13 август — таниқли шоир Усмон Азим таваллуд топган кун.
Усмон Азим сўнгги йиллардаги шеърларида армоннинг ранглари ва оҳангларини қанчалик турфа шаклларда ифодалаётган бўлмасин, бу тасвир заминида некбин руҳ, ҳаётсеварлик ғояси ётади. Усмон Азим шеърий камалагининг асосий ранги ҳам ана шу руҳ ва ана шу ғояда (Наим Каримовнинг «Некбин руҳ,ҳаётсевар ғоя» мақоласидан.Мақолани мана бу саҳифада ўқинг).
УСМОН АЗИМ
ЭСКИ ВА ЯНГИ ДАФТАРДАН
ЖОНИНГИЗ ҚАЙДА?
Ишқнинг осмонида ойга қўшилиб,
Айланган бошингга булутлар қайтар.
Менинг қучоғимда куйдай эшилиб,
Аста шивирлайсан:
-Жонингиз қайда?
Ўғирлайсан барча калитларимни,
Сандиқлар очилар-сенга сир айтар.
Излайсан Қўнғирот, Ёвмудларимни,
Ҳориб шивирлайсан:
-Жонингиз қайда?
-Шуми?-қиличимни сувга ташлайсан.
-Балки бу?-қўлингни чўзасан ёйга.
Сўнгра йиғлаб-йиғлаб сўроқ бошлайсан:
-Бир марта айтинг-чи,
Жонингиз қайда?
Ўзингни қадрингни сувга отасан,
Менинг иззатимни қотасан лойга.
Боланг ўлган каби фиғон тортасан:
-Ҳамон тирикмисиз-
Жонингиз қайда?
Оғулар қўшасан ҳамма ошимга,
Ҳар қандай қасослар туйилар майда.
Ялиниб турасан яна қошимда:
-Нега ўлмаяпсиз?
Жонингиз қайда?
Жоним сенда дейман-айланмас тилим,
Жоним сенсан дейман-юрагим тонар…
Менинг омонатим…Жоним! Севгилим!
Энди сени қандай асрасам бўлар?
* * *
Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида,
Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ.
Жоним, қалбим шеъриятнинг пичоғида…
Замин — тилсим, осмон — тилсим… шеър — бешафқат!
Мен қийналдим. Хаёлимнинг қанотида
Денгизларни кўтарганча толиб учдим.
Юлдузларни кўп кўрганман ҳаётимда,
Денгиздаги юлдузларни келди қучгим.
Кўкка бокдим, ўт туташди жоним аро…
Қат-қат булут қатларида не сир-асрор!
Ҳайрат ичра ўлдиргуси мени само,
Она замин, уча қолай, қўйиб юбор!
Мен ёр дедим… Лайлими ё, Ширинми ё!
Ёки энди туғилажак бирор малак?
Мана мен, деб кўз олдимда бўлди пайдо,
Мана мен, деб шеърдан бокди якто юрак.
Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ,
Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида.
Шеър ёзилар… Қийноқ, сенға бўлсин шараф,
Жоним, қалбим шеъриятнинг пичоғида…
Ҳали бутун рўйи жаҳон шеър бўлажак.
Фақат бекор билиб ором қучоғини –
Бу дунёни сирга кўмиб яшаш керак,
Қалбга санчиб шеъриятнинг пичоғини!
* * *
Рашк, ғийбатнинг тўлқинларида
Кема мисол чайқалди хонам.
Энди бизлар ҳеч учрашмаймиз…
Хайр!
Тонг отади,
Сен йўқ.
Кун ботади,
Сен йўқ.
Столимда сен ёзган хатлар,
Девордаги суратдан ҳам сен
Меҳр билан боқиб турибсан.
Деразадан кўринган осмон
Парчасига шодмон боқардик,
Юлдузлари кулганида ҳам,
Ол шафаққа тўлганида ҳам…
Хонам, ўзим, бу улкан олам
Сендан қолган ғамгин хотира.
Тонг отади,
Сен йўқ.
Кун ботади,
Сен йўқ.
Узоқларда бепоён йўлда
Йиғлаб кетиб бормоқдасан сен,
Оёқларинг тагидаги ер
Тўлқин отар монанди денгиз.
Оқ чорлоғим, учиб чарчадинг –
Йиқиласан дақиқадан сўнг,
Йиқиласан, тўлқинлар ютар…
Тонг отади,
Сен йўқ.
Кун ботади,
Сен йўқ.
Чидаб бўлмайди.
Энди мендан кетди ихтиёр!
Юрагимни қўйиб кафтимга
Шивирлайман бесабр, такрор:
Қибланамом, йўл кўрсат менга!
* * *
Ёлғизлик ортимдан ҳувиллаб қувди,
Токи йиқилгунча югурдим бетин…
Бир аёл туфлимнинг лойини ювди –
Унга севаман деб айтмаган эдим.
Қисмат масхаралаб бизни отганди
Танҳолик кечасин тор қучоғига.
Билмадим, қай маҳал аёл уйғонди
Туфли ювмоқликнинг иштиёқида.
Асли масхаралаш қисмат матлаби,
Аммо ҳайрат ичра гангиди хиёл:
Қувониб (масалан, гул терган каби),
Туфли ювар экан тунда бир аёл.
Менга кўзи тушиб аёл қизарди,
Уялди — қўллари тушди шалвираб.
Энди у қаршимда йиғлаб турарди,
Ёмғир қўйнидаги баргдай қалтираб.
Қўймоғим шарт эди бир жасур қадам, —
Қулаб танҳоликнинг ғариб аршидан.
Чўчидим мен — меҳр кўрмаган одам –
Севги туфли ювиб чиқса қаршимдан.
Кетдим…
Ёмғирдайин ўтдиму кетдим,
Минг аср танҳолик кечди бошимдан.
Минг аср оралаб қайтадан етдим,
Ўша ёлғиз қолган аёл қошига.
У менга бахт берди осмондай улкан,
Мен-чи?..
Мен қоврилдим бахтнинг доғида…
Бедорману нечун уйғонолмайман
Туфли ювмоқликнинг иштиёқида.
* * *
Қурбон қушнинг патлари каби
Руҳим — тўзғин, юрагим — тўзғин.
Қонли базм қурмоқда, раббим,
Вужудимда уйғонган қузғун.
Дардларимнинг соҳили йўкдир,
Шамоли йўқ, шакли йўқ — туман.
Юрагимнинг булбули — сурур
Ухламоқда ғофил уйқуда.
Қурбон қушнинг патлари каби
Йўқ бўламан учиб, тўзғиниб…
Қалб туғилар йўқликдан, раббим,
Най қилади қонли бўғзини…
* * *
Осмонга ҳам отгум тош.
Гуноҳкор бўлса қуёш.
Гуноҳкор бўлса қуёш,
Қайтиб тушмагайдир тош.
Осмон ҳам бўлиб ғаним,
Қайтиб тушса — не ғамим!
Бир тош тушса тушибди
Тоғдай бошимга маним.
БАХШИЁНА
Элбек бахши бир камбағалнинг тўйини гуриллатиб, неча кампир-қизларнинг юрагини дириллатиб, овулига қайтиб кетаётган эди, бир карвонга дуч келди. Карвоннинг атрофида неча отлиқлар чопишиб келишяпти, туяларни етаклаган шотирлар қоқилиб келишяпти. Осмонга мушаклар отилган, туяларга атлас кимхоблар ёпилган, ёш-яланглар бўза ичиб бўкиришган, бир-бирига дўқ уришган, туя устидаги қизлар уларга лаб буришган, карвонбошининг пешонаси тиришган — олдинда келяпти.
Элбек бахши: «Ҳув, карвонбоши, йўл бўлсин?» — деб сўради, карвонбошининг олдини ўради.
«Йўлдан қоч, баччағар, келин олиб кетаяпмиз», — деди карвонбоши.
Элбек бахшининг қулоғига йиғи товуши урилди. Сезди — уйи куйган. Бу — Ойтуманнинг товуши. Шунда: «Эй, камбағаллик қурсин! Орзум очилмай сўладиган бўлди, ўзим ҳасратда ўладиган бўлдим», деб бир сўз айтиб турган экан:
Карвон кўрдим, туялари бўзлаб борар,
Нортуяда менинг ёрим музлаб борар.
Менга берган ваъдалари эсдан чиқиб,
Остонаси тилло юртни излаб борар.
Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,
Жоним чиқар — қўшиқ айтсам қайрилма, ёр!
Ойтуман ёр кетиб борар карвон билан,
Оғринма, дил, мард қолади армон билан.
Мол-дунёнинг измин тутиб кетаверсин,
Мен қолайин юрак деган сарбон билан.
Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,
Жоним чиқар — қўшиқ айтсам қайрилма, ёр!
Ойтуман ёр, тумандайин сузиб кетдинг,
Юрагимнинг қалъасини бузиб кетдинг.
Парчалансам — мени қўшиқ йиғиштирар,
Сен қўшиқсиз қоkдинг, гулим — тўзиб кетдинг.
Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,
Жоним чиқар — қўшиқ айтсам қайрилма, ёр!
Карвон йўли кетгунича қизғалдоқзор,
Йиғламагин, йиғлагандан дунё безор.
Кулиб-кулиб, қувнаб-қувнаб кетавергин,
Ғамга ўзим харидорман, ўзим бозор.
Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,
Жоним чиқар — қўшиқ айтсам қайрилма, ёр!
Қорли тоғдан наридадир ўзга диёр,
Ўзга юртда келин бўлиб қолишинг бор.
Ўзга юртда ўз юртингни эслаб тургин,
Менга эмас, тупроғингга бўл интизор.
Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,
Жоним чиқар — қўшиқ айтсам қайрилма, ёр!
Мен-чи? Менга гоҳ шодлик, гоҳ алам тўлар,
Ҳар сатримга кулгум тўлар, нолам тўлар.
Бу олам-ку, маним кўнглим ярим этди,
Ярми билан куйласам ҳам, олам тўлар.
Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,
Жоним чиқар — қўшиқ айтсам қайрилма, ёр!
ДЕДАЛ ВА ИКАР
– Юрагим қўймади, уч деб қўймади,
Фалакка интилдим, аммо бу ҳаёт
Ерга кўмавериб танни, тўймади…
Барибир мен қанот ясадим, қанот!..
Болам! Сен не учун мени қийнайсан,
Сенинг ҳам жонингдан ўтдими турмуш?
Учиш ҳам азобдир, ахир… Билмайсан!
Учиш – қисмат оша – бетин зўриқиш.
Қара! Менга қара! Аҳволимга боқ!
Аммо сен сўзлайсан қандайдир тушдан!
Учганнинг ҳамиша қисмати чатоқ,
Ерни–ку гапирма, фалак ҳам душман.
Гарчи падарингман! Қилмагин тақлид,
Сенга қуриганми жайдари тақдир –
Масалан, эрмакка уриштиргин ит,
Ёхуд майхонада уюштир тадбир.
Йўлингдан қайтмайсан! Турибман сезиб!
Мана, бир жуфт қанот! Сенга ҳам! Олгин!
Икар!
Болагинам!
Учганинг кези
Ўзни қуёшгамас – шамолга солгин!
Беҳуда юксаклик эса толдирар!
Паст уч! Денгиз узра парвоз ҳам кўркам…
Тўхта! Қуёш сори борма! Ёндирар!
Тўхта! Қанотларинг куяди, болам!..
– Ота! Олов ўтди суягу этдан,
Азобдир жисмимни қуёш ютиши…
Фақат қандай гўзал – фалакка етган
Парвознинг кул бўлиб, ерга тушиши.
– Ҳеч кимни аямас ривож ҳудуди!
Бизни ямладими? Йўқдир эътироз:
Куйиб тушаётган, болам, вужудинг,
Кўкда қолган эса лаънати парвоз!
24. 10. 2006.
* * *
Жуда хотиржамман бу куз кунлари,
Сокин ғуссаларга юрак йўлиққан.
“Оҳ”ларсиз дардларга етган мунгларим –
Жуда тўлиққанман, жуда тўлиққан.
Хазонли суҳбатда кетмайман ёниб:
Шукр, Тангри кузни уч ойга чўзди…
Менга ҳам, кузга ҳам оқибат аниқ:
Фақат англамоққа бахш этдик ўзни.
Намиққан боғлардан тумандай кўчиб,
Бевазн борамиз – умр руҳга жам:
Сўнгбарглар тушади бандидан учиб,
Аммо хотиржаммиз, жуда хотиржам!
Мана, устимизга жим-жит қўнди қиш,
Бесаноқ кумушранг вужуди билан…
Яхши иш бошлади, жуда яхши иш –
Баҳорни яратмоқ бошланди биздан!
Фалакка интилмай, бедор тоқатда,
Ерга қоришмоқдан топиб чин маъни –
Чўкиб бораяпмиз фақат тупроққа,
Илдизга, илдизга етиб боргани…
17.11. 2009
* * *
Чақалоқ заминни кечага ўраб,
Беланчак шамолда тебратади куз.
Тўзғин хазонрезнинг кўнглини сўраб,
Чексиз кузакликнинг расмига кўра –
Фалакда мўлтирар миллионлаб юлдуз.
Эй, сен! Кечаларда сарсон кездирган,
Кузимни юз этган, минг этган наво –
Менга жафо этиб, мендан бездирган
Дард! Тангри қудратин аён сездирган
Бу шоминг бошимдан ёғдирар сафо!
Кузлигим муборак ўзимга! Ёнди
Эту суягимнинг ҳар бир зарраси!
Кулларим соврилди, фақат руҳ қолди,
Узун бу умримдан узун “уҳ” қолди –
Қайнаган онгимнинг пинҳон наъраси.
Куз аро бораман. Тақдир дастида
Ҳаёту ўлимга бош эгмиш юрак.
Ёмон ўтмагандай умрим аслида:
Ярашиб яшадим ернинг устида,
Ернинг тагига ҳам ярашсам керак.
30. 11. 2009
ЯШАШ
Олов эдим – ўчдим,
Юлдуз эдим – учдим;
Кўк эдим – ер бўлдим,
Сўз эдим – шеър бўлдим;
Тоғ эдим – қумман, қум:
Ҳар заррам мунгдир, мунг;
Қийноқлар тўфони – жонимда,
Замонлар алдоғи – онгимда.
“Воҳ, жоним!..“
демоққа ҳақлиман –
Негадир бахтлиман, бахтлиман!
* * *
Баҳор тўла гуллар эди…
Бир гулни суйдим.
Гул “уз, деди, мени”, ошкор –
Узмадим-қўйдим.
Қовжиратди гул жисмини
Ҳижроннинг ёзи.
Шундан буён шеър ёзаман –
Ақлдан озиб…
Шундан буён у йилларга
Қайтгим келади.
“Эй, гул! Сени севаман” деб
Айтгим келади.
Нима учун бу дунёдан
Кетганим йўқдир?
Ҳали гулни аниқ тасвир
Этганим йўқдир.
2009 йил 30 ноябр
* * *
Денгизнинг сўнгги бор.
Саҳролар тугайди.
Сен – сўнгсизсан, муҳаббат.
Қўлларингни бер,
Тафтида исинай.
О, баттар тирикман
оловингда ёнганим сайин.
Сени кезиб,чарчамайман,
Сенда сузиб, чўкмайман.
Сенда учиб,
юксалганим сайин юксалган.
Кўзларинг – тиниқ осмон…
О, нақадар бесарҳад дунёсан!
О, нафас нафасга туташди!
Тириклик – лабларимиз орасидадир,
муҳаббат.
* * *
Орамизга ёмонлар тушди,
Кўнглимизга туманлар тушди,
Кузлар тушди, хазонлар тушди…
Ёруғликда ўсган бахт қуши
Туманларда адашиб учди.
Йўқ, тақдирга ҳижрон кўниммас,
“Кечир” демоқ, ахир, ўлиммас,
Бу кузлардан кечайин десам,
Кўнглим туман. Кўнглим кўринмас.
2009 йил 1 декабр
* * *
Биздан олдин ҳам
одамлар яшаганми?
Биз каби яшаганми улар?
Ўлимни ҳам ўшалар
ўйлаб топганми?
Барака топгурлар…
2009 йил 2 декабр
* * *
Қайда хазон салтанат?
Қор забт этди дунёни.
Руҳ – бетоқат ҳарорат.
Қиш – музлаган малоҳат –
Жим ёндирди ёнғини.
Бу мастона оқ сурур
Айлантирди бошимни.
Орзулар қайтди махмур…
Умр… Олтмиш ёшли умр
Тиёлмади ёшини.
Нафислашди яна дил –
Қордай енгил, қордай оқ…
Келгил, навбаҳор! Келгил!
Эриб кетгим келмоқда.
Сенинг бағрингда бу чоқ.
2010 йил 4 февраль
Усмон Азим 1950 йил 13 августда Сурхондарё вилояти, Бойсун туманида таваллуд топган. Ўзбекистон халқ шоири (2000). ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1972). Илк китоби — «Инсонни тушуниш» (1979). «Ҳолат» (1979), «Оқибат» (1980), «Кўзгу» (1983), «Сурат парчалари» (1985), «Дарс» (1985), «Иккинчи апрель» (1987), «Бахшиёна» (1989), «Ғаройиб аждарҳо» (1990), «Уйғониш азоби» (1991), «Ғусса» (1994), «Узун тун» (1994), «Сайланма» (1995), «Куз» (2001) каби шеърий ва «Жоду» (2003) насрий тўпламлари нашр этилган. Драмалар ҳам ёзган («Бир қадам йўл». 1997; «Алпомишнинг қайтиши», 1998 ва бошқа). «Алишер Навоий» киноқиссаси (1990), «Алпомиш» кинодостони (1997), «Севги» (1998, шу номли ҳикоя асосида) ва 2 серияли «Алпомиш» (2000) фильмларининг сценарийсига муаллифлик қилган. Поль Элюар, Ояр Вациетис, Фозил Ҳусни Доғларжа, Андрей Вознесенский, Юстинас Марцинкявичюс ва бошқа шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Грузиянинг Маяковский номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган (1982). «Дўстлик» ордени соҳиби (1998).
Usmon Azim 1950 yil 13 avgustda Surxondaryo viloyati, Boysun tumanida tavallud topgan. O’zbekiston xalq shoiri (2000). ToshDUning jurnalistika fakul`tetini tugatgan (1972). Ilk kitobi — «Insonni tushunish» (1979). «Holat» (1979), «Oqibat» (1980), «Ko’zgu» (1983), «Surat parchalari» (1985), «Dars» (1985), «Ikkinchi aprel» (1987), «Baxshiyona» (1989), «G’aroyib ajdarho» (1990), «Uyg’onish azobi» (1991), «G’ussa» (1994), «Uzun tun» (1994), «Saylanma» (1995), «Kuz» (2001) kabi she’riy va «Jodu» (2003) nasriy to’plamlari nashr etilgan. Dramalar ham yozgan («Bir qadam yo’l». 1997; «Alpomishning qaytishi», 1998 va boshqa). «Alisher Navoiy» kinoqissasi (1990), «Alpomish» kinodostoni (1997), «Sevgi» (1998, shu nomli hikoya asosida) va 2 seriyali «Alpomish» (2000) fil`mlarining stsenariysiga mualliflik qilgan. Pol` Elyuar, Oyar Vatsietis, Fozil Husni Dog’larja, Andrey Voznesenskiy, Yustinas Martsinkyavichyus va boshqa shoirlarning asarlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. Gruziyaning Mayakovskiy nomidagi Davlat mukofotiga sazovor bo’lgan (1982). «Do’stlik» ordeni sohibi (1998).
УСМОН АЗИМ
ЭСКИ ВА ЯНГИ ДАФТАРДАН
JONINGIZ QAYDA?
Ishqning osmonida oyga qo’shilib,
Aylangan boshingga bulutlar qaytar.
Mening quchog’imda kuyday eshilib,
Asta shivirlaysan:
-Joningiz qayda?
O’g’irlaysan barcha kalitlarimni,
Sandiqlar ochilar-senga sir aytar.
Izlaysan Qo’ng’irot, Yovmudlarimni,
Horib shivirlaysan:
-Joningiz qayda?
-Shumi?-qilichimni suvga tashlaysan.
-Balki bu?-qo’lingni cho’zasan yoyga.
So’ngra yig’lab-yig’lab so’roq boshlaysan:
-Bir marta ayting-chi,
Joningiz qayda?
O’zingni qadringni suvga otasan,
Mening izzatimni qotasan loyga.
Bolang o’lgan kabi fig’on tortasan:
-Hamon tirikmisiz-
Joningiz qayda?
Og’ular qo’shasan hamma oshimga,
Har qanday qasoslar tuyilar mayda.
Yalinib turasan yana qoshimda:
-Nega o’lmayapsiz?
Joningiz qayda?
Jonim senda deyman-aylanmas tilim,
Jonim sensan deyman-yuragim tonar…
Mening omonatim…Jonim! Sevgilim!
Endi seni qanday asrasam bo’lar?
* * *
Tong titraydi kech kuzakning quchog’ida,
Yulduzlarni o’chirmoqda gulgun shafaq.
Jonim, qalbim she’riyatning pichog’ida…
Zamin — tilsim, osmon — tilsim… she’r — beshafqat!
Men qiynaldim. Xayolimning qanotida
Dengizlarni ko’targancha tolib uchdim.
Yulduzlarni ko’p ko’rganman hayotimda,
Dengizdagi yulduzlarni keldi quchgim.
Ko’kka bokdim, o’t tutashdi jonim aro…
Qat-qat bulut qatlarida ne sir-asror!
Hayrat ichra o’ldirgusi meni samo,
Ona zamin, ucha qolay, qo’yib yubor!
Men yor dedim… Laylimi yo, Shirinmi yo!
Yoki endi tug’ilajak biror malak?
Mana men, deb ko’z oldimda bo’ldi paydo,
Mana men, deb she’rdan bokdi yakto yurak.
Yulduzlarni o’chirmoqda gulgun shafaq,
Tong titraydi kech kuzakning quchog’ida.
She’r yozilar… Qiynoq, seng’a bo’lsin sharaf,
Jonim, qalbim she’riyatning pichog’ida…
Hali butun ro’yi jahon she’r bo’lajak.
Faqat bekor bilib orom quchog’ini –
Bu dunyoni sirga ko’mib yashash kerak,
Qalbga sanchib she’riyatning pichog’ini!
* * *
Rashk, g’iybatning to’lqinlarida
Kema misol chayqaldi xonam.
Endi bizlar hech uchrashmaymiz…
Xayr!
Tong otadi,
Sen yo’q.
Kun botadi,
Sen yo’q.
Stolimda sen yozgan xatlar,
Devordagi suratdan ham sen
Mehr bilan boqib turibsan.
Derazadan ko’ringan osmon
Parchasiga shodmon boqardik,
Yulduzlari kulganida ham,
Ol shafaqqa to’lganida ham…
Xonam, o’zim, bu ulkan olam
Sendan qolgan g’amgin xotira.
Tong otadi,
Sen yo’q.
Kun botadi,
Sen yo’q.
Uzoqlarda bepoyon yo’lda
Yig’lab ketib bormoqdasan sen,
Oyoqlaring tagidagi yer
To’lqin otar monandi dengiz.
Oq chorlog’im, uchib charchading –
Yiqilasan daqiqadan so’ng,
Yiqilasan, to’lqinlar yutar…
Tong otadi,
Sen yo’q.
Kun botadi,
Sen yo’q.
Chidab bo’lmaydi.
Endi mendan ketdi ixtiyor!
Yuragimni qo’yib kaftimga
Shivirlayman besabr, takror:
Qiblanamom, yo’l ko’rsat menga!
* * *
Yolg’izlik ortimdan huvillab quvdi,
Toki yiqilguncha yugurdim betin…
Bir ayol tuflimning loyini yuvdi –
Unga sevaman deb aytmagan edim.
Qismat masxaralab bizni otgandi
Tanholik kechasin tor quchog’iga.
Bilmadim, qay mahal ayol uyg’ondi
Tufli yuvmoqlikning ishtiyoqida.
Asli masxaralash qismat matlabi,
Ammo hayrat ichra gangidi xiyol:
Quvonib (masalan, gul tergan kabi),
Tufli yuvar ekan tunda bir ayol.
Menga ko’zi tushib ayol qizardi,
Uyaldi — qo’llari tushdi shalvirab.
Endi u qarshimda yig’lab turardi,
Yomg’ir qo’ynidagi bargday qaltirab.
Qo’ymog’im shart edi bir jasur qadam, —
Qulab tanholikning g’arib arshidan.
Cho’chidim men — mehr ko’rmagan odam –
Sevgi tufli yuvib chiqsa qarshimdan.
Ketdim…
Yomg’irdayin o’tdimu ketdim,
Ming asr tanholik kechdi boshimdan.
Ming asr oralab qaytadan yetdim,
O’sha yolg’iz qolgan ayol qoshiga.
U menga baxt berdi osmonday ulkan,
Men-chi?..
Men qovrildim baxtning dog’ida…
Bedormanu nechun uyg’onolmayman
Tufli yuvmoqlikning ishtiyoqida.
* * *
Qurbon qushning patlari kabi
Ruhim — to’zg’in, yuragim — to’zg’in.
Qonli bazm qurmoqda, rabbim,
Vujudimda uyg’ongan quzg’un.
Dardlarimning sohili yo’kdir,
Shamoli yo’q, shakli yo’q — tuman.
Yuragimning bulbuli — surur
Uxlamoqda g’ofil uyquda.
Qurbon qushning patlari kabi
Yo’q bo’laman uchib, to’zg’inib…
Qalb tug’ilar yo’qlikdan, rabbim,
Nay qiladi qonli bo’g’zini…
* * *
Osmonga ham otgum tosh.
Gunohkor bo’lsa quyosh.
Gunohkor bo’lsa quyosh,
Qaytib tushmagaydir tosh.
Osmon ham bo’lib g’anim,
Qaytib tushsa — ne g’amim!
Bir tosh tushsa tushibdi
Tog’day boshimga manim.
BAXSHIYONA
Elbek baxshi bir kambag’alning to’yini gurillatib, necha kampir-qizlarning yuragini dirillatib, ovuliga qaytib ketayotgan edi, bir karvonga duch keldi.
Karvonning atrofida necha otliqlar chopishib kelishyapti, tuyalarni yetaklagan shotirlar qoqilib kelishyapti. Osmonga mushaklar otilgan, tuyalarga atlas kimxoblar yopilgan, yosh-yalanglar bo’za ichib bo’kirishgan, bir-biriga do’q urishgan, tuya ustidagi qizlar ularga lab burishgan, karvonboshining peshonasi tirishgan — oldinda kelyapti.
Elbek baxshi: «Huv, karvonboshi, yo’l bo’lsin?» — deb so’radi, karvonboshining oldini o’radi.
«Yo’ldan qoch, bachchag’ar, kelin olib ketayapmiz», — dedi karvonboshi.
Elbek baxshining qulog’iga yig’i tovushi urildi. Sezdi — uyi kuygan. Bu — Oytumanning tovushi. Shunda: «Ey, kambag’allik qursin! Orzum ochilmay so’ladigan bo’ldi, o’zim hasratda o’ladigan bo’ldim», deb bir so’z aytib turgan ekan:
Karvon ko’rdim, tuyalari bo’zlab borar,
Nortuyada mening yorim muzlab borar.
Menga bergan va’dalari esdan chiqib,
Ostonasi tillo yurtni izlab borar.
Peshonangning yozdig’idan ayrilma, yor,
Jonim chiqar — qo’shiq aytsam qayrilma, yor!
Oytuman yor ketib borar karvon bilan,
Og’rinma, dil, mard qoladi armon bilan.
Mol-dunyoning izmin tutib ketaversin,
Men qolayin yurak degan sarbon bilan.
Peshonangning yozdig’idan ayrilma, yor,
Jonim chiqar — qo’shiq aytsam qayrilma, yor!
Oytuman yor, tumandayin suzib ketding,
Yuragimning qal’asini buzib ketding.
Parchalansam — meni qo’shiq yig’ishtirar,
Sen qo’shiqsiz qokding, gulim — to’zib ketding.
Peshonangning yozdig’idan ayrilma, yor,
Jonim chiqar — qo’shiq aytsam qayrilma, yor!
Karvon yo’li ketgunicha qizg’aldoqzor,
Yig’lamagin, yig’lagandan dunyo bezor.
Kulib-kulib, quvnab-quvnab ketavergin,
G’amga o’zim xaridorman, o’zim bozor.
Peshonangning yozdig’idan ayrilma, yor,
Jonim chiqar — qo’shiq aytsam qayrilma, yor!
Qorli tog’dan naridadir o’zga diyor,
O’zga yurtda kelin bo’lib qolishing bor.
O’zga yurtda o’z yurtingni eslab turgin,
Menga emas, tuprog’ingga bo’l intizor.
Peshonangning yozdig’idan ayrilma, yor,
Jonim chiqar — qo’shiq aytsam qayrilma, yor!
Men-chi? Menga goh shodlik, goh alam to’lar,
Har satrimga kulgum to’lar, nolam to’lar.
Bu olam-ku, manim ko’nglim yarim etdi,
Yarmi bilan kuylasam ham, olam to’lar.
Peshonangning yozdig’idan ayrilma, yor,
Jonim chiqar — qo’shiq aytsam qayrilma, yor!
DEDAL VA IKAR
– Yuragim qo’ymadi, uch deb qo’ymadi,
Falakka intildim, ammo bu hayot
Yerga ko’maverib tanni, to’ymadi…
Baribir men qanot yasadim, qanot!..
Bolam! Sen ne uchun meni qiynaysan,
Sening ham joningdan o’tdimi turmush?
Uchish ham azobdir, axir… Bilmaysan!
Uchish – qismat osha – betin zo’riqish.
Qara! Menga qara! Ahvolimga boq!
Ammo sen so’zlaysan qandaydir tushdan!
Uchganning hamisha qismati chatoq,
Yerni–ku gapirma, falak ham dushman.
Garchi padaringman! Qilmagin taqlid,
Senga quriganmi jaydari taqdir –
Masalan, ermakka urishtirgin it,
Yoxud mayxonada uyushtir tadbir.
Yo’lingdan qaytmaysan! Turibman sezib!
Mana, bir juft qanot! Senga ham! Olgin!
Ikar!
Bolaginam!
Uchganing kezi
O’zni quyoshgamas – shamolga solgin!
Behuda yuksaklik esa toldirar!
Past uch! Dengiz uzra parvoz ham ko’rkam…
To’xta! Quyosh sori borma! Yondirar!
To’xta! Qanotlaring kuyadi, bolam!..
– Ota! Olov o’tdi suyagu etdan,
Azobdir jismimni quyosh yutishi…
Faqat qanday go’zal – falakka yetgan
Parvozning kul bo’lib, yerga tushishi.
– Hech kimni ayamas rivoj hududi!
Bizni yamladimi? Yo’qdir e’tiroz:
Kuyib tushayotgan, bolam, vujuding,
Ko’kda qolgan esa la’nati parvoz!
24. 10. 2006.
* * *
Juda xotirjamman bu kuz kunlari,
Sokin g’ussalarga yurak yo’liqqan.
“Oh”larsiz dardlarga yetgan munglarim –
Juda to’liqqanman, juda to’liqqan.
Xazonli suhbatda ketmayman yonib:
Shukr, Tangri kuzni uch oyga cho’zdi…
Menga ham, kuzga ham oqibat aniq:
Faqat anglamoqqa baxsh etdik o’zni.
Namiqqan bog’lardan tumanday ko’chib,
Bevazn boramiz – umr ruhga jam:
So’ngbarglar tushadi bandidan uchib,
Ammo xotirjammiz, juda xotirjam!
Mana, ustimizga jim-jit qo’ndi qish,
Besanoq kumushrang vujudi bilan…
Yaxshi ish boshladi, juda yaxshi ish –
Bahorni yaratmoq boshlandi bizdan!
Falakka intilmay, bedor toqatda,
Yerga qorishmoqdan topib chin ma’ni –
Cho’kib borayapmiz faqat tuproqqa,
Ildizga, ildizga yetib borgani…
17.11. 2009
* * *
Chaqaloq zaminni kechaga o’rab,
Belanchak shamolda tebratadi kuz.
To’zg’in xazonrezning ko’nglini so’rab,
Cheksiz kuzaklikning rasmiga ko’ra –
Falakda mo’ltirar millionlab yulduz.
Ey, sen! Kechalarda sarson kezdirgan,
Kuzimni yuz etgan, ming etgan navo –
Menga jafo etib, mendan bezdirgan
Dard! Tangri qudratin ayon sezdirgan
Bu shoming boshimdan yog’dirar safo!
Kuzligim muborak o’zimga! Yondi
Etu suyagimning har bir zarrasi!
Kullarim sovrildi, faqat ruh qoldi,
Uzun bu umrimdan uzun “uh” qoldi –
Qaynagan ongimning pinhon na’rasi.
Kuz aro boraman. Taqdir dastida
Hayotu o’limga bosh egmish yurak.
Yomon o’tmaganday umrim aslida:
Yarashib yashadim yerning ustida,
Yerning tagiga ham yarashsam kerak.
30. 11. 2009
YASHASH
Olov edim – o’chdim,
Yulduz edim – uchdim;
Ko’k edim – yer bo’ldim,
So’z edim – she’r bo’ldim;
Tog’ edim – qumman, qum:
Har zarram mungdir, mung;
Qiynoqlar to’foni – jonimda,
Zamonlar aldog’i – ongimda.
“Voh, jonim!..“
demoqqa haqliman –
Negadir baxtliman, baxtliman!
* * *
Bahor to’la gullar edi…
Bir gulni suydim.
Gul “uz, dedi, meni”, oshkor –
Uzmadim-qo’ydim.
Qovjiratdi gul jismini
Hijronning yozi.
Shundan buyon she’r yozaman –
Aqldan ozib…
Shundan buyon u yillarga
Qaytgim keladi.
“Ey, gul! Seni sevaman” deb
Aytgim keladi.
Nima uchun bu dunyodan
Ketganim yo’qdir?
Hali gulni aniq tasvir
Etganim yo’qdir.
2009 yil 30 noyabr
* * *
Dengizning so’nggi bor.
Sahrolar tugaydi.
Sen – so’ngsizsan, muhabbat.
Qo’llaringni ber,
Taftida isinay.
O, battar tirikman
olovingda yonganim sayin.
Seni kezib,charchamayman,
Senda suzib, cho’kmayman.
Senda uchib,
yuksalganim sayin yuksalgan.
Ko’zlaring – tiniq osmon…
O, naqadar besarhad dunyosan!
O, nafas nafasga tutashdi!
Tiriklik – lablarimiz orasidadir,
muhabbat.
* * *
Oramizga yomonlar tushdi,
Ko’nglimizga tumanlar tushdi,
Kuzlar tushdi, xazonlar tushdi…
Yorug’likda o’sgan baxt qushi
Tumanlarda adashib uchdi.
Yo’q, taqdirga hijron ko’nimmas,
“Kechir” demoq, axir, o’limmas,
Bu kuzlardan kechayin desam,
Ko’nglim tuman. Ko’nglim ko’rinmas.
2009 yil 1 dekabr
* * *
Bizdan oldin ham
odamlar yashaganmi?
Biz kabi yashaganmi ular?
O’limni ham o’shalar
o’ylab topganmi?
Baraka topgurlar…
2009 yil 2 dekabr
* * *
Qayda xazon saltanat?
Qor zabt etdi dunyoni.
Ruh – betoqat harorat.
Qish – muzlagan malohat –
Jim yondirdi yong’ini.
Bu mastona oq surur
Aylantirdi boshimni.
Orzular qaytdi maxmur…
Umr… Oltmish yoshli umr
Tiyolmadi yoshini.
Nafislashdi yana dil –
Qorday yengil, qorday oq…
Kelgil, navbahor! Kelgil!
Erib ketgim kelmoqda.
Sening bag’ringda bu choq.
2010 yil 4 fevral