli bo’lsa, tez orada to’y boshlanadi.

Bilasizmi, o’zbek sovet shoirlari meni juda qattiq aldagan. O’zbekchaga tarjima qilingan Sharq klassik shoirlarining ijodini bir sidra mutolaa qilib bo’lgach, she’r o’qishga ehtiyojimni qondirish uchun qishloq kutubxonasidan ko’zimga ko’ringan she’riy kitoblarni uyga tashiy boshladim. Bu kitoblarning aksari o’zbek sovet shoirlarining to’plamlari edi. Hammasini bir boshdan o’qib chiqdim. Lekin, ayrim, juda kam she’rlarni hisobga olmaganda, ularning hech birida o’zim izlagan kechinmalarni topa olmadim. Keyinchalik universitetda o’qib yurganimda bildimki, kommunist shoirlarning yozganlari she’riyatga umuman aloqasi yo’q narsalar bo’lib, ular kommunistik mafkuraning oddiy targ’ibotchilari ekan. O’sha qalin-qalin kitoblarni o’qishga ketgan vaqtimga achindim.

Universitetda o’qib yurgan kezlarim adabiy tanqidga qiziqib, ustozlarning katta-katta kitob­lari mutolaasiga kirishdim. Avvaldan aytib qo’ya qolay. Men ustozlarimni maqolalarini emas, mu­loqotda bo’lganlarimning o’zlarini hurmat qi­laman. Chunki ularning hammasi, hatto eng yomoni ham o’zi yozgan maqoladan yaxshi hisoblanadi…

«Ming xayf xashakka intilsa otash», – deydi Bedil. O’shanday men ham shoir bo’laman, adabiyot ilmi bilan shug’ullanaman deb kommunistik davr mevasi bo’lgan mafkuraviy adabiyot otlig’ «xashak»ka ro’baro’ bo’ldim.

Bu «xashak»lar adabiyotga hech qanday aloqasi yo’q bo’lsa ham, lekin bu maydonni butunlay egallab olgandi. Adabiyot maydoniga kirgan odam uzoq vaqt «xashak»lar orasida tentirab yurishga majbur edi. Talay iste’dodli shoir va olimlar shu «xashak»larni chin adabiyot deb o’yladi, o’zlari ham «xashak» yaratib tashladi.

Faqat o’qishga kirish majburiyati yuzasidan o’zbek sovet shoirlarining maktab darsligida be­rilgan bir parcha-yarim parcha she’rlarini yod ol­dim, xolos. O’qishga tayyorgarlik jarayonida ada­biyot fanidan darsliklarni qo’lga olishga bezil­lab qolgandim. Darslik yozgan olimlarning nima de­moq­chiligini hech tushunolmasdim. O’tgan asrning saksoninchi yillari oxiri edi o’shanda. Bu paytda men yigirma besh yoshga yetgandim. Hozir o’ylasam, sovet davrida yozilgan adabiyot darsliklari o’quvchilarning adabiyotga muhabbatini butunlay so’ndirishga qaratilgan ekan. Yaxshiyam maktabda adabiyot faniga qiziqmaganim, yo’qsa mendagi badiiy so’zga muhabbat beshikdaligidayoq bo’g’ilib o’lgan bo’lardi. Maktabda adabiyot fanidan o’tilgan darslardan juda kam narsa yodimda qolgan. Ko’ylagining tugmalangan joylari tarang tortilib kindigi ko’rinib turadigan adabiyot o’qituvchimizning «Miltiqli kishi» p`esasi…» deb boshlanadigan gap­lari yodimda qolgan. Nega aynan shu holat xotiramga muhrlanganini hanuz tushunmayman…

Bir paytlar… “Adabiyot maydoniga kirgan odam uzoq vaqt «xashak»lar orasida tentirab yurishga majbur edi”. Ammo keyinchalik bu “xashak”larni yangi davr shamollari uchirib ketdi va shu bilan hammasi barbod… bo’lmadi. Ha, bu “xashak”larning yangi-yangi turlari paydo bo’ldi. Ularning kitob holida chop etilishi, muallifining «odamgarchiligi»ga qarab e’tirof etilishi, bir so’z bilan aytganda, rag’batlantirilishi adabiyotning qiymatini tushirib yubordi.

Ayniqsa, “tushib ketish” jarayoni she’riyatimizda yaqqol namoyon bo’ldi. Qofiyasini topgan odam shoir bo’laverdi va bu ko’payish jarayoni hamon to’xtagani yo’q. Bugun she’rning zo’rligini adabiyotshunos emas, xonandalar bel­gilayapti! Rost gap. Tuppa-tuzuk shoirlarning she’riyatiga bag’ishlangan maqolalarni ham bi-ir o’qib ko’ring! “So’nggi yillarda bu shoirning o’nlab she’rlari qo’shiq bo’ldi”, deya e’tirof etiladi. Yozgan she’ringizning qo’shiq bo’lishi alohida fazilat sanaladigan bo’lib qoldi. Xonanda e’tirof qildimi, demak, she’ringiz zo’r! Yozavering, “kuchliroq sev”avering!

Xo’sh, bu “xashak”larga nima deysiz? Yana shamollarni kutamizmi? Ungacha o’zimiz “shamollab” qolsak-chi…

Bir kuni mahallamizdagi yoshgina yigitcha uyalinqirab «She’rlarimni ko’rib berasizmi?» – deb qoldi. Darhol savol berdim: «Qaerda o’qiysan?» Ma’lum bo’lishicha, qizlarga xos al­laqanday uyatchanlik sezilib turgan bu bola temir yo’l kollejida o’qirkan. Yaxshi, uyimda o’qiyman deb qo’lidan ijod namunalarini oldim. Uyda o’qib ko’rdim. Sodda, sayoz va beg’ubor she’rlar. “Sevganim sevmadi, chunki men kambag’al edim”. “Dadajonimni sog’indim”, “Onajonim azizdir” mazmunidagi she’rlar. Ularni qishlog’imizdagi otarchilar qo’shiq qilib aytsa tuzuk, ammo aslo qishloqdan tashqariga opchiqib bo’lmaydi. Yigitchadan qaysi shoirlarning ijodi bilan tanishligini so’radim. Yo’q, bironta e’tiborli shoirning she’rlarini o’qimagan. Nega she’r o’qimay shoir bo’lmoqchisan deb so’rayman undan. Javob yo’q. Kulib turibdi, xolos. Dadasi ancha yillar oldin avtohalokatda vafot etgan, u ota mehrini ko’rmay o’sgandi. «Eshakka o’xshab hangraydigan otarchilarning qo’shig’ini tinglayvermay, katta shoirlarning she’rlarini ham o’qib tur. She’riyat – san’at! Tushundingmi?» – dedim unga jahlim chiqib. Nega jahlim chiqmasin. Axir Abdulla Oripov yoki Erkin Vohidovning kitobini qo’lida ushlab ko’rmagan yigitcha baqrayib: «She’r yozdim, kitob chiqarmoqchiman, so’zboshi yozib bering», – desa jahlingiz chiqadimi, axir?!

Yoshligimda uncha-muncha misralarimni tuman gazetasiga ko’tarib borgani rosa uyalardim. Qish­log’imizga yaqin Qo’qon shahrida esa «Ilhom» degan adabiy to’garak borligini bilardim. Lekin to’garakka borishdan hayiqardim. O’ylardimki, u yerdagilar juda bilimdon, darslikka kirgan hamma she’riy parchalarni yod olishgan, men esa darslikdagi bironta she’rni ham bilmayman, ularning davrasida uyalib qolaman. Xullas, muhitga ko’p muh­toj bo’lganman.

Insondagi ta’magirlikning cheki-chegarasi yo’q. U eng go’zal va yuksak narsalarni ham o’z manfaatiga bo’ysundira oladi.

077Yaqinda bir tanishimdan o’zim tug’ilgan tumanda yashab ijod qilayotgan shoirlarning o’ttizga yaqin kitobini so’rab oldim. Maqsadim: ulardan eng yaxshi she’rlarni saralab markaziy matbuotda e’lon qilish edi. Turli hajmdagi kitoblarni o’qib pichoqqa sop bo’ladigan yarimta ham she’r topa olmadim. Ayrim to’plamlarning so’zboshisida bu kitob muallifning o’n uchinchi to’plami degan yozuv ham bor ekan. She’r uchun tanlangan mavzularning bariga ta’magirlik degan zahar ichirib o’ldirilgan. Misralar aro bachkana manfaat itlari dumini likillatib, qilpanglab turibdi.

Rahimjon aka, maroqli suhbatingiz uchun sizga rahmat!

05Bilasiz, biz bugunning qarichi ertaga to’g’­­ri kelmayotgan shiddatli bir davrda yashayapmiz. Kundan-kun atrofimizda fitnalar, al­dovlar quyuni quyuqlashib bormoqda. Nima qil­moq kerak? Kecha-yu kunduz eshik-derazani bekitib o’tiramizmi? Ammo bu bilan muammo hal bo’lmaydi-da.

Ha, kalavaning bir uchi o’zimizning ichimizda. Ichki ta’lim-tarbiyani to’g’ri yo’lga qo’ymoq majburiyatidamiz. Bugun bevosita ma’naviyatimizga, madaniyatimizga tahdid soladigan g’oyalar, qarashlar bo’hroni adabiy jarayonga ham kirib keldi. Fohishabozlik, o’g’irlik, o’ldirish sahnalaridan iborat jild-jild kitoblarni shunchaki ko’rib ko’rmaslikka olib turibmiz. Vaholanki, inson qalbini o’ldiradigan bu adabiy qurollardan hech kimga foyda yo’q. Bu adabiy qurollar qalbni yakson qiladi, buzadi. Buzilgan qalb xoindir! Har xatoning boshi va har qanday gunohning manbai buzuq qalbdir! Tashqi dushman bunchalik xatarli emas. Bu g’animni o’zimiz boqamiz, o’zimiz ardoqlaymiz va o’zimiz unga qurbon bo’lamiz.

Shunday ekan, bu boradagi mas’uliyatli vazifa, millat oydinlarining, ijodkorlarning zimmasiga tushadi. Zero, haqiqiy ijodkor o’z davrining vijdonidir.

Suhbatimiz asnosida ayrim achchiq-tiziq gaplar o’tgan bo’lsa-da, maqsadimiz zimdan birovlarning tomorqasiga tosh otish emas. Bu, xatolarni tuzatish va o’zimizni o’nglashga bo’lgan kichik bir urinishdir.

033

(Tashriflar: umumiy 533, bugungi 1)

1 izoh

  1. ўламан-қоламан, деб собиқ мухбир бирданига «шоир, ёзувчи ва адабиётшунос»га айланиб қолдими? «Шоирлигимдан ийманаман» деган ҳам шу эди. Қанақа шоир?! «Шоир бўлолмаганидан ийманаман» деганида, тўғри эди. Чекка туманлик бир «шоир» бўларди, «яқинда ўламан, шеъримни чиқаринглар», деб юрарди. У-ку ўлмади, илтимосини эсласанг, кулгинг келади. «Хасталик дафтари» ҳам шуни ёдга солади.

Izoh qoldiring