Farhod Arziyev. She’rlar

045    Таниқли шоира Зебо Мирзо бир суҳбатида Сўз билан ҳалол ишлаётган шоирлар ҳақида гапирар экан, «Фарҳод Арзиевнинг «Ёлғизлик ранглари» китоби менинг ён дафтарим» деган эди. Бугун Фарҳоднинг айни шу китобидан олинган шеърларни сизга тақдим этамиз.

Фарҳод Арзиев
ШЕЪРЛАР
045

Фарҳод Арзиев 1975 йилда Навоий вилояти, Нурота туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини, Ҳиндистон Оммавий ахборот воситалари институтини, Буюк Британиядаги Сити университетини тугатган. «Ёлғизлик ранглари» шеърий тўпламининг муаллифи.

045

* * *

046

Билсангиз, бўғзимгача ҳаяжон —
Мен йиғлаб айтмоқчи эдим бу Сўзни:
Бу мен, қайтиб келган сафардан,
Ўжар тийнати ранжитган Сизни…

Гуноҳкор эмасман фонийлигимдан,
Мен бошимни эгдим, очилармисан:
Ассалому алайкум, Яшил дарвоза!
Болалик эсингдами, болалик — Ватан…

Болаларин севади она Табиат.
Бул сирни англадим, ахир, англадим.
Ҳурлик улашган-ку руҳимизга,
Мен ҳам ҳурликда яшадим!

…Тонготар. Уйғонади одамлар
Бу — мен, қайтиб келган сафардан,
Ассалому алайкум, Яшил дарвоза!
Ассалому алайкум… Ватан!

ТОНГДА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Тонгда дунёни кузатмоқ гўзал,
Аслига тортмасдан нур билан соя.
Шоир бўлармидим, ҳеч бўлмаганда,
Чўзилса бу тасвир бирор сония.

Билмадим, бул нега эскирган саҳна,
Гўзалдир, ёшгина жонимга қасддир.
Бўлса ҳақиқат ҳам, ёлғон ҳам кўҳна,
Билмадим, осмон ҳам хато ҳавасдир.

Кўнгил озорланар — гул уза жилва,
Кўнгил озорланар — гул барги хандон
Сеҳр қодир агар, менга ҳам нима,
Унутмоқ истайман ҳаммасин тамом!

Тарки анжумандир кўнгил ҳаваси,
Саҳро ҳарорати гулгун ёшида…
Ўғрию каззобнинг омади асли,
Синоат айланиб кўзу қошида…

Билмадим, томирда оқди гуноҳим,
О, юпанч истадим ҳар заррасидан!..
Билмадим, ҳаммаси айланар яқин,
Кечиргин, кечиргин, Ҳазрати Одам!

…Тонгда дунёни кузатмоқ гўзал,
Аслига тортмасдан нур билан соя.
Шоир бўлармидим, ҳеч бўлмаганда,
Чўзилса бу тасвир бирор сония.

* * *

О, қандай умиддир билсанг, азизам,
Кўнглимни тебратиб ёмғирлар ёғар.
Шамлар оқиб борар кўзим сатҳида
Бошдан аёғим — зар, бошдан аёғим…

Руҳимдан гул ҳиди келади,
Хаёлимда гуллагандайман,
Бошдан аёғим гул, бошдан аёғим,
Хаёлимда ўлмагандайман.

Гуллар сенга ўхшар жуда ҳам,
Кипригингда каби баргларида нам.
Бу — менинг энг ёруғ умидим,
Бу — жаннат ҳавоси — ёмғирли олам.

МУСОФИРЛАР

Осмон
Турналарники,
Шу мовий осмон.
Сену менинг маконимиз йўқ.

Ер Бойчечакники,
Шу қадим тупроқ.
Сену менинг маконимиз йўқ.

Уммон
Балиқларники.
Шу мангу уммон.
Сену менинг маконимиз йўқ.

Кўнгил ҳам топилмади бошпана учун…
Сен қаерда қолдинг,
Йўқолган макон?!.

* * *

Йиллар шундай кечар,
Сокин ва нотинч.
Йиллар нимадандир безовта.
Фақат ўтиб борар ҳаммаси беиз.
Фақат учрашмадик сен билан қайта.

…Қарагим келади ўтган кунларга,
Хотиралар дилда уйғотиб шафқат.
Фақат қаролмайман, қарасам агар,
Жудоликлар кўринар фақат…

Сен ташриф буюриб бизнинг ёқларга.
Қаро кўзлариигга ошиқ этибсан.
Фақат Дийдорингга тўймадим сени,
Дарё бўлиб оқиб кетибсан!..

КЎЗЛАР ВА ДЕНГИЗ ХУСУСИДА

Кўзларингда адашган
Гуноҳкорнинг юраги — бу най.
Лабларингга босгин, оҳанглар додлаб,
Ёлғиз йилларимга етсин, мен эса
Бирон бир кунимни эслаб ўкинай.

Мен бўм-бўш қайиқ каби чайқалиб кетяпман,
Олислашиб кўзинг қирғоқларидан.
Ботаётган қуёшнинг жилваларида,
Сирларига сингиб қоронғуликнинг,
Овуниб жодугар чироқларига.

Хуш кўрдим сени, эй, мовий денгизим!
Сен ҳам мени хуш кўр, денгизим, ғуссам —
Нега бунёдманам, тўлқинларингда
Унут қирғоқларинг қадар оқмасам!

Томчиларингга сингган осмонларимни
Шарпалари тегиб сочим оқарар.
Рангсиз майсаларинг, чиғаноқларинг
Юрагим қафасин очиб чақирар.

…Кўзларингда адашдим, сенинг кўзларинг
Тўлғончиқ денгиздир, бунчалар чексиз!
Умрим қолиб котди қайси қирғоқда?
(Ёлғиз йилларимдан эсдалик, ёдгор).

Мен эса чайқалиб кетяпман, воҳ-воҳ,
Оламу одамдан жуда йироққа.

ҲИЖРОН ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Саҳрода ёлғиз дарахт,
Баргсиз шохларида қушнинг уяси,
(Тухумларин еб кетган илон)
Ёлғиз дарахт…

Қушларнинг овози йўқдир суянса
Қушлар қайтмаётир негадир…
Чўкиб бораётир дарахт тобора.
Тобора ҳайбатли саҳро тўлқини.
Дарахт ёшлигини эслар ўкиниб.

Қушлар қайтиб келади бир кун,
Дарахт ёдларига тушади ногоҳ.
Шамоллар хўрсиниб қўяди,
Бир чайқалиб қўяди саҳро.

Дарахт чўкиб кетган бўлади
Қушлар қайтган кун…

* * *

Дарёлар оқа бошлаган жойларига  яна қайтиб оққани қайтиб келадилар…
«Екклесиаст»дан

Мени толиқтирди бу қўшиқ —
Чиғаноқлар марсияси…

Кўнглим сувларига ғарқ бўлди осмон.
Чўкиб кетди
Чўкиб кетди
Юлдузларнинг сирли жимлиги,
Қояларга севилмаган турналар армони,
Мангу ибодат синиқлари…

Қайтади дарёлар, дарёлиги шу!
Қайтади дунёлар, дунёлиги шу!
Одамлар эса қайтмагай!
Йўл тугаса ҳам кетаверар одамлар
Гувиллаб — гув-гув…,
О, ингроқлар қўшиғи!
Ёлғизлик қўшиғи!..

Мени толиқтирди бу қўшиқ —
Юракнинг йиғиси…

* * *

Ҳазрат Хайём,
Шаробга тўлибди кўзларимиз,
Майлими тўлдирсак пиёламизни?..

Ҳазрат Хайём,
Маст бўлдик, айтинг-чи, бу нима олам?
Маст бўлдик, айтинг-чи, биз қандай одам?

Ҳазрат Хайём,
Руҳимиз бемеҳр, совуқ очунда,
Шаробдек чайқалур вужуд ичинда,

Ҳазрат Хайём,
Ҳамон ҳайронамиз бегоналикдан,
Қачон бегонамиз ҳайроналикдан?

Ҳазрат Хайём,
Тупроққа тўлибди кўзаларимиз,
Майлими синдирсак пиёламизни?..

* * *

Ёмғир ёғар,
Гўзалдир бари.
Тун қўйнида иккита шарпа…
Биз яна учрашдик, руҳни эзувчи
Айрилиқ тумани тарқаб,

Туннинг болалари иккимиз,
Муҳаббатнинг гуноҳкорлари.
Кўзларингнинг тортиғи — жунун,
Жонинг сузар, кўзимга қара!

Ёмғир ёғар,
Тарқалиб кадар,
Тилларимиз савдойи оқин.
Телбадирмиз бу тун шу қадар,
Осмон бизга шунчалар яқин!

СЕН

1.

Гулим, сенинг юрагинг тоза,
Юрагингга боқаётган мен.
Икки кўзинг — икки дарвоза,
Дарвозани қоқаётган мен.

Фақат сендан истарман паноҳ,
Фақат сендан оларман баҳра.
Йиллар мангу меҳрдан йироқ,
Гулим, менинг кўнглимга қара.

Асабларим ўтдай чақнаган,
Ғурбатларда зерикдим, гулим.
Биров бориб эшик қоқмаган
Узлатларда зерикдим, гулим.

Гоҳ бошимдан сепишдилар зар,
Гоҳо жазо бердилар: ўлим!
Мени қанча қатл этдилар,
Сени бор деб, тирилдим, гулим!

Йигирма бир ёшимда келдим,
Юлдузларим кўксимда ўчиб.
Гулим, сенинг қошингга келдим,
Икки дунё баҳридан кечиб.

2.

02

Фақат сен мен учун яшнаб юрасан,
Фақат сен яшайсан менинг ғамим еб.
Фақат сен Фарҳодни яхши кўрасан,
Фақат сен сўрайсан «Фарҳод қани?» деб.

Фақат сен кўнглимни тутарсан азиз,
Фақат сен мен учун қиларсан тоқат.
Ҳамма ва ҳаммаси кетар-ку беиз,
Фақат сен мен билан қоларсан, фақат…

* * *

Баъзан боргим келар сенинг ёнингга,
Тугаб битмасидан умр деган чўғ.
Нега хаёлимда ёруғ оламда
Сендан бўлак меҳрибоним йўқ?

Мени тушунарми сендан йироқда
Хавотирлар билан ўтган йилларим?
Мени тушунарми энг керак чоғда
Қўлимда йўқолган гулларим?..

Имконлар излайман, топилмас нега?!
Мени маҳбус каби сақлар ўзлигим.
Инсон боласига баъзи-баъзида
Оғир ботар экан чорасизлиги…

Нега хаёлимда ёлғизсан ҳамон,
Ҳеч нарса дилингга ҳадик солмайди?
Нега хаёлимда сенинг ёнингга
Мендан бошқа одам бора олмайди?..

ТАХАЙЙУЛ

1.

Шу ҳур қизга кўзларини
Гўшанга қил, худойим!
Киприклари бўлсин раққоса,
Унда кўнглим эркаласин кўнглини…

Шу ҳур қизнинг кўзларини
Аланга қил, худойим!
Киприклари бўлсин раққоса —
Олов теграсида кўрай ўзимни,
Лоақал бир бора билай ўзимни…

2.

Сени сўроқладим
Атиргулнинг тушларидан.
Пайпаслаб кўрдим
Ўн беш кунлик ойнинг ёғдуларини.
Тингладим баҳорнинг нафасларини.
Воҳ!
Бунча тозасан!..

* * *

1. Агар кўнгулларим хастамиш,
Агар айшим ғорат баногоҳ.
Агар мижгонларим ёшланди,
Сени кўрдим дорул фанода.

2. Сўроғим борми ёруғ оламларида,
Ҳадсиз гуноҳларимнинг йўқми жавоби?
Бир боқинг бу қандай аламларимки,
Сочми ё киприги, қаддими, қабоғи…

Пинҳон борлиғига этса ошино,
Кўзимни юмсаму кўрсам юзларин.
Беҳисоб ал-жабр, чексиз ҳандаса
Анинг нигоҳлари, ё Тангрим…

3. Бу қандай тилсимдир, ҳарир либосда
хонавайрон этган кўнгил ҳарамин.
Кўз юмиб лабларим лабига боссам,
на руҳим қолибди, на макруҳ таним.

Билмадим на бўлар баҳридан ўтсам,
ишқим куярмикан ёки иймоним?
Гулдай қучоғида ҳижратим сабил
гулдай қучоғида жувонмарг жоним.

4. Мангу очлик бордир руҳ ила қонда!
Шу мантиқ замирида туғилар бари.
Сенга бўлган муҳаббатим ҳам
Руҳдаги очликнинг бир кўриниши…

МУҲАББАТ СОҒИНЧИ

1. Мана тўзғиб ётар қуш патларидай,
Улкан орзуларим, қайноқ ҳисларим.
Мен эса бепарво бир пайтдагидай,
Сени соғинаман, сени изларман.

Мана хаёлларим, қайтар кўнглимга
Ўзимдай беқарор, ўзимдай ортиқ.
Ўн йил бурунгидай чиқиб йўлингга,
Уларни мен сенга этсайдим тортиқ…

Ўз қалбимга ўзим чексиз малолман,
Қўёлмам сен томон ҳатто бир қадам.
Кеча ҳам, кундуз ҳам битта саволман:
Наҳотки мен бўлсам шу турган одам?!

2. Сўзларим хатоси мастлигим билан,
Ҳаётни алдадим ростлигим билан.
Мен сени бор дея шеърлар ўқисам,
Сен кетиб қолибсан ёшлигим билан.

ҲАЖР ИЧИДА ХАЁЛ

Сен менинг бетакрор густоҳлигимсан,
Ҳақиқат деб топган гумроҳлигимсан.
Гоҳида бемисл шаккок тасаввур,
Бирда ҳаётсану   бирда ўлимсан.

Рўзи маҳшаримсан, қиёматимсан,
Ўзимнинг ўзимга маломатимсан.
Хунимга ташнасан, меҳри қаттиғим,
Ҳарчанд гиря этсам, ҳарчанд ўтинсам.

Руҳимни синдирган муҳтарам гуноҳ,
Нима фитна бўлдинг кўзимдан оққан.
Қандай гулханийсан, қандайин кулоҳ,
Ичимга муз қалаб совуқ ўт ёққан?!

* * *
Алишерга ҳазил

1. Кўнглимиз бор, заримиз йўқ дунёда
Севгимиз бор, ёримиз йўқ дунёда.
Ўзимизни сўроқласак, изласак,
Йўғимиз бор, боримиз йўқ дунёда.

2. Орзулар жимирлар узоқдан сирли,
Хурсандсан, ҳолидан бехабар телба.
Сен сувсиз қудуқдан оcмонга боқиб
Юлдуз санаётган чорасиз одам.

ТУГАБ БИТМАС ҲИЖРОН

Вақтики оламда қолмаса мурод,
Хазондай тўкилса ҳуснинг гуллари.
Ранжу алам билан кўнглимни ёрсам,
Нега ғойиб бўлар дийдор кунлари?

(Соғиниб ўлтирарман, соғиниб
Бул ҳаёт шамин теграсинда).

Наволар келади – қадаҳлар тўлар,
Сукунат келади – илоҳий ўлан.
Сен хуним бермассан, бераҳм, ағёр,
Ҳаммаси, ҳаммаси хун сўраб келар…

Жонга оғу каби сингиб борар вақт,
Унга ором етмас, у бир гуноҳкор…
Сен ҳадду ҳудудсиз соғинчдай фақат,
Мубтало этасан такрор ва такрор.

Мени кечирарми изтиробларим,
Ё таҳқир этарми ҳар сўровида.
Сен қандай севгисан, жаллоди аввал,
Сен қандай жаллодсан севгига лойиқ…

(Соғиниб ўлтирарман, соғиниб
Бул ҳаёт шамин теграсинда).

ЁШЛИКНИНГ АДОҒИГА ЧИЗГИЛАР

Юрак айланиб кетган қанотга
Бир етим мусиқа оқар маст
Севги нафрат бўлиб қотган…

Чақирмас ортингдан кимингдир
Чақирса ҳам эшитилмас
Ютиб кетар айрилиқнинг сўнгсиз титроғи.

Кўнглингни бузади кимнингдир
“Бахтлимисиз?” деган сўроғи…
Ялангоёқ сўроқлар!
Аёвсиз топтайди туйғуларингни…

Кўклам боғларининг шовқини
Олислашиб борар,
ортидан
эргашар нотавон илтижоларинг.

Умидсизлик зулмати ичра
Ўзлигинг рўёга айланар
Мазмунсизлик қилар тантана.

Қанчалик, қанчалик бешафқат жазо
Ёшликнинг адоғи…

* * *

Сочларинг ҳидини келтирган шамол
Дарахтларга суянди ҳолсиз
қучоқлади маҳкам
хўрсинди
тинди
бу тун ҳатто шамол ҳам
уй ҳам, дераза ҳам
дераза ёнида ўсган арча ҳам
нақадар
нақадар аччиқ истеҳзо
сенга, муҳаббатга, барчага!..

* * *

Ниҳоят, ҳаммаси унутилмоқда…
Кўчалар, дарахтлар, ҳатто одамлар.
Келмоқда, кузатиб қўярлар бизни
Сўнгги маанзилимиз — юракка томон.

Меҳрибон табиат, она табиат,
Кетмасак, бир умр ўтармиз бетоб.
Бу телба-тескари олам ичинда
Бизнинг борлигимиз хатодир, хато!

Гўзалдир кечалар ҳар қачонгидан,
Сирлидир негадир ҳар қачонгидан.
Ай, секин тамошо қилиб ўтамиз
Лайли ва мажнунлар ёнидан.

Муҳаббат меҳридан бешиклар.
Шамол тебратади, шамол — энага…
Бизга армон бўлиб қолган эшиклар,
Нега очилдингиз, ахир нимага?!.

…Кўчалар, дарахтлар, ҳатто одамлар,
Ниҳоят, ҳаммаси унутилмоқда.
Кечалар, кундузлар,
Ўтмиш ва келажак келмоқда

Кузатиб қўярлар бизни
Сўнгги манзилимиз — юракка томон.

* * *

1.

Кўзалар бўшайди
Дунё — бўм-бўш кўза.

Нафратланса бўлар бемалол,
Ҳаммаси гўзал!

Боғлар, сиз чиндан ҳам беғубор,
Дарахт, баргларингда шарҳи қиёмат,
Эй менга ўхшайди баргларинг нега?
Мендай ҳайронадир, мендай омонат.

Гоҳи душман кулар.
Гоҳида дўстинг.
Шу билан маънили, маънисиз ҳаёт.
Ўкинсанг, мен ўзим юпанч топарман,
Энди-да улфатмиз сен билан, Фарҳод…

Йиқилган йиқилди — гумбура гумбур,
Ҳамма билар экан ёруғ дунёда.
Бу сийқа қонунни рад этган фақат
Она бўлар экан ёруғ дунёда.

…Гоҳи савдо-сотиқ растама-раста,
Елкангиз тиришди айланиб келиб.
Молингиз бўлмаса сотишга агар,
Дўстингизни сотинг, масалан, мени…

Эски шаҳарларнинг бозорларинда,
Халойиқ харидор ўла-ўлгунча.

…Кўнгил ҳалволиги болалиқдандир,
Отамнинг имони — томиримда қон,
Рангу рўйим онамдан ўтган,
Қолган сўзларимнинг ҳаммаси ёлғон!

…Осмонлар бекилди, мен бормасдан,
Юлдузлар ўчдилар, мен қарамасдан.
Э кўзи ёшлилар, йиғланглар энди,
Сафарим қариди мен қаримасдан!

2.

Рўй кўрсатди қодир тилсимот,
Йиллар бир-бир ўтказди тазйиқ.
Энди кетсак бўлади, балки,
Бу ўйинда бизлар ютқаздик.

Боғи Эрам эди кўнглимиз,
Кўнглимизни осмонлар олди…
Юракнинг энг азиз сирлари
Кузги кўчаларда йўқолди.

Чексизликнинг дараларида,
Воҳ, умримиз сув каби оқди.
Исинтирмоқ учун бизларни,
Ҳаёт улкан ўчоқларида,
Гуриллатиб ёлғонлар ёқди.

Сокин тунда маъюс тўкилган
Япроқларга ярашдикми биз?
Еру осмон мулкида мангу
Сўроқларга ярашдикми биз?

Эзиб ғамлар эзмайди бизни,
Ишқу ҳижрон балоси эзар.
Тирикликнинг оғриқли, кемтик
Айтувлари ноласи эзар.

Бир маромда чайқалар оҳанг,
Ёдга тушар бахтиёр чоғлар
Ва бизга бир қиё ҳам боқмай.
Кетиб қолган ям-яшил боғлар.

* * *

Қаҳратон кечада қалтироқ таскин,
Сочимни музлатиб ўпади оқим.
Шаффоф сумалаклар этгали тақдим,
Совуқ панжаралар келади яқин.
Кўнглим, азобингга сиғинай ўзим,
Хаёлим гул эрур, гавҳардир кўзим.

Туманга ўхшаган кўлками, тутун,
Муҳаббат… Муҳаббат — тугади ўтин.
Бир юракдан бошқа ҳаммаси бутун,
Жоним, мунисгинам, ёлғизгинам Тун!
Кўнглим, азобингга сиғинай ўзим,
Хаёлим гул эрур, гавҳардир кўзим.

Додлаб уйғонади занжирдай сезим,
Найнинг ковагидан излайди ўзин.
Чироқлар қайгадир кетади сузиб,
Ўксиниб япроқлар яширар юзин.
Кўнглим, азобингга сиғинай ўзим,
Хаёлим гул эрур гавҳардир кўзим.

Баҳорни соғиндим, кетиб бўлганда,
О, осмон, о, замин — иккита чирманда!
Икки чирманданинг сеҳрига банда,
Мен ҳам бир сўзладим, бўғзим тўлганда.
Кўнглим азобингга сиғинай ўзим,
Хаёлим гул эрур, гавҳардир кўзим.

021

Farhod Arziev
SHE’RLAR
045

Farhod Arziev 1975 yilda Navoiy viloyati, Nurota tumanida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy universitetini, Hindiston Ommaviy axborot vositalari institutini, Buyuk Britaniyadagi Siti universitetini tugatgan. «Yolg’izlik ranglari» she’riy to’plamining muallifi.

045

* * *

045

Bilsangiz, bo’g’zimgacha hayajon —
Men yig’lab aytmoqchi edim bu So’zni:
Bu men, qaytib kelgan safardan,
O’jar tiynati ranjitgan Sizni…

Gunohkor emasman foniyligimdan,
Men boshimni egdim, ochilarmisan:
Assalomu alaykum, Yashil darvoza!
Bolalik esingdami, bolalik — Vatan…

Bolalarin sevadi ona Tabiat.
Bul sirni angladim, axir, angladim.
Hurlik ulashgan-ku ruhimizga,
Men ham hurlikda yashadim!

…Tongotar. Uyg’onadi odamlar
Bu — men, qaytib kelgan safardan,
Assalomu alaykum, Yashil darvoza!
Assalomu alaykum… Vatan!

TONGDA YOZILGAN SHE’R

Tongda dunyoni kuzatmoq go’zal,
Asliga tortmasdan nur bilan soya.
Shoir bo’larmidim, hech bo’lmaganda,
Cho’zilsa bu tasvir biror soniya.

Bilmadim, bul nega eskirgan sahna,
Go’zaldir, yoshgina jonimga qasddir.
Bo’lsa haqiqat ham, yolg’on ham ko’hna,
Bilmadim, osmon ham xato havasdir.

Ko’ngil ozorlanar — gul uza jilva,
Ko’ngil ozorlanar — gul bargi xandon
Sehr qodir agar, menga ham nima,
Unutmoq istayman hammasin tamom!

Tarki anjumandir ko’ngil havasi,
Sahro harorati gulgun yoshida…
O’g’riyu kazzobning omadi asli,
Sinoat aylanib ko’zu qoshida…

Bilmadim, tomirda oqdi gunohim,
O, yupanch istadim har zarrasidan!..
Bilmadim, hammasi aylanar yaqin,
Kechirgin, kechirgin, Hazrati Odam!

…Tongda dunyoni kuzatmoq go’zal,
Asliga tortmasdan nur bilan soya.
Shoir bo’larmidim, hech bo’lmaganda,
Cho’zilsa bu tasvir biror soniya.

* * *

O, qanday umiddir bilsang, azizam,
Ko’nglimni tebratib yomg’irlar yog’ar.
Shamlar oqib borar ko’zim sathida
Boshdan ayog’im — zar, boshdan ayog’im…

Ruhimdan gul hidi keladi,
Xayolimda gullagandayman,
Boshdan ayog’im gul, boshdan ayog’im,
Xayolimda o’lmagandayman.

Gullar senga o’xshar juda ham,
Kiprigingda kabi barglarida nam.
Bu — mening eng yorug’ umidim,
Bu — jannat havosi — yomg’irli olam.

MUSOFIRLAR

Osmon
Turnalarniki,
Shu moviy osmon.
Senu mening makonimiz yo’q.

Yer Boychechakniki,
Shu qadim tuproq.
Senu mening makonimiz yo’q.

Ummon
Baliqlarniki.
Shu mangu ummon.
Senu mening makonimiz yo’q.

Ko’ngil ham topilmadi boshpana uchun…
Sen qaerda qolding,
Yo’qolgan makon?!.

* * *

Yillar shunday kechar,
Sokin va notinch.
Yillar nimadandir bezovta.
Faqat o’tib borar hammasi beiz.
Faqat uchrashmadik sen bilan qayta.

…Qaragim keladi o’tgan kunlarga,
Xotiralar dilda uyg’otib shafqat.
Faqat qarolmayman, qarasam agar,
Judoliklar ko’rinar faqat…

Sen tashrif buyurib bizning yoqlarga.
Qaro ko’zlariigga oshiq etibsan.
Faqat Diydoringga to’ymadim seni,
Daryo bo’lib oqib ketibsan!..

KO’ZLAR VA DENGIZ XUSUSIDA

Ko’zlaringda adashgan
Gunohkorning yuragi — bu nay.
Lablaringga bosgin, ohanglar dodlab,
Yolg’iz yillarimga yetsin, men esa
Biron bir kunimni eslab o’kinay.

Men bo’m-bo’sh qayiq kabi chayqalib ketyapman,
Olislashib ko’zing qirg’oqlaridan.
Botayotgan quyoshning jilvalarida,
Sirlariga singib qorong’ulikning,
Ovunib jodugar chiroqlariga.

Xush ko’rdim seni, ey, moviy dengizim!
Sen ham meni xush ko’r, dengizim, g’ussam —
Nega bunyodmanam, to’lqinlaringda
Unut qirg’oqlaring qadar oqmasam!

Tomchilaringga singgan osmonlarimni
Sharpalari tegib sochim oqarar.
Rangsiz maysalaring, chig’anoqlaring
Yuragim qafasin ochib chaqirar.

…Ko’zlaringda adashdim, sening ko’zlaring
To’lg’onchiq dengizdir, bunchalar cheksiz!
Umrim qolib kotdi qaysi qirg’oqda?
(Yolg’iz yillarimdan esdalik, yodgor).

Men esa chayqalib ketyapman, voh-voh,
Olamu odamdan juda yiroqqa.

HIJRON HAQIDA QO’SHIQ

Sahroda yolg’iz daraxt,
Bargsiz shoxlarida qushning uyasi,
(Tuxumlarin yeb ketgan ilon)
Yolg’iz daraxt…

Qushlarning ovozi yo’qdir suyansa
Qushlar qaytmayotir negadir…
Cho’kib borayotir daraxt tobora.
Tobora haybatli sahro to’lqini.
Daraxt yoshligini eslar o’kinib.

Qushlar qaytib keladi bir kun,
Daraxt yodlariga tushadi nogoh.
Shamollar xo’rsinib qo’yadi,
Bir chayqalib qo’yadi sahro.

Daraxt cho’kib ketgan bo’ladi
Qushlar qaytgan kun…

* * *

Daryolar oqa boshlagan joylariga yana qaytib oqqani qaytib keladilar…
«Еkklesiast»dan

Meni toliqtirdi bu qo’shiq —
Chig’anoqlar marsiyasi…

Ko’nglim suvlariga g’arq bo’ldi osmon.
Cho’kib ketdi
Cho’kib ketdi
Yulduzlarning sirli jimligi,
Qoyalarga sevilmagan turnalar armoni,
Mangu ibodat siniqlari…

Qaytadi daryolar, daryoligi shu!
Qaytadi dunyolar, dunyoligi shu!
Odamlar esa qaytmagay!
Yo’l tugasa ham ketaverar odamlar
Guvillab — guv-guv…,
O, ingroqlar qo’shig’i!
Yolg’izlik qo’shig’i!..

Meni toliqtirdi bu qo’shiq —
Yurakning yig’isi…

* * *

Hazrat Xayyom,
Sharobga to’libdi ko’zlarimiz,
Maylimi to’ldirsak piyolamizni?..

Hazrat Xayyom,
Mast bo’ldik, ayting-chi, bu nima olam?
Mast bo’ldik, ayting-chi, biz qanday odam?

Hazrat Xayyom,
Ruhimiz bemehr, sovuq ochunda,
Sharobdek chayqalur vujud ichinda,

Hazrat Xayyom,
Hamon hayronamiz begonalikdan,
Qachon begonamiz hayronalikdan?

Hazrat Xayyom,
Tuproqqa to’libdi ko’zalarimiz,
Maylimi sindirsak piyolamizni?..

* * *

Yomg’ir yog’ar,
Go’zaldir bari.
Tun qo’ynida ikkita sharpa…
Biz yana uchrashdik, ruhni ezuvchi
Ayriliq tumani tarqab,

Tunning bolalari ikkimiz,
Muhabbatning gunohkorlari.
Ko’zlaringning tortig’i — junun,
Joning suzar, ko’zimga qara!

Yomg’ir yog’ar,
Tarqalib kadar,
Tillarimiz savdoyi oqin.
Telbadirmiz bu tun shu qadar,
Osmon bizga shunchalar yaqin!

SEN

1.

Gulim, sening yuraging toza,
Yuragingga boqayotgan men.
Ikki ko’zing — ikki darvoza,
Darvozani qoqayotgan men.

Faqat sendan istarman panoh,
Faqat sendan olarman bahra.
Yillar mangu mehrdan yiroq,
Gulim, mening ko’nglimga qara.

Asablarim o’tday chaqnagan,
G’urbatlarda zerikdim, gulim.
Birov borib eshik qoqmagan
Uzlatlarda zerikdim, gulim.

Goh boshimdan sepishdilar zar,
Goho jazo berdilar: o’lim!
Meni qancha qatl etdilar,
Seni bor deb, tirildim, gulim!

Yigirma bir yoshimda keldim,
Yulduzlarim ko’ksimda o’chib.
Gulim, sening qoshingga keldim,
Ikki dunyo bahridan kechib.

2.

Faqat sen men uchun yashnab yurasan,
Faqat sen yashaysan mening g’amim yeb.
Faqat sen Farhodni yaxshi ko’rasan,
Faqat sen so’raysan «Farhod qani?» deb.

Faqat sen ko’nglimni tutarsan aziz,
Faqat sen men uchun qilarsan toqat.
Hamma va hammasi ketar-ku beiz,
Faqat sen men bilan qolarsan, faqat…

* * *

Ba’zan borgim kelar sening yoningga,
Tugab bitmasidan umr degan cho’g’.
Nega xayolimda yorug’ olamda
Sendan bo’lak mehribonim yo’q?

Meni tushunarmi sendan yiroqda
Xavotirlar bilan o’tgan yillarim?
Meni tushunarmi eng kerak chog’da
Qo’limda yo’qolgan gullarim?..

Imkonlar izlayman, topilmas nega?!
Meni mahbus kabi saqlar o’zligim.
Inson bolasiga ba’zi-ba’zida
Og’ir botar ekan chorasizligi…

Nega xayolimda yolg’izsan hamon,
Hech narsa dilingga hadik solmaydi?
Nega xayolimda sening yoningga
Mendan boshqa odam bora olmaydi?..

TAXAYYUL

1.

Shu hur qizga ko’zlarini
Go’shanga qil, xudoyim!
Kipriklari bo’lsin raqqosa,
Unda ko’nglim erkalasin ko’nglini…

Shu hur qizning ko’zlarini
Alanga qil, xudoyim!
Kipriklari bo’lsin raqqosa —
Olov tegrasida ko’ray o’zimni,
Loaqal bir bora bilay o’zimni…

2.

Seni so’roqladim
Atirgulning tushlaridan.
Paypaslab ko’rdim
O’n besh kunlik oyning yog’dularini.
Tingladim bahorning nafaslarini.
Voh!
Buncha tozasan!..

* * *

1. Agar ko’ngullarim xastamish,
Agar ayshim g’orat banogoh.
Agar mijgonlarim yoshlandi,
Seni ko’rdim dorul fanoda.

2. So’rog’im bormi yorug’ olamlarida,
Hadsiz gunohlarimning yo’qmi javobi?
Bir boqing bu qanday alamlarimki,
Sochmi yo kiprigi, qaddimi, qabog’i…

Pinhon borlig’iga etsa oshino,
Ko’zimni yumsamu ko’rsam yuzlarin.
Behisob al-jabr, cheksiz handasa
Aning nigohlari, yo Tangrim…

3. Bu qanday tilsimdir, harir libosda
xonavayron etgan ko’ngil haramin.
Ko’z yumib lablarim labiga bossam,
na ruhim qolibdi, na makruh tanim.

Bilmadim na bo’lar bahridan o’tsam,
ishqim kuyarmikan yoki iymonim?
Gulday quchog’ida hijratim sabil
gulday quchog’ida juvonmarg jonim.

4. Mangu ochlik bordir ruh ila qonda!
Shu mantiq zamirida tug’ilar bari.
Senga bo’lgan muhabbatim ham
Ruhdagi ochlikning bir ko’rinishi…

MUHABBAT SOG’INCHI

1. Mana to’zg’ib yotar qush patlariday,
Ulkan orzularim, qaynoq hislarim.
Men esa beparvo bir paytdagiday,
Seni sog’inaman, seni izlarman.

Mana xayollarim, qaytar ko’nglimga
O’zimday beqaror, o’zimday ortiq.
O’n yil burungiday chiqib yo’lingga,
Ularni men senga etsaydim tortiq…

O’z qalbimga o’zim cheksiz malolman,
Qo’yolmam sen tomon hatto bir qadam.
Kecha ham, kunduz ham bitta savolman:
Nahotki men bo’lsam shu turgan odam?!

2. So’zlarim xatosi mastligim bilan,
Hayotni aldadim rostligim bilan.
Men seni bor deya she’rlar o’qisam,
Sen ketib qolibsan yoshligim bilan.

HAJR ICHIDA XAYOL

Sen mening betakror gustohligimsan,
Haqiqat deb topgan gumrohligimsan.
Gohida bemisl shakkok tasavvur,
Birda hayotsanu birda o’limsan.

Ro’zi mahsharimsan, qiyomatimsan,
O’zimning o’zimga malomatimsan.
Xunimga tashnasan, mehri qattig’im,
Harchand girya etsam, harchand o’tinsam.

Ruhimni sindirgan muhtaram gunoh,
Nima fitna bo’lding ko’zimdan oqqan.
Qanday gulxaniysan, qandayin kuloh,
Ichimga muz qalab sovuq o’t yoqqan?!

* * *
Alisherga hazil

1. Ko’nglimiz bor, zarimiz yo’q dunyoda
Sevgimiz bor, yorimiz yo’q dunyoda.
O’zimizni so’roqlasak, izlasak,
Yo’g’imiz bor, borimiz yo’q dunyoda.

2. Orzular jimirlar uzoqdan sirli,
Xursandsan, holidan bexabar telba.
Sen suvsiz quduqdan ocmonga boqib
Yulduz sanayotgan chorasiz odam.

TUGAB BITMAS HIJRON

Vaqtiki olamda qolmasa murod,
Xazonday to’kilsa husning gullari.
Ranju alam bilan ko’nglimni yorsam,
Nega g’oyib bo’lar diydor kunlari?

(Sog’inib o’ltirarman, sog’inib
Bul hayot shamin tegrasinda).

Navolar keladi – qadahlar to’lar,
Sukunat keladi – ilohiy o’lan.
Sen xunim bermassan, berahm, ag’yor,
Hammasi, hammasi xun so’rab kelar…

Jonga og’u kabi singib borar vaqt,
Unga orom yetmas, u bir gunohkor…
Sen haddu hududsiz sog’inchday faqat,
Mubtalo etasan takror va takror.

Meni kechirarmi iztiroblarim,
YO tahqir etarmi har so’rovida.
Sen qanday sevgisan, jallodi avval,
Sen qanday jallodsan sevgiga loyiq…

(Sog’inib o’ltirarman, sog’inib
Bul hayot shamin tegrasinda).

YOSHLIKNING ADOG’IGA CHIZGILAR

Yurak aylanib ketgan qanotga
Bir yetim musiqa oqar mast
Sevgi nafrat bo’lib qotgan…

Chaqirmas ortingdan kimingdir
Chaqirsa ham eshitilmas
Yutib ketar ayriliqning so’ngsiz titrog’i.

Ko’nglingni buzadi kimningdir
“Baxtlimisiz?” degan so’rog’i…
Yalangoyoq so’roqlar!
Ayovsiz toptaydi tuyg’ularingni…

Ko’klam bog’larining shovqini
Olislashib borar,
ortidan
ergashar notavon iltijolaring.

Umidsizlik zulmati ichra
O’zliging ro’yoga aylanar
Mazmunsizlik qilar tantana.

Qanchalik, qanchalik beshafqat jazo
Yoshlikning adog’i…

* * *

Sochlaring hidini keltirgan shamol
Daraxtlarga suyandi holsiz
quchoqladi mahkam
xo’rsindi
tindi
bu tun hatto shamol ham
uy ham, deraza ham
deraza yonida o’sgan archa ham
naqadar
naqadar achchiq istehzo
senga, muhabbatga, barchaga!..

* * *

Nihoyat, hammasi unutilmoqda…
Ko’chalar, daraxtlar, hatto odamlar.
Kelmoqda, kuzatib qo’yarlar bizni
So’nggi maanzilimiz — yurakka tomon.

Mehribon tabiat, ona tabiat,
Ketmasak, bir umr o’tarmiz betob.
Bu telba-teskari olam ichinda
Bizning borligimiz xatodir, xato!

Go’zaldir kechalar har qachongidan,
Sirlidir negadir har qachongidan.
Ay, sekin tamosho qilib o’tamiz
Layli va majnunlar yonidan.

Muhabbat mehridan beshiklar.
Shamol tebratadi, shamol — enaga…
Bizga armon bo’lib qolgan eshiklar,
Nega ochildingiz, axir nimaga?!.

…Ko’chalar, daraxtlar, hatto odamlar,
Nihoyat, hammasi unutilmoqda.
Kechalar, kunduzlar,
O’tmish va kelajak kelmoqda

Kuzatib qo’yarlar bizni
So’nggi manzilimiz — yurakka tomon.

* * *

1.

Ko’zalar bo’shaydi
Dunyo — bo’m-bo’sh ko’za.

Nafratlansa bo’lar bemalol,
Hammasi go’zal!

Bog’lar, siz chindan ham beg’ubor,
Daraxt, barglaringda sharhi qiyomat,
Ey menga o’xshaydi barglaring nega?
Menday hayronadir, menday omonat.

Gohi dushman kular.
Gohida do’sting.
Shu bilan ma’nili, ma’nisiz hayot.
O’kinsang, men o’zim yupanch toparman,
Endi-da ulfatmiz sen bilan, Farhod…

Yiqilgan yiqildi — gumbura gumbur,
Hamma bilar ekan yorug’ dunyoda.
Bu siyqa qonunni rad etgan faqat
Ona bo’lar ekan yorug’ dunyoda.

…Gohi savdo-sotiq rastama-rasta,
Yelkangiz tirishdi aylanib kelib.
Molingiz bo’lmasa sotishga agar,
Do’stingizni soting, masalan, meni…

Eski shaharlarning bozorlarinda,
Xaloyiq xaridor o’la-o’lguncha.

…Ko’ngil halvoligi bolaliqdandir,
Otamning imoni — tomirimda qon,
Rangu ro’yim onamdan o’tgan,
Qolgan so’zlarimning hammasi yolg’on!

…Osmonlar bekildi, men bormasdan,
Yulduzlar o’chdilar, men qaramasdan.
E ko’zi yoshlilar, yig’langlar endi,
Safarim qaridi men qarimasdan!

2.

Ro’y ko’rsatdi qodir tilsimot,
Yillar bir-bir o’tkazdi tazyiq.
Endi ketsak bo’ladi, balki,
Bu o’yinda bizlar yutqazdik.

Bog’i Eram edi ko’nglimiz,
Ko’nglimizni osmonlar oldi…
Yurakning eng aziz sirlari
Kuzgi ko’chalarda yo’qoldi.

Cheksizlikning daralarida,
Voh, umrimiz suv kabi oqdi.
Isintirmoq uchun bizlarni,
Hayot ulkan o’choqlarida,
Gurillatib yolg’onlar yoqdi.

Sokin tunda ma’yus to’kilgan
Yaproqlarga yarashdikmi biz?
Yeru osmon mulkida mangu
So’roqlarga yarashdikmi biz?

Ezib g’amlar ezmaydi bizni,
Ishqu hijron balosi ezar.
Tiriklikning og’riqli, kemtik
Aytuvlari nolasi ezar.

Bir maromda chayqalar ohang,
Yodga tushar baxtiyor chog’lar
Va bizga bir qiyo ham boqmay.
Ketib qolgan yam-yashil bog’lar.

* * *

Qahraton kechada qaltiroq taskin,
Sochimni muzlatib o’padi oqim.
Shaffof sumalaklar etgali taqdim,
Sovuq panjaralar keladi yaqin.
Ko’nglim, azobingga sig’inay o’zim,
Xayolim gul erur, gavhardir ko’zim.

Tumanga o’xshagan ko’lkami, tutun,
Muhabbat… Muhabbat — tugadi o’tin.
Bir yurakdan boshqa hammasi butun,
Jonim, munisginam, yolg’izginam Tun!
Ko’nglim, azobingga sig’inay o’zim,
Xayolim gul erur, gavhardir ko’zim.

Dodlab uyg’onadi zanjirday sezim,
Nayning kovagidan izlaydi o’zin.
Chiroqlar qaygadir ketadi suzib,
O’ksinib yaproqlar yashirar yuzin.
Ko’nglim, azobingga sig’inay o’zim,
Xayolim gul erur gavhardir ko’zim.

Bahorni sog’indim, ketib bo’lganda,
O, osmon, o, zamin — ikkita chirmanda!
Ikki chirmandaning sehriga banda,
Men ham bir so’zladim, bo’g’zim to’lganda.
Ko’nglim azobingga sig’inay o’zim,
Xayolim gul erur, gavhardir ko’zim.

021

(Tashriflar: umumiy 1 248, bugungi 1)

Izoh qoldiring