Baxtiyor Nuriddinov. Onaizor.

01
Ўғлидан хушхабар келди-да. Неча йиллар интиқ бўлиб кутганди бу дамларни. Кеча қўшниси Турсиной қоранинг боласи унинг жигарбандини учратанлигини, шу жума онасини кўришга боришини айтганини суюнчилаб кирди. Аввало уч кун олдин худо дилига солиб, тушида аён қилганди ҳам: тиниқ булутлар сузиб юрган мусаффо осмон қаъридан бир оппоқ кабутар учиб чиқиб елкасига қўнувди.

021
Бахтиёр Нуриддинов
ОНАИЗОР
Ҳикоя
03

04 Она учун бугун қувончли кун бўлди.
Ўғлидан хушхабар келди-да. Неча йиллар интиқ бўлиб кутганди бу дамларни. Кеча қўшниси Турсиной қоранинг боласи унинг жигарбандини учратанлигини, шу жума онасини кўришга боришини айтганини суюнчилаб кирди. Аввало уч кун олдин худо дилига солиб, тушида аён қилганди ҳам: тиниқ булутлар сузиб юрган мусаффо осмон қаъридан бир оппоқ кабутар учиб чиқиб елкасига қўнувди.

Билдики яхши хабар эшитади. Мана ўша хурсандчилик. Ён қўшниси олиб келди.
— Умридан барака топсин угина бола. Илойим ғам кўрмасин, — дерди қайта-қайта.

Қумри кампир ичига сиғмай тинимсиз дуо қиларди. Туни билан уйқуси қочди. Худди бугун жумадек тонг саҳарданоқ туриб куймаланди. Ўғлининг болалик пайтларидаги ширин қилиқларини эслади. Илк тетапоя бўлганида отаси қувончдан ўзини қўярга жой тополмай байрам қилишувди. Қўшни болаларга ширинликлар улашганди.

Ҳаммаси кечагидек кўз ўнгида турибди. Бахтиёр кунлар эди. Эртага қўзичоғи — жигаргўшаси келади. Қанақа бўлиб кетган экан. Ҳойнаҳой танимаса керак. Ўзгариб кетгани-ю аниқ. Янаям улғайиб, катта киши бўлиб қолгандир. Туғилганда бир парча гўшт эди. Набиралари-чи? Уларни олиб келармикин ё ўзи сўппайиб кириб келадими?..

Ҳалибери набираларининг ҳеч бирини кўрмаган. Эшитгандан бери ҳар турли саволлар тинчини бузди. Майли ўзини дийдорига тўйса бўлди.

* * *

Ниҳоят бугун чанг босиб ётган сандиқнинг қулфигаям калит солинди. Кампирнинг бор бисоти ана шу ерда эди. Озодининг чақалоқ кийимчалари ҳам ўша вақтда келинлик сандиғига жо бўлганди. Латта-путталар тагидан уларни топиб, искаланди. Худди ўзи. Ўғилчасининг иси келяпти. Мушки анбар-а?.. Анчагача кийимчаларни ҳидлаб, қайта-қайта термулди. Қиқир-қиқир кулгулари қулоқлари остида жаранглагандай бўлди. Охири зерикди шекилли бир кийимлик чит олиб, сандиқни ёпди.

Қуёш бош кўтармай тикувчи Мастура чўлоқнинг эшиклари тақиллади. У ҳайрон бўлди. Куни билан келди-кетди кўп бўларди-ку, аммо бундай каллаи саҳардан остона ҳатловчилар йўқ эди. Апил-тапил туриб дарбоза томон шошди.
— Ким у? – деб овоз берди кета туриб.
— Мен… мен Қумри холангман, — деди кампир вазмин оҳангда.
— Ҳозир юз-қўлимни чайволай, — деди яна у.

Қумри холанинг сабри чидамай ҳовлиқди.
— Ҳой Мастурахон эшикни оч!..
— Ҳозир, ҳозир. Мана кетяпман.

Йўлакда Мастура чўлоқнинг оқсоқланган оёқ олиши эшитилди.
— Келинг хола, — деди шошинқираб кўришиб. – Хуш келибсиз.
— Сенга иш олиб келдим. Мана шуни тикиб бермасанг бўлмайди.

У қўлидаги читни тикувчига тутқазди. Мастура лом-мим демай ичкарига бошлади. Айвонга кириб Қумри холанинг эгнини ўлчаб чиқди.
— Шу бугуннинг ўзида тикиб берасан! — деди қатъий.
— Бунча тез бўлмаса. Ҳали битмаган ишларим турувди.
— Сен билмайсан-да. Эртага ўғилгинам келяпти. Тушундингми?

Қумри холанинг узоқ йиллардан буён танҳо яшашини бутун қишлоқ биларди: ёлғизгина ўғли ҳарбий хизматга кетгану қайтмаган. Уйланиб олибди, деб эшитишарди. Хаста отаси кута-кута ўн беш йил деганда аъза очди. Тепаликдаги қабристондан гўр қаздириб қабр тиклатди. Элга ош бериб, худойи қилди. Шундан кейингина жони ором олиб, бу фоний дунёни тарк этди. Ўша-ўша Қумри хола ёлғиз яшайди. Лекин ноумид шайтон. Ўғлининг тириклигига ишонади: ҳали-ҳануз кутади.

Мастура индамади. Ҳаям, йўғам демади. Кампирнинг хурсандчилигини бузгиси келмади. Қумри хола унинг “Ўтиринг, чой-пой ичинг” дейишигаям кўнмади. Ҳар қанча қистовига қарамай шошиб чиқиб кетди.

* * *

Қумри холанинг қиладиган ишлари кўп эди. Уйига қайтибоқ бузоқчани эмизди. Бироз ивитиб олиб, сигирни соғди. Томорқага эккан кўк пиёз, турли хил кўкатлардан юлиб, боғлам-боғлам қилиб тугунга жойлади. Янги соғилган сутни кўтариб, бозорга ошиқди. Қумри хола мана шундай кун кечирарди. Уларни сотиб пулига у-бу олиб келар, шу билан рўзғорини тебратарди.

Пайшанба бозори гавжум эди. Ош кўклар бир зумда эгасини топди-ю, аммо сутнинг харидори чиқмади. Ҳозир ҳамманинг уйида сигир. Одамлар сут-қатиққа муҳтож эмас. Барибир бирон кимса чиқар, деб ўйлади. Бозорда одам сийраклашиб борарди.

Бир чеккада ғужанак бўлиб олган кампир:
— Сут. Янги соғилган сут. Ҳой ўғлим, манг олинг. Яп-янги, тонг саҳар ўзим соққанман-а, — деб харидор чорларди.

Улгуржи бозор тугади. Чаканачилар келиб жойларини эгаллаша бошлади. Энди сут оладиган кам бўлади. Оёқлари ҳам толиқди. Шундай бўлса ҳам бироз турди. Ҳеч ким сут сўрамади. Энди кетмоқчи бўлганда ортидан бировнинг:
— Онажон сутми? — деган товуши эшитилди. Қумри хола суюниб кетди.
— Ҳа-ҳа. Янгигина.
— Растага олиб киринг энди, — деди хотиржам паттачи.

Тарвузи қўлтиғидан тушган кампир уйга қайтди. Кела солиб сутни қайнатди. Бироз совутди-да, оқлик солиб, қатиқ ивитиб қўйди. Инқиллаб юриб уйларни тозалади. Чангларни артди. Супур-сидир қилди. Ҳаммаёқни саранжом-саришталади. Кечга яқин тикувчи Мастура чўлоқ қизидан битган кўйлагини бериб юборибди. Кийиб кўрди. Қолипга солгандек ярашиб тушди. Қўли дард кўрмасин, деб қизга ҳақ берганди, олмади. Чевар қизи тушмагурни қаттиқ тайинлаб жўнатган экан. “Аям хафа бўлади” деб туриб олди. Шундай бўлса-да ҳовлининг этагидаги зарғалдоқ шафтолидан бир сатил териб ўтди. Олишга кўнмаганди, мен ҳам хафа бўламан, деб оёқ тиради.

Қиз кетгач кўйлагини такрор-такрор кўздан кечирди. Бичимларини текшириб кўрди. Кўнгли жойига тушиб, яна дуо қилди. “Ўзи чўлоқ бўлса ҳам қўли гул унинг, — дея хаёлидан ўтказди. — Одамнинг ўлчами билан бирга дилини ҳам топади. Болаларига бош бўлиб юрсин илойим”.

* * *

Шу бугун амаллаб кунни кечкиртирди. Ўзининг қилган ишларидан ҳавасланди. Туни билан мижжа қоқмай чиқди. Эртанги дийдорни ўйлади. Ўғлининг олдида кўз ёши қилмайман, деб ўзига ўзи сўз берди. Яна ким билади. Эплай олармикин буни. Ярим тунда қаттиқ шамол турди. Дарахтларнинг шохлари синиб кетгудек бўлиб тебранди. Ўчоқ бошида идиш-товоқларнинг жаранги эшитилди. Ташқарида кимдир юрганга ўхшади. Чиқиб қарашга қўрқди. Тарақа-туруқ тинмади.

Ёлғизнинг ёри худо, деб дадил бориб эшикни тирқишидан қаради. Ҳеч ким кўринмади. Аввалдан тайёрлаб қўйган бешликни қўлига олиб, ташқарига чиқди.
— Ким у!? – деди қалтироқ овозда. – Ўғримисан? Сенга нима керак? Бор бисотим ўлимлигим холос менинг. Шундан бошқа ҳеч вақоим йўқ. Қорнинг оч бўлса…

Кампирнинг ёдига нимадир тушиб, шошиб қолди. Қўрқувдан асар ҳам қолмаганди. Эси қурсин бугун бозордан олган бир парча этини қозон бошига қўйган эди-ку! Жон жаҳди билан олдинга ташланганди, ўчоқ ортидан бир қора ит югургилаб — девор оша қўшнининг ҳовлисига ўтиб кетди.
— Туф-туф. Юрагимни чиқараёзди-я, – деди пичирлаб. – Хайрият тегинмапти.

Ит пастдаги кул тоғорани искаб, йиқитворган экан тўғрилаб қўйди. Гўштни олиб, илмоққа илди. Эртага ўғлининг келишига қулинг ўргилсин қовурма ош қилади. Раҳматли эри шунақасини яхши кўрарди.

* * *

Эрта тонгдан қўшни хотинлар хабар олгани киришди. Анчагача у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришди. Ўғлини мақташди. Сийрати раҳматли отасига тортганлигини айтиб — ялтоқланишди. Бири қўйиб, бири тоза оғзини кўпиртиришди. Кампир бу гапларнинг бариси таскин учун эканлигини жуда яхши биларди. Уларнинг мақтовлари юрагига игнадек санчилаётганлигини улар тушунишмасди…

Ёки атай қилишаётганга ўхшарди назарида. Шартта туриб қувиб солгиси келди. Айниқса Сайёранинг гапи ёқинқирамади. Нима эмиш, ўғлини ўзи куёв қилмоқчи бўлганмиш. Ордона қолсин-а. Унинг гапларидан қошлари чимирилди. Энди безовталана бошлаганди, қўшнилар туришди. Турсиной қора ўғлига нимча тикиб чиқибди.
— Озодбек бизнинг ҳам ўғлимиз, — деди у. – Бу ерни совуғи билдирмай белдан уради. Келганда кийиб олсин.
— Мен ҳам дўппи тиккандим. Озодингизга насиб қилибди. Ҳар қалай яланг бош юрса бўлмас. Қишлоқ жой. Униси-буниси гапиришмасин тағин, — деди рўпара қўшниси Сайёра ҳам.

Одамнинг юзи исссиқ-да.
— Барака топинглар, барака топинглар! — деди иложсиз кузата туриб, тил учида.

Улар чиқиб кетишди. Яна ёлғиз қолди. Куни билан ғимирлаб дунёнинг ишини қилди. Пешин бўлдиямки ўғли келмади. Ошнинг масаллиқларини тўрғаштириб, тайёрлаб қўйди. Кутди. Ўтириб узоқ гуручнинг тошини териб, овунди. Уст бошларини алмаштириб, янги тикдирган кўйлагини кийиб олди. Пича пардоз-андоз қилган бўлди. Ойнага қараб ўкинди. Ажинлар ўргимчак тўридек томир ёйипти. Ҳаммаси вақт қурғурнинг найранги. Кутмаганинг — кўзингга кўринади. “Энди буёғига ёшарармидим” дея ўзига далда берди. Ўғлидан бўлса ҳамон дарак йўқ эди. Тиқ этса дарбозахонага кўз югуртирди. Кўнглига қил сиғмасди.

Кечга яқин ўчоққа ўтин қалаб, олов ёқди. Ёғни доғлаб, ошнинг зирвогини қилди. Кўнглидан ҳар не ўйлар кечди. Йўли бехатар бўлсин, деб қайта-қайта Яратгандан сўради. Бироқ… остона босиб бирон кимса кириб келмади уйига. Яна қоронғу туша бошлади. Ҳовлига одатдагидек ёлғиз сукунат бостириб кирди. Ҳар кундаги каби унинг ҳукмронлиги бошланди. Худди тушунгандек қурбақалар ҳам сайрашмади. Чигирткалар чириллашмадиям. Ҳақиқий сукунат эди. Уни бузишга бирон жонзотнинг ҳадди сиғмасди. Бу оғзини ланг очиб, одамни ютворишга шай турган аждарҳога ўхшарди. Фақат кутарди, пайт пойларди, холос.
Лекин у эртакдагидек ҳеч қачон келмасди.

* * *

…Бу сукунатни онанинг ноласигина бузишга қодир эди. Шундай ҳам бўлди. Қумри хола тун ярмигача ўғлини кутиб ўтирди. Умидини узмади. Охири она қўлларининг зарбини соғинган, девор илгагида чанг босиб ётган чилдирма жонланди. У ошни пишириб, човгумнинг сувини биқирлатиб қайнатаётган, ўчоғ оғзидаги ўчиб бораётган чўғда обдон қизиди. Терилари таранглашган чоғ, Қумри холанинг юраги олдига борди ва чапандозча* товуш берди: бак бум, бум бак бум…

Чилдирма садолари онанинг эзилган юрагига малҳам бўла бошлади. Анчагача шу тахлит товуш такрорланиб турди. Сўнг дилдаги қийноқ тилга қайнаб чиқа бошлади. Улар ҳазин нолалар орқали сўзга айланди. Қумри хола дард билан куйлай бошлади. Қўшнилар тиқ этса йўқловга киришмоқчи эди. Охири кута-кута уйқуга кетишганди. Чилдирма садоларини эшитиб ҳаммалари уйғонишди. Қумри холанинг гап-гаштакларда ялла қилиб туришини билишарди. Бошқа пайт қўлига чилдирма ушламасди ҳам.

Бу тун ҳеч ким мижжа қоқмади. Онанинг овози тонгга қадар тинмади. Қўшниларнинг эса биронтасини туриб чиқишга юраги бетламади. Қумри холанинг нолаларига қулоқ тутиб ётаверишди. Лекин қўшиқ сўзларини англаб олиш маҳол эди. Ора-орадагина “Болам-а…”, “Келмадинг-ку!”, “Кутаа…аман” деган дардли сўзлар аниқ эшитиларди, холос.

Турсиной қора қоронғида пайпасланиб, ун қорадиган сурпанинг орасидан узун ўқловни топди. Пишиллаб ухлаб ётган ўғлини устига бостириб кириб:
— Сен ер юткурга қачон ақл киради! Одамларни тинчини бузган ҳайвоннинг қорни ёрилса бўлмасмиди, — дея савалаб кетди. Турсиной қоранинг важоҳати ёмон эди. Ўғли уйқусираб калтак зарбини ҳам сезмади.

Вазиятга тушунмай:
— Нима қилдим, — деб илтижо қилди.
— Бировнинг боласини учратмай ҳар бало бўлгур! Мана шу кўрган кўзларинг оқиб тушсин сен итни, — деб яна сўкди.

Доира садолари авжига минди. Гап нимадалигига ақли бовар қилмай талмовсираб турган Турсиной қоранинг ўғли калтаклар зарбини эндигина англаганди. Чилдирма овози аниқроқ эшитила бошлади.
Бак бум…мм, бум бак бум…мм.

Ва ниҳоят Турсиной қоранинг ўғли ўзи сабаб бўлган айбини тушунгандек бўлди. Тунов кунги хабари Қумри холанинг уйига хурсандчилик эмас, мотам олиб келганди.

* * *

Бу куниси ҳамма ўзи билан овора бўлди. Ҳатто бир-бирларидан “Нима гап?”, деб сўрашга ботинишолмади. Қумри холаникига чиқишга бўлса, ҳеч кимнинг юраги дов бермасди. Пешинга яқин Турсиной қора бир коса мастава қуйиб, хабар олгани ўғлини киритди.

“Ён қўшни — жон қўшни-да барибир. Бир гап бўлса югургилаб чиқиб келади. Яна иссиқлик ҳам кўтариб киришади”, деб хаёлидан ўтказди Қумри хола.
— Бироз мазам қочди, — деди кўзлари мўлтиллаб косага қўл узатаркан.
— Яхши бўп кетасиз. Шуни иссиғида ичиб оларкансиз, — деди қўшни бола ҳам ерда пардаси ёрилиб ётган чилдирмага кўз тикиб.
— Қўлимдан тушиб кетди.

Қумри хола шошқатор қуйилиб келаётган кўз ёшларини енгининг учига артди.
— Қовурғаси бутун, тузатса бўлади. Уста Умар бирпасда зўр қилиб юрак парда қоплаб беради, — деди қўшни бола ҳам айбдорларча кўзларини яшириб.
— Менга кўпам ачинма, — деди Қумри хола хаста тувушда.

Бу гап боланинг қулоқларига “Ҳамма ёлғонларингни биламан”, дегандек эшитилиб кетди. У ҳар шаҳардан қайтганда Қумри хола ўғлини сўрарди. Кўрган-кўрмаганини суриштирарди. Ўқишга қайтар маҳали қўярда-қўймай у-бу егуликлар бериб юборарди. “Учратиб қолсанг бирга ерсизлар”, дерди. Қанийди шундай бўлса-ю, у ҳам кампирнинг мунгли қарашларидан қутулса. Охири шу ёлғонни тўқишга мажбур бўлди. Зора ёлғони ростга айланса, деб ўйлаганди. Қаёқда. Ҳаммаси чаппасига кетди. Энди умуман алдамайди. Бўйнига қилич келса ҳам бу ишни қилмайди.
— Сендан бир ўтинчим бор, — деди Қумри хола суюқ ошни ичаркан. Айтмоқчи бўлган гапини йўқотиб қўйдими, бироз каловланди. Сўнг:
— Дийдор қиёматга қолса, Озоджонимга отаси билан мени қаерда ётганимни кўрсат. Ундан рози бўлганмизни ҳам айт. Одамларнинг гапларига ишонмасин, — деди.

Энди Қумри хола умидини бутунлай узган эди. Тўғрида. Кута-кута кўзлари тўрт бўлди-ку. Аслидаю эр-хотин икков озод юрсин деб ўзлари исм қўйишганди. Ўшанда эркинлик пардасидан кафан бичишганини қаёқдан билишибди. Бу ёғига худо пошшо. Пешонасига битилгани шу экан. Азалда не ёзилган бўлса ҳаётда ўшани кўрди. Тақдирга тан бермай иложи йўқ.

Турсиной қоранинг ўғли атрофга аланг-жаланг боқди. Туриб чиқиб кетишга важ қидирарди.
— Ҳой Аҳмад. Ҳа жувонмарг-а! Бунча қолиб кетдинг мўлтонига ўхшаб, — деб чақирди онаси.
У баҳона топилганидан қувониб кетди. Тура солиб ўзини кўчага урди. Йўлда: “Одамлар! Мен онамни яхши кўраман”, деди пичирлаб.

Бошқа гап юракка сиғмасди. Уч кун шу тахлит ўтди. Қўни-қўшнилар бири қўйиб, бири хабар олиб туришди. Боласини кутиб дамланган ош қозонда ачиди. Унинг ҳузурини қўшнисининг кўппаги кўрди.

Қумри хола кутишни унутиб энди оёққа турганда беш яшар болани етаклаб ўғли кириб келди. Неварасини кўриб меҳри жўшиб кетди. Ҳа-ҳа. Эндигина сўниб бораётган умид учқунлари қайтатдан аланга олди. Яна оналик меҳри уйғонди. Ахир жигарининг жигариям жигари-ку!..

Она набирасини қучиб эркалади. Шу пайт дарвозахонада ёшгина бир аёл кўринди. Неварасининг унга қараб талпинганидан келини эканлигини билди. Жигаргўшасини бағридан юлиб олган бу жувонни ич-ичидан ёмон кўриб юрарди. Лекин ўзи ўйлагандек эмас экан. Қанақадир кўзлари кулиб, одамни эритворарди. Беихтиёр ўғлига қаради. Юзларидан самимият барқ уриб турарди. Калласига келган, руҳини тинчлантирган ёмон ўйларни эслаб ўзини ич-ичидан койиди. Нима қилсин!?.. Ахир Яратгандан шу дийдорни сўрамаганмиди?..

* доира усули

2013-2014 йил апрель

021
Baxtiyor Nuriddinov
ONAIZOR
Hikoya
03

04   Ona uchun bugun quvonchli kun bo’ldi.
O’g’lidan xushxabar keldi-da. Necha yillar intiq bo’lib kutgandi bu damlarni. Kecha qo’shnisi Tursinoy qoraning bolasi uning jigarbandini uchratanligini, shu juma onasini ko’rishga borishini aytganini suyunchilab kirdi. Avvalo uch kun oldin xudo diliga solib, tushida ayon qilgandi ham: tiniq bulutlar suzib yurgan musaffo osmon qa’ridan bir oppoq kabutar uchib chiqib yelkasiga qo’nuvdi.

Bildiki yaxshi xabar eshitadi. Mana o’sha xursandchilik. Yon qo’shnisi olib keldi.
— Umridan baraka topsin ugina bola. Iloyim g’am ko’rmasin, — derdi qayta-qayta.

Qumri kampir ichiga sig’may tinimsiz duo qilardi. Tuni bilan uyqusi qochdi. Xuddi bugun jumadek tong sahardanoq turib kuymalandi. O’g’lining bolalik paytlaridagi shirin qiliqlarini esladi. Ilk tetapoya bo’lganida otasi quvonchdan o’zini qo’yarga joy topolmay bayram qilishuvdi. Qo’shni bolalarga shirinliklar ulashgandi.

Hammasi kechagidek ko’z o’ngida turibdi. Baxtiyor kunlar edi. Ertaga qo’zichog’i — jigargo’shasi keladi. Qanaqa bo’lib ketgan ekan. Hoynahoy tanimasa kerak. O’zgarib ketgani-yu aniq. Yanayam ulg’ayib, katta kishi bo’lib qolgandir. Tug’ilganda bir parcha go’sht edi. Nabiralari-chi? Ularni olib kelarmikin yo o’zi so’ppayib kirib keladimi?..

Haliberi nabiralarining hech birini ko’rmagan. Eshitgandan beri har turli savollar tinchini buzdi. Mayli o’zini diydoriga to’ysa bo’ldi.

* * *

Nihoyat bugun chang bosib yotgan sandiqning qulfigayam kalit solindi. Kampirning bor bisoti ana shu yerda edi. Ozodining chaqaloq kiyimchalari ham o’sha
vaqtda kelinlik sandig’iga jo bo’lgandi. Latta-puttalar tagidan ularni topib, iskalandi. Xuddi o’zi. O’g’ilchasining isi kelyapti. Mushki anbar-a?.. Anchagacha kiyimchalarni hidlab, qayta-qayta termuldi. Qiqir-qiqir kulgulari quloqlari ostida jaranglaganday bo’ldi. Oxiri zerikdi shekilli bir kiyimlik chit olib, sandiqni yopdi.

Quyosh bosh ko’tarmay tikuvchi Mastura cho’loqning eshiklari taqilladi. U hayron bo’ldi. Kuni bilan keldi-ketdi ko’p bo’lardi-ku, ammo bunday kallai sahardan ostona hatlovchilar yo’q edi. Apil-tapil turib darboza tomon shoshdi.
— Kim u? – deb ovoz berdi keta turib.
— Men… men Qumri xolangman, — dedi kampir vazmin ohangda.
— Hozir yuz-qo’limni chayvolay, — dedi yana u.

Qumri xolaning sabri chidamay hovliqdi.
— Hoy Masturaxon eshikni och!..
— Hozir, hozir. Mana ketyapman.

Yo’lakda Mastura cho’loqning oqsoqlangan oyoq olishi eshitildi.
— Keling xola, — dedi shoshinqirab ko’rishib. – Xush kelibsiz.
— Senga ish olib keldim. Mana shuni tikib bermasang bo’lmaydi.

U qo’lidagi chitni tikuvchiga tutqazdi. Mastura lom-mim demay ichkariga boshladi. Ayvonga kirib Qumri xolaning egnini o’lchab chiqdi.
— Shu bugunning o’zida tikib berasan! — dedi qat’iy.
— Buncha tez bo’lmasa. Hali bitmagan ishlarim turuvdi.
— Sen bilmaysan-da. Ertaga o’g’ilginam kelyapti. Tushundingmi?

Qumri xolaning uzoq yillardan buyon tanho yashashini butun qishloq bilardi: yolg’izgina o’g’li harbiy xizmatga ketganu qaytmagan. Uylanib olibdi, deb eshitishardi. Xasta otasi kuta-kuta o’n besh yil deganda a’za ochdi. Tepalikdagi qabristondan go’r qazdirib qabr tiklatdi. Elga osh berib, xudoyi qildi. Shundan keyingina joni orom olib, bu foniy dunyoni tark etdi. O’sha-o’sha Qumri xola yolg’iz yashaydi. Lekin noumid shayton. O’g’lining tirikligiga ishonadi: hali-hanuz kutadi.

Mastura indamadi. Hayam, yo’g’am demadi. Kampirning xursandchiligini buzgisi kelmadi. Qumri xola uning “O’tiring, choy-poy iching” deyishigayam ko’nmadi. Har qancha qistoviga qaramay shoshib chiqib ketdi.

* * *

Qumri xolaning qiladigan ishlari ko’p edi. Uyiga qaytiboq buzoqchani emizdi. Biroz ivitib olib, sigirni sog’di. Tomorqaga ekkan ko’k piyoz, turli xil ko’katlardan yulib, bog’lam-bog’lam qilib tugunga joyladi. Yangi sog’ilgan sutni ko’tarib, bozorga oshiqdi. Qumri xola mana shunday kun kechirardi. Ularni sotib puliga u-bu olib kelar, shu bilan ro’zg’orini tebratardi.

Payshanba bozori gavjum edi. Osh ko’klar bir zumda egasini topdi-yu, ammo sutning xaridori chiqmadi. Hozir hammaning uyida sigir. Odamlar sut-qatiqqa muhtoj emas. Baribir biron kimsa chiqar, deb o’yladi. Bozorda odam siyraklashib borardi.

Bir chekkada g’ujanak bo’lib olgan kampir:
— Sut. Yangi sog’ilgan sut. Hoy o’g’lim, mang oling. Yap-yangi, tong sahar o’zim soqqanman-a, — deb xaridor chorlardi.

Ulgurji bozor tugadi. Chakanachilar kelib joylarini egallasha boshladi. Endi sut oladigan kam bo’ladi. Oyoqlari ham toliqdi. Shunday bo’lsa ham biroz turdi. Hech kim sut so’ramadi. Endi ketmoqchi bo’lganda ortidan birovning:
— Onajon sutmi? — degan tovushi eshitildi. Qumri xola suyunib ketdi.
— Ha-ha. Yangigina.
— Rastaga olib kiring endi, — dedi xotirjam pattachi.

Tarvuzi qo’ltig’idan tushgan kampir uyga qaytdi. Kela solib sutni qaynatdi. Biroz sovutdi-da, oqlik solib, qatiq ivitib qo’ydi. Inqillab yurib uylarni tozaladi. Changlarni artdi. Supur-sidir qildi. Hammayoqni saranjom-sarishtaladi. Kechga yaqin tikuvchi Mastura cho’loq qizidan bitgan ko’ylagini berib yuboribdi. Kiyib ko’rdi. Qolipga solgandek yarashib tushdi. Qo’li dard ko’rmasin, deb qizga haq bergandi, olmadi. Chevar qizi tushmagurni qattiq tayinlab jo’natgan ekan. “Ayam xafa bo’ladi” deb turib oldi. Shunday bo’lsa-da hovlining etagidagi zarg’aldoq shaftolidan bir satil terib o’tdi. Olishga ko’nmagandi, men ham xafa bo’laman, deb oyoq tiradi.

Qiz ketgach ko’ylagini takror-takror ko’zdan kechirdi. Bichimlarini tekshirib ko’rdi. Ko’ngli joyiga tushib, yana duo qildi. “O’zi cho’loq bo’lsa ham qo’li gul uning, — deya xayolidan o’tkazdi. — Odamning o’lchami bilan birga dilini ham topadi. Bolalariga bosh bo’lib yursin iloyim”.

* * *

Shu bugun amallab kunni kechkirtirdi. O’zining qilgan ishlaridan havaslandi. Tuni bilan mijja qoqmay chiqdi. Ertangi diydorni o’yladi. O’g’lining oldida ko’z yoshi qilmayman, deb o’ziga o’zi so’z berdi. Yana kim biladi. Eplay olarmikin buni. Yarim tunda qattiq shamol turdi. Daraxtlarning shoxlari sinib ketgudek bo’lib tebrandi. O’choq boshida idish-tovoqlarning jarangi eshitildi. Tashqarida kimdir yurganga o’xshadi. Chiqib qarashga qo’rqdi. Taraqa-turuq tinmadi.

Yolg’izning yori xudo, deb dadil borib eshikni tirqishidan qaradi. Hech kim ko’rinmadi. Avvaldan tayyorlab qo’ygan beshlikni qo’liga olib, tashqariga chiqdi.
— Kim u!? – dedi qaltiroq ovozda. – O’g’rimisan? Senga nima kerak? Bor bisotim o’limligim xolos mening. Shundan boshqa hech vaqoim yo’q. Qorning och bo’lsa…

Kampirning yodiga nimadir tushib, shoshib qoldi. Qo’rquvdan asar ham qolmagandi. Esi qursin bugun bozordan olgan bir parcha etini qozon boshiga qo’ygan edi-ku! Jon jahdi bilan oldinga tashlangandi, o’choq ortidan bir qora it yugurgilab — devor osha qo’shnining hovlisiga o’tib ketdi.
— Tuf-tuf. Yuragimni chiqarayozdi-ya, – dedi pichirlab. – Xayriyat teginmapti.

It pastdagi kul tog’orani iskab, yiqitvorgan ekan to’g’rilab qo’ydi. Go’shtni olib, ilmoqqa ildi. Ertaga o’g’lining kelishiga quling o’rgilsin qovurma osh qiladi. Rahmatli eri shunaqasini yaxshi ko’rardi.

* * *

Erta tongdan qo’shni xotinlar xabar olgani kirishdi. Anchagacha u yoq-bu yoqdan gaplashib o’tirishdi. O’g’lini maqtashdi. Siyrati rahmatli otasiga tortganligini aytib — yaltoqlanishdi. Biri qo’yib, biri toza og’zini ko’pirtirishdi. Kampir bu gaplarning barisi taskin uchun ekanligini juda yaxshi bilardi. Ularning maqtovlari yuragiga ignadek sanchilayotganligini ular tushunishmasdi…

Yoki atay qilishayotganga o’xshardi nazarida. Shartta turib quvib solgisi keldi. Ayniqsa Sayyoraning gapi yoqinqiramadi. Nima emish, o’g’lini o’zi kuyov qilmoqchi bo’lganmish. Ordona qolsin-a. Uning gaplaridan qoshlari chimirildi. Endi bezovtalana boshlagandi, qo’shnilar turishdi. Tursinoy qora o’g’liga nimcha tikib chiqibdi.
— Ozodbek bizning ham o’g’limiz, — dedi u. – Bu yerni sovug’i bildirmay beldan uradi. Kelganda kiyib olsin.
— Men ham do’ppi tikkandim. Ozodingizga nasib qilibdi. Har qalay yalang bosh yursa bo’lmas. Qishloq joy. Unisi-bunisi gapirishmasin tag’in, — dedi ro’para
qo’shnisi Sayyora ham.

Odamning yuzi isssiq-da.
— Baraka topinglar, baraka topinglar! — dedi ilojsiz kuzata turib, til uchida.

Ular chiqib ketishdi. Yana yolg’iz qoldi. Kuni bilan g’imirlab dunyoning ishini qildi. Peshin bo’ldiyamki o’g’li kelmadi. Oshning masalliqlarini to’rg’ashtirib, tayyorlab qo’ydi. Kutdi. O’tirib uzoq guruchning toshini terib, ovundi. Ust boshlarini almashtirib, yangi tikdirgan ko’ylagini kiyib oldi. Picha pardoz-andoz qilgan bo’ldi. Oynaga qarab o’kindi. Ajinlar o’rgimchak to’ridek tomir yoyipti. Hammasi vaqt qurg’urning nayrangi. Kutmaganing — ko’zingga ko’rinadi. “Endi buyog’iga yoshararmidim” deya o’ziga dalda berdi. O’g’lidan bo’lsa hamon darak yo’q edi. Tiq etsa darbozaxonaga ko’z yugurtirdi. Ko’ngliga qil sig’masdi.

Kechga yaqin o’choqqa o’tin qalab, olov yoqdi. Yog’ni dog’lab, oshning zirvogini qildi. Ko’nglidan har ne o’ylar kechdi. Yo’li bexatar bo’lsin, deb qayta-qayta Yaratgandan so’radi. Biroq… ostona bosib biron kimsa kirib kelmadi uyiga. Yana qorong’u tusha boshladi. Hovliga odatdagidek yolg’iz sukunat bostirib kirdi. Har kundagi kabi uning hukmronligi boshlandi. Xuddi tushungandek qurbaqalar ham sayrashmadi. Chigirtkalar chirillashmadiyam. Haqiqiy sukunat edi. Uni buzishga biron jonzotning haddi sig’masdi. Bu og’zini lang ochib, odamni yutvorishga shay turgan ajdarhoga o’xshardi. Faqat kutardi, payt poylardi, xolos. Lekin u ertakdagidek hech qachon kelmasdi.

* * *

…Bu sukunatni onaning nolasigina buzishga qodir edi. Shunday ham bo’ldi. Qumri xola tun yarmigacha o’g’lini kutib o’tirdi. Umidini uzmadi. Oxiri ona qo’llarining zarbini sog’ingan, devor ilgagida chang bosib yotgan childirma jonlandi. U oshni pishirib, chovgumning suvini biqirlatib qaynatayotgan, o’chog’ og’zidagi o’chib borayotgan cho’g’da obdon qizidi. Terilari taranglashgan chog’, Qumri xolaning yuragi oldiga bordi va chapandozcha* tovush berdi: bak bum, bum bak bum…

Childirma sadolari onaning ezilgan yuragiga malham bo’la boshladi. Anchagacha shu taxlit tovush takrorlanib turdi. So’ng dildagi qiynoq tilga qaynab chiqa boshladi. Ular hazin nolalar orqali so’zga aylandi. Qumri xola dard bilan kuylay boshladi. Qo’shnilar tiq etsa yo’qlovga kirishmoqchi edi. Oxiri kuta-kuta uyquga ketishgandi. Childirma sadolarini eshitib hammalari uyg’onishdi. Qumri xolaning gap-gashtaklarda yalla qilib turishini bilishardi. Boshqa payt qo’liga childirma ushlamasdi ham.

Bu tun hech kim mijja qoqmadi. Onaning ovozi tongga qadar tinmadi. Qo’shnilarning esa birontasini turib chiqishga yuragi betlamadi. Qumri xolaning nolalariga quloq tutib yotaverishdi. Lekin qo’shiq so’zlarini anglab olish mahol edi. Ora-oradagina “Bolam-a…”, “Kelmading-ku!”, “Kutaa…aman” degan dardli so’zlar aniq eshitilardi, xolos.

Tursinoy qora qorong’ida paypaslanib, un qoradigan surpaning orasidan uzun o’qlovni topdi. Pishillab uxlab yotgan o’g’lini ustiga bostirib kirib:
— Sen yer yutkurga qachon aql kiradi! Odamlarni tinchini buzgan hayvonning qorni yorilsa bo’lmasmidi, — deya savalab ketdi. Tursinoy qoraning vajohati yomon edi. O’g’li uyqusirab kaltak zarbini ham sezmadi.

Vaziyatga tushunmay:
— Nima qildim, — deb iltijo qildi.
— Birovning bolasini uchratmay har balo bo’lgur! Mana shu ko’rgan ko’zlaring oqib tushsin sen itni, — deb yana so’kdi.

Doira sadolari avjiga mindi. Gap nimadaligiga aqli bovar qilmay talmovsirab turgan Tursinoy qoraning o’g’li kaltaklar zarbini endigina anglagandi. Childirma ovozi aniqroq eshitila boshladi.Bak bum…mm, bum bak bum…mm.

Va nihoyat Tursinoy qoraning o’g’li o’zi sabab bo’lgan aybini tushungandek bo’ldi. Tunov kungi xabari Qumri xolaning uyiga xursandchilik emas, motam olib kelgandi.

* * *

Bu kunisi hamma o’zi bilan ovora bo’ldi. Hatto bir-birlaridan “Nima gap?”, deb so’rashga botinisholmadi. Qumri xolanikiga chiqishga bo’lsa, hech kimning yuragi dov bermasdi. Peshinga yaqin Tursinoy qora bir kosa mastava quyib, xabar olgani o’g’lini kiritdi.

“Yon qo’shni — jon qo’shni-da baribir. Bir gap bo’lsa yugurgilab chiqib keladi. Yana issiqlik ham ko’tarib kirishadi”, deb xayolidan o’tkazdi Qumri xola.
— Biroz mazam qochdi, — dedi ko’zlari mo’ltillab kosaga qo’l uzatarkan.
— Yaxshi bo’p ketasiz. Shuni issig’ida ichib olarkansiz, — dedi qo’shni bola ham yerda pardasi yorilib yotgan childirmaga ko’z tikib.
— Qo’limdan tushib ketdi.

Qumri xola shoshqator quyilib kelayotgan ko’z yoshlarini yengining uchiga artdi.
— Qovurg’asi butun, tuzatsa bo’ladi. Usta Umar birpasda zo’r qilib yurak parda qoplab beradi, — dedi qo’shni bola ham aybdorlarcha ko’zlarini yashirib.
— Menga ko’pam achinma, — dedi Qumri xola xasta tuvushda.

Bu gap bolaning quloqlariga “Hamma yolg’onlaringni bilaman”, degandek eshitilib ketdi. U har shahardan qaytganda Qumri xola o’g’lini so’rardi. Ko’rgan-ko’rmaganini surishtirardi. O’qishga qaytar mahali qo’yarda-qo’ymay u-bu yeguliklar berib yuborardi. “Uchratib qolsang birga yersizlar”, derdi. Qaniydi shunday bo’lsa-yu, u ham kampirning mungli qarashlaridan qutulsa. Oxiri shu yolg’onni to’qishga majbur bo’ldi. Zora yolg’oni rostga aylansa, deb o’ylagandi. Qayoqda. Hammasi chappasiga ketdi. Endi umuman aldamaydi. Bo’yniga qilich kelsa ham bu ishni qilmaydi.
— Sendan bir o’tinchim bor, — dedi Qumri xola suyuq oshni icharkan. Aytmoqchi bo’lgan gapini yo’qotib qo’ydimi, biroz kalovlandi. So’ng:
— Diydor qiyomatga qolsa, Ozodjonimga otasi bilan meni qaerda yotganimni ko’rsat. Undan rozi bo’lganmizni ham ayt. Odamlarning gaplariga ishonmasin, — dedi.

Endi Qumri xola umidini butunlay uzgan edi. To’g’rida. Kuta-kuta ko’zlari to’rt bo’ldi-ku. Aslidayu er-xotin ikkov ozod yursin deb o’zlari ism qo’yishgandi. O’shanda erkinlik pardasidan kafan bichishganini qayoqdan bilishibdi. Bu yog’iga xudo poshsho. Peshonasiga bitilgani shu ekan. Azalda ne yozilgan bo’lsa hayotda o’shani ko’rdi. Taqdirga tan bermay iloji yo’q.

Tursinoy qoraning o’g’li atrofga alang-jalang boqdi. Turib chiqib ketishga vaj qidirardi.
— Hoy Ahmad. Ha juvonmarg-a! Buncha qolib ketding mo’ltoniga o’xshab, — deb chaqirdi onasi.
U bahona topilganidan quvonib ketdi. Tura solib o’zini ko’chaga urdi. Yo’lda: “Odamlar! Men onamni yaxshi ko’raman”, dedi pichirlab.

Boshqa gap yurakka sig’masdi. Uch kun shu taxlit o’tdi. Qo’ni-qo’shnilar biri qo’yib, biri xabar olib turishdi. Bolasini kutib damlangan osh qozonda achidi. Uning huzurini qo’shnisining ko’ppagi ko’rdi.

Qumri xola kutishni unutib endi oyoqqa turganda besh yashar bolani yetaklab o’g’li kirib keldi. Nevarasini ko’rib mehri jo’shib ketdi. Ha-ha. Endigina so’nib borayotgan umid uchqunlari qaytatdan alanga oldi. Yana onalik mehri uyg’ondi. Axir jigarining jigariyam jigari-ku!..

Ona nabirasini quchib erkaladi. Shu payt darvozaxonada yoshgina bir ayol ko’rindi. Nevarasining unga qarab talpinganidan kelini ekanligini bildi. Jigargo’shasini bag’ridan yulib olgan bu juvonni ich-ichidan yomon ko’rib yurardi. Lekin o’zi o’ylagandek emas ekan. Qanaqadir ko’zlari kulib, odamni eritvorardi. Beixtiyor o’g’liga qaradi. Yuzlaridan samimiyat barq urib turardi. Kallasiga kelgan, ruhini tinchlantirgan yomon o’ylarni eslab o’zini ich-ichidan koyidi. Nima qilsin!?.. Axir Yaratgandan shu diydorni so’ramaganmidi?..

* doira usuli

2013-2014 yil aprel

Муаллиф ҳақида
———————

054   Бахтиёр Нуриддинов 1972 йил 15 ноябрда Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг филология факультетида таҳсил олган. Узоқ йиллардан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритади. Унинг бир қатор ҳикоялари матбуотда эълон қилинган ва сценарийлари асосида телевизион бадиий фильмлар суратга олинган.

    Baxtiyor Nuriddinov 1972 yil 15 noyabrda Andijon viloyati Jalaquduq tumani Oyim qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy Universitetining filologiya fakul`tetida tahsil olgan. Uzoq yillardan buyon O’zbekiston Milliy teleradiokompaniyasida faoliyat yuritadi. Uning bir qator hikoyalari matbuotda e’lon qilingan va stsenariylari asosida televizion badiiy fil`mlar suratga olingan.

хдк

(Tashriflar: umumiy 230, bugungi 1)

Izoh qoldiring