Биз Баҳодир Ниёзов билан Алишер Навоийнинг муборак таваллуди арафасида учрашган эдик. Гарчи, ўша куни 2014 йилнинг феврали бошидан бери ёғаётган қалин қор тинмаган, кимгадир бу малол келган бўлса-да, суҳбатдошим энди баҳор яхши келишини, еру осмон гулу чечакларга тўлиб кетишини қувониб таъкидлар, мен эса у туғилиб ўсган Қашқадарё дашту далаларининг лола- қизғалдоқларга, гулу чечакларга тўла манзарасини хаёлдан ўтказар эдим.
Нодир Норматов
БЎРТМА СОПОЛДАГИ СИРЛИ ТАСВИРЛАР
Биз Баҳодир Ниёзов билан Алишер Навоийнинг муборак таваллуди арафасида учрашган эдик. Гарчи, ўша куни 2014 йилнинг феврали бошидан бери ёғаётган қалин қор тинмаган, кимгадир бу малол келган бўлса-да, суҳбатдошим энди баҳор яхши келишини, еру осмон гулу чечакларга тўлиб кетишини қувониб таъкидлар, мен эса у туғилиб ўсган Қашқадарё дашту далаларининг лола- қизғалдоқларга, гулу чечакларга тўла манзарасини хаёлдан ўтказар эдим. Ҳа, айтганча, мен ўтган йили ёз бошида ўша воҳада бўлиб, Қарши ва Шаҳрисабзда фотокўргазмамни ўтказиш баҳонасида бир муддат ўша томонларни айланган эдим. Жумладан, қаршилик рассом Азамат Сатторов билан Касбидаги қадимги кулоллар сулолаларининг давомчилари бўлган хонадонларда бўлган эдик. Ўша оқшом Қаршига қайтаётганимизда, Тошкентдан таниш бир журналист қўнғироқ қилиб, Баҳодир Ниёзов деган бир бешкентлик (бу жой Касбига яқин) бир рассом- кулолнинг Тошкентда яшаётганлигини, у шахсий кўргазмага тайёргарлик кўраётганлигини, вақт бўлганида унинг устахонасига бир келиб ўтишимни сўради. Гарчи мен кулоллар ижодига қизиқсам-да, аммо улар ҳақида кам нарса ёзганман. Бухоролик Ҳамробуви Раҳимова, Кубаро опа Ҳамроева, шерободлик Қудрат Асроровлар ҳақида.Бунга ҳаманча бўлган.
Мана, ниҳоят, қиш кунларининг бирида ўша Баҳодир Ниёзов билан учрашиб ўтирибмиз. Унгача, кузнинг охирги кунларида устахонасида ҳам бўлган, аммо бафуржа гаплашиш имкони туғилмаган эди. Бу галги суҳбатимиз қишнинг келишидан бошланиб, асосан, Навоий бобомиз шеъриятига уланиб кетди.Мен навоийшунос олима Сирдарёхон Ўтанованинг “Алишер Навоий ғазалиётида ранг символикаси” китобини мамнуният билан эсладим. Баҳодир Ниёзов эса улуғ шоир шеърларидан намуналар ўқиди, уларни ўзича таҳлилу шарҳлаб, ҳайратини изҳор қилди, оҳанг ва ҳузур қилиб ўқиганидан ўзининг ҳам кўнгли таскин топди, шекилли, юз- кўзида фахрга ўхшаш бир нима пайдо бўлди. Унда санъатга, ҳаётга, ўзига ишонч мустаҳкамлиги мана қаердан экан деган жавоб хаёлимдан ўтди. Кейин, гап орасида кандакор Омон Азизни эсладим. Билсам, у Баҳодирнинг ҳамқишлоғи, илк устозларидан бири бўлган экан. Омон Азиз ҳам улуғ шоиримизнинг ашаддий мухлиси эди, унинг устахонасида шоир ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар пластинкаси тинимсиз айланиб турар эди. Кандакор ўзининг чексиз эҳтироми сифатида шоирнинг кексалик чоғидаги тасвирларини бир неча бор мисда муҳрлаган, улар адабий жамоатчилик орасида машҳур бўлиб кетган эди.
Суҳбатдошим ҳамон завқу шавқ билан ғазаллар ҳақида сўзлар, гапининг ҳар бирида мана бу фикр, мана ташбеҳни қаранг, бобомиз ғазалда шундай мусаввир бўлиб кетганки, тан бермай иложингиз йўқ, дерди ҳар гапининг бирида. Баҳодирнинг бу қадар Навоий дунёсига шўнғиб, завқу шавқ билан маза қилиб мушоҳада қилаётганлиги бежиз эмас экан. Бундай фикру ўйлар давомини унинг сопол суратларида, рельефли ишларида кўрдим. Баҳодирнинг бу ишларида бевосита Навоий асарлари билан бевосита дахлдорлик, достону шеърларига бағишловлар йўқ. Аммо шоирнинг Абадият, Фонийлик, Ломакон, самовий муҳаббат, зоҳидлик ва дарвешлик каби мавзулардаги суфиёна, ўзига хос фалсафий қарашлари унинг ана шу сопол рангларига, бўртма тасвирларига, ғаройиб композиқцияларига билвосита сингдириб юборилган эди. Рассом-кулолни илҳомлантирган бу мавзулар тасвирлари нималардан иборат ўзи? “Мен аслида республика рассомлик билим юртининг рангтасвири бўлимида ўқиганман”, дейди рассом.- Тақдир шундай бўлдики, мен лойга, кулоллик ишларига меҳр қўйиб кетдим. Ўзимни шу ишда топгандай бўламан”. Баҳодирда тупроқ, лой билан ишлашга мойиллик билим юртини тугатган йилдан анча кейинроқ пайдо бўлса-да, аммо унинг табиатига кулоллик олами азалдан сингиб келган. Чунки, у ўзи туғилиб ўсган Бешкентдан сал наридаги Касбида кулолчиликнинг қадимий анъаналари давоми бор, улардаги маданият ва нафосат Баҳодирларнинг ҳам хонадонига кириб борган, ҳар куни кўзи тушиб турадиган сопол идишларнинг шаклу шамойилларидан таралган нафосат учқунлари болалигида қалбига кўчган бўлса, не ажаб?! Бақувват илдизларга эга бўлган ҳарқандай кулоллик санъати маълум бир даврларда тарих саҳнасида гоҳ юксакликка кўтарилиб, гоҳ пасайиб, йўқолиб кетишлари археолог Рустам Сулаймон томонидан олиб борилган ХХ асрнинг етмишинчи йилларидаги Касби археологик қазилмалари топилмаларида равшан кўринади.
Баҳодир бу меросдан бевосита фойдаланмаган бўлса-да, улар шаклидаги майинлик ва қизил, жигар, сариқ рангларнинг узвий боғланишлари унинг ишларида ҳам билвосита намоён бўлди. Албатта, бу ишлар анъанавий кулоллик, ҳунармандликдан фарқ қилади. Улардаги тасвирларда рангтасвир, графика усулию услублари бўртиб туради. Фақат у энди рассом сингари композицияларини қоғозу матога эмас, лойга, тошга, бетон, керамикага муҳрлайди. Бундай олганда, қалб эҳтиросларини она замин бағрига битади. Баҳодир ана шу замин қўйнида улғайган фикрловчи инсон, ҳаёл ва ҳаёт манзараларини тафаккур лойига қориб, ижод қилади. Шунинг учун ҳам муаллифнинг хаёлот ранг- баранглигини олам таассуротларига қўшиб, кичрайтирилган бир ҳажмларга жойлаштирилган бу асарлари кишида бир қадар шодлигу маъюслик, эзгулик ва таскинлик уйғотади.
Муаллиф бундай ҳиссиётлар оламига рамзлар, тимсоллар, белгилар тилсимига мурожаат қилади. Бунинг учун афсоналар ва реаллик маконидаги унсурлардан унумли фойдаланади. Ҳумо қушини тасвирлар экан, унинг бахт ва омад рамзи эканлигини ҳаётий ришталар билан боғлайди. Бу ҳикмат тириклик деб аталмиш буюк қисматнинг юксак чўққиларига интилиш билан боғланган. Муаллиф назарида, унинг йўли тафаккур кенгликлари оша бораётган илоҳий ишқ тимсолида жонланади. Илоҳий ишқ тажаллиси эса Ҳаёт дарахти. Баҳодирни ана шу рамзий дарахтнинг куйчиси деб аташ тўғрироқ бўлади. Гарчи муаллиф мавзуларининг қамрови анча кенг бўлсада, уларнинг барчаси ана шу теран илдизларга туташади. Деворларга осилган айлана ва тўрт бурчак шаклларидаги сопол тасвирларга кўз ташлайман. Мана, ўша инсон ҳаётига таққасланган ҳаёт дарахти. Унинг инсон тимсолига айланиб кетганлигини нафақат шаклу шамойили, балки, яшаш тарзи ҳам эслатиб туради. Кетма кет осилган бир туркум ишлар ана шу мавзуга бағишланган: сершоҳ дарахт ва она замин, унинг жигар рангдаги тупроғи, жуфтлашган дарахтлар ва ғаройиб ҳовли, шоҳлари силкинаётган дарахт ва мунғайиб турган кулба, бутун вужуди билан курашаётган дарахт ва унга чанг солаётган довул, сабрни ўзида мужассам этган дарахт ва чопаётган вақт, фонийликка маҳкум дарахт ва сиру синоатга тўла осмону юлдузлар,… Буларнинг бариси бир инсон ҳаётидаги турли- туман бекатларни эслатмайдими сизга?! Баҳодирнинг сопол тасвирлари ана шундай тарзда фалсафий маъно касб этувчи композицияларга айланиб кетади. Айни пайтда ижодкорнинг ўтмиш меросига, бугунги кундаги ҳаёт манзараларига муносабати шу янглиғ намоён бўлади.
Баҳодирниг баъзи ишларидаги тасвирлар маълум бир маънода исломгача бўлган Ўрта Осиё антик даври торевтикаси, илк ўрта аср сўғд санъати анъаналари давоми дейиш мумкин. Улардаги афсонавий қушлар, ярми қуш, ярми одам бўлган полиморф образлар, афсонавий ҳайвонлар кулол мавзуларида ҳам кўриниб қолади. Уларда рангтасвир ва графикада олган билимларини кулоллик санъатида, турли композицияларда усталик билан қўллайди. Томошабиннинг асосий диққатини тортиш, мақсадини англатиш учун муаллиф тасвирланаётган сюжетда керакли унсур ёки жисмни бошқаларидан кўра бўрттириб кўрсатиш йўлини танлайди. Тасвирдаги арава ғилдираги ҳаётий воқелик унсури сифатида қайд этилса-да, хаёл ва ҳаёт чархпалаги сифатида рамзийлик касб этади. Ёки график унсургарга бой буюк бир дарахт тасвирида уни япроқлари йўқ ҳолда кўрамиз.Эътибор қилинса, дарахт шохлари тепасида мавжлапниб ётган майин гуллар орзу- ўйларимиз каби юксакликка чорлайди. Бошқа бир асарида олинган макон тасвирида ёнма- ён, ғуж бўлиб ўсган тўрт туп дарахтнинг шохлари бир- бирига чирмашиб кетган, худда улкан саватсимон устун шаклда бўлиб, гўё осмонни кўтариб тургандек тасаввур уйғотади. Шу туркумдаги кулолнинг бошқа ишида замин меҳварида тик турган, илдизлари бақувват икки туп дарахтнинг шохлари тасвирлари елкасида фарзандларини кўтариб кетаётган бақувват одам тарзини эслатади.
Шеърият оламига ҳамоҳанг тасвирларда эса қизил замин, қизил тегирмон тош, жигарранг одам ва оқимтир дарвоза, жимжитлик ҳукм сураётган ҳовлида жигарранг кулба, орқада қийшайиб кўринаётган икки иморат, томга тиркалган нарвон акс этган. Уй орқасида эса иморатларни қулашдан ушлаб туришга мослашиб, энгашаётган азим дарахтнинг қудратли шохлари. Бу ҳолат ва манзара тасвири худди шеър каби “ўқилади”. Ёки бир туп дарахтнинг илдизлари худди ўжар инсон каби оёғини ерга тираб, ҳаёт зарбаларига қарши қад керган шаклда берилган. Унда пластик ечимнинг мафтункорлиги баробарида ғоя ривожи кишини ўйга толдиради. Номсиз бир ишида дарахт танаси, ғумбаклар, спирал шаклидаги пўстлоғлар заминда ҳаёт давомийлигини таъминловчи ва ҳалокатдан муҳофаза қилувчи тимсолларга айланиб кетади. Гўзаллик маъбудаси бўлган Аёл қоматига менгзалган дарахт тасвири эса булуту довулларга қарши жон- жаҳди билан курашаётган бир ажиб бир мадҳиядир. У еру осмонни боғлаб турган бир улуғ ришта касб этган, ўрталиқда сузиб юрган булутлару довуллар ҳамласи барибир ўткинчидир. деган ақида кўнгилдан кечади. Яна бир сопол тасвирда сизни ўзига чорлаётган, тириклик ва музаффар ҳаёт қўшиғини куйлаб турган одам дарахтининг танаси ялонғоч, унда катта каваклар ҳосил бўлган эса-да, меҳру муҳаббатга тўла қалби намоён.
Муаллиф кичик бир унсурлар ёрдамида катта маъно касб этадиган тасвирлар силсиласини ҳосил қилишга интилади. Синган сопол юзасида дарахт кундасида ҳосил бўлган параллел чизимчалару катта- кичик ҳалқалардан иборат мажозий бир шакллар муаллифнинг олам мувозанати ҳақидаги тасвирий ҳақиқатларидир. Жалолиддин Румийнинг олам ичра оламлар ҳақидаги машҳур байтлари беихтиёр эсингизта тушади. Бундай фалсафага йўғрилган тасвирлар муаллиф ижодида кўплаб учрайди. Масалан, Қашқадарёнинг чексиз адирликларини эслатувчи бир манзарани олайлик. Ҳаво сингдирилган тасвирда саратонни ҳис қиламиз.Тоштепаликда ярим қушга айланган дарахт тумшуқларидан олов пуркаяпти, узоқда эса сув тўла мовий ҳовуз ғира- шира кўринади. Уч дарахт, уч минора ва мадраса тасвирлари акс этган манзара эса бизга Юксаклик, Билим ва Ҳикматлар қалити бўлиб, ғаройиб дунёмизни англашга чорлайди.
Унинг ишларида қизил, жигар, мовий ва сариқ, яшил ранглари бисёр, улар замину осмонни, тупроқ ва ўсимлик дунёсини томошабинга нозик шаклларда эслатиб туради. Уларда худди Навоий бобомизнинг мана байтларидаги тасвирлар такрорлангандек :
Чарх рангомиз эрур, кўрма тафовут зинҳор
Рангларким, кўргузур кўку яшилдин то бинафша.
Бир жуфт афсонавий қуш тасвири гул бутаси ўрамида хаёлот чечаклари каби ёқимли таассуротлар жонлантиради. Мажозлар ва рамзларга бой бир қатор асарларида рангтасвирга хос композицияларни кўриш мумкин. Синган сопол юзасида узилган дарахт барглари қўйилган, ёнларида ёрилган, офтобда куйган анорлар. Уларнинг бирида пўстлоғи ёриғидан чиқиб қолган меванинг қизил донаси. Атрофларида чиғаноқсимон оқу кўк тошчалар сочилган. Башариятнинг ўн саккиз минг олам ичра турган ҳолатини эслатади бу манзара. Қуш ин қўйган уй ва сариштали ҳовли ва дарвозахона йўлаги манзарасини кўрганингизда, ўзингизни шу олам зарраси каби ҳис қилиш имконияти сезилади. Чунки, муаллиф квантлар қонуни сингари бир- бирига боғлиқ ҳаёт лавҳаларини сизга бир шода маржон сингари тақдим этади. Бундай қайду ташбеҳлар силсиласи кейинги пайтларда яратилаётган ишлар табиатига ҳам сингиб боради. Бир асаридаги қуйига қаратилган чечаклар дастаси нимани англатади деган фикр ўтади кўнгингиздан. Ёки сомонлой ыилинган девор қозиғида илинган исириқ шунчаки бир безак сифатида акс эттирилмагандир? Дарахтларга чирмашган қовоқларда нима ҳикматлар бор? Дастшўй сифатида фойдаланиладиган томошакадининг шаклу шамойилларида пластик ечим устиворми ёки яна сўфиёна имо- ишораларми?! Аслида уй ёки хона, залнинг ички интерьерларига деворий безак сифатида тақдим этиладиган бу хилдаги асарлар ўзидаги маънони бирданига зуҳур этмайди, у ҳаво ёки сув сингари танангизга билинтирмай кириб боради. Баҳодир асарларининг ҳикматлари ана шунда. Бундай йўлу хулосаларга у бирданига етиб келгани йўқ. Аввалига рангтасвир рассоми бўлмоқчи эди. Кейин, билим юртини битириш арафасида диплом ишини кўрган Эдуард Калантаров унга театр ва рассомлик интитутининг кино рассомлиги бўлимига топширишни таклиф қилди. Ўшанда Д. деган курсдош қиз ҳам шу бўлимга топширган эди, у рангтасвирда жуда ҳам заиф эди, битириб чиққанидан сўнг ҳам ижод кишиси сифатида шаклланмади. Аммо ўша қиз туфайли, (ўринлар чекланган эди) Баҳодир ижодий имтиҳондан ўта олмади. ” Ижодий ишимни рассом Бахтиёр Бобоев мақул топмади, Калонтаровнинг тавсияси билан шу ҳол рўй берди. Бояги қиз эса юқоридан кимнингдир қаттиқ кўрсатмаси туфайли қўллаб юборилди. Баҳодирга бу ҳолат жуда алам қилди. У шундан сўнг рангтасвирдан кўнгли совиди, Тўқимачилик комбинатига қарашли Маданият саройида республикада ном чиқарган Фрумгарц тасвир тўгарагида ўқиди.”Ҳақиқий рассом бўламан десанг, институтда ўқишинг шарт эмас, асосий пойдевор билим юртида берилади, ўз устингдан ишлашни унутма” дер эди устози. У бу гапни қашқадарёлик камтар рассом ва устози Владимир Кимдан ҳам кўп эшитар эди. Хуллас, малакаси анча ошгач, Қашқадарёга йўл олди, бадиий комбинат буюртмаларини бажариб юрди. Мустақилликдан сўнг, катта-катта буюртмаларни бажаришига тўғри келди. Вилоят ўйингоҳи,
Аммо у шу буюртмаларда ҳам ижодий ишлар сифатида қаради, ўз тафаккури ва илҳоми меваларини сингдирди. Бу социал буюртмаларда ҳам лирик оҳанглар сезилса-да, фалсафий маънога мойил тасвирлар устунлик қилади. Образли, поэтик фикрлашлар, рамзий ва мажозий тилсимларга айланган пластик тасвирлар кўзни қувонтирибгина қолмай, балки тафаккур оламини ҳам бойитиб боради. Уларда нафақат ислом амалий санъатининг ҳандасавий ва гириҳ чизгилари, балки, майин, мулойим рангтасвир унсурлари, ҳаёлот оламидан ўтган гўзал мавжудотлар тасвирлари мужассам. Муаллиф ҳар бир асарида умумий мазмундан келиб чиқиб, бўртма тиниқ тасвирларни мозаика, витраж унсурларига мослаштириб юборади. Турлича изланишлар, турлича натижалар ҳам унга бегона эмас. Лозим топса, кўнглига ёққан усталар ишини нусха ҳам қилиб кўчиради. Устахонасида ХХ аср бошида яшаб ўтган нуроталик тоштарош уста Абдураҳим Турдиевнинг Бухородаги Ситораи мохи хоса биноси зинапояи олдида ишлаган мармартош шерларидан бирининг нусхаси турибди. “Мен буюк тоштарошнинг ишига эҳтиром сифатида қайта ишладим. Унинг ўз мухлиси бор” дейди Баҳодир.
Ўзлигини, Ишқ оламини, қалб эҳтиёжини сопол нақшларию тасвирларида қуй қилиб битаётган Баҳодир Ниёзовнинг юлдузлардек сирли нафосати кўнглингизга бир ойдинлик бағишлаши табиий.
Nodir Normatov
BO’RTMA SOPOLDAGI SIRLI TASVIRLAR
Biz Bahodir Niyozov bilan Alisher Navoiyning muborak tavalludi arafasida uchrashgan edik. Garchi, o’sha kuni 2014 yilning fevrali boshidan beri yog’ayotgan qalin qor tinmagan, kimgadir bu malol kelgan bo’lsa-da, suhbatdoshim endi bahor yaxshi kelishini, yeru osmon gulu chechaklarga to’lib ketishini quvonib ta’kidlar, men esa u tug’ilib o’sgan Qashqadaryo dashtu dalalarining lola- qizg’aldoqlarga, gulu chechaklarga to’la manzarasini xayoldan o’tkazar edim. Ha, aytgancha, men o’tgan yili yoz boshida o’sha vohada bo’lib, Qarshi va Shahrisabzda fotoko’rgazmamni o’tkazish bahonasida bir muddat o’sha tomonlarni aylangan edim. Jumladan, qarshilik rassom Azamat Sattorov bilan Kasbidagi qadimgi kulollar sulolalarining davomchilari bo’lgan xonadonlarda bo’lgan edik. O’sha oqshom Qarshiga qaytayotganimizda, Toshkentdan tanish bir jurnalist qo’ng’iroq qilib, Bahodir Niyozov degan bir beshkentlik (bu joy Kasbiga yaqin) bir rassom- kulolning Toshkentda yashayotganligini, u shaxsiy ko’rgazmaga tayyorgarlik ko’rayotganligini, vaqt bo’lganida uning ustaxonasiga bir kelib o’tishimni so’radi. Garchi men kulollar ijodiga qiziqsam-da, ammo ular haqida kam narsa yozganman. Buxorolik Hamrobuvi Rahimova, Kubaro opa Hamroeva, sherobodlik Qudrat Asrorovlar haqida.Bunga hamancha bo’lgan.
Mana, nihoyat, qish kunlarining birida o’sha Bahodir Niyozov bilan uchrashib o’tiribmiz. Ungacha, kuzning oxirgi kunlarida ustaxonasida ham bo’lgan, ammo bafurja gaplashish imkoni tug’ilmagan edi. Bu galgi suhbatimiz qishning kelishidan boshlanib, asosan, Navoiy bobomiz she’riyatiga ulanib ketdi.Men navoiyshunos olima Sirdaryoxon O’tanovaning “Alisher Navoiy g’azaliyotida rang simvolikasi” kitobini mamnuniyat bilan esladim. Bahodir Niyozov esa ulug’ shoir she’rlaridan namunalar o’qidi, ularni o’zicha tahlilu sharhlab, hayratini izhor qildi, ohang va huzur qilib o’qiganidan o’zining ham ko’ngli taskin topdi, shekilli, yuz- ko’zida faxrga o’xshash bir nima paydo bo’ldi. Unda san’atga, hayotga, o’ziga ishonch mustahkamligi mana qaerdan ekan degan javob xayolimdan o’tdi. Keyin, gap orasida kandakor Omon Azizni esladim. Bilsam, u Bahodirning hamqishlog’i, ilk ustozlaridan biri bo’lgan ekan. Omon Aziz ham ulug’ shoirimizning ashaddiy muxlisi edi, uning ustaxonasida shoir g’azallari bilan aytiladigan qo’shiqlar plastinkasi tinimsiz aylanib turar edi. Kandakor o’zining cheksiz ehtiromi sifatida shoirning keksalik chog’idagi tasvirlarini bir necha bor misda muhrlagan, ular adabiy jamoatchilik orasida mashhur bo’lib ketgan edi.
Suhbatdoshim hamon zavqu shavq bilan g’azallar haqida so’zlar, gapining har birida mana bu fikr, mana tashbehni qarang, bobomiz g’azalda shunday musavvir bo’lib ketganki, tan bermay ilojingiz yo’q, derdi har gapining birida. Bahodirning bu qadar Navoiy dunyosiga sho’ng’ib, zavqu shavq bilan maza qilib mushohada qilayotganligi bejiz emas ekan. Bunday fikru o’ylar davomini uning sopol suratlarida, rel`efli ishlarida ko’rdim. Bahodirning bu ishlarida bevosita Navoiy asarlari bilan bevosita daxldorlik, dostonu she’rlariga bag’ishlovlar yo’q. Ammo shoirning Abadiyat, Foniylik, Lomakon, samoviy muhabbat, zohidlik va darveshlik kabi mavzulardagi sufiyona, o’ziga xos falsafiy qarashlari uning ana shu sopol ranglariga, bo’rtma tasvirlariga, g’aroyib kompoziqtsiyalariga bilvosita singdirib yuborilgan edi. Rassom-kulolni ilhomlantirgan bu mavzular tasvirlari nimalardan iborat o’zi? “Men aslida respublika rassomlik bilim yurtining rangtasviri bo’limida o’qiganman”, deydi rassom.- Taqdir shunday bo’ldiki, men loyga, kulollik ishlariga mehr qo’yib ketdim. O’zimni shu ishda topganday bo’laman”. Bahodirda tuproq, loy bilan ishlashga moyillik bilim yurtini tugatgan yildan ancha keyinroq paydo bo’lsa-da, ammo uning tabiatiga kulollik olami azaldan singib kelgan. Chunki, u o’zi tug’ilib o’sgan Beshkentdan sal naridagi Kasbida kulolchilikning qadimiy an’analari davomi bor, ulardagi madaniyat va nafosat Bahodirlarning ham xonadoniga kirib borgan, har kuni ko’zi tushib turadigan sopol idishlarning shaklu shamoyillaridan taralgan nafosat uchqunlari bolaligida qalbiga ko’chgan bo’lsa, ne ajab?! Baquvvat ildizlarga ega bo’lgan harqanday kulollik san’ati ma’lum bir davrlarda tarix sahnasida goh yuksaklikka ko’tarilib, goh pasayib, yo’qolib ketishlari arxeolog Rustam Sulaymon tomonidan olib borilgan XX asrning yetmishinchi yillaridagi Kasbi arxeologik qazilmalari topilmalarida ravshan ko’rinadi.
Bahodir bu merosdan bevosita foydalanmagan bo’lsa-da, ular shaklidagi mayinlik va qizil, jigar, sariq ranglarning uzviy bog’lanishlari uning ishlarida ham bilvosita namoyon bo’ldi. Albatta, bu ishlar an’anaviy kulollik, hunarmandlikdan farq qiladi. Ulardagi tasvirlarda rangtasvir, grafika usuliyu uslublari bo’rtib turadi. Faqat u endi rassom singari kompozitsiyalarini qog’ozu matoga emas, loyga, toshga, beton, keramikaga muhrlaydi. Bunday olganda, qalb ehtiroslarini ona zamin bag’riga bitadi. Bahodir ana shu zamin qo’ynida ulg’aygan fikrlovchi inson, hayol va hayot manzaralarini tafakkur loyiga qorib, ijod qiladi. Shuning uchun ham muallifning xayolot rang- barangligini olam taassurotlariga qo’shib, kichraytirilgan bir hajmlarga joylashtirilgan bu asarlari kishida bir qadar shodligu ma’yuslik, ezgulik va taskinlik uyg’otadi.
Muallif bunday hissiyotlar olamiga ramzlar, timsollar, belgilar tilsimiga murojaat qiladi. Buning uchun afsonalar va reallik makonidagi unsurlardan unumli foydalanadi. Humo qushini tasvirlar ekan, uning baxt va omad ramzi ekanligini hayotiy rishtalar bilan bog’laydi. Bu hikmat tiriklik deb atalmish buyuk qismatning yuksak cho’qqilariga intilish bilan bog’langan. Muallif nazarida, uning yo’li tafakkur kengliklari osha borayotgan ilohiy ishq timsolida jonlanadi. Ilohiy ishq tajallisi esa Hayot daraxti. Bahodirni ana shu ramziy daraxtning kuychisi deb atash to’g’riroq bo’ladi. Garchi muallif mavzularining qamrovi ancha keng bo’lsada, ularning barchasi ana shu teran ildizlarga tutashadi. Devorlarga osilgan aylana va to’rt burchak shakllaridagi sopol tasvirlarga ko’z tashlayman. Mana, o’sha inson hayotiga taqqaslangan hayot daraxti. Uning inson timsoliga aylanib ketganligini nafaqat shaklu shamoyili, balki, yashash tarzi ham eslatib turadi. Ketma ket osilgan bir turkum ishlar ana shu mavzuga bag’ishlangan: sershoh daraxt va ona zamin, uning jigar rangdagi tuprog’i, juftlashgan daraxtlar va g’aroyib hovli, shohlari silkinayotgan daraxt va mung’ayib turgan kulba, butun vujudi bilan kurashayotgan daraxt va unga chang solayotgan dovul, sabrni o’zida mujassam etgan daraxt va chopayotgan vaqt, foniylikka mahkum daraxt va siru sinoatga to’la osmonu yulduzlar,… Bularning barisi bir inson hayotidagi turli- tuman bekatlarni eslatmaydimi sizga?! Bahodirning sopol tasvirlari ana shunday tarzda falsafiy ma’no kasb etuvchi kompozitsiyalarga aylanib ketadi. Ayni paytda ijodkorning o’tmish merosiga, bugungi kundagi hayot manzaralariga munosabati shu yanglig’ namoyon bo’ladi.
Bahodirnig ba’zi ishlaridagi tasvirlar ma’lum bir ma’noda islomgacha bo’lgan O’rta Osiyo antik davri torevtikasi, ilk o’rta asr so’g’d san’ati an’analari davomi deyish mumkin. Ulardagi afsonaviy qushlar, yarmi qush, yarmi odam bo’lgan polimorf obrazlar, afsonaviy hayvonlar kulol mavzularida ham ko’rinib qoladi. Ularda rangtasvir va grafikada olgan bilimlarini kulollik san’atida, turli kompozitsiyalarda ustalik bilan qo’llaydi. Tomoshabinning asosiy diqqatini tortish, maqsadini anglatish uchun muallif tasvirlanayotgan syujetda kerakli unsur yoki jismni boshqalaridan ko’ra bo’rttirib ko’rsatish yo’lini tanlaydi. Tasvirdagi arava g’ildiragi hayotiy voqelik unsuri sifatida qayd etilsa-da, xayol va hayot charxpalagi sifatida ramziylik kasb etadi. Yoki grafik unsurgarga boy buyuk bir daraxt tasvirida uni yaproqlari yo’q holda ko’ramiz.E’tibor qilinsa, daraxt shoxlari tepasida mavjlapnib yotgan mayin gullar orzu- o’ylarimiz kabi yuksaklikka chorlaydi. Boshqa bir asarida olingan makon tasvirida yonma- yon, g’uj bo’lib o’sgan to’rt tup daraxtning shoxlari bir- biriga chirmashib ketgan, xudda ulkan savatsimon ustun shaklda bo’lib, go’yo osmonni ko’tarib turgandek tasavvur uyg’otadi. Shu turkumdagi kulolning boshqa ishida zamin mehvarida tik turgan, ildizlari baquvvat ikki tup daraxtning shoxlari tasvirlari yelkasida farzandlarini ko’tarib ketayotgan baquvvat odam tarzini eslatadi.
She’riyat olamiga hamohang tasvirlarda esa qizil zamin, qizil tegirmon tosh, jigarrang odam va oqimtir darvoza, jimjitlik hukm surayotgan hovlida jigarrang kulba, orqada qiyshayib ko’rinayotgan ikki imorat, tomga tirkalgan narvon aks etgan. Uy orqasida esa imoratlarni qulashdan ushlab turishga moslashib, engashayotgan azim daraxtning qudratli shoxlari. Bu holat va manzara tasviri xuddi she’r kabi “o’qiladi”. Yoki bir tup daraxtning ildizlari xuddi o’jar inson kabi oyog’ini yerga tirab, hayot zarbalariga qarshi qad kergan shaklda berilgan. Unda plastik yechimning maftunkorligi barobarida g’oya rivoji kishini o’yga toldiradi. Nomsiz bir ishida daraxt tanasi, g’umbaklar, spiral shaklidagi po’stlog’lar zaminda hayot davomiyligini ta’minlovchi va halokatdan muhofaza qiluvchi timsollarga aylanib ketadi. Go’zallik ma’budasi bo’lgan Ayol qomatiga mengzalgan daraxt tasviri esa bulutu dovullarga qarshi jon- jahdi bilan kurashayotgan bir ajib bir madhiyadir. U yeru osmonni bog’lab turgan bir ulug’ rishta kasb etgan, o’rtaliqda suzib yurgan bulutlaru dovullar hamlasi baribir o’tkinchidir. degan aqida ko’ngildan kechadi. Yana bir sopol tasvirda sizni o’ziga chorlayotgan, tiriklik va muzaffar hayot qo’shig’ini kuylab turgan odam daraxtining tanasi yalong’och, unda katta kavaklar hosil bo’lgan esa-da, mehru muhabbatga to’la qalbi namoyon.
Muallif kichik bir unsurlar yordamida katta ma’no kasb etadigan tasvirlar silsilasini hosil qilishga intiladi. Singan sopol yuzasida daraxt kundasida hosil bo’lgan parallel chizimchalaru katta- kichik halqalardan iborat majoziy bir shakllar muallifning olam muvozanati haqidagi tasviriy haqiqatlaridir. Jaloliddin Rumiyning olam ichra olamlar haqidagi mashhur baytlari beixtiyor esingizta tushadi. Bunday falsafaga yo’g’rilgan tasvirlar muallif ijodida ko’plab uchraydi. Masalan, Qashqadaryoning cheksiz adirliklarini eslatuvchi bir manzarani olaylik. Havo singdirilgan tasvirda saratonni his qilamiz.Toshtepalikda yarim qushga aylangan daraxt tumshuqlaridan olov purkayapti, uzoqda esa suv to’la moviy hovuz g’ira- shira ko’rinadi. Uch daraxt, uch minora va madrasa tasvirlari aks etgan manzara esa bizga Yuksaklik, Bilim va Hikmatlar qaliti bo’lib, g’aroyib dunyomizni anglashga chorlaydi.
Uning ishlarida qizil, jigar, moviy va sariq, yashil ranglari bisyor, ular zaminu osmonni, tuproq va o’simlik dunyosini tomoshabinga nozik shakllarda eslatib turadi. Ularda xuddi Navoiy bobomizning mana baytlaridagi tasvirlar takrorlangandek :
Charx rangomiz erur, ko’rma tafovut zinhor
Ranglarkim, ko’rguzur ko’ku yashildin to binafsha.
Bir juft afsonaviy qush tasviri gul butasi o’ramida xayolot chechaklari kabi yoqimli taassurotlar jonlantiradi. Majozlar va ramzlarga boy bir qator asarlarida rangtasvirga xos kompozitsiyalarni ko’rish mumkin. Singan sopol yuzasida uzilgan daraxt barglari qo’yilgan, yonlarida yorilgan, oftobda kuygan anorlar. Ularning birida po’stlog’i yorig’idan chiqib qolgan mevaning qizil donasi. Atroflarida chig’anoqsimon oqu ko’k toshchalar sochilgan. Bashariyatning o’n sakkiz ming olam ichra turgan holatini eslatadi bu manzara. Qush in qo’ygan uy va sarishtali hovli va darvozaxona yo’lagi manzarasini ko’rganingizda, o’zingizni shu olam zarrasi kabi his qilish imkoniyati seziladi. Chunki, muallif kvantlar qonuni singari bir- biriga bog’liq hayot lavhalarini sizga bir shoda marjon singari taqdim etadi. Bunday qaydu tashbehlar silsilasi keyingi paytlarda yaratilayotgan ishlar tabiatiga ham singib boradi. Bir asaridagi quyiga qaratilgan chechaklar dastasi nimani anglatadi degan fikr o’tadi ko’ngingizdan. Yoki somonloy iilingan devor qozig’ida ilingan isiriq shunchaki bir bezak sifatida aks ettirilmagandir? Daraxtlarga chirmashgan qovoqlarda nima hikmatlar bor? Dastsho’y sifatida foydalaniladigan tomoshakadining shaklu shamoyillarida plastik yechim ustivormi yoki yana so’fiyona imo- ishoralarmi?! Aslida uy yoki xona, zalning ichki inter`erlariga devoriy bezak sifatida taqdim etiladigan bu xildagi asarlar o’zidagi ma’noni birdaniga zuhur etmaydi, u havo yoki suv singari tanangizga bilintirmay kirib boradi. Bahodir asarlarining hikmatlari ana shunda. Bunday yo’lu xulosalarga u birdaniga yetib kelgani yo’q. Avvaliga rangtasvir rassomi bo’lmoqchi edi. Keyin, bilim yurtini bitirish arafasida diplom ishini ko’rgan Eduard Kalantarov unga teatr va rassomlik intitutining kino rassomligi bo’limiga topshirishni taklif qildi. O’shanda D. degan kursdosh qiz ham shu bo’limga topshirgan edi, u rangtasvirda juda ham zaif edi, bitirib chiqqanidan so’ng ham ijod kishisi sifatida shakllanmadi. Ammo o’sha qiz tufayli, (o’rinlar cheklangan edi) Bahodir ijodiy imtihondan o’ta olmadi. ” Ijodiy ishimni rassom Baxtiyor Boboev maqul topmadi, Kalontarovning tavsiyasi bilan shu hol ro’y berdi. Boyagi qiz esa yuqoridan kimningdir qattiq ko’rsatmasi tufayli qo’llab yuborildi. Bahodirga bu holat juda alam qildi. U shundan so’ng rangtasvirdan ko’ngli sovidi, To’qimachilik kombinatiga qarashli Madaniyat saroyida respublikada nom chiqargan Frumgarts tasvir to’garagida o’qidi.”Haqiqiy rassom bo’laman desang, institutda o’qishing shart emas, asosiy poydevor bilim yurtida beriladi, o’z ustingdan ishlashni unutma” der edi ustozi. U bu gapni qashqadaryolik kamtar rassom va ustozi Vladimir Kimdan ham ko’p eshitar edi. Xullas, malakasi ancha oshgach, Qashqadaryoga yo’l oldi, badiiy kombinat buyurtmalarini bajarib yurdi. Mustaqillikdan so’ng, katta-katta buyurtmalarni bajarishiga to’g’ri keldi. Viloyat o’yingohi,
Ammo u shu buyurtmalarda ham ijodiy ishlar sifatida qaradi, o’z tafakkuri va ilhomi mevalarini singdirdi. Bu sotsial buyurtmalarda ham lirik ohanglar sezilsa-da, falsafiy ma’noga moyil tasvirlar ustunlik qiladi. Obrazli, poetik fikrlashlar, ramziy va majoziy tilsimlarga aylangan plastik tasvirlar ko’zni quvontiribgina qolmay, balki tafakkur olamini ham boyitib boradi. Ularda nafaqat islom amaliy san’atining handasaviy va girih chizgilari, balki, mayin, muloyim rangtasvir unsurlari, hayolot olamidan o’tgan go’zal mavjudotlar tasvirlari mujassam. Muallif har bir asarida umumiy mazmundan kelib chiqib, bo’rtma tiniq tasvirlarni mozaika, vitraj unsurlariga moslashtirib yuboradi. Turlicha izlanishlar, turlicha natijalar ham unga begona emas. Lozim topsa, ko’ngliga yoqqan ustalar ishini nusxa ham qilib ko’chiradi. Ustaxonasida XX asr boshida yashab o’tgan nurotalik toshtarosh usta Abdurahim Turdievning Buxorodagi Sitorai moxi xosa binosi zinapoyai oldida ishlagan marmartosh sherlaridan birining nusxasi turibdi. “Men buyuk toshtaroshning ishiga ehtirom sifatida qayta ishladim. Uning o’z muxlisi bor” deydi Bahodir.
O’zligini, Ishq olamini, qalb ehtiyojini sopol naqshlariyu tasvirlarida quy qilib bitayotgan Bahodir Niyozovning yulduzlardek sirli nafosati ko’nglingizga bir oydinlik bag’ishlashi tabiiy.
Нодир Норматов — ўзбек насрида янги йўналиш асосчиси. Нодир ака, буюк Левитан ва Рўзи Чориев ҳақидаги асарларингиз; умуман, миллатдошларни мусаввирлик санъати асарларини «ўқиш»га ўргатганингиз учун Сизга кўпдан-кўп ташаккур!
Аслида мактабда «Тасвирий санъат» дарслари, истеъдоди бор-йўқлигидан қатъи назар, ҳар бир ўқувчидан чизишни талаб қилмасдан, тасвирий санъат асарларини тушунишга ўргатиши лозим. Бинобарин, ушбу дарсларда Ирвинг Стоун ҳамда Нодир Норматов асарларидан фойдаланиш мумкин. Шунда мазкур ўқув предмети ҳам реал натижа беради.