Ahmad Donish. Hikmatlar & Аҳмад Махдуми Дониш. Рисола ё мухтасаре аз таърихи салтанати хонадони мангития & Jamshid Niyozov. Ahmad Donish saboqlari

Ashampoo_Snap_2016.11.10_17h32m51s_010_a.pngМутафаккир таълимотида умр мазмуни алоҳида ўрин тутади. Унинг таъкидлашича, ҳар бир инсон ҳаёти давомида эзгу ишлар қилмоғи, илми ва ҳунарини эл-юртига бахшида этмоғи лозим. У ҳар бир инсон “каттадан ҳам, кичикдан ҳам сабоқ олишга интилсин” дейди ва Афлотун, Арасту, Суқрот каби буюк устозларнинг баъзан дарс жараёнида айрим нарсаларни ўз шогирдларидан ўрганганини бунга мисол қилиб келтиради.

АҲМАД ДОНИШ САБОҚЛАРИ
Жамшид Ниёзов
011

Ashampoo_Snap_2016.11.10_17h33m14s_011_a.pngБу табаррук заминдан не-не буюк зотлар етишиб чиқмаган дейсиз. Уларнинг умумбашарий ғоялари, илмий мероси, орадан неча асрлар ўтса ҳамки, аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Ўзидан муносиб из қолдирган ана шундай улуғ сиймолардан бири улуғ олим ва давлат арбоби Аҳмад Донишдир.

Кўпчилигимиз унинг номини эшитганмиз албатта. Бироқ “Аҳмад Калла”, “Аҳмад махдум”, “Муҳандис” номлари билан замонасида шуҳрат қозонган ва илмий-адабий тафаккурнинг янгиланишига сезиларли таъсир кўрсатган алломанинг амирлик тузумини ислоҳ қилиш, Россия ва Европа мамлакатларидан андоза олиб, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, турли табақа вакилларидан иборат парламент (машварат) тузиш, барча қонун, низомларни шу кенгашда ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этиш, мактаб ва мадраса фанлари, ўқитиш усулларини тубдан янгилаш хусусидаги илғор қарашларидан бехабар чиқамиз. У ана шундай ҳур фикрлари, қомусий илми туфайли Россия императори Александр IIнинг ҳам назарига тушган эди.

Аҳмад Дониш 1827 йили Бухорода шофирконлик мударрис оиласида туғилган. Дастлаб мактабда, сўнгра отасининг мадрасасида ўқиган Аҳмад адабиёт, тарих, фалсафа, табобат, астрономия илмларини пухта ўзлаштирган. Шунингдек, у номи чиққан хаттот ва рассом ҳам эди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Аҳмад Дониш Бухоро амири элчилари сафида уч маротаба — 1856, 1869, 1873-74 йиллари Россияга борган ва сафар чоғида Петербург ҳамда Москвада кўрган-кечирганлари ҳақида махсус рисола битган. 1874 йил февраль-март ойларида Россияда чиқадиган “Голос”, “Новое время” газеталарида унинг билим-савияси ва сиёсатдонлиги таърифланган фикрлар босилган. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, юртдошимиз рус подшоси хизматидаги ёзувчи ва олимларнинг эътиборини тортган, ҳурматига сазовор бўлган.

Маънавиятимизнинг забардаст вакилларидан бўлган Аҳмад Донишдан бизга улкан мерос қолган бўлиб, унинг қамрови ниҳоятда кенг. Садриддин Айний, Евгений Бертельс, Иброҳим Мўминов, Садри Зиё, Сотим Улуғзода, Иброҳим Ҳаққул каби атоқли олим ва адиблар мутафаккир ҳаёти ва ижодини тадқиқ этишган.

Филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққулнинг “Аҳмад Калла” номли эссесида (Эссени тўлиқ ҳолда мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин) шундай сатрлар бор: “Ўн тўққизинчи асрдаги Бухоро шароитида Аҳмад Донишдек олим, адиб, мутафаккир ва давлат арбобининг камол топиши ҳайратланарли ҳол…

Илм-фаннинг саёзлашуви, маърифат бўстонларининг қовжираши, ҳуррият нурларининг сўниши Бухоронинг тинка-мадорини қуритган эди. Давлат ва ҳокимият Бухорои шариф аҳли хоҳиш-иродасига зид бўлган ақида ва орзу-ҳавасларга тобе эди…

Рост сўз, тўғри фикрнинг бир чақалик қиймати бўлмаган ана шундай қалтис шароит ва бадбўй муҳитда Аҳмад Дониш сарой хизматида юрган…

… Аҳмад Дониш ҳаётни севиб, ҳеч бир тўсиқ ва қаршиликни писанд этмай мардона кун кечирди. Шу боисдан ҳам унинг асарлари ростлик, матонат руҳи билан суғорилган”.

ЎзФА Шарқшунослик институти Қўлёзмалар фондида Аҳмад Донишнинг “Наводир ул-вақоеъ” (“Нодир воқеалар”), “Таржимаи аҳволи амирони Бухоро” (“Бухоро амирларининг таржимаи ҳоллари”), “Тарихи салтанати хонадони манғития” (“Манғит амирлари тарихи”), “Дафтари тақвим” (“Кундаликлар”), “Рисолаи дар назми тамаддун ва маъовун” (“Маданият ва жамият тартиби ҳақида рисола”), “Мажмуаи ҳикояти Аҳмади Калла” (“Аҳмад Калла ҳикоялари тўплами”), “Ин рисолаист ислоҳ миёни шиа ва сунн” (“Шиалар ва суннийларни яраштириш тўғрисида насиҳат”), “Манозир ул-кавокиб” (“Сайёраларнинг жойлашуви”), “Рисола фи аъмол ал-курра” (“Глобусдан фойдаланиш йўллари”), “Мажмуи рисолаи нужум”, “Меъёри тадайюн”, “Бухородан Петербургга саёҳат” сингари 16 та қўлёзма асари сақланади. Аксарияти муаллифнинг ўз қўли билан ёзилган нусхалардир.

“Наводир ул-вақое” 15 йил давомида, яъни 1870—1885-йиллар оралиғида ёзилган тарихий, фалсафий, мемуар асар ҳисобланади. У 23 бобдан ташкил топган бўлиб, ота-она ва фарзанд муносабатлари (1-боб), мол-дунё (2-боб), тарих (З-боб), олим ва жоҳил тақдири (4-боб), вақт қадри (5-боб), сафар қилиш фойдалари (6-боб), илм-фан манфаати (9-боб), ҳақиқий ва мажозий ишқ ҳамда унинг одоби (10-боб), никоҳ (11-боб), тақдир (12-боб), касб-кор (13-боб), жисм ва руҳ (14-боб), ер тузилиши ва маъданлар (16-боб), туш таъбири (19-боб), айрим ҳадислар талқини (22-боб), инсон ахлоқини белгилаш (23-боб) каби ранг-баранг мавзуларни қамраб олган.

Асар таркибидан, шунингдек, алломанинг “Мамлакатни бошқариш ва халқни маърифатли қилиш ҳақида рисола”си ҳам ўрин олган бўлиб, унда подшоҳнинг халқ олдидаги масъулияти 10 шарт асосида кўрсатиб берилади. Шу жиҳатдан Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Муҳаммад Қозининг “Ҳукмдорга ўгитлар”, Жан-Жак Руссонинг “Ижтимоий шартнома”сини ёдга солади.

Адиб фаранг донишмандлари, “сиёсий ҳукамолар”и ҳақида ёзди. Уларнинг “ихтилол ва инқилоблар тарихини чуқур ўрганиб”, барча ҳақсизлик ва адолатсизлик сабабини “давлат ишларининг ёлғиз подшо қўлида бўлиши”дан топганини, шу сабабли эски “давлат тузумини ўзгартиргани”, “ҳуқуқда ҳамманинг тенглиги”га риоя этиши, даражалар эса кишиларнинг “фазл ва ҳунарларининг оз-кўплигига асосланиши”, “давлатни ҳамманинг ўртасида турган киши идора қилиши” ҳақида “қонунлар чиқаришгани”ни уқтиради. Европанинг “барча давлатларни енгиб, бутун дунёга эга бўлишлари”да бу асосий омил бўлганини таъкидлайди.

Қайд этиб ўтиш керакки, адибнинг “Таржимаи аҳволи амирони Бухоро”, “Тарихи салтанати хонадони манғития”, “Рисолаи дар назми тамаддун ва маъовун”, “Мажмуаи ҳикояти Аҳмади Калла”, “Ин рисолаист ислоҳ миёни шиа ва сунн” “Бухородан Петербургга саёҳат” каби рисолалари, “Дафтари тақвим”и ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Аҳмад Дониш умрининг охирларида “Тарих рисоласи” номи билан машҳур “Тарихи салтанати хонадони манғития” китобини ёзди. Бир ёқдан Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро, Абдуллахон, Субҳонқулихон, Шоҳмурод, иккинчи тарафдан Амир Музаффар салтанати мисолида ҳар бир давлатнинг тараққий ва таназзули сабабларини таҳлил қилди. Биринчи гуруҳни мужаддидлар (дин ва давлатни покловчилар) деб ҳисоблади.

Аҳмад Дониш халқ ва давлат, ҳокимият ва юртнинг таназзулдан қутулишини ўйларди. Шу боис у жоҳил, нодон ва аҳмоқ кимсаларни давлатдан ҳимоялашга уринмаганидек, ичдан чириб, бузилиб кетган давлатнинг одамлар ҳаётида бирор ўзгариш қилиши ҳақида сўзлашни ҳам истамасди. Унинг биринчи орзуси ахлоқ ва тафаккур эди.

«Наводири Зиёия» тазкираси муаллифи, олим ва маърифатпарвар Садри Зиёнинг эътирофича, Аҳмад Дониш бутун умрини амир, вазир, қозикалон ва бошқа амалдорларни келажакдан огоҳ этиш, оддий одамларга зулм ўтказмасликка чорлаш, уларни зўравонлик, бераҳмликдан қайтаришдек эзгу ишларга сарфлаган лекин жамият ҳаётида бирон бир ўзгариш кўрмаган.

Давлатни адолат билан бошқаришга ақлу идрок ва илму тафаккур нуқтаи назаридан ёндашиш Аҳмад Донишнинг қарашларига хос хусусиятдир. Аҳмад Дониш “агар давлат ақл, онг принципларига мувофиқ тарзда ташкил этилмаса ва бошқарилмаса, ундай давлатдан яхшилик кутиш мумкин эмас” деб ҳисоблайди. Бу фикр Шарқ мутафаккирлари илгари сурган ва оқил ҳукмдорлар амал қилган давлатни илм-маърифат аҳлига таяниб бошқариш ғоясига ҳамоҳангдир.

У халқ ичидаги оқил одамлардан махсус кенгаш (парламент) тузиб, давлатни идора этиш ғоясини илгари суради: “Подшоҳга лозимдирки, катта бир машваратхона очсин. Бундай иш ҳозирги низомлик давлатлар ичида мамлакат тутишнинг энг муҳим ишларидан ҳисобланади. Мамлакат халқининг турли табақаларидаги энг ақлли ва илмли одамлардан у машваратхонага аъзо сайлаб, уларга маош тайин қилсин. У жойга йиғилган машваратчилар халқнинг ҳамда давлатнинг манфаатини кузатиб фикр фикр юргизсинлар. Улар нима нарсага иттифоқ қилган бўлсалар, у ишни амалга оширсин. Машваратхонада доимий туришлари лозим эмасдир, балки сайланмиш одамлар ҳар куни бир неча соат тўпланиб, мамлакатнинг фойда ва зарарларини текшириб турсалар кифоя”. Мазкур фикрлари билан муаллиф Афлотун ва Форобийнинг давлатни ислоҳ қилишга доир қарашларини янада ривожлантиради.

У ижтимоий-сиёсий муносабатлар ҳақида тўхталар экан, подшоҳ ва халқ муносабати қанчалик илиқ бўлса, жамият фаровон, мамлакат обод бўлади деб ҳисоблайди ва буни мамлакат раҳбарининг марҳамати ҳамда адолатига боғлайди.

Аҳмад Донишнинг фикрича, жамиятда фаолият кўрсатаётган ҳар бир инсон мансаби, моддий мавқеи жиҳатдан фарқланиши мумкин, аммо ижтимоий ёки умуминсоний қадриятларни ўзида мужассамлаш, уни намоён этиш нуқтаи назаридан ҳамма бирдек мавқега эгадир.

Мутафаккир таълимотида умр мазмуни алоҳида ўрин тутади. Унинг таъкидлашича, ҳар бир инсон ҳаёти давомида эзгу ишлар қилмоғи, илми ва ҳунарини эл-юртига бахшида этмоғи лозим. У ҳар бир инсон “каттадан ҳам, кичикдан ҳам сабоқ олишга интилсин” дейди ва Афлотун, Арасту, Суқрот каби буюк устозларнинг баъзан дарс жараёнида айрим нарсаларни ўз шогирдларидан ўрганганини бунга мисол қилиб келтиради.

Хулоса қилиб айтганда, Аҳмад Дониш кучли демократик давлат ҳамда ижтимоий тенглик, ижтимоий адолат устувор бўлган фуқаролик жамиятини барпо этиш орзуси билан яшаган. Унинг бу борадаги қарашлари ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотган эмас.

АҲМАД ДОНИШ
ҲИКМАТЛАР
011

033дам яратилгандан сўнг унинг туганмас бахти илм ва маърифатда бўлади. Унинг ихтиёри ўзида бўлса, илмсизлик ва дангасаликка бўйин эгмасин, чунки илм ва маърифат руҳнинг истаги бўлиб, роҳатпарастлик ва дангасалик нафснинг тилагидир.

***

…Ҳақ йўлдан адашмаслик учун ҳамма одамлар кўнглида бир турли сезги қуввати яратилгандир. Мана шу орқали одамлар тузукни бузуқдан, яхшини ёмондан ажрата оладилар.

***

Кимки ақлсиз бўлса, у одил ҳам эмас… Ақл ва давлатни бир-биридан ажратиб бўлмайди, ақлсиз одамлар мамлакатни идора қила олмайди.

***

Подшоҳ ҳукм устида мумкин қадар юмшоқлик билан сўзлаб, заруратсиз ҳолда қаттиқ гапирмасин. Ҳар ишнинг ҳужжат ва далилларини текшириб, уни эшитишдан зерикмасин. Мискин ва фақир кишилар билан ўтириб суҳбатлашмоқдан номус қилмасин…

***

Маълумки, давлат ва салтанатнинг қурилиши учун фуқаро жамияти ва вилоятлар тузилиши керакдир. Бунинг учун мамлакат ободлиги ҳамда етарли аскарнинг бўлиши лозим; чунки буларсиз ҳеч бир давлатнинг сақланиши мумкин эмасдир. Аскарсиз шоҳ бўлмайди, хазинасиз аскар яшай олмайди. Халқ кўпайиб, ободлик бўлмаса, хазина бойлиги кўпаймайди. Мамлакат обод бўлмагунча фуқаро жамияти бўлмайди.

***

Мамлакат келинга ўхшайди, ҳар хил ҳунармандлар эса унинг зеби зийнатларидир. Булар қанча кўпроқ бўлса, мамлакат ҳам шунчалик зийнатланади.

***

Ҳукмдор ҳамиша оқил олимлар суҳбатларига ташна бўлиб, уларнинг насиҳатларини ғанимат билсин.

***

Давлат раҳбари кимда-кимнинг кўз қуввати, фаҳм қуввати кўпроқ бўлса, ундай одамни элчиликка тайинласин. Қайси одам шижоатли ва ғайратли бўлса, уни аскар бошлиғи қилиб, душманга қарши урушга ва қалъаларни олишга чиқарсин. Агарда инсофли ва диёнатли бўлса қозилик, ҳокимлик мансабларини берсин. Агарда олий ҳимматли ва ақлли бўлсалар, уларни вазир ва амирликка тайинласин.

***

Бир мамлакатда тинчлик ва мўлчилик бўлиб, бунинг овозаси атрофга тарқалса, буни эшитган савдогар, ҳунарманд ва олимлар ҳар томондан кела бошлайди.­

***

Халқдан ушур ва хирожларни йиғишга, давлатнинг бутун молия хизматларини бажариб туришга адолатли кишилардан закотчи тайинласин.

***

Барча йўлларни кузатиб, ўғри, йўлтўсар ва қароқчилардан сақлаш учун йўллар нозири сайлаб қўйилсин.

***

…Дунёда ҳар қандай меҳнат (чунончи оддий меҳнаткаш бўлиш), гўлахлик қилиш номус иш эмасдир. Чунки у хизмат ҳақини олади. Ҳақиқатга келганда, шоҳ-гадо ҳаммаси ҳам хизматчидир.

***

Ҳар ким ўзига яраша касб қилиши лозимдир. Масалан, амирлик талаб қилган киши ақлли, тадбирли ва саховатли бўлиш билан бирга довюрак, баҳодир бўлиши зарур. Ўткир тилли, очиқ сўзли, чуқур фикрли, ақли комил инсонлар вазирликка лойиқдир. Қозилик ва раисликни талаб этувчилар ақлли-фаросатли бўлиш билан бирга фатво ва даъво илмларида олий маълумотга эга бўлишлари лозимдир.

***

Ҳеч кимнинг ризқи осмондан тушмайди, ҳаракатсиз мақсадга етиб бўлмайди. Ялқовлик қилиб, ўз юкини ўзи­ кўтармай, бошқалар устига ортар экан, ундай одам инсонлик шарафини йўқотиб, кишилик қаторидан чиқади.

Манба: «Ҳуқуқ ва бурч» газетаси

 

801385.jpg
AHMAD DONISH SABOQLARI

Jamshid Niyozov
011

Ashampoo_Snap_2016.11.10_17h32m51s_010_.pngBu tabarruk zamindan ne-ne buyuk zotlar yetishib chiqmagan deysiz. Ularning umumbashariy g’oyalari, ilmiy merosi, oradan necha asrlar o’tsa hamki, ahamiyatini yo’qotmay kelmoqda. O’zidan munosib iz qoldirgan ana shunday ulug’ siymolardan biri ulug’ olim va davlat arbobi Ahmad Donishdir.

Ko’pchiligimiz uning nomini eshitganmiz albatta. Biroq “Ahmad Kalla”, “Ahmad maxdum”, “Muhandis” nomlari bilan zamonasida shuhrat qozongan va ilmiy-adabiy tafakkurning yangilanishiga sezilarli ta’sir ko’rsatgan allomaning amirlik tuzumini isloh qilish, Rossiya va Yevropa mamlakatlaridan andoza olib, huquqiy demokratik davlat va kuchli fuqarolik jamiyati barpo etish, turli tabaqa vakillaridan iborat parlament (mashvarat) tuzish, barcha qonun, nizomlarni shu kengashda ishlab chiqib, hayotga tatbiq etish, maktab va madrasa fanlari, o’qitish usullarini tubdan yangilash xususidagi ilg’or qarashlaridan bexabar chiqamiz. U ana shunday hur fikrlari, qomusiy ilmi tufayli Rossiya imperatori Aleksandr IIning ham nazariga tushgan edi.

Ahmad Donish 1827 yili Buxoroda shofirkonlik mudarris oilasida tug’ilgan. Dastlab maktabda, so’ngra otasining madrasasida o’qigan Ahmad adabiyot, tarix, falsafa, tabobat, astronomiya ilmlarini puxta o’zlashtirgan. Shuningdek, u nomi chiqqan xattot va rassom ham edi.

Shuni alohida ta’kidlash kerakki, Ahmad Donish Buxoro amiri elchilari safida uch marotaba — 1856, 1869, 1873-74 yillari Rossiyaga borgan va safar chog’ida Peterburg hamda Moskvada ko’rgan-kechirganlari haqida maxsus risola bitgan. 1874 yil fevral`-mart oylarida Rossiyada chiqadigan “Golos”, “Novoe vremya” gazetalarida uning bilim-saviyasi va siyosatdonligi ta’riflangan fikrlar bosilgan. Bundan shunday xulosaga kelish mumkinki, yurtdoshimiz rus podshosi xizmatidagi yozuvchi va olimlarning e’tiborini tortgan, hurmatiga sazovor bo’lgan.

Ma’naviyatimizning zabardast vakillaridan bo’lgan Ahmad Donishdan bizga ulkan meros qolgan bo’lib, uning qamrovi nihoyatda keng. Sadriddin Ayniy, Yevgeniy Bertel`s, Ibrohim Mo’minov, Sadri Ziyo, Sotim Ulug’zoda, Ibrohim Haqqul kabi atoqli olim va adiblar mutafakkir hayoti va ijodini tadqiq etishgan.

Filologiya fanlari doktori Ibrohim Haqqulning “Ahmad Kalla” nomli essesida (Esseni to’liq holda mana bu sahifada o’qishingiz mumkin) shunday satrlar bor: “O’n to’qqizinchi asrdagi Buxoro sharoitida Ahmad Donishdek olim, adib, mutafakkir va davlat arbobining kamol topishi hayratlanarli hol…

Ilm-fanning sayozlashuvi, ma’rifat bo’stonlarining qovjirashi, hurriyat nurlarining so’nishi Buxoroning tinka-madorini quritgan edi. Davlat va hokimiyat Buxoroi sharif ahli xohish-irodasiga zid bo’lgan aqida va orzu-havaslarga tobe edi…

Rost so’z, to’g’ri fikrning bir chaqalik qiymati bo’lmagan ana shunday qaltis sharoit va badbo’y muhitda Ahmad Donish saroy xizmatida yurgan…

… Ahmad Donish hayotni sevib, hech bir to’siq va qarshilikni pisand etmay mardona kun kechirdi. Shu boisdan ham uning asarlari rostlik, matonat ruhi bilan sug’orilgan”.

O’zFA Sharqshunoslik instituti Qo’lyozmalar fondida Ahmad Donishning “Navodir ul-vaqoe’” (“Nodir voqealar”), “Tarjimai ahvoli amironi Buxoro” (“Buxoro amirlarining tarjimai hollari”), “Tarixi saltanati xonadoni mang’itiya” (“Mang’it amirlari tarixi”), “Daftari taqvim” (“Kundaliklar”), “Risolai dar nazmi tamaddun va ma’ovun” (“Madaniyat va jamiyat tartibi haqida risola”), “Majmuai hikoyati Ahmadi Kalla” (“Ahmad Kalla hikoyalari to’plami”), “In risolaist isloh miyoni shia va sunn” (“Shialar va sunniylarni yarashtirish to’g’risida nasihat”), “Manozir ul-kavokib” (“Sayyoralarning joylashuvi”), “Risola fi a’mol al-kurra” (“Globusdan foydalanish yo’llari”), “Majmui risolai nujum”, “Me’yori tadayyun”, “Buxorodan Peterburgga sayohat” singari 16 ta qo’lyozma asari saqlanadi. Aksariyati muallifning o’z qo’li bilan yozilgan nusxalardir.

“Navodir ul-vaqoe” 15 yil davomida, ya’ni 1870—1885-yillar oralig’ida yozilgan tarixiy, falsafiy, memuar asar hisoblanadi. U 23 bobdan tashkil topgan bo’lib, ota-ona va farzand munosabatlari (1-bob), mol-dunyo (2-bob), tarix (Z-bob), olim va johil taqdiri (4-bob), vaqt qadri (5-bob), safar qilish foydalari (6-bob), ilm-fan manfaati (9-bob), haqiqiy va majoziy ishq hamda uning odobi (10-bob), nikoh (11-bob), taqdir (12-bob), kasb-kor (13-bob), jism va ruh (14-bob), yer tuzilishi va ma’danlar (16-bob), tush ta’biri (19-bob), ayrim hadislar talqini (22-bob), inson axloqini belgilash (23-bob) kabi rang-barang mavzularni qamrab olgan.

Asar tarkibidan, shuningdek, allomaning “Mamlakatni boshqarish va xalqni ma’rifatli qilish haqida risola”si ham o’rin olgan bo’lib, unda podshohning xalq oldidagi mas’uliyati 10 shart asosida ko’rsatib beriladi. Shu jihatdan Yusuf Xos Hojibning “Qutadg’u bilig”, Muhammad Qozining “Hukmdorga o’gitlar”, Jan-Jak Russoning “Ijtimoiy shartnoma”sini yodga soladi.

Adib farang donishmandlari, “siyosiy hukamolar”i haqida yozdi. Ularning “ixtilol va inqiloblar tarixini chuqur o’rganib”, barcha haqsizlik va adolatsizlik sababini “davlat ishlarining yolg’iz podsho qo’lida bo’lishi”dan topganini, shu sababli eski “davlat tuzumini o’zgartirgani”, “huquqda hammaning tengligi”ga rioya etishi, darajalar esa kishilarning “fazl va hunarlarining oz-ko’pligiga asoslanishi”, “davlatni hammaning o’rtasida turgan kishi idora qilishi” haqida “qonunlar chiqarishgani”ni uqtiradi. Yevropaning “barcha davlatlarni yengib, butun dunyoga ega bo’lishlari”da bu asosiy omil bo’lganini ta’kidlaydi.

Qayd etib o’tish kerakki, adibning “Tarjimai ahvoli amironi Buxoro”, “Tarixi saltanati xonadoni mang’itiya”, “Risolai dar nazmi tamaddun va ma’ovun”, “Majmuai hikoyati Ahmadi Kalla”, “In risolaist isloh miyoni shia va sunn” “Buxorodan Peterburgga sayohat” kabi risolalari, “Daftari taqvim”i ham muhim ahamiyatga ega.

Ahmad Donish umrining oxirlarida “Tarix risolasi” nomi bilan mashhur “Tarixi saltanati xonadoni mang’itiya” kitobini yozdi. Bir yoqdan Amir Temur, Husayn Boyqaro, Abdullaxon, Subhonqulixon, Shohmurod, ikkinchi tarafdan Amir Muzaffar saltanati misolida har bir davlatning taraqqiy va tanazzuli sabablarini tahlil qildi. Birinchi guruhni mujaddidlar (din va davlatni poklovchilar) deb hisobladi.

Ahmad Donish xalq va davlat, hokimiyat va yurtning tanazzuldan qutulishini o’ylardi. Shu bois u johil, nodon va ahmoq kimsalarni davlatdan himoyalashga urinmaganidek, ichdan chirib, buzilib ketgan davlatning odamlar hayotida biror o’zgarish qilishi haqida so’zlashni ham istamasdi. Uning birinchi orzusi axloq va tafakkur edi.

«Navodiri Ziyoiya» tazkirasi muallifi, olim va ma’rifatparvar Sadri Ziyoning e’tiroficha, Ahmad Donish butun umrini amir, vazir, qozikalon va boshqa amaldorlarni kelajakdan ogoh etish, oddiy odamlarga zulm o’tkazmaslikka chorlash, ularni zo’ravonlik, berahmlikdan qaytarishdek ezgu ishlarga sarflagan lekin jamiyat hayotida biron bir o’zgarish ko’rmagan.

Davlatni adolat bilan boshqarishga aqlu idrok va ilmu tafakkur nuqtai nazaridan yondashish Ahmad Donishning qarashlariga xos xususiyatdir. Ahmad Donish “agar davlat aql, ong printsiplariga muvofiq tarzda tashkil etilmasa va boshqarilmasa, unday davlatdan yaxshilik kutish mumkin emas” deb hisoblaydi. Bu fikr Sharq mutafakkirlari ilgari surgan va oqil hukmdorlar amal qilgan davlatni ilm-ma’rifat ahliga tayanib boshqarish g’oyasiga hamohangdir.

U xalq ichidagi oqil odamlardan maxsus kengash (parlament) tuzib, davlatni idora etish g’oyasini ilgari suradi: “Podshohga lozimdirki, katta bir mashvaratxona ochsin. Bunday ish hozirgi nizomlik davlatlar ichida mamlakat tutishning eng muhim ishlaridan hisoblanadi. Mamlakat xalqining turli tabaqalaridagi eng aqlli va ilmli odamlardan u mashvaratxonaga a’zo saylab, ularga maosh tayin qilsin. U joyga yig’ilgan mashvaratchilar xalqning hamda davlatning manfaatini kuzatib fikr fikr yurgizsinlar. Ular nima narsaga ittifoq qilgan bo’lsalar, u ishni amalga oshirsin. Mashvaratxonada doimiy turishlari lozim emasdir, balki saylanmish odamlar har kuni bir necha soat to’planib, mamlakatning foyda va zararlarini tekshirib tursalar kifoya”. Mazkur fikrlari bilan muallif Aflotun va Forobiyning davlatni isloh qilishga doir qarashlarini yanada rivojlantiradi.

U ijtimoiy-siyosiy munosabatlar haqida to’xtalar ekan, podshoh va xalq munosabati qanchalik iliq bo’lsa, jamiyat farovon, mamlakat obod bo’ladi deb hisoblaydi va buni mamlakat rahbarining marhamati hamda adolatiga bog’laydi.

Ahmad Donishning fikricha, jamiyatda faoliyat ko’rsatayotgan har bir inson mansabi, moddiy mavqei jihatdan farqlanishi mumkin, ammo ijtimoiy yoki umuminsoniy qadriyatlarni o’zida mujassamlash, uni namoyon etish nuqtai nazaridan hamma birdek mavqega egadir.

Mutafakkir ta’limotida umr mazmuni alohida o’rin tutadi. Uning ta’kidlashicha, har bir inson hayoti davomida ezgu ishlar qilmog’i, ilmi va hunarini el-yurtiga baxshida etmog’i lozim. U har bir inson “kattadan ham, kichikdan ham saboq olishga intilsin” deydi va Aflotun, Arastu, Suqrot kabi buyuk ustozlarning ba’zan dars jarayonida ayrim narsalarni o’z shogirdlaridan o’rganganini bunga misol qilib keltiradi.

Xulosa qilib aytganda, Ahmad Donish kuchli demokratik davlat hamda ijtimoiy tenglik, ijtimoiy adolat ustuvor bo’lgan fuqarolik jamiyatini barpo etish orzusi bilan yashagan. Uning bu boradagi qarashlari hozirgacha o’z ahamiyatini yo’qotgan emas.

AHMAD DONISH
HIKMATLAR
011

033dam yaratilgandan so’ng uning tuganmas baxti ilm va ma’rifatda bo’ladi. Uning ixtiyori o’zida bo’lsa, ilmsizlik va dangasalikka bo’yin egmasin, chunki ilm va ma’rifat ruhning istagi bo’lib, rohatparastlik va dangasalik nafsning tilagidir.

***

…Haq yo’ldan adashmaslik uchun hamma odamlar ko’nglida bir turli sezgi quvvati yaratilgandir. Mana shu orqali odamlar tuzukni buzuqdan, yaxshini yomondan ajrata oladilar.

***

Kimki aqlsiz bo’lsa, u odil ham emas… Aql va davlatni bir-biridan ajratib bo’lmaydi, aqlsiz odamlar mamlakatni idora qila olmaydi.

***

Podshoh hukm ustida mumkin qadar yumshoqlik bilan so’zlab, zaruratsiz holda qattiq gapirmasin. Har ishning hujjat va dalillarini tekshirib, uni eshitishdan zerikmasin. Miskin va faqir kishilar bilan o’tirib suhbatlashmoqdan nomus qilmasin…

***

Ma’lumki, davlat va saltanatning qurilishi uchun fuqaro jamiyati va viloyatlar tuzilishi kerakdir. Buning uchun mamlakat obodligi hamda yetarli askarning bo’lishi lozim; chunki bularsiz hech bir davlatning saqlanishi mumkin emasdir. Askarsiz shoh bo’lmaydi, xazinasiz askar yashay olmaydi. Xalq ko’payib, obodlik bo’lmasa, xazina boyligi ko’paymaydi. Mamlakat obod bo’lmaguncha fuqaro jamiyati bo’lmaydi.

***

Mamlakat kelinga o’xshaydi, har xil hunarmandlar esa uning zebi ziynatlaridir. Bular qancha ko’proq bo’lsa, mamlakat ham shunchalik ziynatlanadi.

***

Hukmdor hamisha oqil olimlar suhbatlariga tashna bo’lib, ularning nasihatlarini g’animat bilsin.

***

Davlat rahbari kimda-kimning ko’z quvvati, fahm quvvati ko’proq bo’lsa, unday odamni elchilikka tayinlasin. Qaysi odam shijoatli va g’ayratli bo’lsa, uni askar boshlig’i qilib, dushmanga qarshi urushga va qal’alarni olishga chiqarsin. Agarda insofli va diyonatli bo’lsa qozilik, hokimlik mansablarini bersin. Agarda oliy himmatli va aqlli bo’lsalar, ularni vazir va amirlikka tayinlasin.

***

Bir mamlakatda tinchlik va mo’lchilik bo’lib, buning ovozasi atrofga tarqalsa, buni eshitgan savdogar, hunarmand va olimlar har tomondan kela boshlaydi.­

***

Xalqdan ushur va xirojlarni yig’ishga, davlatning butun moliya xizmatlarini bajarib turishga adolatli kishilardan zakotchi tayinlasin.

***

Barcha yo’llarni kuzatib, o’g’ri, yo’lto’sar va qaroqchilardan saqlash uchun yo’llar noziri saylab qo’yilsin.

***

…Dunyoda har qanday mehnat (chunonchi oddiy mehnatkash bo’lish), go’laxlik qilish nomus ish emasdir. Chunki u xizmat haqini oladi. Haqiqatga kelganda, shoh-gado hammasi ham xizmatchidir.

***

Har kim o’ziga yarasha kasb qilishi lozimdir. Masalan, amirlik talab qilgan kishi aqlli, tadbirli va saxovatli bo’lish bilan birga dovyurak, bahodir bo’lishi zarur. O’tkir tilli, ochiq so’zli, chuqur fikrli, aqli komil insonlar vazirlikka loyiqdir. Qozilik va raislikni talab etuvchilar aqlli-farosatli bo’lish bilan birga fatvo va da’vo ilmlarida oliy ma’lumotga ega bo’lishlari lozimdir.

***

Hech kimning rizqi osmondan tushmaydi, harakatsiz maqsadga yetib bo’lmaydi. Yalqovlik qilib, o’z yukini o’zi­ ko’tarmay, boshqalar ustiga ortar ekan, unday odam insonlik sharafini yo’qotib, kishilik qatoridan chiqadi.

Manba: «Huquq va burch» gazetasi

016

(Tashriflar: umumiy 4 395, bugungi 1)

1 izoh

  1. Biz ko‘pincha g‘arb faylasuflarining qarashlarini o‘rganamiz,faoliyatimizda asosan ularga tayanamiz. Aslida Ahmad Donish va boshqa ajdodlarimizning merosini chuqur o‘rganib, ularni targ‘ib qilishimiz kerak. Men Donish bobomizning «Nodir voqealar» kitobini o‘qiganman. O‘zimga yaxshi singiganini his etib, o‘z ildizlarimizdan oziqlanishimiz lozimligiga yana bir bor iqror bo‘lganman. Material uchun rahmat.

Izoh qoldiring