Ikrom Otamurod. Ishora. Doston & Islomjon Yoqubov. «Kangul» qushining hol izhori

04 Шоир таъкидлаганидек, бизни қуршаган муаззам борлиқда намоён ашёларнинг мавжудияти, кўриниш тарзи, ҳаракат йўсини ва бир-бирига ўзаро чамбарчас боғланишида Яратувчи жо этган аниқ қонуният ва улуғ ҳикмат ҳукм суради…

“КАНГУЛ” ҚУШИНИНГ ҲОЛ ИЗҲОРИ
ИСЛОМЖОН ЁҚУБОВ
Низомий номидаги ТДПУ “Ўзбек ва қозоқ тили” кафедраси мудири, филология фанлари доктори


Ҳўкизга – туртки, донога – ишора кифоя.
(Халқ мақоли)
Оқиллар омон бўлсин!
(Дадамнинг дуолари)

02Икром Отамуроднинг ҳукмингизга ҳавола этилаётган “Ишора” номли янги достони поэтик ифодаси қатига улуғ сирлар яширинган. Аслида, зоҳиран ниҳон тутилгандай туюлувчи кўнгил асрорининг: иштиёқ, интилиш, интизорлик, соғинч, қувонч, дард, афсус, надомат, қаноат, сабр каби турфа туйғуларга йўғрилган самимий ва оғриқли изҳорлари белгилар чизгиси ва шама-ишоралар суврати орқали ўз маъно-мазмунини очади. Жумладан, ХХ аср бошлари француз авангард адабиёти таниқли вакили, модернист шоир Гийом Апполинернинг: “Шундай сир борки, бу ишора суврати”, деган пурмаъно ҳикмати достонга эпиграф қилиб танланган. И.Отамурод шу эпиграф орқали ўзининг асл мақсадига ишора қилган. Бу ишора эса, китобхоннинг эътиборини ўзи диққат қаратиши лозим бўлган асосий жиҳат – лейтмотивга йўналтиради. Шу боис, мутолаа асносида биз ишора ва белгилар имо қилган йўлдан фикр ва туйғу сафарига чиқамиз. Зотан, донишманд халқ мақолида уқтирилганидек, “Ҳўкизга – туртки, донога – ишора кифоя”.

Достонда даставвал, китобхонга Қуёш, Ой, Кун ва Тун азал котиби иншо қилган тарзда айланиши, уларнинг ўрин алмашинуви, мавжудлик учун бири иккинчисини тақозо этибгина қолмай, бири иккинчисининг инкори эвазига бунёд бўлиши замиридаги қатъий мунтазамлик маромининг ҳикмати – бу улуғ ҳаракатда ворислик тамойили шоён экани хабари етказилади.

Шоир ёруғ оламда ашёлар мавжудлигининг давомийлиги ва ҳолатлар алмашинувига хос изчилликни дунёнинг муҳим атрибутлари бўлмиш вақт ҳамда макон шаклларига боғлаб изоҳлайди. Чунки вақт ўзгаришлардан хорижда мавжуд бўлмаганидек, барча моддий тизим ва жараёнлар ҳам мунтазам давомийлик, узлуксизлик – мозийдан келажак сари ўзгаришда яшашга, ривожланишга маҳкум. Муҳими, шоир вақтнинг макон билан бирликдаги илгариланма ҳаракатини идроклаш билангина қаноат туймайди. У Қуёш, Ой, Кун ва Тунда аниқ сифатлар пайдо бўлиши, уларнинг бошқа шаклга ўтиши билан боғлиқ узлуклиликни нисбий ҳол деб билади. Чунки вақтнинг узлуксизлиги мутлақ эканига ишонади. Шубҳасиз, бу ҳиссий мушоҳада дабдурустдан пайдо бўлмайди. Хотира буржларида жонланган аждодлар ёди, мозийдан элас-элас таралаётган ибтидо ва интиҳо ҳақидаги бизнинг руҳ майлимизга ғоят таниш илтижоларнинг сеҳркор оҳанглари орқали англанади:

… Элас-эласдан келар илтижо,
Элас-эласдан келар ибтидо,
Элас-эласдан келар интиҳо…

Англашиладики, йироқ-йироқлардан таралаётган мусиқий ритмнинг “кангул”да акс садо бериши вақт қайтарилмаслиги, айни пайтда, оламнинг ибтидоси бўлганидек, интиҳоси ҳам муқаррарлигига имон келтирилаётгани билан характерланади. Бинобарин, И.Отамурод нисбийлик назариясига тўла эргашиб кетмаганидек, вақтни алоҳида одам онгининг мазмунига кескин боғлаб қўймайди. Вақтнинг ўтишини универсал алоқадорликда тушунади. Шоирнинг дунёни англаши ва вақтни ўлчаши бир жиҳатдан, амалий – астрономик характер касб этиб: Қуёш, Ой, Кун ва Тун ҳаракат-ҳолатлари шаклида намоён бўлса, иккинчи жиҳатдан, ана шу даврий қайтарилувчи жараёнлар давомийлиги изоҳида ўрта аср мутафаккирларининг ирфоний қарашлари – Қуръони карим кўрсатмаларига чамбарчас боғланади. Қолаверса, достон одам ва олам қисматига дахлдор ижтимоий-ахлоқий, маърифий тутумлар мушоҳадаси асносида И.Отамурод дилида пайдо бўлган туйғуларнинг изҳори, онгида кечган фикрларнинг англами экани жиҳатидан индивидуаллик касб этади. Шу ажралмас учликка таянилгани боис, достон теран мазмуни бадиий адабиётдаги рамзга мойил киноявий образ – парабола: ўзаро қиёс, чоғиштириш, ўхшатиш ва мажозларга қурилади.

Шоир даставвал, ашёларнинг ўзида муайян ишоралар мужассамлигини кўради. Сўнгра уларнинг ҳаракат мароми – ишоранинг ишораси унга ўз сирларини очади. Чунки у борлиқда мавжуд нарсаларнинг сифатларини мавжудликнинг асл маншаъидан излайди. Унинг ҳиссий идрок ҳофизаси макон ва замон, замин ва коинот сарҳадлари бўйлаб кезинаркан, ҳайратангиз яхлитликни туйади. Сўнгра йўқликдан оламни бунёд этган ҳақиқий борлиқ – Оллоҳ ҳақида фикрлаш ва уни ҳиссий идрок орқали қамрашга интилади. Зотан, яратувчининг мислсиз ғамхўрлигида эзгулик ва гўзаллик мужассамлигига иқрор бўлади. Шу тариқа, И.Отамуроднинг нигоҳи табиий борлиқдан секин-аста ижтимоий, маънавий ва инсоний борлиқлар сари сирғалади. Чунки инсон ўз моҳиятига кўра кичик олам бўлса-да, ўзида катта олам – коинотдаги барча нарса ва сифатларни мужассамлаштиради. Аёнки, илоҳий сифатлар юқори самовий доираларда бирин-кетин ва ўзига хос мақомларда жойлашган. Шу боис, ҳақиқат йўлини излаган шоирнинг ҳиссий ва фикрий йўли даставвал:

… Ишора
ишоранинг
ишораси…

тарзида бошланиб, яратиқлар сиймоси ва яшаш тарзидан уларга ибтидодаёқ ато этилган имконларни илғаш, маъно ахтариш шаклида давом этади. Шоир фикр ва туйғунинг эркин ҳаракатини таъминлаш орқали буюк қудрат эгаси тортган сирлар пардаси ортига нигоҳ ташлайди. Айнан шу эркинлик қамрови – фикр ва туйғу траекторияси параболани чизади. Шоир гоҳ ашёлар билан сирлашиб, гоҳ росту ёлғонни бағрига яширган сукунат жарангларини тинглаб ўзлик қаърига – кўнгил тубига шўнғийди. Зотан, неча минг йиллик ҳаракатнинг сўниши эвазига бунёд бўлган, яна қанча росту ёлғонни бағрига яширишга тадорик кўраётган сукунат асрорини фақат кўнгилдагина қамраш мумкин. Кўнгил шу қадар кенг маъвоки, ундан ҳар бир ҳодисот қисматига макон бериш, улар билан сирлашиш, тасалли топиш ва юпаниш мумкин. Шу тарзда, тасаввур ва хаёл тулпори ўз ўқи атрофида айланади ва энди:

… Ишораси
ишора
ишоранинг…

тарзидаги тахайюлий сиртда бир жиҳатдан, параллел нурлар ягона нуқтага жамланади. Агар ҳодисага ўзга ракурсдан қаралса, йиғилган фокусидан тарқалаётган ўша нурларнинг шууримиздан қайтиб, ўзига хос нур дастаси ҳосил қилишини ҳам кузатиш мумкин бўлади. Бу жараённи нисбатан осонроқ англаш учун прожектор ва автоулов чироқлари нурқайтаргичларини кўз олдимизга келтириш кифоя. Албатта, фикр ва шуурда кечувчи юқоридаги илгариланма ҳаракат траекториясини илғаш учун муайян риёзат чекиш, энг муҳими шоирга фикрдош, туйғудош ва кечинмадош бўлиш талаб этилади.

Чунки шоир хаёл оти лаҳзанинг ўзида тарих, замин ва коинотни қамраб яна ўз замонига қайтишга қодир. Шу боис, у ўз қалбининг қат-қатларидан Машриқу Мағрибдаги одамнинг яшаш тарзини топади. Уни қуёш нурлари шивир-шивирига хос фасоҳат, қор чилласи милдир-милдирига хос нафосат билан идрок этади. Заминнинг қурбати, самовотнинг қудрати ўша фасоҳату нафосат жипслигида шоён эканини англайди. Азалий ҳикмат шуки: интилиш туфроққа, истак қадрга, йўл манзилга, имон мурувватга, соғинч меҳрга, тоқат имодга, аркон Ҳаққа бирикиб яхлитликни юзага чиқаради. Атрофимизни қуршаган шунча ишораларга яширин ва уларда ошкор ҳақиқат ҳар биримизга бир пайтлар қайбир манзилдан олис сафарга чиқиб, бир-бирларига меҳр-муҳаббат, сабр-тоқат, мурувват-шафқат, имон-эътиқод ришталари билан боғланган ва пировардида хоку туроб бўлган олис ва яқин аждодларимиз қисматини эслатмайдими? Ҳар биримиз уларга томир ришталари-ла мустаҳкам боғланганимиз ва ўшандай тақдирга мустаҳиқ эканимиздан белги ва ишоралар бермайдими? Дарҳақиқат, бизнинг авлод ҳам инсоният улуғ шажарасининг бир бўғини, унга тақдирдош. Шу боис, достондаги даъваткор учинчи такрор:

… Ишоранинг
ишораси
ишора…

тарзида жаранглайди. Шоир наинки инсоният, балки замину самовот тарихида содир бўлган барча ҳодисалар замирида муайян ишоралар жамулжам ва уларнинг ҳар бири ўзига хос огоҳнома экани маърифатидан хабар беради. Чунки ана шу ҳодисалар садоси: кенглик ва юксаклик мазмуни, нуқтанинг моҳияти, изтиробнинг кўлами, нажотнинг моҳияти ва ниҳоят масофанинг меҳварида мужассам ишора ҳамда уларнинг барчасини ўз бағрига жо этишга қодир ишоранинг ирфоний табиати, уларнинг аслида ажралмас яхлитлик эканидан сўз очади. Мавжудликнинг давомийлиги ва ҳолатлар алмашинуви изчиллиги ҳикматидан ибрат олишга чорлайди. Чунки инсон умри лаҳзалардан таркиб топганидек, муҳит ҳам жабҳалардан бунёд бўлади.

Бинобарин, яшаш учун берилган имконни лаҳзанинг қадри орқали зийнатлаш учун, уни қай йўсинга сарфлашни танлаш ҳам улуғ масъулият. Бу масъуллик инсон зотининг ирфоний ҳикмат, руҳий поклик ва илоҳий маърифатни эгаллаш орқали омонатга хиёнат қилмаслигида намоён бўлади. Зотан, вақт илгидаги банданинг номаи аъмолига мутаносиб тарзда, танлов имконлари ҳам тобора қисқариб, умр ўз шомига ёвуқлашиб бораверади.
Мусаффо тонгнинг ёруғлик билан ибтидоланиши бутун куннинг нурафшон бўлишига рағбат берганидек, дилнинг муаффолиги ҳам инсон умрига зийнат бағишлайди. Шу маънода, одамнинг пешонаси ҳам кенгликда арзга, адоқсиз сирлар макони экани жиҳатидан аршга менгзайди.

Кўринадики, поэтик мушоҳада онларида жонли, ҳаётий тамсилларга таянган шоир фикру шуури дастлаб заминнинг самовий кўламдаги ўрни, сўнгра инсоннинг коинот фарзанди экани теграсида айланади. Бошқачароқ айтганда, достонда инсон қисмати заминдан коинотнинг энг юксак қаватигача бўлган кенглик ва юксаклик оралиғида муҳокамага тортилади. Мўмин ва заҳматкаш одамнинг пешонасидаги ажинлар чизгиси замину самовотнинг мўъжаз харитаси эканига ишора қилинади. Ишорадан мурод инсон ва замин Оллоҳнинг доимий кузатув-эътибори, паноҳида экани: буни ҳар ким ўз онгининг имкони даражасида идрок этиши, демакки қисқа умр мазмунини теран ҳис этиш, одаму олам асрорини тафаккур қилиш орқали Ҳақ ва ҳақиқатга иқрор бўлиш муқаддас бурч эканини уқтиришдир.

Демак, И.Отамурод илоҳий маърифат идрокида Жунайд Бағдодий, Нажмиддин Кубро, Аҳмад Яссавий ва Баҳоуддин Нақшбанд каби тасаввуф алломалари маъқуллаган йўлдан бориб, тафаккурий – ақлий билимга эътибор қаратади. Инсон руҳий кечинмалари, нозик ҳолатлари таҳлили ва бадиий тадқиқи асносида Нажмиддин Кубронинг “латоиф” (“нозик таъблилик”) назариясига таянади. Табиатда ҳолатлар ўзгариши, шаклларнинг алмашинуви орқали онг ва туйғу, руҳ ва жисм орасидаги ўзаро боғлиқликни илғашга уринади. Бу борада шоирнинг фикр-ҳислари уч муҳим жиҳат: нуқта, доғ ва доира теграсида айланади. Шу ажралмас учлик унинг руҳий ҳолатлар ўзгаришини кузатишида муҳим аҳамият касб этади. Чунки, доира – фалак доираларининг айланиши; доғ – дунё тимсоли; нуқта – вахдатдир. Доира доимий айланишда бўлибгина қолмай, у доғни ҳам ўз ичига олади. Аммо булар асосий марказ томон, яъни нуқта сари интилади. Нуқтанинг моҳиятини англаш орқали эса, Оллоҳ олами идрок этилади.

Бинобарин, кўнгил биқиқ ва тор қафасини парчалаб, кенглик ва чексизликка талпингани сари ўз имконларини янада орттира боришида ҳам улкан ишоралар мужассам. Кенгликлар ва юксакликлар бағрида яралган юрак шу азиз сийнага уланиш иштиёқи билан ёнмоғи, кўкрак кафаси канорларига сиғмаслиги табиий жараён эканини назарда тутган шоир:

Кенгликка чиқмасанг,
бўлмагайсан кенг,
торайиб боргайсан ўзинг тангликда…

Оҳ,
чексизлик
чексизлик чопади,
кенгайтириб кангул,
кангул имконин.

дея таъкидлайди. Шоир нарсалар ҳамиша ўз аслига қайтиш умидида ҳаракатланишини англатиш учун Жалолиддин Румийнинг “Мажолиси сабъа” (Етти мажлис) рисоласидаги томчи (жон) деталига мурожат этади. Зотан, томчи денгизга ва қуш самога – асл масканига интизорлик билан талпинганидек, кўнгил қушининг қанотларида ҳам ўша соғинч ва интизорлик туйғуси парвоз қилади.

Бинобарин, интилиш – бу нафақат жўн истак, балки ўзлигига содиқ ҳамда ёлғизликка маҳкум муриднинг икки олам асрори билан руҳан боғланишидан туғиладиган некбин умиди ва ихлоси, тақдирга ризолигидан келадиган руҳ сокинлиги, машаққатларга бардоши, метин иродаси ва пировардида инсон жумбоғи, тупроқ ҳикмати, ҳижрон изтиробини англашининг азобли, айни пайтда фараҳбахш йўлидир.

Кўринадики, И.Отамурод мазкур достонда ҳаракат ва ўзаро таъсир тушунчалари негизида инсон, замон ва макон муаммосидан баҳс этади. Китобхонни эзгу ва хайрли амалларга чорлайди. Ҳаромдан ҳазар ва ҳалолга назар концепцияси билан яшаш лозимлигидан сабоқ беради. Меҳр-мурувватли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди. Аждодлар меросидан маънавий мадад олиш, руҳий покланиш, ахлоқий гўзаллашиш, Оллоҳ қудрат ва ҳикмати асроридан огоҳлик маърифатидан сўзлайди. Шоир таъкидлаганидек, бизни қуршаган муаззам борлиқда намоён ашёларнинг мавжудияти, кўриниш тарзи, ҳаракат йўсини ва бир-бирига ўзаро чамбарчас боғланишида Яратувчи жо этган аниқ қонуният ва улуғ ҳикмат ҳукм суради. Уларда гизланган сир ҳамиша муайян ишоралар тилида ниҳон ва ошкор бўлса-да, ҳар бир кўнгил қуши ўз ҳолини изҳор этади.

Шубҳасиз, бу ҳолнинг теран миллий илдизлари мавжуд. Профессор Қ.Йўлдошев таъбири билан айтганда: “Рамз, ишора – бадиий ижоднинг бош белгиси. Ҳаётни боридай акс эттиришга қаратилган одми сўз бадииятга тегишли эмас. Таъсирли, ҳиссий сўзгина кўркамлик яратади. Ўзбек – табиатан ижодкор улус. Чунки у айтмай, ишора қилади, рамз билан ифода этади.” Дарҳақиқат, И.Отамурод достонларидаги халқона туйғулар ва ментал ҳаёт тарзининг шоир кўнглида кечинилган рамзий ифодаси, белгиларга яширинган самимий изҳорларининг поэтик идроки яқин келажакда неча-неча достоншунослар сочига қиров қўндиришга қодир.

Икром ОТАМУРОД
И Ш О Р А


Шундай сир борки, бу ишора суврати.
Гийом АППОЛИНЕР.

* * *
… И ш о р а
и ш о р а н и н г
и ш о р а с и…

* * *

… Вақт ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар вақтни…
… Даҳр ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар даҳрни…
… Гардун ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар гардунни…
… Борлиқ ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар борлиқни…
… Қуёш ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар қуёшни…
… Ҳилол ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар ҳилолни…
… Кун ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар кунни…
… Тун ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар тунни…
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .

* * *
… Эҳ,
ишора!
Ишора ўзининг
имконини йўллайди:
ҳар қайси,
ҳар йўсиннинг
тарз сиймосидан…

* * *
… Элас-эласдан келар илтижо,
Элас-эласдан келар ибтидо,
Элас-эласдан келар интиҳо…

… Йироқ-йироқдан келар илтижо,
Йироқ-йироқдан келар ибтидо,
Йироқ-йироқдан келар интиҳо…

… Узоқ-узоқдан келар илтижо,
узоқ-узоқдан келар ибтидо,
узоқ-узоқдан келар интиҳо…

… Олис-олисдан келар илтижо,
олис-олисдан келар ибтидо,
олис-олисдан келар интиҳо…

* * *

… Парабол –
геометриянинг
чизиқларга
тортилган
чизиқли изҳори,
чизиқларга
айланган
чизиқли сираси…

* * *

… Ишора –
кангулга
тасалли берар,
кангул сирдоши бўлиб.
Дунёда
қанча не-не ясалди:
ростни узиб,
ёлғонга тўлиб.
Тадорик –
жимликнинг нигоҳи,
нигоҳин
жимликда юмади.
Чўкиб кангул тубига оҳи,
кангулнинг тубидан томади…
…Дарёлар оқар
замин сиймосида,
дарёлар
заминнинг қурбати…

… Юлдузлар боқар
оқшом сатҳининг
иштирокида…
… Қуёш нурларини
томдириб
тоқар
ҳавонинг табиатида.
Қуёш –
Коинотнинг бир бўлаги…
… Машриқдан
йўналиб чиққан
қуёшнинг
силсила нурлари
тинимсиз
тўкилар Мағрибга.

Мағрибга
йўналиб чиққан
қуёшнинг
силсила нурлари
тинимсиз
тўкилар Машриққа.

Шимолни
безайди
ёз фаслида
офтоб
палласининг
шивир-шивир
чиройи.

Жанубни
Ранглантиради,
қиш зимнида
қор
чилласининг
милдир-милдир
суврати…

* * *

… Хаёл
Иқлими
қовишиб борар, аркон
сийратининг
ғайбига…

* * *

… Жовид муруввати,
жовид қурбати –
қалбнинг қат-қати …

* * *

… Қадим-қадимга
интилган сайин,
туфроққа бирикиб
боради тайин.

Истак-истакка
интилган сайин,
қадрга бирикиб
боради тайин.

Фарсах-фарсахга
интилган сайин,
маконга бирикиб
боради тайин.

Иймон-иймонга
интилган сайин,
мурувватга бирикиб
боради тайин.

Соғинч-соғинчга
интилган сайин,
меҳрга бирикиб
боради тайин.

Тоқат-тоқатга
интилган сайин,
имодга бирикиб
боради тайин.

Аркон-арконга
интилган сайин,
ҲАҚқа бирикиб
боради тайин…

* * *

… Ишорада
бир хилқат –
хилқат
олис сафар …

* * *

… И ш о р а с и
и ш о р а
и ш о р а н и н г …

* * *
… Ҳодис ишорати ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар ҳодисни…
… Садо ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар садони…
… Музмар ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар музмарни…
… Нуқта ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар нуқтани…
… Кадар ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар кадарни…
… Нажот ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар нажотни …
… Моҳият ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар моҳиятни …
… Масофа ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар масофани …

* * *
… Вақт бойлайди
бағрига
умрнинг
лаҳзаларини,
муҳитнинг
жабҳаларини,
муҳлатнинг
имконларини…

… Умр
қадам ташлар:
вақт орасида,
қубр сирасида…

* * *
… Замин
сийнасида
йўллар
сийралар…

* * *
… Тонг осмонни ёритар.
Тонг бойлайди
зимнига
куннинг рағбатини.
Тонг кунга мададкор бўлиб,
кунни рағбатлантириб
боради
мудом…

* * *
… Одамнинг пешонасида
тўзимнинг
шаклий
дунёси бор:
бу –
дилнинг дунёси…

* * *
… Қатлам –
арзнинг,
аршнинг музмаридир…

* * *
… Мурод ишорани ўзига юклар,
ўзига юклар дилфигор мақсадни.
Табиат гуногун рангини тиклар,
замин бағрига қадайди мададни…

* * *
… Тасаввур
фусунида
маҳзуннинг
иқрори…

* * *
… Ишора йўллайди
онг имконига.
Ишора
фақат
онгга йўлдошланиб,
имкон
имконига
уланиб-уланиб,
бойланиб-бойланиб
боради…

* * *
… Табиат кенг негизини топади,
табиат дамини жойлаблар онин.
Оҳ,
чексизлик,
чексизликка чопади,
кенгайтириб кангул,
кангул имконин.

Кенглик қисматида яралган майдон –
кенглик бағрида бағирнинг канори.
Кенглик сийнасига уланар ҳар он
ўсиб,
мавжудликнинг мавжудлик бори.

Кенгликка чиқмасанг,
бўлмагайсан кенг,
торайиб боргайсан ўзинг тангликда.
Торликнинг
торлиги бўлганича ченг,
мунғайиб ўзини боғлар сангликда.

Майдон.
Ишоранинг кенглик майдони,
музмар табиатни суйгин илойим.
Ўйласанг,
кенгликнинг таъсир жўёнин
табиат дамида бардошли дойим.

Табиат кенг негизини топади,
табиат дамини жойлаблар онин.
Оҳ,
чексизлик
чексизликка чопади,
кенгайтириб кангул,
кангул имконин.

* * *
… Ёмғир
кенгликларга,
қирларга,
сойларга
тўкади томчиларини…

* * *
… Учаётган қуш
самога интилади.
Кўзларин
заминга
жойламоқчи
бўлиб
самони…
… Самони
илғаб-илғаб
бораверади
интизорлик
асноси ила қуш…
… Само
эртаги –
қушнинг қанотида
қоқади
парвоз…
… қушнинг
бағрида
тус олади, саси чирқираб…

* * *
… Фурсат,
албатта,
энг муҳим кўзгу,
энг муҳим мақсад,
энг муҳим идрок.

Фурсат
кўксига ийлайди
нафосат
гўшасини.

Дил
тушкунлигида
истиғно бўлади
фурсат…

* * *

Ишора ёзувлари –
тарихнинг тарихи.
Ишора чизувлари –
чархнинг чархи…

… Ишора ирмоқлари –
шоённинг шоёни.
Ишора сўқмоқлари –
маконнинг макони…

* * *
… Ҳаёт
боғланади,
ҳаёт қайиғин
қиёсига…

* * *

… Ишоранинг
ишораси
ишора…

* * *

… Умид ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар умидни…
… Хаёл ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар хаёлни…
… Қисмат ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар қисматни…
… Хотир ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар хотирни…
… Кангул ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар кангулни…
… Сукут ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар сукутни…
… Нур ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар нурни…
… Руҳ ишорани ўзига жойлар,
ишора ўзига жойлар руҳни…

* * *
… Уфққа
интизор-интизор бўлиб,
соғиниб-соғиниб
ҳаракат қилади
бақо.

Уфқ
манзилига
интиқ-интиқ,
интилади
чидам
имоси.

Ҳаракатнинг
тубида
шуъланинг
истаги
мавжуд…

* * *
… Дунё –
таасуротингни
канглумга
боғла…

* * *

… Устунга
чоғланар
тошлар
қалқиб-қалқиб…

* * *

… Одам қалбида
пайдо бўлган даҳр:
англанадими,
тушуниладими,
қувончлими,
дариғлими,
мунглими,
бирибир,
ҳаводис
сеҳридир…

* * *
… Шамоллар сидиради
куз ишорасини…
… Дарахтларнинг
шохларидан
сирғалиб-сирғалиб
тўкилади
туфроқ сатҳига
сарғариб-сарғариб барглар…

… Дарахтларнинг
танасига
юклайди,
ҳижроннинг
дардини
шамоллар…

… Дарахтларнинг
новдаларини
қовжиратар,
ҳижроннинг
дардини:
тўзғитиб-тўзғитиб,
жовдиратиб-жовдиратиб,
изиллатиб-изиллатиб,
тендиратиб-тендиратиб,
зириллатиб-зириллатиб,
ғизиллатиб-ғизиллатиб
шамоллар…

* * *
… Карвон
чоғланади,
муттасил-муттасил
қум
саҳросига…

* * *
… Қадам
мунтазирдир –
қадам
тарзига…

* * *

… Ер
ҳамда
кўк
суянчнинг
суянч,
мададнинг
мадад,
ихлоснинг
ихлос
манбаидир.

Ер
ҳамда
кўк
табиат
жуғрофиясининг,
мундарижасининг
узлуксиз-узлуксиз
мутлақидир…

* * *
… Ўксинаётган туйғу…
… Ўксинаётган фикр…
… Туйғу
ҳеч қачон
ҳеч маҳал
тарозининг
мезонига,
мулкига
зинҳор-зинҳор
ўзини
сираям
сотмайди…

… Фикр
ҳеч қачон,
ҳеч маҳал
тарозининг
мезонига,
мулкига
зинҳор-зинҳор
ўзини
сираям
сотмайди…

* * *
… Минтақада,
маскунда
кетиб боради,
кун ботишин
шабиҳ имкони,
тоқатнинг
тоқати…

* * *
… Замин сатҳинг қанчалар тубсиз,
замин сиртинг бунчалар доғ-доғ.
Афсуслар чекиб боради қўбсиз,
ишорага айланиб қадоғ.

Майсалар кўкламда кўклайди,
томирига боқиб армонин.
Жазирама дардин юклайди,
гиёҳларни мунғайтиб жонин.

Замин қушлар имконин тила,
қушлар сенинг бағрингда аркон.
Қушлар сасу ибосин сила,
таамулла ҳайратган даркон.

Интилади замин пайдар-пай,
улкан осмон иштиёқига.
Заминга эгилиб бир-бирдай
боқар осмон тоқи-тоқига.

Замин сатҳинг қанчалар тубсиз,
замин сиртинг бунчалар доғ-доғ.
Афсуслар чекиб боради қубсиз,
ишорага айланиб қадағ…

* * *
… Харита ишораси –
инсон руҳида,
инсон руҳида –
ишора харитаси…

032Shoir ta’kidlaganidek, bizni qurshagan muazzam borliqda namoyon ashyolarning mavjudiyati, ko’rinish tarzi, harakat yo’sini va bir-biriga o’zaro chambarchas bog’lanishida Yaratuvchi jo etgan aniq qonuniyat va ulug’ hikmat hukm suradi. 

“KANGUL” QUShINING HOL IZHORI
ISLOMJON YOQUBOV
Nizomiy nomidagi TDPU “O’zbek va qozoq tili” kafedrasi mudiri, filologiya fanlari doktori


Ho’kizga – turtki, donoga – ishora kifoya.
(Xalq maqoli)
Oqillar omon bo’lsin!
(Dadamning duolari)

08Ikrom Otamurodning hukmingizga havola etilayotgan “Ishora” nomli yangi dostoni poetik ifodasi qatiga ulug’ sirlar yashiringan. Aslida, zohiran nihon tutilganday tuyuluvchi ko’ngil asrorining: ishtiyoq, intilish, intizorlik, sog’inch, quvonch, dard, afsus, nadomat, qanoat, sabr kabi turfa tuyg’ularga yo’g’rilgan samimiy va og’riqli izhorlari belgilar chizgisi va shama-ishoralar suvrati orqali o’z ma’no-mazmunini ochadi. Jumladan, XX asr boshlari frantsuz avangard adabiyoti taniqli vakili, modernist shoir Giyom Appolinerning: “Shunday sir borki, bu ishora suvrati”, degan purma’no hikmati dostonga epigraf qilib tanlangan. I.Otamurod shu epigraf orqali o’zining asl maqsadiga ishora qilgan. Bu ishora esa, kitobxonning e’tiborini o’zi diqqat qaratishi lozim bo’lgan asosiy jihat – leytmotivga yo’naltiradi. Shu bois, mutolaa asnosida biz ishora va belgilar imo qilgan yo’ldan fikr va tuyg’u safariga chiqamiz. Zotan, donishmand xalq maqolida uqtirilganidek, “Ho’kizga – turtki, donoga – ishora kifoya”.

Dostonda dastavval, kitobxonga Quyosh, Oy, Kun va Tun azal kotibi insho qilgan tarzda aylanishi, ularning o’rin almashinuvi, mavjudlik uchun biri ikkinchisini taqozo etibgina qolmay, biri ikkinchisining inkori evaziga bunyod bo’lishi zamiridagi qat’iy muntazamlik maromining hikmati – bu ulug’ harakatda vorislik tamoyili shoyon ekani xabari yetkaziladi.

Shoir yorug’ olamda ashyolar mavjudligining davomiyligi va holatlar almashinuviga xos izchillikni dunyoning muhim atributlari bo’lmish vaqt hamda makon shakllariga bog’lab izohlaydi. Chunki vaqt o’zgarishlardan xorijda mavjud bo’lmaganidek, barcha moddiy tizim va jarayonlar ham muntazam davomiylik, uzluksizlik – moziydan kelajak sari o’zgarishda yashashga, rivojlanishga mahkum. Muhimi, shoir vaqtning makon bilan birlikdagi ilgarilanma harakatini idroklash bilangina qanoat tuymaydi. U Quyosh, Oy, Kun va Tunda aniq sifatlar paydo bo’lishi, ularning boshqa shaklga o’tishi bilan bog’liq uzluklilikni nisbiy hol deb biladi. Chunki vaqtning uzluksizligi mutlaq ekaniga ishonadi. Shubhasiz, bu hissiy mushohada dabdurustdan paydo bo’lmaydi. Xotira burjlarida jonlangan ajdodlar yodi, moziydan elas-elas taralayotgan ibtido va intiho haqidagi bizning ruh maylimizga g’oyat tanish iltijolarning sehrkor ohanglari orqali anglanadi:

… Elas-elasdan kelar iltijo,
Elas-elasdan kelar ibtido,
Elas-elasdan kelar intiho…

Anglashiladiki, yiroq-yiroqlardan taralayotgan musiqiy ritmning “kangul”da aks sado berishi vaqt qaytarilmasligi, ayni paytda, olamning ibtidosi bo’lganidek, intihosi ham muqarrarligiga imon keltirilayotgani bilan xarakterlanadi. Binobarin, I.Otamurod nisbiylik nazariyasiga to’la ergashib ketmaganidek, vaqtni alohida odam ongining mazmuniga keskin bog’lab qo’ymaydi. Vaqtning o’tishini universal aloqadorlikda tushunadi. Shoirning dunyoni anglashi va vaqtni o’lchashi bir jihatdan, amaliy – astronomik xarakter kasb etib: Quyosh, Oy, Kun va Tun harakat-holatlari shaklida namoyon bo’lsa, ikkinchi jihatdan, ana shu davriy qaytariluvchi jarayonlar davomiyligi izohida o’rta asr mutafakkirlarining irfoniy qarashlari – Qur’oni karim ko’rsatmalariga chambarchas bog’lanadi. Qolaversa, doston odam va olam qismatiga daxldor ijtimoiy-axloqiy, ma’rifiy tutumlar mushohadasi asnosida I.Otamurod dilida paydo bo’lgan tuyg’ularning izhori, ongida kechgan fikrlarning anglami ekani jihatidan individuallik kasb etadi. Shu ajralmas uchlikka tayanilgani bois, doston teran mazmuni badiiy adabiyotdagi ramzga moyil kinoyaviy obraz – parabola: o’zaro qiyos, chog’ishtirish, o’xshatish va majozlarga quriladi.

Shoir dastavval, ashyolarning o’zida muayyan ishoralar mujassamligini ko’radi. So’ngra ularning harakat maromi – ishoraning ishorasi unga o’z sirlarini ochadi. Chunki u borliqda mavjud narsalarning sifatlarini mavjudlikning asl mansha’idan izlaydi. Uning hissiy idrok hofizasi makon va zamon, zamin va koinot sarhadlari bo’ylab kezinarkan, hayratangiz yaxlitlikni tuyadi. So’ngra yo’qlikdan olamni bunyod etgan haqiqiy borliq – Olloh haqida fikrlash va uni hissiy idrok orqali qamrashga intiladi. Zotan, yaratuvchining mislsiz g’amxo’rligida ezgulik va go’zallik mujassamligiga iqror bo’ladi. Shu tariqa, I.Otamurodning nigohi tabiiy borliqdan sekin-asta ijtimoiy, ma’naviy va insoniy borliqlar sari sirg’aladi. Chunki inson o’z mohiyatiga ko’ra kichik olam bo’lsa-da, o’zida katta olam – koinotdagi barcha narsa va sifatlarni mujassamlashtiradi. Ayonki, ilohiy sifatlar yuqori samoviy doiralarda birin-ketin va o’ziga xos maqomlarda joylashgan. Shu bois, haqiqat yo’lini izlagan shoirning hissiy va fikriy yo’li dastavval:

… Ishora
ishoraning
ishorasi…

tarzida boshlanib, yaratiqlar siymosi va yashash tarzidan ularga ibtidodayoq ato etilgan imkonlarni ilg’ash, ma’no axtarish shaklida davom etadi. Shoir fikr va tuyg’uning erkin harakatini ta’minlash orqali buyuk qudrat egasi tortgan sirlar pardasi ortiga nigoh tashlaydi. Aynan shu erkinlik qamrovi – fikr va tuyg’u trayektoriyasi parabolani chizadi. Shoir goh ashyolar bilan sirlashib, goh rostu yolg’onni bag’riga yashirgan sukunat jaranglarini tinglab o’zlik qa’riga – ko’ngil tubiga sho’ng’iydi. Zotan, necha ming yillik harakatning so’nishi evaziga bunyod bo’lgan, yana qancha rostu yolg’onni bag’riga yashirishga tadorik ko’rayotgan sukunat asrorini faqat ko’ngildagina qamrash mumkin. Ko’ngil shu qadar keng ma’voki, undan har bir hodisot qismatiga makon berish, ular bilan sirlashish, tasalli topish va yupanish mumkin. Shu tarzda, tasavvur va xayol tulpori o’z o’qi atrofida aylanadi va endi:

… Ishorasi
ishora
ishoraning…

tarzidagi taxayyuliy sirtda bir jihatdan, parallel nurlar yagona nuqtaga jamlanadi. Agar hodisaga o’zga rakursdan qaralsa, yig’ilgan fokusidan tarqalayotgan o’sha nurlarning shuurimizdan qaytib, o’ziga xos nur dastasi hosil qilishini ham kuzatish mumkin bo’ladi. Bu jarayonni nisbatan osonroq anglash uchun projektor va avtoulov chiroqlari nurqaytargichlarini ko’z oldimizga keltirish kifoya. Albatta, fikr va shuurda kechuvchi yuqoridagi ilgarilanma harakat trayektoriyasini ilg’ash uchun muayyan riyozat chekish, eng muhimi shoirga fikrdosh, tuyg’udosh va kechinmadosh bo’lish talab etiladi.

Chunki shoir xayol oti lahzaning o’zida tarix, zamin va koinotni qamrab yana o’z zamoniga qaytishga qodir. Shu bois, u o’z qalbining qat-qatlaridan Mashriqu Mag’ribdagi odamning yashash tarzini topadi. Uni quyosh nurlari shivir-shiviriga xos fasohat, qor chillasi mildir-mildiriga xos nafosat bilan idrok etadi. Zaminning qurbati, samovotning qudrati o’sha fasohatu nafosat jipsligida shoyon ekanini anglaydi. Azaliy hikmat shuki: intilish tufroqqa, istak qadrga, yo’l manzilga, imon muruvvatga, sog’inch mehrga, toqat imodga, arkon Haqqa birikib yaxlitlikni yuzaga chiqaradi. Atrofimizni qurshagan shuncha ishoralarga yashirin va ularda oshkor haqiqat har birimizga bir paytlar qaybir manzildan olis safarga chiqib, bir-birlariga mehr-muhabbat, sabr-toqat, muruvvat-shafqat, imon-e’tiqod rishtalari bilan bog’langan va pirovardida xoku turob bo’lgan olis va yaqin ajdodlarimiz qismatini eslatmaydimi? Har birimiz ularga tomir rishtalari-la mustahkam bog’langanimiz va o’shanday taqdirga mustahiq ekanimizdan belgi va ishoralar bermaydimi? Darhaqiqat, bizning avlod ham insoniyat ulug’ shajarasining bir bo’g’ini, unga taqdirdosh. Shu bois, dostondagi da’vatkor uchinchi takror:

… Ishoraning
ishorasi
ishora…

tarzida jaranglaydi. Shoir nainki insoniyat, balki zaminu samovot tarixida sodir bo’lgan barcha hodisalar zamirida muayyan ishoralar jamuljam va ularning har biri o’ziga xos ogohnoma ekani ma’rifatidan xabar beradi. Chunki ana shu hodisalar sadosi: kenglik va yuksaklik mazmuni, nuqtaning mohiyati, iztirobning ko’lami, najotning mohiyati va nihoyat masofaning mehvarida mujassam ishora hamda ularning barchasini o’z bag’riga jo etishga qodir ishoraning irfoniy tabiati, ularning aslida ajralmas yaxlitlik ekanidan so’z ochadi. Mavjudlikning davomiyligi va holatlar almashinuvi izchilligi hikmatidan ibrat olishga chorlaydi. Chunki inson umri lahzalardan tarkib topganidek, muhit ham jabhalardan bunyod bo’ladi.

Binobarin, yashash uchun berilgan imkonni lahzaning qadri orqali ziynatlash uchun, uni qay yo’singa sarflashni tanlash ham ulug’ mas’uliyat. Bu mas’ullik inson zotining irfoniy hikmat, ruhiy poklik va ilohiy ma’rifatni egallash orqali omonatga xiyonat qilmasligida namoyon bo’ladi. Zotan, vaqt ilgidagi bandaning nomai a’moliga mutanosib tarzda, tanlov imkonlari ham tobora qisqarib, umr o’z shomiga yovuqlashib boraveradi.
Musaffo tongning yorug’lik bilan ibtidolanishi butun kunning nurafshon bo’lishiga rag’bat berganidek, dilning muaffoligi ham inson umriga ziynat bag’ishlaydi. Shu ma’noda, odamning peshonasi ham kenglikda arzga, adoqsiz sirlar makoni ekani jihatidan arshga mengzaydi.

Ko’rinadiki, poetik mushohada onlarida jonli, hayotiy tamsillarga tayangan shoir fikru shuuri dastlab zaminning samoviy ko’lamdagi o’rni, so’ngra insonning koinot farzandi ekani tegrasida aylanadi. Boshqacharoq aytganda, dostonda inson qismati zamindan koinotning eng yuksak qavatigacha bo’lgan kenglik va yuksaklik oralig’ida muhokamaga tortiladi. Mo’min va zahmatkash odamning peshonasidagi ajinlar chizgisi zaminu samovotning mo»jaz xaritasi ekaniga ishora qilinadi. Ishoradan murod inson va zamin Ollohning doimiy kuzatuv-e’tibori, panohida ekani: buni har kim o’z ongining imkoni darajasida idrok etishi, demakki qisqa umr mazmunini teran his etish, odamu olam asrorini tafakkur qilish orqali Haq va haqiqatga iqror bo’lish muqaddas burch ekanini uqtirishdir.

Demak, I.Otamurod ilohiy ma’rifat idrokida Junayd Bag’dodiy, Najmiddin Kubro, Ahmad Yassaviy va Bahouddin Naqshband kabi tasavvuf allomalari ma’qullagan yo’ldan borib, tafakkuriy – aqliy bilimga e’tibor qaratadi. Inson ruhiy kechinmalari, nozik holatlari tahlili va badiiy tadqiqi asnosida Najmiddin Kubroning “latoif” (“nozik ta’blilik”) nazariyasiga tayanadi. Tabiatda holatlar o’zgarishi, shakllarning almashinuvi orqali ong va tuyg’u, ruh va jism orasidagi o’zaro bog’liqlikni ilg’ashga urinadi. Bu borada shoirning fikr-hislari uch muhim jihat: nuqta, dog’ va doira tegrasida aylanadi. Shu ajralmas uchlik uning ruhiy holatlar o’zgarishini kuzatishida muhim ahamiyat kasb etadi. Chunki, doira – falak doiralarining aylanishi; dog’ – dunyo timsoli; nuqta – vaxdatdir. Doira doimiy aylanishda bo’libgina qolmay, u dog’ni ham o’z ichiga oladi. Ammo bular asosiy markaz tomon, ya’ni nuqta sari intiladi. Nuqtaning mohiyatini anglash orqali esa, Olloh olami idrok etiladi.

Binobarin, ko’ngil biqiq va tor qafasini parchalab, kenglik va cheksizlikka talpingani sari o’z imkonlarini yanada orttira borishida ham ulkan ishoralar mujassam. Kengliklar va yuksakliklar bag’rida yaralgan yurak shu aziz siynaga ulanish ishtiyoqi bilan yonmog’i, ko’krak kafasi kanorlariga sig’masligi tabiiy jarayon ekanini nazarda tutgan shoir:

Kenglikka chiqmasang,
bo’lmagaysan keng,
torayib borgaysan o’zing tanglikda…

Oh,
cheksizlik
cheksizlik chopadi,
kengaytirib kangul,
kangul imkonin.

deya ta’kidlaydi. Shoir narsalar hamisha o’z asliga qaytish umidida harakatlanishini anglatish uchun Jaloliddin Rumiyning “Majolisi sab’a” (Etti majlis) risolasidagi tomchi (jon) detaliga murojat etadi. Zotan, tomchi dengizga va qush samoga – asl maskaniga intizorlik bilan talpinganidek, ko’ngil qushining qanotlarida ham o’sha sog’inch va intizorlik tuyg’usi parvoz qiladi.

Binobarin, intilish – bu nafaqat jo’n istak, balki o’zligiga sodiq hamda yolg’izlikka mahkum muridning ikki olam asrori bilan ruhan bog’lanishidan tug’iladigan nekbin umidi va ixlosi, taqdirga rizoligidan keladigan ruh sokinligi, mashaqqatlarga bardoshi, metin irodasi va pirovardida inson jumbog’i, tuproq hikmati, hijron iztirobini anglashining azobli, ayni paytda farahbaxsh yo’lidir.

Ko’rinadiki, I.Otamurod mazkur dostonda harakat va o’zaro ta’sir tushunchalari negizida inson, zamon va makon muammosidan bahs etadi. Kitobxonni ezgu va xayrli amallarga chorlaydi. Haromdan hazar va halolga nazar kontseptsiyasi bilan yashash lozimligidan saboq beradi. Mehr-muruvvatli, sabr-qanoatli bo’lishga undaydi. Ajdodlar merosidan ma’naviy madad olish, ruhiy poklanish, axloqiy go’zallashish, Olloh qudrat va hikmati asroridan ogohlik ma’rifatidan so’zlaydi. Shoir ta’kidlaganidek, bizni qurshagan muazzam borliqda namoyon ashyolarning mavjudiyati, ko’rinish tarzi, harakat yo’sini va bir-biriga o’zaro chambarchas bog’lanishida Yaratuvchi jo etgan aniq qonuniyat va ulug’ hikmat hukm suradi. Ularda gizlangan sir hamisha muayyan ishoralar tilida nihon va oshkor bo’lsa-da, har bir ko’ngil qushi o’z holini izhor etadi.

Shubhasiz, bu holning teran milliy ildizlari mavjud. Professor Q.Yo’ldoshev ta’biri bilan aytganda: “Ramz, ishora – badiiy ijodning bosh belgisi. Hayotni boriday aks ettirishga qaratilgan odmi so’z badiiyatga tegishli emas. Ta’sirli, hissiy so’zgina ko’rkamlik yaratadi. O’zbek – tabiatan ijodkor ulus. Chunki u aytmay, ishora qiladi, ramz bilan ifoda etadi.” Darhaqiqat, I.Otamurod dostonlaridagi xalqona tuyg’ular va mental hayot tarzining shoir ko’nglida kechinilgan ramziy ifodasi, belgilarga yashiringan samimiy izhorlarining poetik idroki yaqin kelajakda necha-necha dostonshunoslar sochiga qirov qo’ndirishga qodir.

Ikrom OTAMUROD
ISHORA


Shunday sir borki, bu ishora suvrati.
Giyom APPOLINER.

* * *
… I sh o r a
i sh o r a n i n g
i sh o r a s i…

* * *

… Vaqt ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar vaqtni…
… Dahr ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar dahrni…
… Gardun ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar gardunni…
… Borliq ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar borliqni…
… Quyosh ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar quyoshni…
… Hilol ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar hilolni…
… Kun ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar kunni…
… Tun ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar tunni…
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .

* * *
… Eh,
ishora!
Ishora o’zining
imkonini yo’llaydi:
har qaysi,
har yo’sinning
tarz siymosidan…

* * *
… Elas-elasdan kelar iltijo,
Elas-elasdan kelar ibtido,
Elas-elasdan kelar intiho…

… Yiroq-yiroqdan kelar iltijo,
Yiroq-yiroqdan kelar ibtido,
Yiroq-yiroqdan kelar intiho…

… Uzoq-uzoqdan kelar iltijo,
uzoq-uzoqdan kelar ibtido,
uzoq-uzoqdan kelar intiho…

… Olis-olisdan kelar iltijo,
olis-olisdan kelar ibtido,
olis-olisdan kelar intiho…

* * *

… Parabol –
geometriyaning
chiziqlarga
tortilgan
chiziqli izhori,
chiziqlarga
aylangan
chiziqli sirasi…

* * *

… Ishora –
kangulga
tasalli berar,
kangul sirdoshi bo’lib.
Dunyoda
qancha ne-ne yasaldi:
rostni uzib,
yolg’onga to’lib.
Tadorik –
jimlikning nigohi,
nigohin
jimlikda yumadi.
Cho’kib kangul tubiga ohi,
kangulning tubidan tomadi…
…Daryolar oqar
zamin siymosida,
daryolar
zaminning qurbati…

… Yulduzlar boqar
oqshom sathining
ishtirokida…
… Quyosh nurlarini
tomdirib
toqar
havoning tabiatida.
Quyosh –
Koinotning bir bo’lagi…
… Mashriqdan
yo’nalib chiqqan
quyoshning
silsila nurlari
tinimsiz
to’kilar Mag’ribga.

Mag’ribga
yo’nalib chiqqan
quyoshning
silsila nurlari
tinimsiz
to’kilar Mashriqqa.

Shimolni
bezaydi
yoz faslida
oftob
pallasining
shivir-shivir
chiroyi.

Janubni
Ranglantiradi,
qish zimnida
qor
chillasining
mildir-mildir
suvrati…

* * *

… Xayol
Iqlimi
qovishib borar, arkon
siyratining
g’aybiga…

* * *

… Jovid muruvvati,
jovid qurbati –
qalbning qat-qati …

* * *

… Qadim-qadimga
intilgan sayin,
tufroqqa birikib
boradi tayin.

Istak-istakka
intilgan sayin,
qadrga birikib
boradi tayin.

Farsax-farsaxga
intilgan sayin,
makonga birikib
boradi tayin.

Iymon-iymonga
intilgan sayin,
muruvvatga birikib
boradi tayin.

Sog’inch-sog’inchga
intilgan sayin,
mehrga birikib
boradi tayin.

Toqat-toqatga
intilgan sayin,
imodga birikib
boradi tayin.

Arkon-arkonga
intilgan sayin,
HAQqa birikib
boradi tayin…

* * *

… Ishorada
bir xilqat –
xilqat
olis safar …

* * *

… I sh o r a s i
i sh o r a
i sh o r a n i n g …

* * *
… Hodis ishorati o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar hodisni…
… Sado ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar sadoni…
… Muzmar ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar muzmarni…
… Nuqta ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar nuqtani…
… Kadar ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar kadarni…
… Najot ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar najotni …
… Mohiyat ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar mohiyatni …
… Masofa ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar masofani …

* * *
… Vaqt boylaydi
bag’riga
umrning
lahzalarini,
muhitning
jabhalarini,
muhlatning
imkonlarini…

… Umr
qadam tashlar:
vaqt orasida,
qubr sirasida…

* * *
… Zamin
siynasida
yo’llar
siyralar…

* * *
… Tong osmonni yoritar.
Tong boylaydi
zimniga
kunning rag’batini.
Tong kunga madadkor bo’lib,
kunni rag’batlantirib
boradi
mudom…

* * *
… Odamning peshonasida
to’zimning
shakliy
dunyosi bor:
bu –
dilning dunyosi…

* * *
… Qatlam –
arzning,
arshning muzmaridir…

* * *
… Murod ishorani o’ziga yuklar,
o’ziga yuklar dilfigor maqsadni.
Tabiat gunogun rangini tiklar,
zamin bag’riga qadaydi madadni…

* * *
… Tasavvur
fusunida
mahzunning
iqrori…

* * *
… Ishora yo’llaydi
ong imkoniga.
Ishora
faqat
ongga yo’ldoshlanib,
imkon
imkoniga
ulanib-ulanib,
boylanib-boylanib
boradi…

* * *
… Tabiat keng negizini topadi,
tabiat damini joylablar onin.
Oh,
cheksizlik,
cheksizlikka chopadi,
kengaytirib kangul,
kangul imkonin.

Kenglik qismatida yaralgan maydon –
kenglik bag’rida bag’irning kanori.
Kenglik siynasiga ulanar har on
o’sib,
mavjudlikning mavjudlik bori.

Kenglikka chiqmasang,
bo’lmagaysan keng,
torayib borgaysan o’zing tanglikda.
Torlikning
torligi bo’lganicha cheng,
mung’ayib o’zini bog’lar sanglikda.

Maydon.
Ishoraning kenglik maydoni,
muzmar tabiatni suygin iloyim.
O’ylasang,
kenglikning ta’sir jo’yonin
tabiat damida bardoshli doyim.

Tabiat keng negizini topadi,
tabiat damini joylablar onin.
Oh,
cheksizlik
cheksizlikka chopadi,
kengaytirib kangul,
kangul imkonin.

* * *
… Yomg’ir
kengliklarga,
qirlarga,
soylarga
to’kadi tomchilarini…

* * *
… Uchayotgan qush
samoga intiladi.
Ko’zlarin
zaminga
joylamoqchi
bo’lib
samoni…
… Samoni
ilg’ab-ilg’ab
boraveradi
intizorlik
asnosi ila qush…
… Samo
ertagi –
qushning qanotida
qoqadi
parvoz…
… qushning
bag’rida
tus oladi, sasi chirqirab…

* * *
… Fursat,
albatta,
eng muhim ko’zgu,
eng muhim maqsad,
eng muhim idrok.

Fursat
ko’ksiga iylaydi
nafosat
go’shasini.

Dil
tushkunligida
istig’no bo’ladi
fursat…

* * *

Ishora yozuvlari –
tarixning tarixi.
Ishora chizuvlari –
charxning charxi…

… Ishora irmoqlari –
shoyonning shoyoni.
Ishora so’qmoqlari –
makonning makoni…

* * *
… Hayot
bog’lanadi,
hayot qayig’in
qiyosiga…

* * *

… Ishoraning
ishorasi
ishora…

* * *

… Umid ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar umidni…
… Xayol ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar xayolni…
… Qismat ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar qismatni…
… Xotir ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar xotirni…
… Kangul ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar kangulni…
… Sukut ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar sukutni…
… Nur ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar nurni…
… Ruh ishorani o’ziga joylar,
ishora o’ziga joylar ruhni…

* * *
… Ufqqa
intizor-intizor bo’lib,
sog’inib-sog’inib
harakat qiladi
baqo.

Ufq
manziliga
intiq-intiq,
intiladi
chidam
imosi.

Harakatning
tubida
shu’laning
istagi
mavjud…

* * *
… Dunyo –
taasurotingni
kanglumga
bog’la…

* * *

… Ustunga
chog’lanar
toshlar
qalqib-qalqib…

* * *

… Odam qalbida
paydo bo’lgan dahr:
anglanadimi,
tushuniladimi,
quvonchlimi,
darig’limi,
munglimi,
biribir,
havodis
sehridir…

* * *
… Shamollar sidiradi
kuz ishorasini…
… Daraxtlarning
shoxlaridan
sirg’alib-sirg’alib
to’kiladi
tufroq sathiga
sarg’arib-sarg’arib barglar…

… Daraxtlarning
tanasiga
yuklaydi,
hijronning
dardini
shamollar…

… Daraxtlarning
novdalarini
qovjiratar,
hijronning
dardini:
to’zg’itib-to’zg’itib,
jovdiratib-jovdiratib,
izillatib-izillatib,
tendiratib-tendiratib,
zirillatib-zirillatib,
g’izillatib-g’izillatib
shamollar…

* * *
… Karvon
chog’lanadi,
muttasil-muttasil
qum
sahrosiga…

* * *
… Qadam
muntazirdir –
qadam
tarziga…

* * *

… Yer
hamda
ko’k
suyanchning
suyanch,
madadning
madad,
ixlosning
ixlos
manbaidir.

Yer
hamda
ko’k
tabiat
jug’rofiyasining,
mundarijasining
uzluksiz-uzluksiz
mutlaqidir…

* * *
… O’ksinayotgan tuyg’u…
… O’ksinayotgan fikr…
… Tuyg’u
hech qachon
hech mahal
tarozining
mezoniga,
mulkiga
zinhor-zinhor
o’zini
sirayam
sotmaydi…

… Fikr
hech qachon,
hech mahal
tarozining
mezoniga,
mulkiga
zinhor-zinhor
o’zini
sirayam
sotmaydi…

* * *
… Mintaqada,
maskunda
ketib boradi,
kun botishin
shabih imkoni,
toqatning
toqati…

* * *
… Zamin sathing qanchalar tubsiz,
zamin sirting bunchalar dog’-dog’.
Afsuslar chekib boradi qo’bsiz,
ishoraga aylanib qadog’.

Maysalar ko’klamda ko’klaydi,
tomiriga boqib armonin.
Jazirama dardin yuklaydi,
giyohlarni mung’aytib jonin.

Zamin qushlar imkonin tila,
qushlar sening bag’ringda arkon.
Qushlar sasu ibosin sila,
taamulla hayratgan darkon.

Intiladi zamin paydar-pay,
ulkan osmon ishtiyoqiga.
Zaminga egilib bir-birday
boqar osmon toqi-toqiga.

Zamin sathing qanchalar tubsiz,
zamin sirting bunchalar dog’-dog’.
Afsuslar chekib boradi qubsiz,
ishoraga aylanib qadag’…

* * *
… Xarita ishorasi –
inson ruhida,
inson ruhida –
ishora xaritasi…

012

(Tashriflar: umumiy 492, bugungi 1)

Izoh qoldiring