Oybek. Muhabbat she’rlari.

0877
Зарифа опа бир кам қирқ йил давомида улуғ ёзувчининг рафиқаси сифатида унинг хонадонида севги ва бахт чироғини ёқиб келди, не-не асарларининг ёзилишига илҳом берди, Ойбек душманлар хуружи туфайли тилдан маҳрум бўлиб, қўли ёзолмай қолганида, унинг бийрон тили ва чаққон қўли бўлди.
Ойбек ҳам умрининг охиригача ўзининг энг тиниқ муҳаббат туйғулари акс этган шеърларини фақат маҳбубасига бағишлади.

091

ОЙБЕК
МУҲАББАТ ШЕЪРЛАРИ

Кутганда

Йўлингда кутдим,
Ҳасратлар ютдим.
Ҳажринг-ла кўпдан
Ўзни унутдим.
Сен ҳеч келмадинг,
Дардим сезмадинг.
Чаманлар ичра
Бирга кезмадинг.
Аввал ўқ отдинг,
Кўнглим қонатдинг.
Сўнгра, юлдузим,
Қайларга ботдинг?
Малагим, бир боқ!
Борлиғимни ёқ.
Оҳ… ёшлик чоғим,
Бир кузги япроқ…

* * *

Бир ютум май каби
Сева симирдим
Гилосдай лабингни,
Дўндиқ, севгилим!
Бир ютум май каби
Сева симирдим,
У дамда абадий
Туюлди умрим.
Ой нурин ёпинган
Чиройли баҳор…
Қани у соғинган
Гилос дудоқлар?…

* * *

Майсада ётаркан, ўйладим сени,
Ёш эдик, шўх здик у чоқларда биз.
Қуёшдек яшарди ичда севгимиз,
Шодликнинг, кулгининг бормиди чеки?
Кўзлар хаёлчанди, бўсалар думбул,
Ҳисларга мажҳулди ҳижроннинг туни.
Дилларни тўлдирган бахт эди нуқул,
Майсада ётгандик бир баҳор куни…

* * *

Ёр кўзларининг ишқини, хуморини ёд эт!
Кўк гулшани дурлар каби порлайди бу оқшом,
Ҳар тоғда-ю, қирда ётади нозли хуш ором,
Дунёдаги кўзлар аро шаҳлосини ёд эт!
Кўксимни эзар ҳажрида қалбимдаги туйғу,
Тепамда қуяр куйини булбул яна шўх, шаън.
Гуллар қадаҳин кечки Шамол аста тўкаркан,
Ёдимга тушар сен каби дилбар, гўзал орзу.
Ёлғиз кезаман шарқираган сув ёқасидан,
Ёдингни қучиб ўлтираман тош каби сокин.
Олам қочади, сен кирасан, қалбга шу чоғ тинч,
Ширингина рўё каби оқшом қорасинда…
Ёр кўзларининг ишқини, хумморини ёд эт!
Овозини, шўх созини ҳам нозини ёд эт!

* * *
Ёр кетди, кўзим булоғи қолди.
Сийнамда тирик фироғи қолди.
Ишқ хотираси каби сочимнинг
Ёшликда кўпайган оқи қолди…
Ҳар лаҳза дилу хаёл паришон.
Бир хўрсинишимда дардлар уммон.
Юлдуз каби тунда ярқирар жон.
Тундек сочи иштиёқи қолди…

* * *

Сендадир кўзларим, сендадир кўнгил,
Узоқларга ҳасрат билан боқаман.
На қуёш, на баҳар, на гулшанда гул
Юракни юпатмас — мен соғинаман.
Сени соғинаман, руҳда йўқ қарор,
Ошиб кел тоғ, довон!
Бу қадар ҳижрон!..
Дардим бор, гулим бор, қўшиқларим бор..
Сен йўқсан! Наҳотки бу мангу армон?!

* * *

Сочларининг чангига боқма,
Кўйлагининг рангига боқма,
Қизча минган яғир эшакнинг
Қулоқ йиртар «ҳанги»га боқма.
Кўзларининг соф нурига боқ,
Севгининг маст дарёсида оқ!

* * *

Ҳижроннинг алами қалбимни ёқди,
Юраман девона, юраман қушсиз.
Ёшлигим мисоли юлдуздай оқди,
Гўзалим, бир лаҳза келгил, иккимиз —
Кезайлик далада, хаёллар жўшқин…
Дарахтлар остида иккимиз ёлғиз,
Ишкомлар ичида, кўнгилда тўлқин,
Юрсак май, ишқдан маст иккимиз, эй қиз!
Севгилим, шийпонда иккимиэ танҳо,
Қуёшда учади мезонлар майин,
Тоғларда булутлар хўмрайган гўё,
Иккимиз суҳбатда гох. шод, гоҳ ҳазин,
Гўзалим, оппоғим, жононим, бир кел.
Мен фақир кутаман, о, бир келиб-кет.
Ўргилай, бир зумда келсанг мисли ел,
Кутаман йўлингда, мени хурсанд эт!

* * *

Қалбдан севги тошди, фироқ, ғам-алам„,
Юраман, дайдийман, парча чўғ қалбда.
Муҳаббат дардида мажнун мендан кам,
Гўзалим келмади, ёнаман дардда.
Гўзалим бир келди, кетди нур каби,
Кўнглим ва кўзларим қолди изида.
Қўлида «Фузулий» — севган китоби,
Оқ шойи кўйлакда, тўлқин кўксида.
Кўзлари маънодор, ҳислари ёниқ,
Кулгиси самимий, ўйлари чуқур.
Сўзи, қилиқлари ёқимли, аниқ,
Ялиндим; ҳужрамда озгина ўтир.
«Ташаккур, мен кетдим»,— қолди тзбассум…
Ёримнинг кетидан шамолдай чопдим.
Қайгадир йўқ бўлди, йиғладим юм-юм…
Эй, гўзал, йўлингда, ишқингда ёндим…

* * *

Ёримнинг қора кўзи — офтоби бордир,
Ишқ дарди бошимга битган балодир,
Шоирлар маҳбуб, май деса кулардим,
Меним ҳам дил энди банд мубталодир.

* * *

Кечқурун ёр келди, боғ яшнар гўзал,
Супада ёзди у латиф бир ғазал.
Мен дедим шоира, тасвири нақ май!
Бошланди улфатлик, қалқди ой — машъал!..

* * *

Оқшом келди илҳом, қўлда гул жонон,
Кўзларда нур, сочда гавҳар, ҳаяжон…
Мен ёлғиздим тунда, сокин ҳужрада,
Куюлди шеър, май — келди бир жаҳон…

* * *

Ёшлик бир ғунчадир, йўлдоши севги,
Юракда ёлқини сақланса мангу,
Вафо дерлар буни, азизроқ не бор?
Карилик ҳам ойдин, ишқимиз мангу…

(Tashriflar: umumiy 6 789, bugungi 1)

5 izoh

  1. Oybek nazmda va nasrda qalam tebratgan benazir ijodkor.zarifa opani bir umr ardoqlagan haqiqiy vafodor do’st

  2. Ойбекнинг шеърий сатрларини мухлисларга улашиш мақсадида сайтга ташриф буюрдим. Ойбекнинг маҳоратли ёзувчи эканлиги шеърий сатрларида ҳам билиниб туради. Чунки унинг шеъриятида ҳам тасвир, манзара, реал борлиқ устунлик қиладигандек гўё…

Izoh qoldiring