Aziz Abdurazzoq. Men hayotni sevganim kabi…

033
   Азиз Абдураззоқнинг «Дўстларим» деб номланган биринчи китоби 1959 йилда чиққан. Шундан кейин унинг «Яна баҳор», «Бодом гуллади», «Азиз одамлар», «Лирика», «Қалб нури», «Мингчинор» каби қатор шеърий тўпламлари ҳамда «Йўллар» поэмаси нашр этилди. Ижодкор асарларига хос жиҳат кўпроқ ҳолат ва манзараларни конкретлаштириш ҳамда предметлаштиришда кўринди.
Азиз Абдураззоқ болалар учун ҳам баракали ижод қилди. «Раҳмат, раҳмат», «Оҳ! Оҳ!! Оҳ!!!», «Аззамоннинг ҳикоялари», «Меҳмон келган кун», «Ёстиқдан чиққан эртаклар» сингари китоблари кичкинтойларнинг севимли китобларига айланди.
Азиз Абдураззоқ жаҳон ва қардош адабиётлар вакилларининг асарларини таржима қилиб ўзбек китобхонларига етказишдек хайрли ишга ҳам ҳисса қўшди. Бу борада америка шоири Генри Лонгфелло қаламига мансуб «Гайавата ҳақида қўшиқ» достонининг таржимаси алоҳида ажралиб туради.

09
АЗИЗ АБДУРАЗЗОҚ
МЕН ҲАЁТНИ СЕВГАНИМ КАБИ…
Шеърлар
08

ҲАЁТДАН ИЛТИМОС

Ҳаёт, мени қанча синадинг,
Роса чидадим.
Эзғиладинг, қанча қийнадинг,
Роса чидадим.
Бу ёғига қўйиб бер бир оз,
Ҳаёт, илтимос…

Фақат бир бор айтдим сенга роз,
Ҳаёт, илтимос…
Азоблардан ҳоридим охир,
Чидашим оғир…
Мен ҳам сендек қаридим охир,
Чидашим оғир…

ТОЛ СОЯСИДА

Саратонда, тол соясида
Салқинлаб қолдим.
Хаёлимда энг катта бахтга,
Яқинлаб қолдим.

Шундай онда,
Мендай ҳорғин йўлчи инсонга,
Толдан қалин дўст йўқ жаҳонда.

ХОТИРЖАМЛИК

Қўлларим,
Сизни фақат тўғри йўлга йўлладим.
Шукурким:
Тозасиз,
Яхлитсиз.
Сочларни,
Кифтларни
Силашга ҳақлисиз.

СЎНГГИ ДАМ ДАРДИ

Кетганингда йиғламасалар,
Келмабсан демак.
Лол этгувчи матал, масаллар
Айтмабсан демак.
Йиғлатмоқчи бўлсанг сўнгги дам,
Кулдириб юргин.
Ҳар гўшага бахш этиб байрам,
Тўлдириб юргин.

УМИДВОРЛИК

Умидворлик…
Умидворлик…
На йўқлик у
Ва на борлик…

Умид билан кутмокдасан:
На яқин, на узоқда сан.
Йўлга кетар вақт унчамас,
Ёниб-ўчар учкунчамас.

Аммо афсус…
Умидворлик вақтинчалик.
Чунки сени боғлаган ип:
Силлиқ қилиб,
Пишиқ қилиб,
Ёғланган ип
Ҳали-бери бўшай демас.
У бақувват,
Бўшанг эмас.
Шундандирким, вақтинчамас умидворлик…
На йўқлик у
Ва на борлик…

ТОҒДА ТУҒИЛГАН ДАРЁ

Мен — дарёман тоғда туғилган.
Ҳайқираман:
Йўллар бўғилган.
Йўлларимни тўсиб ётар
Бепарво тошлар.

Менинг йўлим бошлангандан
Бу беғам тошлар
Юрагимни сиқиб, қийнаб,
Вужудимда зўр ғавғо бошлар.

Тинмас ҳали:
Бу ғавғо ва бу ғалаёним.
Томиримда бор эканки,
Зиғирдай жоним,
Жанг қиламан тошлар билан,
Ўша ҳиссиз,
Дардсизлар билан.

Афсус… улар жуда ҳам кўп.
Йўлларимда ётар тўп-тўп.
Мен-чи, тинмай
Ҳайқираман.
Жанг қиламан,
Жанг қиламан
Тошлар билан.

КАДАР

Ватанки, бу инсонларнинг уйидир,
Улар, гўзалим, ватанга душман.
Нозим ҲИКМАТ

Мен ҳаётни севганим каби,
Ўлимни ҳам севдим бир қадар.
Севдим ҳар сафар,
Кутдим ҳар сафар,
Эзганда кадар.

Ёр бўлса ҳам тез-тез зафар
Ва гоҳ-гоҳ кадар,
Барибир мен ўйлагайман
Ўлимни бот-бот,
Балки ҳали ўлмагайман,
Лекин асло демасман: «Ҳеч ўлмагайман!»

Ер юзида меҳмонмиз, ахир!
«Ўлмайман», — деб ўйлагувчилар,
Ўз кўнглида ўлмагувчилар:
Обрў талашар,
Талашар унвон,
Мерос талашар,
Талашар маҳр.

Дерлар: барча матоҳ бўлса чексиз, беадад
Ва барчаси улар учун бўлса пойидор.
Улар — душман.
Улар — душман Ватанга ҳам,
Ватандаги барча-барча инсонга ҳам.
Билмасларки,
Улар — душман ўз жонига ҳам.
Чунки, улар ҳаёт билан ўлим ҳам бор деб
Ўйлашмас зинҳор.

Ўйлашарки,
Давру даврон
Давом этар мангу, умрбод.
Мен улардан бўлгандан безор,
Ҳаммасига қўша-қўша тилайман мозор.
Шу боисдан мени бот-бот эзади кадар,
Шу боисдан мен ҳаётни севганим каби,
Ўлимни ҳам севдим бир қадар.

МАРҒИЛОННИ КЕЗМОҚДАМАН

Марғилонни кезиб чиқдим кўчама-кўча,
Кезиб чиқдим ҳатто тор-тор жин кўчаларни.
Кўриб ўтдим гавжум ҳамда жим гўшаларни,
Кўринмади Кумуш биби — келин аям,
Топилмади Отабек тоғам.

Йиллар ўтди…
Марғилонни кезмоқдаман кўчама-кўча,
Кезмоқдаман ҳатто тор-тор жин кўчаларни.
Кўрмоқдаман гавжум ҳамда жим гўшаларни,
Кўринар деб, Кумуш биби — келин аям,
Топилар деб, Отабек тоғам.

Йиллар ўтар…
Кексайганда ҳам,
Марғилонни кезажакман кўчама-кўча,
Кезажакман ҳатто тор-тор жин кўчаларни.
Кўражакман гавжум ҳамда жим гўшаларни,
Кўринар деб, Кумуш биби — келин аям,
Топилар деб, Отабек тоғам.
Кезажакман,
Излагайман,
Тополсам ҳам,
Тополмасам ҳам.

БАНДАЛАР

Мансабдордан чўчима, банда.
Гаплашавер дангал, бемалол,
Тўқсон йиллик, қадрдонлардай,
Чунки у ҳам сену мен мисол
Оддий, жўн банда.
Баъзан мужмал
Ва чучмал банда.

Зўрроғдиру
Лекин сен ўйлагандек
Буюкмас унча.
Унга куч берган, буюк этган,
Сени чўчитган,
Остидаги амал курсиси.
Ким бидади,
Балки у ҳам ҳозир дарз кетган.

ОҲ, ГУЛЛАР!..

Оҳ, гуллар, гуллар!..
Сиз гулчига инонасиз,
Қаршисида кулиб турасиз.
Ишонч билан,
Қувонч билан
Сиз чунонам тўлиб турасиз.
Соддалик ҳам шунча бўларми?
Оҳ, гуллар, гуллар!..

ЧОРРАҲАДА

Чорраҳада турибсан ҳайрон.
Тўрт томон йўл. Билмассан аммо:
Толе йўли қайси бир томон?
Хаёлингда бир зўр муаммо.

Муаммомас қай томон юрмоқ,
Бўлса ҳамки йўллар тору танг.
Муаммомас ва эмас жумбоқ,
Қиблага юр, толе истасанг.

ЁЛҒИЗ ДАРАХТ

Сўқмоқ тилган қир устида,
Азим дарахт турар ёлғиз.
Жилоланиб нур тусида,
Ўзича ўй сурар ёлғиз.
Алам чекар туриб чўлда,
Негаки, у —
Ёлғиз дарахт.

Бирок билмас,
Иссиқлаган чоғи йўлда,
Йўловчига ёлғизгина
У соябон, ёлғиз дарахт —
Азиз дарахт.

ЭСКИ ЧОПОНЛИК АЗИЗ

Инсонларга эски чопонда
Кўринсам ҳам кўримсиз, хунук,
Фақат Сенга ҳар бир замонда
Бўлиб қолай азиз ва суюк,
Меҳрибоним, Аллоҳим менинг,
Бошим узра паноҳим менинг.

Бундан ортиқ борми саодат?..
Ўзинг бандам, қулим де мени.
Сени севмоқ энг бахтли одат,
Тикан ичра гулим де мени.
Меҳрибоним, Аллоҳим менинг,
Бошим узра паноҳим менинг.

09
КУНЛАРДАН БИР КУНИ АЗИЗ АБДУРАЗЗОҚ
Шодмон ОТАБЕК.
08

Юбилярбоп совға

Шўро даврида Ёзувчилар уюшмаси раҳбарлари Азиз аканинг олтмиш йиллигини нишонлаш тараддудига тушадилар. Аммо Азиз ака камтарлик қилиб, юбилей тантаналарини ўтказишга розилик бермайди. Таклиф этилган унвону мукофотларни ҳам рад этади. Ҳайрон бўлган мутасаддилар ахийри сўрашади:
– Хўш, очиғини айтинг бўлмаса, сизга нима керак ўзи?
– Ўзингларга яхши маълум, кўп йиллардан буён сўққабошман, ёлғизлик жонимга тегди. Агар қўлинглардан келса, менга хотин олиб беринглар. Бўйдоқ юбилярга хотиндан ҳам зўр совға борми?

Бири боғдан, бири тоғдан

Азиз ака таниқли рассом Исфандиёр Ҳайдаровнинг устахонасига борса, у рафиқаси Дилбар билан эндигина саёҳатдан келиб турган экан.
– Қаёқдан келяпсиз, Азиз ака? – деб сўрабди Исфан¬диёр.
– Боғдан келяпман, Дўрмондан. Сизларчи?
– Биз тоғдан келяпмиз, Хумсондан.
– Ана шу-да аҳвол, – дебди Азиз ака ҳазиломуз. – Мен боғдан келсам, бошқалар тоғдан келади.

Йўлдош қурган иморат…

Шоир Йўлдош Эшбек Чорвоқдаги далаҳовлисига пахсадан омонатгина қилиб иморат қурган эди, у қору ёмғирда нураб, хароба ҳолига келиб қолибди.
Азиз ака бу нохуш манзарани ачинибгина кузатиб турганди, ёнидаги қўшниси уни гапга солибди.
– Азиз ака, қани энди шу манзарага қараб бир нима тўқивормайсизми?
– Бунга илҳом келмаяпти ука, аммо Олмахон Ҳайитова шу ерда бўлганда:
“Йўлдош қурган иморат вайрона бўлди найлайин?” деб ашула айтиб юборарди, – дебди Азиз ака.

08

044Азиз Абдураззоқ 1928 йили Тошкентда таваллуд топган. Москвадаги М. Горкий номидаги Адабиёт институтида ўқиган. Биринчи шеърий тўплами 1959 йили «Дўстларимга» номи билан чоп этилган. Шундан сўнг «Япа баҳор» (1961), «Мавж» (1965), «Бодом гуллади» (1965), «Лирика» (1970), «Азиз одамлар» (1975), «Шўх ёмғир» (1977), «Қалб нури» (1978) каби тўпламлари нашр этилди. «Қалб нури» тўпламига кирган кўпчилик шеърлар шоирнинг эллик йиллиги якуни сифатида сайланма тарзида эълон қилинган. Болалар учун ёзилган «Оҳ, қандай ширин» (1977), «Қиз ва лола» (1979), «Тап-тап элак» (1981) каби ўнлаб асарлари чоп бўлди. Унинг «Ёстиқдан чиққан эртаклар» (1988), «Боғда битган эртаклар» (1989), «Тўрт оғайни ботирлар» тўпламлари (1989) нашр бўлди.
У таржимон сифатида М. Лермонтов, Т. Шевченко ҳамда америкалик машҳур шоир Г. Лонгфелло асарларини ўзбекчалаштирган. Унинг асарлари ўнлаб ўзга тилларга ҳам ўгирилган. Азиз Абдураззоқ 2007 йили вафот этган.

Aziz Abdurazzoq 1928 yili Toshkentda tavallud topgan. Moskvadagi M. Gorkiy nomidagi Adabiyot institutida o’qigan. Birinchi she’riy to’plami 1959 yili «Do’stlarimga» nomi bilan chop etilgan. Shundan so’ng «Yapa bahor» (1961), «Mavj» (1965), «Bodom gulladi» (1965), «Lirika» (1970), «Aziz odamlar» (1975), «Sho’x yomg’ir» (1977), «Qalb nuri» (1978) kabi to’plamlari nashr etildi. «Qalb nuri» to’plamiga kirgan ko’pchilik she’rlar shoirning ellik yilligi yakuni sifatida saylanma tarzida e’lon qilingan. Bolalar uchun yozilgan «Oh, qanday shirin» (1977), «Qiz va lola» (1979), «Tap-tap elak» (1981) kabi o’nlab asarlari chop bo’ldi. Uning «Yostiqdan chiqqan ertaklar» (1988), «Bog’da bitgan ertaklar» (1989), «To’rt og’ayni botirlar» to’plamlari (1989) nashr bo’ldi.U tarjimon sifatida M. Lermontov, T. Shevchenko hamda amerikalik mashhur shoir G. Longfello asarlarini o’zbekchalashtirgan. Uning asarlari o’nlab o’zga tillarga ham o’girilgan. Aziz Abdurazzoq 2007 yili vafot etgan.

09
AZIZ ABDURAZZOQ
MEN HAYOTNI SEVGANIM KABI…
She’rlar
08

HAYOTDAN ILTIMOS

Hayot, meni qancha sinading,
Rosa chidadim.
Ezg’ilading, qancha qiynading,
Rosa chidadim.
Bu yog’iga qo’yib ber bir oz,
Hayot, iltimos…

Faqat bir bor aytdim senga roz,
Hayot, iltimos…
Azoblardan horidim oxir,
Chidashim og’ir…
Men ham sendek qaridim oxir,
Chidashim og’ir…

TOL SOYASIDA

Saratonda, tol soyasida
Salqinlab qoldim.
Xayolimda eng katta baxtga,
Yaqinlab qoldim.

Shunday onda,
Menday horg’in yo’lchi insonga,
Toldan qalin do’st yo’q jahonda.

XOTIRJAMLIK

Qo’llarim,
Sizni faqat to’g’ri yo’lga yo’lladim.
Shukurkim:
Tozasiz,
Yaxlitsiz.
Sochlarni,
Kiftlarni
Silashga haqlisiz.

SO’NGGI DAM DARDI

Ketganingda yig’lamasalar,
Kelmabsan demak.
Lol etguvchi matal, masallar
Aytmabsan demak.
Yig’latmoqchi bo’lsang so’nggi dam,
Kuldirib yurgin.
Har go’shaga baxsh etib bayram,
To’ldirib yurgin.

UMIDVORLIK

Umidvorlik…
Umidvorlik…
Na yo’qlik u
Va na borlik…

Umid bilan kutmokdasan:
Na yaqin, na uzoqda san.
Yo’lga ketar vaqt unchamas,
Yonib-o’char uchkunchamas.

Ammo afsus…
Umidvorlik vaqtinchalik.
Chunki seni bog’lagan ip:
Silliq qilib,
Pishiq qilib,
Yog’langan ip
Hali-beri bo’shay demas.
U baquvvat,
Bo’shang emas.
Shundandirkim, vaqtinchamas umidvorlik…
Na yo’qlik u
Va na borlik…

TOG’DA TUG’ILGAN DARYO

Men — daryoman tog’da tug’ilgan.
Hayqiraman:
Yo’llar bo’g’ilgan.
Yo’llarimni to’sib yotar
Beparvo toshlar.

Mening yo’lim boshlangandan
Bu beg’am toshlar
Yuragimni siqib, qiynab,
Vujudimda zo’r g’avg’o boshlar.

Tinmas hali:
Bu g’avg’o va bu g’alayonim.
Tomirimda bor ekanki,
Zig’irday jonim,
Jang qilaman toshlar bilan,
O’sha hissiz,
Dardsizlar bilan.

Afsus… ular juda ham ko’p.
Yo’llarimda yotar to’p-to’p.
Men-chi, tinmay
Hayqiraman.
Jang qilaman,
Jang qilaman
Toshlar bilan.

KADAR

Vatanki, bu insonlarning uyidir,
Ular, go’zalim, vatanga dushman.
Nozim HIKMAT

Men hayotni sevganim kabi,
O’limni ham sevdim bir qadar.
Sevdim har safar,
Kutdim har safar,
Ezganda kadar.

Yor bo’lsa ham tez-tez zafar
Va goh-goh kadar,
Baribir men o’ylagayman
O’limni bot-bot,
Balki hali o’lmagayman,
Lekin aslo demasman: «Hech o’lmagayman!»

Yer yuzida mehmonmiz, axir!
«O’lmayman», — deb o’ylaguvchilar,
O’z ko’nglida o’lmaguvchilar:
Obro’ talashar,
Talashar unvon,
Meros talashar,
Talashar mahr.

Derlar: barcha matoh bo’lsa cheksiz, beadad
Va barchasi ular uchun bo’lsa poyidor.
Ular — dushman.
Ular — dushman Vatanga ham,
Vatandagi barcha-barcha insonga ham.
Bilmaslarki,
Ular — dushman o’z joniga ham.
Chunki, ular hayot bilan o’lim ham bor deb
O’ylashmas zinhor.

O’ylasharki,
Davru davron
Davom etar mangu, umrbod.
Men ulardan bo’lgandan bezor,
Hammasiga qo’sha-qo’sha tilayman mozor.
Shu boisdan meni bot-bot ezadi kadar,
Shu boisdan men hayotni sevganim kabi,
O’limni ham sevdim bir qadar.

MARG’ILONNI KEZMOQDAMAN

Marg’ilonni kezib chiqdim ko’chama-ko’cha,
Kezib chiqdim hatto tor-tor jin ko’chalarni.
Ko’rib o’tdim gavjum hamda jim go’shalarni,
Ko’rinmadi Kumush bibi — kelin ayam,
Topilmadi Otabek tog’am.

Yillar o’tdi…
Marg’ilonni kezmoqdaman ko’chama-ko’cha,
Kezmoqdaman hatto tor-tor jin ko’chalarni.
Ko’rmoqdaman gavjum hamda jim go’shalarni,
Ko’rinar deb, Kumush bibi — kelin ayam,
Topilar deb, Otabek tog’am.

Yillar o’tar…
Keksayganda ham,
Marg’ilonni kezajakman ko’chama-ko’cha,
Kezajakman hatto tor-tor jin ko’chalarni.
Ko’rajakman gavjum hamda jim go’shalarni,
Ko’rinar deb, Kumush bibi — kelin ayam,
Topilar deb, Otabek tog’am.
Kezajakman,
Izlagayman,
Topolsam ham,
Topolmasam ham.

BANDALAR

Mansabdordan cho’chima, banda.
Gaplashaver dangal, bemalol,
To’qson yillik, qadrdonlarday,
Chunki u ham senu men misol
Oddiy, jo’n banda.
Ba’zan mujmal
Va chuchmal banda.

Zo’rrog’diru
Lekin sen o’ylagandek
Buyukmas uncha.
Unga kuch bergan, buyuk etgan,
Seni cho’chitgan,
Ostidagi amal kursisi.
Kim bidadi,
Balki u ham hozir darz ketgan.

OH, GULLAR!..

Oh, gullar, gullar!..
Siz gulchiga inonasiz,
Qarshisida kulib turasiz.
Ishonch bilan,
Quvonch bilan
Siz chunonam to’lib turasiz.
Soddalik ham shuncha bo’larmi?
Oh, gullar, gullar!..

CHORRAHADA

Chorrahada turibsan hayron.
To’rt tomon yo’l. Bilmassan ammo:
Tole yo’li qaysi bir tomon?
Xayolingda bir zo’r muammo.

Muammomas qay tomon yurmoq,
Bo’lsa hamki yo’llar toru tang.
Muammomas va emas jumboq,
Qiblaga yur, tole istasang.

YOLG’IZ DARAXT

So’qmoq tilgan qir ustida,
Azim daraxt turar yolg’iz.
Jilolanib nur tusida,
O’zicha o’y surar yolg’iz.
Alam chekar turib cho’lda,
Negaki, u —
Yolg’iz daraxt.

Birok bilmas,
Issiqlagan chog’i yo’lda,
Yo’lovchiga yolg’izgina
U soyabon, yolg’iz daraxt —
Aziz daraxt.

ESKI CHOPONLIK AZIZ

Insonlarga eski choponda
Ko’rinsam ham ko’rimsiz, xunuk,
Faqat Senga har bir zamonda
Bo’lib qolay aziz va suyuk,
Mehribonim, Allohim mening,
Boshim uzra panohim mening.

Bundan ortiq bormi saodat?..
O’zing bandam, qulim de meni.
Seni sevmoq eng baxtli odat,
Tikan ichra gulim de meni.
Mehribonim, Allohim mening,
Boshim uzra panohim mening.

09
KUNLARDAN BIR KUNI AZIZ ABDURAZZOQ
Shodmon OTABEK.
08

Yubilyarbop sovg’a

Sho’ro davrida Yozuvchilar uyushmasi rahbarlari Aziz akaning oltmish yilligini nishonlash taraddudiga tushadilar. Ammo Aziz aka kamtarlik qilib, yubiley tantanalarini o’tkazishga rozilik bermaydi. Taklif etilgan unvonu mukofotlarni ham rad etadi. Hayron bo’lgan mutasaddilar axiyri so’rashadi:
– Xo’sh, ochig’ini ayting bo’lmasa, sizga nima kerak o’zi?
– O’zinglarga yaxshi ma’lum, ko’p yillardan buyon so’qqaboshman, yolg’izlik jonimga tegdi. Agar qo’linglardan kelsa, menga xotin olib beringlar. Bo’ydoq yubilyarga xotindan ham zo’r sovg’a bormi?

Biri bog’dan, biri tog’dan

Aziz aka taniqli rassom Isfandiyor Haydarovning ustaxonasiga borsa, u rafiqasi Dilbar bilan endigina sayohatdan kelib turgan ekan.
– Qayoqdan kelyapsiz, Aziz aka? – deb so’rabdi Isfan¬diyor.
– Bog’dan kelyapman, Do’rmondan. Sizlarchi?
– Biz tog’dan kelyapmiz, Xumsondan.
– Ana shu-da ahvol, – debdi Aziz aka hazilomuz. – Men bog’dan kelsam, boshqalar tog’dan keladi.

Yo’ldosh qurgan imorat…

Shoir Yo’ldosh Eshbek Chorvoqdagi dalahovlisiga paxsadan omonatgina qilib imorat qurgan edi, u qoru yomg’irda nurab, xaroba holiga kelib qolibdi.Aziz aka bu noxush manzarani achinibgina kuzatib turgandi, yonidagi qo’shnisi uni gapga solibdi.
– Aziz aka, qani endi shu manzaraga qarab bir nima to’qivormaysizmi?
– Bunga ilhom kelmayapti uka, ammo Olmaxon Hayitova shu yerda bo’lganda:
“Yo’ldosh qurgan imorat vayrona bo’ldi naylayin?” deb ashula aytib yuborardi, – debdi Aziz aka.

011

(Tashriflar: umumiy 1 146, bugungi 1)

Izoh qoldiring