Bahodir Murod Ali. Ular ketishyapti.

013

Кечга томон Сатим новча билан Қосим ўғри келди. Чол уларни хушламайгина қаршилади. Меҳмонлар унинг икки ёнига бўлинишиб ўтирди. Сатим новча озғин, қошлари йўқ ҳисоби эди. Гапни ўз оҳанги билан, чертиб- чертиб гапирарди. Ёши бир жойга бориб қолган бўлса- да, соқол қўймаган. Қосим ўғрининг бўйи уникидан сал пастроқ, қорачадан келган, мушукникига ўхшаш кўзлари доим ўйнаб турарди.

007
Баҳодир Мурод Али
УЛАР КЕТИШЯПТИ
055

Бобом Муродали Сайдали ўғли хотирасига

001Йўлакнинг ўнг томонидаги бостирмада қовурғаси саналиб қолган тарғил сигир билан шалпангқулоқ бузоқ. Ҳар иккиси охурдаги похолга тилар-тиламас оғиз уришади, эринибгина ковшанади. Бостирма адоғида тўқимланган оқ эшак тоғорада ем еяпти.

Чап томонда олди айвон қилиб солинган қатор уйларки, бориб бир учи қўшнининг тахта деворига қадалган. Деворга ёндош яккатом анча эски; усти лойтом, пол қилинмаган айвонда калишлар турнақатор.

Уйнинг кигиз етмай қолган жойига эски тўшак ташланган. Сандал юқорисида кекса бир киши ёнбошлаб ётибди. Остида қалин солинган кўрпа, бошучида тахлаб ташланган болишлар. Девор томонда сиқилишиб ўтирган учала хотин ўзаро пичирлаб гаплашишади. Кўз учида касалга қараб қўйишади, онда-сонда дастурхондаги нарсалардан тотинишади ҳам. Қотмагина, қиррабурун чол уларнинг оғзига қараб ўтирар, пойгакдаги аёл эса меҳмонларга чой қуйиб узатар, орасира ширинликка қўл чўзаётган ўғилчасини койиб қўяр эди.

Даҳлизда оёқ товуши эшитилди. Эшик ғийт этиб очилди-да, бир қўлида сочиқ, дастшўй, иккинчисида човгум кўтарган қорақош аёл кириб келди.

Меҳмонларнинг ёши улуғроғи:
— Лобархон, қўйинг, уринманг! — деди. — Биз энди турамиз.
— Қаёққа шошасизлар, — деди Лобархон.
Уйдагилар мулозамат қилиб туришганида касал қимирлади. Қиррабурун чолга энгашди.
— Ота?

Қария беҳол кўз очди, атрофга аланглади.
— Сиззи кўришгани Турдихон опамлар келишган! — деди ҳалиги киши меҳмонларга ишора қилиб.

Чол сергак тортди, турмоққа ҳаракат қилди. Ўғли қўлтиғидан олди, Лобархон орқасига болиш қўйди. Дўпписини кийгизишди. Қария бошини хам қилиб анча ўтирди. Сийрак қошлари бир-икки паст-баланд бўлди, пешонасидаги толим-толим ажинлари чуқурлашди. Кузалмаган узун соқоли титради. Кўзларини дармонсиз кафти билан ишқаб, ниҳоят, ўтирганларга юзланди.

— Ака, тузукмисиз? — деб сўради ёши улуғроқ меҳмон.
Чол бошини сарак-сарак қилиб: —Худога шукр, худога шукр, — деди ўзига ўзи гапираётгандек. — Тинч- мисизлар?

— Раҳмат. Биз кеча эшитиб, олдин ишонмадик. Тунов куни Сардархоннинг фотиҳасида отдай бўлиб юрувдингиз!

Чол эскирган қора тўнининг қўйнидан оқ дуррасини опиб, кўзларини артди.
— Ҳа-а, бирдан шунақа бўп қолдим. Булар ҳаммаси нариги уйда тўпланишволиб тилизўр кўришаётганди. Олдимда ҳеч ким йўғиди. Битта ўзимидим, аҳволим ёмонлашовурди, ўнг кўкрагим сиқиб оғрийвурди. Чақирмоқчи бўп ўрнимдан турсам, йиқилдим, қон қайд қилдим. Ўшандан буёққа ўнг кўкрагим оғрийди.

Меҳмонлар қариянинг гапини тасдиқлашган бўлишди, аммо индашмади. Фақат келингина унга норози алпозда қараб қўйди. Касал толиқди шекилли, кўзларини юмиб, бошини қуйи солди. Меҳмонлар шарпасиз ташқарига чиқишди. Айвондан эркак кишининг бир нима дегани, унга жавобан аёлнинг: — Кираверинг-кираверинг, Абдували бор! — дегани эшитилди. Кейин хотини деразадан қараб, Абдувалига имо қилди. У шошиб айвонга чиқди.

— Келинг, Юсуфбой бува, келинг!
Юсуфбой бува арчадан қилинган ҳассасини деворга суяб, ичкарига кирди.

— Ассаломалайкум Сайдаливой!
Чол кўзини очиб, меҳмонга тикилиб қолди. Кейин юзи ёришиб, титроқ қўллари билан ёнидан жой кўрсатди.
Юсуфбой бува телпагини пешонасидан юқори суриб, сариқ чакмони пешини тиззалари остига босганча чўкка тушди.

— Қани, омин! Тезроқ соғайиб кетинг!
Чоллар юзига фотиҳа тортишди. Шу орада Лобархон чой келтирди.

— Уч-тўрт кундан бери кўринмайдими, десам, Абдураҳмон чийиллоқ «Сайдали акамни тоби қочибди» деб қолди. Уйга келиб, уч-тўртта беҳи олиб изимга қайтдим. Абдувалибой, тугундаги беҳидан кесиб бер!

Абдували ўрнидан тургунча бўлмай Лобархон тугунни очди.

— Сайдалибой, қайдан илашди бу дард?!
Мунғайиб жимгина ўтирган бемор тийрак тортди.
— Олдинам сал мазам бўмайроқ юрувдим. Бирданига шунақа бўп қолдим-да. Ўзим ўтирувдим. Ҳеч ким йўғиди. Ўнг кўкрагим сиқиб оғрийвурди. Чақирмоқчи бўлиб ўрнимдан турсам йиқилдим, қон қайд қилдим…

Келин беҳи тозалашдан тўхтаб, қайнотаси арзини жимгина эшитаркан, қуйи лаби сал қимтинди.

Юсуфбой бува бошқа гапирмади. Ғариблашиб қолган гавдасини тиклаб, оппоқ соқолини ўйчан силади. Сўнг ўғли Ҳабибулло шаҳарда эканлигини, мол-ҳолга қарамаса бўлмаслигини, яъни, узрини айтиб ўрнидан турди.
Абдували уни кузатиб чиқди. Лобархон қирқиб тозаланган беҳи бўлакларини чолга узатди.

— Ота! Ҳадеб кирган-чиққанга «ўзимидим, олдимда ҳеч ким йўғиди» девурманг, билган у дейди, билмаган бу…

Чол оғзини сал очиб, анграйди, кейин бир тамшанди.

— Яхшиям, Юсуфбой бува гап ташимайди, — давом этди келин, — бошқалар бўлса, «Касал нарсани ёлғиз қолдиришибди», деб бутун қишлоққа жар солишади.

Чол ўйланиб қолди. Ҳақиқатан Юсуфбой содда одам, гап ташимайди. Келини тўғри айтади. Ўзиниям қўли гул- да. Қишлоқдаги бутун дарахтларни шу пайванд қилган. Эшиги боғ, ҳар хил дарахтдан бор, ёзин-қишин бозорнинг олди меваси шуники. Оқ ўриги ҳамманикидан бурун гуллайди. Тўю маъракада шу ҳақда гап бўлгани-бўлган. Бу йил Юсуфбой бува Абдувалининг беҳисини ҳам пайванд қилиб берди, худо хоҳласа келаси йил ҳосилга киради. Ўзиям ҳар бири чойнакдай-чойнакдай келар…

Уйда Абдували қолган эди. У ҳар замон-ҳар замонда кўзларини юмганча ёстиққа суяниб ўтирган отасига қараб қўяр, кейин пешонасини сандал четига қўйиб, мудрашга тушарди.

Айвонда товуқ қаттиқ қақағлади… Деразадан кимнингдир қораси кўринди. Ўртанча набира эшикни очди- да, Абдувалини чақирди.

— Дада, домла келди.
Абдували шошиб ўрнидан турди. Кўзини ишқаб ташқарига чиқди.

— Келинг Шаҳобиддин ака, қани…
Шаҳобиддин ака миқтигина, рангпар киши эди, у: — Саломалайкум Сайдали ака! — деди-да, тўғри бориб чол билан сўрашди. Фотиҳа ўқилгач, чол домладан ҳол- аҳвол сўради. Кейин яна кўкрагини ушлаб, жимгина уларга қараб ўтирди.

— Духтир-пухтирга кўрсатмадингларми? — деди Шаҳобиддин ака Абдувалига юзланиб.
— Мен Шамсиддин аканинг ўғлини айттириб келувдим, шапка кияди деб укол қилдирмадилар. Берган дорисиниям ичмадилар. Дўхтирни айтганини қилмайдилар. Туниминан инқиллаб чиқадилар. Кўз тегмасин, кечадан бери са-ал тузук…

Шаҳобиддин ака чолга ачиниб қаради.
— Чакки қибсиз, Сайдали ака! Шапка кийса нима қипти. Замонни зайли. Ахир, шаҳардаги институтда ўқиб келган, яхши духтир.

Сайдали бува хомуш тортди, бир оз жим тургач:
— Қишлоққа келганда дўппи кийса нима қилади?! — деди.
Гапга Абдували аралашди.
— Ота, гапингиз тўғри-ю, лекин у ўқиган-да…

Чол индамади, бошини хам қилиб яна кўзларини юмиб олди.
«Нима бўлса худодан. Шаҳобиддин ҳам, Шамсиддиннинг ўғлиям билмайди. Кела солиб укал қиламан дейди. Ҳа, духтир бўлсанг, укал қилмай тузат-чи!? Бурунги табиблар томирингни ушлаб дардингни айтган. Бу — Шамсиддиннинг ўғли қулоғига шиланка илволиб…
Шаҳобиддин ҳам ўқиган, шунга ановининг тарафини оляпти. Аммо ўзи тузук одам. Қирқ йилча муаллимлик қилди. Энди…
Абдувалиниям шу ўқитган. Ўқишга юбораман деб кўп ҳаракат қилди. Кампир кўнмади. Ўқиганда юрармиди манави Ортиқҳожининг боласидай шляпа кийиб».

Чолнинг ўйлари секин тушга айланиб кетди. Тушида баланд сўрининг остидаги чорпояда ухлаётган эмиш. Раҳматли кампири:
— Туринг чол, хўрда қуйиб келдим, ичинг! — деб уйғотар эмиш.

У ўрнидан турса, қизи Турсунхон ёш бола бўлиб:
— Ота-ота! Сиззи кўкрагингиз Қумри холамни кўкрагидан ҳам каттайкан! — деб унинг яктагидан бўртиб турган кўкрагига ишора қилармиш. Буни эшитган кампири:
— Ў-ўл, тантиқ, нима деяпсан? — деб кулар эмиш. Кейин қизи кўчага чиқиб кетибдими, уйга кириб кетибдими, бирдан кўздан йўқолибди. Кампири ўрнида энди келини турган эмиш: қўлида бир коса шўрва.
Буни кўриб Сайдали буванинг жаҳли чиқармиш:
— Шўрвани ўзингиз ичинг, менга кампирнинг хўрдасини олиб келинг!
— Хўп, ота, ҳозир-да! — Келини гап қайтармасмиш…

— Ота! Ота!
Чол шошиб кўзини очди.
— Ота! Одинахон шовла қилиб чиқарган экан, — деди Абдували. — Қўлингизга сув берсинми?
— Майли…

Пойгакда ўтирган Комилжон ирғиб ўрнидан турди-да, даҳлиздаги чойнак билан дастшўйни кўтариб кирди.
Сайдали бува қўлини чаятуриб, неварасига тикилиб қолди.

Комилжон чолга жуда хунук кўринди.

Сочи рангини синиқтирибди. Неча марта айтди, сочингни олдир, олдир, дўппи кий, деб, ҳеч қулоғига гап кирмайди. Шу ялангбош юргани дурустми? Қаёқдан юққан экан бу қилиқ? Ҳа, майли, боши омон бўлсин.

…Сайдали бува шу кеча инқилламай тинч ухлади.
Эрталаб ўзини енгил ҳис этди. Нонуштада нон тўғраб қаймоқ беришган эди, еди. Шунинг устига Урайим бува кириб келди. Чол уни кўп хушламади. Аслида қишлоқдаги энг қадрдони шу эди.

— Тузикмисан, Сайдаливой? — деди Урайим бува фотиҳадан сўнг. — Чойминан ичарсан деб пича қаймоқ опкелувдим.

У қўлидаги тугунни ечди-да, банкадаги қаймоқнинг қопқоғини очди ва дўстининг олдига қўйди.
Сайдали бува бунга эътибор бермади.

— Хайрият, боракансан, — деб қўйди у.
Урайим бува жиддий тортди.
— Мол-ҳолминан бўп чиқолмадим.
— Мол-ҳолни ҳеч қаровсиз қолдирма! — деди Сайдали бува насиҳат қилаётгандай.
— Қўй энди бу гапларни.
— Мамадиёрни жўнатган бўлсак. Шу, иккимиз ҳам бир-биримизни ҳолимиздан хабар олмай қўйсак!.. — деди Сайдали бува ачитиб.

Урайим бува ўзини оқламоқчи бўлиб ғудранди, лекин бўлмади. Орага нохуш жимлик тушди.
«Урайим бечораям вақт тополмагандир-да, тирикчилик. Бунинг устига биттаю битта қизини қишлоқда эр топилмайдигандай шаҳарга чиқарган. Чол-кампир иккови… Кампири мунинг кўнглига қарайди, боқимиям зўр, Урайим ўзи олдиндан бақувват эди. Бу, Мамадиёр учови тўпланса борми, тоғни талқон қилишарди-да. Мамадиёр туядай ишларди-е. Ўшанда роса кучга тўлган чоғлари экан-да. Томга кетмонда тупроқ отишарди-я.
Урайим жа-а дороз эди. Ҳамма уни Урайим дакан дерди. Энди камалакдай эгилиб, бурни сандалга теккудек бўб ўтирибди…»

— Урайим, бир-биримизни билмай юраверарканмиз. Бошинг ёстиққа текканда қадр истаб қоларкансан киши. Сени кўргим келади. Овозингни эшитсам дейман. Шунгача сув талашамиз, ўт талашамиз. Ҳаммаси қоп кетади.
Чол дастрўмол билан кўзёшлари ва бурнини артди. — Мана, — дея деразадан х,овли томондаги уйга қаради, — раҳматли Расулжон. Не замондан бери қўшнийдик. Жияни бизга ташлаб кетган ерни талашиб олишди. Бўлмаса унинг ҳовлиси бизникига иккита келади. Олсанг ол-а, дедим, мундай фойдаланолмадиям, ўтди-кетди. Бари қолди. Ўлар дунёда бировнинг дилини оғритиб нима қилардинг, дейман. Гина-кудуратни йиғиштириб охирги кунлари йўқлаб кирдим. Раҳматли кўзига ёш олди. Билди. Билмасмикин девдим. Мен чиқиб кетгач, «Сайдали акамлар билан кирди-чиқдини узманглар» деб хотинига васият қипти. — Сайдали бува гапидан тўхтаб, пешонасидаги дона-дона терни тўнининг енгига суртди, — Урайим, қадримизни билмаймиз. Навбатма- навбат кетаверамиз.

Узоқ сукутдан сўнг Урайим бува:
— Майли, Сайдаливой, мен чиқай… — деди.
— Ўтир, қаерга борасан қишнинг кунида?
— Уй қаровсиз. Кампир Рўзиқулникига кетган. Рўзиқулнинг оёқ-қўли йўқ бўп қопти? Кечқурун ўғли кеп айтди.

Сайдали бува ўйланиб қолди. Урайим билан қандай хайрлашганини билмади. Фикри-ёди Рўзиқулда бўлди.
«Рўзиқулнинг Урайимни кампирига жиндай хешлиги бор. Сайдаливойдан бир-бикки ёш кичик. Муни урушдан опқолган шу. «Қишлоқда эркак қолмади, мана шунга ишониб юрибмиз. Буниям олиб кетсанглар, ҳаммаёқ хароб бўлади», дерди.

Рўзиқул қишлоқ учун кўп жон куйдирган. Вақти келганда сўкишган, вақти келганда ялинган. Ўзиям раисмисан раис эди-да. Савлатидан от ҳуркарди. Ҳар куни дала айланарди, Пахта деса жонини берарди. Ҳозирги раиснинг машинадан тушгиси келмайди. Мажлис ўтказишдан қўли бўшамайди. Рўзиқул гапини отда юриб айтарди.
Кейинчалик у ҳам айниди. Бир-иккитасига илакишди. Мана, оқибати —оёқ-қўли ишламай қопти. Ўшаларнинг касри урган-да…»

Ташқарида болаларнинг чуғур-чуғури эшитилди: «Акам келди, Маҳмуд акам келди!»

Чол газета ўқиб ўтирган Абдувалига қаради, шу чоғ сариқ плашч кийган Маҳмуджон бўсағада кўринди. У тўғри келиб чолнинг қошида мук тушди ва қучоқлашиб кўришган бўлди.
Сайдали бува кўзларига ёш олди.

— Шунақа бўп қолдим, болам!
— Қўйинг, катта ота, хафа бўлманг, тузуксиз-ку ахир,— деди Маҳмуджон чолни юпатиб.
— Ўнг кўкрагим сирқирайди. Оғригандаям дегин кундузи унчалик эмас-у, кечаси ёмон.
— Докторга кўрсатиш керак! — деди Маҳмуджон жиддий. — Қаратайлик деса кўнмапсиз?!

Чол индамади. У неварасини жуда яхши кўрарди. Шунинг учун ҳеч гапини икки қилмасди. Бунинг устига унинг шаҳарда ўқишиям озгина ҳурматга лойиқ эди.

Сайдали бобо бор-йўғи иккита фарзанд кўрган — Турсунхон ва Абдували. Турсунхон тирноққа зор ўтди.
Абдували… қаттиқ гапирмасанг эшитмайди. Қулоғи оғир. Ўқишгаям бормаган. Маҳмуджон унинг тўнғичи. Ҳозир Тошкентда, муаллимликка ўқияпти. Ўтган йили уйлаб ҳам қўйишди. Янаги йилга худо хоҳласа битиради.

Чол неварасига тикилиб тураркан, юзлари сўлишганини, ҳали ёш бўлса-да, пешонасини ажин босганини пайқади. «Болага жабр бўлибди-да, ҳам ўқиш, ҳам турмуш. Ўчакишгандай сигирнинг ўтган йилги боласиям касалга чалиниб ҳаром ўлди. Бўлмаса сотиб пулини бериб юборардим. Устидаги кийимиям яхшимас, дўсту душман орасида… пенсиясидан олиб беради-ю, йигирма сўм нимаям бўларди».

Абдували бундан бир ой олдин Тошкентга бориб келган, ота-бола ҳозир шу ҳақда гаплашиб ўтирарди. Сайдали бува уларнинг суҳбатига қулоқ солди.

— Қандай, шаҳар ёқдими?
— Ёқишга ёқди-ю, шу… одамлари памил чой ичишаркан-да.
— Тошкентнинг ҳавоси оғир, — деди Маҳмуджон отасининг соддалигидан кулиб. — Памил чой ичмаса бўлмайди.
— Шунақами? Энди… кўк чой яхши-да! — деди Абдували.

— Абдували! Маҳмуд шу ердалигида айтиб қўяй. — Чол неварасига қаради. — Умаржон оғил қилаётган экан, икки қулоч ер сўраб кирди. Олавер десам, отангминан онанг: «Нимага инъом қиласиз, болаларимиз катта бўляпти, ер керакмасми ўзимизга», дейди. Ҳў, Абдували, Маҳмуджон. Иккала қулоғинглар билан эшитинглар: мендан кейин ер талашиб юрманглар. Агар ҳақ бўлсангизлар ҳам шундай қилманглар. Ҳаммадан қолади бу. Ана, Тоживой билан Қодирали, бир парча ернинг устида талашиб… Иккаласидан ҳам қолди.

Беморга гапириш куч келди. Бир-икки ихраб йўталди. Лабидан қон қочди. Буғдойранг юзида доим аниқ сезилиб турадиган ингичка майда қизил қон томирлари рангсизланиб кетди.

Абдували билан Маҳмуджон безовталанди, касалга яқин сурилишди. Чол қўлини қимирлатиб уларни тинчлантирди. Ва болишга суянди.

* * *

Сайдали буванинг ётганига бир ойдан ортиб кетди. Маҳмуджон уни докторга кўрсатди. Шамсиддин аканинг ўғли: «Агар шу қишдан омон чиқса, соғайиб кетади», деди. Бу орада уч марта қалин қор ёғиб, қаттиқ совуқ тушди. Сайдали буванинг уйига печкаям қуришди. Охирги марта қор ёққанида чол қизи Турсунхонникида эди. Бува бу ерда кўп туролмади. Куёви нос чекади. Печка ёнидаги кўмир пақирга тупураверади, тупураверади…

Қизи кўргани келганларга: — Отам яхши бўп қолди. Қўй ёғи, қўй гўштиминан боқяпман! Яктаклариям йўқ экан, уч-тўртта яктак тикиб бердим, — дейди…

Сайдали бува қизиникида эканлигида келди-кетди камайган эди. Абдувалиникига келган кунидан бошлаб яна одамлар «қуюқлашди».

Бир куни чолни кўргани бир ёш йигит келди. Абдували билан қуюқ сўрашди. Маҳмуджонни йўқлади.
— Бува, мени яхши танимаяпсиз-а? Мен Ўринбойкани ўғли бўламан! — деб чолга ўзини танитди у.
— Ўринбойни ҳалиги чўлда ишлайдиган ўғли сенмисан?
— Ҳа, ўшаниси, — деди йигит гап оҳангига мос бош силкиб.
— Отанг хўп яхши одам эди-да, раҳматли. Отанг билан шерик бўп қовун экканимизни биласанми?
— Ий-й, билмасдан-чи? Биз Маҳмуджон билан қовун қўриқлардик…

Сайдали бува кўкрагини ушлаб қолди. Оғриқ яна кучайган эди. У кўзларини юмди. Абдували дори келтириб отасининг кўкрагига суртди. Чол ёнбошлаб анча ётгач, кўзини очди. Атрофга зимдан назар солди. Абдували
бошида турибди. Бояги Ўринбойкинг ўғли кўринмайди.

Сайдали бува Ўринбой раҳматли билан қайсидир бир йили колхознинг олмазор боғига шерик бўлиб қовун экишган. Жиндай ортиб қолган ерга ва майдоннинг атрофига бўш ётмасин деб ошқовоқ уруғидан ташлаб қўйишди. Шу йил ҳосил бир бўлди, қовундан ҳам ошқовоқ зўр бўлди. Қовунни эшакаравада бўлишди. Навбат ошқовоққа келганда Ўринбой маслаҳат солди:
— Сайдали ака, шу… раисимиз ошқовоқни жа яхши кўради деб эшитаман. Хил-хилидан бир арава элтиб берсам нима дейсиз?! Янаги йил пича кўпроқ ер берармиди?..
— Майли, элтинг!

Ўринбой ошқовоқни юклаб, энди силжиганида шу Маҳмуджон келиб:
— Катта ота, уйига олиб кетади у, ўзига олиб кетади! — деган.

Ўринбой унга бир ўқрайди, тағин эшагини чуҳлаб кетаверди. Шу-шу, Маҳмуджонни раҳматли ёмон кўриб қолган. Ўзи ёмон одам эмасди, энди ҳаммадаям бир камчилик бўлади-да…

Кечга томон Сатим новча билан Қосим ўғри келди. Чол уларни хушламайгина қаршилади. Меҳмонлар унинг икки ёнига бўлинишиб ўтирди. Сатим новча озғин, қошлари йўқ ҳисоби эди. Гапни ўз оҳанги билан, чертиб- чертиб гапирарди. Ёши бир жойга бориб қолган бўлса- да, соқол қўймаган. Қосим ўғрининг бўйи уникидан сал пастроқ, қорачадан келган, мушукникига ўхшаш кўзлари доим ўйнаб турарди.

Сайдали бува ўзини хушламаганлигини билдирмаслик учун:
— Сотимбой, энди ким азон чақиряпти? — деб сўради.
— Ҳе, Абдураим чийиллоқ. Ўзингиз бўлмасангиз бўлмайди экан. Унинг овози қисир эчкининг маърашига ўхшаб, магазиндан бу ёғига ўтмайди. Эркакнинг овози эркакникидай бўлса-да!

Сайдали бува кўзини юмиб олди. У: «Бўлмаса ўзингиз чақиринг!», демоқчиям бўлди, аммо тилини тийди. Чунки Сотим новча азон чақириш бу ёқда турсин дўппи тор келганда дину имонидан тонади. Номозгаям шунчаки номига бориб келади. Бунга ўтган-кетганни ғийбатини қилиш бўлса. Одамларгаям ҳайронсан, колхозни деб жигар-бағри эзилганлар бу ёқда қолиб, шунга ўхшаганларни кўтар-кўтар қилишади-я.

Аслида Қосим ўғриям… Нечтанинг мол-қўйини еб юборган. Не-не қиз-жувонларни йўлдан урмаган. Энди уни ҳеч ким ўғри демайди, тўғрироғи, деёлмайди. Айтгани айтган, дегани деган.

Буларда орият бўлмас экан-да ўзи. Куздаги воқеадан кейин Қосим ўғри кўчага чиқолмаса керак деб ўйловди ҳамма, Қаёқда.

Нишонбойга келин бўлиб тушган қизини мактабда биттаси билан тутиб олишибди-ю, бу бўлса Мирзашукурнинг тўйида Собир чўлоқнинг ғийбатини қилиб ўтирибди.
Ўшандан кейин ҳам одамларга ақл бўлиб юраверди.
Мана, ҳозир ҳам Сайдаливой ухлаяпти деб иккаласи ниманидир шивирлашяпти!
Чол секин кўзини очди. Улар гапидан тўхтаб Сайдали бувага юзланишди.

— Эртага Тўти бувининг ўғли уйланяпти. Шунинг маслаҳатига борадиганмиз. Ҳали жа тайинлаб айтишувди.
— Унчалик зарур ишларинг бўлса майли, — деди чол қаршиликсиз.

Меҳмонлар чиқишгач, Сайдали бува ўғлига деди:
— Абдували, бир исириқ тутатиб юборинглар!
Абдували кигизнинг остидан бир тутам исириқ олиб сандалнинг ичига ташлади.
Ҳадемай уйни хушбўй ҳид тутиб кетди. Шу чоғ:
— Во-ей, мунча тутатиб юбординглар! — деганча бир кампир кириб келди. — Ассалому алайкум, нимага мунақа бўп қолдингиз, ака-ам?

Бу кампир урганжилик Лочин новвойнинг онаси Меҳриниса хола эди.

Пичадан сўнг Солия хола кирди. Эшикдан қараб, Абдувалини чақирди.
— Айланай, юринг бу ёққа! Қариялар ўзи бир гаплашволишсин!
Абдували Солия холага эргашди.

Кампир енглари ялтираб, туклари билинмай кетган қора бахмал тўнининг тугмасини ечиб, қўлтиғидан оқ дуррага ўроғлиқ бир нарса чиқарди.
— Сайдали ака, сизга тўрттагина тухум пишириб келувдим, — деди у ва дуррани ечиб, чолнинг олдига қўйди.
— Бекор овора бўпсиз-да, Меҳриниса, — деб қўйди Сайдали бува. — Ўзингиз тузукмисиз?
— Худога шукр! Кунимиз бир нав ўтяпти.
— Лочинбой яхши қарайдими, ё хотинининг гапига кириб?..
— Йў-ўқ тузук, ундан хафамасман. Уям жўжабирдай жон, саккизта боласи бор. Тўнғичлари колхоздаям ишлаяпти.
— Ҳе Меҳриниса-э! Колхозда ишлаб топгани нима бўларди? Биттаси мана, бизнинг Абдувалими?! Болам бечора ўзига тариллоқ олиб минолмайди.
— Тўғри, Сайдали ака, булар бор пулга зовутдан пахта сотиб оляпти эканми-эй? Биз ишлаганимизда икки юз фоиз қилиб планни бажарардик, бир дўппи пахтага бир дўппи қанд беришарди. Қандлариям муштдай-муштдай келар эди-я?
— Ҳа, шунақа эди… — деб қўйди чол секин.

Сайдали бувани кўргани яна меҳмонлар келишмаганда уларнинг суҳбати хийла давом этармиди?!
Меҳриниса хола дуррасини бўшатиб:
— Хўп, яхши бўп кетинг, акам! — дея қўзғалди.

* * *

Баҳор келди. Юсуфбой буванинг ўриги гуллади. Аммо Шамсиддин аканинг ўғли айтган гап…
Сайдали бува бир ҳафта оғир ётди, сўнг ўғлининг қўлида жон берди.
Тобут ердан узилди, у билан бирга бу хонадондан яна нимадир кўтарилгандай бўлди. Одамлар «гув» этиб тобут ортидан эргашишди. Аёл кишининг бўғиқ овози ортда қолди:
— Зор қилиб кетаётган ота-ам! Хор қилиб кетаётган ота-ам!..

055

009Баҳодир Мурод Али (Муродалиев) 1954 йил 17 ноябрда Андижон вилоятининг Пахтабод туманига қарашли Эскиқўрғон қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1980). Ижоди 70-йилларда бошланган. Илк китоби — «Оқтўш» (1989). «Кўктўнликлар» (1990) номи китоби нашр этилган.

Bahodir Murod Ali (Murodaliev) 1954 yil 17 noyabrda Andijon viloyatining Paxtabod tumaniga qarashli Eskiqo’rg’on qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1980). Ijodi 70-yillarda boshlangan. Ilk kitobi — «Oqto’sh» (1989). «Ko’kto’nliklar» (1990) nomi kitobi nashr etilgan.

007
Bahodir Murod Ali
ULAR KETISHYAPTI
055

Bobom Murodali Saydali o’g’li xotirasiga

002Yo’lakning o’ng tomonidagi bostirmada qovurg’asi sanalib qolgan targ’il sigir bilan shalpangquloq buzoq. Har ikkisi oxurdagi poxolga tilar-tilamas og’iz urishadi, erinibgina kovshanadi. Bostirma adog’ida to’qimlangan oq eshak tog’orada yem yeyapti.

Chap tomonda oldi ayvon qilib solingan qator uylarki, borib bir uchi qo’shnining taxta devoriga qadalgan. Devorga yondosh yakkatom ancha eski; usti loytom, pol qilinmagan ayvonda kalishlar turnaqator.

Uyning kigiz yetmay qolgan joyiga eski to’shak tashlangan. Sandal yuqorisida keksa bir kishi yonboshlab yotibdi. Ostida qalin solingan ko’rpa, boshuchida taxlab tashlangan bolishlar. Devor tomonda siqilishib o’tirgan uchala xotin o’zaro pichirlab gaplashishadi. Ko’z uchida kasalga qarab qo’yishadi, onda-sonda dasturxondagi narsalardan totinishadi ham. Qotmagina, qirraburun chol ularning og’ziga qarab o’tirar, poygakdagi ayol esa mehmonlarga choy quyib uzatar, orasira shirinlikka qo’l cho’zayotgan o’g’ilchasini koyib qo’yar edi.

Dahlizda oyoq tovushi eshitildi. Eshik g’iyt etib ochildi-da, bir qo’lida sochiq, dastsho’y, ikkinchisida chovgum ko’targan qoraqosh ayol kirib keldi.

Mehmonlarning yoshi ulug’rog’i:
— Lobarxon, qo’ying, urinmang! — dedi. — Biz endi turamiz.
— Qayoqqa shoshasizlar, — dedi Lobarxon.
Uydagilar mulozamat qilib turishganida kasal qimirladi. Qirraburun cholga engashdi.
— Ota?

Qariya behol ko’z ochdi, atrofga alangladi.
— Sizzi ko’rishgani Turdixon opamlar kelishgan! — dedi haligi kishi mehmonlarga ishora qilib.

Chol sergak tortdi, turmoqqa harakat qildi. O’g’li qo’ltig’idan oldi, Lobarxon orqasiga bolish qo’ydi. Do’ppisini kiygizishdi. Qariya boshini xam qilib ancha o’tirdi. Siyrak qoshlari bir-ikki past-baland bo’ldi, peshonasidagi tolim-tolim ajinlari chuqurlashdi. Kuzalmagan uzun soqoli titradi. Ko’zlarini darmonsiz kafti bilan ishqab, nihoyat, o’tirganlarga yuzlandi.

— Aka, tuzukmisiz? — deb so’radi yoshi ulug’roq mehmon.
Chol boshini sarak-sarak qilib: —Xudoga shukr, xudoga shukr, — dedi o’ziga o’zi gapirayotgandek. — Tinch- misizlar?

— Rahmat. Biz kecha eshitib, oldin ishonmadik. Tunov kuni Sardarxonning fotihasida otday bo’lib yuruvdingiz!

Chol eskirgan qora to’nining qo’ynidan oq durrasini opib, ko’zlarini artdi.
— Ha-a, birdan shunaqa bo’p qoldim. Bular hammasi narigi uyda to’planishvolib tilizo’r ko’rishayotgandi. Oldimda hech kim yo’g’idi. Bitta o’zimidim, ahvolim yomonlashovurdi, o’ng ko’kragim siqib og’riyvurdi. Chaqirmoqchi bo’p o’rnimdan tursam, yiqildim, qon qayd qildim. O’shandan buyoqqa o’ng ko’kragim og’riydi.

Mehmonlar qariyaning gapini tasdiqlashgan bo’lishdi, ammo indashmadi. Faqat kelingina unga norozi alpozda qarab qo’ydi. Kasal toliqdi shekilli, ko’zlarini yumib, boshini quyi soldi. Mehmonlar sharpasiz tashqariga chiqishdi. Ayvondan erkak kishining bir nima degani, unga javoban ayolning: — Kiravering-kiravering, Abduvali bor! — degani eshitildi. Keyin xotini derazadan qarab, Abduvaliga imo qildi. U shoshib ayvonga chiqdi.

— Keling, Yusufboy buva, keling!
Yusufboy buva archadan qilingan hassasini devorga suyab, ichkariga kirdi.

— Assalomalaykum Saydalivoy!
Chol ko’zini ochib, mehmonga tikilib qoldi. Keyin yuzi yorishib, titroq qo’llari bilan yonidan joy ko’rsatdi.Yusufboy buva telpagini peshonasidan yuqori surib, sariq chakmoni peshini tizzalari ostiga bosgancha cho’kka tushdi.

— Qani, omin! Tezroq sog’ayib keting!
Chollar yuziga fotiha tortishdi. Shu orada Lobarxon choy keltirdi.

— Uch-to’rt kundan beri ko’rinmaydimi, desam, Abdurahmon chiyilloq «Saydali akamni tobi qochibdi» deb qoldi. Uyga kelib, uch-to’rtta behi olib izimga qaytdim. Abduvaliboy, tugundagi behidan kesib ber!

Abduvali o’rnidan turguncha bo’lmay Lobarxon tugunni ochdi.

— Saydaliboy, qaydan ilashdi bu dard?!
Mung’ayib jimgina o’tirgan bemor tiyrak tortdi.
— Oldinam sal mazam bo’mayroq yuruvdim. Birdaniga shunaqa bo’p qoldim-da. O’zim o’tiruvdim. Hech kim yo’g’idi. O’ng ko’kragim siqib og’riyvurdi. Chaqirmoqchi bo’lib
o’rnimdan tursam yiqildim, qon qayd qildim…

Kelin behi tozalashdan to’xtab, qaynotasi arzini jimgina eshitarkan, quyi labi sal qimtindi.

Yusufboy buva boshqa gapirmadi. G’ariblashib qolgan gavdasini tiklab, oppoq soqolini o’ychan siladi. So’ng o’g’li Habibullo shaharda ekanligini, mol-holga qaramasa bo’lmasligini, ya’ni, uzrini aytib o’rnidan turdi.Abduvali uni kuzatib chiqdi. Lobarxon qirqib tozalangan behi bo’laklarini cholga uzatdi.

— Ota! Hadeb kirgan-chiqqanga «o’zimidim, oldimda hech kim yo’g’idi» devurmang, bilgan u deydi, bilmagan bu…

Chol og’zini sal ochib, angraydi, keyin bir tamshandi.

— Yaxshiyam, Yusufboy buva gap tashimaydi, — davom etdi kelin, — boshqalar bo’lsa, «Kasal narsani yolg’iz qoldirishibdi», deb butun qishloqqa jar solishadi.

Chol o’ylanib qoldi. Haqiqatan Yusufboy sodda odam, gap tashimaydi. Kelini to’g’ri aytadi. O’ziniyam qo’li gul- da. Qishloqdagi butun daraxtlarni shu payvand qilgan. Eshigi bog’, har xil daraxtdan bor, yozin-qishin bozorning oldi mevasi shuniki. Oq o’rigi hammanikidan burun gullaydi. To’yu ma’rakada shu haqda gap bo’lgani-bo’lgan. Bu yil Yusufboy buva Abduvalining behisini ham payvand qilib berdi, xudo xohlasa kelasi yil hosilga kiradi. O’ziyam har biri choynakday-choynakday kelar…

Uyda Abduvali qolgan edi. U har zamon-har zamonda ko’zlarini yumgancha yostiqqa suyanib o’tirgan otasiga qarab qo’yar, keyin peshonasini sandal chetiga qo’yib, mudrashga tushardi.

Ayvonda tovuq qattiq qaqag’ladi… Derazadan kimningdir qorasi ko’rindi. O’rtancha nabira eshikni ochdi- da, Abduvalini chaqirdi.

— Dada, domla keldi.
Abduvali shoshib o’rnidan turdi. Ko’zini ishqab tashqariga chiqdi.

— Keling Shahobiddin aka, qani…
Shahobiddin aka miqtigina, rangpar kishi edi, u: — Salomalaykum Saydali aka! — dedi-da, to’g’ri borib chol bilan so’rashdi. Fotiha o’qilgach, chol domladan hol- ahvol so’radi. Keyin yana ko’kragini ushlab, jimgina ularga qarab o’tirdi.

— Duxtir-puxtirga ko’rsatmadinglarmi? — dedi Shahobiddin aka Abduvaliga yuzlanib.
— Men Shamsiddin akaning o’g’lini ayttirib keluvdim, shapka kiyadi deb ukol qildirmadilar. Bergan dorisiniyam ichmadilar. Do’xtirni aytganini qilmaydilar. Tuniminan inqillab chiqadilar. Ko’z tegmasin, kechadan beri sa-al tuzuk…

Shahobiddin aka cholga achinib qaradi.
— Chakki qibsiz, Saydali aka! Shapka kiysa nima qipti. Zamonni zayli. Axir, shahardagi institutda o’qib kelgan, yaxshi duxtir.

Saydali buva xomush tortdi, bir oz jim turgach:
— Qishloqqa kelganda do’ppi kiysa nima qiladi?! — dedi.
Gapga Abduvali aralashdi.
— Ota, gapingiz to’g’ri-yu, lekin u o’qigan-da…

Chol indamadi, boshini xam qilib yana ko’zlarini yumib oldi.
«Nima bo’lsa xudodan. Shahobiddin ham, Shamsiddinning o’g’liyam bilmaydi. Kela solib ukal qilaman deydi. Ha, duxtir bo’lsang, ukal qilmay tuzat-chi!? Burungi tabiblar tomiringni ushlab dardingni aytgan. Bu — Shamsiddinning o’g’li qulog’iga shilanka ilvolib…
Shahobiddin ham o’qigan, shunga anovining tarafini olyapti. Ammo o’zi tuzuk odam. Qirq yilcha muallimlik qildi. Endi…Abduvaliniyam shu o’qitgan. O’qishga yuboraman deb ko’p harakat qildi. Kampir ko’nmadi. O’qiganda yurarmidi manavi Ortiqhojining bolasiday shlyapa kiyib».

Cholning o’ylari sekin tushga aylanib ketdi. Tushida baland so’rining ostidagi chorpoyada uxlayotgan emish. Rahmatli kampiri:
— Turing chol, xo’rda quyib keldim, iching! — deb uyg’otar emish.

U o’rnidan tursa, qizi Tursunxon yosh bola bo’lib:
— Ota-ota! Sizzi ko’kragingiz Qumri xolamni ko’kragidan ham kattaykan! — deb uning yaktagidan bo’rtib turgan ko’kragiga ishora qilarmish. Buni eshitgan kampiri:
— O’-o’l, tantiq, nima deyapsan? — deb kular emish. Keyin qizi ko’chaga chiqib ketibdimi, uyga kirib ketibdimi, birdan ko’zdan yo’qolibdi. Kampiri o’rnida endi kelini turgan emish: qo’lida bir kosa sho’rva.
Buni ko’rib Saydali buvaning jahli chiqarmish:
— Sho’rvani o’zingiz iching, menga kampirning xo’rdasini olib keling!
— Xo’p, ota, hozir-da! — Kelini gap qaytarmasmish…

— Ota! Ota!
Chol shoshib ko’zini ochdi.
— Ota! Odinaxon shovla qilib chiqargan ekan, — dedi Abduvali. — Qo’lingizga suv bersinmi?
— Mayli…

Poygakda o’tirgan Komiljon irg’ib o’rnidan turdi-da, dahlizdagi choynak bilan dastsho’yni ko’tarib kirdi.Saydali buva qo’lini chayaturib, nevarasiga tikilib qoldi.

Komiljon cholga juda xunuk ko’rindi.

Sochi rangini siniqtiribdi. Necha marta aytdi, sochingni oldir, oldir, do’ppi kiy, deb, hech qulog’iga gap kirmaydi. Shu yalangbosh yurgani durustmi? Qayoqdan yuqqan ekan bu qiliq? Ha, mayli, boshi omon bo’lsin.

…Saydali buva shu kecha inqillamay tinch uxladi.
Ertalab o’zini yengil his etdi. Nonushtada non to’g’rab qaymoq berishgan edi, yedi. Shuning ustiga Urayim buva kirib keldi. Chol uni ko’p xushlamadi. Aslida qishloqdagi eng qadrdoni shu edi.

— Tuzikmisan, Saydalivoy? — dedi Urayim buva fotihadan so’ng. — Choyminan icharsan deb picha qaymoq opkeluvdim.

U qo’lidagi tugunni yechdi-da, bankadagi qaymoqning qopqog’ini ochdi va do’stining oldiga qo’ydi.Saydali buva bunga e’tibor bermadi.

— Xayriyat, borakansan, — deb qo’ydi u.
Urayim buva jiddiy tortdi.
— Mol-holminan bo’p chiqolmadim.
— Mol-holni hech qarovsiz qoldirma! — dedi Saydali buva nasihat qilayotganday.
— Qo’y endi bu gaplarni.
— Mamadiyorni jo’natgan bo’lsak. Shu, ikkimiz ham bir-birimizni holimizdan xabar olmay qo’ysak!.. — dedi Saydali buva achitib.

Urayim buva o’zini oqlamoqchi bo’lib g’udrandi, lekin bo’lmadi. Oraga noxush jimlik tushdi.
«Urayim bechorayam vaqt topolmagandir-da, tirikchilik. Buning ustiga bittayu bitta qizini qishloqda er topilmaydiganday shaharga chiqargan. Chol-kampir ikkovi… Kampiri muning ko’ngliga qaraydi, boqimiyam zo’r, Urayim o’zi oldindan baquvvat edi. Bu, Mamadiyor uchovi to’plansa bormi, tog’ni talqon qilishardi-da. Mamadiyor tuyaday ishlardi-ye. O’shanda rosa kuchga to’lgan chog’lari ekan-da. Tomga ketmonda tuproq otishardi-ya.Urayim ja-a doroz edi. Hamma uni Urayim dakan derdi. Endi kamalakday egilib, burni sandalga tekkudek bo’b o’tiribdi…»

— Urayim, bir-birimizni bilmay yuraverarkanmiz. Boshing yostiqqa tekkanda qadr istab qolarkansan kishi. Seni ko’rgim keladi. Ovozingni eshitsam deyman.
Shungacha suv talashamiz, o’t talashamiz. Hammasi qop ketadi.
Chol dastro’mol bilan ko’zyoshlari va burnini artdi. — Mana, — deya derazadan x,ovli tomondagi uyga qaradi, — rahmatli Rasuljon. Ne zamondan beri qo’shniydik. Jiyani bizga tashlab ketgan yerni talashib olishdi. Bo’lmasa uning hovlisi biznikiga ikkita keladi. Olsang ol-a, dedim, munday foydalanolmadiyam, o’tdi-ketdi. Bari qoldi. O’lar dunyoda birovning dilini og’ritib nima qilarding, deyman. Gina-kuduratni yig’ishtirib oxirgi kunlari yo’qlab kirdim. Rahmatli ko’ziga yosh oldi. Bildi. Bilmasmikin devdim. Men chiqib ketgach, «Saydali akamlar bilan kirdi-chiqdini uzmanglar» deb xotiniga vasiyat qipti. — Saydali buva gapidan to’xtab, peshonasidagi dona-dona terni to’nining yengiga surtdi, — Urayim, qadrimizni bilmaymiz. Navbatma- navbat ketaveramiz.

Uzoq sukutdan so’ng Urayim buva:
— Mayli, Saydalivoy, men chiqay… — dedi.
— O’tir, qaerga borasan qishning kunida?
— Uy qarovsiz. Kampir Ro’ziqulnikiga ketgan. Ro’ziqulning oyoq-qo’li yo’q bo’p qopti? Kechqurun o’g’li kep aytdi.

Saydali buva o’ylanib qoldi. Urayim bilan qanday xayrlashganini bilmadi. Fikri-yodi Ro’ziqulda bo’ldi.
«Ro’ziqulning Urayimni kampiriga jinday xeshligi bor. Saydalivoydan bir-bikki yosh kichik. Muni urushdan opqolgan shu. «Qishloqda erkak qolmadi, mana shunga ishonib yuribmiz. Buniyam olib ketsanglar, hammayoq xarob bo’ladi», derdi.

Ro’ziqul qishloq uchun ko’p jon kuydirgan. Vaqti kelganda so’kishgan, vaqti kelganda yalingan. O’ziyam raismisan rais edi-da. Savlatidan ot hurkardi. Har kuni dala aylanardi, Paxta desa jonini berardi. Hozirgi raisning mashinadan tushgisi kelmaydi. Majlis o’tkazishdan qo’li bo’shamaydi. Ro’ziqul gapini otda yurib aytardi.Keyinchalik u ham aynidi. Bir-ikkitasiga ilakishdi. Mana, oqibati —oyoq-qo’li ishlamay qopti. O’shalarning kasri urgan-da…»

Tashqarida bolalarning chug’ur-chug’uri eshitildi: «Akam keldi, Mahmud akam keldi!»

Chol gazeta o’qib o’tirgan Abduvaliga qaradi, shu chog’ sariq plashch kiygan Mahmudjon bo’sag’ada ko’rindi. U to’g’ri kelib cholning qoshida muk tushdi va quchoqlashib ko’rishgan bo’ldi.
Saydali buva ko’zlariga yosh oldi.

— Shunaqa bo’p qoldim, bolam!
— Qo’ying, katta ota, xafa bo’lmang, tuzuksiz-ku axir,— dedi Mahmudjon cholni yupatib.
— O’ng ko’kragim sirqiraydi. Og’rigandayam degin kunduzi unchalik emas-u, kechasi yomon.
— Doktorga ko’rsatish kerak! — dedi Mahmudjon jiddiy. — Qarataylik desa ko’nmapsiz?!

Chol indamadi. U nevarasini juda yaxshi ko’rardi. Shuning uchun hech gapini ikki qilmasdi. Buning ustiga uning shaharda o’qishiyam ozgina hurmatga loyiq edi.

Saydali bobo bor-yo’g’i ikkita farzand ko’rgan — Tursunxon va Abduvali. Tursunxon tirnoqqa zor o’tdi.Abduvali… qattiq gapirmasang eshitmaydi. Qulog’i og’ir. O’qishgayam bormagan. Mahmudjon uning to’ng’ichi. Hozir Toshkentda, muallimlikka o’qiyapti. O’tgan yili uylab ham qo’yishdi. Yanagi yilga xudo xohlasa bitiradi.

Chol nevarasiga tikilib turarkan, yuzlari so’lishganini, hali yosh bo’lsa-da, peshonasini ajin bosganini payqadi. «Bolaga jabr bo’libdi-da, ham o’qish, ham turmush. O’chakishganday sigirning o’tgan yilgi bolasiyam kasalga chalinib harom o’ldi. Bo’lmasa sotib pulini berib yuborardim. Ustidagi kiyimiyam yaxshimas, do’stu dushman orasida… pensiyasidan olib beradi-yu, yigirma so’m nimayam bo’lardi».

Abduvali bundan bir oy oldin Toshkentga borib kelgan, ota-bola hozir shu haqda gaplashib o’tirardi. Saydali buva ularning suhbatiga quloq soldi.

— Qanday, shahar yoqdimi?
— Yoqishga yoqdi-yu, shu… odamlari pamil choy ichisharkan-da.
— Toshkentning havosi og’ir, — dedi Mahmudjon otasining soddaligidan kulib. — Pamil choy ichmasa bo’lmaydi.
— Shunaqami? Endi… ko’k choy yaxshi-da! — dedi Abduvali.

— Abduvali! Mahmud shu yerdaligida aytib qo’yay. — Chol nevarasiga qaradi. — Umarjon og’il qilayotgan ekan, ikki quloch yer so’rab kirdi. Olaver desam, otangminan onang: «Nimaga in’om qilasiz, bolalarimiz katta bo’lyapti, yer kerakmasmi o’zimizga», deydi. Ho’, Abduvali, Mahmudjon. Ikkala qulog’inglar bilan eshitinglar: mendan keyin yer talashib yurmanglar. Agar haq bo’lsangizlar ham shunday qilmanglar. Hammadan qoladi bu. Ana, Tojivoy bilan Qodirali, bir parcha yerning ustida talashib… Ikkalasidan ham qoldi.

Bemorga gapirish kuch keldi. Bir-ikki ixrab yo’taldi. Labidan qon qochdi. Bug’doyrang yuzida doim aniq sezilib turadigan ingichka mayda qizil qon tomirlari rangsizlanib ketdi.

Abduvali bilan Mahmudjon bezovtalandi, kasalga yaqin surilishdi. Chol qo’lini qimirlatib ularni tinchlantirdi. Va bolishga suyandi.

* * *

Saydali buvaning yotganiga bir oydan ortib ketdi. Mahmudjon uni doktorga ko’rsatdi. Shamsiddin akaning o’g’li: «Agar shu qishdan omon chiqsa, sog’ayib ketadi», dedi. Bu orada uch marta qalin qor yog’ib, qattiq sovuq tushdi. Saydali buvaning uyiga pechkayam qurishdi. Oxirgi marta qor yoqqanida chol qizi Tursunxonnikida edi. Buva bu yerda ko’p turolmadi. Kuyovi nos chekadi. Pechka yonidagi ko’mir paqirga tupuraveradi, tupuraveradi…

Qizi ko’rgani kelganlarga: — Otam yaxshi bo’p qoldi. Qo’y yog’i, qo’y go’shtiminan boqyapman! Yaktaklariyam yo’q ekan, uch-to’rtta yaktak tikib berdim, — deydi…

Saydali buva qizinikida ekanligida keldi-ketdi kamaygan edi. Abduvalinikiga kelgan kunidan boshlab yana odamlar «quyuqlashdi».

Bir kuni cholni ko’rgani bir yosh yigit keldi. Abduvali bilan quyuq so’rashdi. Mahmudjonni yo’qladi.
— Buva, meni yaxshi tanimayapsiz-a? Men O’rinboykani o’g’li bo’laman! — deb cholga o’zini tanitdi u.
— O’rinboyni haligi cho’lda ishlaydigan o’g’li senmisan?
— Ha, o’shanisi, — dedi yigit gap ohangiga mos bosh silkib.
— Otang xo’p yaxshi odam edi-da, rahmatli. Otang bilan sherik bo’p qovun ekkanimizni bilasanmi?
— Iy-y, bilmasdan-chi? Biz Mahmudjon bilan qovun qo’riqlardik…

Saydali buva ko’kragini ushlab qoldi. Og’riq yana kuchaygan edi. U ko’zlarini yumdi. Abduvali dori keltirib otasining ko’kragiga surtdi. Chol yonboshlab ancha yotgach, ko’zini ochdi. Atrofga zimdan nazar soldi. Abduvaliboshida turibdi. Boyagi O’rinboyking o’g’li ko’rinmaydi.

Saydali buva O’rinboy rahmatli bilan qaysidir bir yili kolxozning olmazor bog’iga sherik bo’lib qovun ekishgan. Jinday ortib qolgan yerga va maydonning atrofiga bo’sh yotmasin deb oshqovoq urug’idan tashlab qo’yishdi. Shu yil hosil bir bo’ldi, qovundan ham oshqovoq zo’r bo’ldi. Qovunni eshakaravada bo’lishdi. Navbat oshqovoqqa kelganda O’rinboy maslahat soldi:
— Saydali aka, shu… raisimiz oshqovoqni ja yaxshi ko’radi deb eshitaman. Xil-xilidan bir arava eltib bersam nima deysiz?! Yanagi yil picha ko’proq yer berarmidi?..
— Mayli, elting!

O’rinboy oshqovoqni yuklab, endi siljiganida shu Mahmudjon kelib:
— Katta ota, uyiga olib ketadi u, o’ziga olib ketadi! — degan.

O’rinboy unga bir o’qraydi, tag’in eshagini chuhlab ketaverdi. Shu-shu, Mahmudjonni rahmatli yomon ko’rib qolgan. O’zi yomon odam emasdi, endi hammadayam bir kamchilik bo’ladi-da…

Kechga tomon Satim novcha bilan Qosim o’g’ri keldi. Chol ularni xushlamaygina qarshiladi. Mehmonlar uning ikki yoniga bo’linishib o’tirdi. Satim novcha ozg’in, qoshlari yo’q hisobi edi. Gapni o’z ohangi bilan, chertib- chertib gapirardi. Yoshi bir joyga borib qolgan bo’lsa- da, soqol qo’ymagan. Qosim o’g’rining bo’yi unikidan sal pastroq, qorachadan kelgan, mushuknikiga o’xshash ko’zlari doim o’ynab turardi.

Saydali buva o’zini xushlamaganligini bildirmaslik uchun:
— Sotimboy, endi kim azon chaqiryapti? — deb so’radi.
— He, Abduraim chiyilloq. O’zingiz bo’lmasangiz bo’lmaydi ekan. Uning ovozi qisir echkining ma’rashiga o’xshab, magazindan bu yog’iga o’tmaydi. Erkakning ovozi
erkaknikiday bo’lsa-da!

Saydali buva ko’zini yumib oldi. U: «Bo’lmasa o’zingiz chaqiring!», demoqchiyam bo’ldi, ammo tilini tiydi. Chunki Sotim novcha azon chaqirish bu yoqda tursin do’ppi tor kelganda dinu imonidan tonadi. Nomozgayam shunchaki nomiga borib keladi. Bunga o’tgan-ketganni g’iybatini qilish bo’lsa. Odamlargayam hayronsan, kolxozni deb jigar-bag’ri ezilganlar bu yoqda qolib, shunga o’xshaganlarni ko’tar-ko’tar qilishadi-ya.

Aslida Qosim o’g’riyam… Nechtaning mol-qo’yini yeb yuborgan. Ne-ne qiz-juvonlarni yo’ldan urmagan. Endi uni hech kim o’g’ri demaydi, to’g’rirog’i, deyolmaydi. Aytgani
aytgan, degani degan.

Bularda oriyat bo’lmas ekan-da o’zi. Kuzdagi voqeadan keyin Qosim o’g’ri ko’chaga chiqolmasa kerak deb o’ylovdi hamma, Qayoqda.

Nishonboyga kelin bo’lib tushgan qizini maktabda bittasi bilan tutib olishibdi-yu, bu bo’lsa Mirzashukurning to’yida Sobir cho’loqning g’iybatini qilib o’tiribdi.O’shandan keyin ham odamlarga aql bo’lib yuraverdi.
Mana, hozir ham Saydalivoy uxlayapti deb ikkalasi nimanidir shivirlashyapti!
Chol sekin ko’zini ochdi. Ular gapidan to’xtab Saydali buvaga yuzlanishdi.

— Ertaga To’ti buvining o’g’li uylanyapti. Shuning maslahatiga boradiganmiz. Hali ja tayinlab aytishuvdi.
— Unchalik zarur ishlaring bo’lsa mayli, — dedi chol qarshiliksiz.

Mehmonlar chiqishgach, Saydali buva o’g’liga dedi:
— Abduvali, bir isiriq tutatib yuboringlar!
Abduvali kigizning ostidan bir tutam isiriq olib sandalning ichiga tashladi.
Hademay uyni xushbo’y hid tutib ketdi. Shu chog’:
— Vo-yey, muncha tutatib yubordinglar! — degancha bir kampir kirib keldi. — Assalomu alaykum, nimaga munaqa bo’p qoldingiz, aka-am?

Bu kampir urganjilik Lochin novvoyning onasi Mehrinisa xola edi.

Pichadan so’ng Soliya xola kirdi. Eshikdan qarab, Abduvalini chaqirdi.
— Aylanay, yuring bu yoqqa! Qariyalar o’zi bir gaplashvolishsin!
Abduvali Soliya xolaga ergashdi.

Kampir yenglari yaltirab, tuklari bilinmay ketgan qora baxmal to’nining tugmasini yechib, qo’ltig’idan oq durraga o’rog’liq bir narsa chiqardi.
— Saydali aka, sizga to’rttagina tuxum pishirib keluvdim, — dedi u va durrani yechib, cholning oldiga qo’ydi.
— Bekor ovora bo’psiz-da, Mehrinisa, — deb qo’ydi Saydali buva. — O’zingiz tuzukmisiz?
— Xudoga shukr! Kunimiz bir nav o’tyapti.
— Lochinboy yaxshi qaraydimi, yo xotinining gapiga kirib?..
— Yo’-o’q tuzuk, undan xafamasman. Uyam jo’jabirday jon, sakkizta bolasi bor. To’ng’ichlari kolxozdayam ishlayapti.
— He Mehrinisa-e! Kolxozda ishlab topgani nima bo’lardi? Bittasi mana, bizning Abduvalimi?! Bolam bechora o’ziga tarilloq olib minolmaydi.
— To’g’ri, Saydali aka, bular bor pulga zovutdan paxta sotib olyapti ekanmi-ey? Biz ishlaganimizda ikki yuz foiz qilib planni bajarardik, bir do’ppi paxtaga bir do’ppi qand berishardi. Qandlariyam mushtday-mushtday kelar edi-ya?
— Ha, shunaqa edi… — deb qo’ydi chol sekin.

Saydali buvani ko’rgani yana mehmonlar kelishmaganda ularning suhbati xiyla davom etarmidi?!
Mehrinisa xola durrasini bo’shatib:
— Xo’p, yaxshi bo’p keting, akam! — deya qo’zg’aldi.

* * *

Bahor keldi. Yusufboy buvaning o’rigi gulladi. Ammo Shamsiddin akaning o’g’li aytgan gap…
Saydali buva bir hafta og’ir yotdi, so’ng o’g’lining qo’lida jon berdi.
Tobut yerdan uzildi, u bilan birga bu xonadondan yana nimadir ko’tarilganday bo’ldi. Odamlar «guv» etib tobut ortidan ergashishdi. Ayol kishining bo’g’iq ovozi ortda qoldi:
— Zor qilib ketayotgan ota-am! Xor qilib ketayotgan ota-am!..

001

(Tashriflar: umumiy 376, bugungi 1)

Izoh qoldiring