Isajon Sulton. O’rmondagi kulba

022
Ичимдаги сурур қайдан пайдо бўлганини билмасдим. Бу ўрмон менга ёқар, кечагина минг хил ташвиш билан пешона тириштириб юрган бўлсам, энди ҳаммасини унутгандек, хаёлимга «Қара-я, ўрмон жонга роҳат бахш этаркан-ку» деган ўй ортидан «Нима бўлганда ҳам инсон табиатнинг фарзанди, бағрига тортаверади-да» дегандай «жиддий фикр»лар ҳам келмоқда эди.

007
Абдуғафур Расулов
ҲИКОЯ ҲАҚИДА
001

007 Бу рамзий ҳикояни шарҳлаш учун замонавий фан руҳиятшунослик деб атайдиган бир илмга эҳтиёжимиз бор.

Инсон қалбининг сир-асрорини кўриб-билиб турадиган зот фақат Яратганнинг ўзидир, бироқ Ўзигагина хос шу билимлардан бир улушини бандаларига ҳам ҳадя этган. Руҳий таҳлил илмида таъкидланишича, киши хатти- ҳаракатларининг ўзаги ақлу шуурнинг ҳам тубидаги онг ости қатламида пинҳон. Соддароқ тилда айтсак, инсон ўз жавҳарини қалбининг туб-тубига яшириб қўяди. Шу сабабли атрофимиздаги кишиларнинг ички кайфиятини ҳар доим ҳам сезавермаймиз.

Руҳиятшуносликда инсоннинг онг остини таҳлил қилишга мўлжалланган бир қанча синовлар бор. Масалан, ўзингизни ўрмонда тасаввур қилинг. V ерда бир уйча бор, сиз ўша уйчанинг ертўласига тушишингиз керак. Ертўла пиллапояларининг саноғи киши ўз шахсиятини қалбига қанчалар чуқур яширганини англатади.

“У ерда кимдир бор ва нима биландир машғул, сиз унинг овозини эшитдингиз. У қандай овоз эди?” Бу саволнинг жавоби шундай: ўша овоз кишининг ўз қалб сасидир.

“Шу вазиятда нима қилган бўлардингиз: ёнига борасизми ёки ортга қайтиб чиқиб кетасизми?” Жавобингиз ҳаёт олдингизга қўядиган муаммоларга муносабатингизни билдиради.

“Ва ниҳоят, зинада яна кимдир пайдо бўлди, ким у?” У- инсоннинг ҳар қандай вазиятда ҳам кўмагига ишона оламан дейдигани, яқин тутган кишисидир.

Ҳикояга мана шу нуқтаи назардан ёндашсак, буткул бошқа маъноларни уқамиз.

Эътибор қилинг, мақсадлари муштарак, бир тану бир жон бўлиб яшаши керак бўлган бир оиланинг уч вакили қалбига айри-айри кириб боряпмиз. Ҳикояда шунга ишора этилади-да. Ўғил ҳам, Она ҳам, Ота ҳам ертўлада ўзига таниш анжомларини кўриши, яккаш манзаралар ҳар бирига турлича намоён бўлиши — буларнинг бари қаҳрамонлар ички дунёсининг тартиботидан дарак беради. Ўғил — ҳали ҳаётдан задаланмаган, содда-самимий йигит. Болалик бисотини топиб завқланган йигит каби ертўладаги овоз ҳам завқланиб куляпти: “Борай- чи, қизиқроқ бир нимани кўриб қолганмикан». Онанинг кўнглида эса дарду ғусса ҳукмрон: ертўлада бир аёл ўксиб-ўксиб, елкалари силкиниб-силкиниб йиғлаётир. “Ким бўлсаям, ёнига борай, ҳол-аҳвол сўрай деб ўйладим. Одам тафтини одам олади. Қозиқдан онамнинг рўмолини олиб, бошимга ўрадиму у томон юрдим”.
Ота — бениҳоя ёлғиз одам. Унинг характери ифодаларига қаранг: нимадандир (ҳаётиданми, яқинлариданми, қисматиданми) ўта норози, шу сабаб ҳам ғўлдираб сўкинади, қўлига илинган нарсани отиб, тепиб юборади.

Энди имдод саҳнасига диққат қаратайлик. Ўғилнинг қошига дўсти келмоқда. “Юр, юрақол юқорига, — деди дўстим кулимсираб. — Бу ерда нима бор сенга?!” Дўст — йигитнинг ота-онаси билмайдиган кечинмаларидан хабардор ва энг муҳими келажак сари елкама-елка, бирга-бирга борадиган сафардоши. Жуда озорланган ва қалбининг туб-тубида ўксик ота-онадан фарқли, ўғилнинг руҳияти қувватлироқ, чунки келажак ҳали олдинда. Ўғилнинг назаридаги келажак — ёрқин ва нурли.

Она қошига кутилмаганда боласи ё эри эмас, отаси кириб келяпти. Яъни, ёлғиз суянчиғи — отаси. Шу сабабдан ҳам сўралмоқдаки, “Ажаб, нега болангни чақирмадинг, авайладингми? Нега эрингни чақирмадинг, кўнглинг йўқми? Она қизим, қиз учун отадан улуғроғи йўқ дедингми?”

Ота қошига эса ҳеч ким келмади, чунки унинг суянадиган кишиси йўқ. Ота психологияси шундай: у ўз оиласидаги кимгадир суянишни эмас, балки ҳаммага пуштипаноҳ бўлишни ўйлайди. Назарида, оиласи ҳимояга муҳтож ва у ҳаётий вазифасини бажариб, аҳли аёлини муҳофаза этиши шарт.

Исажон Султон бу ўринда генотип ҳаётини руҳиятшунос сифатида таҳлил қилишга уринади. Ҳа, бир оила, якдил яшаётгандай туюлса-да, қалб тубидаги орзу-армонлар турли-туман ва… улар ҳеч қачон ошкор қилинмайди. Шу сабаб яна саволлар туғён қила бошлайди. Нега бир оила аҳли қапбан яқин эмас? Ким қайда хато қилди?

Ушбу ҳикоянинг мен илғаган тагмаъноси ана шулардан иборат. Хотима ҳам алоҳида эътиборга молик. Нидо кимга оид экани эса зукко ўқувчига ҳавола қилинади: “Найлайин, ертўладан чиқай десам — чиқолмайман. Қолавераман, ғалати ўрмоннинг, ертўланинг, сас-товушларнинг ҳайбатлари аро… чуқур-чуқурларга яшириб қўйилган маънолар қаршисида, лолу ҳайрон, музтар-музтар…”

007
Исажон Султон
ЎРМОНДАГИ КУЛБА
Ҳикоя
001

Эй руҳ! Фитратининг ўрмонларида кезинган, эзилган, озурда эй руҳ!
Заҳмат сойларининг ҳовурларию ғусса водийпарин шовурларида бир ўзи йиғлаган, ўксиган, куйган, ҳасрат ёмғирининг куюкларида илма-тешик бўлиб изиллаб турган!
Эски зиндонингдан бир зум чиқақол!..

Муқаддима

Ўғил

022Шабада эсмас, лекин ўрмон гувуллаб-шовуллаб турар эди.
Сарв, қайрағоч, арчалар баланд ўсган, ўт-ўланлар пояси тўқ яшил, дарахт остидагилари эса сийракроқ, ранги ҳам нимдошроқ, баъзилари гуллаган, майда-майда гулчалар узра асаларилар ғўнғиллаб учиб юрар эди. Дарахтлар ортида кўринмаса-да, қайдадир қуёш ёрқин нур сочарди. Осмон кўм-кўк, увада оқ булутлар қимир этмасди.

Кўпдан бери инсон зоти юрмаган сўқмоқдан тез-тез одимлаб борардим.

Ичимдаги сурур қайдан пайдо бўлганини билмасдим. Бу ўрмон менга ёқар, кечагина минг хил ташвиш билан пешона тириштириб юрган бўлсам, энди ҳаммасини унутгандек, хаёлимга «Қара-я, ўрмон жонга роҳат бахш этаркан-ку» деган ўй ортидан «Нима бўлганда ҳам инсон табиатнинг фарзанди, бағрига тортаверади-да» дегандай «жиддий фикр»лар ҳам келмоқда эди.

Одамнинг ўйи қизиқ-да. Бир нимани кўрсангиз, беш-олти хил фикр бирдан уйғонади. Энг маъқулини танлаб оласизу қолганини ташлаб юборасиз гўё. Лекин ҳозир ўйларимнинг бари қийматлидай, биронтасини рад қилиб бўлмайдигандай туюлди — ўзимча мамнун илжайиб қўйдим.

Шу сабабли ўрмонда қиладиган ишим бехавотир кўринди.
Ҳа, шу яқин ўртада эски, кимсасиз бир кулба бор. Мен унинг ертўласига тушишим керак.

Яна пича одимлагач, сўқмоқ адоғида ўша уйча кўринди. Кичкина, тик томли экан. Қурилганига неча йиллар бўлгандир… Олдидаги май-дончага терилган тошлар орасидан ўт ўсиб чиқибди. Тарвақайлаган мевали дарахт бўй чўзибди — ўрикка ўхшайди, шохларида довуччалари ҳам бор.

Дарахт ёнидан ўтиб, уйчанинг тош зинасидан юқори чиқдим. Эшик очиқ экан.

Бу ерга кўпдан бери инсон қадами етмаган эса-да, эгалари қайгадир кетганига бир-икки ҳафта бўлгандай, назаримда. Чунки рўзғор ашёларининг бари ўз ўрнида, аммо уларни хиёл чанг қоплабди. Ўнг томондаги жавоннинг эшиклари ёпиқ, ичида уй эгаларининг буюмлари бўлса керак. Дераза тагида каттагина стол, устида эскироқ компьютер, қалам-қоғоз ёнида сўлий бошлаган чечаклар ҳам бор, ҳарҳолда, уй бекаси нозиктабиат аёл, шекилли. Деразага оч-сарғиш гулли парда тутилган. Бориб, тавақаларни очиб юбордим, ўрмоннинг ўт-гиёҳлар исига тўла тоза ҳавоси ичкарига ёпирилди. Катта жигарранг печка устида оғир чўян чойнак, ерда эса беш- олтита қарағай саржини, гугурт доналари сочилиб ётибди.

Чап томондаги хона эшиги ёпиқ. Болалар хонаси бўлса керак. Балки мехмонхонадир?
Ҳа, шинамгина-ю, аллақанча муддат қаровсиз қолган бир уй.

Ўзи ертўлага тушишни ўлгудек ёмон кўраман. Нимқоронғи, кераксиз ашқол-дашқоллар бетартиб қалашиб ётган, зах ҳиди анқиётган жой тасаввуримда жонланади. Баъзилар ҳаво алмашиши учун туйнук ҳам очади, туйнуги бўлмаса, ертўла ҳавоси оғир, дим бўлади-да.

Ҳув анави ерда яна бир эшик- ертўла эшиги, шекилли. Очиқ турибди.
Эшик олдига келиб, пастга қарадим. Бвш ёки олтита пиллапояси бор-ов.
Аста қадам босдим — кўндаланг тахталар ғичирлаб кетди.

Она

Умр бўйи дала-тузда овораи сарсон, болам-чақам деб заҳмат чеккан бир аёлман-у, кутилмаганда менга «Ўрмонга бор» дедилар.

Ўрмон тушимга ҳам кирмаган — сап-сариқ қуму лойқа сувлар ораси-да катта бўлганман-да, аммо рости, бу манзараларни кўриб оғзим очилиб қолди. Ҳамсояларим эсимга тушиб кетди, бечоралар, оила-рўзғор заҳматидан ортиб шунақа кўркам жойларни ҳам кўришса эди, деб илиндим.

Чиндан ҳам жуда чиройли, сарвлари ва номини мен билмайдиган тик қадли оғочлари енгил шабадада шовуллар эди.

Сўқмоқ тор, одам юрган ерларида сийрак майса ўсган, четларидаги ўт-гиёҳлар мовий, сариқ ва оқ тусда гул очибди. Дарахтларда қушлар сайрайди. Бир қарағай шохида жажжи олмахонни кўрдим, қўлида бужур ёнғоғи ҳам бор, мунчоқ кўзларини менга беҳадик тикиб ўтирибди.

Ўрмондаги уйчанинг эшиги очиқ экан. Эгалари қани, дея хавотирланиб ичкарига мўраладим. Ҳеч ким йўқ, ҳаммаёқ ораста, батартиб, ёғ тушса ялагудек. Дераза тагида катта бир стол, устига оппоқ дастурхон ёзилган, кўкимтир шиша гулдонда уч дона чиройли гул. Печка устида ялт-ялт кулранг темир чойнак, ерда текис тахланган беш-олтита саржин ўтин.

Дераза ҳам очиқ, оппоқ парда майин шабадада ҳилпираётир.
Ҳарҳолда, уй эгалари саранжом-саришта экани кўриниб турибди. Дарвоқе, қайга кетишган экан?

Шу уй ертўласига тушишим керак.

Ертўла жуда чуқурга ўхшайди, ғира-ширада зиналарнинг охири кўринмайди. Ўлсин, қоронғи экан, деб ўйладиму пастга қараб қадам босдим.

Ота

Ташвишим бошдан ошиб ётибди-ю, ўрмонда бало борми менга?
Бунақа ўрмонни йигитлигимда — ҳарбийда кўрганман. У маҳалларнинг меҳнати оғир эди, шунақа бепоён бир ўрмонда дарахт кесганман…

Шамол оғочларнинг қуриган шохларини қисирлатиб синдираётир — шунинг шовқини. Баланд-баланд дарахтлар оғир-оғир чайқалиб ингранади, йўл устидаги ўту гиёҳлар эгилиб-букилиб шитирлайди.

Майсалар гулини ер узра сочиб юборибди. Ўрмон гувуллаб-шовуллаётир — аллақаёқлардан ваҳимали овозлар келаётир.

Кимсасиз бу ўрмонда ваҳший ҳайвонлар ҳам бордир? Ана, нимадир ўкиргандек бўлди. Айиқми, силовсин, ё бўримикан?

Сўқмоқдан қачондир ароба юрган — ғилдирак излари ўрни тақир, тупроқ қуруқ, аммо излар орасида ўт гуркираб ўсибди.

Салдан кейин ёмғир ёғса ажабмас — осмондаги булутлар тўдалашиб- уюлиб келмоқда. Бу — шамолнинг иши.
Ваҳший ҳайвонлар оч бўлса, ҳужум қилиши турган гап. Тезроқ ҳув анави уйчага етволишим керак.
Тез-тез юриб уйчага келдим. Эшиги ёпиқ экан, аста итарсам, тарақлаб очилиб кетди.

Бу ерга инсон қадами тегмаганга ўхшайди. Ҳаммаёқни қалин чанг қоплабди. Дераза пардаси эски, тўқ жигарранг тусда. Уй ҳавоси дим. Деразаларни ланг очиб юбордим. Стол устида қизғимтир шиша гулдон, ичидаги суви лойқаланиб сасиб кетибди. Печкага анчадан бери ўт ёқилмаган, кули олинмаган, ичида чала ёнган икки-уч саржин…

Айтганимдай, салдан кейин ёмғирнинг шитирлаши эшитилди.
Чанг устида из қолдириб, ертўланинг ёпиқ эшиги томон юрдим. Очиб, етти ёки саккизта пиллапоя босиб пастга тушдим.

1.Ертўлада

Ўғил

Ертўла кенг-мўлгина экан. Қоронғи — охири кўринмайди. Кераксиз нарсалар тиқилиб ётибди бу ерда. Оёғим остида эски ўйинчоқлар, дарахт новдасидан ясалган ўқ-ёй, пушти ва оқ копток, қўғирчоқлар… Улар ҳам чангга ботган.

Ие, ўзимнинг ўйинчоқларим-ку?! Бу ерда нима қилиб ётибди?!

Яна одимлайман. Туйнуклар очиқ, ҳаво ростдан ҳам майин. Ертўла зах эмас. Туйнукларни ким очди экан? Ҳозир-ку баҳор, аммо қишда туйнуклар ёпилмасмиди?

Ўйинчоқлар болалигимни эслатгани боис ертўла бегона туюлмади, худди бир сирдан воқиф бўладигандек, қалбимда илиқ туйғу бош кўтарди. Шу кичкина ёйдан қушларга ўқ узардим, ўқни беҳи новдасидан ясардим, табиийки, биронта қушни отиб ололмаганман, лекин ўша маҳаллар ўзимни довюрак овчи дея хаёл қилганларим, қийқира-қийқира дарахтзор оралаб чопганларим эсимда.

Яна бир-икки қадам босган эдим, тўсатдан ертўла адоғидан, қоронғилик қаъридан бир овоз келди. Ие, бу ерда биров борга ўхшайди.

Ҳа, ўша ёқда -тахта рафлар зулмат ичида кўзга кўринмай кетган жойда кимдир ўзича завқланиб кулмоқда эди.
Овозига қараганда, мен тенги йигит, шекилли. Нега куляпти экан? Мен каби ертўлага киргану болалик бисотини топиб олиб, ўша маҳаллардаги бирор воқеани эслаб кулаётган бўлса-чи? Кулги сасини эшитганим ҳамоно менга зиён етказмаслигига ишонч ҳосил қилдим. Чунки беғубор-беозор кулги эди бу. Эски-тускини титкилаб, қадрдон буюмини топиб олган бўлса керак. Узун бўйли, сочлари қоп-қора, кўзлари чақнаган ва, табиийки, шошқалоқлигидан кўпинча хато ҳам қилиб қўядиган софдил-самимий бир йигитга ўхшайди.
«Борай-чи, ким экан?» дея у томон қадам ташладим.

Она

Бир маҳаллар ота уйимизнинг ертўласида сабзи-пиёз сақлар эдик. Катта хумларда ёғ, гуруч, буғдой, чоғроқларида мош, ловия, нўхат бў-ларди. Кейинчалик эски тўшакларни ҳам олиб тушиб, думалоқлаб ўраб қўйган эдим. Бу ахир ўша нарсалар-ку, аввал қандай бўлса, шундайлигича турибди.

Ертўла саришта, аммо ўтмиш иси келади. Ие, оламдан ўтиб кетган онаизоримнинг кўйлаги, рўмоли ҳам шу ерда эканми? Йўқотиб қўйганман деб эзилиб юрардим. Мана бу отамнинг тўни эмасми? Шифтга эски бешик илиб қўйилибди, ёпқичи остидан қовузлари, қўлбоғичлари кўриниб турибди.

Худога шукр, бегона жой эмас экан.

Яна бироз юрган эдим, ертўла бурчагидан, қоронғиликдан бировнинг овози келди. Шошиб қолдим. Тавба, у ерда бир аёл ўксиб-ўксиб йиғламоқда.
Букчайиб ўтирибди — озғин елкаси, униққан кўйлаги, нимдош ҳаворанг рўмолини илғадим. Юзи кўринмайди, аммо нимадандир эзилиб-эзилиб, тўлиқиб-тўлиқиб йиғлаётир.

Чорасиз одам шунақа кўзёш тўкади. Дунёи дунда ҳаётининг қийматсизлигидан, ҳарчанд тиришмасин рўшноликка чиқа олмаётганидан, умр эса ўрмонни чайқатган шамол каби долғалар сола-сола елиб ўтиб кетаётганидан юраклари ғамга тўлиб, Худога ёлвора-ёлвора нола қилади.
Бечора, ертўлада нима қилаётган экан? Балки шу уйнинг бекасидир? Бошига бирор мусибат тушган бўлса-чи?

Жоним ачиб кетди. Ким бўлсаям, ёнига борай, ҳол-аҳвол сўрай деб ўйладим. Одам тафтини одам олади, агар мусибатзада бўлса, Худо меҳрибон, ҳар мусибат ортидан бир яхшилик кўрсатади, деб тасалли бергим келди. Фарзандлари бордир, улар олдида ҳаёт ташвишлари нима бўпти? Аёл турмуш қуриб, бола-чақали бўлгач, ўзини оиласига фидо қилиб юборади, ўксинманг ахир, дея юпатгим келди.

Ота

Ҳм-м, ертўла бўм-бўш экан.
Бунақа жойларда каламуш урчиб ётади. Ҳойнаҳой илон ҳам бордир? Йўқ, зах жойда илон бўлмайди. Захсевар майда-чуйда ҳашаротлар ўрмалаб юрган бўлиши мумкин.

Чап томонда — девор тагида ётган асбоб-анжомлар ишлатилмаганидан занг босиб кетибди: болта, арра, теша, ўроқ, дастасиз кетмон. Бир уюм қийшайган мих-пих…

Нима зарил эди бу ерга келиб? Норозилик ила секин-аста одимлайман.
Зах тупроқни селгитиш учун анча меҳнат қилиш керак. Туйнук-деразаларни очиб, яхшилаб шамоллатмаса бўлмайди.

Ертўлада бир неча хона бор экан. Ҳаммасининг эшигига қизил бўёқда «Кириш мумкин эмас» деб ёзилган тахтача-лавҳа илиб қўйилган.
Ким ёзган экан уларни?

Теварагимни кузатиб, мулоҳаза қилиб турганимда, ҳув наридан, қоронғиликдан инсон саси келди.
Ўша ёққа қараб, гавдаси мен қурам, орқа ўгириб букчайиб турган кишининг қорасини кўрдим.
Ғўлдираб сўкинар эди.

Нимадандир жуда норози, эски ашқол-дашқоллар орасидан бир ни-маларни қидиради, қўлига илинган нарсани отиб, тепиб юборади, бундан баттар тутоқиб, баттар ғудранади…

Нега сўкинаётган экан? Оиласи, бола-чақаси қаёққадир кетгану ҳали қайтмаганидан жаҳли чиққандир? Бир нима дегим келди-ю, ниятимдан қайтдим.

Негаки, бизнинг ёшга етган одамни ўз ҳолига қўйиш керак. Гоҳ-гоҳ шунақа бир ертўлага тушиб, ўкраб-ўкраб йиғлаб олсаям бўлади. Енгил тортади-да. Чунки биз тенги одамлар юрагида кўпинча зил-замбил тош олиб юради. Аммо йиғлаб ёки сўкиниб хуморидан чиқса бўладиган жой топилмайди. Бу ер зап жой экан… Анави одамни танимадим.

Ёнига боргим келмади. Ўз ҳолига қўйиш керак дедим-ку. У билан неча пуллик ишим бор? Ўзимнинг ташвишим ҳам етиб ортади. Мана, ертўлага тушдим, айтарли ҳеч нарса топмадим, энди қайтиб чиқиб кетсам ҳам бўлар. Тезроқ уйимга борганим маъқул, қанча юмушим бор ахир, бу ерда нимаям қилдим?

2. Чорлов

Ўғил

Ашқол-дашқоллар орасидан бир маҳаллар севгилимга ёзган хатларим чиқиб қолса бўладими! Қизиқ, у қиз паққос унутилган-у, хатлар турибди. Қай тарз бу ерга келиб қолган — ҳайронман. Хатлар мазмуни эсда йўқ, аммо баъзи сўзлари ёдимда.
«Сенсиз менга ҳаёт керакмас», деб ёзган эдим, шекилли.

Шу маҳал боя кулган йигит мени чақириб қолди.
«Келақолсанг-чи, ахир!» дер эди у.
«Ғалати бир нарса топиб олдим, кел, сен ҳам кўр», дер эди.

Нима топиб олган экан? Кимлигини билмасам-да, ҳар ҳолда мени танийдиганлардан биронтаси эканига ақлим етиб турибди. Йўқса чақирармиди?! Менга алоқадор бир нарса бўлса керакки, чақиряпти.

Кўнглим тошиб у томон ошиқдим. Кимлигини билгим келди, бу ғалати ўрмонда ёлғиз эмаслигимдан кўнглим хотиржам тортди. Балки синфдошимдир, балки болалик ўртоғимдир?

Она

Шу маҳал ўша йиғлаган аёл мени чақирди.
Вой тавба, мени танирканми?

Бечора, бу ерларга қандай келиб қолди экан? Бола-чақам деб ўр-монда мева-чева териб юргану шу ертўлага кириб, бир нимани кўриб қолганмикан? Нима бўлганда ҳам ўзимга ўхшаган бир боёқиш-да. Йиғлаб ўтиришидан билувдим, бир дард-изтироби борлигини!

Ҳозир ёнига бориб ҳол сўрайман. Балки боласидан, ё эридан, ёки бирон жигаридан айрилиб қолгандир?
Қозиқдан онамнинг рўмолини олиб бошимга ўрадиму у томон юрдим.

Ота

Қайтиб чиқиб кетмоқчи эдим, букчайиброқ турган нотаниш киши тўсатдан хиёл ўгирилиб, исмимни айтиб чақирди.

Иккиланиб қолдим — борайми, бормайми?

Э-э, нимадан чўчийман? Аммо танимаган одамга ишониб бўлармиди? Ён-веримга қараб, ушлашга қулай, учи оғир таёққа кўзим тушди. Кетмон сопи экан. Отамнинг катта кетмони бўларди, фақат сопи қолибдими дейман?! Олиб қўлимда айлантириб кўрдим: мабодо ҳамла қилиб қолса, бошига ураман деб ўйладим. Ҳа, бошига уриш керак, зарба кучли бўлса, кўз олди қоронғилашиб, ҳушидан кетади. Лекин ёрдам сўраётган бўлса-чи? Ҳозир бировга кўмак берадиган пайтми, ўзим кўмакка зорман-ку!

Нега хавотир олганимни ўзим ҳам билмайман. Ким билсин, овлоқ ўрмон бўлса…
Таёқни икки қўллаб маҳкам тутиб, эҳтиёткорлик билан ўша томон юрдим.

3. Келган ким?

Ўғил

Овоз эгаси томон бир неча қадам босган эдим, кутилмаганда тепада, ертўла эшиги томонда яна кимнингдир шарпаси сезилди.
Қадам товушлари залворли эди.
Ким бўлиши мумкин?

Ўрмонда бошқа бировни кўрмаган эдим-ку!
Келган киши эса менинг исмимни айтиб чақиряпти.
Ие, дўстим-ку! Энг яқин, жонажон дўстим!

Шошиб, ортимга ўгирилдим. Кўрганларимни унга айтиб бераман, кейин бирга анави йигитнинг олдига борамиз. Ёлғиз эмасман, дея кўнглим таскин топди, журъатим ошиб, истиқболига дадил юрдим.

Она

Тўсатдан ертўла эшиги яна ғийқиллаб очилди-да, кимдир кириб келди. Уни кўриб, шошиб қолдим.
Отамга ўхшайди-я?
Вой, отам-ку!

«Жоним отам, ўтиб кетган эдингиз-ку?
Э тавба, тирик экансиз-да?!
Кулишларингиз ўша-ўша, бағрикенглигу хушфеъллик билан жилмайиб турибсиз!»

Қучоғига отилгим келди.
Аммо кап-катта хотинман-ку!
Кап-катта хотин бўлсам нима қипти? Отам-ку, пуштипаноҳим, суянган тоғим ахир! «Отажоним!» дея бирданига ҳўнграб, бағрига отилдим.

Ота

Тепадаги эшик ғийқиллади.
Яна кимдир келдими?
Йўқ, ҳеч кимнинг қораси кўринмайди.
Айтмоқчи, шамолдир!

Ҳа, кўча эшик очиқ қолувди. Бу ёққа келаётганимда кучли шамол турган эди. Очиқ қолган эшикдан шамол кириб, уй ичини обдон тўзитган, ертўла эшигини ҳам ғийқиллатган бўлиши мумкин.
Ҳар эҳтимолга қарши яна қарадим: йўқ, ҳеч зоғ йўқ!

Ростдан ҳам шамол экан. Ана, пиллапоянинг чангини яна тўзитди. Ортимга қарадим: сас келмай қўйганди, бояги одам қаёққадир ғойиб бўлибди!

Аёл отасининг руҳи

Оҳ, содда қизгинам, ўрмоннинг ўрмон эмаслигини билмадингми? Ахир, манзараларга сер солиб қарамадингми, ўзинг кўрган, ўзинг билган ҳамма нарса кўз олдингда жонланди-ку!

Ой қизалоғим, ҳалиям ёш гўдакмидинг? Кап-катта ўғлинг, эринг бўла- туриб, мени йўқлаганингдан хавотирландим, жон болам.

Ажаб, нега болангни чақирмадинг, авайладингми?
Нега эрингни чақирмадинг, кўнглинг йўқми?
Она қизим, қиз учун отадан улуғроғи йўқ дедингми?
Мана, ошиғич келавердим қошингга.

Модомики келдим, юрақол, иккимиз ўша ўксиб йиғлаётган аёлнинг ёнига борайлик, кўзёшларини артиб, юпатайлик.
Юрақол, оппоқ қизим…

Бўшлиқ

Ким мени бўм-бўш деб айтди?
Кўзингиз илғамаса, қулоғингиз эшитмаса, танингиз сезмаса бўм-бўш бўлаверадими?
Мен оддий бўшлиқ эмасман. Тўлдирилиши керак бўлган бўшлиқман.

Замин бўшлиқлари ўт-ўлану майса билан, само бўшлиқлари ҳаво, тур-фа ислар билан, одам қалби бўшлиқлари меҳр ва севги ила тўлганидай… тўлиши керак бўлган бир яратиқман.
Тўлсамгина тилга кираман мен.

Эвоҳ, бир маҳаллар бундай бўм-бўш эмас эдим. Дарахтларим, майсаларим бирин-кетин сўлиб, қуриб-қақшади. Улкан оғочларим бўронларда қарсиллаб ағдарилди. Сувим эпкинларда чайқала-чайқала қуриди, осмонимнинг булутлари учиб йўқолди. Шамолларим эсмай қўйди.
Шу тариқа ҳеч нарса қолмади бағримда.

Ҳой, шу бўшлиққа бир майса, бир чечак қадай оладиган тирик жон борми ёруғ оламда?

Дўст

Дўст, нега чақирдинг?
Нега безовта қилдинг? Мен ҳам бола-чақали одамман, ташвиш бошдан ошиб ётибди. Хилват ўрмонда нима бор сенга?

Биламан, ичингда шунақа дардларинг борки, мендан бошқа бирон кимсага ёрилмагансан. Асл изтиробу кечинмаларингни биладиган ягона одам менман. Мен ҳам сенга ишонаман, бор-йўғи ўрмондаги бир ертўла экан-ку, жаҳаннамга десанг ҳам бораман, энг хатарли маҳаллардаям содиқ биродаринг бўлиб қолавераман.

Дўст, сен чақирасан-у, мен бормайманми?!
Ахир, укангни, қариндошингни ё отангни эмас, мени чорладинг-ку!
Менинг ҳам сендан бошқа кимим бор?!
Албатта, келаман-да қошингга!

Ертўлага тушарканман, сени соғ-саломат кўриб қанчалар енгил тортдим! Хайрият, бирор кор-ҳол рўй бермабди.
Кел, бир бағримга босай — чанг-ғуборга ботган шу ғалати макон ертўласида, эски ашқол-дашқолларнинг қоқ ўртасида.

Биласанми, сен хумпарнинг елкангга муштлаб-муштлаб қўйгим келяпти! Ҳазиллашиб-да!
Пешонамга битган ёлғиз дўстимсан, борингга шукр!

Хотима

Она

«Ой қизим, энди борақол уйингга, — деди отам. — Бундан бу ёғига йиғлама. Бу ертўлага бошқа тушма, йиғи эшигини маҳкам ёп.
Ахир, чидашинг керак. Чидамасанг бўлмайди.
Гулдай болаларинг бор. Жон болам, чида. Ҳали яхши кунлар келади, чида, болагинам!»

Ота

Йўқ, тезроқ борақолай уйимга.
Мен-ку дунёи дунда ғоят ёлғизман, аммо уйимда менга ишонган соддадил болаларим бор. Эр кишиман-ку, чидамасам бўлмас.
Чидамасам, уларга қийин…

Ҳа, яна озгина сабр қилсам бас. Кейин болалар катта бўлади, ўз-ўзини эплаб кетади.
Ҳозир менга кераги — сабр. Бир чимдимгина сабр…

Ўғил

«Юр, юрақол юқорига, — деди дўстим кулимсираб. — Бу ерда нима бор сенга?!
Ёруғ кунлар ҳали олдинда. Ўша кунларни бирга кўришимиз керак. Отамиз, онамиз, болаларимиз билан, юзимиз ёруғ бўлиб, юрак-юрагимиз шукронага тўлиб, қўлма-қўл, елкама-елка, бирга-бирга етишимиз керак, дўст!»
Елкама-елка…
Бирга-бирга…

Ровий сўнгсўзи

Алқисса, бир оиланинг уч вакили ғалати ертўлани тарк этиб, юқорига — офтоб нур сочиб турган ҳаёт бағрига қайтди.
Бир ўзим қолдим. Найлайин, ертўладан чиқай десам — чиқолмайман. Қолавераман, ғалати ўрмоннинг, ертўланинг, сас-товушларнинг ҳайбатлари аро… чуқур-чуқурларга яшириб қўйилган маънолар қаршисида лолу ҳайрон, музтар-музтар…

Манба: «Тафаккур» журнали, 3/2014

007
Abdug’afur Rasulov
HIKOYA HAQIDA
001

007Bu ramziy hikoyani sharhlash uchun zamonaviy fan ruhiyatshunoslik deb ataydigan bir ilmga ehtiyojimiz bor.

Inson qalbining sir-asrorini ko’rib-bilib turadigan zot faqat Yaratganning o’zidir, biroq O’zigagina xos shu bilimlardan bir ulushini bandalariga ham hadya etgan. Ruhiy tahlil ilmida ta’kidlanishicha, kishi xatti- harakatlarining o’zagi aqlu shuurning ham tubidagi ong osti qatlamida pinhon. Soddaroq tilda aytsak, inson o’z javharini qalbining tub-tubiga yashirib qo’yadi. Shu sababli atrofimizdagi kishilarning ichki kayfiyatini har doim ham sezavermaymiz.

Ruhiyatshunoslikda insonning ong ostini tahlil qilishga mo’ljallangan bir qancha sinovlar bor. Masalan, o’zingizni o’rmonda tasavvur qiling. V yerda bir uycha bor, siz o’sha uychaning yerto’lasiga tushishingiz kerak. Yerto’la pillapoyalarining sanog’i kishi o’z shaxsiyatini qalbiga qanchalar chuqur yashirganini anglatadi.

“U yerda kimdir bor va nima bilandir mashg’ul, siz uning ovozini eshitdingiz. U qanday ovoz edi?” Bu savolning javobi shunday: o’sha ovoz kishining o’z qalb sasidir.

“Shu vaziyatda nima qilgan bo’lardingiz: yoniga borasizmi yoki ortga qaytib chiqib ketasizmi?” Javobingiz hayot oldingizga qo’yadigan muammolarga munosabatingizni bildiradi.

“Va nihoyat, zinada yana kimdir paydo bo’ldi, kim u?” U- insonning har qanday vaziyatda ham ko’magiga ishona olaman deydigani, yaqin tutgan kishisidir.

Hikoyaga mana shu nuqtai nazardan yondashsak, butkul boshqa ma’nolarni uqamiz.

E’tibor qiling, maqsadlari mushtarak, bir tanu bir jon bo’lib yashashi kerak bo’lgan bir oilaning uch vakili qalbiga ayri-ayri kirib boryapmiz. Hikoyada shunga ishora etiladi-da. O’g’il ham, Ona ham, Ota ham yerto’lada o’ziga tanish anjomlarini ko’rishi, yakkash manzaralar har biriga turlicha namoyon bo’lishi — bularning bari qahramonlar ichki dunyosining tartibotidan darak beradi. O’g’il — hali hayotdan zadalanmagan, sodda-samimiy yigit. Bolalik bisotini topib zavqlangan yigit kabi yerto’ladagi ovoz ham zavqlanib kulyapti: “Boray- chi, qiziqroq bir nimani ko’rib qolganmikan». Onaning ko’nglida esa dardu g’ussa hukmron: yerto’lada bir ayol o’ksib-o’ksib, yelkalari silkinib-silkinib yig’layotir. “Kim bo’lsayam, yoniga boray, hol-ahvol so’ray deb o’yladim. Odam taftini odam oladi. Qoziqdan onamning ro’molini olib, boshimga o’radimu u tomon yurdim”.
Ota — benihoya yolg’iz odam. Uning xarakteri ifodalariga qarang: nimadandir (hayotidanmi, yaqinlaridanmi, qismatidanmi) o’ta norozi, shu sabab ham g’o’ldirab so’kinadi, qo’liga ilingan narsani otib, tepib yuboradi.

Endi imdod sahnasiga diqqat qarataylik. O’g’ilning qoshiga do’sti kelmoqda. “Yur, yuraqol yuqoriga, — dedi do’stim kulimsirab. — Bu yerda nima bor senga?!” Do’st — yigitning ota-onasi bilmaydigan kechinmalaridan xabardor va eng muhimi kelajak sari yelkama-yelka, birga-birga boradigan safardoshi. Juda ozorlangan va qalbining tub-tubida o’ksik ota-onadan farqli, o’g’ilning ruhiyati quvvatliroq, chunki kelajak hali oldinda. O’g’ilning nazaridagi kelajak — yorqin va nurli.

Ona qoshiga kutilmaganda bolasi yo eri emas, otasi kirib kelyapti. Ya’ni, yolg’iz suyanchig’i — otasi. Shu sababdan ham so’ralmoqdaki, “Ajab, nega bolangni chaqirmading, avayladingmi? Nega eringni chaqirmading, ko’ngling yo’qmi? Ona qizim, qiz uchun otadan ulug’rog’i yo’q dedingmi?”

Ota qoshiga esa hech kim kelmadi, chunki uning suyanadigan kishisi yo’q. Ota psixologiyasi shunday: u o’z oilasidagi kimgadir suyanishni emas, balki hammaga pushtipanoh bo’lishni o’ylaydi. Nazarida, oilasi himoyaga muhtoj va u hayotiy vazifasini bajarib, ahli ayolini muhofaza etishi shart.

Isajon Sulton bu o’rinda genotip hayotini ruhiyatshunos sifatida tahlil qilishga urinadi. Ha, bir oila, yakdil yashayotganday tuyulsa-da, qalb tubidagi orzu-armonlar turli-tuman va… ular hech qachon oshkor qilinmaydi. Shu sabab yana savollar tug’yon qila boshlaydi. Nega bir oila ahli qapban yaqin emas? Kim qayda xato qildi?

Ushbu hikoyaning men ilg’agan tagma’nosi ana shulardan iborat. Xotima ham alohida e’tiborga molik. Nido kimga oid ekani esa zukko o’quvchiga havola qilinadi: “Naylayin, yerto’ladan chiqay desam — chiqolmayman. Qolaveraman, g’alati o’rmonning, yerto’laning, sas-tovushlarning haybatlari aro… chuqur-chuqurlarga yashirib qo’yilgan ma’nolar qarshisida, lolu hayron, muztar-muztar…”

007
Isajon Sulton
O’RMONDAGI KULBA
Hikoya
001

Ey ruh! Fitratining o’rmonlarida kezingan, ezilgan, ozurda ey ruh!
Zahmat soylarining hovurlariyu g’ussa vodiyparin shovurlarida bir o’zi yig’lagan, o’ksigan, kuygan, hasrat yomg’irining kuyuklarida ilma-teshik bo’lib izillab turgan!
Eski zindoningdan bir zum chiqaqol!..

Muqaddima

O’g’il

007Shabada esmas, lekin o’rmon guvullab-shovullab turar edi.
Sarv, qayrag’och, archalar baland o’sgan, o’t-o’lanlar poyasi to’q yashil, daraxt ostidagilari esa siyrakroq, rangi ham nimdoshroq, ba’zilari gullagan, mayda-mayda gulchalar uzra asalarilar g’o’ng’illab uchib yurar edi. Daraxtlar ortida ko’rinmasa-da, qaydadir quyosh yorqin nur sochardi. Osmon ko’m-ko’k, uvada oq bulutlar qimir etmasdi.

Ko’pdan beri inson zoti yurmagan so’qmoqdan tez-tez odimlab borardim.

Ichimdagi surur qaydan paydo bo’lganini bilmasdim. Bu o’rmon menga yoqar, kechagina ming xil tashvish bilan peshona tirishtirib yurgan bo’lsam, endi hammasini unutgandek, xayolimga «Qara-ya, o’rmon jonga rohat baxsh etarkan-ku» degan o’y ortidan «Nima bo’lganda ham inson tabiatning farzandi, bag’riga tortaveradi-da» deganday «jiddiy fikr»lar ham kelmoqda edi.

Odamning o’yi qiziq-da. Bir nimani ko’rsangiz, besh-olti xil fikr birdan uyg’onadi. Eng ma’qulini tanlab olasizu qolganini tashlab yuborasiz go’yo. Lekin hozir o’ylarimning bari qiymatliday, birontasini rad qilib bo’lmaydiganday tuyuldi — o’zimcha mamnun iljayib qo’ydim.

Shu sababli o’rmonda qiladigan ishim bexavotir ko’rindi.
Ha, shu yaqin o’rtada eski, kimsasiz bir kulba bor. Men uning yerto’lasiga tushishim kerak.

Yana picha odimlagach, so’qmoq adog’ida o’sha uycha ko’rindi. Kichkina, tik tomli ekan. Qurilganiga necha yillar bo’lgandir… Oldidagi may-donchaga terilgan toshlar orasidan o’t o’sib chiqibdi. Tarvaqaylagan mevali daraxt bo’y cho’zibdi — o’rikka o’xshaydi, shoxlarida dovuchchalari ham bor.

Daraxt yonidan o’tib, uychaning tosh zinasidan yuqori chiqdim. Eshik ochiq ekan.

Bu yerga ko’pdan beri inson qadami yetmagan esa-da, egalari qaygadir ketganiga bir-ikki hafta bo’lganday, nazarimda. Chunki ro’zg’or ashyolarining bari o’z o’rnida, ammo ularni xiyol chang qoplabdi. O’ng tomondagi javonning eshiklari yopiq, ichida uy egalarining buyumlari bo’lsa kerak. Deraza tagida kattagina stol, ustida eskiroq komp`yuter, qalam-qog’oz yonida so’liy boshlagan chechaklar ham bor, harholda, uy bekasi noziktabiat ayol, shekilli. Derazaga och-sarg’ish gulli parda tutilgan. Borib, tavaqalarni ochib yubordim, o’rmonning o’t-giyohlar isiga to’la toza havosi ichkariga yopirildi. Katta jigarrang pechka ustida og’ir cho’yan choynak, yerda esa besh- oltita qarag’ay sarjini, gugurt donalari sochilib yotibdi.

Chap tomondagi xona eshigi yopiq. Bolalar xonasi bo’lsa kerak. Balki mexmonxonadir?
Ha, shinamgina-yu, allaqancha muddat qarovsiz qolgan bir uy.

O’zi yerto’laga tushishni o’lgudek yomon ko’raman. Nimqorong’i, keraksiz ashqol-dashqollar betartib qalashib yotgan, zax hidi anqiyotgan joy tasavvurimda jonlanadi.
Ba’zilar havo almashishi uchun tuynuk ham ochadi, tuynugi bo’lmasa, yerto’la havosi og’ir, dim bo’ladi-da.

Huv anavi yerda yana bir eshik- yerto’la eshigi, shekilli. Ochiq turibdi.
Eshik oldiga kelib, pastga qaradim. Bvsh yoki oltita pillapoyasi bor-ov.
Asta qadam bosdim — ko’ndalang taxtalar g’ichirlab ketdi.

Ona

Umr bo’yi dala-tuzda ovorai sarson, bolam-chaqam deb zahmat chekkan bir ayolman-u, kutilmaganda menga «O’rmonga bor» dedilar.

O’rmon tushimga ham kirmagan — sap-sariq qumu loyqa suvlar orasi-da katta bo’lganman-da, ammo rosti, bu manzaralarni ko’rib og’zim ochilib qoldi. Hamsoyalarim esimga tushib ketdi, bechoralar, oila-ro’zg’or zahmatidan ortib shunaqa ko’rkam joylarni ham ko’rishsa edi, deb ilindim.

Chindan ham juda chiroyli, sarvlari va nomini men bilmaydigan tik qadli og’ochlari yengil shabadada shovullar edi.

So’qmoq tor, odam yurgan yerlarida siyrak maysa o’sgan, chetlaridagi o’t-giyohlar moviy, sariq va oq tusda gul ochibdi. Daraxtlarda qushlar sayraydi. Bir qarag’ay shoxida jajji olmaxonni ko’rdim, qo’lida bujur yong’og’i ham bor, munchoq ko’zlarini menga behadik tikib o’tiribdi.

O’rmondagi uychaning eshigi ochiq ekan. Egalari qani, deya xavotirlanib ichkariga mo’raladim. Hech kim yo’q, hammayoq orasta, batartib, yog’ tushsa yalagudek. Deraza tagida katta bir stol, ustiga oppoq dasturxon yozilgan, ko’kimtir shisha guldonda uch dona chiroyli gul. Pechka ustida yalt-yalt kulrang temir choynak, yerda tekis taxlangan besh-oltita sarjin o’tin.

Deraza ham ochiq, oppoq parda mayin shabadada hilpirayotir.
Harholda, uy egalari saranjom-sarishta ekani ko’rinib turibdi. Darvoqe, qayga ketishgan ekan?

Shu uy yerto’lasiga tushishim kerak.

Yerto’la juda chuqurga o’xshaydi, g’ira-shirada zinalarning oxiri ko’rinmaydi. O’lsin, qorong’i ekan, deb o’yladimu pastga qarab qadam bosdim.

Ota

Tashvishim boshdan oshib yotibdi-yu, o’rmonda balo bormi menga?
Bunaqa o’rmonni yigitligimda — harbiyda ko’rganman. U mahallarning mehnati og’ir edi, shunaqa bepoyon bir o’rmonda daraxt kesganman…

Shamol og’ochlarning qurigan shoxlarini qisirlatib sindirayotir — shuning shovqini. Baland-baland daraxtlar og’ir-og’ir chayqalib ingranadi, yo’l ustidagi o’tu giyohlar egilib-bukilib shitirlaydi.

Maysalar gulini yer uzra sochib yuboribdi. O’rmon guvullab-shovullayotir — allaqayoqlardan vahimali ovozlar kelayotir.

Kimsasiz bu o’rmonda vahshiy hayvonlar ham bordir? Ana, nimadir o’kirgandek bo’ldi. Ayiqmi, silovsin, yo bo’rimikan?

So’qmoqdan qachondir aroba yurgan — g’ildirak izlari o’rni taqir, tuproq quruq, ammo izlar orasida o’t gurkirab o’sibdi.

Saldan keyin yomg’ir yog’sa ajabmas — osmondagi bulutlar to’dalashib- uyulib kelmoqda. Bu — shamolning ishi.
Vahshiy hayvonlar och bo’lsa, hujum qilishi turgan gap. Tezroq huv anavi uychaga yetvolishim kerak.
Tez-tez yurib uychaga keldim. Eshigi yopiq ekan, asta itarsam, taraqlab ochilib ketdi.

Bu yerga inson qadami tegmaganga o’xshaydi. Hammayoqni qalin chang qoplabdi. Deraza pardasi eski, to’q jigarrang tusda. Uy havosi dim. Derazalarni lang ochib yubordim. Stol ustida qizg’imtir shisha guldon, ichidagi suvi loyqalanib sasib ketibdi. Pechkaga anchadan beri o’t yoqilmagan, kuli olinmagan, ichida chala yongan ikki-uch sarjin…

Aytganimday, saldan keyin yomg’irning shitirlashi eshitildi.
Chang ustida iz qoldirib, yerto’laning yopiq eshigi tomon yurdim. Ochib, yetti yoki sakkizta pillapoya bosib pastga tushdim.

1.Yerto’lada

O’g’il

Yerto’la keng-mo’lgina ekan. Qorong’i — oxiri ko’rinmaydi. Keraksiz narsalar tiqilib yotibdi bu yerda. Oyog’im ostida eski o’yinchoqlar, daraxt novdasidan yasalgan o’q-yoy, pushti va oq koptok, qo’g’irchoqlar… Ular ham changga botgan.

Ie, o’zimning o’yinchoqlarim-ku?! Bu yerda nima qilib yotibdi?!

Yana odimlayman. Tuynuklar ochiq, havo rostdan ham mayin. Yerto’la zax emas. Tuynuklarni kim ochdi ekan? Hozir-ku bahor, ammo qishda tuynuklar yopilmasmidi?

O’yinchoqlar bolaligimni eslatgani bois yerto’la begona tuyulmadi, xuddi bir sirdan voqif bo’ladigandek, qalbimda iliq tuyg’u bosh ko’tardi. Shu kichkina yoydan qushlarga o’q uzardim, o’qni behi novdasidan yasardim, tabiiyki, bironta qushni otib ololmaganman, lekin o’sha mahallar o’zimni dovyurak ovchi deya xayol qilganlarim, qiyqira-qiyqira daraxtzor oralab chopganlarim esimda.

Yana bir-ikki qadam bosgan edim, to’satdan yerto’la adog’idan, qorong’ilik qa’ridan bir ovoz keldi. Ie, bu yerda birov borga o’xshaydi.

Ha, o’sha yoqda -taxta raflar zulmat ichida ko’zga ko’rinmay ketgan joyda kimdir o’zicha zavqlanib kulmoqda edi.
Ovoziga qaraganda, men tengi yigit, shekilli. Nega kulyapti ekan? Men kabi yerto’laga kirganu bolalik bisotini topib olib, o’sha mahallardagi biror voqeani eslab kulayotgan bo’lsa-chi? Kulgi sasini eshitganim hamono menga ziyon yetkazmasligiga ishonch hosil qildim. Chunki beg’ubor-beozor kulgi edi bu. Eski-tuskini titkilab, qadrdon buyumini topib olgan bo’lsa kerak. Uzun bo’yli, sochlari qop-qora, ko’zlari chaqnagan va, tabiiyki, shoshqaloqligidan ko’pincha xato ham qilib qo’yadigan sofdil-samimiy bir yigitga o’xshaydi. «Boray-chi, kim ekan?» deya u tomon qadam tashladim.

Ona

Bir mahallar ota uyimizning yerto’lasida sabzi-piyoz saqlar edik. Katta xumlarda yog’, guruch, bug’doy, chog’roqlarida mosh, loviya, no’xat bo’-lardi. Keyinchalik eski to’shaklarni ham olib tushib, dumaloqlab o’rab qo’ygan edim. Bu axir o’sha narsalar-ku, avval qanday bo’lsa, shundayligicha turibdi.

Yerto’la sarishta, ammo o’tmish isi keladi. Ie, olamdan o’tib ketgan onaizorimning ko’ylagi, ro’moli ham shu yerda ekanmi? Yo’qotib qo’yganman deb ezilib yurardim. Mana bu otamning to’ni emasmi? Shiftga eski beshik ilib qo’yilibdi, yopqichi ostidan qovuzlari, qo’lbog’ichlari ko’rinib turibdi.

Xudoga shukr, begona joy emas ekan.

Yana biroz yurgan edim, yerto’la burchagidan, qorong’ilikdan birovning ovozi keldi. Shoshib qoldim. Tavba, u yerda bir ayol o’ksib-o’ksib yig’lamoqda.Bukchayib o’tiribdi — ozg’in yelkasi, uniqqan ko’ylagi, nimdosh havorang ro’molini ilg’adim. Yuzi ko’rinmaydi, ammo nimadandir ezilib-ezilib, to’liqib-to’liqib yig’layotir.

Chorasiz odam shunaqa ko’zyosh to’kadi. Dunyoi dunda hayotining qiymatsizligidan, harchand tirishmasin ro’shnolikka chiqa olmayotganidan, umr esa o’rmonni chayqatgan
shamol kabi dolg’alar sola-sola yelib o’tib ketayotganidan yuraklari g’amga to’lib, Xudoga yolvora-yolvora nola qiladi.
Bechora, yerto’lada nima qilayotgan ekan? Balki shu uyning bekasidir? Boshiga biror musibat tushgan bo’lsa-chi?

Jonim achib ketdi. Kim bo’lsayam, yoniga boray, hol-ahvol so’ray deb o’yladim. Odam taftini odam oladi, agar musibatzada bo’lsa, Xudo mehribon, har musibat ortidan bir yaxshilik ko’rsatadi, deb tasalli bergim keldi. Farzandlari bordir, ular oldida hayot tashvishlari nima bo’pti? Ayol turmush qurib, bola-chaqali bo’lgach, o’zini oilasiga fido qilib yuboradi, o’ksinmang axir, deya yupatgim keldi.

Ota

Hm-m, yerto’la bo’m-bo’sh ekan.
Bunaqa joylarda kalamush urchib yotadi. Hoynahoy ilon ham bordir? Yo’q, zax joyda ilon bo’lmaydi. Zaxsevar mayda-chuyda hasharotlar o’rmalab yurgan bo’lishi mumkin.

Chap tomonda — devor tagida yotgan asbob-anjomlar ishlatilmaganidan zang bosib ketibdi: bolta, arra, tesha, o’roq, dastasiz ketmon. Bir uyum qiyshaygan mix-pix…

Nima zaril edi bu yerga kelib? Norozilik ila sekin-asta odimlayman.
Zax tuproqni selgitish uchun ancha mehnat qilish kerak. Tuynuk-derazalarni ochib, yaxshilab shamollatmasa bo’lmaydi.

Yerto’lada bir necha xona bor ekan. Hammasining eshigiga qizil bo’yoqda «Kirish mumkin emas» deb yozilgan taxtacha-lavha ilib qo’yilgan.
Kim yozgan ekan ularni?

Tevaragimni kuzatib, mulohaza qilib turganimda, huv naridan, qorong’ilikdan inson sasi keldi.
O’sha yoqqa qarab, gavdasi men quram, orqa o’girib bukchayib turgan kishining qorasini ko’rdim.
G’o’ldirab so’kinar edi.

Nimadandir juda norozi, eski ashqol-dashqollar orasidan bir ni-malarni qidiradi, qo’liga ilingan narsani otib, tepib yuboradi, bundan battar tutoqib, battar g’udranadi…

Nega so’kinayotgan ekan? Oilasi, bola-chaqasi qayoqqadir ketganu hali qaytmaganidan jahli chiqqandir? Bir nima degim keldi-yu, niyatimdan qaytdim.

Negaki, bizning yoshga yetgan odamni o’z holiga qo’yish kerak. Goh-goh shunaqa bir yerto’laga tushib, o’krab-o’krab yig’lab olsayam bo’ladi. Yengil tortadi-da. Chunki biz tengi odamlar yuragida ko’pincha zil-zambil tosh olib yuradi. Ammo yig’lab yoki so’kinib xumoridan chiqsa bo’ladigan joy topilmaydi. Bu yer zap joy ekan… Anavi odamni tanimadim.

Yoniga borgim kelmadi. O’z holiga qo’yish kerak dedim-ku. U bilan necha pullik ishim bor? O’zimning tashvishim ham yetib ortadi. Mana, yerto’laga tushdim, aytarli hech narsa topmadim, endi qaytib chiqib ketsam ham bo’lar. Tezroq uyimga borganim ma’qul, qancha yumushim bor axir, bu yerda nimayam qildim?

2. Chorlov

O’g’il

Ashqol-dashqollar orasidan bir mahallar sevgilimga yozgan xatlarim chiqib qolsa bo’ladimi! Qiziq, u qiz paqqos unutilgan-u, xatlar turibdi. Qay tarz bu yerga kelib qolgan — hayronman. Xatlar mazmuni esda yo’q, ammo ba’zi so’zlari yodimda.
«Sensiz menga hayot kerakmas», deb yozgan edim, shekilli.

Shu mahal boya kulgan yigit meni chaqirib qoldi.
«Kelaqolsang-chi, axir!» der edi u.
«G’alati bir narsa topib oldim, kel, sen ham ko’r», der edi.

Nima topib olgan ekan? Kimligini bilmasam-da, har holda meni taniydiganlardan birontasi ekaniga aqlim yetib turibdi. Yo’qsa chaqirarmidi?! Menga aloqador bir narsa bo’lsa kerakki, chaqiryapti.

Ko’nglim toshib u tomon oshiqdim. Kimligini bilgim keldi, bu g’alati o’rmonda yolg’iz emasligimdan ko’nglim xotirjam tortdi. Balki sinfdoshimdir, balki bolalik o’rtog’imdir?

Ona

Shu mahal o’sha yig’lagan ayol meni chaqirdi.
Voy tavba, meni tanirkanmi?

Bechora, bu yerlarga qanday kelib qoldi ekan? Bola-chaqam deb o’r-monda meva-cheva terib yurganu shu yerto’laga kirib, bir nimani ko’rib qolganmikan? Nima bo’lganda ham o’zimga o’xshagan bir boyoqish-da. Yig’lab o’tirishidan biluvdim, bir dard-iztirobi borligini!

Hozir yoniga borib hol so’rayman. Balki bolasidan, yo eridan, yoki biron jigaridan ayrilib qolgandir?
Qoziqdan onamning ro’molini olib boshimga o’radimu u tomon yurdim.

Ota

Qaytib chiqib ketmoqchi edim, bukchayibroq turgan notanish kishi to’satdan xiyol o’girilib, ismimni aytib chaqirdi.

Ikkilanib qoldim — boraymi, bormaymi?

E-e, nimadan cho’chiyman? Ammo tanimagan odamga ishonib bo’larmidi? Yon-verimga qarab, ushlashga qulay, uchi og’ir tayoqqa ko’zim tushdi. Ketmon sopi ekan. Otamning katta ketmoni bo’lardi, faqat sopi qolibdimi deyman?! Olib qo’limda aylantirib ko’rdim: mabodo hamla qilib qolsa, boshiga uraman deb o’yladim. Ha, boshiga
urish kerak, zarba kuchli bo’lsa, ko’z oldi qorong’ilashib, hushidan ketadi. Lekin yordam so’rayotgan bo’lsa-chi? Hozir birovga ko’mak beradigan paytmi, o’zim ko’makka
zorman-ku!

Nega xavotir olganimni o’zim ham bilmayman. Kim bilsin, ovloq o’rmon bo’lsa…
Tayoqni ikki qo’llab mahkam tutib, ehtiyotkorlik bilan o’sha tomon yurdim.

3. Kelgan kim?

O’g’il

Ovoz egasi tomon bir necha qadam bosgan edim, kutilmaganda tepada, yerto’la eshigi tomonda yana kimningdir sharpasi sezildi.
Qadam tovushlari zalvorli edi.
Kim bo’lishi mumkin?

O’rmonda boshqa birovni ko’rmagan edim-ku!
Kelgan kishi esa mening ismimni aytib chaqiryapti.
Ie, do’stim-ku! Eng yaqin, jonajon do’stim!

Shoshib, ortimga o’girildim. Ko’rganlarimni unga aytib beraman, keyin birga anavi yigitning oldiga boramiz. Yolg’iz emasman, deya ko’nglim taskin topdi, jur’atim oshib, istiqboliga dadil yurdim.

Ona

To’satdan yerto’la eshigi yana g’iyqillab ochildi-da, kimdir kirib keldi. Uni ko’rib, shoshib qoldim.
Otamga o’xshaydi-ya?
Voy, otam-ku!

«Jonim otam, o’tib ketgan edingiz-ku?
E tavba, tirik ekansiz-da?!
Kulishlaringiz o’sha-o’sha, bag’rikengligu xushfe’llik bilan jilmayib turibsiz!»

Quchog’iga otilgim keldi.
Ammo kap-katta xotinman-ku!
Kap-katta xotin bo’lsam nima qipti? Otam-ku, pushtipanohim, suyangan tog’im axir! «Otajonim!» deya birdaniga ho’ngrab, bag’riga otildim.

Ota

Tepadagi eshik g’iyqilladi.
Yana kimdir keldimi?
Yo’q, hech kimning qorasi ko’rinmaydi.
Aytmoqchi, shamoldir!

Ha, ko’cha eshik ochiq qoluvdi. Bu yoqqa kelayotganimda kuchli shamol turgan edi. Ochiq qolgan eshikdan shamol kirib, uy ichini obdon to’zitgan, yerto’la eshigini ham
g’iyqillatgan bo’lishi mumkin. Har ehtimolga qarshi yana qaradim: yo’q, hech zog’ yo’q!

Rostdan ham shamol ekan. Ana, pillapoyaning changini yana to’zitdi. Ortimga qaradim: sas kelmay qo’ygandi, boyagi odam qayoqqadir g’oyib bo’libdi!

Ayol otasining ruhi

Oh, sodda qizginam, o’rmonning o’rmon emasligini bilmadingmi? Axir, manzaralarga ser solib qaramadingmi, o’zing ko’rgan, o’zing bilgan hamma narsa ko’z oldingda jonlandi-ku!

Oy qizalog’im, haliyam yosh go’dakmiding? Kap-katta o’g’ling, ering bo’la- turib, meni yo’qlaganingdan xavotirlandim, jon bolam.

Ajab, nega bolangni chaqirmading, avayladingmi?
Nega eringni chaqirmading, ko’ngling yo’qmi?
Ona qizim, qiz uchun otadan ulug’rog’i yo’q dedingmi?
Mana, oshig’ich kelaverdim qoshingga.

Modomiki keldim, yuraqol, ikkimiz o’sha o’ksib yig’layotgan ayolning yoniga boraylik, ko’zyoshlarini artib, yupataylik. Yuraqol, oppoq qizim…

Bo’shliq

Kim meni bo’m-bo’sh deb aytdi?
Ko’zingiz ilg’amasa, qulog’ingiz eshitmasa, taningiz sezmasa bo’m-bo’sh bo’laveradimi?
Men oddiy bo’shliq emasman. To’ldirilishi kerak bo’lgan bo’shliqman.

Zamin bo’shliqlari o’t-o’lanu maysa bilan, samo bo’shliqlari havo, tur-fa islar bilan, odam qalbi bo’shliqlari mehr va sevgi ila to’lganiday… to’lishi kerak bo’lgan bir yaratiqman.
To’lsamgina tilga kiraman men.

Evoh, bir mahallar bunday bo’m-bo’sh emas edim. Daraxtlarim, maysalarim birin-ketin so’lib, qurib-qaqshadi. Ulkan og’ochlarim bo’ronlarda qarsillab ag’darildi. Suvim epkinlarda chayqala-chayqala quridi, osmonimning bulutlari uchib yo’qoldi. Shamollarim esmay qo’ydi.Shu tariqa hech narsa qolmadi bag’rimda.

Hoy, shu bo’shliqqa bir maysa, bir chechak qaday oladigan tirik jon bormi yorug’ olamda?

Do’st

Do’st, nega chaqirding?
Nega bezovta qilding? Men ham bola-chaqali odamman, tashvish boshdan oshib yotibdi. Xilvat o’rmonda nima bor senga?

Bilaman, ichingda shunaqa dardlaring borki, mendan boshqa biron kimsaga yorilmagansan. Asl iztirobu kechinmalaringni biladigan yagona odam menman. Men ham senga ishonaman, bor-yo’g’i o’rmondagi bir yerto’la ekan-ku, jahannamga desang ham boraman, eng xatarli mahallardayam sodiq birodaring bo’lib qolaveraman.

Do’st, sen chaqirasan-u, men bormaymanmi?!
Axir, ukangni, qarindoshingni yo otangni emas, meni chorlading-ku!
Mening ham sendan boshqa kimim bor?!
Albatta, kelaman-da qoshingga!

Yerto’laga tusharkanman, seni sog’-salomat ko’rib qanchalar yengil tortdim! Xayriyat, biror kor-hol ro’y bermabdi.
Kel, bir bag’rimga bosay — chang-g’uborga botgan shu g’alati makon yerto’lasida, eski ashqol-dashqollarning qoq o’rtasida.

Bilasanmi, sen xumparning yelkangga mushtlab-mushtlab qo’ygim kelyapti! Hazillashib-da!
Peshonamga bitgan yolg’iz do’stimsan, boringga shukr!

Xotima

Ona

«Oy qizim, endi boraqol uyingga, — dedi otam. — Bundan bu yog’iga yig’lama. Bu yerto’laga boshqa tushma, yig’i eshigini mahkam yop.
Axir, chidashing kerak. Chidamasang bo’lmaydi.
Gulday bolalaring bor. Jon bolam, chida. Hali yaxshi kunlar keladi, chida, bolaginam!»

Ota

Yo’q, tezroq boraqolay uyimga.
Men-ku dunyoi dunda g’oyat yolg’izman, ammo uyimda menga ishongan soddadil bolalarim bor. Er kishiman-ku, chidamasam bo’lmas.
Chidamasam, ularga qiyin…

Ha, yana ozgina sabr qilsam bas. Keyin bolalar katta bo’ladi, o’z-o’zini eplab ketadi.
Hozir menga keragi — sabr. Bir chimdimgina sabr…

O’g’il

«Yur, yuraqol yuqoriga, — dedi do’stim kulimsirab. — Bu yerda nima bor senga?!
Yorug’ kunlar hali oldinda. O’sha kunlarni birga ko’rishimiz kerak. Otamiz, onamiz, bolalarimiz bilan, yuzimiz yorug’ bo’lib, yurak-yuragimiz shukronaga to’lib, qo’lma-qo’l, yelkama-yelka, birga-birga yetishimiz kerak, do’st!»
Yelkama-yelka…
Birga-birga…

Roviy so’ngso’zi

Alqissa, bir oilaning uch vakili g’alati yerto’lani tark etib, yuqoriga — oftob nur sochib turgan hayot bag’riga qaytdi.
Bir o’zim qoldim. Naylayin, yerto’ladan chiqay desam — chiqolmayman. Qolaveraman, g’alati o’rmonning, yerto’laning, sas-tovushlarning haybatlari aro… chuqur-chuqurlarga yashirib qo’yilgan ma’nolar qarshisida lolu hayron, muztar-muztar…

Manba: «Tafakkur» jurnali, 3/2014

xdk

(Tashriflar: umumiy 569, bugungi 1)

Izoh qoldiring