Ahmad A’zam. Gul ko’tarib ketayotgan erkak & Odil Ikrom va Bahrom Ro’zimuhammad yozuvchi haqida

0_15e336_99cf72ae_orig.png 4 январ — Таниқли ёзувчи Аҳмад Аъзам хотираси куни

   Аҳмад ака барча ҳодисага ҳалоллик билан ёндашарди… Аҳмад ака ҳаромдан, нафақат, ҳазар қиларди, балки, ҳалол нима, ҳаром нималигини чуқур англаган, нозиктаъб, парҳезкор инсонлардан эди.

Одил ИКРОМ
“ОППОҚ ҚОРДАН
КАФАН КИЙГАН ТОНГ…”

077

Бугунги тонг одатдаги тонглардай хайрли эмасди. Бугунги тонг “оппоқ қордан кафан кийган”, оппоқ сочлар каби оқарган тонг эди… Ўлим яна бир қадрдонимиз, Аҳмад Аъзамни оиласи, дўстлари бағридан юлиб, Чин Дўстга топширди…

Аҳмад ака барча ҳодисага ҳалоллик билан ёндашарди…

Одам Атодан то бугунга қадар кечган фурсатда одамзод, нари борса, эндигина балодан, ҳаромдан, шунчаки, ҳазар қилиш босқичига етгандир… Аҳмад ака ҳаромдан, нафақат, ҳазар қиларди, балки, ҳалол нима, ҳаром нималигини чуқур англаган, нозиктаъб, парҳезкор инсонлардан эди.

ahmad-azam.jpgАҳмад ака бағрикенг эди…

Манфаат учун бировни мақтамасди, ғараз билан бировни ёмонламасди, тарафкашлик, гуруҳбозликларни хуш кўрмасди. Одамзод бир-биридан айбу нуқсон ахтариш учун эмас, бир-бирига, фақат, яхшилик қилиш, юрак-юракдан гапириш, эзгу амаллар учун дунёга келган, деб ўйларди. Яқинда унинг саҳифасидаги бир изоҳга кўзим тушиб қолди: Кимдир Аҳмад ака эълон қилган бир “статус” остига турк тилида ўзи фикрларини ёзган экан. Ора-орада Аҳмад аканинг: “Нима ёзганингизни англамадим, узр” деб жавоб қайтаришига қарамай, ўша инсон узундан-узоқ фикрини ёзишда давом этаверган. Менинг диққатимни тортган нарса Аҳмад аканинг сўнгги жавоби эди: “Нима деб ёзганингизни, фикрингизни, гарчанд, англамаган бўлсам-да, барибир, Сизга раҳмат! Менимча, яхши гапларни ёзган бўлсангиз керак…” Фақат, тоза одамларгина шу тахлит беғубор фикрласа керак, деб ўйлайман.

Эсимда: Радиода Усмон Азим, Олим Отахон, Орзиқул Эргаш, Эркин Усмон, Дилшод Шамс, Зафар Комил… ва бошқалар билан бирга ишлардим. Бизнинг бу мўъжаз муҳитимизга Иброҳим Ҳаққул, Хуршид Даврон, Шерали Жўраев, Назар Эшонқул, Эминжон Усмон каби устозлар ва дўстлар қаторида Аҳмад ака ҳам тез-тез келиб туришарди. Тишимиз ўтмаган кўп масалаларда улардан маслаҳат сўрардик. Бир пиёла чой устида кечган ўша солиҳона суҳбатлар, ҳалол баҳсу мунозараларни ҳали-ҳамон соғинаман.

Аҳмад ака эътиборли инсон эди…

Ҳар қандай маърифий ҳодисага, ном-нишонсиз шоирнинг пиёзнинг пўстидан юпқароқ ёхуд таниқли ёзувчининг ёстиқдан қалинроқ китобими, ўз муносабатини бемалол билдирарди. Унинг эътирофи ҳам, эътирози ҳам ҳузурбахш эди. У ўз авлоди ва ундан катта авлодга мансуб ижодкорлар, жумладан, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Усмон Азим ҳамда улардан кейинги авлод намояндаларининг ижодидаги рост сўз рангини, таъмини, салмоғини англаган, туйган, тарғиб қилган талабчан, жонкуяр мунаққид сифатида ҳам ўз овози, ўз ўрнига эга эди.

Аҳмад аканинг қадрига етдикми, етолмадикми, бир нарса дейиш қийин. Назаримда, Ажал бизни ғафлатда қолдириб, кўзимизни шамғалат қилиб, сийрати асил бу Инсонни хазинадай қадрлаган ҳолда ер тагига яшириб қўйгандек… Ҳеч қанча фурсат ўтмай, нимадир етишмаётганини, кимни йўқотганимизни англаб етишимизга, ажал нигоҳимиздан пана қилган ўша хазинани, ер остидан бўлса ҳам, ахтаришимизга ишончим комил…

Дорилбақога риҳлат қилган Аҳмад акани Оллоҳ ўз раҳматига олган ва охиратини обод айлаган бўлсин. Омин!

5. 01. 2014

Аҳмад АЪЗАМ
ГУЛ КЎТАРИБ КЕТАЁТГАН ЭРКАК
077

Аҳмад Аъзам – ёзувчи, мунаққид, ссенарист, тележурналист. 1949 йили Самарқанд вилояти, Жомбой туманидаги Ғазира қишлоғида туғилган.1971 йили Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факультетини битирган. Шу йили Алишер Навоий номидаги музейда иш бошлаган. Кейин «Гулистон» журнали, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, «Совет Ўзбекистони санъати» журнали редакцияларида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган, сиёсий фаолият билан шуғулланган, «Бирлик» халқ ҳаракати ҳамраиси, «Эрк» демократик партияси бош котиби бўлган. Олий Мажлис депутатлигига сайланган (1999 2004 йиллар).1995 йилдан Ўзбекистон телевидениесида бош муҳаррир, «Ўзбекистон» телеканали бош директори,. «Ўзбектелефилм» студияси бош директори лавозимларида ишлаган. Ўзбекистон телевидениесида юзлаб кўрсатувлар ва ҳужжатли филмлар қилган, улардан энг машҳурлари: «Ўзлик», «Халқнинг кўнгли», Тўртинчи ҳокимият” .«Ойнинг гардиши», «Бу куннинг давоми», «Асқартоғ томонларда», «Соясини йўқотган одам», «Ҳали ҳаёт бор» деган насрий асарлар, «Масъул сўз» деган адабий-танқидий мақолалар тўпламлари, «Ўзи уйланмаган совчи», «Рўё ёхуд Ғулистонга сафар» романлари чоп этилган. Аҳмад Аъзам 2014 йил 4 январь куни Тошкент шаҳрида вафот этди.

077

18118296.pngГулдаста кўтарган эркак шаҳарнинг гавжум кўчасидан ўтиб боряпти.

Каттакон ва кўркам, гул бозоридаги энг чиройли, шу чиройига яраша энг қиммат гулдаста. Балки қиммат сотиш учун махсус парваришланган гуллардан терилгандир.

Агар гулдаста кичикроқ, кўрксизроқ, арзонроқ бўлганда, кўзга унча ташланмас, биз ҳам у ҳақда ёзмас эдик, чунки айни гул фаслида гул кўтариб юриш жуда ҳам диққатни тортадиган, алоҳида тавсифга арзийдиган ҳодиса эмас; гул кўпайгандан кейин гул кўтарган ҳам кўпаяди, бунга кўз ҳам ўрганади, гул фасли.

Лекин бу каттакон ва кўркам гулдаста биринчи қарашдаёқ уни сотиб олган одамнинг сахийлигини кўрсатар эди. Гулдастага қараган одам беихтиёр уни сотиб олган одамга ҳам қараб, «Қара, дунёда шунақа гулдасталарни қиммат демай сотиб оладиган сахийлар ҳам борда, а, менда шунақа имконият йўқда, а,» деган хаёлга борар эди.

Гулдаста яна нимаси биландир ўзини сотиб олган одамга диққатни тортарди, негадир гулдаста эркакка эмас, балки эркак гулдастага ярашмаётгандек кўринар эди. Ҳа, шунақа, тикилиб, разм солиб қарасангиз, гулдаста эркакни ёшидан улуғроқ кўрсатарди, бошқа пайтлари, масалан, каттакон китоб кўтариб кетаётган бўлсангиз, бу китоб сизнинг ёшингизни улуғ кўрсатса, нур устига аъло нур, лекин ҳозир шундоқ гавжум серҳаракат кўчада эркак куппа-кундуз куни гулдаста кўтариб эмас, балки чиройли, чиройи энди очилган би, бокира сулув қизнинг белидан тутамлаб кетаётганга ўхшар эди. «Эй, оғайни, катта кўчада, ошим ҳалол деб, бу нима юриш!?», дегинг келадию, гулдастага қараб… Гулдаста ҳам анойи эмас, ҳашаматли, қандайдир барқ урган, яшнаб турган чиройли, ўзини кўтариб кетаётган эркакни камситиб борарди: гўё шунақа гулдаста кўтариб юриш учун одамнинг нимасидир ҳамманикидан ортиқча, нимасидир ҳамманикидан кам бўлиши керакдек…

Хуллас, гулдастани уни кўтариб кетаётган одамга қиёсласангиз, хаёлингизга минг хил бир-бирига қарама-қарши фикрлар, ўхшатишлар келаверади. Агар гул кўтариб кетаётган одамнинг ўрнида ўзингизни тасаввур қилсангиз, йўқ, мен катта шаҳарнинг кўчасида бунақа гулдастани ҳеч қачон кўтариб юрмайман, деган қатъий фикрга борасиз.

Ўзи эркак бу гулдастани нега сотиб олган? Кимга олган бўлса?

Дейлик, бугун дўстининг туғилган куни. Гулдастани шунга олган. Аммо дўстга бунақа каттакон ва кўркам гулдаста олиш шарт эмас, дўстга кичикроғи, умуман номига олинса ҳам бас, деб ўйлай бошлаймиз. Дўстнинг туғилган кунига гулдастасиз, гулсиз ва ҳатто қуруқ ҳам бориш мумкин, бундай кунда дўстнинг кўнглини кўтарадиган яхши-яхши гаплардан гапириб ўтиришнинг ўзи катта совға. Дўст одам туғилган кунида меҳмонларнинг қўлига қарамайди, балки, ишқилиб, дўстларимнинг ҳаммаси, жилла қурса, энг яқинлари, ҳеч бўлмаса, бирортаси келса, ёлғиз қолмасам эди, деб йўлга қарайди.

Йўқ, эркак гулдастани дўстига атаб олмаган, дўстига атаганда гулдастани бунақа авайламас эди, дўстга олинган гулдастани киши одатий, кундалик бир заруратдек, бир оддий буюмдек, масалан, шамсиядек бамайлихотир кўтариб юради.

Дейлик, гулдастани эркак онасига атаб олган. Дейлик, бугун онасининг ҳаётида қувончли бир кун. Аммо эркак бундай қиммат гулдаста билан онасини қувонтирармикан? Билмадикда. Оналар, шу жумладан мазкур эркакнинг онаси ҳам бозорни, нарх-навони, фарзандларининг чўнтагини яхши билади, туғилган куни тугул, ундан каттароқ ҳодиса бўлса ҳам, масалан, боя китобни гапирганимиз учун айтяпман — ўғли академикликка сайланса ҳам, бунақа қиммат совғадан — исрофдан кўнгиллари оғрийди. Эркак шу гулдастани «Она, мана, шу гулдастани фалон муносабат билан сизга олиб келдим», деб тақдим қилса, она: «Бунинг ўрнига ўзингга бир нарса олсанг бўлмайдими, шунча ёшга кирдинг, қачон болалигинг қолади», деб койиши турган гап. Агар эркак бирон-бир сабаб билан онасини йўқламоқчи бўлса, албатта биз совғага муҳтожлиги йўқ, топгани ўзига ҳам, болаларига ҳам етиб, яна ортиб қоладиган оналарни назарда тутмаяпмиз, совғадан кўнгли кўтариладиган волидасига бир жуфт калиш ё маҳсими, иккаласини ҳамми, одмигина кийимликми, арзонбаҳо рўмолми олар, онаси буни кўриб чин дилдан кўзига ёш олар, ўғлини қийнаб қўймаганидан қувонар эди.

Аслини олганда-ку, оналарга энг яхши совға — уларни ҳеч бир сабабсиз, ҳеч қандай мақсадсиз, касал бўлиши ё қувончли кунини кутиб ўтирмай, ё уларнинг ташвиши ё ўзингизнинг ташвишингизни ўйламай, шунчаки, тўппа-тўғри йўқлаб бориш. Сиз уйни укангизга қолдириб, янги ҳовли солиб чиқиб кетган бўлсангиз, агар манови гул кўтариб кетаётган эркакнинг ёшида бўлсангиз, унда хотинингиз, уч-тўрт болангиз билан турасиз, укангизнинг эшигини ланг очиб: “Она! («Ойи!», «Бийи!», «Ая!», «Эна!», «Опа!», «Буви!», «Анна!, «Ача!» — фарқи йўқ!) Ҳў, уйдамисиз? Сизни бир кўргим келдида! Йўқ, хавотир олманг, тинчлик, айтяпманку, бир кўргим келди!”, десангиз, бас, онангизга бундан катта мартаба йўқ. Агар бунга қўшимча қилиб яна: «Невараларингиз, келинингиз ҳам сизни жуда соғинибдида, бир кў…иб келмайсизми деб бошни қотирворишди!”, десангиз, онангиз қувонганидан…

Йўқ, эркак гулдастани онасига олмаган, бу аниқ.

Дейлик, эркак гулдастани отасига атаган. Лекин… оталарга болалар ҳеч вақт гул совға қилармикан? Сиз отангизга гул берганмисиз? Билмадигу, лекин отага гул бериш эриш туюладиганга ўхшайди. Чунки, ҳар қалай, ҳалиги, ишқилиб, гул онангиз билан отангиз ўртасидаги, айтганимиздек, сизнинг дунёга келишингизга тааллуқли муносабатларга дахли бор. Яна ҳам ким билади, отасига ҳазиллашадиганлар ҳам топилса керак. Билмадик, билолмадик, бизнинг оталаримиз райҳон ҳидлаганига думоғи чоғ бўлиб юрадиган одамлар эди, гулни боғи билан ўриб келарди. Ҳар қалай, ота дегани гулдан жуда баланд турадими, ишқилиб, биз бирорта ёши улуғ эркакнинг отасига атоқлаб гул тақдим қилганини билмаймиз. Аёлларнинг йўли бошқа, кейин… охирги пайтлари янги одатлар ҳам келиб чиқяпти, яна ҳам билмадик.

Эркак гулдастани хотинига олганмикан? Йўқ, ундай эмас — хотинига атаб гул кўтариб кетаётган эркак яшнаб, ёшариб кетади. Агар у гулдастани хотинига деб олганда одамлар унга ажабсиниб эмас, ҳавас билан қарар эди. Бундай каттакон ва кўркам гулдастани хотинига совға қиладиган киши ҳали ҳаваси ўлмаган, бахтиёр бўлур эди ва кейин, гулдастани ўзи олмас, бўй етаёзган ўғли ё қизига олдиртирар, ўғли ё қизининг қўлига бир даста пул бериб: «Ма, бозордаги энг чиройли, энг катта гулдастани ол, ҳаммамизнинг номимиздан онангга совға қиламиз. Бунақа ишларни ўрганиб қўйгин», деб валломатлик қилган бўлур эди.

Бу эркакнинг гулдастасидан кўриниб турибдики, ҳали у бунақа бахтиёр эмас, шу хариди билан бахтини топмоқчи. Шу гулдаста унинг бахтини ё бу ёқли, ё у ёқли қиладигандек… Йўқ, биз билағонлик қилаётганимиз йўқ, эркакнинг гулдастани тутиши шунақа. Кейин, эркак гулдастани кимга олиб кетаётганини билдирмоқчи эмас, лекин гулдаста уни фош қилиб гуллаб кетяпти.

Ким бўлса у? Эркакнинг севганими? Билолмадикда, бу ерда ҳали кўп гап борга ўхшайди. Ҳар қалай, эркак аллақачон ўн саккиз ёшда эмас, севганининг ҳам бу ёшдан ўтиб кетгани аниқ. Чунки гулдаста жуда катта, қиммат, ҳамманинг диққатини тортади. Эркакку уни севар, аммо унинг эркакни севиш-севмаслиги номаълум. Акс ҳолда, эркак гулдастани мағрур кўтариб кетаётган бўларди. Ҳозир гулдастанинг ўзи мағрур, қийғоч, ёниқ, эркак эса гулдастани ўзи эмас, бошқа эркак кўтариб кетаётгандек хижолатда ҳам эди.

Балки гулдаста эркакнинг маҳбубасини қувонтирар. Балки ўша маҳбуба, агар у чиндан ҳам бор бўлса, эркакнинг атоқлаб гулдаста олиб келишини олдиндан билиб, интизор кутаётгандир, ёки… ҳафсаласи пир ўтиргандир. Ҳар қалай, муҳаббат учун гулдан бошқа нарсалар ҳам керак-ку.

Эркак шундоқ катта, кўркам, қиммат гулдаста олганидан ўзини ноқулай ҳис қилар, кўчадаги одамлардан уялар, гулдастани яширишга илож тополмай, иситмаси чиқиб борар эди, аммо гулдаста нимаси биландир унга шафқатсиз эди. Балки кўзимизга шундай кўринар, эҳтимол, унинг хаёли қўлидаги гулдастада эмас, бошқа нарсалардадир.

Хуллас, шаҳарнинг катта кўчаси, тумонатнинг ичида бир эркак каттакон ва чиройли гулдаста кўтариб кетяпти экан.

Унга қараган одам, ҳей оғайни, кўтар бошингни, ҳеч биримизда сеникидақа каттакон ва кўркам гулдаста йўқ, яшавор деб хитоб қилгиси келадию, лекин хитоб қилишидан олдин, аввал билайчи, нега бу эркак шаҳарнинг энг гавжум жойида шундоқ каттакон ва кўркам гулдаста кўтариб юрибди, бошига қанақа яхши кун тушган экан ё эси сал анақароқмикан, бўлмаса, нега бунча гулдастасини кўз-кўз қилади, деган хаёлларга боради.

Гулдаста кўтариб кетаётган эркакка қараган одам ўзининг шундай гулдаста кўтариб кетмаётганини ўйлаб қолади, ўзида шундай каттакон ва кўркам гулдаста йўқлиги учун ҳар хил тахминларга боради, эркакни жиндай яниб ҳам қўяди.

Рост-да, нега кўчада намойишга гулдаста кўтариб юради, бошқалар гулдаста олиб, кўчада юролмайдими? Нима, шаҳар шу гулдаста кўтарган эркакнинг маҳрига тушганми? Куппа-кундуз куни, одамларнинг хаёлига ҳар хил нарсалар келишини ўйламай, шундай каттакон ва кўркам, чиройли ва яшноқ гулдаста кўтариб кетаётган эркакни кўрганда одамнинг хаёлига ҳамма нарса келар экан.

Қаранг, бир эркак тумонатнинг ичида ўзининг каттакон ва чиройли гулдастасини кўтариб кетяпти! Одамнинг тинчи бузилмайдими?..

4 yanvar — Taniqli yozuvchi Ahmad A’zam xotirasi kuni

Ahmad aka barcha hodisaga halollik bilan yondashardi… Ahmad aka haromdan, nafaqat, hazar qilardi, balki, halol nima, harom nimaligini chuqur anglagan, nozikta’b, parhezkor insonlardan edi.

Odil IKROM
“OPPOQ QORDAN
KAFAN KIYGAN TONG…”

077

Bugungi tong odatdagi tonglarday xayrli emasdi. Bugungi tong “oppoq qordan kafan kiygan”, oppoq sochlar kabi oqargan tong edi… O‘lim yana bir qadrdonimiz, Ahmad A’zamni oilasi, do‘stlari bag‘ridan yulib, Chin Do‘stga topshirdi…

Ahmad aka barcha hodisaga halollik bilan yondashardi…

Odam Atodan to bugunga qadar kechgan fursatda odamzod, nari borsa, endigina balodan, haromdan, shunchaki, hazar qilish bosqichiga yetgandir… Ahmad aka haromdan, nafaqat, hazar qilardi, balki, halol nima, harom nimaligini chuqur anglagan, nozikta’b, parhezkor insonlardan edi.

2F45F.jpgAhmad aka bag‘rikeng edi…

Manfaat uchun birovni maqtamasdi, g‘araz bilan birovni yomonlamasdi, tarafkashlik, guruhbozliklarni xush ko‘rmasdi. Odamzod bir-biridan aybu nuqson axtarish uchun emas, bir-biriga, faqat, yaxshilik qilish, yurak-yurakdan gapirish, ezgu amallar uchun dunyoga kelgan, deb o‘ylardi. Yaqinda uning sahifasidagi bir izohga ko‘zim tushib qoldi: Kimdir Ahmad aka e’lon qilgan bir “status” ostiga turk tilida o‘zi fikrlarini yozgan ekan. Ora-orada Ahmad akaning: “Nima yozganingizni anglamadim, uzr” deb javob qaytarishiga qaramay, o‘sha inson uzundan-uzoq fikrini yozishda davom etavergan. Mening diqqatimni tortgan narsa Ahmad akaning so‘nggi javobi edi: “Nima deb yozganingizni, fikringizni, garchand, anglamagan bo‘lsam-da, baribir, Sizga rahmat! Menimcha, yaxshi gaplarni yozgan bo‘lsangiz kerak…” Faqat, toza odamlargina shu taxlit beg‘ubor fikrlasa kerak, deb o‘ylayman.

Esimda: Radioda Usmon Azim, Olim Otaxon, Orziqul Ergash, Erkin Usmon, Dilshod Shams, Zafar Komil… va boshqalar bilan birga ishlardim. Bizning bu mo‘’jaz muhitimizga Ibrohim Haqqul, Xurshid Davron, Sherali Jo‘rayev, Nazar Eshonqul, Eminjon Usmon kabi ustozlar va do‘stlar qatorida Ahmad aka ham tez-tez kelib turishardi. Tishimiz o‘tmagan ko‘p masalalarda ulardan maslahat so‘rardik. Bir piyola choy ustida kechgan o‘sha solihona suhbatlar, halol bahsu munozaralarni hali-hamon sog‘inaman.

Ahmad aka e’tiborli inson edi…

Har qanday ma’rifiy hodisaga, nom-nishonsiz shoirning piyozning po‘stidan yupqaroq yoxud taniqli yozuvchining yostiqdan qalinroq kitobimi, o‘z munosabatini bemalol bildirardi. Uning e’tirofi ham, e’tirozi ham huzurbaxsh edi. U o‘z avlodi va undan katta avlodga mansub ijodkorlar, jumladan, Rauf Parfi, Shavkat Rahmon, Xurshid Davron, Usmon Azim hamda ulardan keyingi avlod namoyandalarining ijodidagi rost so‘z rangini, ta’mini, salmog‘ini anglagan, tuygan, targ‘ib qilgan talabchan, jonkuyar munaqqid sifatida ham o‘z ovozi, o‘z o‘rniga ega edi.

Ahmad akaning qadriga yetdikmi, yetolmadikmi, bir narsa deyish qiyin. Nazarimda, Ajal bizni g‘aflatda qoldirib, ko‘zimizni shamg‘alat qilib, siyrati asil bu Insonni xazinaday qadrlagan holda yer tagiga yashirib qo‘ygandek… Hech qancha fursat o‘tmay, nimadir yetishmayotganini, kimni yo‘qotganimizni anglab yetishimizga, ajal nigohimizdan pana qilgan o‘sha xazinani, yer ostidan bo‘lsa ham, axtarishimizga ishonchim komil…

Dorilbaqoga rihlat qilgan Ahmad akani Olloh o‘z rahmatiga olgan va oxiratini obod aylagan bo‘lsin. Omin!

5. 01. 2014

image.jpgAhmad A’ZAM
GUL KO‘TARIB KЕTAYOTGAN ERKAK
077

Ahmad A’zam – yozuvchi, munaqqid, ssenarist, telejurnalist. 1949 yili Samarqand viloyati, Jomboy tumanidagi G‘azira qishlog‘ida tug‘ilgan.1971 yili Samarqand davlat universitetining o‘zbek va tojik filologiyasi fakultetini bitirgan. Shu yili Alisher Navoiy nomidagi muzeyda ish boshlagan. Keyin “Guliston” jurnali, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, “Sovet O‘zbekistoni san’ati” jurnali redaksiyalarida, O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasida ishlagan, siyosiy faoliyat bilan shug‘ullangan, “Birlik” xalq harakati hamraisi, “Erk” demokratik partiyasi bosh kotibi bo‘lgan. Oliy Majlis deputatligiga saylangan (1999-2004 yillar).1995 yildan O‘zbekiston televideniyesida bosh muharrir, “O‘zbekiston” telekanali bosh direktori,. “O‘zbektelefilm” studiyasi bosh direktori lavozimlarida ishlagan. O‘zbekiston televideniyesida yuzlab ko‘rsatuvlar va hujjatli filmlar qilgan, ulardan eng mashhurlari: “O‘zlik”, “Xalqning ko‘ngli”, To‘rtinchi hokimiyat” .“Oyning gardishi”, “Bu kunning davomi”, “Asqartog‘ tomonlarda”, “Soyasini yo‘qotgan odam”, “Hali hayot bor” degan nasriy asarlar, “Mas’ul so‘z” degan adabiy-tanqidiy maqolalar to‘plamlari, “O‘zi uylanmagan sovchi”, “Ro‘yo yoxud G‘ulistonga safar” romanlari chop etilgan. Ahmad A’zam 2014 yil 4 yanvar kuni Toshkent shahrida vafot etdi.

077

depositphotos_79497618-stock-illustration-sketch-of-a-fat-man.jpgGuldasta ko‘targan erkak shaharning gavjum ko‘chasidan o‘tib boryapti.

Kattakon va ko‘rkam, gul bozoridagi eng chiroyli, shu chiroyiga yarasha eng qimmat guldasta. Balki qimmat sotish uchun maxsus parvarishlangan gullardan terilgandir.

Agar guldasta kichikroq, ko‘rksizroq, arzonroq bo‘lganda, ko‘zga uncha tashlanmas, biz ham u haqda yozmas edik, chunki ayni gul faslida gul ko‘tarib yurish juda ham diqqatni tortadigan, alohida tavsifga arziydigan hodisa emas; gul ko‘paygandan keyin gul ko‘targan ham ko‘payadi, bunga ko‘z ham o‘rganadi, gul fasli.

Lekin bu kattakon va ko‘rkam guldasta birinchi qarashdayoq uni sotib olgan odamning saxiyligini ko‘rsatar edi. Guldastaga qaragan odam beixtiyor uni sotib olgan odamga ham qarab, «Qara, dunyoda shunaqa guldastalarni qimmat demay sotib oladigan saxiylar ham borda, a, menda shunaqa imkoniyat yo‘qda, a,» degan xayolga borar edi.

Guldasta yana nimasi bilandir o‘zini sotib olgan odamga diqqatni tortardi, negadir guldasta erkakka emas, balki erkak guldastaga yarashmayotgandek ko‘rinar edi. Ha, shunaqa, tikilib, razm solib qarasangiz, guldasta erkakni yoshidan ulug‘roq ko‘rsatardi, boshqa paytlari, masalan, kattakon kitob ko‘tarib ketayotgan bo‘lsangiz, bu kitob sizning yoshingizni ulug‘ ko‘rsatsa, nur ustiga a’lo nur, lekin hozir shundoq gavjum serharakat ko‘chada erkak kuppa-kunduz kuni guldasta ko‘tarib emas, balki chiroyli, chiroyi endi ochilgan bi, bokira suluv qizning belidan tutamlab ketayotganga o‘xshar edi. «Ey, og‘ayni, katta ko‘chada, oshim halol deb, bu nima yurish!?», deging keladiyu, guldastaga qarab… Guldasta ham anoyi emas, hashamatli, qandaydir barq urgan, yashnab turgan chiroyli, o‘zini ko‘tarib ketayotgan erkakni kamsitib borardi: go‘yo shunaqa guldasta ko‘tarib yurish uchun odamning nimasidir hammanikidan ortiqcha, nimasidir hammanikidan kam bo‘lishi kerakdek…

Xullas, guldastani uni ko‘tarib ketayotgan odamga qiyoslasangiz, xayolingizga ming xil bir-biriga qarama-qarshi fikrlar, o‘xshatishlar kelaveradi. Agar gul ko‘tarib ketayotgan odamning o‘rnida o‘zingizni tasavvur qilsangiz, yo‘q, men katta shaharning ko‘chasida bunaqa guldastani hech qachon ko‘tarib yurmayman, degan qat’iy fikrga borasiz.

O‘zi erkak bu guldastani nega sotib olgan? Kimga olgan bo‘lsa?

Deylik, bugun do‘stining tug‘ilgan kuni. Guldastani shunga olgan. Ammo do‘stga bunaqa kattakon va ko‘rkam guldasta olish shart emas, do‘stga kichikrog‘i, umuman nomiga olinsa ham bas, deb o‘ylay boshlaymiz. Do‘stning tug‘ilgan kuniga guldastasiz, gulsiz va hatto quruq ham borish mumkin, bunday kunda do‘stning ko‘nglini ko‘taradigan yaxshi-yaxshi gaplardan gapirib o‘tirishning o‘zi katta sovg‘a. Do‘st odam tug‘ilgan kunida mehmonlarning qo‘liga qaramaydi, balki, ishqilib, do‘stlarimning hammasi, jilla qursa, eng yaqinlari, hech bo‘lmasa, birortasi kelsa, yolg‘iz qolmasam edi, deb yo‘lga qaraydi.

Yo‘q, erkak guldastani do‘stiga atab olmagan, do‘stiga ataganda guldastani bunaqa avaylamas edi, do‘stga olingan guldastani kishi odatiy, kundalik bir zaruratdek, bir oddiy buyumdek, masalan, shamsiyadek bamaylixotir ko‘tarib yuradi.

Deylik, guldastani erkak onasiga atab olgan. Deylik, bugun onasining hayotida quvonchli bir kun. Ammo erkak bunday qimmat guldasta bilan onasini quvontirarmikan? Bilmadikda. Onalar, shu jumladan mazkur erkakning onasi ham bozorni, narx-navoni, farzandlarining cho‘ntagini yaxshi biladi, tug‘ilgan kuni tugul, undan kattaroq hodisa bo‘lsa ham, masalan, boya kitobni gapirganimiz uchun aytyapman — o‘g‘li akademiklikka saylansa ham, bunaqa qimmat sovg‘adan — isrofdan ko‘ngillari og‘riydi. Erkak shu guldastani «Ona, mana, shu guldastani falon munosabat bilan sizga olib keldim», deb taqdim qilsa, ona: «Buning o‘rniga o‘zingga bir narsa olsang bo‘lmaydimi, shuncha yoshga kirding, qachon bolaliging qoladi», deb koyishi turgan gap. Agar erkak biron-bir sabab bilan onasini yo‘qlamoqchi bo‘lsa, albatta biz sovg‘aga muhtojligi yo‘q, topgani o‘ziga ham, bolalariga ham yetib, yana ortib qoladigan onalarni nazarda tutmayapmiz, sovg‘adan ko‘ngli ko‘tariladigan volidasiga bir juft kalish yo mahsimi, ikkalasini hammi, odmigina kiyimlikmi, arzonbaho ro‘molmi olar, onasi buni ko‘rib chin dildan ko‘ziga yosh olar, o‘g‘lini qiynab qo‘ymaganidan quvonar edi.

Aslini olganda-ku, onalarga eng yaxshi sovg‘a — ularni hech bir sababsiz, hech qanday maqsadsiz, kasal bo‘lishi yo quvonchli kunini kutib o‘tirmay, yo ularning tashvishi yo o‘zingizning tashvishingizni o‘ylamay, shunchaki, to‘ppa-to‘g‘ri yo‘qlab borish. Siz uyni ukangizga qoldirib, yangi hovli solib chiqib ketgan bo‘lsangiz, agar manovi gul ko‘tarib ketayotgan erkakning yoshida bo‘lsangiz, unda xotiningiz, uch-to‘rt bolangiz bilan turasiz, ukangizning eshigini lang ochib: “Ona! («Oyi!», «Biyi!», «Aya!», «Ena!», «Opa!», «Buvi!», «Anna!, «Acha!» — farqi yo‘q!) Ho‘, uydamisiz? Sizni bir ko‘rgim keldida! Yo‘q, xavotir olmang, tinchlik, aytyapmanku, bir ko‘rgim keldi!”, desangiz, bas, onangizga bundan katta martaba yo‘q. Agar bunga qo‘shimcha qilib yana: «Nevaralaringiz, keliningiz ham sizni juda sog‘inibdida, bir ko‘…ib kelmaysizmi deb boshni qotirvorishdi!”, desangiz, onangiz quvonganidan…

Yo‘q, erkak guldastani onasiga olmagan, bu aniq.

Deylik, erkak guldastani otasiga atagan. Lekin… otalarga bolalar hech vaqt gul sovg‘a qilarmikan? Siz otangizga gul berganmisiz? Bilmadigu, lekin otaga gul berish erish tuyuladiganga o‘xshaydi. Chunki, har qalay, haligi, ishqilib, gul onangiz bilan otangiz o‘rtasidagi, aytganimizdek, sizning dunyoga kelishingizga taalluqli munosabatlarga daxli bor. Yana ham kim biladi, otasiga hazillashadiganlar ham topilsa kerak. Bilmadik, bilolmadik, bizning otalarimiz rayhon hidlaganiga dumog‘i chog‘ bo‘lib yuradigan odamlar edi, gulni bog‘i bilan o‘rib kelardi. Har qalay, ota degani guldan juda baland turadimi, ishqilib, biz birorta yoshi ulug‘ erkakning otasiga atoqlab gul taqdim qilganini bilmaymiz. Ayollarning yo‘li boshqa, keyin… oxirgi paytlari yangi odatlar ham kelib chiqyapti, yana ham bilmadik.

Erkak guldastani xotiniga olganmikan? Yo‘q, unday emas — xotiniga atab gul ko‘tarib ketayotgan erkak yashnab, yosharib ketadi. Agar u guldastani xotiniga deb olganda odamlar unga ajabsinib emas, havas bilan qarar edi. Bunday kattakon va ko‘rkam guldastani xotiniga sovg‘a qiladigan kishi hali havasi o‘lmagan, baxtiyor bo‘lur edi va keyin, guldastani o‘zi olmas, bo‘y yetayozgan o‘g‘li yo qiziga oldirtirar, o‘g‘li yo qizining qo‘liga bir dasta pul berib: «Ma, bozordagi eng chiroyli, eng katta guldastani ol, hammamizning nomimizdan onangga sovg‘a qilamiz. Bunaqa ishlarni o‘rganib qo‘ygin», deb vallomatlik qilgan bo‘lur edi.

Bu erkakning guldastasidan ko‘rinib turibdiki, hali u bunaqa baxtiyor emas, shu xaridi bilan baxtini topmoqchi. Shu guldasta uning baxtini yo bu yoqli, yo u yoqli qiladigandek… Yo‘q, biz bilag‘onlik qilayotganimiz yo‘q, erkakning guldastani tutishi shunaqa. Keyin, erkak guldastani kimga olib ketayotganini bildirmoqchi emas, lekin guldasta uni fosh qilib gullab ketyapti.

Kim bo‘lsa u? Erkakning sevganimi? Bilolmadikda, bu yerda hali ko‘p gap borga o‘xshaydi. Har qalay, erkak allaqachon o‘n sakkiz yoshda emas, sevganining ham bu yoshdan o‘tib ketgani aniq. Chunki guldasta juda katta, qimmat, hammaning diqqatini tortadi. Erkakku uni sevar, ammo uning erkakni sevish-sevmasligi noma’lum. Aks holda, erkak guldastani mag‘rur ko‘tarib ketayotgan bo‘lardi. Hozir guldastaning o‘zi mag‘rur, qiyg‘och, yoniq, erkak esa guldastani o‘zi emas, boshqa erkak ko‘tarib ketayotgandek xijolatda ham edi.

Balki guldasta erkakning mahbubasini quvontirar. Balki o‘sha mahbuba, agar u chindan ham bor bo‘lsa, erkakning atoqlab guldasta olib kelishini oldindan bilib, intizor kutayotgandir, yoki… hafsalasi pir o‘tirgandir. Har qalay, muhabbat uchun guldan boshqa narsalar ham kerak-ku.

Erkak shundoq katta, ko‘rkam, qimmat guldasta olganidan o‘zini noqulay his qilar, ko‘chadagi odamlardan uyalar, guldastani yashirishga iloj topolmay, isitmasi chiqib borar edi, ammo guldasta nimasi bilandir unga shafqatsiz edi. Balki ko‘zimizga shunday ko‘rinar, ehtimol, uning xayoli qo‘lidagi guldastada emas, boshqa narsalardadir.

Xullas, shaharning katta ko‘chasi, tumonatning ichida bir erkak kattakon va chiroyli guldasta ko‘tarib ketyapti ekan.

Unga qaragan odam, hey og‘ayni, ko‘tar boshingni, hech birimizda senikidaqa kattakon va ko‘rkam guldasta yo‘q, yashavor deb xitob qilgisi keladiyu, lekin xitob qilishidan oldin, avval bilaychi, nega bu erkak shaharning eng gavjum joyida shundoq kattakon va ko‘rkam guldasta ko‘tarib yuribdi, boshiga qanaqa yaxshi kun tushgan ekan yo esi sal anaqaroqmikan, bo‘lmasa, nega buncha guldastasini ko‘z-ko‘z qiladi, degan xayollarga boradi.

Guldasta ko‘tarib ketayotgan erkakka qaragan odam o‘zining shunday guldasta ko‘tarib ketmayotganini o‘ylab qoladi, o‘zida shunday kattakon va ko‘rkam guldasta yo‘qligi uchun har xil taxminlarga boradi, erkakni jinday yanib ham qo‘yadi.

Rost-da, nega ko‘chada namoyishga guldasta ko‘tarib yuradi, boshqalar guldasta olib, ko‘chada yurolmaydimi? Nima, shahar shu guldasta ko‘targan erkakning mahriga tushganmi? Kuppa-kunduz kuni, odamlarning xayoliga har xil narsalar kelishini o‘ylamay, shunday kattakon va ko‘rkam, chiroyli va yashnoq guldasta ko‘tarib ketayotgan erkakni ko‘rganda odamning xayoliga hamma narsa kelar ekan.

Qarang, bir erkak tumonatning ichida o‘zining kattakon va chiroyli guldastasini ko‘tarib ketyapti! Odamning tinchi buzilmaydimi?..

Kitobni mutolaa qilish uchun sarlavha yoki kitob ustiga bosing

Ahmad A’zam. Soyasini yo’qotgan odam (hikoya, novella va qissalar)

09

(Tashriflar: umumiy 355, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring