Ижодкор сўзининг илоҳийлиги шундаки, у ижод қилиш жараёнида нима ёзаётганини ўзи ҳам билмайди, тўхтовсиз ёзаверади. Гаплашиб ўтирганида оддий, ҳамма қатори одам. Ижод столига ўтирганда, шеъри юксакликка кўтарилганда, бутунлай бошқа одамга айланади.
ИНСОН БАДИИЙ ТАФАККУРГА МУҲТОЖ
Устоз Эркин Воҳидов билан суҳбат
— Эркин ака, шеър фақат бугуннинг ижтимоий ҳодисаси эмас. Бугунги кунларгача етиб келган халқ оғзаки ижодининг нодир намуналари (ўлан, лапар, алла, ёр-ёр…) сўз санъатининг қадимийлигидан далолат бермайдими?
— Энг қадимги шеърият (она алласи, муҳаббат фарёди, боласини йўқотган она марсияси ва шу кабилар) оғзаки шаклда туғилиб, оғиздан-оғизга ўтган. Ибтидоий инсонларнинг Олий қудратга фарёд-ла қилган мурожаати мана шу тарзда тилдан-тилга кўчиб юрган. Бу нодир асарларнинг ўлмай, бизнинг замонамизгача етиб келишининг боиси эса уларда туйғуларнинг софлиги, самимийлиги, дард ва хайрат мавжудлигидадир.
Халқ оғзаки ижодида аниқ бир муаллиф йўқ. Ноаниқлигича қолаверган. Дейлик, бир одам шеър тўқиган, иккинчиси эшитиб, учинчисига етказган. Шу тариқа хозирги латнфаларга ўхшаб тарқалиб кетган. Энг асосий сабаб, у замонда ёзув кашф этилмаган эди. Халқнинг мулкига айланган «Гўрўғли», «Алпомиш»дек буюк достонларнинг хам аслида муаллифи бўлган ва яшаб ўтган.
Ёзув маданияти пайдо бўлгандан сўнг, хар бир асарга муаллиф ўз номини қайд этган. Мисол учун арабларда аруз вазнида ижод қилган шоирлар шеърнинг сўнгги мисраларига ўз тахаллусини киритган. Бу анъана Эрон, ундан кейин Туркистон ижодий муҳитига кўчиб кирган. Ундан илгари Юнон, Рим, Оссурия адабиёти ривожланган, муаллифлар шуҳрат қозонган.
Мумтоз адабиётимизда кўп такрорланган мавзулардан бири, бу — муҳаббат. Аввало бу мавзу боқий, ўлмас мавзу бўлгани учун шунга кўп мурожаат қилинган. Лекин муҳаббатни ҳар бир шоир ўз овозида, ўз охангида талқин қилган. Мисол учун «Мен сени яхши кўраман» деган каломни дунёда қанча шоир бўлса, хаммаси ўз овозида айтади. Чунки хар кимнинг юрагида кечаётган туйғуни ўзигина хис қилади. Шунинг учун мумтоз шоирларимиз ўз шеърларида муҳаббат мавзуини қаламга олганда, кўнглидагини ёзган, юрагини қўшган, жило берган. Халқ оғзаки ижодида ҳам шу хусусиятлар бўй бергани учун мўъжизавийдир, қадимийдир, сеҳрлидир.
— Бугунги тамаддунда шеър қандай роль ўйнаяпти?
— Ҳар бир санъат тури ўз замонида гуркирайди. Мисол учун, драма Шекспир, Мольер замонида юксакка кўтарилган. Рассомчилик санъати XV аср Италияда олий миқёсда ривож топган. Шеърият хам худди шундай.
Шеърият Европада XIX аср иккинчи ярмида гуллаб-яшнаган бўлса, Шарқ оламида бундан тахминан минг йиллар илгари чақмоқдай чақнаган. Ҳофиз, Саъдий, Бедил, Умар Хайём, Алишер Навоий шеъриятни юксак чўққига кўтаришган. Форс шеърияти таъсирида уйғонган ўзбек шеърияти хам бу даражадан кам бўлмаган. Ҳозирги миллий шеъриятимиз ҳам бундан мустасно эмас.
Ҳар бир замоннинг ўз мезони, юки мавжуд. Ҳар бир замоннинг ўз гапи бор. Мана илм-фан, техника асрида кино санъати, телевидение, компьютерлар пайдо бўлди. Бу мўъжизалар воситасида дунёнинг ифодасини ўзгача шаклда, ўзгача мезонларда талқин қилишлар буткул бошқача маъно касб этаяпти. Одамни хавфли ўй босади: «Келажакда шеърият нима бўлади? Китоб мутолааси-чи?» Олдиндан қеч нарса деб бўлмайди. Лекин агар бу маънавий бойликлар йўқ бўлиб кетса, жуда катта тарихий адолатсизлик, инсоният учун жуда катта йўқотиш юз беради. Ижодкорнинг сўзи изсиз йўқолса, бундан ортиқ фожиа йўқ. Шунинг учун адабиётга ўсиш, ривожланиш нуқтаи назаридан қарамаслик керак.
Мен аминман, шеърият, ижод, адабиёт, бадиий тафаккур яшайди. Инсон, барибир, бадиий тафаккурга муқтожлик сезади.
— Шсърнинг реаллигини нимада кўриш мумкин?
— Шеърият реализмга етиб келгунга қадар романтизм, классицизм йўлларини ҳам босиб ўтган. Бу дунёқарашлар ўзгарган, қанчадан-қача «изм»лар пайдо бўлган, бироқ ҳамиша реалистик адабиёт устун бўлиб келган. Чунки инсоннинг ўзи реал мавжудот. Инсоннинг туйғулари реал, бор туйғулар.
Инсон тафаккурида, туйғуларида қандайдир маълум босқичлар бўлади, хаёлот жилвалари бўй кўрсатади. Бироқ бунинг бари муваққат. Реалистик тафаккур, реалистик сўз, реал ҳис-туйғуларнинг умри эса мангудир.
— Шеъриятда кашфиёт нима?
— Ҳар бир шоир, ҳар бир адиб қўлига қалам олиб ижод қила бошлаганда шундай фикрлаши керак: «Жаҳон адабиёти мендан бошланади. Мен адабиётга янгилик олиб кираман! Шу пайтгача нимани ўқиган, қайси асарни мутолаа қилган бўлсам (асар классик даражада зўр ёзилган бўлса ҳам), қатъий назар, бундан ҳам зўр ёзиб қўяман», деган бир умид учқун сачратиши керак юракда. Мана шундай исён бўлгандагина ҳақиқий шеър, сўз туғилади.
Агар ижодкор Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор асарларини ўқиб, шу адибларга эргашиб, уларнинг йўлини давом эттираман деб ўйласа, бир қадам силжиган тақдирда ҳам, ўз номи, ўз овозига эга бўлмайди, қеч қачон ўз дунёсини ярата олмайди.
Ижодкор адабиёт майдонига ўз дунёси билан киради ва ўз дунёсини қолдириб кетади. Демакки, ижодкор ўзини кашф қилиши керак. Етук асарлар яратиш билан, албатта.
Дунёда, ўзини кашф қилмаган инсонлар сон мингта, миллионта. Агарда миллионта одам шу қудратга эга бўлганда эди, миллион хил ижод бўларди. Дунёда бир-бирига ўхшаган инсон йўқ.
— «Қаро қошинг, қалам қошинг…» мисраси билан бошланувчи (бош-оёқ аллетрация қўлланилган) шеърингиз бор. Бу шеърдаги мазмун ва шакл мутаносиблиги, сўз ва оҳанг уйғунлиги мукаммал санъат асарини юзага келтирган. Айтинг-чи, шсърнинг санъат асари эканига яна қандай далиллар келтириш мумкин?
— Шеър санъат даражасида ёзилиши учун биринчи шарт: ижодкорда бадиий тафаккур зуҳр бўлиши керак. Тўғри келган гапни шундайлигича ёзиб кетаверган билан ҳеч қачон шеър кашф қилолмайсиз. Мисол учун, «кўзойнакни тақиб юр, қуёшдан асрайди», деган жумла шу қолипда ифодаланса, ҳақиқий шеър туғилмайди. Ҳазрат Навоий бу ҳақда: «Агарда майни соғинишда кўзларим кўрмайдиган аҳволга келиб қолса, май шишасини синдириб, кўзимга ойнак қиламан», деб айтганлар. Бу энди шеърият, ақл бовар қилмайдиган, фақат Навоий айтиши мумкин бўлган сўз, нодир шеър. Ёки яна бир мисол:
Оҳу ёшимдан тортадир дарду табиб,
Баским ярашмас эмди бу об-ҳаво манга.
«Оҳ»дан ел чиқади, кўз ёшидан — нам. Бу ерда обу ҳаво деган сўз бор. Кўз ёш тўкканим билан, «оҳ» чекканим билан бу об- ҳаво мени фақат заифлигимни орттирди, дардимга дард қўшди. Бу об-ҳаво менга тўғри келмади, шунинг учун бу ердан бош олиб кетиш керак, нафақат Ҳиротдан, дунёдан ҳам, дейиляпти.
Қаранг, шу кичкина жумлада ҳам фикр, ҳам образ, ҳам туйғу бор. Бу — шеър, сўз санъати. Шеърнинг мўъжизавийлиги, санъат эканлиги — шу.
Ёки мана бу сўзга эътибор беринг: «Мана бу уй баҳорга бағрини очиб турибди». Бу уйнинг очиқ турган деразасига шоирнинг келтирган ташбеҳидир. Шеър санъат даражасига етиши учун ана шундай образли тафаккур қилиш керак.
Бу савол бир китоб ёзса бўладиган мавзу. Мен битта деталь, бадиий тафаккурни мисол келтирдим, холос.
— Бугун бармоқ, сарбаст ва шу каби бошқа вазнларда ёзилаётган шсърларга кўпроқ дуч келаяпмиз. Арузда эса негадир оқсаш бор. Бу шу мумтоз шеърий вазнда ижод қилишнинг мураккаблигиданми ё шеър аҳлининг арузга кўниколмаётганиданми? Шунингдек арузнинг бугунги кундаги мавқеи ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз…
— Мен учун ҳеч қандай вазннинг аҳамияти йўқ. Шекспир сонет ёзгунича бирорта одам сонетнинг улуғлигини тасаввур қилмаган бўлса керак.
Бизда Навоийдан кейин шундай шоирлар ўтганки, партия, совет ҳукуматини мақтаб, шеърга солиб арузнинг мавқеига путур етказишган. Ҳаттоки, Абдулла Қаҳҳор, арузниям дабдаласини чиқардиларинг, энди арузда ёзманглар, деб норози бўлган.
Бир вақтлар аруз вазнида шеър ёзиш-ёзмаслик муаммоси кўтарилганда, арузда ёзмаслик тарафдорлари нўноқ шоирлардан мисол келтириб, арузда ёзиш тарафдорлари Навоийдан мисол келтиришган.
Ҳамма гап истеъдодда. Истеъдод шундай нур, шуълаки, зах тушган бурчакка тушсаям, уни нур қилиб ёритиб юборади.
Бир вақтлар туркий тилда шеър ёзиб бўлмайди деган тўхтамга келинган. Шеър форс тилида ёзилиши керак, форс тили гўзал тил, туркий тил тиконга ўхшайди, бу тилда сўкиш мумкин, бозорда савдо қилиш мумкин, борингки, ҳарбийда «тур», «ўтир», дейиш мумкин, деб ҳамма бир фикрга келган. Шунда Навоий, Фузулий турк тилининг назокатини очиб, шу гўзал тилда шеър кашф қилиб, ўз истеъдод нури билан ёритгандан кейин туркий тил ҳам ғоят гўзал тил эканлигини Абдураҳмон Жомий эътироф этган: «Навоий биз форс-тожик шоирларига раҳм-шафқат қилиб форсчада ёзмаган, туркчада ёзган. Агар шу ижодкор форсчада «Хамса», девон ёзганда, биз бечораларга нима қоларди…»
Фузулий бу эътирофни шеърга солган:
Ул сабабким форсий лафзинда чўғдир назмким,
Назм нозик турк лафзинда экан душвор ўлур.
Банда тавфи ўлса, ул душвор осон айламас,
Навбаҳор ўлгач, тикандин барги гул изҳор ўлур.
Баҳорда саҳрода тикандан гул очилади. Ёз кириши билан яна ўз ҳолига, чақир тиканга айланади. Баҳор нафосат бағишлайди. Гап вазнда эмас. Ҳайрат, дард, руҳиятда.
Аруз — бизнинг маънавий хазинамиз, бойлигимиз. Бу бойликни йўқотмаслигимиз керак. Мен истардимки, шу вазнда шеър ёзган ижодкорлар мухлисларни ўзига жалб қилишса.
— Шоир — реал шахс. Агар у ўз овози, оҳанги, ўз сўзига эга бўлса ва шу сўз замирида ўзлигини кашф этса, тарихий шахсга айланиши ҳам мумкин. Шундай эмасми?
— Албатта. Агар сўз санъаткори ўзлигини кашф этса, тарихий шахсга айланадн. Лекин ҳар бир шоир ҳам тарихий шахсга айланавермайди. Бизнинг юртимизда кўп шоирлар яшаб ўтган. Масалан, Лутфий, Атоий ажойиб шоирлар. Лекин жуда катта шахс деб айтиб бўлмайди.
Ўзини дор тагига олиб борган Машраб — шахс, ўз замонасида катта исён қилиб, турк тилида шеъриятни юксакликка кўтарган Навоий — шахс, Мирзо Бобур — шахс. Тарихий шахслар мана шундай саноқли одамлар билан характерланади.
Шоир тарихий шахсга айланиши учун жамиятда ўзининг тутган ўрни, мавқеи, замонасининг тафаккурида қолдирган изи бўлиши керак. Шунингдек, шахс сифатида йирик сиймо ҳам бўлиши лозим.
— Бугунги кунда миллий шеъриятимизда қайси мавзулар етишмаяпти деб ўйлайсиз?
— Мавзунинг менга аҳамияти йўқ. Шоирнинг шеър ёзишда мавзу танлаши ғалати. Аввало, бу иш адабиётшуносларга тааллуқли. Шоир ижоди билан шуғулланиб, асарларини таҳлил қилиб, мавзуларга ажратади. Мавзу, жанр, услуб — бари адабий танқидчилар ўрганадиган соҳа.
Шоир шеър ёзаётган маҳал ғоя пайдо бўлади. Ижодкор бадиий тафаккур қилади. Образлар яратади. Бутун дунёси илоҳийликка қоришади. Ижодкор сўзининг илоҳийлиги шундаки, у ижод қилиш жараёнида нима ёзаётганини ўзи ҳам билмайди, тўхтовсиз ёзаверади. Гаплашиб ўтирганида оддий, ҳамма қатори одам. Ижод столига ўтирганда, шеъри юксакликка кўтарилганда, бутунлай бошқа одамга айланади.
Манба: «Бекажон», 2007 йил, 37-сон
INSON BADIIY TAFAKKURGA MUHTOJ
Ustoz Erkin Vohidov bilan suhbat
— Erkin aka, she’r faqat bugunning ijtimoiy hodisasi emas. Bugungi kunlargacha yetib kelgan xalq og’zaki ijodining nodir namunalari (o’lan, lapar, alla, yor-yor…) so’z san’atining qadimiyligidan dalolat bermaydimi?
— Eng qadimgi she’riyat (ona allasi, muhabbat faryodi, bolasini yo’qotgan ona marsiyasi va shu kabilar) og’zaki shaklda tug’ilib, og’izdan-og’izga o’tgan. Ibtidoiy insonlarning Oliy qudratga faryod-la qilgan murojaati mana shu tarzda tildan-tilga ko’chib yurgan. Bu nodir asarlarning o’lmay, bizning zamonamizgacha yetib kelishining boisi esa ularda tuyg’ularning sofligi, samimiyligi, dard va xayrat mavjudligidadir.
Xalq og’zaki ijodida aniq bir muallif yo’q. Noaniqligicha qolavergan. Deylik, bir odam she’r to’qigan, ikkinchisi eshitib, uchinchisiga yetkazgan. Shu tariqa xozirgi latnfalarga o’xshab tarqalib ketgan. Eng asosiy sabab, u zamonda yozuv kashf etilmagan edi. Xalqning mulkiga aylangan «Go’ro’g’li», «Alpomish»dek buyuk dostonlarning xam aslida muallifi bo’lgan va yashab o’tgan.
Yozuv madaniyati paydo bo’lgandan so’ng, xar bir asarga muallif o’z nomini qayd etgan. Misol uchun arablarda aruz vaznida ijod qilgan shoirlar she’rning so’nggi misralariga o’z taxallusini kiritgan. Bu an’ana Eron, undan keyin Turkiston ijodiy muhitiga ko’chib kirgan. Undan ilgari Yunon, Rim, Ossuriya adabiyoti rivojlangan, mualliflar shuhrat qozongan.
Mumtoz adabiyotimizda ko’p takrorlangan mavzulardan biri, bu — muhabbat. Avvalo bu mavzu boqiy, o’lmas mavzu bo’lgani uchun shunga ko’p murojaat qilingan. Lekin muhabbatni har bir shoir o’z ovozida, o’z oxangida talqin qilgan. Misol uchun «Men seni yaxshi ko’raman» degan kalomni dunyoda qancha shoir bo’lsa, xammasi o’z ovozida aytadi. Chunki xar kimning yuragida kechayotgan tuyg’uni o’zigina xis qiladi. Shuning uchun mumtoz shoirlarimiz o’z she’rlarida muhabbat mavzuini qalamga olganda, ko’nglidagini yozgan, yuragini qo’shgan, jilo bergan. Xalq og’zaki ijodida ham shu xususiyatlar bo’y bergani uchun mo»jizaviydir, qadimiydir, sehrlidir.
— Bugungi tamaddunda she’r qanday rol` o’ynayapti?
— Har bir san’at turi o’z zamonida gurkiraydi. Misol uchun, drama Shekspir, Mol`er zamonida yuksakka ko’tarilgan. Rassomchilik san’ati XV asr Italiyada oliy miqyosda rivoj topgan. She’riyat xam xuddi shunday.
She’riyat Yevropada XIX asr ikkinchi yarmida gullab-yashnagan bo’lsa, Sharq olamida bundan taxminan ming yillar ilgari chaqmoqday chaqnagan. Hofiz, Sa’diy, Bedil, Umar Xayyom, Alisher Navoiy she’riyatni yuksak cho’qqiga ko’tarishgan. Fors she’riyati ta’sirida uyg’ongan o’zbek she’riyati xam bu darajadan kam bo’lmagan. Hozirgi milliy she’riyatimiz ham bundan mustasno emas.
Har bir zamonning o’z mezoni, yuki mavjud. Har bir zamonning o’z gapi bor. Mana ilm-fan, texnika asrida kino san’ati, televidenie, komp`yuterlar paydo bo’ldi. Bu mo»jizalar vositasida dunyoning ifodasini o’zgacha shaklda, o’zgacha mezonlarda talqin qilishlar butkul boshqacha ma’no kasb etayapti. Odamni xavfli o’y bosadi: «Kelajakda she’riyat nima bo’ladi? Kitob mutolaasi-chi?» Oldindan qech narsa deb bo’lmaydi. Lekin agar bu ma’naviy boyliklar yo’q bo’lib ketsa, juda katta tarixiy adolatsizlik, insoniyat uchun juda katta yo’qotish yuz beradi. Ijodkorning so’zi izsiz yo’qolsa, bundan ortiq fojia yo’q. Shuning uchun adabiyotga o’sish, rivojlanish nuqtai nazaridan qaramaslik kerak.
Men aminman, she’riyat, ijod, adabiyot, badiiy tafakkur yashaydi. Inson, baribir, badiiy tafakkurga muqtojlik sezadi.
— Shs’rning realligini nimada ko’rish mumkin?
— She’riyat realizmga yetib kelgunga qadar romantizm, klassitsizm yo’llarini ham bosib o’tgan. Bu dunyoqarashlar o’zgargan, qanchadan-qacha «izm»lar paydo bo’lgan, biroq hamisha realistik adabiyot ustun bo’lib kelgan. Chunki insonning o’zi real mavjudot. Insonning tuyg’ulari real, bor tuyg’ular.
Inson tafakkurida, tuyg’ularida qandaydir ma’lum bosqichlar bo’ladi, xayolot jilvalari bo’y ko’rsatadi. Biroq buning bari muvaqqat. Realistik tafakkur, realistik so’z, real his-tuyg’ularning umri esa mangudir.
— She’riyatda kashfiyot nima?
— Har bir shoir, har bir adib qo’liga qalam olib ijod qila boshlaganda shunday fikrlashi kerak: «Jahon adabiyoti mendan boshlanadi. Men adabiyotga yangilik olib kiraman! Shu paytgacha nimani o’qigan, qaysi asarni mutolaa qilgan bo’lsam (asar klassik darajada zo’r yozilgan bo’lsa ham), qat’iy nazar, bundan ham zo’r yozib qo’yaman», degan bir umid uchqun sachratishi kerak yurakda. Mana shunday isyon bo’lgandagina haqiqiy she’r, so’z tug’iladi.
Agar ijodkor Abdulla Qodiriy, Abdulla Qahhor asarlarini o’qib, shu adiblarga ergashib, ularning yo’lini davom ettiraman deb o’ylasa, bir qadam siljigan taqdirda ham, o’z nomi, o’z ovoziga ega bo’lmaydi, qech qachon o’z dunyosini yarata olmaydi.
Ijodkor adabiyot maydoniga o’z dunyosi bilan kiradi va o’z dunyosini qoldirib ketadi. Demakki, ijodkor o’zini kashf qilishi kerak. Yetuk asarlar yaratish bilan, albatta.
Dunyoda, o’zini kashf qilmagan insonlar son mingta, millionta. Agarda millionta odam shu qudratga ega bo’lganda edi, million xil ijod bo’lardi. Dunyoda bir-biriga o’xshagan inson yo’q.
— «Qaro qoshing, qalam qoshing…» misrasi bilan boshlanuvchi (bosh-oyoq alletratsiya qo’llanilgan) she’ringiz bor. Bu she’rdagi mazmun va shakl mutanosibligi, so’z va ohang uyg’unligi mukammal san’at asarini yuzaga keltirgan. Ayting-chi, shs’rning san’at asari ekaniga yana qanday dalillar keltirish mumkin?
— She’r san’at darajasida yozilishi uchun birinchi shart: ijodkorda badiiy tafakkur zuhr bo’lishi kerak. To’g’ri kelgan gapni shundayligicha yozib ketavergan bilan hech qachon she’r kashf qilolmaysiz. Misol uchun, «ko’zoynakni taqib yur, quyoshdan asraydi», degan jumla shu qolipda ifodalansa, haqiqiy she’r tug’ilmaydi. Hazrat Navoiy bu haqda: «Agarda mayni sog’inishda ko’zlarim ko’rmaydigan ahvolga kelib qolsa, may shishasini sindirib, ko’zimga oynak qilaman», deb aytganlar. Bu endi she’riyat, aql bovar qilmaydigan, faqat Navoiy aytishi mumkin bo’lgan so’z, nodir she’r. Yoki yana bir misol:
Ohu yoshimdan tortadir dardu tabib,
Baskim yarashmas emdi bu ob-havo manga.
«Oh»dan yel chiqadi, ko’z yoshidan — nam. Bu yerda obu havo degan so’z bor. Ko’z yosh to’kkanim bilan, «oh» chekkanim bilan bu ob- havo meni faqat zaifligimni orttirdi, dardimga dard qo’shdi. Bu ob-havo menga to’g’ri kelmadi, shuning uchun bu yerdan bosh olib ketish kerak, nafaqat Hirotdan, dunyodan ham, deyilyapti.
Qarang, shu kichkina jumlada ham fikr, ham obraz, ham tuyg’u bor. Bu — she’r, so’z san’ati. She’rning mo»jizaviyligi, san’at ekanligi — shu.
Yoki mana bu so’zga e’tibor bering: «Mana bu uy bahorga bag’rini ochib turibdi». Bu uyning ochiq turgan derazasiga shoirning keltirgan tashbehidir. She’r san’at darajasiga yetishi uchun ana shunday obrazli tafakkur qilish kerak.
Bu savol bir kitob yozsa bo’ladigan mavzu. Men bitta detal`, badiiy tafakkurni misol keltirdim, xolos.
— Bugun barmoq, sarbast va shu kabi boshqa vaznlarda yozilayotgan shs’rlarga ko’proq duch kelayapmiz. Aruzda esa negadir oqsash bor. Bu shu mumtoz she’riy vaznda ijod qilishning murakkabligidanmi yo she’r ahlining aruzga ko’nikolmayotganidanmi? Shuningdek aruzning bugungi kundagi mavqei haqida ham to’xtalib o’tsangiz…
— Men uchun hech qanday vaznning ahamiyati yo’q. Shekspir sonet yozgunicha birorta odam sonetning ulug’ligini tasavvur qilmagan bo’lsa kerak.
Bizda Navoiydan keyin shunday shoirlar o’tganki, partiya, sovet hukumatini maqtab, she’rga solib aruzning mavqeiga putur yetkazishgan. Hattoki, Abdulla Qahhor, aruzniyam dabdalasini chiqardilaring, endi aruzda yozmanglar, deb norozi bo’lgan.
Bir vaqtlar aruz vaznida she’r yozish-yozmaslik muammosi ko’tarilganda, aruzda yozmaslik tarafdorlari no’noq shoirlardan misol keltirib, aruzda yozish tarafdorlari Navoiydan misol keltirishgan.
Hamma gap iste’dodda. Iste’dod shunday nur, shu’laki, zax tushgan burchakka tushsayam, uni nur qilib yoritib yuboradi.
Bir vaqtlar turkiy tilda she’r yozib bo’lmaydi degan to’xtamga kelingan. She’r fors tilida yozilishi kerak, fors tili go’zal til, turkiy til tikonga o’xshaydi, bu tilda so’kish mumkin, bozorda savdo qilish mumkin, boringki, harbiyda «tur», «o’tir», deyish mumkin, deb hamma bir fikrga kelgan. Shunda Navoiy, Fuzuliy turk tilining nazokatini ochib, shu go’zal tilda she’r kashf qilib, o’z iste’dod nuri bilan yoritgandan keyin turkiy til ham g’oyat go’zal til ekanligini Abdurahmon Jomiy e’tirof etgan: «Navoiy biz fors-tojik shoirlariga rahm-shafqat qilib forschada yozmagan, turkchada yozgan. Agar shu ijodkor forschada «Xamsa», devon yozganda, biz bechoralarga nima qolardi…»
Fuzuliy bu e’tirofni she’rga solgan:
Ul sababkim forsiy lafzinda cho’g’dir nazmkim,
Nazm nozik turk lafzinda ekan dushvor o’lur.
Banda tavfi o’lsa, ul dushvor oson aylamas,
Navbahor o’lgach, tikandin bargi gul izhor o’lur.
Bahorda sahroda tikandan gul ochiladi. Yoz kirishi bilan yana o’z holiga, chaqir tikanga aylanadi. Bahor nafosat bag’ishlaydi. Gap vaznda emas. Hayrat, dard, ruhiyatda.
Aruz — bizning ma’naviy xazinamiz, boyligimiz. Bu boylikni yo’qotmasligimiz kerak. Men istardimki, shu vaznda she’r yozgan ijodkorlar muxlislarni o’ziga jalb qilishsa.
— Shoir — real shaxs. Agar u o’z ovozi, ohangi, o’z so’ziga ega bo’lsa va shu so’z zamirida o’zligini kashf etsa, tarixiy shaxsga aylanishi ham mumkin. Shunday emasmi?
— Albatta. Agar so’z san’atkori o’zligini kashf etsa, tarixiy shaxsga aylanadn. Lekin har bir shoir ham tarixiy shaxsga aylanavermaydi. Bizning yurtimizda ko’p shoirlar yashab o’tgan. Masalan, Lutfiy, Atoiy ajoyib shoirlar. Lekin juda katta shaxs deb aytib bo’lmaydi.
O’zini dor tagiga olib borgan Mashrab — shaxs, o’z zamonasida katta isyon qilib, turk tilida she’riyatni yuksaklikka ko’targan Navoiy — shaxs, Mirzo Bobur — shaxs. Tarixiy shaxslar mana shunday sanoqli odamlar bilan xarakterlanadi.
Shoir tarixiy shaxsga aylanishi uchun jamiyatda o’zining tutgan o’rni, mavqei, zamonasining tafakkurida qoldirgan izi bo’lishi kerak. Shuningdek, shaxs sifatida yirik siymo ham bo’lishi lozim.
— Bugungi kunda milliy she’riyatimizda qaysi mavzular yetishmayapti deb o’ylaysiz?
— Mavzuning menga ahamiyati yo’q. Shoirning she’r yozishda mavzu tanlashi g’alati. Avvalo, bu ish adabiyotshunoslarga taalluqli. Shoir ijodi bilan shug’ullanib, asarlarini tahlil qilib, mavzularga ajratadi. Mavzu, janr, uslub — bari adabiy tanqidchilar o’rganadigan soha.
Shoir she’r yozayotgan mahal g’oya paydo bo’ladi. Ijodkor badiiy tafakkur qiladi. Obrazlar yaratadi. Butun dunyosi ilohiylikka qorishadi. Ijodkor so’zining ilohiyligi shundaki, u ijod qilish jarayonida nima yozayotganini o’zi ham bilmaydi, to’xtovsiz yozaveradi. Gaplashib o’tirganida oddiy, hamma qatori odam. Ijod stoliga o’tirganda, she’ri yuksaklikka ko’tarilganda, butunlay boshqa odamga aylanadi.
Manba: «Bekajon», 2007 yil, 37-son