Erkin A’zam. Qo’shiq aytiladi & Erkin A’zam “Hammasi hayot haqida” va “Ikki eshik orasi” teledasturlarida & Ertak bilan xayrlashuv (qissalar va hikoyalar)

04   Салом, эй соғинтирган ардоқли оҳанглар! Салом, эй унутилган ҳислар, орзу-хаёллар!.. Қандоқ тотли, қандоқ дилбар, қандоқ оромижонсиз! Шунча маҳал қайда эдингиз?.. Чекин, эй сукунат, ўлик сукунат! Бағримда сенга — ғафлатга, сокинликка ўрин йўқ! Салом, кенг осмон! Мунча беғуборсан, мунча порлоқсан! Бағрим ҳозир сенинг беғуборлигингга, порлоқлигингга, рангин наволарингга лиммо-лим… Сизни шарафлайман, ҳаётбахш оҳанглар! Салом, соғинтирганларим!..

Эркин АЪЗАМ
ҚЎШИҚ АЙТИЛАДИ!
09

045   Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам 1950 йил 10 августда тоғли Бойсунда туғилган. 1972 йил Тошкент Давлат университети (хозирги Миллий Университети)нинг журналистика факультетини тамомлаган. Республика радиосида муҳаррир, «Гулистон» ва «Ёшлик» журналларида бўлим муҳаррири, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида таҳририят мудири бўлди. 1992—1994 йилларда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида бош директори ўринбосари. 1995 йилдан «Тафаккур» журнали бош муҳаррири I, II чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати.
«Чироқлар ўчмаган кеча» (1977), «Отойининг тутилган йили» (1981), «Олам ям-яшил» (1984), «Жавоб» (1986), «Байрамдан бошқа кунлар» (1988), «Мир в цветах» (1999), «Пакананинг ошиқ кўнгли» (2001), «Кечикаётган одам» (2002) тўпламлари муаллифи. Ёзувчи асарлари асосида «Чантриморе», «Пиёда», «Дилхирож», «Сув ёқалаб», «Забаржад», «Жаннат қайдадир»“Паризод” ва бир қатор бадиий филмлар суратга олинган. Асарларини руҳан бирлаштириб турадиган жиҳат — инсоний эрк, хар қандай зўравонликка муносабат масаласидир.

09

Гўзи ёшлуларинг ҳолин на билсун мардуми ғофил,
Ковокиб сайрини шаб то саҳар бедор ўландан сўр…

Салом, эй соғинтирган ардоқли оҳанглар! Салом, эй унутилган ҳислар, орзу-хаёллар!.. Қандоқ тотли, қандоқ дилбар, қандоқ оромижонсиз! Шунча маҳал қайда эдингиз?.. Чекин, эй сукунат, ўлик сукунат! Бағримда сенга — ғафлатга, сокинликка ўрин йўқ! Салом, кенг осмон! Мунча беғуборсан, мунча порлоқсан! Бағрим ҳозир сенинг беғуборлигингга, порлоқлигингга, рангин наволарингга лиммо-лим… Сизни шарафлайман, ҳаётбахш оҳанглар! Салом, соғинтирганларим!..

…Харобот аҳлининг аҳволини ҳуммор ўландан сўр.
Муҳаббат лаззатиндан бехабардир зоҳиди ғофил…

Туйқус, бир қаноти очиқ турган деразада уй бекасининг хижолатомуз, нимадандир чўчиганнамо юзи кўринди-ю, кўзлардаги ўт, завқ сўнди — жимиб қолишди. Бека дераза токчасига суяниб, бошини ичкари суқди, зўрма-зўраки илжайди.
— Баҳромжон… хафа бўлмайсизлар-да… Опангиз   келувди. Чақалоғи жуда беором, йиғлоқи. Боягина икковлашиб аранг ухлатган эдик…

Дилгир сукунатни бузиб йўлакдаги қадам товушлари узоқлашди. Мулзамликда қолган Баҳром узр сўраган каби дўстларига мўлтираб боқди. Улар ҳам гуноҳкорона кулимсираб туришарди.

— Кўнглимга келувди-я…— Неъмат қўлидаги рубобни кўрпача устига ташлади.— Бизникига борайлик, дедим…

— Кўрмайсанми энди, ошна,— деди Баҳром хонтахтага тирсаклаб олган Ҳакимга ва ишком тагидаги чорпояга ёввойи қараш қилди.— Булар шунақа одамлар ўзи: буларга куй-қўшиқ ёқмайди, буларга…

— Бола ухлаётган экан, узрли,— деди Ҳаким Баҳромни хижолатдан чиқариш учун.

— Гап ундамас… Уй ўзингники бўлмагандан кейин…— хомуш пичирлади Баҳром.
— Ҳа-а, ана!—деди Неъмат алланечук қаноат билан.— Мен айтдим, бизникига борайлик, дедим…

— Сеникидаям шу-да,— унинг тажанглигига Баҳромнинг ғаши келди.— Хотининг бор, сенинг қизчанг ҳам йиғлоқи…

— Ҳар қалай ўзимники…
— Таъна қиляпсанми?

— Э, қўйинглар,— дўстларини муросага чақирдиҲаким.— Сеникига борардиг-а, Неъматжон, бир оз расмийлашишимиз мумкинлигини ўйладик — оилали одамсан…

— Ҳар қандай андишаю мулоҳаза ортиқча. Кетдик бизникига!—қатъий қистади Неъмат,—Бўлинглар!

Баҳром бир лаҳза ерга тикилиб турди-да:
— Кетсак кетдик,— деди негадир бўшашиброқ.

Йигитлар ўринларидан қўзғалишди. Неъмат Ҳакимга уй ўзиники экани, ҳеч ким дахл қилолмаслиги, истаса қўшиқ айтиши, истаса ўйинга тушиши мумкинлигини таъкидлай бошлади.

— Бўпти-бўпти,— деди хонтахта устидаги пиводан бўшаган шишаларни каравот тагига териб, деразаларни зичлаётган Баҳром, энсаси қотгандек.— Рубобни оливол.

— Рубоб бор, қўшнимизнинг ўғли музика мактабида ўқийди.

Икки ёнидан иморатлар сиқиб қўйган тор йўлак бўйлаб дарвозага юришаркан, Баҳром орқасига ғазаб билан қаради.

— Падарига лаънат!.. Ана берамиз, мана берамиз, дейишади уйни,— асабий тўнғиллади у лабига сигарета қистираркан.—

Бир завқ келган эди-да, Ҳаким…
— Зиёни йўқ, оғайни, Неъматникида яна келар ўша завқ.

Ҳаким уч йил бадалида Тошкентга бирон марта келмаган, Неъматнинг тўйида қатнашолмаган, хотинини ҳам кўрмаган эди.

— Ҳакимжон деганимиз мана шу одам,— деди Неъмат уни хотинига таништириб.— Чўлқувар дўстимиз. Комсомол ёшлар бригадасининг бошлиги. Бўлажак қаҳрамон. Ўн кунлик семинарга кепти…

Улар бирга ўқиб, ётоқда ҳам бир хонада яшаган қадрдонлар эди. Неъмат билан Баҳромни институтнинг ўзида ишга қолдиришди. Ҳаким чўлга кетди. Дастлабки кезлар ўқтин-ўқтин хат ёзишиб туришарди, кейинчалик шунга ҳам қўллари тегаайдиган бўлди. Бугун учрашишди-ю, орадан ўтган қанча вақт гўё бирдан унутилди — жиддий, босиқ кишилардан тағин бир пайтлардагидек хушчақчақ талабаларга айланиб қолишди.

— Бизга кўнгилдан чиқариб пиширилган битта ош билан Турғуннинг рубоби керак,— деди Неъмат хотинига.

— Рубобни нима қиласиз?

— Очиғи, биз бу ерга қўшиқ айтгани келдик,— ийманиброқ гапга аралашди Ҳаким.

— Қўшиқ?!— Сайёра ажабланиб эрига қаради.
— Қўшиқ,— хотиржам такрорлади Неъмат.

— Ростданми?.. Қўшиқ айтганингларни ҳеч эшитмаганман…

— Бугун эшитасан. Авжини оладиган шеригимиз йўқлигидан айтмас эдик-да,— Неъмат Ҳакимга ишора қилди. Ҳаким болаларча қимтиниб ўтирарди.— Ётоқни бошимизга кўтариб бир қўшиқлар айтардик, бир қўшиқлар айтардик!.. Талабгорларимизнинг сони йўқ, зиёфат- базмларнинг тўри бизники эди. Мана, Баҳромдан сўра. Бугун ўша даврларни эслаб илҳом билан бир бошлагачдик… бўғиб қўйишди.— У хотинига бояги гапни айтиб берди.

— Лақиллатиб бўпсиз!—деди Сайёра ошхона томон юраркан.— Ашула айтадиган одамга сираям ўхшамайсизлар…

— Нима, ашула айтадиганнинг шохи бўлиши керакми!—зарда қилди Неъмат.— Ё тавба!—деди кейин дўстларига юзланиб.— Ашула айтадиган одамга ўхшамас эмишмиз…

Сайёра бирпасда дастурхон тузади, ошнинг ҳозирлигини кўрди, рубобни олиб чиқди. Йигитлар бу орада ундан-бундан гурунглашиб ўтиришди; студентлик йилларини, курсдошларини, турли-туман ҳангамаларни эслашди. Кейин Баҳром билан Неъмат беихтиёр институтларидаги можароларга кўчишди. Ҳаким бу суҳбатга пича қулоқ тутиб зерикди; хонага кўз югуртирди. Уй бекасининг дидини намойиш этиб жойлашган жиҳозлар: телевизор, диван, китоб жавони, деворлардаги хаёлкаш суратлар; шинам ва осудалик унинг кўнглида орзиқтирувчи ҳавас уйғотди. Кўз олдига ўзи ишлаётган Бандихон чўллари келди: сўнгсиз осмону сўнгсиз замин, баланд кранлар, чала иморатлар, кўтарма қувурлар, қоғозга чизилгандек мунтазам пайкаллар, унда-бунда вагон-уйлар… «Шаҳар яхши-да бари бир,— пинҳон бир ўкинч билан ўйлади у.— Қулай, озода. Истаган нарсанг муҳайё».

Стол атрофига йиғилишди. Сайёра ҳам келиб ўтирди. Қадаҳ кўтаришди. Бу хонадонга янги келган киши сифатида Ҳаким қут-барака тилаб сўз айтди.

Йигитларнинг кўнглини ҳамон қўшиқ дарди безовта қилиб турар, аммо Сайёрадан ийманибми, ҳеч бири бу тўғрида гап очишга ботинолмасди.
— Қани, энди эшитмаймизми қўшиғингларни,— деб қолди ниҳоят Сайёранинг ўзи.

Улар ўзаро кўз уриштириб олишди-да, Неъмат диванда ётган рубобга қўл чўзди.
— О, созанда ўзимиздан эканлар-ку,— деди Сайёра шўх кулиб.
 

Йигитлар бир зум тайсалланиб туришди-ю, сўнг бир- бирларини турта-турта бошлашди. Қўшиқ аввалига андак сустроқ, парокандароқ чиқди. Сайёранинг кулгиси келди, бировлар учун уялгандек, кўзида хижолат ёши ҳам қалқди. Лекин хиёл ўтмай сеҳрли бир куч уни ўз амрига бўйсундирганини сезмай қолди. У энди бу қўшиқни ёнида ўтирган кишилар айтаётганига шубҳа қилар, эрига танимаётгандек бот-бот тикиларди. 

Сайёра, турмуш қуришганига мана икки йилдирки, Неъматнинг гоҳи-гоҳида бир нималарни ўзича хиргойи қилишини билади, аммо рубоб ушлаганини кўрмаган, қўшиқ ҳақида гапирганини ҳам эшитган эмас. Шундан, у ҳозир ажиб ҳайрат ичида ўтирарди. Секин-секин қўшиқ уни аллалай-аллалай хаёлларини судраб кетди.

…Осмон этакларига туташган дашт. Даштнинг қоқ белидан тойлар уюри йўртиб бораётир. Уфққа томон… Уфқ қирмиз яллиғда, осмон қирмиз яллиғда, осмон этакларига туташган дашт — даштда йўртиб бораётган тойлар уюри қирмиз яллиғда, тойларнинг ёллари-кокиллари қирмиз… Ёллари-кокилларидан учқун сачрайди, қирмиз учқун. Изларида расо майсазор илтижо билан чайқалиб қолади. Излар уфққа томон тўзғиб бораётир. Уюр қирмиз селга бурканиб уфққа томон бораётир. Қирмиз уфқ томон. Излардан дашт ҳиди уфуради. Дашт ҳиди, номлари номаълум гиёҳлар ҳиди… 

Дашт ўртасидаги баланд чайлада бир қиз ва бир йигит ўтирибди. Кўзлари уфқда…

  Даштнинг қоқ белидан тойлар уюри йўртиб бораётир. Уфққа томон. Уфқ қирмизи-қирмизи…

  Сайёра эшик қўнғироғи жиринглаётганини хийла кеч, дафъатан пайқаб қолди. Ижирғаниб даҳлизга чиқди. Бир оздан сўнг қайтиб кириб, эрининг нигоҳини тутмоқчи бўлди. Неъмат, кўзлари завқдан юмилиб кетган, бу ёққа қарамасди. Сайёра бир лаҳза ўйланиб турди- ла, эшикка юрди ва тағин қайтиб кирди.

 Ниҳоят қўшиҳ охирлаб, Неъматнинг унга кўзи тушди.

— Ҳа?—деди у рубобни қўяркан.
— Адҳам ака…— деди хушламай Сайёра.

Неъмат норози тўнғиллаб жойидан қўзғалди.

Адҳам ака унинг девор қўшниси эди. Ҳеч маҳал бунақа чақириб, кутиб ўтирмас, тўғри кириб келаверарди.
У бир қўли орқасида, бир қўли билан сийрак сочларини тараганча йўлакда нари-бери юриб турарди.

— Тинчликми, қўшни?— деди уй эгасини кўриб тўхтаркан.

— Тинчлик, тинчлик—деди Неъмат илжайишга тиришиб.— Оғайнилар келишувди, ўтириб пича кўнгил ёзяпмиз.

— Мен бирор тантанами дебман…

«Қўшиқни тўй-тантанасиз, шунчаки айтиш мумкин эмас эканми?»

— Бирор гап бўлса сизни бехабар қолдирамизми, Адҳам ака. Киринг мундай,— Неъмат четланиб, уйга таклиф қилди.

— Мени қўйинг,— Адҳам аканинг турқи ўзгарди.-— Бу ерда сиздан бошқа одамлар ҳам бор! Яхши эмас, укам, биров ишдан келиб дам олиб ётса-ю, сиз бу ёқда…

— Биз бу ёқда ашула айтсак,— ҳазилга айлантирмоқчи бўлди Неъмат.— Ҳа, оғайнилари келган экан, хурсандчилик қиляпти, дейишади-қўйишади-да, Адҳам ака.

— Хурсандчилик ўз йўлига-ю, лекин қандоқ бўларкан овозни варанглатиб…

— Ашула айтиш ман этилади, деган гап ҳеч қаерда ёзилмаган, чамамда?

— Ашула бир хилватда айтилади, укам. Бу ерни шаҳар дейдилар! Қолаверса, уят бўлади, кап-катта йигит…

— Шаҳарда қўшиқ айтилмас экан-да?! Сиздан эшитишим!—Неъматнинг ҳам феъли айниди. У жаҳли тез, ёнса ловиллайдиган хилидан эди. Қаршисидаги одамнинг истеҳзоли нигоҳи, мулойим-хунук кесатиқлари бўғзига қалампир сепгандай, бехос тутақиб кетди.— Ўғлингиз кечаю кундуз магнитофондан шаллақи қўшиқларни қийқиртириб ўтиради, тепадаги Маъруф акамизнинг қизлари туни билан миянинг қопқоғини қоққандек, осмонга сакраб ўйин тушади, ўзингиз ҳў бир маҳалгача телевизорни бўкиртириб хоккей кўрасиз… Буларга миқ этмай чидаб келяпмиз-ку, нега бизнинг озиб-ёзиб бир мартагина айтган ашуламиз дарров малол кела қолди?!

— Ашулани артист айтади, акаси!—Адҳам ака буни жуда осойишта, лекин оғзидан заҳар пуркаб галирди.

— Ашулани юрагида завқи бор, юраги бор одам айтади, Адҳам ака!—Неъмат ҳам босиқ сўзлашга ўтди.

— Э, сени завқингдан ўргилдим! Артист бўлсанг отарчилик қил, хуморинг ёзилади!..— Адҳам ака шарт бурилди-ю, уйига кириб кетди.

Неъмат ғазабдан титраганича йўлакда серрайиб қолди. У дўстларига, айниқса, Баҳромга қандай рўпара бўлишни билмасди ҳозир.

— Нима гап?—деди Баҳром уни кўргач, ўрнидан жонсарак қўзғалиб қўяркан.— Бизникидаги можаронииг давоми шекилли, овозинг баландроқ чиқди?

— Шундай,— Неъмат келиб диванга ўтирди.— Рубобни ол, Баҳром. Айтамиз! Қасдма-қасд айтамиз!

Баҳром рубобга қўл ҳам чўзмади. Учаласининг ҳам бояги завқи сўнган, ўтириш совиб қолган эди.

— Адҳам ака… Яхши одам эди, ҳайронман,— деди Неъмат бир маҳал. Қейин ўзи билан ўзи мунозара қилгандек гапира кетди.— Қўшиқни фақат артист айтармиш!.. Одам юрагидаги нозик гапларни турли йўл билан ифода этади: биров ашула айтади, биров хиргойи қилади, биров аския, биров ҳасрат…

— Қимдир ичига ютиб юради,— кулиб луқма ташлади Баҳром.

— Ҳа… Хуллас, ўша дилидагини чиқаргиси, ёзилгиси келади. Наҳотки, ашула айтиш беодобгарчилик саналса!.. Кўчаларда тўп-тўп бўлиб гитара билан қийқириб юриш мумкину уйда бафуржа ўтириб қўшиқ айтиш айб экан, тавба! Кўчада рубоб кўтариб қўшиқ айтиб кўрчи, ё маст, ё айниб қопти, дейишади. Ажаб!.. Меним- ча, дилида завқи, равшанлиги бор инсон айтади қўшиқни. Шуни бошқалар ҳам эшитсин, бошқаларга ҳам юқтирай, дейди. Ўзи одамнинг кўнглида ардоқлаган қўшиғи бўлади. Масалан, мен ҳар куни бир куйни ичимда хиргойи қилиб юраман…

— Гапингизга қараганда, Адҳам аканинг ҳам кўнглида қўшиғи бор-да, шундайми?— Сайёра гапни ҳазилга буриб, эрини ҳовурдан туширмоқчи бўлди.

— Бўлган,— баттар чимирилди Неъмат.— Бир вақтлар… Биздайлигида айтган ҳамдир балки… Қўшиқ малол келади-я буларга! Одам ҳам шундай жоҳил бўладими? Бунақалар қаердан пайдо бўларкан?

— Худди сену менга ўхшаган одамлардан!—қироат билан жавоб қайтарди Баҳром.— Биздайлигида қўшиқ айтгандир, дединг. Йўқ, айтмаган. Айтгиси келганда, тилини тишлаган: бировлардан ийманган, нималарнидир мулоҳаза қилган. Айтмай-айтмай, қўшиқ кўнглида чўкиб, қотиб қолаверган…

— Кейин жоҳилликка айланган?

— Ҳа, балли! Бояги Адҳам аканг шунақа одам. Энди у қўшиқ айтганни кўролмайди, негаки ўзи айтмаган, айтолмаган…

— Фақат Адҳам ака эмас…

— Аксига олди ўзи бугун: қаерга борсак, қўшиқ  безорларга учраяпмиз,— деди Баҳром Ҳакимга қараб.— Тасодиф-да, оғайни, тасодиф. Бу гапни бировга айтсанг ишонмайди…

— Ҳар қандай тасодифда ҳам бир чимдим қонуният бўлади,—деб кулимсиради шу чоққача жим ўтирган Ҳаким.

— Фалсафадан тузук эдинг, бола.— Неъмат унинг елкасига қоқиб ўрнидан турди.— Шу бугун қўшиқ айтмасак ҳисобмас, йигитлар,—бўғилиб кетади одам. Аччиқма-аччиқ…

— Қаерда?—кўзларини катта очиб сўради Сайёра.
— Топамиз жойини!

Неъмат ичкариги хонага ўтди. Унинг ростакам кийиниб чиҳҳанини кўрган Сайёра ўрнидан туриб кетди.

— Вой-вой, овқат-чи?—У эрига «уят бўлмайдими» дегандек саросимада тикилди.

— Овқат?—энсаси қотиб сўради Неъмат тошойча олдида бўйинбоғини тўғриларкан.— Мақсад овқат ейишми?—хотинига юзланиб олди у.— Овқатни Адҳам ака есин! Қейин кечаси билан телевизорини бўкиртириб хоккей кўради; ўғлининг беҳаё қўшиҳларини эшитади; тепасида Дилька осмонга сакраб тепиниб туради… Ана маза, ана роҳат!

— Қўйинг энди, бошқа кун… Боланинг ишига ўхшайди…
— Қарор қатъий, Сайёрахон,— деди Баҳром.— Бўлмаса ҳозир сизниям жоҳиллар рўйхатига тиркаб қўяди бу, авзойини кўряпсиз-ку.

Эрининг девоналикларига кўникиб қолган Сайёра ортиқ монелик билдириб ўтирмади.

— Овқатни келиб еймиз,— дея шўх пичирлади Неъмат, эшикдан чиқишаркан.— Қўшиқ айтмагунимизча томоқдан ўтмайди…

Йигитлар — бирининг қўлида рубоб, бирининг қўлида оғзи очилган шиша, бирининг қўлида икки дона помидор, чўнтагида пиёла, тапир-тупур зинадан тушиб кетишди. Кўнгиллардаги қўшиқ айтиш иштиёқи энди телба бир жазавага айланган эди.

…Такси шофери уларнинг муддаосига тушунмай, ҳадеб елка қисарди. Ҳар куни ўнлаб йўловчини кўрадиган одам бунақаларини ҳали учратмаган эди: бирининг қўлида рубоб, бирининг қўлида оғзи очилган шиша, бирининг қўлида икки дона помидор, чўнтаги қаппайган — борадиган жойларининг тайини йўқ… Рафторидан туппа-тузук, ўқимишли йигитларга ўхшашади.

— Майли, ўтиринглар,— машина эшигини очди у ниҳоят.— Ҳиротга десангиз Ҳиротга-да, акалар. Бизга бари бир…

Кеч кирган, шаҳар узра оқшом таровати кезиб юрар, кўчаларда одам сийрак эди.

Бирпасда шаҳар орқада қолди. Дала йўлига чиқилгач, чоғроқ бир дўнглик кўриниб, «Шу ерда тўхтатинг, оғайни», деди Неъмат шоферга.

— Бир оғиз сўзингиз, ака…

Машина шундоқ дўнгга яқин келиб тўхтади. Неъмат шерикларига бир назар ташлаб машинадан тушди-ю, дўнгга қараб йўл олди. Шериклари унга эргашди.

Шофер кабинадан оёғини осилтирганча уларнинг орқасидан ҳайратомуз тикилиб қоларкан, «кайфлари ошиб- ди-да», деди кўнглида.

Йигитлар дўнг бошида чордана қуришди. Бир пиёладан ичиб, бўшаган шишани пастга думалатиб юборишди. Помидорни  ҳидлай-ҳидлай оғизларига солишди.

— Уйда ҳам ичсак бўларди шуни.— Неъмат рубобни олиб ўрнидан турди. Баҳром билан Ҳаким ҳам қўзға- лишди. У тинғирлатиб рубобни созлади.
— Қани, олдик…

Дўнг бошида ой шуъласига кўмилган учта қора турарди. Қўлларида рубоб, дилларида безовта наво… Лекин ҳеч биридан садо чиқмасди. Бир замон шаҳарга етгудай баланд қаҳқаҳа янгради дўнг бошида…

— Эҳ, афандилар, қўшиқ айтиш учун эринмай шунча заминга келибмиз-а! Эҳ, афандилар!..

«Афандилар» ой шуъласига кўмилганча шалвираб дўнгдан тушиб келишди.

— Шаҳарга,— деди Баҳром чуқур ҳасрат билан.
— Ҳиротга демайсизми, ака. Бизга бари бир…

Айни чоғда уларни бир муаммо қийнарди: «Нега бунақа бўлди? Шунча жойдан атай келиб нега айтолмадик? Ҳеч ким халақит бермасди-ку, ҳеч ким дакки бер» масди-ку. Адҳам ака йўқ-ку бу ерда, уйида тинчгина хоккей кўриб ўтиргандир у… Нега бунақа бўлди?..»

Машина бир қоп юлдуз сочилгандек чироқлари жимирлашиб турган шаҳар томон елиб кетди. Қўшиқ айтадиган ва айтмайдиганлар, қўшиқ эшитадиган ва эшитмайдиганлар томон…

Ажабки, шаҳарга яқинлашганлари сари қўшиқ айтиш иштиёқи уларни тағин безовта қила бошлади. Эндв учаловининг ҳам хаёлида қатъий бир фикр чарх урарди: «Айтамиз! Бари бир айтамиз!»

Salom, ey sog’intirgan ardoqli ohanglar! Salom, ey unutilgan hislar, orzu-xayollar!.. Qandoq totli, qandoq dilbar, qandoq oromijonsiz! Shuncha mahal qayda edingiz?.. Chekin, ey sukunat, o’lik sukunat! Bag’rimda senga — g’aflatga, sokinlikka o’rin yo’q! Salom, keng osmon! Muncha beg’uborsan, muncha porloqsan! Bag’rim hozir sening beg’uborligingga, porloqligingga, rangin navolaringga limmo-lim… Sizni sharaflayman, hayotbaxsh ohanglar! Salom, sog’intirganlarim!..

Erkin A’ZAM
QO’SHIQ AYTILADI!
09

  O’zbekiston xalq yozuvchisi 09 Erkin A’zam 1950 yil 10 avgustda tog’li Boysunda tug’ilgan. 1972 yil Toshkent Davlat universiteti (xozirgi Milliy Universiteti)ning jurnalistika fakultetini tamomlagan. Respublika radiosida muharrir, «Guliston» va «Yoshlik» jurnallarida bo’lim muharriri, G’afur G’ulom nomidagi adabiyot va san’at nashriyotida tahririyat mudiri bo’ldi. 1992—1994 yillarda O’zbekiston Milliy axborot agentligida bosh direktori o’rinbosari. 1995 yildan «Tafakkur» jurnali bosh muharriri I, II chaqiriq O’zbekiston Oliy Majlisi deputati. «Chiroqlar o’chmagan kecha» (1977), «Otoyining tutilgan yili» (1981), «Olam yam-yashil» (1984), «Javob» (1986), «Bayramdan boshqa kunlar» (1988), «Mir v svetax» (1999), «Pakananing oshiq ko’ngli» (2001), «Kechikayotgan odam» (2002) to’plamlari muallifi. Yozuvchi asarlari asosida «Chantrimore», «Piyoda», «Dilxiroj», «Suv yoqalab», «Zabarjad», «Jannat qaydadir»“Parizod” va bir qator badiiy filmlar suratga olingan. Asarlarini ruhan birlashtirib turadigan jihat — insoniy erk, xar qanday zo’ravonlikka munosabat masalasidir.

09

Go’zi yoshlularing holin na bilsun mardumi g’ofil,
Kovokib sayrini shab to sahar bedor o’landan so’r…

Salom, ey sog’intirgan ardoqli ohanglar! Salom, ey unutilgan hislar, orzu-xayollar!.. Qandoq totli, qandoq dilbar, qandoq oromijonsiz! Shuncha mahal qayda edingiz?.. Chekin, ey sukunat, o’lik sukunat! Bag’rimda senga — g’aflatga, sokinlikka o’rin yo’q! Salom, keng osmon! Muncha beg’uborsan, muncha porloqsan! Bag’rim hozir sening beg’uborligingga, porloqligingga, rangin navolaringga limmo-lim… Sizni sharaflayman, hayotbaxsh ohanglar! Salom, sog’intirganlarim!..

…Xarobot ahlining ahvolini hummor o’landan so’r.
Muhabbat lazzatindan bexabardir zohidi g’ofil…

Tuyqus, bir qanoti ochiq turgan derazada uy bekasining xijolatomuz, nimadandir cho’chigannamo yuzi ko’rindi-yu, ko’zlardagi o’t, zavq so’ndi — jimib qolishdi. Beka deraza tokchasiga suyanib, boshini ichkari suqdi, zo’rma-zo’raki iljaydi.
— Bahromjon… xafa bo’lmaysizlar-da… Opangiz keluvdi. Chaqalog’i juda beorom, yig’loqi. Boyagina ikkovlashib arang uxlatgan edik…

Dilgir sukunatni buzib yo’lakdagi qadam tovushlari uzoqlashdi. Mulzamlikda qolgan Bahrom uzr so’ragan kabi do’stlariga mo’ltirab boqdi. Ular ham gunohkorona kulimsirab turishardi.
— Ko’nglimga keluvdi-ya…— Ne’mat qo’lidagi rubobni ko’rpacha ustiga tashladi.— Biznikiga boraylik, dedim…

— Ko’rmaysanmi endi, oshna,— dedi Bahrom xontaxtaga tirsaklab olgan Hakimga va ishkom tagidagi chorpoyaga yovvoyi qarash qildi.— Bular shunaqa odamlar o’zi: bularga kuy-qo’shiq yoqmaydi, bularga…

— Bola uxlayotgan ekan, uzrli,— dedi Hakim Bahromni xijolatdan chiqarish uchun.
— Gap undamas… Uy o’zingniki bo’lmagandan keyin…— xomush pichirladi Bahrom.
— Ha-a, ana!—dedi Ne’mat allanechuk qanoat bilan.— Men aytdim, biznikiga boraylik, dedim…
— Senikidayam shu-da,— uning tajangligiga Bahromning g’ashi keldi.— Xotining bor, sening qizchang ham yig’loqi…
— Har qalay o’zimniki…
— Ta’na qilyapsanmi?
— E, qo’yinglar,— do’stlarini murosaga chaqirdiHakim.— Senikiga borardig-a, Ne’matjon, bir oz rasmiylashishimiz mumkinligini o’yladik — oilali odamsan…
— Har qanday andishayu mulohaza ortiqcha. Ketdik biznikiga!—qat’iy qistadi Ne’mat,—Bo’linglar!

Bahrom bir lahza yerga tikilib turdi-da:
— Ketsak ketdik,— dedi negadir bo’shashibroq.
Yigitlar o’rinlaridan qo’zg’alishdi. Ne’mat Hakimga uy o’ziniki ekani, hech kim daxl qilolmasligi, istasa qo’shiq aytishi, istasa o’yinga tushishi mumkinligini ta’kidlay boshladi.
— Bo’pti-bo’pti,— dedi xontaxta ustidagi pivodan bo’shagan shishalarni karavot tagiga terib, derazalarni zichlayotgan Bahrom, ensasi qotgandek.— Rubobni olivol.
— Rubob bor, qo’shnimizning o’g’li muzika maktabida o’qiydi.

Ikki yonidan imoratlar siqib qo’ygan tor yo’lak bo’ylab darvozaga yurisharkan, Bahrom orqasiga g’azab bilan qaradi.
— Padariga la’nat!.. Ana beramiz, mana beramiz, deyishadi uyni,— asabiy to’ng’illadi u labiga sigareta qistirarkan.— Bir zavq kelgan edi-da, Hakim…
— Ziyoni yo’q, og’ayni, Ne’matnikida yana kelar o’sha zavq.

Hakim uch yil badalida Toshkentga biron marta kelmagan, Ne’matning to’yida qatnasholmagan, xotinini ham ko’rmagan edi.
— Hakimjon deganimiz mana shu odam,— dedi Ne’mat uni xotiniga tanishtirib.— Cho’lquvar do’stimiz. Komsomol yoshlar brigadasining boshligi. Bo’lajak qahramon. O’n kunlik seminarga kepti…

Ular birga o’qib, yotoqda ham bir xonada yashagan qadrdonlar edi. Ne’mat bilan Bahromni institutning o’zida ishga qoldirishdi. Hakim cho’lga ketdi. Dastlabki kezlar o’qtin-o’qtin xat yozishib turishardi, keyinchalik shunga ham qo’llari tegaaydigan bo’ldi. Bugun uchrashishdi-yu, oradan o’tgan qancha vaqt go’yo birdan unutildi — jiddiy, bosiq kishilardan tag’in bir paytlardagidek xushchaqchaq talabalarga aylanib qolishdi.

— Bizga ko’ngildan chiqarib pishirilgan bitta osh bilan Turg’unning rubobi kerak,— dedi Ne’mat xotiniga.
— Rubobni nima qilasiz?
— Ochig’i, biz bu yerga qo’shiq aytgani keldik,— iymanibroq gapga aralashdi Hakim.
— Qo’shiq?!— Sayyora ajablanib eriga qaradi.
— Qo’shiq,— xotirjam takrorladi Ne’mat.
— Rostdanmi?.. Qo’shiq aytganinglarni hech eshitmaganman…
— Bugun eshitasan. Avjini oladigan sherigimiz yo’qligidan aytmas edik-da,— Ne’mat Hakimga ishora qildi. Hakim bolalarcha qimtinib o’tirardi.— Yotoqni boshimizga ko’tarib bir qo’shiqlar aytardik, bir qo’shiqlar aytardik!.. Talabgorlarimizning soni yo’q, ziyofat- bazmlarning to’ri bizniki edi. Mana, Bahromdan so’ra. Bugun o’sha davrlarni eslab ilhom bilan bir boshlagachdik… bo’g’ib qo’yishdi.— U xotiniga boyagi gapni aytib berdi.

— Laqillatib bo’psiz!—dedi Sayyora oshxona tomon yurarkan.— Ashula aytadigan odamga sirayam o’xshamaysizlar…
— Nima, ashula aytadiganning shoxi bo’lishi kerakmi!—zarda qildi Ne’mat.— YO tavba!—dedi keyin do’stlariga yuzlanib.— Ashula aytadigan odamga o’xshamas emishmiz…

Sayyora birpasda dasturxon tuzadi, oshning hozirligini ko’rdi, rubobni olib chiqdi. Yigitlar bu orada undan-bundan gurunglashib o’tirishdi; studentlik yillarini, kursdoshlarini, turli-tuman hangamalarni eslashdi. Keyin Bahrom bilan Ne’mat beixtiyor institutlaridagi mojarolarga ko’chishdi. Hakim bu suhbatga picha quloq tutib zerikdi; xonaga ko’z yugurtirdi. Uy bekasining didini namoyish etib joylashgan jihozlar: televizor, divan, kitob javoni, devorlardagi xayolkash suratlar; shinam va osudalik uning ko’nglida orziqtiruvchi havas uyg’otdi. Ko’z oldiga o’zi ishlayotgan Bandixon cho’llari keldi: so’ngsiz osmonu so’ngsiz zamin, baland kranlar, chala imoratlar, ko’tarma quvurlar, qog’ozga chizilgandek muntazam paykallar, unda-bunda vagon-uylar… «Shahar yaxshi-da bari bir,— pinhon bir o’kinch bilan o’yladi u.— Qulay, ozoda. Istagan narsang muhayyo».

Stol atrofiga yig’ilishdi. Sayyora ham kelib o’tirdi. Qadah ko’tarishdi. Bu xonadonga yangi kelgan kishi sifatida Hakim qut-baraka tilab so’z aytdi.
Yigitlarning ko’nglini hamon qo’shiq dardi bezovta qilib turar, ammo Sayyoradan iymanibmi, hech biri bu to’g’rida gap ochishga botinolmasdi.
— Qani, endi eshitmaymizmi qo’shig’inglarni,— deb qoldi nihoyat Sayyoraning o’zi.

Ular o’zaro ko’z urishtirib olishdi-da, Ne’mat divanda yotgan rubobga qo’l cho’zdi.
— O, sozanda o’zimizdan ekanlar-ku,— dedi Sayyora sho’x kulib.

Yigitlar bir zum taysallanib turishdi-yu, so’ng bir- birlarini turta-turta boshlashdi. Qo’shiq avvaliga andak sustroq, parokandaroq chiqdi. Sayyoraning kulgisi keldi, birovlar uchun uyalgandek, ko’zida xijolat yoshi ham qalqdi. Lekin xiyol o’tmay sehrli bir kuch uni o’z amriga bo’ysundirganini sezmay qoldi. U endi bu qo’shiqni yonida o’tirgan kishilar aytayotganiga shubha qilar, eriga tanimayotgandek bot-bot tikilardi.

Sayyora, turmush qurishganiga mana ikki yildirki, Ne’matning gohi-gohida bir nimalarni o’zicha xirgoyi qilishini biladi, ammo rubob ushlaganini ko’rmagan, qo’shiq haqida gapirganini ham eshitgan emas. Shundan, u hozir ajib hayrat ichida o’tirardi. Sekin-sekin qo’shiq uni allalay-allalay xayollarini sudrab ketdi.

…Osmon etaklariga tutashgan dasht. Dashtning qoq belidan toylar uyuri yo’rtib borayotir. Ufqqa tomon… Ufq qirmiz yallig’da, osmon qirmiz yallig’da, osmon etaklariga tutashgan dasht — dashtda yo’rtib borayotgan toylar uyuri qirmiz yallig’da, toylarning yollari-kokillari qirmiz… Yollari-kokillaridan uchqun sachraydi, qirmiz uchqun. Izlarida raso maysazor iltijo bilan chayqalib qoladi. Izlar ufqqa tomon to’zg’ib borayotir. Uyur qirmiz selga burkanib ufqqa tomon borayotir. Qirmiz ufq tomon. Izlardan dasht hidi ufuradi. Dasht hidi, nomlari noma’lum giyohlar hidi…

Dasht o’rtasidagi baland chaylada bir qiz va bir yigit o’tiribdi. Ko’zlari ufqda…
Dashtning qoq belidan toylar uyuri yo’rtib borayotir. Ufqqa tomon. Ufq qirmizi-qirmizi…
Sayyora eshik qo’ng’irog’i jiringlayotganini xiyla kech, daf’atan payqab qoldi. Ijirg’anib dahlizga chiqdi. Bir ozdan so’ng qaytib kirib, erining nigohini tutmoqchi bo’ldi. Ne’mat, ko’zlari zavqdan yumilib ketgan, bu yoqqa qaramasdi. Sayyora bir lahza o’ylanib turdi- la, eshikka yurdi va tag’in qaytib kirdi.

‘ Nihoyat qo’shih oxirlab, Ne’matning unga ko’zi tushdi.
— Ha?—dedi u rubobni qo’yarkan.
— Adham aka…— dedi xushlamay Sayyora.
Ne’mat norozi to’ng’illab joyidan qo’zg’aldi.

Adham aka uning devor qo’shnisi edi. Hech mahal bunaqa chaqirib, kutib o’tirmas, to’g’ri kirib kelaverardi.
U bir qo’li orqasida, bir qo’li bilan siyrak sochlarini taragancha yo’lakda nari-beri yurib turardi.
— Tinchlikmi, qo’shni?— dedi uy egasini ko’rib to’xtarkan.
— Tinchlik, tinchlik—dedi Ne’mat iljayishga tirishib.— Og’aynilar kelishuvdi, o’tirib picha ko’ngil yozyapmiz.
— Men biror tantanami debman…
«Qo’shiqni to’y-tantanasiz, shunchaki aytish mumkin emas ekanmi?»

— Biror gap bo’lsa sizni bexabar qoldiramizmi, Adham aka. Kiring munday,— Ne’mat chetlanib, uyga taklif qildi.
— Meni qo’ying,— Adham akaning turqi o’zgardi.-— Bu yerda sizdan boshqa odamlar ham bor! Yaxshi emas, ukam, birov ishdan kelib dam olib yotsa-yu, siz bu yoqda…
— Biz bu yoqda ashula aytsak,— hazilga aylantirmoqchi bo’ldi Ne’mat.— Ha, og’aynilari kelgan ekan, xursandchilik qilyapti, deyishadi-qo’yishadi-da, Adham aka.

— Xursandchilik o’z yo’liga-yu, lekin qandoq bo’larkan ovozni varanglatib…
— Ashula aytish man etiladi, degan gap hech qaerda yozilmagan, chamamda?
— Ashula bir xilvatda aytiladi, ukam. Bu yerni shahar deydilar! Qolaversa, uyat bo’ladi, kap-katta yigit…
— Shaharda qo’shiq aytilmas ekan-da?! Sizdan eshitishim!—Ne’matning ham fe’li aynidi. U jahli tez, yonsa lovillaydigan xilidan edi. Qarshisidagi odamning istehzoli nigohi, muloyim-xunuk kesatiqlari bo’g’ziga qalampir sepganday, bexos tutaqib ketdi.— O’g’lingiz kechayu kunduz magnitofondan shallaqi qo’shiqlarni qiyqirtirib o’tiradi, tepadagi Ma’ruf akamizning qizlari tuni bilan miyaning qopqog’ini qoqqandek, osmonga sakrab o’yin tushadi, o’zingiz ho’ bir mahalgacha televizorni bo’kirtirib xokkey ko’rasiz… Bularga miq etmay chidab kelyapmiz-ku, nega bizning ozib-yozib bir martagina aytgan ashulamiz darrov malol kela qoldi?!

— Ashulani artist aytadi, akasi!—Adham aka buni juda osoyishta, lekin og’zidan zahar purkab galirdi.
— Ashulani yuragida zavqi bor, yuragi bor odam aytadi, Adham aka!—Ne’mat ham bosiq so’zlashga o’tdi.
— E, seni zavqingdan o’rgildim! Artist bo’lsang otarchilik qil, xumoring yoziladi!..— Adham aka shart burildi-yu, uyiga kirib ketdi.

Ne’mat g’azabdan titraganicha yo’lakda serrayib qoldi. U do’stlariga, ayniqsa, Bahromga qanday ro’para bo’lishni bilmasdi hozir.
— Nima gap?—dedi Bahrom uni ko’rgach, o’rnidan jonsarak qo’zg’alib qo’yarkan.— Biznikidagi mojaroniig davomi shekilli, ovozing balandroq chiqdi?
— Shunday,— Ne’mat kelib divanga o’tirdi.— Rubobni ol, Bahrom. Aytamiz! Qasdma-qasd aytamiz!

Bahrom rubobga qo’l ham cho’zmadi. Uchalasining ham boyagi zavqi so’ngan, o’tirish sovib qolgan edi.
— Adham aka… Yaxshi odam edi, hayronman,— dedi Ne’mat bir mahal. Qeyin o’zi bilan o’zi munozara qilgandek gapira ketdi.— Qo’shiqni faqat artist aytarmish!.. Odam yuragidagi nozik gaplarni turli yo’l bilan ifoda etadi: birov ashula aytadi, birov xirgoyi qiladi, birov askiya, birov hasrat…
— Qimdir ichiga yutib yuradi,— kulib luqma tashladi Bahrom.

— Ha… Xullas, o’sha dilidagini chiqargisi, yozilgisi keladi. Nahotki, ashula aytish beodobgarchilik sanalsa!.. Ko’chalarda to’p-to’p bo’lib gitara bilan qiyqirib yurish mumkinu uyda bafurja o’tirib qo’shiq aytish ayb ekan, tavba! Ko’chada rubob ko’tarib qo’shiq aytib ko’rchi, yo mast, yo aynib qopti, deyishadi. Ajab!.. Menim- cha, dilida zavqi, ravshanligi bor inson aytadi qo’shiqni. Shuni boshqalar ham eshitsin, boshqalarga ham yuqtiray, deydi. O’zi odamning ko’nglida ardoqlagan qo’shig’i bo’ladi. Masalan, men har kuni bir kuyni ichimda xirgoyi qilib yuraman…

— Gapingizga qaraganda, Adham akaning ham ko’nglida qo’shig’i bor-da, shundaymi?— Sayyora gapni hazilga burib, erini hovurdan tushirmoqchi bo’ldi.
— Bo’lgan,— battar chimirildi Ne’mat.— Bir vaqtlar… Bizdayligida aytgan hamdir balki… Qo’shiq malol keladi-ya bularga! Odam ham shunday johil bo’ladimi? Bunaqalar qaerdan paydo bo’larkan?
— Xuddi senu menga o’xshagan odamlardan!—qiroat bilan javob qaytardi Bahrom.— Bizdayligida qo’shiq aytgandir, deding. Yo’q, aytmagan. Aytgisi kelganda, tilini tishlagan: birovlardan iymangan, nimalarnidir mulohaza qilgan. Aytmay-aytmay, qo’shiq ko’nglida cho’kib, qotib qolavergan…
— Keyin johillikka aylangan?
— Ha, balli! Boyagi Adham akang shunaqa odam. Endi u qo’shiq aytganni ko’rolmaydi, negaki o’zi aytmagan, aytolmagan…
— Faqat Adham aka emas…

— Aksiga oldi o’zi bugun: qaerga borsak, qo’shiq bezorlarga uchrayapmiz,— dedi Bahrom Hakimga qarab.— Tasodif-da, og’ayni, tasodif. Bu gapni birovga aytsang ishonmaydi…
— Har qanday tasodifda ham bir chimdim qonuniyat bo’ladi,—deb kulimsiradi shu choqqacha jim o’tirgan Hakim.
— Falsafadan tuzuk eding, bola.— Ne’mat uning yelkasiga qoqib o’rnidan turdi.— Shu bugun qo’shiq aytmasak hisobmas, yigitlar,—bo’g’ilib ketadi odam. Achchiqma-achchiq…
— Qaerda?—ko’zlarini katta ochib so’radi Sayyora
— Topamiz joyini!

Ne’mat ichkarigi xonaga o’tdi. Uning rostakam kiyinib chihhanini ko’rgan Sayyora o’rnidan turib ketdi.
— Voy-voy, ovqat-chi?—U eriga «uyat bo’lmaydimi» degandek sarosimada tikildi.
— Ovqat?—ensasi qotib so’radi Ne’mat toshoycha oldida bo’yinbog’ini to’g’rilarkan.— Maqsad ovqat yeyishmi?—xotiniga yuzlanib oldi u.— Ovqatni Adham aka yesin! Qeyin kechasi bilan televizorini bo’kirtirib xokkey ko’radi; o’g’lining behayo qo’shihlarini eshitadi; tepasida Dil`ka osmonga sakrab tepinib turadi… Ana maza, ana rohat!
— Qo’ying endi, boshqa kun… Bolaning ishiga o’xshaydi…
— Qaror qat’iy, Sayyoraxon,— dedi Bahrom.— Bo’lmasa hozir sizniyam johillar ro’yxatiga tirkab qo’yadi bu, avzoyini ko’ryapsiz-ku.

Erining devonaliklariga ko’nikib qolgan Sayyora ortiq monelik bildirib o’tirmadi.
— Ovqatni kelib yeymiz,— deya sho’x pichirladi Ne’mat, eshikdan chiqisharkan.— Qo’shiq aytmagunimizcha tomoqdan o’tmaydi…
Yigitlar — birining qo’lida rubob, birining qo’lida og’zi ochilgan shisha, birining qo’lida ikki dona pomidor, cho’ntagida piyola, tapir-tupur zinadan tushib ketishdi. Ko’ngillardagi qo’shiq aytish ishtiyoqi endi telba bir jazavaga aylangan edi.

…Taksi shoferi ularning muddaosiga tushunmay, hadeb yelka qisardi. Har kuni o’nlab yo’lovchini ko’radigan odam bunaqalarini hali uchratmagan edi: birining qo’lida rubob, birining qo’lida og’zi ochilgan shisha, birining qo’lida ikki dona pomidor, cho’ntagi qappaygan — boradigan joylarining tayini yo’q… Raftoridan tuppa-tuzuk, o’qimishli yigitlarga o’xshashadi.
— Mayli, o’tiringlar,— mashina eshigini ochdi u nihoyat.— Hirotga desangiz Hirotga-da, akalar. Bizga bari bir…

Kech kirgan, shahar uzra oqshom tarovati kezib yurar, ko’chalarda odam siyrak edi.
Birpasda shahar orqada qoldi. Dala yo’liga chiqilgach, chog’roq bir do’nglik ko’rinib, «Shu yerda to’xtating, og’ayni», dedi Ne’mat shoferga.
— Bir og’iz so’zingiz, aka…

Mashina shundoq do’ngga yaqin kelib to’xtadi. Ne’mat sheriklariga bir nazar tashlab mashinadan tushdi-yu, do’ngga qarab yo’l oldi. Sheriklari unga ergashdi.
Shofer kabinadan oyog’ini osiltirgancha ularning orqasidan hayratomuz tikilib qolarkan, «kayflari oshib- di-da», dedi ko’nglida.

Yigitlar do’ng boshida chordana qurishdi. Bir piyoladan ichib, bo’shagan shishani pastga dumalatib yuborishdi. Pomidorni hidlay-hidlay og’izlariga solishdi.
— Uyda ham ichsak bo’lardi shuni.— Ne’mat rubobni olib o’rnidan turdi. Bahrom bilan Hakim ham qo’zg’a- lishdi. U ting’irlatib rubobni sozladi.
— Qani, oldik…

Do’ng boshida oy shu’lasiga ko’milgan uchta qora turardi. Qo’llarida rubob, dillarida bezovta navo… Lekin hech biridan sado chiqmasdi. Bir zamon shaharga yetguday baland qahqaha yangradi do’ng boshida…
— Eh, afandilar, qo’shiq aytish uchun erinmay shuncha zaminga kelibmiz-a! Eh, afandilar!..

«Afandilar» oy shu’lasiga ko’milgancha shalvirab do’ngdan tushib kelishdi.
— Shaharga,— dedi Bahrom chuqur hasrat bilan.
— Hirotga demaysizmi, aka. Bizga bari bir…

Ayni chog’da ularni bir muammo qiynardi: «Nega bunaqa bo’ldi? Shuncha joydan atay kelib nega aytolmadik? Hech kim xalaqit bermasdi-ku, hech kim dakki ber» masdi-ku. Adham aka yo’q-ku bu yerda, uyida tinchgina xokkey ko’rib o’tirgandir u… Nega bunaqa bo’ldi?..»

Mashina bir qop yulduz sochilgandek chiroqlari jimirlashib turgan shahar tomon yelib ketdi. Qo’shiq aytadigan va aytmaydiganlar, qo’shiq eshitadigan va eshitmaydiganlar tomon…

Ajabki, shaharga yaqinlashganlari sari qo’shiq aytish ishtiyoqi ularni tag’in bezovta qila boshladi. Endv uchalovining ham xayolida qat’iy bir fikr charx urardi: «Aytamiz! Bari bir
aytamiz!»

07

(Tashriflar: umumiy 1 983, bugungi 1)

1 izoh

  1. Лирик прозанинг жуда гўзал намунаси.. Адибимизнинг қаламлари ҳамиша равон бўлсин!

Izoh qoldiring