Ikrom Otamurod. O’rin. Doston.

003
Ёзишдан аввал, кангулга монанд сўзни қидираман. Сўзнинг маъно йўсинларини, шакл тарзларини қидираман. Тилимизда ҳар бир сўзнинг турфа маънолари, турфа шакллари мавжуд. Халқ оғзаки ижоди, мумтоз адабиётимиз, шева жиҳатларимиздан тортиб, бугунги сўз сираларига бир назар солиб кўринг-а? Омоним сўзларга қаранг. Синоним сўзларга қаранг. Бу тилимиз майдонида ўсиб келаётган маъно дарахтлари-ку. Ана шу дарахтларни ўзига муқобил номи билан аталса, дарахтлар, яъни сўзлар яшайди. Энди иккинчи саволингизга келсак. Асарим бошламасида охирини белгилай олмайман. Фақат фикримда, канглумда нималардир айланади. Ёзувда фавқулоддаликка суянаман. Ёзувим охирини фавқулоддаликдан топаман, фавқулоддаликдан ҳис қиламан (Икром Отамурод билан суҳбатдан).

04

045  Икром Отамурод 1951 йил 5 майда Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги Касби қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетида тахсил олган (1969—74). Дастлабки шеърий тўплами — «Вақт ранглари» (1982). Шундан сўнг шоирнинг «Жануб қушлари» (1983), «Тўрғайли манзиллар» (1984), «Уфқлар орти бепоён» (1987), «Руҳимнинг қайғуси» (1995), «Сен» (1999), «Канглум, ўзинг» (2002), «Тавр» (2005) каби шеърий китоблари нашр этилган. Бир нечта достонлар ҳам ёзган («Ярадор умид отлари», 1986; «Узоқлашаётган оғриқ», 1990; «Сопол синиқлари», 1994; «Анинг умиди», «Харитага тушмаган жой», 1992; «Таназзул» ва бошқа). М. Дарвиш, М. Бсису, У. Уитмен, П. Неруда, Ў. Сулаймон, Е. Евтушенко каби шоирларнинг шеър ва достонларини ўзбек тилига таржима қилган.

04

07
Икром ОТАМУРОД
ЎРИН
Достон
001

Эмас ўнгдан, сўлдан, кейин ё бурун,
Уст, остдан ҳам ё йўқ ўтирар ўрин.
Ўринни, ўринсиз топтирди қарор,
Усиз ўрин ҳам йўқ, бўлаверар иқрор.

Юсуф Хос ҲОЖИБ

…Нимадир…
…Қачондир…
…Кимдир…

*   *   *

…Кун.
Қуёш кўкда чоғларин чоғлаб,
зинҳор,
аямасдан тўкар нурларин.
Ботинга ҳарорат туморин боғлаб,
зоҳирга нақшлар
нақш турларин.

Кўкка зил-замбилдай юкини солган
тўппоқ-тўппоқ
булутларнинг тоғларин
эритиб қуёш…
…Хокопликдан толган
заминнинг
яшнатар қақроқ боғларин…

…Кун.
Қуёш воқиф куннинг бор борлиғидан…

…Тун.
Фалак тоқида порлаётган ой
чегириб
туннинг зулматин,
алҳол,
борлиқ рухсорига берганча чирой
ойдин шуълаларин сочар бемалол.

Ўзи насиб этган туннинг чироғи –
ой
сузиб борар,
чўмиб борар фалакда:
неларгадир қолдириблар фироғин,
неларгадир рўй кўрсатар тилакда…

…Тун.
Ой воқиф туннинг бор борлиғидан…

…Кунда қуёшни.
Тунда ойни ҳар дам:
қай ҳолат,
қай жиҳат бўлмасин бўзи,
ўзлак қуршаб олган теваракни ҳам
борми,
йўқми
бирдай кўради
Ўзи…

…Ўзи,
биргина,
Ўзи…

…Кунда ҳам.
Тунда ҳам
қилмай канда
назар ташлар
биргина,
Ўзи…

* * *

…Ҳамма нарсага бўлиб ишқибоз,
ҳамма нарсани истаб ҳаётдан,
учқур эгарлардан ўрин олиб боз,
тушгиси келмайди одамнинг отдан.

Одамни имтиҳон айлайди Ўзи,
қўйиб бирдай майлин ихтиёрига:
қаергача йўртар.
йўлларин чўзиб,
қачонгача чўмар
ҳубоб корига?

Одам кеккайтириб,
гавдасин қўрин,
айланади
мешин малайига –
хор.
Қулфланган дилида тариқча ўрин
иқтибоси йўқдир,
бори,
фақат,
зор.

Эҳ-ҳа!
Ўзи ясаган нарсасига қул,
ўзин Яратганни эсдан чиқариб.
Ясаган нарсаси –
ҳилвир-ҳилвир пул
домига тортади миқариб.

Қурган иморату
битилган жиҳоз
жимосига ҳирс қўяди жудаям.
Олдга сакрар.
Ортга қайрилмас бироз
дилин мавжудлигин йўқотган одам…

* * *

…Югур-югур.
Не тонг,
тўзғиб гардлардай
унут нуқтасига йўйилиб бот-бот
ёддан кўтарилгай:
қачондир,
нимадир;
эсдан чиқиб кетгай:
нимадир,
қачондир.
Нимадир,
қачондир муҳрланиб дардлардай,
мурувватин тутиб,
дилни қўллайди.
Нимадир –
очуннинг узун,
қисқа белбоғи.
Очуннинг силкинган қаноти –
нимадир.
Нимадир турфа-турфа,
чунонам-чунон.
Нимадир қаерларга йўртар тақтақа.
Тоғларга чирмашиб,
судралар нимадир.
Нимадир осмонларга сапчир,
мих қоқар.
Уммонларга тўр ташлаб,
қалқийди нимадир.
Нарх навосинда гангиб,
довдираб,
не-не муюлишу
бурилишлардан
илинжларин йўрғалатиб,
ҳовлиқиб,
шошар бозорларга хил-хил нимадир…
…Нимадир панд бериб,
чалғитар,
аксар,
ўзига бино қўйган фаҳмсизларни:
лўкиллатар ҳар томонга,
ҳар онга.
Ичларини
қуртлар кемириб,
тирнаб,
йиртилар танларининг ниқоблари,
воҳ!..
…Яна.
Таажжуби,
нимадир қаторлаб,
боису баҳона топиб бергай,
иккиланмай,
кўз тиктириб,
эргаштириб,
бўйин эгдириб доим фаҳмсизликка…
Ботини зилланиб,
изтироб ила
Гёте деганки: “Одамни фақат
ўзини ўзига танитар фаҳм…”
…Дилга йўллагувчи нимадир сийрак…
…Негаким,
дилга йўллагувчи нимадир
пайванд бўлиб фаҳм сифатларига:
ҳақликка,
собитликка,
эътиқодга
ихлоснинг туб томири билан йўллар…
…Нимадир эргаштириб,
нимадир адаштириб,
нимадир тойрилтириб,
нафсин измига
бўйсуниб,
нафсининг комига чўкиб,
чўлтанглаб,
нафсининг изидан мудом
лўкилласа,
човлар уриб кимсалар;
водариғо,
нафсининг тушовига
ружу қўйиб,
тушовланган кимсалар:
фаҳмидан айро,
дилидан айро…
… Қачондир,
нафсининг ҳирсин мўлжаллаб:
учиб,
қўниб,
чўпчиб бораётганлар
орасидан бирор ҳамроҳ тополмай,
бухсанади,
жимжимида,
музтариб дил…

* * *

…Зероки,
одамни фаҳми қўлласа,
ён берса фаҳмига одам,
зероки,
фаҳмини мувозий қилиб йўлласа,
йўқотмайди ўзин,
бор экан,
токи.

Одам қачондир,
барибир,
ҳаққон
тарозининг палласида тортилар.
Тақозо –
ҳақиқат мағзини чаққан
тусмолларнинг хислатларин ортқилар.

Ёнига бор,
ўзин билган кишини,
фақат,
билсанг,
мабодо,
тайин.
У ким?
Бир зум
фаҳмга юз тутиб,
тушуниб,
англагайсан,
шунда ўзингни.
Сен ким?

Одам нафс омбори бўлмайин,
асло,
қани эди бўлса,
фаҳм чироғи?
Хайрихоҳ хайри
беминнат тасалло
бериб,
яқин қилар эди йироғин.

Нақл бор:
Бугун ибтидо нарса,
табиийки,
эрта интиҳо бўлгай…
…Бугун интиҳо нарса,
табиийки,
эрта ибтидо бўлгай.

Атмосфера ҳосил этиб тез-тезда:
тўфонларин,
ёнғинларин,
зилларин,
одамни хатарга солиб ҳар кезда,
бир-бирига ёт айлагай феълларин.

Фаҳм қочиб,
идрок тортар қаттиқ ҳун,
қақроқ қайранг,
қуриган чўвак тахлит.
Балки,
шундан ситилиб борар ажун,
узилган ипларин туголмай яхлит…

* * *

… Қизиқ:
бор бўлса кўзланади,
йўқ бўлса бўзланади,
кимдир…

… Қизиқ:
совуқдан қалтирар,
иссиқдан ялтирар,
кимдир…

… Қизиқ:
кун бўйи ҳаллослайди,
тун бўйи талвасалайди,
кимдир…

… Қизиқ:
фирибин гуллатар,
тоқатин чўллатар,
кимдир…

… Қизиқ:
кенгликка тош суради,
торликка бош уради,
кимдир:

… Қизиқ:
зоҳирин яйратар,
ботинин ингратар,
кимдир…

… Қизиқ:
. . . . . . . . . . . . . . . . .
. . . . . . . . . . . . . . . . .
кимдир…

* * *

…Йўлга чиқди.
Бекатга юрди.
Мониёна босиблар қадам.
Ён-верига нигоҳин бурди
ҳоксоргина кекса бир одам.

Тикилди.
Атрофда имиллаб,
симиллаб шошилади вақт.
Чор тарафга изғир ғимиллаб,
қай кимсалар:
ё кеч,
ё барвақт.

Қай кимсалар хезланиб дуч-дуч,
жар солади сасин жомига.
Шамоллардай вағиллаб пуч-пуч,
сирғанади кибр домига.

Назарида,
маълум кўрувни
илғаб-илғаб,
хаёлин тутди.
Канда қилмай эркин юрувни,
мўлжаллаган бекатга етди.

Бекат гавжум.
Пала-партиш тўп.
Гал бермайин дўғурлар-дўғур.
Беэътибор
ва
бепарво бўб,
санчилади бекатга йўғур.

Ҳайрон-ҳайрон қолади.
Чўчиб,
нимадир ич-этини тирнар.
Қай кимсалар алдовга учиб,
қай кимсалар алдовни ўйнар.

Темирлардан тўқилган метин
қай-қайки мошинлар товлиқиб,
югургани-югурган бетин,
ўрин бермай:
қизғиб,
ҳовлиқиб…
………………………………………….
………………………………………….
………………………………………….
…Четроқ чиқиб,
шовқиндан безиб,
жимликка дилини тутади.
Келар йўлга кўзини тикиб,
автобусни интиқ кутади…
………………………………………….
………………………………………….
………………………………………….
…Автобус силкиниб-силкиниб,
шағиллаб-шағиллаб,
ниҳоят,
мўлтир-мўлтир кутувга эниб,
етиб келди бекатга ғоят…
………………………………………….
………………………………………….
………………………………………….
…Хоксоргина кекса бир одам
автобусга чиқди амаллаб.
Туртилиб,
сурилиб дамодам,
манзилини борар мўлжаллаб.

Барибир,
ҳолати келмади,
гавдаси қисилди,
нафақат.
Бўй тортиб турганлар жилмади,
қайтангга,
тиржайиб,
кулишар фақат.

Автобус тиқилинч
ҳам
тирбанд,
хўрсиниқни ўстирар бу ҳол.
Ўрин доим эгалик
ва
банд,
автобуснинг ичида,
алҳол!..
………………………………………….
………………………………………….
………………………………………….
…Хоксоргина кекса бир одам
озгина силжиб ўртароққа,
қисқа қўли муаллақ,
дам-дам
туриб қолди битта оёққа.

Ёнида,
ўринга ўрнашиб,
бир бола ўтирар бемалол.
Бир-икки қаради бўшашиб,
ўрнини берар деб,
эҳтимол.

У эса,
гўшагин илдириб,
сайрайди,
тап тортмай,
зиғирча:
кимларгадир бериблар фириб,
кимларгадир ёғ суртар анча…
………………………………………….
………………………………………….
………………………………………….

…Хоксоргина кекса бир одам
илтижо тарзида сўради:
– Болам,
оёғимда жудаям
оғриқ кўпчиб,
дардин буради.

Бир илтимос,
малол келмаса,
ўрнингизга ўлтирсам девдим…
………………………………………….
………………………………………….
………………………………………….

…Гўшакнинг сайридан пичагина
тўхтагандай бўлдию
кўзин
ташга чиқариб пучагини
ўринга ўрнаштириб ўзин,
ҳеч нарса сезмагандай деди:
– Сиз,
менингдек,
ёш пайтингизда,
ҳозир,
худди ўзингиз мисол
бўлганларга,
қани,
айтингиз-да,
ўрнингиз берганмисиз,
бемалол?..
………………………………………….
………………………………………….
………………………………………….
…Хоксоргина кекса бир одам
айтди,
шу кез,
савол жавобин:
– Ҳа!
Сўрашмаган пайтларида ҳам
ўрнимни бериб,
олганман савобин…
………………………………………….
………………………………………….
………………………………………….
…У эса,
ўрнини берк қилиб,
яхшигина жойлашиб,
деди:
– Шунинг учун дард тилиб-тилиб,
оёғингиз оғритар,
энди.

Негаки,
ўринни асрамай,
бошқаларга совға қилгансиз.
Шу боис ҳам,
қолиб касрина,
қанча-қанча оғриқ илгансиз.

Вақт келиб,
мен ҳам сиз қатори,
ёшим,
кексаликка етганда,
истамам,
оёғим мадори
қуриб,
ўрин чоғи ботганда…
………………………………………….
………………………………………….
………………………………………….
…Хоксоргина кекса бир одам
тиқилинч аҳволин унутди.
Манзилига муштоқ хос чидам
ўйловининг оғриғин ютди…
………………………………………….
………………………………………….
………………………………………….

…Автобус –
ҳаракат.
Чопар йўлма-йўл.
Автобус –
ҳолат.
Зирқирар зирқиб.
Автобус –
ўрин.
Ё кам,
ё мўл…
…Йўлланар қай-қайларга сирқиб…

* * *

…Рост хўрсинади
ёлғон ваҳми-ла.
Сукут йиғлайди
ғовур дастидан.
Гиёҳ қурийди
қурғоқ заҳми-ла.
Туфроқ эзилади
харсанг остида.

Андиша ночор
кибор товидан.
Қадр доғланади
илашса жабр.
Бурд йўқолгайдир
бебурд совидан.
Дилга мададдир
дилдаги сабр…

* * *

….Ҳақ –
дилнинг муқаддас йўли.
Айла Ҳақни дилингга макон.
Тилинг тадоригин ҳоқони бўлиб,
Дилингкўзёшларин аритгин онма-он.

Тил ҳовуч-ҳовуч ўтрукларини
қайсидан-қайси ўринга чоғлаб,
синдиради дилнинг кўприкларини,
бебурд таъмаларни тўқиб,
ардоғлаб.

Тил ўтрукларин экиб,
ботмон-ботмон,
майсаларнинг пучак бошоқларини
кўпайтириб,
дилга санчади кетмон,
қақшатади дилнинг ушоқларини.

Тил ўтрукларин гумбазларга тақиб,
кўз-кўз қилиб,
тақинчоқдек,
ҳойнаҳой,
мурувватнинг хоксор пешасин йиқиб,
емиради дилнинг пойдеворин,
вой!

Тил ўтрукларин думалатиб йўлларда,
чангу
ғуборларга белаб муттасил,
дилнинг муродини ўнгу
сўлларда,
масканларда қавжиратар ҳар фасл…

* * *

…Не кўриниш аксин намоён
қилиб,
қурбу
қувватларини
хотирага уйқаб,
ёнма-ён
кўзга чизар сувратларини.

Жойланади кўзга жамулжам:
таассурот,
ахборот,
сира.
Қувончни ҳам
ё
қайғуни ҳам
кўздан дилга жойлар хотира…

* * *

… Кимдир …
… Қачондир …
… Нимадир …

хдк

(Tashriflar: umumiy 842, bugungi 1)

Izoh qoldiring