Orif Tolib. Ming yillik hikmatlar.

77
Кайковуснинг “Қобуснома”си минг йил олдин ёзилган, шунча вақтдан буён авлодларга панд-ҳикмат улашиб келяпти. Бироқ унда бугунги кун билан боғлиқ кўплаб масалалар ҳақида сўз юритилмаган. Ҳаётда биз дуч келадиган муаммолар китоб билан ҳал этилмайди. Китоб – қоғоздаги ҳикмат, у кишининг тафаккур даражасига қараб жонланади. Каримберди бувага ўхшаган нуроний отахонлар эса тирик ҳикматнинг ўзи. Улар бугунги ёки йигирма-ўттиз йилги хулосаларни айтмайдилар. Бундай панд-насиҳатларни улар оталаридан, боболаридан, улар эса ўз аждодларидан эшитган. Бобо айтган гаплар минг йиллардан бери наслдан наслга ўтиб келаётган ҳикматларнинг замонавий кўриниши.

088
МИНГ ЙИЛЛИК ҲИКМАТЛАР
Ориф Толиб
011

009Кайковус фарзандига атаб ёзган “Қобуснома”сини “Писарам, ман пир шудам”, деб бошлайди. Яъни, “Ўғлим, энди мен пир бўлдим”. “Пир” форс тилида “қари”, кекса” деган маънога эга. Жумлани “Ўғлим, мен энди қаридим”, деб таржима қилиш ҳам мумкин. “Пир” ўзбекчада комилликка етакловчи, ҳақиқат йўлини кўрсатувчи устоз маъносида ишлатидаи. Имон-эътиқоди бутун, тажрибали кишиларнинг аксарияти кексайгач чин маънодаги пирга – устозга айланади. Шу боис “пир”ни ўзгартиришсиз қолдирган маъқул.

Қишлоққа борганда Каримберди бувани зиёрат қилиб тураман. У энг яқин мактабдош дўстимнинг бобоси. У кишига ёшлигимданоқ меҳрим тушган. Ўзига хос ҳикматли гаплари, мутойибалари билан бола тасаввуримизда илиқ таассурот уйғотган ва болаларга бегона кўз билан қарамайдиган бувани биз ҳам ўз бобомиз қаторида кўрардик. Мўйсафид отахон ҳозир саксондан ошган, бу ёшдаги чоллар қишлоқда саноқли қолди…

Сандалнинг бир четида ёнбошлаб, баъзан кўзи илиниб, баъзан хаёл суриб ўтирган бобойни кўриб, аллақачон ўзи билан ўзи бўлиб, дунёбехабар бўлиб қолган, деб ўйлайсиз. Аслида, сизу биздан хушёрроқ, дунёбохабарроқ.

Уйга киргач, секин томоқ қириб, салом бераман. Бобо истамайгина кўз очади, кейин мени таниб, алик олади, яхшилаб ўрнашиб ўтиради.

-Кел улим, тузукмисан, соғ-омон, ўйнаб-кулиб юрибсанми? Даданг, аянг, укаларинг яхшими? Ҳа, маъқул, саломат бўлишсин. Биздан сўрасанг, юрибмиз ўнгни тушга алмаштириб… Хўш, дунёда нима гаплар?

Газеталардан ўқиган, телевидениедан кўриб билган янгиликларимни айтаман. Чамаси, сўзларим бобони қониқтирмайди. У мен билмаган, ҳали эшитмаган янгиликларни ҳам айтиб беради.

-Одамларнинг туриш-турмуши, дунёқараши қандай? – деб сўрайди у киши.

-Яхши, – дейман. – Ҳар ким ўз тирикчилиги билан овора.

-Бугун дастурхонда нон, чой, оққанд, мураббо, сут-қатиқ, иссиқ овқат ва ҳоказо, ва ҳоказолар туриши оддий ҳол бўлиб қолди, – деб насиҳатга киришди Каримберди бобо. – Бизнинг давримизда дастурхонда нон турмасди. Бир амаллаб топилган нон оила аъзоларига бўлиб бериларди. Қорнинг тўйса ҳам, тўймаса ҳам – бори шу.

Одамлар истаган жойига бориб бемалол пул топиб келяпти. Мен сендайлик вақтимда аҳвол тамом бошқача эди. Ўзинг хоҳлагандек меҳнат қилолмасдинг. Даштларга ёки ўзлаштирилаётган чўлларга ариқ, зовур қазигани олиб кетишарди. Тирикчилик оғир, егани нон йўқ. Лекин бир амаллаб нон ёпдириб олишинг керак, чунки ишлайдиган жойингда ҳеч ким сенга ош-овқат бермайди. Ишга бормасликнинг умуман иложи йўқ. Отаман, қаматаман, деб дўқ уради раис. Бу гаплар шунчаки пўписа эмас, бўлиши тайин гап эди.

Бир кунлик иш ҳақига бир кило буғдой ёзилади, лекин берилмайди. Олти ой ўтгач, номингга ёзилган жами буғдойнинг ярми берилади. Вақтида берса, кетиб қолишинг мумкин-да. Бугун-чи? Меҳнат қилган одам, ризқини эмин-эркин топяпти. Мен эски гапларни эслаб, ўтган замондан нолимадим, эшитиб хулоса чиқаргин, деб айтдим.

Етарлича мол-дунёси бор, егани олдида, емагани кетида бўла туриб, кўзи тўймайдиган айрим хасис одамларни кўриб-эшитиб ҳайрон қоламан. Ҳаётнинг маъноси фақат яхши яшаш, пул топиш эмас-ку. Тўғри, муҳтож яшамаслик керак, бойларнинг кўпайгани яхши. Бироқ ҳеч қандай давлат, мол-дунё кўнгил хотиржамлиги ўрнини босолмайди. Ҳаммасига сабр-қаноат билан эришса ҳам бўлади. Аллоҳ таоло сабрли одамларни хуш кўради, уларга баракали ризқ беради.

Мен бир умр меҳнат қилиб, ўз пешона терим билан яшадим. Бугун ўтган умримдан мамнунман, Худога шукр қиламан. Сен ҳам ҳамиша ҳалол бўл, меҳнатдан қочма. Тўғри бўл, тўғрисўз бўл, адолатли бўл. Имонни мустаҳкам тут, ҳамма нарсани билиб-кўриб турувчи Яратган эгам борлигини унутма. Шундай қилсанг, умрингдан барака топасан, ҳаётинг маъноли ўтади.

Шу жойда бобо бироз сўлиш олади, фикрларини тўплайди. Сезаман, энди доимий шахсий мавзуга ўтилади:

-Уйланмадингми? – деб сўрайди бобо ҳали уйланмаганимни билсаям.

-Йўқ, ҳали. Озроқ ишлаб ўзимни кўрсатай, ўрнашай, битта оилани боқа оладиган ҳолатга келай…

-Баҳона изласанг, сонмингта топилади. Тенгқурларинг болали бўляпти, ана ўртоғингди қизи катта бўп қолди. Аллоҳ таоло ҳамманинг ризқини беради, уйлансанг, рўзғорингда барака бўлади.

Лекин шунчаки орзу-ҳавас, ўйин-кулги учун уйланма. Амир Темур дину диёнатда, ақлу камолда тенгсиз бўлгани учун Бибихонимга уйланганини биласан-а? Бу донишманд аёл эри сафардалигида давлатни идора қилган, қийин вазиятларга Темур бобога керакли маслаҳатларни берган. Ҳадисдаям айтилган, ёш, оила қуришга қодир, яхши оиладан бўлган аёлларга уйланинг, чунки улар ўз биродарларига ўхшашларини туғадилар, деб. Кўрмай, билмай жуфти ҳалол танланмайди. Чунки у билан бир умр бирга яшайсан, болаларингни ўша аёл тарбиялайди. Иложи бўлса, ўзингдан ақллироғига уйлан.

-Унақаси туғилганмикан? – деб ҳазиллашган бўламан.

Бобо мийиғида кулиб қўяди, индамайди. Мавзуни бошқа ёққа буради:

-Ҳою ҳавасларга учма. Артист ё футболчига ҳавас қилиб, болаларига ўшаларнинг исмини қўядиган, бошқаларга кўр-кўрона эргашадиганлардан бўлма. Илм эгалла, илмли одамларнинг этагидан маҳкам тут. Илми улуғ одам икки дунё саодатини топади.

Суҳбат яна озроқ давом этгач, бобонинг толиққани сезилади. Мен изн сўрайман, у киши яхшилаб дуо қилади. Хайр-хўшлашамиз…

Кайковуснинг “Қобуснома”си минг йил олдин ёзилган, шунча вақтдан буён авлодларга панд-ҳикмат улашиб келяпти. Бироқ унда бугунги кун билан боғлиқ кўплаб масалалар ҳақида сўз юритилмаган. Ҳаётда биз дуч келадиган муаммолар китоб билан ҳал этилмайди. Китоб – қоғоздаги ҳикмат, у кишининг тафаккур даражасига қараб жонланади. Каримберди бувага ўхшаган нуроний отахонлар эса тирик ҳикматнинг ўзи. Улар бугунги ёки йигирма-ўттиз йилги хулосаларни айтмайдилар. Бундай панд-насиҳатларни улар оталаридан, боболаридан, улар эса ўз аждодларидан эшитган. Бобо айтган гаплар минг йиллардан бери наслдан наслга ўтиб келаётган ҳикматларнинг замонавий кўриниши.

Пиру бадавлат отахонларнинг юзида нур бўлади. Нуронийлар билан суҳбат қургач, сизнинг кўнглингиз ҳам нурга тўлади, ўзингизда куч-ғайрат, ҳаётга иштиёқт сезасиз. Хатоларингизни англайсиз, ғанимат умрдан фойдаланиб қолишни, астойдил меҳнат қилишни дилингизга тугиб қўясиз. Илоҳим, ана шундай кексалар – чинакам пирларнинг умрлари узун бўлсин!

2010

“Ислом нури” газетасининг 2011 йил 20 январ сонида (қисқартириб) чоп этилган.

088
MING YILLIK HIKMATLAR
Orif Tolib
011

008Kaykovus farzandiga atab yozgan “Qobusnoma”sini “Pisaram, man pir shudam”, deb boshlaydi. Ya’ni, “O’g’lim, endi men pir bo’ldim”. “Pir” fors tilida “qari”, keksa” degan ma’noga ega. Jumlani “O’g’lim, men endi qaridim”, deb tarjima qilish ham mumkin. “Pir” o’zbekchada komillikka yetaklovchi, haqiqat yo’lini ko’rsatuvchi ustoz ma’nosida ishlatidai. Imon-e’tiqodi butun, tajribali kishilarning aksariyati keksaygach chin ma’nodagi pirga – ustozga aylanadi. Shu bois “pir”ni o’zgartirishsiz qoldirgan ma’qul.

Qishloqqa borganda Karimberdi buvani ziyorat qilib turaman. U eng yaqin maktabdosh do’stimning bobosi. U kishiga yoshligimdanoq mehrim tushgan. O’ziga xos hikmatli gaplari, mutoyibalari bilan bola tasavvurimizda iliq taassurot uyg’otgan va bolalarga begona ko’z bilan qaramaydigan buvani biz ham o’z bobomiz qatorida ko’rardik. Mo’ysafid otaxon hozir saksondan oshgan, bu yoshdagi chollar qishloqda sanoqli qoldi…

Sandalning bir chetida yonboshlab, ba’zan ko’zi ilinib, ba’zan xayol surib o’tirgan boboyni ko’rib, allaqachon o’zi bilan o’zi bo’lib, dunyobexabar bo’lib qolgan, deb o’ylaysiz. Aslida, sizu bizdan xushyorroq, dunyoboxabarroq.

Uyga kirgach, sekin tomoq qirib, salom beraman. Bobo istamaygina ko’z ochadi, keyin meni tanib, alik oladi, yaxshilab o’rnashib o’tiradi.

-Kel ulim, tuzukmisan, sog’-omon, o’ynab-kulib yuribsanmi? Dadang, ayang, ukalaring yaxshimi? Ha, ma’qul, salomat bo’lishsin. Bizdan so’rasang, yuribmiz o’ngni tushga almashtirib… Xo’sh, dunyoda nima gaplar?

Gazetalardan o’qigan, televideniedan ko’rib bilgan yangiliklarimni aytaman. Chamasi, so’zlarim boboni qoniqtirmaydi. U men bilmagan, hali eshitmagan yangiliklarni ham aytib beradi.

-Odamlarning turish-turmushi, dunyoqarashi qanday? – deb so’raydi u kishi.

-Yaxshi, – deyman. – Har kim o’z tirikchiligi bilan ovora.

-Bugun dasturxonda non, choy, oqqand, murabbo, sut-qatiq, issiq ovqat va hokazo, va hokazolar turishi oddiy hol bo’lib qoldi, – deb nasihatga kirishdi Karimberdi bobo. – Bizning davrimizda dasturxonda non turmasdi. Bir amallab topilgan non oila a’zolariga bo’lib berilardi. Qorning to’ysa ham, to’ymasa ham – bori shu.

Odamlar istagan joyiga borib bemalol pul topib kelyapti. Men sendaylik vaqtimda ahvol tamom boshqacha edi. O’zing xohlagandek mehnat qilolmasding. Dashtlarga yoki o’zlashtirilayotgan cho’llarga ariq, zovur qazigani olib ketishardi. Tirikchilik og’ir, yegani non yo’q. Lekin bir amallab non yopdirib olishing kerak, chunki ishlaydigan joyingda hech kim senga osh-ovqat bermaydi. Ishga bormaslikning umuman iloji yo’q. Otaman, qamataman, deb do’q uradi rais. Bu gaplar shunchaki po’pisa emas, bo’lishi tayin gap edi.

Bir kunlik ish haqiga bir kilo bug’doy yoziladi, lekin berilmaydi. Olti oy o’tgach, nomingga yozilgan jami bug’doyning yarmi beriladi. Vaqtida bersa, ketib qolishing mumkin-da. Bugun-chi? Mehnat qilgan odam, rizqini emin-erkin topyapti. Men eski gaplarni eslab, o’tgan zamondan nolimadim, eshitib xulosa chiqargin, deb aytdim.

Yetarlicha mol-dunyosi bor, yegani oldida, yemagani ketida bo’la turib, ko’zi to’ymaydigan ayrim xasis odamlarni ko’rib-eshitib hayron qolaman. Hayotning ma’nosi faqat yaxshi yashash, pul topish emas-ku. To’g’ri, muhtoj yashamaslik kerak, boylarning ko’paygani yaxshi. Biroq hech qanday davlat, mol-dunyo ko’ngil xotirjamligi o’rnini bosolmaydi. Hammasiga sabr-qanoat bilan erishsa ham bo’ladi. Alloh taolo sabrli odamlarni xush ko’radi, ularga barakali rizq beradi.

Men bir umr mehnat qilib, o’z peshona terim bilan yashadim. Bugun o’tgan umrimdan mamnunman, Xudoga shukr qilaman. Sen ham hamisha halol bo’l, mehnatdan qochma. To’g’ri bo’l, to’g’riso’z bo’l, adolatli bo’l. Imonni mustahkam tut, hamma narsani bilib-ko’rib turuvchi Yaratgan egam borligini unutma. Shunday qilsang, umringdan baraka topasan, hayoting ma’noli o’tadi.

Shu joyda bobo biroz so’lish oladi, fikrlarini to’playdi. Sezaman, endi doimiy shaxsiy mavzuga o’tiladi:

-Uylanmadingmi? – deb so’raydi bobo hali uylanmaganimni bilsayam.

-Yo’q, hali. Ozroq ishlab o’zimni ko’rsatay, o’rnashay, bitta oilani boqa oladigan holatga kelay…

-Bahona izlasang, sonmingta topiladi. Tengqurlaring bolali bo’lyapti, ana o’rtog’ingdi qizi katta bo’p qoldi. Alloh taolo hammaning rizqini beradi, uylansang, ro’zg’oringda baraka bo’ladi.

Lekin shunchaki orzu-havas, o’yin-kulgi uchun uylanma. Amir Temur dinu diyonatda, aqlu kamolda tengsiz bo’lgani uchun Bibixonimga uylanganini bilasan-a? Bu donishmand ayol eri safardaligida davlatni idora qilgan, qiyin vaziyatlarga Temur boboga kerakli maslahatlarni bergan. Hadisdayam aytilgan, yosh, oila qurishga qodir, yaxshi oiladan bo’lgan ayollarga uylaning, chunki ular o’z birodarlariga o’xshashlarini tug’adilar, deb. Ko’rmay, bilmay jufti halol tanlanmaydi. Chunki u bilan bir umr birga yashaysan, bolalaringni o’sha ayol tarbiyalaydi. Iloji bo’lsa, o’zingdan aqllirog’iga uylan.

— Unaqasi tug’ilganmikan? – deb hazillashgan bo’laman.

Bobo miyig’ida kulib qo’yadi, indamaydi. Mavzuni boshqa yoqqa buradi:

— Hoyu havaslarga uchma. Artist yo futbolchiga havas qilib, bolalariga o’shalarning ismini qo’yadigan, boshqalarga ko’r-ko’rona ergashadiganlardan bo’lma. Ilm egalla, ilmli odamlarning etagidan mahkam tut. Ilmi ulug’ odam ikki dunyo saodatini topadi.

Suhbat yana ozroq davom etgach, boboning toliqqani seziladi. Men izn so’rayman, u kishi yaxshilab duo qiladi. Xayr-xo’shlashamiz…

Kaykovusning “Qobusnoma”si ming yil oldin yozilgan, shuncha vaqtdan buyon avlodlarga pand-hikmat ulashib kelyapti. Biroq unda bugungi kun bilan bog’liq ko’plab masalalar haqida so’z yuritilmagan. Hayotda biz duch keladigan muammolar kitob bilan hal etilmaydi. Kitob – qog’ozdagi hikmat, u kishining tafakkur darajasiga qarab jonlanadi. Karimberdi buvaga o’xshagan nuroniy otaxonlar esa tirik hikmatning o’zi. Ular bugungi yoki yigirma-o’ttiz yilgi xulosalarni aytmaydilar. Bunday pand-nasihatlarni ular otalaridan, bobolaridan, ular esa o’z ajdodlaridan eshitgan. Bobo aytgan gaplar ming yillardan beri nasldan naslga o’tib kelayotgan hikmatlarning zamonaviy ko’rinishi.

Piru badavlat otaxonlarning yuzida nur bo’ladi. Nuroniylar bilan suhbat qurgach, sizning ko’nglingiz ham nurga to’ladi, o’zingizda kuch-g’ayrat, hayotga ishtiyoqt sezasiz. Xatolaringizni anglaysiz, g’animat umrdan foydalanib qolishni, astoydil mehnat qilishni dilingizga tugib qo’yasiz. Ilohim, ana shunday keksalar – chinakam pirlarning umrlari uzun bo’lsin!

2010

“Islom nuri” gazetasining 2011 yil 20 yanvar sonida (qisqartirib) chop etilgan.

Манба: Шоир Ориф толиб веб-сайти

011

(Tashriflar: umumiy 627, bugungi 1)

Izoh qoldiring