Odil Hotam. Umr — mangulikka atalgan qo’shiq

034   Шоир  Одил Ҳотамовни ўзбек китобхони   “Умр шами”, “Нигоҳлар”, “Юксакдаги дарахт”, “Дала йўли”, “Нафас” каби шеърий тўпламлари ҳамда “Юксакдаги дарахт” насрий китоблари орқали яхши танийди. Шеърларининг ҳар мисрасида Ватан меҳри, муҳаббат тараннуми, инсоний самимий туйғулар  жилваланиб туради. Ҳозирги кунда ижодкор  Кармана тумани “Кармана овози” газетасида фаолият кўрсатиш билан биргаликда, газета қошида ташкил этилган “Чашма” адабий тўгарагининг  раҳбари ҳамдир.
– Бу ерга қизиқиши, интилиши, энг аввало, худо берган истеъдоди бор ёшлар тўпланган, – дейди шогирдлари ҳақида Одил Ҳотам. – Уларнинг шеърларида беғуборлик, самимийлик уфуриб туради. Айниқса, Ифтихор Хонхўжаев, Мадина Ҳотамова, Валишер Воҳидов, Нуржаҳонбегим Усмонова, Азизбек Иноятов, Адолат Ҳамидова, Зойир Йўлдошев каби бир қанча шогирдларимдан умидим катта. Ҳали уларнинг қалб дафтарларида ўқилмаган байтлар, юрагининг туб-тубида ёзилмаган буюк асарлар қанча...

Биз бугун Одил Ҳотамнинг «Ёшлик» журналининг сўнгги сонида эълон қилинган шеърий туркумини тақдим этар эканмиз, келгусида устоз шоир шогирдларининг шеърлари ҳам бизнинг саҳифамиз орқали шеърият мухлисларига етиб боришига умид қиламиз.

02
Одил ҲОТАМОВ
УМР – МАНГУЛИККА АТАЛГАН ҚЎШИҚ
055

09 Одил Ҳотамов 1950 йилда туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олган. Унинг “Умр шами”, “Нигоҳлар”, “Юксакдаги дарахт”, “Дала йўли”, “Нафас” каби шеърий тўпламлари ҳамда “Юксакдаги дарахт” насрий китоби нашр этилган. 2000 йил “Шуҳрат” медали, 2011 йил “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган. Ҳозирги кунда Кармана тумани “Кармана овози” газетасида фаолият кўрсатиб келмоқда. Шу билан биргаликда, газета қошида ташкил этилган “Чашма” адабий тўгараги раҳбаридир.

056

УЙҚУСИЗЛИКДА

Унут манзаралар. ранглар, товушлар,
Кўнгил кўзгусида жамланар, ана.
Болаликда қолган тилло ковушлар,
Эртак тоғлар ошиб келмоқда яна.

Оловлар тилидан қоврилар таним,
Руҳим осмонини тутмиш камалак.
Йиқилиб, суриниб, излаб топганим –
“Алифбо ” ҳарфлари — фаришта, малак.

Тушлар ҳам сийлайди узун тун мени,
Хаёл хуржунлари хотиротга бой.
Деразамни чертар тонглар эпкини,
Илк бўса тафтини келтиради ой…

ЎСПИРИНГА

Қалдирғочлар не сир айтади,
Камалакда тақдиринг аён.
Қиз кулгуси боғдан қайтади.
Мажнунсифат йўл олдинг қаён?

Тоғлар узра қанотсиз уча,
Эслолмайсан чечаклар тусин.
Тушларингда уйғотар кеча
Дафтарингда қолган гул иси.

* * *

Сароблардан сарғайган сурур,
Шамолларнинг тиллари дудуқ.
Ривоятлар даҳмаси эрур,
Саҳродаги минг йиллик қудуқ.

Узун тунлар тинмагай довул,
Сабрданми тўлар паймона.
Иродаси собит саксовул –
Ердан ўсиб чиққан афсона.

* * *

Шафақларда азалий ҳикмат,
Уфқларга ёяр китобин,
Адашган қуш излайди хилват
Ва тинглагай зулмат хитобин.

Япроқларнинг яшил саҳфаси,
Еллар учун балки, қомусдир,
Чечакларнинг сирли нафаси
Табиатга асли номусдир.

Чўққиларга кумуш шуъла зеб,
Оқ сукунат ҳокимдир бутун.
Ой қўлидан шароб ичсин деб,
Ўғлонларни уйғотади тун.

* * *

…Сувлар тиниқ, хушҳол мажнунтол
Соясига боқади маҳзун.
Парча булут — оқ, оппоқ хаёл,
Оҳ тортади турналар узун.

Сомон йўли — боқий мунажжим,
Узаяди майин кечалар.
Барг рангидай ой сарғаяр жим,
Туш кўради тупроқ кўчалар.

* * *

Боғ адоғи ним қоронғи. Гул –
Нафас олар ой шуъласидан.
Девор орти ёришар буткул,
Чигирткалар ашуласидан.

Мусаввирдир табиат бутун,
Сукунатни симирар гўё.
Тушни ўнгдан келтирмоқ учун,
Оппоқ тонгга юз бурар дунё…

* * *

Қишлоғимга борганим маҳал,
Хотиралар жонланар қайта.
Ўрикзорлар товланар зарҳал,
Сувлар шошар қўшиғин айта.

Чол-кампирлар жилмаяр бари,
Хижолатман нолалигимдан.
Уларнинг гул қиёфалари
Қолиб кетган болалигимда.

* * *

Кўзларингда қалқир замин дардлари,
Долғалардан омон қолади юрак.
Қошу кипригингда замон гардлари,
Қувончинг тонгларга улашмоқ керак.

Уфқлардан нари — шафақлар мулки,
Меҳру муҳаббатинг — орзуга бешик.
Бу дунёга келиб, билганинг шулки –
Умр — мангуликка аталган қўшиқ…

* * *
Шовқинлардан жуда тўямиз,
Кенгликларга йўл олсак тикка,
Сукунатга исм қўямиз:
Дарё… Соҳил… Дала… Чигиртка…

Йўлларнингми ўр-қирларига,
Киргандайин бўлади титроқ.
Юрагимиз дукурларига,
Майсалар жим тутади қулоқ…

* * *

Кўнглинг уммонига тош отиб кимдир,
Ғанимат умрини этмоқда эрмак.
Хоҳла, орзуларинг қайиғин синдир,
Хоҳла, соҳилларга сўйлагил эртак.

Булутлардан ўзни юқори олгил,
Руҳинг қуёшини ўлдиролмайди.
Феълингни кенг қилу
Худога солгил –
Уммонни тош билан тўлдиролмайди…

РАНГЛАРИНГНИНГ…
Шойим ШЕРНАЗАРга

1

Тушларингда айлайсан парвоз,
Ўнгингда ҳам учсанг ростакам.
Нур, ҳаволар чиқарса овоз,
Анграярди бор дарахтлар ҳам.

Алмисоқдан қолган ҳақиқат
Келтиргайдир сени ҳушларга.
Мутлоқ ўрнинг заминда фақат,
Осмонларни бердинг қушларга.

2

Қўлда қалам — сўзларга тузоқ,
Ҳилпиратиб шеърият туғин,
Кечалари узундан узоқ,
Титкиладинг юлдузлар чўғин.

Ел тортқилар тулпоринг ёлин,
Истеҳзодан ойналар синиқ.
Сўзларингнинг қаймоғи қалин,
Рангларингнинг ранглари тиниқ…

ОРТИНГДА…

Бир кун ҳисоб сўрайди,
Армон қорин курайди,
Ёки буткул нурайди
Ортингда қолган кунлар.

Қўлида тош-тарози,
Ким норози, ё рози,
Кийик, тулки, ё този —
Ортингда қолган кунлар.

Юрагингнинг қони ул,
Дўсти содиқ, қани у,
Вужудинг — тўрт ёнинг  у –
Ортингда қолган кунлар.

Бирда манглай теринг бор,
Бирида не сиринг бор,
Ўринг бору  қиринг бор,
Ортингда қолган кунлар.

Умрки, ўтар шундоқ,
Ё ундоғу  ё бундоқ,
Борлиғинг тутар титроқ –
Ортингда қолар кунлар.

Келардан айирмасин,
Йўллардан тайирмасин,
Қаламинг қайирмасин —
Ортингда қолган кунлар.

Бири чалажон, беҳуш,
Бири меҳрингдан сархуш,
Бири қўлдан учган қуш –
Ортингда қолар кунлар.

Ишқдан қақшар устихон,
Рамағда титрайди жон,
Яшамоқ ҳам имтиҳон —
Ортингда қолар кунлар…

* * *

Титрар олам паришон ҳол…
Рауф Парфи

Боғлар аро кузак нафаси,
Мунғаяди сўнгги япроқ лол.
Ғолиб шодон қарғалар саси,
Титрар олам бир паришонҳол.

Хотиралар тушми ё ўнгми,
Соҳилларда суринар шамол.
Синиқ қиёқ лабида мунгли,
Титрар олам бир паришонҳол.

Ишқ оташин ютар хиёнат,
Оҳулардай олисда висол.
Илдизлардан оқар ҳамду наът,
Титрар олам бир паришонҳол.

Камалаклар бўлгайдир сургун,
Баҳорларни сўроқлар ҳилол.
Кўнглим унга бунчалар уйғун,
Титрар олам бир паришонҳол.

Кўлларимда сарғаяр қоғоз,
Дил мулкидан кетгайдир малол.
Қалдирғочлар қилгунча парвоз,
Титрар олам бир паришонҳол.

* * *

Фано дашти узра овворадирсан,
Чақнаган саҳрода фавворадирсан.

Ухлайсан, вужудинг уйқуга тўлмас,
Ҳисларингни эса ухлатиб бўлмас.

Юракка айланар буткул вужудинг,
Кўкларга ўрлайди фиғонинг, дудинг.

Олислардан келар гулдирак саси,
Ҳаёт ато этар баҳор нафаси.

Қурғаган қудуқми ва ёки уммон,
Сувратларга олар ой билан осмон.

Тушларингда етдинг Сомон йўлига,
Камалак сув қуяр гуллар қўлига.

Сен излаган ишқдан чулдирар қушлар,
Тинглайсан, бошингдан учади ҳушлар.

Излаганинг топдинг, тўхтар юрагинг,
Энди… унга йўқдир сенинг керагинг.

…Само дашти узра овворадирсан,
Сарғайган саҳрода фавворадирсан.

Орзулар тизидан кетгандир дармон,
Сенинг салқинингда соялар армон…

Манба: «Ёшлик» журнали, 2015/05

08Шоир Одил Ҳотамов ёзувчилар Аҳмад Аъзам ва Эркин Аъзам билан. «Гулистон» журнали таҳририятида 80-йилларда олинган сурат.

Shoir Odil Hotamovni o’zbek kitobxoni “Umr shami”, “Nigohlar”, “Yuksakdagi daraxt”, “Dala yo’li”, “Nafas” kabi she’riy to’plamlari hamda “Yuksakdagi daraxt” nasriy kitoblari orqali yaxshi taniydi. She’rlarining har misrasida Vatan mehri, muhabbat tarannumi, insoniy samimiy tuyg’ular jilvalanib turadi. Hozirgi kunda ijodkor Karmana tumani “Karmana ovozi” gazetasida faoliyat ko’rsatish bilan birgalikda, gazeta qoshida tashkil etilgan “Chashma” adabiy to’garagining rahbari hamdir.
– Bu yerga qiziqishi, intilishi, eng avvalo, xudo bergan iste’dodi bor yoshlar to’plangan, – deydi shogirdlari haqida Odil Hotam. – Ularning she’rlarida beg’uborlik, samimiylik ufurib turadi. Ayniqsa, Iftixor Xonxo’jaev, Madina Hotamova, Valisher Vohidov, Nurjahonbegim Usmonova, Azizbek Inoyatov, Adolat Hamidova, Zoyir Yo’ldoshev kabi bir qancha shogirdlarimdan umidim katta. Hali ularning qalb daftarlarida o’qilmagan baytlar, yuragining tub-tubida yozilmagan buyuk asarlar qancha...

Biz bugun Odil Hotamning «Yoshlik» jurnalining so’nggi sonida e’lon qilingan she’riy turkumini taqdim etar ekanmiz, kelgusida ustoz shoir shogirdlarining she’rlari ham bizning sahifamiz orqali she’riyat muxlislariga yetib borishiga umid qilamiz.

02
Odil HOTAMOV
UMR – MANGULIKKA ATALGAN QO’SHIQ
055

 Odil Hotamov 1950 yilda tug’ilgan. Toshkent Davlat universiteti (hozirgi O’zMU)ning jurnalistika fakul`tetida tahsil olgan. Uning “Umr shami”, “Nigohlar”, “Yuksakdagi daraxt”, “Dala yo’li”, “Nafas” kabi she’riy to’plamlari hamda “Yuksakdagi daraxt” nasriy kitobi nashr etilgan. 2000 yil “Shuhrat” medali, 2011 yil “Mehnat shuhrati” ordeni bilan taqdirlangan. Hozirgi kunda Karmana tumani “Karmana ovozi” gazetasida faoliyat ko’rsatib kelmoqda. Shu bilan birgalikda, gazeta qoshida tashkil etilgan “Chashma” adabiy to’garagi rahbaridir.

056

UYQUSIZLIKDA

Unut manzaralar. ranglar, tovushlar,
Ko’ngil ko’zgusida jamlanar, ana.
Bolalikda qolgan tillo kovushlar,
Ertak tog’lar oshib kelmoqda yana.

037

Olovlar tilidan qovrilar tanim,
Ruhim osmonini tutmish kamalak.
Yiqilib, surinib, izlab topganim –
“Alifbo ” harflari — farishta, malak.

Tushlar ham siylaydi uzun tun meni,
Xayol xurjunlari xotirotga boy.
Derazamni chertar tonglar epkini,
Ilk bo’sa taftini keltiradi oy…

O’SPIRINGA

Qaldirg’ochlar ne sir aytadi,
Kamalakda taqdiring ayon.
Qiz kulgusi bog’dan qaytadi.
Majnunsifat yo’l olding qayon?

Tog’lar uzra qanotsiz ucha,
Eslolmaysan chechaklar tusin.
Tushlaringda uyg’otar kecha
Daftaringda qolgan gul isi.

* * *

Saroblardan sarg’aygan surur,
Shamollarning tillari duduq.
Rivoyatlar dahmasi erur,
Sahrodagi ming yillik quduq.

Uzun tunlar tinmagay dovul,
Sabrdanmi to’lar paymona.
Irodasi sobit saksovul –
Yerdan o’sib chiqqan afsona.

* * *

Shafaqlarda azaliy hikmat,
Ufqlarga yoyar kitobin,
Adashgan qush izlaydi xilvat
Va tinglagay zulmat xitobin.

Yaproqlarning yashil sahfasi,
Yellar uchun balki, qomusdir,
Chechaklarning sirli nafasi
Tabiatga asli nomusdir.

Cho’qqilarga kumush shu’la zeb,
Oq sukunat hokimdir butun.
Oy qo’lidan sharob ichsin deb,
O’g’lonlarni uyg’otadi tun.

* * *

…Suvlar tiniq, xushhol majnuntol
Soyasiga boqadi mahzun.
Parcha bulut — oq, oppoq xayol,
Oh tortadi turnalar uzun.

Somon yo’li — boqiy munajjim,
Uzayadi mayin kechalar.
Barg rangiday oy sarg’ayar jim,
Tush ko’radi tuproq ko’chalar.

* * *

Bog’ adog’i nim qorong’i. Gul –
Nafas olar oy shu’lasidan.
Devor orti yorishar butkul,
Chigirtkalar ashulasidan.

Musavvirdir tabiat butun,
Sukunatni simirar go’yo.
Tushni o’ngdan keltirmoq uchun,
Oppoq tongga yuz burar dunyo…

* * *

Qishlog’imga borganim mahal,
Xotiralar jonlanar qayta.
O’rikzorlar tovlanar zarhal,
Suvlar shoshar qo’shig’in ayta.

Chol-kampirlar jilmayar bari,
Xijolatman nolaligimdan.
Ularning gul qiyofalari
Qolib ketgan bolaligimda.

* * *

Ko’zlaringda qalqir zamin dardlari,
Dolg’alardan omon qoladi yurak.
Qoshu kiprigingda zamon gardlari,
Quvonching tonglarga ulashmoq kerak.

Ufqlardan nari — shafaqlar mulki,
Mehru muhabbating — orzuga beshik.
Bu dunyoga kelib, bilganing shulki –
Umr — mangulikka atalgan qo’shiq…

* * *
Shovqinlardan juda to’yamiz,
Kengliklarga yo’l olsak tikka,
Sukunatga ism qo’yamiz:
Daryo… Sohil… Dala… Chigirtka…

Yo’llarningmi o’r-qirlariga,
Kirgandayin bo’ladi titroq.
Yuragimiz dukurlariga,
Maysalar jim tutadi quloq…

* * *

Ko’ngling ummoniga tosh otib kimdir,
G’animat umrini etmoqda ermak.
Xohla, orzularing qayig’in sindir,
Xohla, sohillarga so’ylagil ertak.

Bulutlardan o’zni yuqori olgil,
Ruhing quyoshini o’ldirolmaydi.
Fe’lingni keng qilu
Xudoga solgil –
Ummonni tosh bilan to’ldirolmaydi…

RANGLARINGNING…
Shoyim SHERNAZARga

1

Tushlaringda aylaysan parvoz,
O’ngingda ham uchsang rostakam.
Nur, havolar chiqarsa ovoz,
Angrayardi bor daraxtlar ham.

Almisoqdan qolgan haqiqat
Keltirgaydir seni hushlarga.
Mutloq o’rning zaminda faqat,
Osmonlarni berding qushlarga.

2

Qo’lda qalam — so’zlarga tuzoq,
Hilpiratib she’riyat tug’in,
Kechalari uzundan uzoq,
Titkilading yulduzlar cho’g’in.

Yel tortqilar tulporing yolin,
Istehzodan oynalar siniq.
So’zlaringning qaymog’i qalin,
Ranglaringning ranglari tiniq…

ORTINGDA…

Bir kun hisob so’raydi,
Armon qorin kuraydi,
Yoki butkul nuraydi
Ortingda qolgan kunlar.

Qo’lida tosh-tarozi,
Kim norozi, yo rozi,
Kiyik, tulki, yo tozi —
Ortingda qolgan kunlar.

Yuragingning qoni ul,
Do’sti sodiq, qani u,
Vujuding — to’rt yoning u –
Ortingda qolgan kunlar.

Birda manglay tering bor,
Birida ne siring bor,
O’ring boru qiring bor,
Ortingda qolgan kunlar.

Umrki, o’tar shundoq,
YO undog’u yo bundoq,
Borlig’ing tutar titroq –
Ortingda qolar kunlar.

Kelardan ayirmasin,
Yo’llardan tayirmasin,
Qalaming qayirmasin —
Ortingda qolgan kunlar.

Biri chalajon, behush,
Biri mehringdan sarxush,
Biri qo’ldan uchgan qush –
Ortingda qolar kunlar.

Ishqdan qaqshar ustixon,
Ramag’da titraydi jon,
Yashamoq ham imtihon —
Ortingda qolar kunlar…

* * *

Titrar olam parishon hol…
Rauf Parfi

Bog’lar aro kuzak nafasi,
Mung’ayadi so’nggi yaproq lol.
G’olib shodon qarg’alar sasi,
Titrar olam bir parishonhol.

Xotiralar tushmi yo o’ngmi,
Sohillarda surinar shamol.
Siniq qiyoq labida mungli,
Titrar olam bir parishonhol.

Ishq otashin yutar xiyonat,
Ohularday olisda visol.
Ildizlardan oqar hamdu na’t,
Titrar olam bir parishonhol.

Kamalaklar bo’lgaydir surgun,
Bahorlarni so’roqlar hilol.
Ko’nglim unga bunchalar uyg’un,
Titrar olam bir parishonhol.

Ko’llarimda sarg’ayar qog’oz,
Dil mulkidan ketgaydir malol.
Qaldirg’ochlar qilguncha parvoz,
Titrar olam bir parishonhol.

* * *

Fano dashti uzra ovvoradirsan,
Chaqnagan sahroda favvoradirsan.

Uxlaysan, vujuding uyquga to’lmas,
Hislaringni esa uxlatib bo’lmas.

Yurakka aylanar butkul vujuding,
Ko’klarga o’rlaydi fig’oning, duding.

Olislardan kelar guldirak sasi,
Hayot ato etar bahor nafasi.

Qurg’agan quduqmi va yoki ummon,
Suvratlarga olar oy bilan osmon.

Tushlaringda yetding Somon yo’liga,
Kamalak suv quyar gullar qo’liga.

Sen izlagan ishqdan chuldirar qushlar,
Tinglaysan, boshingdan uchadi hushlar.

Izlaganing topding, to’xtar yuraging,
Endi… unga yo’qdir sening keraging.

…Samo dashti uzra ovvoradirsan,
Sarg’aygan sahroda favvoradirsan.

Orzular tizidan ketgandir darmon,
Sening salqiningda soyalar armon…

Manba: «Yoshlik» jurnali, 2015/05

08

(Tashriflar: umumiy 502, bugungi 1)

Izoh qoldiring