Ibodat Rajabova. Dorbozlarday nurdan tikdim dor…

02

Анча йиллар олдин «Саодат» журналида Ибодат Ражабованинг шеърларини ўқиб, ўзига хос шоира эканини англаганман. Ибодат опа — жуда самимий ва сирли шоира. Сатрлари замирида кечмиш келажак, ёмғир билан шамол, нур билан зулмат туташ яшаЙди.

Бу шеърларни ўқиганингиз сари юрагингизда гуллаётган юлғунлар шивирини, кузак ботарида адашиб қолган шаббоданинг армонли нафасини туйгандек бўласиз. Сеҳрланасиз ва шеърдан топ­ган янги манзараларингиз ичида яшагингиз келади.

Ҳалима АҲМАД

Ибодат Ражабова
ДОРБОЗЛАРДАЙ НУРДАН ТИКДИМ ДОР…
02

ОНА

Ҳассангизни шамол артади,
Ковушингиз мойланган, тоза.
Сиз кун бўйи йўлим пойлайсиз,
Гоҳ зерикиб кетар дарвоза.

Кўп тешилар сузмахалталар,
Ошиб тушар лагандан хамир.
«Шаҳарга … » деб термай қўйилган
Новдаларда қурийди анжир.

Суви қочар сутли кулчанинг,
Гўшт қоқини ўғирлар мушук.
«Келса, ер … » деб асралган беҳи
Жаҳл қилиб чиқаради тук.

Хинояпроқ халтача кияр,
Исинади сандалда қовун .
«Уйи совуқ, қишда Кияр » деб,
Пайпоқларга айланади жун.

Нафақадан тежаб йиғасиз,
«Пули борми? .. » — сурасиз хаёл..
Тўрт-бешта шеър ортидан чопиб
Қиз шаҳарда юрар бемалол.

Мансаблар-ку қиё боқмади,
3ўр шоир ҳам
бўлгани қани?!
Сиз кетгандан кейин соғинар
Енгларингиз олмаларини …

* * *

Юрагимнинг ёриқлари кўп ¬
Тубигача етолмас малҳам.
Суратингни сувда эритсам,
Сувпарилар кўрсатди карам.

Кизил олов мағзини ютдим,
Дорбозлардай нурдан тикдим дор.
Фариштани холи учратиб,
Кўнгил қўйсам юз берди асрор.

Чиғаноқлар шарақлаб кулди,
Икки қўлим сурати — сапол.
Камалаклар машқини олиб,
Куюнлардан соғиб олдим бол.

Саҳро бордим, кенгликка ботдим,
Ёмғирларга қалдироқ ёпдим.
Тушларингга кириш эшигин
Лолаларнинг пойидан топдим.

* * *

Ёронгуллар ёрини топди,
Қучоғимда ухлади сафсар.
Шудринг ичиб семириб кетган
Ниначилар рафтори дилбар.

Ялпиз билан бирга туш кўрдик,
Булоқлардан сурадик таъбир.
Боғсупада қуёш ўйнайди
Челакларга сиғмаган анжир.

Арғувондан гулоб пиширдим,
Гулоблардан пиширдим анбар.
Сочларимни нуртутқич қилган,
Сунбуланинг сояси дилбар.

Кўкка сиғдим, куртакка сиғдим.
Мени ютиб юборди гулчанг.
Боларилар талашиб кетди:
«Камалаклар эрта туғар ранг!»

Бол юзига митти хат битдим,
Шомлар ўқиp хушторларига!
«Қалдирғочлар энди ин қypap,
Юрагимнинг деворларига».

* * *

Япроқ бўлдим, дарахтга миндим,
Шамол билан учдим ҳалинчак.
Яшил шохда мен билан ўйнаб,
Энди қушлар бўлар келинчак.

Шовуллади тунлари чарбоғ,
Шовуллади уйғонган юрак.
Томирларга айланган сочим
Гул базмидан бердилар дарак.

Нафас пишди, хаёллар пишди,
Ширин рафтор, пишди, қадамлар.
Шудринг ёстиқ бўлган қўлларим
Кафтларидан анқиди анбар.

3айтунландим, қип-қизил зайтун.
Қуёш томон кетар бўлдим шом.
Тонгда турсам пишган олмалар
Адоғимда оларди ором.

* * *

Шаҳарда куз жуда олифта,
Супургилар чаққон маошхўр …
Қарсак чалар гузартераклар,
Соз чалгандай Ойими Танбур.

Долонларда шамол қисилар,
Ёмғир шимар лойшувоқ девор.
«Уй-ку иссиқ, кўча не ҳол?» деб
Бошларини чиқарар болор.

Кўлмак ўйнар тошфарош йўллар,
Бирор томда кўринмас туршак.
Юзларига қуш расмин солиб,
Дўконларда ухлайди варрак.

Гумбаз бошин ювади қиров,
Минорчада қишлайди ғуррак.
Бухор Хотун кўтарган қари
Деворга ҳам бир чопон керак …

Ширин бўлар шаҳар ҳавоси.
Бозорда давр сурар нишалдо.
Хазонрезги суратларидан
Баргак тақар Ойими тилло.

ТИРАМОҲ

Она қишлоқ гужумлари ҳўл,
Ўт поялар энди хотиржам..
Кадиларнинг томдан тушгани
Қаргаларга қилади алам.

Боғчумчуқлар охур титкилар,
Узилмасдан ётар от арқон.
Кўзи сузук мушукни кўриб,
Қалдирғочлар қилмас ғалаён …

Сокин оқар ариқлар суви,
Боғлар худди қотган мўмиё.
Кирпиюрар сўқмоқчалар ҳам
Ёбонларда қолгандек танҳо.

Печакгуллар — ғарамга келин,
Қировпўстин эгнида борлиқ.
Онам изин излаб толгандай,
Шожўроблар дийдори сариқ.

Яширинди ҳaвoгa тутун,
Сарпушқалпоқ бошида ўчоқ.
Икки қўлин осмонга қилиб,
Аравалар чиқарар чарчоқ.

Манба: «Тафаккур» журнали,2014 / 2

ШОИРАНИНГ ҚАЛБ ОЛАМИ
Ф.ф.д.Охунжон Сафаров, ф.ф.н. Лайло Шарипова
08

022Бухорои шариф азал-азалдан шоиру шуаро, олиму уламони авайлаб ўстирган, унга комилликнинг бахт ва бахтсизлик орасидаги иқболини ато этган замин. Аммо унга ҳамиша шоир керак, у яна ва яна шоирга муштоқ. Ибодат Ражабованинг ўтган йил «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти томонидан чоп қилинган «Қуш киприги» тўпламини ўқиб, шу интизорлик туйғусини англайсиз:

Сен тан олма, мен ҳам билмайман,
У ким ўзи, қумурсқа ўлим,
Бухорога девору дарё
Шоир керак, албатта, дўстим!

«Наршахқалъа деворига битик» шеъри тўпламга дебоча бўлиб тургани китоб композицияси тўғри ва ўзига хос ҳолда тартиб берилганини кўрсатади. Шоиранинг ҳар бир шеърида устун бўлиб турган зарбли сатрлар мавжуд бўлгани каби бу шеърида ҳам такрорланмас мисралар бор:

Вобкентдарё, айтгин, сув берар,
Эрта чопон келтиргум, белбоғ.
Тиззаларинг йиртилган бўлса,
Қўл кафтимдан қиламан ямоқ.

Наршахқалъа деворининг йиртиқ тиззаларига ямоқ бўла оладиган кафтларни тасаввур қилсангиз, шеъриятнинг ғулув берган имкониятларидан-да улуғроқ имкониятлари борлигини, қўл кафтини қалъа деворларига ямоқ қилишга рози бўлиш учун улуғ кўнгил эгаси ва ватанпарвар бўлиш кераклигини ҳис қиласиз:

Қалқонлар кўксини силадим узоқ,
Бошини хам қилди чарчаган найза.
Жавшанлар енгидан ичига боқсам,
Ноғора бир шишиб, тортди ҳомуза.

Шоира фикрини аксар ҳолларда жонлантирилган нарсалар ташийди, унинг услубига хос жиҳатлардан бири шу.

Ибодат Ражабова шеърларида тарих тилга киради гўё. Уларни ўқишга қодир саводингиз бўлмаса, англолмай хижолат тортасиз. «Бухоро кўчалари», «Варахша», «Эски қалъа манзаралари», «Рўдакийни соғиниб», «Афросиёб сўзи», «Наршахий туғилган қалъада», «Чўли Ироқ», «Кумушкент» «Вардонзе қалъаси ҳақида кичик бир достон», «Чорминор», «Чорбакр бораман» каби шеърлари сизни Бухорои шариф бўйлаб кездиради, юрагингизда юрт меҳрини ғулувга келтиради.

«Бобои Самосий дарси», «Анжир Фағнавий ояти», «Азизон ҳақиқати», «Хожа Баҳоуддин Нақшбанд қироати», «Абу Ҳафс Кабир фалсафаси» каби шеърлари ёрдамида пирлар суҳбатини орзулаб қоласиз, улуғлар файзини ҳис қиласиз:

Олимман, воизман, ҳам деҳқон,
Устунман—бошимдан том топар ҳузур.
Мангуга кетсам ҳам, албат, гўримдан,
Бухоро, Сен томон чиқиб турар нур!

Шоира шеърияти мағзига муҳаббат сингдирилган: юртга, элга, инсонга муҳаббатдан туғилган ишқ—Яратган ишқи уни яшашга ундайди, суяйди, сийлайди:

Сенинг сабоғингда гул ҳиди келар,
Сенинг сабоғингда қор ранги бир хил.
Ажриқ гулларининг бандида ухлар,
Машраб туздонидан туз ичган кўнгил.

Шоира битган сатрларда «севги» сўзи учрамайди, фақат ўша сатрларнинг қат-қатидан муҳаббат ифори уфуриб туради. У ишқ азобидан оғринган қалбини кўтариб юрар экан, «сабрга нортуялар ўркачидан ёстиқ тикади», «нақ кўзидан ўтар ариқ». «Қўл кафтида гул экади», бу гул кўкариши учун «осмон ёмғир элаб чарчайди», «Пишган жийда еган қушлар қанотларин сувда чайиб» лирик қаҳрамон деразасидан келиб қарайдилар: «Ҳамон бўш гулдон». Шоиранинг шеърлари янглиғ муҳаббати ҳам ўзига хос, такрорланмас:

Қуюнлар бўғзига тош тиқди,
Гунг шамол ёғини еди жим.
Тушингиз дарчаси ёпилди —
Мен Сизни кўрмайин йиғладим!

Тўпламдаги шеърларни ўқиш чоғида тарихдан, тасаввуфшуносликдан, адабиётшуносликдан воқиф бўлишингиз лозим. Бўлмаса, аксар шеърлар сизга сирини очмай, сирлилигича қолаверади. Шоира баъзан асрлар қатида ўзи ҳам адашгандай. Бўлмаса «Пешкў, VI аср» деб ёзган шеърида «масжид» сўзи ўрнида «оташкада» сўзи қўлланиши ёки бор-йўғи асрнинг рақами алмашиниши лозим эди. Аммо шеърнинг ўзи гўзал:

Тегирмон тошларин йўлга чиқ дедим,
Кўприкка бақирдим: «Бошингни кўтар».
Эшиклар занжирин масжидга чорлаб,
Жуфт чопон кийдирдим: «Бўласан аскар».

Шоиранинг қатор шеърларида халқона мотивлар стилизация қилинган ва оқибат шеърда миллий руҳ янада кучайган. Бухоро тупроғида «Тўй нони-чун қорган хамирдан Қўшнилар ҳам олар хамиртуруш». Шоира боши тўқ буғдой оғир бўлишини, майиз қуртлаб қолмаслиги учун унга ялпиз қўшиб қўйилишини, соғлом бўлиш учун оқтут ейиш жуда муҳимлигини жонлантириш ёрдамида, халқона одатларни бутун жозибаси билан ифода этади:

Бошоқларнинг боши кўп оғир,
Ялпиз ҳидлаб ухлайди майиз.
Ҳар баҳорда оқтут емаган
Йигитларга бермайдилар қиз.

Таниқли адабиётшунос И. Ғафуров тўпламга ёзган сўзбошисида шоира истеъдодига юксак баҳо беради: «Ибодат шеърни лўнда ёзади. Лўндаликка интилади. Лекин бу лўндалик жумбоқнинг лўндалигига ўхшайди. Шеърий образлари ҳам мураккаб топишмоқ тусини олади. Кўпинча у кўзда тутган образнинг таг мағзига етиб боролмайсиз, уни чақолмайсиз. Бу ҳол унинг шеърларида бадиий услубга, шеърий техникага айланиб улгурган». Бироқ унинг ҳаммага бирдай тушунарли шеърлари ҳам талайгина. Уларда шоира табиатни янада чуқур билиши, юрт табиатига айрича эътибор қаратганини кузатиш мумкин.

Рост, Ибодат Ражабова шеърлари орасида баъзида тугалланмагандай туюладиганлари ҳам учрайди. У жонлантирган баъзи образларда мутаносиблик етишмай қолган ҳолатлар бор. Сатрлар поэтик қурилмасида грамматик ғализликларни ҳам кўриш мумкин. Кўпларда учрамайдиган «янтоқ», «аччиқтош», «гулчанг», «қоқигулнинг сутлари», «рўмол» каби сўзлар баъзан кўп қўллангандай таассурот қолдиради. Айрим шеърлар бандларида номутаносиблик кўзга ташланади. Муҳими, Бухорои шарифнинг рангин, нурли жамолини кўрсата олган шеърий тўпламлар қаторига истеъдодли шоиранинг ўзига хос қалб оламини акс эттирган яна бир мўъжаз тўплам билан бойиди.

09

Ancha yillar oldin «Saodat» jurnalida Ibodat Rajabovaning she’rlarini o’qib, o’ziga xos shoira ekanini anglaganman.
Ibodat opa — juda samimiy va sirli shoira. Satrlari zamirida kechmish kelajak, yomg’ir bilan shamol, nur bilan zulmat tutash yashaYdi. Bu she’rlarni o’qiganingiz sari yuragingizda gullayotgan yulg’unlar shivirini, kuzak botarida adashib qolgan shabbodaning armonli nafasini tuygandek bo’lasiz. Sehrlanasiz va she’rdan top­gan yangi manzaralaringiz ichida yashagingiz keladi.

Halima AHMAD

Ibodat Rajabova
DORBOZLARDAY NURDAN TIKDIM DOR…
02

ONA

Hassangizni shamol artadi,
Kovushingiz moylangan, toza.
Siz kun bo’yi yo’lim poylaysiz,
Goh zerikib ketar darvoza.

Ko’p teshilar suzmaxaltalar,
Oshib tushar lagandan xamir.
«Shaharga … » deb termay qo’yilgan
Novdalarda quriydi anjir.

Suvi qochar sutli kulchaning,
Go’sht qoqini o’g’irlar mushuk.
«Kelsa, yer … » deb asralgan behi
Jahl qilib chiqaradi tuk.

Xinoyaproq xaltacha kiyar,
Isinadi sandalda qovun .
«Uyi sovuq, qishda Kiyar » deb,
Paypoqlarga aylanadi jun.

Nafaqadan tejab yig’asiz,
«Puli bormi? .. » — surasiz xayol..
To’rt-beshta she’r ortidan chopib
Qiz shaharda yurar bemalol.

Mansablar-ku qiyo boqmadi,
3o’r shoir ham
bo’lgani qani?!
Siz ketgandan keyin sog’inar
Yenglaringiz olmalarini …

* * *

Yuragimning yoriqlari ko’p ¬
Tubigacha yetolmas malham.
Suratingni suvda eritsam,
Suvparilar ko’rsatdi karam.

Kizil olov mag’zini yutdim,
Dorbozlarday nurdan tikdim dor.
Farishtani xoli uchratib,
Ko’ngil qo’ysam yuz berdi asror.

Chig’anoqlar sharaqlab kuldi,
Ikki qo’lim surati — sapol.
Kamalaklar mashqini olib,
Kuyunlardan sog’ib oldim bol.

Sahro bordim, kenglikka botdim,
Yomg’irlarga qaldiroq yopdim.
Tushlaringga kirish eshigin
Lolalarning poyidan topdim.

* * *

Yorongullar yorini topdi,
Quchog’imda uxladi safsar.
Shudring ichib semirib ketgan
Ninachilar raftori dilbar.

Yalpiz bilan birga tush ko’rdik,
Buloqlardan suradik ta’bir.
Bog’supada quyosh o’ynaydi
Chelaklarga sig’magan anjir.

Arg’uvondan gulob pishirdim,
Guloblardan pishirdim anbar.
Sochlarimni nurtutqich qilgan,
Sunbulaning soyasi dilbar.

Ko’kka sig’dim, kurtakka sig’dim.
Meni yutib yubordi gulchang.
Bolarilar talashib ketdi:
«Kamalaklar erta tug’ar rang!»

Bol yuziga mitti xat bitdim,
Shomlar o’qip xushtorlariga!
«Qaldirg’ochlar endi in qypap,
Yuragimning devorlariga».

* * *

Yaproq bo’ldim, daraxtga mindim,
Shamol bilan uchdim halinchak.
Yashil shoxda men bilan o’ynab,
Endi qushlar bo’lar kelinchak.

Shovulladi tunlari charbog’,
Shovulladi uyg’ongan yurak.
Tomirlarga aylangan sochim
Gul bazmidan berdilar darak.

Nafas pishdi, xayollar pishdi,
Shirin raftor, pishdi, qadamlar.
Shudring yostiq bo’lgan qo’llarim
Kaftlaridan anqidi anbar.

3aytunlandim, qip-qizil zaytun.
Quyosh tomon ketar bo’ldim shom.
Tongda tursam pishgan olmalar
Adog’imda olardi orom.

* * *

Shaharda kuz juda olifta,
Supurgilar chaqqon maoshxo’r …
Qarsak chalar guzarteraklar,
Soz chalganday Oyimi Tanbur.

Dolonlarda shamol qisilar,
Yomg’ir shimar loyshuvoq devor.
«Uy-ku issiq, ko’cha ne hol?» deb
Boshlarini chiqarar bolor.

Ko’lmak o’ynar toshfarosh yo’llar,
Biror tomda ko’rinmas turshak.
Yuzlariga qush rasmin solib,
Do’konlarda uxlaydi varrak.

Gumbaz boshin yuvadi qirov,
Minorchada qishlaydi g’urrak.
Buxor Xotun ko’targan qari
Devorga ham bir chopon kerak …

Shirin bo’lar shahar havosi.
Bozorda davr surar nishaldo.
Xazonrezgi suratlaridan
Bargak taqar Oyimi tillo.

TIRAMOH

Ona qishloq gujumlari ho’l,
O’t poyalar endi xotirjam..
Kadilarning tomdan tushgani
Qargalarga qiladi alam.

Bog’chumchuqlar oxur titkilar,
Uzilmasdan yotar ot arqon.
Ko’zi suzuk mushukni ko’rib,
Qaldirg’ochlar qilmas g’alayon …

Sokin oqar ariqlar suvi,
Bog’lar xuddi qotgan mo’miyo.
Kirpiyurar so’qmoqchalar ham
Yobonlarda qolgandek tanho.

Pechakgullar — g’aramga kelin,
Qirovpo’stin egnida borliq.
Onam izin izlab tolganday,
Shojo’roblar diydori sariq.

Yashirindi havoga tutun,
Sarpushqalpoq boshida o’choq.
Ikki qo’lin osmonga qilib,
Aravalar chiqarar charchoq.

Manba: «Tafakkur» jurnali,2014 / 2

SHOIRANING QALB OLAMI
F.f.d. Oxunjon Safarov,F.f.n. Laylo Sharipova
08

003Buxoroi sharif azal-azaldan shoiru shuaro, olimu ulamoni avaylab o’stirgan, unga komillikning baxt va baxtsizlik orasidagi iqbolini ato etgan zamin. Ammo unga hamisha shoir kerak, u yana va yana shoirga mushtoq. Ibodat Rajabovaning o’tgan yil «Sharq» nashriyot-matbaa aktsiyadorlik kompaniyasi bosh tahririyati tomonidan
chop qilingan «Qush kiprigi» to’plamini o’qib, shu intizorlik tuyg’usini anglaysiz:

Sen tan olma, men ham bilmayman,
U kim o’zi, qumursqa o’lim,
Buxoroga devoru daryo
Shoir kerak, albatta, do’stim!

«Narshaxqal’a devoriga bitik» she’ri to’plamga debocha bo’lib turgani kitob kompozitsiyasi to’g’ri va o’ziga xos holda tartib berilganini ko’rsatadi. Shoiraning har bir she’rida ustun bo’lib turgan zarbli satrlar mavjud bo’lgani kabi bu she’rida ham takrorlanmas misralar bor:

Vobkentdaryo, aytgin, suv berar,
Erta chopon keltirgum, belbog’.
Tizzalaring yirtilgan bo’lsa,
Qo’l kaftimdan qilaman yamoq.

Narshaxqal’a devorining yirtiq tizzalariga yamoq bo’la oladigan kaftlarni tasavvur qilsangiz, she’riyatning g’uluv bergan imkoniyatlaridan-da ulug’roq imkoniyatlari borligini, qo’l kaftini qal’a devorlariga yamoq qilishga rozi bo’lish uchun ulug’ ko’ngil egasi va vatanparvar bo’lish kerakligini his qilasiz:

Qalqonlar ko’ksini siladim uzoq,
Boshini xam qildi charchagan nayza.
Javshanlar yengidan ichiga boqsam,
Nog’ora bir shishib, tortdi homuza.

Shoira fikrini aksar hollarda jonlantirilgan narsalar tashiydi, uning uslubiga xos jihatlardan biri shu.

Ibodat Rajabova she’rlarida tarix tilga kiradi go’yo. Ularni o’qishga qodir savodingiz bo’lmasa, anglolmay xijolat tortasiz. «Buxoro ko’chalari», «Varaxsha», «Eski qal’a manzaralari», «Ro’dakiyni sog’inib», «Afrosiyob so’zi», «Narshaxiy tug’ilgan qal’ada», «Cho’li Iroq», «Kumushkent» «Vardonze qal’asi haqida kichik bir doston», «Chorminor», «Chorbakr boraman» kabi she’rlari sizni Buxoroi sharif bo’ylab kezdiradi, yuragingizda yurt mehrini g’uluvga keltiradi.

«Boboi Samosiy darsi», «Anjir Fag’naviy oyati», «Azizon haqiqati», «Xoja Bahouddin Naqshband qiroati», «Abu Hafs Kabir falsafasi» kabi she’rlari yordamida pirlar suhbatini orzulab qolasiz, ulug’lar fayzini his qilasiz:

Olimman, voizman, ham dehqon,
Ustunman—boshimdan tom topar huzur.
Manguga ketsam ham, albat, go’rimdan,
Buxoro, Sen tomon chiqib turar nur!

Shoira she’riyati mag’ziga muhabbat singdirilgan: yurtga, elga, insonga muhabbatdan tug’ilgan ishq—Yaratgan ishqi uni yashashga undaydi, suyaydi, siylaydi:

Sening sabog’ingda gul hidi kelar,
Sening sabog’ingda qor rangi bir xil.
Ajriq gullarining bandida uxlar,
Mashrab tuzdonidan tuz ichgan ko’ngil.

Shoira bitgan satrlarda «sevgi» so’zi uchramaydi, faqat o’sha satrlarning qat-qatidan muhabbat ifori ufurib turadi. U ishq azobidan og’ringan qalbini ko’tarib yurar ekan, «sabrga nortuyalar o’rkachidan yostiq tikadi», «naq ko’zidan o’tar ariq». «Qo’l kaftida gul ekadi», bu gul ko’karishi uchun «osmon yomg’ir elab charchaydi», «Pishgan jiyda yegan qushlar qanotlarin suvda chayib» lirik qahramon derazasidan kelib qaraydilar: «Hamon bo’sh guldon». Shoiraning she’rlari yanglig’ muhabbati ham o’ziga xos, takrorlanmas:

Quyunlar bo’g’ziga tosh tiqdi,
Gung shamol yog’ini yedi jim.
Tushingiz darchasi yopildi —
Men Sizni ko’rmayin yig’ladim!

To’plamdagi she’rlarni o’qish chog’ida tarixdan, tasavvufshunoslikdan, adabiyotshunoslikdan voqif bo’lishingiz lozim. Bo’lmasa, aksar she’rlar sizga sirini ochmay, sirliligicha qolaveradi. Shoira ba’zan asrlar qatida o’zi ham adashganday. Bo’lmasa «Peshko’, VI asr» deb yozgan she’rida «masjid» so’zi o’rnida «otashkada» so’zi qo’llanishi yoki bor-yo’g’i asrning raqami almashinishi lozim edi. Ammo she’rning o’zi go’zal:

Tegirmon toshlarin yo’lga chiq dedim,
Ko’prikka baqirdim: «Boshingni ko’tar».
Eshiklar zanjirin masjidga chorlab,
Juft chopon kiydirdim: «Bo’lasan askar».

Shoiraning qator she’rlarida xalqona motivlar stilizatsiya qilingan va oqibat she’rda milliy ruh yanada kuchaygan. Buxoro tuprog’ida «To’y noni-chun qorgan xamirdan Qo’shnilar ham olar xamirturush». Shoira boshi to’q bug’doy og’ir bo’lishini, mayiz qurtlab qolmasligi uchun unga yalpiz qo’shib qo’yilishini, sog’lom bo’lish uchun oqtut yeyish juda muhimligini jonlantirish yordamida, xalqona odatlarni butun jozibasi bilan ifoda etadi:

Boshoqlarning boshi ko’p og’ir,
Yalpiz hidlab uxlaydi mayiz.
Har bahorda oqtut yemagan
Yigitlarga bermaydilar qiz.

Taniqli adabiyotshunos I. G’afurov to’plamga yozgan so’zboshisida shoira iste’dodiga yuksak baho beradi: «Ibodat she’rni lo’nda yozadi. Lo’ndalikka intiladi. Lekin bu lo’ndalik jumboqning lo’ndaligiga o’xshaydi. She’riy obrazlari ham murakkab topishmoq tusini oladi. Ko’pincha u ko’zda tutgan obrazning tag mag’ziga yetib borolmaysiz, uni chaqolmaysiz. Bu hol uning she’rlarida badiiy uslubga, she’riy texnikaga aylanib ulgurgan». Biroq uning hammaga birday tushunarli she’rlari ham talaygina. Ularda shoira tabiatni yanada chuqur bilishi, yurt tabiatiga ayricha e’tibor qaratganini kuzatish mumkin:

Rost, Ibodat Rajabova she’rlari orasida ba’zida tugallanmaganday tuyuladiganlari ham uchraydi. U jonlantirgan ba’zi obrazlarda mutanosiblik yetishmay qolgan holatlar bor. Satrlar poetik qurilmasida grammatik g’alizliklarni ham ko’rish mumkin. Ko’plarda uchramaydigan «yantoq», «achchiqtosh», «gulchang», «qoqigulning sutlari», «ro’mol» kabi so’zlar ba’zan ko’p qo’llanganday taassurot qoldiradi. Ayrim she’rlar bandlarida nomutanosiblik ko’zga tashlanadi. Muhimi, Buxoroi sharifning rangin, nurli jamolini ko’rsata olgan she’riy to’plamlar qatoriga iste’dodli shoiraning o’ziga xos qalb olamini aks ettirgan yana bir mo»jaz to’plam bilan boyidi.

Manba: «Buxoronoma» gazetasi

хдк

(Tashriflar: umumiy 296, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring