Nodir Normatov. Bisot.Qissalar va hikoyalar.

034

Нодир Норматов.  «Бисот». Қиссалар ва ҳикоялар.
«Шарқ» НМАК Бош таҳририяти., 448 бет.
Тошкент — 2012

   Адабиёт ва санъат шинавандалари Нодир Норматовнинг номини яхши билишади. У таниқли ёзувчи, билимдон санъатшунос, серғайрат журналист, моҳир таржимон ва ношир сифатида кўпчиликнинг ҳурматини қозонган. Унинг «Кўҳитанг ҳикоялари», «Жарликдан қушлар учди», «Камалак яшайдиган уй», «Голубые орехи», «Баригал» каби тўпламларига кирган роман, қисса, ҳикоялари муаллифнинг юксак истеъдодидан далолат беради. Шунинг учун ҳам улар ўз вақтида адабиётшуносликда муносиб баҳоланди.
 Адибнинг янги нашр этилган ўзига хос «Сайланма»сини тақдим этар эканман, китоб ҳақида мухтасар маълумот бериб ўтаман. Ушбу сайланмага ёзувчининг турли йилларда ёзилган ҳикоялари,қиссалари киритилган. Уларда ХХ асрнинг иккинчи ярмида Сурхон воҳаси қишлоқларида бўлиб ўтган драматик воқеалар,турли хил тўқнашувлар,замондошимизнинг изтиробли кечинмалари ва орзу-умидлари акс этган.

Китобнинг аввалида таниқли адабиётшунос Иброҳим Ғофуровнинг «Нодирнинг ойтоши ва Сурхон руҳи» номли мақоласи берилган. Мақола менга жуда ёқди. Яна бир гапни айтмасам, бўлмайди: Иброҳим ака мақоласи сарлавҳасига номини ўзига хос тарзда киритган «Ойтош» ҳикоясининг қаҳрамонларидан бири бўлганим менга жуда ёқди.
Бугун адиб ижоди ва китоб ҳақида тўлиқ тасаввур бера олган айни шу мақола билан сизни таништиришдан бениҳоя хурсандман.

Иброҳим Ғафуров
НОДИРНИНГ ОЙТОШИ ЁКИ СУРХОН РУҲИ
079

 06  Ўзбекистоннинг умумхалқ маданияти ранг-баранг маданиятлар бирлашуви-ю, жамулжамидан ташкил топган. Ҳозир Конститутция бўйича вилоят деб атайдиганимиз Шимол ва Жануб, Ғарб ва Шарқда жойлашган, олис тарихий йўлларни босиб келаётган ҳақиқий маънодаги ўлкаларнинг ҳар бири бугунги улуғ маданиятимизга ўз такрорланмас улушларини қўшиб келганлар ва ранг-барангликлардан иборат ягона маданиятимизни яратганлар. Чунончи, мисол учун умуммиллий маданиятимизда Сурхон руҳи, Хоразм руҳи, Қорақалпоқ руҳи, Бухоро, Фарғона, Самарқанд, Жиззах ва ҳоказо руҳи яшнаб, гуркираб туришини ҳеч ким инкор этолмайди. Вилоят тарихан олганда, ўлкалар руҳининг улуғворлиги ва ўзига хослигидан умуммиллий ўзига хослик ва улуғворлик юзага чиқади. Бу хислатлар мамлакатнинг тасодифий бўлмаган азалий улуғворлигидан бир далолатдир.

Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари ибтидосида бирин-сирин ҳавас қиладиган фаолликда пайдо бўлган ёзувчи Шукур Холмирзаевнинг асарлари умуммиллий адабиётимизга Сурхон ўлкаси руҳи, Сурхон кишилари характерлари, Сурхоннинг (қадим Чағаниён ва Кушон, Бақтра) бетакрор воқеалигини олиб кирди. Адабиётимизда бу шунчалар таъсирчан, жўшқин ҳодиса бўлдики, айни бир пайтнинг ўзида ва изма-из Менгзиё Сафаров, Рўзи Чориев, Тоғай Мурод, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Нурислом Тўхлиев, Сирожиддин Саййид, Мирзо Кенжабек, Эшқобил Шукур, Шафоат Раҳматулла, санайверсак, то янги бўғиндан Шодмонқул Саломгача Сурхон руҳини ўз асарларида изчил ва ранг-баранг бадиият ҳамда концептуалликда давом эттириб, барқ урдириб, мавжлантириб бордилар. Етмишинчи йиллар бошида бу улуғ сафга пошхурдлик Нодир Норматов шаҳдам қадамлар билан келиб қўшилди. У журналистика, санъатшунослик, бадиий наср соҳаларида ғайрат ва муҳаббат билан ишлади – сермаҳсул ижод қилди.

Бир қарашда уни юқорида номлари саналган адиб, шоир, санъаткорлардан ажратиб олиш қийин. Ҳар ҳолда уларсиз ва айниқса, Шукур Холмирзаев, Менгзиё Сафаров, Тоғай Муродларсиз уни тўла тушуниб етиш мумкин бўлмаган ҳол. Бу номларни, уларнинг асарларини бир-бирига боғлаб турадиган мустаҳкам ришталар кўп. Риштанинг маркази эса Сурхон руҳидир. Биз биламиз, бундай дейиш нисбий: лекин бу руҳ, Сурхон-Чағаниённинг жуда қадим тарихий маданияти, халқ оғзаки ижоди, ёрқин достончилиги, эртакчилиги, қўшиқчилиги – бахшичилик анъаналари, Хитой, Ҳинд, Ажам, Юнон, Рум маданиятлари билан чамбарчас боғланган томонларидан ўсиб, булоқ бойлаб чиқади. Улардан қувват олади. Сурхон руҳининг асосий мазмуни ва йўналиши – жўмардлик, тантилик, дўлворлик, ҳақчилик, дарвешоналик, очиқлик ва тиккаликда. Бу адиблар шу ўлка халқининг шу пайтгача инкишоф этилмаган, асрларча тамомила қўриқ бўлиб ётган яширин қирраларини очдилар ва ўзбек характерлари оламларини бойитдилар. Ўзбекликнинг илгари кўрилмаган олтин қирраларини йўндилар ва чархладилар. Шундан Сурхон-Чағаниён-Кушон-Бақтра бизга янада тушунарлироқ бўлди.

Дунёда энг ўткир ва инсонга нисбатан энг кескин ёзувчи бу – Шекспир. Ўткирлик, кескинликда ҳеч ким унинг олдига тушолган, ундан ўзиб кетолган эмас. Шу боис кескинликнинг инъикоси бўлган барча қаҳрамонлари – Лир дейсизми, Отелло, Ҳамлет, Яго, Макбет, Ричард 111 дейсизми, ҳаммаси ва ҳатто гўрков, соқчиларгача, инсоният тасаввурида бадиий-ҳаётий тимсол – матрица қаҳрамонлар худди қалам-найза билан чизилмагандай, балки болта билан ойтошдан йўнилгандай таассурот қолдирадики, замон-замонлар ўтса ҳам, ҳеч хира тортмай, ич-ичидан нурланиб туради ва боз устига, зиёси янада кучайиб боради.

muqova ortiКамтарин адибимиз, журналистимиз, улус рассом Рўзи Чориев ҳақида гўзал бир ҳужжатли биографик роман ёзган санъатшунос Нодир Норматовни Вильям Шекспирга қиёсламоқчи эмасмиз. Аммо Шекспирдаги эҳтиросларнинг жўшқинлиги, сермаънолиги ва буларнинг бари жуда ўткир болта билдан йўнилганлиги, очиқлиги ва табиийлигидан алланима хусусият Шукур Холмирзаевга қандай ўтган бўлса (хоҳ, онгли ва хоҳ интиутив), худди шундай Нодир Норматовнинг қиссалари, ҳикоялари, эссе асарларида ҳам шундай кўзга чалиниб туради. Унинг 1981 йилдаги илк “Бисот” қиссаси ва 1991 йилда нашр этилган “Баригал” деб номланган романни адиб Саид Аҳмаднинг назарига тушди. Устоз Нодирни алқади.Бу романда Нодир прозада янги хат топишга уринган, унда мажозийлик ва реаллик чатишиб кетгандай. Табиат бизнинг ҳар қандайимиздан кўра очиқроқ, ҳар қандайимиздан кўра тантироқ, сирлироқ, донороқдир. Нодир ҳеч шак-шубҳасиз бир нарсага эришади: у табиий одамларни табиий қилиб тасвирлайди ва инсон қисматлари, характерларини тоғ ўрмонбегининг аниқ ҳаракат қиладиган болтаси билан тарашлайди. Шунинг учун у чизган характерлар, уларни шакллантирган воқеалар, муҳит, шароит манзаралари ниҳоятда ёмби ва қабариқ. “Бисот” қиссасидаги Қобил лашкар, “Дарахт тагидаги одам”даги лаборант, муаллим Эсонбой, “Муқаддас балиқлар эгаси”даги зоология ўқитувчиси Ўтамурод, “Жазо” асаридаги Майрам, “Исмоил тоға тарозиси”даги Раимбой ва Қудратов, “Ёзги момақалдироқ”даги Маматмирзо, “Кар момо”даги Аъжуба кампир – булар ва уларнинг ён-атрофидаги одамлар бари ўта табиий ва очиқ, қабариқ характерли одамлар. Уларнинг хатолари, олийжанобликлари, фожиалари, драмалари ҳам қабариқ. Нодир Норматов уларни заррача безаб-бежаб, чиройли қиламан деб ўтирмайди, бунга ҳатто андак бўлсин, уриниш ҳам йўқ. У табиий ҳодисаларни табиий мақомини топиб чизади. Шу холос. “Чизиш” сўзи Нодир Норматовнинг бадиий усулига ғоятда мос, бу усулни росмана характерлайди. У батафсил узоқ тасвирдан кўра чизишни яхши кўради, зеро, чизишда ҳам чизиш бор – Нодир характер қирраларини кесма пунктир билан чизади. Воқеалардан воқеалар шундай кесма пунктирларда туғилиб бир-бирига ғулув билан уланиб боради. Бунда табиийки, баёнда парокандалик хавфи ҳам туғилади, воқеанинг боши, давоми ва охирига боғланмай қолиши эҳтимолдан холи эмас. Аммо ёзувчи қандайдир ўзига маълум ҳикоя қилиш заҳираларини бизга билинтирмайгина қўллаб, сюжет ва композицияда яхлитлик, бутунликка эришади. Кесма пунктир воситасида ҳикоя тарзида эришилган бутунлик – Нодирнинг ёзувчилик маҳорати ва бадиий услубининг ўзига хос, уни бошқалардан ажралиб турадиган кўзга кўринарли қиррасидир. Мабодо уни табиий услуб деб аташ ва юритиш мумкинмикин? Яъни, ҳаёт ва табиатнинг ўзи қандай бўлса шундай ёзиш манераси. Музработ даштлари, Кўҳитанг тоғлари, Зарабоғ, Пошҳурд, Вандоб каби тоғлар оралиқларидаги қадим-қадим қишлоқлардаги табиий минг йилларча устувор бўлган ҳаёт тарзи қандай эса, шундай чатма услуб.
Нодир воқеалар ва қисматлар тугунларини бир-бирига табиий ўнгаштириб, биридан иккинчисини худди илгирга илгандай тортиб чиқариб борадики, ўқувчида ростакам қизиқиш уйғонади, у бошини кўтармай воқеалар, тақдирлар оқими пўртаналарига сел оқизган улоқдай шўнғиб кетади.

Қадим Сурхоннинг Кўҳитанги, Будрачи бўлади-ю, сир бўлмайдими? Нодирнинг қаҳрамонлари табиат қучоғида яшаб, албатта, ундан мўъжиза қидирадилар, мўъжизаларга чин юракдан ишонадилар. Сирли балиқлар, фусункор мовий ёнғоқлар, кўк тошлар, уч юз-беш юз йиллик дарахтлар, юз минг йиллик чумолиларнинг, қушларнинг тилга кириши, одам билан сеҳрсоз мулоқотларда коинот ва кўҳна ҳаёт жозибаларини очишга уринишлар – булар ҳам Нодирнинг табиий бадиий тилида ўз фусункор ечими ва оҳанрабо урғусига эга.

Филжумла, Нодир Норматов “Бир куни чумоли бўлиб…”, “Кўктошлар”, “Ойтош” каби фусункор ҳикояларида ғайобатга талмеҳ йўсинида ишоратлар қилиб ўтадики, ўқувчи буларни Кўҳитанг асрорангиз табиатининг нозик ҳодисалари каби ўпкаси тўлиб қабул қилади ва холисанилло таъсирланади.

Нодир Норматов ўз асарларининг воқеалари ичида яшаб, болаликдан ўсган, уларни ўз бошидан кечирган, иштирокчи бўлган ва юрагига жуда чуқур сингдирган. Ҳақиқатан ҳам, ёзувчиликнинг тақдири – унинг болалигининг тақдиридир. Биз болалигимиз қандай бўлса, шундай ёзувчимиз. Ёзувчи ўз болалигини умрининг охиригача тасарруф қилади. Инсоннинг бошидан кечадиган барча катта-кичик воқеалар болаликнинг нодир хислатига эгадир. Болалик воқеалари алалоқибат шоир-адибнинг доимий илҳом ва завқ манбаига айланади. Нодир асарларида биз буни яна бир карра жонли гувоҳи бўламиз.

Нафсиламбирга, ҳеч ажаб эмасдирки, бир қарашда одми ва дағал, мутлақо йўнилмаган, рандаланмаган бўлиб кўринадиган ранг-баранг ҳодисалар туғма нафосатнинг нафаси текканда, мўъжизакорлик мақомига етади ва ўзига рому ошуфта этади.

Ёзувчи, журналист, санъатшунос Нодир Норматовнинг асарлари шундай хусусиятга эга.

Сурхонни билмаган, кўрмаган одамлар ҳам бу асарларни ўқиса, шундай хулосага келадики, дарҳақиқат, бу ўлкада бебаҳо ойтош каби ич-ичидан нурланиб турадиган одамлар яшайди.
Нодир уларга мўъжиза каби қарайди, улар ҳақида ой гардишига қараб, фол очгандай ойбитиклар ёзади.

muqova orti

Ibrohim G’afurov
NODIRNING OYTOSHI YOKI SURXON RUHI
079

O’zbekistonning umumxalq madaniyati rang-barang madaniyatlar birlashuvi-yu, jamuljamidan tashkil topgan. Hozir Konstituttsiya bo’yicha viloyat deb ataydiganimiz Shimol va Janub, G’arb va Sharqda joylashgan, olis tarixiy yo’llarni bosib kelayotgan haqiqiy ma’nodagi o’lkalarning har biri bugungi ulug’ madaniyatimizga o’z takrorlanmas ulushlarini qo’shib kelganlar va rang-barangliklardan iborat yagona madaniyatimizni yaratganlar. Chunonchi, misol uchun umummilliy madaniyatimizda Surxon ruhi, Xorazm ruhi, Qoraqalpoq ruhi, Buxoro, Farg’ona, Samarqand, Jizzax va hokazo ruhi yashnab, gurkirab turishini hech kim inkor etolmaydi. Viloyat tarixan olganda, o’lkalar ruhining ulug’vorligi va o’ziga xosligidan umummilliy o’ziga xoslik va ulug’vorlik yuzaga chiqadi. Bu xislatlar mamlakatning tasodifiy bo’lmagan azaliy ulug’vorligidan bir dalolatdir.

O’tgan asrning oltmishinchi yillari ibtidosida birin-sirin havas qiladigan faollikda paydo bo’lgan yozuvchi Shukur Xolmirzaevning asarlari umummilliy adabiyotimizga Surxon o’lkasi ruhi, Surxon kishilari xarakterlari, Surxonning (qadim Chag’aniyon va Kushon, Baqtra) betakror voqealigini olib kirdi. Adabiyotimizda bu shunchalar ta’sirchan, jo’shqin hodisa bo’ldiki, ayni bir paytning o’zida va izma-iz Mengziyo Safarov, Ro’zi Choriev, Tog’ay Murod, Usmon Azim, Erkin A’zam, Nurislom To’xliev, Sirojiddin Sayyid, Mirzo Kenjabek, Eshqobil Shukur, Shafoat Rahmatulla, sanayversak, to yangi bo’g’indan Shodmonqul Salomgacha Surxon ruhini o’z asarlarida izchil va rang-barang badiiyat hamda kontseptuallikda davom ettirib, barq urdirib, mavjlantirib bordilar. Yetmishinchi yillar boshida bu ulug’ safga poshxurdlik Nodir Normatov shahdam qadamlar bilan kelib qo’shildi. U jurnalistika, san’atshunoslik, badiiy nasr sohalarida g’ayrat va muhabbat bilan ishladi – sermahsul ijod qildi.

Bir qarashda uni yuqorida nomlari sanalgan adib, shoir, san’atkorlardan ajratib olish qiyin. Har holda ularsiz va ayniqsa, Shukur Xolmirzaev, Mengziyo Safarov, Tog’ay Murodlarsiz uni to’la tushunib yetish mumkin bo’lmagan hol. Bu nomlarni, ularning asarlarini bir-biriga bog’lab turadigan mustahkam rishtalar ko’p. Rishtaning markazi esa Surxon ruhidir. Biz bilamiz, bunday deyish nisbiy: lekin bu ruh, Surxon-Chag’aniyonning juda qadim tarixiy madaniyati, xalq og’zaki ijodi, yorqin dostonchiligi, ertakchiligi, qo’shiqchiligi – baxshichilik an’analari, Xitoy, Hind, Ajam, Yunon, Rum madaniyatlari bilan chambarchas bog’langan tomonlaridan o’sib, buloq boylab chiqadi. Ulardan quvvat oladi. Surxon ruhining asosiy mazmuni va yo’nalishi – jo’mardlik, tantilik, do’lvorlik, haqchilik, darveshonalik, ochiqlik va tikkalikda. Bu adiblar shu o’lka xalqining shu paytgacha inkishof etilmagan, asrlarcha tamomila qo’riq bo’lib yotgan yashirin qirralarini ochdilar va o’zbek xarakterlari olamlarini boyitdilar. O’zbeklikning ilgari ko’rilmagan oltin qirralarini yo’ndilar va charxladilar. Shundan Surxon-Chag’aniyon-Kushon-Baqtra bizga yanada tushunarliroq bo’ldi.

Dunyoda eng o’tkir va insonga nisbatan eng keskin yozuvchi bu – Shekspir. O’tkirlik, keskinlikda hech kim uning oldiga tusholgan, undan o’zib ketolgan emas. Shu bois keskinlikning in’ikosi bo’lgan barcha qahramonlari – Lir deysizmi, Otello, Hamlet, Yago, Makbet, Richard 111 deysizmi, hammasi va hatto go’rkov, soqchilargacha, insoniyat tasavvurida badiiy-hayotiy timsol – matritsa qahramonlar xuddi qalam-nayza bilan chizilmaganday, balki bolta bilan oytoshdan yo’nilganday taassurot qoldiradiki, zamon-zamonlar o’tsa ham, hech xira tortmay, ich-ichidan nurlanib turadi va boz ustiga, ziyosi yanada kuchayib boradi.

Kamtarin adibimiz, jurnalistimiz, ulus rassom Ro’zi Choriev haqida go’zal bir hujjatli biografik roman yozgan san’atshunos Nodir Normatovni Vil`yam Shekspirga qiyoslamoqchi emasmiz. Ammo Shekspirdagi ehtiroslarning jo’shqinligi, serma’noligi va bularning bari juda o’tkir bolta bildan yo’nilganligi, ochiqligi va tabiiyligidan allanima xususiyat Shukur Xolmirzaevga qanday o’tgan bo’lsa (xoh, ongli va xoh intiutiv), xuddi shunday Nodir Normatovning qissalari, hikoyalari, esse asarlarida ham shunday ko’zga chalinib turadi. Uning 1981 yildagi ilk “Bisot” qissasi va 1991 yilda nashr etilgan “Barigal” deb nomlangan romanni adib Said Ahmadning nazariga tushdi. Ustoz Nodirni alqadi.Bu romanda Nodir prozada yangi xat topishga uringan, unda majoziylik va reallik chatishib ketganday. Tabiat bizning har qandayimizdan ko’ra ochiqroq, har qandayimizdan ko’ra tantiroq, sirliroq, donoroqdir. Nodir hech shak-shubhasiz bir narsaga erishadi: u tabiiy odamlarni tabiiy qilib tasvirlaydi va inson qismatlari, xarakterlarini tog’ o’rmonbegining aniq harakat qiladigan boltasi bilan tarashlaydi. Shuning uchun u chizgan xarakterlar, ularni shakllantirgan voqealar, muhit, sharoit manzaralari nihoyatda yombi va qabariq. “Bisot” qissasidagi Qobil lashkar, “Daraxt tagidagi odam”dagi laborant, muallim Esonboy, “Muqaddas baliqlar egasi”dagi zoologiya o’qituvchisi O’tamurod, “Jazo” asaridagi Mayram, “Ismoil tog’a tarozisi”dagi Raimboy va Qudratov, “Yozgi momaqaldiroq”dagi Mamatmirzo, “Kar momo”dagi A’juba kampir – bular va ularning yon-atrofidagi odamlar bari o’ta tabiiy va ochiq, qabariq xarakterli odamlar. Ularning xatolari, oliyjanobliklari, fojialari, dramalari ham qabariq. Nodir Normatov ularni zarracha bezab-bejab, chiroyli qilaman deb o’tirmaydi, bunga hatto andak bo’lsin, urinish ham yo’q. U tabiiy hodisalarni tabiiy maqomini topib chizadi. Shu xolos. “Chizish” so’zi Nodir Normatovning badiiy usuliga g’oyatda mos, bu usulni rosmana xarakterlaydi. U batafsil uzoq tasvirdan ko’ra chizishni yaxshi ko’radi, zero, chizishda ham chizish bor – Nodir xarakter qirralarini kesma punktir bilan chizadi. Voqealardan voqealar shunday kesma punktirlarda tug’ilib bir-biriga g’uluv bilan ulanib boradi. Bunda tabiiyki, bayonda parokandalik xavfi ham tug’iladi, voqeaning boshi, davomi va oxiriga bog’lanmay qolishi ehtimoldan xoli emas. Ammo yozuvchi qandaydir o’ziga ma’lum hikoya qilish zahiralarini bizga bilintirmaygina qo’llab, syujet va kompozitsiyada yaxlitlik, butunlikka erishadi. Kesma punktir vositasida hikoya tarzida erishilgan butunlik – Nodirning yozuvchilik mahorati va badiiy uslubining o’ziga xos, uni boshqalardan ajralib turadigan ko’zga ko’rinarli qirrasidir. Mabodo uni tabiiy uslub deb atash va yuritish mumkinmikin? Ya’ni, hayot va tabiatning o’zi qanday bo’lsa shunday yozish manerasi. Muzrabot dashtlari, Ko’hitang tog’lari, Zarabog’, Poshhurd, Vandob kabi tog’lar oraliqlaridagi qadim-qadim qishloqlardagi tabiiy ming yillarcha ustuvor bo’lgan hayot tarzi qanday esa, shunday chatma uslub.
Nodir voqealar va qismatlar tugunlarini bir-biriga tabiiy o’ngashtirib, biridan ikkinchisini xuddi ilgirga ilganday tortib chiqarib boradiki, o’quvchida rostakam qiziqish uyg’onadi, u boshini ko’tarmay voqealar, taqdirlar oqimi po’rtanalariga sel oqizgan uloqday sho’ng’ib ketadi.

Qadim Surxonning Ko’hitangi, Budrachi bo’ladi-yu, sir bo’lmaydimi? Nodirning qahramonlari tabiat quchog’ida yashab, albatta, undan mo»jiza qidiradilar, mo»jizalarga chin yurakdan ishonadilar. Sirli baliqlar, fusunkor moviy yong’oqlar, ko’k toshlar, uch yuz-besh yuz yillik daraxtlar, yuz ming yillik chumolilarning, qushlarning tilga kirishi, odam bilan sehrsoz muloqotlarda koinot va ko’hna hayot jozibalarini ochishga urinishlar – bular ham Nodirning tabiiy badiiy tilida o’z fusunkor yechimi va ohanrabo urg’usiga ega.

Filjumla, Nodir Normatov “Bir kuni chumoli bo’lib…”, “Ko’ktoshlar”, “Oytosh” kabi fusunkor hikoyalarida g’ayobatga talmeh yo’sinida ishoratlar qilib o’tadiki, o’quvchi bularni Ko’hitang asrorangiz tabiatining nozik hodisalari kabi o’pkasi to’lib qabul qiladi va xolisanillo ta’sirlanadi.

Nodir Normatov o’z asarlarining voqealari ichida yashab, bolalikdan o’sgan, ularni o’z boshidan kechirgan, ishtirokchi bo’lgan va yuragiga juda chuqur singdirgan. Haqiqatan ham, yozuvchilikning taqdiri – uning bolaligining taqdiridir. Biz bolaligimiz qanday bo’lsa, shunday yozuvchimiz. Yozuvchi o’z bolaligini umrining oxirigacha tasarruf qiladi. Insonning boshidan kechadigan barcha katta-kichik voqealar bolalikning nodir xislatiga egadir. Bolalik voqealari alaloqibat shoir-adibning doimiy ilhom va zavq manbaiga aylanadi. Nodir asarlarida biz buni yana bir karra jonli guvohi bo’lamiz.

Nafsilambirga, hech ajab emasdirki, bir qarashda odmi va dag’al, mutlaqo yo’nilmagan, randalanmagan bo’lib ko’rinadigan rang-barang hodisalar tug’ma nafosatning nafasi tekkanda, mo»jizakorlik maqomiga yetadi va o’ziga romu oshufta etadi.

Yozuvchi, jurnalist, san’atshunos Nodir Normatovning asarlari shunday xususiyatga ega.

Surxonni bilmagan, ko’rmagan odamlar ham bu asarlarni o’qisa, shunday xulosaga keladiki, darhaqiqat, bu o’lkada bebaho oytosh kabi ich-ichidan nurlanib turadigan odamlar yashaydi.
Nodir ularga mo»jiza kabi qaraydi, ular haqida oy gardishiga qarab, fol ochganday oybitiklar yozadi.

09

(Tashriflar: umumiy 518, bugungi 2)

Izoh qoldiring