Ilmira Rahmatullaeva. Dunyodagi eng go’zal sevgi dostoni

887

Саидносирбой ўз фарзандларини Тошкентдаги Амир Темур хиёбони яқинидаги Пистолотси мактабига берган. Ўқиш оғир бўлганига қарамай, Зарифа Пистолотси мактабида яхши ўқир, Саидносирбой «Қизим, рус мактаби, Европа мактабида ўқиса, ўз халқи тарихини билмай қолади» деган мақсадда уни Хадрадаги Навоий педагогика техникумига ҳам ўқишга берган. Бу техникум Саидкаримбойнинг ҳовлисида жойлашган бўлиб, ҳозирги Маннон Уйғур номидаги театр қаршисида жойлашган эди.
1924 йил октябр байрами арафасида Зарифа худди шу ерда Ойбек билан танишади. Ўшанда Ойбек ориқ ва новча йигит бўлиб, қўнғир қивроқ қалин сочлари дўпписидан тошиб турадиган йигитча эди. Зарифа опанинг хотирлашларича, Ойбек унга биринчи бор:
— Опа, тугмам узилипти, тикиб беринг, — деб мурожаат қилган, ўн олти ёшли қиз эса нима жавоб қилишини билмай, бир лаҳзада қотиб қолганди…

0021
Илмира Раҳматуллаева
ДУНЁДАГИ ЭНГ ГЎЗАЛ СЕВГИ ДОСТОНИ
04

033Ушбу севги тарихи ҳеч кимникига ўхшамайди. Агар лозим бўлса, уни дунёдаги «энг гўзал муҳаббат қисса»ларига тенглаштириш мумкин.
Бу оила тарихи тарозусининг бир палласидаги муҳаббат, садоқат ва вафо иккинчи палласидаги азоб-уқубатлар, ғам-ҳасратлар, фожиалар ила тенглашади.
Бу оила қисматида ҳаммаси бўлган эди: бахтли лаҳзалар ҳам, миллат тафаккурининг бебаҳо бойлигига айланган асарларнинг яралиши, халқ муҳаббати, меҳр берилган шогирдларнинг душманга айланиши, дўстларнинг ҳасади туфайли хасталиклар, жудоликлар. Яратганнинг сийлови билан берилган улкан истеъдоди учун Ойбек ва Зарифа Саидносировага тақдир шундай умр йўлларини раво кўрганди.
Озод Шарафиддиновнинг таъбирлари билан айтсак, «миллатни уйғотган адиб» — Ойбекка тақдир нафақат ёзувчилик саодати, балки ажойиб оила қуриш, ҳақиқий дўст, маслакдош — умр йўлдоши билан яшаш бахтини ҳам берган эди.

Энг гуллаган ёшлик чоғимда

Уларнинг учрашувларини ҳам Яратганнинг ўзи дилдан истаган бўлса керак.
Бу учрашув айнан ўша пайтда юз бергани учун ҳам улар бирга бўлиб қолдилар. Ўн йил илгари уларнинг учрашишлари маҳол, давр ҳам, мезонлар ҳам ҳаммаси тамомила бўлак, иккалалари ҳам ижтимоий келиб чиқишлари жиҳатидан турли тоифага мансуб одамлар эдилар.
Туркистонлик Саидносирбой Миржалил ўғлининг беш нафар қиз фарзанди бўлиб, Зарифа улардан иккинчиси эди. Қизнинг болалиги ниҳоятда бахтли кечди. Замонанинг энг юксак завқига мувофиқ Туркистоннинг Қарноқ кўчасида қурилган уй, ҳар жума намат кўрпачалар солинган қўқон аравада бобосиникига уюштириладиган меҳмондорчиликлар, бу оиладаги хотин-қизларнинг энг асил матолардан европача бичимда либослар тиктиришлари, қўша-қўша узук, билакузук, маржон, олтин занжирлар тақиб юришлари, бирон кам-кўстни сезмай яшашлари оила бошлиғи Саидносир Миржалил ўғлининг ақл-заковати ва меҳнаткашлиги эвазига бунёдга келганди.
Зарифа Саидносирова ўз отасининг ташқи кўриниши ҳақида шундай ёзган эди: «Дадам Саидносир Абдулхай ўғли Миржалилов ўрта бўйли, қорачадан келган, кўзлари йирик киши эди. У 1884 йилда туғилган. Дадам жуда ақлли, юраги тоза, одамларга меҳрибон бўлган». Ночор оилада катта бўлганига қарамай, кейинчалик тиришқоқлиги туфайли катта сармояга эга бўлган, Туркистонда биринчи пахта заводини қурган, электрнинг моҳиятини ҳали одамлар «шайтон чироқ» деб юрган пайтлардаёқ тушунган маърифатпарвар бу одам капитал тўплагач, Тошкентга келиб, бу ерда «Тошкент» деган ширкат тузди».
Ота-боболари бўзчилик билан шуғулланган Муса исмли кенг пешонали, катта-катта кўзлари порлаб турадиган қорачадан келган болакай эса Тошкентнинг «Гавкуш» маҳалласи (ҳозирги Ўзбек Миллий академик театри ортида жойлашган)да таваллуд топганди. ХХ асрнинг бошларида рус мануфактураси Тошкент бозорларидан бўзчиларни сиқиб чиқаргандан кейин гавкушликлар рўзғор тебратишнинг бошқа чора-тадбирларини ахтара бошлаганлар. Шу маҳаллада яшаган Ойбекнинг отаси Тошмуҳаммад ака ҳам ота касбини тарк этиб, Тошкент атрофидаги қишлоқларда, Хумсонда баққолчилик билан шуғуллана бошлади. Оила ниҳоятда ночор аҳволда яшар эди.
Ойбекнинг болалиги ҳақида Озод Шарафиддинов шундай дегандилар: «Ойбек ўн икки-ўн уч ёшдан кейин ҳаётида бирон рўшнолик кўрмаган. 1917 йил октябр инқилобининг иккинчи куни Тошкентнинг Янги шаҳар қисмига ўзбекларни сайилга қўйиб, кейин кечкурун ҳаммаларини пулемёт билан отиб ташлашган. Минглаб одамлар ўлган. Гражданлар уруши, қимматчилик, коллективлаштириш даври, қаҳатчилик даврларини кўрган. Кўчаларда одамлар ўлиб қолганларини кўрган».
Юз берган ўзгаришлар Туркистон ерларига ҳам етиб борди. Зарифа ўшанда тўққиз ёшда эди: «Инқилоб! Ҳуррият! Оқ подшо тахтдан ағдарилди!!! Мен тўққиз ёшдаман. Табиий, кўп нарсани тушунмайман. Лекин «Золим подшодан қутулдик, озодликка чиқдик» деган сўзларни тушунаман. Мен ёшман. Бойнинг қизиман. Лекин «золим подшодан қутулдик», «озодлик», «ҳуррият» деган сўзлардан суюнаман». Аммо ўша кунлари қизалоқ дадаси болшевиклардан қочиб, бирданига қайгадир кетиб қолганига тушунмасди.
Саидносир Миржалил ўғли Октябр тўнтарилиши арафасида болшевиклар лойиҳаси мустамлакачилик сиёсатидан бошқа нарса эмаслигини яхши билган, ватандошларини миллий озодлик ва тараққиёт йўлига бошламоқчи бўлган жадидлардан эди.
Ушбу воқеаларда фаол иштирок этган Саидносирбой кейинчалик «Тошкент» номли ширкат тузиб, нефт, буғдой савдоси билан шуғуллана бошлайди. Улардан тушган пулларнинг бир қисмини Германияга ўқишга кетаётган талабаларнинг ўқишига сарфлайди. Саидносирбойнинг Тошкентда қолиб кетаётганидан онаси, унинг турмуш ўртоғидан ҳам кўра ўн беш ёшли қизи Зарифа безовта : «Мен ўн бешга тўлдим. Нозиккина қизман, бўйим чўзиляпти.
Кунлардан бирида ойим одатдагидай бизни ҳам ясатиб бобомникига тўйга олиб борди. Бобомнинг ўғил-қизлари, неваралари кўп: ҳар куни – тўй. Ташқари ҳовли тўла эркаклар. Ойим паранжида, мен устимда овропоча тикилган оқ шоҳи кўйлак, бошимда панама – ерга қараганимча, қаддимни эгиб, ичкарига шўнғидим. Шу замон Мамарайим тоғам ойимни йўлакка чақирди ва эртадан бошлаб паранжи ёпинмасам, ўз қўли билан отиб ташлаяжагини айтди.
Жуда хафа бўлдим: дадамнинг бизларни ўз ҳолимизга ташлаб, Тошкентда юриши менга кўп алам қилди. Унга узундан-узоқ мактуб ёздим. Шу қадар маърифатпарвар бўла туриб, бизларни ўйламаслиги гуноҳ эканлиги, агар бизларни Тошкентга ўқишга элтмаса, ўзим кетаяжагимни қатъиян баён қилдим мактубимда».
Кўп вақт ўтмасдан ота қизининг илтимосини ерда қолдирмай, уни Тошкентга чақиртирди. Бир рус эр-хотинга қўшиб, Зарифани Тошкентга жўнатдилар. Кейинчалик оила Шайхантоҳур даҳасидаги Тарновбоши маҳалласининг жин кўчаларидан биридаги каттагина ҳовлини ижарага олди. Оила ўзининг Туркистондаги кенг ҳовлиси, уй-жойларини фарзандлари келажагини ўйлаб ташлаб келди.
Саидносирбой ўз фарзандларини Тошкентдаги Амир Темур хиёбони яқинидаги Пистолотси мактабига берган. Ўқиш оғир бўлганига қарамай, Зарифа Пистолотси мактабида яхши ўқир, Саидносирбой «Қизим, рус мактаби, Европа мактабида ўқиса, ўз халқи тарихини билмай қолади» деган мақсадда уни Хадрадаги Навоий педагогика техникумига ҳам ўқишга берган. Бу техникум Саидкаримбойнинг ҳовлисида жойлашган бўлиб, ҳозирги Маннон Уйғур номидаги театр қаршисида жойлашган эди.
1924 йил октябр байрами арафасида Зарифа худди шу ерда Ойбек билан танишади. Ўшанда Ойбек ориқ ва новча йигит бўлиб, қўнғир қивроқ қалин сочлари дўпписидан тошиб турадиган йигитча эди. Зарифа опанинг хотирлашларича, Ойбек унга биринчи бор:
— Опа, тугмам узилипти, тикиб беринг, — деб мурожаат қилган, ўн олти ёшли қиз эса нима жавоб қилишини билмай, бир лаҳзада қотиб қолганди…
«Кунлардан бирида дадам кечкурун Чўлпонни ичкарига бошлаб кирди. Мени чақириб таништиргач, кўрпача солишни буюрди. Бу менинг Абдулҳамид акага биринчи дафъа кўринишим эди. Баланд бўйли, йирик гавдали, устида ўзига ярашган фарғонача янги сиртма тўн, бошида катта сувсар телпак. Дадам девордаги Аҳмад Яссавий мақбараси расмини кўрсатиб, бу расмни мен ишлаганим ҳақида гапирар экан: «Жуда гўзал ишланган. Бу қизни Германияга ўқишга юбормоқ керак», — деди Чўлпон.
— Менинг ҳам шундай орзу-умидим бор, — деб кулимсирайди дадам. Кейинчалик бу воқеани эслаганида, Зарифа Германияга ўқишга яхши ҳам бормагани, акс ҳолда Ойбек билан танишиш бахтидан маҳрум бўлиши мумкинлигини ёзадилар.
Ҳар куни Зарифа техникумдаги ўқишдан сўнг Пистолотстси мактабидан қайтар, Ойбек уни хиёбонда кутиб олар ва бирга уйга қайтишарди.
Зарифа Саидносирова Репиннинг шогирди Рязановнинг қўлида ўқиган биринчи ўзбек рассом қизидир. Туркистондаги тарихий обидалар чизилган расмини кўргазмалардан бирида бир немис муҳожири сотиб олмоқчи бўлганида, отаси, «Йўқ, менинг қизимнинг расмлари Германияда эмас, ўз юртида туришини хоҳлайман» деб айтган экан.
Саидносирбой биринчи марта Ойбекни Зарифанинг битирув кечасида кўрди.
1926-1927 йиллар оила бошига оғир кулфатлар тушди. 1926 йил Саидносирбой собиқ мухториятчилар қаторида чекистлар томонидан ҳибсга олинди. Уни Туркистонга қочиб кетаётган пайтида орқасига қўйилган чекистлар поездда ушлаб, тўғри Тошкентга, ГПУга олиб келган эдилар. Ёлғиз ўғлига кўз тиккан кекса аёл келини ва унинг беш нафар қизи билан ҳовлида ҳувиллаб қолиб кетавердилар. Қизлар ҳафтада икки марта овқат элтишарди.
Саидносирбой уч йил муддатга Сибирга сургун қилинади. «Ана шу машъум воқеадан бир-икки кун илгари оила билан хайрлашмоқ учун унга бир-икки солдатни қўшиб, уйга юбордилар. Дадам ярим кун мобайнида биз билан бирга бўлди. Палов қилдик, суҳбатлашдик. Дадам биз билан хайрлашаркан, «Хафа бўлманглар, фақат ўқишни ўйланглар. Омон бўлсак, худо хоҳласа, кўришамиз», деди.
Бувим дадамни қучоғига босиб, узун-узун дуолар қилди. Биз кўз ёши билан айрилдик. Ҳаёт шунчалар оғир, азобларга тўла экан… Бир неча кун турма эшигини пойладик. Аристонларни этап билан вокзалга ҳайдар эканлар, биз уларни кўча четидан кузатиб бордик.
Инсоннинг қисқа умрида унга шу қадар зулм ўтказиш, ўз халқининг мустақил бўлиши, маърифатли ва фаровон яшашини орзу қилгани учун қамаш, сургун қидиришни ким чиқарган экан?.. Ойим, бувим, ҳаммамиз йиғлаб қолдик».
1927 йил. Матбуотда Чўлпон тўғрисида мақолалар чоп этилиб, унга буржуа шоири сифатида тошлар отила бошланди. Бу танқидий мақолаларга жавоб берганида Ойбек 22 ёшда эди. «Ўшанда Чўлпон очиқдан-очиқ «совет халқига ёт шоир» деб эълон қилинган эди. Уни «буржуа зиёлиларининг шоири» дейишган. Ойбек уни ҳимоя қилади Пушкинни мисол келтириб, адабиётнинг спетсификасини эслатади, шеър ва шоирни теранроқ тушунишга, истеъдодни қадрлашга ундайди. Махсус органлар, эҳтимол, уни ёшлиги учун бир марта кечиргандирлар. Йўқ, бунга ишониб бўлмайди. Улар шунчаки арқонни узун ташлаб, бир йўла улгуржи ўлжа олишдан умидвор бўлишлари мумкин» деб ёзгандилар Озод Шарафиддинов Ойбекнинг бу жасорати ҳақида.
1927 йили Ойбек Ленинградга ўқишга жўнади. Зарифа СаГУнинг физика-математика факултетининг кимё шўъбасида ўқиш билан бирга Зебуннисо мактабида муаллимлик қила бошлади.
Ойбек ва Зарифа опа оила қуриш даврига кирганларида, ота қамоқда эди. 1929 йилда бўлиб ўтган тўй Саидносирбойнинг розилиги билан бўлди.
Оиланинг кенжаси Муборак Саидносирова бундан уч йил аввал биз билан бўлган суҳбатда етти кеча-кундуз поездда Семипалатинск шаҳрига бориб, Ойбек ва Зарифанинг тўйларига розилик олиб қайтишганини йиғлаб-йиғлаб айтиб бергандилар. «Шундан кейин тўйлари бўлиб ўтди. Кўпинча келганларида, Зарифа опам ишда бўлардилар. Мен жажжи қиз эдим. Олдиларига югуриб чиқардим. Мен билан гаплашардилар, қизиқ-қизиқ гаплардан айтиб кулдирардилар. Мени Шайхонтоҳурга олиб чиқардилар. Гавжум бозор бўларди. Музқаймоқ еб қайтардик.

Бечора бувим ва ойим дадамни эслаб кўпинча йиғлаб ўтиришарди. Ойбек ака келганларида бироз овунишарди. Беш қиз қолганмиз. Ойбек ака шундай ажойиб киши эдилар. Отаси қамалган оилага кириб келганлари ҳам катта гап эди ахир. Дадам йўқликларида бувим қазо қилган»
Бу бахтсизликларга қарамай, улар бирга эдилар, бирга бахтиёр эдилар. Улар эрталари янада бахтлироқ бўлишини орзу қилардилар. Ваҳоланки, олдинда синовли 30-йиллар, алғов-далғовлар кутмоқда эди.

Балоғат йиллари

Ўттизинчи-қирқинчи йиллар Ойбек ҳамда Зарифа Саидносирова оилавий ҳаёти, ундаги турмуш тарзи мамлакатда рўй берган жуда катта ўзгаришлар ва фожиалар таъсирида кечди.
Тўғри, бу йилларда Ойбек жуда маҳсулдор ижод қилди — «Қутлуғ қон» ва «Навоий» романларини яратди, академик унвонига сазовор бўлди. Зарифа Саидносирова кимёгар олима сифатида танила бошлади.
Булардан ҳам муҳими улар ота-она бўлдилар.
Лекин халқ ҳаётидаги жуда катта фожиалар — қаҳатчилик, ўттиз еттинчи йиллар бўронлари, Иккинчи жаҳон уруши даҳшатлари бу оилани ҳамиша ўз гирдобига тортиб турди.
1937 йили Тил ва адабиёт институтида ишлаб юрган Ойбек, Ҳамид Олимжон ва бошқа кўпгина кишиларни «халқ душмани» деб ишдан ҳайдадилар. Таъқиб қилишлар, чақувлар бошланди. Бўлар-бўлмас гапларни гапириб бир-бирини ушлаб олиб бориб қаматишлар авж олди. 1937 йил тўполонлари бошланган эди.
Зарифа Саидносирова: «Биз ҳар куни эрталаб ҳали у, ҳали бу танишимизнинг қамалганини эшитамиз. Кунлар ниҳоятда бетинч. Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаевлардан бошлаб, энг гуноҳсиз, қарийб ҳар бир муаллимга қадар барчаси «халқ душмани», деб эълон қилинган. Шу қора қирғинда, айниқса, зиёлилар қирилиб кетдилар. Ҳатто Ойбекни ҳам қамалган, деган гаплар тарқалди. На кундуз ҳаловат бор, на тунда – уйқуда роҳат. Ҳар дақиқа ташвиш, ҳар дақиқа юрак титроқда…
Рамз Бобожон хотираларидан: «Ойбекни ҳам ўша кунлар бир неча бор терговга чақиришди. Шунда у Саидносир Миржалил ўғлини уйига киритилганда айбланди. Ойбек ўшанда «Саидносир менинг қайнотам, мен унга уйимнинг эшикларинигина эмас, балки бутун юрагимни очсам ҳам кам» дейди».
Зарифа Саидносирова : «Ойбек кўчага ҳам чиқмайди. Чиқишнинг ҳам ҳожати йўқ. Тил ва адабиёт институтидан ҳайдалган, Ёзувчилар уюшмасидан чиқарилган. Газета ва журналлар эса унинг асарларини босмай қўйганлар. Шунинг учун ҳам Ойбек бутун ёз ичи боғдан чиқмай ижод қилди. Биз болаларни қўрғонда қайнонам билан қайнотамга қолдириб, икки темир каравотни катта боғнинг бир четига кўчирдик. Икковимиз шунда тунларни бедор ўтказа бошладик.
Шу ғалвали даврнинг биринчи кунларидаёқ дадамни тағин ҳибсга олдилар»
1936 йили Соловкидан қайтганидан сўнг Саидносирбой ўн ойгина уйда озод яшади. Келди-ю, яна коммунистик қатағонга дуч келди.
Бу воқеа йигирма тўққиз ёшли аёл қалбида бир умрга аччиқ армон бўлиб қолди: «Бир куни ойимникига келсам, дадам, НКВДдан келган киши бир рус қўшнимиз иштирокида акт тузиб ўтиришибди. Ойим бояқиш айвонда йиғлаб юрибди. Дадам шу куни ҳаммомдан чиқиб, янги оқ сурп кўйлак кийиб, ойим билан гангур-гунгур сўзлашиб нонушта қилиб ўтирганида шу татар йигит балодай етиб келган. Дадам ҳаммамиз билан қучоқлашиб хайрлашди. Сўнг татар йигитнинг олдига тушиб кетар экан, йигирма қадамча юрганидан сўнг орқага қайтди.
— Набирамни бир ўпай, — деб қўлимдан Гулрангни олди. Бағрига босиб, пешонасидан икки марта ўпди ва дуо қилди — Умри узоқ бўлсин. Ақлли-ҳушли, халқига фойдали киши бўлиб етишсин!

Юракларимиз қонга тўлди, эзилиб кетдик…

Орадан қанча вақт ўтди, оила на хат, на хабар олди. Бир неча вақт ўтгач, «Изламанглар! Хат ёзишдан маҳрум ўлароқ узоққа сургун қилинган» деб айтдилар.
Шундай тарзда, жадид мактабини очган, пахта заводини қурган, Туркистон шаҳрида илк бор электр чироғини ёққан, Тошкентда кенг миқёсда фаолият юритган, мустақиллик учун кураш йўлларини излаган, ширкат очиб сармоя яратган ва уни Ватан истиқболи учун сарфлаган, истеъдодли ёшларни хорижга ўқишга юборган ва шу йўл билан келажак меъморларини тайёрлашга интилган Саидносир Миржалил ўғли эллик уч ёшида йўқ бўлиб кетди.
Зарифа опани умрининг сўнгги кунларигача отасининг тақдири изтиробга солди. Уни «Менинг дадам қани, қаерда? Уни қай чуқурга отиб, думалатиб, устига тупроқ тортганлар?» деган аччиқ ҳаёл ҳамиша бағрини тилка-тилка қиларди.
Профессор Наим Каримов: «Ойбек домлани бир неча бор муҳокама қилишган. Ойбек Чўлпон касаллигида кўргани борган, Саидносирбойни уйига қўйган деган айблар қўйишган. Лекин ниҳоятда қашшоқ оилада вояга етганини инобатга олиниб, 1937 йил тегирмонидан омон қолган. 1937 йил воқеаларидан олдин агар қўлимга пул тушса, битта кичкина боғ сотиб оламан, деган эканлар.
Ойбек домла ўша кунлар кўчада НКВД машинаси кўринса, «болаларим мени олиб кетишаётганида кўришмасин» деб кўчада юрарканлар».
Озод Шарафиддинов хотираларидан: «Ойбекни институтдан ҳайдашганда «Қутлуғ қон»ни ёзган. Маблағ келадиган жой бўлмаган. Ўша пайтлар оилани Зарифа опа кўтарганлар. Зарифа опа химия фанлари номзоди эди. Зарифа опа уйнинг ичи билан ўралашган, майда туйғуларга ўралган. Сал бўш қолса, қўшниникига чиқиб гап сотадиган аёл бўлмаган. Одамнинг қадрига етадиган одам бўлган. Ойбекни «Қутлуғ қон» асари қутқарган. Шунақа роман бўлмаганида Ойбек ҳам қамалаши ҳеч гап эмасди. Ўша пайтда бу асар қўлма-қўл бўлиб кетган.
Муборак Саидносир қизи: «Ижарада турардик. Ўшанда дадам Ойбекнинг «Навоий» романи учун материаллар олиб келардилар. Бозорга бориб, қўлёзмалар олиб келардилар. Анча фойдаланганлар. Сургундан «Болалар ўқишсин» деб ойимга хат ёзардилар. Ойим еттита қиз туққанлар. Бувим ўғлимнинг ўғли йўқ, деб ўкинсалар, дадам «шулар ўқиса, ўғилнинг ўрнини босади» деганлар».
Ўша кунлардан бирида душманлар атай Зарифа опани ҳам ишдан ҳайдатишга муваффақ бўладилар. Энди Ойбек ҳам, Зарифа опа ҳам ишсиз эдилар. Уч бола, Зарифанинг онаси, сингиллари, Ойбекнинг ота-онаси ҳаммаси уларнинг қарамоғида эди. Шунда Зарифа Марказқўмга ариза берди, прокуратурага шикоят қилди ва бу ишлар ноҳақ ишлар эканини билдирди.
Наим Каримов: «У Ёзувчилар союзидан ўчирилган. Қамоқ олдида турган Ойбекнинг ягона таъминлайдиган одам Зарифа опанинг маоши бўлган.
Бир куни Ойбекнинг қорни очади ва Зарифа опадан емак сўрайди. Зарифа опа озгина кепакни ёғда қовуриб берадилар. Егиси келмайдими ёки болаларига асрайдими, қўйиб қўяди. Шундай пайтда қандай қилиб «Қутлуғ қон»ни яратишга куч топди деган савол туғилади, шубҳасиз. Ойбек «Ҳали бир куни Сталин зулми тугайди, шунда мен халқимнинг олдига бўш қўл билан бораманми?» деган эканлар.
Зарифа Саидносирова: «1939 йилнинг 3 апрелида тўртинчи фарзандимиз Суюнбек туғилди. Халқ орасида уй қуриш ишлари бошланди. Ишчилар шаҳарчасидан ер олдик. Мен уй тархини чиздим, Ойбек икковимиз маслаҳат ила уй қура бошладик. Қўлимизда ақча йўқ, дўкон ва омборларда қурилиш материаллари тахчил. Шунга қарамай, уй қура бошладик. Қурилишнинг прораби ҳам, инженери ҳам ўзим. Ғиштларнинг ҳисоби ҳам менда, уста билан ҳисоб-китоб ҳам менда.
1940 йилнинг 30 декабрида Ишчилар шаҳарчасидаги янги уйга кўчиб келдик».
1940 йилда Ойбек «Қутлуғ қон» романини эълон қилди.
1941 йил сўнгги йиллрда оғир иқтисодий аҳволда юрган оилага пул тушгач, китобга қалам ҳақи олган кунлари Аброр Ҳидоятов театри яқинида жойлашган чойхонадан бир бочка пиво сотиб олиб, ҳаммани эрталабгача меҳмон қилган эканлар.
Шундан кейин ёзувчининг ижодига озгина йўл очилади. Уни Ўқув Педагогика институтига ишга олишади. Сал ҳаётлари изга тушади. Анчадан буён Навоий ҳақида асар ёзмоқчи бўлган эканлар. Лекин тўсатдан уруш бошланиб қолиб, иш тўхтаб қолган.
Зарифа Саидносирова : «1941 йил ёзи… 22 июл якшанба. Эрталаб нонуштада болаларни олиб бирор курортга борсакми, деб ҳисоб қилдик. Ойбек сартарошхонага чиқиб кетди. Мен ойимникига чиқдим. Бўсағада мени ойим ранг – қути ўчган, титраб-қақшаб кутиб олди: «Уруш! Уруш бошланибди! Қандай офат!» деди у. Ойбек ҳам бу хабарни эшитиб югурган экан».
Ўша кунлари оила бир пайтлар олган катта гиламни сотиб, қўй олдик, бир атлас кўрпани, яқинда сотиб олинган тилла узукни сотдик. Гавҳар тошли исирға ўн олти шиша зиғир мойига алмаштирилди.
Инсон ҳар қандай қийинчиликларни кўтарар экан. Ойлар, йиллар ўтса ҳам, ҳаёт яхшиланиш ўрнига тобора оғирлашиб борарди. Очликдан ўзимиз ҳам, болаларимиз ҳам ўлмаслиги учун нималарни қилмадик. Ойбек ана шундай мушкул бир шароитда «Навоий» романини ёзиб тугатди.
1942 йилнинг декабрида Ойбек бир тўда артистлар билан бирга фронтга жўнади. Биз вокзалда хайрлашиб қолдик. Улар Москва остоналарида жанг қилаётган ўзбек аскарлари билан учрашувлар ўтказишлари ва уларга совға-салом олиб боришлари керак.
«Зарифа!
Мен ҳали ҳам Москвадаман. Соғ-саломатман. Иссиқ кийинганман. Иссиқ қўлқопчалар сотиб олганман. Эҳтимол эртага бизни Ғарбга жўнатсалар керак, шунинг учун мени ҳали кутиб ўтирманг.
Менинг севикли болаларим яхшими? Касал бўлиб қолишмаяптими? Бекжон ўқишга боряптими?
Омон, Бекжон, Суюн, Гулранг яхшими?. Барчангизни қучиб, ўпиб қоламан. Ойбек».
Зарифа Саидносирова: «1944 йил Ҳамид Олимжон бевақт вафот этгач, Ойбекка бир неча даъфа уюшма раислиги вазифаси юклатилди. Шундай қилиб, Ойбек энди академиянинг гуманитар бўлимига раҳбар, Ёзувчилар уюшмасига раис, «Шарқ юлдузи» журналига муҳаррир эди.
Ўша даврда бирдан менинг тобим қочиб қолди. Юрагим заифлик сезиб, ётиб қолдим. Докторлар туришга ижозат бермадилар. Каравотим олдида кресло турарди: Ойбек ишдан қайтгач, шу креслода, ёнимда ўтирарди. Бир куни у хаёлчан ўтиргач, қўлимни қўлига олди.
Зарифа, — деб гап бошлади у. —Бобурнинг ўғли Ҳумоюн қаттиқ хасталанганда, Бобур ўғли атрофидан уч марта айланган ва Тангрига ялинган, «Ўғлимнинг хасталигини менга бер! Унга саломатлик ато қил!» деган. Мен ҳам шу топда хасталигингни ўзим олиб, сенинг соғ бўлишингни ихлос ила тиладим. Кўнглимдаги ёлғиз муддаоим шу!
— Йўқ, йўқ, зинҳор бу тилакдан воз кечинг! Ўтинаман, ранжитмангиз мени, — ўпкам тўлиб кетган эди. Шунинг учун ҳам бир нафас ўзимни босиб, давом этдим. — Соғман, сизга берадиган хасталигим йўқ!
Ойбекнинг меҳр тўла кўзларида табассум учқунлар эди. Кўнгилларимизда тотли туйғулар… шунинг учун ҳам ортиқ сўзлашга эҳтиёж йўқ эди…

«Чумолиларга ем бўлган фил»

Ойбек ва Зарифа Саидносированинг 50-60-йиллардаги ҳаёти ва ижоди ҳам қарама-қарши воқеалар билан бой. Тўғри, бу йилларда Ойбек мамлакатнинг энг катта мукофотларига сазовор бўлди. У шу йилларда минбарларнинг тўрида ўтирди. Лекин худди шу йилларда у оғир хасталикка дучор бўлди. У гапиролмай қолганди.
Озод Шарафиддинов: «1946 йили «Навоий» романи мамлакатдаги энг юксак адабий мукофот билан тақдирланди. Ўша давр таомилига кўра, бундай асарлар мутлақо танқид қилинмасди, чунки ҳар қандай танқид «халқлар доҳийси»га тегиб кетиши мумкин эди. «Навоий» романи ҳам аввалига 3-4 йил ҳамма жойда мақтаб, кўкларга кўтарилди. Совет мафкураси мунофиқ мафкура эди. Ойбекнинг обрўйини кўролмасдан унга қарши фитна уюштиришди. Русларда «Вўсосал из палтса» деган мақол бор. Кейин эса бирданига булутсиз осмонда чақмоқ чақнагандек республика газетасида Ботир Файзиевнинг «Навоий» романи ўтмишни идеаллаштирувчи асар деган мақоласи чиқди.
Бинойи деган ўртамиёна шоир доим Навоийга ҳасад қилган. Бу муносабатларни бир миллатни иккинчи миллатга қарши қўйиш деб талқин қилишган. Ойбек ўтмишни идеаллаштираётибди, деган баҳоналар қўйишган Шундан кейин 1952 йилда партиянинг Х пленуми бўлиб ўтди. ЎзКП МКнинг Х пленумида МК биринчи секретари Ниёзов деган одам доклад қилган ва ёзувчиларнинг пўстагини қоққан. Тақриз ҳам аслида уюштирилган эди. Уюштирган одамларнинг ўзлари панада қолишган.
Ойбек бунга чидолмайди. Инсулт бўлади».
Ўша куни 1951 йил 16 апрел эди. Ойбек ва Зарифа опа Москвадан «Олтин водийдан шабадалар» романини таржима қилиш учун Москвадан келган Сергей Бородин билан бирга суҳбатлашгач, кечки овқатга тушадилар. Дастурхон атрофида йиғилган бир гуруҳ шогирдлар даврасида Ойбекнинг тўсатдан тилдан қолгани маълум бўлади. Дарров поликлиникага борадилар. Шифокорлар уни зудлик билан касалхонага ётқизиш кераклигини айтадилар. Бу Ойбекнинг биринчи марта хаста бўлиши, биринчи марта шифохонага бориши эди.
Рамз Бобожон хотираларидан: «Ойбекни дарров касалхонага ётқазишди. Қайсидир ёзувчи унга бир қоғозга ўралган олча олиб борибди. Ўшани еб, газетани очиб қолибдилар-да тўсатдан. Қарасалар, ўша Ботир Файзиевнинг мақоласи ўралган газета экан. Бу ишни айтинг, ким қилади: дўст одамми ёки душманми?»
Ойбек ўша йиллар қуйидаги сатрларни ёзган эди:

Хастамен… Фикрга, туйғуга тўлиб –
Ой менга ҳамқадам — сокин юрамен.
Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб,
Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен.
Кечалар юрурмен телбадай ҳориб,
Бошимда ой борур менга ҳамқадам.
Хаёллар учади машъалдай ёниб,
Тўйиб ёзажакмен бир кун соғайсам…

ХХ аср ўзбек миллатининг энг яхши вакиллари ташкил топган бу оила тақдири лавҳаларини кўз ўнгингдан ўтказганингда, баъзи саволларга дуч келасан, албатта:
Буларнинг биринчиси: эл юрти учун курашларнинг олдинги сафларида юрган кишиларнинг коммунистик қатағон тўрига илинганларида нега уларни дўстлари, ҳамюртлари ҳимоя қилмадилар?
Иккинчиси: мафкуранинг ўйинлари қолиб, шогирдлари, дўстларининг ўзлари Ойбекнинг кўнгил кишиси, нозик туйғулар соҳиби эканини била туриб, унинг асарларидан “хато“ топишга, унга ўз қўллари билан тош отишдан тийилмадилар?
”Ойбек” номли хужжатли филмда бир лавҳа бор. Ойбек ижодхонасига зиналардан кўтарилиб бориб, китоб жавонидан қадимий бир китобни олиб, мутолаага тутинади.Оддий томошабин ҳам унинг қўллари, бармоқларида куч йўқлиги, сўзлашиш имкониятидан махрумлигини сезиши қийин эмас. Лекин муҳими,бу эмас. Муҳими — Ойбекнинг кўзлари. Бу кўзларда ҳаёт тўфонлари, бўронларига дош бериб, енгилмаган одамнинг нигоҳи акс этган.
Бу кўзларда енгилмаган руҳнинг ҳарорати бор эди.

…1968 йилнинг 1 июлида Ойбек вафот этди. Бу йўқотиш нафақат Зарифа опа, унинг фарзандлари, балки бутун ўзбек халқи, ўзбек адабиётининг йўқотиши эди.
Ҳамиша болаларига «Ойбекдек ажойиб отангиз бор… Демак, бизнинг заррадек ғамимиз йўқ. Биз бахтлимиз!» деб юрадиган Зарифа Саидносирова ўша дамларда фарзандларига шундай деди:
«Назаримда азиз бошига тушган минг хил азоблардан, тинимсиз ишдан ва ижоддан чарчаган Ойбек ўлим тўшагида эмас, балки юмшоқ диванда ҳордиқ олиб ётарди.
— Болаларим, тегманг адангизга! У ҳордиқ олиб ётибди! У ўлмаган ва асло ўлмайди…

022

(Tashriflar: umumiy 605, bugungi 1)

Izoh qoldiring