Javlon Jovliev. Kaufman va qizil ko’z yoshlar

Ashampoo_Snap_2016.10.01_18h24m23s_002_.png     Тошкент. Апрел тонгги. Генерал-губернатор сайр қилмоқда. У ҳар тонг Эски Ўрда ёнидан оқиб ўтувчи анҳор бўйига боришни одат қилиб олди. У шу ерда бироз ўзини дилгир ҳис қилар, фақат шу дамдагина чапдаст ва зеҳнли қоровул аскарлар унинг юзида пайдо бўлган сезилар-сезилмас ним табассумни илғашарди.

Жавлон ЖОВЛИЕВ
КАУФМАН ВА ҚИЗИЛ КЎЗ ЁШЛАР
002
005

Жавлон Жовлиев (Жовлиев Жавлонбек Ортиқович) – 1991 йил Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, Ғиштли қишлоғида туғилган. 2010–2014 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг «Санъатшунослик журналистикаси» йўналишида таҳсил олган. 2015 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Санъатшунослик ва маданиятшунослик” кафедраси, “Санъат назарияси ва тарихи” (Саҳна ва экран драматургияси) йўналиши магистранти. Ҳозирги кунда ўқиш билан биргаликда, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси» нашриётида муҳаррир сифатида фаолият олиб бормоқда. “Ёшлик”, “Театр”, “Инфолиб” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият”, “Тошкент оқшоми” ва бошқа матбуот нашрларида ижодий ишлари ва мақолалари чоп этилган. Жовлиев Жавлон бугунги кунда ижодий ишлари билан биргаликда “Мустақиллик йилларида саҳнада акс этган мутафаккир зиёлилари образи” (Ўзбек Миллий Академик драма театр мисолида) мавзусида илмий иш устида ишламоқда.

002

“Гоҳ олисдан, гоҳ ёнимда, шундоқ қулоқларим тагида жаранглаётган бу қай оҳанг, бу қандай афсунгар наво бўлди? Нега ҳар тонг бағру дилимни ўртайди, азоблайди. Мени ўз измига тушишга, пойида эгилишга, номаълум сир ортидан интилишимга мажбур қилади? Нега? Бунда мен ташунмаётган қандайдир мавҳумлик бор. Ё борган сари эсдан оғмоқдаманми? Наҳот довдир бир жиннига айлансам!.. Йўқ, йўқ… мени жинни қилаётган бу куч ажал қадамининг саслари, ана, ана, шундоқ нафас олиши ҳам эшитилиб турибди?”

1

tashkent-12.jpg Тошкент. Апрел тонгги. Генерал-губернатор сайр қилмоқда. У ҳар тонг Эски Ўрда ёнидан оқиб ўтувчи анҳор бўйига боришни одат қилиб олди. У шу ерда бироз ўзини дилгир ҳис қилар, фақат шу дамдагина чапдаст ва ҳушёр қоровул аскарлар унинг юзида пайдо бўлган сезилар-сезилмас ним табассумни илғашарди. Қовоғи солинган ва ҳамиша жиддий юрадиган генерал-губернатордаги бу ҳолат осмонда ёмғирдан сўнг пайдо бўладиган камалак каби камдан кам учрайдиган манзара эди. Губернатор эса ўзини бу жойга нима чорлаётгани, нима таскин бўлаётганини ҳали ҳам англолмай ҳалак. У урушлардан чарчагани ҳам, улардан безгани ҳам йўқ. Бу бошқа, ўзгача нарса. Айнан шу оҳангга сингган мавҳумлик охирги кунларда уни хаёлкаш қилиб қўйди. Бу, албатта, шармандали ҳолат. Аммо бу вужудида совуқ олмон қони югурган Константин Петрович фон Кауфман ҳаётида ҳар тонг содир бўлмоқда. Нега? Буни ўзи ҳам билмайди.

Баҳор фасли.  У улуғ подшолик томонидан Туркистоннинг ягона хукумдори этиб тайинлангандан буён биринчи марта Тошкентда мўъжизали баҳор фаслини кутиб олиши эди.  Лекин, ҳар сафар тиниқ, покиза, кенг, ложувард осмон уни маҳлиё қилиб қўярди. Мана, ҳозир ҳам қуёшнинг илк ёқимли нурларига сеҳрланиб ўтирибди. Атроф турли анвойи гуллар билан безанган, уларнинг ширин ифори инсонни маст қилади. Оппоқ, нафис қанотларига қора хол қўндирган капалаклар-чи? Улар қўш-қўш бўлиб бирам рақсга тушишадики, бу худди беғубор ва бокира чўпон қизларининг кибор аёллар либосини кийиб хиром қилишига ўхшайди.

«О, Тангрим бундай манзараларни кўриб ҳайратланиш учун бу ерга келганманми? Менга нима бўляпти ўзи!»

Генерал-губернаторга, айниқса, райҳон ифори жуда ёқиб қолган эди. Ҳозир ҳам димоғига ушбу ёқимли ифори урилгач, хаёллар тизгини ўзининг ожиз тўсиқларини улоқтириб ташлади.

«Райҳонни маҳаллий халқ овқатга ҳам қўшиб ер экан. Жуда мазали бўлса керак».

Майин шабада эсиб, губернаторнинг сийрак сочларини ўйнатарди.

“Қуёшли Туркистон! Оҳ, булутларни қаранг, Қадим Юнонистоннинг муҳаббат маъбудлари каби осмонда парвоз этмоқда”.

Туркистонга келмасдан олдин бу ерда уни фақат шонли шуҳратгина кутмаётганлигини, ўлим, қон кечишини, қарғишларга кўмилишини ва аччиқ нолалар ичра ғалаба учун юриш қилишини биларди. Урушнинг ўзи бўлмайди, ахир! Лекин ҳаммасидан даҳшатлиси, ёш, ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган аскарларнинг жароҳатдан азоб чекишлари, ўлим олдидан инграшлари, армон тўла, ғазаб тўла сўнгги нигоҳларига боқиш. Улар бир-бирини маҳв этишга шай икки лашкарнинг қай бир томонидан бўлишидан қатъий назар. Буларни кўриш ҳар қандай одамга, ҳатто табиатан ваҳший кишига ҳам осон эмас. Гоҳида, юзингга қўланса, қоп-қора балчиқ сачрагандек қайт қилгинг келади. Аммо шу юракка ёпишган балчиқ билан олтин саройнинг ягона эгаси бўлиш истаги сени ҳар куйга солиб ўйнатади. Шавкатли бўлмоқ истаги ҳар нарсадан устун келади. Кўзлар йиғлашни унутади. Тиллар силлиққина айланиб ўлим учун фармонлар беришга кўникади. Ҳатто қонни шароб сингари ичиб, оғзингни шарбат тотгандан артиш ҳадисини олишинг лозим. Кауфман бу даҳшатли санъатни моҳирлик билан ўзлаштирди. Ваҳший ва қатъиятли бошлиқ бўлди. Лекин ҳозир…

Губернаторнинг ёдига минглаб аскарлари келиши билан таъби хира тортди. Авваллари уларни ўйлаши билан шуҳрати нақадар улуғвор эканлигини ҳис қилар, ўзига бўлган ишончи янада ортарди. Чунки нима бўлганда ҳам фақат бешафқат кучни тан оладиган бу ўлкада унинг қўшини ҳукмронда. Ҳозирчи, ҳамма тарафдан қон, олов ва ўлим нафаси келади. Ҳатто бутун танасига ўлик ҳиди уннаб қолгандай. Уни бундан фақат қабргина қутқарадигандай…

«Бу қандай бемаънилик!!! Ўзингни тут!»

У қадам ташлашда давом этар экан, оқ ҳарбий кители ёқасидаги тугма бўйнини қисгандай бўлди. Уни секин бўшатди.

У ҳозир Туркистондаги оғирлашаётган вазиятни таҳлил қилишни, сиёсий можаролари ҳал қилиш йўлларини қидиришни истамайди. Таҳликали телеграммалардан ҳам толиқди. У ҳозир дам оляпти. Яқинда яна қонли жанглар бошланиб қолса керак.

Эски шаҳар томондан эсаётган шамол райҳон бўйларини олиб келди.

“Оҳ, оҳ, бунчалар дилгир ҳид. Эрта тонг сув сепиб супурилган ҳовлидан таралаётган райҳон ифори бу!”

Ҳа, губернатор бу шаҳар яшаш тутумни яхши ўрганиб олди. Балки ўрганмагани яхшимиди? Бу Ўрда бўйларида таскин ахтариб юрмаган бўлармиди?!

“Таскин. Куни битган одам бунга қанчалик ташна, зор бўлади-а? Балки менинг ҳам сўнгги кунларимдир. Инсон фарзандларини ўлдирган ҳар қандай одамнинг охирги дамлари даҳшатли бўлади деб, эшитгандим. Қадим асотирлар ҳам бу ҳақдаги битиклару чўпчаклар билан тўла”.

FEJuQoXwE3o.jpgЁшлигида ўзи ҳам бир шавкатли генералнинг сўнги кунига гувоҳ бўлган эди. Бу сира эсидан чиқмайди. Ўша пайтларда генералнинг мурдасига ҳам ҳавас қиладиган, шуҳрат учун ҳар нарсага тайёр, навқирон, ўта худбин 26 ёшли штабс-капитан эди. Генерал Терек дарёси томонидан эсган салқин шамол ўт-ўланларини сийпалаган дала ўртасидаги чодирда ўлим олди танқис ҳаводан бўғилиб ётар, кўзларини очишга ҳам мадори йўқ эди. Чодир ичини липиллаб ёритиб турган шам ёруғида, унинг жони азобланишини кузатиб турар, ҳеч кимнинг қўлидан ҳеч нарса келмасди. Жимликда унинг иҳрашидан бошқа овоз янграмасди. Шунда қаердандир, бўлинманинг қуйруқ тарафидан бўлса керак, хизматкор қўмиқ аёлининг боласи йиғлагани, кейин онанинг чақалоқни овутгани эшитилди. Бола йиғини бас қилмагач она алла айта бошлади. Генерал эса жим бўлиб қолди. Кўзлари намланди. У бутун вужуди билан алла эшитаётган болага айланганди. Шунда бирдан титрай бошлади. Қўлини мушт қилиб ерни ура бошлади. Бу унда уч кундан буён кузатилаётган ҳолат бўлгани учун ҳеч ким жойидан қўзғалмади. Онанинг товуши тинмасди: “Алла,баламмм, бай баламмм”…

«Генералнинг кўзларида дона-дона ёш кўрдим».

Барчанинг генералга раҳми келиб кетди. У жуда ожиз кўринарди. Шунда у бирдан турмоқчи бўлди, лекин кучи етмади. У қўллари билан олдинга интилар, лекин қовоқлари бир бирига ёпиш қолгандай кўзларини очилмасди. У яна болишига иложсиз бош қўйди. Шу онда унга ҳеч ким ёрдам бера олмас, ҳамма ажалнинг совуқ қадамини кутиб турарди. Генералнинг яқин сафдошлари ҳам, унинг учун ҳар қандай амалдорнинг бошини олиб келишга тайёр бўлган сафдошлари ҳам ожиз эди. Орқа тарафдан йиғи овози эшитилди. Яқиндагина полкка ўтган сап-сариқ новча подпоручик пиқиллаб йиғлаб юборди. Кейин унга кимдир ўқрайиб қаради, шекилли, у чопиб чодирдан чиқиб кетди. Она ҳамон боласини эркалаб алла айтар, борган сари овозидаги мудроқлик, алла оҳангларининг ёқимли нольасига алмашиб борарди.

«Нега мен йиғламадим».

Нега ажал ваҳмидан титраётган, ўзи каби минглаб одамларнинг қирилишига сабабчи бўлган банданинг ожизлиги олдида ёш тўкмади? Йўқ! У бунданда даҳшатли манзараларни кўрганда ҳам миқ этмади. Фақат бир асрдан кўпроқ вақтдан буён рус подшоҳлигига садоқат қасамини ичиб штабс-капитан унвонига эришган олмоннажод бобосига ўхшаб шон-шуҳрат қидирди, фақат шавкат излади. Кўзлари ҳам шавкат барқидан кўр бўлди. Ўша куни тонгда генерал «шарафли ўлим» топганлиги ҳақидаги телеграмма саройга жўнатилди. Ўрнига бошқа йўлбошчи тайинланиши билан ҳаммаси тугади. Нега ўша онда кўзи очилмади-а! Унинг ҳам балки худди генералдек қовоқлари бир бирига ёпиши қолгандир, балки…

Кауфман ҳамон аста секин қадам ташлаб сайрда давом этарди. Уйқудан кўз очганда вужудини қамраган ғашлик аригандай бўлди.

Аввалида ички титроқ сабабини тунги ишратбозликка йўйди. Кейин бу ғашлик, бу маҳзун руҳ илдизи ундан ҳам чуқурроқ, ундан ҳам кенгайиб кетган иллатлардан қидирилиш кераклигини англади.

Қулоғига яна ўша қадрдон афсунгар оҳанг чалингандай бўлди. Бироз вақт ўтиб тонг қушларининг майин сайрашлари эшитила бошлади, қаергадир отлангиси келди. Шу анҳор…бу сув…лойқаланиб оқаётган умр мисоли, чалкаш ҳислар мисоли…

У болалиги ўтган шаҳарни, унинг баланд деворлари, шўх фаввораларни, гўзал ойимча хонимларнинг ширин ифорларини қўмсади. Уруш ва ҳукмронлик ҳам инсонга таскини беролмаслигини ҳис қилди. Ахир қандай катта ишни амалга оширяпти. Улкан  Кавказу Туркистон ўлкаларининг забт этишда фаол қатнашди. Буюк подшоҳликнинг неча асрлардан буён амалга оширолмай келаётган улуғ орзусини амалга ошириш  унгаям насиб этди. Бу хизматларини подшоҳлик унутса ҳам, тарих унутмайди. Афсуски, бу халқ ҳам…

2798.jpgУ қадамларини олиш бироз оғирлашганлигини ҳис қилди. Оқ ҳарир матодай осмонга ёпишган булутлар унинг устига қулаётгандек ва бу ҳодиса жуда яқин қолгандек туйилиб кетди. Фон Кауфман қўрқди. Бу қўрқув туфайли ичида нимадир ўт олиб танасини куйдирди. Шунда анҳор сувига қўлини чаймоқчи бўлди. У сув томон эгилиши билан аскарлари сергак тортишди ва назоратни кучайтириш учун сезиларли шивирлашлар эшитилди. Кауфман секин қўлларини сувга тиқар экан, муздек сувда бутун танасини куйдираётган ўт бироз пасайгандай бўлди. Кейин ўтириб юзини чайди. Тани яйраб кетди. Мошкичири мўйлови ҳам ҳўлланди. У тиниқлашган кўзлари билан дарахтлар ортидан таралаётган қуёшнинг ҳарир нурларига тикилди. Кейин… кейин нимадир бўлди-ю, бутун танаси оғиб кетиб йиқилиб тушди. Муздек сув танасини қоплаганини ҳис қилди, лекин кўзини очолмади. Кейин ҳеч нимани сезмай қолди. Гўё ухлаб қолгандек, туш кўраётгандек эди.

У кўкда, оқ қора булутлар орасида эди. Танаси совуқдан жунжикар, лекин кўзлари бу ғайритабиий парвоздан ҳайрат завқига тўла эди. Булутлар орасида, кичкина, ёриқ, турли чизиқлар билан қопланган тухумга ўхшаб кўринган ер шарини томоша қиларди. Шунда тиловат эшитила бошлади. Ўша ёқимли тиловат.

У бироз вақт ўтиб булутлар устида чалқанча ётарди. Негадир у шу ерда туркистонликлар каби чой ича бошлади, райҳонли чой. Шунда осмон гумбурлаб, шиддатли ёмғир ёға бошлади. Тезда бу ёмғир томчилари унинг устига шиддат билан отилаётган ўқларга айланди. Осмондан тушаётган ёмғир томчилари баданига теккач уни тешиб қизил қонга айланиб яна пастлаб кетарди. Тезда бутун замин қип-қизил қонга букди. Бу кўз ёшлармикан деб ўйлади.

“Кимнинг кўз ёшлари? Кимлар йиғлаяпти? Мен қирган одамлармасми? Оналарми? Болаларми? Бевалардир балки? Маҳбубаларнинг аччиқ кўз ёшларими ё?”

Томчилар булутлар устида чўзилган танасини илма тешик қилиб ташлади. Оппоқ булут унинг қонидан қип-қизил бўлди. Ёнида оққушлар ҳам учиб юрар, воажабки, осмонда ёғаётган қизил ёмғир томчилари уларнинг, оппоқ силлиқ патларига тегмасди. Уни эса дабдала қилиб ташлади. Бироқ ҳеч оғриқни ҳис қилмас, бутун танаси музларди. Шунда қулоғига яна ўша оҳанг эшитила бошлади. Бирдан қизил булут ҳаракатга келди. Тиловат кучайгандан кучайди. Кўзларида ҳам иссиқ, лекин қондек қип-қизил ёш пайдо бўлганлигини ҳис қилди. Райҳонли чой оёғига тўкилди.

2

Губернатор дарё бўйида ҳушидан кетгандан сўнг чамаси уч соатлар ўтиб ўзининг ҳашамдор, юмшоқ ётоғида ўзига келди. Олдида хотини Юлия Морицовна  ҳиқиллаб йиғлаб турарди. Хотини гарчи олий насаб хонадон авлоди бўлса ҳам уни эркалаб исм шарифи билан Юлия Морицовна  деб чақирмас, шунчаки Юлия деб қўярди. Бу хотинига ҳам хуш ёқарди. Ҳозир унга сўлғин нигоҳлар билан қараб турар экан, гўзал аёл-а, деб ўйлади. Қандай қилиб бу ҳурилиқо унинг ёри бўлиб қолган экан-а? У ҳам олмоннажод хонадондан бўлгани учунми? Ҳар қалай қон яқинлаштиради.. Ёки… уни чиндан севгани учунми? (Чиндан ҳам дунёда уни кимдир севиши керак-ку, ахир!) Бўлмаса оёқлари остида адмиралнинг қизи бўлмиш  бу хоним бурунлари ачишиб кўз ёш тўкмаган бўлармиди? Кимдир сен дея чин дилдан кўз ёш тўкиши одамга хуш ёқар экан. Айниқса, ўзининг қўлини қон эканлигини яхши англаганларга… Ҳа, мен кимларгадир ҳали керак эканман.

Губернатор энди кўзларини каттароқ очиб, аҳволи яхши эканлигини билдириш учун гапиришдан кўра қимирлаб қўйишни афзал кўрди. Аммо фақат елкасинигина қимирлата олди.

— Оҳ…Ниҳоят, Ўзингга шукур, Биби Марям!

У хотинининг беғубор кўзларининг шукроналик ва ҳаяжон нигоҳлари ила шипга қадаб чўқинишини кузатиб турди. Астойдил дуо қилиб бўлгач чўпиллатиб эрининг қўлларидан ўпди. Лекин лабларини соҳибининг қўлларидан тезда олмади. Губернаторнинг ҳам ўпгиси келди-ю, лекин бу хоҳиш нимагадир бирдан йўқолди. Шу он ҳашаматли сарой деразаларидан қуёш нури тарам-тарам бўлиб кўриниб турар, хона ёрқин эди. Негадир кўчага чиққиси келди. Лекин оёғида мадор йўқ. Лаби қурқшар, лекин ҳеч нима ичишни ҳам, тановул қилишни ҳам истамасди.

Туркистон аёлларининг яқинлари ўтиб қолса сочларини юлиб йиғлашларини, бақиришларини, қасос олиш учун ҳамма нарсага тайёр бўлишларини яхши биларди. Тошкентдаги қирғиндан кейин шундай жасоратли онанинг ўқидан ўлиб кетишига оз қолганини эслади. Меҳр-муҳаббат анча бошқача тарозида ўлчанади бу ерда.

“Мен ўлсамчи! Ким сочин юлиб йиғлар экан! Қизи Елена йиғласа керак, ўғли Михаил ҳам. Улар ҳали ёш бўлгани учун йиғласа керак… Балки…балки хотини бироз ҳиқиллагач бир ёш ва мақтанчоқ, сергап генералгами турмушга чиқиб, унинг дуосини қилиб ўтирар. Лекин мен Юлияни севаман…”

— Юлия, мен яхшиман!
— Ооо, бизни қўрқитиб юбординг…Кўнглинг нима тусаяпти, балки доктор чақириш керакдир…Қорнинг ҳам очиб кетгандир, Стипан ҳозир келади..

— Юлия?
— Совқотиб кетгандирсан, ахир сувга тушиб кетдинг… ҳожатга ҳам чиқишни истарсан балки?

— Юлия?
— Ахир, тушунсангчи..?

— Юлия, ҳаммаси яхши, ҳаммаси…
— Бўлди, бўлди…

— Мен сенга бир нима бўлса, Тавба қилдим, тавба қилдим, бадгумонликдан ўзинг асра Парвардигорим! Агар сенга бир нима бўлса… нималар юз беришини ўйлаб қўрқиб кетдим…

— Бўлди, азизам!

Хотини ғалати овоз чиқариб бўкириб йиғлаб юборди. Губернатор унинг сочларини кучсиз қўллари билан силади. Ўнг қўли билан хотинининг бошини кўтариб, ситилган, нам юзга ёпишган соч толаларини орқага олиб, жон олар кўзларидан оқаётган ёшларини артди. Хотин эрининг юзига қараб аввалги ўктамликни кўрмади чоғи, яна йиғлаб юборди.

3

Генерал-губернатор оғир ётарди. Ундан ҳол сўргани ҳар тарафдан вакиллар келар, улар орасида губернаторлик амалдорлари, ҳарбийлар, турли музофотлардан келган ер эгалари ҳам бор эди. . Лекин генерал-губернатор ҳеч кимни қабул қилмас, айниқса, бунинг устига кечаси тун билан давом этган қорин оғриғи уни асабини тамом қилиб, силласини баттар қуритганди. Бунинг устига, марказдан чақирилган доктор негадир ҳамон кечикарди.

Губернатор ташқари ҳовлига чиққиси келди ва оёқларини секин кўтариб кўрди. Куч бор, лекин негадир оёқлар юришни истамагандай титрарди. Нега? Ҳали олдида қандай катта довонлар турибди… ёки унинг тириклик дарахти сўла бошладими? У дераза пардасини очиб қўйишини буюрди. Хона бирдан ёришиб кетди. Губернаторнинг кўзларини ёруғ нур қамаштириб юборди. Кейин бу баҳор қуёшининг нурига маҳлиё бўлганча узоқ вақт деразага термилиб қолди. Кеча беҳуш маҳал кўрган туши ёдига келди. Қизил булут узра сузиб юргани, ўша жойда ҳам унга эшитилган оҳанг. Балки бу манзаралар шу ерда ўлишидан даракдир. Эҳ, ахир, бу ҳукмдорликни ўзи қанчалик истади. Қандай севинганди. Ҳаммасига минг лаънат! Минг бора, минг…

Эшикларнинг очилгани, аёллар либосининг шитир-шитири қулоғига чалинди. У сергакланди. Негадир, бу гал кўзини юмиб олишдан ўзини тийди. Яхши қилибди. Ёши анчага борган бўлса-да, Юлиянинг адл қоматини, оппоқ юзини, чексизликка туташган уммон рангидаги кўзларини кўриб севинди. Унга оч пушти кўйлаги бирам ярашибдики. Сочларини ҳам ажойиб турмаклабди. Лекин кўзлари ғамгин… Афсус, унинг кўзларидан ҳам аҳволимни билсам бўлади деб, ўйлаб қолди. Буни хотини сезди, шекилли, шунчаки бемаъни жилмайиб қўйди. Кейин толмовсираб, бир тепага, бир пастга қараб гапира бошлади.

— Сенга бир гап айтсам, фақат йўқ дема. Ўтинаман сендан. Мени эсидан оғганга чиқарма. Бу таклифни Алибек менга айтди. Менга ҳам маъқул. – У бироз гапни нимадан бошлашни билмай оч сариқ тусдаги чойшабни бармоқлари билан ғижимлади. Кейин бу ҳам унга ёрдам бермай, ўрнидан туриб дераза томон юра бошлади — Анҳорнинг нарги бетида қандайдир табиб, йўқ, йўқ, авлиё бор эмиш, буларнинг раҳнамосини нима дерди, ҳа, ҳа..эсимга тушди, эшон бор экан. Алибек айтди-да! У алдаса, жазоланишини билади. Кел, ўша сарт бобойни чақирайлик, унинг дуоси ҳамма касални аритар экан, кулма! У сени бир кўриб қўйсин. – У энди губернаторнинг олдига келиб, унинг қўлларига қуруқ лабларини босди – Чиқмаган жондан умид. Илтимос, хўп де, шу ерга олиб келамиз.

— Азизам…

— Сен ҳам уни танир экансан-ку! Алибек шундай деди. Бу ердаги докторларнинг қўлидан ҳеч нима келмади. Марказдан келаётган докторлар гуруҳи балога учрагандай кечикишмоқда. Кел, балки унинг дуолари сенинг ягона нажотингдир…

— Фойдаси бўлармикан?

— Ундай дема, ахир бу ер уларники, суви, қуёши, касали ҳам. Ўтган йил энагамни ғалати бир чивин чақиб безгакдан ўлай деганда маҳаллий табибгина даволаган эди-ку. Эсингдами? Бунинг устига улар бизлардан кўра дуогўйроқ. Мен кечалари Исога ёлвориб сўраганим сўраган. Лекин уларнинг қарғишлари олдида менинг дуоларим жуда ожиз бўлса керакки, фойдасиз бўляпти. Сен уларнинг юртидасан, бундан ташқари… сен уларнинг қанча одамларни қақшатдинг!

— Бу халқни яхши билмаймиз. Бу уруш, бу беомонлик…

— Тўғри, беомонлик бўлди. Аммо, бу ерга сени юборишмаганида бошқа биров буни эпларди. Лекин шунча одамнинг қони тўкилишида сенинг ҳам ҳиссанг бор-да. Баъзан, сен билмайсан, лаънати уруш манзаралари кўз олдимга келиб, ўликларни тасаввур қилиб, тонгда чой эмас қон ичаётгандек ҳис қиламан. Кечалари алаҳсираб чиқаман. Нега?

— Азизам!

— Кечир, бу гапларни айтмоқчимасдим – Аёлнинг кўзларидан ёш думалади — Кел, худонинг қаҳридан қўрқайлик. Агар шу касалдан тузалсанг қайтиб кетайлик. Жоним, қайтиб кетайлик. Питербургни шунчалик соғиндимки… Бу ерда ўлиб қоламан. Мен урушни ёмон кўраман, ёмон кўраман… – Мўлжаллаган муддаоси бирдан ёдига келди-ю, кўз ёшини артди – Нима дейсан, азизим, розимисан, мен учун рози бўл, илтимос…

— У мени даволармикан…

— Эшонми? Ҳа,ҳа…Бўлмасам-чи! Ўзим ёлвораман, оёқлари остига тиз чўкаман. Сен тузалсанг бўлди… – хоним эрининг айниб қолишидан чўчиб, тезда кўз ёшини артиб ўрнидан турди ва эшонни топтириб келиш учун чиқиб кетди. Ташқаридан эса унинг “Алибек” дея чақиргани эшитилди.

Сайидхон эшон. Генерал-губернатор эшонни биринчи марта кўргандаёқ унинг қиёфасини умр бўйи унутмаслигини сезганди. Нигоҳи жуда кучли экан. Унинг халққа айтган сўзларини ҳам эсдан чиқаргани йўқ. Энг муҳими унинг овози. Унинг овозида қандайдир сеҳр бордек эди. Ўтли бир сеҳр. Генерал-губернатор ниманидир тўсатдан англаб қолгандай қотиб қолди, киртайиб қолган кўзлари бир нуқтага узоқ тикилди. Кейин қўллари қалтираганча, нималарнидир пичирлади.

Ўша тўполонда эшон бошқалар каби ундан юзини олиб қочмади. Губернатор уни кўриб қўлида маҳкам тутиб турган қамчисини эркин қўйди. Тўполон қилаётган одамлар ҳам эшонни кўриб тинчигандай бўлишди. Фақат боя казак аскарлари отиб ташлаган одамларнинг инграган овозлари, ўлим олди калималари эшитилиб турарди. Улар орасида бир ёшгина бола ўз қонига беланганча ўлиб ётганини кўриб, титраб кетди.

«Нега титрадим! Ахир…»

zlQYUUfoo8Q.jpgХалқ қўзғалганди. Эшон одамларга қарата бир нималар деб гапирар, кўзларидан у нима исташини билиб бўлмас эди. Губернаторнинг юраги тез урар, нега бу оппоқ саллали, чамаси ўзи тенги одамнинг ҳурмати халқ ичида юксак эканлигидан ғазабланарди. Унинг гапларидан одамлар жодулангандек жимиб қолишди. Кейин эшоннинг кўзларига қараб ғалати бўлиб кетди. Унинг кўзи ғазаб билан тўла бўлса-да, нега халқни бостиришга ҳаракат қилаётганини тушунмади. Бир сўз демай казакларини олиб истеҳком  томон от солди.

«Нега..?»

Ўшандаям тилмочлик қилган Алибекнинг айтишича, эшон халққа қараб, шундай деган экан: “Биз сабрли халқмиз ва биз сабрли ҳазрати Расулуллоҳ умматларимиз. Аллоҳ сабрлилар билан биргадир. Сабр қилинг! Сабр қилинг! Иншааллоҳ, оқибати дуруст бўлур. Биз муросани севувчи халқмиз, бола чақангизни ўйланг. Беҳуда, бетакбир қон тўкманг. Эртани ўйланг. Бу зулм булутининг парчаланиши муқаррар. Сабр қилинг. Катта куч бўлиш учун ўзимизни асрашимиз зарур. Бирлашишимиз зарур.”

У кўп гапирганди, лекин тилмочи фақат шу сўзларинигина таржима қилди. Минг қилса ҳам у ҳам ўзбек.

Алибек узоқ вақтлардан бери у билан бирга… Ишига ўта пишиқ, устамон йигит. Аввалдан Маскоп бозорларига Тошкент меваларини етказиб бойлик ортирган катта савдогар. Ҳозир у катта лавозимда. Губернаторнинг ишонган одамларига айланган. Тадбиркорлик ишлари ҳам гуллагандан гулламоқда. Алибекнинг ҳам Сайидхон эшонга ҳурмати баланд. Унинг айтишича, эшоннинг Тошкент музофотида эътибори юксак бўлиб, бунинг бир сабаби ҳаммани сел қилувчи соҳир овози бўлса, иккинчиси Бухорои Шариф мадрасаларида таҳсил олиб келган, илми баланд уламо эканлигида экан. Уни халққа севимли қилган яна бир фазилати дуосининг ўткирлиги бўлиб, ҳар балони аритгувчи экан. Бу таърифларни эшитиб у кулган, ҳозиржавоб Алибек ҳам унга қўшилганди. Ўша онда сезгир губернатор Алибекнинг юзига қараган, унинг афти бирдан ўзгариб, кўзлари қўрқувдан аланглаб қолганлигини ҳис қилганди. Шундан сўнг уч кун дом-дараксиз кетди. Кейин уч кун ўзини тавба-тазарруга бағишлаганлигини ҳам хуфиялари унга етказганди.

«Сен орзу қилган бирлик ҳали бери бўлмаса керак, эшон! Чунки бу ернинг ҳозирги муҳитини кўриб турибман. Икки хонлик йўқ этилган, амир тиз чўктирилган,қўшин хароб, аммо, бир-бирига душманлик йўқолмаган, халқ эса камбағал, ночор, тарқоқ. Подшоҳлик ҳам бу жойни ҳеч қачон сизларга осонликча топширмайди».

Фон Кауфман шу ўйлар билан эшон марҳаматига лойиқ эмаслигини ҳам яхши ҳис қилиб турарди. Бундай марҳаматни у ҳеч қачон душман томонга кўрсатмаган бўларди.

Қуёш булутлар ортига яширинди. Хонага ҳам қоранғулик кирди. Кейин кечаги уйқусизлик кучини кўрсатиб, губернаторнинг кўзи илинди.

4

— Нега йиғлаяпсан…
— У келишни хоҳламаяпти…
— Сенга нима дегандим…

— Мен уни мажбур қилмоқчи бўлдим. Лекин бунинг ҳам иложи бўлмади. Алибек унга озор етказиш шундоқ ҳам етилиб турган халқ норозилигига туртки бўлади, деди. Кейин мен ҳам яна бегуноҳ одамлар қони тўкилишини ўйлаб қўрқиб кетдим. Мен унга совға- саломлар жўнатдим. Сенинг учқур отларинг қўшилган қимматбаҳо фойтунларни юбордим… У эса сенинг ўзингнинг келишингни истаяпти… Йўқ, бунга йўл қўйиб бўлмайди. Подшолик жўнатган докторлар ҳам йўқ. Энди қаердан табиб топсам-а?

— Юлия, мен ўзим бораман…
— Жинни бўлдингми? Уларга ишониб бўладими? Асло йўл қўймайман. – Аёл ўрнидан туриб кетди.

— У бари бир келмайди. Мен боришим керак. Унинг қўлидан ёмонлик келмайди.

— Нималар деяпсан – Юлия яна унинг пойларига йиқилди – Ахир сен буларнинг ака-укаларини ўлдиргансан, уйларига ўт қўйгансан, дарёсини тўсгансан..

— Биз бу халқни тушунишга ожизлик қиламиз…

Охирги гапим шу дегандай у ўрнидан тура бошлади. Қаердандир вужуди куч топди. Оёқлари ерни ҳис қилар, титроқ ҳам камайгандек эди.

5

002Губернаторнинг ўрнидан турганлигини эшитган ўлка маъмурияти амалдорлари гўё тўсатдан ёнғин чиққандай шайланиб қолишди. Тезда губернатор хонимнинг буйруғи билан оқ отлар қўшилган усти очиқ фойтун келтирилди. Унга губернаторни Алибек ёрдамида ўтказишди. У жуда ҳорғин эди. Лекин ўзини бардам тутишга ҳаракат қилди. Унинг қаерга отлангани махфий тутилиши кеча Жиззах сафаридан келган мовийкўз, тепакал ва ўта айёр жияни Степанга топширилди.

Анҳор кўпригидан ўтиб, бор-йўғи беш-олти казак кузатувида улар Ўрда яқинидаги қадимий масжид томон кетишарди. Хотини бесаранжом, ўйга чўмганча кенг осмон манзарасини томоша қилиб кетарди…

Губернатор ҳозир тепасида учиб юрган қалдирғочларга маҳлиё бўлиб қолди. Уларнинг шўх ўйинларига қаради. Ҳаваси келди. Қанчалик эркин, покиза ва соғлом.

“Қалдирғочлар бу ўлкада жуда кўп экан. Нега шу пайтгача бу манзараларни кўрмаганман-а?”

Балки уни ўша жойда бўғизлаб ташлашар. Унинг ўзи эшонинг ўрнида бўлганда шундай қилармиди? Кауфманнинг фикрлари чалкашиб, кўзлари тиниб кетди. Улар масжидга етиб боришганда у уйқуда эди.

Масжид олди саришта, покиза қилиб тозаланган, тор йўл чеккасига экилган райҳон ўз ифорини сахийлик билан улашарди. Юлия эрининг шу кунларда таниб бўлмас даражада буришиб кетган юзи, озиб қолган гавдасига қарар экан янада хавотири ошди. Ўзини қанчалик хотиржам тутмасин, ичи ўт бўлиб ёнарди. У масжид ёнида тўпланиб, ажабланиб қараётган оломонни кўриб, улардан қўрқиб отни ортига қараб чоптиришни буюришига оз қолди. Лекин энди кеч эди. Масжиддан чиққан одамлар боя ола қараб ўтаётган бўлса, энди улар олдига чопиб келишди ва бир-бирларини қўллаб губернаторни тобут кўтаргандай елкага олиб масжид ҳовлисига кириб кетишди. Хоним ҳам даҳшатдан титраб-ҳовлиқиб, Алибекни тортқилаганча улар ортидан ичкарига ошиқди.

Ҳовли тўридаги масжид маҳобатли эди. Губернатор хоним агар келмаганда буни тасаввур ҳам қила олмасди. Лекин бу ердаги Парвардигорнинг уйи ўзи ўрганган баланд черковлардан фарқ қилар, ортиқча ҳашам, шамлар ёғдуси сезилмасди. Кенг ҳовли қуёш нурлари билан чароғон эди. Уларни масжидга эмас, ҳовли этагидаги хоналардан бирига бошлаб киришди. Хона жиндек салқин экан. Хона тўрида ўтирган пурвиқор, соқоли оппоқ, юзидан худди  нур таралиб турган одамга кўзи тушдию, хоним унга тикилиб қолди. Эшон унга назар ташламади ҳам. У Алибекнинг гапиниям пинагини бузмай, бошини эгган кўйи эшитди.

Эшоннинг ишораси билан губернаторни эшон оёқлари остига ётқизишди. Беморни олиб келган одамлар ҳам икки тарафда тиз чўкишди. Хоним тўсатдан чопиб бориб эрининг бошини бағрига босмоқчи бўлди-ю, журъат қилолмасдан бир бурчакка бориб ўтирди. Мунис оҳангга айланган овоз масжид деворлари бўйлаб тарала бошлади.

Хоним тиловат бошлаган қарияни зимдан синчиклаб кузатди. Эшон жуда хушсурат экан. Юзлари оппоқ, лўппи экан. Хоним бу каби одамнинг қўлидан ёмонлик келмас-ов деб бироз хотиржам тортди. Тиловат тугади. Хоним сергакланди. Эшон дуога қўл очди. Ҳамма унга эргашди. Орқадаги қора чопонли кишилар ҳам. Кейин эшон қўлидаги ҳассаси билан беморга яқинлаша бошлади, хоним қўрқиб кетди… Алибекга қаради. Алибек  «Ҳаммаси жойида»,- дегандай ишора қилди. Эшон ҳассасининг учини  беморнинг бутун танасига суқиб-суқиб чиқди. Кейин яна қисқа дуо ўқиди ва ҳаммаси тугаганини билдириб қўймоқчидек, «Омин, Аллоҳу акбар!» деди-ю, уларга орқа ўгириб, сокин юриш билан ташқарига чиқиб кетди.

Губернатор хоним нима қилишни билмай қолди. Қўллари қалтирар, эрининг қорнига қараб қўяр, у нафас олаётганини кўриб кўнгли таскин топарди. У ҳозир эрининг сеҳрли эртакларда бўлгани каби уйғониб кетишига ишонганди. Лекин эри кўзига қандай олиб келишган бўлса, шундай кўринди. Хоним кучли ҳаяжонда ва хавотирда эди. Акс ҳолда беморнинг кўзида пайдо бўлган ёмғирнинг бир тиниқ томчисидек инжу ёшни кўрган бўларди.

Одамлар беморни кўтариб фойтунга ётқизишга ёрдам бердилар. Хоним ҳаяжонланганидан Алибекка нима дейишни ҳам билмасди. Ниҳоят, у секин, аммо мағрурона амр қилди:

— Кетдик!

Аёл илиқ қуёш нурлари остида кўзини юмганича ётган эрига термилар экан, оятлар ўқиган эшон кўз олдидан кетмасди. У бу каби юзидан зиё таралган маҳаллий халқ вакилини биринчи кўриши эди.

— Дарҳақиқат, биз бу халқни нималарга қодир эканлигини ҳали-бери билмаймиз?
— Нимадир дедингизми, хоним?

Алига жавобан хоним бошини инкор маъносида сарак-сарак қилгач, ғилдиракка тегиши мумкин бўлган узун кенг кўйлаги этагини оппоқ қўллари билан тортиб қўйди.

7

Хоним эрта тонг туриб, не кўз билан кўрсинки, жонажон эри от минишга уринар, Степан ва бир ёш аскар унга ёрдам берарди. Буни кўриб эшик олдида хоним хўнг-хўнг йиғлай бошлади. Нега кўз ёшларини тўхтата олмаётганлигини ўзи ҳам тушунмасди. У титрар, ҳайратланар ва чексиз шодланарди. Ўзини тутиб туриш учун устунга суянди. Унинг ҳолини кўрган генерал ёнига чорлади. Шунда ҳам очиқ елкаларини оқ устунга таянганча турар, шаҳло кўзларидан шашқатор ёш оқарди. Шу ўйлар остида эшонга миннатдорчилик билдириши шарт эканлигини ҳам ҳис қилди. Унинг учун Биби Мария номини қўшиб дуо ўқиди. Бу дуо эрига бўлган ният билан чалкашиб кетди ва шу онда телбаларча у томон чопиб кетди. Эрининг олдига яқинлашиши билан унинг қўлларидан ушлаб ўпиш учун лабларини чўзди. Эри эса унинг билаклари орасидан тутиб кўтарганча бағрига босди. Кейин хонимга ҳам от олиб келишлари билан иккаласи анҳор томон от солишди. Ўша онда Саидхон эшон ўқиётган оятлар чор атрофда жаранглаб турарди.

19.05.2016

0_42_orig.jpg
Javlon JOVLIEV

KAUFMAN VA QIZIL KO’Z YOSHLAR
002

  Javlon Jovliev (Jovliev Javlonbek Ortiqovich) – 1991 yil Qashqadaryo viloyati, Qamashi tumani, G’ishtli qishlog’ida tug’ilgan. 2010–2014 yillarda O’zbekiston davlat san’at va madaniyat institutining «San’atshunoslik jurnalistikasi» yo’nalishida tahsil olgan. 2015 yildan boshlab O’zbekiston davlat san’at va madaniyat instituti “San’atshunoslik va madaniyatshunoslik” kafedrasi, “San’at nazariyasi va tarixi” (Sahna va ekran dramaturgiyasi) yo’nalishi magistranti. Hozirgi kunda o’qish bilan birgalikda, Alisher Navoiy nomidagi O’zbekiston Milliy kutubxonasining «Alisher Navoiy nomidagi O’zbekiston Milliy kutubxonasi» nashriyotida muharrir sifatida faoliyat olib bormoqda. “Yoshlik”, “Teatr”, “Infolib” jurnallarida, “O’zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Hurriyat”, “Toshkent oqshomi” va boshqa matbuot nashrlarida ijodiy ishlari va maqolalari chop etilgan. Jovliev Javlon bugungi kunda ijodiy ishlari bilan birgalikda “Mustaqillik yillarida sahnada aks etgan mutafakkir ziyolilari obrazi” (O’zbek Milliy Akademik drama teatr misolida) mavzusida ilmiy ish ustida ishlamoqda.

002

“Goh olisdan, goh yonimda, shundoq quloqlarim tagida jaranglayotgan bu qay ohang, bu qanday afsungar navo bo’ldi? Nega har tong bag’ru dilimni o’rtaydi, azoblaydi. Meni o’z izmiga tushishga, poyida egilishga, noma’lum sir ortidan intilishimga majbur qiladi? Nega? Bunda men tashunmayotgan qandaydir mavhumlik bor. YO borgan sari esdan og’moqdamanmi? Nahot dovdir bir jinniga aylansam!.. Yo’q, yo’q… meni jinni qilayotgan bu kuch ajal qadamining saslari, ana, ana, shundoq nafas olishi ham eshitilib turibdi?”

1

Цифровая репродукция этой картины находится в коллекции интернет-галереи Gallerix.ru ( http://gallerix.ru )Toshkent. Aprel tonggi. General-gubernator sayr qilmoqda. U har tong Eski O’rda yonidan oqib o’tuvchi anhor bo’yiga borishni odat qilib oldi. U shu yerda biroz o’zini dilgir his qilar, faqat shu damdagina chapdast va hushyor qorovul askarlar uning yuzida paydo bo’lgan sezilar-sezilmas nim tabassumni ilg’ashardi. Qovog’i solingan va hamisha jiddiy yuradigan general-gubernatordagi bu holat osmonda yomg’irdan so’ng paydo bo’ladigan kamalak kabi kamdan kam uchraydigan manzara edi. Gubernator esa o’zini bu joyga nima chorlayotgani, nima taskin bo’layotganini hali ham anglolmay halak. U urushlardan charchagani ham, ulardan bezgani ham yo’q. Bu boshqa, o’zgacha narsa. Aynan shu ohangga singgan mavhumlik oxirgi kunlarda uni xayolkash qilib qo’ydi. Bu, albatta, sharmandali holat. Ammo bu vujudida sovuq olmon qoni yugurgan Konstantin Petrovich fon Kaufman hayotida har tong sodir bo’lmoqda. Nega? Buni o’zi ham bilmaydi.

Bahor fasli. U ulug’ podsholik tomonidan Turkistonning yagona xukumdori etib tayinlangandan buyon birinchi marta Toshkentda mo»jizali bahor faslini kutib olishi edi. Lekin, har safar tiniq, pokiza, keng, lojuvard osmon uni mahliyo qilib qo’yardi. Mana, hozir ham quyoshning ilk yoqimli nurlariga sehrlanib o’tiribdi. Atrof turli anvoyi gullar bilan bezangan, ularning shirin ifori insonni mast qiladi. Oppoq, nafis qanotlariga qora xol qo’ndirgan kapalaklar-chi? Ular qo’sh-qo’sh bo’lib biram raqsga tushishadiki, bu xuddi beg’ubor va bokira cho’pon qizlarining kibor ayollar libosini kiyib xirom qilishiga o’xshaydi.

«O, Tangrim bunday manzaralarni ko’rib hayratlanish uchun bu yerga kelganmanmi? Menga nima bo’lyapti o’zi!»

General-gubernatorga, ayniqsa, rayhon ifori juda yoqib qolgan edi. Hozir ham dimog’iga ushbu yoqimli ifori urilgach, xayollar tizgini o’zining ojiz to’siqlarini uloqtirib tashladi.

«Rayhonni mahalliy xalq ovqatga ham qo’shib yer ekan. Juda mazali bo’lsa kerak».

Mayin shabada esib, gubernatorning siyrak sochlarini o’ynatardi.

“Quyoshli Turkiston! Oh, bulutlarni qarang, Qadim Yunonistonning muhabbat ma’budlari kabi osmonda parvoz etmoqda”.

Turkistonga kelmasdan oldin bu yerda uni faqat shonli shuhratgina kutmayotganligini, o’lim, qon kechishini, qarg’ishlarga ko’milishini va achchiq nolalar ichra g’alaba uchun yurish qilishini bilardi. Urushning o’zi bo’lmaydi, axir! Lekin hammasidan dahshatlisi, yosh, hali o’n gulidan bir guli ochilmagan askarlarning jarohatdan azob chekishlari, o’lim oldidan ingrashlari, armon to’la, g’azab to’la so’nggi nigohlariga boqish. Ular bir-birini mahv etishga shay ikki lashkarning qay bir tomonidan bo’lishidan qat’iy nazar. Bularni ko’rish har qanday odamga, hatto tabiatan vahshiy kishiga ham oson emas. Gohida, yuzingga qo’lansa, qop-qora balchiq sachragandek qayt qilging keladi. Ammo shu yurakka yopishgan balchiq bilanoltin saroyning yagona egasi bo’lish istagi seni har kuyga solib o’ynatadi. Shavkatli bo’lmoq istagi har narsadan ustun keladi. Ko’zlar yig’lashni unutadi. Tillar silliqqina aylanib o’lim uchun farmonlar berishga ko’nikadi. Hatto qonni sharob singari ichib, og’zingni sharbat totgandan artish hadisini olishing lozim. Kaufman bu dahshatli san’atni mohirlik bilan o’zlashtirdi. Vahshiy va qat’iyatli boshliq bo’ldi. Lekin hozir…

Gubernatorning yodiga minglab askarlari kelishi bilan ta’bi xira tortdi. Avvallari ularni o’ylashi bilan shuhrati naqadar ulug’vor ekanligini his qilar, o’ziga bo’lgan ishonchi yanada ortardi. Chunki nima bo’lganda ham faqat beshafqat kuchni tan oladigan bu o’lkada uning qo’shini hukmronda. Hozirchi, hamma tarafdan qon, olov va o’lim nafasi keladi. Hatto butun tanasiga o’lik hidi unnab qolganday. Uni bundan faqat qabrgina qutqaradiganday…

«Bu qanday bema’nilik!!! O’zingni tut!»

U qadam tashlashda davom etar ekan, oq harbiy kiteli yoqasidagi tugma bo’ynini qisganday bo’ldi. Uni sekin bo’shatdi.

U hozir Turkistondagi og’irlashayotgan vaziyatni tahlil qilishni, siyosiy mojarolari hal qilish yo’llarini qidirishni istamaydi. Tahlikali telegrammalardan ham toliqdi. U hozir dam olyapti. Yaqinda yana qonli janglar boshlanib qolsa kerak.

Eski shahar tomondan esayotgan shamol rayhon bo’ylarini olib keldi.

“Oh, oh, bunchalar dilgir hid. Erta tong suv sepib supurilgan hovlidan taralayotgan rayhon ifori bu!”

Ha, gubernator bu shahar yashash tutumni yaxshi o’rganib oldi. Balki o’rganmagani yaxshimidi? Bu O’rda bo’ylarida taskin axtarib yurmagan bo’larmidi?!

“Taskin. Kuni bitgan odam bunga qanchalik tashna, zor bo’ladi-a? Balki mening ham so’nggi kunlarimdir. Inson farzandlarini o’ldirgan har qanday odamning oxirgi damlari dahshatli bo’ladi deb, eshitgandim. Qadim asotirlar ham bu haqdagi bitiklaru cho’pchaklar bilan to’la”.

Yoshligida o’zi ham bir shavkatli generalning so’ngi kuniga guvoh bo’lgan edi. Bu sira esidan chiqmaydi. O’sha paytlarda generalning murdasiga ham havas qiladigan, shuhrat uchun har narsaga tayyor, navqiron, o’ta xudbin 26 yoshli shtabs-kapitan edi. General Terek daryosi tomonidan esgan salqin shamol o’t-o’lanlarini siypalagan dala o’rtasidagi chodirda o’lim oldi tanqis havodan bo’g’ilib yotar, ko’zlarini ochishga ham madori yo’q edi. Chodir ichini lipillab yoritib turgan sham yorug’ida, uning joni azoblanishini kuzatib turar, hech kimning qo’lidan hech narsa kelmasdi. Jimlikda uning ihrashidan boshqa ovoz yangramasdi. Shunda qaerdandir, bo’linmaning quyruq tarafidan bo’lsa kerak, xizmatkor qo’miq ayolining bolasi yig’lagani, keyin onaning chaqaloqni ovutgani eshitildi. Bola yig’ini bas qilmagach ona alla ayta boshladi. General esa jim bo’lib qoldi. Ko’zlari namlandi. U butun vujudi bilan alla eshitayotgan bolaga aylangandi. Shunda birdan titray boshladi. Qo’lini musht qilib yerni ura boshladi. Bu unda uch kundan buyon kuzatilayotgan holat bo’lgani uchun hech kim joyidan qo’zg’almadi. Onaning tovushi tinmasdi: “Alla,balammm, bay balammm”…

«Generalning ko’zlarida dona-dona yosh ko’rdim».

Barchaning generalga rahmi kelib ketdi. U juda ojiz ko’rinardi. Shunda u birdan turmoqchi bo’ldi, lekin kuchi yetmadi. U qo’llari bilan oldinga intilar, lekin qovoqlari bir biriga yopish qolganday ko’zlarini ochilmasdi. U yana bolishiga ilojsiz bosh qo’ydi. Shu onda unga hech kim yordam bera olmas, hamma ajalning sovuq qadamini kutib turardi. Generalning yaqin safdoshlari ham, uning uchun har qanday amaldorning boshini olib kelishga tayyor bo’lgan safdoshlari ham ojiz edi. Orqa tarafdan yig’i ovozi eshitildi. Yaqindagina polkka o’tgan sap-sariq novcha podporuchik piqillab yig’lab yubordi. Keyin unga kimdir o’qrayib qaradi, shekilli, u chopib chodirdan chiqib ketdi. Ona hamon bolasini erkalab alla aytar, borgan sari ovozidagi mudroqlik, alla ohanglarining yoqimli nol`asiga almashib borardi.

«Nega men yig’lamadim».

Nega ajal vahmidan titrayotgan, o’zi kabi minglab odamlarning qirilishiga sababchi bo’lgan bandaning ojizligi oldida yosh to’kmadi? Yo’q! U bundanda dahshatli manzaralarni ko’rganda ham miq etmadi. Faqat bir asrdan ko’proq vaqtdan buyon rus podshohligiga sadoqat qasamini ichib shtabs-kapitan unvoniga erishgan olmonnajod bobosiga o’xshab shon-shuhrat qidirdi, faqat shavkat izladi. Ko’zlari ham shavkat barqidan ko’r bo’ldi. O’sha kuni tongda general «sharafli o’lim» topganligi haqidagi telegramma saroyga jo’natildi. O’rniga boshqa yo’lboshchi tayinlanishi bilan hammasi tugadi. Nega o’sha onda ko’zi ochilmadi-a! Uning ham balki xuddi generaldek qovoqlari bir biriga yopishi qolgandir, balki…

Kaufman hamon asta sekin qadam tashlab sayrda davom etardi. Uyqudan ko’z ochganda vujudini qamragan g’ashlik ariganday bo’ldi.

Avvalida ichki titroq sababini tungi ishratbozlikka yo’ydi. Keyin bu g’ashlik, bu mahzun ruh ildizi undan ham chuqurroq, undan ham kengayib ketgan illatlardan qidirilish kerakligini angladi.

Qulog’iga yana o’sha qadrdon afsungar ohang chalinganday bo’ldi. Biroz vaqt o’tib tong qushlarining mayin sayrashlari eshitila boshladi, qaergadir otlangisi keldi. Shu anhor…bu suv…loyqalanib oqayotgan umr misoli, chalkash hislar misoli…

U bolaligi o’tgan shaharni, uning baland devorlari, sho’x favvoralarni, go’zal oyimcha xonimlarning shirin iforlarini qo’msadi. Urush va hukmronlik ham insonga taskini berolmasligini his qildi. Axir qanday katta ishni amalga oshiryapti. Ulkan Kavkazu Turkiston o’lkalarining zabt etishda faol qatnashdi. Buyuk podshohlikning necha asrlardan buyon amalga oshirolmay kelayotgan ulug’ orzusini amalga oshirish ungayam nasib etdi. Bu xizmatlarini podshohlik unutsa ham, tarix unutmaydi. Afsuski, bu xalq ham…

U qadamlarini olish biroz og’irlashganligini his qildi. Oq harir matoday osmonga yopishgan bulutlar uning ustiga qulayotgandek va bu hodisa juda yaqin qolgandek tuyilib ketdi. Fon Kaufman qo’rqdi. Bu qo’rquv tufayli ichida nimadir o’t olib tanasini kuydirdi. Shunda anhor suviga qo’lini chaymoqchi bo’ldi. U suv tomon egilishi bilan askarlari sergak tortishdi va nazoratni kuchaytirish uchun sezilarli shivirlashlar eshitildi. Kaufman sekin qo’llarini suvga tiqar ekan, muzdek suvda butun tanasini kuydirayotgan o’t biroz pasayganday bo’ldi. Keyin o’tirib yuzini chaydi. Tani yayrab ketdi. Moshkichiri mo’ylovi ham ho’llandi. U tiniqlashgan ko’zlari bilan daraxtlar ortidan taralayotgan quyoshning harir nurlariga tikildi. Keyin… keyin nimadir bo’ldi-yu, butun tanasi og’ib ketib yiqilib tushdi. Muzdek suv tanasini qoplaganini his qildi, lekin ko’zini ocholmadi. Keyin hech nimani sezmay qoldi. Go’yo uxlab qolgandek, tush ko’rayotgandek edi.

U ko’kda, oq qora bulutlar orasida edi. Tanasi sovuqdan junjikar, lekin ko’zlari bu g’ayritabiiy parvozdan hayrat zavqiga to’la edi. Bulutlar orasida, kichkina, yoriq, turli chiziqlar bilan qoplangan tuxumga o’xshab ko’ringan yer sharini tomosha qilardi. Shunda tilovat eshitila boshladi. O’sha yoqimli tilovat.

U biroz vaqt o’tib bulutlar ustida chalqancha yotardi. Negadir u shu yerda turkistonliklar kabi choy icha boshladi, rayhonli choy. Shunda osmon gumburlab, shiddatli yomg’ir yog’a boshladi. Tezda bu yomg’ir tomchilari uning ustiga shiddat bilan otilayotgan o’qlarga aylandi. Osmondan tushayotgan yomg’ir tomchilari badaniga tekkach uni teshib qizil qonga aylanib yana pastlab ketardi. Tezda butun zamin qip-qizil qonga bukdi. Bu ko’z yoshlarmikan deb o’yladi.

“Kimning ko’z yoshlari? Kimlar yig’layapti? Men qirgan odamlarmasmi? Onalarmi? Bolalarmi? Bevalardir balki? Mahbubalarning achchiq ko’z yoshlarimi yo?”

Tomchilar bulutlar ustida cho’zilgan tanasini ilma teshik qilib tashladi. Oppoq bulut uning qonidan qip-qizil bo’ldi. Yonida oqqushlar ham uchib yurar, voajabki, osmonda yog’ayotgan qizil yomg’ir tomchilari ularning, oppoq silliq patlariga tegmasdi. Uni esa dabdala qilib tashladi. Biroq hech og’riqni his qilmas, butun tanasi muzlardi. Shunda qulog’iga yana o’sha ohang eshitila boshladi. Birdan qizil bulut harakatga keldi. Tilovat kuchaygandan kuchaydi. Ko’zlarida ham issiq, lekin qondek qip-qizil yosh paydo bo’lganligini his qildi. Rayhonli choy oyog’iga to’kildi.

2

Gubernator daryo bo’yida hushidan ketgandan so’ng chamasi uch soatlar o’tib o’zining hashamdor, yumshoq yotog’ida o’ziga keldi. Oldida xotini Yuliya Moritsovna hiqillab yig’lab turardi. Xotini garchi oliy nasab xonadon avlodi bo’lsa ham uni erkalab ism sharifi bilan Yuliya Moritsovna deb chaqirmas, shunchaki Yuliya deb qo’yardi. Bu xotiniga ham xush yoqardi. Hozir unga so’lg’in nigohlar bilan qarab turar ekan, go’zal ayol-a, deb o’yladi. Qanday qilib bu huriliqo uning yori bo’lib qolgan ekan-a? U ham olmonnajod xonadondan bo’lgani uchunmi? Har qalay qon yaqinlashtiradi.. Yoki… uni chindan sevgani uchunmi? (Chindan ham dunyoda uni kimdir sevishi kerak-ku, axir!) Bo’lmasa oyoqlari ostida admiralning qizi bo’lmish bu xonim burunlari achishib ko’z yosh to’kmagan bo’larmidi? Kimdir sen deya chin dildan ko’z yosh to’kishi odamga xush yoqar ekan. Ayniqsa, o’zining qo’lini qon ekanligini yaxshi anglaganlarga… Ha, men kimlargadir hali kerak ekanman.

Gubernator endi ko’zlarini kattaroq ochib, ahvoli yaxshi ekanligini bildirish uchun gapirishdan ko’ra qimirlab qo’yishni afzal ko’rdi. Ammo faqat yelkasinigina qimirlata oldi.

— Oh…Nihoyat, O’zingga shukur, Bibi Maryam!

U xotinining beg’ubor ko’zlarining shukronalik va hayajon nigohlari ila shipga qadab cho’qinishini kuzatib turdi. Astoydil duo qilib bo’lgach cho’pillatib erining qo’llaridan o’pdi. Lekin lablarini sohibining qo’llaridan tezda olmadi. Gubernatorning ham o’pgisi keldi-yu, lekin bu xohish nimagadir birdan yo’qoldi. Shu on hashamatli saroy derazalaridan quyosh nuri taram-taram bo’lib ko’rinib turar, xona yorqin edi. Negadir ko’chaga chiqqisi keldi. Lekin oyog’ida mador yo’q. Labi qurqshar, lekin hech nima ichishni ham, tanovul qilishni ham istamasdi.

Turkiston ayollarining yaqinlari o’tib qolsa sochlarini yulib yig’lashlarini, baqirishlarini, qasos olish uchun hamma narsaga tayyor bo’lishlarini yaxshi bilardi. Toshkentdagi qirg’indan keyin shunday jasoratli onaning o’qidan o’lib ketishiga oz qolganini esladi. Mehr-muhabbat ancha boshqacha tarozida o’lchanadi bu yerda.

“Men o’lsamchi! Kim sochin yulib yig’lar ekan! Qizi Yelena yig’lasa kerak, o’g’li Mixail ham. Ular hali yosh bo’lgani uchun yig’lasa kerak… Balki…balki xotini biroz hiqillagach bir yosh va
maqtanchoq, sergap generalgami turmushga chiqib, uning duosini qilib o’tirar. Lekin men Yuliyani sevaman…”

— Yuliya, men yaxshiman!
— Ooo, bizni qo’rqitib yubording…Ko’ngling nima tusayapti, balki doktor chaqirish kerakdir…Qorning ham ochib ketgandir, Stipan hozir keladi..

— Yuliya?
— Sovqotib ketgandirsan, axir suvga tushib ketding… hojatga ham chiqishni istarsan balki?

— Yuliya?
— Axir, tushunsangchi..?

— Yuliya, hammasi yaxshi, hammasi…
— Bo’ldi, bo’ldi…

— Men senga bir nima bo’lsa, Tavba qildim, tavba qildim, badgumonlikdan o’zing asra Parvardigorim! Agar senga bir nima bo’lsa… nimalar yuz berishini o’ylab qo’rqib ketdim…

— Bo’ldi, azizam!

Xotini g’alati ovoz chiqarib bo’kirib yig’lab yubordi. Gubernator uning sochlarini kuchsiz qo’llari bilan siladi. O’ng qo’li bilan xotinining boshini ko’tarib, sitilgan, nam yuzga yopishgan soch tolalarini orqaga olib, jon olar ko’zlaridan oqayotgan yoshlarini artdi. Xotin erining yuziga qarab avvalgi o’ktamlikni ko’rmadi chog’i, yana yig’lab yubordi.

3

General-gubernator og’ir yotardi. Undan hol so’rgani har tarafdan vakillar kelar, ular orasida gubernatorlik amaldorlari, harbiylar, turli muzofotlardan kelgan yer egalari ham bor edi. . Lekin general-gubernator hech kimni qabul qilmas, ayniqsa, buning ustiga kechasi tun bilan davom etgan qorin og’rig’i uni asabini tamom qilib, sillasini battar quritgandi. Buning ustiga, markazdan chaqirilgan doktor negadir hamon kechikardi.

Gubernator tashqari hovliga chiqqisi keldi va oyoqlarini sekin ko’tarib ko’rdi. Kuch bor, lekin negadir oyoqlar yurishni istamaganday titrardi. Nega? Hali oldida qanday katta dovonlar turibdi… yoki uning tiriklik daraxti so’la boshladimi? U deraza pardasini ochib qo’yishini buyurdi. Xona birdan yorishib ketdi. Gubernatorning ko’zlarini yorug’ nur qamashtirib yubordi. Keyin bu bahor quyoshining nuriga mahliyo bo’lgancha uzoq vaqt derazaga termilib qoldi. Kecha behush mahal ko’rgan tushi yodiga keldi. Qizil bulut uzra suzib yurgani, o’sha joyda ham unga eshitilgan ohang. Balki bu manzaralar shu yerda o’lishidan darakdir. Eh, axir, bu hukmdorlikni o’zi qanchalik istadi. Qanday sevingandi. Hammasiga ming la’nat! Ming bora, ming…

Eshiklarning ochilgani, ayollar libosining shitir-shitiri qulog’iga chalindi. U sergaklandi. Negadir, bu gal ko’zini yumib olishdan o’zini tiydi. Yaxshi qilibdi. Yoshi anchaga borgan bo’lsa-da, Yuliyaning adl qomatini, oppoq yuzini, cheksizlikka tutashgan ummon rangidagi ko’zlarini ko’rib sevindi. Unga och pushti ko’ylagi biram yarashibdiki. Sochlarini ham ajoyib turmaklabdi. Lekin ko’zlari g’amgin… Afsus, uning ko’zlaridan ham ahvolimni bilsam bo’ladi deb, o’ylab qoldi. Buni xotini sezdi, shekilli, shunchaki bema’ni jilmayib qo’ydi. Keyin tolmovsirab, bir tepaga, bir pastga qarab gapira boshladi.

— Senga bir gap aytsam, faqat yo’q dema. O’tinaman sendan. Meni esidan og’ganga chiqarma. Bu taklifni Alibek menga aytdi. Menga ham ma’qul. – U biroz gapni nimadan boshlashni bilmay och sariq tusdagi choyshabni barmoqlari bilan g’ijimladi. Keyin bu ham unga yordam bermay, o’rnidan turib deraza tomon yura boshladi — Anhorning nargi betida qandaydir tabib, yo’q, yo’q, avliyo bor emish, bularning rahnamosini nima derdi, ha, ha..esimga tushdi, eshon bor ekan. Alibek aytdi-da! U aldasa, jazolanishini biladi. Kel, o’sha sart boboyni chaqiraylik, uning duosi hamma kasalni aritar ekan, kulma! U seni bir ko’rib qo’ysin. – U endi gubernatorning oldiga kelib, uning qo’llariga quruq lablarini bosdi – Chiqmagan jondan umid. Iltimos, xo’p de, shu yerga olib kelamiz.

— Azizam…

— Sen ham uni tanir ekansan-ku! Alibek shunday dedi. Bu yerdagi doktorlarning qo’lidan hech nima kelmadi. Markazdan kelayotgan doktorlar guruhi baloga uchraganday kechikishmoqda. Kel, balki uning duolari sening yagona najotingdir…

— Foydasi bo’larmikan?

— Unday dema, axir bu yer ularniki, suvi, quyoshi, kasali ham. O’tgan yil enagamni g’alati bir chivin chaqib bezgakdan o’lay deganda mahalliy tabibgina davolagan edi-ku. Esingdami? Buning ustiga ular bizlardan ko’ra duogo’yroq. Men kechalari Isoga yolvorib so’raganim so’ragan. Lekin ularning qarg’ishlari oldida mening duolarim juda ojiz bo’lsa kerakki, foydasiz bo’lyapti. Sen ularning yurtidasan, bundan tashqari… sen ularning qancha odamlarni qaqshatding!

— Bu xalqni yaxshi bilmaymiz. Bu urush, bu beomonlik…

— To’g’ri, beomonlik bo’ldi. Ammo, bu yerga seni yuborishmaganida boshqa birov buni eplardi. Lekin shuncha odamning qoni to’kilishida sening ham hissang bor-da. Ba’zan, sen bilmaysan, la’nati urush manzaralari ko’z oldimga kelib, o’liklarni tasavvur qilib, tongda choy emas qon ichayotgandek his qilaman. Kechalari alahsirab chiqaman. Nega?

— Azizam!

— Kechir, bu gaplarni aytmoqchimasdim – Ayolning ko’zlaridan yosh dumaladi — Kel, xudoning qahridan qo’rqaylik. Agar shu kasaldan tuzalsang qaytib ketaylik. Jonim, qaytib ketaylik. Piterburgni shunchalik sog’indimki… Bu yerda o’lib qolaman. Men urushni yomon ko’raman, yomon ko’raman… – Mo’ljallagan muddaosi birdan yodiga keldi-yu, ko’z yoshini artdi – Nima deysan, azizim, rozimisan, men uchun rozi bo’l, iltimos…

— U meni davolarmikan…

— Eshonmi? Ha,ha…Bo’lmasam-chi! O’zim yolvoraman, oyoqlari ostiga tiz cho’kaman. Sen tuzalsang bo’ldi… – xonim erining aynib qolishidan cho’chib, tezda ko’z yoshini artib o’rnidan turdi va eshonni toptirib kelish uchun chiqib ketdi. Tashqaridan esa uning “Alibek” deya chaqirgani eshitildi.

Sayidxon eshon. General-gubernator eshonni birinchi marta ko’rgandayoq uning qiyofasini umr bo’yi unutmasligini sezgandi. Nigohi juda kuchli ekan. Uning xalqqa aytgan so’zlarini ham esdan chiqargani yo’q. Eng muhimi uning ovozi. Uning ovozida qandaydir sehr bordek edi. O’tli bir sehr. General-gubernator nimanidir to’satdan anglab qolganday qotib qoldi, kirtayib qolgan ko’zlari bir nuqtaga uzoq tikildi. Keyin qo’llari qaltiragancha, nimalarnidir pichirladi.

O’sha to’polonda eshon boshqalar kabi undan yuzini olib qochmadi. Gubernator uni ko’rib qo’lida mahkam tutib turgan qamchisini erkin qo’ydi. To’polon qilayotgan odamlar ham eshonni ko’rib tinchiganday bo’lishdi. Faqat boya kazak askarlari otib tashlagan odamlarning ingragan ovozlari, o’lim oldi kalimalari eshitilib turardi. Ular orasida bir yoshgina bola o’z qoniga belangancha o’lib yotganini ko’rib, titrab ketdi.

«Nega titradim! Axir…»

004Xalq qo’zg’algandi. Eshon odamlarga qarata bir nimalar deb gapirar, ko’zlaridan u nima istashini bilib bo’lmas edi. Gubernatorning yuragi tez urar, nega bu oppoq sallali, chamasi o’zi tengi odamning hurmati xalq ichida yuksak ekanligidan g’azablanardi. Uning gaplaridan odamlar jodulangandek jimib qolishdi. Keyin eshonning ko’zlariga qarab g’alati bo’lib ketdi. Uning ko’zi g’azab bilan to’la bo’lsa-da, nega xalqni bostirishga harakat qilayotganini tushunmadi. Bir so’z demay kazaklarini olib istehkom tomon ot soldi.

«Nega..?»

O’shandayam tilmochlik qilgan Alibekning aytishicha, eshon xalqqa qarab, shunday degan ekan: “Biz sabrli xalqmiz va biz sabrli hazrati Rasululloh ummatlarimiz. Alloh sabrlilar bilan birgadir. Sabr qiling! Sabr qiling! Inshaalloh, oqibati durust bo’lur. Biz murosani sevuvchi xalqmiz, bola chaqangizni o’ylang. Behuda, betakbir qon to’kmang. Ertani o’ylang. Bu zulm bulutining parchalanishi muqarrar. Sabr qiling. Katta kuch bo’lish uchun o’zimizni asrashimiz zarur. Birlashishimiz zarur.”

U ko’p gapirgandi, lekin tilmochi faqat shu so’zlarinigina tarjima qildi. Ming qilsa ham u ham o’zbek.

Alibek uzoq vaqtlardan beri u bilan birga… Ishiga o’ta pishiq, ustamon yigit. Avvaldan Maskop bozorlariga Toshkent mevalarini yetkazib boylik ortirgan katta savdogar. Hozir u katta lavozimda. Gubernatorning ishongan odamlariga aylangan. Tadbirkorlik ishlari ham gullagandan gullamoqda. Alibekning ham Sayidxon eshonga hurmati baland. Uning aytishicha, eshonning Toshkent muzofotida e’tibori yuksak bo’lib, buning bir sababi hammani sel qiluvchi sohir ovozi bo’lsa, ikkinchisi Buxoroi Sharif madrasalarida tahsil olib kelgan, ilmi baland ulamo ekanligida ekan. Uni xalqqa sevimli qilgan yana bir fazilati duosining o’tkirligi bo’lib, har baloni aritguvchi ekan. Bu ta’riflarni eshitib u kulgan, hozirjavob Alibek ham unga qo’shilgandi. O’sha onda sezgir gubernator Alibekning yuziga qaragan, uning afti birdan o’zgarib, ko’zlari qo’rquvdan alanglab qolganligini his qilgandi. Shundan so’ng uch kun dom-daraksiz ketdi. Keyin uch kun o’zini tavba-tazarruga bag’ishlaganligini ham xufiyalari unga yetkazgandi.

«Sen orzu qilgan birlik hali beri bo’lmasa kerak, eshon! Chunki bu yerning hozirgi muhitini ko’rib turibman. Ikki xonlik yo’q etilgan, amir tiz cho’ktirilgan,qo’shin xarob, ammo, bir-biriga dushmanlik yo’qolmagan, xalq esa kambag’al, nochor, tarqoq. Podshohlik ham bu joyni hech qachon sizlarga osonlikcha topshirmaydi».

Fon Kaufman shu o’ylar bilan eshon marhamatiga loyiq emasligini ham yaxshi his qilib turardi. Bunday marhamatni u hech qachon dushman tomonga ko’rsatmagan bo’lardi.

Quyosh bulutlar ortiga yashirindi. Xonaga ham qorang’ulik kirdi. Keyin kechagi uyqusizlik kuchini ko’rsatib, gubernatorning ko’zi ilindi.

4

— Nega yig’layapsan…
— U kelishni xohlamayapti…
— Senga nima degandim…

— Men uni majbur qilmoqchi bo’ldim. Lekin buning ham iloji bo’lmadi. Alibek unga ozor yetkazish shundoq ham yetilib turgan xalq noroziligiga turtki bo’ladi, dedi. Keyin men ham yana begunoh odamlar qoni to’kilishini o’ylab qo’rqib ketdim. Men unga sovg’a- salomlar jo’natdim. Sening uchqur otlaring qo’shilgan qimmatbaho foytunlarni yubordim… U esa sening o’zingning kelishingni istayapti… Yo’q, bunga yo’l qo’yib bo’lmaydi. Podsholik jo’natgan doktorlar ham yo’q. Endi qaerdan tabib topsam-a?

— Yuliya, men o’zim boraman…
— Jinni bo’ldingmi? Ularga ishonib bo’ladimi? Aslo yo’l qo’ymayman. – Ayol o’rnidan turib ketdi.

— U bari bir kelmaydi. Men borishim kerak. Uning qo’lidan yomonlik kelmaydi.

— Nimalar deyapsan – Yuliya yana uning poylariga yiqildi – Axir sen bularning aka-ukalarini o’ldirgansan, uylariga o’t qo’ygansan, daryosini to’sgansan..

— Biz bu xalqni tushunishga ojizlik qilamiz…

Oxirgi gapim shu deganday u o’rnidan tura boshladi. Qaerdandir vujudi kuch topdi. Oyoqlari yerni his qilar, titroq ham kamaygandek edi.

5

Gubernatorning o’rnidan turganligini eshitgan o’lka ma’muriyati amaldorlari go’yo to’satdan yong’in chiqqanday shaylanib qolishdi. Tezda gubernator xonimning buyrug’i bilan oq otlar qo’shilgan usti ochiq foytun keltirildi. Unga gubernatorni Alibek yordamida o’tkazishdi. U juda horg’in edi. Lekin o’zini bardam tutishga harakat qildi. Uning qaerga otlangani maxfiy tutilishi kecha Jizzax safaridan kelgan moviyko’z, tepakal va o’ta ayyor jiyani Stepanga topshirildi.

Anhor ko’prigidan o’tib, bor-yo’g’i besh-olti kazak kuzatuvida ular O’rda yaqinidagi qadimiy masjid tomon ketishardi. Xotini besaranjom, o’yga cho’mgancha keng osmon manzarasini tomosha qilib ketardi…

Gubernator hozir tepasida uchib yurgan qaldirg’ochlarga mahliyo bo’lib qoldi. Ularning sho’x o’yinlariga qaradi. Havasi keldi. Qanchalik erkin, pokiza va sog’lom.

“Qaldirg’ochlar bu o’lkada juda ko’p ekan. Nega shu paytgacha bu manzaralarni ko’rmaganman-a?”

Balki uni o’sha joyda bo’g’izlab tashlashar. Uning o’zi eshoning o’rnida bo’lganda shunday qilarmidi? Kaufmanning fikrlari chalkashib, ko’zlari tinib ketdi. Ular masjidga yetib borishganda u uyquda edi.

007Masjid oldi sarishta, pokiza qilib tozalangan, tor yo’l chekkasiga ekilgan rayhon o’z iforini saxiylik bilan ulashardi. Yuliya erining shu kunlarda tanib bo’lmas darajada burishib ketgan yuzi, ozib qolgan gavdasiga qarar ekan yanada xavotiri oshdi. O’zini qanchalik xotirjam tutmasin, ichi o’t bo’lib yonardi. U masjid yonida to’planib, ajablanib qarayotgan olomonni ko’rib, ulardan qo’rqib otni ortiga qarab choptirishni buyurishiga oz qoldi. Lekin endi kech edi. Masjiddan chiqqan odamlar boya ola qarab o’tayotgan bo’lsa, endi ular oldiga chopib kelishdi va bir-birlarini qo’llab gubernatorni tobut ko’targanday yelkaga olib masjid hovlisiga kirib ketishdi. Xonim ham dahshatdan titrab-hovliqib, Alibekni tortqilagancha ular ortidan ichkariga oshiqdi.

Hovli to’ridagi masjid mahobatli edi. Gubernator xonim agar kelmaganda buni tasavvur ham qila olmasdi. Lekin bu yerdagi Parvardigorning uyi o’zi o’rgangan baland cherkovlardan farq qilar, ortiqcha hasham, shamlar yog’dusi sezilmasdi. Keng hovli quyosh nurlari bilan charog’on edi. Ularni masjidga emas, hovli etagidagi xonalardan biriga boshlab kirishdi. Xona jindek salqin ekan. Xona to’rida o’tirgan purviqor, soqoli oppoq, yuzidan xuddi nur taralib turgan odamga ko’zi tushdiyu, xonim unga tikilib qoldi. Eshon unga nazar tashlamadi ham. U Alibekning gapiniyam pinagini buzmay, boshini eggan ko’yi eshitdi.

Eshonning ishorasi bilan gubernatorni eshon oyoqlari ostiga yotqizishdi. Bemorni olib kelgan odamlar ham ikki tarafda tiz cho’kishdi. Xonim to’satdan chopib borib erining boshini bag’riga bosmoqchi bo’ldi-yu, jur’at qilolmasdan bir burchakka borib o’tirdi. Munis ohangga aylangan ovoz masjid devorlari bo’ylab tarala boshladi.

Xonim tilovat boshlagan qariyani zimdan sinchiklab kuzatdi. Eshon juda xushsurat ekan. Yuzlari oppoq, lo’ppi ekan. Xonim bu kabi odamning qo’lidan yomonlik kelmas-ov deb biroz xotirjam tortdi. Tilovat tugadi. Xonim sergaklandi. Eshon duoga qo’l ochdi. Hamma unga ergashdi. Orqadagi qora choponli kishilar ham. Keyin eshon qo’lidagi hassasi bilan bemorga yaqinlasha boshladi, xonim qo’rqib ketdi… Alibekga qaradi. Alibek «Hammasi joyida»,- deganday ishora qildi. Eshon hassasining uchini bemorning butun tanasiga suqib-suqib chiqdi. Keyin yana qisqa duo o’qidi va hammasi tugaganini bildirib qo’ymoqchidek, «Omin, Allohu akbar!» dedi-yu, ularga orqa o’girib, sokin yurish bilan tashqariga chiqib ketdi.

Gubernator xonim nima qilishni bilmay qoldi. Qo’llari qaltirar, erining qorniga qarab qo’yar, u nafas olayotganini ko’rib ko’ngli taskin topardi. U hozir erining sehrli ertaklarda bo’lgani kabi uyg’onib ketishiga ishongandi. Lekin eri ko’ziga qanday olib kelishgan bo’lsa, shunday ko’rindi. Xonim kuchli hayajonda va xavotirda edi. Aks holda bemorning ko’zida paydo bo’lgan yomg’irning bir tiniq tomchisidek inju yoshni ko’rgan bo’lardi.

Odamlar bemorni ko’tarib foytunga yotqizishga yordam berdilar. Xonim hayajonlanganidan Alibekka nima deyishni ham bilmasdi. Nihoyat, u sekin, ammo mag’rurona amr qildi:

— Ketdik!

Ayol iliq quyosh nurlari ostida ko’zini yumganicha yotgan eriga termilar ekan, oyatlar o’qigan eshon ko’z oldidan ketmasdi. U bu kabi yuzidan ziyo taralgan mahalliy xalq vakilini birinchi ko’rishi edi.

— Darhaqiqat, biz bu xalqni nimalarga qodir ekanligini hali-beri bilmaymiz?
— Nimadir dedingizmi, xonim?

Aliga javoban xonim boshini inkor ma’nosida sarak-sarak qilgach, g’ildirakka tegishi mumkin bo’lgan uzun keng ko’ylagi etagini oppoq qo’llari bilan tortib qo’ydi.

7

Xonim erta tong turib, ne ko’z bilan ko’rsinki, jonajon eri ot minishga urinar, Stepan va bir yosh askar unga yordam berardi. Buni ko’rib eshik oldida xonim xo’ng-xo’ng yig’lay boshladi. Nega ko’z yoshlarini to’xtata olmayotganligini o’zi ham tushunmasdi. U titrar, hayratlanar va cheksiz shodlanardi. O’zini tutib turish uchun ustunga suyandi. Uning holini ko’rgan general yoniga chorladi. Shunda ham ochiq yelkalarini oq ustunga tayangancha turar, shahlo ko’zlaridan shashqator yosh oqardi. Shu o’ylar ostida eshonga minnatdorchilik bildirishi shart ekanligini ham his qildi. Uning uchun Bibi Mariya nomini qo’shib duo o’qidi. Bu duo eriga bo’lgan niyat bilan chalkashib ketdi va shu onda telbalarcha u tomon chopib ketdi. Erining oldiga yaqinlashishi bilan uning qo’llaridan ushlab o’pish uchun lablarini cho’zdi. Eri esa uning bilaklari orasidan tutib ko’targancha bag’riga bosdi. Keyin xonimga ham ot olib kelishlari bilan ikkalasi anhor tomon ot solishdi. O’sha onda Saidxon eshon o’qiyotgan oyatlar chor atrofda jaranglab turardi.

19.05.2016

005

(Tashriflar: umumiy 508, bugungi 1)

Izoh qoldiring